PDA

Просмотр полной версии : ЯККАТИЛЛИККА ҚАЙТАМИЗМИ?!


olimbek
27.03.2008, 18:11
Мен ўткинчи, мен фақат меҳмон,
Даргоҳингда, эй туркий тилим...
(Рауф Парфи).

Юз йилдан сўнг одамлар имо-ишоралар тилида гаплашишармиш ёки умуман гапиришмасмиш?! Бу гаплар қанчалар ҳақиқатга яқин?!

Имо-ишоралару сукут сақлашни халқаро тиллар сафига қўшишнинг ўзи хато бўлса керак. Чунки, имо-ишораларнинг ўзи турли халқларда турлича маъно ташиши мумкин. Бошқа бир тилни ўрганиш учун аввал ўша халқнинг сукут сақлашини ўрганиш керак дейилган гап ҳам йўқ жойдан чиқмаган. Одамлар бир пайтлар ягона тилда гаплашишгани ҳақида маълумот Инжил афсоналарида қайд этилган. Арши-Аълога етадиган Бобил минорасини қуришга киришган оломон бир тилда гаплашган экан. Тангри Таолло одамларнинг бир ёқадан бош чиқарганча, осмонўпар минорани кун сайин баландлатишаётганини кўриб, уларни турли тилда гапирадиган қилиб қўйган экан. Бир-бирини тушунмаган хашарчилар тезда жанжаллашиб кетишиб, қурилишни ташлаганча ҳар тарафга тарқалиб кетишибди. Тўрт тарафга тарқалган ана шу оломондан бугун турли тилларда гапирадиган халқлар ва элатлар пайдо бўлибди. Ана шундан бери ўтган давр ичида минглаб тиллар ўлиб кетган бўлса, яна шунча янги тиллар пайдо бўлиб, бугунги кунда ер аҳолисининг тил бўйича харитаси қуйидагича тус олди:
Хитой тили — 1 млрд. 100 млн. киши;
Инглиз тили — 400 млн.;
Испан тили — 250 млн.;
Ҳинд тили — 200 млн.;
Араб тили — 150 млн.;
Бенгал тили — 150 млн.;
Рус тили — 150 млн.;
Япон тили — 130 млн.;
Португал тили — 130 млн.;
Немис тили — 100 млн.

Шу жумладан ўзимизнинг ўзбек тилида гаплашувчилар дунё бўйича нари борса йигирма миллион, туркий тил оиласида гаплашувчилар эса кўпи билан юз миллион кишига етиши мумкин.

Бундан ярим асрча аввал тилларнинг ўлиб бориши ва ер юзида ягона тил қолиши ҳақидаги илмий тахминларга киноя билан қарашар эди. Компьютерлар кенг тарқалиб, ер юзини интернет тўри чирмаб олаётган йигирма биринчи асрга келиб, яккатиллик хавфи яна пайдо бўлиб қолди. Тилларнинг завол топишига қарши курашишдан олдин унинг ўзи қандай пайдо бўлиб қолганлиги олимларни қизиқтириб қўйди. Тўғри-да, одамларда тил қандай пайдо бўлиб қолди ўзи?!

Одамзод аждодлари гапиришни қушлардан ўрганганлиги ҳақида илк тахминни 1773 йилда шотландиялик олим Монбодо олти жилдлик илмий асари билан омма орасига ташлаган эди. Қушлар тили худди одамларнинг тили каби икки қатламли экан. Улар сигналлар ва куйлашдан ташкил топар экан. Ҳар бир қуш турининг ўзигагина хос сайраш ва куйлаш диапазонлари мавжуд. Полопонлар куйлаш ва сайрашни катта қушлардан ўргангунча, ўз билганича валдирашаркан. Агар, полопонни уясидан олиб, алоҳида парвариш қилинганида маъносиз сайрашнигина эплаб, куйлашни умуман ўзлаштира олмас эканлар. Монбодонинг тахминининг бир ожиз тарафи бўлиб, гўёки қушларнинг фақат нарлари — эркакларигина куйлай олар экан (Булбулнинг эркаги сайрайди!) ва бу алоқа воситасини фақат олис масофалар учун фойдаланишар экан, ёнма-ён турганларида кўпроқ сукут сақлашаркан. Бу тахминни ёқлаб чиққан эркаклар хотинларга гапириш имкони берилганини, айниқса ёнма-ён турганида, жуда ғайритабиий ҳол деб баҳолашди.

Бошқа бир тахминга кўра, одамлар гапиришни бундан икки юз минг йиллар муқаддам ёввойи «қариндошлари» бўлган маймунларнинг томоқ тақиллатиши ва лабини чапиллатишидан ўрганишган дейишмоқда.

Учинчи тахминга кўра эса одамларнинг илк тили оҳ уришу хўрсинишлар, кучанишлардан бошланган.

Бугунги инсонлар тилида ана шу учала тахминга доир белгилар кўп учрайди. Кичкина доирага тегишли маъносиз, аммо қулоққа ёқадиган товуш бугунги кунда жуда тез тарқалиб кетади. Масалан, бундан бор-йўғи ўн йил олдин «Вау!» хитоби (ёввойи ҳайвонлар орасида учрамаган бўлса) одамлар орасида умуман бўлмаган, бугун эса ўзини маданиятли ҳисоблайдиган ёшлар уни албатта ишлатишади.

Номи биттаю, аммо тарихий тадриж таъсирида деярли ўзгариб кетган тиллар ҳам анчагина. Бугунги инглиз тили билан минг йил олдингиси, бугунги рус тили ва унинг уч юз йил аввалги кўриниши бир-биридан жуда катта фарқ қилади. Бу борада ўзбек тили бошқа тил аралашмаларини ҳисобга олмаганда, кейинги олти юз йил ичида ўзгаришга унчалигам кўп учрамаган камдан-кам тоза тиллардан биридир.

Ҳозирги кунда ер юзида олти мингта тил мавжуд. Уларнинг кўпчилиги биттагина қабила ёки қишлоқ аҳли ўзаро тушунадиган тиллар ҳисобланади. Бу одамлар ўлиб кетишса ёки тирикчилик учун бошқа зарур тилни ўзлаштиришга ўтиб кетишса, битта тил йўғликка юз тутади. Ҳозиргидек халқларнинг бир жойдан бошқа жойга кўчиб юриши тезлашиб кетган пайтда ҳафтасига биттадан кичик тил ўлиб бормоқда. Балки, одамлар битта тилда гапирадиган бўлишганидан сўнг, чала қолган Бобил минорасини бошқатдан қуриш ҳашарига йиғилишар?!

Машҳур инглиз тилшуноси Дэвид Грэддол бундай бўлиб чиқмаслигини илмий жиҳатдан асосламоқда. Гарчи, у инглиз тилига мансуб шахс бўлса-да, ўз она тилининг тезда иккинчи ўриндан учинчи ва яна-да қуйироққа тушиб кетишини яширмайди. Дунёда бугунги кунда турли вариантдаги хитой тиллари биринчи ўринга чиққанлигини, испан ва араб тиллари иккинчи ўринга даъвогарлигини таъкидламоқда.

Гап-сўзсиз фикр алмашиш тарафдорлари эса телепатияни келажак тили дейишмоқда. Одамлар бир-бирининг кўзига қараб ёки тарқатаётган биоэнергияси орқали сукут сақлаганча фикр алмаша олишлари узундан-узун ёзувлар ўрнини қисқа шакллар эгаллашини таъкидлашмоқда. Бу тахминнинг исботи сифатида мобил телефонларда SMS жўнатишда аллақачон халқаро шакл ва белгилар урф бўлиб бораётганини таъкидлашмоқда.

Биз эса бу жараённи бир четдан кузатар экан, шоир Эркин Воҳидовнинг бундан чорак аср бурун ёзган: «Асло, бундай бўлмайди: Она тилим ўлмайди!» сатрларини эзгу дуодек такрорлашдан бошқа иложимиз йўқ..

Парвона газетаси материали

Masud Mahsudov
27.03.2008, 18:33
[B]
Бошқа бир тахминга кўра, одамлар гапиришни бундан икки юз минг йиллар муқаддам ёввойи «қариндошлари» бўлган маймунларнинг томоқ тақиллатиши ва лабини чапиллатишидан ўрганишган дейишмоқда.

Учинчи тахминга кўра эса одамларнинг илк тили оҳ уришу хўрсинишлар, кучанишлардан бошланган.


Astag'furulloh deng...

Yakkatillikka qaytish bo'yicha fikringizga qo'shilaman...Qiyomatda odamlar bir xil tilda so'zlaydilar

Shuhrat Dehkanov
28.03.2008, 02:02
Qoyil, hali ham insoniyat hayvondan tarqalgan degan safsataga ishonuvchilar bor ekanda... Bu nazariyani o'ylab topgan odamlarning o'zlari voz kechib yuborganiga necha yillar bo'ldiku.

Aziza Abdunabiyeva
02.04.2008, 12:27
Qoyil, hali ham insoniyat hayvondan tarqalgan degan safsataga ishonuvchilar bor ekanda... Bu nazariyani o'ylab topgan odamlarning o'zlari voz kechib yuborganiga necha yillar bo'ldiku.




To'ppa-to'g'ri. Nimagadir bizda hali ham bu nazariyani o'rgatish, uni odamlar ongiga singdirish uchun harakat qilishadi.Bechora o'qituvchilar bolalarga odamzot hayvondan yaratilmagan deb uqtirishadi-yu, lekin darsliklarda hali ham Darvin ta'limoti...
Aslida, diniy rivoyatlarga ko'ra, insonlarning bir qismi Alloh Taologa itoatsizlik qilgani uchun maymunga aylantirilgan va shu tariqa jazolangan.

Nigora Umarova
02.04.2008, 12:58
Qoyil, hali ham insoniyat hayvondan tarqalgan degan safsataga ishonuvchilar bor ekanda... Bu nazariyani o'ylab topgan odamlarning o'zlari voz kechib yuborganiga necha yillar bo'ldiku.

Aslida, diniy rivoyatlarga ko'ra, insonlarning bir qismi Alloh Taologa itoatsizlik qilgani uchun maymunga aylantirilgan va shu tariqa jazolangan.

Insonni maymundan yaratilganligiga ishonish qiyin-u, biroq insonning maymunga aylanishi osonroq.