Просмотр полной версии : Халқин куйлаб бахтини топган шоир- Ҳусниддин Шарипов
Nigora Umarova
28.07.2011, 19:11
Улуғ юртим, безовта асрим
Ва халқимни куйлаб топдим бахт!
Ҳусниддин Шарипов
Агар шеърият дарахт япроқларидек табиий ва соф бўлмаса, унинг бўлмагани афзал.
Ҳикматлардан
Муҳтарам форумдошим!
Навбатдаги суҳбатдошимиз ўзининг шеърлари ва драмалари билан меҳнат аҳли-деҳқонлар, боғбонлар, ўрмончиларнинг орзу-ўйларини, она табиатни улуғлаган шоир ва драматург Ҳусниддин Шариповдир. Адибнинг ижодида ғазал ва оқ шеър, лирика ва ҳикоят, достон ва миннитюра, фалсафа ва лутф, қўшиқ ва чақириқ мужассам, лирик қаҳрамонларининг тили халқона, содда ва тагдордир. Ҳусниддин Шариповнинг ҳаёти ва ижоди бугунги кунда юртимизда адабиёт ва санъатга катта эътибор бериб келинаётган бир замонда ёш ижодкорлар учун ибрат мактаби ҳисобланади.
https://img.uforum.uz/images/kpyowcn8921171.jpg
Nigora Umarova
28.07.2011, 19:25
Шоир ва драматург Ҳусниддин Шарипов 1933 йил 10 февраль куни Поп шаҳрида туғилди, вилоят маркази Намангонда ўсиб-улғайди. Отаси Султон Назиров – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи, онаси Турғуной Хўжаева ҳам муаллима. Ўзи эса иккинчи отаси Шарифжон Парпибоев қўли остида тарбия топди. Унинг «Навоий» деган дастлабки шеъри 1948 йил – қишлоқ хўжалик техникумида ўқиб юрганида босилди. «Ниҳол» номли биринчи шеърлар китоби эса 1956 йил – у қишлоқ хўжалик институтини битириб, ўрмон хўжалик идорасининг инженери бўлиб ишлаётганида нашр этилди. Уша йили вилоят «Намангон ҳақиқати» газетасига таклиф этилиб, адабий ходим, сўнг масъул котиб бўлиб ишлади. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг нашри «Ўзбекистон маданияти» газетасида адабий котиблик қила бошлагач, 1960 йилда Тошкентга кўчиб келди. 1962 йилдан бошлаб, узок муддат «Шарқ юлдузи» журнали шеърият бўлимига мудирлик қилди, таҳририят аъзоси бўлди. Бир неча йил уйда ижод билан шуғулланди. 1984 йилдан бошлаб, адабий маслаҳатчи сифатида, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг таржима ва драматургия бўйича ишларини юритиб турди.
Ҳусниддин Шарипов адабиётга ўз мавзуи билан кириб келган шоир. Дастлабки шеърлариданоқ у меҳнат аҳли – деҳқонлар, боғбонлар, ўрмончиларнинг орзу-ўйларини, она табиатни улуғлади. Олтмишинчи йилларда чиққан китобларини соддагина «Кўнгил буюргани» (1961), «Қуёшга ошиқман» (1963), «Тупроққа қасида», «Ернинг қалби» (1965), «Мен сизга айтсам» (1968) деб атагани бежиз эмас, албатта. У ҳатто замонавий илм-фан ва саноат тараққиёти чўққисида туғилган космонавтика ютуқлари, фазокор парвозида ҳам пахтакоримиз қалб ҳарорати борлиги билан фахрланади.
Шоир узбек замонавий достончилиги ривожига жиддий ҳисса қўшди. Унинг ўн саккиз достонидан энг йириги бўлмиш «Бир савол» (1972) номли шеърий роман қаҳрамони Аброр йигирманчи йилларда гирром кишиларнинг қутқусига учиб гуноҳ қилган, Сибирга бадарға бўлган эсада, мамлакат бошига хатар қўнганида, унинг ҳимоясига барча тўсиқлардан ошиб етиб борган ҳалол инсондир. Жанг майдонларидан қайтгач, у ягона ўғлини излаб, чўлларни обод қилаётган деҳқонлар сафига киради. Афсус, ёши бир ерга борганида, фарзанд қабри устидан чиқади, холос. Аброр етмаган кунларга етиб, меҳнатда бахт насиб этган бригадир Сотволди эса («Сотволдидан салом», 1968) қувлиги ва чапдастлиги билан жаҳонда ўз ҳалол номини эҳтиёт қилиб келаётган ўзбек деҳқонларининг тимсоли дейиш мумкин. Ҳ. Шарипов яратувчилик мавзуини «Боғ кўча болалари» (1963), «Тановар» (1965), «Шоир ҳақида» (1967), «Қилмиш-қидирмиш» (1976), «Инсоф диёри» (1979), «Соҳиллар» (1986) каби достонларида изчиллик билан таҳлил эта боради.
Ҳусниддин Шарипов фаол ижодкор. Унинг етмишинчи йилларда чиққан «Лирика», «Достонлар» сингари шеърий тўпламлари қаторига саксонинчи йилларда «Ҳаяжонли дақиқалар», «Оҳ, гўзал», «Хирмон», «Яна висол» каби асарлари қўшилди, ўз эллик ёшини икки жилдлик «Сайланма» билан кутиб олди.
Шоир драматургия соҳасида ҳам мунтазам қалам тебратади: «Сени севаман» (1958), «Ота ўгли» (1964), «Афсона» (1975), «Чоллар ва кампирлар» (1979), «Ер истаб» (1993) каби пьесалари пойтахт ва вилоят театрларида саҳналаштирилди. У фарзанд ва неваралари олдида ҳам «Укажонларимга» (1963), «Бу ёғи нима бўлади» (1973), «Чавандоз» (1974) сингари болаларбоп китоблари билан қарзини узиб қўйган.
Мустақиллик йиллари Ҳ. Шарипов учун гоят маҳсулдор бўлди. «Минг иккинчи кеча» (1992), «Қалтис юриш» (1999) достонлари, «Ёр истаб» (1993) шеърий китоби нашр этилди. «Онанинг кўнгли болада ёҳуд Тошкентча қўйди-чиқди» драмаси «Узбектеатр» эълон қилган танлов ғолиби бўлди. Худди ўша йили Мустақилликнинг X йиллигига бағишланган «Дўстим Тожиддин» номли ҳужжатли қиссаси босилиб чиқди. Айни вақтда Ўзбекистон Миллий академик театри эълон қилган танлов муносабати билан «Инсофнома» шеърий драмасини яратди.
Ҳусниддин Шарипов карийб ярим асрки, қўшиқ санъати билан ошно. Унинг қўшиқ ва шеърлари Наврўз ва Мустақиллик байрами тантаналарида мунтазам янграб туради. Шоир ҳарбий қўшиқлар (1996) ва «Ватан ҳимоясида» (2002) танловларининг ғолиби, Ҳусниддин Шарипов Ж. Лафонтен, И. Тургенев, У. Уитмен, В. Маяковский, Б. Брехт, П. Неруда, Р. Рождественский шеърларини ўзбекчага ўгирган бўлса, унинг «Всё тот-же я» («Ўша-ўша», 1970), «Привет от Сатвалды» («Сотволдидан салом», 1977), «Самое дорогое» («Энг азиз», 1980) каби китоблари Москва ва Тошкент нашриётларида рус тилида босилди, шеърлари урду, поляк, турк ва, қолаверса, барча қўшни қардошларимиз тилларига таржима қилинди. Ўзбекистоннинг кўпгина театрлари Р. Ҳамзатовнинг «Тоғ қизи», Б. Васильевнинг «Рўйхатларда йўқ» ва «Сокин тонглар», Ш. Раҳматуллиннинг «Ажал қувлаганда», Е. Юрандотнинг «Тўққизинчи покиза», В. Еськин ва К. Крикоряннинг «Кавказлик келин» пьесаларини Ҳ. Шарипов таржимасида саҳналаштирганлар.
Адабиётшунослар Ҳусниддин Шарипов ижодида ғазал ва оқ шеър, лирика ва ҳикоят, достон ва миниатюра, фалсафа ва лутф, қўшиқ ва чақириқ ёнма-ён яшаши ҳақида, қаҳрамонларининг халқона содда ва тагдор тили тўғрисида кўп ёзишган. Бу сифатлар Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти 1989 йили босиб чиқарган «Адабий портретлар» китобидаги профессор Озод Шарафиддиновнинг «Ҳусниддин Шарипов» сарлавҳали монографиясида айниқса тўла ва синчковлик билан таҳлил этилади.
Ҳусниддин Шарипов « Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими» унвонига эга (1983). Мустақиллик йилларида «Мустақиллик» медали ва «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланди.
Манба (http://hsharipov.zn.uz/)
Nigora Umarova
28.07.2011, 20:20
-Ижодкорлик фаолиятингиз қачон бошланган?
Ҳусниддин Шарипов: Болалигимда эртак эшитишни яхши кўрардим ҳамда Хайрихон аямдан байт айтиб беринг деб талаб қилардим. Мактабга боргач эса ҳарфларни аста-секин таний бошлагач, Хайрихон аям менга пул бериб, “Бунга эртак китоб сотиб олсанг, эртакларни, байтларни хоҳлаган пайтингда ўзинг ўқий оласан, менга ҳам ялинмайсан”,-дедилар. Китоб дўконига югуриб борганим ва А.С.Пушкиннинг “Шоҳ Салтан ва унинг ўғли Князь Гвидон ҳақида” номли шеърий эртак китобини сотиб олганим ҳали ҳануз ёдимда. Китобни қўлдан қўймай, доим ёнимда олиб юрардим. Эртакнинг илк мутолаасида дастлаб 10 кун, яна ўқигим келиб, кейинги мутолаада 1ҳафта, кейин эса 3 кунда ўқиб тугатдим. Эртак китобнинг сатрлари ёдимда қолди. Мисраларни мактабдош дўстларимга айтиб юрардим:
“Бочкада эса ботир,
Соатлаб ўсаётир”- деб.
2- синфда ўқиётганимизда бизга адабиёт фанидан янги ўқитувчи кира бошладилар. Улар “Муштум” журналида сонма-сон босилиб чиқаётган Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” қиссасидаги воқеаларни сўзлаб бериб, китоб ўқишга бўлган ҳавасимизни янада орттирдилар.
Китобга бўлган муҳаббатим менда қалам тебратишга эҳтиёжни туғдирди. Илк ёзган шеърим Комил Яшиннинг “Нурхон” драмасидаги Қодирнинг Нурхонга айтадиган ариясидан таъсирланиб тақлидан ёзилганди. Деворий газетада биринчи шеърим май байрамига бағишлаб чоп этилди. Кейин эса, 1947 йилда Республикамиз 1 млн. тонна пахта етиштириб топширгач, бундан таъсирланиб, “Мард ўлкаси Наманган” шеъри юзага келди.
Шу йил августида “Вилоят ёш ижодкорларининг мажлиси бўлади” деган эълонни ўқиб қолдим ҳамда ушбу мажлисда қатнашдим. Мажлисни Нуриддин Акромович Муҳиддинов бошқардилар. Вилоят Ёзувчилар уюшмасининг раҳбари шоир Азиз Турсун эди. Кейинчалик эса ушбу семинар йиғилишимиз ҳар ойда бўлиб ўтадиган ва уни шоир Азиз Турсун бошқарадиган бўлди. Семинар йиғилишида Ҳамид Нурий, Турғун Пўлат, Исмат Назрулла, Қозоқжон Дадахонов ва бошқалар-жами ўнга яқин киши қатнашарди. 1947 йилдан бошлаб радиога мухбирлик қила бошладим. 1948 йилда вилоят газетасида “Навоий” номли шеърим босилди. Исмат Назрулла мени табриклаб, қолган шеърларим ҳам бундан кейин газеталарда чоп этилишини таъкидлади. Шу йилнинг октябрь ойида байрамда пахта йиғим-теримига бағишлаб ёзилган шеъримни чиқаришди. Ушбу шеър мен Тошкентга келиб, институтга киргач, Ёзувчилар уюшмасининг ўша пайтдаги раиси Шароф Рашидовнинг назарига тушди.
1949 йили техникумни тугатиб пойтахтга ўқишга келдим ҳамда қишлоқ хўжалик институтига ҳужжат топширдим. Сентябрнинг бошларида етиб келганлигим туфайли “Ўрмон мелиорация” факультетининг рус гуруҳига ўқишга кирдим. Ўқишни жуда-жуда хоҳлаб ректорнинг эшигини тагида дўстим Қозоқбой Дадахонов билан ўн икки кун эртадан кечгача ўтирганимиз ҳамон ёдимда. Демак, орзуйим амалга ошди.
Шу йилнинг 25-30 октябрида ёш ёзувчиларнинг Республика кенгашида Наманган делегацияси таркибида қатнашдим. . Анжуман сўнгида менинг номимни эълон қилишди ва мен ўз шеъримни ўқиб бердим. Шеърни ўқиб бўлгач, мени ҳайъатга Шароф Рашидов чақираётганлигини имлаб кўрсатишди. Шароф Рашидович:”Яхшилаб ўқинг, сиздек кадрлар бизга ниҳоятда зарур”-дедилар. У кишининг бу гаплари мени руҳлантирди ва янада ижодий фаолиятга берилишимга туртки бўлди. Мендан ташқари анжуманда Хайриддин Салоҳ, Наим Каримов, Шотурсун Ғуломовлар ҳам бор эди.
1952 йилнинг 24-26 декабрь кунлари Республика ёш ёзувчиларининг навбатдаги конференцияси бўлди. У пайтларда ижодкор сифатида анча танилиб қолгандим. “Қизил Ўзбекистон” газетасида “Ирода” номли шеърим чоп этилди. Шеър мазмунан кучли саҳро шамолидан қўрқмай чўлни ўзлаштиргани келган ёшлар ҳақида эди. Ушбу шеър устоз Абдулла Қаҳҳор назарига тушиб, конференцияда ёш ижодкорлар ижодига баҳо бераётган пайтларида: “Қайси куни “Қизил Ўзбекистон” газетасида адабий саҳифа чиқди. Унда ёш шоирлардан Ҳусниддин Шариповнинг “Ирода” деган шеъри босилиб чиқди. Афсуски, шеър ўқишни билмайман, билсам ўқиб берардим. Майли, ўзингиз ўқиб оларсиз. Шеърда қум бўрони тасвир этилади. Кимдир бундай ҳодисани ҳалокат деб ҳисоблар. Аммо шоирнинг ўзидек ёш бир геолог ўзи бу ерларга бугун-эрта бошлаб келадиган ҳаётни ўйлаб, ҳалокатли бўрон остида жилмаяди. Чунки орқасида бутун мамлакат борлигини, халқ борлигини билади. Шунинг учун ғалаба қилишига амин.
Мен сўзимни нима билан бошлаган бўлсам, ўша билан тамомлайман: биз адабиётга йўл ахтарганда, бундай шеър ёза олмас эдик, бундай ёзишни тасаввур қилиш ҳам қийин эди...”
Ўзгаларни аёвсиз танқид қилган устоз ёзувчининг бу гаплари мени ижодга янада масъулият билан ёндошишга ундади. Шеърларим тинимсиз Республика матбуотида чоп этиларди.
1954 йилда Ёзувчилар уюшмасининг кўрсатмаси билан бир қанча ижодкорларнинг қўлёзмаси муҳокама қилинди. Шеърларим анчагина тўпланиб қолгач, мен ҳам ўз қўлёзмаларимни комиссия аъзоларига топширгандим. Комиссия қўлёзмамни ўрганиб чиқиб, қитоб қилиб чиқариш учун тавсия этди. Илк китобим “Ниҳол” номи билан шоир Шукрулло сўзбошиси муҳаррирлигида 1956 йил, августида нашрдан чиқди.
https://img.uforum.uz/images/zrtkrnc7617293.jpg
Alisher Asror
28.07.2011, 21:02
Раҳмат , Нигорахон!
Ажойиб инсон ҳақида рукн очганингиз билан қутлайман.
Nigora Umarova
29.07.2011, 12:45
Агар биз сезмасак...
Менга ақлли бўл, дейди ошналар,
Тухум шаклли бўл, дейди ошналар.
Тинчлигим ғамини ейди ошналар,
Ур, дейдилар, жаҳлингга нўхта.
Тилимни дазмоллаб, сўзни охорлаб,
Машқ қила бошлайман яшашни порлаб,
Сўнг сабрим барибир кетади портлаб,
Портлар ахир тухум ҳам чўғда.
Турмушни оташга айласак таққос,
Сизу биз-чўғ узра чарх урган раққос.
Нақадар бўлмайлик эпчил ва хассос,
Етмоқ қийин мукаммаликка.
Ушбу номукаммал дунёда ногоҳ
Кимдир меҳнатингга бўлади ўртоқ,
Ким эса ярангга босади оёқ,
Кўзларингга тикилиб тикка.
Киссавур чўнтакни кавлаган маҳал,
Қаллоблик палаги ғовлаган маҳал
Ё тўра ишчини товлаган маҳал
Ярашарми турсак сўлжайиб?
Агар биз сезмасак муттаҳамларни,
Агар биз эзмасак муттаҳамларни,
Меҳрибон, меҳнаткаш пок одамларни
Мутттаҳамлар айлашар майиб.
Қизигай ўртада ҳали баҳсимиз,
Шу сабаб қиррадор ҳато маҳзимиз.
Ёвга - ёв, яхшига эса яхшимиз,
Тергаб турар уйқусиз виждон.
Дунёнинг паст-баланд, ўнгу-сўли бор,
Булутнинг гоҳ соя, гоҳо дўли бор.
Инсоннинг фақат бир-тўғри йўли бор,
Агар бўлса чинакам инсон.
Ҳусниддин Шарипов, 1985 йил, 24 ноябрь.
Nigora Umarova
29.07.2011, 12:58
Айланар замин
Наманганда ёзсам-да япроқ,
Тавба,
сайёҳ қушга ўхшайман.
Ўтган умр маҳзини кўпроқ
Тошкент вақти билан ўлчайман.
Чир айланар замин ва замон.
Юзлаштириб Шарқни
Ғарб билан
Ернинг ўқи,
фикримча, бу он
Ўтар менинг онам қабридан.
Билмам,
наҳот у мўътабар зот
Хавотирда биз учун ҳануз:
"Қолгайму, деб, дуд аро ҳаёт,
Хазон ёқиб исинганда куз?!"
Шу пайт мен ҳам,
худди парвона
Интилгандай олис чироққа,
Талпинаман яна ва ёна
Болалигим жилмайган ёққа.
Мана, хушлар қадрдон ҳаво,
Тол-соябон,
ўтлоқлар гилам:
Ақллироқ кўринар ҳатто
Она юртинг бузоқлари ҳам...
Ҳусниддин Шарипов, 23 декабрь, 2004 йил.
Nigora Umarova
29.07.2011, 14:12
«Шоҳмот достони» китобидан
Ўзим ҳақимда
– Келинг, бир ўйнаймиз, – дейди Баҳодир.
– Ўйнамайман, – десам, боқади ҳайрон.
Унингча, на жасур ва на даҳодир
Шоҳмотдан бебаҳра яшаган инсон.
Боланинг гапида жон бор, албатта,
Лекин, ўз-ўзимни айласам сўроқ,
Шеъриятдан ўзга касбу санъатда
Менга ишқибозлик ёқади кўпроқ.
Ҳа, ҳа, томошани кўраман афзал,
Гарчи ўйнашга ҳам ақлим етади.
Кишилар
кўпинча
ўйлаган маҳал
Чинакам чиройли бўлиб кетади.
Мен шу гўзалликни севаман мангу,
Аҳдим такрорлайман, дуодек, минг бор.
Қувончлар изидан югураман-ку,
Дарду заҳматдан ҳам қочмайман зинҳор.
Негаки, рақиб ҳам тутинар ўртоқ
Фикр ришталари туташган дамда.
Шоҳмотчи мияси қисирлаган чоғ
Акс-садо туғилар менинг миямда.
Ҳиди-бидиларнинг калавасидан
Чиқолмай,
не жонлар инграр бетоқат?!
Мен эса, бировлар ғалабасидан
Қувониб яшашни қилганман одат.
Тўлиб турган бўлса шодликнинг жоми,
Тошириб юборгай менинг бир томчим.
Дўстлар, қораймасин мағлубнинг шоми,
Етсин ниятига ғолиб илҳомчим.
Яна фил тебранар, сўлиқ чайнар от,
Ҳали олдиндадир йўлнинг кўп қисми.
Нима деб эсларкин қачондир шоҳмот,
Шеърият нима деб эсларкин бизни?!.
Ҳусниддин Шарипов
Nigora Umarova
29.07.2011, 14:15
Қувонч ва кЎз ёшлар
Севара Юсубалиевага
Шўх яратар қизларни ҳаёт,
Ерга урсанг, сапчишар кўкка.
Яшай деса – орзулар қанот,
Куйлай деса – соғломдир ўпка.
Нур таратса руҳинг ва жисминг,
Ҳар лаҳза ҳам бўлади ширин.
Фақат, дўстлар, шоҳмотчи қизнинг
Жазаваси яшар яширин.
Ювошгина очса-да чирой
Сокин ҳаёт беланчагида,
Жўшар у ҳам, шўрва ёки чой
Қайнагандек қопқоқ тагида.
Ахир, жўн иш эмасдир кураш:
Панд берилар, берилар қурбон,
Нимадандир бемаврид ажраш
Қиз болага бўлмагай осон.
Майдон ногоҳ келса ларзага,
Ўлтирмас у марҳамат тилаб.
Жангчиларни янги маррага
Тортаверар, оёғин тираб.
Чегара мўрт, зарбалар кескин,
Авж пардада гирдобланар ҳарб...
Бир вақт қизнинг оёғи секин
Қай бир куйга бера бошлар зарб.
Демак, ичи тўлиб жарангга,
Мавж уради наздида жанггоҳ.
Аста туриб, оташли жангга
Юксаклардан ташлар у нигоҳ.
Еру кўкни унутар бир дам,
Чайқалар у қўли эшилиб...
Хонтахтага эгилар бирдан,
Гўёки ўз бағри тешилиб.
Хом эканми бояги «кишт»лар,
Мис эканми топган олтини?
Қилиб шунча гўзал юришлар,
Жар лабига келиб қолдими?
Ким енгади: жарми ё ўжар,
Тўлқин кимни отар қирғоққа?
Ғалаба ҳам аёлга ўхшар,
Кулиб боқар омадлироққа.
Ким бахт излар, ким тахт талашар,
Ким шер бўлар, ким эса қуён?!
Хуллас, ютиб-ютқизиб яшар
Шоҳмот аҳли минг йилдан буён.
Бу ҳаммага маълум-ку, бироқ ,
Қизлар ҳануз кўниколмас сал.
Хилват топиб, йиғлаб олар гоҳ
Йигитлардан енгилган маҳал.
Бу кўз ёшми... балки аламдир,
Ё топталган ғурур зардоби?!
Жазиллатса қалбни қалампир,
Қандай чиқсин, ахир, офтоби?
Таскин берар дардли кўнгилга,
Вазмин-вазмин айланиб фалак.
Сўнг, ғунчалар айланиб гулга,
Торлик қилгай олтмиш тўрт катак.
Хаёл қочиб, кимгадир мамнун
Ютқизмоқни хоҳлаб қолар қиз...
– Шошма, – дейман, – бир кунмас-бир кун
Шоҳнинг ўзи чўкар сенга тиз...
Ҳусниддин Шарипов
Nigora Umarova
29.07.2011, 14:19
Оғриқ
Хом сут эмиб ўсар қайси бир банда,
Бошқаси жон олар худди тандирдан.
Лекин барчаси ҳам,
жўшиб кетганда,
«Қурбонинг бўлай!» деб юборар бирдан.
Қурбон қилгувчилар куттирмас узоқ,
Саҳнага айланар узоқ-яқинлар.
Талаш бўлган сари майдонда улоқ,
Яйрашар, ҳай-ҳайлаб, томошабинлар.
Ҳатто камтаргина «кишту мот» уйин
Бағри безовтадир бамисли вулқон.
Бунда ҳам чиройли саналар ўйин,
Фақат гўзал бўлса берилган қурбон.
Асли, сўнмоқ учун туғилмайди ой,
Гулга гулзор керак, балиққа – дарё.
Фил шоҳнинг ёнида излаганда жой,
Пиёда қилади фарзинлик даъво.
Энди, хўш, тақдирнинг тинглаб ҳукмини,
Ҳаққидан кечсинми сипоҳ гунг ва лол:
Қуймоқ бўлсин дерми руҳ ўз тухмини,
Қази бўлмоқ эса отга ҳам малол?!
Қаранг, баҳс ўтида қайнар қозонлар,
Дил ҳам таскин топиб, турмас четроқда.
Ёғоч доналар ва қонталаш жонлар
Аралаш-қуралаш бўлиб кетмоқда.
Тўғри, жисм борки, қилар ҳаракат,
Чарх урар жонзоднинг семиз-ориғи.
Лекин қурбонларга маълумдир фақат
Парвозда қулаган жоннинг оғриғи.
Шунча йил ғалвирлаб дунёни, наҳот,
Ажрата олмайсиз асли ва аксин?
Ким жавоб беради:
Ўйинми – ҳаёт?
Ўйин – ҳаётми ё?
Билганлар айтсин?!.
Ҳусниддин Шарипов
Nigora Umarova
29.07.2011, 14:22
https://img.uforum.uz/images/ioakgqm7527531.jpg
Набираларининг севимли бобожониси Ҳусниддин Шарипов рафиқалари Клара ая билан.
https://img.uforum.uz/images/diayjzm4216826.jpg
vBulletin® v3.8.5, Copyright ©2000-2026, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot