PDA

Просмотр полной версии : Фазилатларни қалбида, чеҳрасида, асарларида зуҳур этган адиб: Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек


Nigora Umarova
05.01.2013, 16:17
Кўп асрлик ўзбек адабиёти тарихида ХХ аср адабиёти алоҳида ўринни эгаллайди. Шу асрда ўзбек адабиёти Шарқ ва Ғарб адабиётининг энг яхши бадиий ютуқларини ўзлаштириб, бадиий ижоднинг барча тур ва жанрларида яратилган юксак асарлар билан бойиди. Ўзбек адабиётининг ХХ асрда катта ижодий довонларни забт этишида Муса Тошмуҳаммад ўғли Ойбекнинг хизматлари, айниқса, каттадир. У устозлари Абдулла Қодирий ва Чўлпоннинг энг яхши адабий анъаналарини давом эттириб, ўлмас насрий ва шеърий асарлари, илмий ва адабий-танқидий мақолалари билан ўзбек адабиёти ва адабиётшунослигини янги тараққиёт босқичига олиб чиқди.
Шундай шоир ва ёзувчилар бўладики, улар ёзган асарлари билан эл-юрт ўртасида шуҳрат қозонадилар. Оддий китобхон ҳатто уларнинг қачон ва қаерда яшаганларини ҳам билмаслиги мумкин. Аммо шундай шоир ва ёзувчилар ҳам бўладики, замондошлар биринчи навбатда уларнинг қандай инсон эканликларини кўриб-билиб, шу ҳақидаги тасаввурларидан келиб чиққан ҳолда улар ёзган асарларни ё севиб ўқийдилар ёки умуман четлаб ўтадилар.
Ойбек шоир ва ёзувчиларнинг бу ҳар икки туридан фарқли ўлароқ замондошлари ва ватандошлари меҳрини ҳам улуғ ёзувчи сифатида, ҳам улуғ инсон сифатида қозонган эди. Ойбек асарларининг газета ва журнал саҳифаларида ёки китоб шаклида нашр этилиши китобхонлар учун том маънода байрам бўлган. Ойбек буни яхши билган ва қадрлаган. Шунинг учун у ҳатто хасталикка чалиниб, тили сўзлаш, қўли эса ёзиш имкониятидан маҳрум бўлганида ҳам китобхонни ёддан асло чиқармади.
Ёзувчи қандай инсон бўлса, инсоний фазилатлари унинг асарларида, албатта, ўз аксини топади. Бу асарлардаги бош қаҳрамонлар вужудида, юқорида айтганимиздек, унинг юраги зарб уриб, чеҳрасида унинг ёқимли табассуми ёки бошқа бирор белгиси зуҳур бериб туради.

Ушбу мавзуда Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбекнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида суҳбати аржуманд қурамиз деган умиддамиз, муҳтарам форумдошим!

Nigora Umarova
05.01.2013, 17:46
Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек
(1905-1968)
1905 йил. 10 январь. Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек Тошкентнинг Эски шаҳрида ўртаҳол ҳунарманд-тўқувчи оиласида туғилди.
1911-1917 йиллар эски усулдаги мактабда таҳсил олди.
1918-1921 йиллар. Намуна номли бошланғич мактабда таълим олади.
1921-1925 йиллар. Навоий номидаги Тошкент педагогика техникум-интернатида ўқишни давом эттиради.
1922 йил. "Армуғон" журналида (1-сон) "Чолғу товуши" эълон қилинади.
1925 йил 25 сентябрь. Ўрта Осиё Давлат университети ижтимоий фанлар факультетининг иқтисод бўлимига ўқишга киради.
1926 йил. "Туйғулар" номли биринчи шеърлар китоби босмадан чиқади.
1927 йил. Санкт-Петербургдаги Плеханов номидаги халқ хўжалиги институтида ўқишни давом эттиради.
1929 йил. "Кўнгил найлари" тўплами нашр этилди.
1929-1930 йиллар. Олий таҳсилни яна Тошкентда давом эттириб, Ўрта Осиё Давлат университетининг иқтисод факультетини тугатади.
1932 йил. "Дилбар-давр қизи" достонини ёзади, 1933 йилда алоҳида китоб бўлиб чиқади.
1932 йил. "Машъала" шеърлар китоби нашр этилади.
1933 йил. "Совет адабиёти" журналида "Ўч" достони босилади.
1933 йил. Маданий қурилиш илмий-текшириш институтида илмий ходи бўлиб ишлайди.
1934 йил. "Темирчи Жўра" достони босилди.
1934 йил. "Машъала" журналининг 4-сонида "Глобус" сарлавҳали биринчи ҳикояси эълон қилинади. 1934 йил. "Бахтигул ва Соғиндиқ" достони ва шеърлар китоби босмадан чиқди.
1936 йил. А.С. Пушкиннинг "Евгений Онегин" шеърий романини ўзбек тилига таржима қилади, роман 1937 йилда алоҳида китоб бўлиб чиқади.
1936 йил. "Гулистон" журналининг 10-сонида Испания воқеаларига бағишланган "Қаҳрамон қиз" достони босилади.
1938-1941 йиллар. Ўзбекистон ўқув педагогик нашриётида муҳаррир ва таржимон бўлиб ишлайди.
1938 йил. "Қутлуғ қон" романини ёзиб тугатади (роман 1940 йилда ўзбек тилида, 1943 йил рус тилида, 1949 йилда уйғур ва чех, 1950 йилда словак, 1959 йилда қирғиз ва озарбайжон тилларида алоҳида китоб бўлиб чиқади).
1939 йил. "Антик адабиёт" хрестоматиясининг 2 жилдли (Рим адабиёти) ва "Сосунли Довуд" эпоси Шйбек таржимаида алоҳида китоб шаклида нашр этилади.
1941 йил Хенрих Хайненинг "Лирик шеърлари" Шйбек ва Миртемир таржимасида нашр этилади.
1942 йил. "Навоий" романини ёзиб тугаллади (роман 1944 йилда ўзбек тилида, 1945 йилда рус тилида, 1947 йилда латиш, 1948 йилда литва, эстон, чех, француз, 1949 йилда қозоқ, 1950 йилда украин, 1952 йилда уйғур, 1955 йилда туркман тилларида китоб бўлиб чиқди).
1943 йил 4 октябрь. ЎзФАнинг ижтимоий фанлар бўйича академиги қилиб сайланди.
1943-1951 йиллар ўзФА ижтимоий бўлимининг раиси лавозимида хизмт қилади.
1944 йил. "Маҳмуд Торобий" операсининг либреттосини ёзади.
1945 йил. М.Ю. Лермонтовнинг "Маскарад" пьессасини таржима қилади.
1945-1949 йиллар. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг раиси, "Шарқ юлдузи" журналининг бош муҳаррири.
1946 йил 27 июнь. "Навоий" романига Давлат мукофоти берилди.
1947 йил. "Қизлар" достонини нашр этади.
1948 йил. "Ҳамза" достонини ёзиб тугатди.
1949 йил. "Олтин водийдан шабадалар" романини ёзиб тугатди.
1949 йил. "Достонлар" китоб нашр этилди.
1950 йил. "Зафар ва Заҳро" достонини ёзиб тугатди.
1951 йил. Ўзбекистон Олий советига депутат қилиб сайланди.
1954-1959 йиллар. Ўзбек тилида 4 жилдлик "Танланган асарлар"и босиб чиқарилди.
1955 йил. "Қуёш қўшиғи" шеърлар ва достонлар китоби нашр этилади.
1957 йил. "Нур қидириб" қиссасини ёзиб тугатади.
1957-1968 йиллар. "Ўзбек тили ва адабиёти" журналининг бош муҳаррири.
1959 йил. "Қуёш қораймас" романи нашр этилади.
1963 йил. "Болалик" қиссаси нашр этилади. Қиссага 1964 йил 14 ноябрда Давлат мукофоти берилади.
1965 йил 23 сентябрь. Ўзбекистон халқ ёзувчиси унвони берилади.
1965 йил. "Улуғ йўл" романини ёзиб тугатади.
1967 йил. "Навоий гулшани" мақолалар тўплами нашр этилди.
1968 йил 4 июнда вафот этди.
1968 йил. "Гули ва Навоий" достони босилди.
1968-1975 йиллар. 10 жилдлик "Асарлар"и босилиб чиқди.
1974 йил. "Алишернинг болалиги" қиссаси эълон қилинади.

Nigora Umarova
05.01.2013, 17:48
Уруш кезлари... Ойбек қайсидир асари учун қалам ҳақи олганини эшитиб, рафиқаси унга палос кераклигини айтипти.
Адиб шу куннинг эртасигаёқ палос харид қилиш учун Эски шаҳарга, бозорга юборипти. Ким муҳтожликдан сўнгги арзирли нарсасини бозорга элтган, ким уни арзон-гаров олиб, икки-уч баравар ортиқ нархига сотган...
Ойбек гилам бозорини айланар экан, совуқдан қалтираб турган бир мушфиқ ва бечора аёлга кўзи тушади. У ўртасига чўғ тушиб, ҳийла куйган, лекин ҳар қалай бирор кор-ҳолга ярайдиган шолчани сотмоқчи бўлиб турарди. Ойбек унинг қошига бориб, шолчанинг нархини сўрайди.
- Қайдам, ўзингиз биласиз, - жавоб беради аёл. – Эримдан қолган ёдгорлик эди... На илож? Болалар оч-наҳор қолишган..
Аёлнинг кўзларига шашқатор ёш келипти. Унинг сўзлари ва кўз ёшларидан таъсирланган идиб ўзини бир қадар босиб олиб сўрайди:
- Ҳар қалай, шолчани сиз сотаяпсиз... Кўнглингиздагини айтинг.
Аёл шолчанинг нархини айтишга ботинмай, ахийри бир нархни айтади. Ойбек бир неча шапалоқдай-шапалоқдай пулларни санаб, аёлга узатар экан, дейди:
- Ўзингиздан қолар гап йўқ. Бундай катта шолчани шу ҳолда олиб кетиб бўлмайди. Ўраш, бойлаш керак. Сиз шолчага бир оз қараб турсангиз, мен бирор нарсани топиб, олиб кетишнинг эвини қилардим...
Ойбек шу сўзларни айтиб, ўзини гавжум одамлар орасига уради-да, аёлнинг кўзидан бир зумда ғойиб бўлади.

Nigora Umarova
05.01.2013, 17:49
1936 йил... Бир гуруҳ шоирлар Чимён тоғининг хушманзара этакларида ўтов тикиб, Пушкиннинг энг машҳур асарларини ўзбек тилига таржима қилаётган кунлар...
Ойбек, одатига кўра, кун найзага келгандан то эрта тонгга қадар буюк рус шоирининг шоҳ асарларидан бири – “Евгений Онегин” шеърий романини таржима қилиб, чошгоҳга қадар ҳордиқ олар, сўнг олис қишлоқларга ёхуд тоғ чўққиларига кўтарилиб, сайр қилар эди. Кунларнинг бирида у Чимён тоғларида улкан қояни тешиб ўсган ва чаман блиб очилиб турган наъматакни кўриб қолади ва табиатнинг бу ажиб мўъжизасидан беҳад мутаассир бўлади.
Шу кезларда Пушкин асарларини таржима қилиш учун Бўстонлиқ туманига келган ёзувчилардан бири ижод билан шуғулланиш ва ширин сўз билан таржимон биродарларининг кўнглини кўтариш ўрнига ҳадеб ҳар хил хунук ишлар қилар, уларнинг ғашига тегар эди. Шунда Ойбек бояги кимса тўғрисида: “Бу ажойиб масканнинг ҳатто тошларида ҳам анвойи гуллар унса-ю, бу қитмир қаламкаш дўстлари қалбида ўсаётган чечакларни ҳам сўндириш пайида бўлса!” деб ажабланган экан.

Nigora Umarova
05.01.2013, 17:49
Ойбек уруш йилларида Маҳмуд Торобий қўзғолони тўғрисида опера либреттосини ёзган эди. Ўша қилларда Тошкентга вақтинча кўчиб келган санъаткорлар орасида таниқли театр арбоби С.М.Михоэлс ҳам бўлган. Тошкент театрларининг бошлиғи этиб тайинланган бу машҳур режиссёр Ойбекни опера либреттоси билангина чекланмай, Ҳамза театри учун ҳам шу мавзуда драма асарини ёзиб беришни илтимос қилади. Ойбек унинг таклифи ва маслаҳати билан “Ғалвирчи” пьесасини ёзишга киришади.
Михоэлснинг фикрига кўра, асарда қўзғолончиларнинг мўғул ва маҳаллий феодалларнинг мол-мулкларини талон-торож қилишини тасвирловчи саҳна ҳам бўлиши лозим эди. Лекин Ойбек бундай саҳнани ёзишга унамайди. “Халқ талон-торож билан шуғулланмайди.. Ўғрилик халқнинг қонида йўқ. Аксинча, муттаҳам ва золим кишиларгина халқни талаб келадилар”, деб айтади у.

Nigora Umarova
05.01.2013, 17:50
40-йилларнинг охири... Ойбек рафиқаси билан Москвага бориб, марказий меҳмонхоналардан бирига тушган ва беш-олти кундан сўнг ёзувчиларнинг Переделкино қишлоғидаги Ижод боғига бориб ишлашни мўлжаллаган эди. Адиб меҳмонхонада ҳордиқ олиб ўтирганида, ўша йилларда танилган ўзбекистонлик таржимонлардан бири уни йўқлаб келиб қолади. Ҳол-аҳвол сўрашгач, таржимон муддаога ўтиб, адибдан қарз сўрайди. Адиб рафиқасига мурожаат этиб: “Ортиқча пулинг бўлса, бериб юбора қол!” - деб илтимос қилади. Зарифахоним меҳмоннинг ҳожатини чиқаргач, у бир-икки кундаёқ қарзини узажагини айтиб, мезбонлар билан қуюқ хайрлашади.
Меҳмон хонадан чиқиши билан Ойбек қаҳқаҳа отиб кулади.
- Ҳа, нима бўлди? Нега кулаяпсиз? қизиқсинади рафиқаси.
- Бермайди, - дейди адиб яна қаҳқаҳа отиб.
- Ким? Нимани? – тушунмайди Зарифа опа.
- Ҳалиги... қарзини... – ҳамон қаҳқаҳа отади адиб.
- Ундай бўлса, нега бер дедингиз?
- Мени кўп алдаган. Сени ҳам бир алдасин, дедим.
Ойбекона қаҳқаҳа узоқ давом этади.

Nigora Umarova
05.01.2013, 17:50
50-йилларнинг ўрталари. Кинорежиссёр Латиф Файзиев “Қутлуғ қон” романи асосидаги фильмни суратга олишга тараддуд кўраётган кезлар. Бош қаҳрамонларнинг бўлажак ижрочилари Ойбек тасдиғидан ўтгач, фильмни суратга олиш ишлари жадаллашиб кетади. Кунларнинг бирида Латиф Файзиев Ойбек билан Зарифа опани қўзғолон саҳнасини суратга олиш жараёнига таклиф этади. Режиссёр карнайни қўлига олиб, “Мотор!” деб бақириши билан мўйлабини бураб олиб, қўзғолончиларни бостиришга шай бўлган миршаблар Йўлчи томонга шиддат билан югура бошлайдилар. Уларнинг даҳшатли қиёфалари ва ҳолатларини кўрган Ойбек кутилмаганда ўрнидан тура солиб, режиссёрга қарата: “Тўхтат! Суратга олишни тўхтат!” – деб бақиради. Режиссёр съёмкани тўхтатиб, адибнинг олдига келади-да: “Ойбек ака, нима бўлди? Нега съёмкани тўхтат, дедингиз?” - деб сўрайди. Ойбек домла шоп мўйлов миршабларни кўрсатиб: “Буларинг Йўлчини ўлдириб қўйишади!”, дейди.
Адиб съёмка чоғида кечаётган манзарани шу даражада ҳаётий деб қабул қилган ва ҳатто миршаблар ролида артистларнинг ҳаракат қилаётгани ва булар ҳаммаси кино эканлигини унутиб қўйган экан.

Nigora Umarova
05.01.2013, 17:51
Ойбекнинг қўли очиқ, Хотамтой кишилардан бири бўлгпнлиги ҳаммага аён эдин. Афсуски, унинг бу фазилатидан моддий кўмакка муҳтож бўлган кишилардан ташқари, катта-кичик лавозимларни эгаллаган кимсалар ҳам фойдаланганлар.
50-йилларда Ойбекнинг катта-катта китоблари кетма-кет нашр этилиб турди. Кунларнинг бирида адиб нашриётдан “Олтин водийдан шабадалар” романи учун мўмайгина қалам ҳақи олиб, ҳисобхонадан эндгина чиқмоқчи бўлганида, бош ҳисобчи унинг қулоғига директорга учрашиб кетиши лозимлигини айтади. Ойбек рафиқаси билан директор ҳузурига кириб, романни нашр этиб бергани учун миннатдорчилик билдиради. Директор адибнинг у ёнидан-бу ёнидан ўтиб, унинг кўнглини овлайдиган гапларни қалаштириб ташлайди-да, охири муддаога ўтади. Буни қарангки, ҳамманинг уйида замонавий мебель бор экан-у фақат бечора директор шундай бахтга муяссар бўла олмаганидан хотини олдида ҳижолатда яшаётган экан... Хуллас, директор у қилиб, бу қилиб, Ойбек ҳозиргина олган қалам ҳақининг ярмини олиб қолади.

Nigora Umarova
05.01.2013, 17:51
1966 йилнинг кузи... Зилзиладан шикаст кўрган шаҳар қайта тикланаётган кезлар. Ким янги кўп қаватли уйлардан бирига кўчиш, ким участкасини қуриб битказиш ташвишида.
Вайрон бўлган уй-жойи ҳисобига ер олиб, участка қура бошлаган тошкентликлардан бири янги уйнинг деворларини кўтариб қўйган-у устини ёпишга қўли калталик қилган. Ҳадемай ёғингарчилик бошланажаги сабабли участкасини ёпиб олиш чораларини ахтаради у. Лекин ўзингда йўқ – оламда йўқ. Таниш-билишларнинг бошида ҳам шу савдо. Ёмғир, қор ёға бошлагач, болаларнинг ҳоли не кечади...
Ҳалиги киши ўйлаган ўйининг тагига етолмай, қариндош-уруғлариниг остонасини ялаб, юра-юра, ниҳоят, Кисловодск кўчасидаги Ойбек истиқомат қилган уйнинг яқинидан чиқиб қолади. Сўнг минг хил хаёл билан очиқ эшикдан ичкарига кириб боради.
Адиб ёлғиз ўзи ишлаб ўтирган экан. Меҳмон саломаликдан сўнг дардини айтади. Адиб нотаниш одамнинг гапларини эшитиб: “Манави... уйга... киринг, - дейди хасталиги туфайли сўзлашга қийналиб. – Шкаф... жовон... тортма... Пул..!”
Нотаниш киши Ойбек кўрсатган хонага кириб, шкаф ёнидаги жовон тортмасида ётган пулни олиб чиқади. Ойбек меҳмонга: “Олинг! Участка... Болалар... Қиш...”, - дейди. Меҳмон адибни кўпдан-кўп дуо қилади, пулни санаб, насиб қилса, икки-уч ой ичида қайтариб беришини айтиб, боши кўкка етган ҳолда адиб хонадонидан чиқиб кетади.
Орадан бир неча ой ўтгач, бояги киши участканинг устини ёпиб, озгина пул ғамлаб, яна адибнингхонадонига келади. Хаста адиб уйда экан, у хонадон соҳибига кўз ёшларини тўккан ҳолда миннатдорчилик сўзларини айтиб, ғамлаган пулини хонтахта устига қўяди. Ойбек пулни меҳмон томонга суриб қўйиб, дейди:
- Бу... еб кетарга... эди. Энди... жужуқлар...га кийим... олинг!.. Боқинг!.. Тўйсин!..
Камбағаллик, оч-наҳор яшаш нима эканлигини яхши билган адиб бутун умри давомида нафақат қариндош-уруғлари, балки бегона кишиларнинг ҳам кўнглини олишга, руҳини кўтаришга, имкони қадар моддий ёрдам беришга интилиб яшади.
Илоҳи шу улуғ Инсон ва Адибнинг охирати обод бўлсин.

Nigora Umarova
05.01.2013, 17:52
3, 4, 5, 6, 7, 8, 9- хабарлардаги ривоятсимон ҳаёт лавҳалари олим Наим Каримовнинг ҳикоялари асосида ёзилди.

Nigora Umarova
05.01.2013, 17:57
https://img.uforum.uz/images/coxpvdj3743691.jpg

Ойбек уй-музейида қиш.

Nigora Umarova
10.01.2013, 16:13
10 январь буюк ижодкор Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек таваллуд топган кун.
"Бир ўлка-ки, қишларида шивирлар баҳор..." деб ёзган эди Ойбек. Гарчи қиш фасли эса-да, баҳор тафти балқмоқда. Қуёшли чарағон кун.

https://img.uforum.uz/images/bqttvvt6820051.jpg

Бугун Ойбек уй-музейида бир гуруҳ ижодкорлар, адабиётшунос олимлар, Ойбек ижодининг ихлосмандлари билан буюк адибни хотирлаб суҳбати аржуманд бўлди.

https://img.uforum.uz/images/nzdvjon3504537.jpg

https://img.uforum.uz/images/bblpwbz7549118.jpg

Ушбу йиғилиш анъана тусига кирган бўлиб, ҳар йили уй музейда Ойбек ижодининг мухлислари тўпланишади ҳамда Ойбек ҳайкали ёнида уни эслаб нутқ ирод этадилар.

https://img.uforum.uz/images/njbrlzn5347510.jpg

1986 йилда олинган сурат.

https://img.uforum.uz/images/tzqbssv9856713.jpg

1988 йилда олинган сурат.

Nigora Umarova
10.01.2013, 16:28
Адабиётшунос олимлар академик Бахтиёр Назаров, филология фанлари доктори Наим Каримов, Собир Мирвалиев, ижодкорлар Хуршид Даврон, Улуғбек Ҳамдам, Ойбекнинг келини, адабиётшунос олима Ҳулкар Олимжонова, режиссёр Шуҳрат Аббосовлар Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек ҳақидаги ёрқин хотираларни хотирлашди.

https://img.uforum.uz/images/paqlsot3842956.jpg
https://img.uforum.uz/images/xwehgud3472451.jpg

Адабиётшунос Адҳамбек Алимбеков, Сувон Мели, Ҳулкар Олимжонова, Бахтиёр Назар, Наим Каримовлар.

https://img.uforum.uz/images/pvutill6377264.jpg

Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон Ойбекка бағишланган шеърини ўқимоқда:

ОЙБЕКНОМА
1

Ойбекнинг шеърини далага чиқиб,
Майсага ёнбошлаб ўқимоқ керак.
Билмай қолсин юрак: сув узрами, ё
Ойбекнинг шеърида ўйнайди бу нур?

Ойбекнинг шеърлари бамисли нигоҳ,
Бу нигоҳ асрорин йўқдир поёни.
Худди бўлмагандек майсага изоҳ,
Йўқ Ойбек шеърининг тўла баёни.

Ойбек - бу майсага чўккан бужур тош,
Ҳайратдан ёрилиб-ёрилиб кетган.
Ойбек - бу дарахтзор устида қуёш,
Нури то чумоли кўзига етган.

Ойбек - бу улкан бир чорбоғ ортида
Ёввойи узумзор оралаб, титроқ -
Қуёш тангалари ўйнаб сиртида
Бирдан ёруғликка чиққан шўх ирмоқ.

Ойбек - бу оғриқни қари тол каби
Юракнинг тубида асраган сўзлар,
Барча ҳасратини жим туриб лаби,
Энг яқин дўстига сўзлаган кўзлар,

Ойбек тирик ҳамон, у кўкда ҳилол,
У - шамол, боғларда тинмай еладир.
У мени чорлаган ойдин бир хаёл,
Кўкдаги Каҳкашон унинг йўлидир

2

Шеър - фақат қуш тили,деганди шоир
Қулоқ тутиб қувноқ, шўх товушларга.
Бошида рутубат қилганда қаҳр,
У тилин қайтариб берди қушларга.

Шеър - юлдуз киприги, деганди Ойбек,
Ўзи киприк эди Ўзбекистонга.
Сўнгги дам бошида сўнаркан осмон,
Шоир кўзларини берди осмонга.

https://img.uforum.uz/images/rniqjoo45581.jpg

Nigora Umarova
10.01.2013, 16:33
https://img.uforum.uz/images/fojeell8585467.jpg

Ойбек уй-музейининг директори, ижодкорнинг набираси Ойнура Бековна Тошмуҳаммедова адиб яшаган хонадон чироғини ёқиб, музей фаолиятида жонбозлик кўрсатиб келмоқдалар.

https://img.uforum.uz/images/wdhumsw6145993.jpg

Ойбекнинг ўғли Бек ака ва набираси Ойнура опа.

lolaxon
10.01.2013, 16:40
Кандай файзли чехралар-а? Файзли инсонларнинг авлодлари хам шундай буларкан.
Таасуротлар билан булишаётганингиз учун рахмат Нигора опа.

Nigora Umarova
10.01.2013, 16:47
b5eaffbbb6b91c4

Naim Karimov
10.01.2013, 17:07
Ойбек чўққиси

Ўтган асрнинг 50-йиллари бошларида СССР Гидрометерология Давлат комитети раиси академик Ю.А. Израиль раҳбарлигидаги бир гуруҳ альпинистлар Помир тоғ тизмаларининг шу вақтгача инсон оёғи тегмаган чўққиларидан бирини забт этганлар. Бу, 3000 метрдан зиёд баландликдаги, аммо кўтарилиш ғоят қийин ва машаққатли бўлган тоғ чўққиси эди. В.Эльчибеков, В.Рацек, Ю.Стрельников сингари тажрибали альпинистлардан иборат гуруҳнинг бу чўққини забт этиши ўзбекистонлик альминистларнинг улкан зафари бўлган. Академик Ю.А. Израилнинг ташаббуси билан бу номсиз чўққига ўша кунларда хасталик тўшагида ётган буюк ўзбек адиби Ойбек номи берилган.
Агар йўлингиз тушиб, Ойбекнинг Ишчилар шаҳарчасидаги уй-музейига бориб қолсангиз, бу «адабий» қадамжодаги тоғ манзараси тасвир этилган расмга эътибор беринг. Рассом ва альпинист Юрий Стрельников мўйқаламига мансуб бу расмда Ойбек чўққиси тасвир этилган.

* * *
Ойбек авлоди адабиёт оламига кириб келган вақтда М.Беҳбудий, А.Қодирий, Фитрат, Чўлпон, Ҳамза сингари устозлар туфайли ўзбек адабиёти ва тилининг янги тараққиёт даври бошланган эди. Шеъриятда бармоқ вазнининг камол топиши, насрда реалистик ҳикоя, қисса ва роман жанрлари ҳамда драматургиянинг пайдо бўлиши биринчи навбатда шу устозлар номи билан боғлиқ.
Ойбек 1922 йилдан бошлаб шеъриятда тетапоя қила бошлаган пайтда Чўлпон ва янги турк шеърияти намояндаларининг асарлари ёшлар ўртасида машҳур эди. У 20-йилларда, бошқа тенгдошлари қатори, ана шу шеърият жилғаларидан баҳраманд бўлди. Ойбек 1927-1929 йилларда Ленинграддаги Плеханов номли халқ хўжалиги институтида ўқиб юрган кезларида Александр Блок, Валерий Брюсов, Владимир Маяковский сингари рус ва Эмиль Верхарн сингари Ғарб шоирлари ижоди билан танишди. 1936 йилда «Евгений Онегин» шеърий романини таржима қилиш жараёнида А.С. Пушкиннинг сеҳрли шеъриятини кашф этди. 1938 йили эса Ойбекнинг «Рим адабиёти» хрестоматиясини таржима этиши унга жаҳон адабиётининг олтин саҳифалари билан танишиш имконини берди… Ана шу тарзда адабий билим доирасининг кенгайиши билан Ойбек шеърияти ҳам сайқалланиб, янги шакл, ранг ва оҳанглар билан бойиб, ўн тўрт кунлик ойдек гўзаллашиб борди.
Шеърият – ҳис-туйғулар гулшанидир. Биз Чўлпоннинг «Гўзал» сингари лирик шеърларини ўқиганимизда, қалбимиз шу гулшандан таралган нафосат уфори билан тўйинади. Аммо, афсуски, бир томондан, ўз ижоди билан эрк ва ҳуррият учун курашгани, иккинчи томондан, шу туфайли тазийиқ ва таҳдид остига олингани ҳамда шу курашда соғлиғини батамом йўқотгани учун Чўлпон 30-йилларда ўзбек лирик шеъриятини янги ижодий босқичга олиб чиқиш вазифасини қўймади.
Ойбекнинг шеърий истеъдоди худди шу даврда олмос қирралари билан порлаб-товланиб юборди. Айниқса, 1936 йили ёзилган ва «Чимён дафтари» туркумини ташкил этган шеърларида Ойбек, Чўлпондан кейин, бармоқ вазнининг аруз сингари, ҳатто арузга нисбатан ҳам катта бадиий имкониятларга эга эканини исботлаб берди. У ўзбек шеърининг мусиқий-ритмик оҳангларини бойитиб, нафис ташбеҳлар билан безанган тилига янада сайқал берди. Лирик қаҳрамоннинг руҳий оламини шу қадар ажойиб поэтик топилмалар ва тасвир воситалари ёрдамида очиб юбордики, шоирнинг лирик туйғу ва кечинмалар силсиласини ифодалашда нафақат Чўлпон, балки Пушкин мактабидан ҳам таълим олгани кундек равшан бўлди. У шеърларидаги замон ва маконни ёрқин бўёқлар билан нурлантириб юборди; бинобарин, унинг шеърларида ҳаётийлик, ҳаққонийлик, бадиий ҳақиқат кучайди. Лирик туйғунинг теранлиги, бокиралиги, порлоқлиги, поэтик тилнинг эса фавқулодда нафислиги Ойбек шеъриятининг ўзига хос белгилари сифатида намоён бўлди.
Мана бу сатрларга эътибор беринг:

Сен ғурубнинг олтин қўлларидасен,
Табассуминг, Қуёш, сўнар оҳиста.
Дала ва қирлардан тиниқлик учар,
Сувлар ойнасига шом қора суркар,
Хаёлнинг мен сокин чўлларидамен…

Қуёш ботаётган ва табиат маъюсона бир кайфият оғушига кира бошлаган манзарани Ойбек шундай аниқ ва нафис бўёқлар билан чизган. Биз бу сатрларни ўқиганимизда, шоирнинг ҳар бир сўзи, рассомнинг бўёқлари каби, оқшом манзарасини аниқ гавдалантириб берганини кўрамиз. Биз айни пайтда табиатнинг шу лаҳзадаги манзараси киши руҳида уйғотадиган ҳазин ва мунгли бир ҳолатни сезамиз. Бу ҳолат эса бизда мавҳум фалсафий ўйларга мойиллик уйғотади. Ойбек ўзини забт этган ана шундай ҳолатни: «Хаёлнинг мен сокин чўлларидамен» сатрларида аниқ ва гўзал ифодалаган.
Ойбек - лирик шеър устаси. Аммо у айни вақтда ўткир нигоҳли ижодкор. Шунинг учун ҳам у табиат манзараси ёки инсон образини тасвирлар экан, сийқа сўзлар ва туссиз бўёқларга мурожаат этмайди, балки шу манзара ва шу инсонга хос энг муҳим ҳаётий тафсилларни топиб, шеърият маржонига тизади.
Шоир 1931 йили марҳума онаси Шаҳодат Назар қизини эслаб ёзган шеърида поэтик тафсил санъатидан шундай маҳорат билан фойдаланганки, биз шу ҳол туфайли шоирнинг маъсума онасини кўз олдимизга яққол келтирамиз:

…Ёз чоғи… Сен якка ариқ бўйида
Ёдингга келган бир дардли қўшиқни
Куйлаб секингина… хаёл қўйнида
Қатим тортиб қучдинг умид-тўпиқни.

Қуйиларкан секин руҳсиз оқшомлар
Сенинг ёниқ кўзларинг қорачиғида,
Кундузги меҳнатнинг излари қатор…
Биз-ла ўлтирардинг айвон бурчида.

Еттинчи лампанинг олов тилчаси
Қоронғилик бағрин аста тиларкан,
Тиззангда бир дўппи ё тўн жияги,
Ишлардинг тинмасдан, асло тинмасдан.

Қаҳратон қиш… Совуқ… Титрар қўлларинг…
Тутолмас игнани… Ўлик бир кеча
Илиқ нафаслари сўнган танчага
Ётиқизгач бизларни, очиб китобинг –

Ўқирдинг ичингда…

Аслида, 14 банддан иборат бу шеърни достон деб аташ ўринли. Ойбек бутун бир достонда ҳам тасвирлаш осон бўлмаган она образини ана шу шеърда буюк шоирона маҳорат билан мужассамлантирган. Бу шеърдан келтирилган сатрлардаёқ замон ва макон образлари ёрқин қиёфага эга: Она ана шу замон ва маконда секингина «дардли қўшиғи»ни куйлаб, қаҳратон қишда, «еттинчи лампа»нинг жонсиз шуъласида совуқдан титраган қўллари билан қатим тортади. Она кўзларининг қорачиғида кундузги меҳнатнинг излари аён сезилиб туради.
Шоир она образини тасвирлар экан, фақат бир нарсани: унинг тинмасдан ишлашини, асло тинмасдан ишлашини таъкидлайди. Биз айни вақтда онанинг айвон тўрида эмас, балки бир бурчида ўтиришига эътибор қаратмоқчимиз. Зеро, худди шундай тафсилларда ўта меҳнаткаш, меҳридарё, камтар, жабрдийда, хоксор ўзбек аёлларининг образлари очилади. Ойбек шеъридаги яна бир ғоят муҳим нарса – онанинг болаларини ётқизгач, ўша совуқ кечада китобини очиб ўқишидир. Лирик сюжет ана шу нуқтага етганида шеър портлаб юборгандек бўлади…
«Онамни эслаб…» шеъри - ойбекона лиро-эпик шеъриятнинг юксак намунаси. Ойбекнинг шеърий меросида бундай дурдоналар оз эмас. Кези келганда айтиш жоизки, Ҳамид Олимжон қаламкаш дўстини «прозада шоиру поэзияда прозаикдир», деб бежиз таърифламаган. Ойбек ўз истеъдодининг хусусиятидан келиб чиқиб, 1933 йилдан то сўнгги нафасига қадар достон жанрида бошқа барча ўзбек шоирларига қараганда изчил ва самарали меҳнат қилган ва 18 та достон ёзган. Бу достонлар халқ, мамлакат ва Ойбек яшаган давр ҳаётининг энг муҳим масалаларига бағишланганлиги, халқ манфаати йўлида яшаган ва курашган фидойи кишилар образини яратишга бағишланганлиги, ўзбек шеъриятида реалистик тасвир санъатининг қарор топишидаги ўрни ва аҳамияти билан, айниқса, қимматлидир.
Ойбек шоир сифатида лирик ва лиро-эпик дурдоналар яратибгина қолмай, лирик (масалан, «Навоий»), драматик (масалан, «Маҳмуд Торобий»), публицистик (масалан, «Даврим жароҳати») достон жанрларига асос солди; уч сатрли (терцет) ва «Онегин банди» таъсирида ўн сатрли («Қизлар» достонида) банд тизимларини, шунингдек, мансур шеър жанрини бошлаб берди; энг муҳими, Абдулла Қодирий ва Чўлпонлар туфайли шаклланган ўзбек адабий тилига ойбекона сайқал берди.
Ўзбек шеъриятининг ХХ асрда янги, юксак босқичга кўтарилишида Ойбекнинг ҳиссаси буюкдир.

Naim Karimov
10.01.2013, 17:08
Ойбек-шоирни уч муҳим фазилат ажратиб туради. Булар - билим ва дунёқарашнинг кенглиги, туйғу ва фикрнинг ўзаро муносабатида фикрнинг устуворлиги, шунингдек, лиро-эпик тасвирга мойилликдир. Худди шу хусусиятлар Ойбекнинг наср оламига дадил кириб келишида асос бўлди.
Ойбек биринчи романи - «Қутлуғ қон»ни 1938 йили, 33 ёшида ёза бошлади. Шу вақтда у «Туйғулар», «Кўнгил найлари», «Машъала», «Бахтигул ва Соғиндиқ» сингари шеърий китобларнинг, «Евгений Онегин» шеърий романи таржимасининг муаллифи, машҳур шоир эди. Ойбек шеърият соҳасида катта ютуқларга эришганига қарамай, шеърият торлик қила бошлаганини сезди. Чиндан ҳам, 30-йилларнинг ўрталарига келиб, у катта ижодий куч-қувватга тўлган, халқ ва мамлакатнинг олис ва яқин ўтмиши ҳамда ҳозирги куни ҳақидаги билими, мушоҳадалари, дардли фикрлари боши ва юрагига сиғмай қолган эди. Шунинг учун ҳам шоир ички эҳтиёж талаби билан наср майдонижа от чоптириб, «Қутлуғ қон» романини ёзишга киришди.
1937-1938 йилларнинг қонли кунларида Ойбек камбағал оиладан чиққанлиги ва шўро ўқув юртларида тарбияланганлиги туфайли қатағон қиличидан омон қолган, лекин хизмат қилаётгани Тил ва адабиёт институти ҳамда Ёзувчилар уюшмасидан ҳайдалган эди. Бундай кимсанинг нафақат асарлари, ҳатто номининг ҳам матбуотда чиқиши мумкин эмас эди, ўшанда. Ойбекнинг шундай қалтис тарихий даврда ва мушкул иқтисодий-руҳий шароитда роман ёза бошлашининг ўзи том маънода жасорат эди.
«Қутлуғ қон» - ўзбек халқининг ХХ аср бошларидаги миллий уйғониши ҳақидаги асар. Ойбек Тошкентдаги 1916 йил воқеаларининг шоҳидигина бўлмай, Туркистондаги миллий уйғониш ҳаракатининг раҳнамоларидан бири Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг шогирди ҳамдир. Шу сўнгги омил адиб дунёқарашининг шаклланишига катта таъсир кўрсатган. У «Қутлуғ қон»да мустамлака шароитида яшаган, чексиз-чегарасиз зулм орқасида сабр косаси тўлган халқнинг Биринчи жаҳон уруши арафасидаги оғир аҳволини Л.Н. Толстой сингари даҳо санъаткорларга хос зўр бадиий куч билан очиб берди.
Адиб бадиий мақсадининг рўёбга чиқиши учун халқнинг мустамлакачилик шароитида икки соҳилга ажралиб чиққан вакилларини, бир томондан, Йўлчи ва Гулнорни, иккинчи томондан, Мирзакаримбой ва унинг куёву фарзандларини қаҳрамон қилиб танлади. Аслида, Йўлчи Мирзакаримбойнинг жияни бўлади: улар қариндош. Бинобарин, асарда ўзаро яқин қариндошлар ҳаёти мисолида ўзбек халқи тарихининг муҳим бир даври бадиий тадқиқ этилган.
Ойбекнинг ушбу асарни ёзишдан мақсади халқ миллий онгининг уйғонишини кўрсатишжир. Шунинг учун ҳам у, бир томондан, халқнинг ижтимоий омиллар таъсирида турли қатламларга бўлиниб кетишини, иккинчи томондан эса, зулм ва зўравонлик қурбони бўлган қатламнинг қашшоқланиши ва инсоний ҳуқуқларининг поймол этилишини тасвирлашга алоҳида эътибор берди. Халқ икки қатламга ажралиб чиққач, бойлар қатлами камбағаллар қатламига зулм ўтказиши, уларни хизматкорларга айлантириши, уларнинг инон-ихтиёри, эрк-иродаси билан ҳисоблашмаслиги табиий. Худди шунингдек, бу икки қатлам ўртасида низо ва жанжал чиқиши ҳам тайин. Мустамлакачи давлат эса халқнинг парчаланишиданҳ ам, ички низо ва курашлардан ҳам манфаатдор. Лекин у Туркистон аҳолисини муте ва итоаткор омма ҳисоблаб, катта хатога йўл қўяди: Биринчи жаҳон урушида Россия танг аҳволга тушиши муносабати билан 19 ёшдан 43 ёшгача бўлган кишиларнинг фронт орқасида қора ишларни бажариши учун сафарбарлик эълон қилади. Бу, сабр косаси тўлган халқнинг миллий уйғониши ва кураш майдонига чиқишига туртки беради. Ойбек ўз асарида катта ижтимоий аҳамиятга молик шу воқеани бадиий тасвир доирасига тортган.
«Ўтган кунлар» романининг китобхонларга манзур бўлишининг асосий сабаби Отабек билан Кумуш муҳаббатининг илоҳий маҳорат билан тасвир этилишида. Агар «Қутлуғ қон»да ҳам Отабек билан Кумуш муҳаббатига тенг ёки яқин ишқий сюжет чизиғи бўлмаганида китобхонлар оммаси асарни, шак-шубҳасиз, шавқ-завқ билан ўқимаган бўларди. Ойбекнинг санъаткорлик маҳорати шундаки, у ўз олдига муҳим ижтимоий масалани бадиий тадқиқ этишни қўйганига қарамай, муҳаббат чизиғини асарнинг бадиий тўқимасига усталик билан сингдириб юборган. Натижада китобхон Йўлчи билан Гулнор фожиали муҳаббатининг тасвири оша асарда тасвирланган ижтимоий масалаларни ҳаяжон билан идрок этиш имконига эга бўлди.
Хуллас, адиб 1937-1938 йиллардаги қонли воқеаларни бошидан кечирган ва яна шундай воқеалар туфайли азоб-уқубат чекиши мумкин бўлган замондошларига халқнинг 1916 йил воқеаларига бўлган фаол муносабатини эслатиш билан бирга, ўз истамаган ҳолда, улар нигоҳини ижтимоий фаоллик ва муросасизлик сари қаратди.
Агар Абдулла Қодирий «Ўтган кунлар» асари билан романтик тасвир тамойилига асосланган ва Шарқ адабиёти анъаналари билан уйғун бўлган ўзбек романчилик мактабига асос солган бўлса, Ойбек Европа адабиётидаги бадиий тасвир мезонларига тўла жавоб бера олувчи биринчи реалистик ўзбек романини яратди.
«Қутлуғ қон» - ўзбек халқи тарихининг мустамлакачилик даври ҳақидаги асар. Аёнки, ўзбек халқи тарихининг бу шармандали давридан аввал халқ ва мамлакатнинг гуллаб-яшнаган даврлари кўп бўлган. Шулардан бири Амир Темур ва Темурийлар давридир.
Ойбек ўзининг иккинчи буюк романида ана шу даврга, шу даврнинг тимсоли бўлган буюк мутафаккир шоир ва давлат арбоби Алишер Навоий ҳаётига мурожаат этди.
Адибнинг «Навоий» романи яратилгунига қадар Европа, шу жумладан, рус ижтимоий фанларида «Навоий – форс шоирларининг тақлидчиси», деган қараш ҳукмронлик қилган. Шўро мафкураси Навоийга берилган бундай «баҳо» билангина кифояланиб қолмай, улуғ ўзбек шоирини дастлаб «феодал давр куйчиси», деб ҳам атади. Бу, ўз моҳиятига кўра, Навоий билан ХХ асрдаги ўзбек халқи ўртасига қўйилган темир парда эди. Ойбек ўз романи билан ана шу темир пардани парчалаб ташлади. У «Навоий» романини ёзишдан аввал шоир яшаган даврни, унинг ҳаёти ва ижодини тадқиқотчи олим сифатида пухта ўрганиб, шундай илмий мақолалар ёздики, бу мақолалар ўзбек адабиётшунослигида навоийшунослик фанининг вужудга келишида пойдевор бўлиб хизмат этди.
Шундай катта тайёргарлик билан асар ёзишга киришган адиб Навоийни ўзбек халқи тарихининг бурилиш нуқтасида майдонга келган, шу даврдаги миллий уйғонишнинг тимсоли ҳисобланган мутафаккир ва гуманист (инсонпарвар) шоир сифатидаги пурвиқор образини яратди. Роман Ғарб ва Шарқдаги қатор тилларга, жумладан, хитой тилига икки марта таржима қилинди. Турли мамлакатлардаги китобхонлар роман муаллифига Навоийни халққа тирилтириб, қайтиб берган ёзувчи сифатида ҳурмат қиладилар. Ойбек бу ўлмас асари билан ўзбек адабиётида тарихий-биографик роман жанрига асос солди.
«Навоий» романининг «Ўтган кунлар» тарихий романидан фарқи аввало шундаки, биринчидан, Ойбек ўз асарига тарихий шахсларни асосий қаҳрамонлар сифатида олиб кирган бўлса, иккинчидан, асарда бош қаҳрамоннинг муҳаббати тарихини эмас, балки Султонмурод билан Дилдорнинг – иккинчи режадаги қаҳрамонларнинг муҳаббатини тасвир этди ва китобхоннинг «ишқий чизиғи»га бўлган руҳий эҳтиёжини шундай йўл билан қондирди. Айни пайтда бу муҳаббат чизиғини романдаги асосий воқеалар тизмаси билан узвий равишда боғлай билди. Учинчидан, адиб адолатли шоҳ ва халқ, Навоий ва халқ, Навоий ва уруш, Навоий ва маданият тақдири, Навоий ва халқлар ҳамжиҳатлиги сингари масалаларни бадиий талқин этди ҳамда замондошлари учун муҳим, келгуси авлодлар учун эса ибратли бўлган ижтимоий-фалсафий қарашларини шоир образи орқали олға сурди.

Naim Karimov
10.01.2013, 17:09
«Қутлуғ қон» ҳам, «Навоий»ҳам ғоят нафис, ширали, камалак нурлари билан товланувчи адабий тилда ёзилган. Бу ҳар иккала асар Ойбек қаламидан тўкилган ҳикматли иборалар билан тўла. Мана, бир-икки мисол:
«Чақмоқ қанчалик баландда чақмасин, эгри бўлгани учун ернинг қаърига борур. Шамки, тўғри, адлдир – куйса ҳам бошдан-оёқ нур бўлиб куюр»;
«Кишиларни бахтли кўрмакнинг ўзи бахтдир»;
«Кўмирчининг юзи қаро, жаллоднинг кўзи қон бўлганидек, разилларнинг разолати улар учун жазо ва шармандаликдир»;
«Бир гул юз ғунча очади»;
«Табиатнинг ўзи ҳусни мутлақнинг бепоён жилвалар кўрсатган улуғ кўзгусидир»…
«Навоий» - ана шундай шоҳи иплар билан тўқилган ажойиб асар.
Ҳикоя қилишларича, маўкур роман шўро давлатининг юксак мукофотига тавсия этилганида, давлат раҳбари А.А. Фадеевдан: «Қани, айтинг-чи, Александр Александрович, «Навоий» романининг қандай фазилатлари учун унинг муаллифига мукофот бермоқчисиз?» деб сўраган ва шунда СССР Ёзувчилар уюшмасининг бош котиби бундай жавоб берган экан: «Агар Алексей Толстой «Улуғ Пётр» романида Пётр сиймоси орқали рус халқининг бундан 250 йил аввалги ҳаётини бадиий мужассамлантирган бўлса, Ойбек ўз романида Навоий сиймоси воситасида ўзбек халқининг бундан 500 йил аввалги ҳаётини шундай мужассамлантирган».
Чиндан ҳам, биз Ойбек асарини ўқир эканмиз, унда Навоий сиймоси орқали ХУ асрда Моварауннаҳрда яшаган халқ ҳаётининг ёрқин манзараларини кўрамиз. Шу маънода «Навоий» романи ХУ асрдаги ўзбек халқи ҳаётининг ўзига хос қомусидир.
Ойбек Абдулла Қодирий ва Чўлпонлар номи халқ хотирасидан ситиб чиқарилган, асарлари куйдириб ташланган, уларни ўқиш эса ўта хавфли бўлган замонларда зикр этилган бадиий полотнолари билан ўзбек романчилик мактабига ғубор қўндирмади, аксинча, уни янада юксак поғонага кўтарди. Унинг бу икки буюк асари яратилажак янги ўзбек романлари учун бадиий мезон вазифасини бажарди.

Naim Karimov
10.01.2013, 17:13
Навоий - Ойбек ижодининг қалби.
Ойбек 1928 йилдан – Ленинграддаги Плеханов номли Халқ хўжалиги институтида ўқиб, айни пайтда Жонли Шарқ тиллари институтида ишлаб юрган кезларидан то умрининг сўнгги кунларига қадар Навоий яшаган тарихий даврни, шоир ҳаёти ва ижодини тинмай ўрганди ва у ҳақда турли жанрларда асарлар яратди. Айтиш мумкинки, у бутун умри давомида Навоий олами билан яшади.
Ойбекнинг бу қутлуғ мавзуга бағишланган «Навоий ҳақида» ва «Хамса»нинг асосий образлари» деган икки йирик тадқиқоти 1935-1936 йилларда навоийшунослик илмининг илк намуналари сифатида майдонга келди. Шундан кейин Ойбекнинг «Навоийнинг дунёқараши масаласига доир», «Навоийнинг «Мажолис-ун нафоис» асари ҳақида» (1940), «Навоийнинг таржимаи ҳоли» (1941), «Навоийнинг адабий меросига доир» (1948) деган тадқиқотлари юзага келди. Ойбек Навоийнинг 500 йиллиги муносабати билан 1948 йил май ойининг ўзида қардош халқларнинг 10 дан зиёд тилида 30 дан ортиқ газета ва журнал мақолаларини эълон қилди. У, бошқа навоийшунос олимлардан фарқли ўлароқ, улуғ шоир ҳаёти ва ижодини рус тили орқали собиқ шўро мамлакати ва жаҳон миқёсида тарғиб этишга ҳам алоҳида эътибор берди. Ойбекнинг рус адиби ва адабиётшуноси Александ Дейч билан ҳамкорликда ёзган мақолалари 1968 йили алоҳида китоб шаклида нашр этилди. 1948 йилда Навоий юбилейининг собиқ иттифоқ миқёсида баланд савияда нишонланишида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, навоийшунос олим ва адиб Ойбекнинг хизматлари улкандир.
Ойбек Навоий сиймосига шоир сифатида илк бор 1937 йил майида, ўзбек санъатининг Москвадаги ўнкунлиги кунларида мурожаат этиб, «Навоий» лирик достонини яратди. 1942 йилнинг қаҳратон қишида тугалланган «Навоий» романи 1944 йилда нашр этилиб, рус (1945), латиш (1947), литва, эстон, чех, француз (1948), қозоқ (1949), украин (1950), уйғур (1952), туркман» (1955), хитой (2002, 2008) тилларига таржима қилинди. (Бирорта ўзбек ёзувчисининг асари шу вақтгача бу қадар кўп тилларга таржима қилинлмаган.) Ойбек ана шу тарзда, ҳам навоийшунос олим, ҳам шоир, ҳам романнавис адиб сифатида Алишер Навоийни ҳар бир ўзбек хонадонига барҳаёт сиймо сифатида олиб кирди, унинг жаҳон бадиий маданиятидаги қонуний ўрнини тиклаб берди.
Ойбек адабиётшунос, тарихчи, адиб сифатида ўзбек фани ва маданияти равнақига қўшган катта хизматлари учун 1943 йилда янги ташкил этилган Ўзбекистон Фанлар академиясигаҳақиқий аъзо этиб сайланди.
Адиб «Навоий» романини ёзган вақтда «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун» достонлари муаллифининг муҳаббати тарихи ҳамда болалик ва ёшлик йилларини тасвирлашни ўз олдига мақсад қилиб қўймаган эди. Шунинг учун ҳам у ҳаётининг сўнгги фаслида ижодидаги шу «кемтик»ни тўлдириш ниятида «Бола Алишер» қиссаси ҳамда «Гули ва Навоий» достонини ёзди (1968).
Агар умр вафо қилганида Ойбек адабий ва илмий навоийномасини яратишда яна давом этган бўларди.

Naim Karimov
10.01.2013, 17:14
Ойбек - нафақат Навоий ижоди билан шуғулланган адабиётшунос ва тарихчи олим, айни пайтда замонавий адабий жараённинг ҳам нозик билимдони ва тадқиқотчиси бўлган. У 1934-1937 йилларда ҳозирги Тил ва адабиёт институтининг илмий ходими, 1943-1951 йилларда эса янги ташкил этилган Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги ва академия гуманитар фанлар бўлимининг раҳбари бўлиб хизмат қилган. Шу даврда у «Сўнгги йиллар ўзбек поэзияси», «Ўзбек поэзиясида тил» (1934), «Абдулла Қодирийнинг ижодий йўли» (1936), «Ўзбек совет адабиётининг юқори ғоявийлиги учун» (1947), «Ўзбек поэзиясининг тарихий тараққиёти тўғрисида» (1948), «Йигирма беш йил мобайнида ўзбек совет поэзияси» (1949) сингари тадқиқотлар, А.С. Пушкин, И.А. Крилов, Л.Н. Толстой, А.П. Чехов, А.М. Горький, Н.С. Тихонов сингари рус, Ҳамза, Садриддин Айний, Чўлпон, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Зулфия, Ҳасан Пўлат каби ўзбек, Файз Аҳмад Файз, Мухтор .Ауэзов, Берди Кербобоев сингари Шарқ адабиёти намояндалари тўғрисида кўплаб мақолалар ёзган. (Афсуски, Ойбекнинг Отажон Ҳошим билан 1935 йилда ёзиши режалаштирилган 12 босма табоқли «Мустамлака даври адабиёти» ҳамда 5 босма табоқли «Муқимий ва унинг «Танланган шеърлари» тадқиқотларининг тақдири бизга маълум эмас.)
Ойбекнинг адабиётшуносликка оид тадқиқот ва мақолалари орасида Абдулла Қодирий ва Чўлпонга бағишланганлари, айниқса, муҳим аҳамиятга эга. «Абдулла Қодирийнинг ижодий йўли» монографияси шўро дври мафкурасининг таъсиридан холи бўлмаган ва буни Ойбекнинг ўзи ҳам эътироф этган бўлса-да, мазкур тадқиқотнинг асосий пафоси «Ўтган кунлар» романи муаллифининг бадиий маҳоратини очишга қаратилди. Ойбек бу тадқиқоти билан биринчи ўзбек романини вульгар социологизм марраларидан туриб баҳолаган Сотти Ҳусайнга кескин зарба берди. Унинг 1927 йилда Усмонхон Эшонхўжаевнинг «Ўзбек шоирлари. Чўлпон» ғайриилмий мақоласига қарши «Шоир Чўлпон ижодини қандай текшириш керак», яна шу муаллифнинг «Мунаққиднинг мунаққиди» мақоласига қарши «Мунаққиднинг мунаққиди» мақоласининг муаллифига жавоб» деган мақолалари эса унинг том маънода илмий ва ижодий жасоратидир. Ойбек бу мақолаларида Чўлпонни рус аристократиясидан етишиб чиққан Пушкинга муқояса қилиш орқали устоз шоирни доноларча ҳимоя қилди.

Naim Karimov
10.01.2013, 17:15
Ойбекнинг бой адабий меросида таржима алоҳида ўринни эгаллайди.
Адиб 1937 йилнинг бўронли кунлари тингач, 1938 йил охирида Ўқув-педагогика Давлат нашриётига таржимон лавозимида ишга қабул қилинди. Шу даврда у «Антик адабиёти» мажмуасининг Рим адабиётига бағишланган 2-жилдини таржима қилиб, ўзбек китобхонларига жаҳон адабиётининг илк манбаларидан бири билан танишиш имконини яратди. Шундан аввал ва кейин у А.С. Пушкиннинг «Евгений Онегин» шеърий романи, М.Ю. Лермонтовнинг «Маскарад» драмаси, В.Г.Белинскийнинг машҳур мақолалари, Мольернинг «Тартюф» комедияси, «Довуд Сосунли» арман эпоси ҳамда қатор хорижий шоир ва ёзувчиларнинг асарларини ўзбек тилига ўгирди.
У ҳаётининг бир кунини ҳам адабий меҳнатсиз ўтказган эмас. Ҳамиша ижод иқлимида яшаган адиб учун адабиёт халқ ва мамлакатни юксак ғоялар ва идеаллар асосида олға етакловчи буюк куч эди. У ўзининг олтин қалами билан ўзбек халқини ер куррасидаги маданияти тараққий этган халқлар қаторига олиб чиқишга интилди. Афсуски, 30-40 йиллар шароитида шундай истак ва орзу билан ижод қилган қаламкашлар мустабид давлат раҳбарлари назарида «миллатчи»лар бўлишган.
Сталинча қатағоннинг навбатдаги тўлқинида 1937 йил доридан базўр омон қолган Ойбек бошига туҳмат ва маломат тошлари ёғилди. «Дўстлар» «Навоий» романини титкилаб чиқиб, ундан миллатчилик нишоналарини, «Ўзбек поэзиясининг антологияси»га ёзган кириш мақоласи ва Ойбек муҳаррирлик қилган «Ўзбек адабиёти» дарслигидан мафкуравий «хато»ларни «топдилар». Адиб қардош ёзувчилар билан бирга Покистонга борганида ўша ерда қолмоқчи бўлган, деб иғво тарқатдилар.
Ойбекнинг кундан-кунга ортиб бораётган шуҳрати туфайли кимлардир роҳат ва фароғатларини йўқотган эди. Улар НКВДнинг Ойбек атрофига қўйган тузоқларини интиқлик билан кузатибгина қолмай, унинг шу тузоққа илиниши учун баҳоли қудрат саъай-ҳаракат ҳам қилдилар. Натижада 1951 йил 16 апрель куни Ойбек инсульт хасталигига йўлиқиб, тили ва ўнг қўлидан ҳаёт асари кетди.
Бу, Ойбек ижодининг минглаб мухлислари учун фожиа эди. Ўзбекистон шу кунларда Ойбек ташвиши билан яшади. Китобхонлар севимли ёзувчиларининг соғайиб кетиши учун турли-туман табибларни, даво усул ва воситаларини тавсия этдилар.
Тошкент, Москва ва Пекиндаги бир неча йиллик даволанишдан сўнг Ойбек яна ижодий ҳаётга қайтди. У ўз қўли билан ёза олмагани сабабли кўнглида туғилган катта-кичик асарларни вафодор хотини Зарифахонимга қийинчилик билан бўлса-да, айтиб турди. У шундай йўл билан 1968 йили вафот этгунига қадар «Олтин водийдан шабадалар» романини қайта ишлади, чала қолган «Қуёш қораймас» романини тугатди, «Улуғ йўл» романи, «Нур қидириб», «Болалик хотираларим», «Бола Алишер» қиссалари, «Даврим жароҳати», «Гули ва Навоий» достонлари, талайгина шеър ва мақолаларини ёзди.
Ижодга ўта ташна адиб 1959 йили дилидаги орзу ва армонини ифодалаб, бундай ёзган эди:

Ҳастамен… Фикрга, туйғуга тўлиб,
Ой менга ҳамқадам – сокин юрамен.
Соғайсам бир куни ёзамен тўйиб,
Ҳисларга қалбимни қўшиб ёзамен…

Кечалар юрурмен телбадай ҳориб,
Бошимда ой борур – менга ҳамқадам.
Хаёллар учади машъалдай ёниб,
Тўйиб ёзажакмен бир кун соғайсам.

Ойбекнинг бу мовий орзуси рўёбга чиқмади. Аммо у хаста ҳолда ҳам, шоир айтмоқчи, ўлимларни доғда қолдириб, умрининг сўнгги нафасига қадар она халқи учун, адабиёт учун мардона меҳнат қилди. Унинг 17 йил давом этган хасталик даврида шу қадар самарали ижод қилганининг ўзи мислсиз жасоратдир. Ойбек ўзининг 20 жилдлик адабий мероси билан кўп асрлик ўзбек адабиётининг энг юксак чўққиларидан бирини забт этиб турибди.
Бу, Ойбек чўққисидир.

Utkir Hoshimov
31.01.2013, 12:52
Рус адиблари орасида: "Биз ҳаммамиз Гоголнинг шинелидан чиққанмиз", деган ибора бор. Шу гапни "ўзбекчалаштирсак", ўтган асрнинг 60-йилларида адабиётга кириб келган авлод шоирлари "биз Ғафур Ғуломнинг, адиблар эса биз Ойбекнинг, Абдулла Қаҳҳорнинг тўнидан чиққанмиз", деса муболаға бўлмайди. Сабаб, биз — уруш ва ундан кейинги йиллари мактабга борганлар Ғафур Ғулом шеърла ри, Ойбек романлари, Абдулла Қаҳҳор ҳикоялари билан "танглайи кўтарилган” авлодмиз. У паллада Қодирий, Чўлпон, Фитрат деган улуғ ижодкорлар ўтганини эшитган бўлсак-да, уларнинг биронта асарини ўқиган эмасдик.
Афсуски, мен Ойбек домланинг суҳбатида бўлиш бахтига эриша олмаган- ман. Бунга ўзим сабабчи бўлсам керак. Негаки, бирон марта бу улуғ адиб эшигини тақиллатиб боришга журъат қилмаганман. Бошқа устозим — Абдулла Қаҳҳор эса бир қатор тенгқурларим қатори менинг ҳам илк машқларимни ўқиб, хат ёзган ва шу сабаб Қаҳҳор домла сабоқларини олиш насиб этган... Шунга қарамай, Ойбек иштирок этган катта-кичик йиғинларда биз — талабалар ҳам бир чеккада қисиниб-қимтиниб ўтирганмиз. Ойбек домла қатнашган издихомга аллақандай осойишта, вазмин руҳ киргандек бўлар, устоз адиб йирик-йирик кўзларидаги теран маъно, ҳам виқорли, ҳам ўта самимий туйғу бу инсонни ич-ичидан ёритиб, нурлантириб турганга ўхшар эди. Ойбек ўзининг салобати билан ҳаммани "босиб турган"дек бўлар, айни пайтда унинг бутун қиёфасида боладек беғуборлик ҳам барқ уриб турар эди...
Мана шу улкан истеъдод, табиийлик ва самимийлик адиб асарларида ҳам намоён бўлади. Зеро асар муаллиф қалбининг кўзгуси, ёзувчининг "фарзанди” ҳисобланади...

Utkir Hoshimov
31.01.2013, 12:53
Ойбек ижодининг ёрқин қирраларини ҳам, адиб босиб ўгган мактабнинг машаққатли ва чалкаш сўқмоқларини ҳам биргана "Қутлуғ қон" романи мисолида кўрса бўлади. Аслида хавф-хатарга тўлиқ бу мактаб "сабоқлари" Ойбек домла тенгқурлари бўлмиш ижодкорларнинг ҳаммасига тааллуқли. Бир наъра тортса, жаҳонни ларзага солишга қодир Ғафур Ғулом шеърларида ўқтин-ўқтин "улуғ оға"нинг тарихий хизматларини эслатиб туришга мажбур бўлгани, Абдулла Қаҳҳор энг тагдор, энг ҳаққоний ҳикояларини минг бир қобиққа ўраб "едириш" йўлини излагани бежиз эмас. Золим сиёсат кечагина ёнингда турган эл эътиқодини қозонган ижодкорларни, ҳақиқий халқ фидойиларини "халқ душмани" деб қирғин қилган, ўзи эмас, болаларини халқ қамоқда чиритаётган паллада ижод қилиш қилич дамида юриш билан тенг эди (Мустақиллик йилларида онги шаклланган авлод буни тасаввур ҳам қилолмайди).
Мана шу доимий хавотир кўп йиллар ўзбек насрининг намунаси ҳисоб-ланган "Қутлуғ қон" романида ҳам сезилиб туради. Синчиклаб ўқисангиз бу ҳолатни англашингиз қийин эмас. Асарнинг деярли ҳар саҳифасида камбағал қароллар бойларнинг золимлиги, бу дунёнинг адолатсизлиги, ўзининг қорни чалақурсоқлиги ҳақида шикоят қилади. Романдаги бойларнинг ҳаммаси ёмон: Мирзакаримбой — золим, алдоқчи, Салимбойвачча — қотил, Тантибойвачча — қиморбоз, бузуқ, унинг отаси кўчада занглаган мих ётса, туфлаб уйига ташийдиган мумсик... Ойбекдек улуғ адиб ҳам “бу ёзувчи” “синфийлик позицияси"ни билмайди ёки билса ҳам атайлаб бузиб кўрсатади!" деган даҳшатли айбномага йўлиқмаслик учун (демак, Сталин қамоқхоналарида суяги чиримаслиги учун) айнан шундай тасвир воситаларидан фойдаланишга мажбур бўлган. (Эҳтимол бугунги китобхон буни билмас, бироқ ҳушёр ўқувчи роман саҳифалари қатида қандай ваҳимали "сирлар" яшириниб ётганини англаши қийин эмас)...
Адиб табиат манзаралари — қаҳратон совуғи, саратон иссиғи, чечаклар ранги кабилар тасвирида яйраб-яшнаб, эмин-эркин қалам тебратади. (Табиат сиёсатга бўйсунмайди.) Шунингдек, ўзбек удумлари — тўйлар, тортишмачоқлар, қуёв жўралар бошидан ун сепишларни маҳорат ва ички ҳаяжон билан тасвирлайди...

... Одатда, ҳар қандай бадиий асар, айниқса, катта прозаик полотнода китобдаги одамлар қанчалик "тирик", нечоғли жонли бўлиши жуда муҳим, айтиш мумкинки, ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Асар қаҳрамонига "жон ато этиш" эса шунчаки, осон юмуш эмас. "Қутлуғ қон"даги энг тирик ва шу туфайли узоқ эсда қоладиган одамлардан бири — Ёрмат. У ҳалол меҳнати билан рўзғор қимирлатиб турган, ўта содда, бир қадар мақтанчоқ, ҳовлиқма одам. Асар бошида бир лавҳа бор. Йўличи даладаги бедани ўришга киришиш олдидан Ёрмат унга бедазорни кўрсатиб, "мана, бедам!" деб керилади. Йўлчи беда яхши ўсганини айтиб, "сизникими?" деб сўраса, Ёрмат "Мирзакаримбой отаси"нинг остонасида ўн олти йил ишлаганини, шу боисдан "сеники-меники" деган гап йўқлигини айтади. Гўё бойнинг ярим давлати ўзиникидек. Бойваччаларнинг гапига (зиёфатига) бозордан ҳориб-чарчаб кўй етаклаб келганида калла-почанинг бир улуши ўзига тегишидан хурсанд, бой тўй қилса, тартиб сақлашга балогардон. (Гўё тўй ҳам ўзиникидек!) Охир-оқибат кўрган каромати шу бўладики, кўзининг оқу-қораси Гулнорнинг ўлиги бойникидан чиқади!.. Ёрматнинг қарийб йигирма йиллик меҳнатига олган ҳақи эса Салимбойваччанинг исловотхонада бир кечада бузуқ аёлларга сарфлаган пулининг ярмига ҳам етмайди! Ёрматнинг Гулнор ўлимидан чеккан изтироблари табиий ва самимий бўлгани учун ҳам ўқувчини ларзага солади...

Utkir Hoshimov
31.01.2013, 12:54
Қизиғи шундаки, романдаги энг жонли образлардан бири Нури! У асарда кўп кўринавермайди. Бироқ тирик одам сифатида китобхоннинг хотирасида сақланиб қолади. Негаки, унинг хатти-ҳаракатлари ғоят табиий. Нури ўн сак-кизга чиққан, соғлом, тўқ, бой оилада ўсган қиз. Унинг жунбуши, туйғулари жиловсиз. Албатта, у Йўлчини яхши кўрмайди. Аммо ёш, келишган йигитнинг қучоғига киришни жудаям хоҳлайди. Бу йўлда минг хил баҳоналарни ўйлаб ҳам топади. Нури "эзувчи" синф вакили сифатида, салбий образ сифатида тасвирланган. Бироқ "салбий"ми, "ижобий"ми, у — тирик одам.
"Қутлуғ қон"да яна бир боб бор. (Битгагина, ихчамгина боб.) Унда Йўлчи туҳмат билан қамоққа тушгач, қамоқхонада Петров деган инқилобчи "масте-ровой" билан танишуви тасвирланади, тўғрироғи, баён қилинади. Петров Йўлчини ўзининг "революцион руҳи ва севгиси билан тарбиялайди". (Романда айнан шундай дейилган.) Қисқа вақт ичида Петров Йўлчининг "онгини ўстиради", умрида қўлига китоб-дафтар олмаган йигитнинг саводини ҳам дарров чиқара қолади. Икковлари қамоқдан қочишади... Баённинг маъноси шу.
Тасаввур қилинг: Ойбеқдек тажрибали адиб қамоқ манзараларини, у ердаги муҳит, темир эшиклар, инсонлигини унутаёзган ашаддий жиноятчилар, тўнка-мижоз соқчиларни аниқ-равшан тасвирлаши мумкинмиди? Қамоқдан қочиб қутулиш осон эмас. Ёзувчи мана шу драматик ҳолатни ёрқин бўёқларда чизиши мумкинмиди? Албатта мумкин эди! Ва ҳатто керак эди! Хўп, адиб нега шундай қилмаган? Бу саволга китобхон эмас, ёзувчи сифатида жавоб беришим мумкин. (Агар адашсам, устознинг руҳи мени кечирсин!) Гап шундаки, асарни яратиш жараёнида бу бобни ёзиш ниятининг ўзи бўлмаган. Эҳтимол романнинг биринчи варианти (қўлёзма)да ҳам бу боб бўлмаган. Сўнг кимдир ёки кимлардир романда "улуғ рус халқининг мазлум халқлар революцион онгини ўстириб “одам каторига қўшишдаги” тарихий ролини кўрсатиш лозимлиги"ни "эслатиб қўйган" ёки шундай қилмаса, "чатоқ бўлиши"ни англатган! Ойбек домла ўлганининг кунидан "бор-е, шуни қўшсам қутуламанми, сенлардан!" деган-ку, беш-олти варақли шу ахборотни қоғозга туширган. "Сиёсий ҳушёр" мунаққидлар эса "Қутлуғ қон"нинг айнан мана шу жойини байроқ қилиб кўтарганлар! "Мана, социалистик реализм намунаси бунақа бўлади!", деб айюҳаннос солганлар. Донишманд Ойбек эса индамай кулимсираб қўя қолган. "Социалистик"ми, "носоциалистик"ми, чинакам реализмни, ҳаёт ҳақиқатининг бадиий ҳақиқатга айланишини романнинг бошқа талай саҳифаларидан топиш мумкин.

Utkir Hoshimov
31.01.2013, 12:54
Гулнор бўйнидан боғлангандек бўлиб Мирзакаримбойга эрга тегади. Бойга тегади ва ёши етмишни қоралаган чолдан... ҳомиладор бўлади! Мана шу — ҳақиқий реализм! Истеъдоди ўртачароқ ёки ҳаётни теран билмайдиган ёзувчи бўлса Мирзакаримбойнинг ёш қизга уйланишини ярим карикатура тарзида тасвирлаб, шарти кетиб, парти қолган чолни "масхара" қилиши ёки Гулнор-нинг бўйида бўлишини умуман ўйлаб кўрмаслиги ҳам мумкин эди. Ойбек эса бундай қилмайди. Албатта, адиб Гулнорнинг иккиқат бўлиши унинг ўлими учун ҳукм эканини, бойнинг ўғил-қизлари, куёв-келинлари мерос васвасаси учунгина ёш "она"дан қутулиш йўлини излаши муқаррарлигини билган. Бу эса романдаги воқеалар оқимининг мантиқий ривожига хизмат қилган. Аммо Гулнор бўйида бўлганини англаган ҳолатни шу қадар теран, психологик аниқ тасвирлаганки, буни фақат катта санъаткоргина эплай олади.
Гулнор тасодифан хизматкорлар яшайдиган хонага кириб қолади ва қозиққа илинган, чанг босган эски дўппига кўзи тушади. Бу Йўлчининг дўпписи эканини эслайди ва дўппининг чангини қоқиб, бағрига босади, кўзларига суртиб ўпади... Ҳақиқий аёл психологияси! Бироқ унинг дардли онлари бу билан тугамайди. Мана, ўша ҳолатнингдавоми:
"Ташқарида каптарларнинг "ғу-ғу"си, чумчуқларнинг чирқиллашидан бош-қда товуш йўқ... Гулнор бирдан чўчиб кетди: қорнида бир ниманинг сезиларли равишда урганини туйди... Дарров англади: у ҳомиладор! Шу онда қалтираган, оёқларида қитдай куч қолмаган каби ерга йиқилаёзди... Кўз олди қорайиб, борлиғини оғриқ-алам сиқиб олди... Бошида ҳорғин, паришон фикрлар учди. "Бахтсиз бола! Тезгина дунёга қадам қўйиб, дадангни набиралари, эваралари кетидан пилдираб югурмоқчимисан? Мана мен — онанг сени унутибман! Ўз борлиғингни ўзинг билдирдинг. Мирзакаримбойнинг боласи, унинг эварасидан ҳам кичик боласи!"
Иккита ўта драматик ҳолат — севган кишисини (камоққа тиқилган Йўлчи-ни қўмсаш ва чол Мирзакаримдан болали бўлганини дафъатан ҳис этишни бир вақтда тасвирлаш тагида чуқур, жуда чуқур маъно ётади. Бундай ҳолатни айнан шу тарзда тасвирлаш учун йирик санъаткор бўлиш керак).
Ойбек домланинг тили содда ва жозибали, ниҳоятда табиий. Романни қайта ўқишда бир нарсага эътибор бердим. Ёзувчи бутун бошли асар давомида "ва" деган боғловчини нари борса тўрт ёки беш марта ишлатган экан. Шунда ҳам муаллиф тилидан. Асар персонажлари эса гап орасида бирон марта "ва" демайди. Жуда зарур бўлиб қолса "ҳам" деган "боғловчи"ни ишлатади. Ниҳоятда табиий жараён! "Ва"ни араблар кўп такрорлайди. Оддий ўзбек эса ("оддий" эмас, "нооддий", яъни тил билимдони ҳам) жонли суҳбатда "ва"ни деярли оғзига олмайди... Бу ғалати ҳолатга эътибор берганимнинг сабаби асардаги одамлар тилига атайлаб ёки “шунчаки чиройли бўлсин”, деб "ва"ни солиб қўйиш асарнинг табиийлигини бузишини биламан.
Бу — шунчаки йўл-йўлакай кузатув... Романда бир қарашда оддий, аммо
китобхон хотирасида муҳрланиб қоладиган ғалати эпизодлар бор. Мана, шундай ҳолат. Салимбойвачча заҳар солган таомни ичган Гулнор ўлим билан олиб ётибди. Шунда шўрлик она — Гулсумнинг эсига бир "дори" тушади. У қаердадир эшитган. Заҳар ичган одамга қўй қумалоғини сувга эзиб ичирилса даво бўларкан! Гулсум зиналардан думалаб тушиб оғилхонага югуради ва бир кафт қўй қийини косага эзиб Гулнор томон ошиқади... Ўлим тўшагида ётган фарзандининг жонига ора кириш учун ҳар нарсага тайёр она ҳолатини бундан теранроқ тасвирлаш қийин.
... Хуллас, Ойбек домла ижодини синчиклаб ўрганган киши бу улкан адиб нақадар машаққатли ижод мактабини ўтагани, дилидаги армонларнинг кў-ў-ўп қисмини қоғозга тўколмай ҳасратда кетганини, бироқ замона зайлининг зуғумларига қарамай китобларида қатор-қатор инсонларга “жон ато” қилганини, Қаҳҳор домла ибораси билан айтганда, ўзбекнинг "адабий оиласи"ни бойитишга катта улуш қўшганини тушунади.

Nigora Umarova
10.01.2014, 20:46
10 январь буюк ижодкор Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек таваллуд топган кун.
"Бир ўлка-ки, қишларида шивирлар баҳор..." деб ёзган эди Ойбек. Гарчи қиш фасли эса-да, баҳор тафти балқмоқда. Қуёшли чарағон кун.

https://img.uforum.uz/images/bqttvvt6820051.jpg

https://img.uforum.uz/images/xwehgud3472451.jpg

Адабиётшунос Адҳамбек Алимбеков, Сувон Мели, Ҳулкар Олимжонова, Бахтиёр Назар, Наим Каримовлар.

https://img.uforum.uz/images/pvutill6377264.jpg



Бугун Ойбек уй-музейида бир гуруҳ ижодкорлар, адабиётшунос олимлар, Ойбек ижодининг ихлосмандлари билан буюк адибни хотирлаб суҳбати аржуманд бўлди. Суҳбати аржумандда Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон, адабиётшунос олимлар Наим Каримов, Собир Мирвалиев, Шуҳрат Ризаев ва адибнинг фарзандлари иштирок этишди.

Nigora Umarova
24.06.2014, 01:24
Ҳақиқий санъат асари гўзалликни соғиниш ва гўзаллик яратиш туйғусидан дунёга келади. У инсонқалбига кучли таъсир этиб, руҳини яйратиб юборади. Қалбга таъсир кўрсата олмаган ва четдан уни кузатиб турган инсоннинг кўнглини ўзига ром этишга яроқсиз асарни санъат асари дея олмаймиз. Санъат асарини четдан кузатиб мухлиснинг кўзлари ҳайратга туша олиши керак, ижодкор ижод қилиши жараёнидаги ҳайрат беихтиёр асар ихлосмандининг кўзига "юқиши", яратганнинг мўъжизавий гўзаллигини у ҳам пайқай олиши даркор. Гўзалликдан ҳайратланиш эса қалб кўзи очиқ инсонгагина хос бўлган фазилатдир.
Санъаткор юракдан эмас, юрак тили билан сўзлайди. Рассомлик ва адиблик. Рассом Ўрол Тансиқбоев ва Ойбек. Бу икки ижодкор ҳаёт санъаткори эдилар. Улар яратган рангин асарлар хаёл олами ва ҳаёт руҳини, ҳаёт шавқини ўзида акс эттиради. Улар ижодни тарғиб ва ташвиқ воситаси деб билмаган ижодкор эдилар. Балки уларнинг ҳаммаслаклиги ҳам шундадир...
Бу йил Ўрол Тансиқбоев таваллуд топганлигининг 110 йиллиги 25 майда нишонланди. Рассомнинг 60 йиллик таваллудида Ойбек дўстига ёзган табрикнома хати Ойбек уй-музейининг архивидан яқиндагина топилди. Уни эътиборингизга ҳавола этиБ, сизларни ҳам бохабар қилишни лозим топдим, форумдошим!
https://img.uforum.uz/images/rlsvhas2733166.jpg

https://img.uforum.uz/images/unpfybv7635366

https://img.uforum.uz/images/zwmiddt5984158.jpg

Мактуб-табрикнома эски ўзбек алифбоси-араб ёзувида Ойбекнинг рафиқаси Зарифахоним Саидносирова томонидан қоғозга туширилган. 5 варақдан иборат.

Хабарингиз бор, Ойбек руҳий зарбалар орқали сакта касаллигига чалинган, ўнг қўли яхши ишламас, дудуқланиб гапирар эди.

https://img.uforum.uz/images/bjfwjej9467034.jpg

Nigora Umarova
24.06.2014, 01:40
Ўрол Тансиқбоев 1924 йилда профессор Н.Розанов студиясида рассомликдан таҳсил оларди. У билан бирга гўзал Зарифа ҳам рассомлик сир-асрорларини ўрганишга қизиқарди. Ойбек ўзарифасининг олдига тез-тез ташриф буюргани боис Ўрол билантанишиб қолади ва дўстлашади. Кейинчалик Ойбек сўз рассоми, Ўрол Тансиқбоев эса табиат тасвирини нафислигини тасвирловчи буюк рассом бўлиб етишди. Зарифахоним эса биринчи ўзбек кимёгар олимаси сифатида ўз фаолиятини давом эттирди. Зарифахоним рассомликка бўлган ҳавасини ташламади. Вақти-вақти билан мойбўёқда рангтасвирлар чизиб турди.
https://img.uforum.uz/images/sdyikne1046929

Nigora Umarova
24.06.2014, 01:47
Демак, эътиборингизга Ойбек айтиб турган ва Зарифахоним қоғозга туширган табрикномани ҳавола этамиз.
https://img.uforum.uz/images/gybmbir8864971.jpg

Курси ва иш столини кўрдим-у, бу ерда ҳозиргина буюк ёзувчимиз Ойбегимиз ўтирган-у, чучмал сўзлар билан рафиқаси - Зарифасига дўсти учун ёзилажак табрик хатини айтиб тураётгандек туюлди гўё...

Табиат ошиғи
(Ярим асрли табрик)

Баҳор келиши билан гулларнинг чеҳраси очилиб кетади. Дарахтларни буркаб олган, чаманзорларни яшнатган ҳар бир гулда баҳор табассуми, ариқларда қўшиқлардан тинмаган шарқироқ сувлар дарёларни тўлдириб юборди.
Баҳор рассомни ҳам чақирди. Мана, қирқ йил бўлдики, қирқ дафъа баҳорни рассом интизорлик билан кутиб олади. Ҳар йил баҳор келар экан Ўрол Тансиқбоев, ажойиб рассом, севгилиси бағрига ошиққандай, табиат бағрига жўнайди, нозик кечинмалар, ҳислар, орзуларга тошиб, ҳаяжон билан, шавқ билан йўлга тушади. Илк баҳорда энди уйғонган табиат нафасин олишга шошилади рассом. Дарахтлар куртагининг бош кўтарганини, қабарганини, улардан ғунчалар туғилиб, гуллар ёйилганини, боғларни қучиб олган гуллар булутини томоша қилишга шошилади рассом. Ўрол ҳар баҳорни янги орзулар билан қаршилаган меҳнаткаш халқнинг ғайратидан шавқланиб, илҳомланиб, ҳис ва туйғуларини, қалб қўшиғини бўёқлар – ранглар билан ифода этишга чанқоқлик ва эҳтирос билан киришади.
Рассомнинг туғилганига бу йил 60 йил тўлди. Мен ниҳоят хурсандман, дўстимни қутлашга шошиламан. Унга кўп йиллар, кўп баҳор билан учрашувга, ажойиб ижод булоғининг тинмай, тоғ шалоласидай абадий гуркираб оқишини тилайман.
40 йил бўлади, 1924 йилдан бери биз қалин дўстмиз. Профессор Н.Розановнинг студиясига тез-тез кириб туришни севар эдим. Шундан бери бу буюк рассомнинг санъати, ижоди менинг қалбимга ўрнашиб олган; унинг янги асарини зориқиб кутаман, кўргазмалардан унинг асарларини ахтараман, журналларда расмлар нусхасини кўрар эканман, асарларининг ўзини кўришга шошиламан.
Тошкентнинг сокин бир масканида яшайди рассом. Унинг ишхонасига, ижодхонасига кирар эканман, ҳаяжондан ва шодликдан тўлқинланаман. Унинг расмларида юртимнинг гўзал, ажойиб, жонли лавҳаларини, ватандошларимнинг ва халқимнинг қаҳрамонона меҳнатларини кўриб шавқланаман.
Ўролнинг расмларига термилиб боқар эканман, у билан танишган чоқларимизни , ёшлигимизни эслайман. Биз ёш эдик, ҳар биримизда ўзимизнинг орзуларимиз, келажакдан кутган умидларимиз кўп эди. Ҳозир мен шодланиб ўйлайманки, дўстимнинг ҳам, менинг ҳам орзуларим амалга ошди. Биз ҳар биримиз ўз ижод булоғимизни топиб халқимизнинг қалбини, меҳнатини куйлашга муваффақ бўлдик.
Мен Ўролнинг расмларини севаман, айниқса «Тоғда саҳар», «Иссиқкўл оқшоми », «Қайроққум ГЭСи тонги», «Сирдарё » ва бошқа кўп расмларини. «Тоғда саҳар»ни олайлик. Бу расмга боқар экансиз, ўзингизни кўргазма залида эканингизни унутасиз, тоғларнинг сокин бағрида ҳис қиласиз ўзингизни, тоғлар қучоғида кўрган саҳарларингизни эслайсиз. Саҳар чоғи... Осмоннинг мовий чойшаби нечук оқарганини, тоғ чўққиларида ясланган қорларнинг гоҳ қизариб, гоҳ олтиндай ёнганини эслайсиз. Тубсиз қоронғуликни ёриб ўтган қуёшнинг биринчи шуълалари бўсасидан тоғ қоялари қаршингизда бир он пайдо бўлади, бир онда ёлқинланади, оловланади. Тонг кўкаради, оқаради, ёришади; булутлар ҳам турли рангларда ёлқинланади, олтинланади. Бирдан ҳамма ёқ жонланиб кетади. Гуллар юзларини бирдан очиб юборади, табиатнинг бутун рангини кўрасиз шунда; ҳаво илиқланади, хушбўйланади. Қандай ажойиб Ўролнинг бу асари, қандай жонли, илиқ ранглар билан ёзилган...
«Қайроққум ГЭСи тонги»да Ўрта Осиёнинг бугунги ҳаётини кўрасиз, ғайратга тўлиб-тошган меҳнаткаш халқларнинг дўстлигини, меҳнатга муҳаббатини, ғайратининг муҳташамлигини кўрасиз.
«Иссиқкўл оқшоми», «Тоғ яйловида» асарларини севаман, буларни томоша қилиб тўймайман.
Ўролнинг расмлари шоирона тантанали равишда ҳаётимизни куйлайди, юртимизни куйлайди. Ўролнинг кучи, маҳорати унинг кенг самимий тоза қалбида, ижодининг порлоқ нурланиши ҳам шундан, рассомнинг ҳақиқий инсонлигидадир.
Рассомнинг ижодга эҳтироси чексиз ва буюкдир. Ўрол ўзини унутиб ишлайди, мароқ билан, завқ билан ишлайди. Унинг санъатининг қудрати, ижодининг поэтиклигининг сири шундадир. Бутун ёш санъаткорларимизга Ўрол каби саъи-ижтиҳод, ғайрат билан ишлашни тилаймиз. Толмас, ҳақиқий рассом, талантли ва пок қалбли инсон Ўрол халқнинг ҳурмати ва муҳаббатига сазовордир. У халқ учун ижод этади, халқ уни чуқур севади.
Дўстим Ўрол яна кўп баҳорларни кўрсин! Ҳар янги баҳордек унинг ижоди янада яшнасин, янада гуллаб-яшнасин!

(20.05. 1964 йил) Ойбек

https://img.uforum.uz/images/penatuv5699701.jpg

Ўзбекистон халқ рассоми Ўрол Тансиқбоев
(1904- 1974)

Nigora Umarova
02.07.2014, 21:49
Агар биров бугун мендан: Сен Қиёматда нима билан фахр этгайсан?"-деб сўраса, ишонинг, "Ойбекдай содиқларнинг кўнгли билан, - деб жавоб берган бўлурдим. Ойбекнинг кўнгли - чин гўзаллик ва севги чашмаси, меҳр ва шафқат гулшани, ижод ва илҳом уммони.
ИБРОҲИМ ҲАҚҚУЛ
1 июль Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбекни хотиралаш куни. Шу муносабат билан адибнинг оила аъзолари, бир қатор ижодкорлар, адабиётшунослар Ойбек уй-музейида йиғилдик, ижодкорни хотираладик. Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси Муҳаммад Али, адабиётшунос олим Наим Каримов, "Жаҳон адабиёти" журналининг бош муҳаррири Шуҳрат Ризаев, "Тафаккур" журналининг бош муҳаррири, ёзувчи Эркин Аъзам, "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетасининг бош муҳаррири шоир Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо қатнашишди. Қатнашчилар Ойбек уй-музейининг янги экспонатлари билан танишишди.

https://img.uforum.uz/images/saovzrh4254106.jpg

https://img.uforum.uz/images/cgsplik6537791.jpg

Ҳамид Олимжон ва Зулфияхонимнинг қизлари Ҳулкар опа Олимжонова ва Ойбекнинг фарзанди Бек ака Тошмуҳаммедовлар билан бирга.

Nigora Umarova
16.01.2015, 18:07
Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек таваллудининг 110 йиллигига бағишланган тадбирлардан бирида зукко аёл Хуршида Маматова билан танишиб қолдим. Хуршида опа адабиётни нозик тушунадиган дид сҳибаси сифатида менда катта таассурот қолдирдилар. Эътиборингизга улар билан бўлган суҳбат жараёни ва Зарифахоним Саидносироанинг "Ойбегим менинг" китобидан буюк адибнинг шеърий таржималаридан айримларини ҳавола этамиз.
Перевела стихи Айбека из книги Зарифы Саиднасыровой, его жены, «Ойбегим менинг» («Мой Айбек » ), связанных с отдельными эпизодами из их жизни и его творческой биографии, которые я перевела на русский язык. Хочу сказать, что стихи Айбека, лаконично, просто и глубоко лирично звучащие на узбекском языке, имеют множество смысловых оттенков и их содержание часто проходит в подтексте, поэтому трудно переводимы на другие языки , и в частности , на русский язык , в силу закономерных особенностей самих языков, русского и узбекского, о чем говорит и название книги , где чувствуется большая любовь, преданность и нежность Зарифапы к Айбеку, которые в узбекском имени «Ойбегим» выражены аффиксом принадлежности 1-го лица единственного числа - (и) м, которого нет в русском языке, поскольку в нем нет такой грамматической категории. Кроме того, этот аффикс играет в названии и стилистическую роль, заставляя имя Айбека на узбекском языке звучать ласково и с большой нежностью, так, как, в результате присоединения к начальной форме имени в нем происходит озвончение конечного глухого согласного « К » , который переходит в звонкий «Г»: « Ойбек » - «Ойбегим». Этому же заданию служит и синтаксическая инверсия, то есть, обратный порядок слов , когда на первое место в названии книги «Ойбегим менинг» выдвигается слово «Ойбегим» ( прямой порядок: «Менинг Ойбегим) , которое будучи сложным словом , образованным из слов: «Ой» (луна, месяц, светило ) + « Бек » (господин) и претерпевшего фонетическую трансформацию в результате присоединения ко второму слову вышеуказанного аффикса - (и) м , дает значение почтения и любви ( ср. «бегим» - уважительное обращение к мужу ), а также, гордости и удовлетворения (Мое светило). А перевести название, как « Мой дорогой Айбек » или «Мой любимый Айбек », или же другим подобным образом, будет не совсем правильно, поскольку книга эта о писателе и поэте, творчество которого принадлежит не только его жене и детям, его семье, но и всему народу. Поэтому, по- русски ее название может звучать просто, как « Мой Айбек », без всякий эпитетов, которыми в других ситуациях можно было бы выразить значения морфологических форм узбекского языка, которых нет в русском языке. На русский язык книгу перевели Асал Аббасова и внучка писателя, директор Дома-музея Айбека Айнур Ташмухамедова. Сейчас она находится в стадии подготовки к печати. А теперь прочитаю свои переводы .

* * *

Скован болезнью, мыслями, грезами полон,
Молча шагаю - спутницей в ногу луна.
Если поправлюсь , то буду писать бесконечно,
С чувством глубоким, я выплеснув душу до дна.

Как безумный, не сплю по ночам, задыхаясь,
Кружится в ногу луна над моей головой.
Думы пылают, как свет маяка, разлетаясь,
Я буду писать от души, если только поправлюсь.

* * *

Тропинки истории от моих следов в ухабах, камнях,
« Сядь , отдохни », - под ногами мне шепчет каждый прах.
Души желание: Наставник в иносказании « Язык птиц», Ловец жемчуга - решето в моих руках.

* * *

Сворачиваю к морю,
Хожу по берегу.
Камешки разноцветные
Ищу для тебя .

Играли в них бабушки,
Играли в них матери.
Тетушка Улугбека,
Матушка Навои

Игра в камушки,
Игра девочек.
Наследие прошлого,
Детская игра.

У меня есть дочка,
Поет моя лира.
В груди моей лето,
На душе весна.

Мне солнце и море подарить ей мало.


* * *

Живой, тянусь я к вечной красоте,
Я в музе воспеваю тайны вдохновения.
В руках у матери еще, стремясь к луне,
Узнал ее я чары, притяжение.



Хуршида Маматова. Кандидат филологических наук

https://img.uforum.uz/images/lzxsaog80406.jpg

Рассом Азиза Маматова

Nigora Umarova
02.07.2015, 17:45
Бу йил ҳам Ойбек уй-музейида анъанавий тарзда ҳар йили 1 июль куни буюк адибни эслаш тадбири бўлиб ўтди. Тадбирда адиб ва адабиётшунос олимлар ёзувчи Ойбекнинг ҳаёти ва ижодига оид воқеаларни эслашди.

https://img.uforum.uz/images/gaaltks6194442.png

https://img.uforum.uz/images/ynkvrtn921001.jpg

Nigora Umarova
02.07.2015, 17:46
https://img.uforum.uz/images/slksaqg7793206.jpg

Ўзбекистон халқ рассоми Абдулҳақ Абдуллаев Ойбек портретини ишлаш жараёнида

Nigora Umarova
02.07.2015, 17:48
https://img.uforum.uz/images/gsdslpa838750.jpg

Рус шоири Николай Тихонов Ойбек хонадонининг меҳмони

Naim Karimov
02.07.2015, 17:51
ҚУЁШ БИЛАН ОЙ

Ўзбек адабий самосини бир-биридан ёрқин ва кўркам юлдузлар аста-аста безата бошлаган эди. Ниҳоят, унинг қуёши ҳам кўтарилди. Бу – Алишер Навоий; ўзбек халқиннг гениал шоири ва мутафаккири Навоийнинг ижодиёти бутун ўзбек классик адабиётининг гултожи бўлди.

О й б е к.
Улуғ шоирларнинг улуғ мухлислари бўлади. ХV аср билан ХХ аср орасида ҳазрат Навоийга эътиқод қўйган, унинг асарларини меҳр билан ўқиган, ғазалларига назиралар боғлаган шоирлар беҳисоб. Аммо бу мухлислар сони қанчалик кўп бўлмасин, улар орасида Муса Тошмуҳаммад ўғли Ойбек алоҳида эътиборга лойиқ.
Ойбек улуғ Навоийни бутун умри давомида тавоф этгани, унинг ўлмас сиймосини шоир ва адиб сифатида ҳам, адабиётшунос олим сифатида яратгани, халқ қалбидаги унга бўлган муҳаббат туйғуларини ўзининг фараҳбахш ижодий меҳнати билан мавжлантириб юборгани учунгина эмас, балки ўзининг инсоний камолоти, руҳий гўзаллиги, ҳотамтойлиги ва ўта меҳнатсеварлиги билан ҳам бошқа барча ижодкорларга инсбатан “ўзбек шеъриятининг қуёши”га яқиндир.
Хўш, бу ажиб уйғунликнинг манбаи қаерда, сабаблари нимада?

Биринчи поғона

Совет даврида Шарқ мамлакатларидаги мадраса таълими тўғрисида жуда кўп туҳмат гаплар ёзилди. Аммо ўтмишда қандай буюк олимлар, шоирлар, меъморлар, муҳандислар етишган бўлса, уларнинг бари мадрасадан чиққан. Ҳатто ўзбек мумтоз адабиётини теран ва нозик ҳис этган, араб ва форс тилларини мукаммал билган замондошларимиз ҳам мадраса таълими туфайли шу даражага эришишган.
Мадраса тўғрисида сўз борганда, Ойбек домла бу билим ўчоғига нисбатан баъзан илиқ ва самимий сўзларни айтишга ийманган. Давр ва сиёсат уни шунга мажбур этган. Лекин у “Қисқача таржимаи ҳолим” деган хасби ҳолида: “Мусулмон мактабларида фақат қадимги классиклар ўқитиларди”, деган сўзни айтганки, шу биргина жумланинг тагида қандай маъно ётганини билиш учун адибнинг “Болалик хотираларим” қиссасини варақлаш жоиз бўлади. Қиссада “эски мактаб” ҳаётидан олинган бундай лавҳа бор:
“...Бир вақт Сўфи Оллоёрни ўқиётганимда, зимдан қулоқ солиб ўтирган домлам:
- Сувдай силлиқ ўқийсан, балли-балли, ўғилчам! – дейди кулиб.
- Сўфи Оллоёрни уч марта ўқиб туширдим, кўп ғазалларини ёддан ҳам биламан! - жавоб бераман уялиб.
- Ростданми? – сўрайди домлам таажжубланиб. Пишиқсан-да ўзинг ҳам, боракалло! Эртага Навоийдан бошлаймиз. Лекин шарт шуки, ёғлиқ ош, бир сават нон, кейин сурати каттакон пул, уқдингми? – илжаяди у...
...Эртаси бир сават нон билан, хотиримда йўқ, беш сўмми пул беради онам... Жилдимга Навоий ғазалиётини солиб, мактабга хушнуд жўнайман.
Домлам қўлимдан китобни олиб, олдидаги пастак тахта курси устига қўяди-да:
- Қани, бошлаймиз, бисмилло! – дейди ва салмоқ билан битта-битта ўқий бошлайди.
Мен эргашаман...
...Кўнглим ёришиб, равшан бўлиб кетади, рамзлари, ҳикматлари, пишиқ, рангдор қофиялари гўё кўнглимга тўлади. Байтлари ишқий, фалсафий, чуқур мазмунли.
- Навоийнинг ғазаллари ишқий, аммо у Оллонинг ошиқи, шу сабабданким, байтлари пок муҳаббатни куйлайди. Ўқий бер, бориб-бориб тушунасан, - дейди домлам.
Ҳақиқатан, Навоий менда пок севги яратади. Унинг шеърларини завқ билан, чуқур ҳис билан ўқийман. Пок муҳаббатни, чуқур маънони, ёқимли ҳисни илк дафъа Навоийдан ўрганаман”.
Бу лавҳада тасвирланган воқеанинг ҳаққонийлигига шубҳаланмаса ҳам бўлади. Ойбек гарчанд давр талабларидан келиб чиққан ҳолда домла образининг “нафс балоси” сифатидаги қиррасини четлаб ўтмаган бўлса-да, “эски мактаб”да Навоийга меҳр-муҳаббатнинг уйғотилиш жараёнини гўзал бир тарзда кўрсатган. Бу лавҳани ўқир эканмиз, бўлажак адибнинг Навоий билан илк бор учрашуви уни бутун умрга севиб қолишида муҳим омил бўлганига ишонч ҳосил қиламиз.
1917 йил воқеаларидан кейин Ойбек “Намуна” мактабида, сўнг Навоий номидаги таълим ва тарбия техникумида таҳсилини давом эттирди. Техникумда Эсон афанди, Иброҳим афанди сингари Туркияда таҳсил кўрган билимдон домлалар ундаги ана шу учқуннинг аланга олишига кўмаклашдилар.
Тарихнавис адиб Миркарим Осим Ойбек билан бирга техникумда ўқиган йилларини бундай хотирлаган эди:
“Ўзбек тили ва адабиёти дарсларида Навоий ва Фузулийнинг ижоди билан таниша бошладик. Ҳаммамиз озми-кўпми эски мактабда ўқиган, эскича саводхон эдик, аммо Ойбек классикларимизни ҳаммамиздан яхшироқ тушунар эди. Унинг Навоий ижоди ҳақидаги мақоласи деворий газетамизда чиққан эди. Унда Ойбек Навоийнинг “Лайли ва Мажнун” достонидан мисоллар келтириб. Уларнинг фасоҳат ва балоғатга мисол бўла олишини кўрсатган, хусусан:

Бир наъшга солдилар иковни,
Жонсиз келину ўлик куёвни -

сатрларининг соддалиги, гўзаллигини қайд этиб ўтган эди. Ўша вақтдаёқ Ойбекда улуғ шоиримизнинг ҳаёти ва ижодига қизиқиш уйғонганди. Кейинчалик мен ундан:
- Сен эски адабиётни қаёқдан бунча зўр биласан? – деб сўраганимда, у:
- Онам раҳматлик саводхон эдилар. Сўфи Оллоёр, Машрабни кўп ўқир эдилар. Ўша ғазалларнинг жаранги қулоғимда қолган, - деб жавоб берган эди”.
Миркарим Осимнинг бу хотираси бизни Ойбекни Навоий чўққиси сари элтган яна бир поғона билан, аниқроғи, биринчи ва энг муҳим поғона билан таништиради.

Nigora Umarova
02.07.2015, 17:54
“Асрларга элтиб хаёлни...”

Ойбек 1926 йилда таҳсил манзилини Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) га кўчириб, Плеханов номидаги Халқ хўжалиги институтида бир неча йил таълим олди. Ленинград ўша йилларда Европадаги йирик фан ва маданият марказларидан бири эди. Шарқшунослик институтидан ташқари, шу ерда Жонли Шарқ тиллари институти ҳам бўлиб, Ойбек айни пайтда шу илмий марказда ўзбек тили ва адабиётидан машғулотлар ҳам олиб борди. Атоқли рус шарқшунослари билан мулоқот, улар билан ўзбек мумтоз адабиёти ва унинг Алишер Навоийдек буюк чўққиси тўғрисидаги суҳбатлар ҳар икки томон учун фойдали бўлган. Ойбек шу йилларда Навоий ижодига қизиқиш Ўзбекистонга қараганда “Шимолий Венеция”да кучли эканини кўриб, улуғ шоир меросини юқори илмий-назарий савияда ўрганиш лозимлигини тушунди.
“Буюк шоир Навоий ҳақида материалларни 1928 йилдан йиға бошлаганман”, - деб ёзганида, Ойбек ўз ҳаётининг Ленинград даврини кўзда тутган эди.
Ойбек Ленинграддан қайтганидан кейин ҳам Навоий ҳаёти ва ижоди билан шуғулланишда давом этиб, жуда кўп қадимий манбаларни кўздан кечирди. Айниқса, у 1929 йилда Зарифа Саидносировага уйланганидан сўнг, унда қайнотаси, Мунаввар қори ва Чўлпон сингари ХХ аср ўзбек маданияти титанларининг муносиб сафдоши, машҳур маърифатпарвар ва тадбиркор Саидносир Миржалил ўғлининг кутубхонасидан фойдаланиш имконияти туғилди. Аллома куёвининг Навоий ҳаёти ва ижодига бўлган қизиқиши Саидносир Миржалил ўғлига манзур бўлди шекилли, у бозорма-бозор юриб ноёб қўлёзма ва босма китобларни сотиб оладиган бўлди. Бу китобларни титиб, Навоийга оидларини куёвига ажратиб берди. Зарифахонимнинг хотирлашига қараганда, Саидносир Миржалил ўғли баъзан оқшомлари Ойбек билан бирга эски китобларни варақлаб, Навоий ҳаётига оид янги маълумотларни топишар, шоир ҳаёти ва ижодининг кўпчиликка номаълум саҳифаларини кашф этишар экан.
Хуллас, Ойбек орадан беш аср ўтгач, тинимсиз изланишлари ва катта ихлоси туфайли Навоий ҳаётини кўз ўнгида тиклаб, яққол гавдалантирди, унинг асарлари қатида ётган нозик мушоҳадалар ва буюк башарий фикрларни зукколик билан илғади ва бу борада ўзига қадар бўлган навоийхонлардан ўзиб кетди. Навоий ижодига бағишланган тадқиқотлари билан навоийшунослик фанига тамал тошини қўйди. Шубҳасиз, бу даврда унинг ёнида Садриддин Айний, Абдураҳмон Саъдий, Олим Шарафиддинов сингари Навоий ижодининг билимдонлари ҳам бор эди. Лекин, барибир, уларнинг пешқадами ва буюк шоир ижодини ўрганишга салмоқли ҳисса қўшаётгани, навоийшанослик фани олдида турган вазифаларни белгилаб бергани ва бу вазифаларни энг кўп адо этгани Ойбек эди.
1937 йил майида Москвада ўзбек санъатининг биринчи ўнкунлиги бўлиб ўтди. 21-30 май кунлари ўзбек маданияти арбоблари турли-туман учрашувларда иштирок этиб, байрам иқлимида яшадилар. Чамамда, шу кунларда фақат Ойбеккина кечалари тинимсиз ижод билан, иш билан машғул бўлди. У дастлаб “Литературная газета” таҳририятининг илтимоси билан ўзбек мумтоз адабиёти тўғрисида мақола ёзиб чиқарди. Сўнг ўзининг сўлим достонларидан бирини шу ерда қоғозга туширди. Бу достон қўлёзмасининг сўнгги саҳифасида “24/V 1937. Москва”, деган сана бор. “Асрларга элтиб хаёлни, Баъзан ёрқин кўраман чолни...” байти билан бошланган бу асар ўзбек бадиий навоийномасининг қалдиғоч асари сифатида тарихда қолади.
“Асрларга элтиб хаёлни...” Мен бу сатрни такрорлар эканман, хаёл оғушига чўмган Ойбекнинг Тошкент кўчаларида юргани кўз одимга келади. Назаримда, у Москвада, ҳамма биродарлари тантанавор кайфият оғушида яшаган пайтда ҳам хаёлан ХV асрда, Навоий билан бирга яшаб, бирга нафас олган.
Ойбек мазкур достонда Навоий сиймосини бундай тасаввур этган:

...Нуроний юз, нуроний соқол,
Кўзларида муҳаббат, малол.
Даҳо порлар пешонасидан
Гўё қуёш булут ичидан.
Буюк кўнгил ва буюк фикр
Мавжи каби чизгиларда сир.
Кўркам, мағрур, оз эгик боши,
Қуюқ, жиддий киприги, қоши.
Нигоҳининг маъноси нодир:
Шундай боқар файласуф шоир.
Чеҳрасида ҳаёт мазмуни,
Тажрибалар ясамиш уни.
Гўзал, оппоқ салла бошида,
Келишганди қадди ёшига.
Донишманд чол, улуғ руҳга хос
Бир табассум – тавсифга сиғмас.
Тавозеи самимий, илиқ,
Ҳаракати нозик ва силлиқ,
Нафис бутун сиймоси, саси,
Нафис ишқи, ғами, ғуссаси...Ойбек улуғ шоир сиймосини шундай ёрқин тасаввур этибгина қолмай, унинг қандай ижод этгани, Ҳиротнинг қайси кўчаларидан ўтиб, саройга ёхуд мавлоно Жомийнинг, ёки бошқа бир замондошининг уйига борганини-да аниқ ҳис этган. Ва ана шу ҳис бутун достон бўйлаб баҳор чечакларидек уфор таратиб туради.
Бундан ўттиз беш йил аввал ёзилган бу гўзал достонни бугун ҳам ўқир экансиз, ундаги ажиб туйғулар тароватидан, олис асрда яшаган устод билан учрашув нашидасидан сархуш бўлмай иложингиз йўқ. “Навоий” достони сатрларига жон ва қон берган Ойбек юраги - шу юракдан юзиб чиққан сўзда, туйғуда ҳали ҳам зарб бериб тургандек бўлади.

Филология фанлари доктори, профессор Наим Каримов

Nigora Umarova
02.07.2015, 17:56
Илмий изланишлар

Ойбек Навоий мавзуига қўл урган пайтда адабий меросга муносабат яхши бўлмаган. ХХ асрнинг 20-йилларига қадар рус ва Ғарб шарқшунослари Навоийни Шарқ адабиёти даҳоларининг тақлидчиси сифатида баҳолаб келганлар ва шундай ғайриилмий қараш ҳали ҳам айрим мақолаларда бўртиб турарди. 1926 йили Бокуда чоп қилинган “Навоий” тўпламига кирган Исмоил Ҳикматнинг “Амир Алишер Навоий” деган мақоласида ҳам шундай фикр етакчилик қилган. Гарчанд шу тўпламдан Жомийнинг Навоий тўғрисидаги мунаввар фикрлари ҳам ўрин олган бўлса-да, илм аҳлининг назари кўпроқ Исмоил Ҳикмат мақоласига тушди. Ҳолбуки, бу мақола улуғ бобокалонимиз номига соя ташловчи мақола эди. 20-йилларнинг иккинчи ярмида тарих саҳнасига чиққан йўқсил ёзувчиларнинг уюшмалари шу мақоладан “илҳомланиб”, адабий ажамоатчиликни Навоий, Машраб, Муқимий, Турди сингари мумтоз шоирларимизни “ҳозирги замон кемаси”дан улоқтириб ташлашга чақирди. Уюшма раҳбарлари Навоий сингари классиклар манглайига “феодализм ва капитализм шоирлари” ёрлиғини ёпиштириб, улар ижодини ўрганишга киришган олимларга маломат тошларини отдилар.
Ойбек худди шу даврда, йўқсил ёзувчилардан фарқли ўлароқ, Навоий ижодини катта ихлос билан ўргана бошлади.
Адиб архивида иккита “умумий дафтар” бор. Бу дафтарларни варақлар экансиз, Ойбекнинг Шарафиддин Али Яздий, Восифий, Мирхонд сингари машҳур Шарқ муаррихлари, Ибн Батута, Рюи Гонзалес де-Клавихо сингари сайёҳлар ва бошқа муаллифларнинг Темурийлар даврига, хусусан Навоий ҳаёти ва ижодига оид тарихий асарларини, шунингдек, В.В. Бартольд, Н.И. Вавилов каби рус олимларининг тадқиқотларини синчковлик билан мутолаа қилганини, ҳатто унинг назаридан Навоий замонасидаги солиқларга оид рисолалар ҳам четда қолмаганини кўрамиз.
Адиб Навоий ва у яшаган даврни шу қадар қунт билан ўргандики, ҳатто Ҳусайн Бойқаронинг тантанабозлик, дабдабабозлик авж олган саройидаги катта харажатларни қоплаш учун турли солиқлар ўйлаб чиқарилганлиги ҳам, мамлакатда зулм, муттаҳамлик, порахўрлик ҳоллари ортганлиги ҳам, Навоий ҳузурида хизмат қилган кимсаларнинг шу ерда бўлаётган ҳар бир учрашув ва ҳар бир ишни ал-котибдек ёзиб, султонга махфий равишда етказиб турганлиги ҳам Ойбек эътиборидан четда қолмади. Адиб фақат Навоий ва у яшаган давр ҳақидаги манбаларни симирибгина қолмай, улуғ шоир асарларининг мағиз-мағизини ҳам чақишга уринди. Шундай теран билимга эга бўлгандан кейингина (1935-1936 йиллардан бошлаб) Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган йирик тадқиқотлар ёза бошлади. У 1941 йилга қадар “Навоий ҳақида”, “Навоийнинг таржимаи ҳоли”, “Хамса”нинг асосий образлари”, “Навоийнинг дунёқараши масаласига доир” сингари талай илмий ишлар яратдики, улар навоийшунослик илмининг олтин фондидан ўрин олган.
Ойбек “Қисқача таржимаи ҳол”ида: “Ўз халқимнинг тақдири ҳақида ўйлаб юриб, менда янги-янги темалар туғилди. Болалигимдан асарларини севиб ўқиганим ўзбек халқининг улуғ классик шоири Алишер Навоий ҳақида асар ёзишни кўпдан бери орзу қилардим”, деб ёзган.
Хўш, Ойбек ўз халқининг тақдири тўғрисида ўйлар экан, ним учун Навоий ва у яшаган даврни билиши ва у ҳақда ёзиши даркор бўлди?
Адиб “Чексиз умр” деган мақоласида бундай ёзади: “Навоийдан илгари ҳам она тилида жўшқин лиризм билан тўла ғазаллар яратилган. Лирик шеърлар ва фикрий чўнг, мусиқаси салобатли қасидалар берган шоирлар оз эмасди; ораларида “сўз подшоси” унвонини олган Лутфий каби донгдор санъаткорлар ҳам бор эди. Лекин Навоий ижоди қоялар узра кўкнинг бепоён гумбази сари юксалган чўққи бўлди. Навоийга қадар девонлар бор эди. Лекин “Чор девон” йўқ эди. Айрим достонлар бор эди, лекин “Хамса” йўқ эди. “Чор девон” ва “Хамса”ни жаҳон бадиий фикрининг хазинасига Навоий даҳоси бахш этди”.
Адиб бошқа бир тадқиқотида “Хамса” тўғрисидаги мушоҳадаларини баён қилгач, бундай хулосага келади: “Шоирнинг гигант меҳнатининг маҳсули бўлган ажойиб китоб – “Хамса” ўз замонига қадар инсоният фикрий тараққиётининг жуда асл, жуда қимматли қуймаларини ўзида тўплаган хазинадир. Унинг ҳар саҳифаси шоирона даҳо билан нафас олади. Унинг буюк шоирона илҳом билан суғорилган ҳар бир мисраси, абадий сўлмас жонли гул каби, ўқувчини ҳамма вақт мафтун этади”.
Ойбек Навоий асарларидаги фикрнинг теранлиги, образларнинг рангдорлиги, ҳис ва туйғуларнинг нафислиги, каҳрамонларнинг кишилик юксак интилишларини ташиган ёрқин тимсоллар эканлигини алоҳида қайд этиб, ана шу фазилатлар халқнинг руҳий гўзаллиги ва маънавий софлигига таъсир ўтказувчи омиллар бўлганидан завқланади. “Бу асарлари билан, - деб ёзади у, - Навоий ўз даврининг фикрий ва маданий савиясидан анча баланд эканини кўрсатди. У фикрларни бадиий ифодалашда дунёнинг энг улуғ шоирлари билан бир қаторда туради”. Бошқача айтганда, Ойбек Навоийнинг улуғлигини ўз даврининг фикрий ва маданий савиясини баланд босқичга олиб чиққанида, халқининг заковат даражасини кўтарганида кўради. Навоийнинг шу хизматлари халқ тақдирида, жамият тақдирида катта ижодий роль ўйнагани учун унга айрича меҳр қўяди. Яна шу нарса муҳимки, Навоий, Ойбек назарида, ўз даврининг фикрий ва маданий тараққиётига катта туртки (импульс) берибгина қолмай, асарларида завол билмас умумбашарий ғояларни олға сурди, баркамол инсонлар образини яратиб берди. Навоий ижодида олға сурилган бу ғоя ва образлар ўша даврдаги халқ тақдири билан боғлиқ бўлибгина қолмай, ҳозирги давр учун ҳам катта аҳамиятга эга эди. Масаланинг худди шу томони Ойбекни Навоий ҳақида роман ёзишга раҳбатлантирди.

Филология фанлари доктори, профессор Наим Каримов

Nigora Umarova
02.07.2015, 17:57
Адибнинг шоҳ асари

Ойбек Навоийни олим сифатида ўрганиш жараёнида уни шу қадар яққол ва ёрқин тасаввур этдики, энди илмий тадқиқот имкониятлари уни қаноатлантирмай қолди. 1937 йилда ёзилган достон ҳам ундаги Навоий ва у яшаган давр ҳақидаги билимнинг тўла рўёбга чиқишига имкон бермади. Адиб “Қутлуғ қон” романини ёзиб тугатар-тугатмас, улуғ шоир ҳақида йирик насрий асарни ёзишга чоғланди. Бу воқеа 1939 йилда рўй берди. Аммо Ойбек ўз қаламидан чиққан романнинг дастлабки бобидан қаноат ҳиссини туймай, уни ташлаб қўйди. У “азамат мавзу” (Ойбек ифодаси) ни ёритишга ҳали тайёр эмаслигини сезди. Бироқ унинг хаёлини бир умрга банд этган шоир сиймоси унга ҳаловат бермади. Ва у 1940 йил 6 январда романни қайта ёза бошлади.
Адиб асарнинг яратилиш тарихи тўғрисида сўз юритиб, ёзган эди: “Кўп тарихий фактлар, материалларни йиғдим, уларни таҳлил этиб, мағзини чақиш учун чуқур ҳис этишга, ўйлашга бошладим. Бу ишга шу қадар ғарқ бўлган эдимки, романнинг иш плани қоғозда йўқ эди... Юрсам-турсам, ҳамиша Навоийни ўйлар эдим. Унинг маънодор, ақлли кўзлари, хушфеъл, раҳмдил, олижаноб қиёфаси, асл, пок, улуғ қалбини ҳис этардим, кўз ўнгимда кўрардим”.
1941 йил 1 январь куни “Правда Востока” газетасида эълон қилинган Ойбекнинг ижодий режаларидан маълум бўлишича, у ўша йилиёқ асарни тугатмоқчи бўлган. Аммо 22 июнда бошланган уруш бу қутлуғ ниятга раҳна солди. Адиб ҳарбий даврнинг долзарб юмушларидан ҳоли бўлган чоғларидагина роман устида ишлашда давом этди.
Тошкентга вақтинча кўчиб келган москвалик ёзувчи ва мунаққид Лидия Бать Ойбекнинг шу кезларда Навоий билан бирга яшаб, Навоий билан бирга нафас олаётганининг кўп гувоҳи бўлган. “Ойбек Навоий ҳақида гапирганида, - деб ёзган эди у, - кўзлари, айниқса, чақнаб кетарди. У ўзини кўҳна бир даврга кириб қолгандек, Ҳиротни ўз уйидек, қадрдон Тошкент кўчаларидек ҳис қилар, хаёлан ўша замон муҳитида яшар эди”.
Ўша йилларда Тошкентда оиласи билан яшаган москвалик ёзувчи ва олим Александр Дейч эса хотираларида бундай ҳикоя қилади:
“Кунлардан бирида биз Ойбек билан Асака майдонида кетиб борардик. Ғуж-ғуж бўлиб ўсган ям-яшил тераклар майдон ҳуснини очиб турарди. Ойбек ўша тераклар соясида бораётган гавдали, соч-соқоли оқарган, мўйловдор бир мўйсафидни кўриб қолди-ю, азбаройи хурсанд бўлганидан у томон югурди. Улар маҳкам қучоқлашиб, узоқ дийдорлашишди. Кейин Ойбек болалик чоғидан танийдиган бу чолни менга ўзбекларнинг Тарас Бульбаси, деб таништирди. Чиндан ҳам, бу одамнинг қиёфасида Гоголь тасвирлаган запорожьеликларга хос аломатлар бор эди.
Йўлда давом этдик, лекин Ойбек ҳамон ҳаяжонини босолмасди. Тасодифий учрашув унга қаттиқ таъсир қилган эди. У кутилмаганда:
- Романимдаги кекса навкар ана шундай киши бўлиши керак, деди. Бир оздан сўнг эса: - Йўқ, навкар эмас, ундан бек ҳам чиқиши мумкин, унда куч-қувват ҳам, ўзига ишонч ҳам ошиб-тошиб ётибди, - деб қўйди.
Ойбек тарихий роман қаҳрамонлари билан яшар экан, бугунги Ўзбекистондан ўзига керакли характерларни ахтарарди”.
Адиб архивидаги роман учун тўпланган санадлар орасида “Ҳирот”, “Ҳиротдаги гўзал жавлонгоҳ”, “Самарқанд” сингари лавҳалар мавжуд бўлиб, улардаги айрим тасвирлар асарга ажойиб бир тарзда сингдириб юборилган.
Клавихонинг Самарқанд хотираларида бир олтин дарахт тилга олинган. Ойбек Хадичабегим ҳузурида бўлган бир зиёфатни тасвирлар экан, испан элчисини ҳайратга солган шу тафсилдан усталик билан фойдаланган. “Букун ҳамманинг кўзини ўзига қадаган нарса Хадичабегим ёнидаги хонтахтада катта кумуш баркаш устига ўтқазилган дарахт эди, - деб ёзган адиб. – Баландлиги, чамаси, уч газ, танасининг йўғонлиги одам болдиридай бўлган бу дарахт тамом олтиндан ишланган эди. Кумуш баркашдан ўсиб чиққан олтин дарахт ҳар ёққа шохлар, ингичка-ингичка новдалар отганди. Унинг ҳар япроқлари кўк забаржаддан, новдаларининг учларида сарғиш дурдан, ёқутдан ўнтача йирик, юмалоқ ва порлоқ мевалари бор эди. Олтин дарахтнинг бутоқларида кичкина чиройли қушчалар қўниб туради. Қушчалар оёқларидан тумшуқларига қадар ранг-баранг қимматбаҳо тошлардан, худди жонлидай, ишланган. Баъзи қушчаларнинг қанотлари ёзилган – улар гўё учиб тушмоқчидай... Баъзилари эса тумшуқлари билан порлоқ меваларни чўқиб туради”.
Ойбек Ҳусайн Бойқаро саройини тасвир этганида ҳам тарихий манбаларга суянган ҳолда қалам тебратади.
Мана, Клавихо тасвиридаги Амир Темур саройи: “Темурнинг “Дилкушо” номли саройи бор. Бу боғда ипакдан ва бошқа материллардан ясалган жуда кўп чодирлар бор. Бошқа бир боғида гулдор гилам чодирлар. Боғнинг ўртасида уй. Пардалари жуда гўзал. Темур майда ипак ёстиқлардан иборат тўшакда ўтиради. Уйнинг девори олтиндан ишланган қат-қат шокилали ипак пардалар билан қопланган. Шокилалар ерга тегиб туради. Иданда (полда, ерда) гиламлар. Уйнинг ўртасида олтин стол. Буларнинг устида еттита кўзача. Иккитасига йирик марваридлар, зумрадлар, ферузалар қадалган. Ҳар бирининг жўмраги оғзида ёқут. Олтита олтин пиёла”.
Амир Темур саройидага оид бундай тарихий лавҳалар билан танишар эканмиз, Навоий ва унинг замондошлари асарларидаги бадиий жозиба, кўтаринки руҳ шу лавҳаларда мужассамланган гўзаллик, ҳашамдорлик ва порлоқликдан ўсиб чиққанига амин бўламиз. Аммо Навоийнинг улуғлиги шунда эдики, у ўз асарларида шу порлоқликни сақлабгина қолмай, унга катта ва умумбашарий маъно бағишлаган.

Филология фанлари доктори, профессор Наим Каримов

Nigora Umarova
02.07.2015, 17:58
Афсуски, Клавихо хотираларида муҳрланган шоҳона ва маиший ҳаёт манзаралари ХV асрдаги ўзбек муаррихларининг асарларида мутлақо учрамайди. Шунинг учун ҳам Ойбек Клавихо кундаликларидан ўрин олган қимматбаҳо тарихий факт ва маълумотлардан унумли фойдаланган.
Хуллас, адиб романда тарихий фонни, ХV асрдаги Хуросон манзараларини, шу давр нафасини, шу давр кишиларининг қиёфаларини чизишда тарих ҳақиқатига тўла риоя қилган. Аммо у Навоийннг шоир, давлат арбоби, донишманд ва инсонпарвар шахс сифатидаги образини яратиш, унинг туркий халқлар маданияти тарихидаги ўрнини ёритиш мақсадида асарга, бир томондан, тарихий шахслар, иккинчи томондан, ўз хаёлининг меваси бўлган тўқима қаҳрамонлар образини олиб киради. Шу икки қутбдаги образлар ўзаро яқин муносабатда ҳаракат этадилар ва Навоий ҳақидаги, ХV асрдаги Ҳирот ҳақидаги ҳақиқатни очиб берадилар.
Тарихий манбаларда Навоийнинг шахсий ҳаёти, хусусан муҳаббати масаласи очиқ қолган. Ғазал ва достонларида ишқ ва муҳаббатни баланд пардаларда куйлаган шоир тўғрисидаги асарда эса муҳаббат мавзуини четлаб ўтиш иложсиздир. Шунинг учун адиб асарга Дилдор – Арслонқул сюжет чизиғини киритган. Бу бахтсиз ошиқ ва маъшуқалар қисматига Навоийнинг яқиндан аралашиши, уларга ҳомийлик қилиши мазкур сюжет чизиғининг романга киритилиши зарурлигини асослабгина қолмай, романга ўзгача бадиий тароват ва ўзгача драматизм бағишлаган. Маълум бўлишича, Ойбек қизнинг исмини дастлаб Дилнавоз деб атаган. Лекин у бу ниятидан қайтиб, унга Ойбадоқ деб ном берган. Бу иккинчи ном ҳам ХХ аср китобхонларига яқин бўлмагани сабабли, адиб уни Дилдор деб аташни маъқул кўрган.
Ойбек гарчанд “романнинг иш плани қоғозда йўқ эди”, деб ёзган бўлса-да, ижодий жараён чоғида ён дафтарига баъзи бир қайдларни ёзиб борган. Бу қайдларнинг аксари Навоий билан халқ ўртасидаги муносабатни очишга қаратилган. Чунончи, у ўз қайдларида: “Навоий Ҳиротга тартиб ўрнатиш учун келганда, унга Ойбадоқнинг йигити арзи ҳолга кирсин”, “Навоийнинг уйига одамлар арзи ҳол ва ҳар нав ёрлам учун доимо келиб туришларини кўрсатиш керак”, “Навоий Ҳиротдан қайтганда, эшикда тўпланган халқ ундан нима кутганлигини сўрасин”, “Навоий: “Токи тирикман, эл манфаати учун ишлайман”, десин ва ҳоказо”, “Инсон номи баланд ва улуғвордир - бу фикрни бошқа шаклда бериш керак...”, деб ёзганки, бу сўзлар унинг романда Навоийнинг, энг аввало, инсонпарвар ва халқпарвар арбоб бўлганини кўрсатишга интилганидан шаҳодат беради.
Хуллас, ўз олдига улкан ва мураккаб вазифани қўйган адиб 1942 йилда асарни қўлдан чиқарди. “Романни уруш йили, қиш фаслида, совуқ хонада, жинчироқнинг титроқ шуъласида ёзганман”, - дейди у таржимаи ҳолида.
Яна шуни қайд этиш керакки, Ойбек асар тили ва услубида, умуман, бадиий қурилмасида Навоий ижодидан, ундаги нафосат ва ҳикмат булоғидан катта маҳорат билан фойдаланган. Муаллиф тили ҳам, қаҳрамонлар нутқи ҳам нафис сўз дурлари билан музайян этилган. Масалан, роман тилида қуйидагидек ҳикматли сўзлар бисёр: “Ғазални юз шоир татаббу этиб қалам сурсалар, юз ғазал вужудга келади; Бир туп гул юз ғунча очади”; “Гулнинг тўни қирқ парча бўлса ҳам у гулдир”; “Шоҳ боласига юрт ва сипоҳ, дарвеш боласига масжиду хонақоҳ керак!”; “Халқ шундай бир дарёйи азимки, у тошса, унинг мавжидан на шоҳнинг қасри, на дарвешнинг кулбаси қолур, у шундай бир ўтки, унинг бир учқуни туташса, на хашакни қўяр, на фалакни”... Бундай сержило ва сермаъно ифодалар бутун роман бўйлаб олтин кукунларидек порлаб туради.
Ойбек ўз романи билан Навоий сиймосини ҳар бир ўзбек хонадонига олиб кирди, унинг қалбига “шоирлар амири”га нисбатан сўнмас муҳаббат чечакларини экди. Унда адолат ва ҳақиқат қуёшининг, албатта, чиқажагига умид ва ишонч уйғотди.
Романда шундай гўзал ибора бор: “Китоблар одамзоднинг фикр дурларини тўплаб, уларни асрларга қолдирадилар”. Умид қилиш мумкинки, Ойбекнинг бу асари ҳам ана шундай ўлмас китоблар сирасидан жой олган.

Филология фанлари доктори, профессор Наим Каримов

Nigora Umarova
02.07.2015, 17:59
Бир мактубдан сатрлар

Ойбек уй-музейи экспозициясида “Навоий” романининг 1944 йилда чоп этилган, ажойиб тарихли бир нусхаси бор. 1966 йилда Қишлоқ хўжалик инстититутининг домлаларидан бири Абдураҳмон Раҳимов томонидан совға қилинган бу китоб урушдан кейинги йилларда кўпгина лагерларда бўлиб, маҳбусларнинг оғир ва азоб-уқубатдан иборат қисматига шерик ва гувоҳ бўлган. Келинг, яхшиси, Абдураҳмон Раҳимов шу китобга илова қилган хатига назар ташлайлик:
“...Бу китоб биз, каторжанлар, учун ниҳоятда мўътабар китобдир.
Китоб инсоният дунёсининг энг улуғ кишиси, генийси, буюк мутафаккир мавлоно Алишер Навоий жаноби олий ҳазратлари ҳақида ёзилган; ҳозирги замондаги қалам эгалари бундан ошириб ёзолмасдилар ва коинотда шул таҳлитда ёзиши мумкин эди бир улуғ инсон. У ҳам бўлса, А.Навоийнинг ўзлари. Ўзгаларни(нг) қўлидан келмайди. Буни фақат Ойбек эплади.
Қўлингиздаги 4-5 маротаба муқоваси янгиланган, эски, чирик китоб кўп кишиларни ўлим чангалидан олиб қолган. Шоир эмасман-да, бу билан муболаға қилиб юборганга ўхшаб қолдим. Аслида эса, ҳеч қандай муболағасиз, айни бир ҳақиқатни ёзяпман.
Ҳурматли ўқувчи! Сиз ёзувчи Александр Солженицинни(нг) “Иван Денисовичнинг бир куни” деган повестини ўқигансиз. Унда ёзувчи бир куннигина ёзган, холос. Локин қўлингиздаги китоб шунақанги кунларнинг 3 630 тасини пўлат чидам билан ўтказди. Иван Денисовични(нг) фақат биргина яхши лагердаги куни тасвирланган. Китоб эса ундан анча маротаба ёмон лагерларни(нг) кўпида бўлди, уни бутун азоб-уқубатлари, қийноқ, оч-яланғочликлари, хўрлашлари, уни инсон (деб) эмас, қўлларидаги овчарка итларидан минг марта паст кўришлари... – ҳаммасини ўз кўзи билан кўрди. Ул ердаги ҳар бир лагерь бошлиғи: “Мен совет ҳукуматиман”, деб истаганича, айниқса, текин ароқ ичиб олиб, хоҳлаган номаъқулчилигини қилганларни, боқувда қутуриб ётган овчаркаларни бегуноҳ, зўрға оёғини судрат кетаётган маҳбуслар устига, ҳатто баъзан ит бормаганда, мажбур қилиб қопдиришлар, соқчилар бир-бирлари билан кимни(нг) ити кучли ўйнашиб, итни қўйиб юбориб, кўкраги билан жим кетаётган маҳбусларни орқасидан уриб йиқитишлар... Бир бурда нонга оч маҳбусларни бир неча марталаб пешонаси ерга теккунча таъзим қилдиришлар, мабодо салом бермаса, роса сўкиш, уриш, хўрлаш, қамаш... - шуларни(нг) ҳаммасини кўрди.
“Иван Денисовичнинг бир куни” китобидан маълумким, бараклар жуда катта, унда юзлаб ҳар хил миллат кишилари ётади. Ҳамма бараклар тунда қулфланиб қўйилади. Ҳар хил одам бор. Шунинг учун ҳамма нарсани бекитиб юриш керак. Хусусан, нонни. Китоб ўқиш, уни ўзи билан олиб юриш қатъий ман этилган. Келадирган ва юбориладирган хатлар, албатта, текширувдан ўтади.
Ҳар бир барак кунига, албатта, тинтувдан ўтади. Шунда назоратчилар қўлига нима тушса, олиб ўртага ташлайдилар. Айниқса, тахта чорпояни(нг) II қаватидан отиб улоқтирилган нарсалар чил-чил бўлиб кетади. Этап вақтларида ҳам адабиёт олиб юриш ман этилганди. (Тўғри, кейинги йилларда рухсат этилди.) Этап вақтида жуда синчиклаб тинтилади, ҳатто нина, тўғноғичлар ҳам совуқ қурол ҳисобланади. Бинобарин, дарҳол олиниб, буюм эгаси, шубҳасиз, жазоланади. Қалам-қоғоз, матбуотлар тортиб олиниб, четга отиб юборилар эди... Бас, шул зикр этилган тинтувларни ҳаммасидан 3 630 кун мобайнида сабр-матонат билан, баъзан нон бўлса, нон ичида... китоб сақланиб, баъзан қўлга тушса, ялиниб, ёлвориб, бирор яхши нарса бериб... сақлаб келинди. Оч қолдик, калтак едик, хўрландик, сўкиш эшитдик, ўнлаб Навоий мухлислари бориб, назоратчи, бошлиқларга ялиндик, “Навоий”ни қайтиб олдик.
Бизлар нонни азиз тутгувчиларданмиз. Бинобарин, ҳамма вақт нонимиз бўлди, локин бўлмаганда, оч қолдик, тиз чўкмадик, сабабсиз қийнаганларида ҳатто ялинмадик, мардонавор тик туриб, ўртоғимизни сақладик, сотмадик, мағрур бардош бердик... Локин “Навоий” учун уялмадик.
Ҳурматли ўқувчи сабабини сўрар. Албатта, бесабаб ҳеч нарса бўлмайди...
Маълумки, маҳбусларни(нг) кўпчилиги урушдан қайтиб ёки қайтмай қамоққа олинган, ёш, ҳали ҳаёт нима эканини билмай, 18 ёшида аскарга бориб, ул ерда қуршовда ёки бошқа сабабли, масалан, оғир ярадор бўлиб... асирга тушган. Ул ерда роса фашистлар қўлида эзилган, хор бўлган, сўнгра Мустафо Чўқай, Вали Қаюмхон ва бошқалар томонидан (жуҳудлардан фарқ қилиб) ажратиб олинган, унда ҳам ҳаёт кўрмаган йигитлар эдилар. Бундай йигитлар учун, айниқса, азоб-уқубат ичида “Навоий”ни ўқиш, зулматдан туриб қуёш нурини кўриш... Шимолнинг зулматлик қаттиқ қишидан бирдан 3-4 соат ичида самолётда бирданига қуёш нурини аямай тўкиб турган, ҳамма ерларда гуллар очилиб, уни(нг) анбар ҳидлари ҳар ёнга сочилиб турган, булбуллар сайраб, ариқларда зилол сувлар шарқираб оқиб турган гўзал Тошкент диёрига келиб қолгандек, ғариб кўнгиллари ўзига бир оз бўлса-да, шу зулматдан чеккага, она-ватанга, ўсиб унган ўлкага ва хусусан адабиётга, унинг шу қадар пок қалблик мутафаккири Навоийга интилар эди.
Бу ёш, ғариб, эзилган, хўрланган, ҳаёт ҳақидаги маълумоти жуда саёз бўлган йигитлар 25 йил ўтиришларини эсласалар... ҳамма нарсадан, шу жумладан, азиз нондан ҳам воз кечар эдилар. Худди шул вақтда улар “Навоий”дан мадад олишар, яна яшашга кўникишар, яна сабр қилишар, яна чидашар эди. Бинобарин, Ойбекни(нг) китоби шу қадар яхши ёзилганким, у инсонларни жонни, ватанни, уни(нг) одамларинигина эмас, ноёб асарлари ва Навоийдек улуғ инсонни, тилини, асарини сақлашга ундаган...
Бул зулматда ҳам асар одамга маънавий куч-қувват, сабр-матонат, чидам... берди. Туб маъноси билан қоп-қора кўзларни ўлимдан олиб қолди...”
Бу, баъзи жойлари ҳаяжондан ғализ, норавон, тушунарсиз ёзилган мактубни изтиробсиз ўқиш мумкин эмас. Аммо унда тасвирланган фожиали ҳақиқат - Ойбекнинг ўлмас асари бир гуруҳ маҳбуслар ҳаётини бамисоли қуёш янглиғ ёритгани ва уларнинг мудҳиш кунларида содиқ ҳамроҳ бўлиб хизмат қилганидан нақл этади.

Филология фанлари доктори, профессор Наим Каримов

Nigora Umarova
02.07.2015, 18:00
Қуёш билан Ой

Ойбек бу романи билан ҳам кўнглидаги гапларни айтиб тугата олмади. У умрининг сўнгги йилларида яна севдиги Навоий мавзуига қайтиб, “Бола Алишер” қиссаси ҳамда “Гули ва Навоий” достонини ёзди. Шу икки асар романда мавжуд бўлмаган, аммо китобхонларни қизиқтирган шоирнинг болалиги ва муҳаббати ҳақида ҳам ўз сўзини айтиб кетди.
Адибнинг бисотида қолган чала асарлари орасида яна иккита тугалланмаган, анироғи, дастлабки ўн-ўн беш саҳифасигина ёзилган достон бор. Булар - “Темур” ва “Бобур” достонларидир. Агар худо адибга яна озроқ умр берганида, у мазкур асарларни тугатган бўлармиди. Натижада унинг бутун ижодий меҳнати сафарбар этилган мавзу – туркий халқлар тарихидаги Уйғониш даври ва Навоийнинг шу тарихий жараёндаги ўрни тўлароқ очилган бўлармиди... Аммо шунга қарамай, Ойбек бутун бир авлод бажариши мумкин бўлган ишни ёлғиз ўзи амалга оширди.
Ойбек улуғ Навоий сиймосига мурожаат этар экан, ўзбек адабиётининг қуёши таратган нурни бамисоли ой бўлиб ўз замондошларига акс эттириб турди. Бундан ўзи ҳам мунаввар бўлди, китобхон халқи ҳам.
Арманистонлик бир китобхон адибга ёзган мактубида “Навоий”ни завқ-шавқ билан ўқигани тўғрисида сўзлаб: “Агар Сизда улуғ Навоийга хос юксак фазилатлар бўлмаганида, асарни шу қадар қойилмақом қилиб ёзмаган бўлар эдингиз”, деган. Чиндан ҳам, Ойбекда Навоий ҳазратларидан асрлар ва насллар оша ўтган улуғ фазилатлар оз эмас эди. Мазкур романни, шунингдек, “Навоий”, “Гули ва Навоий” достонларини ўқир эканмиз, бунга яна бир карра ишонч ҳосил қиламиз.

Икки улуғ сиймо турар ним кулиб,
Бири қуёш, бир эса ой бўлиб.
Гарчанд улар орасида беш аср
Ётса ҳамки, улуғ шоир ва вазир -
Кўрганларин бўзлаб дермиш Ойбекка,
Дил асрорин сўзлаб дермиш Ойбекка:
“Бу дунёда улуғ зот бор - “Халқ” деган,
Бирим икки бўлсин, деган, Ҳақ, деган.
Шаҳар қурган, хирмон уйган ўртада,
Ёв келганда қалқон бўлган юртига...
Аммо унинг ғамин еган кимса йўқ,
Оч қолганда ҳолин сўрган кимса йўқ...”
Ойбек дермиш: “Сиз бўлгансиз ҳомийси,
Ҳаётига нур пуркаган доҳийси.
Ҳануз Сиздан мадад олиб яшар у,
Гоҳ адашган, гоҳ йўл топган башар у.
Шояд тарих сабоқларин ёд тутса,
Душмани не, дўсти недир – у билса”.
...Икки улуғ сиймо турар ним кулиб,
Бири қуёш, бири эса ой бўлиб.

Филология фанлари доктори, профессор Наим Каримов

Nigora Umarova
28.07.2015, 14:09
https://img.uforum.uz/images/pwtpjyt6507054.jpg

Ойбек ва навоийшунос олимлар Иззат Султон, Ҳамид Сулаймон Адабиёт музейининг очилиш маросимида

Nigora Umarova
29.07.2015, 12:25
Мен қайта туғилдим Ойбек ўлган кун
Ва «Чўли ироқ»ни йиғлаб эшитдим.
Жоним чарсиллади, сачради учқун,
Умримни оловга илк бор эш тутдим.

Шу-шу бир манзара тинч қўймас ҳамон:
Ойбекни кўраман чўли ироқда.
Шом қўнар. Ғурубда ташналаб карвон
Дарёни кўрмасдан юрар қиғоқда.

Чайқалар, чайқалар сарбонсиз тўда:
Товуш бор ва лекин йўқ эрур сўзлар.
Тун жимжит. Саҳро жим. Олам уйқуда.
Ойбекда тўхтайди Илоҳий назар.

Шу зум булут очар ойнинг юзини,
Юлдузлар жаранглаб айтадир такбир.
Қумга тушиб қолган Ойбек изини
Авайлаб силайди қудратли тақдир.

Абдулла Шер, 23. 02. 13.

Nigora Umarova
13.01.2016, 11:29
Жорий йилнинг 10 январида ўзбек халқининг севимли фарзанди Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек таваллуд топганлигига 111 йил тўлди. ХХ асрда яшаган бу буюк адибга ватандош, миллатдош эканмиз, унинг қайси замонда ва қандай инсон бўлганини билсак, унинг руҳий ва маънавий оламини чуқурроқ идрок этишга уринсак, у ҳақидаги тасаввуримиз мукаммал бўлади. "Навоий" романини ўқир эканмиз, негадир унинг руҳий олами Ойбекка яқинроқдек туюлаверади менга...
Тарихий шахс образини яратиш қандай кечади? Ойбек "Навоий", "Қутлуғ қон" романларини ёзишда тарихий жараёнга қандай ёндошган? Устоз, адабиётшунос олим Наим Каримов билан бўлган онлайн-суҳбатсуҳбат шу юзасидан бўлиб ўтди (http://audio.ziyonet.uz/uz/book/2235). Суҳбат 12 январь, соат 14.10 да эфирга узатилди.

https://img.uforum.uz/images/avpsuzl7379941.jpg

Asror Samad
26.01.2016, 15:12
Тарихий шахс образини яратиш қандай кечади? Ойбек "Навоий", "Қутлуғ қон" романларини ёзишда тарихий жараёнга қандай ёндошган? Устоз, адабиётшунос олим Наим Каримов билан бўлган онлайн-суҳбатсуҳбат шу юзасидан бўлиб ўтди (http://audio.ziyonet.uz/uz/book/2235). Суҳбат 12 январь, соат 14.10 да эфирга узатилди.

https://img.uforum.uz/images/avpsuzl7379941.jpg
Наим ака қомусий билим соҳибилар. У кишининг Миртемир ҳақидаги "Тўрғай" китоблари бизнинг нашриётда чоп этилган. Суҳбатларини тинглаган одам тўймайди.

Nigora Umarova
13.04.2016, 07:18
URadio.uzда ... суҳбат ўтказдик.
Мароқли сухбат бўлибди. Элъер Носиров, Наим Каримов билан бўлган сухбатларингизни эшитиб, юклаб хам олдим.

Лекин, менимча, "Қутлуғ қон" романи ўша давр талабларига асосан ёзилган бўлсада, 20- аср бошларидаги халқимиз ҳаёти, миллий руҳини юксак бадиий маҳорат билан акс этиб берган.
"Ўткан кунлар"(Абдулла Қодирий) ва "Кеча ва Кундуз"(Чўлпон) романлари 37-йилларда таъқиқлаб қўйилгач, халқимизнинг ушбу романни қўлидан қўймай ўқиганлиги бежиз эмас.
"Қутлуғ қон" романининг илк версияси яқиндагина (Петров ва улуғ рус халқининг "ўзбек оммасининг кўз очишига ёрдами" хусусидаги ўринлар киритилмаган) Ғафур ғулом номидаги нашриётда чоп этилди.

Sparc
13.04.2016, 10:58
"Қутлуғ қон" романининг илк версияси яқиндагина (Петров ва улуғ рус халқининг "ўзбек оммасининг кўз очишига ёрдами" хусусидаги ўринлар киритилмаган) Ғафур ғулом номидаги нашриётда чоп этилди.
Бу албатта жуда катта воқеа, лекин романнинг илк варианти қандай қилиб сақланиб қолган, бу вариант қанчалик ишончли, ким уни таҳрир қилиб, босмага берган ?
Бу саволларга жавоб бормикан?

Nigora Umarova
13.04.2016, 20:26
Бу албатта жуда катта воқеа, лекин романнинг илк варианти қандай қилиб сақланиб қолган, бу вариант қанчалик ишончли, ким уни таҳрир қилиб, босмага берган ?
Бу саволларга жавоб бормикан? Романнинг илк қўлёзма варианти Ойбек уй-музейида ёзувчининг рафиқаси Зарифахоним Саидносирова томонидан сақлаб қолинган. шунга кўра адабиётшунос олим Наим Каримов Ойбекнинг авлодлари илтимосига кўра, анча йиллардан бери Ойбекнинг ҳаёти ва ижоди билан шуғулланиб, Зарифахоним билан биргаликда тўпланган асарларига масъул бўлган шахс сифатида қайта нашрга тайёрладилар.