Просмотр полной версии : Ўзбек эстрада санъатининг асосчиси - Ботир Зокиров
Nigora Umarova
26.04.2011, 11:38
https://img.uforum.uz/images/kpepbof2629665.jpg
Bugun o'zbek estrada qo'shiqchiligining asoschisi Botir Zokirov tavallud topgan kun. Botir Zokirov hayot bo'lganida ushbu kun 75 yoshga to'lardi.
Botir Zokirovning kundaliklarini va Fotima Sharipovaning Zokirovlar sulolasi haqidagi "Abadiyat ibtidosi" kitobini o'qib chiqdim.
Ta'sirli kitob. Eh, yangiliklarga to'sqinlik qilmovchilar bo'lganida taraqqiyot oliy cho'qqiga chiqqan bo'larmidi?!..
Jaholat borligi uchun ham yaxshi insonlarning, buyuk g'oyalarning qanchasi muallifining qalbida armon bo'lib qolib ketadi.
Esiz odam, eh, siz odamlar....
E'tiboringizga Botir Zokirovning kundaligidagi ushbu bitiklarni havola qilmoqdaman:
Nazarimda insonlardagi loqaydlik va befarqlik dunyomizni yanada ko'proq to'ldirmoqda, u go'yo zamonaviy san'atimizni aks ettirayotgandek. Tussizlik va kaltafahmlik, baxillik va ikkiyuzlamachilik-loqaydlik hukmidagi bosh illatlar mana shular.
Iste'dodlilarni yerto'lalarga haydab u tantana qilmoqda, kulmoqda. Kimlarki zaifroq bo'lsa, ular dosh berolmasdan turli yo'llar bilan hayotdan ketayotir. Bir xillarning boshiga ichkilik yetmoqda, boshqa birlari kasbini o'zgartirmoqda, yana bir xillar o'z joniga suiqasd qilsa, to'rtinchi toifa yashash uchun moslashmoqda.
Hayotimning qo'shig'in topolsaydim dunyoda
Kishilarni olijanob, poklikka e'tib da'vat.
Baxilligu tubanlik, xudbinligu riyoga,
Kurashlarga chorlasa meni u azalu abad.
Tilimning soqovligi do'zax o'tidan yomon,
U menga shivirlaydi. Yashamagin yaxshisi.
Yashashga kuch topganlarga qanday hasad qilaman,
qanday topay men o'sha alam va haq sasini.
Botir Zokirov
Nigora Umarova
27.04.2011, 11:20
https://img.uforum.uz/images/kxeskld7696706.jpg
Инсон нега куйга, қўшиққа ошуфта? Наво оғушида гоғо бор-йўқлигини ҳам унутиб қўяди, нега? Куй-қўшиқда қандай сеҳр борки, кўнгилда меҳр уйғотади?
Ботир Зокировнинг қўшиқларини тинглаган инсон мана шу саволлар гирдобида қолади. гоҳ миллий оҳангдаги қўшиқлардаги туғён, дардларни тингласак, гоҳо араб, эрон, ҳинд, ливан, мексикача, итальянча, сурияча қўшиқларини тинглаб меҳр-муҳаббат у қай миллатдан бўлишидан қатъий назар инсон қалбига бир хил дард солишини англаймиз.
Ўзбек эстрада санъатининг асосчиси ва ёрқин юлдузи, Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокировнинг жаҳон мусиқа санъатида ўз муносиб ўрни бор. Тиниқ, майин, мафтункор овоз соҳиби бўлган бу улуғ санъаткор бетакрор қўшиқлари билан ўзига ҳайкал қўйиб кетган инсондир.
Мавзуда мана шу ҳақида фикр юритсак, муҳтарам форумдошим!
Nigora Umarova
27.04.2011, 11:47
Ботир Зокиров композиторлардан Икром Акбаровнинг "Ёр, кел", "Раъно", "Газли", "Қайдасан", "Сени эслайман", Мутал Бурҳоновнинг "Мафтун бўлдим", "Намедонам, чином дород", Сайфи Жалилнинг "Мажнун монологи", "Кечалари юлдуз санаб", Энмарк Солиҳовнинг "Куз келди яна" ва бошқа қўшиқларини куйлаб халқимизнинг эстрада санъатинига асос солган ва дурдоналар билан бойитган.
Замонавий эстрада услубида қайта ишланган шарқу ғарб наволари санъаткорнинг довруғини жаҳонга янада кенгроқ ёйди. Ҳиндча "Мейчале", "Нечун хаёлга чўмдинг", "Дил орзуси", эронча "Маро бебус", "Айрилиқ қўшиғи", ливанча "Гўзал", мексикача "Алвидо, муҳаббат", итальянча "Яшасин муҳаббат", сурияча "Ўтмишимга йиғлайман", мисрча "Араб тангоси" каби қўшиқларнинг ҳар бирини асл тилда, беназир ижро талқинида куйлаган.
Ботир Зокировнинг муйқалам соҳиби сифатида чизган "Автопортрет", "Саратон", "Гумбазлар", "Болалик кўчаси", "Чор Минор" каби жами 200 дан ортиқ рангоранг асарлари шинавандаларга яхши таниш.
Адабиёт ва шеърият соҳасида у бир қанча ҳикоя, очерк ва шеърлар, шунингдек, Икром Акбаров томонидан басталанган "Суғд элининг қоплони" операси учун либретто муаллифи бўлган.
Киноактёр сифатида Ботир Зокиров ёш муҳандис ("Гуллар очилганда"), Рабиндрат Тагор ("Оловли йўллар"), Абдулло ("Даҳонинг ёшлиги") каби образларни яратишга муваффақ бўлган. Ботир Зокиров ижодига бағишланган "Менга қўшиқ чизиб бер", "Айтилмай қолган қўшиқ", "Ўша, ўтган кунлар" номли ҳужжатли фильмлар суратга олинган.
Машҳур хонанда ўзбек эстрада санъати довруғини собиқ Иттифоқ республикалари, Франция, Австралия, Германия, Куба ҳамда Африка қитъаси мамлакатларида кенг ёйди.
Nigora Umarova
27.04.2011, 16:43
Кеча Оҳангарон шаҳар ҳокими Бахтиёр Солибоев ташаббуси билан Ботир Зокиров таваллудининг 75 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Эътиборингизга ушбу анжумандан лавҳаларни ҳавола қиламиз.
https://img.uforum.uz/images/asvuucw9425365.jpg
Тадбирнинг биринчи қисми ҳокимиятнинг анжуманлар залида бўлиб, унда Ўзбекистон халқ артистлари- Фаррух Зокиров, Насиба Абдуллаева, Марям Ихтиёрова, Мансур Тошматов, Ўзбекистон халқ ҳофизи Ҳасан Ражабий, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гавҳархоним Зокирова, Ботир Зокировнинг яқин кишилари укаси -Равшан Зокиров, ўғли- Баҳодир Зокиров, набираси Сайёра Зокировалар ижодкорни ёдга солувчи воқеаларни сўзлаб беришди.
https://img.uforum.uz/images/hfsdnkb6647542.jpg
https://img.uforum.uz/images/njfpsiw5226969.jpg
Ботир Зокировнинг набираси Сайёра Зокирова-бугунги кунда Ўзбекистон Давлат консерваториясининг учинчи босқичида таҳсил олмоқда. Укаси Равшан Зокиров ҳамда Насибахоним Абдуллаева.
https://img.uforum.uz/images/jucwdok3723307.jpg
Насибахоним Абдуллаева эстрада йўналишида фаолият олиб боришида Ботир Зокировнинг оқ фотиҳасини олганлигини айтиб берди.
https://img.uforum.uz/images/meawzcs9208477.jpg
Марям опа Ихтиёрова "Газли" қўшиғининг ёзилиш тарихини ва Ботир Зокиров билан биргаликда 1957 йилда халқаро Ёшлар анжуманида қатнашганлигини сўзладилар.
Nigora Umarova
27.04.2011, 16:53
Тадбирнинг иккинчи қисмида ҳокимият биносининг рўпарасидаги саҳнада "Ялла", "Сато" гуруҳлари, Насиба Абдуллаева, Равшан, Баҳодир, Сайёра Зокировалар ўз қўшиқлари, "Ўзбекистон" рақс дастасининг қизлари ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулшода Абдиевалар дилрабо рақслари билан кишилар кўнглини шод қилдилар.
https://img.uforum.uz/images/wkpfpmr6690944.jpg
https://img.uforum.uz/images/dtrqinh369663.jpg
https://img.uforum.uz/images/xjsffkp5945534.jpg
Санъаткорлар халқ оғушида қолдилар.
Nigora Umarova
27.04.2011, 17:05
Гавҳар опа билан суҳбатлашиб турсак, Мафтуна опа деган ёшлари 60 ёшлардаги аёл келиб ёшлик пайтларида Ботир Зокировнинг мухлисаси бўлганликларини ва Ботир Зокиров ҳақида қайси газетада хабар чиқса йиғганлигини, граммафон пластинкасини йиғганлигини, суратларини тўплаганлкларини айтиб бизга Ботир Зокиров қўшиқлари ёзилган пласинка ва суратлар альбоми, расмларни совға қилдилар. Улар орасида Ўзбекистон халқ рассоми Рўзи Чориевнинг Ботир Зокировни чизган портрети ҳам бор эди.
Мана буни ҳақиқий мухлислик деса бўлади.
Nigora Umarova
27.04.2011, 17:46
Кеча Оҳангарон шаҳрида чиққувчи "Оҳангарон ҳақиқати" газетасида шоир Нурали Абдурасуловнинг шеъри чоп этилибди.
Бир қўшиқ чизмоқни истагай қалам
(Ботир Зокировга бағишлов)
Қўшиқ қудратидан ҳайратда замин,
Ажаб ўйга чўмган сеҳргар ҳилол!
Озор денгизига чўмилган кўнгил...
Ҳайрат кўз ёшлари келмагай малол.
Нафис назм аро йиғлагай севги,
Бир қўшиқ чизмоқни истагай қалам,
Мусаввир кўнгилда юртнинг расми бор,
Мўйқалам меҳрими... киприкдаги нам.
Париж залларида ўзбек овози,
Дилларни ҳайратга солган бу наво.
Болқон қирларида ўктам парвози,
Рус ўрмони узра ёрқин бир маъво.
Арабу ажамда, мағриб-машриқда,
Турон эл юраги очилган аён:
Сизга таъзимдамиз улуғ истеъдод,
Мағрур кўксингизда Тошкент намоён.
Умрингиз қўшиқдир: интизор, маҳзун,
Бу қўшиқ куйлангай бу олам аро,
Буюклар ўлмагай, буюклар мангу,
Ана янграмоқда... қўшиқ дилрабо.
Нурали Абдурасулов
Pfefferminze
29.04.2011, 15:14
Mening eng sevimli xonandamdan biri Botir Zokirov bo'ladilar. Yotgan joylari iloyim jannatda bo'lsin.
Menga, Luiza Zokirova bilan birgalikda Gde je ti' schat'e? degan ashulalari (duet) yoqadi.
Nigora, katta rahmat...
Luiza Zokirova haqida ma'lumot ham bormi?
Nigora Umarova
04.05.2011, 12:18
Mening eng sevimli xonandamdan biri Botir Zokirov bo'ladilar. Yotgan joylari iloyim jannatda bo'lsin.
Menga, Luiza Zokirova bilan birgalikda Gde je ti' schat'e? degan ashulalari (duet) yoqadi.
Nigora, katta rahmat...
Luiza Zokirova haqida ma'lumot ham bormi?
Ботир ва Луиза Зокированинг дилбар қўшиғи "Бахт қайдасан?" деб номланади. Замонавий тилда айтилганда бу қўшиқ дуэт ҳисобланади.
Ботир Зокиров: Бахт қаердасан, қани сенинг ёруғ қиёфанг,- деса, Луиза Зокирова унга бахт қорли чўққиларда, дарёларда, куйланаётган қўшиқларда деб жавоб беради. Қаҳрамон тоғ чўққиларига кўтарилади, дарёлардан ўтади, қўшиқлар яратди- бахт ўзи қайдасан? Шунда Луизанинг чуқур ва узоққа чорловчи овози акс-садо беради: Мен ёнингдаман, агар қурбинг етса мени қувиб ет...
Баъзан қўшиқ ёки бирор санъат асари инсоннинг тақдирига айланади.
1938 йилда Зокировлар хонадонида қизалоқ дунёга келади. Ота-она опера санъати ихлосмандлари эмасми, қизалоққа Шиллернинг "Макр ва муҳаббат" драмаси қаҳрамони Луизанинг исмини қўйишади. Уйда уни Зюзю деб эркалашар, Ботир Зокиров эса уни Люлю деб чақирарди. Оилада якка-ю ягона қиз эмасми оилада уни барча суяр, у оиланинг дуру гавҳари ҳисобланар, ака-укалари унинг барча истагини бажаришга тайёр, Луиза улар назарида маликалардек эди. Қиз нафақат ташқи тарафдан гўзал, балки қалби ҳам шу қадар соф эдики, барча билан самимий суҳбатлашар, очиқкўнгил, бировни алдашни билмасди. Ўзгаларни алдаётганлигини билиб қолса чидаб туролмас, тўғри сўзлаётганда яқинларини ҳам аямас шунинг билан бирга жуда-жуда меҳрибон эди.
Луиза қўшиқ куйлашни эрта бошлади. Илк бора қўшиқчи сифатида 17 ёшида чиқди. 1955 йилда Москвага кетаётган Ҳиндистон бош Вазири Жавоҳарлал Неру Тошкентда уч кун меҳмон бўлди. Олий меҳмоннинг шарафига уюштирилган концертда Луиза илк бора ҳиндча қўшиқ куйлади. Қўшиқ меҳмонларга манзур бўлди. Улар кучли ҳаяжонланганларидан кўзларида ёш қалқиди. Индира Ганди қизнинг юзларидан ўпди, Неру унга фил суягидан ишланган тўғноғич совға қилди.
Шарқ мусиқасига қизиқиш туфайли Луиза мактабни битириб чет тиллар институтига кирди. Бу ерда у озгина ўқиб, эстрада Луизани шу қадар ром этдики, эстрада хонандаси сифатида у қисқа вақт мобайнида ўз мухлисларини топди. Тошкентдаги ҳеч бир концерт унинг иштирокисиз ўтмайдиган бўлди. Хонанда қўшиқлари ёзилган граммафон пластинкалари кўз очиб юмгунча сотилиб кетарди.
Тақдир инсонга истеъдодни саҳоват билан улашиб, уни омад ва шон-шарафга буркаб, баъзан унинг иродасини синаш учун оғир синовларни ҳам юбораркан. Луиза Зокирова ҳам ана шундай қисматга дучор бўлди. Бошқаларга доимо жон куйдириб ўзининг соғлигига қарамасди. Касаллик аллақачон бошланганига қарамасдан у ҳеч кимга буни билдирмаган, узоқ вақт шифокорларга мурожаат қилмаганди. Оғриқ қолдирувчи дорилар кор қилмагач у шифохонага боришга мажбур бўлди. Луизани онкология диспансерига текширишга юбордилар.
Онкология марказида доктор Шек текшириш натижаларини кўрибоқ, дарров операция қилиш кераклигини билдирди.
Луиза қариндошлари билан маслаҳатлашиш, балки видолашиш учун шифокордан бир кунгагина рухсат сўради. Оилавий кенгашда Фаррух Зокиров қатъий қарорини билдирди: "Луиза ҳозир тиғ остига ётиши мумкин эмас, у операцияни кўтара олмайди. Туркона дорилар билан даволашни қўллаб кўрайлик-чи, зора нафи тегса".
Ўзбекистонда довруғи кетган наманганлик Муҳиддин табиб Луизани бир ой мобайнида доривор гиёҳлар билан даволади. Натижада кучли оғриқ тўхтади. Даволаниш натижаларини билиш мақсадида яна текширтириш учун Онкология марказига борганларида доктор Шек уларни энди қабул қила олмаслигини билдирди. Бироқ текширувлар натижасида ўсимтани ўсиши ва кучли шамоллаш тўхтаганлиги аниқланди. Зарарли ўсимталарни кесиб ташлаш, касалликни таг-томири билан йўқотиш мақсадида Луиза Зокировани операция қилишди. Худонинг инояти, яқинларининг руҳан қўллаб-қувватлашлари ва ўзининг иродаси билан Луиза Зокирова хавфли касалликни енгди.
Тўқсонинчи йиллар миёнасида Луиза Зокирова турмуш ўртоғининг раъйи билан доимий яшаш учун АҚШга кўчиб кетди. Қизи Наргиза Зокирова, набиралари Сабина, Ауэл, Лайлоларни қўллаб-қувватлаб яшамоқда. У ерда ҳам у ўзбек қўшиқларини куйламоқда. Луиза Зокирова умрнинг чўққисини забт этиш учун мана шундай қорли йўлларни босиб ўтган, ҳаёт синовларига бардош бериш орқали бахтини топган мана шундай заҳматкаш ўзбек аёлидир.
Nigora Umarova
04.05.2011, 12:23
https://img.uforum.uz/images/paoabso7224039.jpg
Расм сифати учун узр сўрайман. 1958 йилда газетада чиққан сурат.
Луиза ва Ботир Зокировлар "Бахт ўзи қайдасан..." қўшиғини ижро этишмоқда.
Pfefferminze
07.05.2011, 18:54
Ma'lumot uchun katta rahmat, Nigora.
Nigora Umarova
26.04.2012, 10:01
Бугун Ботир Зокиров таваллуд топган кун.Ҳақиқий санъат инсонларда олийжаноблик туйғуларини уйғотади. Бу эса ушбу туйғуларни уйғота оладиган инсонлар-санъаткорлар ёрдамида амалга оширилади.
Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров мана шундай инсон эди.
Бугун Ботир Зокиров таваллуд топган кун.
Оиланинг раҳнамолари Карим Зокиров ва Шоҳиста аялар ўзбек операсининг сарчашмалари ҳисобланган бўлсалар, Ботир Зокировни ҳақли равишда ўзбек эстрадасининг отаси, Фаррух Зокиров ва "Ялла" ансамбли замонавий ўзбек қўшиқчилик санъатининг чинакам яловбардоридир. Навфал ва Луиза Зокироваларнинг қўшиқларини одамлар ҳамон орзиқиш билан эслайдилар.
Драматик актёр Жамшид Зокиров эса ўзининг бетакрор ижролари билан халқнинг дилида ўчмас из қолдирган санъат соҳибидир.
Яхшиларнинг яхшиликларини, эзгу ишларини эслаш ҳар бир инсон учун фарзу амал ҳисобланади.
https://img.uforum.uz/images/qeuevqn8657811.jpg
Ботир Зокиров. Портрет муаллифи Рўзи Чориев.
Tulqin Eshbekov
28.04.2012, 06:25
Оиланинг раҳнамолари Карим Зокиров ва Шоҳиста аялар ўзбек операсининг сарчашмалари ҳисобланган бўлсалар, Ботир Зокировни ҳақли равишда ўзбек эстрадасининг отаси, Фаррух Зокиров ва "Ялла" ансамбли замонавий ўзбек қўшиқчилик санъатининг чинакам яловбардоридир. Навфал ва Луиза Зокироваларнинг қўшиқларини одамлар ҳамон орзиқиш билан эслайдилар.
Драматик актёр Жамшид Зокиров эса ўзининг бетакрор ижролари билан халқнинг дилида ўчмас из қолдирган санъат соҳибидир.
Оққан дарё оқаверади, деганларидек, бу сулола миллий санъатимиз чаманзорини ҳамиша яшнатишига умид қиламиз.
vBulletin® v3.8.5, Copyright ©2000-2025, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot