Просмотр полной версии : Ўзбекистон Миллий университети
Tulqin Eshbekov
31.12.2015, 22:16
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети 1918 йил 12 майда ташкил этилган бўлиб, у қатор йиллар турли номлар билан номланган. Яъни, 1918 йилда Мусулмон халқ дорилфунуни, 1918-1919 йилларда Туркистон халқ университети, 1919-1923 йилларда Туркистон Давлат университети, 1923-1960 йилларда Ўрта Осиё давлат университети, 1960-2000 йилларда Тошкент Давлат университети деб аталган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 14 сентябрдаги “Тошкент Давлат университетига Мирзо Улуғбек номини бериш тўғрисида”ги Қарорига биноан Тошкент Давлат университетига Шарқнинг буюк олими ва мутафаккири Мирзо Улуғбек (Муҳаммад Тарағай Улуғбек) номи берилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2000 йил 28 январдаги “Тошкент Давлат университетига “Ўзбекистон Миллий унверситети” мақомини бериш тўғрисида”ги Фармони билан бу ўқув даргоҳи “Миллий университет” мақомига эга бўлган ва у Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети деб аталмоқда. Бу тарихий Фармонда, Ватан ва миллат тараққиёти йўлида фидойилик кўрсатган жадид зиёлиларимизнинг буюк хизматларини эътироф этиш, тарихий ҳақиқатни тиклаш, ёшлар қалбида истиқлол ғояларига садоқат туйғуларини тарбиялаш, умуминсоний ва миллий илм-фан қадриятларини авлодлар онгига теран сингдириш, Тошкент Давлат университетининг азалий юксак мавқеини ўз жойига қўйиш, Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, ёшлар қалбида истиқлол ғояларига садоқат, ватанпарварлик ва фидойилик туйғуларини камол топтириш, уларни мустабид тузум йилларида қатағон қилинган фидойи ватандошларимиз хотирасига ҳурмат-эҳтиром руҳида тарбиялаш, халқимизнинг беқиёс илмий-маданий меросини чуқур ўрганиш, жамиятнинг илмий-маданий салоҳиятини юксалтириш, аҳоли ўртасида илмий қадриятларни тарғиб қилиш, ёшларнинг маънавий-маърифий савиясини ошириш, миллий университет таълим тизимини илғор илм-фан ютуқлари асосида такомиллаштириш, мамлакатимиздаги барча университетлар учун ўқув, илмий-услубий, маънавий-маърифий масалалар юзасидан таянч ҳамда етакчи олий таълим муассасаси сифатида фаолият кўрсатишига эришиш, жаҳон андозаларига мос фундаментал тадқиқотлар олиб бориш, фаннинг муҳим соҳалари бўйича янги илмий мактабларни шакллантириш ва улар фаолиятининг давомийлигини таъминлаш, ривожланган мамлакатларнинг университетлари билан илм-фан ва олий таълим соҳасида ўзаро тенг манфаатли ҳамкорликни янада кенг йўлга қўйиш вазифалари ҳам белгиланган.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида 2015 йилда илмий-тадқиқот ишлари мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг устувор йўналишларидан келиб чиққан ҳолда, таълим, фан ва ишлаб чиқариш ҳамкорлигини ташкил қилиш асосида амалга оширилди. 2015 йил давомида университетда 11 та факультетда 66 та кафедра, 2 та илмий тадқиқот институтлари, 1 та илмий тадқиқот маркази, 1 та илмий марказ, 4 та ўқув-илмий комплекс, 18 та лаборатория (Функционал полимерлар кимёси, Макроциклик бирикмалар кимёси, Табиий бирикмалар кимёси, Полимерлар кимёси, Кукунсимон полимер материаллар, Мембраналар биофизикаси, Стратиграфия ва чўкинди жинслар литологияси, Магматизм ва геодинамика, Пахта генетикаси, Биотехнология, Экспериментал ва татбиқий геофизика, Фильтрация, Социологик тадқиқотлар, Компьютер лингвистикаси, Физик-химик методлар, Клеточные технологии, протеомика, метабономика и функциональная геномика растений) ҳамда илмий мактаблар фаолият олиб борди.
ЎзМУ Ахборот хизмати
Tulqin Eshbekov
31.12.2015, 22:27
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида халқаро талабларга мос келадиган фундаментал тадқиқотлар олиб бориш, нуфузли университетлар билан илм-фан ва олий таълим соҳасида манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.Жумладан, ўтган йиллар давомида ЎзМУ Япония, Хитой, Германия, Россия, Қозоғистон каби давлатлар билан илмий амалий ҳамкорликка қаратилган шартномалар имзолаган.
Сўнгги йиллар давомида юқорида келтирилган шартномалар доирасида ЎзМУнинг қатор факультетларидан талаба, докторант, илмий ҳодим ва профессор ўқитувчилар хорижий мамалакатларда ўқимоқда, малака оширмоқда, ҳамкорликда илмий тадқиқот ишларини олиб бормоқда ва илмий амалий анжуманларда иштирок этмоқда.
Халқаро алоқаларнинг ривожланишида илмий-амалий анжуман, симпозиум ва семинар каби тадбирлардаги иштирок муҳим ўрин тутади. Ҳозирги кунга қадар университет профессор-ўқитувчилари Япония, Россия, Буюк Британия, Германия, Австрия, Швейцария, Ҳиндистон, Италия, Туркия, Исроил ва Малайзия каби давлатларда ўтказилаётган қатор илмий –амалий анжуманларда қатнашиб келаётганлари эътиборга молик.
Илмий кадрлар тайёрлашда алоҳида аҳамиятга эга бўлган ишлардан бири профессор-ўқитувчиларнинг чет давлатлар илмий муасссасалар семинарларига аъзо бўлишидир.
Ҳозирда ЎзМУ дунёнинг 35 та давлатидан 71 та хорижий ОТМлар ва илмий фондлар ҳамкорлик қилади. Жумладан, 2014-2015 ўқув йилида 15 та янги мемонрандум имзоланди.
АҚШ, Германия, Буюк Британия, Франция, Нидерландия, Чехия, Австрия, Польша, Япония, Жанубий Корея, Хитой каби давлатларнинг номдор ОТМлари билан талаба, магистрант, ПЎЖ алмашунуви бўйича дастурлар, ҳамкорликда илмий изланишлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, Халқаро академик ва илмий соҳадаги фондлар ва ташкилотлар ҳамда хорижий давлатлар элчихоналари билан яқиндан ҳамкорлик қилинади.
Сўнгги йиллар давомида юқорида келтирилган шартномалар доирасида ЎзМУнинг қатор факультетларидан талаба, докторант, илмий ҳодим ва профессор ўқитувчилар хорижий мамалакатларда ўқимоқда, малака оширмоқда, ҳамкорликда илмий тадқиқот ишларини олиб бормоқда ва илмий амалий анжуманларда иштирок этмоқда.
Tulqin Eshbekov
31.12.2015, 22:31
2015 йил 12 ноябр куни Ўзбекистон Миллий университети ҳузурида ташкил қилинган 6-Ўзбекистон–Япония онлайн академик форуми бўлиб ўтди.
6-Ўзбекистон–Япония онлайн академик форумида Ўзбекистон ва Япониянинг қатор университетлари талабалари қатнашдилар.
Ўзбекистон ОТМларидан: Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат техника университети, Тошкент тиббиёт академияси, Ўзбекистон давлат жахон тиллари университети, Тошкент ирригация ва мелиорация институти, Тошкент давлат архитектура ва қурилиш институти ва бошқа бир қанча университетлардан жами 57 та вакиллар иштирок этишди.
Япония ОТМлардан: Нагоя университети, Рицумейкан университети, Тохаяши технологиялари университети, Осиё-Тинч океани университетларидан 30 га яқин талаба ва магистрант, докторантлар иштирок этишди.
Онлайн форумнинг асосий мақсади Ўзбекистон ва Япония университетларида таҳсил олаётган талабаларга яратилган шарт-шароитлар ҳамда ўзларининг илмий изланишлари ва эришган ютуқлари бўйича талабаларнинг ўзаро фикр алмашишдан иборат бўлди.
Tulqin Eshbekov
31.12.2015, 22:32
2015 йил 14 ноябр куни Россия Федерациясининг Томск ўлкасидан: Шпаченко Ирина Анотольевна Томск ўлкасининг фан ва олий таьлим ишлари бўйича бошлиғи(вақтинчалик),Осетрин Константин Евгеньевич Томск давлат педагогига университетининг халқаро ишлар бўйича проректори, Ядыкин Димитрий Александрович Томск ўлкасининг халқаро ва минтақавий алоқалар бўйича бош мутахасисси, Бойка Алена Александровна Томск давлат университетининг миллий изланишлар бўйича бошқарма бошлиғи, Красова Ирина Николаевна Томск полетехника университетининг миллий изланишлар контенгентини шакллантириш бўлими бошлиғи, Отт Марина Александровна Томск давлат университетининг миллий изланишлар ўқув бўлимининг ўқув-методик ишлар бўйича мутахасисси, Цыганкова Татьяна Сергеевна Томск полетехника университетининг миллий изланишлар бўйича експерти, экология ва ҳаёт фаолияти хавфсизлиги кафедраси доценти билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув мақсади: Ўзбекистон ва Россия Федерацияси Томск ОТМлари билан ҳамроклик алоқаларини ўрнатиш масалалари, маданият сохаларида хамкорликни амалга ошириш.
Tulqin Eshbekov
31.12.2015, 22:33
2015 йил 30 ноябр куни БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили ҳамда БМТнинг тараққиёт дастурининг (ЮНДП) Ўзбекситондаги доимий вакили Штефан Приснер ЎзМУ ҳузуридаги олий таълим муасссасаси педагог ҳодимларини малакасини ошириш учун “О роли институтов и верховенство закона в обеспечении усточивого развития” мавзусида маъруза ўқиди.
CANDI проекти доирасида Стивен Хейган мониторинг лойиҳа қатнашувчилари ва магистр талабаларга мониторинг ўтди.
Tulqin Eshbekov
31.12.2015, 22:36
Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 декабрдаги 365-сонли “Олий ўқув юртидан кейинги таълим ҳамда олий малакали илмий ва илмий-педагогик кадрларни аттестациядан ўтказиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари” тўғрисидаги Қарорига мувофиқ университет катта илмий ходим – изланувчилар институтига 2015 йил 1-босқич учун 36 та ўрин 25 та ихтисослик бўйича берилган бўлиб, бу ўринларга 44 та ҳужжат қабул қилинди. Улардан 8 нафари фан номзодлари.
2015 йил декабрь холатига кўра катта илмий ходим-изланувчиларнинг умумий сони 86 нафарни ташкил этди: 1-босқичда 38 нафар, 2-босқичда 42 нафар ва 3-босқичда 6 нафар. Мустақил изланувчиларнинг умумий сони эса 65 нафарни ташкил этмоқда.
Tulqin Eshbekov
31.12.2015, 22:40
Мустақил изланувчилар орасида муҳтарама форумдошимиз Нигора Умарова ҳам борлиги кўпчиликка яхши маълум. Нигорахонга докторлик диссертациясини муваффақятли ёқлаб олишларида омад тилаб қоламиз.
Tulqin Eshbekov
31.12.2015, 22:43
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг “ЎзМУ хабарлари”, “Фалсафа ва ҳуқуқ” илмий журналлари республика миқёсидаги нуфузли нашрлардан биридир. Журнал олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари, юқори курс талабалари, магистрантлар, илмий ходимлар, илмий-текшириш муассасалари ходимлари ҳамда халқ хўжалигининг турли соҳаларида хизмат қилаётган мутахасислар учун мўлжалланган.
2015 йилдан бошлаб журнал 3 бўлимга бўлинган холда чоп этилиб бормоқда. Журналда илмий-тадқиқот ишларининг натижалари, ечимини кутаётган масалалар акс этган мақолалар, бошқа мамлакатлардаги фан ва техникага оид янгиликлар, ЎзМУ ва бошқа олий ўқув юртларида ўтказиладиган конференциялар ва анжуманлар ҳақида ахборотлар, илмий хабарлар чоп этилади.
Журналда аниқ ва табиий фанлар ҳамда ижтимоий-гуманитар фанлар соҳасидаги муҳим тадқиқот ишлари ўз аксини топмоқда. Шунингдек, “ЎзМУ хабарлари” журнали илмий изланишлар олиб бораётган тадқиқотчилар ўз салоҳиятларини намоён этишлари ва илмий ишлари самарасини жамоатчиликка етказишлари учун кенг имкониятлар яратиб бермоқда.
2015 йил ЎзМУ хабарлари журналинининг 6 та сони, Фалсафа ва ҳуқуқ журналининг 2 та сони чоп этилди.
Tulqin Eshbekov
31.12.2015, 22:45
2015 йилда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ходимлари томонидан 43 та монография, хорижий журналларда 284 та, республика журналларида 470 та илмий мақолалар чоп этилди, 9 та патент, 14 та муаллифлик гувоҳномаси олинди, халқаро конференциялар тўпламларида 283 та, республиика конференциялари тўпламларида 844 та, университет миқёсида тўпламларда 574 та мақолалар чоп этилди.
4 нафар университет ходимлари докторлик диссертацияларини ҳимоя қилишди.
Tulqin Eshbekov
07.01.2016, 12:50
Университет Кенгашида
2015 йил 30 декабрь куни Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилиш аввалида танлов бўйича кафедра мудири ва профессор лавозимларига тавсия этилган мураббийларнинг номзодлари ҳақида ахборот берилди. Номзодлар билан савол-жавоблардан сўнг овоз бериш жараёни белгиланган тартибда ўтказилди. Бу борада Кенгашнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Университет ректори Шуҳрат Сирожиддинов Кенгаш олдида ўтган 6 ой давомида таълим муассасамизда амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар, турли йўналишларда олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида ҳисобот берди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонлари ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг Қарорлари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг буйруқлари ижросини таъминлаш борасида университет олдида турган галдаги вазифалар ҳақида алоҳида тўхталган ректор Ўзбекистон Миллий университетининг навбатдаги 10 йиллик стратегик тараққиёт дастури ишлаб чиқилаётганини таъкидлаб, бу борадаги тегишли лойиҳани тақдим этди.
Миллий университетда таълим тизимини янада ривожлантириш, унинг халқаро нуфузини ошириш, дунё олий таълим муассасалари орасида муносиб ўрнини таъминлашга қаратилган стратегик мақсад ва узоққа мўлжалланган истиқболли вазифалар ҳақида сўз борар экан, уларни тўлақонли амалга ошириш юзасидан қатор таклифлар ўртага ташланди. Университетнинг 2016-2026 йилларга мулжалланган 10 йиллик тараққиёт дастури ва уни амалга ошириш билан боғлиқ ташкилий ишлар мажмуаси Кенгаш аъзолари муҳокамасига қўйилди.
Кенгаш аъзолари университетимиз структурасига киритилаётган ўзгартиришлар, жумладан, “Университет стратегик тараққиётини прогнозлаштириш маркази”ни очиш, Фахрийлар кенгашини тузиш, ЎзМУнинг 10 йиллик тараққиёт дастурини ишлаб чиқиш, 2018 йилда ўтказилиши кутилаётган Миллий университетнинг 100 йиллик юбилейига тайёргарлик ишларини бошлаш ҳақидаги таклифларни бир овоздан қўллаб-қувватладилар.
Шунингдек, Кенгаш кун тартибига киритилган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.
ЎзМУ Ахборот хизмати
Tulqin Eshbekov
07.01.2016, 20:54
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети жамоаси 100 йиллик юбилейига қизғин ҳозирлик кўрмоқда.
Tulqin Eshbekov
11.01.2016, 01:42
Эл-юрт тинчлиги – энг катта бойлик
Ватанпарварлик – оилага, юртга муҳаббатдан бошланади.
Бугун миллий армиямиз сафларида хизмат қилаётган алпқомат йигитларимиз қалбида шундай туйғулар жўш ураётганини уларнинг ўткир нигоҳларидан, шахдам қадамлари-ю жарангдор сўзларидан англаш мумкин. Тошкент вилоятидаги Қибрай тумани ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмда саф-саф бўлиб юришган аскарларни кузатар эканмиз, шууримиздан шундай ўйлар кечди.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети мураббийлари ва истеъдодли ижодкор талабаларидан иборат тарғибот гуруҳининг навбатдаги маънавий-маърифий тадбири шу қисмда ўтказилиши режалаштирилган эди.
Дастлаб университет педагог ходимлари ҳарбий либосда нақадар паҳлавон, мард ва жусур кўринган аскар йигитлар билан дилдан суҳбатлашдилар. Улар она Ватан олдидаги шарафли бурчларини матонат билан бажараётганлари, бу ерда барча зарур шарт-шароитлар рисоладагидек эканлиги, турли маданий тадбирлар, ота-оналар билан учрашувлар янада куч-қувват бахш этаётгани ҳақида камтарлик билан сўзладилар.
Ўзаро дилдан гурунглар Маданият саройида “Эл-юрт тинчлиги – энг катта бойлик” мавзуидаги маънавий-маърифий тадбирга уланиб кетди.
– Тинчлик ва осойишталик – нақадар лазиз неъматдир,– деди ЎзМУ ректори Шуҳрат Сирожиддинов.– У бахтимиз, фаровон ҳаётимиз учун сув билан ҳаводек зарур. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2015 йил 9 декабрдаги “Ватан ҳимоячилари куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойишига биноан биз бир нечта ҳарбий қисмларда маънавий-маърифий тадбирлар ўтказдик. Ҳар гал аскар йигитларга меҳр билан боқар эканмиз, она юртимиз осойишталигини сақлаш ишончли қўлларда эканига ишонч ҳосил қиламиз. Бугун турли минтақаларда қанчалик таҳликали воқеалар юз бераётганига ҳеч ким бефарқ қарамайди. Шундай бир даврда тинчлик ҳукмрон бўлган юртимизга, мусаффо осмонимизга боқиб, шукроналар айтсак арзийди. Ватан ҳимоячилари бўлган асл ўғлонларимиз омон бўлсинлар!
ЎзМУ Хотин-қизлар қўмитаси раиси Лаълихон Муҳаммаджонова азиз оналар номидан айтган дил сўзларини тадбир иштирокчилари ҳаяжон билан тингладилар.
Мазкур Ҳарбий қисм командирининг шахсий таркиб билан ишлаш бўйича ўринбосари майор Озод Ҳасанов бу каби маънавий-маърифий тадбирлар барча аскарларга янада куч-қувват бахш этаётганини алоҳида таъкилади.
Ҳарбий хизмат бурчини намунали даражада ўтаётган 30 дан ортиқ аскарларга байрам совғалари туҳфа этилди.
Тадбирда ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Тўлқин Эшбек ва ижодкорлар талабалар она Ватан, мард ўғлонларга бағишланган шеърларидан намуналар ўқидилар.
Бадиий гуруҳ дастаси ижро этган дилрабо куй-қўшиқлар барчага кўтаринки руҳ бағишлади.
Tulqin Eshbekov
19.01.2016, 23:47
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг навбатдаги 10 йиллик истиқболли тараққиёт дастури изчил амалга оширилмоқда/
Бу мавзуда http://uchildiz.uz/истиқболли-дастур-амалда/ да ўқишни таклиф этамиз.
Nigora Umarova
20.01.2016, 17:11
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети жамоаси 100 йиллик юбилейига қизғин ҳозирлик кўрмоқда.
Қандай ишларни амалга ошириб қизғин тайёргарлик кўрилмоқда?
2018 йилда В.И. Ленин номидаги ТошДУ (САГУ) асос солинганига 100 йил туларкан, шу унивеоситет битирувчиси (кизил диплом :) ) эканлигимдан фахрланаман.
vBulletin® v3.8.5, Copyright ©2000-2025, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot