PDA

Просмотр полной версии : Адабиётшунос олим, устоз Наим Каримов -80 ёшда!


Nigora Umarova
13.12.2012, 16:42
Ушбу йил Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Беруний номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотининг совриндори, жамоат арбоби, филология фанлари доктори, прoфессор, устоз Наим Каримов муборак 80 ёшга тўладилар.
Барча форумдошлар номидан устозни муборакбод этиб, 80 ёшдан сакраб, тўқсон билан тўқнашиб, юз ёшга юзлашиб юришларини тилаб қоламиз.
Яқинлари, шогирдлари ва адабиёт ихлосмандлари бахтига тану-жонлари соғ бўлсин.

https://img.uforum.uz/images/hjfgfrw6170158.jpg

Asror Samad
13.12.2012, 16:47
Бундан, борингки, 50 йиллар олдин 80 ёшга кирган одамлар асо таяниб юришарди. Бунинг устига узун соқол, елкалар ҳам букчайган, иккита зинадан инқиллаб чиқишарди.
Бугун 80 ёшли йигитни сизга таништирмоқчимиз. Қомати адл, хипчагина, қадамлари дадил, шитоб билан қадам ташлайди, иккита зина эмас, ўн-ўн беш зинадан тезкор одимлар билан чиқса ҳам ҳарсилламайди. Бу 80 яшар йигитнинг бир оёғи Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтида бўлса, бир оёғи Қатағон қурбонлари хотираси музейида. Институт билан музей оралиғи тахминан 20 километр. Уловдан уловга ўтириб борилади. Институт Яланғочда бўлса, музей Шайхонтаҳурда. Бунинг устига 80 яшар бу йигит тинмай китоб ёзади, мақолалар битади, турли ҳисоботлар тайёрлайди, аспирантлар ва докторантлар унинг атрофида, уларнинг саволлари кўп. Бу саволларга жавоб беришнинг ўзи катта илм. Ана шу йигит ¤збекистон Республикаси фан арбоби, Беруний номидаги ¤збекистон Республикаси Давлат мукофотининг совриндори, жамоат арбоби, филология фанлари доктори, профессор Наим Фотиҳович Каримовдир.
Наим Каримов 1932 йилнинг 12 декабрида Тошкент шаҳрида педагоглар оиласида туғилди. Наим аканинг отаси Фотиҳ Каримий мактабда физика фанидан дарс берарди.
Агар хотирам алдамаса, 50-йилларда “физиклар ва лириклар” деган бир гап пайдо бўлган эди. Ґар бир ҳазилда жон бўлганидек, бу ҳазилнинг ҳам тагида асос бор эди: аниқ фанлар оммавий эмас, хос кишилар шуғулланадиган соҳалар. Бадиий ижод учун ҳам алоҳида катта истеъдод керак, аммо ўспиринлигида қўлига қалам олмаган, лоақал икки қатор шеър ёзиб, уни кўпинча пинҳон тутмаган киши бўлмаса керак. Демак, ҳар бир одамда бадиий ижодга у ё бу даражада рағбат бўлар экан. Фотиҳ Каримий ҳам эҳтимол шеър ёзгандир, унисини билмаймизу, аммо шеърни яхши тушунгани ва жуда кўп шоиру ёзувчилар билан улфат бўлгани аниқ. Мумтоз адабиёт намуналарини таҳлил қилишиданоқ буни англаса бўлади. Унинг китоб жовонида фақат физика ёки аниқ фанларга оид китоблар эмас, балки турли хрестоматиялар, шеърий тўпламлар, мумтоз адабиёт бўйича қўлёзмалар, адабиётшуносликка оид қалин-қалин китоблар бўлгани фикримиз далилидир. Болани оила муҳити тарбиялаши рост. Ота-онанинг китобга ошнолиги Наим акани ҳам китоб билан дўстлаштирган бўлса ажаб эмас.
Ҳамма фарзанд ҳам ота касбини давом эттиравермайди. Гарчи физика жуда қизиқарли фан бўлса-да, Наим акага адабиёт жозибалироқ туйилди. Оилада кўпроқ шеърхонлик, айниқса, китобхонлик бўлиши ҳам Наим акани адабиёт соҳасига етаклаган бўлиши мумкин. Демак, бу ўринда отасининг таъсири бор, албатта.
Мамлакатда Иккинчи жаҳон урушидан кейин болалар мактабга етти ёшдан қабул қилинган. Унгача мактабга қабул қилиш 8 ёшдан жорий этилган эди. Бармоқ билан ҳисоблаганда Наим Каримов 1940 йилиёқ мактабга бориши мумкин эди, аммо ўша йилнинг сентябрь ойига келиб унинг ёши 8 ёшга тўрт ойча етмаганлиги туфайли 8 ёшдан анчагина ўтганда мактабга борган. Бунинг сабаби Фотиҳ аканинг педагогик таълим қоидасига қаттиқ риоя қилгани бўлган. Бинобарин, у ишлайдиган мактабга боласини ёши етмасданоқ қабул қилдириш қўлидан келарди. Бу ишини ҳеч ким муҳокама ҳам қилмасди. Аммо суиистеъмолчиликка қарши андиша уни бу ишдан тўхтатгани рост. Наим аканинг ўзида ҳам айнан шу хислат бор: у ўзи учун, фарзандлари учун бирон иш қилиб бериши, яъни кимгадир илтимос қилиб, маълум бир ишни битириши мумкин, бироқ ҳалиги суиистеъмолчиликка қарши андиша уни доим тўхтатиб туради.
Наим Каримов ҳозиргидек болалигида ҳам пишиқ-пухта бўлган, бунинг устига қаттиққўл педагог отанинг талабчанлиги туфайли барча фанларни пишиқ ўзлаштирди. Аммо уни адабиёт фани ўзига кўпроқ жалб қиларди. Шунинг учун мактабни битиргач, САГУ (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Миллий университет)нинг филология факультетига ҳужжат топширди ва барча фанлардан аъло баҳолар олиб, университет талабаси бўлди. 1956 йили университетни битирди.
Ажабки, республикадаги барча педагогика институтларида ҳам, икки университетда ҳам филология факультетлари бор, бу факультетларни битириб чиққан ёшларга тил ва адабиёт ўқитувчиси деган диплом берилади. Лекин иккала университетдаги факультетларни битирганлар пединститутлардан фарқли равишда диплом иши ҳимоя қилади. Ана шу нарса талабаларга иш жойи танлашда бир қадар эркинлик беради. Чунки диплом иши ҳимоя қилиш ҳам илмий тафаккурнинг дебочаси ҳисобланади. Наим ака ана шу эркинликдан фойдаланиб бўлса керак, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт илмий-тадқиқот институтига ишга келди. Дастлаб кичик илмий ходим сифатида илмий малакасини ошириб бориб, 1963 йилда бўлса керак, филология фанлари номзодлиги учун диссертация ҳимоя қилди. Фан номзоди илмий даражасига эга бўлгач, бир неча йиллар давомида шу институтда катта илмий ходим бўлиб ишлаб, 1990 йилдан бошлаб ХХ аср адабиёти бўлими мудири бўлиб ишлади. Шу йилларда (1993 йил) филология фанлари доктори илмий даражасига эга бўлди.
У йирик адабиётшунослар Ҳомил Ёқубов, Салоҳиддин Мамажонов, Ғаффор Мўминов сингари олимлар билан бирга елкама-елка туриб ишлади.
Филолог олимлар кўп, филолог учун мавзулар ундан кўп. Ҳар бир филолог олимнинг ўз ўрни, ўз овози, ўз тадқиқот майдони бўлиши керак. Наим Каримов ўз овозига, ўз йўналишига, ўз нуқтаи назарига эга бўлиб етишган олимдир.
У ХХ аср адабиётининг тараққиёт йўли ҳақида, унинг йирик намояндалари ижодий йўналиши ҳақида тадқиқот олиб борар экан, касбдошларидан фарқли равишда миллий ғояни асос қилиб олади, шу тараққиёт, шу ижодий йўналишларни ана шу мезон билан тадқиқ этади. Наим Каримовдан кейингина ёш адабиётшунослар бу мезонни илмий-тадқиқот ишларига асос қилиб олганлари сир эмас. Унинг шогирдлари филология фанлари докторлари Раъно Иброҳимова, Акбарали Садриддинов, шоир Юсуф Шомансурларнинг илмий тадқиқотлари бунга мисол бўла олади.
Жумладан, Наим Каримов адабиётдаги ҳодисаларни тарихий воқеалар асносида ўрганади. Бадиий асарни тадқиқ этар экан, ёзувчи ёки шоирнинг таржимаи ҳолидан узуқ ҳолда ўрганмайди, балки ижодкорнинг таржимаи ҳолига ёки таржимаи ҳолни бадиий асарнинг мазмунига йўғирган ҳолда тадқиқ этади. Айни пайтда ижодкорнинг маънавий эстетик оламини ҳам унутмайди.
Филолог олим мен фалон соҳанинг мутахассисиман, деб айта олмайди; бинобарин, у тил ва адабиётнинг барча босқичларини, барча намояндаларини чуқур билиши билан бирга, тарих, этнография, фольклор, этика, эстетика, психология, антропология сингари фанларни ҳам ўзлаштирган бўлиши керак. Шу маънода Наим Каримов том маънодаги филологдир.
Нашр этилган китобларининг ўзиёқ унинг қандай даражадаги филолог олим эканлигини намойиш этиб турибди. “Усмон Носир”, “Усмон Носирнинг сўнгги кунлари”, “Ҳамид Олимжон”, “Ҳамид Олимжоннинг поэтик маҳорати”, “Ойбек”, “Ойбек гулшанида унган ғунчалар”, “Чўлпон — истиқлолни уйғотган шоир”, “Шайхзода”, “Пушкин ва ўзбек шеърияти”... Бу Наим Каримовнинг илмий фаолиятидан намуналар, холос. Ана шу китобларга назар ташлашнинг ўзидаёқ олимнинг қамрови бениҳоя кенг эканлигига гувоҳ бўламиз.
Бунинг устига олим бир қанча академик нашрларни ҳам амалга оширишда иштирок этган. Ҳамза, Ойбек, Ҳамид Олимжон асарлари шу жумладан.
Наим Каримов филолог олим сифатида педагогика фанига ҳам ҳисса қўшганлардан бири. У мактаблар учун ўзбек адабиёти бўйича дарсликлар ҳам яратди.
Наим Каримовнинг жамоат арбоби сифатидаги ишлари ҳам таҳсинга сазовор. У 1999 йилда Ўзбекистон Республикаси Маърифатпарварлар жамияти раиси, “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи директори, “Ўзбекистон Миллий энциклопедияси” Бош таҳририяти аъзоси сифатида ҳам самарали ишларни амалга оширган.
Наим Каримов жамоат ва адабиёт олдидаги хизматлари учун “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган.

Asror Samad
13.12.2012, 16:48
Наим Каримов отаси Фотиҳ Каримийнинг удумини давом эттириб, зиёли оила барпо этган: ўғиллари Рустам ва Нодир – оилали; Рустам – шифокор, тиббиёт фанлари номзоди, Нодир эса, тадбиркор. Улардан беш набира – уч ўғил, икки қиз туғилган. Наим ака ва у кишининг рафиқаси, кимё фанлари номзоди Муҳаббат опа эндиликда набираларнинг орзу-ҳавасларини, уларнинг уйли-жойли бўлишидек ширин умидлар билан яшаб келишяпти. Пир ёшидан ошган, устоз адабиётшуносимизнинг 80 ёшлиги муборак ва хайрли бўлиб, узоқ йиллар давомида маданиятимиз равнақига ҳисса қўшиб боришларини чин дилдан тилаб қоламиз.

Xurshid Dustmuhammad
13.12.2012, 16:54
Ҳаёт ва ижод йўли бутун бир соҳа ҳақида ёхуд соҳанинг катта бир даври ҳақида атрофлича тасаввур берадиган мутахассислар кўпчиликни ташкил этмайди. Чунки бундай мартабага кимнингдир хоҳиш-истаги билан ёки махсус саъй-ҳаракат ёрдамида эришиб бўлмайди, балки у — тақдирнинг ажиб бир инояти сифатида насиб этади.
ХХ аср ўзбек адабиётининг бир қатор улкан дарғаларини номма-ном санашимиз, улар фаолиятининг кўлами, миқёси, қамровидан ҳайратларга тушишимиз мумкин. Лекин Наим Каримов илмий-ижодий-маърифий фаолияти диапозони бу борада деярли барча устоз-дарғалар ижодий меросидан тубдан фарқланади. Булар: ўтган аср ўзбек адабий воқелигининг кўплаб йўналишларини қамраб олганлиги билан; кўплаб атоқли фигуралар ижодини махсус тадқиқ этгани билан; жуда кўплаб ноаниқликларга, мавҳумотларга, баҳсли-мунозарали ҳолатларга ойдинлик киритгани билан; бир асрлик миллий адабиётимиз панорамасини яхлит ва фундаментал тарзда яратишга уринишлари билан; мукаммал асарлар нашри борасидаги ихтисослашувлари билан, кўплаб ёш тадқиқотчиларга илмий раҳбарлик қилганлари билан; мустақиллик даври мамлакатимиз ижтимоий ва адабий ҳаётидаги фаоллиги билан... Бундай рўйхатнамо саноқлар билан атоқли адабиётшунос олим, ҳассос мунаққид, изланувчан адиб, ҳамиша беҳаловот публицист Наим Каримов феноменини тўла-тўкис тасвирлай олмаслигимиз муқаррар. Ахир вақтли матбуотда биринчи мақоласи бундан сал кам 60 йил муқаддам чоп этилган, сал кам 60 йил бурун олий ўқув юртини тугаллаган, 50 йил муқаддам номзодлик диссертациясини ҳимоя қилиб, дастлабки рисоласини чиқариб шу бугунги кунга қадар бирон фурсат тиним билмаган ҲАССОС ОЛИМ фаолиятини бир неча жумлада қамраб олишга уринишнинг ўзи мантиққа сиғмайди.
Олдиндан айтиш мумкинки, бу мураккабликни тушунган рисола муаллифлари маъқул йўлни танлашган ва Наим Каримов ижодини у киши яратган энг йирик асарларни алоҳида-алоҳида таҳлил этиш билан яхлит портрет — олим сийрасини яратишга ҳаракат қилишган. Наим Каримов қандай қилиб ёки қандай омиллар таъсирида адабиётга кўнгил қўйган? У кишидаги бадиий адабиёт, бадиий сўзга бўлган муҳаббат ва садоқат сирлари нимада? Олим феълидаги нозиктаъблик, латифлик илдизлари қаерда?.. Муаллифлар бу ва бу каби саволлар жавобини олимни дунёга келтирган ва вояга етказган оила муҳитидан, болаликда мулоқотда бўлган ўз даврининг йирик зиёлилари таъсиридан, ўқиган китобларидан излайдилар. Наим Каримовнинг ўқувчилик кезларида шеърлар ёзгани, ўсмирлигида бадиий тасвирга, мусиқага — чолғу асбобларига алоҳида кўнгил, меҳр қўйгани... Ҳа, дунёда ҳеч нарса бежиз, беиз ва бесамар эмас. Гўдаклик чоғида димоғни бирров қитиқлаб ўтган бир чимдим эпкин кексалик палласига келиб ажиб бир симфонияга, рангдор пейзажга... ҳажмдор романга айланиши ҳеч гап эмас. Ҳар қалай, рисола муаллифлари ана шундай улуғ ниятлар билан ўзбекнинг катта бир олими сиймосини яратиш ишқида қўлга қалам тутганлар,
Тўғри, адабиёт майдонидаги ҳар қандай йирик фигурага турфа нуқтаи назарлардан ёндашиш мумкин, бу ҳар бир муаллифнинг инон-ихтиёрига, мутахассис сифатидаги концептуал қарашларига боғлиқ. Дейлик, Наим Каримов ижоди бошқачароқ аспектда таҳлилга тортилиши ҳам мумкин эди. Мисол учун бу олимни бошқа барча салафларидан ажратиб турган, унинг мутлақо ўзига хослигини таъминлаган бош хусусият нима?
Назаримда, бош хусусият бир асрдан зиёд давр мобайнида ўзбек адабиёти воқелигида кечган асл жараёнлардан бохабарлик! Бу ўринда “бохабарлик” сўзи жуда кенг маънода қўлланмоқда. Бирламчи ҳужжатларни ўз қўли билан ушлаб, ўз кўзи билан синчиклаб кўриш, маълумотлар, факт ва рақамларни қиёсий ўрганиш, таҳлил қилиш учун авваламбор катта илмий салоҳият керак бўлади, иккинчидан, сарғайган, куйган-нетган, қон доғлари ўчмаган, не-не сиймоларнинг азиз руҳлари унсиз чирқираб ётган саҳифалар узра бош эгиб ўтириш одамдан метин ирода, чексиз сабот, беҳад сабр-тоқатлиликни талаб қилади ( мен ҳам кўп қатори Наим акани ниҳоятда ҳалим, юмшоқ кўнгилли, ҳеч кимсанинг дилини оғритмайдиган юксак маданиятли инсон сифатида ҳурмат қиламан, шунинг баробарида, у кишининг қалб қатларида шафқатсизликни эслатгувчи қатъият, разолату қабоҳатларга бас келгудек нафрат, ёлғон салтанатига маъсум ва беғубор нигоҳларини тик қадай олувчи жасорат ва шиддат — чин ЗИЁЛИга хос хусусиятлар булар! — яширин деган тахминларимдан воз кечолмайман). Учинчидан, феълида фавқулодда холислик туйғуси жўшиб турмаган инсон ёлғонлар орасидан ростни, бўхтонлар орасидан ҳақиқатни ажратиб олишнинг уддасидан чиқмас эди ва ниҳоят, тўртинчидан, адабиёт ва адабиёт кишисига чексиз маърифатли муҳаббат алангаси бирон лаҳза сўнмаган одамгина бундай маънавий жасоратга қодир бўлади.
Ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, Наим Каримовни Ҳамид Олимжон, Ойбек, Усмон Носир, Чўлпон, Мақсуд Шайхзода ҳақида китоб ёзишга, бошқа кўплаб ижод аҳлига тааллуқли мавзуларда мақолалар битишга ундаган ботиний куч-қувват ҳам шулар!
Яна бир омилни эътиборсиз қолдирмаслик керак: Наим Каримов мурожаат этган ижодкорларнинг барчалари хусусида адабиётимизда айтилмаган гап қолмаган эди гўё. Уларнинг шахси, ҳаёт йўли, асарларида очилмаган қўриқ йўқ эди гўё. Наим Каримов мана шу тасаввурларнинг нотўғри, чала ва ёлғон эканлигини БИЛДИ, АНИҚЛАДИ ва ЁЗДИ! Ўз қўли билан тутгани, ўз кўзи билан кўргани учун ҳам дадил ёзди, ўзидан илгари ким нима деган бўлса, нима деб ёзган бўлса, қандай баҳо берган бўлса — қатъий назар, ўз сўзини ёзди. Тўғрисини ёзди.
Адабиётда эса энг қийини ҳам шу — тўғрисини ёзиш.
Тўғрисини тўғри ёзиш, эътироф этиладиган қилиб ёзиш, маърифат билан ёзиш учун... такрор таъкидласак, Наим Каримовга хос зиёлилик, маърифатсеварлик, ҳалолликсиз бу мақомга кўтарилиш мумкин эмасди.
Академик Иззат Султоннинг Наим Каримов ҳақида шундай деган эди: — Мен бутун бир аср адабиётимизнинг манзарасини тўла тасаввур этиб, ҳар бир даври ҳақида, ҳар бир ҳодисаси ҳақида малакали илмий фикр айта оладиган мутахассис етишганидан фахрланаман. Бундан нафақат мен, айни чоғда бутун адабиёт илмимиз ғурурланса арзийди.
Бундан қарийб йигирма йил бурун айтилган ушбу таъриф Наим Каримовнинг айни кунга қадар давом этиб келаётган — бир умрлик жўшқин фаолиятини қамраб олади.
Замонавий ўзбек адабиёти, маданияти ва санъати кейинги бир аср мобайнида ниҳоятда мураккаб ва ғоятда турфа воқеаларга бой жараёнларни бошдан кечирди. Ҳаёт ва ижод йўли соҳанинг мана шундай катта бир даври ҳақида атрофлича тасаввур берадиган мутахассис ижоди ҳақидаги сўз ўша мураккаб ва ўша турфа воқеалар, ҳодисалар ва жараёнлар ҳақидаги сўзга айланиб кетаверади. Фақат бундай мартаба ҳар кимга эмас, алоҳида кишиларга — профессор Наим Каримов сингари захматкаш ва ҳалол олимларга тақдирнинг ноёб бир инояти сифатида насиб этади...

Ulugbek Hamdam
13.12.2012, 17:14
Бадиий ижод, эҳтимол, ҳар куни ўқиб-ўрганишни, ундан-да муҳими, ҳар куни ёзиб-чизишни талаб қилмас, аммо олимлик доимий мутолааю ўз устингда бир умр тинмай меҳнат қилишни тақозо этади. Чунки бадиий ижод, бу нафақат билим ва тажрибанинг, балки савқитабиий бир ҳолнинг, лаҳзалик илҳомнинг ҳам маҳсулидир. Кўпгина улуғ шоирлар катта илм ва тажрибага эга бўлмасдан ҳам яшаб қоладиган, яшаб қолган асарлар битган, бита олганлар. Чунончи, Рембо, Лермонтов, Усмон Носир... Улар туғма шоир эдилар. Уларни улуғлаган, номларини тарих саҳифаларига ўйиб ёздирган сифатлари бу - шоирлик эди. Олимлик эса... олимлик аксар ҳолда узоқ ва машаққатли меҳнатни, темир интизом ва аримас ғайратни, ўзни онгли равишда у ёки бу соҳага бутунлай бахш айлаб, шу ғоя йўлида фидокорона яшашни талаб қилади. Яъни зўр олим бўлиш учун киши бисотидаги энг қимматбаҳо “матоҳ” - умрини тикишига тўғри келади.
Хўш, олимлик нима дегани ўзи? Фақат кашф этишми? Математика, физика, кибернетика, медицина каби фанларни назарда тутсак, ҳа, бўлиши мумкин. Лекин инсоншунослик фани бўлмиш адабиёт илмида аҳвол сал бошқача кўринади менга. Бу ерда кошифлик иши тарозунинг бир томонида турса, бошқа палласида инсоният, наботот ва ҳашорат, қўйингки, бутун тириклик оламига бўлган муҳаббат ётади. Адабиётшуносда шундай муҳаббат бўлмас экан, унинг билағонлигидан, тўртта терминни бошқаларга нисбатан кўпроқ ёдлаб олганидан наф йўқ. Баъзан бу “наф” деганимиз зарар маъносигача турланиб туради. Чунки олим билгич бўлса-ю, тирик мавжудодга нисбатан катта маънодаги муҳаббати оқсаб турса, унинг илми кони зиёндир. Ануширвон “Кишининг илми бўлса-ю, фитрати шунга яраша бўлмаса, бу унга зиён етказгай ва ортиқча юк бўлгай” деган экан. Адабиёт илмида одамга муҳаббатсиз “олиб қочилган ҳар қандай арава” оламни менсимаслик юки билан қайтиб қолади. Шуниси хатарли. Билағонлик босим ўтириб ишлаш билан келади, лекин муҳаббатни бундай тарзда қўлга киритиб бўлмайди. (Халқимизнинг “Олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин” деган ҳикматли сўзини бир эсга олинг-а!) Ҳа, бу ерда шомонлик иш бермайди. Ота-боболаримизу устозларимиз ҳар на қадар кучли бўлишига қарамай, ёмғирни чақирган шомондай одамларни, миллатни, инсониятни севиш фазилатини Яратгандан тилаб ололмаймиз, асло! У аввалбошданоқ берилган, ато этилган бўлади. Шу маънода гоҳида ўзимча ўйлаб кетаман: адабиёт оламига аслида айнан шундайларни танлаб олмоқ керак. Яъни шундай бир имтиҳон шарти ўйлаб топилсаю бу соҳа вакилларининг биринчи топширадиган фани одам ва оламга муҳаббати юзасидан бўлса!.. Чунки боланинг хотираси ўткир, бунинг устига тегирмондан бутун чиқадиган қув характери бўлса, ҳар қандай замоннинг ҳар қандай имтиҳонларидан кўзини чирт юмиб ўтиб кетиши турган гап. Лекин адабиёт дунёсига фақат хотира ва уддабуронлик билан киришнинг ўзи етарлимикан?.. Адабиёт бу, аввало, Инсоншунослик дегани! Адабиётшунослик ҳам, аслида, Инсоншуносликнинг бир синонимидир. Ҳар ҳолда юрагида азим муҳаббати бор олимларнинг тақдирига бўйласангиз, шундай таассуротни туясиз. Бугунги кунда адабий танқид ва, умуман, адабиётшунослик фанининг замондан сезиларли даражада орқада қолиши айни шу хусус билан ҳам, яъни замондош инсон қалбидаги олам ва одамга бўлган азал муҳаббатнинг андак кемтилиб қолгани билан ҳам белгиланса, ажабмас. Агар кучли муҳаббат бўлса, ўз-ўзидан билим ҳам, унинг ортидан катта-катта тадқиқотлар ҳам эргашиб келаверади. Ахир, ўзбекнинг мумтозу замонавий адабиёти ҳазилакам адабиёт эмас. Ишонмасангиз, ана чоғиштиринг: Шекспиру Гётени, Байрону Пушкиннни ўзимизнинг Навоийю Бобурга, Машрабу Чўлпонга қиёслаб ўқинг. Ёки Пабло Нерудаю Нозим Ҳикматни, Вознесенскийю Евтушенкони улкан замондошларимиз Воҳидову Ориповга, Парфию Рахмонга солиштириб мутолаа қилинг. Ёки кунимиз шеърий бадиий тафаккурининг чўққиларидан Ҳалима Аҳмедованинг назмий дунёсига бир бўйлаб кўринг-чи! Лекин қани Аҳмедова назми асрорини чақиб, қадоқ бўлган кафтига мағзини олиб кўрсата билгич “Белинский”ларимиз? Бир-икки ўртача савияда битилган эътирофлардан бошқа тадқиқотни учратганингиз борми?.. Шундай пайтда “бугун бизда профессионал танқид йўқ, адабиётшунослик замондан ортда қолди”, дея айюҳаннос солаётганларнинг овозлари янада баланд чиқаётгандек бўлаверади. Лекин кўзни каттароқ очиб, даврни яхлит кўра бошлаганимизда ҳатто ҳозир ҳам катта адабиёт илми уфқида Наим Каримов, Умарали Норматов, Тўра Мирзаев, Абдуғафур Расулов, Иброҳим Ғафуров, Бахтиёр Назаров, Нўмон Раҳимжонов, Иброҳим Ҳаққулов, Қозоқбой Йўлдошев, Ҳамидулло Болтабоев каби ўнлаб фидойи олимларимиз сиймоларини кўриб турамиз. Бу олимлар ўзидан ортиб, ўзгалар ҳақида ўйлай олган, ўзгаларнинг қалбу онгидаги фикр ва туйғуга муҳаббат қўя олган заҳматкашлар ҳисобланади. Чунки адабиёт илми билан шуғулланувчи олим ўз ташвишини унутиб, ўзганинг қувончу кадарини бўлишгани, унга ҳамдарду ҳамнафас бўлгани келган жавонмардлардир. (Биргина Наим Каримовнинг Истиқлол йилларида нашр этилган “Чўлпон” ва “Махсуд Шайхзода” номли маърифий-биографик романлари зимнидаги катта илм ва мислсиз меҳнатдан ташқари ўз халқи зиёлиларига қаратилган муҳаббат ва садоқат каби юксак туйғулар салмоғини чамалаб кўринг-а!..) Зеро, адабиётшуносликнинг текшириш ҳадафи мавжуд бадиий адабиётдир. У бадиий ижод намуналарининг сарагини саракка, пучагини пучакка ажратади, бадиий адабиёт қонуниятларини очади, тарихини ўрганади, ривожланиш тадрижини тадқиқ этади, хулосалар беради. Мана шу маънода у бадиий адабиёт учун энг хайрли ва энг беминнат ишни амалга оширади. Умуман, адабиёт илмини, адабий танқидни жини суймагич айрим шоир, ёзувчи ва драматург дўстларимизнинг қулоқларига шипшиб қўйгим келади: бу соҳалар асло иккинчи даражали эмас. Улар ҳам ўз ҳолича бир фан, бир оламдир. Ўзининг ҳақиқий мутахассиси қўлида бадиий адабиётдан сираям қолишмайдиган чинакам ижодга айлангувчи сеҳрли соҳадир адабиёт илми. Келинг, яхшиси, адабиётшуносликни ана шундай юксак мартабаларга олиб чиққанларнинг сардорларидан бири профессор Наим Каримов ҳақида икки оғизгина сўз айтишга тутинай...

Ulugbek Hamdam
13.12.2012, 17:15
Устоз адабиётшунос бир умр ўз ишини шараф билан адо этиб келаяпти, десам, баландпарвоз гап айтмаганимни ич-ичимдан сезиб тураман. Фақат у киши Беҳбудий, Фитрат, Қодирий, Чўлпон, Усмон Носир, Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Зулфия, Шайхзода, Миртемир, Асқад Мухтор каби ХХ аср ўзбек адабиёти дарғаларининг ижоди мазмун-моҳиятини ўқувчига имкон қадар тўлиқроқ етказиб беришга улгурайин, дея ҳаракат қилаяпти. (Қани энди ҳар бир чинакам ижодкорнинг Наим Каримовдай билимдон, ҳалол ва ҳассос тадқиқотчиси бўлса!) Бунинг иккита асосий сабаби бор: аввали, домла ХХ аср ўзбек адабиётини Навоий ва Бобур давридан кейинги иккинчи олтин давр, деб атайди ва бунга шаксиз ишониб қалам тебратади. Кейини шуки, Наим ака кўз аъзосидаги ўзгаришлар туфайли, минг афсуски, сўнгги вақтларда аввалгидек кўп ва хўп ўқий олмай қолганлигидан ҳозирги адабий жараённи мукаммал кузатиш имконига эга эмас. Аммо олимнинг энг катта хизмати, адабиётшунослигимиз тарихига қўшган, қўшаётган қиёссиз улуши - домланинг ўзи юксак баҳолаган “Янги ўзбек адабиёти” пойдеворини қўйган адиб, шоир, драматурглар, бир сўз билан айтганда, ўзбек халқи пешонасига битилган Улкан Зиёлилар ҳаёти ва ижодини автобиографик йўсинда тадқиқ этиб, чиқарилган натижаларни келажак авлод кафтига тутқазиб келаётганидадир. Шунинг учун бўлса керак, хориждан ўзбек адабиётини ўрганиш учун келган тадқиқотчилардан бири устоз ҳақида шундай деган эди: “Юртимда экан, ўзбек адабиётини ўрганган кўпгина олимлар тўғрисида ўз тасаввурим бор эди. Бу тасаввурлар биздаги мавжуд адабиётлар негизида туғилган эди, албатта. Қизиғи шундаки, Ўзбекистонга келиб, ўша олимлар билан учрашиб узоқ-узоқ суҳбатлашганимдан кейин китоблар берган ўша тасаввурлардан воз кечишимга тўғри келди. Чунки у ерда экан, “дев олим” деганларим кичкина бўлиб чиққани ҳолда, Наим Каримов ҳеч кутилмаганда “дев олим” бўлиб кўз олдимда намоён бўлди!” Ҳа, хорижлик олим дўстимизнинг самимий эътирофларида домланинг олимлик қиёфасини акс эттира оладиган асосий чизиқлардан бири тўғри тортилган, дея ўйлайман. Яъни, бошқача айтганда, Наим ака, ҳеч шубҳасиз, катта масштабдаги олимлар сирасига киради.
Устоз билан 1997 йилдан бери бирга, битта илмий даргоҳда, Тил ва адабиёт институтининг домла раҳбарлик қилаётган “ХХ аср ўзбек адабиёти” бўлимида ишлаб келаман. Домланинг ҳақиқий шогирдлари қаторида борманми-йўқми, бунисини билмадим-у, аммо шу ўтган 15 йиллик вақт Наим акани мен учун чинакам устоз мақомига кўтарди, десам ҳақ гапни айтган бўламан. Йўқ, битта жойда, “раҳбар-ходим” сифатида меҳнат қилаётганимиз учун эмас, асло, мен ҳақиқий маънодаги, маънавий англамдаги устоз-шогирдлик узвини назарда тутаяпман. Аввало, Наим аканинг инсонлик сийрати устозликка муносиб, деган бўлар эдим. У киши бу дунёга келиб, мол-дунё орттирмади, унга кўнгил боғламади, севган ва билган касбига меҳр қўйиб, унгагина содиқ қолиб хизмат қилди, ҳануз ўз тавридан бир одим чекинган эмас. Ҳокисор, камтар, шу билан бирга, осон яраланувчан, ҳассос, энг муҳими, ўта ҳалол ва адолатпарвар киши у! Ҳамиша шогирдларининг кўнгли ва тафаккур кучига қараб муомала қилган, яшаган, яшаяпти, асло қўлига эмас, десам, айниқса, бугун мени кўпчилик тушунади, қўллаб қувватлайди, деб ўйлайман. Ўз таврига (позициясига) эга инсон. Ўзи етиб келган ҳаётий ҳақиқатларни қадрлайди, уларга оғишмай амал қилади. Айнан шу ердан Наим акага хос принциплар ўсиб чиқади. Ҳа, Наим ака принципли инсон! Буни ўзбеклар бурд деб атайди. Демак, бурдли инсон. Шу маънода гоҳи-гоҳида турли қинғир ниятлар билан адашиб келиб турадиган “шогирдваччалар” ёки уларнинг “амакиваччалари”, одатда, муроду мақсадларига етолмайдилар. Чунки домла бундай дамларда қўлга қарамликка чорлаётган “кўнгил”га қайрилиб ҳам қарамайди! Бебурд бўлишни истамайди! Бурдини қаттиқ туриб ҳимоя қилади. Чунки бу ўринда бурд - ҳамма нарса. Бурд бу – олимнинг шаъни, инсоннинг ўзаги. Наим акадек олимларга қараб туриб, олимликнинг, инсонликнинг нақадар юксак шараф, баланд мартаба эканлигини ич-ичингдан туясан, киши.

Ulugbek Hamdam
13.12.2012, 17:16
Кейингиси олимлик, зиёлилик сифатлари. Агар таъбир жоиз бўлса, Наим акани икки оёқли қомусий луғат, деган бўлардим. Ҳазор шукрки, шундай зиёлиларимиз бор. Наим ака ўшаларнинг илғорларидан. Аммо вақт ўтган сайин уларнинг сафи тобора торайиб бораётганлиги ҳам бор гап. Бугуннинг зиёлиси тор мутахассисликнинг теран доирасидан кўпда ташқарига чиқмайди, тўғрироғи, чиқолмай қолаяпти. Натижада улар билан фақат муайян масала юзасидангина кенгашиш мумкин, холос. Наим акалар билан эса, савол беришга, энг муҳими, тушунишга қурбингиз келса, бас, ижтимоий-гуманитар соҳаларнинг аксариятида бемалол гурунг қилиб, маънавий завқланишингиз мумкин. Шахсан мен домлани нафақат ХХ аср ўзбек адабиёти бўйича йирик мутахассис, айни дамда жиддий танқидчи, санъатшунос, театршунос, қайсидир маънода тарихчи сифатида ҳам танийман ва қадрлайман. Яқинда домла “Шарқ юлдузи” журналига драматик асар тақдим этди. Бўлиб ҳам ўз асарини. Яна пухта, пишиқ, баланд бир савиядаги асар, денг. Демак, яқин келажакда Наим Каримовнинг ҳалигача ҳеч ким билмайдиган яна бир қирраси очилади: у - драматург.
Кўп вақт бўлгани йўқ, домланинг шогирдларидан бири: “Докторлик мавзуимнинг тасдиқланиши жараёнида илмий маслаҳатчимнинг иштироки шарт бўлиб қолди ва Наим акани Шарқшунослик институтида бўлиб ўтаётган кенгашга таклиф қилдим. Биласизми, у ердаги айрим ўқитувчи-муаллимлар Наим акани бир кўриш орзусида юрган бўлиб чиқди ва кутилмаган учрашувдан уларнинг бошлари осмонга етди” деди. Менинг ичимдан “Олим бўлсанг, шундай бўл!” деган ҳавас кечди. Чунки Наим ака ХХ аср ўзбек адабиётидан ташқари шу даврга оид рус ҳамда татар, турк, озарбайжон каби яна қатор қардош халқлар адабиётини жуда яхши билади. Билгани боис ўзбек адабиётининг шарқ адабиёти билан кесишган чорраҳаларида яратилаётган илмий ишларга бемалол раҳномалик қилади ва шунинг учун ҳам уни Ўзбекистон Фанлар Академиянинг Тил ва адабиёт институтию Миллий университетдан ташқари Шарқшунослик, Санъат, Маданият каби қатор илмий даргоҳларда ҳам худди ўз олимларидек билишади, кутишади, ардоқлашади.
Кўринадики, Наим Каримов деган ўзбекнинг улкан олими феномени юқоридаги икки асосга суянади. Биринчиси, унинг Инсонлик, иккинчиси Олимлик пойдеворидир. Ана шу заминда оёқлари мустаҳкам турган профессор Наим Каримовнинг шахс сифатидаги қиёфаси аллақачон шаклланиб бўлган. Бу кимгадир ёқар, кимгадир йўқ, қатъи назар, домла ўз таврини ўзгартирмайди. Ишонмайсизми? Келинг, унда сизга яқиндагина ўз ҳаётим билан боғлиқ бир воқеани айтиб берай. 2011 йилда каминанинг “Мувозанат” романи асосида “Ўзбек Драма театри” шу номли спектаклни саҳналаштирди. Аммо спектакль дастлаб “имтиҳон-кўрик”дан ўтолмади. Шунда режиссер менга спектаклни “ҳимоя қилиб берадиган” устоз мутахассислардан таклиф қиламиз, йўқса, спектаклга рухсат олишимиз чўзилиб кетиши мумкин, деб қолди. Мен Наим акага вазиятни тушунтириб, спектаклга таклиф қилдим. Ўша кун келди. Спектакль намойиш этилди. Сўнг ҳайъат аъзолари ва мутахассислар қолиб, уни муҳокама қилишга тушишди. Ижобий ва танқидий мулоҳазалар тенгма тенг айтилиб турувди, денг, сўз навбати устозга келганда, яширмайман, ҳимояга умид боғлаб ўтирувдим, бироқ домла спектакль ҳақида битта илиқ гап айтган бўлса, тўққизта танқидий мулоҳаза билдириб қолса бўладими... Ўша пайтда андак ҳайратланганим, андак аччиқланганим ва ҳатто андак кулгим қистагани (чунки режиссер чунон ажабланиб, бир менга, бир устозга қараб-қараб қўярди-да!) чин гап. Аммо кейинроқ чуқурроқ ўйлаб кўриб, устозни тушундим ва унга бўлган ўн ҳурматим юз бўлди. Чунки Наим Каримов бошқача бўлолмасди, бўлмайди ҳам. Кимнингдир илтимоси (у шогирди бўлса ҳам) ерда қолмасин деб, ўзи ишонган ҳақиқатларнинг оёқ ости бўлишига қараб туролмайди домла. Аввало, Худо берган нозик феъли, қолмишига, театр соҳасидаги чуқур ва кенг билими унга бошқача йўл тутишга асло йўл қўймайди. Яхшиямки, дунёда оқни оқ, қорани қора дейдиган шундай ўжар одамлар яшаб юради. Эҳтимол, айнан шундайлар туфайли ҳам биз билган дунё дунё бўлиб ўз ўрнида тургандир, дейман баъзан ўзимга ўзим. Спектаклга эса, қайта-қайта ишланиб пишитилгандан кейингина “оқ фотиҳа” берилди.
Филология фанлари доктори, профессор Наим Каримов бугун қутлуғ 80 ёшни қаршиламоқда. Ана шундай фурсат довонидан ошиб ўтаётган домлага қараб кўнглим тўлиб, бўғзимга ҳаяжон урилади. Чунки ҳалол илмга бағишланган бундай баракали умр ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Адабиёт, бўлгандаям, катта адабиёт устоз олимнинг қисматига айланганига бугун заррача шубҳа йўқ. Домланинг ҳаёти мисолида уққаним бош ҳикмат шундан иборатки, инсон чинакам илмга қандай садоқат билан хизмат қилса, илм ҳам ўз навбатида худди шундай муҳаббат билан унга жавоб берар экан. Фақат жавоб олим ёзган, ёзаётган бебаҳо асарларнинг кейинги умрию унинг тарбиясини олган шогирдларнинг фаолиятида зуҳур топар экан. Бу борада Наим акага фақат ҳавас қилса арзийди.
Устоз! Оилангиз, шогирдларингиз, ўзбек адабиётшунослиги, санъатшунослиги илми бахтига доимо соғ бўлинг! Мен биламан, ҳали кўнглингизга тугиб қўйган олам-олам илмий ниятларингиз бор, шуларнинг муваффақиятли рўёбини кўриб яшанг! Энг муҳими, сизни яхши кўрамиз! деб, бутун мамлакат бўйлаб сочилиб кетган ва адабиёт илми дунёсида ҳаёт маънисини ахтариб юрган ўнлаб, балки юзлаб шогирдларингиз номидан

Улуғбек ҲАМДАМ.

Shokir Dolimov
15.12.2012, 21:22
Эртага - 12 декабрь куни, соат 11.00 да Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институтининг мажлислар залида (5- қават) етакчи адабиётшунос олим - Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Беруний номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотининг совриндори, жамоат арбоби, филология фанлари доктори, профессор Наим Каримовнинг 80 йиллик таваллудига бағишланган илмий анжуман бўлади.
Барча хоҳловчилар таклиф этилади.

Ўзи ҳар сафар она тилимизнинг бебаҳо бойлиги асраб-авайлаб келинадиган, тилимизга оид барча янгиликлар мужассам бўладиган, бундай янгиликлар яратилиб, сайқал бериладиган Тил ва адабиёт институтининг биносига ҳали кирмай туриб, ҳаяжонланиб кетаман. 12 декабрь куни эса таниқли адибимиз Наим бува Каримовнинг 80 ёшли тўйи нишонланган, халқимизнинг бир қатор забардаст қаламкашлари, тилимизнинг асл жонкуярлари, юртимизнинг турли бурчакларидан ташриф буюрган маданият ва санъат арбоблари, соҳа мутахассислари иштирокида ниҳоятда қизиқарли ўтган тадбирда, ўзига хос сирли адабий муҳит қарор топган мажлислар залида ўтирар эканман, миллатимиз тили, адабиёти, адабий танқидчилиги-ю, унинг тарихидан фахрланиб кетдим, миллатпарварлик, ватанпарварликнинг каттагина зарядини олиб қайтдим. Мазкур тантана ҳақли равишда адабиёт байрами, деган ном олди.

Nigora Umarova
29.12.2012, 12:56
https://img.uforum.uz/images/lluhgtl8192632.jpg

Раъно Муллахўжаева: – Ҳар бир одамнинг ўзи суйган, соғиниб эслайдиган болалик хотиралари бўлади. Сиз болаликни қандай хотирлайсиз?
Наим Каримов: – Шаҳарда ўсганим учунми, вилоятда, қишлоқда яшаган, кенг адирлар, лолазор қирларда болалиги ўтган ўртоқларнинг хотираларини эшитсам, жуда яйраб кетаман. Болаликнинг хотиралари бўлакча. Менинг ҳам болалик хотираларимда эсласа арзигулик воқеалар бор. Болалигим уруш даврига тўғри келган. Отамиз – Фотиҳ Каримий Тошкент мактабларида физикадан дарс берардилар. Уруш. Қишлоқ мактабларида ўқитувчилар қолмаган. Шундай кунларнинг бирида отамнинг танишларидан бири уйимизга келиб, Ўнқўрғон қишлоғидаги ўзи директорлик қилган мактабга таклиф этган. Қишлоқ мактаблари оғир аҳволда бўлгани учун отам рози бўлганлар. Биз дастлаб мактабнинг ўқитувчилар хонасида яшаганмиз. Мактабда асосан 3-4та ўқитувчи бўлган. Директор Фотиҳ Ориповдан ташқари, дадам, шоир Ғайратий ва яна бир муаллим. Мен отам билан дастлаб мактабдаги хоналардан бирида яшаганман. Кейин давлат бизга узумзор ер берган. Оиламиз кўчиб чиққач, шу бир парча ерга нималарнидир экканмиз. Бир қўй ҳам сотиб олганмиз. Дарсдан кейин қўшни болалар билан қўй боқиб, қўй ҳайдаб, ям-яшил қирларда югуриб-елганмиз. Қишлоқ – кенглик дегани. Тоза ҳаво дегани. Мева-чевалар кони, дегани. Кимнинг болалиги қишлоқда ўтса, у бу ғаройиб тароватни умр бўйи унутмайди.
Кўп ўтмай, отамни Маориф халқ комиссарлигининг мактаблар бошқармасига ишга чақиришди. Биз ота-боболаримиз яшаган Кесакқўрғон маҳалласига қайтиб келдик. Маҳалламизда Тошкентнинг машҳур мадрасаларидан бири бўлган. Шу ерда Сидқий Хондайлиқий сингари жадидлар таълим олишган. Биз, болалар, мадраса ва масжиднинг топ-тоза хонақосига кирганимизда қандайдир улуғворлик, салобат ҳукм сургандек бўларди. Қишлоқдан қайтганимизда, ҳамма нарса ўзгарган. Эвакуацияга келганлар мадраса ҳужраларини эгаллаб олишган, масжид ва мадраса шаҳар трамвай трести ходимларининг ётоқхонасига айланган эди. Хонақо ўртасидан оқиб турувчи мусаффо ариққа қараб бўлмас эди. Қадимий мухташам Шарқ маданияти мадраса билан бирга ўтмиш бағрига кириб бораётган эди.
Уйимиз яқинидаги 10 йиллик мактаб госпиталга айлантирилган эди. Шунинг учун ҳам Лангардаги 7 йиллик мактабда ўқишни давом эттирдим. Уруш тугади. Ярадорлар ҳам, врачлар ҳам мактабни бўшатиб беришди. Ўқиш изга тушди... Кунларнинг бирида педагогика институтининг бир гуруҳ талабалари мактабимизга амалиёт ўташга келдилар. Уларнинг орасида Муршида Икромова деган ёш бир қиз бор экан. Шу қиз амалиёт тугагандан кейин бизга адабиёт ўқитувчиси бўлиб қолди. Кейин билсак, у Акмал Икромовнинг жияни экан. Унга эндигина Тошкент шаҳрида яшаш имкони берилган экан. Адабиёт дарсини дил-дилдан севгани, овози ёқимли, ҳаракатлари нафис бўлгани учунми бутун синфнинг меҳрини қозонганди. Дарсдан кейин ҳаммамиз уйигача кузатиб қўярдик. Аммо орадан кўп ўтмасдан, унинг “халқ душмани”га жиянлиги кимнингдир ёдига тушиб, мактабдан ҳам шаҳардан ҳам чиқариб юборишди. Унинг ўрнига Наби Нурмуҳамедов деган ниҳоятда мулойим, юмшоқкўнгил, истиҳолали ажойиб йигит ўқитувчи бўлиб келди. Менда адабиётга меҳр ана шундай бошланди.

Nigora Umarova
29.12.2012, 12:57
Р.М.: – Сиз кейинги саволга ҳам қисман жавоб бердингиз... Сўрамоқчи бўлганим Сизни адабиётга, адабиётшуносликка йўналтирган асосий омил...
Н.К.: – Менинг шаклланишимга меҳнати сингган кишилар оз эмас. Отам физика ўқитувчиси бўлсалар ҳам, 30-йиллардаги бошқа зиёлилардек, адабиёт ва санъатни севардилар. Уйимизда бўлган зиёфатларда Карим Зокировга ўхшаган машҳур хонандалар хониш қилишар, ўша йилларда патефон, айниқса, урф бўлгани учун улар овозлари лаппакка ёзилган хонандаларни тинглаб, ғоят роҳатланишар эди. Токча-жавонлардан бирида физика ва математикага оид китоблар бўлса, бошқа деворни эгаллаган узун жавонда ўзбек ёзувчиларининг 20–50-йилларда нашр қилинган асарлари савлат тўкиб турарди. Отам менда адабиёт ва санъатга ихлос уйғотиш учун бўлса керак, театрларга олиб борардилар. Мен отам билан Аброр Ҳидоятов ижро этган “Алишер Навоий” спектаклини кўрганман. “Навоий” театрида “Париж алангаси” (“Пламя Парижа”) балетини, “Горький” театрида уруш тўғрисидаги қайси бир спектаклни кўрганим эсимда.
Отам мактаблар бўйича инспектор бўлганлари сабабли, вилоятларга тез-тез бориб турардилар. 6-синфни тугатганимда, отам мени Наманган вилоятига олиб бордилар. Бир-икки кун шаҳарда бўлганимиздан кейин, мезбонлар бизни Пошша отага олиб боришди. Табиатнинг жаннат монанд манзилларидан бири экан, бу жой. Уч томони тоғ, ўртада шарқираб муздек сой оқади. Сойнинг теварак-атрофи яшил гилам билан қопланган. Тоғ этакларидан кўтарилишингиз билан арчазор бошланади. Шу ерда кечган бир ҳафта ҳали шаҳардан четга чиқмаган йигитча учун Ниагара бўйларида бўлишдек бир гап эди... Тошкентга қайтганимиздек кейин, отам Пошша ота сафари ҳақида, нима учундир, менинг номимдан мақолача ёзиб, “Ленин учқуни” газетасига олиб бор. Муҳаррири Санжар Тилла. Менинг шогирдим бўлади. Айтсанг, босиб чиқаради”, дедилар. Отам ёзган нарсани ўз номимдан олиб боришни хуш кўрмадим. Лекин отамнинг қистовлари билан газетага олиб бордим. Уларга маъқул бўлди ва “тез-тез ёзиб тур”, дейишди. Ҳам газетада “менинг” очерким чиққани, ҳам муҳаррирнинг самимий муносабати менга куч ато қилди. Шундан кейин ўзим мақола ва шеърлар ёзиб, газеталарда чиқара бошладим... Пионерлар саройи, адабиёт, мусиқа, хор тўгараклари. Танловлар, ёрлиқ ва мукофотлар.
Филология фанлари доктори Маҳмудали Юнусов аммамнинг ўғли бўлган. Деворнинг нариги томони – уларнинг уйи. Маҳмудали аканинг уйига Солиҳ Қосимов, Ҳамидулла Убайдуллаев, Неъмат Тошпўлат сингари дўстлари тез-тез келиб, адабий баҳслар қурар, бир-бирларининг ёзган асарларини муҳокама қилиб, фикр билдиришарди. Маҳмудали ака ҳам, укаси Аҳмадали ака ҳам мени яхши кўришарди. Шунинг учун уларнинг уйидаги янгиликлар менсиз ўтмасди.
Яна амаким Обид қори Каримов. Ўзи Бокуда ўқиган, математик, шоир Ғайратийнинг яқин дўсти. Лекин адабиётни, айниқса, озарбайжон классикларини яхши кўрарди. Ҳусайн Жовид оқланганидан кейин менга унинг танланган асарларини берган.
Менга меҳр-оқибат кўрсатган кишилар талайгина. Улар мендан рози бўлишсин.

Nigora Umarova
29.12.2012, 12:59
Р.М.: – Сиз Беҳбудий, Фатрат, Чўлпон, Усмон Носир, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Миртемир ва бошқа адиблар ҳақида кўп ёзгансиз. Лекин, билишимча, Сизнинг илмий изланишларингиз марказида Ойбек домла туради. Ойбек домла Сиз учун ниҳоятда қадрли шахс, ҳурматингиз бўлак. Умуман, инсонлардаги руҳий яқинликни нималарда кўрасиз?
Н.К.: – Афсуски, Сиз тилга олган адибларнинг кўпини кўрмаганман. Бу адибларга бўлган ҳурматим қанчалик чексиз бўлмасин, уларни тирик инсон сифатида тасаввур эта олмайман. Аммо Ойбек домлани кўп кўрганман. Бошқа қатор замондош ёзувчиларни ҳам яқиндан биламан. Лекин Ойбек домла ҳатто хаста пайтида ҳам бутунлай бошқа инсон бўлган. Фалакнинг гардиши билан Ойбек домланинг вафотидан кейин унинг 20 жилдлик Мукаммал асарлар тўпламини нашр этиш билан шуғулланишга тўғри келди. Бу жараёнда қарийб 10 йил адиб архивида ишладим. У 17 йил давом этган хасталик йилларида на фалакдан, на уни йиқитган кимсалардан шикоят қилмай, тинимсиз ижод қилди. Ручка ушлай олмайдиган қўли билан эмас, гапира олмайдиган, тўғрироғи, Зарифа опа тушунадиган тили билан айтиб, бир неча роман, қисса, бир талай шеър ва мақолалар ёзди. Адибнинг бу ва бошқа асарларидан ўз халқини ғоят севган, унинг эркин ва озод, бахтиёр ва фаровон яшашини орзу қилган одамнинг қалб нурлари таралиб туради. Мен аслида шу нарсаларни билиш учун боргандим. Лекин бундан илгари биз тенги авлод шаклланаётган пайтда Ойбек ўзбек адабиётида биринчи ўринга чиққанди (тўлқинланиб кетади). 1939 йилдаги Ўзбекистон ёзувчиларининг 2-съезди қатнашчиларининг виньеткаси бор. Бу расмларни кўрсам, ҳозир адабиётда номини ҳеч ким эсламайдиган аксарият ёзувчиларнинг суратлари бор. Лекин Ойбекнинг расми йўқ. Ўша пайтда Ойбек “соя”да юрган. Ойбек ҳали саҳнага чиқишга улгурмаган. У ҳаётини кўпроқ ижодга бағишлаган одам бўлгани учун турли ортиқча, деб билган тадбирларига бормаган. Ҳаттоки бир куни Абдулла Ориповни чақиртирганда, Абдулла нима учун чақирганини билмайди. Ойбек хаста, шунда Зарифа опа, Ойбек адабиётда қолаётган шоирлардан ташвишланганлигини айтганди. Кимлар қолади, қандай одамлар қолади... Бизларни даражамиздаги шоирлар бўладими-йўқми, бизлар қила олмаган ишларни улар қила оладими... Абдулла Орипов билан танишиб, унга оқ йўл тилайди. Айтмоқчи бўлганим – ўша пайтда Ғафур Ғулом ҳам бор эди. У кўпроқ календарь шоир сифатида озгина эътибордан четда қолганди. Ойбек домлани одатда, ҳамма газеталарда кутарди, шеърларими, романларидан парчалар чиқадиган бўлса, мухлислари (улар орасида бошқа касб эгалари ҳам талай эди) кутарди. Институтни битираётганимда диплом ёзиш баҳонасида Ойбек домланинг уйига боришим керак бўлди, борганимда, Зарифа опа хизматда экан. Ойбек домла ўтирган хонага кириб, суҳбатлашдим. Мени ижод психологияси қизиқтирарди. “Ойбек ака, Бальзак Горио отанинг ўлимини тасвир этаётганида, клиник ўлим ҳолатига тушган экан. Сизнинг “Қутлуғ қон” романингиз ҳам, “Навоий” ҳам севимли қаҳрамонларнинг ўлими билан тугайди. Сиз, масалан, Йўлчининг ўлимини тасвирлаш чоғида ўзингизни қандай ҳис этгансиз?” деб сўрадим. Ойбек домла Йўлчининг ўлими эпизодини йиғлаб-йиғлаб ёзганини, тасвир тугагандан кейин унга бутун олам бўшаб-ҳувиллаб қолгандек бўлганини айтди. У ҳар бир қаҳрамонини қалбидан ўтказувчи, унинг қувончидан қувонувчи, дарди ва изтироблари тасвиридан эса руҳий жароҳат олувчи ёзувчилардан эди.
Дўрмонда Ажойиб кишилар ҳаёти туркумида Ойбек ака тўғрисида китоб ёзаётган пайтимда Азиз Пўлатович, нима ёзяпсиз, деб сўраганда, шу туркумда Ойбек домла ҳақида ёзяпман, десам, жуда тўғри, яхши бўлибди, Ойбекнинг улуғ ёзувчи, ҳам улуғ инсон эканлигини ёзинг, деди. Бу хил икки сифатли инсонлар дунёга кам келади, деганди.
Ойбекнинг “Навоий” романининг яратилганининг 50 йиллигини нишонлаш мақсадида радио кеча ташкил қилмоқчи бўлди. Шунда бир ёш ёзувчи: “Ҳозир “Навоий” романини ўқиб бўладими?” деганда, менинг юрагим шув этиб кетди. Саид Аҳмаднинг асарларини қайта-қайта ўқишади, Ғафур Ғуломнинг “Шум бола”сини ўқиш мумкин. Наҳотки Ойбекнинг “Навоий” романини мактабда ўқиганидан кейин қайта мурожаат қилиш мумкин эмас... Мана шундай баъзи камситишга ўхшаган қарашлар ҳозир йўқ эмас. Ваҳоланки, “Навоий” романини қайта ўқийдиган бўлсак, бутунлай бошқа дунё... Мен ўзимнинг адабиётга, адабиётшуносликка қўйган мезонимни бадиий маҳорат даражасини ўлчайдиган асарларни солиштирганда, ким яқинлашолган, ким яқинлаша олмаган, қайси маънода яқинлаша олган, деган саволларни қўйиб қарайман. Зарифа опа айтардики, Ойбек зўр шоир бўларди, лекин адабиётда унинг рақиблари бор эди. Ўша рақиблари кечаси тинч ухласин деб Ойбек прозага ўта бошлади. Агар Ойбек шеъриятни давом эттирадиган бўлганида, у биринчи ўзбек шоир бўларди.

Nigora Umarova
29.12.2012, 13:00
Р.М.: – Ҳозирги адабиётшуносликда ҳужжатлилик устувор аҳамият касб этиб бормоқда...
Н.К.: – Европа адабиётида биографик роман деган жанр бор. Андре Моруа шу жанрнинг “пир”ларидан бири. Унинг Гюго, Бальзак, Стендаль, Роллан сингари француз адиблари ҳақидаги асарларини ўқисангиз, адибнинг тарих ҳақиқатига хиёнат қилмаган ҳолда улар ҳаётини шундай тасвирлаганки, худди бадиий асарни ўқигандек катта эстетик завқ оласиз. Сўнгги йилларда ўзбек адабиётшунослигида шу жанрнинг куртаклари кўрина бошлади. Камина ҳам биринчилардан бўлиб шу жанрга қўл урдим. Лекин айрим танқидчилар менинг ёзганларимни биографик романдан узоқ, демоқдалар. Балки улар ҳақдир.
Лекин тақдир менга ноёб бир имконият яратди. Дастлаб Жамоатчилик комиссиясига, кейин “Шаҳидлар хотираси” хайрия жамғармаси” ва “Қатағон қурбонлари хотираси” музейига ҳам раҳбар этиб тайинланганим учун, “Ёпиқ сандиқлар” мамлакатида бир неча йил ишлаш имкониятига эга бўлдим. Бу, менинг адабиётшунос сифатидаги йўналишимни бошқа ўзанга буриб юборди. Лекин бу вақт ичида шундай маълумотларни қўлга киритдимки, энди қатағон қилинган ёзувчилар ҳақида ҳам, бошқалари ҳақида тахминий баландпарвоз гапларни ёзиш вақти ўтганини сездим.
Қатағон қиличи фанимиз, адабиётимиз ва санъатимиз ўрмонини шундай каллаклаб ташлаганки, натижада биз қашшоқланибгина эмас, қўрқоқлашиб ҳам қолганмиз. Агар бояги мамлакат посбонлари бизга ёзувчилар, журналистлар ва жадид маърифатпарварлари ҳақидаги материаллар билан танишиш имкониятини яна беришганида, ёшларни мустақил Ватан садоқат ва фидойилик руҳида тарбиялаш ишига хизмат қиладиган адабиёт ва санъат асарлари яратилган, ўша мудҳиш даврларнинг тўлақонли тарихи яратилган бўларди.

Nigora Umarova
29.12.2012, 13:01
Р.М.: – Архив материалларини ўрганиш, ноҳақ қатағон қилинган номларни тиклаш Сиз учун миллат олдидаги бурчми ёхуд олимлик масъулияти ёки...
Н.К.: – Бунда қанақадир тасодифийлик ҳам бор. Қайта қуриш йилларида бирдан “темир сандиқ”лар очилиб кетди. Озгина ишлаш имконияти пайдо бўлди. Мен биринчи куни Усмон Носирнинг делосини кўрадиган бўлдим. Худди эртага ёпилиб қоладигандай тушликка ҳам чиқмасдан маълумотларни ўрганишга ҳаракат қилдим. Эртасига келсам, турибди тағин. Мен ёпилиб қолса керак деб ўйлагандим. Жуда чанқоқлик билан ишлай бошладим. Усмон Носирга унинг жияни Нодира Рашидова ҳам қизиқиб қолди. Ёзувчилар уюшмасидагилар ҳам хайрихоҳ эди. Ўша пайтда Кемерова вилоятида Усмон Носирнинг архивдаги ҳужжатлари билан танишиш имкони туғилди. Москвадан рухсат бўлгач, биринчи бўлиб Кемеровада шоирнинг делосини кўрдим. Кемерова вилоятининг мафкура бўйича бир котибаси бор экан. У, иложи бўлса, делони кўрманглар, агар кўрадиган бўлсангизлар, сизларнинг Усмон Носирга бўлган муҳаббатинглар ўзгариб қолади, делода бошқача гаплар ёзилган, деди. Шунга қарамасдан танишиб чиқдим. Мен кўрган делосида 10 мингдан ортиқ саҳифа бўлганлиги жилд юзига ёзилган экан. Лекин қўлимга олган пайтда бу ҳужжат анча қисқартирилган экан. Чунки бизнинг Тошкентдан бориб, Усмон Носирни ўрганишимизни билиб, чекистлар қисқартирган экан. Шунга қарамай шоирнинг Тошкентдан кетгандан кейинги ҳаёти ҳақида анчагина маълумотлар олдик. Натижада Усмон Носир тўғрисидаги кичкинагина китобни нашр қилдик. “Ёш ленинчи” газетада бир нечта сонларида “Аждаҳо комида” сарлавҳаси билан мақолалар эълон бўлди. Усмон Носир ҳам қатағон қурбонлари қаторига қўшилди.
Шаҳидлар хотираси хайрия жамғармасидан олдин 1999 йил 12 майда мустамлакачилик даври қурбонлари хотирасини абадийлаштириш комиссияси ташкил этилди. Мен раис этиб тайинландим. Ҳокимиятнинг эски биносидан битта хона ажратилган экан. Шу ерда ишлай бошладик. Одамлар оқиб келади. Ҳар тоифа одамлар бор экан. Кимдир отасининг нима қилганини билмайди, бизга келиб қатағон бўлганлигини айтади. Биз нима қилишимиз керак, деб сўрасак, шу бирор жойга битта ҳайкал қўйиб қўйсангиз, дейди, (куламиз). Шунга ўхшаган кўчани номини беринг, мактабни номини беринг каби илтимослар. Иш давомида анчагина архив ҳужжатлари йиғилди. Қатағон даврини ўрганишга кенг имкониятлар берилди. Бу даврларда архив материаллари билан ишлаш ўта оғир. Бу жуда даҳшатли. Мен чидам билан иш бошладим. Ҳар хил комиссия бўларди. Руҳоний қатағон қурбонларини ўрганиш комиссияси гуруҳига Хуршид Дўстмуҳаммад раис эди. У ярим соатлар чамаси ўтирди-да, кейин ўрнидан туриб, кўз ёшларини ҳам тўхтата олмай, Наим ака, мен бу ерда ишлай олмайман, узр, деб чиқиб кетди (Наим ака ҳам буни эслаб йиғлаб юборди). Ўша пайтда маълум бир одамлар ҳеч қандай гуноҳсиз айбланганлар. Айбни бўйнига қўйиб, сен айбдорсан, дейишган. Агар керакли ҳужжатга имзо қўймаса, бинонинг ертўласига олиб тушиб қийнаб уришган. Агар унга ҳам бардош берса, 42-камераси бўлар экан. Бу ерда “айбланувчи”ни ит азобида қийнаган. Олиб кетилаётган одам ичкаридан келаётган бақириқлардан ўзини йўқотган. У ердаги қийноқларга чидаганлар эса ногирон бўлиб қолган. Мана шунақаларнинг ҳаммасини бу ерда кўрдик. Буларнинг номини оқлашга ҳаракат қилмасак, халққа ким етказади, деган бир кайфиятга тушиб қолганмиз. Бизнинг халқ олдидаги бурчимиз, асосий ишимиз шу бўлиб қолди-да! Ушбу масъулият сабабли жуда кўп мақолалар ёзиб, эълон қилдик...
Кечагина компьютеримдаги айрим мақолаларимни қайта кўриб чиқдим. Зарифа опанинг отаси Саидносир Миржалилов деган одам бўлган. Доим ёқаси крахмалланган кўйлак кийган. Бизнинг отамизга ҳам ойимиз кўйлаги ювилгандан кейин ёқасини крахмаллаб берардилар. Албатта бўйнида галстук, бошида шляпа, пенсней(буринга сиқиб қўйиларди) тақиларди, қўлида ҳасса ҳам бўларди, гўё олифтагарчиликка. Ўша давр одамларининг кийиниш услуби шунақа бўлган экан. Бир куни Саидносирбой Қозонга боради. У ерда нашриёт директори Зариф Баширийнинг олдига кириб иши борлигини айтади. Зариф Баширий худди руслар ва бошқа оврупаликларга ўхшаб ўзбекларга беписандлик билан қараган. Саидносирбой, Олимжон Иброҳимовнинг “Қадим ислом маданияти” деган китоби бор. Ўша китобнинг Ўзбекистонда харидорлари кўп бўляпти, шуни нашр эттириб берсангиз, дейди. Кейин Зариф Баширий эътибор берса, Саидносир Миржалилов ўзидан кўра анчагина зиёли, маданиятли одам эканлиги маълум бўлади. Бизнинг ўша пайтдаги одамларимиздан Беҳбудий ҳам шундай зиёли бўлган. Бир куни Беҳбудий тўғрисидаги фильмни кўрдик. Фильмда Беҳбудий ошхонага кириб французча меню бўйича овқат буюрганини кўриб, режиссёрга, оширворибсиз-ку! десам, йўқ, мен буни маълумотлардан олганман, деди. Қаранг, уларнинг ҳар томонлама илғор одамлар бўлишганини...
Қатағон машинаси миллатларнинг гулини териб айбдор қилган. Қамоқхонада маҳбуслар олий математикадан дарс олган. Мендаги маълумотларда яна бир лагердаги маҳбуслар инглиз тилини ўрганган ва шу тилда ёзганлар. Мана шунақа зўр одамлар бўлишган. Улар қатағон қилинганлиги учун, сен ҳам ўшанга ўхшасанг, қатағон қилинасан, қамалиб, отилиб кетасан деб, одамлар болаларини уларга ўхшаган қилиб ўстиришни хоҳлашмаган. Айтмоқчи бўлган гапим, ҳамма нарсани ўрганиш бу бир восита, кейин жамиятга озгина хушёр кўз билан, ватанда, дунёда бўлаётган воқеаларга, ўзимизнинг тарихимизга, ўзимизнинг миллатимизга, халқимиз ҳаётида кечаётган ҳодисаларга теран кўз билан қарашга ўргатади. Шўролар албатта, буни хоҳлашмаган.

Nigora Umarova
29.12.2012, 13:07
Р.М.: – Ҳаётингизнинг кўп қисмини қатағон қурбонига айланган юртдошларимизнинг биографиясини ўрганишга сарфлаб келмоқдасиз. Архивларда кўриб чиққан, топган маълумотларингиз инсоннинг кучли ва ожиз томонларини янада аниқроқ идрок этишга имкон беради. Матонатли инсон ва хоинлик (қўрқоқ) хусусида нималар дея оласизми?
Н.К.: – Одамзоддаги ҳасад, қўрқоқлик деган иллатлар туфайли қанчадан-қанча кишилар жабр кўради. Маълум бир одамлар сабабли 1952 йили Шайхзода қамалган. 1937 йиллар қатағони қурбонларининг ҳаётига ҳам шу иллатлар дастак бўлган.
Дунёда ҳасадга, қўрқоқликка қарши курашишнинг йўли йўқ. Фақат адабиётгина нафрат уйғотиши мумкин. Шундай асарлар ёзилиши керакки, ҳар бир ўқиган одам мана шу қўрқоқлик, ҳасад менинг ҳам юрагимда туради-ку, деган фикрга келсин. Ёзилган шеърнинг, асарнинг ўзига қаратилганини билиши керак. Шеър – катта куч.
Р.М.: – Инсоннинг бахти ва фожеасини, даврлар билан тақдирини қиёсий ўрганиб, қандай қонуниятларни кузатдингиз?
Н.К.: – Инсоннинг бахти ниҳоятда кенг тушунча. Унинг фалсафий, маиший жиҳатлари бор. Одамзод ҳар хил ёшда бахтни турлича тасаввур қилади. Ёшлик, йигит учун яхши бир келин учраса, оилавий ҳаёти бир тинч ўзанда кечадиган бўлса, бу унинг бахти ҳисобланади. Айни пайтда қизлар учун ҳам яхши куёвга тақдир учраштирадиган бўлса, яхши фарзандлар кўрадиган бўлса, бу унинг учун бахт. Кейин ота-оналикнинг ҳам бахти бор. Агар фарзандлар катта бўлиб, ота-она орзу қилганидек, оилада фарзандлик бурчини бажариб, жамиятда ўз ўрнига эга бўлиб, фойдали инсонлар бўлса, бу ота-онанинг бахтидир. Кексаликдаги бахтнинг ҳам ўрни бўлади. Соғ-саломат юриш, бировга дардисар, муҳтож бўлмаслик, фарзандларнинг ардоғида бўлишлик кексаликнинг бахти деб ўйлайман. Яна битта бахт бор. Бу инсоннинг керак бўлиш бахти. Оиласига, ишлаб турган корхонасига, жамиятга керак бўлиш бахти.
Бахтсизлик айтганларимнинг тескариси.

Nigora Umarova
29.12.2012, 13:14
Р.М.: – Умр ўтгани сари кишининг дунёқараши ҳам ўзгариб борадими? Шу жиҳатдан кузатсак, унинг диди, қизиқиши, ҳатто фаолияти, яшаш тарзида ҳам кўпинча маълум ўзгаришлар кузатлади, дейишади. Ҳаммада ҳар хилку, лекин аксарият ҳолатларда шундай. Ушбу ҳолатлар қандай кечяпти (кўпроқ ижодда)?
Н.К.: – Дунёқараш фалсафий категория. Дунёқарашда биринчи навбатда дунёда бўлаётган воқеаларга бўлган муносабат кўзда тутилади. Албатта, сизнинг саволингизнинг тагида менинг шахсий ҳаётим билан боғлиқ ҳодисаларни назарда тутгансиз деб ўйлайман.
Р.М.: – Шундай....
Н.К.: – Эҳтимол адабиётшунос бўлганлигим учун қайсидир маънода, қизиқиш доирам балки чегаралангандир. Фақат адабиётшунослик масалалари билан шуғулланиш кишининг анчагина камбағаллаштириб қўяди. Мен адабиётга яқин санъат соҳалари билан қизиқиб келаман. Театр, кино, тасвирий санъатга, кейин телевизорда санъатга, илм-фанга оид кўрсатувлар бор. Журналист Николай Свонедзенинг “Тарихий хроника” деган кўрсатуви бор. Бизлар тарихни мутлақо билмаймиз. Ўзбекистон тарихи, Жаҳон тарихини мактабдаги ўқиганимиз. Тарихнинг ҳам ўша пайтдаги яратилган таснифлари ҳақиқий тарихда бўлмаган. Эндиликда “Турклар”, “Буюк императорлар”, “Хуннлар” кўрсатувларини кўрдим-да, бизларнинг тарихий қарашларимиз ниҳоятда торайиб қолган. Биз ўзимизнинг ватанимизда фақат Маҳмуд Торобий, Муқаннага ўхшаган қўзғолончиларни биламиз. Ундан нарига ўта олмаймиз. Масалаларга чуқур ва кенг қарашни ўрганишимиз лозим. Жаҳонда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга кўпроқ эътибор қаратишимиз керак. Бундан ташқари биз бўлаётган воқеалар талқини ижобий қувват уйғонишига хизмат қилиши керак. Ижобий эмоция – қувватни санъат билан қўшиб олиб бориш керак. Масалан, илгари симфоник концертларнинг пластинкалари бўларди. Лекин бугунга келиб булардан фойдаланиш имконияти бўлмаяпти. Ҳозир бу каби жиддий концертларни телевизордан кўраман. Анна Герман ҳақида бир неча серияли фильмлар беришди. Италияга бориб, белканта санъатини ўрганган (Белкантон– итальянча гўзал овоз). Муслим Магамаев ҳам бу ижрони эгалланган. Бу хил ижрода сўз мусиқага мусиқа бўлиб уйғунлашади. Шундай хонандаларни тинглайман. Баъзан тасвирий санъат музейига бораман. Санъатда кечаётган руҳий қарашларини кузатаман.

Nigora Umarova
29.12.2012, 13:16
Р.М.: – Эшитишимга қараганда, пьеса ёзган эмишсиз? Москвалик бир қатор олимлар ва артистлар яхши рассом ҳам эканликларини биламан. Шеърият билан-ку, Москва артист ва олимлари орасида шуғулланмайдиган одам қолмаган. Сизнинг бадиий ижодга бўлган майлингиз қандай?
Н.К. – Мен кирмаган кўча қолмаган, десам, муболаға бўлмас... Уйчи кўчасида бир ўртоғим яшарди. Унинг уйига кетаверишда эски мозор бўлиб, ундан ҳар хил суяклар чиқиб ётарди. Бахтимга, улар орасидан бошчаноқ топилмаган. Лекин лойданми, ганчданми ҳайкалчалар ишлаб, ўчоқда пишитганман. Мактабдаги расм тўгарагига қатнаб, рангли қалам ва акварель бўёқларда анча-мунча расмлар чизганман. Пионерлар саройида ёзган шеъримга кимдир мусиқа басталаб, ёшлар газеталаридан бирида нотаси билан эълон қилган. Лекин булар – дарахтнинг мева беришдан аввал чиқарган барглари.
Р.М.: – Пьесага келганда...
Н.К.: – Пьесага келганда... Тақдир мени бир неча йил атоқли театр режиссёри Баҳодир Йўлдошев билан бирга ҳамнафас бўлиш бахтини берди. Ўша йилларда Баҳордир Йўлдошев раҳбарлик қилган театр Тошкентдаги биз тенги ижодий зиёлиларнинг Каъбаси бўлган. Баҳодирнинг энг яхши спектакллари бизнинг кўз олдимизда туғилган. Француз артисти Франсуа Шато Навоий ролини “Искандар” спектаклида француз тилида ижро этган. Француз драматурги Фотима Галер асарининг премьерасида иштирок этган. Барзу Абдураззоқов машҳур “Отелло” спектаклини саҳналаштирган... Лекин театрда рўй берган ҳар бир улуғ янгилик Баҳодир дилида туғилган. Биз фақат томошабин эмас, балки Баҳодир кўнглидаги ижодий ғояларнинг рўёбга чиқишида иштирокчи бўлишга уринганмиз. Мен Баҳодирнинг таклифи билан бир неча пьесаларни таржима қилиб бердим ва улар саҳна юзини кўрди. Миср драматурги асари асосида яратилган “Ғаройиб ошқом” баъзан-баъзан телевидениеда намойиш этилиб туради. Биз билан ўша қозонда қайнаган Шуҳрат Ризаев, мана, ҳам драматург, ҳам театршунос бўлиб танилди.
Менинг пьесамга келганда, воқеий ҳикояларим ҳам, бу пьеса ҳам ёзувчилар ҳаётидан, ижод оламида бўлган воқеалардан нақл қилади.

Nigora Umarova
29.12.2012, 13:26
Р.М.: – “Тафаккур” журналида бундан анча йиллар муқаддам Сиз билан Баҳодир Йўлдошевнинг ажойиб суҳбати чиққан экан. Суҳбат жуда самимий, жонли бўлган экан.
Н.К.: – Театрга, санъатга яқинлашишим, жараёнларнинг ичида бўлиш адабиётшуносга катта руҳий озуқа беради, тасаввурларини янада кенгайтиради. Шомирза Турдимовнинг доимо янгиланиб туришига сабаб – у санъатга яқин. Ўзи рассом. Санъатга қизиқади. Жаббор Эшонқулов ҳам кино санъатиги қизиқади. Жараёндан бохабар.
Р.М.: – Адабиётшунос Ш.Ризаев “Ойбекка ўхшайдиган олим” мақоласида: “Ўзбекнинг тирик зиёлиси ким деса, мен ҳеч иккиланмай Наим Каримов деб айтар эдим. Бу кеча ёки бугун пайдо бўлган фикр эмас ва фақат менгина айтадиган фикр эмас. Наим акага олим, адабиётшунос, фан доктори, Беруний мукофоти лауреати деган унвонлардан кўра, катта ҳарфлар билан ЗИЁЛИ деган сифат кўпроқ ярашади. Зиёли тор тушунчамиздаги олий маълумотли киши эмас. Зиёли бу миллат тажассуми, миллат қиёфаси...”, деб ёзган. Сизнингча зиёли ким? Зиёлилик мезонларини нималарда кўрасиз? Бугунги зиёлилар хусусида...
Н.К.: – Қадимдан ўзбекларда ҳам, бошқа халқларда ҳам жамиятнинг илғор кишилари ўша халқнинг зиёлилари бўлишган. Навоий даврида ҳам ундан олдин ҳам ибрат олинадиган одамлар халқнинг зиёлилари эди. Айниқса, ўтган асрнинг 30-йилларида янги қатлам зиёлилари кўрина бошлаган. Уларнинг дастлабки вакиллари Беҳбудийлар, Чўлпонлар бўлган. Уларни ажратиб турадиган биринчи жиҳат – ташқи кўриниши бўлган. Улар кўпроқ билим олиб, ўзларидан билим нурини таратган. Нима учун зиё деб аташади? Уларда бошқача руҳ, суҳбатдошларига зиё улашгани учун. Зиёлилар сабаб уларнинг замондошлари шифокорми, инженерми ёки қурувчими адабиётни нондай, сувдай керак деб ҳисоблашган. Янги адабиётни қидириб топиб, зиёлилар билан бир қаторда бўлишга интилганлар. Улар ҳам худди зиёлилар каби суҳбатлашганда ўзини билимини, маданиятини кўрсатиш имконига эга бўлганлар. Вақти етиб совет давлатининг қиличи биринчи бўлиб зиёлиларга қаратилди. Бунинг сабаби халқ зиёлиларга эргашган, улар нима қилса, халқ ҳам шуни қилган. Шунинг учун ҳам совет давлати ўзининг тузумини сақлаш учун танани бошдан ажратган. Бошсиз тана фикрсиз, зиёсиз қолишини, бундай халқни бошқариш осон кечишини яхши билган. Шўролар халқнинг онгидан эмас, меҳнат кучидан фойдаланганлар. Назаримда энг охирги зиёлилар Туроб Тўла, Шукруллолар зиёлилар бўлган бўлса керак. Ахлоқ-одоб тўғрисидаги бир қанча китобларда “ҳилм” сўзи бор. Ниҳоятда майин, ҳалимга ўхшаган одам бўлиши керак зиёли. Оғзидан чиқаётган сўз ҳам худди ипакка ўхшаган, майинлашиб чиққан. Балки ҳозир мени ҳам сўнгги зиёлилардан деб айтишса керак. Лекин менинг ҳам жуда кўп нарсадан жаҳлим чиқади. Бундай пайтда ўзимни тутишим қийин бўляпти.

Nigora Umarova
29.12.2012, 13:27
Р.М.: – Бундан ўн бир йил аввал “Жаҳон адабиёти” журнали (2001 йил, 1-сон)да: “...Пешонамга адабиётшунос бўлиш ёзилган экан, шу соҳада озми-кўпми меҳнат қилиб келмоқдаман. Агар шу меҳнат фаолиятимни янгидан бошлаш имкони берилса, яна ўша сиймолар – Чўлпон, Ойбек, Ҳ.Олимжон, Шайхзода, Миртемир, У. Носир ва бошқалар тўғрисида ёзган бўларди. Энг яхши асарларимни худо хоҳласа, энди ёзаман”, деган экансиз. Орадан ўн йилдан кўпроқ вақт ўтибди. Бугун бу орзуингиз амалга ошдими?
Н.К.: – Шундай бўлдики, мен бир хазинага тушиб қолган одамдай бўлиб қолдим. Ҳам ўша хазинанинг сандиғи тез ёпилиши, сандиқдаги жуда кўп нарсалар ўғирланиши мумкинлигини ўйлаб, мен бу ерда жуда шошиб ёзяпман. Чўлпон, Усмон Носир тўғрисидаги китобга мумкин қадар билганим, архивларда кўрган-эшитганларимни ёзишга ҳаракат қилдим. Ҳали булар бадиий жиҳатдан мукаммал ҳолга келган эмас. Ҳужжатли асар бўлса ҳам нималарнидир олиб ташлаш, қайсидир ифодаларни гўзаллаштириш керак. Шу маънода, мен шошиб ёзяпман. Маҳкамада ёзган пайтимдагиларда ҳам шошилиб ёзганман, ҳозир ҳам. Ҳужжатлар дахлсиз бўлиши керак. Ҳужжатларга ортиқча нарсалар аралашиши керак эмас. Шундай жараёнда бизлар шошиб ишлашимиз керак, биздан кейин келадиган ўнинчи-ўн бешинчи авлодлар ишларимизни мукаммаллаштиришади.
Р.М.: – ХХ аср ўзбек адабиётини ўргандингиз, тадқиқ этдингиз, бу адабиёт манзаралари кўз ўнгингизда борлиғи билан тўкис намоён бўлиб турибди. Агарда шу аср адабиётига хос етакчи хусусиятлар нималарда, деб сўрашса, қайси жиҳатларни алоҳида кўрсатган бўлардингиз?
Н.К.: – Биринчидан, ХХ аср Мумтоз адабиётдан бутунлай фарқ қилади. Мумтоз адабиёт анъанавий адабиёт эди. Мумтоз адабиётда Шарқнинг анъанавий жанрлари ривожланган эди. ХХ аср адабиёти майдонига келган ёзувчилар Европа адабиёти жанрларини, реалистик методни ўзбек адабиётига олиб киришди. Адабиётдаги метод бутунлай ўзгарди. Адабиёт келажаги бошқа бир сайёралардаги ҳаётга бағишланган асарларда ҳам маълум бир реалистик методга асосланиб акс этди. Ҳ.Шайхов ҳам илмий фанлар билан, илмий билимлар билан танишган ҳолда бошқа сайёрадаги одамларнинг қиёфаларини маълум даражада реалистикроқ тасаввур қилишга ҳаракат қилган. Хуллас, ХХ асрда адабиётнинг тили ўзгариб кетди. Фитрат, Чўлпоннинг 20-йилларнинг ўрталаригача ёзган асарларини, Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романини ўқисак, бунга амин бўламиз. ХХ асрда майдонга келган ёзувчилар адабиётдан янги адабиёт яратдилар. Бундан ташқари кейинги адабий тилни ҳам белгилаб беришди. Адабиёт фақат Ўзбекистон миқёси билан чегараланиб қолмасдан, Европа, Лотин Америкасида ва бошқа жойларда адабиёт инсонни қандай ютуқларга олиб келяпти, аниқроғини, сингдиришга, ўшандан баҳраманд бўлган ҳолда янги адабиётни ўқиб боришга, бадиийликни кенгайтиришга, янги изланишлар майдонини пайдо бўлди.

Nigora Umarova
29.12.2012, 13:30
Р.М.: – Ўзингизга нисбатан талабчансиз. Буни эришганларингиздан ҳам билиш мумкин. Буларга эришиш учун албатта, кишининг иш тартиби (иш интизоми) бўлади. Сизда қандай?
Н.К.: – Ҳар бир инсон вақтидан унумли фойдаланишга ҳаракат қилиши табиий. Мен ҳам дақиқаларимдан руҳан бойиш учун фойдаланаман. Ишхонамга келгач, фақат ишлашга ҳаракат қиламан.
Р.М.: – Такрор-такрор мутолаа қилиб завқланадиган китобларингиз ҳақида гапирсангиз...
Н.К.: – Севиб ўқийдиганим шеърият. Ойбек, Чўлпон, Пушкиннинг шеърларини, Миртемирнинг ҳам гўзал шеърияти бор. Баъзан жаҳон адабиётидан яхши асарлар чиқиб қолади. Бир вақтлар “Тафаккур” журнали менга жаҳон классиклари асарлардан таржима қилиб беришимни сўраган эди. Бальзакнинг “Йўқолган дурдона” ҳикоясини ўқиганимда, ниҳоятда ларзага тушганман. Бунинг биринчи сабаби бу жуда гўзал ҳикоя эди. Бальзакнинг услубида анча кенг, бемалол хотиржамлик билан ёзилган эди. Катта бир драма. Яққол образлар бор. Битта кичик ҳикояда романда бўлиши мумкин бўлган образларни ярата билган. Тасвирий санъатни ниҳоятда мукаммал билган. Бальзак бутун ҳаётини асар ёзишга бағишлаганини яхши биламиз. Кечалари ҳам қаҳва ичиб ишлаган. У асарларидаги қаҳрамонларни адаштириб юбормаслик учун ҳар бир қаҳрамонга қўғирчоқ ишлаган. Қаҳрамон ўлганидан кейин уни ташлаб юборган. Шунга қарамай, тасвирий санъат, мусиқани, рассом, композитор қандай яхши билган бўлса, шундай билган. Бальзак, Стендал, Тургенев асарларини қайта ўқияпман.
Талъат Солиҳовнинг лекцияларидан баҳраманд бўляпман. Талъат Т.Манннинг асари билан Ойбекнинг “Қутлуғ қон” романини қиёслаганини эшитгандим. У Т.Манни Ойбек билан худди бир замонда яшаган одамлардай қилиб кўрсата олган. Шундан кейин менда бу асарларни қайтадан қиёслаб ўқиш фикри пайдо бўлди. Одам фақат ёзиш билан чегараланиб қолмасдан, ёши улғайишига қарамасдан мунтазам ўқиши ҳам керак. Уйдаги китобларимни кўриб қанчалаб китобларни қайта ўқишим кераклигини биламан.

Nigora Umarova
29.12.2012, 13:32
Р.М.: – Сизнинг адабиётшунос бўлиб етишишингиз, санъатга муҳаббатингизга, аввало, ота-онангиз, оилавий муҳит, атрофдагиларнинг таъсири бўлган... Фарзандларингизнинг каттаси – тиббиёт соҳасини, кичиги эса, бошқа бир касбни эгалладилар. Набираларингиз орасида адабиётга, умуман, санъатга лаёқатлилари борми? Айтмоқчи бўлганим – етакчи фактор оиладаги тарбия, муҳитдами ёки шахснинг ички табиатидан келиб чиқадиган эҳтиёждами?
Н.К.: – Афсус, улардан ҳам адабиётшунос чиқмаса керак. Менда нодир луғат, энциклопедиялар, ноёб китоблар бор. Келиним ҳам, ўғлим ҳам фойдаланишади. Аммо уларнинг йўриғи бўлак.
Р.М.: – Шундай-ку, лекин инсон кўпроқ оилада шаклланади, дейишади-ку...
Н.К.: – Шундайликка шундай. Бироқ менинг кутубхонамдан фойдаланадиган, йўлимдан кетадиганлари фарзандларим орасида ҳам, набираларим орасида ҳам йўқ.
Р.М.: – Ёшлар, ёш ижодкорлар етишиб чиқяпти. Уларга Сизнинг муносабатингиз... Улардан кўнглингиз тўляптими? Уларда биринчи навбатда қандай фазилатларни кўришни истардингиз?
Н.К: – Ҳозир кетма-кет шеърий китоблари, романлари чоп этилаётган ёшлар бор. Бу романларнинг ҳаммасидан ҳам “Қутлуғ қон” ёки “Улуғбек хазинаси”га ўхшаганлар чиқмайди. Балким улар ўзини қаддини тиклаш учун шошиб ёзаётгандир. Лекин уларнинг базасида ҳали катта санъаткор бўлиш имконияти бор, деб ўйламайман. Бугун ўнлаб китоблар чиқарса бўлади. Аммо ёзувчи бўлиш учун, биринчи навбатда, адабиёт тўғрисидаги билим доираси кенг бўлиши керак. Толстой, Т.Манн каби, умуман, жаҳон адабиётини, ўзбек адабиётни билиши керак.
Ижодни кўнгил меваси. У кўнгилни яйратиши керак. Кўнгил яйраши учун яйрайдиган тил билан ёзиш санъатини эгаллаши керак. Мана шундай тил кўпчилик ёзувчиларда кўринмайди, менимча. Ҳозир чоп этилаётган асарларни олиб бирор абзац ўқийсиз, қолгани ўқувчини тортмайди. Шунингдек, ҳар бир одам ўзи ҳаётида маълум бир воқеаларга гувоҳ бўлган ҳаёт тажрибаси бўлиши керак биография бўлиши керак. Бундан ташқари тарихни ўрганиши, адабий доираси кенг, маданиятни эгаллаган, мустаҳкам заҳираси бўлиши керак. Шу хислатларни ёш ижодкорларда бўлишини истайман.

Nigora Umarova
29.12.2012, 13:36
Р.М.: – Бугун на қатағон даврини, на уруш даврини кўрмаган авлодлар туғилиб улғаймоқда. Сиз ўрганган даврда ҳам Ибн Сино, Беруний, Улуғбек, Навоийдек ибрат олиши мумкин бўлган машъал сиймолар борми?
Н.К.: – Мустақиллик йилларида мамлакатимизда тарихий ҳақиқат ва адолатни тиклаш бўйича буюк ишлар қилинди. Амир Темур ва Жалолиддин Мангуберди, Ал-Фарғоний ва ал-Беруний сингари улуғ аждодларимиз, улар олиб борган ишлар кенг тарғиб қилинмоқда. Лекин, наҳотки, улардан кейин бутун бир халқдан уларга ўхшаш буюк сиймолар етишиб чиқмаган бўлса?!
Биз ҳали ўзимизнинг шу маънодаги бойлигимизни чўтга солмаганмиз. Геолог Ҳабиб Абдуллаев, математик Қори Ниёзий, артист Шукур Бурҳон, ёзувчилар: Абдулла Қодирий, Фитрат, Чўлпон, Ойбек... Эҳ-ҳей!.. Нега Беҳбудий тўғрисида бирор саҳна асари йўқ? Нега Чўлпон ёки Ойбек ҳақида кинофильм яратиш мумкин эмас. Умуман, нега “Ўзбеккино” турли ўткинчи мавзуларга фаол муносабат билдиради-ю, тарихий-биографик жанрда асарлар яратмайди? Ахир шундай асарлар ёрдамида ватанпарвар, халқпарвар ва фидойи кишилар авлоди шаклланиб келган-ку...
Р.М.: – Келажак режаларингиз ҳақида юқорида айтингиз, яна қўшимчалар қиласизми?
Н.К.: – Орзулар ниҳоятда кўп. Адабиётшунос сифатидаги орзуим рус адабиётшунослиги, жаҳон адабиётшунослигида бўлаётган илмий ишлардан баҳраманд бўлиш.

Nigora Umarova
29.12.2012, 13:41
Блиц-саволлар
1. Биринчи жиддий мақолангиз қачон чоп этилган?
К.Листовскийнинг “Боботоғ устида қуёш” романига тақриз. 1953–54 йилларда “Звезда Востока” журналида босилган
2. Ҳаётда қадрлайдиган кишингиз...
– Ҳалол, камтар ва меҳнатсевар киши...
3. Ҳаётдаги шиорингиз...
– Алишер Навоийнинг “Одами эрсанг демагил одами...”
4. Ҳаёт нима?
– Чексиз сабоқ
5. Умр-чи?
– Тоғу тошлар оша ўтадиган Йўл
6. Армон нима?
– Келажак туйғуси
7. Кечириш ҳақида
– Кечириш – зиёлиликнинг биринчи белгиси
8. Афсусланганмисиз?
– Албатта...
9. Нималардан ранжийсиз?
– Қўполлик, маънавиятсизлик ва жаҳолатдан
10. Нимадан ўкинасиз?
– Китобларимнинг эгасиз қолишидан
11. Инсон учун энг муҳими нима?
– Қадр...
12. Машҳурликка қандай қарайсиз?
– Машҳурлар жавоб берсин...
13. Ҳаётингизнинг энг гўзал палласи...
– Ҳозирги унумли кунларим
14. Омад нима?
– Ўткинчи бахт
15. Ёқтирган рассом, хонанда ва режиссёр...
– Рассомлар – Баҳодир Жалолов, Жавлон Умарбеков, Акмал Нур
– Хонандалар – Анна Герман, Муслим Магомаев, Зулайҳо Бойхонова.
– Режиссёрлар – Баҳодир Йўлдошев, Олимжон Салимов, Наби Абдураҳмонов
16. Санъатга таъриф беринг...
– Инсон руҳий оламининг визуал ифодаси
– Адабиёт – етти иқлим кўзгуси
– Шеър – кўнгил оҳи
17. Тақдир нима? Унга ишонасизми?
– Программалаштирилган ҳаёт. Бунга ишонаман.
18. Мўъжиза нима?
– Сеҳрлар олами: Ниагара шалоласи, Тож Маҳал, тоғ этагидаги оромгоҳ
19. Садоқат...
– Унутилаётган фазилат
20. Наим Каримов ким?
– Умидлар дунёсида яшаётган инсон...

Раъно МУЛЛАХЎЖАЕВА суҳбатлашди

Sparc
29.12.2012, 14:24
Р.М.: – Бугун на қатағон даврини, на уруш даврини кўрмаган авлодлар туғилиб улғаймоқда. Сиз ўрганган даврда ҳам Ибн Сино, Беруний, Улуғбек, Навоийдек ибрат олиши мумкин бўлган машъал сиймолар борми?
Катта суҳбат натижасида берилган бу савол мантиқсиз туюлади. Ахир, суҳбат давомида ана шу "ибрат олиши мумкин бўлган машъал сиймолар" хақида гап кетди-ку.

Nigora Umarova
29.12.2012, 14:31
Катта суҳбат натижасида берилган бу савол мантиқсиз туюлади. Ахир, суҳбат давомида ана шу "ибрат олиши мумкин бўлган машъал сиймолар" хақида гап кетди-ку.

Savolga emas, betakror berilgan javobga ahamiyat berishingizni iltimos qilar edim. ;)

Shuhrat Rizayev
29.01.2013, 17:02
Ҳовури баланд одам каби баланд тушунчаларни қўллайвериш кишига обрў келтирадиган машғулот эмас. Бироқ шундай ҳодиса ва шахслар борки, уларга нисбатан ўшандай миқёсли, юксак сифатлар берилади. Бундай таърифга сазовор инсонларни биз – ташвишу юмушлар билан андармон мардум – ҳамиша ҳам ҳис этавермаймиз. Аксар, ундайларни ўтмишдан, тарихдан қидирамиз. Ёнингда юрган, ўзинг билган таниганларга нисбатан баланд ташбеҳлар билан ёндошиш, одатда, фақат ё манфаат илинжида ёки сархушроқ ҳолатдагина рўй беради. Аслида эса ўта ҳушёр, холис бир алфозда ўша баланд эпитетларни айтишга, нисбат беришга арзигулик Шахсни билсанг, танисанг, кўриб юрсанг, ўз риёйингни унитиб, самимиятингни балқитиб, ўша сифатни айтмоқ керак. Билфеъл, кейин армон бўлмасин...
Бу фикрлар умрининг саксонинчи санасида яшаётган инсон – олим, Шахс Наим Фотиҳович Каримов муносабати билан хаёлга келаяпти. Унинг яккаш маданият деган тушунча билан тўлиқ вобаста ички ва ташқи қиёфаси, дунёдаги гўзаллик, эзгулик, инсонийлик, олийжаноблик, ҳассослик, нуктабинлик, фидойилик, садоқат каби маънавий фазилатлар мужассами бўлган умр йўли, фаолияти, ижтимоий ҳаёти, уй, оила тутумлари, миллатнинг дардларига дармон истаб, унинг кечаги куни, бугуни, истиқболи учун, маданияти, маърифати учун қайғуриб қилган, қилаётган чумолидай хокисор заҳмати устозга шундай таъриф беришни тақозо этади.
Наим ака ҳақида кўпчилик ёзган. Яна ёзиш иштиёқидагилар ҳам кам эмасдир. Чунки саксон йиллик умр давомида домлани расман, норасмий устоз деб билгувчиларни рўйхат қилса, мўъжазроқ бир китобча бўлиб қолса ажабмас. Ўзбекистоннинг қай шаҳру кентига борманг бирор олий ўқув даргоҳи бўлса, унда, албатта, “Наим Каримов илмий раҳбарим бўлади” дея ўзини ғурур билан танитгувчи топилади. Ўзимизни қўяйлик, хорижда ҳам домлани устоз мақомида билгувчи ўзбекшунос ёш, ўрта ёш олимлар кўп. Билмадим, Наим акадаги Оврупочароқ (ички ҳам ташқи) маданиятми ёки табиатидаги, гап-сўзидаги тугал самимиятми, ҳар қандай суҳбатдошни унга қаттиқ боғлаб қўяди. Нафақат бу, ҳозирда дунёнинг қай бурчида ХХ аср ўзбек адабиёти борасида сўз кетса, ишончим комилки, бу сўзнинг зимнида, маъно мағзида Наим Каримов китоблари, мақолалари туфайли шаклланган билим ва тафаккур ёлқинлари, маърифати, далилу таҳлиллари бўлади. Чунки эндиликда ХХ аср адабиётини ҳам, адабиётшунослигини ҳам Наим Каримовни ўқимай “айланиб ўтиш” мумкин эмас. Фитрату Чўлпондан, Рауф Парфи, Эркин Аъзамгача, анъанавий адабий тадриждаги Мискину Хислат домладан шогирди Исмоил Тўлак шеърий тўпламларигача – ХХ аср ўзбек адабиётига тегишли бори адабий силсилалар профессор Наим Каримов тадқиқотлари, монография, қўлланма ва дарсликлари орқали илмимизда аён. Таассуфки, кўп адабиётшунос-мунаққидларда адабий авлодлар ичидан икки-уч, нари борса тўрт-бештадан ажратиб олиб, “қоладигани шу-да”, дея бироз илмий бодиликка тортиб кетадиган иддао бор. Наим ака эса ниҳоятда кенг ва рангин ХХ аср адабиётимизда битта сатр бўлса-да бадиият ҳиди уриб турган битик қолдирган зот борки, барини яхлит жараён доирасида олиб, у ҳақда ҳаққоний сўз айтишга, вақти-вақти билан эслаб, эслатиб туришга уринади. Ҳеч бир адабиёт-санъат аҳлини унутишга ҳаққимиз йўқ, деган зиёли ақида, миллат туйғусини дилга жо қилиб яшайди ва ишлайди. Дейлик, ўша Қодирию Чўлпонлар авлодидан Абдулла Алавий, Ғулом Зафарий, Тавалло, Мадамин Даврон бўладими, Ойбегу Ғафур Ғулом авлодидан Собир Абдулла, Ғайратий, Ойдин Собироваларми, Асқад Мухтору Шуҳратлар авлодидан Темур Фаттоҳ, Мамарасул Бобоев, Қудрат Ҳикмат ва ҳоказо. Қизиқ, домла адабий авлодлар дарғалари ҳақида катта-катта тадқиқотлар – монография, рисола, маърифий роман, портрет, эсселар қаторида, балки орасидадир, ҳамиша қолдирган адабий меросининг салмоғи, мазмун-мундарижасига кўра бошқа авлоддошлар ҳақида ҳам гўзал илмий лавҳалар, мақолалар, очерклар эълон қилиб туради. Афсуски, Наим ака яна бор ташкилий қувватини сарфлаб, ўша дарғалар ҳақида яхлит китоблар чоп эттиргани ҳолда, иккинчи қатор адабий сиймоларга бағишланган битикларини тўплам ҳолига келтириб китоб қилишни истамайди. Агар булар ҳам жамланиб, бори илмий-танқидий мерос куллиёт шаклига келтирилса, бемуболаға ўн-ўн беш жилдлар чамаси бўлар-ов... Аммо домлага шу фикрни айтсангиз, “қўйинг-э, арзимайди, ундан кўра Миртемир, Ҳамид Олимжон ҳақидаги маърифий романларни нашр этишга ёрдам беринг” дейди. Ҳайратингиз яна ошгандан ошиб, “қачон улгурдингиз” деб қоласиз, халос. Ваҳолангки, домла Истиқлол йиллари асосан қатағон қурбонлари бўлган юзлаб зиёлилар, адабиёт-санъат ахллари ҳақида шундай катта савоб ишлар қиляптиларки, уларсиз Мустақиллик даври тарихи ва тарихшунослиги, маданияти ва маданиятшунослигини тасаввур этиб бўлмайди. Ҳали бирор тўпламларда, ҳали ўзлари суйган “Тафаккур” журнали саҳифаларида мақолалардан ташқари яна қандайдир қимматли эсдалик, ёднома ё қайдларни илмий шарҳлаб чоп эттириб қолади. Кўламу миқёсни, қамрову қуршовни ақлга сиғдиролмайсиз. Боз устига турли санъат ҳодисалари, театр, кино билан боғлиқ мақола, тақризлар, ҳаттоки тўлақонли пьеса, киносценарий, таржима асарларигача... домла бисотининг “сим-сим” хазинаси.
Мана Сизга 80 ёш сарҳисоби. Назаримда, дўсту хайрихоҳлар камина каби Наим акасиз бугунги адабиётимиз, адабиётшунослигимиз, умуман маърифий, ижтимоий, шахсий ҳаётини тасаввур эта олмаса керак. Чунки бу олим, инсон – Шахс ҳамиша кераклардан керак, зарурлардан зарур – маърифат тилагида бўлган, адабиёт истагида бўлган юртга, элга, миллатга энг аввало. Қолаверса, биз каби укалари, шогирдлари, муҳибларига ҳамиша ва ҳар ерда суюмли, қадрли. Устоз бор бўлсинлар! Барчамизга маънавий тиргак, меҳру оқибат, самимият тимсоли бўлиб дунё тургунча яшасинлар!

Nigora Umarova
23.04.2013, 14:34
Ertaga 24 aprel kuni soat 15.00 da O'zbekiston Yozuvchilar uyushmasida ustoz, adabiyotshunos olim Naim Karimovning "Adabiyot va tarixiy jarayon" kitobining taqdimoti bo'lib o'tadi. tadbirda ishtirok etishni istagan adabiyot ixlosmandlari taklif etiladi.

Manzil: O'zbekiston shox ko'chasi, 16 -A uy. "Bunyodkor" metro bekati.