Просмотр полной версии : [Без оффтопа] Уруш ва тинчлик: терминлар, изоҳлар ва тарихий маълумотлар
Shokir Dolimov
03.05.2013, 21:45
Ёшлар даврасига тушиб қолишим билан, кўпинча юрт хавфсизлигини таъминлашга оид мавзуда гап очиб, фикр-мулоҳазалари билан қизиқиб бораман. Қолаверса, бундай мавзуни аксарият ҳолларда ўзлари очиб, кўп нарсаларга қизиқиш билдирганча, бир олам саволларга кўмиб ташлашади мени.
Ёш қалбларда ватанпарварлик туйғуси мустаҳкам шаклланганини кўриб, беҳад қувонаман, албатта. Бироқ айрим йигит-қизларнинг мулоҳаза юритиладиган мавзуга оид билимлари бироз оқсагани мени ташвишга солади. Шу боис, улуғ байрам арафасида ZiyoNET ахборот-таълим тармоғи фойдаланувчиларининг эътиборига уруш ва тинчлик билан боғлиқ айрим терминлар ва уларнинг изоҳларини ҳавола этмоқдаман.
Мавзуда баён этилган масалалар камина томонидан тузилган «Халқаро ва миллий хавфсизликка оид ҳарбий терминларнинг изоҳли луғати»да ёритилган. 2012 йили Масъулияти чекланган «El-Press» жамияти босмахонасида нашр этилга ушбу луғат мақолаларини оммабоп, чунончи, бир гуруҳ фан докторлари ва ҳарбий фанлар номзодлари томонидан, Д. Рогозиннинг умумий таҳрири остида тайёрланган «Война и мир в терминах и определениях» асари ва шу каби, бир қатор бошқа расмий манбалардан олиб, давлат тилига ўгирган эдим. Бу ерда эса зикр этилган луғатнинг мавзуга тааллуқли мақолаларини саралаб олиб, муайян тизимга солган тарзда келтирмоқдаман.
Умид қиламан-ки, тинчликни сақлаш, урушнинг олдини олиш масалалари ёритилган, урушлар таснифланиб, ҳар бир уруш турига изоҳ берилган, шу жумладан, уруш назариясига оид маълумотлар келтирилиб, бўлиб ўтган жаҳон урушларининг қисқача тарихи батафсил баён этилган мазкур мавзу тармоқ фойдаланувчиларининг кенг оммаси, тарихшунослар, профессор-ўқитувчилар, журналистлар, авваламбор, ёшлар учун фойдали бўлиб, тегишли соҳа мутахассислари томонидан юртимиз тинчлиги, халқимизнинг осойишта ва бунёдкор ҳаётини кўз қорачиғидек асраш йўлида олиб борилаётган фаолият манфаатларига хизмат қилади.
Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни кириб келаётган 9 май – фашизм устидан қозонилган Ғалаба куни ҳамда Хотира ва қадрлаш куни билан чин қалбимдан табриклайман.
Shokir Dolimov
03.05.2013, 21:51
ТИНЧЛИК (мир) давлатларнинг ўзаро тинч-тотув яшашлари учун ҳаётий зарур шарт-шароитларни белгилаб, халқлар ва давлатлар (давлатлар иттифоқлари) ўртасида миллий манфаатлар инобатга олиниши, ташқи сиёсат зўравонлик воситаларисиз олиб борилиши, очиқдан-очиқ ҳарбий тўқнашувлар (қуролли кураш) олиб борилмаслиги ва шартномаларга оид мажбуриятлар тўла-тўкис бажарилишига асосланадиган муносабатлар хусусиятини белгилайдиган тушунча.
Бир қатор сиёсий, иқтисодий ва бошқа объектив ва субъектив сабаблар туфайли, тинчлик, урушлар билан тез-тез бузиб борилади.
Уруш арафасидаги тинчлик – бўлажак ҳарбий тўқнашувга очиқдан-очиқ ва яширин тайёргарлик элементларидан иборатдир.
Уруш бўлиб ўтганидан сўнг ҳукм сурадиган тинчлик – уруш давомида олиб борилган сиёсатнинг давоми саналиб, ўтган ҳарбий ҳаракатлар оқибатида уришган томонлар ҳаётида (лоақал биттасида бўлса ҳам) юз бераётган ўзгаришлардан иборат бўлади.
ТИНЧ-ТОТУВ ЯШАШ (мирное сосуществование) ижтимоий тузуми турлича бўлган давлатлар ўртасидаги мунозарали масалаларни ҳал этиш ва йўлга солиш жараёнида ҳарбий куч восита сифатида қўлланилишидан воз кечилиши, давлатлар ўртасида тенг ҳуқуқлик, ҳамфикрлик, муайян даражада ишонч бўлиши, томонлар манфаатлари инобатга олиниши, давлат суверенитети, ҳудудий дахлсизлиги, ички ишларга аралашмаслик тамойилларига қатъий амал қилиниши, иқтисодий ва маданий ҳамкорлик қарор топиши кўзда тутиладиган муносабатлар.
Тинч-тотув яшаш мафкуравий ва информацион жиҳатдан қарама-қарши келиш, иқтисодий рақобат ва ҳарбий-техник соҳаларда биринчиликка интилишни рад этмайди. Шу боис ҳам тинч-тотув яшаш тушунчаси халқаро хавфсизлик ва барқарорлик манфаатларига фақат чекланган даражадагина жавоб бериши мумкин.
УРУШ МАЙДОНИ (театр войны) сарҳадида йирик миқёсли ҳарбий ҳаракатлар ёки бир қатор давлатлар ўртасида юз бериши мумкин бўлган урушлар олиб бориладиган битта ёки бир нечта қитъа ҳудуди, океан ҳавзаси ва улар устидаги ҳаво-космик фазо.
Уруш майдони ҳарбий ҳаракатларнинг бир нечта майдонини ўз ичига қамраб олиши мумкин. Бугунги кунда уруш майдонига Европа, Осиё, Шимолий Атлантика, Марказий Америка, Жанубий Америка уруш майдонлари, деб ном берилмоқда. Уларнинг ҳар бири ўзига хос ҳарбий-сиёсий ва ҳарбий-географик жиҳатлар билан фарқ қилади. Бу эса ўз навбатида, муайян уруш майдонидаги эҳтимол тутилган қуролли кураш ўзига хос тарзда олиб борилишидан далолат беради.
Ҳарбий-сиёсий ҳодисалар қандай тараққий этишидан қатъи назар Европа ва Осиё уруш майдонлари энг муҳим майдонлар саналади. Жаҳон мамлакатлари, давлатлар иттифоқлари ва барча қитъалардаги кўплаб давлатлар ўртасидаги эҳтимолий ҳарбий тўқнашувларнинг бориши ва хотимаси ушбу уруш майдонларида олиб бориладиган ҳарбий ҳаракатларнинг ривожига боғлиқдир.
Тинчлик даврида «Уруш майдони» термини ва у билан боғлиқ тушунчалар стратегик режалаштириш жараёнида қўлланилади, уруш даврида эса – ҳарбий-географик воқеликни касб этади.
Халқаро ҳуқуқ муайян жой ва объектлар уруш майдони сифатида қабул қилинмаслигини, жумладан:
фарқловчи нишонларга эга санитар зона ва ҳудудлар;
махсус муҳофазага олинган маданий бойликлар, маданий бойлик саналадиган бино ва марказлар;
атом электр станциялари, дамба ва тўғонлар жойлашган ҳудудлар;
Сувайш ва Панама каналларига қарашли зоналар;
Шпицберген архипелаги, Аланд ороллари, Антарктика;
Ой ва бошқа осмон жисмлари;
бетараф ва уруш олиб бормаётган бошқа давлатларнинг ҳудудлари ҳужум ва йўқ қилиш объектларига айланмаслигини белгилайди.
Shokir Dolimov
03.05.2013, 21:54
ҲАРБИЙ ҲАРАКАТЛАР (УРУШ) МАЙДОНИ (театр военных действий) сарҳадларида қуролли кучларнинг стратегик туркумлари ташкил этилаётган ва стратегик миқёсли ҳарбий ҳаракатлар олиб борилиши мумкин бўлган қитъа ҳудудининг бепоён қисми, уни ўраб олган денгизлар, қирғоқларини сийпаб ўтувчи океан ҳавзалари, ороллар, туташ соҳиллар ва устидаги ҳаво-космик фазо.
Ҳарбий ҳаракатлар (уруш) майдони (ҲҲУМ) қитъадаги, океанлардаги, денгизлардаги ва ҳаво-космик фазодаги майдонларга фарқ қилади. ҲҲУМ чегаралари ва таркиби ҳарбий-сиёсий кучларнинг муайян тақсимоти, эҳтимолий уруш мақсадлари, эҳтимол тутилган стратегик вазият ва ҳарбий-географик шарт-шароитларга асосланган ҳолда давлатнинг (давлатлар иттифоқининг) ҳарбий-сиёсий раҳбарияти томонидан белгиланади.
Қитъадаги ҲҲУМ – икки ва ундан кўп давлатга мансуб қуролли кучлар томонидан қуруқликдаги қўшинлар ва улар билан ҳамкорлик қиладиган ҳарбий-ҳаво кучлари ва ҳарбий-денгиз флоти кучларининг йирик туркумлари иштирокида стратегик операциялар ўтказилиши мумкин бўлган қитъа қисми, уни ўраб олган денгизлар, океан зоналари ва устидаги ҳаво фазоси.
Европа қитъаси:
НАТО раҳбарияти томонидан – Шимолий Европа, Марказий Европа ва Жанубий Европа ҲҲУМга;
Россиянинг ҳарбий-сиёсий раҳбарияти томонидан – Шимолий-Ғарбий, Ғарбий, Жанубий-Ғарбий ва Жанубий ҲҲУМга;
Осиё қитъаси иккала раҳбарият томонидан – Яқин Шарқ, Ўрта Шарқ ва Узоқ Шарқ ҲҲУМга бўлинади.
Ҳар бир қитъадаги ҲҲУМ чегараларида стратегик ва операцион йўналишлар ҳамда стратегик ҳудудлар белгиланади.
Океанлардаги ҲҲУМ – денгиз мамлакатларига мансуб ҳарбий-денгиз флоти (ҳарбий-денгиз кучлари) кучлари ва улар билан ҳамкорлик қиладиган қуруқликдаги қўшинлар ва ҳарбий-ҳаво кучлари бирлашмалари томонидан йирик стратегик океан операциялари олиб бориладиган океанлар ва денгизлар ҳавзалари, уларга яқин соҳиллар ва устидаги ҳаво фазоси.
ХХI аср бошида тўртта океаннинг ҳар бири океанлардаги ҳарбий ҳаракатлар (уруш) майдони сифатида, жумладан:
Атлантика океани ҳарбий ҳаракатлар (уруш) майдони;
Тинч океан ҳарбий ҳаракатлар (уруш) майдони;
Ҳинд океани ҳарбий ҳаракатлар (уруш) майдони;
Шимолий Муз океани ҳарбий ҳаракатлар (уруш) майдони, деб эътироф этилган.
Ҳарбий-денгиз флоти (ҳарбий-денгиз кучлари) стратегик туркумлари ташкил этилиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда зикр этилган океанлардаги ҲҲУМларининг ҳар бирида, океан зоналари, денгиздаги ҲҲУМ, денгиз бўйи операцион йўналишлар ва орол ҳудудлари белгиланади.
Денгизлардаги ҲҲУМ – ҳарбий-денгиз флотининг (ҳарбий-денгиз кучларининг) муайян туркумлари ва улар билан ҳамкорлик қиладиган қуролли кучларнинг бошқа турларига мансуб қўшинлар, куч ва воситалар иштирокида оператив ёки оператив-стратегик миқёсли операциялар ўтказилиши кутиладиган ёпиқ ёхуд очиқ денгиз ҳавзалари, уларга яқин соҳиллар ва устидаги ҳаво фазоси.
Одатда, денгизлардаги ҲҲУМ сарҳадларида флот ёки флотилия миқёсидаги операциялар ўтказилади. Ушбу операциялар давомида денгиздаги ҳукмронликни қўлга киритиш, душманнинг денгиздан ҳужум уюштириш режасини барбод этиш, унинг ҳарбий-денгиз кучлари туркумларини тор-мор қилиш, қирғоқдаги энг муҳим объектларни йўқ қилиш ва забт этиш, бўғоз ва оролларни қўлга киритиш, кемалар қатновини таъминлаш каби вазифалар ҳал этилади.
Денгизлардаги энг муҳим ҳарбий ҳаракатлар (уруш) майдонлари жумласига:
Атлантика океани ҲҲУМда – Болтиқ денгизи, Шимолий, Қора ва Ўрта денгизлардаги ҲҲУМ;
Тинч океан ҲҲУМда – Охота, Япон, Шарқий Хитой, Жанубий Хитой ва Филиппин денгизларидаги ҲҲУМ киради.
Денгизлардаги ҲҲУМда, одатда, денгиз зоналари (ҳудудлари) ва денгиз бўйи операцион йўналишлар белгиланади.
Ҳаво-космик фазодаги ҲҲУМ – сарҳадларида жаҳондаги етакчи давлатларга мансуб ҳарбий-космик ва ракета-авиация кучлари иштирокида йирик ҳарбий-космик ва стратегик ҳаво операциялари ўтказилиши кутиладиган глобал ҳаво-космик фазо.
Ҳарбий ҳаракатларнинг (урушнинг) ушбу майдони фақат ўзига хос қуролли кураш шароитлари, автоматлаштирилган жанговар ва кўмакчи ҳарбий-космик тизим ва комплекслар ҳамда ҳарбий авиация кучларига мансуб, учувчи бошқарадиган ва учувчисиз бошқариладиган учиш аппаратлари қўлланилиши, ҳарбий ҳаракатларнинг глобал кўлами ва жуда тез кечиши билан фарқ қилади. Унда олиб бориладиган ҳарбий ҳаракатлар давомида космосдаги ҳукмронлик қўлга киритилиб, ҳарбий-космик вазифалар, шу жумладан, душманнинг ҳаво-космосдан уюштирган ҳужумини бартараф этиш, космосда туриб душман объектлари ва қуролли кучларига қарата зарба бериш вазифаларини ҳал этиш учун қулай шарт-шароитлар яратилади.
Ҳаво-космик фазодаги ҲҲУМ, унда олиб бориладиган ҳаракатларга кўра космос яқинидаги ҳаво бўшлиғи, яқин, ўрта ва олис космос бўшлиғига бўлинади. Кучларнинг эҳтимолий қўлланилишини инобатга олган ҳолда, унинг сарҳадларида муайян ҳаво-космик йўналишлар белгиланади.
«Ҳарбий ҳаракатлар (уруш) майдони» термини ва ушбу термин билан боғлиқ тушунчалар тинчлик даврида ҳам, уруш даврида ҳам операцияларни режалаштириш, инфратузилмани тайёрлашга доир тадбирларни ишлаб чиқиш, шунингдек, уруш давомида муайян ҳарбий-сиёсий ва ҳарбий-стратегик вазифаларни ҳал этиш учун база сифатида қўлланилади.
УРУШНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ (предупреждение войны) халқаро ва миллий хавфсизликни мустаҳкамлашга доир энг муҳим вазифалардан бири.
Урушнинг олдини олиш вазифалари барча тинчликсевар давлатларнинг коллектив ҳаракати билан ҳал этилади. Урушнинг олдини олишда:
яширин ҳарбий таҳдидларни муҳосара қилиш, ҳарбий кескинлик ўчоқларига барҳам бериш, ҳарбий тўқнашув сабабларини йўқ қилиш, агрессорнинг ҳарбий режалари ва бевосита ҳарбий тайёргарликларини бошланғич босқичда фош этишга қаратилган ҳарбий-сиёсий, дипломатик, ҳарбий ва бошқа чоралар комплексини амалга ошириш;
эҳтимолий агрессорга нисбатан, уни ижро этишга мажбур қиладиган хусусиятга эга турли чора ва санкциялар қўллаш, шу жумладан, ишончли коллектив мудофаани ташкиллаштириш;
агрессияни тўхтатадиган самарали кучларни сақлаб бориш, шунингдек, агрессияни кафолатланган тарзда барбод этиш мақсадларида биргаликда амалга ошириладиган ҳаракатлар усулларини ишлаб чиқиш кўзда тутилади.
Shokir Dolimov
03.05.2013, 21:56
АГРЕССИЯНИ (УРУШНИ) ТЎХТАТИБ ҚОЛАДИГАН АСОСИЙ ОМИЛЛАР (основные факторы сдерживания агрессии (войны)) уруш омилларига фаол қаршилик кўрсатувчи вазият, куч ва воситалар мажмуи.
Тинчлик ўрнатадиган кучлар томонидан тажовузни тўхтатиш, халқаро хавфсизлик, шу жумладан, давлат, жамият ва шахснинг ҳарбий хавфсизлигини таъминлаш манфаатларида жалб этилади.
Ҳар қандай тажовузни тўхтатиб қоладиган энг муҳим, ҳал қилувчи омил жавобан амалга ошириладиган номақбул зарбанинг (қасоснинг) муқаррарлигидир.
Модомики, ҳар қандай уруш «дуэль» тавсифига эга бўлар (яъни агрессор ва унинг «қурбони» бор) экан агрессия ҳеч қачон жазосиз қолмайди. Тажовуз «қурбони» агрессорга у ёки бу шаклда, катта ёхуд кичик миқдорда бўлса-да жавобан зарар етказади. Шу боис ҳам агрессор урушнинг кутиладиган «натижаларига» баҳо бериб, жавобан етказиладиган эҳтимолий зарарлар билан таққослаб кўради. Ғалабага «кам қон тўкиб» эришилишига шак-шубҳа бўлмаса, ҳукмрон намояндалар ҳаёти ва мол-мулкига нисбатан хавф туғулмасагина агрессия «қурбони» томонидан жавобан етказиладиган зарарлар мақбул зарарлар саналади. Шу боис ҳам тинчликсевар давлат агрессор давлатнинг тажовузкор хатти-ҳаракатини тўхтатиб қолиши (олдини олиши) учун мустақил равишда ёки бошқа давлатлар билан биргаликда (коллектив хавфсизлик тизимида) агрессорга номақбул зарарлар етказишга қодир бўлмоғи лозим. Айни пайтда, тинчликсевар давлатнинг бундай қобилияти, ҳар қандай яширин агрессор томонидан инобатга олиниши учун ҳаммага аён бўлиши керак. Уруш даврида ушбу омил фаол мудофаанинг реал омили сифатида қаралиши лозим.
Номақбул зарар муқаррар етказилиши билан таҳдид қилиш тамойили ядро қуролига эга давлатлар ўртасидаги кўп йиллик муносабатлар амалиётида текширилган бўлиб, улар орасида тўғридан-тўғри қуролли можаро юз бермаганлиги кузатилган.
ХАЛҚАРО ХАВФСИЗЛИКНИ БАРҚАРОРЛАШТИРАДИГАН ВА УНИНГ БАРҚАРОРЛИГИНИ ИЗДАН ЧИҚАРАДИГАН ОМИЛЛАР (стабилизирующие и дестабилизирующие факторы международной безопасности) объектив жиҳатдан қарор топган шароитлар ва субъектив сабаблар туфайли юзага келган ҳолатлар бўлиб, бири халқаро хавфсизликнинг мустаҳкамланишига омил бўлса, бошқаси аксинча, уни заифлаштиради.
Халқаро хавфсизликни барқарорлаштирадиган омиллар жумласига:
давлатлар ўртасидаги ўзаро ишончнинг мустаҳкамланиши;
улар орасидаги ҳарбий қарама-қаршилик даражаси пасайиши;
қуролли кучлар таркибининг қисқартирилиши ва қурол-аслаҳаларнинг шафқатсиз (одамийликка кирмайдиган) тизимлари йўқ қилиниши;
барча давлатлар мудофаа доктринаси қабул қилиши, стратегик режаларда душмандан олдин амалга ошириладиган (олдини оладиган) ҳужум операциялари ўтказилиши кўзда тутилмаслиги;
қуролли кучлар фаолияти устидан олиб бориладиган ўзаро назоратнинг ривожлантирилиши, ҳарбий кучлар иштироки суст зоналар барпо этилиши, «жойларда» олиб бориладиган назорат ва инспекция тадбирлари амалга оширилиши киради.
Халқаро хавфсизликнинг барқарорлигини издан чиқарадиган кескин омиллар жумласига:
қуролланиш пойгаси;
томонлар тасарруфидаги қуролли кучлар равнақида сезиларли тафовут юзага келиши (ёки ушбу тафовутнинг янада оширилиши);
кучлар нисбатидаги мутаносибликни издан чиқарадиган, у ёки бу давлатга нисбатан қўшимча ҳарбий таҳдидларни юзага келтирадиган янги хусусиятга эга қурол тизимларининг яратилиши;
қурол-аслаҳаларнинг асосан ҳужумда қўлланиладиган турлари жуда кўп миқдорда ишлаб чиқарилиши;
бошқа давлатларга қарши қаратилган ҳарбий иттифоқ ва блоклар тузилиши;
дафъатан бериладиган биринчи зарба технологиялари, мисол учун узоқ масофаларга қўлланиладиган ўта аниқ стратегик қурол турларининг тарқатилиши ва шу каби бошқа омиллар кириши мумкин.
Амалиётда халқаро хавфсизликни барқарорлаштирадиган ва унинг барқарорлигини издан чиқарадиган омиллар бир вақтда таъсир кўрсатиб боради. Бу эса ўз навбатида, вазиятнинг ноаниқ ва ноустувор бўлишига сабаб бўлади. Шу боис, халқаро кескинлик даражасини сустлаштириш манфаатларида, халқаро хавфсизликнинг барқарорлигини издан чиқарадиган омиллар таъсирини чеклайдиган, барқарорлаштирадиган омиллар таъсирини эса аксинча, рағбатлантирадиган чоралар кўриш ниҳоятда жиддий аҳамият касб этади.
Shokir Dolimov
03.05.2013, 22:00
УРУШНИ ЮЗАГА КЕЛТИРУВЧИ ОМИЛЛАР (факторы возникновения войны) яширин ҳарбий таҳдидлар ривожланиб, давлатлар ўртасидаги реал ҳарбий тўқнашувга айланиб кетишига сабаб бўладиган салбий объектив ва субъектив шарт-шароит ва ҳолатлар мажмуи.
Салбий объектив омиллар – чегарадош давлатлар ўртасидаги, асосан таъсир доиралари учун олиб борилаётган кураш мобайнида, уларнинг геосиёсий ва иқтисодий манфаатлари тўқнаш келганлиги боис юзага келган муросасиз зиддиятлар ва антагонизмлар саналади.
Бундан ташқари, салбий объектив омиллар жумласига, халқ ҳаёти ва турмуш тарзининг ёмон шароитлари, аҳоли сони яшаш майдонининг қисқариб кетишига қадар кўпайиб кетиши, зарурий табиий манбалар йўқлигини ҳам киритмоқ зарур. Жамланган кўринишга эга бундай омиллар, одатда, ҳукмрон намояндаларнинг (гуруҳлар ёки жамоаларнинг) курашчан (жанговар) мафкураларида ўз аксини топиб, жамият онгида тажовуз қилиш учун важ-баҳоналар кучайтирилишини таъминлайди.
Тажовуз аксарият ҳолларда юқорида зикр этилган намояндалар томонидан, ўз мамлакатида Ватанни ҳимоя қилиш, тарихий адолатни тиклаш, яшаш майдонларини қўлга киритиш шиори остидаги оммавий шовинистик тарғибот бошлаш шароитларида амалга оширилади.
Ахборот технологиялари равнақ топаётган замонда миллат ва давлатнинг ички ва ташқи таҳдидлари виртуал тавсифга эга бўлиши ва тарғибот воситалари орқали имитация қилиниши мумкин. Айни пайтда агрессия ғайришуурий деструктив мақсадларни ҳам, муайян гуруҳ томонидан тўла-тўкис идрок этилган моддий манфаатлар ва сиёсий худбинликни ҳам қаноатлантириши мумкин.
Салбий субъектив омиллар – сиёсий етакчилар ва ҳарбий-сиёсий раҳбариятнинг ўз устуворлигини ғалаба қозониш учун амалга татбиқ этишга қаратилган мақсадлари, жиззакиликлари ва ҳисоб-китоблари.
Айрим ҳолларда қарши томон (эҳтимолий душман) мақсадлари ва амалга оширган хатти-ҳаракатларига янглиш баҳо берилиши уруш бошланишига бевосита сабаб бўлади. Бундай баҳо берилишига, ўз навбатида, қарши томоннинг яширин ҳарбий тайёргарликлари таъсир ўтказиши мумкин.
Турли замонлар, ҳокимият тизимлари ва ижтимоий-сиёсий шароитларда уруш бошланишининг асосий сабаблари, одатда, ижтимоий эмас, балки шахсий (баъзан – уруғ жамоаси) тавсифига эга бўлган. Жумладан, ҳукмрон шахснинг (уруғ жамоасининг):
бойиб кетишга бўлган зўр иштиёқи;
ташқи уруш бошлаш орқали жамиятни ҳокимият инқирози ва бошқа ички сиёсий муаммолардан чалғитишга интилиши;
шахсий ҳокимият режимини мустаҳкамлаш ва мухолиф томоннинг таъсирини сусайтириш мақсадида жамиятни, унинг ватанпарварлик ҳиссиётини ошириш орқали урушга сафарбар этишга интилиши;
тарихда ном қолдириш истагида ифодаланадиган ўтакетган шуҳратпарастлиги;
миясига жаҳон революциясини амалга ошириш, дунёни сиёсий ва ижтимоий жиҳатдан ўз қарашларига монанд тубдан қайта тузиш зарурати туғилганлиги ҳақидаги фикрнинг ўрнашиб қолиши;
ўтакетган диний мутаассиблиги;
миллий муросасизлигида намоён бўлади.
УРУШ МАНБАЛАРИ (источники войн) урушни юзага келтирувчи омиллар, сабаблар ва уруш бошлашга ундайдиган далиллар мажмуи.
Урушнинг асосий манбалари турли сабабларга кўра давлатлар, халқлар, синфлар, нуфузли (раҳбарлик қиладиган) сиёсий гуруҳлар (жамоалар) ўртасида юзага келган ва давлат ҳукумати ёки унинг раҳбари томонидан тинч сиёсий йўллар билан ёхуд шундай восита ва усулларни қўллаш орқали ҳал этилмай қолган антагонистик зиддиятлардан ташкил топади.
Уруш манбалари урушларнинг яширин марказлари шаклланиб боришини тавсифлайди, бироқ урушларни автоматик равишда келтириб чиқармайди. Урушларнинг юзага келиши муайян тарихий шарт-шароитлар, шунингдек, бевосита ҳарбий тўқнашувга олиб келадиган бир қатор объектив ва субъектив (шу жумладан, тасодифий) равишда қарор топадиган вазиятларга боғлиқдир.
Одатда, чуқур илдиз отган сиёсий ва иқтисодий сабаблар, муросасиз антагонизм, у ёки бу давлат ёхуд давлатлар уюшмасидаги реакцион, миллатчилик руҳидаги ва шу каби бошқа кучларнинг тажовузкор интилишлари уруш манбаларининг асосини ташкил этади.
Shokir Dolimov
03.05.2013, 22:03
УРУШ БОШЛАШ УСУЛЛАРИ (способы развязывания войны) уруш бўлиши муқаррар бўлиб қолган фурсатда, уруш боши ва бошланғич даврида олиб бориладиган ҳарбий ҳаракатлар давомида уришадиган томонлар амалга оширадиган хатти-ҳаракатлар, кўрадиган чора-тадбирлар ва қўллайдиган усуллар тури.
Жамики урушларнинг бошланиши азалдан ҳам, бугунги кунларда ҳам турли-туман бўлиб келмоқда. Бироқ барча ҳолларда:
ҳужум қилган томон ўзи учун муайян қулайликлар яратиб, стратегик ташаббусни қўлга киритиш ва тезроқ зафар қозониш манфаатларида ушбу қулайликлардан самарали фойдаланишга;
ўзини-ўзи мудофаа қилаётган томон эса агрессорлик ҳаракатларини бартараф этиш, ҳужумни муваффақиятли даф этиб, жавобан зарбалар беришга интилиб келган.
Умуман олганда урушлар бир-бирига адоват сақлаган томонларни муайян изчиллик билан урушга жалб этиш, дафъатан ҳужум қилиш ва келгуси ҳарбий ҳаракатларни ривожлантириш орқали юзага келиши мумкин. Бунда дастлаб, томонлар ихтиёридаги қуролли кучлар сафарбарлик ва стратегик жиҳатдан тегишлича тизилади.
Бугунги кунда, биринчи навбатда ҳаво ва денгиздан зарбалар бериш орқали душманга дафъатан ҳужум қилиш, келгусида эса ҳарбий ҳаракатлар (уруш) майдонида кенг кўламли стратегик (фронт ёки флот миқёсидаги) операциялар ташкил этиш – уруш бошлаб юборишнинг асосий усули бўлиб қолди.
УРУШ ОЛИБ БОРИШ УСУЛЛАРИ (способы ведения войны) уруш мақсадларига эришиш ҳамда ҳарбий-сиёсий ва стратегик вазифаларни ҳал этиш учун уруш олиб бориладиган куч ва воситалар қўлланилишининг изчиллиги ва анъанавий усуллар тартибини белгилаб берадиган ҳаракатлар тизими.
Уруш олиб бориш усуллари уруш ривож топа бошлайдиган ва якунланадиган объектив ва субъектив шарт-шароитларга боғлиқ бўлиб, уруш давомида қўлланиладиган барча кураш шакллари, авваламбор, ҳарбий ҳаракатлар шакллари мазмунининг асосини белгилаб беради.
Уруш олиб бориш усуллари мунтазам ўзгариб бориб, уларга қурол-яроғ ва ҳарбий техниканинг ривожи, уруш мақсадлари, миқёси ва хусусияти, бошқарув, алоқа ва транспорт воситаларининг ҳолати ҳал этувчи таъсир кўрсатади.
Юзага келаётган вазиятни инобатга олган ҳолда уруш олиб боришнинг у ёки бу усулини моҳирона қўллай билиш ғалаба қозонишнинг энг асосий шартларидан бири саналади.
ХАВФ ТУҒИЛГАН ДАВР (угрожаемый период) бевосита уруш бошланишидан олдин вазият изчил ёки дафъатан кескинлашган давр.
Ушбу давр бир-бирига нисбатан адоватли давлатлар ўртасидаги муносабатлар ҳаддан ташқари кескинлашиб кетиши билан тавсифланади. Хавф туғилган давр давомийлик жиҳатидан узоқ чўзилиши, иккала томон ушбу даврдан ўз ҳарбий тайёргарликларини ниҳоясига етказиш, қуролли кучлар таркибини кўпайтириш, жанговар шайлигини ошириб, тегишлича тизиш ва иқтисодиётни ҳарбий ҳолатга ўтказиш учун фойдаланиши мумкин.
Хавф туғилган даврнинг ўзига хос жиҳатлари жумласига, шунингдек, вазиятнинг мужмаллиги, иккала томонда мунтазам манёврлар амалга ошириб борилиши ва ёлғон хабарлар (маълумотлар) тарқатишга қаратилган турли тадбирлар кескин кучайиб кетиши киради.
Бугунги шароитда (агар томонлар ихтиёрида қуролли курашнинг олис масофаларга қўлланиладиган воситалари ҳамда ҳарбий ҳаракатлар (уруш) майдонида қўшин ва кучларнинг шай ҳолатга келтирилган туркумлари мавжуд бўлса) хавф туғилган давр бўлмаслиги ҳам мумкин. Бундай ҳолатда уруш – душман ҳаракатларининг олдини оладиган уруш сифатида (урушга тайёрланаётган рақиб ҳужумини қайтариш мақсадида) томонлардан бирининг ҳужуми билан дафъатан бошланиши мумкин.
УРУШ ҲОЛАТИ (состояние войны) давлатларнинг бир-бирига нисбатан, улар орасида уруш эълон қилинган (ёки ҳарбий ҳаракатлар амалда бошланган) фурсатдан эътиборан токи уруш тугашига қадар қарор топган муносабатлари.
Уруш ҳолати:
томонларнинг қуролли кучлар воситасида бир-бирига қарши очиқдан-очиқ кураш олиб бориши;
дипломатик, молиявий, савдо ва бошқа алоқалар узилиши;
душман давлатга қарашли мол-мулк (дипломатик ваколатхоналар бундан мустасно) ва савдо кемаларининг мусодара қилиниши, реквизицияси, қўлга олиниши, қуролсизлантирилиши ва шу кабиларда ифодаланади.
Уруш ҳолати юзага келганлиги ҳақида бетараф давлатлар хабардор қилинадилар. Уруш ҳолати бошланишининг асосий ҳуқуқий шакли – бундай ҳолатнинг расман эълон қилиниши (бироқ амалиётда доим ҳам бажарилавермайди), тугатилишининг ҳуқуқий шакли эса тинчлик шартномаси имзоланишидир. Бундай шартнома тузилишидан олдин ҳарбий ҳаракатлар амалда тўхтатилиши, мисол учун томонлардан бири таслим бўлиши ёки уришаётган томонлар тегишли битимларга келишишлари мумкин.
Shokir Dolimov
03.05.2013, 22:06
УРУШ (война) давлатлар ва миллатлар ўртасида қарор топган муносабатлар хусусиятининг тубдан ўзгариб кетиши, қарши курашаётган томонларнинг муайян сиёсий ва иқтисодий мақсадларга эришиш учун зўравонлик воситаларини қўлламасдан курашиш (зиддиятларни ҳал этиш) усулидан тўғридан-тўғри қурол ва шу каби зўравонлик воситаларини қўллаш усулига ўтиш билан боғлиқ ижтимоий-сиёсий ҳодиса. Ҳарбий санъат категорияларидан бири.
Уруш, ўз табиатига кўра, қуролли кураш (зўравонлик) воситалари қўлланилган тарзда давлатлар ва уларни бошқараётган арбоблар томонидан олиб борилаётган сиёсат давоми саналади.
Бугунги кунда уруш бир-бирига душман бўлган томонлар, хусусан тажовузкор давлатлар ёки бундай давлатлар блоклари билан тинчликсевар давлатлар ўртасидаги жуда юқори даражадаги, кескин сиёсий қаршилик шаклига эга бўлмоқда. Уруш олиб боришнинг асосий воситаси – қуролли кучлар ва бошқа қуролли тузилмалар саналади. Шу билан бирга, урушда, қуролли курашнинг ҳарбий ва ҳарбий бўлмаган шаклларидан, шулар жумласидан рақиб ҳудудида зимдан қаршилик кўрсатиш ва террористик ҳаракатларни ташкиллаштириш шаклларидан фойдаланилмоқда.
Уруш давоми ва хотимаси, олиб бориш шакллари ва усуллари уришаётган давлатларнинг иқтисодий имкониятлари, уларда фан ва техника равнақининг салоҳияти, халқ ва армиянинг маънавий руҳи, қуролли кучларнинг жанговар қудрати ва шу каби бошқа омилларга боғлиқдир.
Уруш сиёсат ва иқтисодиёт билан чамбарчас боғлиқ. Сиёсат урушнинг ижтимоий тавсифи ва унда кўзланадиган мақсадларни белгилайди, шиддати ва олиб бориш усуллари, қайси йўналишларга зўр бериш лозимлиги, одамлар ва моддий манбаларни сафарбар этиш даражасига ҳал этадиган даражада таъсир кўрсатади. Айни вақтда, уруш, сиёсатга акс таъсир ўтказади, ижтимоий-сиёсий жараёнлар равнақини сусайтиради ёки аксинча жадаллаштиради. Худди шу тарзда уруш иқтисодиётни тубдан қайта қуриш, бор имкониятларни қуролли кучлар эҳтиёжи учун сафарбар этишни талаб қилади.
Урушда олиб бориладиган курашнинг асосий ва ҳал этувчи шакли – қуролли курашдир. Қуролли кураш қуролли кучлар ва бошқа тузилмаларнинг ташкилий тарзда қўлланилиши, барча табиий соҳаларда (маконларда) турли миқёсда олиб бориладиган ҳарбий ҳаракатлар мажмуидан иборатдир. Уруш турлича кечадиган шиддат, кўлам ва давомийлик билан тавсифланиши, у ёки бу тарзда олиб борилиши мумкин.
Қуролли кураш урушнинг муайян шарт-шароитларига боғлиқ ҳолда олиб бориладиган миқёси, ҳудуди, қўлланиладиган воситалари ва усулларига кўра чекланган бўлиши мумкин. Қуролли кураш давомида ҳужумкор ҳаракатлар, мудофаа ва таъминот ҳаракатлари, шу каби бошқа ҳаракатлар, шунингдек, қўшинларни (флот кучларини) гуруҳларга қайта бўлиш амаллари, жанговар воситалар, зарбалар ва ўт очиш амаллари билан ўтказиладиган манёврлар турли нисбатларда уйғунлашган тарзда олиб борилади.
Уруш стратегик, оператив ва чекланган миқёсларда, операциялар, муҳорабалар ва жанглар шаклида олиб борилиши мумкин.
УРУШЛАР ТАСНИФИ (классификация войн) урушларнинг гуруҳларга, бир-бирига ўхшаш ва аҳамиятли аломатларининг умумийлигига асосланган ҳолда бўлиниши.
Урушлар қуйидагича таснифланади.
ижтимоий-сиёсий мазмунига кўра:
адолатли ва адолатсиз;
тараққийпарвар (прогрессив) ва жаҳолатпараст (реакцион);
босқинлик руҳидаги ва миллий озодлик учун олиб бориладиган уруш;
стратегик мазмуни, жумладан:
миқёсига кўра – жаҳон уруши, минтақавий ва маҳаллий уруш;
олиб бориладиган ҳарбий ҳаракатлар усулига кўра – манёврли ва позицион уруш;
иштирок этадиган давлатлар сонига кўра – икки томонлама ва иттифоқ бўлиб олиб бориладиган уруш;
давомийлигига кўра – қисқа муддатли, узоқ давом этадиган ва муттасил уруш;
қуролли кураш олиб бориладиган табиий муҳитга кўра – қуруқлик, денгиз, ҳаво ва космосда олиб бориладиган уруш;
қуролли курашнинг шиддати ва тизилишига кўра:
шиддати суст кечадиган;
шиддати ўртача кечадиган;
шиддати кучли кечадиган уруш;
қуролли курашда қўлланиладиган асосий воситаларга кўра:
ядровий;
оддий (ядро қуроли қўлланилмаган) уруш (бундай уруш айрим давлатларда «конвенцион уруш», яъни халқаро шартномаларга (конвенцияларга) мувофиқ олиб бориладиган уруш, деб таснифланади);
кимёвий;
биологик;
бактериологик;
геофизик;
информацион уруш ва ҳ. урушларга таснифланади.
Урушнинг санаб ўтилган сўнгги бешта номи асосан хорижий таснифларда қўлланилади.
Shokir Dolimov
03.05.2013, 22:09
АДОЛАТЛИ УРУШ (справедливая война) тажовузни бартараф этиш учун Ватан озодлиги, давлат мустақиллиги ва миллат эрки йўлида олиб бориладиган уруш.
Адолатли уруш ўз ижтимоий-сиёсий хусусиятига кўра муайян давлат (давлатлар иттифоқи) томонидан бошқа давлатнинг ҳудудини эгаллаб олиш, ўз ҳукмини унга зўрлаб ўтказиш, сиёсий ҳукмронлик ўрнатиш, муайян халқ ва миллатларни қарам қилиш ёки шу каби бошқа тажовузкор ёхуд реакцион мақсадларни кўзлаган тарзда олиб борилаётган адолатсиз урушнинг аксидир.
Муайян тарихий шароит ва олиб борилаётган сиёсат йўналишига боғлиқ ҳолда адолатли уруш адолатсиз урушга ёки аксинча, адолатсиз уруш адолатли урушга айланиб кетиши мумкин. Қарши уришаётган иккала томон ҳам бир вақтнинг ўзида адолатсиз уруш олиб бориши мумкин, бироқ иккаласи бир-бирига қарши адолатли уруш олиб борадиган ҳолат бўлмайди.
ДАВЛАТ ИЧИДАГИ УРУШ (ФУҚАРОЛАР УРУШИ) (внутригосударственная (гражданская) война) давлат ҳокимияти ёки ҳукм ўтказиш мавқеига эга бўлиш мақсадларида давлат ичидаги турли синф ва ижтимоий табақалар (гуруҳлар) ўртасида уюшган тарзда олиб бориладиган қуролли кураш.
Бундай уруш, одатда, сиёсий партиялар, диний ва миллий ташкилотлар ва уларнинг етакчилари (доҳийлари) томонидан, ижтимоий-сиёсий ҳаракатлар, қўшинлар ва кенг халқ оммасини жалб этган тарзда қўзғатиладиган муросасиз ижтимоий (сиёсий, иқтисодий, диний ва бошқа) зиддиятлар натижаси саналади.
Аксарият ҳолларда фуқаролар уруши муросасиз, қатъий мақсадлар кўзланган тарзда олиб борилиб, жамиятнинг парчаланиб кетиши, ишлаб чиқариш кучларининг вайрон бўлиши, йирик моддий талафотлар кўрилиб, кўплаб одамларнинг ҳалок бўлишига олиб келади. Бундай уруш давомида мунтазам қуролли кучлар ва номунтазам ҳарбий тузилмалар қўлланилиши билан бир қаторда партизанлар ҳаракати, алоҳида қуролланган отряд ва гуруҳлар ҳаракати, аҳолининг тартибсиз чиқишлари кенг тус олади.
Фуқаролар урушини олиб бориш усуллари кўп ҳолларда анъанавий уруш олиб бориш усулларидан сезиларли фарқ қилади. Зеро ушбу усуллар кутилмаган шаклларни касб этиб, сакраш тарзида ривожланади, олдиндан кўриб бўлмайдиган вазиятлар юзага келиши, уруш давомида кескин бурилишлар рўй бериши кузатилади.
Ҳарбий санъат тарихи ва ривожида муҳим аҳамият касб этган энг йирик фуқаролар урушларига тарихий мисоллар тариқасида:
1861-65 йилларда АҚШда;
1789-1894 йилларда Францияда;
1917-22 йилларда Россияда;
1936-39 йилларда Испанияда бўлиб ўтган фуқаролар урушларини келтириш мумкин.
ДИНИЙ (ХУРОФИЙ) УРУШ (религиозная война) диний-ахлоқий зиддиятларни ҳал этиш ёки томонлардан бири иккинчи томонга ўзга мазҳабни қабул қилишга зўрлаб мажбур қилиш мақсадларида, дин негизида юзага келган уруш.
Зикр этилган важ-баҳоналар билан бир қаторда, бундай урушда, одатда, сиёсий ва иқтисодий мақсадлар ҳам кўзланади.
Хурофий урушлар қадимдан маълум. Улар айниқса, ўрта асрларда кенг тус олди, жумладан:
XI-XIII асрларда бўлиб ўтган салиб юришлар;
1419-34 йиллардаги гуситлар урушлари;
1562-98 йилларда Францияда олиб борилган гугенотлар уруши дин негизида юзага келган урушлар саналади.
Диний омиллар XIX-XX асрларда бўлиб ўтган аксарият ҳарбий можароларга ўз таъсирини кўрсатган бўлиб, XXI аср ҳарбий можароларида ҳам ўз аҳамиятини сақлаб қолмоқда.
Диний урушларнинг сиёсий замири жамиятни ижтимоий аломатлар, дунёқараш ва мафкурага кўра парчалаб юбориш, аҳолининг муайян табақаларини, уларга зўрлаб ўтказилган ақидаларни ҳимоя қилишга бирлаштиришдир.
Диний (хурофий) урушлар стратегик жиҳатдан муросасиз кечиши, қуролли кураш ўта шафқатсиз, турли миқёсдаги ҳарбий ҳаракатлар кучли мафкуравий уруш билан уйғунлаштирилган тарзда олиб борилиши билан тавсифланади.
МИЛЛИЙ ОЗОДЛИК УЧУН УРУШ (национально-освободительная война) мустамлака ёки қарам давлат халқи томонидан ўз миллий озодлиги, давлат суверенитети, эркин ва мустақил ривожи учун олиб бориладиган уруш.
Бундай урушда, одатда, бир томонда қуролланган халқ, уруш олиб бориш учун атайин тузилган ҳарбийлаштирилган тузилмалар ва номунтазам кучлар, қарши томонда эса – тасарруфида мустамлака мамлакатлар бўлган давлатга (давлатларга) мансуб экспедицион қуролли кучлар туркуми иштирок этади.
Миллий озодлик учун уруш қарши курашаётган кучлар томонидан ўзига хос шаклларда, хусусан қисқа муддатли холис операциялар, партизанлар кураши билан уйғунлаштирилган ўзаро боғлиқ бир қатор муҳорабалар ўтказилиши орқали олиб борилади. Оддий қуролнинг турли русумлари қўлланилиб, қўпорувчи-террористик ҳаракатлар, фронт ортида кўтариладиган қўзғолонлар, жазо ҳаракатлари ва душман ортидаги ҳаракатлар кенг тус олади.
Муайян шароитлар юзага келганда эса миллий озодлик учун олиб борилаётган уруш давлатлар ўртасидаги уруш ёки фуқаролар урушига айланиб кетади.
Ўзига хос тарихий мисоллар тариқасида:
1937-45 йилларда Хитой халқи томонидан олиб борилган;
1954-62 йилларда Жазоирда;
1961-74 йилларда Анголада бўлиб ўтган урушларни келтириш мумкин.
Shokir Dolimov
03.05.2013, 22:14
ЖАҲОН УРУШИ (мировая война) жаҳоннинг барча етакчи давлатлари бевосита ёки билвосита жалб этиладиган, барча ёки аксарият қитъалар ҳудуди, океан ва денгиз ҳавзаларига дахл қиладиган, йирик коалиция ва блоклар, давлатлар иттифоқлари томонидан олиб бориладиган уруш.
Бундай уруш, одатда, узоқ давом этиб, глобал миқёсда, қатъий мақсадлар кўзланган тарзда, шафқатсиз шаклларда олиб борилади, қарши курашаётган томонларда кўпдан-кўп вайроналиклар юз бериши, қуролли кучлар ва аҳоли орасида эса йирик талафотлар кўрилиши кузатилади. Унинг оқибати жаҳонда ҳукм сурган ҳарбий-сиёсий вазиятда кескин ўзгаришлар рўй беришига олиб келади.
Ишлаб чиқариш кучларининг шиддатли суръатда ривожланиши, қуролли курашнинг турли-туман техник воситалари билан қуролланган оммавий армиялар шаклланиши, давлатлар ўртасида чамбарчас сиёсий, иқтисодий ва илмий-техник муносабатлар ўрнатилиши, уларнинг иттифоқлар ва коалицияларга бирлашиши – жаҳон уруши келиб чиқишига сабаб бўлган.
Башарият ўз бошидан иккита жаҳон урушини, хусусан: Биринчи жаҳон уруши (1914-18 йиллар) ва Иккинчи жаҳон урушини (1939-45 йиллар) кечирди.
Иккала уруш ҳам қудратли ҳарбий-сиёсий коалицияларнинг кўп миллионли қуролли кучлари томонидан олиб борилган бўлиб, қуролли курашнинг ниҳоятда улкан миқёси, одамлар орасидаги йирик талафотлар, жуда катта моддий харажатлар ва мисли кўрилмаган вайроналиклар билан боғлиқ тарзда кечди.
Биринчи жаҳон уруши тўрт йилдан ортиқ (51 ой ва 2 ҳафта) давом этди. Унда аҳолисининг умумий сони 314 млн кишидан иборат 38 та давлат иштирок этди. қуролли кучлар шахсий таркибининг умумий сони 70 млн кишини ташкил этди. Фронтлар узунлиги 2,5-4 минг километрга чўзилиб кетди. Умумий талафотлар миқдори 9,5 млн ҳалок бўлган ва 20 млн яраланган одамлардан иборат бўлди.
Иккинчи жаҳон уруши 6 йилдан ортиқ давом этди. Унда аҳолисининг умумий сони 1,7 млрд кишидан иборат 61 та давлат иштирок этди. Қуролли кучлар шахсий таркибининг умумий сони 110 млн кишини ташкил этди. Фронтлар жами 15 минг километрдан узун бўлди. Ҳалок бўлганлар сони 50 млн кишидан ортиб кетди.
Учинчи жаҳон урушининг бошланиш хавфи ҳам ХХ аср давомида узоқ вақт реал таҳдид солган эди. Ушбу уруш икки қарама-қарши ижтимоий тузимнинг глобал миқёсдаги эҳтимолий қуролли тўқнашуви сифатида идрок этилиб, ядровий урушга айланиб кетиши муқаррар, деб эътироф этилган.
XXI аср бошида жаҳон уруши бошланиши эҳтимолдан узоқ, бироқ уни буткул истисно этиб ҳам бўлмайди.
МИНТАҚАВИЙ УРУШ (региональная война) фақат муайян минтақани (қитъанинг бир қисмини) қамраб олган, унинг сарҳадларидаги барча ёки аксарият давлатлар жалб этилган, ушбу минтақа ташқарисидаги мамлакатлар, одатда, ёрдам бериш тариқасида билвосита иштирок этган тарзда ўтадиган уруш.
Бундай уруш иттифоқ бўлиб уруш олиб бориш хусусиятига эга бўлиши мумкин бўлиб, юқори даражадаги шиддати ҳамда қуролли курашнинг турли восита ва усуллари қўлланилиши билан фарқ қилади.
Қуролли курашнинг замонавий воситалари билан бир қаторда қурол-яроғнинг деярли мураккаб бўлмаган турлари ҳам қўлланилади, уришаётган томонларнинг мунтазам қуролли кучлари ҳам, номунтазам тузилмалари ҳам иштирок этади.
Сўнгги минтақавий урушга тарихий мисол тариқасида 1948-67 йиллар ва 1973 йили бўлиб ўтган, Яқин Шарқнинг катта ҳудудини қамраб олиб, собиқ ССРИ, АҚШ ва айрим ғарб давлатларини ўз таъсир доирасига жалб этган Арабистон-Исроил урушини келтириш мумкин.
МАҲАЛЛИЙ УРУШ (локальная война) иккита ёки бир нечта давлат (давлатлар иттифоқи) ўртасида деярли чекланган ҳудудда, қурол-аслаҳа, ҳарбий ва махсус техника билан ортиқ даражада қуролланмаган ва нисбатан кам сонли қуролли кучлар қўлланилган тарзда олиб бориладиган уруш.
Бундай урушлар давомийлиги турлича кечиши, қатъий ёки чекланган мақсадлар кўзланган ҳолда олиб борилиши мумкин бўлиб, уларнинг кўлами, шиддати, жадаллиги йирик давлатларнинг бевосита ёки билвосита иштирок этишига боғлиқдир. Қурол-яроғ ва техниканинг янги тизимларини айни шундай урушларда синаб кўриш тез-тез учраб турадиган ҳолатга айланган.
Маҳаллий урушлар давомида, одатда, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, ҳудудий, миллий ва хурофий зиддиятлар, шулар замиридаги қарши кураш сабаблари уйғунлашиб кетади. Можаронинг ҳарбий-географик ва иқлимга оид шароитлари ҳам ушбу урушларга катта таъсир ўтказади.
ХХ асрда бўлиб ўтган маҳаллий урушларга тарихий мисоллар тариқасида:
1950-53 йилларда Кореяда;
1959-75 йилларда Вьетнамда;
1979-87 йилларда Афғонистонда;
1991 йили Форс кўрфазида;
2003 йили Ироқда бўлиб ўтган урушларни келтириш мумкин.
Shokir Dolimov
03.05.2013, 22:19
УРУШ ШИДДАТИ (интенсивность войны) урушнинг кўлами, кескинлиги ва қуролли курашнинг турли воситалари қай даражада қўлланилганлигини тавсифлайдиган тушунча. Шунга мувофиқ, урушлар, шиддати суст, ўртача ва кучли кечадиган урушлар, шунингдек, жузъий ҳарбий можароларга фарқ қилади.
Бундай урушларнинг ҳар бири ўзига хос тавсифга эга бўлиши ёки йирик муттасил уруш босқичларидан бири саналиши мумкин.
ШИДДАТИ КУЧЛИ КЕЧАДИГАН УРУШЛАР (войны большой интенсивности) давлатларнинг қудратли коалициялари (гуруҳлари, иттифоқлари) томонидан қатъий мақсадларга эришиш йўлида ихтиёрларида мавжуд жамики ҳарбий ва иқтисодий имкониятлардан тўлиқ фойдаланган тарзда олиб бориладиган жаҳон урушлари.
Бундай урушлар, одатда, бепоён ҳудудлар, денгиз ва океан ҳавзалари ва улар устидаги ҳаво-космик фазога дахл қилиб, стратегик ва фронт миқёсидаги турли-туман операциялар ўтказилади.
Шиддати кучли кечадиган урушлар уришаётган давлатлардан барча хатти-ҳаракатларни бениҳоя зўр бериб амалга оширишни талаб қилиб, йирик йўқотиш ва вайроналиклар билан кечади. Натижаси эса халқаро вазиятга жиддий таъсир ўтказиб, одатда, жаҳоннинг урушдан кейинги тузилишини ўзгартириб юборади.
ШИДДАТИ ЎРТАЧА КЕЧАДИГАН УРУШЛАР (войны средней интенсивности) етарлича қудратли ҳарбий ва ҳарбий-сиёсий имкониятларга эга икки ва ундан кўп давлатлар ўртасидаги ҳарбий тўқнашув.
Бундай урушларга, одатда, уришаётган томонларнинг жамики қуролли кучлари жалб этилади, улар ихтиёридаги барча манбалар қўлланилиб, қуролли курашнинг турли-туман воситаларидан фаол фойдаланилади.
Шиддати ўртача кечадиган урушларда, одатда, қатъий мақсадлар кўзланади, уришаётган томонларга учинчи томонлар, яъни янада қудратли давлатлар сезиларли ёрдам бериб бориши билан кечади. Ушбу урушлар, одатда, вазиятнинг кескинлашиб кетишига олиб келиб, жаҳон уруши бошланиб кетишининг асосий манбасига айланиб қолишига сабаб бўлиши мумкин.
ШИДДАТИ СУСТ КЕЧАДИГАН УРУШЛАР (войны малой интенсивности) одатда, кичик давлатлар ўртасида чекланган ҳудудларда, жузъий сиёсий мақсадларга эришиш учун куч ва воситаларнинг чекланган туркуми қўлланилган тарзда олиб бориладиган урушлар.
Шиддати суст кечадиган урушлар:
уришаётган давлатлар томонидан олиб борилаётган ҳарбий ҳаракатлар сустлиги;
ўтказиладиган операциялар миқёси у қадар йирик бўлмаслиги;
қуролли курашда самарали натижаларга эришилмаслиги;
узоқ давом этиши, муайян вақт танаффус бўлиб, яна қайтадан давом эттирилиши билан тавсифланади.
Бундай урушлар жумласига, авваламбор, у ёки бу томонга маънавий мадад ва қурол-яроғ етказиб бериш орқали йирик давлатлар ҳам билвосита иштирок этиши мумкин бўлган кичик маҳаллий урушлар ва ҳарбий можаролар киради.
Shokir Dolimov
03.05.2013, 22:22
ҲАРБИЙ (МАҲАЛЛИЙ) МОЖАРО (военный (локальный) конфликт) олиб борилаётган миқёсига кўра уруш даражасига етиб бормаган ҳарбий тўқнашув.
Бундай можаро ўрталарида ихтилоф юзага келган давлатларнинг қисқа муддатли қуролли (одатда, чегара яқинидаги можаро доирасида) қарши курашишлари билан тавсифланади. Аксарият ҳолларда ҳарбий (маҳаллий) можаро бир-бирини кафолатланган равишда йўқ қилиб юборишларидан қўрқишлари сабабли ўрталарида тўғридан-тўғри қуролли можаро юз беришидан ўзини четга олиб, бир-бирига қарши чиққан «учинчи даражали мамлакатлар» тоифасига мансуб давлатларга фаол ҳомийлик қилаётган ўта қудратли давлатлар ўртасидаги билвосита («совуқ уруш» даврига хос) қаршилик шакли сифатида намоён бўлади.
Ҳарбий (маҳаллий) можаро турлича шиддатда олиб бориладиган уруш ёки қуролли кураш олиб борилмаган тарзда узоқ вақт давом этадиган давлатлар ўртасидаги адоватга айланиб кетиши мумкин.
ЭТНИК ГУРУҲЛАР ЎРТАСИДАГИ ҚУРОЛЛИ МОЖАРО (межэтнический вооруженный конфликт) битта давлат сарҳадларида кечадиган, рақиблар бир-бирини ёт этник ва (ёки) диний бирликни ифода этадиганлар сифатида кўрадиган турли-туман ноқонуний қуролланган тузилмалар, яъни турли этник ва (ёки) диний йўналишларга мансуб экстремистик гуруҳлар ўртасида ҳамда бундай гуруҳлар билан ҳукумат қўшинлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи кучлар ўртасида содир этиладиган қуролли қарши чиқишлар.
Давлат ҳукумати ва қуролли тузилмалари бевосита ёки билвосита қарши кураш олиб бораётган миллий, ҳудудий ёки диний гуруҳлардан бири тарафдори сифатида чиқиш варианти ҳам юзага келиши мумкин (мисол учун Шимолий Ирландия).
Этник гуруҳлар ўртасидаги қуролли можаро бир қатор тавсифларга эга бўлиши мумкин. Бундай тавсифлар жумласига:
ўзаро ҳудудий даъволар ва халқларни бўлиб турувчи чегаралар адолатдан ёки адолатсиз ўрнатилганлигига доир мунозаралар;
тарихни афсонага айлантириш ва қарши курашаётган ҳар бир томонга мансуб тарихий хотиранинг тутган ўрнини нисбатан фаоллаштириш;
қарши курашаётган ҳар бир томон ортида геосиёсий иттифоқчи қиёфасидаги хорижий (кўп ҳолларда қўшни) давлат бўлиши;
қуролли можарога жалб этилмаган аҳоли ўз ақли, фикри-хаёли билан тарафдор бўлишига эришиш мақсадида олиб бориладиган информацион ва мафкуравий кураш ҳамда руҳий омил таъсири;
можаронинг ривож топишида жиноий элементларнинг фаол иштирок этиши;
оммавий фожиа оқибатига олиб келадиган террористик ҳаракатлар ўтказилган ҳолларда этник гуруҳлар ўртасидаги қуролли можаро кенг кўламли можарога айланиб кетиш хавфи;
қарши курашаётган томонлар ҳаракатларида маънавий ва ҳуқуқий чекланишлар, шу жумладан, ҳудудий чегаралар бўлмаслиги киради.
Этник можаролар кўп ҳолларда, янглиш равишда, миллатлараро можаро, деб аталади.
ОДДИЙ УРУШ (обычная война) оммавий қирғин қурол, авваламбор, ядро қуроли, кимёвий ва бактериологик қуролларни қўллашдан воз кечилган, умуммақсадли оддий куч ва воситалар қўлланилган тарзда олиб бориладиган уруш.
Самарали (ўта аниқ, об-ҳавонинг ҳар қандай шароитида, кундуз куни ҳам, тунги (теварак-атроф кўриниши чекланган) вақтда ҳам қўлланиладиган) қурол-яроғлар, разведка, нишон кўрсатиш, алоқа, жанговар бошқарув ва радиоэлектрон кураш (РЭК) воситаларини қўллаш имконияти мавжудлиги билан тавсифланади. Оддий уруш:
ўта шиддатли жанговар операциялар ўтказилган тарзда олиб борилиши;
турли кўламларга эга бўлиши (йирик миқёсли урушдан, токи кичик маҳаллий қуролли можаро миқёсида ўтиши);
узоқ вақт давом этиши (мисол учун Эрон-Ироқ уруши 1880-88 йиллар давомида ўтган);
қисқа муддатларда якунига етиши (мисол учун 1991 йили Форс кўрфази зонасида бўлиб ўтган уруш) мумкин.
Одатда, оддий урушда эришиладиган муваффақият умумий ҳарбий-сиёсий ва иқтисодий вазият билан, ҳарбий маънода эса авваламбор, кучлар миқдори, қурол-аслаҳа, ҳарбий ва махсус техника сифати, қуролли кучлар шахсий таркибининг профессионал тайёргарлиги ва командирларнинг ҳарбий маҳорат жиҳатидан душмандан устун келиши билан белгиланади.
Оддий уруш, одатда, чекланган ва узоқ чўзиладиган урушга фарқланади.
Чекланган оддий урушда қуролли кучлар ва шикаст етказиш воситаларининг фақат муайян қисми тегишли ҳудуд сарҳадларида қўлланилиши мумкин.
Бундай урушлар жумласига минтақавий ва маҳаллий урушлар, шу жумладан, қисқа муддатли ҳарбий можаролар киради.
Узоқ чўзиладиган (давомли) оддий уруш, аксарият ҳолларда, босқичма-босқич ривожланади, бир қатор давр ва кампанияларга бўлинади, улар эса ўз навбатида, стратегик ва нисбатан кичик кўламли операциялардан ташкил топади.
«Оддий уруш» термини асосан совет ҳарбий фани ва амалиётида қўлланилган эди. Кўплаб бошқа мамлакатларда эса «Конвенцион уруш» термини қўлланилиб, бу билан урушда, халқаро битим ва конвенциялар билан ман этилмаган қуролли кураш воситаларигина қўлланишига йўл қўйилиши мумкинлигига урғу берилган.
Shokir Dolimov
03.05.2013, 22:28
ЧЕКЛАНГАН ЯДРОВИЙ УРУШ (ограниченная ядерная война) қурол-яроғнинг ҳар хил турлари, шу жумладан, ядро қуроли қўлланилган ҳолда, ушбу қурол турини қўллаш миқёси, ҳудудлари ва қўлланиладиган ядро воситаларининг миқдори чекланган тарзда олиб борилиши тахмин қилинаётган уруш.
Бундай уруш чекланган вақт давомида, фақат айрим ҳарбий ҳаракатлар (уруш) майдонида тегишли объектлар, мисол учун энг муҳим ҳарбий ва ҳарбий-иқтисодий объектларни йўқ қилиш учун асосан тактик ва оператив-тактик ядро воситалари (ёки стратегик ядро воситаларининг бир қисми) қўлланилган тарзда олиб борилиши мумкин.
Чекланган ядровий уруш, шунингдек, душман ҳаракатларини тўхтатиш ёки мураккаб аҳволга тушиб қолган қўшин душман томонидан тор-мор келтирилишининг олдини олиш мақсадларида қатъий чекланган ядровий зарбалар бериш шаклида ҳам ўтказилиши кутилади. Бундай зарбаларга эса бошқа томон ҳам тегишлича (адекват) жавоб қайтариши ёки янада қудратли ядровий зарба бериши мумкин.
Ушбу уруш замирида радиоактив маҳсулотларнинг узоқ масофаларга тарқалиб кетиши боис экологик хавф, шунингдек, унинг ялпи ядровий урушга айланиб кетиш хавфи бор. Шунинг учун ҳарбий ҳаракатларни, улар бошланиши билан жаҳон жамиятининг бошқа мамлакатлари иштирокида эришиладиган сиёсий муроса натижасида тўхтатиш зарурлигини рад этиш мумкин эмас.
ЯЛПИ ЯДРОВИЙ УРУШ (всеобщая ядерная война) душманни йўқ қилиш учун қуролли курашнинг бошқа воситалари билан бир қаторда, қисқа вақт давомида чекланмаган тарзда ёпирилма қўлланиладиган ядро қуроли – олиб бориладиган қуролли курашнинг асосий воситаси саналадиган уруш.
Бундай урушга жаҳоннинг аксарият давлатлари бевосита ёки билвосита жалб этилиши мумкин. Ушбу урушнинг иккиламчи оқибатлари жамики Ер шарига дахл қилиши, юз бериши эса башариятнинг йўқ бўлиб кетиши, глобал экологик ҳалокат қарор топишига олиб келиши муқаррар.
ХХ аср охирида жамики давлатлар глобал миқёсдаги ялпи ядровий урушга йўл қўйиб бўлмаслиги борасида якдил хулосага келдилар, бироқ гипотетик (фаразий) мулоҳаза юритилса, ялпи ядровий уруш тасодифий (мисол учун техник) сабаблар туфайли ёки бирор-бир мамлакатнинг ҳарбий-сиёсий раҳбарияти томонидан, муваққат устуворликдан фойдаланиб қолиб, душмандан олдин ҳаракат бажариш орқали ўз давлатини мағлубиятдан асраб қолиш илинжида йўл қўйилган жуда қўпол янглишиш оқибатида бошланиши мумкин.
КОНТИНЕНТАЛ УРУШ (континентальная война) асосан мавжуд қитъалардан биттасининг сарҳадларидаги қуруқлик фронтларида қуролли кураш олиб бориладиган уруш.
Бундай урушда кўзланган асосий мақсадлар жумласига, авваламбор, душманнинг қуруқликдаги қўшинлар, зирҳли-танк ва ҳарбий-ҳаво кучлари туркумларини қитъадаги ҳарбий ҳаракатлар (уруш) майдонида тор-мор қилиш ва ушбу майдоннинг стратегик жиҳатдан муҳим ҳудудларини забт этиш билан эришилади.
Денгизлардаги ҳарбий ҳаракатлар (уруш) майдонида олиб бориладиган ҳаракатлар бундай урушларда кўмакчи аҳамиятга эга бўлиб, асосан соҳил бўйи зоналарда ташкил этилади ва қуруқликдаги қўшинлар томонидан олиб бориладиган операциялар манфаатларига хизмат қилади.
Континентал уруш давомида қуруқликдаги қўшинларнинг, даставвал танклар ва артиллериянинг сони ва сифати жиҳатидан устуворликка эга бўлиш, энг муҳим йўналишларда қудратли ядро кучлари туркумларини қўллаш, ҳаётий муҳим ҳудуд ва марраларни забт этиш, йирик захираларга эга бўлиш узил-кесил ҳал этувчи аҳамият касб этади. Шу билан бир вақтда, бундай урушда қозониладиган муваффақият ҳаводаги ҳукмронликнинг қўлга киритилишига боғлиқ бўлади.
Континентал урушга тарихий мисол тариқасида собиқ ССРИ томонидан 1941-45 йилларда Германия фашистларига қарши олиб борилган урушни келтириш мумкин.
Shokir Dolimov
03.05.2013, 22:31
ОКЕАНДА ОЛИБ БОРИЛАДИГАН УРУШ (океанская война) йирик денгиз мамлакатларининг океан ва денгизлардаги қуролли тўқнашувларига хос бўлган уруш бўлиб, энг муҳим ҳарбий ҳаракатлар асосан океан ва денгизлардаги ҳарбий ҳаракатлар (уруш) майдонлари ҳавзаларида олиб бориладиган, урушда кўзланган ҳарбий-сиёсий мақсадларга душман ҳарбий-денгиз кучларини тор-мор келтириш, энг муҳим ҳарбий-денгиз базаларини забт этиш, денгиз ва океанлардаги оператив жиҳатдан муҳим зоналар устидан назорат ўрнатиш натижасида эришиладиган уруш.
Одатда, бундай уруш асоси денгиз ва океанларда ўтказиладиган йирик операциялар ҳамда денгиз-десант ва йирик ҳаво операцияларини ташкиллаштириш ва олиб боришдан иборат бўлиб, уларнинг хотимаси умумий, айниқса, денгиз бўйи йўналишларида юзага келадиган ҳарбий-сиёсий ва стратегик вазиятга узил-кесил таъсир ўтказади. Океан коммуникацияларида олиб бориладиган жанговар ҳаракатлар ҳам катта аҳамиятга эга, зеро мустамлакаларда юзага келадиган вазият ва ҳарбий-денгиз кучлари фаолиятининг таъминланиши айни шу ҳаракатлар хотимасига боғлиқдир.
Океанда олиб бориладиган урушнинг ўта муҳим мақсади денгиздаги ҳукмронликка эришиш ва уни қўлда сақлаб қолишдир. Аксарият ҳолларда ушбу уруш ялпи урушнинг таркибий қисми саналади.
Бундай урушга тарихий мисол тариқасида 1941-45 йилларда Тинч океан ҳарбий ҳаракатлар (уруш) майдонида АҚШ ва Буюк Британия томонидан Японияга қарши биргаликда олиб борган қуролли курашини келтириш мумкин.
ҲУЖУМКОР УРУШ (наступательная война) қатъий мақсадларга эришиш ва қуролли курашни йирик миқёсли ҳужум операциялари шаклида олиб бориш мазмунини касб этган урушнинг рамзий номланиши.
Бундай уруш асосини фаол ҳужумкор стратегия тамойилларини амалга ошириш, душманга қарата қудратли, одатда, ундан олдин зарбалар бериб, ҳудудини истило қилиш ҳаракатлари ташкил этади.
Ҳужумкор уруш ҳарбий-сиёсий ва стратегик ташаббусни қўлга киритиш ва қўлда узоқ вақт мустаҳкам сақлаб қолишни талаб этади. Ҳужумкор уруш амалиётида мудофаа ҳаракатлари ҳам истисно қилинмайди, бироқ ҳужумкор ҳаракатларнинг солиштирма ҳажми аксарият бўлади.
Ҳужумкор уруш, одатда, тажовузкор давлатлар табиатига хосдир, бироқ тинчликсевар давлатлар ҳам агрессия ҳаракатларига жавобан душманни тўла-тўкис тор-мор қилиб ташлаш мақсадида ҳужумкор урушга кўтариладилар. Бунга тарихий мисол тариқасида Иккинчи жаҳон урушини келтириш мумкин.
МУДОФААГА ҚАРАТИЛГАН УРУШ (оборонительная война) тажовузни бартараф этиш, давлат ҳудудини (чегараларини) ҳимоя қилиш ва душманнинг фаол ҳужумкор ҳаракатларини барбод этишга қаратилган ҳаракатлардан иборат урушнинг рамзий номи.
Мудофаага қаратилган урушнинг асосий мазмуни жавобан амалга ошириладиган мудофаа операцияларидан иборатдир. Шу билан бирга, томонлар кучлари қиёсий бўлган вазият юзага келган бундай урушда мудофаа жангларини олиб бораётган томоннинг қарши ҳужумга кўтарилиши, келгусида эса кенг миқёсли ва узоқ сарҳадларга қадар стратегик ҳужумга ўтиши нафақат истисно қилинмайди, балки шундай ҳаракатларнинг амалга оширилиши кўзда тутилади.
Одатда, мудофаага қаратилган уруш тажовузга дучор бўлган давлат ҳудудида олиб борилади, бироқ муайян шароит туғилган ҳолларда душман қуролли кучларини тор-мор келтириш ва тажовузни қайтадан амалга ошириш режасини барбод этиш учун қулай марраларни эгаллаш мақсадида ҳарбий ҳаракатлар душман ҳудудига кўчириб ўтказилади.
Бундай урушга тарихий мисол тариқасида 1941-45 йилларда собиқ ССРИ ва фашистлар Германияси ўртасида олиб борилган урушнинг дастлабки даврини келтириш мумкин.
Shokir Dolimov
03.05.2013, 22:33
МАНЁВРЛИ УРУШ (маневренная война) асосини юқори манёврли жанговар ҳаракатлар ташкил этган уруш.
Позицион (узоқ муддатли марраларда туриб олиб бориладиган) урушдан фарқлироқ, ушбу уруш вазиятнинг тез ва кескин ўзгариши, жиддий вазиятлар тез-тез юзага келиб туриши, куч ва воситалар билан ўтказиладиган стратегик ва оператив манёврлар кенг қўлланилиши, ҳарбий ҳаракатлар кенг кўламли фронтларда олиб борилиши, олиб бориладиган операциялар сарҳадларининг кенглиги, ушбу операциялар жадал ривожланиши ва тез кечиши, оператив танаффуслар бўлмаслиги, кўзланган ҳарбий-сиёсий мақсадлар ва ҳал этилаётган стратегик вазифаларнинг ўта қатъийлиги билан тавсифланади.
Қуролли курашнинг юқори ҳаракатчан воситалари, хусусан зирҳли-танк қўшинлари, ҳарбий-ҳаво кучлари, ҳаво-десант қўшинлари ва тез тизиладиган кучларнинг қўлланилиши – бундай урушда узил-кесил ҳал этувчи аҳамият касб этади.
Манёврли урушга тарихий мисол тариқасида Иккинчи жаҳон урушининг дастлабки ва якуний даврларини келтириш мумкин. Ядро қуроли ва ўта аниқ шикаст етказиш воситаларининг қўлланилиши билан манёврли урушнинг алоҳида шакллари юзага келиши мумкин.
ПОЗИЦИОН УРУШ (позиционная война) қуролли кураш нисбатан барқарор фронтларда асосан позицион шаклларда (яъни узоқ муддатли марраларда туриб) олиб бориладиган уруш.
Бундай урушда барқарор ҳарбий-сиёсий ва стратегик вазият узоқ сақланади, ҳарбий ҳаракатлар секин-аста ва муайян изчилликда ривожлантирилиб, душманни ҳолдан тойдириш мақсадида олиб борилади. Амалга ошириладиган ҳужумкор ҳаракатлар, одатда, ривожланмай қолади, аксарият ҳолларда эса охиригача етказилмай, чекланган натижалар билан тугалланади. Рақибга қарата қудратли ўт очиб, зарбалар бериш, кучли фронтлар яратилиб, уларни тиришқоқлик билан қўлда сақлаб қолиш амаллари алоҳида аҳамият касб этади.
Бундай урушга тарихий мисол тариқасида:
Биринчи жаҳон урушининг дастлабки даврини;
1959-73 йилларда олиб борилган Америка-Вьетнам урушини;
1980-88 йилларда олиб борилган Эрон-Ироқ урушини мисол келтириш мумкин.
Қуролли курашнинг янги воситалари ривожланиб бораётган XXI асрда позицион уруш фақат жуда қисқа вақт олиб борилиши мумкин бўлиб, эртами-кечми у манёврли урушга айланиб кетиши муқаррар.
ИТТИФОҚ БЎЛИБ УРУШ ОЛИБ БОРИШ (коалиционная война) давлатлар иттифоқи томонидан бошқа давлатлар иттифоқи ёки муайян давлатга қарши олдиндан тайёрланиб, олиб бориладиган уруш.
Бундай урушда ҳар бир иттифоқ бир қатор сиёсий мақсадларни кўзлайди, давлатлар қуролли кучлари (бирлашган қуролли кучлар) томонидан олиб бориладиган ҳаракатларни мувофиқлаштиради, баъзан эса коалицион қуролли кучлар туркуми билан, турли миллий қўшинлар ва флот кучлари иштирокидаги ҳамкор операциялар ўтказади.
Шу билан бир вақтда, иттифоққа аъзо ҳар бир давлат, одатда, ўз мақсадларига эришишга интилиб, ихтиёридаги куч ва воситалар қўлланилишини мустақил равишда режалаштиради.
Иттифоқ бўлиб уруш олиб бориш учун одатда, миллий армия ва флотларнинг маълум қисмидан ягона қўмондонликка бўйсунадиган бирлашган коалицион қуролли кучлар ташкил этилади. Уларнинг тайёрланиши ва қўлланилиши биргаликда ишлаб чиқилган режаларга мувофиқ амалга оширилади.
Иттифоқ бўлиб олиб борилаётган уруш давомида иттифоқ аъзолари бир-бирига, одатда, қурол-яроғ, ҳарбий техника ва бошқа моддий воситаларни етказиб бериш шаклидаги моддий ёрдам кўрсатади, маънавий-сиёсий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди, баъзан эса иттифоқчи давлатлар ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларда ўз экспедицион қуролли кучлари билан иштирок этиб ҳам мадад беради.
Иттифоқ бўлиб олиб борилган аҳамиятли урушларга тарихий мисол тариқасида:
1756-63 йилларда олиб борилган Етти йиллик уруш;
1853-56 йиллардаги Қрим уруши;
Биринчи жаҳон уруши;
Иккинчи жаҳон урушини келтириш мумкин.
Shokir Dolimov
03.05.2013, 22:37
ПСИХОЛОГИК УРУШ (психологическая война) уришаётган давлатлар (синфлар) томонидан олиб борилаётган қуролли ва мафкуравий курашнинг рамзий номланиши. Душманни қўрқитиш мақсадида унинг психикасига таъсир қилиниши.
Психологик уруш ўз ичига уруш даврида ҳам, тинчлик даврида ҳам душман давлатнинг аҳолиси ва қуролли кучлари шахсий таркибининг маънавий-руҳий ҳолатига путур етказиш, шунингдек, душман томонидан амалга ошириладиган бундай ҳаракатлардан ҳимояланишга қаратилган тадбирлар тизимини мужассам этади. Уруш даврида олиб бориладиган психологик уруш кенг кўламга эга бўлиб, янада янги шаклларни касб этади.
Йирик психологик ва мафкуравий тадбирлар, операциялар ва қўпорувчилик ҳаракатларининг атайин ишлаб чиқилган муайян мақсадли махсус режаларга биноан тайёрланиши ва ўтказилиши – замонавий психологик уруш асосини ташкил этади. Бундай мақсадлар жумласига:
душманнинг мудофаа қобилиятини заифлаштириш, қўшинларининг жанговар шайлиги ва жанговар қобилиятига путур етказиш, шахсий таркибининг жанговар турғунлик савияси пасайиши ва маънавий таназзулга юз тутишига эришиш, қуролли кучлар фронт ортининг меъёрий ишини издан чиқариш;
душман саналган давлат ҳудудида «идора этиладиган инқирозлар»ни қарор топтириш, аҳоли орасида тартибсизлик ва ваҳимали кайфиятларни қарор топтириш киради.
Душман давлатга қарши олиб бориладиган бундай тадбир ва операциялар давлат томонидан ўз қўшинларининг маънавий руҳини мустаҳкамлаш ва ватанпарварлик ҳиссиётини оширишга қаратилган чора-тадбирлар билан уйғунлаштирилган тарзда олиб борилади
ИНФОРМАЦИОН УРУШ (информационная война) информацион тизим, жараён ва манбалар ҳамда жиддий аҳамиятга эга тузилмаларга зарар етказиш (информацион-техник уруш), сиёсий ва ижтимоий тизимлар, шу жумладан, давлат ва жамиятнинг барқарорлигини издан чиқариш учун қўшинлар шахсий таркиби ва аҳолига оммавий руҳий таъсир ўтказиш (информацион-психологик уруш) мақсадларида ахборот майдонида давлатлар томонидан бир-бирига қарши олиб бориладиган кураш.
«Информацион уруш» термини АҚШда ХХ асрнинг 90- йиллари бошида пайдо бўлиб, XXI аср бошида иккита маъновий вариантда, хусусан:
кенг маънода – турли сиёсий мақсадларга эришиш учун ахборот майдони ва оммавий ахборот воситаларида олиб борилаётган қарши курашни номлаш вариантида;
тор маънода – информацион ҳарбий ҳаракатлар маъносида, яъни ахборотни жанг майдонида (операция ёки муҳораба давомида) йиғиш, қайта ишлаш ва қўллаш орқали бир томонлама устуворликка эга бўлиш мақсадида ҳарбий ахборот майдонида олиб бориладиган қарши курашни номлаш вариантида фаол қўлланилади.
Информацион уруш ҳодиса сифатида Иккинчи жаҳон уруши ниҳоясида пайдо бўлди, тушунча сифатида эса ХХ асрнинг 90- йиллари, айниқса, «совуқ уруш» олиб борилган кезларда АҚШда қўлланила бошланди.
Ҳарбий-сиёсий тушунча сифатида «Информацион уруш» терминига рақиб давлат ҳудудидаги жамики аҳоли онгига ўтказиладиган таъсир усулларининг мажмуи сифатида таъриф берилади. Ушбу таъсирлар рақиб аҳолисига асосий ижтимоий ва табиий ҳодисалар ҳақидаги билимларни бузиб кўрсатиш ва бу билан жамият асосларини заифлаштириш ёки уларга путур етказиш учун ўтказилади. Бу эса ўз навбатида, душман давлатда тажовузга қаршилик кўрсатиш учун кўрилган чора-тадбирларни издан чиқариш учун қулай шарт-шароитлар яратади.
Информацион урушнинг асосий вазифаси қарши курашаётган давлат миллатининг ўзини ўзи англаш асослари ва ҳаёт кечириш учун яратган шарт-шароитларига путур етказишдир.
Бундай уруш жамият ҳаётининг барча соҳалари, жумладан иқтисодиёт, сиёсат, ижтимоий муносабатлар, маънавий ҳаёт ва айниқса, мафкура соҳасида олиб борилиши мумкин. Муайян миллат мафкурасига қарши олиб бориладиган информацион урушда душман давлат халқининг билим орттириш фаолиятидаги фалсафий ва услубий асосларни ўпириб ташлаш, онгида чалкашликлар туғдириш, ўз истиқболига бўлган ишончдан маҳрум қилиб, сохта иқтисодий ва ахлоқий тушунчаларни сингдириш вазифаси ҳал этилади.
Афкори оммани чалғитиш, ёлғон хабар ва маълумотлар тарқатиш тадбирлари, одатда, оммавий ахборот воситаларининг жамики турлари орқали узоқ вақт давомида, махсус идора ва муассасалар томонидан ишлаб чиқилган технологиялар бўйича амалга оширилади. Қарши курашаётган томоннинг оммавий ахборот воситаларига тегишлича таъсир ўтказадиган агентура киритилиши натижасида, ушбу халқнинг ижтимоий онгига зарурий таъсир ўтказиш, уни тегишли мафкура сари етаклаш, ўз маслагидан қайтариб, сингдириб бориладиган мафкурага бўйсундириш учун имкон яратилади.
Баъзан оммавий ахборот воситаларининг айрим вакиллари муайян давлатга қарши қаратилган информацион кампания ташкиллаштириш билан машғул эканлиги кузатилади. Ушбу хатти-ҳаракатлар замирида жаҳон жамиятининг кўз ўнгида тегишли давлатнинг мустақил сиёсати ва миллий манфаатларини қўпориш, амалдаги конституцион тузумини ўзгартириш ва жамиятининг барқарорлигини издан чиқаришга йўналтирилган, адоват руҳидаги ташқи кучлар томонидан ниҳоятда пухта режалаштирилган хатти-ҳаракатлардан ўзга нарса эмас.
Бундай информацион-психологик таъсир ўтказишдан кўзланадиган мақсадлар жумласига:
аҳоли, айниқса, ёшлар орасида маънавиятсизлик, фосиқлик, юрт ва халқнинг маданий меросига салбий муносабат муҳитини қарор топтириш;
ижтимоий кескинлик ва алғов-далғовликни юзага келтириш мақсадида афкори оммага таъсир ўтказиш;
можаро чиқариш, ишончсизлик ва гумондорликни авж олдириш, ички сиёсий нифоқларга кескинлик тусини бериш, тўқнашувлар ва ўзаро қирғин юзага келиши учун фитна чиқариш мақсадларида турли ижтимоий гуруҳлар орасидаги муносабатларни бузиш;
ҳукумат ва бошқарув органларининг информацион таъминотини сустлаштириш, идора қилишга оид янглиш қарорлар чиқарилиши учун иғвогарлик ишларини олиб бориш;
аҳоли орасида давлат органлари ҳамда қуролли вазирлик ва идоралар фаолиятига оид ёлғон маълумотлар тарқатиш, уларнинг нуфузига путур етказиб, бадном қилиш;
ижтимоий, сиёсий, миллатлараро, этник ва хурофий тўқнашувларни юзага келтириш;
оммавий иш ташлашлар, тартибсизликлар ва шу каби бошқа хатти-ҳаракатларга туртки бериш;
иқтисодий норозиликни юзага келтириш;
бошқарув органлари томонидан муҳим қарорлар чиқарилишини қийинлаштириш;
давлатнинг халқаро нуфузи, бошқа давлатлар билан ҳамкорлигини бадном қилиш;
давлатнинг маънавий, сиёсий, иқтисодий, мудофаа ва шу каби бошқа соҳалардаги миллий манфаатларига зарар етказиш киради.
Шу тариқа, информацион-психологик хавфсизлик информацион урушнинг яширин информацион-психологик операциялари шаклида амалга ошириладиган, комплекс равишда таъсир ўтказиладиган стратегик объектига айланади. Бундай уруш кўзланадиган мақсадлар, ҳал этиладиган вазифалар, яширин операциялар ўтказадиган куч ва воситаларни оператив, тактик ва стратегик поғоналарда шакллантириш ва қўллаш тавсифини белгилаб беради. Бинобарин, шахсий таркибнинг информацион-психологик хавфсизлигини таъминлаш ҳарбий бошқарув органлари томонидан олиб борилаётган фаолиятнинг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади.
Башариятнинг глобализация даврига кириб келиши ҳамда ҳаёт кечириш учун оммавий маданий шарт-шароитлар яратилиши, эскирган халқаро ижтимоий муносабатларни енгиб ўтишнинг янги шакллари қидирилиши боис, информацион урушнинг халқаро ва миллий хавфсизликка кўрсатадиган салбий таъсир кўлами ва даражаси ортиб бораверади. Айни вақтда, ушбу муаммо, фақат ҳарбий мазмуннигина касб этмай қолади.
Шу тариқа, информацион уруш, XXI аср цивилизациясининг ижобий ривожидаги қийинчиликларни янада мураккаблаштириб бораверади.
Shokir Dolimov
03.05.2013, 22:44
ТАЖОВУЗ (АГРЕССИЯ) бир давлатга (давлатлар гуруҳига) мансуб қуролли кучнинг бошқа давлатга (давлатлар гуруҳига) қарши, уни босиб олиш, асоратга солиш ёки муайян шартларни қабул қилишга мажбур этиш учун ғайриқонуний равишда қўлланилиши ва шу йўл билан ушбу давлат (давлатлар гуруҳи) суверенитети ва ҳудудий яхлитлигининг бузилиши, сиёсий ва иқтисодий мустақилликдан маҳрум этилишини тавсифлайдиган халқаро-ҳуқуқий тушунча.
Агрессиянинг умумэътироф этилиши лозим бўлган таърифини ишлаб чиқиш таклифи илк бор 1933 йили киритилган. БМТ Бош Ассамблеясининг 1974 йил 14 декабрдаги 29 сессиясида қабул қилинган резолюциясида агрессияга таъриф берилди. Унинг мазмуни қуролли кучни қўллашдаги ҳаққоний биринчиликдан (ташаббусдан) иборат.
Тажовуз биринчи бўлиб зарба бериш, турли миқёсда комбинациялаб ўтказиладиган ҳужум, ҳарбий авиация зарбаси ёки ҳаво ҳужуми шаклидаги тажовузкор ҳаракатлар орқали амалга оширилиши мумкин. Бундай ҳаракатлар жумласига:
ҳарбий истило;
куч қўлланилган аннексия;
қирғоқ ёки портларни қуролли кучлар воситасида қамал қилиш;
бир давлатга мансуб қуролли кучларнинг бошқа давлатга мансуб қуруқликдаги қўшинлар, денгиз ёки ҳаво кучларига ҳужум қилиши;
бошқа давлат ҳудудидаги қуролли кучларни, ушбу кучларни ўз ҳудудига қабул қилган давлат билан имзоланган битимга хилоф равишда қўлланилиши;
муайян давлатга ҳужум қилиниши учун бир давлат ўз ҳудудини иккинчи давлатга ҳавола этиши;
бир давлат ўз ҳарбий тузилмалари, қуролланган тўдалари ёки ёлланма аскарларини бошқа давлат ҳудудига қуролли куч қўллаш мақсадида юбориши киради.
Ўз хусусиятига кўра агрессия тўғридан-тўғри ва орқаворатдан амалга оширилган агрессияга фарқ қилади.
Тўғридан-тўғри амалга оширилган агрессия жумласига ҳарбий ҳужум, бостириб кириш, ҳарбий истило (қанча вақт давом этишидан қатъи назар), бошқа давлат ҳудудига нисбатан амалга оширилган босқинчиликнинг (аннексиянинг) ҳар қандай кўриниши, порт ва қирғоқларнинг ҳарбий қамал қилиниши, қуролли кучларнинг ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилганига қарамай тажовуз уюштирилган давлат ҳудудида қолиши киради. Тўғридан-тўғри амалга оширилган агрессияга Иккинчи жаҳон уруши йилларида фашистлар Германиясининг Польша ва собиқ Совет Иттифоқига уюштирган ҳужуми мисол бўла олади.
Орқаворатдан амалга оширилган агрессия жумласига бир давлатнинг бошқа давлатга қарши ниқобланган тарзда қуролли куч қўллаши, бошқа давлат ҳудудига қуролланган тўдалар ва террорчи гуруҳлар юбориши, душманлик руҳидаги номунтазам қуролли кучлар ёки ёлланма аскар отрядлари тузилишига кўмак бериши киради.
Тажовузга ҳомийлик қилиш, яъни агрессорга сиёсий, иқтисодий ёки ҳарбий воситалар (қурол-аслаҳа, ҳарбий ва махсус техника етказиб бериш, ҳарбий маслаҳатчи ва мутахассислар йўллаш) билан ўз режаларини амалга оширишига ёрдам бериш – тажовузкор ҳаракатларнинг алоҳида шакли саналади.
Агрессия таърифи тажовуз амалга оширилганида юзага келган барча шарт-шароитлар инобатга олинган ҳолда БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан берилади.
Тажовуз қилиниб қўлга киритилган ҳудудий эгалик ёки бирон-бир бошқа турдаги наф ғайриқонуний, деб эътироф этилади. Агрессияга дучор бўлган давлат якка тартибда ёки коллектив тарзда ўзини-ўзи ҳимоя қилишга ҳақлидир (БМТ Низомининг 51- моддаси). Айни пайтда ўзини ҳимоя қилаётган давлатнинг ҳаракатлари, гарчи ҳужумкор бўлса ҳам оқланган ҳаракат саналади.
Агрессия уюштирилган ҳолатда БМТ Хавфсизлик Кенгаши агрессорга қарши ҳарбий бўлмаган чоралар кўриш (сиёсий ва иқтисодий алоқаларни узиш, иқтисодий санкциялар жорий этиш) ва тегишли операциялар ўтказиш орқали ҳарбий чоралар қўллаш (БМТ Қуролли Кучлари ва БМТга аъзо давлатларнинг миллий қуролли кучларини қўллаш) юзасидан қарор қабул қилиши мумкин.
Шунингдек, тажовузкор давлатнинг суверенитети вақтинча чекланиши, ҳудуди истило қилиниши, ҳукумати ва ҳарбий органлари, шу жумладан, сиёсий партиялари ғайриқонуний ва жиноий, деб эътироф этилиши кўзда тутилиши мумкин.
БМТ Низомининг 5- моддасига мувофиқ тажовузкор уруш инсониятга қарши қаратилган мудҳиш жиноят саналади. Агрессорга нисбатан товон тўлови (репарация) ва зарарни қоплаш (реституция) шаклидаги халқаро-ҳуқуқий ва моддий жавобгарлик қўлланилади.
Тажовузни тўхтатиш вазифаси агрессияга барҳам берадиган ёки унинг олдини оладиган турли тўсқинликлар яратилиши, агрессия замиридаги ҳаракатларни маданий ривожлантириш, яъни уларни ижтимоий ва руҳий энергиянинг хавфсиз турларига айлантиришдан иборатдир.
ҲАРБИЙ АКЦИЯ (ҲАРАКАТ) (военная акция) ҳарбий кучнинг муайян давлат томонидан бошқа давлатлар ёки давлат ичидаги қуролли ташкилот ва гуруҳларга қарши кўзланган мақсадлар, қўллаш миқёси, жойи ва вақтига кўра чекланган тарзда қўлланилиши.
Ҳарбий акцияни амалга ошириш учун давлат ихтиёридаги куч ва воситаларнинг оз қисми қўлланилади.
Бундай ҳаракат тинчлик даврида жиноий фаолияти фуқаролар ва жамият хавфсизлигига таҳдид солаётган қуролланган йирик тузулмаларга қарши давлат ичида ҳам, давлат ҳудудининг ташқарисида ҳам ўтказилиши мумкин. Бошқа давлат ҳудудида ўтказиладиган ҳарбий акция:
муайян давлат ўзини ўзи фаол мудофаа қилган ҳолларда;
бошқа давлат ҳокимиятининг розилиги ва илтимосига кўра амалга оширилиши мумкин.
Тинчлик даврида ўтказилган ҳарбий акция халқаро ёки ички зиддиятларни ҳал этишга йўналтирилган сиёсий-дипломатик, иқтисодий, мафкуравий ва бошқа ҳарбий бўлмаган воситалар инқирозга учрагани, давлат, охир-оқибатда ҳарбий кучга умид боғлаб қолганлигидан (ёки атайин қўлламоқчи бўлганлигидан) далолат беради.
Айрим давлатларнинг глобал ёки минтақа миқёсида ҳукмронлик қилишга даъвогарликлари ёки бундай ҳукмронликни қўлга киритишга қаратилган уринишлари ҳарбий акцияни амалга ошириш, мажбур қилиш ва диктаторлик сиёсатини олиб бориш оқибатига олиб келади. Бундай вазиятда ўтказиладиган акция, зикр этилган ҳокимиятларга ҳарбий куч билан тазйиқ ўтказиш, сиёсий курсни ўзгартиришларига мажбур қилиш мақсадларида амалга оширилади.
Ҳарбий акция ҳарбий можарога олиб келиши, оқибатда йирик миқёсли урушга айланиб кетиши мумкин.
Амалга оширилган ҳарбий акцияларга доир тарихий мисоллар тариқасида:
1941 йили Япония ҳарбий авиацияси томонидан АҚШнинг Тинч океандаги асосий базасига уюштирилган ёпирилма ҳужумни;
1956 йили собиқ Совет Иттифоқининг Венгрияга қарши уюштирган ҳарбий акциясини;
АҚШнинг 1986 йили Ливияга, 1989 йили эса Панамага қарши уюштирган ҳарбий акцияларини;
1991 йили Форс кўрфази зонасида, 2003 йили эса Ироққа қарши олиб борилган урушларни келтириш мумкин.
Shokir Dolimov
03.05.2013, 22:46
ҲАРБИЙ ОККУПАЦИЯ (ИСТИЛО) (военная оккупация) муайян давлатнинг қуролли кучлари томонидан бошқа давлат ҳудудини, давлат бошқарувини ўз зиммасига олган тарзда вақтинча эгаллаши.
Ҳарбий истилонинг амалга оширилишига фақат БМТ Хавфсизлик Кенгашининг муайян ва масъулият юкловчи қарорига мувофиқ йўл қўйилади. Акс ҳолда оккупация агрессия шаклларидан бирига айланади.
Ҳарбий оккупация режими ва бундай истилонинг муайян ҳуқуқий меъёрлари 1907 йили ўтказилган 4- Гаага конференцияси; 1949 йилги Женева конвенциялари ва уларга қўшимча равишда 1977 йили қабул қилинган Қўшимча протоколларда баён этилган бўлиб, махсус халқаро битимлар билан белгиланган. Мулоҳаза юритилаётган меъёрларга мувофиқ ҳарбий истило – оккупация қилинган ҳудуд суверенитети уни истило қилган давлат ихтиёрига ўтишига олиб келмайди.
Истилочи давлат оккупация қилинган ҳудудда инсон ҳуқуқини ҳурмат қилиши шарт бўлиб, истило қилинган ҳудуд аҳолисининг депортацияси ёки ўз аҳолисининг ушбу ҳудудга кўчиб ўтишига йўл қўймасликка мажбурдир.
Муайян давлатнинг қуролли кучлари БМТ Низомига зид равишда бошқа давлат ҳудудига бостириб кириши ёки ҳужум қилиши натижасида амалга оширилган ҳарбий оккупация халқаро жиноят саналиб, ушбу босқинчи давлат халқаро-ҳуқуқий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлади.
АННЕКСИЯ (БОСИБ ОЛИШ, ЗАБТ ЭТИШ) муайян давлат ёки халққа қарашли ҳудуд бошқа давлат ёхуд давлатлар гуруҳи томонидан зўравонлик билан бутунлайин ёки қисман босиб олиниб, эгалик қилиниши.
Халқаро ҳуқуқда аннексия агрессиянинг (тажовузнинг) бир тури, халқаро ҳуқуқий меъёрларнинг бузилиши сифатида кўрилиб, уни амалга оширган агрессор халқаро-ҳуқуқий жавобгарликка тортилиши кўзда тутилган. БМТ Низоми ва ушбу Ташкилот томонидан ишлаб чиқилган бошқа ҳужжатлар аннексияни ман этиб, давлатларни мунозарали масалаларни тинч йўл билан ҳал этиш, халқларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи ва тенг ҳуқуқлик тамойилига ҳурмат билан қарашга даъват этади.
1990 йили Қувайт ҳудудининг Ироқ томонидан босиб олинганлигини содир этилган аннексияга сўнгги тарихий мисол тариқасида келтириш мумкин.
БОСҚИНЧИЛИК (ИНТЕРВЕНЦИЯ) битта ёки бир нечта давлат томонидан муайян давлатнинг ички ишлари ва бошқа давлатлар билан йўлга солган алоқаларига бевосита ҳарбий жиҳатдан аралашиш (шу жумладан, ҳарбий акция). Тажовуз (агрессия) шаклларидан бири.
Бевосита амалга ошириладиган ҳарбий интервенциядан ташқари билвосита сиёсий, дипломатик ва иқтисодий интервенция қўлланилиши ҳам мумкин. Тажовузкор ғояларни оқлаш учун бундай тажовузкор ҳаракатлар баъзан «Инсонпарварлик кўрсатилаётган интервенция» термини билан ҳам ниқобланади.
Shokir Dolimov
03.05.2013, 22:48
ЎЗИНИ ЎЗИ ФАОЛ МУДОФАА ҚИЛИШ (активная самооборона) душман томонидан уюштириладиган муқаррар агрессиянинг олдини олишга қаратилган қуролли ҳаракатлар.
Ўзини ўзи фаол мудофаа қилиш ҳаракатлари муайян давлат томонидан ўз фуқароларини ҳимоя қилиш учун қисқа муддатли ҳарбий акция уюштирилиши мумкинлигини кўзда тутади.
Яқин тарих саҳифаларида миллий чегаралар ташқарисидаги ватандошларни ҳимоя қилиш мақсадида бир қатор давлатлар томонидан қуролли куч қўлланилган қуйидаги мисоллар мавжуд:
1965 йил – Бельгия десантчилари АҚШ ва Буюк Британия томонидан транспорт-техник жиҳатдан кўрсатилган мадад билан Заирдаги икки минг нафар хорижликни ҳимоя қилиш мақсадида қуролли операция ўтказган;
1976 йил – Исроил «командос»и Фаластин террорчилари томонидан Угандада гаровга олинган одамларни қутқарган;
1983 йил – давлат тўнтарилиши натижасида хавф остида қолган америкалик фуқароларни ҳимоя қилиш мақсадида орол давлат Гренадага АҚШ ҳукумати томонидан қуролли ҳужум уюштирилган;
1989 йил – АҚШ ўз қўшинларини Панамага олиб кирган. Баёнотда келтирилган асосий сабаблардан бири сифатида, ушбу мамлакатдаги америкалик фуқароларнинг ҳимоя этилиши кўрсатиб ўтилган;
1991 йил – Бельгия ва Франциянинг тўрт минг нафар десантчилари ўз фуқаролари ва бошқа хорижликларни эвакуация қилиш мақсадида Заир ҳудудига бостириб кирган;
1998 йил август – Кения ва Танзаниядаги Америка элчихоналари портлатилиши ва оқибатда уч юз нафардан ортиқ одам ҳалок бўлишига жавобан АҚШ ҳукумати Афғонистондаги террорчилар тайёрланадиган лагерлар ҳамда Судандаги фармакологик заводга қарата ракетали зарбалар берган;
1999 йил – хорижлик сайёҳлар конголезиялик террорчилар томонидан ўлдирилганлигига жавобан Уганда ҳукумати Конголезия босмачиларини ўз ҳудудидан ташқарида таъқиб қилиб бориш ва қириб ташлашга қарор қилган;
2001-02 йиллар – Нью-Йорк ва Вашингтонда 2001 йил 11 сентябрь куни амалга оширилган террористик ҳаракатларга дахлдор бўлган кучларга қарши Афғонистонда ўтказилган аксилтеррор операция.
Бир қатор ўхшаш ҳаракатлар асосли эканлиги маънавий нуқтаи назардан шубҳа туғдирган ҳолатларда, бундай ҳаракатлар жаҳон жамияти томонидан эътироф этилган амалиётнинг бир қисмини, хусусан давлат ўз фуқароларининг ҳаёти ва қадр-қимматини, улар қаерда бўлишмасин ҳимоя қилишини ифода этади. Зеро, бошқа давлатларга қарши тажовуз қилишга баҳона сифатида ўзини ўзи мудофаа қилиш мақсадига қаратилган далиллар келтириш ҳам мумкин. Бироқ бу давлатнинг ўзини ўзи ҳимоя қилиш ҳуқуқидан маҳрум эканлигини, яъни номақбул вазият юзага келаётганда ўз қуролли кучларига хориждаги террорчилар базаларига қарата олдини олиш чоралари сифатида профилактик зарбалар бериш юзасидан мустақил қарор қабул қилиш ваколатини ҳавола этиши кўзда тутиладиган ҳуқуқидан маҳрум эканлигини англатмайди. Мулоҳаза юритилаётган ҳаракатлар ўзини ўзи фаол мудофаа қилиш доираларида амалга оширилиши, яъни ҳукумати наркотик моддаларнинг оммавий транзити ва савдосига ҳомийлик қилаётган давлатга нисбатан кўрилиши мумкин.
Халқаро ҳуқуқ ва халқаро муносабатларда шаклланган амалиёт қуйидагича хулоса чиқаришга замин яратмоқда: муайян давлат ўз ҳудудидаги қуролланган гуруҳлар томонидан чегарадош давлатлар ҳудудига жинояткорона таъсир кўрсатишининг олдини олишга қурби етмаган ҳолларда, тажовуздан жабр кўрган давлат террорчиларни бегона ҳудудда қириб ташлаш учун ҳарбий куч ишлатишга ҳақлидир.
БМТ Низомининг 51- моддаси давлат якка тартибда ёки коллектив таркибида қуролланган ҳужумга жавобан ўзини ўзи мудофаа қилиш бўйича дахл этилмайдиган ҳуқуққа эга эканлигини тасдиқлайди.
БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан қабул қилинган ҳужжатлар БМТга аъзо давлатлар зиммасига «террористик фаолиятни олиб бориш, бундай фаолиятга кўмак бериш, ундаш, молиялаштириш, рағбатлантириш ёки муросачилик намоён этишдан холис бўлиш» мажбуриятини юклайди. Ушбу талабларга мувофиқ ҳар бир давлат ҳукумати террорчилар томонидан ўз базаларини яратиш ёки террористик ҳаракатларни тайёрлаш мақсадларида мамлакат ҳудудидан фойдаланилишига йўл қўймаслик чораларини кўришлари лозимдир.
Собиқ Югославия бўйича иш олиб борган Халқаро трибунал, ушбу давлат ҳудудидан ҳаракат бошлаган босниялик сербларнинг қуролли ҳаракатларини кўриб чиқиб, давлат зиммасига ўз ҳудудидаги хусусий, шу жумладан, жиноий гуруҳлар сифатида уюшган кишилар ҳаракати учун улар давлат номидан ҳаракат қилган-қилмаганлигидан қатъи назар тўла-тўкис жавобгарлик масъулияти юкланади, деган хулоса чиқарди.
Ҳарбий кучнинг бошқа давлат ҳудудида қўлланилиши учун асосий шарт, бундай куч қўлланилиши учун жиддий сабаблар бўлишидир. Мулоҳаза юритилаётган сабаблар жумласига:
мамлакат раҳбарияти ўз ҳудудидаги террористик ташкилотларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаши;
террорчиларга бошпана ҳавола этиши;
давлат ўз ҳудудидаги қуролланган тўдалар томонидан чегарадош давлатлар ҳудудига босқинлар уюштирилишининг олдини олиш хоҳишини билдириши, бироқ уддалай олмаётганлиги, устига-устак бу соҳада халқаро миқёсда ҳамкорлик қилишдан бош тортаётганлиги киради.
Куч қўллаётган давлатнинг ҳаракатлари, агар ушбу ҳаракатлар ватандошларни ҳимоя қилиш, терроризм таъсирини йўқотиш ва бошқа реал таҳдидларнинг олдини олишга қаратилган бўлса оқланади. Бундай ҳаракатлар бевосита ҳимоя доирасидан чиқмаслиги, бошқа давлат ҳукуматини ағдариш ёки унда мавжуд сиёсий тузумни ўзгартириш мақсадларига йўналтирилмаслиги шарт.
Ўхшаш ҳаракатларнинг тўғри эканлигини асословчи мезонлар жумласига:
ватандошлар ҳаётига реал хавф туғилганлиги ёки уларнинг энг муҳим ҳуқуқ ва эркинликлари мунтазам равишда қўпол тарзда бузилаётганлиги;
ўзини ўзи мудофаа қилишга доир энг сўнгги чоралар қўллаш заруриятини юзага келтирувчи – можарони ҳал этиш учун қўлланиладиган бошқа ноҳарбий воситалар йўқлиги (бундай воситалар батамом қўлланилиб бўлинганлиги);
қуролли операциянинг инсонпарварлик мақсади, яъни халқаро терроризм уясини йўқ қилиш ёки хориждаги ватандошларни қутқариш бўйича олиб борилаётган ҳарбий ҳаракатлар – ҳарбий ҳаракатнинг ягона ёхуд лоақал асосий далили бўлиши лозимлиги;
реал таҳдидлар бевосита ҳимоя қилиш мақсадларига мутаносиб бўлиши ва мос келиши;
олиб бориладиган ҳарбий ҳаракатлар вақт бўйича ва қўлланиладиган воситаларга кўра чекланган бўлиши киради.
Куч қўллаётган давлат ҳаракатлари халқаро терроризм уясини йўқ қилиш ёки хориждаги ватандошларни қутқариш мақсадларида олиб борилиши ва бундай вазифалар доирасидан чиқмаслиги лозим.
Зикр этилган шартларга амал қилинганда давлатнинг ўзини ўзи фаол мудофаа қилиши ва миллий ҳудудидан ташқарига чиққан ҳолда олиб борадиган ҳарбий ҳаракатлари қонуний, деб эътироф этилиши кафолатланади.
Shokir Dolimov
03.05.2013, 22:57
ТИНЧЛИК ДАВРИДАГИ ҲАРБИЙ СИЁСАТ (военная политика мирного времени) давлат томонидан тинчлик даврида миллий ва халқаро хавфсизликни таъминлаш, жаҳондаги ўз ҳарбий-сиёсий ва ҳарбий-стратегик позициясини мустаҳкамлаш, мамлакат ва қуролли кучларни эҳтимол тутилган агрессия ёки ҳарбий ғаламисликни бартараф этишга тайёрлаш мақсадларида мудофаа соҳасида олиб бориладиган сиёсат.
Бундай сиёсат ўз ичига:
муайян давр мобайнида мамлакатнинг осойишта равнақ топишини таъминлаш манфаатларида қўйиладиган ҳарбий вазифаларни белгилаш;
қуролли кучлар, иқтисодиёт ва аҳоли тайёргарлигини мудофаага йўналтириш;
ҳарбий таҳдид кескинлашган вазиятда урушнинг олдини олишга қаратилган чоралар, фавқулодда вазият юзага келганида амалга ошириладиган ҳамда ҳарбий можаролар ёки уруш бошланишининг турли вариантларида кўриладиган чора-тадбирлар комплексини ҳаётга татбиқ этишни қамраб олади.
Жаҳоннинг турли минтақаларида эришилган позицияларни мустаҳкамлаш – давлат томонидан тинчлик даврида олиб бориладиган ҳарбий сиёсатда муҳим ўрин тутади.
Барча ҳолларда, тинчлик давридаги ушбу сиёсат ҳарбий хавфнинг жорий даражасига мутаносиб келиши, ижтимоий-иқтисодий вазифалар ижроси билан уйғун олиб борилиши даркор. Унинг самарасига эришишнинг энг муҳим тамойили давлатнинг мудофаа қобилиятини қўллаб-қувватлаш, стратегик ва сафарбарлик имкониятларини минимал етарли даражада, илмий-техник тараққиётнинг сўнгги ютуқларидан максимал фойдаланган, яъни моддий манбалар ва одамлар ресурсини ижтимоий-иқтисодий ва ҳарбий бўлмаган вазифалар ижросидан минимал зарур миқдорда чалғитган тарзда сақлаш саналади.
Вазият кескинлашиб борган сари давлат томонидан олиб бориладиган ҳарбий сиёсат асосий ўрин эгаллаб, янада фаол ва қатъий шаклларни касб этади, чегарадош ҳудуд ва минтақаларга дахл қилади.
УРУШ ДАВРИДАГИ ҲАРБИЙ СИЁСАТ (военная политика военного времени) уруш олиб боришнинг муайян мақсад ва режалари, ҳақиқатда юзага келаётган ҳарбий-сиёсий вазият, томонларнинг ҳарбий ҳаракатлари ва ҳарбий-иқтисодий қарама-қаршиликларининг натижаларига мувофиқ шаклланиб, олиб бориладиган ҳарбий сиёсат.
Бундай сиёсат тинчлик давридаги ҳарбий сиёсатнинг янада фаол давоми саналиб, урушнинг турли босқичларида у ёки бу ҳарбий-иқтисодий мақсадга эришилиши, айрим давлатларнинг урушга киришиши ёки баъзиларининг урушдан чиқиб кетишига боғлиқ ҳолда ривожланади ва тегишли тузатишларни касб этиб боради.
Уруш давридаги ҳарбий сиёсатнинг танланган курсига мувофиқ қуролли кучларнинг энг асосий умумий ва жузъий ҳарбий-сиёсий ва стратегик мақсадлари белгилаб олинади, уруш олиб боришнинг яхлит ва алоҳида йўналишларидаги стратегиясига аниқлик киритилади, иттифоқчи ва бетараф давлатлар билан янада аниқроқ тавсифларга эга муносабатлар ўрнатилади. Тегишли равишда иқтисодий, мафкуравий ва дипломатик кураш йўналишларига ҳам аниқлик киритилади.
Уруш давридаги ҳарбий сиёсатнинг ўзига хос жиҳатлари жумласига:
қатъиятлилиги ва муросасизлиги, олиб борилиш, айниқса, қуролли кураш воситасида амалга оширилиш шаклларининг турли-туманлиги;
давлат ҳокимиятининг баъзи органлари ва иқтисодиёт сегментларининг ҳарбий стратегияни амалга ошириш манфаатларига муваққат бўйсундирилиши;
душманлар орасида қарор топган ихтилоф ва зиддиятлардан, улар устидан алоҳида-алоҳида ғалаба қозониш мақсадларида фойдаланишга йўналтирилган тадбирлар киради.
Shokir Dolimov
03.05.2013, 23:01
УРУШДАГИ ДИПЛОМАТИК КУРАШ (дипломатическая борьба в войне) дипломатик фаолият турларининг:
давлат мавқеини мустаҳкамлаш ва қарши чиқаётган давлатларнинг ҳарбий-сиёсий мавқеига путур етказиш;
душман иттифоқи ичида зиддиятлар келтириб чиқариш орқали рақиб коалициясини инқирозга учратиш;
иттифоқчиларни жалб этиб, улар билан ўрнатилган алоқаларни янада мустаҳкамлаш;
урушнинг сиёсий ва стратегик мақсадларига эришиш учун омил бўладиган ёлғон хабарлар (маълумотлар) тарқатиш ва шу каби бошқа ҳаракатларни амалга ошириш мақсадларида қўлланилиши.
Урушдаги дипломатик кураш, одатда, қуролли кураш манфаатларида, унга янада қулай шарт-шароитлар яратишга йўналтирилган тарзда олиб борилади. Шу билан бирга унинг олдига қўйиладиган вазифалардан бири тинчлик ўрнатишнинг манфаатли шартларига эришишдир.
Дипломатик курашнинг умумий йўналиши давлатларнинг ижтимоий-сиёсий жиҳатдан тузилиши, олиб бораётган ташқи сиёсатлари, уруш олдида турган мақсад ва вазифалар, уришаётган давлат ва иттифоқларнинг таркиби ва тавсифи, улар орасида қарор топаётган муносабатлар билан белгиланади.
Уруш давомида дипломатик кураш йўналиши, шакллари ва усулларининг ўзгариб бориши кутилади, унинг шиддати, одатда, урушнинг кескин фурсатларида ортиб кетиб, иттифоқчиларга очиқдан-очиқ дипломатик тазйиқ ўтказилиши ҳам кузатилади.
Дипломатик курашнинг уруш давомига фаол таъсир ўтказишига тарихий мисол тариқасида Иккинчи жаҳон урушини келтириш мумкин. Ушбу уруш давомида АҚШ, Буюк Британия ва собиқ ССРИ томонидан қуролли ва иқтисодий кураш билан уйғун равишда олиб борилган дипломатик ҳаракатлар немис-фашист блокининг батамом парчаланиб кетишига олиб келди.
УРУШДАГИ ИҚТИСОДИЙ КУРАШ (экономическая борьба в войне) душманнинг ҳарбий-иқтисодий имкониятларини барбод қилиб, унинг устидан иқтисодий устунликка эришишга йўналтирилган иқтисодий чора-тадбирлар ва амалга ошириладиган ҳаракатлар мажмуи.
Ушбу кураш ўз ичига: бир томондан, уруш эҳтиёжларини қаноатлантириш ва давлат иқтисодиётининг яшовчанлигини таъминлаш мақсадида иқтисодиётнинг мавжуд имкониятларини тўла-тўкис сафарбар этиш амалларини; иккинчи томондан, душман давлатларни иқтисодий жиҳатдан қамал қилиш, уларнинг хўжалик алоқаларини издан чиқариш, иқтисодиётларига путур етказиб, заифлаштиришга қаратилган қўпорувчилик ҳаракатларини мужассам этади.
Иқтисодий курашнинг самарадорлиги давлатларнинг иқтисодий жиҳатдан қай даражада равнақ топганлиги, географик ҳолатлари, тасарруфларида моддий манбалар мавжудлиги, ушбу манбалардан фойдаланишнинг жорий усулларига боғлиқдир.
Бугунги кунда иқтисодиётнинг яшовчанлиги, шу жумладан, унинг муайян тармоқлари издан чиққан ҳолатларда ҳам ишлай олиш қобилияти алоҳида аҳамият касб этади.
Иқтисодий курашнинг асосини ҳарбий-иқтисодий воситалар ва кўриладиган чора-тадбирлар ташкил этади. Шу билан бирга, уруш давомида, авваламбор, душманнинг иқтисодий марказлари, ҳарбий-саноатга қарашли энг муҳим объектлар ва давлат бошқаруви пунктларига қарата қақшатқич зарба бериш учун ҳарбий воситалар ҳам кенг кўламда қўлланилади.
Рақиб тасарруфидаги энергетик марказлар ва стратегик хом ашёга ишлов бериш марказларининг вайрон этилиши, ички транспорт алоқалари, душманни бошқа давлатлар билан боғлаб турган коммуникациялар, мисол учун нефть маҳсулотлари ташилишининг издан чиқарилиши иқтисодий кураш давомига сезиларли таъсир ўтказади.
Бугунги кунда кимё ва атом саноатига қарашли корхоналарни (объектларни) вайрон қилиш йўли билан душман ҳудудининг катта майдонига атайин зарар етказиш усуллари иқтисодий кураш манфаатларида қўлланилиши кутилади.
УРУШДАГИ МАФКУРАВИЙ КУРАШ (идеологическая борьба в войне) душман давлатлар аҳолиси ва тасарруфидаги қуролли кучлар шахсий таркибининг маънавий руҳига путур етказиш, ўз кучи, жумладан зафар қозониш ёки қаршилик кўрсата олишига бўлган ишончини заифлаштириш мақсадида ўтказиладиган ғоявий-сиёсий, мафкуравий, руҳий ва информацион таъсир, шунингдек, давлатнинг ўз аҳолиси ва қуролли кучлари шахсий таркибига, маънавий тушкунликка юз тутмаслиги, ғалаба қозониш ва қаршилик кўрсата олишига бўлган ишончини йўқотмаслиги учун кўрсатиладиган таъсир. Урушдаги мафкуравий кураш, одатда, қуролли кураш манфаатларида олиб борилади.
Мафкуравий кураш тизимида, ушбу курашни олиб бориш шакллари жуда муҳим аҳамият касб этади. Бундай кураш шакллари жумласига:
тарғибот, қарши тарғибот ва ташвиқот ишлари;
муайян мақсадга қаратилган ахборот ёки ёлғон хабар ва маълумотларни тарқатиш;
одамларга мафкуравий таъсир ўтказиш тадбирлари;
мафкуравий қўпорувчилик ҳаракатлари;
душман томонидан кўрилган ҳарбий-мафкуравий чора-тадбирларга қаршилик кўрсатиш ишлари;
ҳарбий ҳаракатлар (уруш) майдонида ўтказиладиган бўлажак йирик миқёсли ҳарбий операциялар ва уларнинг мақсадларига эришиш манфаатларида, ягона ғоя бўйича муайян вақт давомида амалга ошириладиган махсус «мафкуравий» ва «психологик» операциялар киради.
Мафкуравий курашнинг асосий йўналиш ва хусусияти уришаётган муайян давлатларнинг ижтимоий ва ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан тузилиши, уларда ҳукм сураётган миллий мафкура, уруш олиб боришдан кўзланаётган мақсадлар ва қуролли курашнинг ижтимоий-сиёсий жиҳатлари билан белгиланади. Бундай кураш олиб бориш учун эса тинчлик даврига хос воситалар ҳам, махсус ташкил этиладиган тузилмалар ҳам қўлланилади.
Мафкуравий кураш самарадорлиги аксарият ҳолларда, унинг моҳирона ташкил этилиши, уришаётган давлатлар аҳолисининг маънавий-сиёсий сифатлари, қуролли кучлар шахсий таркибининг маънавий-маърифий (ижтимоий-сиёсий, сиёсий) тайёргарлиги, душман томонидан олиб борилаётган тарғиботни бадном қила билиши, бундай тарғиботни амалга ошираётган рақиб тасарруфидаги тарғибот хизматлари зарарсизлантирилишига боғлиқдир.
Shokir Dolimov
03.05.2013, 23:05
УРУШДАГИ ЭКОЛОГИК КУРАШ (экологическая борьба в войне) замонавий урушда олиб бориладиган курашнинг янги шаклларидан бири.
Урушдаги экологик кураш мазмунан, рақиб томонидан эгалланган ҳудудда ноқулай экологик вазиятни юзага келтириш, душман давлатнинг қуролли кучлари тегишли ҳаракатлар бажариши, иқтисодиёти ишлаши ва аҳолисининг турмуш кечириши учун қийинчиликлар туғдиришдан иборат.
Давлатларнинг ҳаётий фаолияти меъёрий равишда кечишига йўл қўймаслик экологик курашнинг сўнгги чоралар сифатида кўриладиган шаклларида кўзда тутилади.
Урушдаги экологик кураш ҳарбий ва ҳарбий бўлмаган воситалар қўлланилган тарзда олиб борилиб, ўз ичига:
атом электр станциялари ва ўта хавфли кимёвий моддалар ишлаб чиқарадиган марказларни йирик ҳудудлар, атмосфера ва сув ҳавзаларига зарар етказиш учун вайрон этиш;
озон қатламини атайин бузиб юбориш;
ҳалокатли ҳодисалар, сув босишлар ва йирик ёнғинларни юзага келтириш;
санаб ўтилган ҳаракатлар душман томонидан бажарилишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар кўришни мужассам этади.
Физиканинг янги тамойилларига асосланган, мисол учун геофизик қурол яратилган, шунингдек, таъсири узоқ вақт давом этиб, табиий алмашинувни издан чиқарадиган, катта майдонлардаги жамики ўсимлик қопламини йўқ қилиб юборадиган ўта заҳарли ва бошқа кимёвий моддалар қўлланилганида экологик курашнинг самараси кескин ошиб кетиши мумкин.
УРУШ ДАВОМИЙЛИГИ (продолжительность войны) ҳарбий ҳаракатлар бошланишидан, токи батамом тугашига қадар ўтадиган вақт оралиғи.
Урушлар қисқа муддатли, узоқ давом этадиган ва муттасил урушларга фарқ қилади.
Қисқа муддатли (тез ўтадиган, «яшин тезлигида»ги) урушлар, одатда, бир йилдан узоққа чўзилмай, курашнинг кескин шакллари, ҳарбий воқеаларнинг тез ривожланиши, курашаётган томонлардан бири ўз мақсадларига қисқа вақтда эришиши билан тавсифланади.
Бундай урушлар, аксарият ҳолларда, ҳарбий қудратлари тенг бўлмаган давлатлар ўртасидаги қуролли тўқнашувда юз беради. Иккинчи жаҳон урушида Германия томонидан Польша (1939 й.), Франция (1940 й.) ва Европанинг бир қатор бошқа давлатлари устидан ғалаба шу тариқа қозонилган. Сўнгги тарихий мисол тариқасида эса АҚШ давлати ва унинг иттифоқчилари томонидан:
1991 йили Форс кўрфазида Ироққа қарши («Саҳродаги тўфон» операцияси);
1999 йили Югославияга қарши;
2001 йили Афғонистонга қарши олиб борилган урушларни келтириш мумкин.
Узоқ давом этадиган урушлар, одатда, бир йилдан тўрт йилгача олиб борилади. Тарихий мисол тариқасида Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушларини келтириш мумкин. Етказилган талафотлар ўрнини кўп маротаба тўлатиш, қуролли кучларни тиклаб, кучайтириб бориш имконини берадиган қудратли ҳарбий ва иқтисодий имкониятларга эга йирик давлатлар (иттифоқлар) тўқнаш келган ҳолатда юз берадиган урушлар узоқ давом этадиган уруш саналади. Бундай урушлар, одатда, бир нечта давр ва кампаниядан иборат бўлиб, уларнинг шиддати дам кучайиб, дам сустлашиб бориши мумкин.
Муттасил урушлар, одатда, беш баъзан эса бир неча ўн йилгача чўзилиб кетади. Ўтмишда ўтган «Етти йиллик», «Ўттиз йиллик», «Юз йиллик» урушларни муттасил урушларга мисол тариқасида келтириш мумкин.
Бундай урушлар, одатда, қудратлари деярли тенг бўлган давлатларнинг (иттифоқларнинг) бир-бирига сабот-матонат ила қаршилик кўрсатишлари, ушбу ҳолат эса томонларнинг бирор-бирига қисқа муддат ичида узил-кесил ғалаба қозонишга имкон бермаслиги билан тавсифланади. Баъзан бундай давлатларнинг тўқнашувлари ўзаро боғлиқ жузъий уруш ва можаролар серияси шаклини касб этади.
Халқларнинг ҳолдан тойиши, давлатларнинг равнақи деярли тўхтаб қолиб, кўп йилларга ортга сурилиб кетишига олиб келадиган катта талафот ва вайронагарчиликлар муттасил урушлар оқибати саналади.
УРУШ ХОТИМАСИ (исход войны) уруш якунида юзага келадиган ва урушдан кейинги тинчлик шартларини белгилайдиган ҳолат.
Уруш хотимаси, одатда, ҳарбий-сиёсий кучларнинг гуруҳларга тубдан қайта бўлиниб кетиши, муайян давлатлар юксалиб кетиб, маълум давлатлар таназзулга юз тутиши, дунё харитасининг қайтадан тузилиши ва янги ижтимоий-сиёсий тузилмалар шаклланишига олиб келади.
Уруш хотимасининг вариантлари турлича бўлиши мумкин, жумладан:
томонлардан бири зафар қозонади, иккинчиси эса мағлубиятга учраб, таслим бўлади;
томонлардан бири ўз мақсадларига қисман эриша олади холос, бунинг оқибатида эса иккинчи томон адолатли сулҳ тузилишини кўзлайди;
қарши уришаётган иккала томоннинг (барча томонларнинг) тинка-мадори қуригани боис уруш деярли натижасиз тугайди;
уруш иккала томон учун фожиали оқибатлар билан якун топади;
уруш (авваламбор, ядровий уруш) натижасида оммавий хаос қарор топади, жаҳон цивилизацияси ҳалокат ёқасига келиб қолади.
Shokir Dolimov
03.05.2013, 23:08
УРУШ ДАВОМИ ВА ХОТИМАСИГА САБАБ БЎЛУВЧИ ОМИЛЛАР (факторы, обусловливающие ход и исход войны) урушнинг ривожи ва якуний натижаларига таъсир ўтказадиган маънавий, моддий ва ижтимоий-сиёсий шарт-шароитлар мажмуи.
Уруш давоми ва хотимасига сабаб бўлувчи омиллар:
ўз хусусиятига кўра – объектив ва субъектив;
уруш давоми ва хотимасига таъсир ўтказиш турига кўра – муваққат ва доимий;
аҳамиятига кўра – узил-кесил ҳал этувчи, асосий ва иккинчи даражали бўлади.
Объектив омиллар жумласига томонларнинг ишга солинган муайян маънавий ва моддий имкониятлари киради.
Субъектив омиллар жумласига эса одамлар, сиёсий ва ҳарбий раҳбариятнинг онгли фаолияти, шу жумладан, саркардаларнинг шахсий сифатлари билан боғлиқ шарт-шароитлар киради.
Дафъатан амалга оширилган ҳарбий ҳаракатлар, қуролли кучларни душмандан олдин тизиб, ҳаракатларини ташкиллаштириш, маҳаллий аҳоли ва қуролли кучлар шахсий таркибига руҳий таъсир ўтказиш муваққат омиллар саналади.
Доимий таъсир ўтказадиган омиллар жумласига уруш мақсадлари ва жамиятнинг маънавий-руҳий турғунлиги билан боғлиқ шарт-шароитлар киради. Шунингдек, ушбу омиллар халқ ва армиянинг маънавий руҳи, қурол-аслаҳаларнинг миқдори ва сифати, фронт ортининг мустаҳкамлиги, уруш эҳтиёжларини қаноатлантириш қобилияти, мамлакатда моддий захиралар ва одам ресурсларининг захираси мавжудлиги билан қатъийлашади.
Урушнинг турли босқичларида у ёки бу омил бўйича у ёхуд бу томон устун келиши, муваққат таъсир ўтказадиган омиллар эса қисқа муддатда ва тез кечадиган урушлар хотимасини олдиндан ҳал этиши мумкин. Бироқ доимий таъсир ўтказадиган омиллар узоқ давом этадиган урушда ҳар қандай ҳолатда ҳам устун келади.
УРУШ ДАВОМИДА РЎЙ БЕРАДИГАН ТУБ БУРИЛИШ (коренной перелом в войне) ўз ичига, одатда, урушнинг ҳарбий-сиёсий ҳамда стратегик вазиятда кескин ва қайтмас ўзгаришлар рўй берадиган бутун бир даври ёки босқичини қамраб олган жараён.
Туб бурилиш давомида стратегик ташаббус муваффақият қозониб бораётган муайян томондан душман зарбаларини қайтариб, илғорликни қўлга киритган, ҳарбий-иқтисодий жиҳатдан аксарият устунликка эришган томонга батамом ўтиб кетади.
Уруш давомида рўй берадиган туб бурилиш асосини қуролли кураш ҳамда ҳарбий ҳаракатлар давоми ва олиб бориш усулларида рўй берадиган илгарилашлар ташкил этади, томонлар ихтиёридаги кучлар нисбати, амалга оширилаётган ҳаракатлар мақсади ва кураш стратегияси ўзгариб кетади.
Шу билан бирга уруш давомида рўй берган туб бурилиш ўз ичига томонларнинг сиёсий, иқтисодий ва мафкуравий қарама-қаршиликларида юзага келган сезиларли ўзгаришларни ҳам мужассам этади. Душман илгариги устунликларидан маҳрум бўлади, курашнинг барча соҳаларидаги устунлик унинг рақибига ўтиб кетади.
Душман томонида рўй бераётган инқирозларнинг янада кескинлашиши билан бир қаторда, ташаббусни қўлга киритган қарши томон ва унинг қуролли кучлари янада янги сифатларни касб этиб боради. Уруш давомида рўй берган туб бурилиш жараёнида, одатда, душман коалицияси парчалана бошлайди, иттифоқчи давлатлар кетма-кет урушдан чиқарилади. Бошқа томон коалицияси эса аксинча янада мустаҳкамланади, унинг таркибига янги давлатлар қўшилади, миллий озодлик ҳаракатлари кескин тус олади.
Ўтмишда уруш давомида рўй берадиган туб бурилишга битта ёки бир нечта жиддий муҳораба ўтказилиб эришилар эди. Бугунги шароитларда эса одатда, бунинг учун узоқ вақт зарур бўлиб, ССРИ томонидан 1941-45 йилларда Германия фашистларига қарши олиб борилган уруш ҳамда Иккинчи жаҳон урушида бўлгани каби бир нечта ҳарбий кампанияда ғалаба қозониш талаб этилади.
Туб бурилиш бир нечта босқичдан иборат бўлиши мумкин, хусусан:
биринчи босқич – туб бурилиш бошланиши;
иккинчи босқич – туб бурилишнинг ривож топиб, авжига чиқиши;
учинчи босқич – туб бурилишнинг ниҳоясига етиши.
Иккинчи жаҳон уруши мисолида кўриладиган бўлса, туб бурилиш босқичлари:
биринчи босқич –1942 йил ва 1943 йил бошига;
иккинчи босқич – 1943 йилнинг ёз фаслига;
учинчи босқич – 1943 йилнинг куз фасли ва қиш бошланишига тўғри келди.
Shokir Dolimov
03.05.2013, 23:13
УРУШНИНГ ДАВРЛАРГА БЎЛИНИШИ (периодизация войны) уруш асосий даврларга, яъни ҳарбий ҳаракатлар бир-биридан ўз хусусияти, мазмуни ва кўзланган мақсадларга кўра сифат жиҳатидан фарқ қиладиган вақт оралиқларига бўлиниши.
Уруш даврларга стратегик ва тарихий жиҳатдан бўлинади.
Урушнинг стратегик жиҳатдан даврларга бўлиниши уруш режалаштирилаётганида рўй бериб, ривожланиши давомида амалга ошади. Бундай бўлинишда урушни бир нечта изчил қисмга (кампанияга) ажратиш кўзда тутилади. Ушбу қисмларнинг (кампанияларнинг) ҳар бирида қуролли кучларнинг у ёки бу таркиби муайян вазифаларни ҳал этади. Уруш стратегик жиҳатдан, одатда, бошланғич давр, кейинги даврлар ва якунловчи даврга бўлинади.
Шу билан бир қаторда уруш, унда қўлланилган қурол турига кўра ҳам даврларга бўлиниши мумкин, жумладан:
оддий қурол чекланган тарзда қўлланилган давр;
оддий қурол чекланмаган тарзда қўлланилган давр;
тактик ядро қуроли чекланган тарзда қўлланилган давр;
ядро қуроли чекланмаган тарзда қўлланилган давр;
омон қолган (қисман тикланган) қуролли кучлар ва қурол-аслаҳалар қўлланилган давр.
Урушнинг тарихий жиҳатдан даврларга бўлиниши хусусан, уруш давоми ва унда эришилаётган натижалар ва одатда, йиллар бўйича ёки амалга оширилган ҳаракатлар (босқичлар) навбатига, жумладан: биринчи, иккинчи, учинчи ва ҳ. босқичларга кўра рўй беради. Ҳар бир босқичга, унинг мазмунига кўра муайян ном берилади.
Мисол учун собиқ Совет Иттифоқи томонидан 1941-45 йилларда Германия фашистларига қарши олиб борилган урушнинг 2- даврига «Туб бурилиш даври», деб ном берилган.
Жанговар амалиётда ҳарбий ҳаракатларнинг айрим режали даврлари бўлмаслиги ҳам мумкин. Шу билан бирга, юзага келаётган вазиятнинг алоҳида шароитлари ҳамда қуролли курашнинг янги яратилган воситалари қўлланилиши сабабли урушнинг кўзда тутилмаган эҳтимолий даврлари ҳам рўй бериши кутилади.
УРУШНИНГ БОШЛАНҒИЧ ДАВРИ (начальный период войны) урушнинг дастлабки ўта шиддатли даври.
Урушнинг бошланғич даврида уришаётган давлатлар ўз ҳарбий ҳаракатларини қуролли кучларнинг, асосан уруш бошлангунга қадар, урушдан кўзланган биринчи навбатдаги ҳарбий-сиёсий ва стратегик мақсадларга эришиш учун ташкил этилиб, жанговар шай ҳолатга келтирилган туркумлари билан олиб борадилар. Бу даврда:
илк стратегик операциялар ўтказилади;
иқтисодиёт «ҳарбий йўлга» ўтказилади;
қуролли кучларнинг навбатдаги эшелонларини яратиш тадбирлари якунига етказилиши ва келгуси ҳарбий ҳаракатлар амалга оширилиши учун қулай шарт-шароитлар яратилади.
«Урушнинг бошланғич даври» термини Биринчи жаҳон уруши тажрибасига асосланган ҳолда қўлланила бошланди. Ўша йилларда мулоҳаза юритилаётган даврнинг асосий мазмуни сафарбарлик тадбирларини якунига етказиш, қуролли кучларни илк бор жамлаб, оператив жиҳатдан тизиш, шунингдек, чегараларда маҳаллий ҳарбий ҳаракатлар олиб боришдан иборат бўлган эди.
Иккинчи жаҳон урушида эса урушнинг бошланғич даври умуман бошқача тавсифга эга бўлиб, аҳамияти кескин ошиб кетди. Уришаётган давлатларнинг асосий кучлари томонидан жамики стратегик йўналишларда урушнинг биринчи куниданоқ ўтказилган йирик миқёсли стратегик операциялар ушбу даврнинг асосини ташкил этди.
Бугунги кунларда бошланғич давр янада муҳим аҳамият касб этади. Бу давр асосий ва ҳал этувчи давр бўлиб қолиши мумкин. Айни шу даврда уруш олдида турган бош вазифалар ҳал этилади. Уришаётган иккала томон эҳтимол тутилган натижаларга максимал эришиш учун ўз қуролли кучларининг жамики қудратидан максимал фойдаланишга интилади.
Бошланғич даврнинг муайян мазмуни, олиб бориладиган уруш таснифига боғлиқдир, жумладан:
оддий урушда бошланғич давр асосини, одатда, йирик ҳаво ва ҳаво ҳужумига қарши (келажакда ҳужумкор ва мудофаага оид ҳаво-космик) операциялар ташкил этиб, айни вақтда қитъалар ва океанлардаги ҳарбий ҳаракатлар (уруш) майдонида илк стратегик операциялар бошланади, қарши уришаётган томонлар ихтиёридаги барча куч ва манбалар уруш эҳтиёжларини таъминлашга сафарбар этилади;
ядровий урушда бошланғич давр асосини уришаётган давлатлар томонидан бир-бирига қарата бериладиган ёпирилма ядровий зарбалар ташкил этиб, айни вақтда ўз яшовчанлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилади. Аниқ ва рўйи-рост айтганда, ядровий урушнинг бошланғич даври уришаётган томонлар ва жамики башарият учун ҳалокатли оқибатлар билан якун топиши боис, бундай урушнинг ягона даврига айланиб қолади.
УРУШНИНГ КЕЙИНГИ ДАВРЛАРИ (последующие периоды войны) узоқ давом этадиган урушнинг бошланғич даври ниҳоясига етганидан сўнг келадиган битта ёки кетма-кет келадиган бир нечта изчил даври.
Ушбу даврларнинг ҳар бирида муайян ҳарбий-сиёсий ва стратегик вазифалар ҳал этилади, изчил ва бир йўла амалга ошириладиган стратегик, фронт ва флот миқёсидаги, ҳаво ва ҳаво ҳужумига қарши операциялар, шунингдек, ҳарбий-сиёсий ва стратегик аҳамиятга эга бошқа тадбирлар ўтказилади. Ишлаб чиқаришнинг уруш даври режасига кўра ривожлантирилиши давом эттирилади.
Урушнинг кейинги даврлари мобайнида стратегик ташаббус у ёки бу томон қўлида бўлади ёхуд қўлдан қўлга ўтиб боради. Ушбу даврларда ҳарбий ҳаракатлар қуролли курашнинг барча моддий воситалари ёки фақат оддий қурол қўлланилган тарзда олиб борилиши, қуролли кураш шиддати дам кучайиб кетиши, дам сустлашиши, алоҳида ҳолларда эса энг юқори даражага қадар авж олиб кетиши мумкин.
Мулоҳаза юритилаётган даврларда айрим давлатларнинг уруш ҳолатидан чиқарилиши тез-тез юз бериб, иттифоқчилар таркиби, уришаётган томонлар ихтиёридаги куч ва воситалар нисбати ўзгариб боради, қуролли кураш стратегияси, уни олиб бориш шакллари ва усулларига аниқликлар киритилади ёки улар тубдан ўзгариб кетади.
Жумладан, собиқ Совет Иттифоқи томонидан 1941-45 йилларда Германия фашистларига қарши олиб борилган урушнинг:
биринчи даврида фашистлар Германияси «Яшин тезлигидаги уруш»;
иккинчи даврида – душманни йўналишлар бўйича изчил тор-мор қилиш;
учинчи даврида эса – урушни чўзиш стратегиясига амал қилиб борган.
ССРИ эса аксинча, урушнинг:
биринчи даврида – фаол мудофаа;
иккинчи даврида – душманни сиқиб чиқариш;
учинчи даврида эса – душманни янчиб ташлаш стратегиясига амал қилиб борган.
Тинч океан ҳарбий ҳаракатлар (уруш) майдонида олиб борилган урушнинг:
биринчи даврида АҚШ стратегик жиҳатдан муҳим ҳудудларни мудофаа қилиш ва куч тўплаш;
иккинчи даврида – муҳим ҳудудларда ёриб ўтиш;
якунловчи даврида – ҳужум стратегиясига амал қилиб борган.
УРУШНИНГ ЯКУНЛОВЧИ ДАВРИ (завершающий период войны) урушда кўзланган охир-пировард мақсадлар эришилишига олиб келувчи сўнгги операциялар ўтказиладиган охирги давр.
Ушбу даврда, одатда, томонлардан бири ғалаба қозонади, бошқа томон эса батамом мағлубиятга учраб, таслим бўлишга мажбур қилинади. Бироқ урушнинг айни якунловчи даврида томонлар ўз мақсадларига эришмай сиёсий муросага келадиган ва тинчлик шартномасини имзолайдиган ҳолат ҳам юз бериши мумкин. Шундай вариант ҳам жоизки, урушнинг якунловчи даври бирор-бир томонга устун келиш имконини бермай, иккала томоннинг ҳам тинка-мадори қуриши ёки бир-бирини йўқ қилиб юбориши (мисол учун ядровий урушда) билан якун топади.
Оддий урушнинг якунловчи даврида, одатда, жамики операциялар энг катта миқёсга етиб бориб, кучли шиддат билан олиб борилади. Айрим ҳолларда ушбу шиддат сустлашиб қолиши, кўрилган йирик талафотлар сабабли қуролли кучларнинг қисқариб қолган таркиби, қурол-яроғ ва ҳарбий техниканинг содда тизимлари қўлланилган тарзда олиб борилиши мумкин.
Ядровий урушнинг якунловчи даври (гарчи бундай давр бўлишининг эҳтимоли жуда кам бўлса-да) уришаётган давлатлар томонидан ўз ҳаётий фаолиятларини қисман тиклашга қаратилган тадбирлар амалга оширилишидан иборат бўлиши мумкин.
Shokir Dolimov
03.05.2013, 23:19
УРУШНИНГ ИНҚИРОЗГА УЧРАШИ (кризис войны) уруш (қуролли кураш) энг юқори авжига чиққан, бироқ уришаётган иккала томон ўз тасарруфидаги куч, восита ва манбаларни қўллаб деярли тугатган ҳолат.
Ўтмишда урушнинг инқирозга учрашига асосан «авжига чиқиш нуқтаси»га боғлаб қаралган. ХХI асрда ушбу инқироз асосан томонлар ўз стратегик мақсадларини алмаштирадиган узоқ вақт оралиғини қамраб олади.
Узоқ давом этадиган урушда инқироз ҳолатлари кўп маротаба юзага келиши кутилади, бироқ урушда туб бурилиш юз бериши ва ниҳоясига етиши кузатиладиган кескин вазият ҳал этувчи аҳамият касб этиши мумкин. Урушнинг инқирозга учраши, одатда, жуда беқарор, иккала томон учун ҳам кескин, ҳам қулай вазият юзага келиши, кучлар нисбатининг тез-тез ўзгариб бориши, ташаббусни қўлга киритиш ва сақлаб қолиш учун қақшатқич кураш олиб борилиши билан тавсифланади.
Айни шу фурсатда алоҳида эҳтиёткорлик билан иш тутиш, узоқни кўра билиш ва жуда қатъий ҳаракатлар бажариш талаб қилинади.
УРУШДА ЙЎЛ ҚЎЙИБ БЎЛМАЙДИГАН (НОМАҚБУЛ) ЗАРАРЛАР (неприемлемый ущерб в войне) муайян давлат тасарруфидаги қуролли кучлар, ҳарбий-саноат объектлари, давлат бошқаруви ва ҳарбий бошқарув тизимларига, ушбу давлат ўзининг уруш олиб бориш имкониятларини йўқотадиган ёки урушни давом эттириш учун сиёсий ва иқтисодий далиллардан маҳрум бўладиган даражада етказилган талафот савияси.
Бундай даражага эришиш учун душманга шундай талафот етказилиши лозимки, токи у кўрган йўқотишлар ўрнини фақат узоқ келажакдагина қоплаш имкони бўлсин. Рақибга урушда йўл қўйиб бўлмайдиган (номақбул) зарарлар келтирилишига душман-давлатнинг жамики иқтисодий имкониятларига путур етказилиши ва шу боис ушбу давлат томонидан қуролли кураш давом эттирилган ҳолатда у ўз ҳолатини қайта тиклаб бўлмас даражада ёмонлаштириб қўйиши, охир-оқибатда капитуляцияга имзо чекишга мажбур бўлиши билан ҳам эришиш мумкин.
Тарихий тажрибалар, тажовузга мубтало бўлган давлат томонидан, агрессордан қасос олиш тариқасида, ҳужум қилган давлатга урушда йўл қўйиб бўлмайдиган зарарлар келтирилишининг муқаррарлиги ҳар қандай кўринишдаги тажовузни тўхтатиш тамойили эканлигини кўрсатмоқда. Агрессор доимо урушнинг эҳтимолий «ҳосиласи»га баҳо беради ва уларни жавоб тариқасида ўзига келтириладиган эҳтимолий зарарлар билан таққослайди. Йўл қўйиб бўлмайдиган зарарлар агрессор учун унинг ҳарбий зафар қозонишини таъминлайдиган омиллар мавжуд бўлишига қарамай, ҳужум қилишдан ўзини тийиб турадиган кўрсаткичлар сифатида хизмат қилади. Номақбул зарар, олдиндан муқаррар бўлган кўрсаткич сифатида, агрессорни, уруш бошлаш учун рўкач қилинадиган далиллардан маҳрум қилиб қўяди. Нотўғри ҳисоблаб чиқарилган бундай кўрсаткичлар ва кўриладиган эҳтимолий зарарга нисбатан қарор топган кўр-кўрона муносабат агрессор учун фожиали оқибатлар билан якун топадиган ҳарбий таваккалчиликка олиб келади.
Ҳар қандай тинчликсевар, иқтисодий жиҳатдан ривожланган давлат тажовузни тўхтатиб қолиш (олдини олиш) учун мустақил равишда (ёки дўстона давлатлар коалицияси таркибида) агрессорга урушда йўл қўйиб бўлмайдиган зарар етказадиган намойишкорона қобилиятга эга бўлиши лозим. Шундагина тажовузни тўхтатиш имконияти ҳар қандай агрессор томонидан эътиборга олинади.
Тинчлик даврида урушда йўл қўйиб бўлмайдиган зарар омили, агрессордан, ўзи тайёрлаётган урушда ўзи кўрадиган ҳалокатли йўқотишларни ҳисобга олишни талаб этади. Уруш даврида эса ушбу омил душманга фаол мудофаа доирасида таъсир ўтказади.
Ҳарбий куч жиҳатидан заиф саналган давлат урушда йўл қўйиб бўлмайдиган зарарлар омилини қўллай олмайди. Бундай давлат ўз зиммасига муайян мажбуриятларни олган тарзда мулоҳаза юритилаётган омилдек кучга ҳарбий жиҳатдан кучли давлатлар билан иттифоқчилик муносабатларини ўрнатиш ёхуд йирик ҳарбий-сиёсий блокларга аъзо бўлиш йўли билан эга бўлиши мумкин. Бинобарин, қандай йўл тутилган бўлмасин агрессорни тўхтатиш омили коллектив хавфсизлик тизими билан чамбарчас боғлиқдир.
Shokir Dolimov
03.05.2013, 23:20
Урушда йўл қўйиб бўлмайдиган (номақбул) зарарлар назарий жиҳатдан учта стратегик сценарийда ёки бундай сценарийлар уйғунлигида намоён бўлиши мумкин, жумладан:
уруш олиб бораётган томонларнинг тинч аҳолиси қисматига келтириладиган оқибатлар нуқтаи назаридан олиб қаралганда фожиалилик даражаси паст бўлган сценарий, яъни душман кучларининг бостириб кирган зарбдор туркумлари тор-мор келтирилиши ва уларнинг омон қолган парчалари мамлакат ҳудудидан ҳайдаб чиқарилиши билан тажовузни бартараф этиш. Бунинг натижасида агрессор, такроран бостириб кириш ва урушни давом эттириш учун жисмоний лаёқатдан маҳрум бўлади. Бундай сценарий ҳарбий куч жиҳатидан агрессордан яққол устун келган ёки жанговар имкониятлари рақибнинг жанговар имкониятларига тенг келадиган тинчликсевар давлат томонидангина амалга оширилиши мумкин;
реал стратегик сценарий, яъни тажовуз ташаббускорининг жанговар ва ҳарбий-саноат имкониятларини муайян изчиллик билан йўқ қилиб бориш эвазига тажовузнинг кенг тус олиб кетишига йўл қўймасликдан иборат бўлади. Урушда йўл қўйиб бўлмайдиган (номақбул) зарарларнинг бундай стратегик сценарийсида агрессор урушни давом эттириш учун ўз жисмоний лаёқатини сақлаб қолса-да, уни давом эттиришнинг сиёсий мазмунини йўқотади;
ҳарбий куч жиҳатидан заиф давлат учун улкан вайронагарчилик келтирадиган, бироқ бундан бошқа иложи қолмаган стратегик сценарий, яъни ушбу давлат томонидан ўта аниқ оддий қурол воситасида агрессор тасарруфидаги «гаровга олинган» (олдиндан танланган) нишонлар, хусусан, атом электр станциялари, гидроузеллар, тўғонлар, энергетик қурилмалар, кимёвий заводлар ва шу каби умуммиллий миқёсдаги ўта муҳим объектларга қарата самарали зарбалар бериш қобилиятидан иборат.
Юқорида санаб ўтилган стратегик сценарийлар орасида суръат жиҳатидан тез кечадиган сценарий учинчи сценарий бўлиши мумкин. Негаки, энг муҳим объектлар вайрон этилиши ва бунинг оқибатида экологик вазиятнинг кескин ёмонлашиб кетиши натижасида уришаётган томонлар нафақат иқтисодий, балки ҳарбий фаолият юрита олмай қолади.
Санаб ўтилган стратегик сценарийлар комбинациялари турли-туман бўлиши мумкин, бироқ танланган ҳар қандай комбинациялардан бири ўзини мудофаа қилаётган томон учун жавобан амалга оширилаётган ҳаракатларда агрессорга урушда йўл қўйиб бўлмайдиган зарар етказилишига эришишга қаратилган бўлиши даркор.
Урушда йўл қўйиб бўлмайдиган зарар етказилишига эришиш ва агрессорга таъсир ўтказиш омилларининг кўлами кенг бўлиб, ушбу омилларнинг ҳар қандай мажмуи уюштирилган тажовузнинг стратегик маънода агрессор учун жисмонан имкони бўлмай қолиши, ҳарбий-сиёсий маънода эса қисқа муддат ичида мазмунсиз бўлиб қолиши мақбулдир. Йўл қўйиб бўлмайдиган зарарнинг агрессорни уруш бошлаш ёки уни давом эттиришдан тўхтатиб қоладиган универсал восита сифатидаги мазмун-моҳияти ҳам айни шундан иборатдир.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, узоқ масофаларга қўлланиладиган ва агрессорнинг экологик жиҳатдан хавфли объектларини вайрон этишга қодир бўлган ўта аниқ оддий қуролга эга ҳар қандай давлатнинг агрессорга номақбул зарар етказиш қобилияти қарама-қарши турган томонларнинг иқтисодий ва ҳарбий равнақи сезиларли даражада тафовут қилса-да, фаол жалб этилган ҳарбий қудратларини тенглаштириб қўяди.
Шу боис энг мураккаб ҳарбий-иқтисодий муаммолар жумласига давлатнинг агрессорга урушда йўл қўйиб бўлмайдиган (номақбул) зарар етказиш қобилиятини тегишли ресурслар билан таъминлаш масаласи киради. Агар ядровий урушларга берилаётган назарий баҳоларда агрессорни тўхтатиш учун мўлжалланган куч ва воситаларга оид айрим дастлабки маълумотлар кузатилса, оддий (ядровий бўлмаган) бундай куч ва воситаларни таҳлил қилиш жуда мураккаб кечади. Айни вақтда тинчлик давридаги қуролли кучлар тасарруфида бўлмиш доимо жалб этилган ядровий бўлмаган компонентлар, яъни жанговар имконият таркиби ва тузилишини миқдорий-сифат жиҳатидан асослаш (ҳисобини чиқариш) – энг қийин ва долзарб вазифа бўлиб қолади.
Ҳисоблар чиқаришнинг мураккаблиги турли (ғарбий, шарқий-христиан, Ислом ва шу каби бошқа) цивилизацияларга мансуб мамлакатлар жамиятлари ва ҳукмрон доираларининг менталитетида психологик тафовутлар мавжудлиги боис, ушбу мамлакатлар учун урушда йўл қўйиб бўлмайдиган (номақбул) зарар даражаси ҳам турлича бўлишидан иборатдир. Мисол учун Ислом динига эътиқод қилинадиган (Ислом дунёсига мансуб) мамлакатларда урушда йўл қўйиб бўлмайдиган зарар ҳақидаги тасаввур, аксарият ҳолларда, иқтисодиётнинг экологик жиҳатдан нозик бўлмаган инфратузилмаси, шунингдек, аҳоли ва ҳукмрон доираларнинг уруш ва тинчликка нисбатан диний-ахлоқий муносабатлари билан боғлиқдир.
Урушда йўл қўйиб бўлмайдиган зарар ҳақидаги тасаввурнинг психологик омилларини эътиборга олмаслик:
тинчлик даврида – мудофаа учун сарф харажатларнинг ҳаддан ташқари ошиб кетишига;
уруш даврида – тажовуздан ўзини ўзи ҳимоя қилишнинг зарурий даражаси ошиб кетиб, тажовузкор давлатга (агрессорга) оқланмаган даражада ортиқ зарар етказилиши, тинч аҳолиси оммавий равишда қириб юборилишига олиб келади.
УРУШ МАҚСАДИ (цель войны) урушнинг якуний муддаоси ёки манфаатли натижаси, давлат (давлатлар иттифоқи) томонидан олиб борилаётган ташқи сиёсат олдида турган, уруш давомида ҳал этилиши лозим бўлган умумий вазифалар мажмуи.
Одатда, душман давлат ёки иттифоқининг тор-мор этилиши, муайян сиёсий шартларни қабул қилишга мажбур қилиниши – уруш мақсади саналади. Урушнинг якуний мақсади, ўз ичига, бир қатор жузъий ва оралиқ мақсадларга эришишни мужассам этади. Бундай мақсадлар жумласига:
қарши курашаётган у ёки бу давлатни урушдан чиқариб юбориш;
душман қуролли кучлари ёки муайян ҳарбий-сиёсий туркумларини тор-мор этиш;
рақиб ҳудудини (ёки ҳудудининг бир қисмини) босиб олиш;
ёвни иттифоқчиларидан ажратиб ташлаш кабилар кириши мумкин.
Душман устидан қозониладиган ғалаба – урушнинг энг олий мақсади саналади.
Shokir Dolimov
03.05.2013, 23:23
УРУШ ХУСУСИЯТИ (характер войны) урушнинг энг аҳамиятли сифатлари ва аломатлари мажмуи бўлиб, уни муайян тарихий ҳодиса сифатида фарқлаб туради.
Уруш ижтимоий-сиёсий ва стратегик хусусиятларга эга бўлади. Ижтимоий-сиёсий хусусият урушнинг ижтимоий-сиёсий мазмуни ва қарши томонлар ихтиёридаги кучларнинг жойлаштирилиши билан белгиланса, стратегик хусусият стратегик мақсадлар, курашда қўлланиладиган куч ва воситалар, ҳарбий ҳаракатларнинг миқёси, ҳудудий кўлами, давомийлиги, усуллари ва шакллари билан белгиланади.
Уруш хусусияти уруш олиб борилаётган даврнинг ўзига хос жиҳатлари ва муайян тарихий шарт-шароитлар, уришаётган давлатларнинг ижтимоий-сиёсий тузилиши, ишлаб чиқариш ривожининг даражаси, қўлланилаётган қуролли кураш воситалари билан белгиланади.
Замонавий уруш ўтмишда ўтган урушлардан, одатда, кўзланаётган мақсадларнинг қатъийлиги, қуролли курашнинг ўта шиддатли кечиши, ҳарбий ҳаракатларнинг қирғин келтириб, вайроналикларга олиб келадиган тавсифга эга бўлиши, ушбу ҳаракатлар барча соҳаларга дахл қилган, шакллари ва қўлланилаётган усуллари тез-тез ва кескин алмаштирилган тарзда ҳудудий жиҳатдан кенг кўламда олиб борилиши, стратегик ташаббусга эга бўлиш ва уни қўлда сақлаб қолишга қаратилган курашнинг шиддати билан фарқ қилади. Замонавий урушда қуролли кураш бошланишидан олдин душманни сиёсий жиҳатдан яккалатиб қўйиш, унинг жанговар руҳини заифлаштириш мақсадларида аёвсиз информацион-тарғибот кўринишидаги «артиллерия зарбаси» берилади.
УРУШ МОДЕЛИ (модель войны) урушнинг асосий қонуниятларини акс эттириб, уруш давоми ва хотимасининг эҳтимол тутилган вариантларини математик ёки мантиқий-эвристик шаклларда тасаввур қилиш ва тадқиқ этиш имкониятини берадиган, муайян тизимга солинган формал воситалар мажмуи.
Урушни моделлаштириш услуби муайян урушнинг эҳтимолий давоми ва хотимасини олдиндан билиш, стратегик режалар ва ҳисоб-китобларни ишлаб чиқиб, текшириб кўриш, ҳарбий қурилиш ва қуролли кучлар ривожининг мақсадга мувофиқ келадиган йўналишларини белгилаш, давлат иқтисодиётини урушга тайёрлаш учун қўлланилади.
Оддий ва ядровий урушлар моделлари ишлаб чиқилади.
Оддий уруш модели ишлаб чиқилаётганида асосий эътибор унинг давоми, томонлар амалга оширадиган эҳтимолий стратегик операциялар изчиллиги, иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий жараёнларни тавсифлашга қаратилади.
Ядровий уруш модели ишлаб чиқилаётганида томонларнинг бир-бирига берадиган ядровий зарбалари, ядровий ҳужумни бартараф этиш ҳамда ядро қуроли қўлланилишининг бевосита ва иккиламчи оқибатларининг ҳисоб-китобларини моделлаштириш муҳим аҳамият касб этади.
УРУШ СЦЕНАРИЙСИ (сценарий войны) уруш мақсадлари, сиёсий ва стратегик хусусияти, томонларнинг иқтисодий ва ҳарбий имкониятлари, уруш давоми ва хотимасига таъсир ўтказадиган бошқа объектив ва субъектив омиллар ҳолатининг таҳлили асосида уруш бўлиш-бўлмаслиги, бошланиши, ривожи, хотимаси ва оқибатларини олдиндан айтиб, тавсифлаб берилиши.
Уруш сценарийси:
томонлар ихтиёридаги кучлар таркиби, жойланиши (тақсимланиши) ва дастлабки ҳолати;
уруш бошланадиган эҳтимолий вариантлар;
урушнинг умуман, даврлар ва босқичлар ҳамда кескин ҳолатлар юзага келган йўналишлар бўйича олиб борилиши, эҳтимол тутилган хотимаси ва пировард оқибатларининг тавсифланишидан иборат бўлади.
Одатда, урушнинг ишлаб чиқилаётган сценарийси у ёки бу томон ҳужум қилган, бостириб кирган ва унинг ушбу ҳаракатлари қайтарилаётганда урушнинг бошланғич даврида олиб бориладиган ҳарбий ҳаракатлар сценарийлари, уларнинг келгуси даврлардаги эҳтимолий ривожи ва урушнинг якуний босқичидан ташкил топади.
Урушнинг эҳтимол тутилган сценарийлари, одатда, тегишли ҳужжатларда акс эттирилиб, ҳарбий машқларда (ўйинларда) ўзлаштирилади ва текшириб чиқилади.
Shokir Dolimov
03.05.2013, 23:27
УРУШ НАЗАРИЯСИ (теория войны) 1) уруш манбаларига оид ғоя, тасаввур ва шарҳлар, уларнинг юзага келишига олиб келган сабаб ва оқибатларга тушунтиришлар мажмуи. 2) уруш қонуниятлари ҳамда урушни келтириб чиқарган, давоми ва хотимасини қатъийлаштирадиган жараёнлар ўртасидаги муҳим алоқалар ҳақида бир бутун тасаввур берадиган билим шакли. Уруш назариялари турлича, жумладан:
классик назарияси;
плюралистик назарияси;
позитивистик (прагматик) назарияси;
биологик назарияси;
диний (хурофий) назарияси;
техник-саноат назарияси;
синфий моҳияти тўғрисидаги назария бўлади.
Ушбу назарияларнинг ҳар бири ҳукмрон ҳарбий мафкура ва ҳарбий сиёсатга оид тегишли дунёқарашларга таянган ҳолда шаклланади ва улар манфаатларига хизмат қилади.
Зикр этилган назарияларнинг ўзаро зидлиги, у ёки бу кўрсатмаси кўп ҳолларда сохта бўлишидан қатъи назар, ҳар бири урушнинг у ёки бу жиҳати, сабаб ва оқибатларини очиб берадиган ҳақиқат элементларини ўз ичига мужассам этади.
УРУШНИНГ БИОЛОГИК НАЗАРИЯСИ (биологическая теория войны) урушларни кишилик жамиятининг алоҳида хусусияти, одамларда салбий (тажовузкор) биологик сифатлар ривожланиб кетишининг табиий натижаси, яшаш учун кураш, бошқалар ҳисобига яшашга интилиш, деб биладиган назарий концепция.
Ушбу назарияда, уруш на сиёсий ва на иқтисодий тараққиёт омилларига боғлиқ эмаслиги, балки у барча учун шак-шубҳасиз ва муқаррар ижтимоий омил эканлиги тахмин қилинади. Бундай қарашлар реал ҳақиқатни тўлиқ акс эттирмайди, албатта. Бироқ уруш бошланишининг биологик сабабларини, гарчи уларнинг аксарияти соф хаёлий мушоҳада доираларида бўлса ҳам-ки тўла-тўкис инкор этиб бўлмайди.
Бугунги ғарб фалсафаси ва жамиятшунослигида урушнинг кўплаб концепциялари мавжуд. Уларнинг муаллифлари уруш манбаларини турли сабабларда, жумладан инсоннинг:
азалий тажовузкор табиати;
иррационализми, яъни борлиқни иррационал, мавжуд қонун-қоидалардан холи, деб биладиган, бинобарин уни ақл-идрок билан билиб бўлмайди, деб ҳисоблайдиган идеалистик фалсафаси;
бошқалар устидан ҳукмронлик қилишга эҳтирос билан интилиши;
мафкурасига оид ихтилофи;
одамларнинг йўл қўйган гуноҳлари учун Худо томонидан уруш орқали жазоланиши муқаррар, деб идрок этиши;
онгли назоратга бўйсунмайдиган техниканинг иблис, деб эътироф этишида кўрмоқдалар.
Бундай концепцияга асосланган голландиялик олим Р. Штейнметц ўзининг «Уруш фалсафаси» китобида: «Инсон табиат устидан қандай ғалаба қозонган бўлмасин, бу ғалаба унга, бошқа инсон устидан ғалаба қозониш фикри каби бор кучни зўр бериб охиригача отлантиришга илҳом бахш этмайди», - деган фикр билдирган.
Ўхшаш муаллифлар тажовуз сабабларини объектив борлиқ сифатида келтириб, унинг келиб чиқишини (генезисини) очиб бермаганлар. Бундан ташқари, ушбу муаллифлар, агар тажовуз объекти («қурбони») фаол қаршилик кўрсатишга қодир бўлса, агрессор («зўравон») эса ўзи кўрадиган эҳтимолий зарарларга ақл-идрок билан баҳо бера олса, агрессия ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетиши мумкинлигини эътиборга олмаганлар.
УРУШНИНГ ДИНИЙ НАЗАРИЯСИ (религиозная теория войны) урушларни ғоялар ва диний эътиқодларнинг муросасиз тўқнашувлари натижаси, деб ҳисоблайдиган назарий концепция.
Диний назария асосини у ёки бу хурофий ақида мажмуи ташкил этади. Ушбу назария муайян тарихий тажрибага таянади, бироқ хурофий сабаблар умуман бўлмаган ёки сезиларли аҳамият касб этмаган кичик урушларни мутлақо эътиборга олмайди. Бундан ташқари, урушнинг диний назариясида айни битта динни тан оладиган давлатлар ўртасида юз берган урушлар сабабларига ҳам тушунтиришлар берилмайди.
Shokir Dolimov
03.05.2013, 23:28
УРУШНИНГ КЛАССИК НАЗАРИЯСИ (классическая теория войны) қуролли курашнинг асосий таркибий қисми сифатида кўриладиган уруш, бошқа шаклга эга курашлар ҳамда уларни олиб бориш воситалари, шакллари ва усулларининг мазмуни, маъно-моҳияти ва келиб чиқиши ҳақидаги ғоявий йўл-йўриқлардан мавҳумлаштирилган энг муҳим умумназарий, фалсафий, ҳарбий-сиёсий, иқтисодий, ҳарбий-стратегик ва ҳарбий-техник қоидалар мажмуи.
Классик назария ўз ичига урушнинг турли назарияларида баён этилган оқилона қоидаларни мужассам этади, бу эса ўз навбатида, урушнинг турли жиҳат ва элементларини очиб бериш ва асослаш имконини беради.
Урушнинг классик назариясида давлатлар ва халқлар ўртасидаги куч қўлланиладиган (зўравон) чора, восита ва усуллар билан ҳал этиладиган антагонистик зиддиятлар – замонавий урушларнинг энг асосий манбалари, деб эътироф этилади. Ушбу назария урушнинг мураккаб ижтимоий ҳодиса, сиёсатнинг зўравонлик воситалари билан давом эттирилиши, давлатлар ва ижтимоий кучларнинг очиқдан-очиқ ва кескин қуролли тўқнашуви эканлигига асосланади. Назария илдизлари ижтимоий муносабатлар тараққиётининг бошқа объектив элементлари, умумлаштирилган тарихий тажриба асосларига бориб тақалади.
Атоқли ҳарбий назариётчи, тарихшунос олим К. Клаузевиц урушнинг маъно-моҳиятига, фалсафий тушунча сифатида, қуйидагича таъриф берган: «Уруш – давлат сиёсатининг ўзга воситалар орқали давом эттирилишидан бошқа нарса эмас».
Бироқ Клаузевиц ҳам, унинг давомчилари ҳам ўз таҳлилларини урушга ижтимоий-сиёсий ҳодиса сифатида тавсиф бериш билан чеклаганларича, урушнинг бирламчи мазмунига аниқ фалсафий баҳо бера олмаганлар.
УРУШНИНГ ПЛЮРАЛИСТИК НАЗАРИЯСИ (плюралистическая теория войны) урушларни жамиятдаги зиддиятлар ҳал этилишининг шаклларидан бири, деб биладиган, уруш бошланиш сабабларини эса муайян шароитга боғлиқ ҳолда, ҳар бир сабаб асосий бўлиб қолиши мумкин бўлган кўплаб сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, этник ва бошқа омилларнинг бир-бирига мураккаб таъсир ўтказишидан келиб чиқадиган оқибат сифатида қабул қиладиган назарий концепция.
Плюралистик назариянинг ўзига хос ижобий ва салбий жиҳатлари эътироф этилмоқда, хусусан:
позитив жиҳатлари – олиб борилаётган уруш жараёнининг мазмунини белгилаб берадиган объектив ва субъектив омилларнинг жамики мажмуи диалектик жиҳатдан инобатга олиб борилиши;
негатив жиҳатлари эса уруш бошланиши ва тараққий этишини олдиндан белгилаб бериб, узлуксиз кучга эга бўладиган асосий объектив шарт-шароитлар тан олинмаслиги саналади.
УРУШНИНГ ПОЗИТИВИСТИК (ПРАГМАТИК) НАЗАРИЯСИ (позитивистская (прагматическая) теория войны) урушга жамият ривожининг тараққиёти нуқтаи назаридан қарайдиган, томонлар ўртасида ҳарбий-сиёсий қарама-қаршилик бўлишини табиий ҳол (муқаррар), деб ҳисоблайдиган, жаҳон миқёсидаги кучлар мувозанатида томонлар эгаллаган ўз ўрин ва аҳамиятларини яхшилашга интилишларининг натижаси сифатида қабул қиладиган назарий концепция.
Тажовузкор давлатлар жаҳон жамияти олдида айни шу назария билан ўз хатти-ҳаракатларини оқлайдилар.
Позитивистик (прагматик) назария урушни жамият тараққиётининг манбаларидан бири сифатида намоён бўладиган ҳодиса эканлиги, уруш вайроналиклар келтирадиган таъсирга эга бўлишига қарамай, ишлаб чиқариш кучлари охир-оқибатда равнақ топишига олиб келишини кўзда тутади. Ҳар бир урушга баҳо, унинг зикр этилган равнаққа қай даражада сабаб бўлганлиги нуқтаи назаридан берилади. Бинобарин, уруш ҳодисасининг мазмунидан иборат қатъий омил, уруш давоми ва хотимасининг қонунияти – урушдаги позитив ва негатив элементлар нисбатини ҳамда қарши курашаётган томонларнинг сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий имкониятларини юзага келтирадиган миқдорий ва сифат кўрсаткичларини белгилаб беради.
Бундай назариянинг, тажовуз (уруш) манбалари билвосита асослаб берилиб, уларга илмий талқин бериладиган фундаментал элементларидан бири жумласига Дарвиннинг эволюция ва табиий танланиш назариясини киритиш мумкин. Маълумки, унинг ўзаги яшаш учун кураш, турлар ичида ва турлараро олиб бориладиган кураш, яъни умуман олганда оммавий рақобат саналади.
Т. Р. Мальтус қаламига мансуб «Нуфус қонуни ҳақидаги тажриба» асарининг таъсири остида юзага келган ушбу назария амалиётда XIX ва XX асрларнинг иккинчи ярмида тажовузкор концепциялар, жумладан Гитлернинг «Яшаш учун майдон» концепциясини шакллантириб, оқлаган эди.
Shokir Dolimov
03.05.2013, 23:30
УРУШНИНГ СИНФИЙ МОҲИЯТИ ТЎҒРИСИДАГИ НАЗАРИЯ (теория о классовой природе войны) давлатлар юзага келиши билан уруш, синфий курашнинг ўзига хос шаклини касб этиши, турли-туман ҳукмрон синфлар томонидан олиб бориладиган сиёсатнинг зўравонлик воситалари билан давом эттирилишига таянадиган назария.
Синфий назария марксистик таълимотнинг уруш ва армия ҳақидаги энг муҳим қисми саналиб, жамият ва унинг тарихини материализм нуқтаи назаридан тушунишга таянган ҳолда уруш ва қуролли курашнинг энг муҳим воситаси бўлмиш қуролли кучларга нисбатан фалсафий, иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий қарашлар тизимини ташкил этади. Ушбу назарияда уруш тавсифлари, уни олиб бориш шакллари ва усуллари давлатларнинг ижтимоий-сиёсий тузилиши, ишлаб чиқариш кучлари, қурол-яроғ ва ҳарбий техниканинг равнақ топиш даражасига боғлиқ, деб эътироф этилади. Уруш, одатда, ҳукмрон синфлар томонидан бошланади ва айни шу синфлар манфаатларида олиб борилади. Уруш олиб бориш учун эса давлат (фуқаролар урушида – синф) томонидан яратилган қуролли кучлар қўлланилади. Шу билан бирга, замонавий урушга бутун мамлакат ва халқ жалб этилади.
Синфий назариянинг аксарият қоидалари ҳаёт амалиётига мувофиқ келмай, урушнинг бир қатор замонавий ҳодисалари, жумладан социалистик давлатлар ўртасида уруш келиб чиқишининг сабаблари, капиталистик муносабатлар ҳукм сурган шароитларда урушларнинг олдини олиш имкони мавжудлиги, урушнинг ривожига маънавий, диний, этник ва бошқа омиллар таъсир ўтказишини тушунтириб бера олмайди.
Марксистик назарияда, гарчи тарих аксарият урушлар бошқа сабаблар туфайли юзага келганлиги ва бу сабаблар ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан турлича тузилган давлатларга бир хилда хос эканлиги ҳақида далолат берса ҳам-ки, замонавий урушларнинг энг асосий манбаси империализм саналиши таъкидлаб ўтилади.
Устига-устак, бир ижтимоий тузумга мансуб давлатлар ўртасида рўй бераётган можаро ва урушлар одатий ҳолга айланиб бораётганлиги мулоҳаза юритилаётган назария асоссиз эканлигидан далолат бермоқда. XIX асрда бўлиб ўтган барча урушлар, Биринчи жаҳон уруши, сўнгги вақтларда рўй берган Исроил-Араб урушлари, Хитой билан Вьетнам, Ироқ билан Эрон ўртасидаги урушлар бир ижтимоий тузумга мансуб давлатлар ўртасида рўй берган урушлар жумласига киради.
Шунга қарамай, бугунги шароит нуқтаи назаридан қараганда урушларнинг марксистик назариясида ўз аксини топган аксарият қоидалар қисман ҳаққоний бўлиб, замонавий урушлар ва ҳарбий можаролар юзага келиш сабаблари, уларнинг бориши ва хотимасини олдиндан башорат қилиш учун оралаб қўлланилиши мумкин.
УРУШНИНГ ТЕХНИК-САНОАТ НАЗАРИЯСИ (технико-индустриальная теория войны) урушларни, уларнинг маъно-моҳияти, юзага келиш сабаблари, тарихий ўрни, олиб борилиши ва хотимасига доир қонуниятларини детерминизм (нарса ва ҳодисаларнинг сабабий боғланишлари ҳақидаги материалистик таълимот) тамойилларига асосланган ҳолда ўрганадиган назарий концепция.
Ушбу назария, урушларнинг бошланиши ва олиб борилиши негизида жамиятдаги ижтимоий-иқтисодий муносабатлар эмас, балки илмий-техник тараққиёт асосий ўрин эгаллашини кўзда тутади. Шунга мувофиқ, одатда, жамики урушлар қурол-яроғ ва ҳарбий техниканинг сон жиҳатдан кўпайиб кетиши, сифати такомиллаштирилиши, пировардида инсонлар назорати остидан чиқиб, мухтор (мустақил ишлайдиган) бўлиб қолишининг бевосита натижаси, уруш ва ҳарбий можароларнинг тасодифан юзага келиш омили саналади.
Масалага бундай ёндашув урушлар билан фан ва техника тараққиёти ўртасидаги жузъий алоқани тушуниб етиш имконини беради, албатта. Бироқ умуман олганда, бундай назария сохта саналади. Негаки, у урушлар орасидаги танаффуслар, уларнинг динамикаси ва ривожини тушунтириб бера олмайди.
Shokir Dolimov
03.05.2013, 23:37
ОСИЁ-ТИНЧ ОКЕАН МИНТАҚАСИДАГИ УРУШ (война в Азиатско-Тихоокеанском регионе) Иккинчи жаҳон урушининг таркибий қисми. 1941 йил 7 декабрь куни милитаристик Япония томонидан бошланган, Тинч океан, Шарқий ва Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатларида ҳукмронликка эга бўлиш мақсадида бир томонда Япония давлати иккинчи томонда эса АҚШ, Буюк Британия, Голландия ва Хитой давлатлари томонидан олиб борилган уруш.
Уруш бошлаган Япония ўз саноат қудрати, шунингдек, забт этиб олган Маньчжурия, Хитой ва Корея ҳудудларидаги ҳарбий-иқтисодий имкониятларга таянган эди. Унинг қуролли кучларида 2 млн 410 минг киши (130 та дивизия ва бригадалар), 3200 та жанговар самолёт, 10 та йирик ҳарбий кема, 10 та авиаташувчи, 37 та крейсер, 110 та эсминец ва 63 та сув ости кемаси бўлган. Улардан:
34 та дивизия, 2 та алоҳида бригада ва 450 та жанговар самолёт Маньчжурияда;
29 та дивизия, 22 та алоҳида бригада, 150 та жанговар самолёт эса Хитой ҳудудида ҳарбий ҳаракатлар олиб бораётган эди.
Япониянинг стратегик режасида Хитойнинг забт этилган асосий ҳудудини янада кенгайтириш, денгизда ҳукмронлик ўрнатиш, Тинч океаннинг марказий ва жанубий қисмларидаги ороллар, Бирма, Малайа, Индонезия ва Филиппинни қўлга киритиш, келгусида Ҳиндистонга, вазият қулай бўлганда эса ССРИга ҳужум қилиш кўзда тутилган. Жумладан:
АҚШнинг Тинч океандаги Пёрл-Харбор портида жойлашган асосий ҳарбий-денгиз базасига қарата биринчи зарба бериш ва Жанубий денгизлар зонасида ҳукмронликни қўлга киритиш учун 2 та йирик ҳарбий кема, 450 та самолётга эга 6 та авиаташувчи, 3 та крейсер, 9 та эсминец ва 10 та сув ости кемасидан ташкил топган йирик ҳарбий авиация қўшилмаси яратилди;
Филиппинни забт этиш вазифаси 14- армия ва Филиппин томон юборилган кемаларнинг оператив қўшилмаси зиммасига юкланган;
Бирма ва Таиландни эгаллаш вазифаси 15- армия, Малай ва Сингапурни забт этиш 25- армия ва Малай томон юборилган оператив кемалар қўшилмаси зиммасига юкланган;
Индонезияга қарши 16- армия, Янги Гвинея ва Соломон оролларига қарши юриш учун эса ҳарбий-денгиз кучларининг тегишли отрядлари мадад бериб борадиган 17- ва 18- армиялар ажратилган.
АҚШ ва Буюк Британиянинг Тинч океан ҳавзасидаги иттифоқчи флоти бу вақтда 14 та йирик ҳарбий кема, 220 та самолётга эга 3 та авиаташувчи, 39 та крейсер, 114 та эсминец ва 70 та сув ости кемасига эга бўлган эди. АҚШ, Буюк Британия, Австралия, Голландия ва Хитойга (Чан Кайши) мансуб қуруқликдаги қўшинлар таркибида умумий сони 360 минг кишидан иборат 22 та дивизия, базалардаги ҳарбий авиация таркибида эса 1329 та жанговар самолётлар бўлган эди.
Япония билан уруш бошланганда амалга оширилиши учун тузилган Америка-Англия режасида Жанубий денгизлар зонасида мудофаа ҳаракатларини бажариш, Маршалл, Каролина ва Мариана ороллари чизиғида ҳарбий-денгиз базалари тизимини яратиш, Осиё флотини тузиш, Филиппин, Индонезия, Австралия ва Бирмани мудофаа этиш кўзда тутилган эди.
1941 йил 7 декабрнинг эрта тонгида японлар томонидан Пёрл-Харбор ҳарбий-денгиз базасига қарата ниҳоятда кучли зарба берилди. Ушбу ҳарбий-денгиз базаси гаванида АҚШнинг 8 та йирик ҳарбий кемаси, 8 та крейсери, 29 та эсминеци, 5 та сув ости кемаси ва 48 та бошқа жанговар ва кўмакчи кемалари бўлган. Япон зарбдор қўшилмалари Куриль оролларидан Гавайи оролларига қадар 12 кун давомида юриб ўтган бўлишига қарамай, АҚШ разведкаси душманнинг ҳарбий-денгиз базага етиб келганлигини фош эта олмаган. Айни шу сабабли ҳам японлар зарбаси умуман кутилмаган ва жуда самарали зарба бўлди.
Дафъатан берилган зарба натижасида японлар АҚШнинг Тинч океандаги флотига улкан зарар етказишга муваффақ бўлди. Бешта йирик ҳарбий кема сафдан чиқди, қолган учтасига жиддий зарар етказилди. Шунингдек, 3 та крейсер, 3 та эсминец ва кўплаб кичик ҳажмли кемаларга шикаст етказилди. Аэродромларда турган ва ҳавога кўтарилган жами 219 та самолёт йўқ қилинди. Кейинчалик амалга оширилган кучли бомбардимонлардан сўнг, Лусон оролидаги «Кавите» ҳарбий-денгиз базаси ҳам тор-мор келтирилди.
Буларнинг барчаси Тинч океан ҳарбий ҳаракатлар (уруш) майдонидаги вазиятни Япония фойдасига кескин ўзгартириб юбориб, японларга 5-7 кун ичида Филиппин архипелагининг бир қатор оролларига денгиз десантини тушириш ва Манилани забт этиш имконини берди. Шу вақтнинг ўзида Гонконг ва Таиланд забт этилиб, Сингапурни эгаллаш операцияси бошланди. Ушбу ҳудудларни қайтариб олиш учун эса сал кам уч йил керак бўлди.
1942 йил кампанияси Япония учун жуда муваффақиятли ўтди. Унинг қуролли кучлари Бирмага кириб борди, сўнгра Малакка яриморолини тамоман эгаллаб олди, Жохор бўғозини кечиб ўтиб, Сингапурни, шаҳардаги 70 минглик гарнизонни таслим бўлишга мажбур қилганича забт этди.
1942 йилнинг май ойига келиб, япон экспедицион кучлари Бирма-Ҳиндистон чегараларига етиб келди. Айни вақтда Тинч океаннинг ғарбий қисми ва Индонезияда десант операциялари кенг тус олиб кетди. Японлар томонидан Гавайи ва Индонезияга қарашли Борнео (Калимантан), Целебес (Сулавеси), Бали, Тимор ва Суматра ороллари кетма-кет қўлга киритила борди. Шу йилнинг март ойида япон қўшинлари Ява оролини истило қилди. Ява денгизидаги АҚШ ва Голландия ҳарбий-денгиз кучлари тор-мор келтирилди. Пировардида стратегик хом ашёнинг жуда бой захираларига эга бўлган бепоён минтақа ҳамда Жанубий ва Шарқий Осиёни Европа, Америка ва Австралия билан боғлаб турган энг муҳим денгиз йўллари устидан олиб бориладиган назорат Япония қўлига ўтди. Тинч океаннинг жанубий-ғарбий ва шимолий қисмларидаги ҳарбий ҳаракатлар ҳам ғарб давлатлари учун муваффақиятсиз кечди.
1942 йил январь ойининг ўзида японлар Янги Гвинеянинг катта қисми, Адмиралтейство ороллари (Бисмарк архипелаги), Янги Британия, Янги Ирландия, Гилберта ороллари ва Соломон оролларининг бир қисмини эгаллаб, Австралия қитъасига бостириб кириш таҳдидини солиб бўлган эди. Бироқ улар ушбу муваффақиятни янада ривожлантириш, Маржон денгизидаги энг муҳим порт саналган Порт-Морсбини (Папуа) забт этиш уддасидан чиқмадилар. Японларнинг йирик денгиз десанти ва уни ҳимоя қилаётган кучлар (3 та авиаташувчи, 12 та крейсер ва 13 та эсминец) АҚШнинг ҳарбий-денгиз кучларига қарашли авиация томонидан берилган қудратли зарбаларга дучор бўлди.
Шу йилнинг 7-8 май кунлари Маржон денгизида икки кунлик авиация-денгиз муҳорабаси бўлиб ўтиб, денгиз жанглари тарихида биринчи марта рақиб томонларнинг сув усти кемалари бир-бирига қарата бирорта ҳам ўқ узмади. Жамики жанговар ҳаракатлар ҳарбий авиация томонидан олиб борилди. 1 та авиаташувчиси ва 80 та самолётини йўқотган, АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг ҳолати ҳақида маълумотларга эга бўлмаган япон қўмондонлиги десант туширишдан воз кечиб, ўз отрядларини ҳарбий-денгиз базаларига қайтариб кетди. АҚШ ҳам ушбу муҳорабада 1 та авиаташувчиси ва 81 та самолётини йўқотган эди. Тинч океаннинг жанубий-ғарбий қисмидаги жанговар ҳаракатлар вақтинча тўхтатилди.
Японлар ўзларининг асосий ҳаракатларини океаннинг ғарбий қисмига олиб ўтиш ва АҚШнинг Мидуэйдаги энг йирик оператив ҳарбий-денгиз базасини қўлга олишга қарор қилди. Шу мақсадда, улар 11 та йирик ҳарбий кема, 5 та авиаташувчи, 14 та крейсер, 58 та эсминец ва 10 та сув ости кемасидан ташкил топган қудратли зарбдор қўшилма денгизга чиқарилди. Бироқ бу сафар АҚШ зарбани бартараф этишга ўз вақтида ҳозирлик кўриб олди. Жанубий ва Пёрл-Харбор ҳарбий-денгиз базасидан 3 та авиаташувчи, 8 та крейсер, 15 та эсминец ва 24 та сув ости кемаси Мидуэй ороли яқинига юборилди. Ушбу кучлар ўртасида 4-6 июнь кунлари бошланиб кетган денгиз муҳорабаларида япон флоти 4 авиаташувчи, 1 та крейсер ва 253 та самолётини йўқотди. АҚШ эса 1 та авиаташувчи ва 150 та самолётидан маҳрум бўлди.
Shokir Dolimov
03.05.2013, 23:39
Пировардида японлар авиаташувчи кучлар борасидаги устуворликни қўлдан бой бериб, операциялар сонини чеклашга мажбур бўлдилар. Келгуси ойларда эса улар Алеут ороллари тизимига мансуб бор-йўғи иккита оролнигина қўлга кирита олдилар холос. Жанубда Гуадалканал ороли ва Янги Гвинея оролининг жанубий-шарқий қисми учун жанглар бошланди. Бироқ бу жанглар ҳам японларга муваффақият келтирмади. Бошқа масалалар ҳам ҳал этилмай қолиб кетди. Озодлик курашлари кенг тус олиб кетган Хитой, Корея ва япон истилосидаги бошқа ҳудудларда юзага келган вазият ҳам японлар учун мураккаб бўлиб қолди. Бундай шароитда Япония янги ҳудудларни истило қилиш ҳаракатларидан воз кечиш, мудофаага ўтиш ва қўлга киритилган марраларни шошилинч равишда мустаҳкамлашга мажбур бўлиб қолди.
1943 йил давомида Тинч океан ҳарбий ҳаракатлар (уруш) майдонидаги кампанияда, иккала томон, фақат чекланган мақсадли жузъий операциялар ўтказди. Ўз қудратини ошириб борган Япония Алеут ороллари, Уэйк ороли, Маршалл ороллари, Бисмарк архипелаги, Янги Гвинея, Индонезия, Малай ва Бирма чизиғида мустаҳкам мудофаани ташкил этишга интилди.
Қитъада Марказий ва Жанубий Хитойни боғлаб турган темир йўлларни қўлга киритишга қаратилган ҳужум операциялари ўтказилиши режалаштирилган эди. Ушбу масалаларни ҳал этиш учун япон қуролли кучларининг умумий сони 3 млн 808 кишига қадар кўпайтирилди. Яна 10 та дивизия қўшимча ташкил этилди. Ҳарбий-денгиз кучларининг таркиби 9 та йирик ҳарбий кема, 480 та самолётга эга 8 та авиаташувчи, 21 та крейсер, 79 та эсминец ва 73 та сув ости кемасига қадар кўпайтирилди. Бундан ташқари, 2 та авиаташувчи ва 13 та крейсер таъмирланаётган, верфларда (кемалар қуриладиган ёки таъмирланадиган корхоналарда) эса яна 3 та авиаташувчи, 2 та крейсер ва 15 та эсминецлар қурилаётган эди. Ҳарбий-ҳаво кучларидаги жанговар самолётлар сони 4600 тага етказилди.
АҚШ ва Буюк Британия ҳам шошилинч равишда ўз кучларини ошира бошладилар. 1943 йилнинг ўрталарига келиб Тинч океандаги иттифоқчи флот таркибида 11 та йирик ҳарбий кема, 970 та самолётга эга 12 та авиаташувчи, 32 та крейсер, 120 та эсминец ва 69 та сув ости кемалари бўлганлиги қайд этилган. Айни вақтда Пёрл-Харборда чўктирилган кемаларни сув остидан чиқариш ва таъмирлаш ишлари фаол олиб борилган. АҚШ верфларида 28 та авиаташувчи қурилган.
Америка қитъасидан мулоҳаза юритилаётган ҳарбий ҳаракатлар (уруш) майдонига тўртта пиёдалар ва бешта денгиз пиёдалари дивизияси етиб келди. Австралияда америкаликларнинг 6- ва австралияликларнинг 1- армиялари жадал ташкил этила бошланган.
Аста-секинлик билан бўлса-да, ҳаво армиялари шакллана бошланди. Янги ҳарбий-денгиз базаларини яратиш ишларига зўр берилди. Кучлар бошқарилуви янгидан тузилди. Куч ва воситаларнинг иккита оператив гуруҳи тузилган бўлиб, улардан бири (адмирал Нимиц қўмондонлигида) Тинч океаннинг марказий ва шимолий қисмларида жанговар ҳаракатлар олиб бориш учун мўлжалланган. Унинг таркибига америкаликларнинг 3- ва 5- флотлари, 7-, 13- ва 11- ҳаво армиялари, денгиз пиёдаларининг иккита корпуси ва бир нечта пиёдалар дивизияси киритилган.
Иккинчи оператив гуруҳ (генерал Д. Макартур қўмондонлигида) Тинч океаннинг жанубий-ғарбий қисмида жанговар ҳаракатлар олиб бориши керак эди. Унинг таркибига америкаликларнинг 6- армияси, 7- флоти ва 5- ҳаво армияси ҳамда австралияликларнинг 1- армияси киритилган.
Иттифоқчилар қуролли кучларининг Тинч океандаги фаол ҳаракатлари 1943 йилнинг май ойида бошланди. Ушбу ҳаракатлар муайян изчилликда, кичик кучлар билан океан ҳавзасидаги ҳудудлар кетма-кет эгаллаб борилганича амалга оширилди. Даставвал Алеут тизмаси ороллари озод қилинди. Шундан сўнг 1943 йилнинг ёз ва куз фаслларида асосий хатти-ҳаракатлар Соломон ороллари, Гилберт ороллари, Янги Гвинея оролининг жанубий-шарқий қисми ва Янги Британияни забт этишга қаратилди. Ушбу хатти-ҳаракатлар ўзгарувчан муваффақият билан ривожлана борди. Шунга қарамай, йил охирига келиб, иттифоқчи флот ва армиялар бир қатор десант операцияларини муваффақиятли ўтказиш, Соломон оролларининг бир қисмини қўлга киритиш, Гилберт ороллари ва Бисмарк архипелагини эгаллаб олишга муваффақ бўлдилар.
Бу билан японларнинг Австралияга ҳужум қилиш таҳдиди тамоман барҳам топиб, жамики Осиё-Тинч океан ҳарбий ҳаракатлар (уруш) майдонида йирик миқёсли операциялар бошлаш учун замин яратилди.
1944 йил кампаниясида стратегик ташаббус тамомила иттифоқчиларнинг қуролли кучлари қўлига ўтиб кетди. Шу йилнинг февраль ойида АҚШ қўшини Маршалл оролларига тушиб, шиддатли жанглар билан уларни забт этди. Натижада япон мудофаа чизиғи кенг фронт бўйлаб ёриб ташланди. Ҳаво ва денгизда аксарият ҳукмронликни қўлга киритган АҚШ Тинч океаннинг бутун марказий қисмини назорат қила бошладилар. Бу эса ўз навбатида, уларга май-июнь ойларида Мариана оролларини қўлга киритиш, Каролина оролларидаги япон гарнизонларини қамал қилиш ва 1944 йилнинг сентябрь ойига келиб, шарқий Филиппин ҳудудлари устидан назорат ўрнатиш имконини туғдирди.
1944 йилнинг октябрь ойида Филиппин операцияси бошланиб, шу йилнинг охирига қадар давом этди. Ушбу операция давомида АҚШ японларга яна бир бор йирик талафотлар етказишга (бу операцияда японларнинг 4 та авиаташувчиси, 3 та йирик ҳарбий кемаси, 11 та крейсери ва 9 та эсминеци чўктириб юборилиб, 600 дан ортиқ самолётлари уриб туширилган эди), Филиппин архипелагининг катта қисмини эгаллаб олишга ва уни мудофаа этган 14- япон армиясини тор-мор келтиришга муваффақ бўлдилар. Айни вақтда Тинч океаннинг жанубий-ғарбий қисмида Адмиралтейство ороллари озод этилди, Янги Гвинея оролининг катта қисми эгаллаб олинди, 16-, 17-, 18- ва 19- япон армияларининг қўшинлари бир-биридан ажратиб юборилиб, қамалга олинди.
Shokir Dolimov
03.05.2013, 23:44
Бирма ва Хитойдаги ҳарбий ҳаракатлар эса бу вақтда бошқача тус олди. Япон қўмондонлиги 1944 йил баҳорининг ўзида Хитойнинг жанубий-шарқий ҳудудларига йирик кучларни жамлаб, Чан Кайши қўшинларига қарши катта ҳужум бошлади. Натижада японлар Хэнань вилоятининг деярли ялпи ҳудудини эгаллаб олиш, шундан сўнг ўз ҳаракатларини Янцзи дарёсининг жануби томон йўналтириб Ҳиндихитой яримороли чегараларига етиб боришга муваффақ бўлдилар. Уларнинг қўлига Хитойнинг шимолий ҳудудларини Жанубий ҳудудлари билан боғлаб турган, Корея орқали эса Япон ороллари билан боғлаб турган барча коммуникациялар ўтиб кетди.
Бирмада эса аксинча, фаол ҳаракатлар иттифоқчи қўшинлар томонидан амалга оширилди. Бирмалик ватанпарварлар кўмак бериб турган ушбу ҳаракатлар давомида Ҳиндистоннинг Япония томонидан муқаддам истило қилинган шарқий ҳудудлари озод этилди, шимолий Бирма деярли бутунича қўлга киритилди ва Рангундан (ҳозир Янгон) шимолга олиб борадиган темир йўл тўсилди.
1945 йил ҳарбий ҳаракатлар Япон оролларига қадар етиб келди. Иттифоқчилар қўмондонлиги душман устидан қуруқликдаги қўшинлар бўйича 1,6 баробар, ҳарбий-ҳаво кучлари бўйича 5 баробар, ҳарбий-денгиз кучлари, шу жумладан, авиаташувчилар бўйича 10 баробар устун келганча, барча йўналишларда йирик миқёсли ҳужум операцияларини бошлаб юборди. Шу йилнинг май ойи ўртасига келиб Филиппин ороллари тўла-тўкис, Бирма ва Индонезия деярли бутунлигича душмандан тозаланди.
Бир вақтнинг ўзида Америка қўшини Иводзимо оролини, ундан кейин Окинава оролини қўлга киритди. Япон оролларидаги объектларни бомбардимон қилишга қаратилган йирик ҳаво операциялари бошланди. Десант кучлари томонидан ушбу объектларга ҳужум қилинишига бевосита ҳозирлик кўриш жараёни бошланди.
Хитойдаги японлар муайян вақт давомида ўз ҳужумларини давом эттиришга уринишар, бироқ муваффақият қозона олмас эдилар. Айни вақтда жанубдаги иттифоқчи қўшинлар Бирмадаги япон қўшинларини қириб тамомлаш ҳаракатларини тугатиб, Таиланд чегараларига етиб келдилар.
Япония ниҳоятда мураккаб аҳволга тушиб қолди. Шунга қарамай унинг сиёсий раҳбарияти ихтиёрида ҳали жиддий кучлар бўлгани боис, урушнинг қулай хотимасига умид қилар эди. Капитуляция борасида қўйилган ультиматум япон раҳбарияти томонидан рад этилди. Шундан сўнг, Японияга қарата амалга оширилган ҳаво ҳужумларига янада зўр берилди, 1945 йил 6 ва 9 август кунлари эса АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари Хиросима ва Нагасаки шаҳарларига иккита атом бомбасини ташлади. Шунга ҳам қарамай япон қуролли кучлари қаршилик кўрсатишни давом эттирди. Фақат Совет Иттифоқи урушга киришиб, Маньчжуриядаги Квантун армиясини тор-мор келтирганидан сўнггина, Япония 1945 йил 9 сентябрь куни таслим бўлди.
Умуман олганда, Осиё-Тинч океан ҳарбий ҳаракатлар майдонида бўлиб ўтган уруш ўзининг солиштирма ҳажми ва шиддати бўйича Европада олиб борилган урушга нисбатан сезиларли даражада паст кечди. Шундай бўлса ҳам у ўз ичига жуда катта ҳудудни қамраб олди. Ушбу урушнинг қирқ беш ойи давомида иттифоқчи қўшинлар тахминан 20 та денгиз муҳорабаларини, 50 ка яқин десант операцияларини амалга оширдилар. Ушбу жанг ва операциялар давомида қуролли кураш олиб боришнинг тамомила янги восита ва шакллари қўлланилди. Уруш якунида, Ғарбда рўй бергани каби, Осиё-Тинч океан минтақасида ҳам кучлар тақсимоти ва давлатлар ҳолатида кескин ўзгаришлар рўй берди.
БИРИНЧИ ЖАҲОН УРУШИ (Первая мировая война) капиталистик давлатларнинг иккита йирик иттифоқи, хусусан: Антанта давлатлари (Россия, Буюк Британия, Франция) ва марказий давлатлар (Германия, Австрия-Венгрия, Туркия) ўртасида бўлиб ўтган қонли уруш.
1914 йил 19 июль куни саккизта давлат ўртасида бошланган, кейинчалик аҳолисининг умумий сони 1,5 млрд га тенг 38 та давлат (жумладан, Антанта томонидаги 34 та давлат) иштирок этган, тўрт йилдан ортиқ давом этиб, 1918 йил 11 ноябрь куни тугаган.
Европа, Осиё ва Африка ҳудудларини, Атлантика океани, Шимолий денгиз, Болтиқ денгизи ва Қора денгиз ҳавзаларини қамраб олган.
Уруш олиб борган иккала томон ҳам босқинчилик мақсадларини кўзлаган. Жумладан:
Германия – Буюк Британия ва Францияни заифлаштириш, Африка қитъасида янги мустамлакаларга эга бўлиш, Польша ва Болтиқ бўйи ҳудудларини Россиядан ажратиб олишга;
Австрия-Венгрия – Болқон яриморолида мустаҳкам ўрнашиб олишга;
Буюк Британия ва Франция – ўз мустамлакаларини қўлда сақлаб қолиш, Германияни дунё бозоридаги рақобатчи сифатида заифлаштиришга;
Россия – Галицияни босиб олиш ва Қора денгиз бўғозларини қўлга киритишга интилган.
Сафарбарлик тадбирлари ўтказилгач:
Германия дастлаб умумий сони 3 млн 600 мингдан кўп кишилик;
Франция – 3 млн 700 минг кишилик;
Австрия-Венгрия – 2 млн 300 мингдан кўп кишилик;
Россия – 5 млн 400 минг кишилик;
Буюк Британия 1 млн кишилик армияни урушга киритди.
Уруш бешта кампаниядан иборат бўлди.
Биринчи кампания давомида Германия 1914 йили Бельгияга ва Франциянинг шимолий ҳудудларига бостириб кирди, бироқ Марна дарёси соҳилларида бўлиб ўтган муҳорабада енгилди. Россия Шарқий Пруссияни ва Галициянинг бир қисмини босиб олди, бироқ немислар ва Австрия-Венгриянинг қарши ҳужуми натижасида енгилди. Ушбу кампания пировардида манёврли кураш шаклларидан позицион (узоқ муддатли марраларда туриб олиб бориладиган) уруш шаклларига ўтиш рўй берди.
1915 йил кампанияси Италиянинг урушга киришиб кетиши, Германиянинг Россияни урушдан чиқариш режаси барбод бўлиши ва Ғарбий фронтда ҳеч бир натижага эришилмаган қонли муҳорабалар ўтиши билан боғлиқ равишда кечди.
Ушбу кампания давомида Германия ва Австрия-Венгрия асосий кучларни рус фронтига қаратганларича, Горлице фронтини ёриб ўтиш тадбирларини амалга оширдилар ва рус қўшинларини Польша ва Болтиқ бўйи ҳудудларидан сиқиб чиқардилар, бироқ Вилен операциясида енгилиб, позицион мудофаага ўтишга мажбур бўлдилар.
Ғарбий фронтда иккала томон ҳам стратегик мудофаага ўтиб олди. Заҳарловчи газлар қўлланилганлигига қарамай Ипр шаҳри бўсағаси, Шампань вилояти ва Артуа тепалигида ўтказилган жузъий операциялар натижа бермади.
Жанубий фронтда Италия қўшинлари Изонцо дарёси соҳилларида Австрия-Венгрияга қарши муваффақиятсиз операция ўтказди. Германия-Австрия қўшинлари Сербияни тор-мор келтиришга муваффақ бўлди. Англия-Франция қўшинлари Грецияда Салоники операциясини муваффақиятли ўтказганига қарамай Дарданеллани қўлга кирита олмади. Закавказье фронтида Алашкерт, Ҳамадон ва Сариқамиш операциялари натижасида Россия Туркиянинг Эрзурум (Арзурум) шаҳри бўсағаларига етиб борди.
1916 йил кампанияси Руминиянинг урушга киришиб кетиши ва барча фронтларда жуда оғир позицион уруш олиб бориши билан боғлиқ равишда кечди. Германия ўз ҳаракатларини яна Францияга қарши қаратди, бироқ Верден муҳорабасида муваффақият қозона олмади. Танклар қўлланилганлигига қарамай Англия-Франция қўшинларининг Сомма соҳилидаги операциялари муваффақиятсиз ўтди.
Италия фронтида Австрия-Венгрия қўшинлари Трентин ҳужум операциясини ўтказишга уриниб кўрди, бироқ Италия қўшинлари томонидан амалга оширилган қарши ҳужум натижасида орқага улоқтириб юборилди. Шарқий фронтда Россиянинг Жанубий-Ғарбий фронт қўшинлари Галицияда, узунлиги 550 километрга тенг кенг фронт бўйлаб генерал А. А. Брусилов бошчилигида ёриб ўтиш операцияни муваффақиятли амалга оширди ва 60-120 км олға илгарилаб, Австрия-Венгриянинг шарқий ҳудудларини қўлга киритди. Вазиятнинг бундай ўзгариб кетиши, ўз навбатида, душманни Ғарбий ва Италия фронтларидан 34 та дивизияни олиб, ушбу фронтга ташлашга мажбур қилди.
Закавказье фронтида рус армияси Эрзурум ҳужум операциясини, ундан кейин Трапезунд (Трабзон) ҳужум операциясини ўтказиб ниҳоясига етказди.
Болтиқ денгизида узил-кесил ҳал этилган Ютланд яримороли муҳорабаси ўтказилди. Ушбу кампания натижасида Антанта томонидан стратегик ташаббус қўлга киритилишига шарт-шароит туғилди.
Shokir Dolimov
03.05.2013, 23:48
1917 йил кампанияси АҚШнинг урушга киришиб кетиши, инқилоб содир этилганлиги оқибатида Россиянинг урушдан чиқиши ва Ғарбий фронтда бир қатор муваффақиятли ҳужум операциялари (француз генерали Р. Ж. Нивель бошчилигидаги операция, Мессина шаҳри атрофи, Ипр шаҳри, Верден бўсағалари ва Камбре ёнидаги операциялар) кетма-кет ўтказилиши билан боғлиқ равишда кечди. Ушбу операциялар, уларда артиллериянинг йирик кучлари, танклар ва ҳарбий авиация қўлланилганлигига қарамай, Ғарбий-Европа ҳарбий ҳаракатлар (уруш) майдонидаги умумий вазиятни деярли ўзгартира олмади. Бу вақтда Германия Атлантикада чекланмаган сув ости урушини олиб борди. Бундай уруш иккала томонда катта талафотларга олиб келди.
1918 йил кампанияси Антанта қуролли кучларининг позицион мудофаадан ялпи ҳужумга ўтиши билан боғлиқ равишда кечди. Дастлаб Германия иттифоқчиларнинг Пикардия вилоятидаги март ойи ҳужумини, Фландрия (Белгия) минтақасидаги, Энна ва Марна дарёларидаги жузъий операцияларни бошлаб юборди. Бироқ кучлар етарли бўлмаганлиги боис немисларнинг уринишлари келгусида ривож топмай қолди.
1918 йилнинг иккинчи ярмидан эътиборан, АҚШ урушга киришиши билан, иттифоқчилар жавобан амалга оширилган операцияларни (Амьен, Сен-Мийель ва Марна операцияларини) тайёрлаб, ўтказдилар. Ушбу операциялар давомида немислар ҳужумининг натижаларига барҳам берилди, шу йилнинг сентябрь ойида эса ялпи ҳужумга ўтилиб, 1918 йил 11 ноябрь куни Германия Ретонд (Франция) станцияси яқинидаги Компьен ўрмонида капитуляцияга (Компьен сулҳини имзолашга) мажбур этилди. Тинчлик шартномасининг якуний шартлари 1919-20 йилларда бўлиб ўтган Париж конференциясида ишлаб чиқилди.
Биринчи жаҳон уруши 51 ой 2 ҳафта давом этиб, унда Ер шари аҳолисининг учдан икки қисми иштирок этди. Урушда иштирок этган армиялардаги одам сони 37 млн дан ошиб кетди. Қуролли кучларга сафарбар этилганларнинг умумий сони тахминан 70 млн кишини ташкил этди. Фронтлар узунлиги 2,5-4 минг километрга чўзилди. Томонлар 9,5 млн одам йўқотди, яна 20 млн киши яраланди.
Ушбу урушда қўшин ва кучларнинг янги турлари, жумладан: ҳарбий авиация, зирҳли-танк қўшинлари, зенит қўшинлари, танкка қарши воситалар, сув ости кучлари ривож топиб, кенг қўлланди. Қуролли курашнинг янги шакл ва усуллари, хусусан армия ва фронт миқёсида ўтказиладиган операциялар, фронт истеҳкомларини ёриб ўтиш усуллари қўлланила бошланди. Янги стратегик тушунча ва терминлар, жумладан: «Қуролли кучларни оператив жиҳатдан тизиш», «Қўшинларни оператив ҳимоя қилиш», «Чегарага яқин ҳудудлардаги жанг», «Урушнинг бошланғич даври», «Урушнинг кейинги даврлари» каби термин ва тушунчалар вужудга келди.
Биринчи жаҳон уруши ижтимоий жараёнлар ривожини жадаллаштирди, Россия, Германия, Венгрия ва Финляндияда инқилоблар содир этилишига замин яратган сабаблардан бири бўлди.
Ушбу уруш хотимасида жаҳонда янги ҳарбий-сиёсий вазият қарор топди.
ИККИНЧИ ЖАҲОН УРУШИ (Вторая мировая война) башарият тарихида иккита ҳарбий-сиёсий иттифоқ ўртасида бўлиб ўтган энг йирик уруш.
Иккинчи жаҳон уруши фашистлар Германияси, Италия ва милитаристик Япония томонидан, фашистлар блокининг бошқа аъзолари билан биргаликда бошлаб юборилган.
Ушбу урушда 61 та давлат, жумладан:
14 та давлат Берлин-Рим-Токио давлатлар ўзаги томонида;
47 та давлат эса гитлеризмга қарши иттифоқ томонида иштирок этган.
Иккинчи жаҳон урушига жалб этилган давлатлар аҳолисининг умумий сони 1,7 млрд дан ошиб кетган.
Уруш учта қитъа, хусусан: Европа, Осиё ва Африка ҳудудларини, шунингдек, тўртта океан ҳавзаларини (Тинч океан, Атлантика, Ҳинд ва Шимолий Муз океанларини) қамраб олган тарзда олти йил, яъни 1939 йил 1 сентябрдан 1945 йил 9 сентябрга қадар давом этган.
Фашистлар блоки томонидан адолатсиз уруш, босқинчилик ва талончилик уруши, деб аталадиган уруш олиб борилган бўлиб, унда жаҳонда ҳукмронлик қилиш, бутун бошли халқларни қарам қилиш, баъзиларини эса умуман қириб ташлаш мақсадлари кўзланган. Гитлеризмга қарши иттифоқ томонидан эса адолатли уруш, мудофаа уруши, деб аталадиган уруш олиб борилган бўлиб, унда ўз мамлакат ва халқларининг ҳаёти, эрки ва мустақиллигини ҳимоя қилиш мақсадлари кўзланган.
Иккинчи жаҳон уруши қуруқлик, ҳаво ва денгизда мисли кўрилмаган бешафқат, қатъий ва муросасиз шаклларда, стратегик миқёсда юксак манёврли йирик операциялар ўтказилган тарзда олиб борилди.
Иккала томонда ҳам турли-туман ҳарбий техника билан қуролланган кўп миллионли қуролли кучлар иштирок этди. Қуролли курашнинг асосий воситалари сифатида автоматик қуролнинг хилма-хил турлари, самолётлар, танклар, ўзиюрар қурилмалар, артиллерия ва зенит артиллерияси тизимлари, танкка қарши воситалар, минали қурол-яроғлар, сув ости ва сув усти кемаларининг янги русумлари, шу жумладан, авиаташувчилар оммавий равишда қўлланилди. Қуролли кучларнинг жанговар таркибига жалб этилган одамлар сони жами 110 млн кишига етди.
Уруш сакраш тарзида ривожланиб борди. Дастлаб Германия ва Япония деярли бутун Ғарбий Европани, Хитой ва Жанубий-Шарқий Осиё ҳудудининг катта қисмини, ғарбий ва марказий Океаниянинг кенг ҳавзасини забт этганча йирик муваффақиятларни қўлга киритди. Урушнинг кейинги боришида ташаббус Совет Иттифоқи ва унинг ғарбдаги иттифоқчилари қўлига ўтиб, фашистлар блокига мансуб давлатларнинг капитуляцияси билан якун топди.
Иккинчи жаҳон уруши қуйида баён этилган бешта даврга бўлинади.
Урушнинг биринчи даври – 1939 йил 1 сентябрдан 1941 йил 21 июнгача давом этиб, уруш бошланиши, Германиянинг Ғарбий Европа мамлакатларига бостириб кириб, Европанинг 13 та давлатини босиб олиши билан кечди. Ушбу давр Германиянинг Польшага қуролли ҳужуми («Вейс План») билан бошланди. Натижада Польша бир ой ичида тор-мор қилинди. Уруш давомида Совет Иттифоқи 1939 йил 17 сентябрь куни ўз қуролли кучларини Риббентроп-Молотов пактига мувофиқ Ғарбий Украина ва Белоруссия ҳудудларига киритди. Польшага уюштирилган ҳужумга жавобан Франция ва Буюк Британия давлатлари томонидан Германияга уруш эълон қилинди, бироқ фаол жанговар ҳаракатлар олиб борилмади. Ярим йил давомида «Ғалати уруш», деб ном олган уруш олиб борилиб, томонлар фақат бир-бирига қарата чекланган ҳарбий авиация зарбаларини уюштириб борди.
1940 йилнинг апрель-июнь ойларида немис-фашист қўшинлари Дания ва Норвегияни босиб олди, 1940 йил 10 июнь куни эса Германия, 1940 йил 10 май куни урушга киришган Италия билан биргаликда Францияга қарши кампанияни («Гельб» режасини) бошлаб юборди. Гитлерчилар армияси Бельгия, Нидерландия ва Люксембург ҳудудига бостириб кириб, уларнинг армияларини тор-мор келтирди, сўнгра ушбу ҳудудлар орқали Шимолий Францияга қарата қудратли зарба берди. Французлар фронти тез ёриб юборилиб, шимолий ва марказий Франция босиб олинди. Натижада 1940 йил 22 июнь куни Франция армияси таслим бўлди.
Айни вақтда Дюнкерк (Франция) ҳудудида денгиз соҳилига сиқувга олинган инглиз армияси қудратли қурол-аслаҳаларини қолдириб, Британия оролларига эвакуация қилинди. Германия 1940 йилнинг август ойидан 1941 йил июнь ойига қадар Буюк Британияни ёпирилма бомбардимон қилиб, «Англия учун жанг», деб ном олган уруш олиб борди, бироқ унинг ушбу ҳаракатлари кутилган натижалар бермади.
Шу даврнинг ўзида, урушнинг охирига қадар давом этган Атлантика учун жанглар бошланди. Ушбу жангларда дастлаб Германия устун келди, 1942 йилдан эътиборан эса денгиздаги вазият ғарб давлатлари фойдасига тубдан ўзгариб кетди.
1941 йилнинг баҳорида Германия армияси Италия ва Венгрия билан биргаликда Албания, Югославия ва Грецияни тор-мор қилиб, ҳудудларини эгаллаб олди (Болқон кампанияси). Африкадаги уруш майдонида эса Италия-Германия қўшинлари Ливияни забт этиб, Мисрга бостириб кирди.
Узоқ Шарқда Япония томонидан Хитойга қарши уруш 1937 йилдан олиб борилган бўлиб, босиб олинган соҳил бўйи ҳудудлари аста-секин кенгайтириб борилди. 1940 йилнинг июль ойидан бошлаб фашистлар Германияси пинҳон равишда ССРИга қарши уруш бошлашга тайёргарлик кўра бошлади. Шу йилнинг декабрь ойида Германия ҳукумати томонидан ССРИга ҳужум режаси («Барбаросса» режаси) тасдиқланди ва ушбу тайёргарлик босқичи қайтарилмас тус олди.
Shokir Dolimov
03.05.2013, 23:53
Урушнинг иккинчи даври – 1941 йил 22 июндан 1942 йилнинг 18 ноябрига қадар давом этиб, Германия ва унинг иттифоқчилари (Руминия, Финляндия, Венгрия ва Италия) томонидан Совет Иттифоқига ҳужум қилиши, совет халқининг фашистлар истилосига қарши уруш бошлаши, немис-фашист агрессиясининг бартараф этилиши ва гитлерчиларнинг «Яшин тезлигидаги уруш» доктринаси барбод бўлиши билан кечди.
Ушбу давр немис-фашист қўшинларининг ССРИ ҳудудига хиёнаткорона ҳужуми билан бошланди. Совет Иттифоқининг урушга етарлича тайёр бўлмаганлиги, мудофаа фронтини ташкил этмаганлиги ва ҳарбий-сиёсий раҳбарияти томонидан йўл қўйилган хатоликлардан, шунингдек, ўз қуролли кучларининг тўла-тўкис сафарбар этилганлигидан фойдаланган Германия армияси чегара ҳудудларида олиб борилган жангларда ССРИнинг чегара олди округларини қуршовга олиб, қўшинларнинг йирик сонини йўқ қилиш йўли билан совет қўшинларига катта талафотлар келтирди, Болтиқ бўйи, Ғарбий Белоруссия, Украина ва Молдавия ҳудудининг катта қисмини босиб олди. Совет-герман фронти Иккинчи жаҳон урушининг энг асосий ва ҳал этадиган фронтига айланиб қолди.
Башариятга қарши умумий таҳдид туғилгач, гитлеризмга қарши иттифоқ шакллана бошланди. Буюк Британия ва АҚШ ушбу урушда ССРИни қўллаб-қувватлашлари ҳақида баёнот берди. Фашистлар томонидан Яқин Шарқда таянч пунктлари яратилишининг олдини олиш мақсадларида, биргаликда келишилган битимга асосан, 1941 йил август ойида Совет Иттифоқи ва Буюк Британия ўз қўшинларини Эронга киритдилар.
1941 йил сентябрь ойининг охирига келиб, немис-фашист қўшинлари ССРИ ҳудудининг 500-600 км ичкарисига кириш, Ленинград атрофида қамал ҳалқасини яратиш, Болтиқ бўйи, Белоруссия, Украина ва Қримни тўла-тўкис босиб олишга эришди. Шундан сўнг гитлерчилар ўз кучларини гуруҳларга қайта бўлиб чиқиб, 1941 йилнинг октябрь ойидан эътиборан Москва йўналишида ҳал этадиган ҳужумни («Тайфун» операциясини) уюштирдилар. Бироқ совет қўшинлари ушбу зарбани нафақат бартараф этди, балки қарши ҳужумга ҳам кўтарилди, кейинчалик эса бу ҳужум ялпи ва умумий қарши ҳужумга айланиб кетди. Фашистларга йирик талафотлар келтирилиб, қўшинларининг асосий зарбдор кучлари тор-мор келтирилди, пойтахтга нисбатан таҳдид батамом барҳам топди, душман Тихвин ва Ростовдан улоқтириб юборилди ва шу тарзда гитлерчиларнинг яшин тезлигида уруш олиб бориш режаси барбод бўлди.
Бироқ 1942 йилнинг ёзида стратегик ташаббус такрор душман қўлига ўтди. Душман совет қўшинлари тор-мор қилинган Керч яриморолидаги бир қатор муҳим операциялар, Севастополни қўлга киритгани, Харьков ва Любань бўсағаларида совет қўшинлари туркумини янчиб ташлаганидан сўнг иккинчи стратегик ҳужумга ва бу сафар жанубий йўналишда киришди.
Натижада душман 1941 йил июнь-ноябрь ойларида кетма-кет ўтказган операциялари давомида совет қўшинларига жиддий талафотлар етказиш, Дон дарёсининг юқори оқими ва Сталинград бўсағасидан оқиб ўтаётган Волга дарёсига етиб келиш, Шимолий Кавказни забт этишга муваффақ бўлди. Шундай бўлганига қарамай, Гитлер, ўз олдига қўйган ҳарбий-сиёсий мақсадига эриша олмади. Унинг қўшинлари Сталинград бўсағалари ва Кавказ тоғларининг этакларида тўхтатилди ва узунлиги 6000 км келадиган фронт бўйлаб чўзилиб кетиб, жуда мушкул аҳволга тушиб қолди.
1941 йилнинг қиш ва 1942 йилнинг ёз фаслларида Африка уруш майдонларидаги ҳарбий ҳаракатлар ўзгарувчан муваффақиятлар билан олиб борилди. 1942 йил ёзининг ниҳоясида эса бу ерда муваққат сукунат ҳукм сурди. Атлантикада Германиянинг сув ости кемалари океан коммуникацияларида олиб борган операцияларининг кўламини кенгайтириб, иттифоқчи мамлакатлар флотлари ва конвойларига катта зарар етказди. Норвегия ва Баренц денгизлари коммуникацияларида ҳам немис сув ости кучлари ва ҳарбий авиациясининг ҳаракатлари жадаллашди.
Осиё-Тинч океан уруш майдонида эса Япония 1941 йил 7 декабрь куни Перл-Харбор ҳарбий-денгиз базасига қарата дафъатан зарба бериб, АҚШга қарши уруш бошлаб юборди. Зарба натижасида Япония АҚШнинг Тинч океандаги флотига жуда йирик талафот етказиб, денгиздаги ҳукмронликни қўлга киритди. Ушбу ҳукмронликдан фойдаланган Япония 1942 йил бошида Малай, Индонезия, Филиппин ва Бирмани босиб олди, Буюк Британиянинг Сиам кўрфазидаги қироллик флотига, сўнгра Ёвон операциясини амалга ошириб, Америка-Голландия флотига жиддий талафот етказди. Хитойда эса япон қуролли кучлари озод этилган ҳудудларга қарши жазо операцияларини ўтказди.
Урушнинг учинчи даври – 1942 йил 19 ноябрдан 1943 йил 31 декабрга қадар давом этиб, совет қўшинларининг Сталинград бўсағаларида қарши ҳужумга кўтарилиши билан бошланди. Ушбу ҳужум душман кучларининг 330 минглик туркуми қуршовга олиниши ва батамом тор-мор келтирилиши билан якун топди. Совет қуролли кучларининг келгусида Великие Лукидан Қора денгизгача авж олиб кетган стратегик ҳужуми совет-герман фронтининг марказий ва жанубий қисмларида немис, венгр, итальян ва румин қўшинларининг тор-мор келтирилиши, Россиянинг бир қатор марказий вилоятлари, Донбасс ва Шимолий Кавказнинг катта қисми озод этилишига олиб келди. Шу тарзда Совет Иттифоқи ҳарбий-сиёсий ва стратегик ташаббусни тўла-тўкис қўлга киритди. Немис-фашист босқинчиларининг ССРИ ҳудудидан ёппасига қувиб чиқариш жараёни бошланди.
1943 йилнинг ёз фаслида гитлерчиларнинг ҳарбий-сиёсий раҳбарияти Курск бўсағаларида навбатдаги (учинчи) ҳужумни («Цитадель» операциясини) уюштиришга уриниб кўрди. Бироқ бу уриниш Германия армияси учун қақшатқич мағлубият билан якун топиб, узоқ давом этган позицион мудофаа урушини олиб боришга мажбур қилди. Днепр учун олиб борган кейинги жангда Совет Армияси душманнинг «Шарқий девор», деб номланган маррада босиб олинган ҳудудларни қўлда сақлаб қолиш ниятини барбод қилди.
Натижада Иккинчи жаҳон урушида туб бурилишлар, ҳарбий-сиёсий ва стратегик вазиятда эса қайтариб бўлмайдиган ўзгаришлар гитлеризмга қарши иттифоқчилар фойдасига юз берди. Фашистлар блокининг парчаланиш жараёни бошланди. Германиянинг тор-мор бўлиши муқаррар бўлиб қолди.
Африкадаги уруш майдонларида инглиз қўшинлари Эль-Аламейн ҳудудидаги итальян-немис қўшинларига жуда йирик талафотлар келтирди. Айни вақтда Касабланкага (Марокаш) Америка қўшинларининг йирик контингенти туширилди. Шундан кейин иттифоқчилар томонидан ўтказилган Шимолий Африка ва Тунис операцияларида герман-итальян экспедицион қўшинлар янчиб ташланиб, 220 минг кишилик кучлар таслим бўлишга мажбур қилинди. 1943 йил ёзининг ўрталарида ўтказилган Сицилия ва жанубий Италия операциялари натижасида иттифоқчилар Сицилия оролини забт этиб, Италия қирғоқларига келиб тушдилар. Бу эса ўз навбатида, Италиянинг урушдан чиқишига олиб келди.
Осиё-Тинч океан уруш майдонида Япония қуролли кучлари қўлга киритилган ҳудудларни сақлаб қолишга уринганича стратегик мудофаага ўтиб олди. Англия-Америка қўшини эса ўз навбатида, ҳужумга ўтиб, ҳаво ва денгиздаги ташаббусни қўлга киритганча, япон флотига (Мидуэй ороли ва Соломон ороллари яқинидаги денгиз жангларида) бир қатор талафотлар келтирди, Янги Гвинеяга тушди, Алеут оролларини озод этди.
Урушнинг ушбу даврида Германия томонидан босиб олинган барча ҳудудларда партизанлар ва халқ озодлиги ҳаракатлари кескин авж олиб кетди. Иттифоқчилар томонидан Германия ҳудудидаги шаҳарлар ва йирик саноат объектларига қарата йирик ҳаво операциялари олиб борилди.
Бир вақтнинг ўзида Атлантикадаги вазият ҳам ғарб давлатлари фойдасига тубдан ўзгариб кетди.
Shokir Dolimov
03.05.2013, 23:58
Урушнинг тўртинчи даври – 1944 йил 1 январдан 1945 йил 9 майга қадар давом этди. Ушбу давр Европада иккинчи фронт очилиши, немис-фашист босқинчиларининг Совет Иттифоқи ҳудудидан битта ҳам қолдирмай қувиб чиқарилиши, Ғарбий Европа мамлакатларининг озод этилиши, фашистлар Германиясининг батамом ҳалокатга учраши, таслим бўлган раҳбариятининг сўзсиз капитуляцияга имзо чекиши билан тавсифланади.
Ушбу даврда асосий ҳодисалар, урушнинг олдинги даврлари каби Шарқий фронтда бўлиб ўтди. 1944 йили йирик ҳужумкор стратегик операциялар ўтказган Совет Армияси герман қўшинларининг энг муҳим туркумларини тор-мор келтирди, Болтиқ бўйи, Белоруссия, Украинанинг чап соҳили ва Молдавияни озод этиб, ўз ҳарбий ҳаракатларини давлат чегараларидан ташқарисига олиб чиқди.
Кейин ўтказилган операциялар натижасида Финляндия, Руминия ва Венгрия урушдан чиқарилди, Польша, Чехословакия, Югославия, Болгария ва Австрия озод этилди. Совет қўшинлари Германия ҳудудига кириб келиб, 1945 йил 2 май куни унинг пойтахти Берлин шаҳрини забт этди. Эльба дарёсида эса Англия-Америка қўшинлари билан учрашди.
1944 йил 6 июнь куни Ғарбий Европада Англия-Америка қўшини Нормандияга келиб тушди ва бу билан иккинчи фронтни очиб, Франция, Бельгия ва Нидерландияни озод этиш операцияларини бошлаб юборди, шундан сўнг Германиянинг ғарбий ҳудудларига бостириб кирди. 1945 йилнинг баҳорида эса ушбу қўшин Рейн дарёсини кечиб ўтиб, Германиянинг жанубий ва марказий ҳудудларини забт этди.
Шарқ ва ғарбдан ҳамкорликда берилган зарбаларга бардош бермаган гитлерчилар Германияси қаршилик кўрсатишдан воз кечишга мажбур бўлиб, 1945 йил 9 май куни сўзсиз капитуляция далолатномасига имзо чекди. Шу тариқа, фашистлар Германияси ва унинг иттифоқчиларига қарши олиб борилган уруш гитлеризмга қарши иттифоқчи давлатларнинг тўла-тўкис ғалабаси билан поёнига етди.
Айни вақтда Япония Осиё-Тинч океан уруш майдонида ўз ҳарбий ҳаракатларини давом эттирмоқда эди. Иттифоқчилар армиялари ва флоти, умумий стратегик ҳужумга ўтиб, япон флотини батамом янчиб ташлади, Океаниянинг катта қисмини озод этиб, япон оролларига тақалиб келди.
Урушнинг бешинчи даври – 1945 йилнинг 9 майидан 2 сентябрига қадар давом этиб, Япониянинг тор-мор қилиниши ва Осиё халқларининг япон истилосидан озод этилиши билан кечди.
Урушнинг ушбу даврида ССРИ 1945 йил 9 август куни Японияга уруш эълон қилди ва қисқа вақт давом этган операция давомида Квантун армиясини янчиб ташлаб, Манчжурия, Шимолий-Шарқий Хитойнинг айрим вилоятлари, Шимолий Корея, Сахалин ва Куриль оролларини озод этди. Америка Қўшма Штатлари 1945 йилнинг 6 ва 9 август кунлари Хиросима ва Нагасакига атом бомбаларини ташлаб, ушбу шаҳарлар ва улардаги кўп сонли тинч аҳолини йўқ қилиб юборди. 1945 йил 9 сентябрь куни Япония таслим бўлди.
Иккинчи жаҳон уруши тамом бўлди. Бу уруш унда қатнашган барча давлатларга беҳисоб вайроналиклар ва улкан талафотлар келтирди. Иккала томонда ҳалок бўлганларнинг умумий сони 50 млн кишидан ортиб кетди.
Урушнинг асосий қийинчилиги, яъни немис-фашист қўшинларининг катта қисмини (607 дивизиясини) йўқ қилиш Совет Иттифоқи қисматига тушди, бироқ ўзи ҳам катта талафот кўрди. 27 миллионга яқин совет фуқаролари ҳалок бўлди, 1710 та шаҳар ва посёлка, 70 мингта қишлоқ, 32 мингта саноат корхонаси вайрон бўлди.
АҚШ, Буюк Британия, Франция, Хитой ва гитлеризмга қарши иттифоққа аъзо бўлган кўплаб бошқа давлатлар умумий ғалабага жуда катта ҳисса қўшдилар.
Жаҳоннинг энг тажовузкор кучлари тор-мор қилинганлиги урушнинг энг муҳим натижаси саналади. Бу эса ўз навбатида, дунё қиёфасини, жаҳондаги сиёсий кучлар тақсимотини тубдан ўзгартириб юбориб, жаҳон социалистик тизимининг вужудга келишига олиб келди.
Бироқ социалистик тизимда «Совет намунаси»га монанд тоталитар режимлар қарор топа бошлади. Бунинг оқибатида юзага келган кескин зиддиятлар «Совуқ уруш» бошланиши, жаҳонда янги ижтимоий-сиёсий инқироз қарор топиши, кейинчалик Шарқий Европа давлатларида коммунистик режимнинг барҳам топиши, Варшава Шартномаси Ташкилоти тарқалиб кетиши ва ниҳоят 1991 йили Совет Иттифоқининг ўзи парчаланиб кетишига олиб келди.
Shokir Dolimov
04.05.2013, 00:03
СОВЕТ ИТТИФОҚИ ТОМОНИДАН 1941-45 ЙИЛЛАРДА ГЕРМАНИЯ ФАШИСТЛАРИГА ҚАРШИ ОЛИБ БОРИЛГАН УРУШ (война Советского Союза против фашистской Германии 1941-45 гг.) Иккинчи жаҳон урушининг асосий таркибий қисми. Ватан озодлиги ва мустақиллиги учун совет халқи томонидан олиб борилган адолатли уруш, халоскорлик уруши. Фашистлар Германияси ва унинг Европадаги иттифоқчилари томонидан ССРИга қарши бошланган, муросасиз, қатъий мақсадлар кўзланган ва мисли кўрилмаган бешафқат тарзда олиб борилган уруш.
Совет Иттифоқи томонидан Германия фашистларига қарши олиб борилган урушда стратегик ташаббус дам у томон, дам бу томонга ўтган тарзда 1418 кун ва тун давом этган.
Ушбу уруш учта даврга бўлиниб, саккизта ҳарбий кампания, 17 та стратегик мудофаа ва 38 та стратегик ҳужум операцияларига эга бўлган.
Уруш гитлерчилар Германияси томонидан, ўзининг ва ўзи истило қилган Ғарбий Европа мамлакатларининг ҳарбий-иқтисодий имкониятларига таянган ҳолда тайёрланган. Германия қуролли кучлар шахсий таркибининг сони 7,3 млн кишига етказилган. ССРИга ҳужум қилинганда Германия ва унинг иттифоқчиларига мансуб:
жами 5 млн кишидан иборат 182 та дивизия ва 20 та бригада;
4400 та танк ва артиллерия қуроллари;
47,2 мингта тўп ва миномётлар;
4440 та жанговар самолёт;
192 тадан кўп кемалар қўлланилган.
Санаб ўтилган кучларнинг ҳаммаси учта армия гуруҳига, хусусан «Шимол», «Марказ» ва «Жануб» армияларига мужассам этилган бўлиб, Ленинград, Москва ва Киев стратегик йўналишларига қаратилган.
Гитлернинг 1940 йил 18 декабрдаги 21- сонли директиваси билан тасдиқланган Германия стратегик («Барбаросса») режасида яшин тезлигида ўтказиладиган битта кампания билан Совет Иттифоқининг узил-кесил тор-мор қилиниши кўзда тутилган.
Бунда Қизил Армиянинг асосий кучлари Днепр, Ғарбий Двина чизиғининг чап томонидаги чегара олди ҳудудларда яксон этилиши, сўнгра Москва, Ленинград, Киев ва Донбасс забт этилиб, Волга, Архангельск чизиғига чиқилиши режалаштирилган.
Бу вақтда Совет Иттифоқи ғарбда, кейинчалик фронтларга айлантирилган тўртта ҳарбий округ ташкил этган бўлиб, улар таркибига:
жами 3,1 млн кишидан иборат 186 та дивизия;
12,8 мингта танк, улардан 2242 таси носоз, 1,8 мингтаси эса КВ-1 ва Т-34 русумли янги танклар;
47,2 мингта тўп ва миномётлар;
7,5 мингта самолёт, улардан 1,5 мингтаси янги русумли жанговар самолётлар кирган.
Уруш олиб боришнинг стратегик режаси чегара олди ҳудудларда уюштирилган тажовузни бартараф этиб, Жанубий-Ғарбий, Ғарбий, сўнгра Шимолий-Ғарбий йўналишларда зудлик билан қатъий ҳужумга ўтишдан иборат бўлган эди.
Уруш душманнинг 1941 йил 22 июнь куни бостириб кириши билан бошланди ва учта даврни ўз ичига қамраб олди. Ушбу даврлар вақт бўйича Иккинчи жаҳон урушининг иккинчи, учинчи ва тўртинчи даврларига мос келади. Фашистлар Германияси томонида Италия, Руминия, Венгрия ва Финляндия давлатлари ҳам ушбу уруш бошланишида иштирок этди. Совет Иттифоқи тажовузни ёлғиз ўзи бартараф этишга мажбур бўлди.
Урушнинг биринчи даврида совет қўшинлари чегара олди жангларида катта талафотлар кўрди. Гитлерчилар армияси Ғарбий, Шимолий-Ғарбий ва Жанубий-Ғарбий фронтларнинг катта кучларини қуршаб олиш ва йўқ қилишга муваффақ бўлди. 9 июлга келиб душман Болтиқ бўйининг катта қисмини, Белоруссиянинг ғарбий ҳудудларини, Украинанинг чап соҳилини эгаллаб олиб, Ленинград, Смоленск, Киев ва Каменец-Подольскийнинг олис бўсағаларига етиб келди. Бу билан урушнинг бошланғич даври ниҳоясига етди. 1941 йилнинг 10 июлидан 10 сентябрига қадар Ғарбий йўналишдаги Смоленск остоналарида жуда муҳим жанглар бўлиб ўтди. Натижада душман Иккинчи жаҳон уруши давомида биринчи маротаба тўхтатилди ва асосий хатти-ҳаракатларни қанотларга олиб ўтишга мажбур бўлди.
1941 йилнинг август-октябрь ойларида немис-фашист қўшинлари Ленинград остонасига етиб келди, бироқ шаҳарни эгаллашга муваффақ бўлмади. 800 кун давом этган Ленинград учун жанг бошланди. Жанубий-Ғарбий ва Жанубий йўналишларда фронт бўйлаб зарба бериб, Киевни забт эта олмаган душман, асосий хатти-ҳаракатларини Марказий ва Жанубий-Ғарбий фронтларнинг қўшинларига қарши йўналтирди. Гомель томонидан жанубга, Кременчуг плацдармидан шимолга қарата қанотлардан қудратли ҳужум бошлади. Натижада Днепрда мудофаа жангларини олиб бораётган совет қўшинларининг ортки томонига чиқиб олди. Уларнинг йирик қисмини қуршовга олиб, Донбассга ёриб ўтди ва Одессани қамал қилди. Шундан сўнг Қрим яриморолининг катта қисмини эгаллаб, Севастопольга етиб борди. Одесса ва Севастополнинг қаҳрамонона мудофааси немис қўшинларининг олға илгарилашини бир неча ойга кечиктирди.
1941 йилнинг октябрь ойида немис-фашист қўмондонлиги ғарбий йўналишдаги ўз кучларини гуруҳларга қайта бўлиб чиқиб, Москвага биринчи, 1941 йилнинг ноябрь ойида эса иккинчи ҳал этадиган ҳужум («Тайфун» операциясини) уюштирди. Москва учун жанг бошланди. Душман советлар пойтахтининг яқин остонасига қадар етиб келиш, айни вақтда шимолий-ғарбда Тихвинни эгаллаш, Ленинградни батамом қамал қилиш, жанубда эса Ростов-Донни забт этишга муваффақ бўлди. Бироқ бу, немис-фашист қўшинларининг 1941 йил кампаниясидаги энг сўнгги муваффақияти бўлди.
1941 йил декабрь ойининг бошида совет қуролли кучлари дастлаб Тихвин ва Ростов остоналарида, 1941 йилнинг 5 декабрь куни эса Москва бўсағасида қарши ҳужумга кўтарилди. Натижада душман қўшинининг асосий зарбдор туркумлари янчиб ташланди.
Стратегик ташаббусни қўлга киритган Қизил Армия шимолий-ғарбий, ғарбий, жанубий-ғарбий ва жанубий йўналишларда оммавий стратегик ҳужумни бошлаб юборди. Ушбу ҳужум давомида душман катта талафот кўриб, 150-400 км нарига улоқтириб юборилди. Бу билан «Яшин тезлигидаги уруш» режаси барбод бўлиб, гитлерчилар армияси енгилмас эканлиги ҳақидаги бемаъни афсоналар пучга чиқди.
Шунга қарамай, Европада иккинчи фронт очилмаганлиги немис қўмондонлигига нафақат ўз кучларини тиклаш, балки қуролли кучлар таркибини кўпайтириб, 1942 йилнинг баҳор ва ёз ойларида совет-герман фронтининг жанубий қанотида янги қудратли ҳужум уюштиришга имкон берди. Қрим ва Харьков остоналаридаги совет қўшинлари яна катта талафот кўриб, Севастополни ташлаб кетишга мажбур бўлди. Шундан сўнг, душманнинг сон жиҳатдан катта қўшинлари томонидан берилган зарбалар остида Воронеж ва Сталинград остига ҳамда Кавказ тоғ тизмасининг этакларига чекинди (немис-фашист қўшинларининг «Тулки ови», «Фридерикус 1, 2», «Вильгельм», «Блау 1, 2, 3», «Брауншвейг» ва «Эдельвейс» операциялари).
Оғир вазият қарор топди. Урушга қадар 42% аҳоли яшаган, саноат маҳсулотларининг 2/3 қисми ишлаб чиқарилган ҳудудлар бой берилди. Совет Иттифоқи яна ҳалокатли хавф остида қолди. Бироқ советлар давлати Шарқда (Урал ва Сибирда ҳамда Ўрта Осиё ва Қозоғистон республикаларида) барпо этилган иккинчи ҳарбий-саноат базасини ишга солиб, иттифоқчилар томонидан етказиб берилган чекланган ҳарбий ёрдамдан фойдаланиб, нафақат душман сиқувига бардош бера олди, балки Сталинград остоналари ва Шимолий Кавказда олиб борилган шафқатсиз жангларда немис қўшинларининг тинкасини қуритиш ва ҳужумини тўхтатишга муваффақ бўлди. Гитлерчиларнинг режаси яна барбод бўлди. Бундан ташқари, ҳужум жангларини олиб бораётган душман қўшинлари ўз ихтиёридаги барча захираларни сарф этиб бўлган ва узундан-узоқ фронтга чўзилиб кетган тарзда – ўзи танг аҳволга тушиб қолди.
Shokir Dolimov
04.05.2013, 00:06
Урушнинг иккинчи даври совет қўшинларининг Сталинград остоналарида 1942 йил 19 ноябрь кунги қарши ҳужуми билан бошланди.
Бу ҳужум тарих саҳифаларида «Урушдаги туб бурилиш» деган ном олди. Ушбу қарши ҳужум давомида Қизил Армия стратегик ташаббусни яна қўлга киритиб, душман кучларининг Волга дарёсига етиб келган 330 минглик туркумини қуршовга олди («Уран», «Кичик Сатурн» ва «Ҳалқа» операциялари), сўнгра Ўрта ва Юқори Донда немис, румин, итальян ва венгр қўшинларига қақшатқич талафотлар етказди, Шимолий Кавказнинг катта қисми, Донбасс ва Россиянинг бир қатор марказий вилоятларини озод этди, Ленинград қамалини ёриб ташлади («Учқун» операцияси). Душман 500-600 км нарига улоқтириб ташланди. Ғарбдан йирик кучларни олиб ўтганидан сўнггина, немис қўмондонлиги, Донбасс ва Харьков остоналарида қарши ҳужум уюштириб, ўз фронтини базўр барқарорлаштириб олди.
Сталинград остоналаридаги ғалаба урушда туб бурилиш рўй беришининг бошланиши бўлди. Бироқ гитлерчилар раҳбарияти уруш боришини ўз фойдасига ўзгартиришга уринишдан воз кечмади. Оммавий сафарбарлик ўтказиш натижасида у 1943 йилнинг ёз фаслига келиб, Шарқда ҳаракатланаётган армиясининг сонини 5 млн 65 минг кишига, танклар ва артиллерия қуролларининг, шу жумладан, «Тигр», «Пантера» ва «Фердинанд» русумларининг сонини 5850 тага, тўплар сонини 54330 тага, жанговар самолётлар сонини эса 2980 тага етказишга эришди.
1943 йилнинг июль ойида ушбу кучларнинг аксарият қисмини Курск дўнглиги ҳудудига жамлаган немис-фашист қўмондонлиги совет қўшинларининг Курск плацдармидаги миллионлик туркумини қуршаб олиш («Цитадель» операцияси), сўнгра жануб ва шарқ томон ҳаракатланиш («Пантера» операцияси) ниятида учинчи стратегик ҳужумни уюштиришга уриниб кўрди.
Бироқ бу режа совет қўшинлари томонидан барбод қилинди. Душман ғоясини англаб етган ССРИ ҳарбий-сиёсий раҳбарияти атайин мудофаага ўтиб, рақиб зарбасини бартараф этиш, сўнгра қарши ҳужумга кўтарилиш ва шундан сўнг умумий ҳужумга ўтишга қарор қилди. Ушбу режани амалга ошириш мақсадида Курск йўналишига йирик кучлар, олтита танк армиясидан бештаси жамланиб, захира Чўл фронти ташкил этилди.
1943 йил 5 июль куни бошланган Курск жанги давомида душманнинг ҳужумкор туркумлари тактик кенгликлардаёқ тўхтатилди. Шундан сўнг олд томон ва қанотлардан қудратли зарбалар берилиб, улоқтириб юборилди. Совет қўшинлари қарши ҳужумга кўтарилди («Кутузов», «Лашкарбоши Румянцев» операциялари).
Душман Орёл ва Белгород-Харьков плацдармларини ташлаб чиқишга мажбур бўлди. Немис қўмондонлиги учун ҳужумкор стратегиядан воз кечиб, узоқ давом этадиган мудофаа урушига ўтишдан бошқа илож қолмади. Бу эса ўз навбатида, Совет Иттифоқи томонидан олиб борилган урушдаги туб бурилишнинг иккинчи, ҳал этадиган босқичи бўлди.
Қўлга киритилган муваффақиятлардан фойдаланган Қизил Армия Великие Лукидан Қора денгизгача умумий ҳужумга кўтарилди. Смоленск стратегик операцияси («Суворов» операцияси), Донбассдаги ҳужум ва Днепр учун жанглар давомида душманга такрор қақшатқич зарба берилди ва бу билан урушни, Десна ва Днепр дарёлари яқинида яратган «Шарқий девор» ортида позицион уруш шаклига ўтказиш борасидаги уринишлари барбод бўлди.
Совет қўшинлари Белоруссиянинг шарқий ҳудудлари, Украинанинг чап қисми ва Тамань яриморолини озод этди, Днепрни кечиб ўтиб, Украинанинг ўнг қисмини озод этишга киришди. 1942 йилнинг ноябрь ойидан 1943 йилнинг декабрь ойига қадар совет қўшинлари 500 километрдан 1300 километргача олға илгарилади, душман томонидан эгаллаб олинган ССРИ ҳудудининг 50 фоизи озод этилди.
Душманнинг совет-герман фронтидаги 236-266 та дивизиясидан 218 таси янчиб ташланди. Стратегик ташаббус урушнинг барча фронтларида Совет Армияси (Қизил Армия энди шундай атала бошланди) ва гитлеризмга қарши курашаётган иттифоққа аъзо бўлган бошқа давлатларнинг қуролли кучлари қўлига узил-кесил ўтди. Бу билан Совет Иттифоқи томонидан олиб борилаётган ва умуман Иккинчи жаҳон урушидаги туб бурилиш жараёни ниҳоясига етди.
Урушнинг учинчи даври 1944 йилнинг 1 январидан 1945 йилнинг 9 майига қадар давом этди.
Ушбу давр давомида совет қуролли кучлари душманга жадал зарбалар бериб борди. 1944 йили ўтказилган йирик миқёсли стратегик ҳужум операциялари натижасида совет қўшинлари Ленинград шаҳрини қамалдан батамом халос этиш, Ленинград ва Новгород вилоятлари, Қрим ва Белоруссия, Украинанинг ўнг қисмидаги катта ҳудудни озод этишга муваққат бўлиб, Карпат тоғ бағридан ўтган давлат чегараси ва Руминия ҳудудларига етиб келди.
1944 йилнинг ёз фаслида, Европада ғарб мамлакатлари томонидан иккинчи фронт очилганидан сўнг, «Багратион» операцияси ҳамда шимолий-ғарбий, ғарбий, жанубий-ғарбий йўналишларда олиб борилган бир қатор йирик операциялар давомида Болтиқ бўйининг катта қисми, бутун Белоруссия, Ғарбий Украина озод этилди, Руминия ва Финляндия урушдан чиқарилди, Венгрияни озод қилиш учун жанглар бошланди. Германия Европадаги барча иттифоқчиларидан маҳрум бўлди. Уруш Германиянинг шарқий чегараларига етиб келиб, Шарқий Пруссиядаги чегараларини кесиб ўтди.
1945 йилнинг қиш ва баҳор фаслларида Совет Армияси ўз иттифоқчиларининг армиялари билан биргаликда Германия, Венгрия, Чехословакия ва Австрия ҳудудларидаги сўнгги стратегик операцияларини амалга оширди. Немис-фашист армиялари батамом тор-мор қилинди. 1945 йил 9 май фашистлар Германияси устидан қозонилган ғалаба ва Европада уруш тугаган кун бўлди.
Ушбу ғалаба нафақат фронтларда олиб борилган, шафқатсизлиги бўйича мисли кўрилмаган қуролли кураш натижасида, балки фашист қўшинлари орти ва улар босиб олган ҳудудларда жанг олиб борган йирик партизан отрядлари ва яширин ташкилотлар томонидан амалга оширилган ҳарбий ҳаракатлар натижасида қўлга киритилди. Шу билан бирга, уруш тақдири иккала томоннинг улкан иқтисодий ва сиёсий курашида ҳал бўлиб борди. Катта талафотлар кўрганига қарамай Совет Иттифоқи нафақат саноат корхоналарини Шарққа, мисли кўрилмаган тарзда эвакуация қилиб ўз саноатини тиклаб олди, балки Германия ва унинг иттифоқчилари устидан ҳарбий маҳсулот чиқариш масалаларида икки карра устун келишга муваффақ бўлди. Уруш йилларида ССРИда 125655 та жанговар самолёт, 102,8 мингта танк ва ўзиюрар артиллерия қурилмалари, 834 мингта тўп ва миномёт ишлаб чиқарилди.
Совет дипломатиясининг энг йирик муваффақияти – гитлеризмга қарши иттифоқни шакллантира олганидир. Фашистлар блоки кун сайин парчаланиб борган ўша даврда фашизмга қарши блок, ССРИ, АҚШ, Буюк Британия ва Франция давлатларининг ҳамкорлиги, бир қатор ихтилофлар вужудга келганига қарамай, доимо мустаҳкамланиб борди. Ғарб мамлакатлари ССРИни нафақат сиёсий жиҳатдан қўллаб-қувватлади, балки унга сезиларли иқтисодий ва ҳарбий ёрдам кўрсатиб, ўз ҳарбий ҳаракатларини мувофиқлаштириб борди. Бу эса ўз навбатида, уларнинг биргаликда ғалаба қозонишларини таъминлаб, Иккинчи жаҳон уруши хотимасини олдиндан ҳал этди.
Shokir Dolimov
04.05.2013, 00:12
ХХ АСРНИНГ 50-90- ЙИЛЛАРИДА ОЛИБ БОРИЛГАН МАҲАЛЛИЙ УРУШЛАР (локальные войны 50-90-х годов ХХ века) Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Ер шарининг турли минтақаларида айрим давлатлар ва давлатлар гуруҳлари ўртасида олиб борилган урушлар.
ХХ асрнинг 50–90- йиллари давомида жами 200 дан ортиқ жузъий ҳарбий можаролар ва шиддати ўртача кечган 20 га яқин урушлар юз берди.
Маҳаллий урушлар жумласига катта аҳамиятга эга бўлган бир қатор урушларни, хусусан:
1950-53 йилларда бўлиб ўтган Кореядаги урушни;
1959-75 йилларда бўлиб ўтган Вьетнамдаги урушни;
1967, 1973 ва 1982 йилларда Яқин Шарқда Исроил билан араб давлатлари ўртасида бўлиб ўтган урушни;
1982 йили бўлиб ўтган Англия-Аргентина ҳарбий можаросини;
1979-89 йилларда бўлиб ўтган совет-афғон урушини;
1991 йили Форс кўрфазида бўлиб ўтган урушни киритиш мумкин.
Африка ва Жанубий Евросиёда бўлиб ўтган этник ва фуқаролар урушлари қурбон бўлганлар сонига кўра йирик урушлар саналади.
Мулоҳаза юритилаётган урушлар оддий қурол-яроғ қўлланилган тарзда олиб борилган. Айни вақтда уруш олиб борган иккала томон ўз ҳаракатларини АҚШ ва НАТОга аъзо бошқа давлатлар ёки ССРИ ва Варшава шартномасига аъзо бўлган бошқа давлатларнинг тўғридан-тўғри ва билвосита мадади билан амалга оширганлар.
Аксарият ҳолларда урушлар муросага келиш ёки кўзланган мақсадларга қисман эришиш билан якун топган. Сиёсий жиҳатдан ушбу урушлар халқаро кескинликнинг ошиб кетиши ва «совуқ уруш»нинг ривожланишига олиб келган бўлса, ҳарбий маънода – ҳарбий ҳаракатлар олиб боришнинг янги шакл ва усуллари шаклланишига омил бўлган.
Эътиборингиз учун раҳмат!
Салом Шокир Долимов. Рахмат маълумотлар учун. Ушбу китобингизни ZiyoNET кутубхонасига жойлаштирсангиз яхши буларди. Ресурслар сони купаярди.
vBulletin® v3.8.5, Copyright ©2000-2025, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot