PDA

Просмотр полной версии : To'lqin Eshbekov ijodidan namunalar


Tulqin Eshbekov
28.09.2012, 01:28
КУШАНДА

Ҳикоя

Қишлоқда бирга ўсган Жасур жўрам тўйга айтиб келмаганида шунча ғалва қаёқда эди?..
Миёнқолдан атай келганига яраша Тошкентни ҳам томоша қилмоқчи бўлса керак, деб ўйлагандим. Нияти бошқа экан...
– Сенга ўхшаб катта шаҳарда униб-ўссин, деб исмини Турдибой қўйган ўғлимнинг қўлини ҳалоллаяпман,– деди у елкамга қоқиб.– Уч қиздан кейин кўрган тойчоғимнинг тўйига келадиган сийли (сийлашга лойиқ, демоқчи) меҳмонларга “Тошкент ароғи”дан олиб кетишни ният қилганман! Тўй тўйдек бўлсин-да, туврими?
Тўй тўйдек бўлиши учун ароқ шартми, дейишимнинг мавриди эмасди. Қувончи ичига сиғмаётган жўрамнинг қулоғига унақа гап кирармиди? Қисиқ кўзларини қисиб қўйганча у шундай деди:
– Тўй олдидан аввал ўзимиз қиттак-қиттак қиламиз! Ароқ сотадиган дўконларинг қаерда?
– Уйда зўридан бор,– дедим илтифот кўрсатиб.
– Йў-ўқ,– деди жўрам пахмоқ сочли бошини силкиб.– Тўйга аталганидан ичамиз! Баҳонада ҳамма мақтаган “Тошкент ароғи”нинг таъмини кўрамиз!
Дўстимнинг раъйига қарамасам бўлмасди:
– Унда, ана маҳалламизнинг дўкони...
Одам яқинлашганда эшиклари ўзи очилиб-ёпиладиган дўконга кириб, лол қолдик: бир бурчакда спиртли ичимликлар терилган пештахтанинг олди қора ойнадан ясалган девор билан тўсиб қўйилибди! Алоҳида эшикчаси ҳам бор. Харидорларга ароқ қора халтачага солиб бериляпти (гўё бошқаларнинг кўзи тушмасин, дегандек...)
Анграйиб турганимизни кўрган дўкончи амаки биз томон яқинлашди. Салом-аликдан сўнг оппоқ сочларига ярашган дўпписини тўғрилаб қўяркан, дўкон ичидаги дўкончага изоҳ берди:
– Ҳалол маҳсулотларга ҳаром қилинган нарсанинг нуқси урмасин, деб атай шундай қилду...
Бу гап жўрамнинг тилини қичитди, шекилли, истеҳзоли тиржайган кўйи ўзича нишонга урди:
– Ароқни харом, деб, ўзингиз нега сотяпсиз?
Дўкончи амаки қизишмади. Нурли чеҳрасига нимтабассум югурган кўйи ётиғи билан тушунтирди:
– Ёдийизда бўлса, бир пайтлар уни сотиш таъқиқланганди. Оқибати нима бўлди? Бировлар ҳар балони ичди. “«қўлбола”” ароқ ясайдиганлар пайдо бўлди ўшанда. Улар ҳозиргача одамларни заҳарлашивотти. Ҳеч бир ишши зўравонлик билан амалга ошириб бўлмаскан. Муқаддас китобда ичкиликни одамнинг қўлидан эмас, қалбидан олиб ташлаш буюрилган!

(Давоми навбатдаги саҳифада)

Tulqin Eshbekov
28.09.2012, 01:30
Жўрам ўзича бўш келмади:
– Ҳозир унга амал қиладиганлар топилармикин?!
– Амал қилиш-қилмаслик ҳар кимнинг ўз хоҳиш-иродаси,– деди амаки салмоқ билан.– Бироқ, биза билганимиззи айтиб қўйишивуза фарз-у қарздир. Ичкилик – умр заволи, ҳаёт кушандаси! Ичивотган одам оғзига ароқ олгани ҳамоно бир титраб кетади-ку, ўшанда иймон унинг вужудини тарк этаркан. Ўрнини эса шайтон эгалларкан... Ичганлардан фаришта қочиб, юзида нур бўлмаскан...
– Унда шайтоннинг ошиғи олчи экан-да,– деди жўрам кесатиб.– Тўйда қанчаси думалаб қолади, ҳи-ҳи-ҳи...
– Астағфурилло...– Дўкончи амаки ёқасини тутди.– Қиёмат қойим-ку...
Гап ортиқча жиддий тус олишини истамай, у кишига юзланиб, мақсадга ўтдим:
– Битта “Тошкент ароғи” беринг.
Сотаётган молига харидор чиқса сотувчи қувониши керак эди. Дўкончи амаки эса менга ғалати қаради, сўнг қўлини дуога очганча нима дейди, денг:
– Эй, худойим, маҳаллавузада ҳамма ҳурмат қиладиган, телевизорларда яхши гаплар айтадиган шу биродаримизнинг қалбини ўзинг ҳидоят нури ила мунаввар айлаб, хато йўлдан қайтаргайсан! Шу юришига яраша қалбига ҳам зиё бахш этгил, харом қилинган нарсалардан уни ўзинг қайтаргил!..
(Тавба, бу гаплар менга қарата айтиляптими?)
Дуо таъсирида беихтиёр ўзимиз ҳам юзимизга фотиҳа тортиб юбордик...
Шунча гапдан сўнг қадаҳга қўл чўзган номард, дегим келди-ю... Очиғи, иродам ҳамиқадарлигини тан оламан. Гоҳо “юз грамм” қаршисида ожиз қолиб... сўнг хижолат чекиб юраман. Ҳозир отахоннинг дуо бирла аслида мени танқид қилгани катта сабоқ бўлди! Гап (дуо) деган улуғ маънавий неъмат ароқ аталмиш заҳри қотилдан юз чандон кучлилигини ҳис этдим.
Отанг тенгги одам панд-насиҳат қилганида таъзим бажо айлаб қўйишдан яхшиси йўқ. Биз ҳам отахондан узр сўраб, ортга қайтдик. Кўпқаватли уйлар оралаб равон йўлакдан келар эканмиз, жўрамдан қанақа гап чиқаркин, деган ўйда секин кўз қиримни ташладим. Ўша гап яхшигина таъсир этибди, у дўкончи амакини мақтай кетди:
– Пойтахтдан таралган зиё юртни мунаввар қилади,– деди у шоирона оҳангда жимжимадор сўзларни қалаштириб.– Отахоннинг гапларини «қўлбола” ароқ ясайдиганлар эшитса, кўзлари мошдек очилармиди! Шулардан биттаси бизнинг хотин ака, ҳи-ҳи-ҳи...
– Йўғ-е?!– Кутилмаган гапдан сесканиб тушдим.– Наҳотки, Бувихол...

(Давоми навбатдаги саҳифада)

Tulqin Eshbekov
28.09.2012, 01:31
Жўрамнинг “хотин ака” дейишига бир ғашим келган бўлса, гулдек нозик Бувихолнинг «қўлбола” ароқ тайёрлаётгани ҳақидаги гап ундан ошиб тушди.
Бир пайтлар хипча бели оша тўлғаниб юрадиган икки ўрим сочи мафтун қилган... Қуралай кўзлари дуч келганга тик боқавермайдиган, гаплашганда қулоқчаларигача дув қизариб кетадиган ўша синфдош қиз илк бора юрагимга чўғ солган... Еттинчи синфда ўқиб юрган кезларда минг истиҳола билан унга шеър дафтаримни кўрсатдим. Содда қиз мўъжизага дуч келгандек, дафтарни кўтарганча мактабмиз буфетига югурган. Ортидан борсам, акаси Болиқул бақалоқ бошини сарак-сарак қилганча шеърларимни ўқияпти. Сўнг, “биздан ҳам шоир чиқаркан-да!” деб елкамга қоқиб, мукофот бераётгандек қўлимга бир пачка печенье тутқазган! Шу-шу ҳар куни ёзган шеъримни Бувихолга берадиган ва... печеньеларни бирга баҳам кўрадиган бўлиб қолгандик.
Мактабни тамомлаш арафасида Жасур синфхонада баралла нима дейди, денг: “Бувихол меники бўлади!..”
Синфдош қиз дув қизариб чиқиб кетганча мактабга қайтиб келмади... Жўрам шу билан тинчимасдан йўл бўйидаги теракни ўйиб: “Жасур+Бувихол” деб ёзиб қўйибди...
Теракдаги ёзув зарҳал ҳарфларга айланган сари дафтаримдаги шеърлар сарғаяверди...
Оилада катта ўғил бўлган жўрамни ўша йили уйлантириб қўя қолишди. Илк муҳаббат куртакларим ғунчага айланмасдан шу тариқа хазон бўлган... Пинҳон севгим шуъласи пинҳонлигича сўнган...
Хаёлларим сароблигини билсам-да, барибир, у билан руҳан гаплашиб юриш илҳом бахш этаверади... Тизгинсиз туйғулар ширин тушдек қандайдир муҳаббат қасри сари чорлагани-чорлаган. Тубсиз хаёллар оғушида ажиб сатрлар шу тариқа қоғозга қуйиларди! У мен учун илоҳий маъбуда, гўзал малак, илҳом париси эди...
Қутб бир томонлама бўлмагани каби унинг ҳам юрагида менга нисбатан қандайдир ҳислар жўш уришига шубҳа қилмасдим. Мен учун мавҳум қолган савол: ўғилларига Турдибой деган исмни чиндан ҳам жўрам қўйдимикин ё...
Шу кунгача у ҳақда яхши гап эшитсам енгил тортардим. Қайғулироқ гап чиқса, кўнглим ғаш юрарди... Бир гал унинг қандайдир металлфурушларга қўшилгани қулоққа чалингач, ҳушим бошимдан учган. Энди “«қўлбола”” ароқ тайёрлаётганини эшитиб юрагимга наштар санчилди. Гулли кўйлак ўрнига қора халат кийганча бадбўй бочкалар орасида ивирсиб юришини тасаввур этиш нақадар даҳшат... Унча-мунча эркакнинг қўлидан келмайдиган ишга наҳот шу ожиза ўзини урган бўлса?!

(Давоми навбатдаги саҳифада)

Tulqin Eshbekov
28.09.2012, 01:32
Қайнаётган шўрванинг таъмини татиб кўрган ошпаздек ўша савилдан ҳам бирор қултум ичганда бурунчаси қизариб, афти бужмайиб кетармикин?.. Ичган одамдан анқийдиган қўланса ҳид кимнинг кўнглини айнитмайди? Беихтиёр ёқамни ушладим. Ачинишингни ҳам, жирканишингни ҳам билмай қоласан гоҳо... Эҳ, Бувихол, Бувихол...
Юрагим алланечук бўлиб кетаётганини заррача сезмаётган жўрам эса гўё оддий ҳолни тушунтираётдек валдирарди:
– Бизнинг хотин ака тайёрлаган ароқнинг олдида буларники чепуха! Бир пиёласини сипқорсанг, кайфинг тароқ бўлади-қолади!
– Кейин томошани кўрасан, де,– дедим кинояли оҳангда.
– Маст-аластларни кўришга ҳеч кимнинг тоқати йўқ!– Жўрам иддаомни англагандек янги “кашфиёти”дан воқиф этди.– Ичганлар безор қилмаслиги учун хотин акам зўр йўлини топган! Қанақа йўл, дейсанми? Шишаларга уйқу дори ташлаворади, вассалом! Қарабсанки, бетондек қотади-қолади, ҳи-ҳи-ҳи. Бола-чақалари жасадни кўтаргандек замбилга ортиб кетаверишади...
– Ароққа уйқу дори солинганини билиб қолишса нима бўлади?
Бу гапга жавобан у мийиғида кулиб қўйди-да, гўё айбни бўйнидан соқит қилди:
– Буни ўзларининг хотинлари “заказ” қилади...
– Йўғ-е?! Наҳотки...
– Уйқу дорини кўпроқ солинг, деб ялинишларини кўрсанг, ҳи-ҳи-ҳи!..
– Даҳшат-ку,– дедим вужудим титраб.– Билиб-билмай, дуч келган жойда ичиш жуда хавфли, деб дашном беришларининг сабабини энди тушундим...
– Қўрқма, сенга унақасидан ҳеч ким ичирмайди,– деди жўрам юпатган бўлиб.– Айтганимдек, сийли меҳмонларни ишончли “Тошкент ароғи” билан сийлаймиз! Уни “оптим” сотадиган жойидан олиб кетаман!..
Эҳ Жасур, дейман ичимда, дўкончи амакининг панд-насиҳатлари қаерда қолди-ю... сенинг оғзингдан жўнгина чиқаётган гапларни қара...
Афсус, афсус. Дилингдагини ҳамма вақт тилингга чиқара олмайсан-да. Ҳозир ҳам жўрамга:
– Ниятингга ет,– дейишдан нарига ўта олмадим...
Унинг қулоғига бошқа гап ҳам кирмасди...

(Давоми навбатдаги саҳифада)

Tulqin Eshbekov
28.09.2012, 01:33
Қишлоқликлар оқкўнгил одам сифатида қалбимга муҳрланган. Қишлоқ аёлини тасаввур этсам, кўз ўнгимда бамисоли фаришта намоён бўларди. Улар орасида наҳот шу қадар тубан кетганлари ҳам бўлса?! Яна кимсан – жўрам ва унинг хотини!..
Жўрамнинг болаликдан бир одати қолмабди; жўяли ва ножўя гапларини аралаш-қуралаш қилаверади. Ҳартугул, бу ёғи жўялироқ мавзуга уланди:
– Ўша отахонни телевизорга таклиф қилсаларинг бўлмайдими?
– Нега?– Ўзимни овсарликка солиб, унга савол назари билан қарадим.
– Қара, одамларни мудҳиш йўлдан қайтаришга ҳаракат қиляпти!..
Мавриди келганда нишонга урдим:
– Хўш, ўшанда отахоннинг панд-насиҳатига сен ҳам амал қиласанми? Боя айтган гапинг тўғри: “Пойтахтдан таралган зиё юртни мунаввар қилади!” Шаҳримизда кўп тўйлар ичкиликсиз ўтяпти! Шунақа чиройли, файзли бўлар эканки!..
Жўрам кескин бош чайқади:
– Унақасини қишлоқ кўтармайди...
– Нега?– Саволга тутдим унга ёқмаса ҳам.– Балки сен бошлаб берарсан?
Жўрам негадир гезарди, бироз қизишганча шундай деди:
– Қишлоқда ароқсиз тўйни – тўй ҳисоблашмайди. Биттаси сен айгандек, ароқ қўймаганди, “тўй эмас – ифторлик бўлди” деб устидан кулишди. Аканг қарағай ўғил кўрсам, тўйида столларни тўлдириб ташлайман, деб кўксимга урганман! Катта кетдинг, деганларга кўрсатиб қўяман, ҳи-ҳи-ҳи...
* * *
Дўкончи амакининг гаплари таъсирида уйда бир қултум ҳам ичмадик!
– Ичкиликсиз зиёфат мазза бўларкан-а,– деди жўрам чеҳраси ёришиб.– Ичиб маст бўлганимдаям шунчалик кайф қилмасдим!!
– Ичкиликсиз тўй ҳам шунақа мазза бўлади-да!– Мавриди келганда аста дилимдагини тилимга чиқардим.– Ҳеч ким алжимайди! Ўйин-кулги, ашула ва рақс, ора-сира ширин тилаклар, шеърхонликлардан жонинг киради!
Жўрам кескин бош чайқади:
– Қишлоқда унақаси кетмаслигини айтдим-ку...
– Бир кун инсофга кеп қолар...
– Инсоф ҳақида гап ҳам бўлиш мумкинмас,– деди жўрам бош чайқаб.– Эркакларни доғда қолдириб ичаётган аёлларни кўрсанг...
– Йўғ-е?!– Капалагим учиб кетди.– Наҳотки...
– Тўйда кўрасан...
Унга бирор жўяли жавоб қайтаришга ожиз эдим.

(Давоми навбатдаги саҳифада)

Tulqin Eshbekov
28.09.2012, 01:34
Аслида ҳамма замонда ҳам шунақа фожеалар, офатлар одамлар ҳаётига рахна солгани сир эмас. Шу офатга қарши ақлирасолар абадул-абад курашса-да ҳеч ким мутлоқ ғолиб бўлолмаган... Ичкилик ҳар қандай шерсифат одамни ҳам фақат мағлуб этишини эса ҳаёт ўзи исботламоқда... Унинг исботини ҳар куни ҳар қадамда кўрганлар ҳам негадир ўзларини шу ажал “оғуши”га ургани урган...
Шунча нарсага етган ақлим билан ўзим ҳам гоҳида шишанинг “қули”га айланишимни эслаб... афсусландим. Бугун дўкончи амаки кўзимни мошдек очиб қўймаганида бу гирдобда ғарқ бўлиб кетармидим... Гапнинг дангали: ичишни ташлашга қарор қилдим!! Бу юрак амрини жўрамдан сир тутмадим:
– Қадаминг мен учун қанчалик қутлуғ келганини биласанми, жўражон,– дедим меҳмонимнинг елкасига қоқиб.– Сен туфайли дўкончи амакининг ота насиҳатидан баҳраманд бўлдим. Мана, ичкиликсиз зиёфатнинг қанчалик зўр бўлишини кўрдик! Хуллас, шу заҳри қотилни минбъад оғзимга олмайман!
Бу гапга жавобан жўрам, кўрамиз ҳали, дегандек мийиғида кулиб қўйди. Дастурхонга дуодан сўнг мақсадга ўтди:
– Тўйимда сенга алоҳида хизмат бор.
– Бош устига,– дедим қўлимни кўксимга қўйиб.– Хўш?
– Ҳар гал телевизорда чиққанингда қишлоқда дув-дув гап бўп кетасан! Бўладиган бола эди-да, деб мақташади!– Гапни узоқроқдан бошлади жўрам.– Одамлар менинг шундоқ оғайним борлигини би-ир кўриб қўйсин! Тўйда ёнимда қўл қовуштириб турасан! Иннайкейин, меҳмонлар ўтирган столларни бирга айланамиз. Сенга ҳамма ҳавас қилади, гаплашгиси келади! Жасурнинг тўйига Тошкентдан телевизорда чиқадиган Турдибой Турсунов кепти, деган шов-шувдан би-ир сармаст бўлайлик...
Бошқаси шундай деганида юзига шартта: “Турдибой сенга телевизорда чиққани учун керак экан-да...” деб роса боплардим. Жўрамнинг оқкўнгиллик билан айтган гапидан эса ҳузур қилиб кулдим. Қишлоқликларнинг феълини яхши билганим учун жўрамнинг умид билан боқиб турган кўзларига қараб, боришга ваъда бердим...
* * *
Она қишлоғимдан олислаб кетганимга неча йил ўтмасин, ўша беғубор хотиралар асло тарк этмайди. Болалигимизда ўқитувчиларимиздан қўрқибми, андиша қилибми, тўйга боришга юрагимиз бетламасди. Тўй бўладиган ҳовли атрофидаги теракками ё бирор томга чиқиб томоша қилардик.
Тўйни оқсоқоллардан бири яхши тилаклар билан очарди. Ўртакаш шеър айтиб, даврага файз киритарди. Куй-қўшиқларга раққоса хиром айлар, басма-басига қиз-жувонлар қойиллатишарди. Битта тўй қувончи қишлоққа татирди!
Болакайлар учун энг катта совға – деворда намойиш этиладиган кино бўларди! Телевизорлар камроқ замонда унинг гашти бошқача эди-да.
Ўзига тўқроқ кишилар тўйига дарбоз олиб келиб, томошани қиздирарди! Ундан бадавлатроқлар кўпкари уюштирарди! Ўзбек тўйлари шунақа бўлиши керак, деган тасаввурда улғайганмиз.

(Давоми навбатдаги саҳифада)

Tulqin Eshbekov
28.09.2012, 01:35
Ўшанда ҳам баъзи тўйлар офати – ароқ эди. Шу касофат туфайли ҳатто азага айланганини кўриб-билиб айримлар яна тўйга тайёргарликни яшик-яшик ароқ олишдан бошлаш одати қолмади-қолмади-да...
Раҳматли отамнинг битта насиҳати қулоқларимда сирға бўлиб қолган: “агар меҳмон, ароқ камроқ бўлди-да, деб кетса, ҳақиқий тўй шу бўлади!..”
Учқур автобусда қишлоққа ошиқар эканман, олис йўлларда шууримдан шундай ўйлар кечарди...
Тўйда сўз беришларини ўйлаб, жўрам ва хотини шаънига илиқ гапларни дилимга тугдим. Илҳом жўш урганда адашимга, яъни, тўйболага атаб йўл-йўлакай шеър ёздим!..
* * *
Жўрамнинг “Пойтахтдан таралган зиё юртни мунаввар қилади” деганича бор экан; қишлоқ тўйлари шаҳарликларникидан қолишмайдиган бўлибди!
Ҳеч ким ҳовлида тўй қилмай қўйибди. Ҳаммаси ҳашаматли тўйхонада! Қишлоқда қад ростлаган нақшинкор тўйхона санъат асарининг ўзгинаси. Пештоқига зарҳал ҳарфлар билан: “Ортиқбой тўйхонасига хуш келибсиз!” деб ёзилган дарвозадан киргач, иккинчи қаватга айлана мармар зиналардан чиқиларкан. Ўртадаги фаввора жимир-жимиридан баҳри дилингиз очилади.
Болаликда кўрганимиз шу: одамлар тўйларини ўз ҳовлисида ўтказарди. Ҳамқишлоқлар кўча чангитиб, олисроқдан меҳмонлар эшак-аравада, трактор-тележкада, ўзига тўқроқлар шалоғи чиққан автобусда келишарди. Битта-яримта енгил машинада келиш фақат катталарга (ўша даврда колхоз раисига ўхшаганларни шундоқ атардик) насиб этарди...
Бугун ўзини камбағал ҳисоблайдиганлар “Тико”, “Матиз” ё “Дамас”да, ўртаҳолман, деганлар “Нексия” ё “Лассет”да, ишбилармонлар “Каптива” ва шунга ўхшаш бири-биридан чиройли машиналарда келишарди.
Битта-яримта пиёда чиқиб қолса, сонмингта такси мунтазир! Қишлоқда ҳам таксилар йўловчига талашадиган замон келди!
Тўйхонадаги айлана столлар турфа таомлар билан лиммо лим; бедана тухумидан тортиб қадоқланган қўзиқорингача, яхналардан тандир кабобгача лиқ тўла.
Жўрам айтганини қилибди: ҳар бир столда ўн-ўн бештача ароқ. Меҳмон бошига бир шишадан-а... Маҳалламиздаги дўкончи амаки шу аҳволни кўрса, буларнинг кўзини мошдек очиб қўярмиди!
Шу он ортимда жўрамнинг товуши замбаракдек гумбурлади:
– Мана-а, сенга Тошкентдан тўёна-а-а!
Қарасам, Жасур мени Бувихолга кўз-кўз қиляпти. Унинг қочиримларини тушунмаган одам бўлганида, “сенга тўёна бўлиб қолдимми?!” деб энсаси қотарди. Шу “хизмат”ни бўйнимга олиб келгандан кейин нима ҳам дердим? Ясама жилмайиб қўйишдан ўзга илож йўқ...

(Давоми навбатдаги саҳифада)

Tulqin Eshbekov
28.09.2012, 01:35
Жўрам бўлса, қойилмақом иш қилгандек меникига боргани, “Тошкент ароғи”ни қандоқ “оптим” олиб келганини завқ билан сўзларди.
Кўз қирим билан Бувихолга қарадим. Бир пайтлар юрагимга чўғ солган малакнинг юзида нурдан асар қолмабди... Нур ўрнида тарам-тарам ажинлар... “«қўлбола”” ароқ ясагани учун гўё юзидан фаришталар кетаётиб беаёв чизиқ (тамға!) тортгандек... У ўзини ҳарқанча бахтиёр кўрсатишга уринмасин киртайган кўзлари мунгли эди...
Ўзича сармаст жўрам столларга ишора қилганча мақтана бошлади:
– Тўрда металлфурушлар ўтиришади!
– Кимлар?!– Ҳушим бошимдан учаёзди.– Қанақа металлфуруш?!
Бу гапни ҳазм қилиш менга қанчалик қийин бўлса, у шунчалик жўнгина тушунтирарди:
– Альюминий сотиб миллионер бўлганлар! Симёғочлардаги симларгача гум қилишган! Бир гал биттасини ток уриб, ўлигини зўрға олиб тушгандик... Текшир-текшир авжига чиққач, келининг бу ишни ташлаб, “«қўлбола”” ароққа ўтган!
Жўрамнинг оғзидан чиқаётганларни тасаввур қилиш учун одам жинни бўлиши керак. Наҳот, ўзи ўтирган дарахт шохини арралаган нодондан баттар – ток келадиган симларни гум қилишади?! Сўнг, қишлоқда нега ток йўқ, деб жар соладиганлар ҳам ўзлари...
Асли қишлоқни хароб қилаётганлар ўшалар эмасми?.. Кошки, симларни ўғирлаётганларида ёппасига бўйниларига ўралиб қолса-ю... ток уриб кетса...
Жўрам бўлса, валдирашда давом этарди:
– Бу стол қора бозорнинг шефларига!
– Қанақа бозор?!
– Ўзингни гўлликка солаяпсанми?!– У елкамга бир туширди.– Кўкидан бўлса, шесть секундда ўзимизнинг пулга айлантириб берадиганлар бор-ку!
– Астағфурилло...
Жўрам навбатдаги столга ишора қилди:
– Бу маклерларнинг жойи! Қишлоқдан бориб, шаҳрингда уй бозорини қўлга олганларни биласан-а? Ҳа-а, баракалла! Буниси...
Бошим ғувлаб кетди. Қаерга келиб қолдим ўзи?! Ғирт ўғри-каззоблар тўдаси-ку?! Жўрам мени шуларга кўз-кўз қилмоқчими?!
Эҳ, Жасур, Жасур! Нималар қилиб қўйдинг-а? Наҳот, шуларга илтифот кўрсатиш – тўйингга хизматим бўлса?! Уларнинг турқини кўришга тоқатим йўқлигини билмасмидинг?
Жўрамнинг тўйини деб келмаганимда ўзим билардим… Энди ҳарқанча пушмон қилмайин, қўл силкиб кетишнинг мавриди эмас...
Шомда гуррос-гуррос кириб келишган меҳмонлар орасида мен соғинган ҳамқишлоқлар, нуронийлар сафидан ўрин олган муаллимларимни ҳам кўриб, кўнглим бироз ёришди. Баъзи қадрдонлар билан дийдорлашганда дилимдаги ғашлик тумани тарқагандек бўлди.
Меҳмонлар ўрниларига жойлашгач, жўрам қулоғимга шивирлади:
– Даврани сен бошлаб берасан!..
– Бўпти,– дедим сўз айтишга тайёр бўлиб келганимга енгил тортиб ва дилга тугиб келган гапларимни айтишга чоғландим.

(Давоми навбатдаги саҳифада)

Tulqin Eshbekov
28.09.2012, 01:36
Ҳали оғиз жуфтламасимдан жўрамнинг иккинчи таклифи ғалати бўлди:
– ...фақат гапни қисқароқ қилиб, навбатни музикага бер! Меҳмонларим кўп гапни ёқтиришмайди…
Нафасим ичимга тушиб кетди...
Бу ерда тилаклар-у шеърингга ҳожат йўқ экан...
Бир қур даврага назар ташладим. Чиндан ҳам тўй эгаси учун энг асосий ҳисобланган меҳмонларнинг бирор гап-сўз тинглашга тоқати йўқлиги ҳирсли кўзларидан аён кўриниб турибди... Ҳар бир стол соқийси аллақачон ишга киришган... Кимдир: “қизларга қизилидан, йигитларга оқидан!” деб бўкирди. Унга жавобан “Яшавор, хўроз!” деган антиқа “олқиш”лар тўйхонани тутиб кетди.
Хизматим шу бўлса, ана, дедим ичимда ва жўрам айтганидек сўзни ғоят қисқа қилиб, дастурхонни очиқ деб эълон қилдим. Шу он жўрамга қарасам, “мунча чўзасан?!” дегандек пешонасига шаппати урди. Ол-а, дея шартта навбатни мусиқага бердим.
Чор тарафга ўрнатилган баҳайбат карнайлар ортида бетоқат туришган йигитлар ерни титратиб, кўкни гумбирлата бошладилар. Улар замонавийнинг ҳам замонавийроғи эканини наинки елкаларига тушган сочларидан, балки, нима деб қўшиқ айтаётганини тушуниб бўлмаслигидан ҳам билса бўларди...
Тўридаги столга разм солдим. Чанқаган одам сувга ёпишгандек ароққа ўзини урганларини кўрсангиз... Бири бўкиб ичгач, ёнидаги одамнинг бошини ҳидласа, бошқаси шишаси билан сипқорарди... Улар билан ёнма-ён ўтирган эркакбашара хотинлар ҳам басма-басига пиёлани тўқиштириб ичишяпти...
Энг маданиятсиз одам хонада чекса, дастурхон бошида тутатган ундан юз чандон тарбиясиздир. Дастурхон бошида қорни қопдек кишининг оғзи-бурнидан чиқаётган паға-паға тутунни кўриб кўнглим айниди...
Хизматингга тайёрман, деб келдингми, чидайсан, дейман ўзимга ўзим. Тўйхонани тўлдирган бадбўй тутун ва бошқа ислардан ҳарқанча кўнглим айнимасин, жўрамнинг айтганларини бажо келтиришга ҳаракат қилардим.
У билагимдан олиб, столлар томон бошлади. Қўлимизни кўксимизга қўйганча маст-аласт, афти-ангори бужмайган кимсаларга “хуш келибсизлар” дейишга тушдик. Жўрам ниятига етди: баъзи меҳмонлар менга ишора қилиб, телевизорда кўрганини шивирлай бошлади. “Телевизорда чиққан одам”нинг ёнида юрганини кўз-кўз қилиш унга қанчалик мароқли бўлса, камина учун шунчалик ёқимсиз эди. Чунки, ойнаи жаҳонда топган обрўимни қандайдир металлфурушлар, қора бозорнинг шефлари, маклер ва бошқа бало-баттарлар олдида чилпарчин қилаётгандек ҳис этардим... Бу билан жўрамнинг обрўси нечоғли ортганини билмадим-у, аммо меники тутдек тўкилаётгандек эди...
Жўрамнинг ибораси билан айтганда – яна сийли меҳмонлари келишди, шекилли, уни чақириб кетишди.

(Давоми навбатдаги саҳифада)

Tulqin Eshbekov
28.09.2012, 01:37
Шуни кутиб тургандек рўпарадаги столдан бир барзанги гандираклаб келиб, эски танишидек мени қучоқлади. Димоғидан анқиётган қўланса ҳидга чидаб бўлмайди. Шу аснода у қулоғимни қоматга келтирганча бўкирди:
– “Тошкент ароғи”дан б-б-бизгаям б-б-бўлси-и-ин!
Ҳар қандай курашда бир томон ғолиб, иккинчиси мағлуб бўлади. Ароқ билан “кураш”да ҳамиша ичкиликбозлар ерга думалаган... Бу тўйда эса ароқ қанчалик кўп бўлишига қарамай шаввозлар ҳаммасини ямламай ютишар ва яна топиб бер, деб қисталанг қилишарди...
Каминани ҳам ароқ улашиб юрганларга ўхшатди, шекилли, мана биттаси қаршимда кўзини лўқ қилиб турибди. Ҳамқишлоғимми, десам, мутлақо нотаниш. Қутулишга ҳаракат қилганим сари баттар ёпишади. Қўйивор, деб қичқиришга орият йўл қўймайди. Ноилож, ётиғи билан тушунтирдим:
– Мен ароқ тарқатмайман...
– Т-тарқатмасанг ҳам б-биттагина обер...
– Йўқ!– Кескин бош чайқадим.– Ароқ деган нарсадан мутлоқ йироқман!
– Й-йироқсан?!– Барзангининг башараси бужмайиб, қошлари учбурчак бўлиб кетди. Ёнига қайта-қайта тупирганча ғўлдиради.– М-мунча ч-чиройли г-г-гапирасан? Ахк-тфу... Б-бунақа-а ч-ч-чиройли г-гапингни ш-шаҳарда с-сайрайсан, б-билдингми-и? Ҳу-у-у-уқ.– У ўқчиганда бадбўй ҳиддан кўнглим айниб кетди. Шу алфозда билакларимга тармашганча ғўлдирарди.– Б-б-битта а-ароқ о-оберолмайсанми? У-унда ж-жиблажибонга ўхшаб л-ликиллаганинг б-билан қ-қўлингдан копейкалик иш к-келмаскан-да-а, а? Т-т-т-теливизорда ч-чиққанинг к-копейка э-э-эканда-а, а?... Ахк-тфу...
Вой ярамас! Тўйга шу бўлмағур гапларни эшитаман, деб келганмидим?! Қанийди, тумшуғига битта тушуришнинг иложи бўлса...
Кейин кўринг, Турдибой бировнинг тўйини бузиб кетибди, деган миш-мишлар бўронини...
Нима қиларимни билмай турганимда гавдали киши келиб жонимга оро кирди. Уни илкис ўзига қаратди-да қўлига бир шиша ароқ тутқазди:
– Ма, ол! Энди тинчгина ўтир!
Ичаман деганларнинг столига тўртталаб келтириб қўйилаётган бўлса-да, ичкиликка муккасидан кетганлар кўрдим демаскан. Бояги барзанги шишани чўлпиллатиб ўпди, сўнг гандираклаб кета туриб ғўлдиради. Фақат, “копейка, копейка” деган сўзларини зўрға илғадим...
Қизиқ, одам бир-икки пиёла чой ё сувга қаноат қилади. Нега энди ароққа унча-мунчага нафси қонмайди? Қанча шишани бўшатганига қарамай тағин бўкиришларини қаранг...
Ичганидан кейин сийли меҳмонларнинг афти ангорига қараб бўлмаскан. Бири гезариб, бошқаси кўкариб кетган... Жундор билагига илоннинг расмини чиздирган эркак ҳадеб ёнига туфлайди. Димоғидан қақиришни кўрсангиз...
Қорни қопдек киши бир коса шўрвани кўтариб ичмоқчи бўлди, шекилли, кайфи ошиб, ёнидаги кишининг елкасига тўкиб юборди... Столнинг у бошида кимдир қув-қув қусарди. Қаққайиб турган бир бақалоқ бўралатиб сўкяпти…

(Давоми навбатдаги саҳифада)

Tulqin Eshbekov
28.09.2012, 01:38
Гумбир-гумбир “мусиқа” ҳаммасини босиб кетарди.
Баъзи бойваччаларнинг қанчалик кайфи тароқлигини “раққоса” устидан беаёв сочаётган пулларидан билса бўлади...
Тўй – хурсандчилик! Уни дилхираликка айлантирган номард. Боя бир ялтоқидан ранжиганимни ҳеч кимга сездирмасам-да ичимдан зил кетгани юзимда акс этган бўлса ажабмас. Ҳар қалай, ундан қутқарган халоскорим юпатган бўлди. Уларни қўявер, дегандек кўз қисди-да, ширин жилмайганча шундай деди:
– Қалайсан, Турдибой?
– Раҳмат,– дедим унга жавобан.
Анграйиб қолганимга қошларини чимирди. Бир лаҳзалик сукутдан сўнг сўзлари гинали оҳангда чиқди.
– Ия, танимаяпсанми? Шунақа-да! Тошкентда катта бўп кетгандан кейин танимай қоласилар... Ҳм-м-м, танимадим, де...
– Нега танимас эканман,– дедим ҳижолатпазликдан қутулиш илинжида.– Сизни ҳурмат қиламан...
– А-ҳа, танидим, де!– Ғалати ишшайди у киши.– Унда айт-чи, кимман?
Очиғи, ҳар куни бўғзимга келтирадиган энг бўлмағур савол: “кимман?..” Баъзилар ўзи телефон қилади-да: “танимадингиз-а?” дейди. Кўнглига қараб: “танидим” десам бас, “кимман?” деб туриб олади... Шундай пайтда мен ҳам боплайман; “овозинг эшитилмай қолди” деб, шартта симни узаман-қўяман...
Ҳозир эса бундай қутулишнинг иложи йўқ... Жимгина елка қисдим.
У киши кўзларимга тик боққанча қаҳ-қаҳ отиб кулди:
– Шунақа! Танимайсан! Мен бўлсам, ҳар гал телевизорда чиққанингда, ана ўзимнинг укам, мактабда шеърлар ёзарди, деб мақтайман сени (аслида мақтанса керак!),– дея елкамга қоқиб қўйди. Сўнг, ортиқча чўзмасдан ўзини таништирди.– Болиқул акангнинг печеньелари эсингдан чиқдими?
– Ий-й-й,– дедим дафъатан ёдимга тушиб.– Болиқул ака-а-а-а!!
Беихтиёр қучоқлашиб кўришарканмиз, бир лаҳза ҳаммаси хотирамда тикланди. Мен ёзган шеърларни Бувихол шу акасига олиб бориб кўрсатар, у эса завқ билан иккимизни печенье билан сийларди!..
Танаффус пайти Бувихол билан термулишганча печенье еган онларимиз кўз олдимдан кино тасмасидек ўтди... Ўша кезлар илк муҳаббат куртаклари ғунчага айлангани ҳаққати рост эди!..
Мактабни битирган кездаёқ тақдир чархи ҳаммасини чирпирак қилди; Жасур билан Бувихол бир ёстиққа бош қўйди...
Менинг ризқим олис шаҳарга сочилган экан...
Болиқул ака савдонинг орқасидан Каттақўрғонга кўчиб кетганди...
Сахий буфетчи акамиз билан энди юз кўришишимиз қанчалик ҳаяжонли эканини тасвирлай олмайман. Бу тўйдаги энг қувончли ҳол эди мен учун!
– Бугун бир отамлашамиз-да!– Ширин хаёлимга хотима берди Болиқул ака.– Қани, столга марҳамат!
Тўйга отланганимдаёқ: столда валақлаб ўтирмайман, бир қултум ҳам оғзимга олмайман, деб ўзимга ўзим сўз берганман! Фақат, тўй тугагач, жўрам билан гурунглашишни, шунда ҳам ичмай ўтиришни дилга тугиб қўйгандим...
Болалик қалбимга энг ажойиб инсон сифатида муҳрланган, печеньелар бериб эркалаган, Бувихолга қўшиб менга ҳам меҳр улашган Болиқул акадан бошқаси айтганида столда ҳам ўтирмасдим, тутган қадаҳига ҳам қарамасдим! Ҳозир бу табаррук инсоннинг сўзини ерда қолдиргандан кўра ҳар нарса бўлганим маъқул деган ўй ўша қароримни чиппакка чиқарди...
“Тошкент ароғи”ни пахта гулли пиёлаларга лиммо лим қилиб қуяркан, Болиқул ака шундоқ тўс айтди:
– Қишлоқдан шаҳарга бориб яшаш энг пешонаси ярқираганларга насиб этади! Шунчалик ўрнимизни топдикми, демак ризқимиз бут! Ризқи бут эркак пиёлани тўлдириб ичади! Қани, битта кўтаришда...
Бу бетакрор сўзлардан кейин ичмай бўладими! Шууримдан кечган ўй шу бўлди: Тошкентга қайтгач, ичишни бутунлай ташлай қоламан! Бироқ, бугун олмаслик – “гуноҳ”. Шу охиргиси... Болиқул аканинг сўзи ўлгунча... Хуллас, пиёлани бир кўтаришда сипқордим...

(Давоми навбатдаги саҳифада)

Tulqin Eshbekov
28.09.2012, 01:39
Заҳри қотил ёмон титратиб юборди... Шу он дўкончи амакининг гаплари қулоғим остида жаранглагандек бўлди: “Ичивотган одам оғзига ароқ олгани ҳамоно бир титраб кетади-ку, ўшанда иймон унинг вужудини тарк этаркан...”
Шу он кўзимга дўкончи амаки кўриниб кетди... Сесканиб тушдим. Йўқ, амакига ўхшаш киши экан. Бунақа жойда фариштасимон инсонлар ҳеч қачон бўлмаса керак...
Атрофга боқдим. Тўрдаги столдагилар басма-басига пиёлани кўтаришар, сўнг афти-ангорини бужмайтирганча газакни ямламай ютишарди. Баъзилари эркакчасига ўпишарди...
Четдан қаралганда эҳтимол бизнинг хатти-ҳаракатлар ҳам бошқаларга нақадар бачкана туюлаётгандир? Чунки, улардан кам ичмаётгандик...
Болиқул аканинг таклифи билан ичганимизни “михладик”...
Кейин бахтиёр болаликда печенье еган кунларимизни эслаб кўтардик...
Яна “михладик”...
Энди болаларимиз биздан ҳам бахтли, омадли бўлиши учун...
Бунисини ҳам “михладик”...
Тўйбола – кичкина Турдибой катта Турдибойга (яъни, менга!) ўхшаши учун...
Бу тўс учун ичмай, ортидан “михламай” бўладими!..
Яна қанча дилга малҳам сўзлар айтилгани-ю, ортидан канда қилмасдан “михлаб” юборганимизнинг саноғига етолмай қолдим...
Бир маҳал бошимни кўтарсам, ўзим ҳам михга айланиб қолаёзибман... Кўзларим борлиқни ўзгача “фон”да – жимир-жимир ҳолида зўрға илғарди...
Биз билан теппа-тенг, эҳтимол кўпроқ ичса-да, Болиқул ака билдирмай – худди ичмагандек турибди.
Шу пайт тўрдаги столда қий-чув бўлиб кетди.
Металлфурушлар тўполон қила бошлади. Бировларнинг қарзини бермай қочиб юрган одамни шу ерда тутиб олишибди. Жанжални бости-бости қилиш учун орага тушган гавдали киши ҳам бир шапалоқ егач, муштлашишга тушиб кетса денг. Қий-чув авжига чиқди. Кимлардир оловга мой пуркагандек бир-бирини гиж-гижларди...
Иккита хотин қаёққадир югуришди, ҳаял ўтмай Бувихол билан бир яшик ароқ кўтариб келишди. Биттаси тўполончиларга қарата қичқирди:
– Қани, яраш-яраш учун ичамиз!!
Жанжал таққа тўхтади! Пешонаси ғурра бўлган, бурни қонаган, кўзи косасидан чиқиб кетаёзган, ёқавайрон жанжалкашлар ҳашардан сўнг ошарга ўзини ургандек пиёлаларни тўлдириб, баъзилари эса шишаси билан сипқора бошладилар. Ва, бирин-кетин думалашга тушдилар...
Шуни кутиб тургандек уларнинг ўғиллари, укалари замбиллар кўтариб келдилар. Жасадни тобутга солгандек уларни амаллаб ортганча зўрға кўтариб кета бошладилар...

(Давоми навбатдаги саҳифада)

Tulqin Eshbekov
28.09.2012, 01:39
Тўй шу тариқа хотима топа бошлади...
Нафасим бўғилиб тўйхонадан чиқдим. Не кўз билан кўрайки, ҳовлида ўнлаб меҳмонлар думалаб ётишар, кимдир қусар, бири инграр, бошқаси оҳ-воҳ чекар, бўралатиб сўкарди. Улар тўйдан эмас, росмана даҳанаки жангдан чиққанга ўхшарди...
Маст мастнинг ҳолини тушунади, деганлари шу бўлса керак, уларнинг фожеаси заррача таъсир қилмади. Билъакс, ўзим ҳам улар қаторида думалаб қолишимга бир баҳя қолаётганди...
Ортимдан кимдир таъқиб қилаётгандек туюлди. Қарасам, Бувихол! Шу тобда у печенье еган давримиздагидек очилиб кетганди! Қалбимдан бир нидо чиқди: оҳ-ҳ-ҳ... Юрагимнинг чорак асрлик музлари дафъатан эриб, муҳаббат куртаклари қайта ниш ура бошлади...
Сархушликдан кўзларим тинганча беихтиёр унга қўл чўздим. Қайтадан саломлашиш илинжидами, бошқа мақсаддами, ишқилиб, қўлларидан тутгач, дилим тубидаги гавҳарим пичирлаб чиқди:
– Турдибой менга ўхшаши керак эди...
Шу он кўзимдан олов чиқиб, гапим бўғзимда қолди... Чаккамга тушган навбатдаги муштдан гандираклаётиб ортимга қарасам, жўрам важоҳат билан турарди...
Қий-чув бўлиб кетди. Тўс-тўполон ичра қолган гаплар олис-олислардан эшитилгандек туюларди:
“Ҳа-а, ярамас, хиёнат қилишингни билардим!– Жасурнинг товуши жуда дағал чиқди.– Жўрам эмас, ғирт ж.сан!”
“Ҳай, ундай деманг, жўрангиз тўғри маънода гапирди.– Ҳиқиллаб чиқди Бувихолнинг товуши.– Ахир, ўзингиз айтган гапни такрорлади-ку...”
“Мен тўғри маънода айтгандим! Бу ит қайси маънода гапирганини яхши биламан! Печенье еганларингни билмайди деб ўйловдингми?– Жасур баттар тутақди.– Энди икковинггаям бошқа нарсани егизаман...”
Яна қанча гумбир-гумбир, тасир-тусирлар бўлганини беҳол сезиб ётдим.
Бир маҳал жўрамнинг ўкраб айтган гаплари қулоғимга кирди:
“Опке, ҳам муҳаббат, ҳам нафрат учун ичама-а-ан!”
Кўп ўтмай у ҳам ёнимга гуп этиб қулади...
Ҳарқанча сархуш бўлсам-да, бошимнинг туб-тубида онгим аниқ-тиниқ ишларди. Жўрамни тинчитиш учун Бувихол унга ўша ароғидан ичкизганини англадим. Шунда бу “кашфиёти” қанчалик фойдали эканига тан бердим...
* * *
Эрталаб кўз очганда мўъжазгина хонада ётганимни англадим. Бошим тарс ёрилгудек лўқилларди. Оёқларимни кимдир маҳкам қучоқлаб ётарди. Қарасам, жўрам...
У ҳам тиржайганча кўз очди. Менга ғалати ишшайиб, бўйнимдан қучди-да жимгина юзимдан чўлпиллатиб ўпди.
Демак, кечаги гаплар мастлик – “ростлик”ка эмас, насликка йўйилибди!
– Тўй тўйдек бўлдими, жўра,– деди у гўё ҳаммаси рисоладек ўтгандек.– Ўзиям, ҳаммани ўчириб ташлабмиз, ўзимиз ҳам ўчиб қолибмиз, ҳи-ҳи-ҳи...
– Бошим оғрияпти,– дедим ноилож.– Бирорта дори топиладими?
– Ҳозир бошқа дори кор қилмайди. Бошоғриқнинг даъвоси – юз грамм!– Ётган жойида хириллади у.– Бувихо-о-ол! Топган-тутганингни олиб ке-е-ел! Музхонага қара, тўртта “Тошкент ароғи” яхтайгина бўлиб турибди!..
Мадорим қуриб, бошимни ёстиққа ташладим.
Жўрам пультни олди-да телевизорни қўйди. Қайсидир каналда ажойиб кўрсатув намойиш этилаётган экан. Бир шифокор ичкиликнинг зарари ҳақида ғоят асосли фикрлар билдирди. Сўнг, маҳалла фаолларидан бири – Абдуллоҳ ҳожига сўз берилди.
Не кўз билан кўрайликки, ойнаи жаҳонда дўкончи амакининг нурли чеҳраси боқиб турибди! Телевизор ичида туриб бизнинг ҳолимизни томоша қилаётганга ўхшарди. Кўзи кўзимга тушгандек бўлди... Сесканиб кетдим. Ўзимни қўярга жой тополмай қолдим. Шунда у киши гўё бизга қарата ўша ҳаётбахш сўзларини такрорларди:
“Ичкилик – умр заволи, ҳаёт кушандаси! Ичивотган одам оғзига ароқ олгани ҳамоно бир титраб кетади-ку, ўшанда иймон унинг вужудини тарк этаркан. Ўрнини эса шайтон эгалларкан... Ичганлардан фаришта қочиб, юзида нур бўлмаскан...”

Тўлқин ЭШБЕК

2012 йил, август

Tulqin Eshbekov
02.10.2012, 11:26
ўзлари учун овоз берибдилар.

Ўзимга асло овоз берганим йўқ, бунақасини ўйламаган ҳам эдим. Техник ҳолатни тушунмай, фамилиямни кўриб, очиб кўряпман, деб хаёл қилганман. Бунақа танловларни илгари кўрмагандим-да иним...

Tulqin Eshbekov
02.10.2012, 11:27
ФИКР САНДИҒИ

у жамоатчилик билан алоқалар жараёнида ёрқин намоён бўлаверади

Ҳар қандай фикр ҳуқуқий ва назарий асосига эга бўлса, у ижтимоий воқеликка айланиши ва жамиятда салмоқли ўрин тутиши мумкин. Айтайлик, турли ташкилотларнинг ўз жамоатчилиги билан алоқаларига эътибор беринг. Аввало, ташкилот ўз фаолиятига оид ахборотларни етарли даражада тарқатиб боряптими? Зеро, ҳозирги кунда республика миқёсида фаолият кўрсатаётган деарли ҳар бир давлат ё нодавлат ташкилоти ўзининг нашрига, интернет тизимида веб-сайтига, китоб нашриётига, ҳатто махсус телекўрсатув ва радиоэшиттиришларига эга! Демак, ҳар куни исталганча ахборот тарқатиш имконияти мавжуддир. Айни пайтда ана шу ОАВ орқали улар жамоатчиликнинг фикрларини ҳам ўрганиб боришлари мумкин. Энди асосий гап – ташкилот ва жамоатчилик ўртасидаги алоқаларни назарий жиҳатдан ҳам ўрганган ҳолда унинг чинакам амалиётига эришишдир. Буни биз дунёвий фанлардан бири бўлган – «Rublic Relations» (инглизча «Паблик рилейшнз»нинг қисқартма номи – PR, пиар) деб аталади. Ўзбекча маъносини «жамоатчилик билан алоқалар», «оммавий алоқалар» дейиш мумкин.
PR назариясига кўра, фикр бир тарафдангина айтилса, у моҳиятан – бирёқлама тарғибот бўлиб қолади. Ўша тарғибот жамият учун қанчалик муҳимлигини ва уни одамлар қандай қабул қилаётганини ўрганиб бориш мақсадга мувофиқдир. Жамоатчилик қизиқиш ва эътибор билан қабул қиладиган тарғиботнинг самараси шунга яраша бўлади. Бу бугуннинг гапи эмас. Кўҳна заминимизда азал-азалдан фикрлар хилма-хиллигига эътибор билан қаралган. Кўпдан кўп фикр чиқади, деган нақл бежиз айтилмаган. Маслаҳатли тўй тарқамас, етти ўлчаб бир кес, оталар сўзи – ақлнинг кўзи, сингари мақоллар замирида фикрлашмоқ, маслаҳатлашмоқ каби маънолар мужассам.
Она сайёрамиз ягона ахборот маконига айланиб қолган ҳозирги даврда ахборот олиш ва тарқатиш, шу билан бир қаторда икки тарафлама баҳс, фикр алмашишни замонавий PRсиз тасаввур этиш қийин.
PR таълимотига кўра, фикрлар хилма-хиллиги тафаккур майдонини баҳс-мунозаралар билан бойитади. Оқилона сўзлар одилона хулосаларга замин яратади. Бу муҳим масалага юртимиз мустақилликка эришганидан сўнг алоҳида эътибор билан қаралмоқда. Жамоатчилик билан алоқалар масаласи амалиётда ўзига хос воқеликка айланаётган. Бу борадаги илмий тадқиқотлар кўлами ҳам кенгайиб бораётир. Дунёвий фан ҳисобланмиш PR ўзига хос тафаккур майдони эканини ҳар жабҳада исботламоқда.
Тараққийпарвар мамлакатларда у қандай ўрин тутса, бизда ҳам шундай салоҳиятга эга бўлаётир. Нафақат мафкура, балки бизнес, маркетинг, иқтисодиёт, фалсафа ва ҳоказо соҳаларда ҳам у ўзига хос тарзда намоён бўлаётир. Буни турли олий ўқув юртларида ўтилаётган PR фани мисолида ҳам кўришимиз мумкин.
Хўш, бу фаннинг аҳамияти нималардан иборат? Илм бўстонида у қачон пайдо бўлган? Модомики, илғор давлатлар ривожланишида шунчалик муҳим ўрин тутган экан, нечун бизга энди етиб келмоқда? Илм-фан тараққиётида «чўққига чиқдик» деган собиқ шўро замонида нега биз PRнинг ҳатто номини ҳам эшитмагандик? Қолаверса, бу фан жамоатчиликнинг турли қатламларига нималар бериши мумкин?
Аввало кечаги «ўтмишда бу фандан бехабар қолганимиз» ҳақида.
Собиқ шўро тузуми, мафкураси «жамоатчилик билан алоқалар» деган гапни «ҳазм» қила олмасди. Негаки, жамоатчилик билан алоқада мантиқан ҳар қандай фикр икки томонлама айтилиши ва айни вақтда – тингланиши шарт! Коммунистик партия ҳукмронлиги даврида эса унинг «даҳо»лари айтгани айтган, дегани деган эди. Ким уни муҳокама қилишга, қарши фикр билдиришга уринса, «халқ душмани» деган тавқи лаънатга дучор бўлиши, мавҳ этилиши ҳеч гап эмасди... Ҳатто, халқ тақдирига дахлдор улкан сиёсий масала – сайлов «жилови» ҳам кимларнингдир қўлида бўларди. Халқ гўё қўғирчоқдек номига «сайларди». Бундай кўр-кўрона ноҳақлик ҳақида фикр юритиш, бу ҳақда матбуотга ёзиш асло мумкин эмаслигини одамлар «онгли равишда» тушунардилар. Умуман, «жамоа бўлиб яшаш»ни – турмуш тарзи дея талқин қилинган жамиятда жамоатчилик фикри билан ҳисоблашишга деярли ўрин йўқ эди.
Ўша даврда жамоатчилик билан алоқалар ўрнатилган тақдирда не ҳодиса юз берарди? Ҳукмрон мафкуранинг бирёқлама «таълими» чиппакка чиқарди. Тафаккурли кишилар ҳар бир фанга кўр-кўрона киритилган мантиқсиз гапларга нисбатан мухтасар фикрини билдирардилар. Айтайлик, мафкура соҳасида: «Худони йўқ, деб, унга шак келтирманглар!» дея эътироз билдирилар эди! Тарих соҳасида: «Туркистон ҳеч кимга ихтиёрий равишда қўшилмаган, у куч билан босиб олинган...» дейиларди. География соҳасида: «Американи Беруний кашф этган!» деб тан олинарди. Астрономия соҳасида Мирзо Улуғбекнинг кашфиётлари фан сифатида ўтиларди. XX-аср ўзбек адабиётининг бетакрор дурдонаси бўлган «Ўткан кунлар» романини ўқиш таъқиқланишига йўл қўйилмасди.

(Давоми навбатдаги саҳифада)

Tulqin Eshbekov
02.10.2012, 11:28
Сиёсат соҳасидаги баҳсталаб масалалар ҳақиқий ечимини топарди! Иқтисодиёт масаласида хусусий мулк қонуний муҳофаза қилиниб, ишлаб чиқаришнинг илғор усуллари жорий этиларди! Хуллас, умум иши – жамоатчилик фикрига таянган ҳолда ҳал этиларди!
Жамоатчилик билан алоқалар йўлга қўйилган тақдирда ўзлари бир четга «сурилиб» қолишидан хавотирга тушган компартия корчалонлари бу фанни ҳаттоки илм даргоҳларига йўлатмади. PRга оид китоблар «иттифоқ» ҳудудига кириб келишига йўл қўйилмади...
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети профессори Файзулла Мўминовнинг «Ижод дунёси» нашриёти томонидан 2004 йилда чоп этилган «Паблик рилейшнз: история и теория» китобида таъкидлаганидек: «собиқ СССР даврида генетика ва кибернетикага йиллар мобайнида ёлғон илм деб таъриф бериб келинди». Шунчалик илмий асоси мустаҳкам фанларгаки «ёлғон» дегувчилардан PRга нисбатан адолатли фикр кутишга йўл бўлсин эди...
Аслида собиқ комфирқа корчалонлари бу фаннинг моҳиятини яхши тушунганлар ва ўзларининг манфаатлари йўлида фойдаланганлар. «Қора пиар» кўпинча уларнинг қора ниятларига хизмат қилгани ҳам бугун сир эмас...
Собиқ «иттифоқ» барҳам топгач, бу дунёвий фан бамисоли тараққиёт мезони сифатида қанот қоқиб келди. Россияда ҳам, Ўзбекистонда ҳам бу фанга оид ўнлаб адабиётлар катта қизиқиш билан кутиб олинди. Муҳими бу фан амалиёти тезорада жиддий воқеликка айланди! Жамоатчилик билан алоқалар бугун деярли барча соҳаларда тараққиёт омили бўлаётгани сир эмас! Бугун юртимизда бирор соҳа йўқки, унга мутасадди раҳбарлар аввало жамоатчилик билан алоқалар ўрнатмаган бўлса!..
Энди бу фан тарихи ва таърифига қисқача тўхталамиз.
PR амалиётининг асосчиларидан бири журналист Айви Ледбеттер Ли эди. У 1898 йилда АҚШдаги Пристон университетини тугатгач, Нью-Йоркдаги «World» газетасида ишлай бошлади. Уни оддий репортёрликнинг тор кўчалари қониқтирмасди. Шул боис бу соҳанинг бошқа қирраларини қидириб кўрди. 1904 йили АҚШ президенти сайлови даврида демократлар партиясининг миллий қўмитасига матбуот-бюроси ходими бўлиб ўтган Айви Ли ҳамкасби Жорж Паркер билан бирга ўз мақсадларини амалга оширдилар. Улар «Паркер ва Ли» фирмасини ташкил этишди. 1906 йилда эса Айви Ли «Тамойиллар декларацияси» деб номланган асарини нашрдан чиқаришга муваффақ бўлди.
«Тамойиллар декларацияси» бутун миллат учун юқори давлат органлари ва ҳокимиятни ҳам ҳисобга олиб, америкача очиқ жамият шаклланиши йўлида асосий дастурий ҳужжатлардан бири бўлиб қолди. Айви Ли ҳаракати XX-асрнинг ўнинчи йилларидаги алдоқчи ва талончи мансабдорларнинг сирларини фош қилувчи ёзувчи ва журналистлар ҳаракатига ҳамоҳанг келди!

(Давоми навбатдаги саҳифада)

Tulqin Eshbekov
02.10.2012, 11:29
«Public Relations» (Ижтимоий алоқалар) сўзи биринчи марта АҚШнинг учинчи президенти Tомас Жефферсон томонидан 1807 йили ишлатилган. Шундан сўнг Айви Лининг «Тамойиллар декларацияси» эълон қилингунгача ўтган вақт (қарийб бир аср!) оралиғида ҳам PR элементлари бўлган. Лекин у бошқа турдош соҳалар замирида куртак отарди. Вақт ўтиши билан алоҳида соҳа сифатида махсус чизгилари кўзга ташланди.
1809 йили Британия қироллиги ижтимоий алоқалар ва жамоатчилик фикрининг ўсиб бораётган ролини ҳисобга олиб ўз ходимлари штатига матбуот котиби лавозимларини киритди. XIX-асрнинг ўттизинчи йилларида матбуот котиби лавозими АҚШда ҳам кенг тарқалди.
PR – фан сифатида майдонга чиқишида ҳамда илмий асосланишида АҚШлик олим Эдвард Бернайзнинг хизматлари алоҳида эътиборга молик. У 1919 йили Нью-Йоркда хусусий «пиар-бюро»сини очади. Унинг фаолияти мобайнида жамоатчилик билан алоқаларнинг самарасини кўради! Ниҳоят, «Жамоатчилик фикрининг биллурлашуви» («Кристаллизация общественного мнения») китобини 1923 йилда чоп эттиради. Бу китоб PR фанининг биринчи назарий пойдевори эди! Ўша йилиёқ Нью-Йорк университетида «Паблик рилейшнз» кафедраси ҳам ташкил этилди.
А.Чумиковнинг «Паблик Рилейшнз связи с общественностью» асарида баён этилишича, Эдвард Бернайз ўз фаолиятини шундай таърифлаган: «1919 йилда дастлабки офисимни очганимда «жамоавий ахборот», «пресс-агент», «паблик менежер» атамаларидан воз кечиб, «Паблик Рилейшнз маслаҳатчиси»ни тайинладим. У мижозларнинг фикрини тинглаб, жамоатчилик билан алоқаларни равнақ топтиришга хизмат қила бошлади».
Шу тариқа бу фан назариётчилари тарихий вазифаларини бажаришга киришдилар. АҚШ, Англия сингари дунёнинг илғор мамлакатларида ўтган асрнинг биринчи чорагидан буён PR фани ўқув юртларида ўрганилмоқда. Назариётчилар томонидан PRнинг турли қирралари кашф этилмоқда. Айрим олимлар: «Паблик рилейшнз – ташкилот ва жамоатчилик ўртасидаги ўзаро ҳурматга асосланган муносабат» деб таърифлашса, бошқа назариётчиларнинг фикрича у: «шахслар, ташкилот ва бир гуруҳ кишиларнинг ўзаро ҳурматга асосланган муносабатларини ўрнатиш, ахборот алмашинуви ва жамоатчилик муносабатини баҳолашга таянади». Ана шундай фикрлар хилма-хиллигининг ўзиёқ бу янги фаннинг қамрови нақадар кенглигидан далолат беради.
Машҳур инглиз олими Сэм Блэк таърифлашича: «Паблик Рилейшнз – аниқ, ҳаққоний ахборотларга асосланган, ўзаро бир-бирини тушуниш тўғрисидаги фан ва санъатдир».
PRнинг халқаро миқёсдаги ўрни алоҳида. Бинобарин, халқаро пиар ташкилотлари фаолияти жаҳон афкор оммасининг эътиборини ўзига жалб этмоқда. Халқаро паблик рилейшнз ассоциацияси (ХПРА), Халқаро бизнес коммуникациялар ассоциацияси (ХБМА), Паблик рилейшнз Европа конфедерацияси (ПРЕК), Халқаро паблик рилейшнз ташкилоти (ХПРТ) шулар жумласидандир. 1974 йили ЕПРА – Европа паблик рилейшнз ассоциацияси БМТ таркибидаги иқтисодий ва ижтимоий кенгаш маслаҳатчи органи сифатида қайд қилинган.
Хўш, PRнинг мақсад ва вазифалари нималардан иборат?
Юқорида номи қайд этилган китобида Файзулла Мўминов бу саволга аниқ ва лўнда жавоблар ёзган. Яъни, PRнинг биринчи галдаги мақсади – жамоатчилик билан алоқаларни йўлга қўйиш бўлса, бош вазифаси – ахборот ёрдамида омма фикрини бошқаришдир. У давлат ва жамият ташкилотлари, ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар ўртасида алоқа ўрнатади. Бу алоқа – фикр алмашиш, ахборот олиш ва тарқатиш, муносабатларни мустаҳкамлаш билан изоҳланади.
Ҳар бир ташкилот ва муассасанинг фаолияти халқнинг иқтисодий, сиёсий ҳамда маданий ҳаётини яхшилашга қаратилган бўлиши шубҳасиз. Бу ўринда ҳам пиар ўзига хос тафаккур майдонини вужудга келтирган ҳолда самарали натижаларга эришишга хизмат қилаверади. Сем Блэк таъбири билан айтганда, PR – кундалик ҳаётимиз ишчанлиги, бошқарувчанлиги ва бошқа томонларининг зарур қисми бўлиб қолди.
Пиар хизмати демократия шароитидагина ривожланиши мумкин. Шул боис истиқлол шарофати билан юртимизда PR равнақ топишига шароит етарли! Мустақил юртимизда глобал масалалар одилона ҳал этилишида аввало кенг жамоатчилик фикрига таянилмоқда. Буни улуғвор ислоҳотлар жараёнида ҳам, ижтимоий-сиёсий жабҳаларда ҳам яққол кузатиш мумкин.
Ўзбекистонда пиарнинг структурали ривожланиши кўпчиликка яхши маълум. Бизда матбуот котиби вазифаси ва матбуот хизматлари аллақачон жорий этилган. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 22 сентябрда қабул қилинган "Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори юртимизда пиарни янада такомиллаштиришга хизмат қилади. Таъбир тоиз бўлса, бу қарор PR хизматини амалга оширишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. Айни вақтда қатор вазирликларда, қўмита, бошқарма ва бошқа жойларда жамоатчилик билан ишлаш марказлари, матбуот хизматлари ташкил этилган.
Фикрлар ошкора айтиладиган майдонни биз – тафаккур майдони, дедик. PR амалиётининг ёрқин ифодаси сифатида матбуот конференцияси моҳиятан ана шундай майдон вазифасини ўтайди. Унда мутасадди раҳбар билан ОАВ ходимлари юзма-юз ўтирадилар. Миллий матбуот марказида вақти-вақти билан ўтказиладиган матбуот анжуманлари айнан тафаккур майдонига айланиши эътироф этилаётир. Бу анжуманда саволларга қонуний, алалхусус, ҳаққоний жавоблар берилади. Бу ҳақда ҳозиржавоблик билан ОАВда ёритилади. Шу тариқа жамоатчилик билан алоқалар мустаҳкамланиб бораверади. Халқ фикри, таклифлари ўрганилади. Демакки, фикр – икки томонлама айтилади ва тингланади, пировардида эса одилона хулосалар чиқаришга имкон яралаверади.
Демак, PR фани мустақил мамлакатимизда миллий менталитетимизга мос равишда равнақ топиши, ўз навбатида тафаккур майдонининг назарий пойдевори бўлиб қолиши шубҳасиздир.

2008 йил ноябрь

Tulqin Eshbekov
02.10.2012, 11:34
Домла, балки чиндан ҳам адабиётшуносликка оид мақолаларингиз бордир-ку, биз эшитмагандирмиз, балки алоҳида мавзу очиб, улар билан бизни баҳраманд этарсиз? Шунда Сизнинг тажриба ва маҳоратингизга биз ҳам баҳо берармидик

Адабиётшуносликка оид илмий тадқиқот билан деярли шуғулланмаган бўлсам-да ҳаммамиз учун бирдек қизиқарли шу соҳага оид мавзулардаги мақолаларим анча-мунча ёритилган. Келгусида албатта фикрлашамиз.
Азиз форумдошларимнинг самимий фикрлари камина учун ҳамиша азиздир!

Tulqin Eshbekov
04.10.2012, 06:47
АВТОБУСДАГИ ҲАНГОМА

– Ўғлим, сизни журналист дейишди, туврими?
– Тўғри,– дедим бош ирғаб чўққи соқолини тутамлаб гапираётган отахон томон юзланиб.
– Мен қишлоқдан шаҳар кўргани келган Салоҳиддин бувангиз бўламан. Невараларим шу ерда ўқийди. Ҳар замонда бир келиб, юрагим ҳапқириб кетади.
– Хурсандчиликдан бўлса керак албатта...
– Бўлмасам-чи,– деди отахон табассум билан автобус ойнаси ортидан лип-лип ўтаётган янги замонавий иншоотлар, бетимсол бинолар томон ишора қилиб.– Одамни ҳайратга соладиган ишлардан қувонмай бўладими! Баъзи ичи кирроқ кимсаларгина оқни қора дейиши мумкин. Бироқ, оқни оқ ҳам дейиш инсофли, диёнатли кишининг гап бўлади-да! Анув бекатда биттаси сизни кўрсатиб гапирди. Ўзи пандавақироқ экан. Сизни, фақат мақтаб ёзади, деб пичинг ҳам қилганида, жим туролмадим. Ҳарқанча мақтаса арзигулик ишларимизни тушунтириб қўйдим. Эллик беш йил бурун шу шаҳарда ўқиганмиз. Тошкентнинг ўша пайтдаги аҳволи билан бугунги қиёфасини солиштириб бўлмаслигини кўз олдиларига келтириб қўйдим. Бир бошдан ёзаверсангиз мингта китобга сиғмайди-да, туврими! Равон ва чароғон кўчалар, замонавий кўприкларимиз ҳақида жўшиб-жўшиб ёзмасангиз увол-да! Кўчаларимизни тўлдирган машиналаримизга бир назар солинг, деарли ҳаммаси Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган! Улар ҳақида ҳарқанча ғурурланиб ёзсангиз арзийди!
– Раҳмат, отахон,– дедим дилим равшан тортиб.– Бу бебаҳо ҳаёт қадрига Сиздек кўпни кўрган отахонлар кўпроқ етасизлар!
– Энди ўғлим, битта-яримта танқидий мақолага ҳам мавзу топиларкан,– деб қолди отахон дафъатан.– Тирноқ орасидан атай кир қидиряпти, деманг. Тўрт кундан бери шаҳар кезиб, баъзи машмашаларни кузатдим. Шифокорлар шаҳарчасида яшайдиган келиним бемалол юринг, деб ойлик йўл чиптасини бериб қўйган! Кеча шу томондан битта автобусга чиққанимни биламан, бир дўмбоққина хотин аввал бўш жой кўрсатди. Маданиятига гап йўқ экан, деб ўтиргандим, йўл ҳақини тўланг, дегандек бошимда қаққайиб турди. Ўзимни шаҳарликдек кўрсатиб шу ойлик йўл чиптасини чиқардим. Аёли тушмагур “яхши” дегандек им қоқиб кетади, деб турсам, автобусни бошига кўтариб нима дейди денг:
“Ҳай-ҳай, ҳамманинг қўлида чипта!! Планни қандоқ бажарамиз? Мана, кап-катта отахон ҳам чипта кўрсатиб ўтирибди, табаррук бўлади, деб жиндай пул берса қанийди...”
Соқолингга оқ тушганида яхши гапнинг гадоси бўлиб қоларкансан. Назоратчи аёл бу гапни шундай ширингина қилиб айтдики, эриб кетганимни билмай қолдим. (Буёғини ёзиб юрманг, кампирим рашкчироқ…) Хуллас, бир-иккита юзталик сўлкавойлардан узатиб юборганимни сезмай қолдим.
“Сиззики табаррукде, отахон” деганига ўзимча ийиб кетаётгандим, кейин билсам, катта хатога йўл қўйибман. Опахони тушмагур талабаларни талаб кетса, денг:
“Ҳа-а, ярим нархига олинган ойлик чипта билан жимгина кетавермасдан анави отахондан ўргансаларинг бўлмайдими...”
Китоб қўлтиқлаган йигит-қизлар менга мўлтираб қараб қўйганларида ер ёрилмади, ерга кириб кетмадим…

(Давоми навбатдаги саҳифада)

Tulqin Eshbekov
04.10.2012, 06:48
Назоратчи аёлнинг хурмача қилиқларидан бир ғашим келган бўлса, айрим йўловчиларнинг ўзларини тутишларидан баттар аҳволга тушдим. Улар қўл телефонида шунчалик вағир-вуғир қилиб кетишяптики... Автобусни нақ бозорга айлантиришворибди-ку. Биттасининг гапидан уялиб кетдим. Нима дейди, денг. “Манга қара, ҳув ж..!” Вой товба, одам деган автобусда шунақа муомала қиладими?! Шу тобда, “ҳе шунақа телефонни ўйлаб топганнинг ҳам...” деворгим келди. Яна бири худди томошахонада ўтиргандек шунчалик ва-ха-халайдики, автобуснинг шифти кўчиб кетай дейди. Қайси масхарабоз унга шунчалик кулгили гап топиб айтаётган экан?
Бир-иккита ёш-ялангларнинг эси оғиб қоптими, деб ўйладим. Мусиқасиз ўйнаб кетяпти. Нега бундай қиляпти, десам, қулоғига тиқиб олган матоҳидан эшитилаётган куйга диконглашаётган экан…
Маданияти ҳаминқадар баъзи йўловчиларга нима ҳам дердик... Балки, баъзи автобусларда “Чекиш мумкин эмас” деганга ўхшатиб: “Автобусда қўл телефонида гаплашиш қатъий таъқиқланади” деб ёзиб қўйиш керакмикин? Ҳар қалай бирор чорасини кўриш керак-ку!
Ҳали буниси ҳолва. Қўли рулда, кўзи йўлда бўлиши керак бўлган баъзи ҳайдовчиларни нима жин урди, дея ёқамни ушладим? Бултурми, бурноғи йилими, ҳайдовчиларнинг қўл телефонида гаплашиши таъқиқлангани ҳақида қонун чиққанини эшитиб кулгим қистаганди. Шунга ҳам қонун шартмикин, деб ўйловдим-да. Жуда шарт экан-да. Қайси автобусга чиқмай, ҳайдовчининг биттадан қўли телефон билан банд... Ахир, шунча йўловчи олиб кетаётган автобусни бир қўллаб бошқариш қайси ақлга тўғри келади?!
Йўлларимиз ҳарқанча кенг бўлмасин, машиналар ҳам тўлиб-тошиб кетган бўлса... Кечирасиз, олатаёқ кўтариб турган посбонларимиз қаёққа қарашяпти, деб қўйдим ичимда…
Баъзи автобуслар ҳайдовчиларининг битта қилиғи ҳаммасидан ҳам ошиб тушаркан. Рўпарасидан келаётган автобусни кўрди дегунча таққа тўхтайди-да йўл ўртасида ҳайдовчилар бақамти бўлиб олиб ҳангомани бошлайди. Баъзилари баҳслашиб, ҳатто уришиб кетадими-ей… Ҳой, барака топгур, қанча гап бўлса, гараждами, автосаройдами, уйингдами гаплаш, дейдиган одам йўқ. Баъзи тоқати тоқ бўлган йўловчилар чурқ этиб кўришсин-чи. Нақ балога қоларкан. Битта йўловчи аёл: “юра қолинг энди” деганини билади, бошида пайдо бўлган давангирдай назоратчи йигит кўзини лўқ қилганча нима дейди денг:
“Шошивотган бўлсайиз, ана кўча тўла такси! Проездноени пеш қилиб гапиришини қаранг-а!..”
Боёқиш индамай автобусдан тушиб кетгани чатоқ бўлди... Маданиятсиз назоратчи унинг ортидан бўлмағур сўзлар айтганида чидаб тура олмадим:

(Давоми навбатдаги саҳифада)

Tulqin Eshbekov
04.10.2012, 06:49
“Аёлни ҳақорат қилманг, гуноҳ бўлади, ўғлим”.
Гапим бўғзимда қолди. Ҳалиги давангир хезланиб: “Ўзийиззи ўғлийизга ақл ўргатинг” деса бўладими?.. Товба, бунақаларни ким шундоқ автобусга назоратчи қилиб ишга олдийкин?
Айтсам тилим, айтмасам дилим куядиган яна бир гап. Худди болакайлар қувлашмачоқ ўйнагандек, чорраҳаларда, бекатларда автобуслар бир-бирини пойлашаркан. То ўша йўналишдаги бошқа автобуснинг қораси кўрингунча туравераркан. Уларнинг пойлашларидан йўловчиларнинг қанчалик тоқатлари тоқ бўлишини кўрсангиз. Кейин пойга ўйнагандек ҳайдашини кўрсангиз… Ҳай-ҳай, ўтин олиб кетмаяпсиз, оғайни, дейдиган мард йўқ...
Нима бало, уларнинг “графиги”ми йўқми? “График” ҳам ўз йўлигадир, ахир, кўча тўла йўловчи бўлса, қанчаси бекатларда сарғайиб туришибди-ку… Бу ҳайдовчиларга нима етишмайди?
“Профессорлар даҳаси” деган бекатда атай кузатиб ўтирдим. Ярим соатча бирорта автобус келмади. Сўнг, худди келишиб олгандек 10, 28, 34, 82-автобуслар қаторлашиб ўтишди. Эътибор қилинг, азим шаҳарнинг чор тарафига қатнайдиган тўртта автобус! Агар ҳар олти-етти дақиқада биттадан келса борми, бирор йўловчи ортиқча бетоқат бўлмасди! Бир гал шундоқ бўлиб қолгандир, деган ўйда атай ярим кун кузатдим. Йўқ, гоҳ у томонга, гоҳ бу томонга қаторлашиб ўтаверди.
Яна бир гап. (Бунисини ўқийдиган неварам айтди). Дарс тугар маҳалда бекатларга гуррос-гуррос чиқадиган талабаларни кўрган айрим ҳайдовчилар атай тўхтамай кетаркан. Уларнинг кўпида ойлик йўл чиптаси борилиги учун шунақа ичиқоралик қилишаркан. Автобусдан тушадиган йўловчилар бўлса, юз-икки юз одим нарида қолдираркан. Ҳай, барака топгур, ўзингнинг ўғил-қизинг талаба бўлса нима қилардинг, дейдиган одам йўқ буларга.
Азим шаҳримизда жамоат транспортини назорат қилиб борадиган масъул кишилар ҳам бўлса керак-а? Улар вақти-вақти билан рейдга чиқиб туришса ва “йўловчиларга хизмат кўрсатиш маданияти” қай даражада эканини ўзлари би-ир кўришса хўб ажойиб иш бўларди-да! Айтмоқчи, сиз ҳам журналистсиз-ку! Шаҳарни бир айланиб келинг, кейин, виждонингиз буюрганини ёзарсиз…
* * *
Салоҳиддин буваси тушмагур салгина ошириб юборди, шекилли, у киши гоҳида бир келадиган шаҳарда неча ўн йилдан бери истиқомат қиламан. Ўша автобусларда каминадан кўп юрадиган одам бўлмаса керак. Бироқ... шунақа “манзара”га деярли дуч келмабман...
Каллаи саҳарлаб йўлга отланиб, тун алламаҳалга етгунча йўловчиларга рисоладагидек хизмат кўрсатаётган автобус ҳайдовчилари-ю хушмуомала назоратчиларнинг фаолиятларидан мамнунлигимни яширмайман. Таъбир жоиз бўлса, улардан миннатдор йўловчилар кам эмас!
Салоҳиддин буванинг сўзларини ҳам инкор этиб бўлмайди, албатта. Беш қўл баравар эмас, деганларидек, айрим автобус ҳайдовчилари, назоратчилар орасида ўз ишига совуққонлик билан қараётган, ножўя хатти-ҳаракатлари билан йўловчиларнинг ғашига тегадиганлари ҳам йўқ эмас...
Сиз бунга нима дейсиз, азиз ҳамшаҳар?

Тўлқин ЭШБЕК

2009 йил 20 июль.

Tulqin Eshbekov
04.10.2012, 06:54
"қитмирлик қиладиган" гапларни ёзмасалар бўлди.

Юқоридаги "Автобусдаги ҳангомалар" сарлавҳали мақоламни "Муштум"га бергандим, негадир чиқаришмади. Сабабини суриштирсам, "ҳозир унақа қитмирлик қилишнинг пайти эмас" қабилидаги жавобни эшитдим...
Ҳафсалам пир бўлиб, бошқа нашрга бермадим.
Фикри теран форумдошларимнинг муҳокамасидан кейин "Тошкент оқшоми"га бериш истаги пайдо бўлди.
Қимматли фикрларингизни кутаман...

Tulqin Eshbekov
04.10.2012, 07:08
Гулдирос ва давомли қарсаклар.
Энди тамом! :-)))
"Алвидо!", Sparc ;-)

Бу мақолалар аллақачон матбуотда ёритилиб, вақтида ўз баҳосини олган. Бу ерда айтилаётган фикрларни фақат самимий қабул қиламан. Мақбул кўринганларини кўчириб оламан ва тўпламга киритишдан аввал қайта ишлаб қиёмига етказишда фойдаланаман.:buba:
Демак, бунинг учун зукко форумдошлардан фақат мамнун бўламан.
Бўтта ҳеч ким билан асло баҳслашиш ниятим йўқ.
Олдиндан барча фирк билдирувчи дўстларимизга (қимматли вақтларини аямасдан ўқиб чиқаётганларига ва таҳлил этаётганларга) самимий миннатдорчилик изҳор этаман.

Tulqin Eshbekov
05.10.2012, 05:16
ЖУРНАЛИСТ БЎЛИШ ОСОНМИ?
ёхуд долзарблигини йўқотган бир мақола хусусида

Энг мураккаб ва машаққатли соҳалардан бири – журналистика. Бир устоз таъбири билан айтганда, ақл қаймоғи, юрак қийноғи, қалб қўри, кўз нури, сўз дури – журналистика!
Бу касб масъулияти ва машаққатини унинг заҳматини чекканлар кўпроқ билади. Бир пайтлар, аниқроғи 1999 йилда “Журналист бўлиш осонми?” сарлавҳаси остида бир мақола ёзиб, “Ҳуррият” газетасига олиб бордим. Бош муҳаррир ўқиб чиқди-ю тепасига “Номерга!” деб ёзиб қўйди.
Эртаси куниёқ газетада қарийб бир саҳифа бўлиб чиққан мақолам анча-мунча шов-шувларга сабаб бўлди. Кимдир “бунча ҳаддингдан ошма” дея дашном берган ҳам бўлди.
2000 йилда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида чоп этилган “Адашган қиз қисмати” деб номланган ҳангомалар, ҳажвиялар, ҳикоялар тўпламига шу мақола ҳам киритилди. Тўпламга сўзбоши ёзган Ўзбекистон халқ ёзувчи Пиримқул Қодировнинг ушбу сўзларидан таскин топган эдим: “Журналист бўлиш осонми?” сарлавҳали публицистик асарида ижодкор бўлишнинг масъулияти ҳамда ўтиш даври қийинчиликларига бўй бермай, ҳақиқат ва адолат учун фидойиларча курашиш зарурлиги тўғрисида сўз юритади”.
“Адашган қиз қисмати” китоби дунё юзини кўрганига ўн йилдан ошди! Китобни варақлар эканман, ундаги айрим мавзуларда баён этилган муаммолар ўз ечимини топганини англадим...
* * *
Касбидан нолиганнинг қорни тўймас экан...
Қайси замонда журналистнинг маоши «қулоғига ўлчаб» берилган?
Бардошли ҳамкасбларим ҳамиша борига қаноат қилишади. Таҳририятнинг тошу тарозисига дош беролмай ўзини бозорга урган Тошмат тажангни ҳисобга олмаганда бошқа ҳеч ким нола-фиғон қилгани йўқ. Тажанг – ўз номи билан тажанг-да! Ҳадеб маошимни сўраши жонга теккан. Катта газеталардан бирига бўлим мудири бўлганимни эшитган, шекилли, атай сим қоқди:
– Табриклайман!– Пичинг қилди у яна одатига кўра.– Хўш, маоши қанча экан?
Атай сўз “ўйини” қилдим:
– Ў...олти минг.
– Ўн олти минг?! Йўғ-е!– Кутганимдек хато эшитганини сездириб қўйди ўртоғим. У барибир “эгар”дан тушмай, қитмирлигини давом эттирди.– Шуям маош бўптими? Илгариги нарх-наво бўлганидаям бошқа гап эди. Ҳозир бозорга кирсанг борми...
Бу гапига тоқат қилолмадим:
– Нима, ҳар гал бозорга кирганида ўн минг сўмлаб сочаверадиган ахмоқ бораканми? Эплашниям билиш керак-да, ошна! Мана, биз оилада олти жонмиз. Ишлаб топганимга яраша қора қозонимиз қайнаб турибди.
Тажанг яна қитмирлик қилди:
– Буям гурунгда: қозонинг қанақа қип қайнаётганини би-ир ҳисоб-китоб қиламизми?
Ҳаёт ҳақиқати ҳақида исталганча баҳслашишга тайёрман. Қитмирни “мот” қилсам қилай деган ўйда буюрдим:
– Жа-а билишни истасанг қўлингга қоғоз-қалам ол!
– Рўйхат қиламизми? Бўпти!– Амримга мунтазирдек ёзишга киришди шекилли.– Хў-ўш, биринчи галда нафас олишингдан бошласак.
– Нима?!
– Сен ҳузур қилиб симирадиган “ҳаво” – шубҳасиз ўзимизнинг “Хон” тутуни-ку!– Писанда қилди тажанг.– Ҳар куни бир пачкадан чексанг, ойига – нақд уч минг сўмдан зиёдроқ кетаркан!..
Капалагим учиб кетди. Наҳот, ҳисоб-китоб қилмасдан чекавераман? Отангга балли, тажанг! Шу тобда кўзимни мошдек очдинг! Чекиш фақат соғлиққа эмас, чўнтакка ҳам катта зарар экан-ку. Маошимнинг нақ ярми-я. Жингала сочли ҳамкасбимнинг ҳар куни бировлардан сўраб, аниқроғи – тиланчилик қилиб чекиши сабаби буёқда эканда. Об-бо муғомбир-ей!
Шу тобда хумори тутиб эмас, балки, аламимдан сўнгги папиросни лабимга қистирдим. Аччиқ тутунни беаёв сўрарканман, дилимдаги тилимдан чиқиб кетди:
– Мана шу охирги чекканим бўлсин!
Шафқат билмас тажанг бамайлихотир саволга тутарди:
– Томоқни ҳўллаб туриш одатинг ҳам қолмагандир? Қайси пулингга ичяпсан? Ё, жингалак сочга ўхшаб “текини танни тоза қилади” деган гапга амал қиляпсанми?
– Чекишни ташлаган одам ичишниям бас қилади-да. Ичганларнинг шохи чиқармиди? Қара-я, топган-тутганимизни ўйламай-нетмай ичиш-чекишга сарфлаворарканмиз-а?! Лаббай? Неча сўм сарфлардинг, дейсанми? Намунча инжиқлик қилмасанг? Онда-сонда ичгандаям қалам ҳақи – қўшимча даромад ҳисобидан ичгандирман-да. Бўлди, бунисиниям ҳисобга қўшмай турасан, уқдингми?
Гўшакдан тажангнинг минғирлаган товуши эшитиларди:
– Хўп, сен айтганча бўлсин. Тўй-пўйларда ичганинг ҳам ҳисобмас.
– Тўйларда ичганларимни тўйимда қайтараман, насиб этса!
– Қачон тўй қилмоқчисан? Қатордан “хато” бўлиб қолмайлик...
– Тўй қилсам, сен айтилмасдан қолмайсан!
– Кўрамиз ўшанда!–Унинг овози ўзгарди. – Гапни бошқа ёққа бурмай тур. Ҳисоб-китобдан адашиб кетаёздим. Хў-ўш, сен учун сув билан ҳаводек зарур газета-журнал, янги китобларга сарфланадиган пуллар...
– Ўзим таҳририятда ишлаб, газета сотиб оламанми?– Гапини бўлдим суҳбатдошимнинг.– Бунисиниям ҳисобга қўшма.
– Аҳа, бошқа таҳририятдагилар билан ол товоғим-бер товоғим, қилишларинг ёдимдан кўтарилибди. Ҳақиқий иқтисодчи бўп қолибсан. Бирам тежамкорсанки...
– Сенга ўхшаб ўйламай-нетмай сочаверайликми?
– Бор бўлса сочасан-да!– Ўзича “мот” қилмоқчи бўлди тажанг.– Хўш, нималарга пул сарфлаяпсан ўзи?

(Давоми навбатдаги саҳифада)

Tulqin Eshbekov
05.10.2012, 05:18
– Биринчи навбатда – нонга! Энг азиз неъмат – нондан бошла, барака топгур.
– Кунига қанча нон сотиб оласан?
– Тўртта буханка, тўртта бозор нон бемалол етади.
– Икки юз сўмдан ошаркан.– Электрон ҳисоблагичдек рақамини зумда айтди ошнам.– Ойига олти минг сўмдан кам бўлмаскан. Ана, ёздик. Аммо-лекин, нонни сал кўпроқ истеъмол қиларкансилар-а?..
Бор гапни босиқлик билан тушунтирдим:
– Рўзғорчилик, ошнам! Бошқа егулик топилмай қолганидаям нон ҳаммасининг ўрнини босиши мумкин. Мабодо ортиб қолганиям увол кетмайди. Чунонам зўр талқон бўладики, кўрсанг сўлагинг оқади. Болаларга талқон ейишниям ўргатиш керак, оғайни! Иннайкейин, келди-кетдилар ҳам кам эмас. Йўқлаб турадиган талаба укалар, сингиллар, жиянлар кўп. Силласи қуриброқ келганлари ҳам тетиккина бўлиб кетишади. Эсингдами, ўзимиз ҳам талаба бўлган пайтимиз оч қолсак, Оқилжон Ҳусановни соғиниб қолардик. Устоздан ҳол-аҳвол сўраб келиш асносида қорин ҳам тўярди!..
Хандон отиб кулишдик. Бу ёғига ошнам илиб кетди:
– Оқилжон аканинг оиласи – опамиз паловхонтўрани жа-а боплардилар! Таъми ҳалигача танглайимда!.. Хўш, сен ҳам энди шунақа ошларни шогирдларингга ошатиб турибсанми?
– Етса – молим, етмаса – жоним, дейман-у ҳозирча унчалик етмай турибди.
– Аввало болачақангни яхшилаб парвариш қилгин, уқдингми? Сут, қаймоқ деб хархаша қилишса, сира йўқ дема. Қаймоқчи хола сизларни кўчадаям каллаи саҳарлаб “кеп қолинг” деб турса керак! Қаймоғи жа-а лаззатлида!
– Фақат... сал қимматроқ.– Яширмасдан очиғини айтдим.– Сут ёки қатиғидан бир литрдан олиб турамиз.
– Ўртача етмиш сўмдан ҳисобласак, ҳар ойда икки минг сўмдан салгина ошаркан.– Пичинг аралаш минғирлади тажанг.– Хўш, ҳафтасига қанча гўшт кетади?
– Бир килони амаллаш мумкин. Ҳа деб қозон кабоб ё қовурма ейиш шарт эмаску...
– Буям икки минг сўмдан ошаркан.
– Бўлдими?
– Хў-ўш, рўзғорга ҳар куни гугурт, туз, чой, ёғ, сарёғ, пиёз, картошка, шолғом, сабзи, турп, турли кўкатлар, ун, гуруч, макарон, шакар, қанд, мева-чева керак. Хўш, буларга қанча пул сарфлайсан? Иннайкейин, тиш чўтка ва пастаси, шампун, совун, кир совун...
– Бўлди-е. Индамасам, рўзғоримни тафтиш қилаётганга ўхшайсан-а.
– Хуллас, ўша харажатлар учун ҳар ойда камида йигирма беш минг сўм керак!
– Жаа оширивормадингми?– Нафасимни ростлаб, ўзимни қўлга олдим.– Менга қара, бозорда қайси ахмоқ ноинсоф сотувчи билан муомала қилади? Дуч келганга дардингни достон қилмайсан-у, шундайми? Инсофлилар жуда кўп! Ҳақиқий деҳқондан харид қилсанг борми, пулим ёнимга қолди, деявер.
– Кунига соқол-мўйловни қиртишлаш, юзингга хушбўй нарсалар сепишга ҳам пул керак. Тойчоқларинг билан сартарошхонага бориб туриш ҳам текинга бўлмас?..
– Мунча майдалашмасанг?!
– Дарвоқе, йирикроқларини унутаёзибмиз.– Чамаси, пешонасига шапатилаб қўйди ошнам.– Уй, сув, газ, ток, телефонга тўловлар қанчага тушяпти?
– Хотиним ўқитувчи, давлат бизга қанча имтиёзлар берганини биласанми? Шу имтиёзлардан мазза қип фойдаланяпмиз, қойилмисан!
– Ёзлик, қишлик кийим-кечакларниям вақтида олиб туриш зарур. Қурмағур пойафзалларнинг афзалроғи, чидамлироғини топиш амримаҳол. Пулига чидасанг – зўр моллар бозорларимизда ошиб-тошиб ётибди!
– Пулига қараб – оёқ узатиладида,– дедим шунга ўхшаш мақолни “ўзлаштириб”.
– Жиянларим томошага бораман, дея хархаша қилишмайдими?
– Болаларни берган худо ризқиниям кам қилмаскан. Кичкинтойлар нимаики хоҳлашса, ҳаммасини муҳайё этишга имкон топилади.
– Мактабда сўрашяпти, деб тўрт фарзандинг ҳар куни неча сўмдан санаб олишади? Ўша ҳисобга китоб-дафтари, ручка-қалами ҳам кирадими, йўқми?
– Олтинчи ва бешинчи синфда ўқийдиган ўғилларимнинг бўйлари деярли тенг. Икковига битта спорт формаси олсам ҳам бўлаверади. Энг кичигимиз бу йил мактабга борибоқ Юртбошимизнинг совғасини олган, билдингми! Дунё тургунча турсинлар, илоҳим. Китоб-дафтарга тўла сумкасидан тортиб кийим-кечагигача совға тариқасида берилган. Каттароғи икки йил олдин шунақа совғалар олган. Дарвоқе, бундай совғалардан ўзингнинг ўғил-қизларинг ҳам бенасиб қолмаганди, шекилли. Сен ношукур шуларни ҳам биласанми?
– Юртбошимизнинг бундай ғамхўрликларини кўролмаган кўр бўлади!– Хижолатомуз оҳангда минғирлади тажанг. Ҳаёт ҳақиқати олдида ортиқча баҳслашаётганини билиб-билмасликка олаётгани аён сезилиб турарди.– Энди фарзандларимиз шунга яраша соғлом авлод бўлиб улғайсалар, муносиб инсонлар бўлиб камолга етсалар бўлгани!..
– Ана, энди ўзингга келдинг.
– Рўйхатни давом эттираверайми?
– Бемалол.
– Шаҳарда юриш-туришнинг ўзи бўлмайди. Ҳар куни тушлик ошхонада бўлса керак.
– Таҳририят ошхонасида овқатлар анча арзон. Икки юз сўмга бемалол қорин тўяди!..– Луқма ташладим унинг гапини бўлиб.

(Давоми навбатдаги саҳифада)

Tulqin Eshbekov
05.10.2012, 05:20
– Дам олиш кунларини ҳисобга олмасак, ойига беш минг сўм нари-бери кетаркан, тўғрими?– Ҳисоблагич машинадек ҳисоб-китоб қиларди тажанг.– Метрода виждонсизлик қилиб бўлмайди. Автобус, трамвай, троллейбусларда ҳам найранг қилмасанг, ҳар куни йўл ҳақи қанчага тушади? Бир ойда-чи?
– Ойлик йўл чиптаси олсанг, мушкулинг енгиллашади, барака топгур! Таҳририятимиз иқтисодий базасини мустаҳкамлаб олса, ходимларга ойлик йўл чипталари бериларкан,– дедим ўзим ҳам ўша чиптадан умидвор бўлиб.
– Овқат пули-чи?
– Насиб этса, уям берилиб қолар?
– Иссиқ жоннинг иситмаси бўларкан. Дори-дармонларнинг нархи сал қимматроқ-да.
– Нафасингни иссиқроқ қилсанг-чи.
– Буни ҳаёт дейдилар, ошна. Эҳтиёти шарт тўрт-беш минг сўм заҳира қилиб қўйсанг ёмон бўлмасди.
– Маслаҳатинг учун раҳмат. Одам деган соғлом фикрли бўлиши керак, уқдингми. Даромаду буромадни ўйлайверсанг, тез қарийсан. Шул сабаб, қўлингдаги қоғозниям йиртиб ташла. Ҳе, тафтишчига ўхшамай кет!..
– Жўравозлик қилиб айтган гапимга хафа бўлдингми?
– Мақсадингни тушунолмаяпман.
Жўрам энди дардини достон қилди:
– Очиғи, таҳририятга ишга қайтмоқчиман. Қабул қиласиларми?
– Таҳририятда нима бор? Бозор-ўчарингни қили-иб юравермайсанми?
Гўшакдан негадир “уфф” деган товуш эшитилди. Сўнг тажанг ялингудек бўлиб шундай деди:
– Кетказаман, десанг – ойига юз минг сўм урвоқ ҳам бўлмайди, етказаман десанг – ўн олти минг сўмниям эпласа бўларкан. Маошларинг ошгани рост бўлсин. Баракасини берсин! Аммо, гап пулдами? Жўражон, бугун кўзим мошдек очилди. Энди мен ҳам тежамкор бўламан. Сенинг оилангда олти жон бўлсаларинг, меникида беш жонмиз. Сенга етган ўн олти минг сўм менга камлик қилармиди? Ўн олти минг сўмлаб маош бераётган муҳаррирнинг отасига раҳмат!
Ошнамга дашном бердим:
– Катта охурдан ем еб, ҳамма нарсани пул билан ўлчайдиган сендек бойваччага журналистика соҳасида нима бор? Журналистиканинг нони – ҳақиқий журналистлар учун ширин, билдингми!
Тошмат тажанг бўғилиб қолди. Бўғиқ-бўғиқ йўталиб олгач, гина қилгандек тўнғиллади:
– Нега ундай дейсан? Ахир, мен ҳам қишлоқдан қорин қайғусида келмаган эдим-ку. Ёзганларинг жа-а зўр, деб ўзинг холис баҳо бермасмидинг!
– Ижод қилиш учун айнан таҳририятда ишлаш шарт эмаслигини тушунтирмоқчи эдим. Бозорда бўш вақтинг кўпроқ бўлса керак. Ёзганларингни юборавер, ёритиб туриш биздан! Қалам ҳақини ҳам санаб олаверасан! Фақат, қалам ҳақи – “шугина”ми, дея хархаша қилмасанг бўлгани. Биласанми:

Ким олади, ким олади “шугина”ни-ё,
Ман оламан, ман оламан “шугина”ни-ё!
Журналистман, деганларнинг кўпчилиги-ё,
Ололмайди, ололмайди “шугина”ниё.
Муҳаррирман, деганларнинг айримлари-ё,
Беролмайди, беролмайди “шугина”ни-ё!..

– Ҳай-ҳай, жа-а ашула қивординг-у...– Кинояли товуши эшитилди ошнамнинг.– Айтсанг-айтмасанг ўзи қалам ҳақига кўз тикиб яшаш бефойда. Эркин Воҳидовнинг бир шеъри маъноси ёдимда: маош – жуфтиҳалолга, қалам ҳақи – онда-сонда учраб турадиган шўх жононларга ўхшаркан!..
Шеърпараст ошнамнинг гапига кулгим қистади. Гапига яраша устознинг “Муҳаррир” деган шеъридан саккиз қаторини ёддан айтдим:

Нега ҳадеб менга танбеҳ берасан,
Нега ўз ҳолимга қўймайсан, ахир?!
Нега ҳар сўзимдан айб қидирасан,
Беомон, ноинсоф қаттол муҳаррир.
Қачон бу зулматдан бўлурман озод,
Қачон тугар экан бедодлик, ахир!
Афсуски, ҳеч кимга деёлмайман дод,
Чунки, мен ўзимман ўша муҳаррир...

– Эй, яша!– Бу гал унинг товуши қўнғироқдек эшитилди. Ҳақиқий муҳаррир – Бош муҳаррир бўладиган инсонсан-да! Ўзинг бир таҳририят, муҳарририятсан! Сен Бош муҳаррир бўлсанг, биздақа журналистларнинг ҳам елкасига офтоб тегарди. Зар қадрига етадиган ҳақиқий заргарсан-да!
– Ҳали зарга ўхшайман дегин-а!
– Ишонмайсанми?
– Мутлақо.
– Нега?
– Ҳақиқий журналист бойлик орттириш учун ўзини бозорга урмайди!
Гўшакдан маҳзун товуш эшитилди. Чамаси, у бутун дарду аламларидан бир хўрсинишда фориғ бўлди. Сўнг, тавбасига таянган одамдек ялинганнамо оҳангда минғирлади:
– Увоқдеккина бўлсаям журналистиканинг нони ширин экан. Йў-ўқ, тушунмадинг, гапимни бўлмай эшитсанг-чи, “увоқдеккина” деб рамзий маънода гапирдим. Ноннинг увоғиям – нон, деган мақол бор-ку. Озми-кўпми ўз касбимнинг орқасидан топган нонимнинг қадрига етмоқчиман, тушундингми!
– Яна нима демоқчисан?
– Мени таҳририятларингга ишга қабул қилинглар... Ўлай агар, мана бундоқ ишлаганим бўлсин! — Чамаси Тажанг ўзича бош бармоғини кўрсатиб қўйди.— Топшириқларингни ғинг демай бажараман, изланаман...
Суҳбат чўзилиб кетди. Энди “қарта”ни очмасам бўлмайди, шекилли:
– Маошимиз камлик қилиб қолса чи?
– Ўн олти минг сўм маошни ҳам кам десак инсофсизлик бўлар-ов...
– Қанча?
– Ўн олти минг сўм, дединг-ку.
– Қачон, қаерда?
– Боя, бошда телефонда айтганларинг эсингдан чиқдими?
– А, сал нотўғрироқ эшитибсан, шекилли.
– Нимани нотўғри эшитибман?!
– Ўн олти, деганим йўқ! У, яъни, маошим – олти минг сўм, дедим, шекилли. Одамнинг сўлагини нега оқизасан, галварс!..
...Телефон гўшаги “тарақ” эткизиб қўйилди.
Аслида у тўғри қилди. Мени ҳам, ўзиниям хижолатдан қутқарди.
Шу аснода ўзим ҳам юрагимни би-ир бўшатиб олдим. Анча енгил тортдим! Муҳими эса бу эмас. Ушбу гурунгга қанча қалам ҳақи беришаркин, хаёлим шунда!

* * *
Қаранг, йиллар ва тараққиёт ушбу мақоламнинг “долзарблиги”га барҳам берибди.
Худди раҳматли Ҳожибой Тожибоевнинг бир ҳангомасига ўхшаб кетади, десам хато бўлмас. Машҳур қизиқчининг аскияси ёдингизда бўлса керак; биттаси дўконга кириб гугурт борми, дейди. Йўқ, деган жавобни эшитгач, оқ қант, шакар, совун сўрайди. У нима сўраса “йўқ” деган жавоб эшитавергач, “Унда нима қилиб ўтирибсиз? Дўконни қулфлаб кетмайсизми, ака?” деса, “Қулф йўқ-да, ука” деган жавоб эшитади...
Кўп нарса тахчил бўлиб қолган ўша кезларда бу ҳангомани эшитганлар роса мириқиб кулишган. Дўконларимиз росмана тўлиб-тошган ҳозирги кунда эса ўша ҳангомани эшитганларнинг энсаси қотиши аниқ.
Шунга ўхшаб бир пайтлар жуда катта муаммо бўлиб кўринган масалалар аллақачон ўз ечимини топиб, мақолам долзарблигини йўқотганидан ҳатто хурсанд бўлдим!


2011 йил 23 ноябрь

Tulqin Eshbekov
06.10.2012, 06:21
“Ўргамчак тўри”

ёхуд фарзандларимизда “ахборот хуружи”га
қарши иммунитет етарлими?

Ақл тарозусига солиб кўрсак, кўп фанлар ибтидосини гўдакликдаёқ оилада ўрганганмиз. Эшитган эртакларимиз – адабиёт фанининг ибтидоси бўлса, санашни ўрганиш – математиканинг илк сабоқлари эди. Ўсимликлар дунёси – ботаника, жониворлар – зоология, қуёш ва ойнинг чиқиб-ботиши – астрономия, чақмоқ чақиб, ёмғир ёғиши – табиат ва физика фанлари ҳақида тасаввур уйғотган. Миллий ғоя, шарқона фалсафани ҳам илк бора ота-онамиз қонимизга сингдиришган! Улар ҳатто тарих, диний қадриятлардан ҳам сабоқ берганларини энди англаямиз. Ҳуқуқбузар қандай жазога тортилишини ҳам қулоғимизга қуйишган: “ўғирлик ё безорилик қилсанг, мелиса қамаб қўяди...” Демак, қонунчилик қирралари гўдакликдаёқ мурғак қалбимизга жо бўлган...
Ахборот технологиялари беқиёс даражада ривожланиши баробарида сўнгги йилларда лисонимизга “ахборот хуружи” ибораси кириб келди.
Яна ўйлаб кўрайлик-чи, бугун биз учун янгиликдек туюлаётган бу “соҳа”да ҳам ёшлик чоғларимиз оилада сабоқ олмаганмидик? Оналаримиз аввало нима яхши-ю нима ёмонлигини ўргатишган. Мана бу яхши, буниси – ёмон, уни оғзингга солма!.. Анави иссиқ, ушласанг, қўлинг куяди... Ёмон болаларга қўшилма ва ҳоказо.
Демак, илк тарбиячиларимиз мурғак қалбимизда ёмон нарсаларга, салбий ҳодисаларга қарши иммунитет пайдо қилишган. Ҳатто, айрим қўни-қўшниларнинг оиламизга нисбатан “ахборот хуруж”ларига қарши кураш усулларини ҳам ўргатишган. Эндигина тили ва оёғи чиқиб, кўчага ўйнагани отланган ўғли ёки қизи қулоғига айрим оналар шундай гапларни қуйиб қўярди:
“Бировлар, опанг ўқишдан ҳайдалибди, деса, бекор айтибсан, де! Аслида у академ таътилга чиққан!”
“Отанг жоҳиллик қилиб, онангнинг кўзини кўкартирган, деса, ишонма! Ўзим йиқилиб тушдим...”
“Шаҳарда катта лавозимда ишлайдиган аканг ота-онаси ҳолидан хабар олмайдими, деса, “алам қилсин!” деявер. Чунки, бу – кўролмайдиган кўзинг чиққурларнинг гапи!” ва ҳоказо.
Бўйи бир қарич бўлса-да, тили икки қарич айрим болакайларнинг кўча-кўйда бир-бирларига “ахборот хуружи”ни авж олдираётганларини ва ундан ўзларини, қолаверса, оилаларини ҳимоя қилаётганларини кўп кузатганмиз. Кўриниб турибдики, фарзандларда “ахборот хуружи”га қарши иммунитет ҳосил қилиниши оила тарбиясининг табиий жараёнига айланиб кетган!
Гўдаклигимиздаёқ яхши ва ёмонни фарқлашни ўргана бошлаган эдик. Буни ҳатто мақоллар воситасида тушунтиришарди. Мана, эътибор беринг:
Яхши гап ҳам, ёмон гап ҳам бир оғиздан чиқади. Яхшига эргашдинг – етдинг муродга, ёмонга эргашдинг – қолдинг уятга. Қозонга яқин юрсанг – қораси юқади, ёмонга яқин юрсанг балоси юқади. Ишонмагин дўстингга – сомон тиқар пўстингга. Миш-мишга ишонган – харом ўлармиш. Яхши гап – жон озиғи, ёмон гап – тан қозиғи. Яхши-яхши гаплардан илон ҳам индан чиқар, ёмон-ёмон гаплардан мусулмон диндан чиқар. Гапни гапир уққанга – жонни жонга суққанга!
Бу каби мақолу нақлларимиз замирида ҳам турфа салбий иллатлардан эҳтиёт бўлиш, одамнинг онги заҳарланиб қолишидан сақланиш ғоялари мужассам.
Мактабга қадам қўйгач, ибтидосини оилада ўрганган илмларимизни фан сифатида ўзлаштира бошладик. Бироқ, биз ўқиган 1970-1980 йилларда республикамизга, миллатимизга, миллий ғуруримизга нисбатан ахборот хуружлари тамомила ўзгача тарзда амалга ошириларди. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, собиқ империя даврида бизни иккинчи даражали одамлар деб ҳисоблайдиганлар миллий қадриятларимизни беаёв оёқости қилишарди... Подшолар, қози калонлар, мингбошидан тортиб юзбошигача – қонхўр, бойлар – хотинбоз, хотинлар қора чиммат ичида, ҳаммаси чаласавод ва ҳоказо. “Битсин золим бойлар!” деган шеър ҳатто қўшиқ қилиб куйланар эди.

(Давоми навбатдаги саҳифада)

Tulqin Eshbekov
06.10.2012, 06:23
Миллатимизга қарши бундан ҳам даҳшатлироқ ахборот хуружи бўлиши мумкинки? Энг даҳшатлиси, бу хуруж бизга ўша даврдаги мустабид тузум мафкураси, мактабда азиз муаллимлар “сабоғи” орқали амалга ошириларди... “Бир эсланг, шўро замонида, 80-йилларда собиқ марказ “ўзбек иши”, “пахта иши” деган уйдирмаларни баҳона қилиб, ўзбек миллати вакилларини бутун дунёга қандай кўрсатарди? Сочи тақир қилиб олинган, қалпоқ кийган, белини боғлаган, соқол қўйган одамларни, мана, буларнинг башараси, деб, пешонасига тамға қўйиб, матбуот орқали намойиш этарди,– деб таъкидлаган эди Юртбошимиз Ислом Каримов.– Мен ўша пайтда – 1989 йилда республика раҳбари бўлиб келишим билан, авваламбор, ўзбек халқини шундай уйдирма ва туҳматлардан сақлаш, унинг шаънини асраш мақсадида, миллатни доғ остида қолдиришга қаратилган уринишлардан халос қилишга киришдим. Ва ҳозиргача ўзбек миллати ҳеч қачон қул бўлмаган, ҳеч қачон босмачи бўлмаган, ҳеч қачон қон тўкиш тарафдори бўлмаган, деб бутун дунёга шу фикрни англатишга ҳаракат қилиб келяпман. Бугун жаҳонда ўзбек номи, ўзбек миллатининг обрў-эътибори тан олингани шунинг исботи эмасми?”1.
Миллатимизга қарши бундай оммавий ахборот хуружига қарши кураш ўша кезларда ҳам озми-кўпми бўларди. Масалан, севимли шоирларимиз Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим”, Абдулла Ориповнинг “Ўзбекистон – Ватаним маним” шеърлари ўзбек элимизга отилган тошларга қарши исён ифодаси эди!
Юртимиз истиқлолининг дастлаб йиллариданоқ ўз қадриятларимиз, тарихимиз, бобокалонларимиз аслида қандай буюк зотлар бўлгани, бетакрор урф-одатларимиз, миллий анъаналаримиз ҳақида баралла айта бошладик. Диний қадриятларимиз ҳам ижтимоий воқеликка айланиб кетди. Бироқ...
Бироқ, ёш мустақил давлатимизга даҳшатли ахборот хуружлари бўлиши мумкинлиги ва ундан ёш авлодларни муттасил огоҳ этиб боришимиз зарур эканлиги ҳақида етарли даражада қайғурмадик. Мактабларда мустақиллик моҳиятини, миллий ғоянинг беқиёс аҳамиятини тушунтириш баробарида, танганинг иккинчи томони, деганларидек, бу улуғвор ишларимизни хуруж қилувчилар қандай талқин этишлари мумкинлиги ҳақида ўйлашга зарурат сезмадик. Аслида, ахборот хуружига қарши оилада қандай иммунитет пайдо қилишган бўлса, катта оиламиз – Ватанга қарши хуружларга нисбатан ҳам ўз вақтида ёш авлод онгида тўғри тасаввур ҳосил қилишимиз бағоят улкан заруратга айланган экан! Яъни, ахборот хуружига қарши кураш ҳам ғоят жиддий масала бўлиб, бу ижтимоий ҳодиса илмий тадқиқ қилиниши ва ўз навбатида унинг сиру синоати мактаблардаёқ ёш авлодга ўргатилиши лозимлигини ҳаёт ўзи исботламоқда. Зеро, мамлакатимиз раҳбарининг ибораси билан айтганда, “Болаларимизнинг онгини ва ҳаётини бузадиган, эртанги кунига мутлақо ишончини йўқотадиган мана шундай ғояларга қарши биз қурол билан эмас, ғоя билан курашишимиз зарур. Бизнинг ғоямиз кучли бўлиши лозим. Авваломбор, ўзимиз, ҳаётнинг ўзида синалган ўз ғоямизга ишониб майдонга чиқишимиз даркор”2.
Синалган ғояларимиз эса аллақачон пиру бадавлат буваларимиз, азиз бувиларимиз, бой ҳаёт тажрибасига эга ота-оналаримиз тарбияси устувор бўлган оилаларда мудом куртак отади. Эътибор берган бўлсангиз, бирор нуроний уруш бўлишини, юрт тинчлиги бузилишини истамайди! Дуоларида яратган эгамдан энг аввало юртга тинчлик сўралади!
Оила – давлатнинг кичкина кўринишими, демак, уни бир неча миллион марта катта ҳолида тасаввур этсак – Ватан демакдир! Аслида, миллионлаб оилалар бирлашиб, улкан Ватанни ташкил этамиз! Оилада ўн жон бўлсак, Ўзбекистон аталмиш оилада – йигирма олти миллион атрофида оға-ини, опа-сингил, қавму қариндошлар баҳамжиҳатгина, бахтли-саодатли яшаяпмиз!
Жонажон Ватан сарҳадлари қанчалик бепоён бўлса, ундаги муаммолар, турфа ишлар, ҳатто гап-сўзлар ҳам шунга яраша бўлиши шак-шубҳасиз. Юртимиз истиқлоли туфайли беқиёс бахтга эришдик. Энди ана шу бахтимиз пойдеворини ҳар томонлама мустаҳкамлаш ёълида қўлни қўлга бериб, елкама-елка туриб курашмоқдамиз! Муаммоларимиз ҳам кам эмас. Оилада қанча муаммо бўлса, улкан оила – мамлакатимиз миқёсида ҳам шунга яраша бўлиши табиий. Муаммоларнинг кўплиги аслида – эзгу мақсадлар, умидли режалар кўплиги билан изоҳланади. Яъниким, ҳар бир муаммомизни ўзимиз енг шимариб ҳал этишга қодирмиз.
Қиссадан ҳисса шуки, гўдакликда айрим қўни-қўшниларнинг “ахборот хуружи”га қарши иммунитетимиз пайдо бўлган бўлса, улғайиб камолга етгач ва она Ватанимиз аслида улкан оиламиз эканлигини қалбдан англагач, энди айрим давлатларда ин қуриб олган бузғунчи касларнинг шунақа бемаъни хуружларидан ҳимояланиш ёъллари ҳақида атрофлича ўйлаб кўришнинг мавриди етганга ўхшайди.
Бугунги ёшларнинг билими ҳам, дунёқараши ҳам замонасига яраша. Ҳеч кимдан кам бўлмаган болаларимиз компьютер технологияларини ҳам ривожланган давлатлардаги тенгқурларидан кам билмайди! Унча-мунча ота-оналар тушунмайдиган интернетнинг сиру синоатини беш қўлдай биладиган зукко ўғил-қизларимизнинг саноғи йўқ. Бу жуда яхши, албатта. Аммо, четдан туриб “ахборот хуружи”ни авж олдираётган бузғунчилар айнан ўша “моменти”дан фойдаланиб қолишга чиранаётганларидан кўз юмиб бўлмайди.
Бугун ўғил-қизларимизнинг мактаб, литсей ва коллежидан чиқа солиб компютер хоналарига югуришларини, мурғак қалбларининг ахборотга бўлган эҳтиёжини қондиришга интилишларини, ҳаётга нақадар қизиқувчан ва айни пайтда улар нечоғли ишонувчан ҳам эканликларини ғаламислар яхши биладилар! Ва шунга яраша “отни қамчилаб қолишга” чиранаётганлари ҳам сир эмас! Айниқса, мурғак қалбли ёшлар онгини заҳарлаб ташлайдиган гапларни ўша устаси фаранглар шу қадар тўқиб ёзадиларки, оқибатда, гоҳо ўз ўғлингни ҳам танимай қоласан... Шу ўринда Юртбошимизнинг бир буюк даъвати дилга таскин беради: фарзандларимизни ҳеч қачон ҳеч кимга бериб қўймаймиз!..
Хўш, ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган ўғил-қизларимизни шунақа бало-қазолардан мудом асраш учун нима қилмоқ керак, деган саволга аниқ жавоб топилди! Яъни, оиладаги ўша нозик тарбияни мактаб ва бошқа ўқув юртларида давом эттириш зарур! Юқорида таъкидлаганимиздек, гўдакликда оналаримиз айрим қўшнилар “хуружи”дан эҳтиёт бўлиш чораларини кўрган бўлса, энди улар жамиятнинг биринчи улкан пағонаси – мактабга қадам қўйдими, демак, бу масканларда ҳам ҳар қандай хуружга қарши иммунитет уйғотишимиз шарт!
Бугун ўғил-қизларимиз мактабда компьютер сабоқларини, интернет сиру синоатларини ўрганяптими, шунинг баробарида ўша “ўргамчак тўри” орқали ўрмалаб келадиган турфа балои қазолар аслида қанақа оғулигини, уларни қайси ичиқоралар том маънодаги қора ниятлар билан юбораётганларини ҳам зукко ёшларимиз теран англаб олишлари лозим!
Демак, мактаб ўқув режаларига “ахборот хуружи”га қарши ёш авлодда иммунитет ҳосил қилишга қаратилган дарслар киритишнинг фурсати етди, деб ҳисоблаймиз.

Tulqin Eshbekov
06.10.2012, 06:48
Ўзинигиз учун берган овозни, хали олдириб ташламабсиз, демак, "билмасдан босиб қўйибман" деган гапингиз нотўғри эканда .
PS. Гапларим оғир ботган бўлса узр мен ўз фикримни ёздим холос.

Узрингизни илгарироқ қабул қилгандим. Сиз айтган нарсани олдириб ташлаш учун форумимиз мутасаддиларидан бирига телефон қилиб айтгандим. Мана, энди ёзма равишда мурожаат қиляпман:
Ҳурматли модератор, илтимос, мен билмасдан босиб юборган ўша "овоз"ни ва форумдошимизнинг маломатли гапларини (ўзларининг ҳам розиликлари ва таклифларини инобатга олган ҳолда) ўчириб ташласангиз...

Бу ерда жойлаштирган ижодингиз намуналари "самореклама".

Юқорида Масъудбек "ижодингиз билан танишсак..." деган мазмунда таклиф қилгани учун бир пайтлар матбуотда ёритилган нарсаларимни беряпман-ку...
Наҳот мақолаларимни ёритиш "самореклама" ҳисобланса...
Демак, бугундан бошлаб мақолаларимни жойлаштирмайин, шундайми?
Эсиз, бунақа гапларингизни ўқиб кўрмасдан юқоридаги мақоламни жойлаштириб қўйибман...

сизга Ўзбек адабиётшунослиги ва публицистикаси намоёндалари қаторига қўшилингизга хали бор экан.

Шундоқ деб ҳисоблар экансиз, нега унда бошда менинг исм-фамилиямни устозлар қаторида ёзиб "муҳокамага қўйган" форумдошимизга эътироз билдириб, ўчиртириб ташламадингиз?
Мен ҳеч қанақа даъво қилганим йўқ эди-ку...
Кимларнинг қаторига қўшилишимга ҳали борми-йўқми... не бу тахлитда яна таҳқирлаяпсиз? Мудаонгиз нима ўзи?
Ё форумдан бутунлай кетишимни истаяпсизми?
Сизга кўп яхшиликлар тилайман, фақат... матбуотимиз тақдирини ҳал қиладиган даражадаги катта мансабга ўтириб қолманг-да, илоҳим... Менинг номимни газетага умуман чиқартирмай қўйишга чиранган шунақа "раҳбар"лардан шу кунгача тўрттаси кетгунича кўрсатган ҳунарлари, берган азоблари ҳалигача эсимдан чиққани йўқ... Худога шукр, ҳақиқат бор экан, деб қалам тебратиб юрибман.
Бунақа юракка наштар санчаверсангиз... форум билан хайрлашиб қўя қоламан...

Tulqin Eshbekov
07.10.2012, 08:22
Муҳтарама модераторимизга каминанинг ижодидан (аниқроғи, ўзим учун ижодий машқларимдан) намуналар учун алоҳида саҳифа очгани учун самимий миннатдорчилик изҳор этаман.
Ижодий машқларим ҳақида нозиктаъб мунаққидларнинг самимий фикрларини кутиб қоламан. ;)

Tulqin Eshbekov
07.10.2012, 08:24
Исм-фамилиям бунча рангли бўлиб қолганини тушунмадим...

Tulqin Eshbekov
07.10.2012, 10:59
рангли бўлиб қолганини тушунмадим...

Ёзувларнинг рангги-рўйи жойига келиб қолгани учун (уни тузатиб қўйганларга) катта раҳмат.

Tulqin Eshbekov
07.10.2012, 15:11
БОКС ВА "ГОНОРОР"
Ҳажвия

Журналда номим "йилт" этиб кўриниши ҳамоно хотиним қалам ҳақини (у "гонорор" дейди) суриштиришга тушди:
– Шунга қанча гонорор беришади?
Мен тахминимни айтдим:
– Уч минг сўмча.
Хоним ўша заҳотиёқ ҳисоб-китобга киришди:
– Ярим кило лахм гўшт!..
– Балки сал камроқ берар,– дедим уни бироз ҳовуридан тушуришга тиришиб.– Солиқ-молиққа, бу ёғи пенсиямга бирор фоиз ушласа...
Заифам заифлигини кўрсатиб жиғи-бийрон бўлди:
– Ий-й, ман қўлийизга тегадиганини сўравотман...
Чайналиб қолдим. Барибир жўялироқ жавоб қайтариш шарт:
– Балки, камроқдир...
Берганнинг бетига қарама, деган мақолни эслади, шекилли, бекам беўхшов тиржайди. Кейин ўсмоқчилаб сўради:
– Манга қаранг, биратўла миллион сўм топишнинг иложи йўқмикин? Ҳамма қарзлардан биратўла қутулиб, рўзғорнинг каму кўстини ҳам бутлаб олардик!
– Тома-тома кўл бўлур, деган гапни эшитгансан,– дейман уни инсофга чақираётгандек.– Ҳар куни минг сўмлик мақола ёзсам, роппа-роса минг кунда миллион сўм, деган гап! Кейин пулдан хирмон ясайвер!
Бу гапга жавобан хоним бурунчасини жийириб қўйди. Сўнг, телевизорнинг мурватини буради. Ана холос, бокс бўйича жаҳон чемпионлиги бошланибди-ку! Эр-хотин экранга михландик.
Ҳаётни ўз қаричи билан ўлчашга ўрганган хонимнинг саволи худди томдан тараша тушгандек бўлди:
– Шунча муштлашганига яраша уларгаям пул тўлашадими?
Тилимни тишлаб ўтирганимдан шунча ғалва қаёқда эди. Бир пайтлар қулоғимга чалинган гап лоп этиб оғзимдан чиқиб кетса денг:
– Ғолибга нақд уч милён, ютқазганга бир милён беришади...
– Кўкиданми?
Шу он ўлжасига ташланишга шай турган мушукдек кўзлари ёниб турган хонимнинг ичини қиздиргим келди:
– Ҳозир Европада кўкини тан олишмайди. Еврода тўлашса керак!..
Бунча пулни қўлига ушлаш у ёқда турсин, ҳатто кўзи билан кўрмаган хотиним ғалати ҳиққиллади. Шу тобда қандайдир режа туза бошлагани кўкимтир кўзларидан кўриниб турарди.
Бир тўхтамга келди, шекилли, тамшаниб қўйганча ясама тиржайди:
– Бир нарсани тушунмадим,– деди гапни узоқроқдан бошлаб.– Ютқазганга нага бир милён беришади?
– Кимсан – жаҳон чемпиони билан рингга тушгани учун бўлса керак,– дедим билағонлик қилиб.
– Манга қаранг,– деди хотиним мақсадга кўчиб.– Сиз ҳам би-ир рингга тушмайсизми? Мана, чемпион ўзимизники бўлди! Муштингиз табаррук, деб ўйнашга кўндирасиз.

(Давоми навбатдаги саҳифада)

Tulqin Eshbekov
07.10.2012, 15:13
Иннайкейин, урганингиз ун оши, укажон, деб қўйсангиз, ҳолингизни тушунар! Жа-а накаут қилиб ташлама, деб қўясиз-да, ҳи-ҳи. Ярим соат нари-бери муштлашган киши бўласиз. Қўрқманг, ўлиб қолмайсиз! Кейин бир милённи ўзимизнинг сўмда беришса ҳам майли!
Қассобга ёғ қайғуси, қабилида гапирилган бу гапдан сапчиб тушдим. Шу тобда чемпионнинг залворли қўлқопи варанг этиб қулоғим остига тушгандек чайқалиб кетдим. Барибир, менга жон, хонимга эса пул қайғуси эди...
Ҳушинг жойидами, дегандек кўзига қарасам, бекам жиддий гапиряпти...
– Умримда бировга қўл кўтарганимни кўрганмисан?– Ётиғи билан тушунтирдим унга.– Эр бўлиб ҳатто сени чертмаганман, туврими? Боксчининг қўлқопини кийишниям билмайман-у...
– Ўзим ўргатаман,– деди шартта гапимни бўлиб заифам.– Бунинг ҳеч қийин жойи йўқ...
У шаштидан тушадиганга ўхшамасди. Бидир-бидир қилганча болаларнинг ётоқхонасига кириб кетди-да ўғлимиз мактабидан олиб келган икки жуфт чарм қўлқопни кўтариб чиқса, денг.
– ...мана, қўлийизга тақинг,– деди гапини давом эттириб.– Мана бундоқ-де!..
Хотиннинг қистови билан иш қилишга ўрганса ёмон бўлар экан. Чарм қўлқоплар қўлимга қандоқ тақилиб қолганини сезмай қолсам, денг.
Заифам мен ўйлаганчалик заиф эмаскан. Чарм қўлқоп кийса худди баҳайбат боксчига ўхшаб қоларкан. Шу ҳолатида унинг ўша кингконгдек рақибни ҳам қулатадигандек важоҳатини бир кўрсангиз. Шунча пайтдан бери шу "даҳшатли хотин"га қандоқ эрлик қилиб келаётганимга ўзимча ич-ичимдан қойил қолдим...
– Бўлди, аяжониси,– дедим кўнгилсиз ҳодисанинг олдини олиш илинжида.– Муштлашмай қўя қолейлу...
– Бу машқ, билдийизми! Машқ қанчалик машаққатли бўлса, жангда шунчалик осон бўлади! Тўғри, сиз чемпиондан енгиласиз, аммо лекин, жа-а машқ учун осиб қўйиладиган қопга ўхшаб ҳам турмаслигингиз керак-де! У икки-уч урганда жилла қуриса бир тушуриб қоларсиз!
Ҳамма қўлидан келадиган ишни қилса-да. Айтайлик, менинг қуролим – қалам! Қаламим билан девни ҳам "накаут" қиламан! Ўтган йили "халқаро миқёсда"ги бир иғвогарнинг онасини Учқўрғонда кўрсатганимда ҳамкасблар қойил қолишган!
Қалам билан филни йиқитишга қодир одам афсуски ҳозир шу баҳайбат қўлқоп билан пашшани ҳам уролмаслигим аниқ. Хоним бўлса ҳоли-жонимга қўймай мени гиламга чиқарди.
Эр-хотин "бокчи"лар рингга чиққандек уйнинг ўртасида бақамти турибмиз. (Яхшиямки, болалар ухлаб қолишган!) Фақат, судья етишмайди... Ичимда, охири бахайр бўлсин, деб яратганга илтижо қиламан.
Ҳозир хонимга, бўлди сен ғалаба қилдинг, демоқ учун оғиз жуфтлаган эдим ҳамки, илгарироқ ўзи "мана бундоқ урасиз!" дея қулочкашлаб тушуриб қолса, денг...
Кўзимдан нақ олов чиқиб кетди. Қолганини эслай олмайман. Ҳушимга келганимда ўзимни чойшаблари оппоқ шифохонада кўрдим. Бошимда кўзлари қизарган хоним ўтирибди!
– Ўзийизга келдийизми, дадажониси,– деди у синиққина товушда.– Салгина қўлим тегиб кетганига шунчами? Ваҳимакаш дўхтирлар "сатрисена" дейишадими-ей. Бошийиз чайқалганмиш.
– Минг чайқалмасин, бошгинам омон қолибди-ку,– дедим бошқа жўялироқ гап топа олмай.– Сен айтгандай, бир милённи қўлга киритиш учун бундан баттароғига ҳам тайёрман энди...
Ожизам сакраб кетди:
– Пуллари бошшидан қолсин,– деди тишлашиб.– Бизга ҳар куни минг сўмлик гонорорга лойиқ мақола-пақола ёзсайиз ҳам етади! Кам-кам хўр – ҳамиша хўр, деганлари тилло гап экан, туврими? Энди элликта мақолайиззи гонорори билан отдек бўлиб кетаркансиз!
– Тушунмадим?– Инграб қўйдим беихтиёр.
Хотиним, мунча ғалчага ўхшамасангиз, дегандек ғалати қараб қўйди-да, шифокор ёзиб берган дорилар рўйхатини кўрсатди:
– Отдек бўп кетишийизга бор-йўғи эллинг минг сўмлик дори керак экан...
Бошимга зарба еган чоғда қандоқ ҳушимни йўқотган бўлсам, ҳозир ҳам худди шундай кўз олдим қоронғилашиб кетди...

Тўлқин ЭШБЕК

2000 йил сентябрь

Tulqin Eshbekov
08.10.2012, 01:20
Тузатиш:

ўтирганимдан

Юқоридаги сўз "ўтирганимда"

"бокчи"лар

Юқоридаги сўз "боксчи"лар деб ўқилсин.

Tulqin Eshbekov
14.10.2012, 08:20
ТЎЙГА БУЮРГАН... БАХМАЛ

Ҳикоя

Ҳаётимда жуда кўп кулгили воқеалар юз беради. Бу қанчалик бахт эканлигини кейинроқ англаб етаман. Афсус, унда кеч бўлади…
Собиқ шўро даврининг сўнгги йиллари кўп нарса тақчил бўлиб қолган эди. Деярли бўм-бўш дўконлардан излаган нарсангни тополмайсан, ҳатто кафанликка оқ сурп ҳам маҳалла оқсоқолининг рухсатномаси билан бериларди. Шундай кунлардан бирида отам инсульт деган дардга чалиниб қолса денг. Нохуш хабардан ваҳимага тушиб қишлоғимга етиб бордим. Хайрият, шифокорлар отамнинг ҳаётини сақлаб қолишибди!
Кўнглим бироз таскин топганди, онам секин шивирлаб айтган гапидан сесканиб тушдим.
– Отанг бутунлай тузалиб кетиши қийин экан,– деди у ранглари бир ҳол бўлиб.– Ўша куни шарманда бўлишдан худо асрасин …
– Қайси куни?– Тушунмай чайналдим.
– Отангни кўмадиган куни!..
Отажонимдан худди ҳозир айрилиб қолаётгандек вужудим титраб кетди. Бироқ, онамга ҳам гап қайтаришнинг мавриди эмасди. Нимадандир умидвордек жавдираб турган кўзларига боқиб, кўнглига қўл солдим:
– Хўш, мен нима қилишим керак?
Онаизорим гапни сал узоқдан бошлади:
– Энди-и, бу ёғи кексалик, болам. Кексалар ўлимлигини тахт қилиб қўяди. Нима бўлсаям, кафанликка оқ сурп обериб кет! Тошкентдай жойда ишлаб юрибсан, қора кунингда ҳам одамлар кузатади. Тобутнинг устига бахмал ёпмасак бўлмайди…
Ғаройиб удумларимиз бор-да. Бизнинг қишлоқларда гўрков меҳнатига пул олмайди! Бироқ, энг нозик ва машаққатли ишни бажарган кишини қуруқ қўйиш ҳам инсофдан эмас… Хуллас, дафн маросимидан сўнг бахмал унга берилади.
Онамнинг таъбири билан айтганда, "Тошкентдай жойда юрган"га яраша туман савдо ташкилотидагилар ҳам ҳурматимни жойига қўйишди. Оқ сурп, тобутнинг устига яраша чиройли бахмал топиб беришди!
Отам омон қолганидан қанчалик суюнсам, онаизоримнинг мамнун бўлганидан ҳам шунча кўнглим жойига тушиб, ортга қайтдим. Ҳаёт қайнаб турган шаҳарда кунлару ойлар тез ўтиб кетганини сезмай қоласан. Орадан анча ўтиб, ота-онам ҳолидан хабар олиш учун қишлоққа отландим.
– Суюнчи бер!– Дийдорлашиб сўрашгач, онамнинг биринчи гапи шу бўлди.– Худойимга шукр, чевара кўрдим! Опангнинг қизи – катта неварам Асолат ўғил туғди!
– Эй-й, муборак бўлсин,– дедим қувониб. – Мана, отажонимга ҳам шундай бахтни кўриш насиб этди! Икковингизга ҳам қуллуқ бўлсин.
– Хурсандлигимдан нима қилдим, де?– Гапини давом эттирди онам.– Сен обериб кетган бахмалниям, чақалоққа тагликка сурпниям ҳадя қилиб юбордим. Қара, яхшиликка буюрган экан! Топганинг тўйга буюрсин, деган гап бежиз айтилмаган-да! Худо ёрлақади, болам! Илойим, сен ҳам чевара кўргин!..
Ўшанда кўнглимни қандайдир туман қоплаган бўлса, бу гаплардан чинакам офтоб чиқди мен учун. Бироқ, сафарим қариган чоғда онамнинг кўзларида яна ёш ғилтиллади:
– Кеча бозор куни қўшни қишлоқда бировнинг чақалоғи йўқ бўлиб қолибди,– деди гапни сал узоқдан бошлаб.– Кафанликка талон берадиган маҳаллаком ҳам, дўкончи ҳам шаҳарга кетган экан. Шўрликлар роса хуноб бўлишибди. Ахийри битта кўрпанинг оқ чехолини олиб, кафан ясашибди... Худо шунақа шармандаликдан асрасин…
Сўнгги сўзларини айтаётганда онам кўзлари билан секингина отамга ишора қилиб қўйди…
Тушунарли...
Туманимизнинг катталари бор бўлсин, ҳар гал ҳурматимни жойига қўйишади! Талон-палон деб қисталанг қилмасдан бахмал ва сурп топиб беришди.
Орадан бир неча ой ўтиб қишлоққа борсам, онажоним яна ўзида йўқ севиниб ўтирибди!
– Суюнчи бер, акангнинг ўғлини уйлантирдик! Невара келинни кўриш ҳам насиб этди! Кўрманага бахмални, иримига ўша сурпни инъом қилиб юбордим! Топганинг тўйга буюрганига шукр қил, болам!
Олис қишлоқда қолган оиламизнинг қувончига шерик бўлишдан катта бахт борми!
Бироқ, қайтишда яна ўша гап. Бу гал онам узундан узоқ тушунтириб ўтиришга ҳожат бўлмади. Кўзлари билан отамга ишора қилгани ҳамоно қўлимни кўксимга қўйдим...
Тағин қишлоққа борсам, отамнинг акаси, иккинчи жаҳон урушидан ногирон бўлиб келган амаким етмишга тўлибди! Отамнинг ҳурмати учун онам қайноғасига совға сифатида бахмал беришни лозим кўрибди. Улар қўшалоқ тўй қилиб, биратўла ўғлига келин ҳам олган экан, унга сурпни бериб юборишибди…
– Савоб қилсанг – бутун қил, деган нақл бор, болам. Мустар бўлиб келганида, йўқ, дейиш гуноҳ бўлади-я…
– Яхши қилибсиз, нима дердим…
Қайтишда эса яна шу ҳол…
Уйда телефоним жиринг этса, юрагим ширинг этиб кетади. Ишқилиб яхшиликка бўлсин, дейман. Кўпинча пулга ёлчимай юрадиган акам менга телефон қилишнинг уддасидан чиққанига ҳам шукр қиламан. Одатдагидек гўшакдан акажонимнинг бечораҳол товуши эшитилди:
– Сингилчанинг тўйи тезлашиб кетди. Шанба куни етиб кел!
Сўнгги фарзандининг ҳам ширин ташвишидан қутилган ота-онамнинг қувончини кўришдан катта бахт борми! Аллақачон оёққа туриб кетган отам синглимга оқ фотиҳа берганида севинч ёшларимизни тия олмадик! Ҳаммасидан ҳам кўра онажоним тўйда бахмал ва оқлик инъом этганидан хурсандлигини тавсирлашга тил ожизлик қиларди!
Мени елкаларимдан олиб бағрига босаркан, пичирлаб айтган гаплари карнай-сурнай садоларига қўшилиб кетди:
– Тўйга буюрди, болам, тўйга!!
Эртаси куни Тошкентга қайтаётганимда ўзимни ҳеч қачон кечира олмайдиган катта хатоликка йўл қўйдим. Онамнинг навбатдаги ишорасига жавобан шундай дебман:
– Хўп десангиз, бахмал билан сурпни уйимга олиб қўйсам, барибир, етиб келаман-ку… Ўшанда олиб келарман…
Муштипар онам, хўп, деган маънода бош ирғаб қўя қолди. Ҳар гал ширингина кулиб қўядиган чеҳрасида энди табассум кўринмади…
Ниҳоят, телефоним нохуш хабардан дарак бериб жиринглади...
Йўл-йўлакай "Ипподром" бозоридан бахмал ва сурп олиб қишлоққа учдим. Беҳуш ётган отам менинг етиб келганимни эшитиб, сўнг қўлимда жон берди…
Бироқ, онам аллақачон ўзи бахмал ва сурп олдириб қўйган экан…
Унсиз йиғлаётган кўзлари менинг тугунимга қарамади ҳам…
Бахт қўша-қўша келганидек, гоҳо бахтсизлик ҳам кетма-кет келаверар экан. Не ҳолки, кўп ўтмай онаизоримни ҳам сўнгги манзилга кузатдик…
Ўқтин-ўқтин тушларимга онажоним киради. Қўлларида қандайдир оқ нарсани тўйга олиб кетаётганини кўраман.
Алҳол сесканиб уйғонганимда уйим ҳувиллаб ётган бўлади.
Беихтиёр пешонамга муштлайман…
Қанийди ўрнига тушса…
Олти марта эмас, олтмиш, олти юз, олти минг марта бахмалу оқликлар олиб берсам, онаизорим ҳаммасини тўйларга кўтариб борса бўлмасмиди…
Шунчалик беқиёс бахтли кунларимга ўзим нуқта қўйдим-а…
Энди энг бахтли туним – онам тушимга кирган кеча бўлади! Раҳматли меҳрибоним ҳамон ширингина кулимсираб, топганинг тўйга буюрсин, деб қўйгандек туюлаверади…

Тўлқин ЭШБЕК

Tulqin Eshbekov
14.10.2012, 08:24
Интернетдаги техник сабаб (ёки каминанинг бироз малакаси етишмаётгани боис) баъзи жойлаштирган машқларим икки марталаб чиқиб кетяпти...
Ибрагим оға, бўш вақтингизни билиб, ёнингизга би-ир малака оширишга борсам, деб турибман... :)

Tulqin Eshbekov
14.10.2012, 08:30
НЕЧУН МЕНГА ИШОНМАС?
(Ҳазил)

Ёлғон ҳечам кўксимга,
Тақилган бир нишонмас.
Баъзиларга ҳайронман,
Нечун менга ишонмас.
Таниш-билиш қилмасдан,
Кирган эдим ўқишга.
Мажбур бўлсам-да виждон,
Қўймас ёлғон тўқишга.
Талабалик чоғимда,
Алдамай “беш” олардим.
Устозларни ҳаттоки,
Хўб ҳайратга солардим.
Қизларга ҳеч гап отмай,
Сипо бўлиб юрардим.
Кулиб боқса ўзлари,
Қовоқ солиб турардим.
Сўз берганман хотинга:
Дилда мудом диёнат!
Дуч келса-да жононлар,
Қилмагайман хиёнат.
Тўйда қадаҳ тутишса,
Бир қултум ҳам ичмасдим.
Қошин қоқса раққоса,
Виждонимдан кечмасдим.
Комил инсон бўлай, деб
Қилмадим кайф-у сафо.
Билмайман айш-ишратни,
Эътиқодга шу вафо.
Аёлларга сафарда,
Қилмаганман кўзола.
Мени бирор шаҳарда,
Излаб юрган йўқ бола.
Соф ҳавони асраш-чун,
Чекмаганман папирос.
Энди бугун ёшларга,
Танбеҳ бериш бизга хос.
Шу пайтгача ҳеч кимнинг,
Бузмаганман асабин.
Гар жиғимга тегса ҳам,
Олқишладим насабин.
Ёмон кўрсам бировни,
Ақлимдан ҳам озмадим.
Гарчи қўлдан келса ҳам,
Ҳеч устидан ёзмадим.
Ишлаб катта жойларда,
Қўл чўзмадим порага,
Ҳатто шайтон қитиқлаб,
Тушолмади орага.
Котибамга ҳеч қачон,
Қилмаганман ҳазил ҳам.
Қизларсиз зўр ўтган-да,
Қанча тунги базм ҳам.
Ризқимни мўл берган-чун,
Шукр дейман холиққа.
Даромадим яширмай,
Тақдим этиб солиққа.
Топиб олсам бир қоп пул,
Чор тарафга чопаман.
Керак бўлса жар солиб,
Эгасини топаман!
Шунча айтган гапимнинг,
Борми бирор ёлғони,–
десам баъзи дўстларнинг,
Нечун ошар фиғони?

Ҳамма қилган ишини,
Ёзибди, деб жаврашар.
Сўпи бўпти қариб, деб
Одамларни аврашар…
* * *
Гапнинг рости ҳаётда,
Кимлар шундоқ қилмаган?
Ичиш, чекиш, бошқа иш,
Қайси эркак билмаган?
Ёлғон айтсанг ўрнида,
Қанча ишинг битади.
Олди-берди бор жойда,
Баъзан омад кутади.
Меъёрини бил фақат!
Чегарадан чиқмагил.
Етмай туриб ажалинг,
Ўзинг гўрга тиқмагил...

“Хазина” газетаси, 2009 йил 8 июль.

AbdulAziz
14.10.2012, 13:02
Tulqin Eshbekov ijodidan na'munalar

Mavzu nomini "To‘lqin Eshbekov ijodidan namunalar" deb to‘g‘rilab qo‘ysangizlar.

Dilya Hasanova
15.10.2012, 10:16
Mavzu nomini "To‘lqin Eshbekov ijodidan namunalar" deb to‘g‘rilab qo‘ysangizlar. раҳмат, тўғирлаб қўйдим.

AbdulAziz
15.10.2012, 10:42
"Tulqin"mi yoki "To‘lqin"mi?

Dilya Hasanova
15.10.2012, 12:45
"Tulqin"mi yoki "To‘lqin"mi?
Домлани "учеткаси"да кўрсатилгани бўйича ёзганман. :)

Tulqin Eshbekov
15.10.2012, 15:43
Домлани "учеткаси"

Иложи бўлса, Фуқаролик Паспортим бўйича ёзинг: Тўлқин Эшбеков.
Лотин алифбосида: To`lqin Eshbekov
Адабий тахаллус: Тўлқин ЭШБЕК.

Ўзимга (ҳурматли мухлисларимизга ҳам бўлса керак) учинчиси маъқул-де...

gofurov
16.10.2012, 10:30
ТЎЙГА БУЮРГАН... БАХМАЛ

Шу хикоянгизни ўқиб жудаям таъсирландим. Бўлар эканку шундай хикояларни ҳам ёзса! Ижодингиз бунданда гуллаб-яшнайверсин.

Tulqin Eshbekov
17.10.2012, 06:50
ИНСУ ЖИНСДАН ЭҲТИЁТ БЎЛМАСАНГИЗ...

у ишхонангизда сизни ақлдан оздириб қўйиши ҳеч гапмас

Эҳтимол, бу гапим кимгадир эриш туюлар. Кимдир "олди-қочди" гаплар ёзибди, деб устимдан мийиғида кулар. Аммо, дард чеккан – табиб, деганларидек, гапимга ишонмаганларнинг бошларига шунақа савдо бушганида кўзлари мошдек очилар! Ҳеч кимнинг бошига тушмасин, деймиз-у, бу беш кунлик дунёда ҳаётнинг беқиёс лаззатидан ҳам, аччиқ азобидан ҳам татимаган одам қолмаскан. Худо сақласин, деймиз-у, барибир, мабодо бошингизга шунақа савдолар тушса, ушбу ҳикоямизда ёзилган гаплар озроқ бўлса-да дардингизга малҳам бўлса ажабмас…

* * *
Шайтонни кўрганлар борми?
Ўзи йўқ нарсани қаердан кўрасиз, дейсизми?
Аммо, номини дўмбира қиладиганлар кўп-ку?!
Рассомлар унинг расмини бадбашара одамга ўхшатиб чизадилар. Театр ижодкорлари саҳнага шохдор ва думли «сиймо»ни шайтон деб кўрсатишади.
Булар бекорчи гап, дейишга ҳам асос йўқ. Баъзилар чаённи «номсиз махлуқ» дейди-ку. Ишқилиб, номини айтмайди-да. Нега, дейсизми? Номини атасанг, худди «чақирган»дек ўзи чиқиб келавераркан. Шайтон ҳам шу-да. Кимга керак бўлса, ўзи унга учрайвериши ҳеч гапмас...
Баъзилар қилғилиқни қилиб, сўнг шайтонга тўнкайди. Шайтон «йўлдан урди» ё «ақлдан оздирди» дейди. Аслида бирор одамга қандайдир махлуқ ароқ ичкизмайди-ку? У қадаҳ узатдими? Сўнг газак тутадими? Сўнг, шерга айланган эркакнинг кўзи бирор номаҳрамга тушиб қолса, шайтон айбдор ҳисобланадими? Жувони тушмагур жилва қилиб турган бўлса... Қилғилиқни у қилади-ю, балога қолган шайтонми?
Ўша воқеадан сўнг кўзим мошдек очилди. Туман кутубхонасида мудир эдим. Дунёвий китоблардан дунёни англардим. Жуда аҳил жамоамиздаги ҳар бир ходимга меҳр билан муомала қилардим. Фаррошимиз оналик таътилига чиқиб кетган кунларининг бирида озғингина, сочлари паттайган бир хотин иш сўраб келди. Чақчайган кўзларидан бирор маъно уқиб бўлмасди. Хуллас, ўзини Анзират деб таништирган ўша хотинни фаррошликка қабул қилдик.
Кўп ўтмай ғалати дардга чалиниб қолдим. Антиқа дард. Бирор жойим оғримайди, юзларим қип-қизил, кўринишимдан соппа-соғ одамман. Фақат, мадорим қуриётганди. Ўзимни ғалати ҳис қилардим. Худди тушда учаётган каби муаллақ бўлиб қолавераман. Бошимнинг аллақаери лўқиллар, қулоғим тагида бетўхтов шамол эсаётганга ўхшарди. Буниси ҳолва. Негадир, ҳаётдан совий бошладим. Қўлим ишга бормайди. Оёқларим танамга зўрға бўйсунар, ишхонамга судрагандек келардим. Кабинетимга киришга юрак бетламайди. Жойида айланиб турадиган бежирим креслода ўтира олмайман. Ходимларим кўзимга балодек кўриниб қолса, денг. Шундай бўлгач, улар билан муросам келишармиди? Орадан ола мушук ўтгандек, кимдир пайимни қирқаётгандек туюларди. Тубсиз жарга қулаётганга ўхшардим, вассалом. Бундай одамдан бошқа ниманиям кутиш мумкин?..
Шифокорга учрашгандим, ҳеч қанақа "касалим"ни топа олмади. Ҳатто асабларим ҳам жойида эмиш. Фақат унинг "ичмайсизми, чекмайсизми?" деб сўраганига ғашим келди. Тўғри, шифокор шунақа саволлар бериши табиий эканлигини тушунаман. Бедаво дардимга бунақа нарсалар сабаб бўлмаслиги ўзимга аёнлиги учун ғашим келгандир. Сиртим бутун бўлса-да ичим тутун эканлигининг сабабини шифокор ҳам тушунтириб бера олмади.
Қандайдир кўринмас ёвуз махлуқ эса вужудимни аёвсиз эзарди...
Ходимларим сезиб туришган бўлсаларда ўзларини билмаганга солишар, бирортаси юрак ютиб бу ҳақда чурқ этишмасди. Барибир, раҳбарнинг руҳий ҳолати жамоага таъсир этмасдан қолмаскан. Муомаласи ўзгариб қолгани одамнинг ўзига билинмайди. Қўл остингдагилар "нега ўзгариб қолдингиз?" дейишга журъат этишмайди. Жеркиб гапириш одатим йўқ эди. Буни акс-садо янглиғ ўзимга қайтаётган гап-сўзлар оҳангидан англаб олдим...
Бир куни хотиним суяк-суягимдан ўткизиб юборди. Хезлангудек бўлиб, нима дейди денг:
– Бир одам ўз итига шундай деган экан: «ириллайсан – қопмайсан, мендан яхшини топмайсан!» Маъносини уқдингизми? Бу гап одамларнинг ўзаро муомаласи ҳақида, билдингизми? Сиз ҳам худди щунга ўхшаб муомала қиляпсиз. Сизга рўбарў келишдан болалар юрак олдириб қўйишган. Ҳатто, мен ҳам кўзингиздан панароқда юришга мажбур бўляпман. Тунов куни котибангиз билан гаплашувдим. Толмас Тошбековични биз ҳам тушунолмай қолдик, дейди боёқиш. Ҳатто, кўзидан шашқатор ёшлар оқди-я. Нималар бўляпти ўзи? Бирор ножўя иш қип қўймаганмидингиз? Ё битта-яримта афсунгар куф-суф қилиб қўйдимикин? Қаерда нималар емаганингизни эслай оласизми?..
Саволлар ёмғиридан бошим ғувлаб кетди. Охири ожизамга бақириб юбордим:
– Заҳар еган бўсам, ўлишим керагиди-ку?! Сен бўлсанг, ўлганнинг устига тепгандан баттар қиласан-а...
– Кўрдингизми? Шу гапгаям бақираяпсиз...– Мен қанчалик ўшқирган бўлсам, хотиним шу қадар мулойим оҳангда тушунтирди.– Ётиғи билан сўзлашнинг наҳот иложи бўлмаса?!
Беихтиёр таслим бўлдим. Тарвузи қўлтиғидан тушган одамдек бўшашиб қолдим. Сўнгги нажот фақат шу ожизамдан эканини ҳис этиб, пичирлаб сўрадим:
– Нима қил, дейсан?
– Бирор камчилигимни сезсанг, юзимга айтавер, деган гапингиз ёдингиздами?..
– Ёдимда,– дедим тан олиб.– Хўш, нима қилай?
Ожизам муросаи мадора учун атай ёнимга ўтирди. Меҳнатдан ғадир-будир бўлиб кетган кафтини пешонамга босди. Сўнг, юзимга термулган кўйи ўзининг афти-ангори ўзгарди:
– Вой ўлай, кўзларингиз нега бошқача? Шошманг-шошманг, сизга бир бало тегибди. Жин чалгандақа бўп қопсиз...
Юрагимга ғулғула тушди. Наҳот, манаман деган шифокорлар билмаган дардни ожизам англаган бўлса?! Наҳот, жин чалиши рост бўлса?! Бўлмаса, нега жиннидан баттар бўлиб қоляпман? Бу гал ўзимни овсарликка солиб, ожизамдан жўнгина сўрадим:
– У нима деганинг?
Соддадил хотиним эртакнамо гаплар айта бошлади. Худди энамнинг эртакларига ўхшаш. Мурғак болалигимда тасаввур қилган ажина, жинлар тағин кўз ўнгимда намоён бўла бошлади. Эртаклари тугагач, энажоним доим кўзмунчоқ тақиб қўяр ва сабабини тушунтирарди. Ёмон кўзлардан, айрим жодугарларнинг «жоду»сидан асраш учун зарур бу тумор, дерди куюнчаклик билан. Бу гаплар "материалист" бўлиб қолганимда кулгили туюлганди. Ҳозир эса... сўнгги нажот ўша тумору кўзмунчоқданга ўхшаб кўринди.
Қандайдир офатдан қутқармоқчидек халоскорим шундай деди:
– Буёғини энди ўзимга қўйиб беринг!..
Унга жавобан жон таслим қилаётгандек инграб қўйдим.
Ожизам фолбинга бориб, антиқа гаплар топиб келди. У бундай деган эмиш: «Ишхонасида бир жодугар жодулаб қўйган. Ирим-сиримини тезда қилмасаларинг, бедаво дардга чалиниб қолиши мумкин...»
Бирдан кўз ўнгимда фаррош хотин гавдаланди. У башарасини ғалати бужмайтирганча мен томонга нималардир сочаётганга ўхшарди. Ваҳимага ичра қўлларим билан юзимни бекитсам, у қаҳ-қаҳ ура бошлади... Сесканиб тушдим. Наҳот, шу гаплар рост бўлса?..
Наҳот, ўша фаррош...
Бу гапларни унинг ўзи эшитиб қолса борми, чақчайган кўзлари баттар чақчайиши турган гап. Эҳтимол, ҳаммаси бўлмағур гаплардир? Пашшадан фил ясашга не ҳожат? Ишхонамиздан ортиқча гап-сўз чиқмагани маъқул. Қолаверса, вилоят бошқармамиз бошлиғи Эрмат Элмуродовичнинг «агенти» бор. Жамоамизда ўша айғоқчи ким эканлигини аниқ билмасам-да, кўнглим сезади. Гумон иймондан айириб юргани рост. Қолаверса, деворнинг қулоғи бор дегани гап бежиз айтилмаган. Гап чувалашса ёмон. Отнинг ўлими – итнинг байрами, деганларидек, қўлига шикоят хати тушса – бошқармамиз бошлиғига худо берди, деяверинг...
Кўнглимдагини сезгандек хотиним ўша айқаш-уйқаш фикрлардан мени қутқарди:
– Сиз ҳеч нарсага бошингизни қотирманг. Фолбин буюрганларини бажарсак, ўша жодуларингиздан халос бўлар экансиз.
Чўкканга чўпдан мадад, деганларидек, хотинимга нажот кўзлари ила боқиб сўрадим:
– Хўш, нима қилишим керак?
Жавоб лўнда бўлди:
– У ёғини кейин биласиз.

(Давоми келгуси саҳифада)

Tulqin Eshbekov
17.10.2012, 06:51
Жума куни «буюрилган» ирим-сиримини қилдик. Қизиқ, «қайтарма»дан сўнг ўзимни қушдек енгил ҳис эта бошладим. Бошимдан тоғ ағдарилгандек бўларди. Уйқу пардалари ортида ҳеч нарса кўринмай кетди...
Эртаси куни ишхонамга келсам, фаррош хотин хонамни саришталаш билан банд экан. Саломига алик олдим. Сир бой бергим келмасди. Бировга «сен ундоқ-бундоқ экансан» дейишдан ёмони борми? Бу гаплар унга қандай таъсир қилади? Ишхонани бошига кўтариб, айюҳаннос солса-а?! Яхшиси, ҳаммасига қўл силкиб қўя қолиш керак. Жимгина ишга киришдим. Ҳаял ўтмай эшик қия очилиб, фаррош хотиннинг чақ-чайган кўзлари кўринди.
– Мумкинми?– Сўради у тавозе билан.
– Киринг,– дедим мен ҳам бетакаллуф.
У дазмол кўрмаган камзулининг этагини қоқиб қўйди-да бақамти келиб ўтирди.
Хўш, хизмат, деган маънода қарадим.
У томдан тараша тушгандек шундай деди:
– Мен ишдан бўшамоқчиман...
– Нега?
– Бўшагим кеп қолди, вассалом.
Бунга худди ўзим айбдордек ётиғи билан сўрадим:
– Бирор нарсадан хафамисиз?
Қизиқ, чиндан ҳам фолбин айтганлари бўлармикин? Наҳот, жодугарга ўхшаш хотин «ўз-ўзидан қуриб» кетса? Ахир, ишдан кетишининг боиси бўлиши керак-ку?!
Фаррош хотин инжиқлигини намойиш этди:
– Кетаман, дедимми, кетаман!
– Бесабабдан бесабабми?
– Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирлармиди?– Тагдор гапларни қалаштирди у.– Мен кимга ёмонлик қилибманки, бировнинг қарғишига қолсам?..
Юрагим шув-в этди. Ҳозир қандайдир даҳшатли сир очилиб қолишидан қўрққандек, эҳтиётлик билан муомала қилдим:
– Очиқроқ гапиринг.
– У ёғини янгамдан сўрайсиз.– Фаррош хотин шарт турди-ю бир парча қоғозни столим устига ташлади.– Мана аризам...
Шу-шу фаррош хотин қайтиб келмади.
Гапни чувалатмасдан фаррошнинг аризасига имзо қўйдим...
Қолган гапларни котибам оқизмай-томизмай айтиб берди. У бозорда хотиним билан фаррошнинг «ҳангома»сини эшитиб қолган экан. Хуллас, жони ҳиқилдоғига келиб юрган ожизам ожизлигига бориб шўрликка нима деса, дебди. Фарроши тушмагур ҳам бўш келмай шундай деганмиш: «ҳа, жодулагим келганди, жодуладим! Жодугар бўлганимдан кейин, билганимни қиламан! Ишонмайсанми? Унда бориб кўр, столининг тагига тирноқларим билан учта нина ҳам ташлаб қўйганман!»
Хотиним ҳам ўзича: «Касби заҳар солмоқ чаённинг иши, деганлари шу экан-да! Айтгандим-а, бир бало тегмаган бўлса эрим мунақа бўп қолмасди», дея бозорни бошига кўтарибди.
Котибам билан биргаликда катта иш столим тагидаги "токча"сига қараб, ҳанг-манг бўлиб қолдик. Дарҳақиқат "токча"да аллақандай исқирт нарсалар сочилиб ётарди...
* * *
Бу кўргуликлар бошимдан ўтмаганида бошқармамиз бошлиғи Эрмат Элмуродовичнинг гоҳо феъли айнаб, жазавага тушиши сабабини ҳеч қачон тушунмасдим. Бошлиғимизнинг баъзи гапларидан ҳатто илон пўст ташлаб юбориши ҳеч гапмас...
Балки, у бечора ҳам...

(Давоми келгуси саҳифада)

Tulqin Eshbekov
17.10.2012, 06:54
Бир куни бошқармамиздан йўқлаб қолишди. Кутилмаган «чақирув»дан юрагим алланечук бўлиб борсам, Эрмат Элмуродовичнинг авзойи бузуқ. Хонасига қадам ранжида қилишим ҳамоно қопиб олса денг. Мен аввало салом бердим. Сўнг, айтган гапим шу бўлди:
– Чақиртирган экансиз, келдим...
– Келдим?!– Ўшқирди у кўзлари косасидан чиққудек бўлиб.– Нима қилай? Гул кўтариб пешвоз чиқайми? Пойингизга поёндоз тўшайми? Келган бўлсангиз кепсиз. Нега менга пеш қиласиз?! Сиз ўзи кимсиз? Ким бўпсиз, а?! Ўзи ёлчитиб ишлаётганингиз йўқ. Гап деса – қоп-қоп...
Бунчалик заҳар-заққум гапни юк қилсангиз туя ҳам бўкириб юбориши турган гап! Мен одамман-ку! Нега бақиради? Нега иддао қилади? Шаънимга бунчалик бўлмағур гаплар айтишга нима ҳаққи бор?..
Тишимни-тишимга қўйиб шунча турдим, бўлмади. Сабр косам тўлгач, ичимдан бир ҳайқириқ отилиб чиқди:
– Хўжайин...
Йўқ, бундан пайт унга бас келиш қийин. Кўзлари косасидан чиққудек бўлиб ўшқиришда давом этди:
– А-ҳа, санга хўжайин бўп қолдимми?!– Сенлашга ўтди у.– «Хўжайин, хизматкор» деган гаплар бувангнинг замонида қолиб кетган, билдингми!
– К-кечиринг, устоз!
– Ман домла, сан талаба бўп қолдинми?! Устоз, деб домлангга айт!
– Йўғ-е, отам!
– Ўзимнинг болаларим етарли, билдингми? Иккинчи мени "ота" дема!
– Раҳбарим!..
– Буни бегоналарга айтишинг мумкин, раҳбарим фалончи, деб.
– Хўп, ана, Эрмат ака!
– Ман санга така эмасман!
– Тушунмадим?
Бошлиғимиз сал ҳовуридан тушиб, таъкидлади:
– Эрматака деганда сўнги бўғинлари – «така» бўлиб эшитилади...
– Хўп, Эрматжонака!
– Энди «нака» бўлди...
– Акам!..
– Туғишган укаларим етарли.
– Эрмат Элмуродович!
– А-ҳа, бошқасини тополмадингми?– ¢олибона ишшайди у.– Қалайсан энди? Тилинг калимага келмай қолди-ку?..
Аслида, ҳақиқий топганларимни айтсам, юраги қинидан чиқиб кетади-куя. Ҳозир мавриди эмас-да... Бошлиғимиз менга «накаут» бўлдингми, дегандек им қоқди.
– Чақиртирган экансиз,–дедим секингина.–Келдим.
– Нима қилай?– Яна эски "ашуласи"ни бошлади.– Пойингга поёндоз тўшайми?..
Бу гал намғаларига дош бера олмай, гапнинг пўсткалласини айтдим:
– Унда, кетдим.
– Қаёққа?
– Уйга.
– Унда нега келдинг?
– Чақиртиргансиз, деб ўйлагандим.
– Нима қилай?
Урсанг эти, гапирсанг бети қотади, деганларидек, бетайин гаплардан бетим без бўлганча шундай дедим:
– Салом бердим, алик олинг. Сўнг, бирор топшириғингиз бўлса айтинг.
– Ман сандан сўраб топшириқ бермайман.
– Раҳмат.
– Нега раҳмат айтасан?– Ойнаги ортидан кўзлари ола-кула бўлиб кўринди.– Кесатяпсанми?
– Билмадим,– дедим ўзга гап тополмай. – Кесатиш қанақа бўлишини ҳанузгача билмасдим...
Шу тобда бошим шу қадар ғувиллар эдики, рўпарамда қаққайиб турган «зот»нинг бошига бир уриб, тарвуздек ёриб ташлагим келарди. Ўзимни зўрға тиярдим... Очиғи, менинг ўрнимда бўлганида ҳар қандай ориятли одам шундай қилиши шубҳасиз.
Бошлиғимиз тағин тамоғи йиртилиб кетгудек бўлиб нима дейди, денг:
– Билмасанг, нега кесатдинг? Қачонгача сандақаларнинг сассиқ гап-сўзларингга чидаб яшаймиз?!
"Сассиқ гапни сен гапиряпсан-ку, ит!" дея олмаганимга армон қиламан. Агар шу гапни бошлиғимизнинг башарасига шартта айта олганимда энг асл ҳақиқатга эришган бўлар эдим! Минг афсус, ҳаётда ҳамиша акси бўлади; мансаб отига минган айрим итфъел кимсаларнинг касрига қанчадан-қанча софдил, жаннати инсонлар қолиб юрадилар. Одамлар дилини оғритган нокасларни худо ҳам урмайди... Кўнгил шишасини синдиргандан кўра гунг титганинг яхши эмасми, қари товуқ, деб юборгим келади шундай пайт "Қутлуғ қон" романидаги воқеаларни эслаб. Минг афсуски...
Шу куни хотинимнинг таъбири билан айтганда: бошлиғимиз «ириллади – қопмади», барибир, мендан яхшироқ итоатгўйни топмайди ҳам! Ўтирсам – ўпоқ, турсам – сўпоқ бўлдим-а. Бир пайтлари мактабда «дарак, сўроқ, ҳис-ҳаяжон гаплар бўлади» деб ўқитишган. Энди билсам, ҳаётда «бигиз, пўписа, ахмоқона гап»лар ҳам бўларкан.
Айнан шунақа бўлмағур гапларнинг манбаи қаерда, дейсизми?
Шуни ўйлаб ўйимга етолмай тургандим, бошлиғимиз қабулхонасига челак ва супургисини кўтарганча ўша фаррош хотин кириб қолса бўладими?
Яшин ургандек беихтиёр бир сапчиб тушдим. Мана гап қаерда? Бирдан Эрмат Элмуродовичнинг кўзларига қарадим. Ойнак ортидаги кўзларида тўла дард кўринди. Ҳаммаси равшан!..
Секингина фаррошнинг қўлига разм солдим. Нималарнидир қоғозга ўраб олибди. Жоду "ашёлари" эмасмикин, деган шубҳали савол кўнглимдан кечди. Юрагим алланечук бўлиб кетди...
Сирли дунёнинг сирлари жуда кўп экан. Биз англаб етган синоатлардан ҳали мутлақо бехабар сирлар кўп экан. Бўлмаса, арзимасдек туюлган жоду деган бало қанчадан-қанча кишиларни қўрқинчли ва жирканчли комига тортиши ҳақида ўйлаб кўришни ҳам истамаймиз. Аслида ҳеч нарсага бефарқ қараб бўлмаскан. Ўзимизча эртакни – чўпчак, деб ҳисоблаймиз, афсонани – хаёлий гап, деймиз. Улар замиридаги беқиёс ҳикматлар англамай яшашимиз ҳам фожеа экан... Ахир, кўз олдимда ундан беш баттарроқ воқеа-ҳодисалар юз беряпти-ку... Афсонавий жодугарлардан бу ожизанинг қаери кам? Уларни доғда қолдиради-ку...
Бу ҳақдаги гапларимни жон қулоғи билан тинглаган хотиним чорасини топди. Қуш тилини қуш билар, деганларидек, Эрмат Элмуродовичнинг завжасига ўзи бор ҳақиқатни айтибди... Жодугардан жабр кўрган хотинлар чамаси ўша фолбинга бирга бориб-келишди, шекилли...
Хайрият, кўп ўтмай бошлиғимиз яна ўзларига келиб қолдилар. Қайтиб қабулхоналарига қадам ранжида қилганимда Эрмат Элмуродович меҳрибон раҳбарларча қабул қилдилар!..
Бўрон тинчиб, сувлар тинигач, бошқармамиз бошлиғи билан «туғишган ака-укадек» бўлиб кетдик.
Бу воқеалар худди тушга ўхшайди.
Кошкийди, тушлиги рост бўлса!
Гоҳо «ўзидан кетиб» қолган кимсаларга дуч келсам, нечундир ўша «жодугар» кўз олдимга келаверади, келаверади. Эҳтимол, бу шўрликнинг ҳам бошидан шунақа «савдо»лар ўтгандир, деб ўйлаб қоламан.
Нима бўлганида ҳам бўлмағур «жоду»лардан, ёмон кўзлардан, шайтон васвасасидан Оллоҳнинг ўзи асрасин!..

Тўлқин ЭШБЕК

1998 йил

Tulqin Eshbekov
17.10.2012, 07:00
Ушбу мақола асосида кейинчалик "Васваса" сарлавҳали ҳикоя ёзилган. Уни ушбу саҳифага жойлаштираётганимда гоҳида икки марталаб чиқиб кетяпти, кейин "тузатиш" йўли орқали давомини амаллаб жойлаштиряпман. Шу боис, ўртадаги саҳифага "Васваса" (ҳикоя) сўзлари кириб қолгани ўқувчиларимизни чалғитмайди, деган умиддаман.

Муаллиф.

Tulqin Eshbekov
18.10.2012, 08:34
КУМУШМИ Ё ЗАЙНАБ?

(Ҳазил)

“Сен қизларни қайдан биласан,
Айлантириб олса бошингни?
Онанг айтган қизга боқмасанг,
Қани бориб тергин тошингни...
Ёки отанг айтган қизни кўр,
Фариштага ўхшармиш гўё.
Арзир эмиш ҳатто изини,
Кўзларингга қилсанг тўтиё.
Опанг кўрган қиз ҳам чаккимас,
Қирқ кокили турар тўлғониб.
Холанг топган қизни ўйласам,
Хаёлларим кетар чулғаниб.
Балки амманг айтган қиз ёқар,
Камон қоши мисоли ҳилол.
Товус ундан ранг олса арзир,
Қомати ҳам келишган ниҳол!
Яна қанча қиз керак сенга?
Айтганларим танла бирини.
Фақат ўзинг юрма адашиб,
Билмайсан-ку қизлар сирини...”

О, онажон! “Ўтган кунлар”да,
Битта эди бечора Зайнаб.
Ўзбек ойим йўлда қолдириб,
Не қиласиз уларни қийнаб?
Муҳаббатдан яралган ҳаёт,
Севги ила бунёддир турмуш.
Ўғлингизни бахтли қилмоққа,
Юрагини забт этган Кумуш!

Тўлқин ЭШБЕК

1983 йил 1 июнь.

Tulqin Eshbekov
21.10.2012, 08:33
“ЖАВОБ”
Ҳажвия

Учқун Бўронович кўчага отланган маҳал хотини зорланди:
– Кун бўйи сўрайвериб одамни хуноб қилиб юборишади. Жилла қуриса, қўлидаги рақамини айтинг, деб қисташгани қисташган... Энди қўл телефони олмасангиз бўлмайди чоғи...
– Кейин нима бўлишини биласанми?– Зардалироқ оҳангда чиқди эрининг овози.– Бўлар-бўлмасга чақиравериб, бемалол ишлашга қўйишмайди. Икки-уч жойда ишлашдан ташқари қанча таҳририят билан “Меҳнат шартномаси” тузиб қўйганимни биласан-ку...
– Хўп, бугун сўраганларга нима дейин?
– Факультетдан сўрасалар, бошқармадан чақириб қолишди, дегин, хўпми?
Хотини, тўхтанг, дея ичкаридан дафтар билан қалам олиб чиқди-да бош ирғади:
– Ёзиб қўймасам, адашиб кетяпман. Хўш, бошқармадан сўраб қолишса?
– Вазирликдаман.
– Вазирликдан сўрашса?
– Халқаро анжуманга таклиф қилишганди, де.
– Бу ердан ҳам топа олмаяпмиз, деб қолишса-чи?
– Таҳририятдаман.
– Қайси бирида?
– Журналлар жойлашган соатли бинода.
– Бу ерда йўқ экан, дейишса?
– Газеталар корпусида, де.
– Бу ёқларни ҳам қараб чиқдик, дейишса-чи?
– Китоб нашриётидаман.
– Нашриётдан ҳам тополмадик, дейишса?
– Ижодий уюшмадаман.
– Уюшмадан сўрашса?
– Миллий матбуот марказида.
– Марказда ҳам қораси кўринмаяпти, дейишса?
– Интернет-клубида.
– Интернет орқали ҳам тополмаяпмиз, дейишса-чи?
– Ахборот хизматидаман.
– У ердан ҳар куни камида тўрт-беш марта сўрашади,– деди хотинининг қути учиб.– Бугун нима дейин?
– Тоби қочиб қолди, шифохонага кетди, де.– Сўнгги гапни айтганда Учқун Бўронович ўзига-ўзи ғўлдираб қўйди– Худо кўрсатмасин...
– Қайси шифохонада эканини айтинг, кўргани борамиз, дейишса?
– Дўхтирлар тузата олмаганди, ноилож табибга кетган, деявер.
– Табиб оғайнингиз сўраб қолса-чи?– Афти бужмайди ожизанинг.– У ҳам сўрагани сўраган...
– Ўзи сизга қўнғироқ қилар экан, де.– Учқун Бўронович ўзининг гапига ўзи кулиб қўйди.– Ҳаёт деганлари театр саҳнасининг ўзгинаси. Қара, ҳозирги ҳолатим худди Эргаш Каримовнинг интермедиясига ўхшаб кетяпти-я! Унга ўртоқлари “сен билан кеча кутубхонада эдик”, “иккимиз фалончини кўргани боргандик” деган қабилда ҳадеб тўқиб-бичавергач, ахийри у “мен бу ерда ҳам йўқман!” деб қичқириб юборади, ҳи-ҳи…
Ожиза эрига қўшилиб кулмади. Аксинча, рангги-қути ўчганча дилидагини тилига чиқарди:
– Хўп, қаерга боришингизни лоақал ўзим билсам бўладими?
– Мутлақо!
– Нега?– Қошлари чимирилди уй бекасининг.– Мендан нега яширасиз?
– Гаплашганда оғзингдан лоп этиб чиқиб кетишидан қўрқаман,– деганча ўзи лип этиб остонага чиққан уддабурон эрининг қолган гаплари “шеърий” усулда бўлди:
Мен оқимга қараб оқсам бўлдими!
Болажонларга ҳам ёқсам бўлдими!
Бўйнингга маржонлар тақсам бўлдими!
Ҳеч кимдан кам қилмай боқсам бўлдими!
. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .
У шунақа қофиясини келтириб яна бирор сатр айтганча учқундек учиб кетди...
Сочига қиров қўниб ҳам қуюлмаган эрининг сўнгги сатрларидан дув қизарган хотини бугунги жавоблар рўйхатига қайта-қайта кўз югуртираркан, ўша қўнғироқ қиладиганларнинг ҳолини ўзича тасаввур қилганча қаҳ-қаҳ отиб юборди.

Тўлқин ЭШБЕК

2007 йил октябрь.

barlos
21.10.2012, 17:17
Эргаш Каримовнинг интермедиясига

Эргаш Каримов иштирокидаги интермедияга, дейилса тўғрироқ ва чиройлироқ чиқарди, менимча.

Tulqin Eshbekov
22.10.2012, 06:40
САМОВИЙ САВДО
ёхуд Ойга харидорлар ҳангомаси

(Бир газетада Ойдан жой сотиб олишаётганлари ҳақида ғалати хабар ўқигандим...)

Эмишки, қай бир юртда,
Тўпланишиб юзта бой,
Савдо қилиб самодан,
Талаш бўлган эмиш Ой.
Харитасин чизишиб,
Тақсимлаша бошлабди.
Ой сатҳини чамалаб,
Кимдир бошин қашлабди.
– Ҳилол бўлиб кўринган,
қисми бизга,– дер бири.–
Кўзга ўхшаб турган жой,
Қолмас энди ҳеч сири.
Ерга мутлоқ тескари,
Томонин ҳам бўлишган.
Кўролмагач, ахийри,
Арзонроққа келишган.
Бозор бўлгач нарх-наво,
Ошиб-тушиб юраркан.
Ойнинг ёруғ томони,
Анча қиммат тураркан.
– Бу томони ойдиндир,–
депти бири бемалол.–
У томони ҳеч қачон,
Кўринмаса бу не ҳол?!
Тахлаб чиқсам пулимни,
Ойгача ҳам етади.
У томонга сарфласам,
Доллар “жалка” кетади…
Муҳокама авжида,
Харитани талашар.
Лекин Ойга ҳеч бири,
Чиқолмасин билишар.
– Бориб кўрсам,– дер бири,
Қолмас эди армоним.
Сотиб олган жойимга,
Кошки етса дармоним.
Ойга этак тутишни,
Кўрсатардим бир бора.
Довруқ солиб дунёга,
Донг таратсам мен зора…
Савдолашиб пулдорлар,
Қолдирмабди қарич жой.
Бойваччалар дастидан,
Талон-тарож эмиш Ой.
Бу самовий савдода,
Бор экан бир ўзбек ҳам.
Мийиғида кулиб у,
Гапираркан жуда кам.
Унинг гали етганда,
Салмоқ билан сўзлабди.
Бошқалардек ҳовлиқмай,
Узоқроқни кўзлабди.
– Кўкка нарвон қўйган-ку,
Улуғбекнинг китоби.
Бобомиздан меросдир.
Осмон, Ой-у Офтоби!
Не қиласиз талашиб,
Қуруқ гапдан фойда кам.
Агар ҳаёт бўлганда,
Ош дамлардик Ойда ҳам!

Тўлқин ЭШБЕК

2003 йил сентябрь.

Tulqin Eshbekov
24.10.2012, 06:39
МУРОСА

(Ҳикоя)

Ўзингдан чиққан балога – қайга борасан даъвога...
Халқ мақоли

Тушимда итларга таланганимнинг таъбири аён бўлди: қўнғироқ узоқдан жиринглади. Тинчликмикин? Нечундир қўлим қалтиради. Кўнглим ғаш. Ўйлаганим бўлди: гўшакда Болта акамнинг дағал товуши...
– Алло, редакциями? Ўзингмисан, гўрсўхта?! Қилғилиқни қип қўйиб, ахийри ниятингга етибсанда, а? Энди акам, энажоним йўқ, деб ҳисоблайвер. Бугундан бошлаб Сирғалида уруғ-аймоқларим ўлган, бу қишлоққа ўт кетди, деб ҳисоблайвер. Сен учун энди Сирғали қишлоғинг ҳам, жигарбандларинг ҳам йўқ – ҳаммаси ер билан битта бўлғон!..
– Салом...
– Саломингни пишириб е!..
– Намунча? – Тамоғимга нимадир тиқилгандек бўлди.
– Бепичоқ сўйибсан-ку... Кафтдаккина қишлоғимиздаги гапларни Тошкандай азим шаҳарда дўмибира қилгани юзинг қандай чидади? Тфу! Сен башаранг қурғурда юз нима қилсин? Ўзи, сен хумпарни ўшаққа ўқишга юборган ўзим ахмоқман-да. Бир калтафаҳимлик қилганман... Кўзингни қора кетмон ўйсин эди асли. Ҳе...
– Сўкинмай гапиринг. Бир онанинг фарзандларимиз, ахир...
– Ў-ҳў, тилингам чиқиб қоптими? Кўзингни мошдек очиб қўяйми, ит?! Бадбахт! Ўргилдим сендақа ўқигандан!...
Акамнинг ҳақоратларига ортиқ чидолмай "суҳбат"га нуқта қўймоқчи бўлдим:
– Бошқа гапингиз йўқмиди?..
– Ў, шошма,– Баттар дағаллашди акам.– Трубкани қўйиб қутулмоқчи бўляпсанми? Ўзи базўр заказ қилдим. Тушундингми? Узилиб қолса ё сенинг жонинг узилади, ё телефончининг...
– Айтадиганингизни айтинг, бўлмаса...
– Лўлидан ботир чиқса – чодирига ўзи ўт қўяди, деганлари шу экан-да. Ўз қишлоғингни нега ёмонлаб ёздинг? Нимувчин газетага чиқардинг? Бирор гап қолмабди-я. Ҳе, ўл! Шарманда! Сендақа шармандаларга шаҳар кенгдир, лекин қишлоқ кўтармайди, билдингми?! Уялмай-нетмай қасам ичувдинг-а, қасамхўр?!
Арзимаган нарсага пов этиб, сўнг тезда ўзига келадиган Болта акамнинг гапларини тишимни-тишимга қўйиб эшитаётгандим, аммо сўнгги сўзлари суяк-суягимдан ўтиб кетди:
– Туҳмат қилманг! – Биринчи марта акамга гап қайтарганим шу бўлди, юрагим ғашлигидан овозим бўғилиб чиқди. – Умримда қасам ичмаганман!..
– Ичгансан! – Ўдағайлаган товуш эшитилди гўшакдан. – Ичмаган бўлсанг бошқа нарсани ичриб қўяман!
Телефонда ади-бади қилиш беҳудалигини билиб, хайр, дедиму гўшакни қўйиб қўйдим.
Қизиқ, акамни ким бу қадар йўлдан урдийкин?
Бир қориндан талашиб тушган жигарбандини шунчалик хўрлайдими?
«Ўртага бир эшик тушиб, оралари бузилди» деганлари шумикин? Қайси эшак экан ўша нокас? Эшакфъеллардан қачон қутуларканмиз, ўзи?
Асли акамнинг ўзини худо урган. Эҳ-ҳе қанақа ҳунарлар кўрсатмаган... Болалигимда «кўзимни қўрқитиш» учун кўп пўписа қилар, кунда-кунора маст-аласт келганча тўполон чиқарар, кучини менга кўрсатар – дўппослаб кетаверарди.
...Ҳар гал калтак еганимда раҳматли падари бузурукворимни эслайман. Яхшига кун йўқ, дееганларидек, қўй оғзидан чўп олмаган, умрида чумолигаям озор бермаган отам гўдаклигимдаёқ етим қилиб кетган бизни. Ҳар нечук мададкоринг отанг бўлсин экан...
Онам шўрлик: «Отанг ўлиб, сенга суяндим, энди рўзғорбоши ўзингсан...» дегандан бери акам ўзини бошқача тутади. Сўнгги пайтларда антиқа қилиқлар чиқарадиган бўлди: бетайин жўралар орттирди. Бари ҳалигидақа... Биттаси – Саттор сотувчи.
Эҳтимол, Саттор ака ҳам ёмон одам эмасдир. Аммо, бизнинг Болта акамиз айтган гапларга қулоқ тутган инсон борки, феъли-ҳўйи ўзгармай қолмайди. «Укамиз журналист! – дейди гердайиб. – Туман раҳбарларигача ўйлаб муроса қилишади у билан. Ойнаи жаҳонгаям чиқиб туради бизнинг ука! Бултур китоб чиқарди. Китоб-а! Чакана талант керакми китоб ёзиш учун. Ҳа-а, бизнинг ука шунақа катта одам. Давлат бекорга ўқитмаган-да аканг қарағайнинг укасини! – Мақтана-мақтана Болта акамнинг кайфи ошади, кўп гапирган сайин ошаверади, ошган сайин алжийверади. – Аммо лекин, Равшанбой бизга ука эканлигини унутмайди. Анасининг кўзига тик боқмайди. Мен унга ака, ота ўрнида отаман-да!.. – Кайфи тароқ бўлганида одатига кўра ўқчий бошлайди. – Равшан журналист тугул подшо, ҳоким бўлмайдими? У барибир ука! Гапимни икки қилгудек бўлса, калласини сапчадек узаман-ташлайман...»
Сотувчи жўраси худди ўша гап учун қадаҳ кўтаради.
Бунга сайин Болта акамизнинг гап халтаси очилаверади:
«Давай, тағин қуйинг, жўра. Ўзимнинг жўражоним, айланай отам!.. Қани қадаҳга бир сўз айтайми? Раҳмат, раҳмат. Шу-у, Тошканни титратиб юрган укам бор. Унинг номини эшитганда-чи, керак бўлса ҳамма титрайди. Фельетонлари ўрисча газеттаям чиққан-да. Ўзи журналист! Мен ўқитганман уни. Энамиз тухум-мухум сотиб пул қиларди. Мен эринмай пўшта орқали жўнатардим. Ўз қўлларим билан жўнатардим. Мана шу қўллар боққан уни. Энди айтганимни қилмай кўрсин-чи, худди шу қўлларим билан бўйнини сапча қип ташлайман.– Қизишиб кетиб икки бармоғини жўрасининг кўзларига қадайди.– Кўзларини буйтиб ўйиволаман!..»
Тағин қадаҳлар кўтарилади.
Жўралар эр-хотиндек, ғирт овруполиклардек ўпишади. Болтажоннинг оғзидан чиққан «умидбахш» сўзлар учун Сатторвой хўб чўлпиллатади.
Кейин, сотувчи қутурмай, ким қутурсин!
Ўтган гал қишлоққа борганимда дўкондаги аҳволни кўриб энсам қотди. Сотиладиган молларга хоҳлаганича «нарх» қўймоқда. Харидорлар бу қишлоқ дўконига киришга юраклари бетламай қолишган. Қайсидир хотин ўша ердан чиқиб кетаётиб: «Савдогарнинг дастидан дод!» деганини ўз қулоғим билан эшитдим.
Саттор сотувчини инсофга чақиргандим, мешдек қорнини селкиллатиб кулди. Сўнг, ўдагайлади:
– Мухбир бўлсанг ўзингга! Қизил ҳужжатингни тошкентликларингга кўрсат. Қишлоқ кўтармайди, тушундингми? – У елкамга бир тушурганини сезмай қолдим. Сўнг ясама тиржайганча насиҳат қилди. – Ўзинг қаердан чиққанингни унутма, ука. Сирғалининг боласисан! Уруғинг, насабинг – Сирғали! Сирғали бировга сир олдирмаган ҳали!
Мен ҳам бўш келмадим:
– Сирғалиликлар бир-бирининг кўзига чўп тиқмаслиги кераклигиниям яхши тушунарсиз.
– Ана, холос. Бировнинг кўзига биз чўп тиқққан бўп қолдикми, а? Кимсан – қишлоғимиз атаманининг укасидан шу гап чиқса-я? Болта аканг эшитиб қолса борми...– Ғалати бўлиб кетганимни сотувчи сезди, шекилли, дарров жиддийлашди.– Тишингни ғижирлатма, ука. Ўттиз икки тишингдан айрилиб қолмагин тағин.
– Акамни аралаштирмай гапиринг!.. Қўлингизни пахса қилманг, менга. Орага акамни суқманг, деяпман.
– Акангнинг насибаси ҳам шу дўконга сочилганидан кейин гапираман, тушундингми? Болта жўрам бу ерга фақатгина қоровулмас, менга ёрдамчиям ҳисобланади. Базадан молларни битта ўзим қандоқ обкелишим мумкин? Болтажон обкелишади. У мунақа ишларга уста. Бир пасда оёқ-улов топиб, юкларимизни ортувчи, машинадан туширувчиларниям «есть» қилади. Сўнг икковлашиб омборга жойлаштирамиз.– Саттор сотувчининг гапларини жим тинглаётганимдан у дадилланди.– Энди-и, ука, бозор иқтисоди деганлари шу экан – ўзинг учун ўл етим! Итдек югурмасак, базама-база чопмасак, қаловини топмасак – пештахтамиз бўм-бўш ётаверади. Ҳувиллаган дўкон дўконми? Сирғалиликларнинг ҳоли не кечади унда? Кўзингни каттароқ очиб қара, ука, шаҳарингда ҳам шу аҳвол, тўғрими? Йў-ў, гапим тўғрими, деяппан? Ҳа-а. Ана энди ўзингга келдинг! Ана, пештахталаримизга разм сол: йўқ нарсанинг ўзи йўқ! Сен ҳам ҳаққингни ол, болакай! Тошканингдан тополмайсан бунақа молларни.– Сотувчи елкасини учириб кулди. – Талон-палон сўрамаймиз сендан...
– Қойил, – дедим истеҳзо қилиб.– Ишбилармонликни қойил қилар экансиз...
Сотувчи тузуккина «сиёсатдон»лигини намойиш қилди:
– Ишбилармонлик бунақа бўлади, ука! Тошканда ишбилармон камми? Ўзбекистонда-чи? Умри бўйи ишдан, меҳнатдан боши чиқмаган халқнинг ишбилармони бўлмасмикин?

(Давоми навбатдаги саҳифада)

Tulqin Eshbekov
24.10.2012, 06:41
Айтайлик, савдо-сотиқни жойига қўйиш бобида Саттор билан Болта акаларингнинг олдига тушадигани бормикин? Сенга ўхшаганлар ишлаганнинг қўлига уради. Синдиради... Ишбилармонлар шўро даврида таҳқирланган. Ишнинг кўзини биладиганлар эмас, партия-ҳукуматининг буйруғинигина бажарадиган робот керак эди у пайтлар. Ишлайман деганни ишдан қолдириб ваъз айтардинглар. Биринг мухбир, бошқанг – мелиса, ревизор, назоратчи, ноиб, партком, чекист... текинга нон ейдиганларнинг уруғи бемаза қовунникидан ҳам кўп эди. Галалашиб талон-тарож қилардинглар. Деҳқон эмас, ишчимас, савдо ходими ё новвой эмас – шунақа текинхўрларнинг замони эди у пайтлар. Ё гапим нотўғрими? Энди эса бизнинг замон келди! Замон, замон бизнинг замон – даврон бизники, бўлиши керак, тушундингми, тирранча!
– Тўнингизни шартта тескари кийиб, энди ишбилармон қиёфасига кирдингизми, – дедим тутақиб. Бу сўхтаси совуқ билан ади-бади қилиш бефойдалигини ҳис қилсам-да, кўнглимдагини тўкиб солгим келарди. – Биринчидан, ишбилармонлик – олиб-сотарлик эмас... Иккинчидан, қонунга хилоф равишда иш тутяпсиз. Қани, тадбиркорлик билан шуғулланиш учун тегишли ҳужжатингизни кўрсатинг-чи?
– Бизда ҳужжат нима қилади?– Гапимни бўлди сотувчи. – Ҳали яна қилдан қийиқ ахтараяпсанми?
– Сиз қилаётган иш бизнесликнинг «б»сигаям ўхшамайди.– Баттар тутоқиб гапирдим. – Турли ҳаром-хариш йўллар билан, эҳтимол қайсидир бечораларнинг ризқига зомин бўлиб дўконингизни лиқ қилиб юрибсиз. Шу қилмишингиз билан гердаясиз. Учига чиққан чайқовчиям бунақа қилмайди. Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни ўқиганмисиз? Хўш, назорат-касса аппаратингиз қани? Нега чек бермаяпсиз? Нега давлат солиғини тўламаяпсиз? Савдодан тушган пулни банкка топширмаяпсиз? Бу ишларингиз – жиноят билан баб-баробар-ку?! Пештахтангизда бирор нарса йўқки, нархи ёзиб қўйилган бўлса! Бозор иқтисоди – қўлингдан келганича номаъқулчиликни қилавер, дегани эмас.
Қовун тушурдим. Сотувчи вағир-вуғур қилишга важ топиб бердим:
– Э, мусулмонлар! Манов бола ақлдан озибди, – деди Саттор сотувчи бирин-кетин кириб келишган хотинларга қараб.– Кеп-кеп менга, оддий қишлоқ дўкончисига закунчилигини кўрсатмоқчи...
Хотинлар бири олиб бири қўйди: ўт кетсин мунақа қоғозбозликка, ўзи шу қишлоқдан чиққан бола сизга дағ-даға қиляптими, дея қарғашга тушса бўладими?!
– ...ана сенга ўйламай-нетмай катта кетишнинг оқибати!– Ишшайди сотувчи. – Айтдим-ку, бунақа гапларинг қишлоқда кетмайди. Шаҳарда ҳам савдогарнинг ошиғи олчи! Кимга қийин – сендақа ... кавлайдиганларга қийин, ҳи-ҳи.
– Шу гапингизни ёзиб бера оласизми?
Сотувчининг қути ўчди. Кўзлари ола-кула бўлди:
– Ёзиб бер?! Мана! – У бош бармоғини бошқа бармоқлари орасидан чиқариб кўрсатди. – Ҳе, ўргилдим сендақа адолатпешадан. Шохинг ўсиб қолдими, дейман. Ҳақиқат қиламан, деганларнинг уч кунда шохи синишини биласанми? Сен ким бўпсан?! Оддий қишлоқ дўкони қоровулининг укаси! Болта бақалоқнинг жигари!..
Сўнгги гап суяк-суягимдан ўтиб кетди. Бўғилиб жавоб қайтарганимда бармоғим беихтиёр бигизга айланди:
– Акамга тил теккизманг, дейман.
– Гариллама, ука, – муросага келган бўлди сотувчи. – Аканг қатори бўлганим учун айтаяпман бу гапларни сенга. Савдода у дунё-бу дунё ҳақиқат бўлмаган, бўлмайди ҳам! Савдонинг отаси – пул, онаси – ғирром! Пул авралашган ғиромликнинг меваси – савдо бўлади, билсанг...
Озиб-ёзиб қишлоғимга келганимда бўлмағур нарсаларга дилимни хира қилгим келмайди. Нуридийдаларимнинг дийдорига тўяман, деб келаман. Онам каби азиз қишлоғимни қўмсайман. Ўшанда йўл-йўлакай Саттор сотувчи билан ади-бади қилганимдан шундоқ ҳам хуноб эдим. Эгрини гўр тузатар, деганларидек сотувчи унча-мунча гап билан инсофга кеп қолармиди?..
У ҳақда ёзиш фикридан йироқ эдим. Бирор нарса ўзгарармиди, деган ўй кечарди кўнглимдан. Газетага ёзиш билан бирор нарсага эришиш мумкин бўлганида юртимиз аллақачон гуллаб-яшнамасмиди? Ошкоралик шарофати билан матбуотимизда озмунча гаплар ёритилдими? Ўзгариш бўлмаяпти-ю... бироқ, жуда секин-да. Ҳаёт яшин тезлигида ўтяпти, баъзи ишларда ўзимиз жуда имиллаяпмиз. Ҳануз ҳудудсиз ўрмонда адашиб юрганга ўхшаймиз...
Хуллас, Саттор сотувчини хаёлимдан чиқаргандим. Ўзи ҳунар кўрсатди. Онам, Норбиби янгам, жиянларим билан дастурхон теварагида жамул-жам ўтиргандек, дарвозадан Болта акам айиқдек ўкириб келди:
– Пойтахтда ишлайман, деб кекирдагини чўзиб юрган хўроз қани? Бемаҳалда қичқирган хўрознинг баҳридан ўтиб юборганим бўлсин. Менгаям кекирдагингни би-ир чўз-чи! Нақ сапчадек узиб ташламасам Болта отимни бошқа қўяман! – У урушқоқ дакандек ҳовли ўртасида қўлларини белига тираб турарди. – Кучинг кеп-кеп Сатторга етдими, галварс? Каллангни чирт узиб ташлайми, а? Ҳе...
– Ҳай-ҳай, тўрт ойдан бери кўришмаган ака-укаларга нима гап бўлди?! – Орага тушди онажоним инқиллаб-синқиллабт ўрнидан тураркан. – Аввал, ҳолинг қалай, эсонмисан, омонмисан, десаларинг-чи бир-бирларингга. Иккита эрдан туғмовдим-ку силарни...
Муштипарнинг овози ўзгарди. Рўмолининг учини кўзларига босди. Суяклари бўртиб чиққан елкалари уча бошлади.
Орага янгам тушди:
– Укангиз соғиниб келган. Жиянларининг дийдорига тўймай ўтирувди. Келганидан бери сизни йўқлаётганди. Сиз бўлсангиз, ўша сассиқнинг гапига кириб ўтирибсиз?.. Дўст душманнинг фарқига борасизми?
Акам қирғий кўзларини янгамга қадади. Хезланиб, юзига шапалоқ тортиб юборса бўладими...
Аралашишни ким қўйибди сенга?! Йўқол, кўзимга кўринма!..
Янгам шам қотди. Нафаси ичига тушди. Ширмой юзини кўзёшлари юва бошлади.
Жиянларим уввос солганча унинг этагига ёпишди. Зўрнинг зўғуми билан ҳаммаси ичкарига равона бўлдилар.

(Давоми навбатдаги саҳифада)

Tulqin Eshbekov
24.10.2012, 06:46
Акам қонсираган кўзларини менга тикди.
Бирор кор-ҳол чиқишидан хавотирга тушган энам рўмолини тўғрилаб, бизни муросага чақирди:
– Равшанжон, акангга салом бер, – деди мулойим оҳангда.– Уканг билан кўриш, Болтажон.
У гандираклаганча мен томон яқинлашиб, қўл чўзди. Шу он димоғимга арақ ҳиди гуп урилди. Ака-укаларнинг (ясама бўлса-да!) қўл олишганини кўрган онаизоримнинг товуши ҳирқираб чиқди:
– Яшанглар, болаларим. Сира ола бўлманглар. Олтовлон ола бўлса, оғзидагини олдирар, тўртовлон тугал бўлса, унмаганни ундирар...
Акам қўлимни қаттиқ сиқишга тиришар, хиппа-семиз, қуйруқдек қўли менинг қоқ суяк бармоқларимни оғрита олмасди.
– Кел, бир ўпиб қўяй, – деди у ариқ билан папирос бурқсиган оғзини яқинлаштираркан.
Тумшуғи типратикондек бўп кетганини шунда ҳис қилдим. Кўнглимга таскин берган нарса: мук тушиб ўтирволган энамиз синиққина жилмаярди.
Чучваралар совуб қолди. Шундоқ ҳам заҳар бўлганди. Дастурхон теварагига зўр-базўр чўкдик. Акам муроса қилди:
– Ўзимизнинг журналист деб фахрланамиз. Сен билан бутун Сирғали ғурурланади! Хомкаллалик қилиб ҳамқишлоғингга кекирдагингни чўзибсан?! Кеп-кеп Сатторга – акангнинг жўрасига, керак бўлса, ишдаги хўжайинига кучингни кўрсатмасанг асаканг кетармиди?
– Нима қиппан?
– Бало қипсан!..– Акамнинг тишлари ғижирлаб кетди.– Нега дўқ қилдинг? Мухбирлигингни нимувчин унга пеш қиласан? Зўр бўлсанг, савдо базасидагиларга ғинг деб кўрчи!.. Акалик, керак бўлса, оталик гапимни айтаяппан, Равшанбой, ҳақиқат, адолат деганларнинг кекирдаги чирт узилаяпти, ука! Ҳақиқат бўлганида Иззатулло тоғанг тўрт йил ўтириб чиқармиди? Билим юртидагилар бор-йўғи етмиш нафар талабани олти юзта деб кўрсатиб, ҳужжат тўғрилаб шунга яраша давлатдан ул-бул ундирган. Кийим-кечак, озиқ-овқат, стипендия деган нарсалар билан кун кўришаркан, у ердаги домуллолар. Ўзини виждонли ҳисоблаган тоғанг тинчгина ўқитувчилигини қилавермай... Шайдулло Одилхоновни танирмидинг? Банкадан миллион сўмни гумдон қилаётганларнинг сирини фош қиламан деб, ўзи сирли равишда гумдон бўлди. Яқинда ҳаммаси аниқланибди: шўрликни ит азобида ўлдиришган, ўлигини Дарғом даштида ёқиворишган экан... Бу вахшийликлар тепасида катталардан бири турган эмиш. Турмага тушганлар қачондир қутулиб келади, яшайди, аммо ўлган – ўлди кетди... Сен савдо ходимлари билан ўйнашадиган бўп қолдингми? Эсингда бўлсин: савдо – ўз номи билан савдо! Бурнингни тиқдингми, бошинг савдодан чиқмай ўласан! Эшаккала бўлма, ука, кўзингни оч! Ўйнашма ўша қузғунлар билан! Нима? Саттор ҳам қузғунми, дейсанми? Керак бўлса, ундан ҳам баттар бўп қолмаслигига ким кафолат беради? Бу дунё ё ули кўпники ё пули кўпники! Сатторни худо ўғилдан қиссаям, пулдан қисмаган. Пулини поёндоз қилса, Тошканинггача етади, билдингми! Қўлиям шунга яраша узун. Савдода сен ўйлаган ҳақиқатни ҳатто етти пуштинг ҳам кўролмаслигига аминман. У дунё-бу дунё савдода адолат бўлмайди,– дея жўрасининг гапларини тўтидек такрорлади акам.– Сен ҳам замонга боқиб юрмайсанми! Лоақал, иккита боланинг отаси бўлганингда ақлинг кирсин энди. Ўлсанг, тобутингни кўтарадиган жигаринг бўлганим учун куйинганимданг айтаяпман сенга. Туврими, эна?
Мук тушиб ўтирган энам билинар-билинмас бош ирғади.

(Давоми навбатдаги саҳифада)

Tulqin Eshbekov
24.10.2012, 06:49
Бундан мағрурланган акам алжишда давом этди:
– Хўш, ана ёздинг, дейлик – бу билан кимга яхши кўринмоқчисан? Ким, балли, дейди сенга? Номинг иғвогарга чиққани қолади, вассалом. Биз ҳам журналистнинг эмас, иғвогарнинг акаси, деган ном оламиз... Қўй, обрўйингни бил, ука. Билсанг, бу замоннинг иши шу: муроса қилган – бой бўлади, йўқса, ҳоли вой... Нормат амакинг ҳам сенга ўхшаб чиранганди, ўзи калака бўлди. Хўб сур-сур қилди, натижа чиқмади. Вилоят газетасига ёзди. Ўзи расво бўлди. Иккитаси келиб текширди. Амакинг ёзган хатга тўрт-беш одам қўл қўйган экан, улар тониб қолишди. «Ҳамма нарса ўз нархида сотилаяпти, бизга аъло даражада савдо хизмати кўрсатилаяпти», деб туриб олдилар. Амакинг яккамахов бўлди-қолди. Бундай пайт мен ҳам унинг ёнига тушмайман...
– Хатга имзо чекканлар нега тонишди? – Ҳайрон бўлдим.
– Саттор ҳаммасини рози қилган-да! Шу-шу, амакингни ҳамма «ёзувчи» дейди. Энди элга қўшилолмайди бечора. Начора?..
– Ҳамқишлоқлар калтафаҳмлик қилишмаганида, Нормат амакимни қўллаганларида – ҳақиқат тантана қиларди! Эсиз, эсиз... Юлғичлар, ўғри, порахўр, қаллоблар дастидан одамлар қачон эркин нафас олишади? Замонга боқ, дейсиз. Муроса, қил, дейсиз. Ҳамма замонга боқиб, муроса қилаверса адолатли, диёнатли жамият қуриб бўладими? Шуям яшашми, ахир!
– Тилининг бир қаричлигини кўраяпсизми, эна! – Акамнинг тишлари ғижирлаб кетди.– Бу ит одам бўладиганга ўхшамайди.– Сўнг, энгашиб менга дағдаға қила кетди.– Ў, менга қарагин, унақа маърузангни Тошканга қайтганингда Зумрат келинимизга ўқигин, билдингми! Ҳе, сенга қизил ҳужжат бериб қўйганларниям...
Ака-уканинг вағир-вуғуридан энамиз бошини чангаллаб қолди...

Тушимга икки нарса киргудек бўлса қаттиқ чўчийман: ит ёки Болта акам. Болалигимда итга таланганим учун итдан, кўп калтаклагани учун акамдан юрагим безиллаб қолган. Икки хил қиёфадаги феъли бир махлуқлар тушимга кирган куни лабимга учиқ тошади...
Тушимнинг таъбири аён эди.
Тағин телефон узоқдан жиринглай бошлади. Яна ўша таниш овоз.
– Нима дейсиз менга? – Томоғимга нимадир тиқилганидан овозим хирқираб чиқди. – Тинч қўясизми-йўқми?
– Ҳов, гўшакни қўиб қўйма. Барибир қутула олмайсан!– Таҳдидли товуш эшитилди.– Керак бўлса, Тошканинг ҳам бир қадам...
– Нега фельетон ёзганимни айтайми?– Биринчи марта акамга дадил-дадил сўз қота бошладим.– Тошкентга қайтаётган куним тағин жўрангизга дуч келдим. Ишшайиб, қалайсан энди, деди. Болта аканг шохингни қайтариб қўйдими, деб ҳи-ҳилайди. Тишимни тишимга қўйиб, сизнинг ҳурматингизни қип кетаётувдим, жўрангизга худонинг ўзи кўрсатди: аввалига Жуманиёз ака билан Шомурод ул-бул харид қилди, сўнг тегишли жойдан келганлар таппа босди!.. Жуманиёз ака хириллаб: «Бултир Али ака ёзганида бекор сен итнинг ёнингга тушган эканмиз, энди ўзингдан кўр», деди. Бўлди жанжал, бўлди тўполон! Амакимга хиёнат қилишган ҳамқишлоқларнинг ҳам кўзлари мошдек очилибди, ахийри...
– Ўчир! – Таҳдидли товуш келди гўшакдан. – Ҳаммаси жойига тушди. Жуманиёз билан Шомурод кал ўша куниёқ тавба қилган, текширувчи ҳам ўрага сичқон тушди, гулдур-гуп бўлган. Ҳаммасини тинчитдик, деганда газетани варақласак... Ҳе...
– Хўш, нима қилай энди?
– Сени қутқармоқчимиз...
– Нима?! – Кўзларим тиниб кетди. – Нима дедингиз?
– Ўзим қутқараман, сени! Бошингга қанақа бало келмасин – Болта аканг кўндаланг!..
– Тушунмадим?– Бошим ғувлай бошлади.– Нимадан қутқарасиз?
– Туҳмат балосидан, билдингми!– Акамнинг товушида энди қандайдир ғолиблик нафаси сезиларди.– «Савдодаги савдолар» деган мақолангда келтирилган фактлар тасдиқланмаслиги мумкин-ку, ахир! Жуманиёз билан Шомурод кал уже сендан тона бошлади. Улар сени кўрмаган, дўконга кирмаган, вассалом.
– Ҳуқуқ посбони-чи?..
– Ўша окамиз ёзган «Далолатнома»нинг бир нусхаси сенда эмиш. Туврими? Ўшани зудлик билан опкелишинг керак...
– ...
– Қўрқма, буёғи хамирдан қил суғургандек бўлади. Сатторжон ҳам сен билан бир умрга оға-ини тутинмоқчи. Бу машмашадан сени ўзи асрайди.
– Нега энди мени қутқариши керак? Қайси ўрага тушибман, ҳали?!
– Мунча нодонлик қиласан-а, Равшанбой? Ўра керак бўлса, қанақа қип тушиб қолганингни сезмай қоласан. Жоним ачиганидан гапираяпман, ахир. Алло, нега жимиб қолдинг? Алло...
– Фикримни жамлаб, қатъий қароримни айтдим:
– Осмон қўлларида бўлса, ташлаворишсин. Мақола юзасидан албатта текширув ўтказилади. Ўргамчакка ўхшаб ўзини ҳар ён уриб юрадиган Жуманиёз ва Шомурод ҳам лўлилик қилишолмайди бу гал. Мансабини суиистеъмол қилмоқчи бўлган ўша текширувчи ўз қўли билан ёзганларидан тониб кўрсин-чи...
Гўшакдан садо чиқмай қолди. Эшитилар-эшитилмас шивирлаган товуш келар, чамаси, қиёматли жўраси акамга ўргатарди. Ҳаял ўтмай унинг ялинганнамо товуши эшитилди:
– Алло, алло... мени эшитаяпсанми? Хайрият. Менга қара, укажон, эту тирноқлигимиз эсингдан чиқмасин. Мени ўйламасанг ҳам, Биби янганг, жиянларингни ўйла. Тақдиримизни хавф остида қолдирма. Бизни жарга итарма...
– Нима?! Нималар деб алжираяпсиз? Ким сизларни жарга итарибди?..
Акам ҳиқиллашга тушди, ҳатто ўкраб юборди. Ўзини тута олмаётгани сезилиб турарди. Сўнгра бўғилиб деди:
– Мақолангни кеча эрталаб ўқувдик. Кечга яқин кичкина жиянинг йўқолиб қолди... Фахриддинжон бор-ку, келаси йил мактабга борадиган, ўша йўқ... Фақат телефонда ҳиққиллаб йиғлаганини эшитдик... Буларнинг гапига яхшиликча кўнмасак ҳаммамизни йўқотишади... Тошканда ғўддайиб юрганинг билан сенинг ҳам чивиндеккина жонинг борлигини биласанми?.. Ҳа-а, чивиндек эзиб ташламасидан...
Телефон гўшаги қўлимдан тушиб кетди...

Тўлқин ЭШБЕК

1987 йил

Tulqin Eshbekov
24.10.2012, 07:01
"Муроса" ҳикояси 1987 йилда ёзилган, 1992 йилда қайта ишланиб, тўлдирилган. Реал воқеликка асосланган бу ҳикоя дастлаб Самарқанд вилоят газетасида ёритилгач, қишлоғимизда роса шов-шув бўлган. Бир акам мендан қаттиқ ранжиган... У билан ҳалигача муросамиз келишмади-келишмади-да...

Sparc
24.10.2012, 10:26
МУРОСА

(Ҳикоя)
...
Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни ўқиганмисиз? Хўш, назорат-касса аппаратингиз қани? Нега чек бермаяпсиз? Нега давлат солиғини тўламаяпсиз? Савдодан тушган пулни банкка топширмаяпсиз? ...

"Муроса" ҳикояси 1987 йилда ёзилган, 1992 йилда қайта ишланиб, тўлдирилган.

Начало реализации фундаментальных прав потребителя было положено с принятием Закона СССР от 22 мая 1991 г. «О защите прав потребителей», который , однако, в связи с распадом СССР так и не вступил в силу.
манба (http://www.allpravo.ru/diploma/doc21p7/instrum5614/print5616.html)

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси қонуни 26.04.1996 г. N 221-I
манба (http://potrebitel.uz/uz/materials/law/laws/)

Шундай қилиб, "Муроса" ҳикояси ёзилган 1987 йилда, қайта ишланган 1992 йилда ҳам " Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни ўқиганмисиз? " деган жумлага асос бўлмаган, чунки у даврда кучга кирган шу номли қонуннинг ўзи бўлмаган.

Домла, ҳикоя қандай ёзилган бўлса шундайлигича келтирилиши маъқулроқ бўлармиди, ёки "мустабид тузум" даврида ёзилган ҳамма ҳикоя, қисса, романларни ҳозирги даврга мосланган ҳолда қайта ишлаш керак деб ҳисоблайсизми ?

Tulqin Eshbekov
26.10.2012, 07:26
“КИННА”
Ҳазил

Инжиқ бўлиб қолса кичкинтой,
Давоси шу – солишар кинна.
Инсу жинсдан халос бўлган чоқ,
Чақалоқ ҳам ухлар тинчгина...

Асраш мумкин бало-қазодан,
Ёш гўдакка топилар чора.
Инсу жинслар катта одамни,
Чалиб кетса нетай, начора?

Кинначининг етсайди кучи,
Жамоамиз дардин айтарди.
Кинна солса, бошлиғимиз ҳам,
Балки асл ҳолга қайтарди…

Тўлқин ЭШБЕК

2005 йил апрель

Tulqin Eshbekov
26.10.2012, 07:40
Шундай қилиб, "Муроса" ҳикояси ёзилган 1987 йилда, қайта ишланган 1992 йилда ҳам " Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни ўқиганмисиз? " деган жумлага асос бўлмаган, чунки у даврда кучга кирган шу номли қонуннинг ўзи бўлмаган.

Эътиборингиз учун катта раҳмат. Бу ҳикоя 1987 йили Самарқанд вилоят газетасида ёритилган, 1992 йилда қисса ва ҳикоялардан иборат "Жигарбандлар" деб номланган тўпламга киритилган.
Беш-олти йил илгари "Огоҳ" газетасига ҳам сўрашганида яна қайта ишлаб "бойитганим"ни айтиш ёдимдан кўтарилибди...

Домла, ҳикоя қандай ёзилган бўлса шундайлигича келтирилиши маъқулроқ бўлармиди, ёки "мустабид тузум" даврида ёзилган ҳамма ҳикоя, қисса, романларни ҳозирги даврга мосланган ҳолда қайта ишлаш керак деб ҳисоблайсизми ?

Асл бадиий асар ўзгартирилмагани, замонга мослаштирилмагани маъқул, албатта. Чунки, у ўзига хос бир давр тарихини акс эттиргани билан ҳам қадрли-да!
Бироқ, шундай асарлар ҳам бўладики, уни қайта ишлаш мақсадга мувофиқ, деб биламан. Раҳматли устозимиз Пиримқул Қодировнинг "Уч илдиз" романи талабалар учун жуда катта маънавий хазинадир. Устозга уни энди шу ҳолида қайта нашр этиш ғалатироқ, айрим ("комсомол"га ўхшаш) атамаларни ҳозирги даврга мослаб қайта ишласангиз қандоқ бўларкан, деган таклифимни устоз мамнуният билан қабул қилган!
Камина ҳозирги катта авлод онгини анча шакллантирган, шаффофлаштирган "Уч илдиз" романининг шундай таҳрирда бугунги талабалар ҳам ўқишларини жуда хоҳлардим.
Билмадим, бу борада фикрим балки бирёқлмадир...

Tulqin Eshbekov
26.10.2012, 07:42
Биринчи бўлиб форумимизда ёритилган янги ҳикоям - "Кушанда" ҳақида ҳам фикрларингни билишни жуда истардим...

Masud Mahsudov
26.10.2012, 08:52
Шундай қилиб, "Муроса" ҳикояси ёзилган 1987 йилда, қайта ишланган 1992 йилда ҳам " Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни ўқиганмисиз? " деган жумлага асос бўлмаган, чунки у даврда кучга кирган шу номли қонуннинг ўзи бўлмаган.

Эътиборингиз учун катта раҳмат. Бу ҳикоя 1987 йили Самарқанд вилоят газетасида ёритилган, 1992 йилда қисса ва ҳикоялардан иборат "Жигарбандлар" деб номланган тўпламга киритилган.
Беш-олти йил илгари "Огоҳ" газетасига ҳам сўрашганида яна қайта ишлаб "бойитганим"ни айтиш ёдимдан кўтарилибди...

Домла, ҳикоя қандай ёзилган бўлса шундайлигича келтирилиши маъқулроқ бўлармиди, ёки "мустабид тузум" даврида ёзилган ҳамма ҳикоя, қисса, романларни ҳозирги даврга мосланган ҳолда қайта ишлаш керак деб ҳисоблайсизми ?

Асл бадиий асар ўзгартирилмагани, замонга мослаштирилмагани маъқул, албатта. Чунки, у ўзига хос бир давр тарихини акс эттиргани билан ҳам қадрли-да!
Бироқ, шундай асарлар ҳам бўладики, уни қайта ишлаш мақсадга мувофиқ, деб биламан. Раҳматли устозимиз Пиримқул Қодировнинг "Уч илдиз" романи талабалар учун жуда катта маънавий хазинадир. Устозга уни энди шу ҳолида қайта нашр этиш ғалатироқ, айрим ("комсомол"га ўхшаш) атамаларни ҳозирги даврга мослаб қайта ишласангиз қандоқ бўларкан, деган таклифимни устоз мамнуният билан қабул қилган!
Камина ҳозирги катта авлод онгини анча шакллантирган, шаффофлаштирган "Уч илдиз" романининг шундай таҳрирда бугунги талабалар ҳам ўқишларини жуда хоҳлардим.
Билмадим, бу борада фикрим балки бирёқлмадир...

Siyosat asar oyog'iga boylangan tosh - bir kuni uni albatta cho'ktirib yuboradi, (Remark).

Менимча, асар қандай бўлса, шундай берилгани маъқул, зеро ўша давр ҳақида ҳам ўқувчиларда таассурот уйғонади.

Tulqin Eshbekov
27.10.2012, 02:16
Siyosat asar oyog'iga boylangan tosh - bir kuni uni albatta cho'ktirib yuboradi, (Remark).

Ғалати гап экан...
Менинг бу борадаги фикрим шуки, асл асарларни (масалан, "Ўткан кунлар", "Юлдузли тунлар" романларини) ҳеч ким чўктира олмади, билъакс, ўша ўткинчи мутсбид тузум сиёсатининг ўзи чўкиб кетди!

Ustoz
27.10.2012, 06:48
Hech qanaqa g`alati narsa yo`q. Xali 80-yillarda men umidli yoshlardan biri sifatida, tor doirada bo`lsa ham ancha tanilib qolgan yosh shoir va yozuvchi edim, ammo har qanaqangi ta`qiqlarni ko`raverib, "Kimningdir aytgani bo`yicha yozgandan ko`ra yozuvchi bo`lmaganim ma`qul deb bu sohadan ketgan edim" (hozirgi ba`zibirlarni ko`rib noto`g`ri qilganimni tushundim, ammo endi foydasi yo`q :) ). Albatta, ketishimning yana bitta sababi ham bor-ku, bu alohida boshqa mavzu.
Yeltsin umrida bitta aqlli gap aytgan "Siyosat - bu iflos narsa."

Tulqin Eshbekov
28.10.2012, 07:03
ШОИРНИНГ ХОТИНИ
(Ҳазил)

Ҳаммасини билади ёддан,
Эри битган ҳар бир сатрини.
Шоир шунга мақтаниб, айтар:
– Хоним билар шеърнинг қадрини!

Асли ҳоли-жонига қўймай,
Ўзи қуйиб қўяр қулоққа.
Шўрлик хотин безор бўлса-да,
Сўнг кўчириб беради оққа.

Шеърни севар аслида у ҳам,
Китоб титиб ўтказар кунин.
Ўзга шоир шеърини ёдлаб,
Чиқармайди ҳеч қачон унин…

Тўлқин ЭШБЕК

2004 йил май

Tulqin Eshbekov
29.10.2012, 04:41
“МЕҲМОН”

“Тўйимизга айтилганлардан кўра
айтилмаганлар кўпроқ келишибди...”

Маҳалладош суҳбатидан.


Уни тўйга айтиш шарт эмас,
Эшитса бас, келади ўзи.
Чиқиб олар давра тўрига,
Сўнг бақрайиб туради кўзи.

Қулоғига чалинса бўлди,
Айтилгандек ҳозиру нозир.
Меҳмонжонлар бир четда қолиб,
Ўзи роса дилини ёзур.

Унга шароб тутиш шарт эмас,
Тортиб олиб ўзи қуяди.
“Тамада”лик биздан бўлсин, деб
Бошқаларга кулиб қўяди.

Сув ўрнига сипқорар ароқ,
Ичаверар қолгунча бўкиб.
Сўнг алжирар тўй эгасига,
Ҳасратини солади тўкиб:

“Нега мени тўйга айтмадинг?
Ахир, менсиз ўтадими тўй?!
Гуноҳингдан кечмоқлик учун,
Қани яна юз граммдан қуй…”

Куй авжига чиққанда у ҳам,
Рақсга тушар роса диконглаб.
Қистир-қистир бўлармикин, деб
Атрофига қўяр аланглаб.

Нафс қонса ҳам тўймайди кўзи,
Қўлига не илинса олар.
“Тўйдан юқсин” дея хаспўшлаб,
Мамнун ҳолда қўйнига солар.

Карнай-сурнай садоси ичра,
Кўнгил овлаш бўлса ўйингиз.
Баъзан шундоқ “меҳмон”лар билан,
Балки қизиқ ўтар тўйингиз...

Тўлқин ЭШБЕК

2000 йил август.

Tulqin Eshbekov
30.10.2012, 04:29
ЗАМОНАВИЙ ОИЛА

Ҳазил

Дадаси ёнбошлаган,
Телевизор олдида.
Тинмай босар пультини,
Футболга оз қолди-да!

DVDга диск қўйиб,
Мода кўрар бекаси.
Ажнабийча кўйлакнинг,
Ўзи бўлар эгаси!

Катта ўғил қўлидан,
ВИП телефон тушмайди.
Ҳамкорлари хорижда,
Савдоси ҳеч пишмайди.

Эрка қизи пайдар-пай
Жўнатади SMS.
Хаёлида ўқишмас,
600-лик “Мерседес”.

Компьютернинг ёнида,
Кенжатойи эрта-кеч.
Қулоғидан “наушник”,
Ухласа ҳам тушмас ҳеч.

Замонга мос барчаси,
Ҳозир шундай-да замон!
Фақат чол-у кампирлар,
Ўзгармади-да ҳамон.

Бозор чопар отахон,
Кампир ўчоқ бошида.
Қайнаб турса қозони,
Бахт, дейди шу ёшида.

Қийналганмиз биз, дея,
Қийнамас ҳеч ёшларни.
Ҳамон емай едирар,
Лаган-лаган ошларни!..

Тўлқин ЭШБЕК

2005 йил сентябрь

Tulqin Eshbekov
31.10.2012, 05:11
АСКАР ЙИГИТ МАКТУБИ

Ҳажвия

“...Ойижон, хизматдан қайтгунингча унаштириб қўймоқчиман, танлаган қизинг бўлса ёзиб юбор, дебсиз. Синфдошим Дилоромга совчи юбораверинг. Мабодо, у “йўқ” деса, қўшнимиз Насибанинг ҳам розилигини олгандим. У ҳам айниб кетган бўлса, Маъмур қассобнинг қизи Райҳон севгимга рози бўлувди. Уям бўлмаган тақдирда қишлоғимиздаги Робия, Инобат, Саломат, Ўғилбиби, Каромат, Маҳбубаларга ҳам одам юбориб кўринг...
Ҳеч қайсиси насиб этмаса хафа бўлманг, бу ерда прапоршчигимизнинг шаҳарда такси ҳайдайдиган жўраси бор. Унинг Марина исмли тутинган жияни бор экан. Ўтган куни ўша таксичининг ўзи таништириб қўйди. Қишлоғимиз қизлари кўнмаган тақдирда, Маринага уйланиб бораман.
Сизни ва сиз орқали номи маълум бўлмаган келинингизни ўпиб қолувчи ўғлингиз Бойхўроз”.

Тўлқин ЭШБЕК

1999 йил декабрь.

barlos
31.10.2012, 09:29
Домла, галдаги асарларингиз учун янги исмларни Сизга тавсия қиламан: АСАЛ, ЗАРИНА, ЛАЙЛИ, МОҲИНУР, НИГИНА, РУХШОНА, САМИРА, САБИНА, САҲИНА, ШАҲИНА... :)

Биз юморни тўғри тушундик, ўйлайманки, Сиз ҳам бундан мустасно эмассиз...

Nigora Umarova
31.10.2012, 16:32
Домла, галдаги асарларингиз учун янги исмларни Сизга тавсия қиламан: АСАЛ, ЗАРИНА, ЛАЙЛИ, МОҲИНУР, НИГИНА, РУХШОНА, САМИРА, САБИНА, САҲИНА, ШАҲИНА... :)

Биз юморни тўғри тушундик, ўйлайманки, Сиз ҳам бундан мустасно эмассиз...

Kecha radiodagi "Tabriklar va qutlovlar"dan kelgan SMSlarni tinglab o'tirib Siz keltirgan ismlar ham "moda"dan qolib ketibdi, deb o'yladim.

Hozir "Asalchik, Zvezdochka, Raduga, Odinochka, Odinokaya, Lastochka..." kabi nomlar urfga kira boshlabdi. Domla efirni eshitsalar shunday nomlarning bir talayini to'plab "Ismlar jilosi" mavzusiga kiritsalar ham bo'ladi. Keltirib o'tgan nomlarim hali "holva"si. ;)

barlos
31.10.2012, 20:45
Asalchik, Zvezdochka, Raduga, Odinochka

Қойил-ей, шундай исмлар ҳам пайдо бўлган бўлса, радио тингламаслик энг катта камчилигим бўлса керак. :)
Агар бу исмлар текстга қўйилиб, асар 2012 йил ҳолатига қайта ишланадиган бўлса, номи ҳам АСКАР ЙИГИТ МАКТУБИ эмас, АСКАР ЙИГИТ SMSИга айланиши тайин...

Tulqin Eshbekov
01.11.2012, 08:10
Hozir "Asalchik, Zvezdochka, Raduga, Odinochka, Odinokaya, Lastochka..." kabi nomlar urfga kira boshlabdi. Domla efirni eshitsalar shunday nomlarning bir talayini to'plab "Ismlar jilosi" mavzusiga kiritsalar ham bo'ladi.

Демак, мақоламизнинг "тўлдирилган нашри"ни тайёрлар эканмиз-да.

holva

Шунақа қизлар унаштирилганида ҳолва ўрнига жевачка юборилса ҳам бўлса керак-а. ;)

Nigora Umarova
01.11.2012, 09:04
Шунақа қизлар унаштирилганида ҳолва ўрнига жевачка юборилса ҳам бўлса керак-а. ;)

Bu hali "holvasi". Tag'in ham qog'ozga o'ralgan chiroyli ismlarni keltirdim. ;)

Nigora Umarova
01.11.2012, 15:39
Қойил-ей, шундай исмлар ҳам пайдо бўлган бўлса, радио тингламаслик энг катта камчилигим бўлса керак. :)


FM xususiy radiokanallarini eshitmas edim-ku, biroq "Xit-Parad"larni o'rganib chiqish maqsadida eshitishga majbur bo'ldim. :)

Ustoz
02.11.2012, 11:26
FM xususiy radiokanallarini eshitmas edim-ku, biroq "Xit-Parad"larni o'rganib chiqish maqsadida eshitishga majbur bo'ldim. __________________
Nega endi, men doim "Navro`z" bilan "A`lo FM"ni eshitib yuraman. "A`lo FM"ni yumori uchun ("Ikki Dugona"si qon bosimimni oshirib yuboradi :) ) "Navro`z"ni esa savollari va mukofoti uchun hurmat qilaman. Bir qop "Zelyo`niy chay" kukunini yutib olganman, uyimga olib kelib tashlashgan, hozir negadir bunday qilishmas ekan. Albatta hamma savollarini yaxshi deb bo`lmaydi-ku, har xolda ish qilayotganingizda baland ovozda radio sayrab tursa yomonmi? Bu yil tomda ishlayotganimda butun mahallam men bilan birga radio eshitgan :)
Bir xil paytlarda ish qolib ketib savollarni muhokama qilib ketardik. Ba`zi savolaru ularga berilayotgan javoblardan esa radioni irg`itib yuborging kelardi. :)

Tulqin Eshbekov
03.11.2012, 05:12
ЁЛҒОНЧИНИНГ ЧИН СЎЗИ

Ҳажвия

Дунёда рост гапирадиганлар кўпми ёки ёлғончилар? Умримда ёлғон гапирмаганман, деган кимса ҳам аслида яна бир бора ёлғон гапирган ҳисобланади. Исбот, дейсизми? Масалан, эрталаб ишга кетаётганингизда кимдир ҳол сўраган бўлади:
– Ишлар қалай?
– Зўр!– деб қўя қоласиз.
Аслида унчалик зўр эмасдир-ов. “Қўл остингизда” ишлайдиган бир тирранча пешгирлик қилган. Тоғаси “катта”лардан экан... Шунга кўнглингиз ғаш бўлсада, ҳол сўраганларга “Зўр!” деб қўя қоласиз...
– Уйлар тинчми?– Кўнгил сўраган бўлади яна кимдир.
– Худога шукур, – дейсиз нақадар бахтли одамдек. Ёлғонингизга худонинг номиниям “тиркаб” юбордингиз. Кеча ишдан қайтгач, ожизангиз билан ғижиллашганингизга кўнглингиз хижил... Жуфти ҳалолингиз ҳақида кўчадаги кимсаларга «ҳисобот» бергандан кўра бир чимдим бўлсада, ёлғон сўзлашни эп кўрасиз.
– Соғлиқ қалай?– Тағин ҳол сўраган бўлади қайсидир танишингиз.
– Яхши,– дейсиз зўр-базўр...
Юрагингиздаги безовталикни ҳаммадан сир тутасиз. Кўрдингизми, йўл-йўлакай қанча ёлғон гапириб келдингиз.
Буёғи ишхонада давом этади. Юзгачопар ёш ходимингиз дард устига чипқоннинг ўзгинаси. Ишхона бўсағасида ўша маҳмадона ишшайиб кутиб олади. Юзингда кўзинг борми демасдан шартакилик қилади:
– А-ҳа, хўжайин, ўзлариям кеч қоптилар-ку?!
– Нима, сенга ҳисобот беришим керакми?– Зардангиз қайнаб кетади. Барибир, муросаи мадора қилишга мажбурсиз.– Ҳокимликка чақиришган экан, ушланиб қолдим, бўлдими?
Ёш ходим негадир ишшаяди. Қандайдир қоғозчани тутқазади-да, буйруқ оҳангида гапиради:
– Марҳамат, шу рақамга сим қоқаркансиз!...
Биров-бировдан қўрқадиган замон бўлмаса-да, номини эшитганда сал-палгина этингизни жунжиктирадиган тўралар ҳам йўқ эмас-да. Ўша ёқдан юборилган «ташрифнома»даги рақамни терасиз. Саломингизга бениҳоя калондимоғлик ила алик олган «табаррук зот»га шундай ёлғон сўзлар айтишга мажбурсиз:
– Сизни жуда ҳурмат қиламан. Сиз устозим, отамсиз...
– Биззи жиян қалай?– Чўрт кесиб сўрайди у.
Тилингиз ўзингизга бўйсунмайди; қўлидан бир тийинлик иш келмайдиган тирмизакни шунчалик мақтайсизки... ҳатто ўзингиз ҳам шу қадар “ноёб кадр”нинг қадрига етмаётганингиздан афсусланиб кетасиз...
Аслида шунча ёлғонни тўқиб ташлаган тилингизга қойил қоласиз…
Қолгани уйда давом этади. Кечқурун бир алфозда келсангиз, эрталаб дилингизни хун қилиб юборган хотинингиз ясамароқ тиржайган кўйи шундай дейди:
– Жа-а соғинтириб юбордингизу дадажониси...
Завжангизнинг қувноқ кўзларига ҳар қанча тикилманг, барибир, гапи рост-ёлғонлигини ажрата олмайсиз. Бунга жавобан бўғзингиздан жўрттага шундай сўзлар отилиб чиқади:
– Мен ҳам жуда-жуда соғиндим...
Озроққина хордиқ чиқариш илинжида телевизорни қўясиз. Тунов куни бир шоир билан бўлган учрашувни намойиш этяпти. Унга савол бераётган шеърият шайдосига қулоқ тутасиз.
– Умрингизда ёлғон гапирганмисиз?
“Умрингизда рост гапирганмисиз?”– десанг, тўғрироқ бўлармиди, дея ўзингизча ғижиниб қўясиз.
Сўнг, чалқанча ётаркансиз, кунни қанчадан-қанча ёлғон гаплар билан ўтказганингизни санаб саноғига етолмайсиз...
Ушбу қораламаларимни ўқиётиб бошингизни сарак-сарак қилмасдан виждонан айтинг-чи, шу кунгача тилингиздан чиққан гапларнинг қанчаси ёлғон, қанчаси рост?

Тўлқин ЭШБЕК

1998 йил апрель.

gofurov
03.11.2012, 09:52
1.Дунёда рост гапирадиганлар кўпми ёки ёлғончилар? Умримда ёлғон гапирмаганман, .......................... Кўрдингизми, йўл-йўлакай қанча ёлғон гапириб келдингиз.
2.Буёғи ишхонада давом этади.....................
“Умрингизда рост гапирганмисиз?”– десанг, тўғрироқ бўлармиди, дея ўзингизча ғижиниб қўясиз.
3.виждонан айтинг-чи, шу кунгача тилингиздан чиққан гапларнинг қанчаси ёлғон, қанчаси рост?

1. Хаётий 2. Ясама 3. Ўзимиз учун яхши савол.

Tulqin Eshbekov
04.11.2012, 06:28
1. Хаётий 2. Ясама 3. Ўзимиз учун яхши савол.

Фикрингиз учун ташаккур.
Вақт топсангиз, бошда жойлаштирилган "Кушанда" сарлавҳали мақоламизга ҳам муносабат билдирсангиз мамнун бўлардим.

Tulqin Eshbekov
07.11.2012, 05:04
“ҲУКМ”

(Ҳикоя)

Шоалим ошнам мендан китоб сўрагани-сўраган. Бир гал ўйламай-нетмай “Жиноят кодекси” деган китобимни бериб юборибман. Бир ҳафтача ўтгач, у омонатимни қайтариб бераркан, дардини достон қилди:
– Кўп билсанг – тез қарийсан, деганлари шу экан-да, а?! Ажалимдан беш кун бурун адойи тамом бўлишимга бир баҳя қолди-я…
– Тушунмадим?– Ҳайрон бўлиб термулдим ошнамнинг юзига. Унинг ола-кула кўзларидан жўялироқ гап уқиш мушкул эди.– Очироқ гапирсанг-чи…
– Бир пайтлар “Соғлом бўлай десанг” китобини ўқиб, тўшакка михланиб қолгандим. Ўшанда соғ жойим йўқ экан-ку, деган ўй босиб, жоним “чирт” узулаёзганди,– деди у гапни узоқдан бошлаб.– “Жиноят кодекси”ни ўқиб, ўзимни дунёдаги энг ашаддий жиноятчидек ҳис қиляпман, билдингми! Телба бўлиб қолдингми, дейсанми? Ғирт телбалардан фарқим қолмади… Шунчалик кўп жиноят содир этиб юрганимни билмаган эканман... Санайверсам адоғи йўғ-а. Китоб кўзимни мошдек очди!.. Қиларимни қилиб, туя кўрдингми йўқ, дегандек юраверган эканман-да?! Ишонасанми, чорак асрдан буён қилган жиноятларимга қонуний жазо берилса – юз йил “ўтирсам” ҳам етмаскан! Иннайкейин, қоқ пешонамдан отиб ташласа ҳам камлик қиларкан…
– Нафасингни иссиқроқ қилсанг-чи,– дедим уни шаштидан қайтаришга уриниб.– Тиббий китобдан организмингни ўрганган бўлсанг, буниси ҳуқуқий билимингни оширибди! Бунинг нимаси ёмон?
Жўрам тиришган пешонасини баттар тириштирган кўйи савол ташлади:
– Мактабда шуларни нега ўргатишмаган? Нега кўр бўлиб юрибмиз?..
– Анча-мунча ўргатишган!– Изоҳ бердим атай.– Ўзинг қулоқсизроқ эдинг! Карра-каррани ёдламаганинг учун математика муаллими дашном бергани эсингдами? “Одам анатомияси”, “Жамиятшунослик” дарсларида ҳам мутлақо қулоқ солмасдинг. Энди ҳечдан кўра кеч бўлсаям ўрганганинг яхши бўпти...
Ошнам бироз каловланиб тургач, томдан тараша тушгандек гап ташлади:
– Менинг айтганларимни бировга гуллаб қўймайсанми?
– Хўш, нима гап?
– Гулламайсан-а?
– Хўп, сен айтганча бўлсин,– дедим унга қўл ташлаб.– Нима демоқчисан?
Ошнамнинг дилидаги тилига кўчди:

(Давоми навбатдаги саҳифада)

Tulqin Eshbekov
07.11.2012, 05:06
– Очиғи ўзимдан ўзим жирканиб кетяпман. Наҳот, шунчалик бузғунчилик, жиноятлар қилиб юрган бўлсам?!
– Нима бўлса бўлгандир,– дедим уни юпатган бўлиб.– Бу ёғига тинч юр!..
У дардига малҳам топган бемордек қувониб кетди:
– Топдим! Исмимни ўзгартириб газетага ёзсанг-чи! Ўзимга ўхшаганларга сабоқ бўлади! Очиғи, мендек босар-тусарини билмай юрганлар тиқилиб ётибди. Билиб-билмай жиноят қип юрганларнинг сони бор, саноғи йўқ… Эсингда бўлса, тўққизинчи синфда қилган номаъулчилигимиз жиноят ғирт эмасмиди?! Ёдингга тушдими? Танзила деб лақаб қўйган қизимизни мактаб омборхонасига алдаб олиб киргандик. Нима қилувдик? Эҳ-а, сен йўқ эдинг-а! Элдор, Шерпўлат уччовмиз… Э, қўй, у ёғини айтмайман. Яхшиям, ўшанда қоровул бобо келиб қолганди. Энди ўйлаб кўрсам, ўшанда худо бир асраган экан. Барибир, қилган ишимиз жиноятлигини энди тушундим. Ўша синфдош қиз ҳам бахтини топиб кетди! Ўтган куни ўғилчаси билан бозорда юрганини кўриб, шу қилмишимиздан бирам уялиб кетдим-ки. Товба, мунча ахмоқ бўлган эканмиз-а?! Саккизинчи синфда партадош қизнинг қўлидан ушлашни Ким қўйибди?! Бундан баттари ҳам бўлган. Бу қилмишларим жиноят асли эканини ўқиб, кўзимдан олов чиқиб кетди!.. “Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш” деган моддани қаёқдан билибмиз... Баъзи жониворларни таҳқирлаганим ҳам жиноят бўлгани ўша китобда аниқ-тиниқ ёзиб қўйилган…
– Ёшликда ақлинг етмаган-да,– дедим уни юпатган бўлиб.– Буёғига қадамингни ўйлаб боссанг бўлгани…
– Мени нима ташвишга солаётганини биласанми?
– Хўш?– Гапининг тагида яна қанақа нимкоса борлиги билишга қизиқиб қарадим унинг юзига.
– Бугун ҳам айрим болалар шунақа номаъулчиликлар қилиб юргандир? Кейин, билмайин босдим тиканни, деб юришса-я...
– Марамат, ўғлингга тушунтир! “Отанг еган номаъулчиликларни ема”, де! Ўшанда кони савоб иш қилган бўласан!
– Мўйлаби сабза урган ўғлимга қай тил билан гапираман? Яхшиси, ўзинг шулар ҳақида газетага ёз!– Ошнам беихтиёр бош чайқади.– Шунчалик кўп жиноят қилган эканманки, санаб адоғига етомайман. Қара, “баданга шикаст етказиш” деган модда бир нечта экан...
Эҳ, ошна, дўппини бошдан олиб, болаликда жиққа-мушт бўлганларимдан то хотинимни моматалоқ қилиб урганимгача ҳисоблаб чиқай десам, чўтга сиғмаскан.
Маст-аласт ҳолдаги қилмишларим ҳеч бир қуюшонга сиғмаскан… Манави китобингни ўқимай юраверганимда алал-оқибат жиноят ботқоғига ботиб юраверар эканман... “Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш” деган модда ва шунга яраша жазо борлигини билганимда қанча шўрпешоналарни таҳликага солиб юрмасдим… Қишлоқда ўзимни “шеф” деб ҳисоблаб юрсам бу ёқда қонун чатоқ экан-ку?! Яхшиямки, каминадан қўрқиб юрганлар бу қонунни билишмайди!
Собира холани жирканч йўлга бошлаганим учун бир умр пушмон қилсам ҳам ўрнига тушмайди. Ёлғизликда бироз қийналган холага кўрсатган “ёрдамим” – уйида фоҳишахона очиб бергандим. “Хос хонаси”га чизиб берган расмларимни кўрган ҳар қандай киши лоҳас бўлиб қоларди. Ўшанда холамизнинг ошиғи олчи бўлганди… Бултур видеомагнитафон олган экан, ҳалигидақа кассетадан иккитасини инъом қиливордим. “Портнографик нарсаларни тайёрлаш ёки тарқатиш” деган моддани ўқиб кўзимдан ўт чиқиб кетди. Кечирилмас гуноҳ қилган эканман, ошна. “Фоҳишахона сақлаш ёки қўшмачиик қилиш” деган моддалар ҳам кўзимни мошдек очди.
Бултур бир ахмоқнинг гапига ишониб раҳматли отам қабрига ўрнатилган лавҳани бузиб ташлагандим. “Қабрни таҳқирлаш” деган моддани ўқиб бармоғимни тишлаб қолдим.
Ўзимча савоб қилдим, деб қанча аёлни ерга тегишга мажбурлаган ёки эрга тегишига тўсқинлик қилганимни бўйнимга олсам, ҳар бири учун уч йилдан қамалишим керак экан?! Камида ўнта аёлга нисбатан шундай хатти-ҳаракат содир этган бўлсам, жами – ўттиз йил…
Қонунни яратаётганлар худди қилмишларимни кўрганга ўхшайди-я. Ҳар бир хатти-ҳаракатим тегишли моддаларда акс этган. “Ҳомила тушириш” (аборт) деб ёзишганини қаранг. Хуфёна айш-ишратларнинг миси чиқиб қолмасин, дея нечтасини шунақа кўйга солгандим. Албатта, ҳар гал худодан кечирим сўрагандик. Яратганнинг бағри кенг эканлигига иймоним комил, бироқ, қонун кечирармикин?..
Эй, жўражон, ҳозир ҳам қанчаси шунақа гуноҳларга ботяпти. Хумий деган шоирнинг бир шеъри ёдимга тушди:
“Туғилди қанчалар гўдак, бўғилди қанчалар нораста,
Атосининг тайини йўқ, аноси беникоҳлардин”…
Манави моддани қара: “Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик”… Неча марта мансаб отига миниб қолганда ўз вазифаларимни лозим даражада адо этдимми? Адо этмаганим ҳам жиноят бўлган экан...

(Давоми навбатдаги саҳифада)

Tulqin Eshbekov
07.11.2012, 05:07
Ҳозир ҳам қонунни билмай юрганлар камми? Улар битта моддада ёзиб қўйилгандек, “ўз касбига нисбатан бепарволиги ёки инсофсизлик билан муносабатда бўлиши” қанақа оқибатларга олиб келишини тушунишармикин? Шунинг оқибатида тан жароҳати у ёқда турсин, ҳатто жон жароҳатлари ҳам учрайди-ку. Каллаварамлигимни қара, ўзим бирор марта касбимни виждонан, инсоф билан адо этмаганман. Шул боис мироблигимни кўпчилик билмайди. Битта хўжаликда мироб сифатида маош оламан-у, бу ёқда бизнеслик қилиб юрибман. Бу ишим ҳам қонунга зид экан...
– Хўш, бу соҳада ишларинг юришяптими?
– Қонун тили билан айтганда тўқсон беш фоиз ишимиз: “Товламачилик”, “Талончилик”, “Фирибгарлик”, “Алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш”, “Сохта тадбиркорлик” деган моддаларга мос ва ҳоказо...
Шу тобда уни юпатиш учун жўялироқ сўз тополмай қийналардим. Охири топган гапим шу бўлди:
– Эзгуликнинг кечи йўқ; энди инсофга келган бўлсанг ҳам катта гап!
Ошнам бошини чангаллаган кўйи уф тортди. Чамаси, юрагини нимта-нимта қилаётган ўйлар тилига чиқаётганди:
– Китобингни ўқиётиб, вужудим титраб кетди. Деарли ҳар бир қилиғимга яраша модда бор экан. Ё, навзамбилилло. Олис қишлоқда йўлларимга кўз тикиб ўтирган онаизоримнинг ҳолидан хабар олмаганимга неча йил бўлди? Бизнес ишларим юришиб кетгач, катта шаҳарга яраша бўлсин дея ҳашаматли уй қуришга, машина, дала ҳовли олишга шунча пул, имконият топган мен нотавон ногирон отам билан букчайиб қолган онамни “моддий таъминлаш” у ёқда турсин, охирги марта қачон бориб кўрганимни ҳам эслай олмайман. Минг раҳмат қонунга. Қаранг-ки “Ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлаш” жиноят деб ёзиб қўйилган! Худди шу жиноятим учун мени ҳар қанча жазоласалар арзийди…
Беихтиёр ошнамнинг гапини бўлдим:
– Очиғи, мен ҳам бу жиноятдан йироқ эмасман,– дедим тан олиб.– Кекса ота-онамга бир йилдан бери на пул, на икки энлик хат жўнатдим. Қандоқ тошбағирман-а...
– Азага борган хотин ўз дардини айтиб йиғлаганга ўхшаб нега гапимни бўласан?!– Жиғибийрони чиқди ошнамнинг.– Аввал менинг дардимни эшит. Баъзи гуноҳларим учун сен ҳам айбдорсан!
– Тушунмадим?..
– Нега баъзи ишларимга томошабин бўлиб турасан?
– Масалан?
– Албинани иккинчи хотин қилиб олмоқчиман, деганимда нега йўлдан қайтармадинг?
Ошнамнинг бу гапига жўялироқ жавоб топа олмай елка қисдим.
У бошини сарак-сарак қилганча давом этди:
– “Кўп хотинли бўлиш” мумкин эмаслиги ҳақида ҳам модда бор экан. Шу ҳақда ўқиб капалагим учиб кетди. Тунов куни ошда лақмалик қилиб айтган гапимни қара: “отамнинг икки ўғли, учта келини бор, каминанинг жуфти иккита!” деб улфатларимни кулдирдим-а? Бу қилмишим учун ҳали қанча пушмон бўлсам керак…
– Қонунийси битта-ку?– Юпатган бўлдим уни.– Буни ҳаёт дейдилар…
– Барибир, бошқаси билан ҳам яшаётганимни ким билмайди? Энг ёмони, қонунда бунгаям жазо бор экан…
– Бўлдими?
– Жиноятимми?– Кўзлари ола-кула бўлди ошнамнинг.– Санашни энди бошладим-ку. Мана, қара, “сирни ошкор қилиш” қонунда маън қилинган экан. Қишлоқда Пошшали почтачиникига бориб турардим. У уйига кўтариб келган хатларни бирма-бир очиб ўқирдим. Савил қолгур, ичимда гап турмай, қанча одамнинг кўнгил шишасини синдирганман… Худонинг ўзи кечирсин,– деди ошнам тушкун кайфиятда.– Кўп моддалар менинг хатти-ҳаракатларим ҳақида ёзилгандек. Ҳар бир қадамим жиноят кўчасига бурилиб кетганини энди англадим. Бўлмаса, бировларни ҳақорат қилганман, туҳматдан тойган эмасман. Ваҳоланки, “Ҳақорат қилиш”, “Туҳмат” деган моддалар ҳам бор экан. Ошна, бу ёғини сўрасанг “Меҳнат қилиш ҳуқуқини бузиш”, “Ўғирлик”, “Атроф табиий муҳитни ифлослантириш”, “Табиий муҳитнинг ифлосланиши оқибатларини бартараф қилиш чораларини кўрмаслик”, “Экинзор, ўрмон ёки бошқа дов-дарахтларга шикаст етказиш ёки уларни нобуд қилиш”, “Мансабга совуққонлик билан қараш”, “Мансаб сохтакорлиги”, “Ўзбошимчалик”, “Пора олиш”, “Пора бериш”, “Ёлғон хабар бериш”, “Ёлғон гувоҳлик бериш”, “Меҳнатни муофаза қилиш қоидаларини бузиш”, “Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш”, “Автомобил йўлларидан фойдаланиш ва уларни қўриқлаш қоидаларини бузиш”, “Безорилик” деган моддаларнинг ҳар бирида менинг “образим” аён кўриниб турганга ўхшашини қай тил билан айтай?..
Уни тинчлантириш ниятида шундай дедим:
– Шунча тавба қилганинг етар...
Шоалим яна “уҳ” тортди. Бироз тин олгач, бошини илкис кўтарганча ғалати савол берди:
– Эй, ошна, бир нарса сўрасам майлими?
– Сўра.
– Шу китобингни ҳамма бирдек ўқиб, ўз гуноҳига виждонан иқрор бўлса ва тавба-тазарру қилса нима бўларди?
Жўрамнинг саволига дафъатан жавоб бера олмадим.
Жўнгина савол замирида бир дунё гап бордек эди…

Тўлқин ЭШБЕК

2000 йил, март

Tulqin Eshbekov
08.11.2012, 02:15
Бошда жойлаштирилган "Кушанда" сарлавҳали ҳикояга фикрларингизни кутаяпман.

Tulqin Eshbekov
16.12.2012, 09:48
"Тасанно, душманжонлар!" деб номланган ҳажвий қисса устида ишлаяпман.
Ўйлаб қаралса, дўстингиздан қанчалик кўп яхшилик кўрсангиз, душманларингиздан кўрганларингиз ҳам ундан кам бўлмайди. Фақат, уни тўғри англамоқ керак. Шахсан муаллиф ҳаётда эришган барча ютуқларида азиз душманларининг ҳам салмоқли ҳиссаси борлигини бадиий лавҳаларда ёритишга ҳаракат қилмоқда...

Muhammad Ismoil
18.12.2012, 21:31
Ижодингизга барака Тўлқин ака!

Tulqin Eshbekov
06.03.2013, 15:13
ЗАМИРИДА ОЛАМЧА МАЪНО

Азалдан турли шаҳару қишлоқлар, маҳаллаю кўчалар, боғлар, тоғлар, уммону дарёларгача турфа номлар билан аталиб келинган. Жой номларини танлашда донишманд бобокалонларимиз улар мазмун моҳиятига жиддий эътибор билан қараганлар. Бирор жойга шунчаки ном қўйилмаган. Кўп ҳолларда жойлар табиати, манзараси, одамларининг машғулотларига мос ном танланган. Масалан, турфа боғлари билан ном чиқарган маҳаллалар – Бодомзор, Ўрикзор, Олмазор, Чилонзор, Мевазор, Гулзор, Мингчинор, Теракзор, Тутзор, Арчазор, Қатортол деб аталган.
Ҳунармандлар истиқомат қиладиган жойлар ўша касб-ҳунарга уйғун ҳолда Сандиқчилар маҳалласи, Кўмирчилар маҳалласи, Ўқчи маҳалла, Бешикчилар маҳалласи, Тақачилар маҳалласи деб юритилган. Айрим маҳаллалар таниқли ҳунармандларнинг касб-кори ва номи билан аталган. Масалан, Уста Ширин, Полвон ота, Олим заргар маҳалласи сингари. Зеро, тарихий илдизларимиз нечоғли бақувват бўлганини ўша жой номлари мисолида кўришимиз мумкин. "Тошкент энциклопедияси"да маҳаллалар тарихига оид қизиқарли маълумотлар берилган. Жумладан, жой номларида ўзига хос маъно мужассам экан. Дегрезлик (қозон қуювчилар), Тожиккўча (тожиклар яшайдиган) ва бошқалар. Кўп маҳаллалар шу территориядаги ариқ, ҳовуз, кўприк, масжид, жой рельефи ҳамда бошқа номлар билан аталган ва аксинча, уларга (кўпроқ масжидларга) маҳаллаларнинг номлари берилган. Айни вақтда "Гузар" атамаси маҳаллалар номига ҳам ўтган (масалан, Эшонгузар, Шоҳингузар, Гузарбоши маҳаллалари ва бошқалар). Шаҳарсозлик нуқтаи назаридан маҳалла негизини катта кўчанинг бир қисми, нисбатан кичикроқ кўча ёки тармоқланган бир неча кичик кўчалар ташкил этган. Йирик маҳаллалар бир неча қисмларга ёки кўчаларга бўлинган. Вақт ўтиши билан уларнинг баъзилари ривожлана бориб, алоҳида маҳалла бўлиб кетган. Бу жараён маҳалла номларида ҳам акс этган. Масалан, 1-, 2-, 3-, 4-Эшонгузар, Юқори, Ўрта, Қуйи Оқмасжид, Катта ва Кичик Камолон маҳаллаларининг тарихи бир неча юз йилларга бориб тақалиши сир эмас.
Бундай тарихий номлар ҳозиргача сақланиб келаётгани эътиборга моликдир. Маҳаллаю даҳаларни номлашда аждодларимизнинг ана шундай ажойиб анъаналари табиий равишда давом этганини ҳам теран нигоҳ ила кузатиш мумкин. Бир вақтлар маҳаллалар ҳунармандчилик номлари билан боғлаб айтилган бўлса, айтайлик, пойтахт шаҳримиз илму маърифат бўстонига айлана бошлаган кезлардаёқ шунга монанд замонавий номлар вужудга кела бошлади. Уларнинг моҳиятига эътибор беринг: Академиклар шаҳарчаси, Профессорлар шаҳарчаси, Талабалар шаҳарчаси, Шифокорлар шаҳарчаси, Аваиасозлар шаҳарчаси, Шоирлар хиёбони... Дилга ором бахш этувчи бундай номлар рўйхатини узоқ давом эттириш мумкин. Эътиборли жиҳати шуки, ўша шаҳарчаларда асосан олимлар, талабалар, шифокорлар, авиасозлар истиқомат қилишади. Фахр-ифтихор ила айтишимиз мумкинки, дарҳақиқат, пойтахт шаҳримизда илм-фан ва турли соҳалар шунга монанд равнақ топиб бормоқда.
Маънавий қадриятлар орасида жой номларининг аҳамияти қанчалик катта эканлигини собиқ мустабид тузум даври корчалонлари ҳам яхши билганлар. Маҳаллий аҳолини шундай маънавий меросидан жудо қилиш мақсадида жой номларини қанчалик оёқости қилишганини мустақилликка эришгач англаганимиз сир эмас. Ўша кезларда кўпгина тарихий номлар атай йўққа чиқарилган. Улар ўрнига туб ерли халққа тушунарсиз номлар топиб қўйиларди. Биргина Тошкентдаги кўпгина кўчаларнинг номлари ҳам мутлақо тушунарсиз эди, яъни, "Ц–4", "Ц–5", "Г–30"га ўхшаш номларни қандай изоҳлаш мумкин? Ахир, ўша жойларда ҳам азал-азалдан инсонлар истиқомат қилиб келишган ва уларнинг асл номлари бўлган-ку!
Кези келганда яна бир “сунъий муаммо” ҳақида ҳам айтиб ўтиш жоиз. Ўша кезларда қайсидир шахслар номи билан аталган жойларда уларнинг фамилияси нотўғри ёзиб қўйилгани оқибатида кулгили ҳол пайдо бўлган. Масалан, Профессорлар шаҳарчасидаги Хўжаев (исмини аниқлай олмадик) кўчаси кўрсаткичларда – “Ходжаева” тариқасида ёзилган. Энди ўша кўчада истиқомат қилувчилардан манзилини сўрасангиз “Ходжаева”да туришини таъкидлайдилар... Имловий хатоси етмагандек эркак кишининг фамилияси “аёлники” бўлиб қолганига тоқат қилиб бўладими?
Замирида оламча маъно мужассам бўлган умрибоқий номлар, яъни, маърифий маъно кашф этувчи маҳаллалар, қишлоғу шаҳарларимизнинг азалий номлари аждодлардан авлодларга мангу мерос бўлиб қолишига ишонч пайдо бўлганини алоҳида таъкидламоқчиман.
Беқиёс маънавий бойликларимиз бисоти бўлган маҳаллаларимизда нафақат номлар, балки яна ўнлаб асл қадриятлар ҳам сақланиб келади. Аждодлардан мерос маҳаллалар аслида қадимий қадриятлар бешигидир.
Маҳалла аввало одамлар бошини қовуштирадиган, замонавий PR (пиар) нуқтаи назаридан – жамоатчилик билан алоқаларни йўлга қўйиш учун ҳар томонлама қулай маскан ҳисобланган. Одамларнинг ҳар қандай муҳим муаммоси шу ерда бамаслаҳат ҳал этилган. “Кўпдан кўп фикр чиқади”, “Маслаҳатли тўй тарқамас” деган мақоллар амалда маҳалла фаолиятининг мазмунига, таъбир жоиз бўлса, мақсадига айланиб кетган. Ҳар бир маҳалланинг кўкаламзорлаштирилган жамоат маркази, масжиди, чойхонаси, аҳолисининг тўй-ҳашамга, аза-маъракага зарур умумий мулки бўлган. Тўй-ҳашамлар, маросимлар, ҳашарлар маҳалладошлар ўртасида мудом меҳр ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилган.
Мамлакатимизда маҳалла фаолиятига жиддий эътибор қаратилаётган бугунги кунда аждодларимизнинг ана шу ибратли ишларини изчил давом эттириш ҳам фарз, ҳам қарздир.
Боболаримиз қалъаю қўрғонлари ичра маҳаллаларни барпо этишиб, унда нафақат халқ бўлиб турмуш кечириш, айни пайтда беқиёс миллий қадриятларимиз урф-одатларимиз, бетакрор анъаналаримизни ҳаёт тарзига мослаб кашф этган. Шу нуқтаи назардан маҳалла – маънавий бойликлар бешиги бўлиб, унда инсон умри ибтидосида куйланадиган она алласидан то паймона тўлган кезда айтиб йиғлашларгача бўлган удумлар ўз шаклу шамойилини топган.
Миллий ҳаёт тарзимиз шаклланиши ва авлоддан авлодга маънавий мерос сифатида ўтиб келишида маҳаллаларнинг ўрни беқиёсдир. Асл миллий қадриятларимизни равнақ топтиришда донишманд боболаримиз аввало маҳалла мададига таянган. Инсон сиймосига мудом жило бергувчи миллий тарбиямиз ўчоғи ҳам маҳалладир. “Маҳалла – ота-онанг”, “Бир болага етти маҳалла ота-она” каби қадимий мақоллар замирида ҳам олам-олам маъно мужассам. Зеро, Юртбошимиз таъбири билан айтганда, "маҳалла – ижтимоий-сиёсий ҳаётимизнинг кўзгусидир, халқимизнинг энг сара анъаналари, урф-одатлари, хусусан меҳр-шафқат, мурувват, тўйда ҳам, азада ҳам эс-улуснинг ҳамжиҳатлиги маҳалла ҳаётида ёрқин намоён бўлган ва бўлмоқда".

Masud Mahsudov
06.03.2013, 20:39
Биргина Тошкентдаги кўпгина кўчаларнинг номлари ҳам мутлақо тушунарсиз эди, яъни, "Ц–4", "Ц–5", "Г–30"га ўхшаш номларни қандай изоҳлаш мумкин? Ахир, ўша жойларда ҳам азал-азалдан инсонлар истиқомат қилиб келишган ва уларнинг асл номлари бўлган-ку!

Кези келганда яна бир “сунъий муаммо” ҳақида ҳам айтиб ўтиш жоиз. Ўша кезларда қайсидир шахслар номи билан аталган жойларда уларнинг фамилияси нотўғри ёзиб қўйилгани оқибатида кулгили ҳол пайдо бўлган. Масалан, Профессорлар шаҳарчасидаги Хўжаев (исмини аниқлай олмадик) кўчаси кўрсаткичларда – “Ходжаева” тариқасида ёзилган. Энди ўша кўчада истиқомат қилувчилардан манзилини сўрасангиз “Ходжаева”да туришини таъкидлайдилар... Имловий хатоси етмагандек эркак кишининг фамилияси “аёлники” бўлиб қолганига тоқат қилиб бўладими?

Домла, Ц-4, Ц-5 номланишлар Марказ (Центр) сўзининг қисқартмаси бўлиб, уни ўзбекчада Марказ-4, Марказ-5 деб юритамиз. Агар Тошкент шаҳар харитасини кўз олдингизга келтирсангиз, унинг марказий қисмини бир неча бўлакларга бўлиб, рақамлаб чиқилган. Буни тушуниш қийин эмас.

"Ходжаева" кўчасига келсак, эркакнинг фамилияси аёлники бўлиб қолмаган, буни тушиниш учун бошланғич рус тилини билиш кифоя, авваллари кўчалар русча номланганда улица Космонавтов, улица имени Шарофа Рашидова, улица им. Файзулла Ходжаева қабилида бўлган, шу сабаб шундай ёзувни кўрган бўлишингиз мумкин. Руслар фамилияларни ўз тилига мослаштирганда ж харфи олдига д қўйиши ҳам оддий ҳол (Жамбул - Джамбул, Жидда - Джидда ва ҳк). Биз ҳам уларнинг ц ҳарфини тс ёки с қилиб олаяпмиз-ку... :)

Tulqin Eshbekov
06.03.2013, 22:24
Ижодингизга барака

Миллийлик байроғини кўтариш бир авлод вакилларига осон бўлмаган. Юртимиз истиқлоли арафасида бу мавзуда қанча мақолалар ёзгандик. Сизнинг, умуман, ўша давр заҳматини чеккан тенгдошлар, биздан ёши улуғроқ устозлар ижодида шу кунгача ана шундай руҳни ҳис этаман доим. Ўзликка чинакам қайтиш йўлида ҳали кўп меҳнат қилишимиз лозимлиги кўриниб турибди.