PDA

Просмотр полной версии : Tabriz daftari


Kavsar
26.08.2010, 15:39
Assalomu alaykum ahli forum!

Muhtaram Nigora opamiz taklif etib, fikr berganlari uchun Asqar Mahkam ijodiga bag'ishlab mavzu ochildi. http://uforum.uz/showthread.php?t=13498&page=2

U kishining ijod namunalaridan, tarjima asarlaridan ham bahramand bo'lib, o'zaro fikr almashamiz degan umiddaman.

Mavzu nomi sifatida shoirning eng go'zal she'rlaridan biri "Tabriz daftari"ni tanlab qo'ya qoldik. Ushbu mavzuda noo'rin offtoblardan saqlanishingizni iltimos qilaman. Ammo, o'z navbatida shoir ijodiga oid manbalaringiz bo'lsa, biz bilan baham ko'rib borsangiz va ma'naviy, jiddiy fikrlaringizni yozib qoldirsangiz sizdan benihoya minnatdor bo'lar edik.

Barchaga yaxshilik ulashish umidi ila...

Kavsar
26.08.2010, 16:01
https://img.uforum.uz/thumbs/oqksasu261239.jpg (https://img.uforum.uz/images/oqksasu261239.jpg)


Asqar Mahkam
(1958-2007)

Asqar Mahkam - hozirgi zamon o'zbek she'riyati namoyandalaridan biridir. A. Mahkam "Navro'z", "Ibodat", "Ishq", "Tavajjuh", "Tazarru", "Haq", "Analhaq" she'riy to'plamlari muallifi. Shoir Mavlono Jaloliddin Rumiyning "Masnaviy ma'naviy" kitobining birinchi daftaridan ayrim juz'larning sharhli tarjimasini va zardo'shtiylarning buyuk yodgorligi "Avesto" kitobini o'zbek tiliga tarjima qildi. Xoja Hofiz Sheroziy, Shams Tabriziy, Imom Xumayni, Sayyid Muhammad Shahriyor, Parvin E'tisomiy, Nodir Nodirpur, Nimo Yushij, Doktor Parviz Notil Xonlariy, Hushang Ibtihoj Soya kabi klassik va zamonaviy fors shoirlari she'riyatidan tarjimalar ham shoir qalamiga mansub.

Asqar Mahkam Xoja Abdulloh Ansoriyning Qur'oni Karimga yozgan adabiy-irfoniy tafsirini o'zbek tiliga tarjima qilgan.

http://www.ziyouz.com/index.php?option=com_content&task=view&id=2521&Itemid=217

Ziyouz.com saytidan rasm olindi.

Kavsar
26.08.2010, 16:27
Bag'ishlov

Pastkash kiborlardan ko'ngil bezganda
tumandek bosganda bir mudhish balo
Asotirlar kafan kiyib kezganda
dilgir xayollarning marqadi aro
Ichganda yolg'onning yalmog'izlari
qonli tog'orada Haqning qonini
tiqilib tovonga kin qoziqlari
tushovlab podayu podavonini...
Xudoni unutgan osmon ostida
bir g'aram poxolda yotgan it kabi
gadoylar xilvatin jilla pastida
yonganda jomening zar qubbalari
Bir misqol muruvvat topa olmasdan
baqirib o'chganda zahil so'fiylar
Oyatlar asrorin ocha olmasdan
ushalib tushganda sulsu kufiylar...
Va Hofiz "Ayuhassoqiy..." laridan
tirilib chiqqanda soqiy qo'lda jom
Shamsning Tabriziy shoirlaridan
bir nido taraldi: "Kelgil, kel ey, Jon!..."
Men behol qo'l cho'zdim
asta qo'zg'olib
Hofizdek Jahongir ostonasida
Qarshimda turardi Tabriz yuksalib
buyuk Firdavsiyning "Shohnoma"sidek...
Va Tabriz chorlardi qadimiy yorday
sochlari taralib tiqimlariga
"Jayhunni orqaga qaytaring boray!"
o'tindim Termizning hakimlariga
Hakimlar qo'zg'aldi ming bir darvishdek
sipohlar tig'ida yaraqladi nur
Chayqalib ortiga qaytardi tushdek
hech ortga qaytmagan to'lqinlar masrur...
Chillaxona ichra jim cho'kdi hadik
tahorat olgani chiqdi lashkarlar
yastandi go'yo buyuk bir kenglik
Afrosiyobdan to Tabrizga qadar...
Sahrolar oyog'in yig'ib uyqashdi
dovonu dalalar bo'ldi bir tutam
osmonlar qo'shildi tog'lar tutashdi
charsillab qo'shildi ushalgan tosh ham...
Nahot bu tush emas nahot yo Rabbiy!
Nahot bu afsona emas aslida
va Tabriz Shamsiddin Tabriziy kabi
yashardi Mavlaviy xayollarida...

26.10.2000

"Tabriz daftari" "Al-Hudo" xalqaro nash./"Minhoj" , T.: 2004. (dastlabki barcha she'rlar shu manbadan olib qo'yiladi)

Kavsar
26.08.2010, 16:40
* * *

Мен - ярми форс
ярми - туркийман...
Бўлгани шу. Бошқасин билмам...
Хожа Ҳофиз ғазали билан
тили чиққан битта шоирман
Менинг йиртиқ яқоларимни
ғазал билан тиккан азизлар
Аллалади боболаримни
Ҳирот Шероз Балху Табризлар...
Гарчи маъюс бу Мусаллода
пешонамнинг излари йўқдир
лекин бузруквор Бухорода
Мусаллонинг шаъни улуғдир
Нақшбанднинг чориғи билан
кездим Табриз кўчаларини

Авлиёлар қўпдилар бирдан
бошда тутиб қуббаларини...
Фаришталар учарди енгил
нурга чулғаб гўё бағрингни
Авлиёлар дедилар: "Бергил
эй мусофир чориқларингни..."
Ўйладим Шайх розидир балки
боқдим Жайҳун узра шафаққа...
"Олинг Шамс Табризий ҳаққи
чориқ эмас жоним садақа"...

26.10.2000

Kavsar
26.08.2010, 17:22
https://img.uforum.uz/images/wqhqphz4181847.jpg


Шерозга олиб бор мени эй Табриз
бодлар маснадида Сулаймон каби...
Мусалло саҳнида Ҳофизга бир қиз
холин имо этмиш ва тутмиш лабин
Ҳофизи бечора хирқасин ёйиб
Рукнобод лабида туш кўрар сармаст
Гўзаллар қирмизи олмалар отиб
унинг теграсида чарх урар пайваст
Беёд бодафуруш яқосин йиртиб
хумга бу дунёни сотиб ўтмоқда
Ошуфта шоирнинг илкидан тутиб
"Фақат май ичгил" деб бода тутмоқда...
Муҳтасиб калтаклаб бодафурушни
хумин парча-парча қилар тутақиб
"Бас қил дер Ҳофизга бу бад қилмишни
кулин совурармиз девонинг ёқиб!..."
Ҳофиз имо қилар. Гирдида ҳурлар
муҳтасиб ғазабдан тутақар баттар
"Ҳолимга қўймайди мени оққувлар
боқ ахир маст эрур бор фаришталар..."
Муҳтасиб қамчини учар ҳавода
"Мазах қилаяпсан мени эй Ҳофиз!
Фаришта не қилар бу Мусаллода
ҳурлар не қилади бунда бетамиз!"
Мусаллода кезар сочлари тўзиб
дунёни ларзага солган бир гадо
Ҳурлар бода тутар унга қўл чўзиб
фаришталар бўлар кўкда ҳувайдо.
Ва яна муҳтасиб қамчини эсиз...
Ва яна гўзаллар холию лаби...
Шерозга олиб бор мени эй Табриз
бодлар маснадида Сулаймон каби...

27.10.2000

Kavsar
26.08.2010, 17:42
https://img.uforum.uz/thumbs/fyrcnbu4651616.jpg (https://img.uforum.uz/images/fyrcnbu4651616.jpg)

Shoirga ilhom bergan Hofiz Sheroziy majmuasi

Kavsar
27.08.2010, 06:02
* * *

Қораяди Табриз шамоли
дарвиш тоғлар аста кўз юмар
Эртакларда ўлмас шоҳларни
пари қизлар ўпиб ўлдирар...
Лаб тутаркан бу маккоралар
оғу билан бўяниб рангин
Шоҳаншоҳлар ҳай бечоралар
жон бераркан ушлаб юрагин...
Қорайганда қора қасрлар
жим-жит ҳарам ичра тўлғаниб
мана неча-неча асрлар
шоҳлар ётар ерда булғаниб
балки эртак балки чин-ёлғон
нима дердим менга бари бир...
Паривашлар бўярлар ҳамон
оғу билан ғунча лабларин...

26.10.2000

Kavsar
28.08.2010, 14:53
* * *

Мусофирман...
ғарибман...
билмам...
Табриз менга афсоналар айт!
Юриб-юриб бунда келибман
Табриз менга афсоналар айт!..

Аразладинг ва қаро кийдинг
Қаро зулфинг қародир қошинг
Карбалода йиғлаб йиқилдинг
Ҳусайндек кесилди бошинг...

Табриз менга афсоналар айт!
Тунлар ҳижоб кийганида тек
Менинг кампир бувим ҳам бир пайт
ҳижоб кийиб юрарди сендек...

Табриз менга афсоналар айт
мен-да ғариб
сен-да ғарибсан...
Табриз менга афсоналар айт!
Мен-да Табриз
сен-да Табризсан!...

26.10.2000

Kavsar
28.08.2010, 15:05
https://img.uforum.uz/thumbs/jqmazri418905.jpg (https://img.uforum.uz/images/jqmazri418905.jpg)

Tabriz shahri

Kavsar
11.09.2010, 08:36
Кандувон

Табриз Шимолида, шаҳардан тақрибан 50-60 чақирим нарида "Кандувон" деб номлангувчи тоғ қишлоғи бор. Бу қишлоқ аҳли қарийб минг йилдан буён тоғ ўнгиридаги ўйилган сунъий ғорларда яшашади. Бу ерда 950 хонадон бўлиб, аҳоли икки мингдан зиёдроқдир.

Бу дунё аслида Кандувон экан
ҳаётнинг маъниси шунда жамулжам
Оламни вайрона бир работ деган
машойих қай ҳолда яшашган билмам...
Ва лекин Кандувон бир ғордир тамом
ўйилган кўзлари туйнук тирқишдир
Молингни ҳайда эй аҳли мусалмон
дунё бу охират сари юришдир...
Мен келдим уялиб энгил-бошимдан
термилдим бу яланг оёқларга жим
Қачондир фаромуш бўлди ёдимдан
нур эмас тупроқдан яралганлигим...
Тур узра тургандек ҳазрати Мусо
ўқраяр чўққи даҳр нокасларига
Кандувон тўлқиндек тупурар гўё
дунёнинг бемаъни ҳавасларига...
Иштонли-иштонсиз салла-салласиз
бу ерга келишар аҳли томоша
Бақрайиб сўкиниб маза-матрасиз
қайтишар олифта шаҳарга шоша...
Кандувон ғорларин кўзи чуқурдир
тубида азалий ҳикмат намоён
Эй катта шаҳарлик юзларингни бур
Кандувон мўминдир Канду - мусалмон...
Сирғалиб туртиниб жиркиб юрганлар
тикилар ғорларга: "Тирикми булар?..."
Бир сариқ хонимга қораси айтар:
"Оҳ Худо, ваҳшийлар нуқул ваҳшийлар..."
Ахтариб юргандим дунё тубини
тубсизлик қошига келдим ногаҳон
Салмоқлаб чўққининг пок тупугини
дедим: "бу дунёнинг туби - Кандувон!.."
Бўларкан оқ қаср, кўк қасрдамас,
ғорларда яшаса бўларкан ўз ҳолича ҳам...
Эй дунё золлари!
Эй такаббурлар!
Эй сутда чўмилиб сипқорганлар жом!
Сизни ҳам емоққа шайдир қубурлар!
Сизни ҳам ер ютар бир кун батамом!...

28.10.2000.

Kavsar
11.09.2010, 08:40
Машҳад сари

Мамлакат "Оллоҳ" деб айқирди гўё
оламни босгандек қайтадан тўфон
Имоми Ҳусайн бу ё Шери Худо
Карбало даштига айланди Теҳрон...
Имом қалқар буюк уммон устида
узанган қўлларми ёхуд зулфиқор?..
Улуғ Фирдавсийнинг мағрур юртида
Рустам от сурарди ёвқур сервиқор
Шундайин Имомга шундай халқ лойиқ
халқига муносиб Имоми замон
ва унинг ортидан бутун халойиқ
юзланди муқаддас Машҳадга томон...

28.10.2000

Kavsar
11.09.2010, 08:49
Буюк Имом ҳужрасида

бу уйда эҳтимол Ҳофиз яшарди
хирқасин тўрт букиб оёғин чўзиб
Гар тужжор бўлганда бузиб ташларди
ўрнига кошона қўярди қуриб
Эҳтимол Хаём ҳам яшарди бунда
кўзасин бошига бошлишдан қўйиб
лекин бу ўлгудай хасис очунда
у кетиб қоларди жонидан тўйиб...
Ким билсин Саъдий ҳам яшарди балки
ҳарчандким Шерозни қиймасди кўзи
лек олис ёрини кутгани каби
яшарди Маҳшарга қадар бир ўзи...
Бу уйни ижара олди... дунёни
ларзага келтирган буюк бир Имом
У деди: "Мен бунда ёлғиз Худони
ёд этай қолган шу умримда тамом..."
Абурз этагида хомуш ва маҳзун
кулбага малаклар қўнган тунларда
буюк бу Имомни бир кўрмоқ учун
султонлар келарди "лимузин"ларда...
Албурз этагида кўримсиз ва тор
кулбага фалакдан тушганда ҳурлар
Буюк Имом кўрай деб бир бор
пиёда келарди императўрлар...
Бир боқмай шоҳларнинг кошонасига
Имом рихлат қилди Маҳшарга томон...
Бугун бу кулбанинг остонасида
йиқилиб йиғлайди аҳли мусалмон...

28.10.2000

Kavsar
11.09.2010, 08:56
* * *

Табриз шаҳрида энг сўнгги оқшом мушоира бўлди. Мушоирада Теҳрон ва Табризнинг забардаст шоирлари, ёш афғон шоирлари иштирок этдилар. Мушоиранинг бошланиши хийла оғир кечди. Ҳеч ким биринчи бўлиб шеър айтишга журъат қилолмасди...

Табриз тупроғида оғир кечди тун
Ҳатто шоирларни босди салобат
Кел эй Мавлононинг ҳурмати учун
Менга Шерозийнинг шеърларидан айт!

Табриз тупроғида чайқаларди тун
Нилий қуббаларда Қуръоний оят
Кел эй Табризийнинг ҳурмати учун
Менга Ширвонийнинг шеърларидан айт!

Табриз тупроғида адашгандек тун
Юлдуз сачроғида шода-шода байт
Кел эй Фирдавсийнинг ҳурмати учун
Менга Шаҳриёрнинг шеърларидан айт!

Табриз тупроғида энг охирги тун
Май ичмай шоирлар яшарди сармаст...
Кел эй меҳмонингнинг ҳурмати учун
Менга Навоийнинг шеърларидан айт!..

27. 10. 2000

Kavsar
11.09.2010, 09:03
https://img.uforum.uz/thumbs/nqrarqk1990014.jpg (https://img.uforum.uz/images/nqrarqk1990014.jpg)

Эроннинг Кандувон қишлоғидаги уйлардан бири

Kavsar
11.09.2010, 09:05
https://img.uforum.uz/thumbs/yutxieo9554424.jpg (https://img.uforum.uz/images/yutxieo9554424.jpg) https://img.uforum.uz/thumbs/dfetbaf4798936.jpg (https://img.uforum.uz/images/dfetbaf4798936.jpg)

Kavsar
11.09.2010, 09:14
Табриз муслимаси

Дедим: "Исминг надир эй моҳи тобон?"
Деди: "Исмим ёлғиз Худога аён!.."
Дедим: "Наҳот шунча сирлидир исминг?.."
Деди: "Сўрма, мени гуноҳкор қилдинг!.."
Дедим: "Осийларга тўладир дунё!.."
Деди: "Мен билмасман... Билар Кибриё!.."
Дедим: "Мен шоирман... Ҳофиз наслидан..."
Деди: "Мен Табризнинг муслимасиман!..."

https://img.uforum.uz/images/rhryvqa1985525.jpg

Kavsar
11.09.2010, 09:26
ХОЖА ҲОФИЗ ДЕВОНИ ҲОШИЯСИГА

"Эй Жаҳонгир барини ташла
Шерозга бор йиқил-да юкин
Тахтингни бус-бутун бахш айла
Хожа Ҳофиз девони учун!..."

"Эй Савдогар бўлма ҳеч малол
тарк эт дунё шаҳарларини
Бисотингни бериб сотиб ол
Хожа Ҳофиз ғазалларини..."

"Эй Қароқчи жон чекиб тунлар
карвон келар Балху Табриздан
Қиличингдан кеч мусофирлар
бир байт айтса Хожа Ҳофиздан!.."

"Сен эй Жаллод оқизма хунлар
чопма қози ҳукм гар қилса
Кундага бош қўйган муқтуллар
Ҳофиздан бир қатор шеър билса.."

"Эй Зиндонбон бандаларингни уз
қўйгил кетсин тўсма роҳини
чоҳ ичида урён бир маҳбус
тилга олса Ҳофиз номини..."

"Эй Биродар чида барига
чида дўсту ёрлар тарк этса
Бошингни қўй оёқларига
кимдир бир кун "Ҳофизман" деса..."

28.10.2000

Muhammad Dovud
11.12.2010, 22:19
БУЮК ПЛАГИАТ

Ҳикоя
Кўп қаватли иморатлар қуршовида қийиқ ҳошиясидек нақшинкор масжиддан тунги ибодатга чорлаб, азон айтилган чоғда бутун башариятга оталик даъвосини қилган «доҳий» замонидан қолган маҳобатли қора-қизғиш стол юзида қалашиб ётган ва Русиянинг турли шаҳарларида чоп этилган; қаттиқ муқоваларига чиғаноқ шаклида чизмалар ишланган китобларга жон киргандек бўлди. Муттасил шундай. Тун чўкади, маҳобатли стол жонланаверади. Балки ҳамма сир ана шу «доҳиёна» столдадир. Ахир, қатағон йилларига доир фильмларда кўз ойнаги остидаги шаҳвоний нигоҳларида минг тус ва минг маъно ифодаланган, яйдоқ бошидаги доирали шляпаси ҳатто «халқлар отаси»нинг ўзига ҳам такаббурона қайишган Лаврентий ва унинг хуфялари худди шундай ваҳимали, япасқи столлар ортида ўтириб, жонларини ҳовучларида «куф-куф»лаганча «доҳий» билан телефонда гаплашишар, шундан сўнг, янги қурбонларнинг сўнгсиз рўйхати тузиларди. У қассоб кундасига ўхшаш бу столдан аллақачон қутилмоқчи эди, аммо (қуриб кетсин) – ота мерос. Иложи йўқ. «Йўқ, – деди унинг ичида ниҳоят бир эзғин ва таҳликали овоз, – Бу «кунда»ни йўқотасан. Қачонгача унинг ёнига кушхона новвосидек боришим керак. Қачонгача у менга қоронғи карцерни, жилла қурса, палахса-палахса гўшт ўйиб ташланган баҳайбат ёғоч кундани эслатиши керак!..» У олис Русиядан келтирилган, қаттиқ муқовали ва чиғаноқсимон нақшалар солинган китобларга қўрқиб назар ташлади. Назарида, тахлаб ташланган китоблар черков қўнғироғидек ҳали замон қаттиқ садо чиқаради ва унинг сирларини оламга ошкор қилади. Улкан стол ҳам негадир жонлидек туюла бошлади. Бу мудҳиш сирларни кейинги пайтда ичкиликка муккасидан кетган ва қарийб ақл-ҳушдан жудо бўлган қаланғи мутаржим, черков қўнғироғидек дўппайиб турган мусофир китоблар ва ана шу стол билади. Тўртинчи гувоҳ эса… У ҳаммадан қўрқинчли эди.
Бир меъёрда қалқиб турган кул ранг парданинг чайқалиши, девордаги қутига осувлик соатнинг оғир ва сокин чиқиллаши, тунов кун қўшни балконидаги дудланган балиқ устухонига тиқилиб тонггача хирқираб чиққан мушкнинг совуқ кўзлари ва остонада бир-бирига мингашиб олган кўҳна туфлиларнинг униққан сиёҳи, умуман, хонадаги ҳамма-ҳамма нарса сирлар пардасини йиртиб, унинг кимлигини оламга ошкор қиладигандек туюлаверади. Қалтироқ қўллари қора-қўнғир қаламни жоду дастасини тутгандек ҳадик ва хавотир билан ушлади. Қалашиб ётган қоғозларнинг тўққиз юз етмиш олтинчи саҳифасини «каллаклаш»га бошлади. Иқтибосларнинг аксарияти руҳшунос Фрейддан олинган эди. «Қуриб кетгур, шундан бошқа иқтибос оладиган одам қуриганмиди? – ғижинди у ва жумла устидан пала-партиш чизиқ тортди. Фрейдни кимнинг исми билан алмаштиришни билмай узоқ тайсалланди, ниҳоят топди. «Карамзин. Мос тушармикин? Шарқдан олсаммикан, балки хитой, япон ёхуд корейс файласуфлари билан алшаштирсамми? Хўш, энди иқтибоснинг ўзини ўзгартириш керак». У негадир ҳатто номини ҳам хушламайдиган Фрейдга тегишли иқтибосни оғзига кўнгилсиз нарсани олгандек ғижиниб талаффуз қилди. «Насл-насабини ўрганишга киришган ҳар бир одамда муракаб психологик жараёнлар содир бўлиши мумкин. Ер юзидаги деярли барча одамларда насл-насаб белгилари мавжуд». Аслини олганда, у худди ана шундай машаққатли ўғриликдан чарчаган эди. Бировларнинг мазмунли-мазмунсиз иқтибосларини доимий таҳрир қилиш, ўзгаларнинг фикрларини ўғрилаш ва уларнинг ости ё устига ўзининг исм-шарифини тиркашдан ҳам зерика бошлади. Тавба, негадир ҳеч ким эътибор бермайди. Яқинда нашрдан чиққан фалсафанинг муҳим масаласига бағишланган «фундаментал ўғрилик» нақ олти юз саҳифадан иборат эди. Биров ақалли кўнгли учун бир шапалоқ тақриз ҳам ёзмади. Балки, ҳамма унинг қилмишларини билар, балки шунинг учун китоб дўконлари пештахтасига чиқаётган, ёхуд олий ўқув юртларига тарқатилаётгани китоблари хусусида қабристон жимлигини раво кўришаётгандир. Яна ким билсин? Нима бўлганда, ўғрилик ҳам анойи иш эмас экан. Айниқса, илмдаги ўғрилик. Бу «қонуний ўғрилар» ёхуд чўнтаккесарларнинг иши эмас. Тасаввур қилинг, Фрейд ёхуд Ницшенинг «панжасига панжа урмоқ»нинг ўзи бўладими?
Мутаржим таржимани фақат бир нусхада амалга оширганидан хуноби ошди. Фрейднинг изини йўқотиш мумкин, у Карамзин ҳам бўлди, дейлик. Унди Карамзиннинг сўзи карамзинона бўлиши керак! «Насл-насабини ўрганишга киришган ҳар бир одамда…» «Авлод-аждодлари ҳаётини тадқиқ этган ҳар бир индивидда…» «Чакки эмас», – ўйлади ва «кашфиёт»ни давом эттирди. «Авлод-аждодлари ҳаётини тадқиқ этган ҳар бир индивидда жиддий руҳий кечинмалар содир бўлиши мумкин». «Худди шундай, – хаёлидан ўтказди у. – Энди Фрейдни кундузи чироқ ёқиб ҳам топа олмайдилар. Керак бўлса, Ницшенинг қанот-қуйруқли «Худо ўлди» иборасини ҳам ўзгартира оламан. Масалан, Тангри ҳалок бўлди. Йўқ. Субстанция таназзулга юз тутди. Бу ҳам Ницшеникидек жарангламайди. Яратгувчи фавт бўлди…» Бу эса бирмунча шарқона…»
«Мутаржим ҳам ҳаддидан ошмоқда, – тобора эзилиб ўйлай бошлади у, – бир саҳифа таржимага минг сўмдан сўраяпти. Минг сўм. Тўққиз юз саҳифа китоб тўққиз юз минг дегани. Аблаҳ. Кеча тағин пул сўраб келибди. Аҳволига қараб бўлмайди. Исқирт. Ичмаса ишлаёлмасмиш. Шу туришига яна аёлларга ҳам кўз сузганига ўласанми? Падарлаънат!» – астойидил жиғибийрони чиқди, – Қалами ўткирроқ муҳаррир топиш керак. Энг охирида ўзим кўраман…»
Негадир ҳамма ерда иқтибос Фрейддан эди. «Ҳомернинг ақалли биргина шеъридан кўра, Гераклнинг гурзисини тортиб олган яхшироқ». Негадир бу гапларни Фрейд айнан унга нисбатан айтаётгандек туюларди. Лаънат бўлсин, бошқа иш қилиш керак. Буни билиб қолишлари мумкин. Унда нима деган одам бўлади! Шундоқ ҳам кейинги пайтда унинг имзоси билан чоп этилаётган том-том китобларга шубҳа билан қарай бошлашяпти. Бир одам қандай қилиб бу қадар теран фундаментал тадқиқотларни ёзиши мумкин? Агар бир саҳифа таржимага минг сўмдан қуртдек санаб берсанг… Ҳа, айтганча, бу адабиётларни Русиядан олиб келишнинг ўзи бўлмайди. Сўнгги марта тижорат билан Русияга борган йигит – ўзининг аспиранти– ўсмоқчилаб сўрагани ёдига тушди: «Устоз, бу китоблар ҳозир бизда ўқитилмайди-ку. Сиз нима қиласиз?..» «Тезроқ тугатиш керак ва албатта, юқорига етказиш лозим, – ўйларди у. – Фаолиятимга етарли баҳо берилмаяпти. Шунча меҳнатнинг қадр-қиммати бўлмаса. Ўзлари ҳеч иш қилишмайди, қилганни кўришолмайди. Яна ёдига Фрейднинг ўша жумласи тушди. «Ҳомернинг ақалли биргина шеъридан кўра, Геркулеснинг гурзисини тортиб олган яхшироқ». Машҳур руҳшуноснинг хира сувратига назар ташлади. Қуюқ соқоллари калта қилиб текисланган, оқ оралаган сочлари орқага силлиқ қилиб таралган, теран кўзларининг ости салқи, кўринишдан ғоят асабий. Агар бу номаъқулчиликларга унинг ўзи гувоҳ бўлса борми? Қайдадир Шарқда, Фрейдгина эмас, ҳатто Ҳегел ва Ҳёте тан берган Шарқда қишлоқдан чиққан бир азамат қўли-қўлига тегмай уни ўзлаштираётганини билса борми? Бу қовоқлар баттар осилиб тушар, чуқур кўзлардаги киноянинг ўрнини тизгинсиз ғазаб эгалларди, вассалом. Унинг профессорлиги ҳам, Худо ёрлақаб академик бўлиб қолса, академиклиги ҳам чиққан ерига кириб кетади. Аммо, Фрейд қаёқдаю у қаёқда? Бировнинг тушига кирибдими?

Muhammad Dovud
11.12.2010, 22:21
Кейинги иқтибос Фрейднинг «Мен ва У» китобидан олинган эди. «Унга нисбатан МЕН ўта кучли айғирни жиловламоқчи бўлган чавандозга ўхшайди». Фрейд нимани назарда тутяпти, ўзича хаёл қилди у. Нега Уни МЕН жиловлаши керак ва нега у асов отга менгзайди. Албатта, гениал олимнинг фикрларини чақишга қурби етмасди. «Нега чиранасан, – ўзини-ўзи койий бошлади. – Агар Фрейдни англаганингда уни чўнтагини кесмаган бўлардинг…» Аммо буни қандай қилиб, таҳрир қилса бўлади. Чиндан боши қотди. «Унга нисбатан МЕН ўта кучли айғирни жиловламоқчи бўлган чавандозга ўхшайди». Худбинлик фалсафасими? Эгоизмми? Ким билсин? Аммо қандай қилиб буни Фрейддан тортиб олиш мумкин? «Унга қиёс қилганда МЕН асов тулпорни тушовламоқчи бўлган суворийга ўхшайди». Ёмон эмас, бироқ айни ўзи-ку! Иқтибоснинг остига кимни осилтириб қўйсин: Мишель Монтенними? Николай Кузанскийними? Эразм Роттердамскийними? Балки Хайдеггер...
Тун оҳиста-оҳиста яримлаб борарди. Тўртинчи қаватдаги ёлғиз хона балконига тушиб турган ёруғлик ҳамма нарсани кўриб турса-да хонадон соҳибига «садоқат»ининг рамзи сифатида нафас олмасди. Ҳаммаёқ осуда. «Тавба, – ўйларди у, – ўғрилик тунда амалга оширилишининг сабаби шунда экан-да. Ўзининг ўғридан қаери кам? Одамлар бошларига пайпоқ тортиб кирсалар, у пайпоқсиз, ханажарсиз ўғрилик қиляпти. Ўғри фавқулодда соҳибнинг назарига тушса, қочиб кўради, эплай олмаса, уни даф қилмоққа уринади, балки қурол ишлатар… Уни эса ҳеч ким кўрмайди. У фақат тўртинчи гувоҳ – Фрейднинг ўзидан қўрқади, холос. Ҳозир унинг кўчирмаларини ўрганадиган одам қолганми? Устига-устак нуфузли идоранинг раҳбари бўлса, фан доктори, беш минут кам академик. Таржимада гаплар узайгани сайин узайиб борар, ҳар бир жумлани икки-учга бўлиб, қайта-қайта ўқигани билан деярли ҳеч нарсани англаёлмасди. Яна миясига қон тепди. «Исқирт, тили жуда оғир-да». Шу лаҳзада Фрейдни сўкдими, ёхуд мутаржимними, билиб бўлмасди. Дераза ортида тонг оқариб кўрина бошлади. У бутун вужуди лоҳасланиб, бошига кимдир ҳарир пайпоқ тортгандек кўзлари юмила бошлади. Чарчаганини ҳис қилди. Аста диванга чўзилди…
Тун қуюқ ва ваҳимали эди. Нақ Варфоломей кечасидек. Кул ранг пардаси зулмат шамолининг қўлларида сертаҳлика чайқалаётган дераза шарақлади. Бир-бирига мингашган туфлиларни оёқлари билан аёвсиз «ғажиганча» тўрт нафар бошига пайпоқ тортган ўғри остонада пайдо бўлди. Молихулёнинг хуружими? Алаҳсирашми? Дюманинг рўмонларидан бирини мутолаа қиляптими? Йўқ. Диваннинг бош томонида Олимп ҳайкалларидек тош қотиб турган дев жусса бошидан пайпоқни тортди. «Оҳ, Худо! Фрейднинг ўзи. Қўлида Геркулеснинг гурзиси. У буларнинг ҳаммасини – Геркулес ва унинг тишли гурзисини ҳам – антик адабиёт тарихи китобида кўрган. Дум-думалоқ тўқмоқдан ирғиб чиққан ўткир тишлар қутурган итникига ўхшарди. «Тамом, – ўйлади у. – Ҳозир гурзининг аёвсиз тишлари яйдоқ калламдан дарча очади, ўзимни эса бетон полга парчинлайди, нақ Исодек. Ундан сўнг, кўчага олиб чиқиб, сазойи қилади. Балки эшакка тескари миндирар. Аммо бўйнимга ёрлиқ осмай қўймайди. Осади. «Буюк плагиат» деб ёзилган ёрлиқ…» Фрейд айни ўша китобдаги сувратига жуда ўхшарди. Худди ўзи ўйлагандек бўлди. Гурзи унинг бошига эмас, негадир тишсиз томони билан кифтига гурсиллаб тушди. Полга ағдарилиб тушаркан, устидан қалин китоблар ҳам бирин-кетин қулаб, кўмиб қўяёзди. Аслида унинг шоён мақсади ҳам шу эди. Буюк китобларга кўмилиш ва шу билан дунёвий ва ухровий ҳаётини чўққиларга кўтариш. У ерга – чўққига чиқса – бўлди, билган номаъқулчиликни қилаверади. Аммо ҳозир бундай тотли хаёлларнинг мавриди эмасди. Кифтига тушган гурзи ва ағдарилиб тушаётган китоблар «мозори»и ичида қолиб кетаётганди. Оҳ!.. Бордию шу тобда ўлиб қолса нима бўлади?.. Қора пайпоқлилар унинг оёқ-қўлларини чирмаб боғладилар ва пастга олиб тушдилар. Мутаржимига ўхшаш доимий кайфи қайроқ қўшнисининг жангалга айланган девор гулларига тумшуқ чўзиб, яшил баргларни куртиллатиб бамайлихотир кавшаётган қора эшак боғловлик турарди. Худо урди, – ўйлади у, – сазойи қилишлари аниқ.. Э, Худо, қайси кўчадан бошлашаркин? Наҳотки шоҳ кўчадан юришса?.. Ахир, унда нима деган одам бўлади? Балки бирор тор кўчадан солишар…» Ўй-хаёлларининг поёнига етиб-етмай юзларига қора ҳарир пайпоқ тортган уч нафар барзанги уни эшакка чаппа ўтирғизиб қўйишди. Эшак яшил барглар хуморида эндигина девор гулга тумшуқ чўзган эди ҳамки Фрейд унинг нўхтасини қаттиқ тортди. Эшак қайсарлик билан бўйин сунди. Шунда қаердандир Русиядан унга муттасил адабиётлар ташиган аспирант йигит пайдо бўлди-да устозининг бўйнига ҳалқали оқ тахтани осиб қўйди. Аспирантнинг юзларида доимий масхараомиз кулгу сирғалиб турарди. Тахта дағалроқ ёғочдан ясалган эканми, бир чеккаси устозининг иягига тегиб кетди, аспирант тавозе билан узр сўради. У хавотир билан бир қургина тахтага назар ташлашга ўлгурди. Ё пирай, тахта юзига қора ҳарфлар билан «Буюк плагиат» деб ёзилган эди. Ниҳоят кож эшак қулоқларини қарсиллатиб қоқди ва Фрейднинг етагида нақ шоҳ кўчага томон бурилди… Ҳайтовур, кўчанинг сўл қанотига тизилган кишиларни танимади, аммо ўнг томондагилар, оҳ Худойим, у раҳбарлик қилаётган институт ходимлари… Қиқир-қиқир, ҳиринг-ҳурунг, ваҳа-ҳалар ичида кесатиқ ва пичинглар ҳам қулоққа чалиниб турарди. Ногоҳ нимадир суюқ бир нарса чапиллаб юзига ёпишди. У астойидил дод солди ва…
Маҳобатли стол юзида тунов дудланган балиқ қилтаноғига тиқилиб туни бўйи ихраб чиққан мушук яшил кўзларини ҳадик билан унга тикиб турарди…


Асқар МАҲКАМ.

Kavsar
11.12.2010, 23:54
БУЮК ПЛАГИАТ

Tashakkur, bor bo'ling. Asqar Mahkam haqida atroflicha ma'lumot bermoqdasiz.

Muhammad Dovud
27.12.2010, 20:18
ХАЛҚ ДЕДИ...

I

Болта тушгунча, тўнка дам олади.
Халқ мақоли.

Бўйнига сиртмоқ тушгунгача
Машраб дам олмаган эди,
терисини шилиб олгунларича
дам олмади Насимий ҳам...
Болта тушгунча...
тўнкаларгини дам олади.

II

Эгилган бошни қилич кесмайди.
Халқ мақоли.

Қилич эгилган бошларнигина кесади.
Қайсар бошларга ўтмайди қилич.
Баъзан яхшиликка ҳам илон инидан чиқмайди,
баъзан яхшиликка ҳам қилич қинидан чиқади.
Баъзан эса,
эгилган бошларнигина кесади қилич!..

Kavsar
25.03.2011, 18:25
Мен - ярми форс, ярми - туркийман...
(Асқар Маҳкам ижоди ҳақида)

Бу олам “Бўл”, яъни “Кун фаякун” сўзидан яралганини кўпгина улуғ алломаларимиз таъкидлашган.1 Жумладан, шоир Асқар Маҳкам сўз борасида энг зарурий жумлани келтиради: “Сўз ва руҳ билан ёлғиз қолган шоир иймонли бўлса, бу жараён ибодатдир. Агар борди-ю сўз билан ёлғиз қолган шоир жисмида нафсоният устун бўлса, бу айш ва шақоват. Ундан ҳам баттар – фитна ва бузғунчилик бўлиши мумкин. Иймонли сўз ва руҳнинг бир вужудда кечадиган умри хайрли тоат бўлиб, ўз соҳибини эзгуликлар сари элтади, ўзгаларга ҳам яхшилик келтиради...”2

Дарҳақиқат, лисонда мавжуд сўзлар, унинг ҳеч бир ҳарфини зое қилмаганимизда, бизнинг тоат-ибодатимизга айланиши мумкин. Шарқ дунёсида кишиларни эзгуликка чорлаш панд-насиҳат, суҳбатлар орқали амалга ошган3. Суҳбатлар эса, жумлалар ва унинг таркибий қисми – сўзлардан ташкил топган. Ҳазрат Ф. Аттор, А. Жомий, Ж. Румий ҳамда А. Навоий каби шарқ мутафаккирлари ижодида “сўз”га эътибор қаратилади ва “калима” инсонни Оллоҳга яқин қилувчи восита сифатида хизмат қилади.

Сўздин ўлукнинг танида руҳи пок,
Руҳ доғи тан аро сўздин ҳалок4

Сўз ила сўнган руҳни кўтариш ёки аксинча, кўтаринки руҳиятни бир зумда сўндириш мумкин. “Ҳайрат ул-аброр”да “сўз”га эҳтиром кўрсатар экан, ҳазрат Навоий уни жонбахш неъмат сифатида қадрлайди ва жонсизга жон бағишлай олиш хислатини айтади. Кунлик ҳаётимизда сўзлардан фойдаланиб ўз ишларимизни битирамиз, эҳтиёжларимизни қондирамиз, ҳаттоки руҳимиз учун қувват олиб турамиз. Аммо кўп ҳолда бу сўзларни биз нималарга ва қандай мақсадлар йўлида сарфлаётганимизга аҳамият бермаймиз. Ёки, бизга неъмат аталмиш “сўз” қудрати берилмаганида қандай аҳволга тушушимиз мумкинлиги ҳақида фикр юритмаймиз. Ҳозирда, кўпчилигимиз, балки барчамиз, жамият, оддий кишилар, турли соҳанинг олим ва мутахассислари ҳам сўзга нисбатан бепарво бўлмоқдамиз. Зеро, дунёни инсон ўзгартиради, инсонни эса унинг юраги. “Сўз” эса, юракни бошқаради. Баъзан ҳуда-беҳуда айтилаётган, эшитилаётган ва ўқилаётган сўзлар қалбларимизни ўлдириб, руҳимизни эса заифлаштириб, ақлимиз ва теран фикрлаш қобилиятимизни хиралаштириб, инсоний неъматлардан бизни мосуво қилиб бораётганини пайқамай қоламиз. Ҳадисларда тилни сақлаш одоби хусусида бежиз гапирилмаган: Абу Ҳурайрадан, Аллоҳ ундан рози бўлсин, ривоят қилинди: Пайғамбар (с.а.в.) айтдилар: “Киши мусулмонлигининг гўзаллиги маъносиз сўзларни тарк қилишлигидир”.5

“Сўз” бошқариш ва таъсир этиш лаёқатига эга экан, ундан унумли фойдалансаккина кўзланган мақсадга эришамиз ва руҳимизни поклаб, ҳаракатларимиз, феъл-атворимизни ислоҳ қила оламиз. Бунинг учун амалларимизни сўз қудрати даражасига кўтаришимиз, ён-атрофимиздагиларга ихчам, оқибатли сўз ва холис хизматларимиз билан ибрат бўла олишимиз керак. Айниқса, бу ҳар бир ёш филолог, адабиётшунос зиммасидаги масъулиятли вазифадир. Чунки филолог сўз билан муомала қилувчи санъаткор. Унинг бу маҳорати оддий кишиларга таъсир этмай иложи йўқ. Филолог нафақат сўз теришни, балки уни оммага етказа олишни, ўз навбатида ахборотни тўғри, ҳиссий таъсирларсиз ижобий қабул қилишни ва уларга фойдали жавоб беришни ҳам ўрганиши, мунтазам ўз устида шуғулланиб, руҳиятини сайқаллаб бориши керак. Шунда у жамиятга хизмат қилган, халқни эзгуликка чорлаган чинакам фидоий инсонга айланади.

Kavsar
25.03.2011, 18:26
Озод Шарафиддинов таъбири билан айтганда: “Одам эркин эканман деб оғзига келган нарсани валдираши, кўнглига келган номаъқулчиликни қилиши мумкин эмас… Ижод эркинлиги халққа, ватанга фидокорлик билан хизмат қилиш эркинлигидир… Бугунги дунёда ёвузликка қарши турадиган, муқаррар тарзда ундан ғолиб келадиган қудрат бор – бу муҳаббатдир, бу меҳрдир”.6

Бугун сўзлар Айюбдек хаста
ё барчадан у ҳам тўйдими…
Менга барглар шивирлар аста:
“Энди биров шеър ўқийдими!...”
Наҳот Сўздан қолмади нишон
гарчи улар бозорда лак-лак…

Асқар Маҳкам ижодидаги сўзларнинг ўзгача таъсир кучи, жони бор дейиш мумкин. “Табриз дафтари” ёки “Аналҳақ” китобини ўқиган шеърхон буни дарров фаҳмлайди. Унда тил сўзлари эмас, балки дил сўзлари битилгандир. Сўзнинг ҳозирги аҳволини хаста Айюб пайғамбар (а.с.)га ўхшатган шоир, шахсий манфаатлар тобора кучайиб, инсон кимлигини унутиб қўяётганини, “сўз” эса ўз таъсирини йўқотган; эндиликда фақат кишиларнинг манфаат ва эҳтиёжлари йўлида хизмат қилаётган оддий муомала воситасига айланиб бораётганидан сўзлайди. Ва:

Менга гуллар шивирлар гирён:
“Бугун шеъринг кимга ҳам керак!..” – дея афсусланади.
Чунки назм ва наср баъзи эркин “ижодкорлар” томонидан эпласа бўладиган санъат турига, оддий қизиқиш ёки хусусий тижорат йўлига айланиб бораётганидан, улар таъсирида эса адабиёт оламида сўзнинг қадрсизланиши кишилар учун ижобий натижалар бера олмаяпти. Балки, шу сабабдан камдан кам кишилар китобларга, замонавий назм ва насрга эътибор беришади. Адабиёт учун оддий ҳисобланган нарсани қўллаб-қувватлашимиз, унга раҳм айлаб кўкларга кўтаришимиз оқибатида бадиий ижод оммавий эркин мулкка, кўпчилик қилиши мумкин бўлган осон вазифага айланиб бормоқда. Ваҳоланки, санъатда ҳам, куйлаш, расм чизиш, мусиқа басталаш каби жараёнлар илоҳий илҳом билан амалга ошади. Юзаки ҳамда шуҳратпарастлик ниятида қилинган ҳар қандай ҳаракатнинг мухлислари муваққатдир. Бугун ўртамиёна ижодкорга порлоқ келажак тилаганимиз билан, эртага унинг асарлари узоқ вақт яшаб қолишига ҳеч ким кафолат бера олмайди. “Танқидда битта ижодкорга раҳм қилсангиз, бу билан кўплаб адабиёт мухлисларига жабр қилган бўласиз… Биз қаламкашлар одамни мақтаб кўкка кўтариш санъатини яхши эгаллаганмиз-у, одамнинг инсоний жозибасини юракларини жазиллатадиган даражада кўрсатишга нўноқмиз… Қуруқ мақтов, баландпарвоз ҳамд-санолар билан катта асарлар ҳақида дурустроқ нарса ёзиб бўлмайди… Ёзувчилик санъатининг ярмидан кўпи нимани ёзиш кераклигини билишдан эмас, нимани ёзиш керак эмаслигини билишдан иборат...”7 Жон куйдириб айтган устоз О. Шарафиддиновнинг бадиий ижод хусусидаги формулаларини Асқар Маҳкам ўз шеърларида тасдиқлади ва одам бўлиш сирини қуйидаги мисраларида баён этди:

Осмон ўша…
Қадимий осмон…
Юлдузлар ҳам ёнар тўкилмай…
Одам бўлмас ҳеч ким ҳеч қачон
Буюк Қуръон сўзин ўқимай!..
Гарчи каждир чарх –
Бордир омон
У айланар азал шу йўсин…
Одам бўлмас ҳеч ким ҳеч қачон
Навоийнинг ўқимай сўзин!..
Ер айланиб турар ҳар қалай
Кўтарганча инсон зотини
Одам бўлмас ҳеч ким ўқимай
Мавлононинг Куллиётини!..
… Сўз ўлмайди!
Ўлдириб бўлмас!..
Сўз жони ҳам Оллоҳ қўлида!..

Kavsar
25.03.2011, 18:26
Эътиборга молик сўзлар қаршисидаги нигоҳлар чинакам ижод намунасидан баҳра олар экан, юрак беихтиёр ижод ҳақиқатини топишга интилади. Аммо, узун таърифга не ҳожат? Ижодни қисқа қилиб “илоҳий пайғом” дейиш мумкин. Шеърдаги қолиплар, жимжимадор сўзлар, гарчанд назарияга мувофиқлик бўлсин, унда илоҳий маърифат руҳи яшамас экан, у ўз-ўзидан ижод маҳсулига кириб қолмайди. Ижоднинг асосий белгиси унда яшайдиган илҳом билан намоён бўлади. Илҳомсиз ижод эса, қуруқ ҳаракатдан бошқа нарса эмасдир. Ижодкорликка даъвогар шахс, аввало ижодни англаш бахтига сазовор бўлмоғи керак.

Бу ўта мураккаб ишдир. Китобхон савияси ёзувчи нигоҳини кўра олиши учун теран дунёқарашга, юксак маърифат ва қалб поклигига соҳиб бўлиши талаб этилади. Аммо, ижодкорнинг имконияти чексиз дегани эмас, ўз навбатида адабиёт улкан ва чексиз уммондек кўринади; аслида унинг ҳам мезон нуқталари мавжуд. Чунки адабиётдан асл муддао “адаб”дир. Ижодкор бу мезон нуқталарида ҳаракатланмас экан, мақсадсиз қалам сурар экан, унинг маҳсули авлодларга мерос бўлиб қоладиган асарлар қаторидан ўрин ололмайди. Табиийки, нега бугунги куннинг Ҳофизлари, Саъдийлари, Навоий ва Жомийлари чиқмаяпти деган саволга жавоб, айнан шу ерда кўринади.

Кўнгил ва руҳ маънога ошуфтадир. Жисмнинг асоси эса жон ва руҳда. Инсон қачон бўлмасин, шаклбозликдан безиб, яна маънога қайтади. Ўшанда чанг босиб ўқилмаётган девонлар, куллиётлар, рубоийлар, ҳикматлар қўлга олинади. Қалам аҳли Навоий ва Жомий бўлишга интилади. Назм гулистонининг чексиз маърифат таратувчилари8 юзага келади.

Kavsar
25.03.2011, 18:28
Жалолиддин Румийни ўзига маънавий устоз ва раҳнамо деб ҳисоблаган Асқар шоирнинг шеърияти одатий шеър услуби эмас. Уни англаш учун катта руҳий ва маърифий тайёргарлик керак.9 Чунки, у ирфон руҳида қалам тебратган, форс ва турк тасаввуф алломалар изидан бориб, улардан ўзига қувват ола билган ижодкордир. Бу ҳақда шоирнинг ўз эътирофи бор:

Мен – ярми форс
ярми – туркийман…
Бўлгани шу. Бошқасин билмам…
Хожа Ҳофиз ғазали билан
тили чиққан битта шоирман.
Менинг йиртиқ яқоларимни
Ғазал билан тиккан азизлар
Аллалади боболаримни
Ҳирот Шероз Балху Табризлар…

Бу бежирим, кўнгилни фараҳ этувчи мисраларга фақат шундай шарҳлар керак бўлади. Шоир азизларга бўлган меҳрини, шу жумладан ўзини ҳам камтарона руҳда тасвирламоқда. Тақдир тақозосига кўра, бу ижодкор юрагининг ярми форс, ярми туркий эди. Аммо унинг чок-чок ситилган ёқаларини азизлар ғазал билан бутлади. Адабиётга ҳавас, устозлар ижодига меҳр, либосининг зийнатига айланди. Навоий, Ҳофиз, Румий, Шамс Табризий каби етук алломалар бир-бирларига ҳамоҳанг бўлганларидек, Ҳирот, Шероз, Балху Табриз ҳам азиз авлиёлар ва устозлар қадамидан шарафланди ва ҳозирга қадар бу масканлар биз учун муборакдир.

Гарчи маъюс бу Мусаллода
пешонамнинг излари йўқдир
лекин бузруквор Бухорода
Мусаллонинг шаъни улуғдир
Нақшбанднинг чориғи билан
кездим Табриз кўчаларини
Авлиёлар қўпдилар бирдан
бошда тутиб қуббаларини…
Фаришталар учарди енгил
нурга чулғаб гўё бағрингни
Авлиёлар дедилар: “Бергил
эй мусофир чориқларингни...”

“Мусалло” сўзи луғатда “намозгоҳ, умумий намоз ўқиладиган жой” маъносини англатади. Масалан, Ҳирот ва Шероздаги мусаллолар, яъни масжидлар.10 “Гарчи бу юртлардаги маъюс мусаллоларда пешонам излари тегмаган бўлса-да, Бухорои шарифнинг мақоми улуғдир; ҳазрат Баҳоуддин чориқларини кийиб, яъни ул муборак зотнинг нафасларини олиб борар эканман, ўзга юртнинг авлиёлари “чориқларингни бер”, дея мени ўраб олдилар” – демоқда шоир.

Kavsar
25.03.2011, 18:28
Шоирнинг шеърлари шунчаки ирфоний эмас. Агар теран нигоҳ ташласак, бу шеърлар замирида ҳикмат ва ибрат дунёсини кўра олишимиз мумкин. Зеро, Асқар Маҳкам тасаввуф руҳиятига мурожаат қилганида унинг қоидалари ва одобларига ижодда ҳам амал қила олган инсонлардандир. У ҳатто “Хожа Ҳофиз ғазали билан тили чиққан битта шоирман” деганида ҳам, ўз ижоди замирида Ҳофиздек устозлар туришини тевозеълик билан тан олади. Навоий таъбири билан айтганда, ўз ижоди ва ҳаётидан масрурлик, унга маҳлиё бўлишлик шоирга мутлақо бегонадир.11 Унинг шеърларида камтарона фалсафий руҳ кезинади:

Умр кечди хобу хулёда
ўтди қанча азизлар йиғлаб…
Ҳамма шошиб турган дунёда
ўтирибман ялпизни ҳидлаб…
Сўнг ялпиз ҳам бир-бир тўкилди
ўз ҳукмини айтди тириклик…
Биров валий биров шайх бўлди
менга қолди томошабинлик…

Ушбу сатрларда дунёни четдан кузатаётган инсон тасвирланган. Гўё умр уйқу ва хаёл ичра ўтиб кетмоқда, одамлар нималаргадир шошиб, елиб-югурмоқда. Кимдир бу орада шайх бўлиб, кимдир валий бўлиб улгурди, аммо бир инсонгина уларни томоша қилди. Ўзгалар ортидан эргашмади, чунки унинг ҳаётдан ўз мақсади ва вазифаси бор. Асқар шоирнинг нафақат ушбу шеъри, балки умуман ижодида ҳаётга четдан нигоҳ ташлаган инсоннинг тасвири бор. Қайси бир мисрага ошино бўлмайлик, ташқи муҳитни юқорироқдан кузатиб турган сиймо гавдаланади унда. Бу бежизга эмас. Сабаби шоирнинг ўзи ҳаётда ҳақиқатпараст эди. Балки шу сабаб унинг ижодида ҳақиқат садолари баралла янграгандир.

Шоир ижоди ранг-баранг ва жозибадор; унда ҳаёт фалсафаси ётади. “Табриз дафтари”даги шеърлар кишига илоҳий завқ, руҳий қувват бағишлайди. Ундаги пок хаёллар, шоир ички кечинмалари ва ўзига хос теран нигоҳи, инсон ва табиатга берган баҳоси, пинҳоний масъулият кўзга яққол ташланади. Унинг Табриз ҳамда улуғ зотларга бўлган муҳаббати ўқувчини бефарқ қолдирмайди.

Мусофирман…
ғарибман…
билмам…
Табриз менга афсоналар айт!
Юриб-юриб бунда келибман
Табриз менга афсоналар айт!..

Kavsar
25.03.2011, 18:29
Дедим: “Исминг надир эй моҳи тобон?”
Деди: “Исмим ёлғиз Худога аён!..”
Дедим: “Наҳот шунча сирлидир исминг?..”
Деди: “Сўрма мени гуноҳкор қилдинг!..”
Дедим: “Осийларга тўладир дунё!..”
Деди: “Мен билмасман… Билар Кибриё!..”
Дедим: “Мен шоирман… Ҳофиз наслидан...”
Деди: “Мен Табризнинг муслимасиман!..”

Асқар шоир шеърлари бир-бирига ҳамоҳанг сўзлардан таркиб топган. Шу сабаб улар ўқилганда равон, мусиқийликни ифодалайди. Айниқса, ғазалларида товушларнинг жаранггига алоҳида аҳамият қаратган. Такрорий қўлланган сўзлар унда маъноларнинг бир-бирини тўлдиришга хизмат қилади. Такрорий қўлланган сўзлар шунчаки саҳифани тўлдиришга эмас, балки ўқувчининг ички туйғуларини, шеърга муносабатини жўштиришга қаратилган. Ўз навбатида, шеърий санъатлардан унумли ва меъёрида фойдалана олган. Айниқса, Асқар шоирнинг савол-жавоб шеърий санъатини қўллаши ўзгача; у ўзига хос яширин фалсафани, охират ва дунё, инсоният, жамият, ташқи муҳит ва алдов, ноҳақлик, меҳр-муҳаббат, асл ҳақиқат тушунчаларини бера олади. “Табриз муслимаси” аслида тақво хусусида сўзлайди. Табризнинг оддий бир муслимаси, шунчаки сўзламаяпти, балки у андиша ва Оллоҳдан қўрқувчи бандасининг ожизона тақвосини ифодаламоқда. Ундан савол сўраган кимса эса, ҳали бу тақводан йироқдир. Шу сабаб, унинг саволлари ҳам оддий. Демак, бу мисралар шунчаки ошиқ ва маъшуқ ўртасидаги суҳбат ҳам эмас, “Аналҳақ”қа яқин бўлган Мансур Ҳалложларнинг йўли ва уларнинг нигоҳлари билан ҳаётга разм солишдир.

Асқар Маҳкам ижоди улкан уммон ва бетакрор жозибадан иборат. Уни қанчалик тадқиқ қилмайлик бу хазина чашмаси сира тугамайди. Ҳатто бир байтнинг устида соатлаб баҳс олиб бориш, фикр юритиш мумкин. Сабаби, унда ирфон дунёси яшайди. Асқар шоир шеърларига илҳом берган нарса Қуръон оятлари, ҳадис илми деб ҳисоблардим. Ва бу китобларга бўлган улкан муҳаббат унинг ижодида ўз таъсирини кўрсатган.

Шеърлардаги кескир қарашлар, ширин ва баъзан аччиқ сўзлар шоир ижодида ҳаққоний тилга олинган. Яъни, у ясама сўз термайди, ҳижрон деганида, бошқалар ҳам қўшилиб ёнади. Ишқ деганида, ўзгалар ҳам ошиқ бўлади, шоир надомат чекканида, ўқувчи ҳам қўшилиб, ўша руҳий ҳолга беихтиёр туша олади.

Шундан билиш мумкинки, Асқар Маҳкам Ҳақ йўлида ҳақиқатни куйлаб ўтган йирик шоирлардан бири бўлган. Унинг ижодидан баҳра олган қалб эса, ҳамиша осудаликда, шоир дунёсида у билан бирга яшайди.

___________________
1. Тафаккур журнали, 2004, 4-сон, 93-бет;
2. А.Маҳкам. Аналҳақ. А. Қод. Т.: 2003;
3. Н. Комилов. Хизр чашмаси. Маънав., Т.: 2005, 36-бет;
4. А. Навоий. Ҳайратул аброр. Ғ.Ғ. Т.: 2006;
5. Абу Лайс Ас-Самарқандий. Танбеҳул ғофилийн. Мовор. Т.: 2003, 218-бет;
6. Тафаккур. 2004, 3-сон, 60-65 бетлар;
7. Тафаккур. 2004, 3-сон, 60-65 бетлар;
8. А. Навоий. Маҳбуб ул қулуб.Ғ.Ғ. Т.: 1983, 26-бет;
9. А. Маҳкам. Ҳақ. Адиб. Душанбе. 1998;
10. Фарҳанги забони точики. СЭ. М.: 1969;
11. А. Навоий. Маҳбуб ул қулуб. Ғ.Ғ. Т.: 1983, 27-бет.

http://fikr.uz/posts/adabiyot/276.html

Кавсар, 2011 (с)

Masud Mahsudov
11.05.2011, 09:44
Muhtaram, Hero! "Tabriz daftari" nima ekanini bilmay turib, to'g'ri kelgan narsani bu yerga qo'yavermang, yaxshi emas!

Masud Mahsudov
11.05.2011, 11:42
Bu sahifada shoir Asqar Mahkamning ijod namunalaridan, yoki, hech bo'lmaganda, ilohiy ishq tarannum etiluvchi satrlar joylanishi ko'zda tutilgan. Siz yuqorida bergan hikoyasifat bir narsani o'qidim, mavzuga umuman mos emas (o'qib chiqmaganimda, Sizga bu tanbehni bermagan bo'lar edim, tabiiy). Shu sabab, iltimos, qilayotgan har bir amalimizni o'ylab qilaylik. Uzr, hafa qilgan bo'lsam.


Kichirasiz mani fikrsiz ekanman uzr

O'qib chiqdizmi yo ko'z yugurtizdizmi




To'g'ri ko'rinishda bunday yozishingiz kerak edi, imloviy qoidalarga rioya qilaylik:

Kechirasiz meni, fikrsiz ekanman, uzr. (Men Sizni fikringiz yo'qlikda ayblamadim)

O'qib chiqdingizmi yo ko'z yugurtirdingizmi?

Muhammad Dovud
16.08.2011, 05:42
Асқар МАҲКАМ

«ЙЎҚ МЕН КАБИ ИШҚ МАҲРАМИ»

Имом Хумайний (р.а.) ҳеч качон шоирлик даъвосини қилган эмас. У ёзган эди: «Ҳақиқатни айтадиган бўлсам, на ўтиб кетган шеъру шуур фасли бўлмиш ёшлик чоғимда, на ортда қолган кексаликда ва на бугун келиб ёқамдан тутган умримнинг охирги лаҳзаларида ҳам шеър айтиш қудратига эга эмасдим».
Ҳазрат Имом (р.а.) бутун ҳаётини иймон ва инсоннинг озодлиги ғоясига тикди ва бу илохий вазифани адо этди. Ана шу мушкул жараёнда унинг беором рухи шеърни соғинди. Бу шеър соғинчи – Илоҳ соғинчи, бир ориф ва ошиқнинг Ҳаққа чексиз муҳаббати ифодаси эди. Ҳақ – унинг Дўсти. У бутун умри давомида Дўст жамолига талпинди, юкинди, ёнди, қидирди ва ўзгаларни хам қидиришга ва яна тинимсиз қидиришга даъват этди.
Буюк Имом (р.а.) ҳаётлик чоғида манзум асарлари, айрим қатъаларини истисно қилганда, умуман, чоп этилмаган. Бироқ айрим тадқиқодчилар Имом ёшлик чиғида ёзган ғазалларини бир дафтарга жамлаганини қайд этадилар. Аммо узлуксиз сафарлар чоғида бу дафтар йўқолган. Бошқа бир дафтардаги шеърларнинг аксарияти ўз қўллари, айримлари рафиқалари томонидан кўчирилган. Афсуслар бўлсинки, бу дафтар ҳам мусофират чоғида йўқолган. Баъзи қўлёзмалари эса, шох маъмурлари томонидан кутубхонаси билан биргаликда мусодара қилинган. Шунга қарамай унинг дўстлари ва мухлислари қўлида омонат тарзида сақланган шеърлар жамланиб, китоб ҳолига келтирилди. Суюмли келини Фотима Таботабоийнинг хотирлашича, Буюк Имом Инқилобдан сўнг бир қатор ғазаллар ёзди. Улар «Сабуйи Ишқ», «Бодаи Ишқ», «Нуқтаи атф» ва «Маҳрами роз» тўпламларида чоп этилди.
Фотима Таботабоий ўз хотираларида ёзади: «Мен кўплаб маърифий бобдаги Ҳазрат Имом сўзларининг шеърга айланмай ҳайф кетаётганига афсусланардим. Шу боис у кишидан мунзум каломни ўзларидан четга сурмасликларини илтимос қилдим. Эътироф этишим керакки, ул азизнинг чексиз лутфи менинг хоҳишларимни зиёда қиларди.
Кунлардан бир кун ғазал ёзишларини илтимос қилдим. Шунда у зот қатъий оҳангда: «Ахир, мен шоирмидим», дедилар. Бироқ кўп ўтмай янги ёзилган рубоийларини ўқишга муяссар бўлдим».
Тақдир мени икки қур бу буюк зот остонасини тавоф қилишга изн берди. Мен илк бор «фанофиллоҳ» бўлган миллат Имоми – раҳбарининг кўримсиз ва оддийдан–оддий ижара кулбасини кўрганимда Ҳазрат пайғамбарнинг (с.а.в.) хурмо пўстлоғи солинган ёстиқ ва кўрпаларини, Ҳазрат Умарнинг (р.а.) халифа боши билан тупроққа қорилиб ётганини эсладим. Ва ногоҳ бугунги «Мерседес» минган шайхлар, оқ қасрларда яшаётган уламолар, Худога душман бўлган зотларнинг қасру айвонида Қуръонни «сотаётган» зотларни надомат билан эсладим.
Бу ижара ҳовлидан бир неча чақирим нарида шохдан қолган маҳобатли қасрлар кўз ўнгимдан ўтди. Сут тўлдирилган ҳовузлар, тилло санчқичлар – ҳаммаси шоҳона ва шоҳларга хос. Қасрлар мўйсафид Албурз пойидаги олтин чиғаноқлардек салобатли оқиш чинорлар оғушида чайқалар, осмон паривашлар чўмиладиган ҳовуз сутидан-да мусаффо.
Умри қувғин ва муҳожирликда кечган Имом шу қасрларнинг бирида яшаса булмасмиди, деган ўйга ҳам бордим. Буни яшириб ўтирмайман. Аммо башар фарзанди ибратсиз яшолмайди, шекилли. Кимдир бу дунёда одамдек эмас, бандадек яшаш намунасини кўрсатиб туриши керакдир, балки.
Кулба саришта ва ғариб эди. Унда оддий суянчиқли диван, хонтахта ва Қуръондан бошқа деярли ҳеч нарса йўқ эди. Имом қудратли давлатларнинг оёғи ер искамаган такаббур арбобларини ҳам ана шу дарвешона кулбасида дарвешлар каби қабул қилган экан.
Имомнинг ғазаллар девони қўлимга тушгач барча хайратларим Теҳрон кўчаларига сингди. Фақат шоирларгина шундай яшашлари мумкин. Шарқда шоҳлар шоир эди, шоирлар шоҳ. Шоҳнинг дарвешлиги ёҳуд дарвешнинг шоҳлиги оддий ҳол бўлган. Ислом фалсафасида шоҳлик моҳиятан дарвешликдир. Буюк Имом, юқорида таъкидлаганидек, шоирлигини «кўз-кўз» қилишни астойдил истамаган.
Имом кўз ўнгимда қадим Шарқнинг бус-бутун мужассамасидек юксалди. Сафар таассуротлари асосида «Табриз дафтари» шеърлар туркумини ёздим. Хаёлимда Буюк Имомнинг ижара ҳужраси инсон руҳининг абадийлиги, дунёнинг муваккатлигини ҳол тилида баён қиларди. Қуйидаги шеър ана шу таассурот асосида ёзилди.

БУЮК ИМОМ ҲУЖРАСИДА

Бу уйда эҳтимол Ҳофиз яшарди
хирқасин тўрт букиб оёғин чўзиб
Гар тужжор бўлганда бузиб ташларди
ўрнига кошона қўярди қуриб.
Эҳтимол Хайём ҳам яшарди бунда
кўзасин бошига болишдек қўйиб
Лекин бу ўлгудек хасис очунда
у кетиб қоларди жонидан тўйиб...
Ким билсин Саъдий ҳам яшарди балки
ҳарчандким Шерозин қиймасди кўзи
Лек олис ёрини кутгани каби
яшарди маҳшарга қадар бир ўзи...
Бу уйни ижара олди... Дунёни
Ларзага келтирган буюк бир Имом
У деди: “Мен бунда ёлғиз Худони
ёд этай қолган шу умримда тамом...”
Албурз этагида хомуш ва маҳзун
кулбага малаклар қўнган тунларда
Буюк бу Имомни бир кўмоқ учун
султонлар келдилар “лимузин”ларда...
Албурз этагида кўримсиз ва тор
кулбага фалакдан тушганда ҳурлар,
Буюк бу Имомни кўрай деб бир бор
пиёда келарди императўрлар...
Бир боқмай шоҳларнинг кошонасига
Имом рихлат килди Маҳшарга томон...
Бугун бу кулбанинг остонасига
йиқилиб йиғлайди аҳли мусулмон...

Muhammad Dovud
23.09.2011, 11:36
***
Бу уйда бир вақтлар бувим яшаган,
меҳрсиз келинин дастидан ёниб.
Пойдевор тошини ўзи ташлаган,
бизларга нон ёпган тунлар уйғониб.

Ўзи ер чопарди, ўзи экарди,
невара ташвиши, беш маҳал намоз.
Ғам тошиб кетганда нос ҳам чекарди.
Қўшнилар гоҳ яраш, гоҳи пайт ароз.

Айрилиқ дардидан оқарган сочи
сарғайиб борарди кун ўтган сайин,
турмушга етарди базўр қулочи,
бу давру замонга етмасди тайин.

Мен эса шоирман –
бору йўғим шу…
Баъзан шеър тўқийман ўшанга атаб.
Шеър нима билмаган ва билмайди у,
ўйлаб ҳам кўрмаган етмиш йил яшаб…

Бу уйда бир вақтлар бувим яшаган.


БУВИМГА МАКТУБ

Бувигинам,
бормисан омон?
Омонмисан
намчил тонгларда?
Оёқларинг оғрирми ҳамон
мўрисимон намозшомларда?

Мен уйғоқман,
жон буви, гапир,
киприкларим толиқсин, майли,
кўчаларга термилма, ахир,
кўзларингнинг оқи сарғайди.

Итлар узоқ-узоқ акиллар
далаларнинг
намчил бағрида.
Юлдузларнинг нури чарсиллар
лойсувоқ том сомонларида.

Тушларингда кўрасан кимни,
қизарганда уфқлар лаби?
Ёстиғингга чўккан бошингни
мен севаман шу Ватан каби.

Тиришади шом ажинлари,
милтирайди дарчада чироқ,
иблисона гўзал тунларни
мен севаман шеърдан-да кўпроқ.

Кофарниҳон бир зум тинчимас,
тўлқинлари
соч каби қўнғир.
Кофарниҳон –
бир ўткинчимас,
Кофарниҳон – мунгли куйчидир.

Мен севаман
дарё-ю тунни,
тўлқинланар
ёғдулар тарам.
Орзу эди қисиматга дўнди,
бирозгина шоирлигим ҳам.

Бувигинам
ёнсин чироғинг,
оппок тунлар тўлғоқсиз ва жим,
доғлар аро қотди нигоҳинг,
чекдим,
унинг доғини чекдим.

Биз дунёда шундайин элмиз:
«Жигар» деймиз куямиз, лекин,
болаларим улғаяр менсиз,
танирмикан энди отасин…

Дарё…
Дарё оқаверади
олисларга ташлаб ғулғула,
бироқ ой ҳам оқаверади,
тўлқинларда
сачрайди шуъла.

Ҳураверар
итлар ҳам токи
ёт шарпалар кезаркан тунда,
булар бари қисматдир боқий,
бу қисматбоз кўҳна очунда.

Лек, билмайман,
тун суронлари
ва дарёнинг тўзон тўлқини,
уйғотса-да руҳсиз жонларни,
уйғотолмас мангу уйқуни.

Лек, билмайман,
чарчоқ кўзларинг
кўчаларга сочилган онда,
узоқларга ёлғиз термилиб
топарсанми мендан нишона?..

Йук,
рўёлар васвасаси бу,
бу тун аро униққан унлар.
Кўзларимга ботмоқда уйқу,
хайр, буви,
хайрли тунлар.


ҚИШЛОҚҚА ҚАЙТГАНИМДА БУВИМДАН СЎРАГАНИМ

Бир бурда ой тўлибди, буви
ол юзлари сўлибди, буви,
Биби кампир ўлибди, буви,
Кимлар қолди энди қишлоқда?

Кун юзин тун тутибди, буви,
Уфқ қонлар ютибди, буви,
Мўмин чўлоқ ўтибди, буви,
кимлар қолди энди қишлоқда?


БУВИМГА АТАЛГАН ШОДОН ҚЎШИҒИМ

Қисматинг қуёши етмишга етди,
Рўзғоринг қариди, умринг чарчади.
Сочларинг савобдай оқариб кетди,
Қоматинг ўзини ерга ташлади.
Сен кечдинг азонлар, намозшомларда,
Бедордил тунларинг доғларда қотди,
Бобур ҳам сарғарган фасли хазонда
Баргларинг тириклай шохларда қолди.
Азалий дунпарвар дунёнинг ўзи,
Бир ғариб вужудни илмади кўзга.
Тириклик тегирмон тоши юргизди,
Бир тутам сарғайган сочларинг узра.
Оловга ташлади толе – куймадинг,
Милтираб-милтираб ёнди чориғинг.
Хеч кимнинг юзига оёқ қўймадинг,
Кулбангдан чиқмади сира оёғинг.
Борман кўп қатори мен ҳам заминда,
Қайдадир улоқиб сарсон қолмадим,
Бувим-ей, билмасам, сенинг ҳақингда
Мен шодон қўшиқлар бита олмадим.

мафтун
22.10.2011, 20:40
Мен хам бир неча йиллар аввал рахматли Аскар Махкам билан Дурмонда, Набижон Бокийнинг дала ховлисида учрашгандим. У киши менга шеърлар укитиб, мактаган, кунглимни кутарганди. Шу биринчи ва сунгги учрашувим булган. Шу биргина учрашувдаёк у кишининг кандай олийжаноб, багрикенг ва камтар эканига амин булганман. Дарвоке, ушада адашмасам, "Хак" номли китобидан берган. Шавкат Рахмон хакидаги маколаси хам жуда мукаммал ва таъсирчан ёзилган.
Яхши ОДАМ, яхши ижодкор Аскар Махкам хакидаги хар бир сатрни барча адабиёт мухлислари катори мен хам катта мамнуният билан укияпман. Барчангизга ташаккур, хайрли ишларингиз давомли булсин.

Maryam
15.11.2011, 15:37
Ko‘nglim mening istagan yor yo‘q,
Ruhim mening istagan yor yo‘q.

Men qatldan ko‘rqmasmen hargiz
Og‘ochlari balandroq dor yo‘q...

Hamma gullar oyoq ostinda
Ani asray deguvchi xor yo‘q.

Muxabbat ham shahvatdir asli
Magar bunda parda yo‘q, or yo‘q...

Bihamdillah o‘lim ayirgay
Qo‘shay dema hech qo‘shmozor yo‘q...

Tortib bo‘ldik barini butkul
Biz tortmagan g‘amu ozor yo‘q.

Sotib olay desam bir hamdard
Buxoroda bunday bozor yo‘q...

Asqar Mahkam....

ajoyib yozilgan

Maryam
15.11.2011, 15:40
Iymonning kiftida turar osmonlar.
Iymonsiz kimsaning qoshiga kelmang!
Bunday zot qo‘liga, ey musulmonlar,
Qilich ham bermangiz, Qur’on ham bermang!.

* * *


Iymon sotilganda bozor qolmasdi,
Benomus qolmasdi, beor qolmasdi...
Bir zumda sotilib eski o‘liklar,
Keyinroq o‘lganga mozor qolmasdi...

* * *

Iymonni nur derlar, nurdir, nurdir u,
Bu nurni ko‘rmagan ko‘rdir, ko‘rdir u...
Bu nurni ko‘rmagan odammi ajab
Ehtimol yo‘kdir u, yo‘kdir, yo‘qdir u...


Iymon deb dunyodan yuzni o‘girdik,
Harom deb hammadan ko‘zni o‘girdik...
Na halol, na harom neligin bilmay
Ikkisin ortidan itdek yugurdik...

Umar Hayyom ruboyisini eslatdi menga:

Feruza gumbazli osmon ostida
na chin musulmonmiz na kofir tamom ....