PDA

Просмотр полной версии : Томошабинлар кўнглини чарағон этган етук санъаткор - Ёдгор Саъдиев билан суҳбат

Nigora Umarova
05.01.2012, 17:02
Азиз форумдошлар!

Шундай актёрлар бўладики, улар ижро этган роллари орқали миллатининг, халқининг юраги тўридан муносиб ўрин олади. Уларнинг роль ижро этаётган давридаги ижод завқи чоғларидаги кўнглидан таралаётган нур томошабинлар қалбини забт этади, ижобий қаҳрамонларининг хислатлари томошабинга маълум маънода "юқади". Навбатдаги суҳбати аржумандимиз Ўзбекистон халқ артисти Давлат мукофотининг совриндори Ёдгор Саъдиев биландир.
Ушбу мавзуда актёримизнинг ижоди ҳақидаги ўзингизни қизиқтирган саволларингизни қолдиришингиз мумкин.

Nigora Umarova
05.01.2012, 17:33
https://img.uforum.uz/images/bbvutfc9825662.jpg

Ўзбекистон халқ артисти, режиссёр Ёдгор Саъдиев 1946 йилнинг 12 июнида Тошкентнинг Себзор даҳасида таваллуд топган.
1971 йили Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тугатган. 1968 йилдан ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театрида ишлаган. Шунингдек, 1998 йилдан Ўзбекистон Ички ишлар Вазирлиги қошидаги “Қалқон” студиясининг бадиий раҳбари.
Ёдгор Саъдиевнинг ижоди ижтимоий, фалсафий, ғоявий мазмун билан йўғрилган бўлиб, қаҳрамонлар хусусиятини, ижтимоий муҳит билан муносабатларини, ички дунёси ва кечинмаларини психологик ўткир тарзда талқин этиши билан ажралиб туради. Қаҳрамонга драматик ҳатти-ҳаракат, оҳанг, имо-ишора топа олиши, унинг ички ва ташқи томонини уйғунлаштира олиши билан диққатга сазовордир.
“Мирзо Улуғбек” спектаклидаги Франция элчиси театр саҳнасидаги илк образидир. Карл Морр (“Қароқчилар”), Кочкарёв (“Уйланиш”), эртакчи (“Қор маликаси”), Ғофир (“Бой ила хизматчи”), Прометей (“Оловни ташлама, Прометей”), кичик ўғил (“Ғариблар”), Бобур (“Юлдузли тунлар”), Климков (“Рўйхатларда йўқ”), Арслон (“Ойна”), Абдураҳмон (“Меҳробдан чаён”), Филипп (“Рўё”, 1983 йилда шу роли учун “Йилнинг энг яхши эркак роли” номинациясига сазовор бўлган), Аброр Ҳидоятов (“Томоша давом этади”) , Маъмур (“Келинлар қўзғалони”) каби 60 дан ортиқ ролларни маҳорат билан ижро этган.
Ёдгор Саъдиев кинода Абдусалом (“Дилбарим”), Олимжон (“Ўн уч терак кўчаси”, Довженко номидаги киностудия), Шайх Жаъфар (“Енгилмас”), Дадабўри (“Армон”), Тагай (“Минорхўрлик Жўра овчи”), Майор Мицуми (“Манжур варианти”, Қозоқфильм), 20 қисмли “Шайтанат” да Асадбек, “Иблис девори”да Иброҳим амаки роллари билан шуҳрат қозонди. “Шайтанат”нинг 7 қисмидан 20 қисмигача, “Иблис девори” фильмларига режиссёрлик қилган. Шунингдек, телефильм, видеофильм ва телепостановкалар: “Абу Али ибн Сино”да Ибн Сино, “Диёнат”да Жаббор, “Гирдоб”да Йўлдош, “Алишер Навоий”да Бадиуззамон, “Имон”да Орифжон, “Ичкуёв”да Ўринбой, “Сўнгги ўқ”да Жаҳонгир образларини яратган.
Режиссёр сифатида Ж. Пуаренинг “Алдагани хотин яхши”, Ф. Богдановнинг “Тунги меҳмон”, С. Сирожиддиновнинг “Ҳаёт эшик ортида” спектаклларини саҳналаштирган.
Дубляжда 700 га яқин фильмда овоз берган.
1989 йилда Ҳамза номидаги Давлат мукофотига, 1998 йилда “Ўзбекистон халқ артисти”, 2005 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.

Nigora Umarova
06.01.2012, 18:18
Қуйидаги мақола Ўзбекистон халқ артисти Зикир Муҳаммаджоновга тегишли. Устоз актёр ушбу йилнинг 1 январида муборак 91 ёшга тўлдилар. Устозга сиҳат-саломатлик, фарзандлари, набиралари, эваралари, чеваралари ардоғида юриб 100 ёш билан юзлашмоқликни тилаб қоламиз.

https://img.uforum.uz/images/qyyugmd6002918.jpg

Зикир Муҳаммаджонов рафиқалари Машҳура ая билан.

Ўзбекистон халқ артистлари Хайрулла Саъдиев ва Ёдгор Саъдиевларнинг отаси - Ҳабиб Саъдиев машҳур артист бўлиб, раҳматли уруш йиллари ҳаётдан кўз юмган эди. У жуда эрта Ҳамза театрига ишга кирган. Дастлаб "Тарих тилга кирди" пьесасида Қўрқмас роли билан халқ орасида обрў қозонади. Уни кўча-кўйларда Ҳабиб дейиш ўрнига Қўрқмас деб аташар эди. Унинг ёқимли лирик овози бўлгани туфайли ўша йиллари музикали драма театрига ишга таклиф этишади. Ва бу театрда бир неча ролларни ижро этади. Айниқса, "Фарҳод ва Ширин"даги Шопур ролини моҳирона ижро этади. У ҳатто Фарҳод ролига тавсия этилади ва бир неча арияларни тайёрлаб, айтиб юради. Унинг артистлик ҳаёти жуда қизиқ тасодиф ва ҳангомалар билан тўла.

https://img.uforum.uz/images/yjbagct497352.jpg

Ҳабиб Саъдий

Nigora Umarova
06.01.2012, 18:39
Ўша йиллари "Аршин мол-олон" спектакли тайёрланадиган бўлди. Хизматчи аёл ролини машҳур артистка Марям Ёқубова (сиз уларни "Маҳаллада дув-дув гап" фильмидаги Ойпошша роли орқали яхши танийсиз) ижро этган эди. Маълумки, Марям Ёқубова ниҳоятда баланд бўйли бўлиб, оғирлиги 100 килодан ошарди. Ҳабиб Саъдий эса жуссаси ниҳоятда кичкина жингалак сочли, ғоятда ёқимли кўринишга эга эди. Бу асардаги воқеа бўйича у хурсандчилигидан аёлни кўтариб айлантириши керак. Аммо жуссаси кичик Ҳабиб Саъдий саҳнада Марям Ёқубовани кўтаришга бир неча бор уриниб кўради-ю, аммо кўтара олмайди. Бунга чидолмаган Марям Ёқубова қани нима бўларкин, деб ёнида турган Ҳабиб Саъдийни даст кўтариб гирдикапалак қилиб айлантиради. Буни кўриб турган артистлар ҳам, режиссёр ҳам қаҳқаҳадан ўзларини тўхтатиша олмай ичаклари узилгудек куладилар. Натижа шунга олиб келадики, томлшабинларга ҳам шу тахлитда кўрсатиш таклиф этилади ва бир неча йил шу алфозда икки артистнинг ажойиб ижроси билан спектакль руҳи ниҳоятда кўтарилади.

https://img.uforum.uz/images/yktfvik7355150.jpg

Ҳабиб Саъдий "Аршин мол-олон"да Сулаймон ролини ижро этган.

Nigora Umarova
06.01.2012, 19:03
Ҳамза номидаги академик драма театрида Мақсуд Шайхзоданинг "Жалолиддин" пьесаси саҳналаштириладиган бўлди. Унда Темур Mалик қамалда қолганида лашкарлар руҳига мадад берадиган бир ашула айтилиши айтилиши лозим эди. Унга машҳур композитор Манас Левиев куй басталади. Мақсуд Шайхзода ашула сўзларини ёзиб берди.

Қийғоч учган кўк каптар,
Бунда бир пас чўк каптар.
Ғариб кўнглим интилар,
Интизорлик бас, етар.

Драматик истеъдодга эга бўлган Ҳабиб Саъдий ушбу ашулани шундай айтар эдики, залдаги томошабинларгина эмас, балки саҳнадаги иштирокчиларнинг ҳам кўзларига ёш келар эди. Ҳатто шу пьессадаги Темурмалик ролини ижро этган Аброр Ҳидоятов уни ҳар сафар спектаклдан сўнг бағрига босиб қўяр эди. Кунлардан бир куни шу спектаклдаги ана шу ашулани айта туриб саҳнада йиқилади. Гўё саҳнага сўнгги бор чиқаётгани, гўё шу азиз саҳна билан хайрлашаётганини ифода қилаётгандек эди. Шундай ҳам бўлди. У шу ётганича қайтиб ўрнидан турмади. Ўша пайтларда унинг катта ўғли- Хайрулла икки ёшда-ю, Ёдгор эса она қорнида эди. Фарзанд киши умрининг давомчиси деганлари тўғри. Ҳабиб Саъдий ўлими олдидан Хайруллани бағрига босиб, шундай васият қилган эди: "Менинг жону дилим саҳна. Афсус, минг афсуски мўлжалдаги ролларимни ижро этолмай кетяпман. Аммо менинг фарзандларим санъаткор сифатида халқимга хизмат қилишса, армоним йўқ". Унинг васиятлари ижобат бўлди. Хайрулла билан Ёдгор санъаткор бўлиб танилдилар.

Kavsar
09.01.2012, 10:38
Assalomu alaykum, hurmatli Yodgor aka! Uforumimizga xush kelibsiz, O'zbek xalqining eng tajribali, iste'dodli, qolaversa barcha tomoshabinlar qalbidan joy olgan aktyori bilan online uchrashib turganimizdan juda ham xursandmiz. Sizga avvalambor oilaviy sihat-salomatlik, baxt va barcha ezguliklarni tilaymiz.

Savolim: Sizning hozirga qadar erishgan barcha muvaffaqiyatlaringizga, ham aktyor ham inson sifatida xalq mehrini qozonishingizga nima asosiy sabab bo'lgan deb o'ylaysiz?

Nigora Umarova
09.01.2012, 16:02
Ассалому алайкум, Ёдгор ака!

Форумимизга хуш келибсиз. Шундай бир гап бор: "Ҳаёт- бу театр". Унинг акси сифатида "Театр-бу ҳаёт". Сизнингча, "ҳаёт - бу театр" ёки "театр-бу ҳаёт"ми?

Ёдгор Саъдиев
09.01.2012, 16:25
Ваалайкум ассалом!

Мен учун "Театр-бу ҳаёт" тушунчаси тўғрироқ. "Ҳаёт-бу театр" - қайсидир бир одамларнинг фикрининг йўналишида бу шундай. Улар "Ҳаётда ҳамма ҳар доим роль ўйнаш керак, бу дунё - бир театр", деган ақидага суянишади. Мен бу фикрга қўшилмайман. Дунёда ҳаётда "роль ўйнамайдиган" одамлар ҳам жуда кўп. Менинг ўзим ҳеч қачон ҳаётда "роль ўйнамайман", роль ўйнасам ҳам фақат саҳнада ўйнайман: шарт-шарт гапириб юбораман, одамларни алдай олмайман, дарров тутилиб қоламан, чунки шундай тарбия топганман.
Менимча, "Театр-бу ҳаёт". Бунга ҳар тарафлама қараш мумкин:Ҳаётимни давом этиши ҳам театрга боғлиқ бўлиши мумкин, яшаётганлигимнинг ўзи ҳам шу театрда ишлаш учун бўлаётгандир. Ҳозирча мен театрдан йироқроқдаман, лекин мен ўзимни театрдаман, деб ҳис қиламан. Бу энди кимга қандай? Ҳаётда "ўйналгандан" кейин софлик йўқолиши мумкин, беғуборлик йўқолиши мумкин. Шуни орқасидан иймон ҳам кўтарилиб кетади, инсоф ҳам секин-секин четга чиқиб қолиши мумкин. Шунинг учун ҳам ҳаётда "ўйнамаслик керак"-, деб ўйлайман.

Nigora Umarova
09.01.2012, 16:39
Сиз яратган ўйнаган образларни томошабин кузатиб турар экан, ундан, албатта, бирор бир ижобий фазилатни ўзига "кашф қилади". У хоҳ ижобий образ бўлсин, хоҳ салбий образ бўлсин, мухлисларингиз ўзларига ибрат бўлгулик жиҳатларини олади. "Салбий қаҳрамон"нинг салбийлигида ҳам атроф-муҳитнинг катта таъсир кўрсатади ҳамда ўша қаҳрамон ҳам қилмайман деган ёмонликни қилишга мажбур бўлади.
Сиз ўзингиз яратаётган салбий образларнинг ижобий жиҳатларини топиб яратишга ҳаракат қиласизми?

Ёдгор Саъдиев
09.01.2012, 17:29

Нега менга бу саволни бераётганлигингизни сезиб турибман. "Шайтанат" масаласида Асадбек ўзи салбий образ бўлишига қарамай, одамларга бироз ёққанлиги ҳақида айтяпсиз. Мен буни атайлаб шундай ўйнаганман. "Китобдаги Асадбек" билан бизнинг "фильмимиздаги Асадбек"нинг орасида фарқи катта. Тоҳир ака буни китобда маккорроқ, айёрроқ қилиб яратган. Асарда Тоҳир Маликнинг "Бу палаги тоза оиладан эди. Бир кун ўзини-ўзи топади" деган гапи бор. Шунинг учун мен кўпроқ Асадбекнинг салбий эмас, ижобий тарафларини кўпроқ кўрсатишга мойилроқ бўлганман, Асадбекнинг деярли яхши тарафларини очиб беришга ҳаракат қилганман. Шунинг учун ҳам одамлар Асадбекни ёқтиришади. Чунки унда мардлик бор, қатъиятлик бор, ростгўйлик бор, яхши одамларда учрайдиган хислатлар бор. Ҳақиқатан ҳам уни келиб чиқиши тоза. Асадбекнинг бу муҳитга тушиб қолишига давр сабабчи, муҳит сабабчи. Биз кўпроқ ўша даврга урғу беришимиз керак. Агар ўша машъум қатағон бўлмаганида Асадбек "Асадбек" бўлиб вояга етмасди. Менинг ички дунёйим шундайки, ўзимнинг миллатимдан чиққан шахсларни саҳна орқалими, телеэкран орқалими, ёмон қилиб кўрсатгим келмайди. Грузинлар кичик-кичик лавҳали фильмлар яратишарди-да, шунда фильмнинг бошида қаҳрамонни ёмон жиҳатларини кўрсатиб ерга уришарди. Фильм сўнгида эса ўша қаҳрамонни чўққига олиб чиқиб қўйишарди ҳамда томошабин "бундай буюк миллат дунёда йўқ" деган якуний хулосага келарди. Мен ҳам миллатимни образлар орқали худди шундай қилиб тасвирлаб беришни хоҳлайман. Чунки бу- менинг миллатим. Бу гап миллатчиликдан қатъий назар бўляпти. Ўзбекистонда яшаётган барча инсонларни ижобий тарафларини кўрсатгим келади.
Биласизми, "Иблис девори" фильмида келин образи бор. У ака-укалар ўртасидаги машмашаларга, "Иблис девори" қўйилишига сабабчи бўлган инсонлардан биттаси. Фильм сценарийсида Тоҳир ака (Тоҳир Малик) дан илтимос қилганман, шуни ҳам "оқлайлик", деб ҳамда фильм сўнгида ўша келин, "Мен ҳам болаларим сизлрни бекаму-кўст оила қуришингизни хоҳлаб, елиб-югургандим, шунинг учун жонимни жабборга бергандим. Ўзим минг ямоқда юрсам ҳам, сизнинг ярақлаб кийиниб юришингизни истагандим"- деган гапларини қўшганмиз. Шу гаплар билан аёлнинг қилган ҳатти-ҳаракатини ҳам "оқлаб юборганмиз". Ўзбек ўзини демаса ҳам, бола-чақасини дейишини кўрсатиб берганмиз. Мен бу ҳақида кўп ўйлайман ва кўрсатиб беришга ҳаракат қиламан.

Neymdir
09.01.2012, 17:40
Assalomu-alaykum!
"Kelinlar qo'z'goloni" spektaklidagi rolingiz bilan "Shaytanat"dagi rolingizni taqqoslaydigan bo'lsak, aktyorlik mahoratingizni baholash osonroq bo'ladi.
Ikki qutbdagi bu rollarni hozir ham o'ynashga tayyormisiz? Aytmoqchimanki, hozirdagi jiddiy "Asadbek" obrazingizni biror bir komediyada jozibaliroq bir rol bilan "buzish"ni xohlaysizmi? Agar shunday bir mukammal personaj berilsa o'ynashga tayyormisiz?

Nigora Umarova
09.01.2012, 18:21
https://img.uforum.uz/images/ejlqfuc7310025.jpg

Гоголнинг "Уйланиш" комедиясидаги Кочкарёв образи.

https://img.uforum.uz/images/fcmtwzz9624712.jpg

Шиллернинг "Қароқчилар" драмасидаги - Карл Моор.

Chustiy
11.01.2012, 04:19
Ассаламу Алайкум Ёдгор ака!
Аввало сизни ҳам юфорумда кўриб турганимдан барча форумдошлар қатори биз ҳам хурсандман...
Яқинлариз бахтига умр ва сиҳатингиз зиёдалашишини тилаган ва сўраган холда баъзи масалаларда (ўз соҳамиздан келиб чиққан холда) сизнинг фикриз, маслаҳатингиз ва дуоларизи олишга ижозат бергайсиз.

Биздаги маълумотларга кўра, таом тайёрлаш сизнинг хоббингиз экан, хаттоки баъзида бироз асабийлашганда таом тайёрлашдан хотиржам бўлар экансиз.
Маълумки, ҳар бир кишининг севиб истеъмол қиладиган ёки тайёрлайдиган таоми бўлади, сизнинг энг севиб тайёрлайдиган таомингиз қайси?

Шунингдек, ошпазлардан кўнглиз тўлган ёки сизнинг таъбингизни хира қилган жихатларини ҳам санаб ўтсангиз.

Олдиндан катта рахмат...

Ёдгор Саъдиев
11.01.2012, 17:29
Assalomu-alaykum!
"Kelinlar qo'z'goloni" spektaklidagi rolingiz bilan "Shaytanat"dagi rolingizni taqqoslaydigan bo'lsak, aktyorlik mahoratingizni baholash osonroq bo'ladi.
Ikki qutbdagi bu rollarni hozir ham o'ynashga tayyormisiz? Aytmoqchimanki, hozirdagi jiddiy "Asadbek" obrazingizni biror bir komediyada jozibaliroq bir rol bilan "buzish"ni xohlaysizmi? Agar shunday bir mukammal personaj berilsa o'ynashga tayyormisiz?
Ваалайкум ассалом!

Тайёрман, чунки бу менинг касбим.

Ёдгор Саъдиев
11.01.2012, 17:35
Биздаги маълумотларга кўра, таом тайёрлаш сизнинг хоббингиз экан, хаттоки баъзида бироз асабийлашганда таом тайёрлашдан хотиржам бўлар экансиз.
Маълумки, ҳар бир кишининг севиб истеъмол қиладиган ёки тайёрлайдиган таоми бўлади, сизнинг энг севиб тайёрлайдиган таомингиз қайси?

Шунингдек, ошпазлардан кўнглиз тўлган ёки сизнинг таъбингизни хира қилган жихатларини ҳам санаб ўтсангиз.

Олдиндан катта рахмат...

Ошпазларнинг пири ким эканлигини билмайман-ку, бироқ мен бу касбни пирли касб деб биламан.
Менинг севимли таомларим бу- макарон жаркоп ва ош-паловдир. Ушбу таомларни завқ билан тайёрлайман ва ейман.
Ошпазлардан ҳар доим кўнглим тўлган. Бу касб эгалари покиза халқ ҳисобланишади. Кўнглим тўлмаганлари эса ошпаз эмас.

Nigora Umarova
11.01.2012, 17:41
Бугунги кунда глобаллашув жараёни миллатимизга ҳам ижобий жиҳатдан, ҳам салбий жиҳатдан миллатга ўз таъсирини кўрсатмоқда. Бу эса ўз-ўзидан санъатда ҳам намоён бўлмоқда. Сиз ишлаган “Шайтанат” фильмида гарчи детектив жанрида олинган фильм бўлишига қарамай миллийликни, миллат қадриятлар сақланиб қолинган.
Биргина мисол: Зайнаб бемор бўлиб оғир аҳволда ётибди. Асадбек қизининг ёнига киргиси келади, бироқ кира олмайди, унда андиша мавжуд. Қиз дераза ортида отасининг шарпасини сезиб, “адажон” – дея олади, холос. Асадбек эса гарчи чуқур руҳий изтироб ичида бўлса-да, фақатгина “қизим” дейиш билан чекланиб қолади. Образлар ўртаидаги муносабатни кўрсатиб бериш жараёнида миллат муносабатларини кўрсатгансиз, ушбу ҳолатда ота ва қиз ўртасидаги маълум бир парда борлиги намоён бўлган. Фильмдаги ҳар бир сюжет ўз-ўзидан миллат тарбиясига ўз таъсирини ўтказади. Европа маданиятига эга бўлган ота ва қиз ўртасида бундай муносабатни кўрсатиб бериб олмасди. Чунки уларнинг муносабат жараёни ўзгача.
Аксарият замонавий ўзбек фильмларидаги ота-она, ота-бола, ака-ука, қиз билан йигитнинг ўртасидаги муомала маданиятини кўрсангиз, иллат сифатида намоён бўлиб, бу бизнинг миллат муомаласими, деб киши ҳайратга тушади. Санъатда миллийликни сақлаб қолиш учун асосий эътиборни нимага қаратиш керак?

Ёдгор Саъдиев
11.01.2012, 17:46
Сиз айтаётган жараён санъатимизда, айниқса, эстрада санъатимизнинг ривожланишида яққол кўзга кўриниб туради. Кўпинча иқтидорли ёшларимиз томонидан айтилаётган қўшиқлар чет элнинг қайсидир қўшиғидан мусиқаси олиниб, кейин куйланаётган қўшиқлардир. Аксарият, клиплар ҳам худди мана шу тарафга тортиб кетадиган қўшиқлардан иборат. Бу муаммони биргина мен айтганим билан уни ҳал қилиш осон бўлмайди. Ҳозир тезкор замонда яшамоқдамиз. Компьютер даври, ахборот воситаларининг жуда ҳам ривожланан даври. Балки шу даврга мослашиб ёшларимизбу ҳаракатларни қилишаётгандир... Балки ёшларимизга шунинг учун ҳам миллийликдан ташқарига чиқиб кетаётганлиги сезилмаётгандир... Бугунги кундаги ёшларимиз жуда иқтидорли ёшлар. Менинг уларга ҳавасим келади. Ишхонамизда уч-тўртта компьютер бор. Мен компьютердан кам фойдаланаман. Бир асарни ўқийдиган бўлсам, китобдан ўқисам маза қиламан, жонли мулоқот қилаётгандек бўламан, китобнинг ўзига хос тафти бор. Буни ёшларимизнинг ўзлари ҳам тушунишлари керак. Интернетга кириб ҳар хил хабарни ўқиш, бугунги кунга тўғри келаётгандир, лекин китобга бўлган меҳр ҳам одамни миллийликка қайтаради, деб ўйлайман. Миллийлик ҳақида гипиришимиз бу миллатчиликка кирмайди. Бу миллий қадриятларимизни сақлаб қолиш учун жонкуярлик билан гапирилаётган гаплардир. Менга ҳам ёшларимизнинг ўртасидаги мулоқоти, баъзи фильмлардаги ота-онаси билан бўлаётган мулоқотлари эриш туюлади. Кейин ўзимча ўйлайманки, ҳозирги замонда шундай гаплашиш керак эканми, деб... Йўқ, миллий маданиятни сақлаб қолиш даркор. Ота-она, қиз билан йигитнинг ўртасидаги парда кўтарилиши керак эмас, чунки бизнинг қадриятларимиз бошқа дунёдаги миллатларнинг қадриятларига нисбатан юксакроқ. Ҳаттоки, бежизга бизнинг Тошкентимизни бундан бир неча йил аввал “Ислом маданияти маркази” деб тан олишганлиги йўқ. Аслида ислом маданияти бизнинг миллатимиздан келиб чиққан, деб ўйлайман. Ислом маданиятини бизнинг алломаларимиз дунёга таратди, деб ҳисоблайман. Шунинг учун бундай алломалари бор авлодларимиз бўлган йигит-қизларимиз бирор бир ҳаракатни қилаётганда, гапираётган гапини гапираётганда бунга фаҳмлари етадилар деб умид билдираман. Баъзи бир оилаларда миллийлик йўқолгандир, бироқ аксарият саксон фоиз оилаларда миллийлигимиз, маданиятимиз, қадриятларимиз сақланиб қолган. Биз кўпчиликни ташкил этамиз. От айланиб-айланиб қозиғини топади, дейишади. Баъзи бир ёшларимиз пайти келиб миллий маданиятимизнинг бошқа маданиятлардан устунлигини билиб олишади ва унга амал қилишади деб ўйлайман.

Nigora Umarova
11.01.2012, 17:47
Ёдгор ака, қаҳрамонларингизни тасвирлаб бериш жараёнида уларнинг дунёқараши ва руҳиятини нафақат нутқингиз, сўзларингиз, балки қарашларингиз орқали ифодалаб берасиз. Талқин этган қаҳрамонларингиз- у “Ичкуёв”даги Ўринбойми, “Гирдоб”даги Йўлдошми, “Диёнат”даги Жабборми, “Имон”даги Орифми - ҳаммасининг қарашлари орқали қалбида кечаётган ички зиддиятларни томошабин бевосита англайди. Кўз қалбнинг ойнаси, - дейишади. Қаҳрамонларингиздаги мана шу ҳолатни тасвирлаш маҳоратингиз ёки психологиянгиздан келиб чиқадиган ҳолатми?

Ёдгор Саъдиев
11.01.2012, 17:48
Ҳамма гап кўзнинг қалбни ойнаси эканлигида. Бу нарсаларнинг ҳаммаси одамнинг ички дунёси буни ҳис қилиб акс эттирганида ҳамда вақти-соати келиб маҳорати ошганлигидан дарак беради. Мен ҳеч қачон роль ўйнаганимда “ўйнамайман”, “ўйнамаслик”ка ҳаракат қиламан. Мен шу ролнинг ичида “яшайман”. Сунъийликни ёқтирмайман.
Авваллари тўй-ҳашамларни олиб борганимда ҳам ёдланган сўзни гапирмасдим, дилга келган гапларимни ифода этардим. Бу менга болаликдан жо бўлган. Сунъийликдан қочишнинг натижаси ёмон бўлмайди: томошабин ҳам спектаклнинг иштирокчисига айланиб, спектаклнинг воқеаларида иштирок этаётгандек бўлади, сиз билан биргаликда спектаклда яшайди. Бундан актёрнинг ўзи ҳам маза қилиб завқ олади, шу билан бир қаторда томошабиннинг ҳам қалбини сезасиз. Ўйлайманки, санъатни севувчи иқтидорли ёшларимиз ҳам театр ва кино санъатининг мана шу томонларини жиддий ўйлаб кўришлари керак. Сунъийликдан қочиш- улар учун фойдадан ҳоли бўлмайди.

Nigora Umarova
11.01.2012, 17:51
Халқимизда “Устоз отангдек улуғ” деган гап бор. Айримлар эса “Устоз отангдан улуғ” деб талқин этишади. Сизнинг эл таниган санъаткор “Ёдгор Саъдиев” бўлиб етишишингизда отангиз актёр Ҳабиб Саъдийнинг таъсири катта бўлганми ёки бўлмасам қаттиққўл устозларингизнинг? Балки устоз санъаткор Наби Раҳимовнинг, ўзингиз суҳбатларингизнинг бирида таъкидлаб ўтган, ҳар сафар бирга сафар қилганлигингизда айтадиган - “Туринг, князь Сизни буюк ишлар кутмоқда”- деган ишончли сўзлари далда бўлгандир?

Ёдгор Саъдиев
11.01.2012, 17:55

Биласизми, “Устоз отангдан улуғ” деган сўз жуда ҳам нотўғри. Гоҳида шундай деб қўйишади. Бу ҳам сўзга эътиборсизлик. Отадан улуғ инсон йўқ. Мен отамни кўрмаганман. “Ота”, “ада” демаганман, тиззаларида ўтирмаганман, отам вафот этганларидан икки ойдан сўнг туғилганман. Шу сўзларни баъзан ёнимда айтишганлигида, “Ҳой, тўхтанглар. Устоз отадан улуғ бўла олмайди. Отадан улуғ зот бу – Аллоҳ бўлиши мумкин”- деб тўғрилашга ҳаракат қиламан. Лекин отадек улуғ бўлиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Яхши устозлар отадек улуғ бўлиши мумкин. Наби ака негадир менга “Туринг, князь” дердилар. Нимага бундай дейишларини сабабини ҳеч сўрамаганман. Билмадим бў сўзларни менинг ўзимни тутишимга қараб айтганмилар, лекин ушбу сўзларни ҳеч қандай истеҳзосиз, кўнгилларидан чиқариб, самимий гапирардилар.
Устоз шогирдига кўп гапириши шарт эмас. Миллий академик театрни мен ўзимнинг энг катта устозим деб биламан. Театрдаги устозларимдан Наби акадан кўп нарсани қараб туриб ўрганганман. Худди шундай Шукур ака Бурҳоновдан, худди шундай тарзда Амин ака Турдиевдан, Зайнаб опа Садриевадан, Ёқуб ака Аҳмедовдан ҳам ўзимга керакли бўлган кўп нарсаларни олганман. Наби ака Раҳимов раҳматли, - “Ким мени устозим деса, ўша менинг шогирдим”,- дердилар.
Ҳозир бизда, “Шогирдларим жуда кўп, шунча-бунча”- дейишади. Мен бунга ишонмайман. Баъзан қўшиқчилар орасида шогирд мингтагача чиқиб кетиб қолади. Бу бўлиши мумкин эмас, бу шогирд эмас. Кимдир сенинг қўшиқларингни айтса, у шогирд бўлиб қолганимас. Ҳали ўзи шогирд бўлган қўшиқчилар ҳам шогирдларим кўпайиб қолди, дейишади. Мен устоз-шогирд мавзусига эҳтиёткорлик, талабчанлик билан қарайман. Устозни шогирдига қадамма – қадам “Уни қил, буни қил”,- дейиши шарт эмас. Шогирд ўзи қузатиб, ўзига керакли бўлган нарсани олади. Театрга энди ишга келган пайтимда элликта актёрдан йигирма беш-ўттизтаси эркаклар бўлган бўлса, мен ўзимга керакли бўлган хислатларни ўрганиб ўзимга сингдириб борганман. Менинг қўлимга “санъат алифбеси”ни бериб улар ўқитишган эмас. Актёрларнинг ҳатти-ҳаракати, ўзбек тилига бўлган муносабатин кўриб, таҳлил қилиб ўрганганман. Чунки театр ўзбек тилининг софлигини сақловчи марказлардан биридир. Айниқса, миллий театр ўзбек тилининг лабораторияси бўлиши керак. Илгари шундай эди, ҳозир ҳам шу нарсага ёшларимиз кўпроқ эътибор беришлари лозим. Айни замонда киноларимизда ҳам, театрларимизда ҳам лаҳжаларда сўзлашиш кўпайиб кетди. Ўзбек адабий тили жуда соф ва гўзал тил ҳисобланади. Шуни биз албатта, асрашимиз-авайлашимиз даркор. Нутқнинг софлигича томошабинга етказишни устозлардан ўрганганман. Икки устозимиз- Шукур ака Бурҳонов ва Амин ака Турдиевлар “меҳнат” сўзини айта олмай, “михнат” деб талаффуз этишарди ҳамда роль ўйнаш жараёнида “ Мен кўп миҳнат қилдим” дейишарди. Бу борада устозларнинг мана шундай камчилиги бор, деб баралла айтмоқчи эмасман. Уларнинг ўзига хослиги мана шунда эди. Олим ака Хўжаевнинг нутқи ўзига хос жозибадор эди. Ўзини тутишни, саҳнага бўлган эътиқодни, саҳнага бўлган ҳурматни устозларимиздан ўрганиш лозим. Шундагина устоз-шогирдлик анъанаси давом этиб кетаверади. Ёшлар устоз танлаш борасида ҳеч ҳам янглишишмасин.

Nigora Umarova
11.01.2012, 17:56
Ойбекнинг “Навоий” романи асосида ишланган видеофильмда шаҳзода Бадиуззамон, театрдаги “Юлдузли тунлар” спектаклида Заҳириддин Муҳаммад Бобур сиймоларини ижро этгансиз. Тарихий шахс образини яратиш мураккаб жараён: актёр тарихий шахс яшаган даврни, муҳитни воқеаларни, ўша даврдаги инсонларнинг фикрлашларини, муомаласини, тарихий асарларни ўрганиши, билиши, тарихий шахснинг руҳиятига, даврига кира олиши керак.Тарихий шахсларнинг образини яратиш жараёнида асосий эътиборни қайси омилларга қаратгансиз?

Ёдгор Саъдиев
11.01.2012, 17:59

Албатта, буларни ўрганмай туриб саҳнага чиқишлик диллетантлик ҳисобланади. Бадиуззамонни қўя турайлик ва Бобур сиймосини яратиш борасида гаплашсак. Мен 1983 йилда Бобур ролини ижро этганман. Ҳозиргача образ яратдим деб айтмайман, камдан-кам ушбу жумлани ишлатаман. Образни актёр бир маротаба яратса ҳам бахтли ҳисобланади. Роль ўйнаш бошқа нарса, образ яратиш бошқа нарса. Бобур ролини ўйнаганимдан бери шу ролни устида ишлаш бугунги кунгача 30 йилга яқин вақт мобайнида давом этиб келмоқда. Кўнглимда Бобурга оид яхши бир фильм яратиш ниятим бор. Бунинг учун яхшигина бир драматургия керак. Фойдаланиладиган асосий манба бобокалонимизнинг “Бобурнома” асарлари бўлади. Менга шу ҳақида Бобур номидаги халқаро фонднинг раиси Зокир ака Машрабов хат ёзиб бу борада эслатдилар, бунинг учун уларга катта раҳмат. Тарихий шахсларнинг ролини ўйнаш оғир. Ҳаттоки “Бобур” спектаклини ҳам бадиий кенгашга, кўрикка саккиз маротаба топширганмиз. Зўрға ўтказишган. Ўша пайтдаги давр шундай эди. Ҳозир шундай даражадаги ҳам режиссёрлар, ҳам актёрлар уйғунлиги мужассамлашган спектакллар етишмаяптимикан, деб ўйлайман. Насиб қилса, Бобур ҳақидаги фильмни суратга олиш ва Бобур ролини ижро этишликни Яратгандан сўраб қоламан.
Мана Амир Темур ролини ҳеч ким қойилмақом қилиб ўйнай олмаяпти, томошабин гарчи Темур ролини бир қанча инсонлар ўйнаган бўлса-да, қабул қила олмаяпти. Амир Темурнинг ролини менга беришса, мен ўйнай олмаслигим мумкин, чунки бунинг “юки” ниҳоятда оғир, уни кўтара билишлик лозим. Мен энди кўтара олмасам керак. Бобур ҳақидаги ўйларим ўттиз йилдан бери давом этиб келаётганлиги учун ҳам, уни “кўтара оламан”. Умрининг сўнгги- Ҳиндистондаги йилларини яратишимга кўзим етади.

Nigora Umarova
11.01.2012, 18:01
Актёр Раззоқ Ҳамроев Алишер Навоий сиймосини кинода яратиш жараёнида кўзига темир қипиғи сачраб кетади ва кўзи кўра олмасдан қолиши мумкинлигини шифокорлар айтишгач, маҳаллий имом-хатибга мурожаат этганида, имом, -“Бўтам, Навоий валий зот бўлганлар. Ул зотнинг сиймосини яратиш учун албатта инсон ҳар тарафлама пок бўлмоғи даркор”- деб ўгит беради ҳамда актёр ҳар тарафлама покликка риоя қилиб ролни мувафаққиятли ижро этадилар. Ёки бўлмасам раҳматли Пиримқул Қодировнинг тушларига “Юлдузли тунлар” асарини ёзишларидан олдин ва асар кучли тазйиққа учраган пайтда ҳазрат Бобур кириб оқ фотиҳа берган эканлар. Нуроний ёзувчимиз билан бўлган суҳбатларимиздан бирида улар бу воқеани гапириб бергандилар. Сизда ҳам шундай ҳолатлар юз берганми?

Ёдгор Саъдиев
11.01.2012, 18:03

Бобур масаласида ролга киришиб кетгунимча психологик жиҳатдан анча қийналганман, балки яна қийналарман. Ҳар бир подшоҳ ўз-ўзидан подшоҳ бўлиб қолмайди. Бобур Мирзога Яратганнинг назари тушган эканки, у ҳам подшоҳлик, ҳам шоирлик қилган. Шундай экан унинг ролини ўйнаш ҳам ҳам фахрли, ҳам сеҳрлидир. Халқимизга янги бир асаримизни етказишда Ўзи қўллаб-қувватласин.

Nigora Umarova
11.01.2012, 18:06
www.pfc-navbahor.uz сайтидан қуйидаги хабарни ўқиб қолдим.

ЁДГОР САЪДИЕВ «НАВБАҲОР»НИ СОТИБ ОЛАДИМИ?
Рукн: Янгиликлар » ОЛИЙ ЛИГА Наманганнинг "Навбаҳор" клуби очиқ акционерлик жамиятига айлантирилармиш, деган гап-сўзлар кўпайиб кетди, дейилади "Навбаҳор" ФК расмий сайтидаги хабарда.

Миш-мишчилар харидорларни ҳам топишга улгуришган. Улардан бири россиялик миллиардер Алишер Усмонов бўлса, яна бири халқимизнинг севимли актёри Ёдгор Саъдиевдир.
Ушбу хабарларга "Навбаҳор" ФК раиси Мухтор Усмонов қуйидаги фикр билдириб ўтди.

"Тўғриси, клуб раиси сифатида бундан хабарим йўқ. Ҳайронман, бундай хабарлар қаёқдан пайдо бўлади?", - деди клуб раиси "Навбаҳор" сайтига берган интервьюсида.

Бу мишмишлар нечоғли асосли?

Ёдгор Саъдиев
11.01.2012, 18:08
:) Агар одамлар шундай мишмишларни чиқаришган бўлса, Илоҳим, юқоридаги мишмишларни рўёдан ҳақиқатга айланишини мен ҳам жуда-жуда истар эдим, бироқ бу мишмишларни ҳақиқатга айланиши мушкул масала.

Унинг мишмишидан ранжиманг асло,
Неки бўлса асли-наслида бўлган.
Онасин қорнидан ўзи ҳам ҳатто,
Турли мишмиш билан дунёга келган,

-дейишади-ку, бу мишмишлар ўринсиз. Мен ранжимайман.

Nigora Umarova
11.01.2012, 18:09
Сизнинг ўз вақтида Пахтакор жамоаси дарвозасини қўриқлаганлигингиз, футболнинг ашаддий ишкибози эканлигингизни яхши биламиз. Умуман, футбол ҳаётингизда қай даражада муҳим?

Ёдгор Саъдиев
11.01.2012, 18:11
Сизнинг ўз вақтида Пахтакор жамоаси дарвозасини қўриқлаганлигингиз, футболнинг ашаддий ишкибози эканлигингизни яхши биламиз. Умуман, футбол ҳаётингизда қай даражада муҳим?

Ҳозир кўпроқ юришни ва озгина югуришни яхши кўраман. “Пахтакор” фахрийларининг ўйинига чақириб туришади, вақтим бўлганида бориб тураман. Мен футболни тарк этган эмасман, ҳар доим биргаман. Ҳали ҳам тушларимда “Пахтакор”нинг қайсидир дарвозабони келмай қолган бўлади-ю, ўрнига дарвозабон топа олмай, мени олиб келиб, кийинтириб дарвозабон қилиб турғизиб қўйишади. Шу билан уйғониб кетаман. Бу яхши таассуротлар.

Nigora Umarova
11.01.2012, 18:13
“Қалқон” студиясининг раҳбари сифатида келажакда қандай бадиий фильмларни олишни режалаштиргансиз?

Ёдгор Саъдиев
11.01.2012, 18:14
“Қалқон” студиясининг раҳбари сифатида келажакда қандай бадиий фильмларни олишни режалаштиргансиз?
Боя таъкидлаганимдек, Бобур ҳақида фильм олишни режалаштирганмиз. Мен Тоҳир Малик билан ҳамкорликда ижод қилишни яхши кўраман. Тоҳир аканинг 3-4 та асарлари менинг қўлимда турибди. Насиб қилса, умрим етса, “Мурдалар гапирмайдилар”, “Ов”, “Талваса” асарларидан яхшигина фильмлар қилиш мумкин, деган фикрдаман. Бу асарлар пишиқ-пухта яратилган, фильм қилишга арзигулик асарлардир. Шунинг билан биргаликда “Қалқон” студияси Ички Ишлар Вазирлигининг бирлашган таҳриррияти қошида тузилган, шу йил ички ишлар ходимлари ҳақида фильм яратиш ниятимиз бор. Ички ишлар ходимларининг шарафли, машаққатли ишларини ёритиб берувчи фильм устида иш олиб боряпмиз. Фильм номи ҳозирча сир. У шу йилнинг охирида тайёр бўлиб қолади. Ушбу йил юртбошимиз номидан “Мустаҳкам оила йили” деб эълон қилинди. Қўлимда оила ҳақидаги икки-учта асар бор. Астойидил ҳаракат қилсак, балки йил охиригача мустаҳкам оилага оид фильм ҳам яратармиз.

Minglar
12.01.2012, 11:15
Ассалому алайкум!

Ёдгор ака, мен "Армон" бадиий фильминиг яратилиш тариҳи, Дадабўри образи, фильмдаги воқеаларнинг нечоғлиқ ҳақиқатга яқинлиги ҳақида сизнинг фикрларингизни билмоқчи эдим. Менга бу асар жуда ёқади.

Ёдгор Саъдиев
20.01.2012, 10:27

Бу фильмнинг режиссёри Мэлс Абзалов. Сценарий муаллифи Рихсивой Муҳаммаджонов. Нечоғлик бу фильмнинг ҳақиқатга яқинлиги менга номаълум. Бадиий асар сифатида қабул қиласиз. Фильмдаги баъзи бир воқеалар ҳақиқатга яқин. Фильмни суратга олиш жараёнида дастлаб Дадабўри ва бойхотин муносабатлари ҳақида алоҳида фильм яратиш ғояси ҳам бўлган.

Chustiy
21.01.2012, 00:57
Ассаламу алайкум Ёдгор ака!

Болалигимиздан энг лазиз таом онажонимиз тайёрлаб берган таом, энг ҳиди уфуриб турган таом онажонимиз тайёрлаб берган таомдир. Бунга ҳеч ким шубҳа қилмаса керак.
Инсон шу таомни истеъмол қилса бир зумда бўлса-да болалигига қайтгандек бўлади. Илтимос, ушбу таомнинг тайёрланиш жараёни билан ўртоқлаша оласизми?

Evgeniy Sklyarevskiy
25.01.2012, 15:06
Страницы из февральского журнала Megapolis magazine

http://mytashkent.uz/wp-content/uploads/2012/01/sagd1-640x467.jpg (http://mytashkent.uz/wp-content/uploads/2012/01/sagd1.jpg)

http://mytashkent.uz/wp-content/uploads/2012/01/sagd2-640x476.jpg (http://mytashkent.uz/wp-content/uploads/2012/01/sagd2.jpg)

http://mytashkent.uz/wp-content/uploads/2012/01/sagd3-433x600.jpg (http://mytashkent.uz/wp-content/uploads/2012/01/sagd3.jpg)

Спасибо Нигоре Умаровой за журнал.

Опубликовал на «Письмах о Ташкенте (http://mytashkent.uz/2012/01/25/yodgor-sagdiev-svoyu-dushu-ya-otdal-teatru/)».

Nigora Umarova
20.02.2012, 15:41
1472e85add7cf71

Ушбу видеолавҳада Ёдгор Саъдиевнинг дўсти Ўзбекистон халқ артисти Ҳожиакбар Нурматов ҳақидаги фикрлари баён этилган.

Aliya
30.03.2012, 18:28
Ифтихор.

Кўкка маҳбуб юртимнинг
Заминга пайваст жони.
Минг йилларким, мозийни
Ёритар эрк-у шони.

Ой соғинган осмонда
Шафақ билан кун ботар.
Юлдузлар ҳам сир айтиб,
Тонг қуёшин уйғотар.

Нурга тўлган осмоннинг
Бу заминда кўнгли бор.
Салобати тоғлардек
Ёдгор деган ўғли бор.

Юрагида айтмаган –
Биз билмаган ҳаёллар...
Нигоҳида аксланар
У қадрдон тимсоллар...

Миллатини кўккача
Елкасида тутар у.
Чунки, мусаффо осмон
Пештоқига етар у.

Гоҳ юлдузли тунлардан
Бобур бўлиб термулар:
Ҳинд диёри бағридан
Мерос қолди қайғулар...

Гоҳ тақдирнинг тўсиғин
Енгар у Асад бўлиб.
Юрт шаънини елкада
Кўтарган фарзанд бўлиб.

Миллийликнинг дарсида
Имтихондан кўнгли тўқ.
Гарчи, сахна фарзанди –
Сохталикдан асар йўқ...

Ё отаси меҳрини
Кўкдан ҳадя қилгандир.
Худо берган истеъдод
Шундай меърос қолгандир...

Фарзандига боққанда
Шуни ўйлар эҳтимол.
“Жигарбандим” деб маъюс
Кулиб қўяр, эҳтимол...

“Босилмаган қадамлар –
Ҳали ёруғ келажак.
Фақат ҳаётда мард ва
Бир сўзли бўлмоқ керак!”

Диёнатнинг йўлини
Тўғри йўл деб билгандир.
Отасидан армон,
Ҳам –
Ёдгор бўлиб қолгандир...

Оддий инсон аслида,
Яшар ғурурга тўлиб –
Юрт шаънини елкада
Кўтарган фарзанд бўлиб...

Ёдгор Саъдиев
03.04.2012, 16:59
Ифтихор.

Оддий инсон аслида,
Яшар ғурурга тўлиб –
Юрт шаънини елкада
Кўтарган фарзанд бўлиб...

Эътибор учун каттакон раҳмат.

Zuhriddin Temirov
04.04.2012, 10:15
Сиз яратган ўйнаган образларни томошабин кузатиб турар экан, ундан, албатта, бирор бир ижобий фазилатни ўзига "кашф қилади". У хоҳ ижобий образ бўлсин, хоҳ салбий образ бўлсин, мухлисларингиз ўзларига ибрат бўлгулик жиҳатларини олади. "Салбий қаҳрамон"нинг салбийлигида ҳам атроф-муҳитнинг катта таъсир кўрсатади ҳамда ўша қаҳрамон ҳам қилмайман деган ёмонликни қилишга мажбур бўлади.
Сиз ўзингиз яратаётган салбий образларнинг ижобий жиҳатларини топиб яратишга ҳаракат қиласизми?

Нега менга бу саволни бераётганлигингизни сезиб турибман. "Шайтанат" масаласида Асадбек ўзи салбий образ бўлишига қарамай, одамларга бироз ёққанлиги ҳақида айтяпсиз. Мен буни атайлаб шундай ўйнаганман. "Китобдаги Асадбек" билан бизнинг "фильмимиздаги Асадбек"нинг орасида фарқи катта. Тоҳир ака буни китобда маккорроқ, айёрроқ қилиб яратган. Асарда Тоҳир Маликнинг "Бу палаги тоза оиладан эди. Бир кун ўзини-ўзи топади" деган гапи бор. Шунинг учун мен кўпроқ Асадбекнинг салбий эмас, ижобий тарафларини кўпроқ кўрсатишга мойилроқ бўлганман, Асадбекнинг деярли яхши тарафларини очиб беришга ҳаракат қилганман. Шунинг учун ҳам одамлар Асадбекни ёқтиришади. Чунки унда мардлик бор, қатъиятлик бор, ростгўйлик бор, яхши одамларда учрайдиган хислатлар бор. Ҳақиқатан ҳам уни келиб чиқиши тоза. Асадбекнинг бу муҳитга тушиб қолишига давр сабабчи, муҳит сабабчи. Биз кўпроқ ўша даврга урғу беришимиз керак. Агар ўша машъум қатағон бўлмаганида Асадбек "Асадбек" бўлиб вояга етмасди. Менинг ички дунёйим шундайки, ўзимнинг миллатимдан чиққан шахсларни саҳна орқалими, телеэкран орқалими, ёмон қилиб кўрсатгим келмайди. Грузинлар кичик-кичик лавҳали фильмлар яратишарди-да, шунда фильмнинг бошида қаҳрамонни ёмон жиҳатларини кўрсатиб ерга уришарди. Фильм сўнгида эса ўша қаҳрамонни чўққига олиб чиқиб қўйишарди ҳамда томошабин "бундай буюк миллат дунёда йўқ" деган якуний хулосага келарди. Мен ҳам миллатимни образлар орқали худди шундай қилиб тасвирлаб беришни хоҳлайман. Чунки бу- менинг миллатим. Бу гап миллатчиликдан қатъий назар бўляпти. Ўзбекистонда яшаётган барча инсонларни ижобий тарафларини кўрсатгим келади.
Биласизми, "Иблис девори" фильмида келин образи бор. У ака-укалар ўртасидаги машмашаларга, "Иблис девори" қўйилишига сабабчи бўлган инсонлардан биттаси. Фильм сценарийсида Тоҳир ака (Тоҳир Малик) дан илтимос қилганман, шуни ҳам "оқлайлик", деб ҳамда фильм сўнгида ўша келин, "Мен ҳам болаларим сизлрни бекаму-кўст оила қуришингизни хоҳлаб, елиб-югургандим, шунинг учун жонимни жабборга бергандим. Ўзим минг ямоқда юрсам ҳам, сизнинг ярақлаб кийиниб юришингизни истагандим"- деган гапларини қўшганмиз. Шу гаплар билан аёлнинг қилган ҳатти-ҳаракатини ҳам "оқлаб юборганмиз". Ўзбек ўзини демаса ҳам, бола-чақасини дейишини кўрсатиб берганмиз. Мен бу ҳақида кўп ўйлайман ва кўрсатиб беришга ҳаракат қиламан.

Ассалому алайкум ҳурматли Устоз Ёдгор Ака, гарчи сизга шогирд бўлиб тушмаган бўлсамда лекин сизни ўзимнинг устозим деб биламан. Сабаби сиз ижро этган "Шайтанат" фильмини қайта қайта кўравериб сиздан жуда кўп нарса ўргандим. Сиз айтганингиздек "мардлик", "қатъиятлик , "ростгўйлик", "яхши одамларда учрайдиган хислатлар" ни аслида қандай бўлишлигини айнан сизнинг ижронгиздан ўрганганман.

https://img.uforum.uz/thumbs/sapvocm2294144.jpg (https://img.uforum.uz/images/sapvocm2294144.jpg) https://img.uforum.uz/thumbs/palfnmq9303141.jpg (https://img.uforum.uz/images/palfnmq9303141.jpg) https://img.uforum.uz/thumbs/xyryaly1279381.jpg (https://img.uforum.uz/images/xyryaly1279381.jpg)

19 октябрь куни "Золотой Гепард" кинофорумида сизни учратганимда ва сиз билан суратга тушганимда биринчи бўлиб ёшлигим эсимга тушди, сабаби ўшанда сиз ижро этган фильмлар ҳамда сиз ҳақингиздаги кўрсатувларни кўриб, сиз билан сухбатлашиш ҳамда сиз билан эсталик учун суратга тушишни ният қилардим, 19 октябрь куни яратганга шукр ниятим ушалди, ва бугун эса сиз билан сухбатлашиш имкониятига эга бўлдим. Бунда жуда хурсандман!!! :yahoo:

Миллатимиз хамда халкимиз манфати хамда келажаги учун килаётган барча харакатларингиз учун сизга жуда катта рахмат. Бахтимизга соғ-омон ва хардоимгидек кучли бўлиб юринг.

Хурмат ила Зухриддин

Kavsar
13.04.2012, 00:08
Hurmatli Yodgor aka, vaqtga bo'lgan munosabatingiz qanday? Inson umri hamda vaqt to'g'risida nimalar deya olasiz? Javob uchun oldindan rahmat.

Nigora Umarova
02.05.2012, 07:41
Кеча бир гуруҳ санъаткорлар, ҳатто Япониядан келган 90 ёшли археолог олим Като Кюдзо (http://kore-saram.ru/KATO-KYUDZO-vsemirno-izvestnii-yaponskii-etnograf-issledovatel-drevnih-kultur-narodov-Srednei-i-TSentralnoi-Azii) ҳам "Ҳаёт учун "хайрия-форум марафонида қатнашишди.

https://img.uforum.uz/images/vlyaliv7175092.jpg

https://img.uforum.uz/images/wwzfvmj489683.jpg

Расм муаллифи Зуҳриддин Темиров. (http://uforum.uz/member.php?u=2979)

Nigora Umarova
17.07.2012, 14:54
Ёдгор Саъдиевнинг ижоди ижтимоий, фалсафий, ғоявий мазмун билан йўғрилган бўлиб, қаҳрамонлар хусусиятини, ижтимоий муҳит билан муносабатларини, ички дунёси ва кечинмаларини психологик ўткир тарзда талқин этиши билан ажралиб туради. Қаҳрамонга драматик ҳатти-ҳаракат, оҳанг, имо-ишора топа олиши, унинг ички ва ташқи томонини уйғунлаштира олиши билан диққатга сазовордир.
Ёдгор Саъдиев кинода ...Тагай (“Минорхўрлик Жўра овчи”) .... роллари билан шуҳрат қозонди.

b481b784fe9f7fd

Фильм 6 қисмдан иборат. (http://utube.uz/search/result?query=%D1%81%D0%B0%D1%8A%D0%B4%D0%B8%D0%B5% D0%B2)

Nigora Umarova
05.02.2016, 17:18
https://img.uforum.uz/images/dqruoba4957872.jpg

Бугун URadio.uz студиясида Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев билан эшиттириш тайёрладик. Эшиттиришни такроран 14 февралда тинглашингиз мумкин.

Nigora Umarova
29.02.2016, 11:28
https://img.uforum.uz/images/dqruoba4957872.jpg

Бугун URadio.uz студиясида Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев билан эшиттириш тайёрладик. Эшиттиришни такроран 14 февралда тинглашингиз мумкин.

Эшиттиришни (http://audio.ziyonet.uz/uz/book/2507)қуйидаги ҳавола орқали тинглашингиз мумкин.