PDA

Просмотр полной версии : Юрагида йўлбарс ётган шоира: Ҳалима Худойбердиева


Nigora Umarova
05.03.2010, 14:43
Муҳтарам форумдошим!

Кўпдан бери шоира Ҳалима Худойбердиева билан бўладиган суҳбатни эътиборингизга ҳавола этмоқчи бўлиб юргандим. Ниҳоят ушбу ниятимни амалга ошириш пайти келди.
Демак, бизнинг суҳбатдошимиз шоира Ҳалимахоним Худойбердиева.
Саволларингиз бўлса марҳамат қилиб уларни мавзуда қолдирсангиз.

https://img.uforum.uz/images/wjjpgpz698826.jpg

Nigora Umarova
05.03.2010, 15:09
Ҳалима Худойбердиева 1947 йил 17 майда Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида туғилган. Отаси- Умматқул худойберди ўғли бо0бон эди. Онаси-Шарофат Хонназар қизи бўлажак шоира икки ёшлигида вафот этади, шундан сўнг унга холаси Қаршигул Хонназар қизи оналик қилади. Ўрта мактабни тугатиб, 1968-1977 йилларда Москвадаги Горький номидаги Жаҳон адабиёти институтининг Олий курсларида ўқиган, 1985 йилдан бошлаб салкам 10 йил мобайнида "Саодат" ойномасининг бош муҳаррири лавозимида ишлади. 1990 йилда "Муқаддас аёл" тўплами учун Ҳамза номидаги Давлат мукофоти, 1991 йилда эса “Ўзбекистон халқ шоираси” унвони берилди.
Шоиранинг шеърлари “Гордость”(1976), “Белое яблоко”(1979), “Решимость”(1985) номли тўпламлари Москва ва Тошкентда босилган. Шоиранинг “Илк муҳаббат”- илк тўплами(1969), “Oқ олмалар”, “Чаман”, “Суянч тоғларим" (!991), “Бу кунларга етганлар бор” (1993) каби бир қанча шеърий тўпламлари бор.

Nigora Umarova
05.03.2010, 15:18
Ҳалима Худойбердиева шеърлари билан мана бу ерда (http://ayel.edunet.uz/ahalim.htm)танишишингиз мумкин.

Masud Mahsudov
06.03.2010, 03:55
Halima opa, she'rlaringizni sevib o'qiymiz, ma'naviy ozuqa olamiz... Alloh Sizdan rozi bo'lsin.

Savolim esa quyidagicha: Anchadan beri, balki mening xabarim yo'qdir, kitob chiqarmay qo'ydingiz. Hozir ham she'r yozayapsizmi? Agar yozayotgan bo'lsangiz, muhlislaringizga qachon taqdim qilasiz?

AbdulAziz
17.03.2010, 09:37
Saylanma. Halima Xudoybediyeva (http://www.ziyouz.com/index.php?option=com_content&task=view&id=3785&Itemid=204)

http://ziyouz.com/images/books/halima_xudoyberdiyeva1.jpg (http://www.ziyouz.com/index.php?option=com_remository&Itemid=57&func=fileinfo&id=422)

Muallif: Halima Xudoyberdiyeva
Hajmi: 1,69 Mb
Fayl tipi: pdf, zip
http://www.ziyouz.com/components/com_remository/images/download_trans.gif Saqlab olish (http://www.ziyouz.com/index.php?option=com_remository&Itemid=57&func=fileinfo&id=422)
Online o'qish (http://forum.ziyouz.com/index.php?topic=3849.0)

akmstudio
27.03.2010, 00:36
Ухшатишни сал ухшатиб ёзинглар, илтимос. Одамни юрагида йулбарс ётолмайдику. Муштдеккина юракни майда-майда килиб ташлайди ва натижада инсон улади.

Nigora Umarova
27.03.2010, 19:25
Ухшатишни сал ухшатиб ёзинглар, илтимос. Одамни юрагида йулбарс ётолмайдику. Муштдеккина юракни майда-майда килиб ташлайди ва натижада инсон улади.

Юрагиди йулбарс шижоати булган инсонга нисбатан ушбу ибора кулланади. Бунинг хеч ажабланадиган жойи йук.

Nigora Umarova
01.04.2010, 17:39
Ухшатишни сал ухшатиб ёзинглар, илтимос. Одамни юрагида йулбарс ётолмайдику. Муштдеккина юракни майда-майда килиб ташлайди ва натижада инсон улади.

Муҳтарам akmstudio!

Мавзунинг бундай номлашимга яна бир асосғ шоира Ҳалима Худойбердиеванинг қуйидаги шеъридир:

Аёл ўтиб борар

Сен сўрама, мен ҳам айтмайин
Курагимни синганини қарс.
Шовқин солма, мен уйғотмайин,
Юрагимда ётар бир йўлбарс.

Баланд бир ўт ёнган ичимни,
Мен совитиб яшашим керак.
Ўз-ўзимга сарфлаб кучимни,
Мен овутиб яшашим керак.

Аёл ўтиб борар, шўх юриб,
Шамолларда соч ёйган аёл.
Ич-ичида йўлбарс ўкириб
Сиртдан майин жилмайган аёл!!!

Қамишдай эгилган ўзим. Тик тарз-мен ўзим,
Ўз-ўзимга ўқиб тургувчи - дарс-мен ўзим.
Ҳар довонда минг ўқ еган кўксим қонталаш,
Ўкириб йўл босаётган йўлбарс-мен ўзим.

Ҳалима Худойбердиева

Kavsar
09.08.2010, 05:21
Assalomu alaykum, ustoz. Avvalambor, kelayotgan muborak mohi sharifi ramazon bilan qutlayman!

Sizga bir necha savollarim bor edi:

1. She'rlaringizni nega qaytadan tahrir qilmaysiz, buning sababi. (Bir uchrashuvda bir martaga she'r yozaman degan edingiz)?
2. Kutubxonangizda siz tez-tez murojaat qiladigan kitoblar qaysilar? (Ham mumtoz, ham zamonaviy)
3. Adabiyotshunos tanqidchi olimlarimizning fikri siz uchun qanchalik muhim, munosabatingiz?
4. Hayotda qaysi mezonlarga asoslanib yashaysiz?
5. Ayol timsolini ulug'lab bir-biridan go'zal she'rlar yozgansiz. Hammamiz yaxshi ko'rib o'qiymiz. Umuman, ayoldagi nazokat, ulug'vorlik nimada deb hisoblaysiz?
6. Odatda qaysi paytda ilhom keladi, ba'zan oylab she'riyatga murojaat qilmay ilhom parilari kelishini kutgan damlaringiz bo'lganmi?

Javoblaringiz uchun oldindan rahmat, kamoli ehtirom ila muxlisingiz.

Halima Xudoyberdiyeva
10.08.2010, 11:02
Ассалому алайкум!
Маънавиятимизнинг чуқур, бақувват илдизларидан бири ҳазрат Абдуҳолиқ Ғиждувоний деган эдилар: "Бизнинг тариқатимиз-суҳбатдур".
Ижодимга қизиқиш билдириб суҳбатга чорлаганингиз учун ташаккур.

Halima Xudoyberdiyeva
10.08.2010, 11:07
Halima opa, she'rlaringizni sevib o'qiymiz, ma'naviy ozuqa olamiz... Alloh Sizdan rozi bo'lsin.

Savolim esa quyidagicha: Anchadan beri, balki mening xabarim yo'qdir, kitob chiqarmay qo'ydingiz. Hozir ham she'r yozayapsizmi? Agar yozayotgan bo'lsangiz, muhlislaringizga qachon taqdim qilasiz?

Авваламбор ижодимизга фикр билдирган ўзи ҳам катта истеъдод эгаси Масъуд Мақсудовга миннатдорчилик билдираман.Қуйидаги шеърлар менинг янги шеърий тўпламимга киритиляпти. Китоб номи ҳозирча сир бўла қолсин. Китоб нашрга тайёр. "Бир аёл қайғуси", "Инжулар" китобларим устида ишлашни давом этяпман.

Halima Xudoyberdiyeva
10.08.2010, 11:12
Кечаги ёмғир

Ёғаверсин бугунги ёмғир
Кечаги ёмғирни унутманг.
Шаксиз, бордир бу кунлар ҳам сир
Кечаги шавқ, сирни унутманг.

У ёмғирга топинг бугун жой
Меҳри билан шаррос қуяди.
У ёққанда порлаб кетар ой
Ёмғир уни қаттиқ суяди.

Қаттиқ қуяр, ҳар бир уруғни
Етилтирмай кетмайди нари.
У билади ҳар йўл-йўриқни,
У тупроқни чин биродари.

Енг шимариб у тушса ишга
Ундиради бугунгиларни.
У чуқурроқ илдиз отишга
Кўндиради бугунгиларни.

Томчиларин бефарқ сочмасдан
Инжу. Терар кечаги ёмғир.
Киринг. Сизам киринг дарсига
Сабоқ берар кечаги ёмғир.

Halima Xudoyberdiyeva
10.08.2010, 11:14
Билмаган дарахт

Ўз кучи, ўз бардошини билмаган дарахтман мен
Қоқилгандай
Битта жойдан жилмаган дарахтман мен.
Сершох, сербарг новдалари чақ-чақлатиб қушларни
Умри бўйи ўзи бир бор кулмаган дарахтман мен.

Ҳолбуки,
Шўх шамоллар-ла дайдиб кетсам бўларди,
Кўп ишқий қўшиқ билардим, айтиб кетсам бўларди,
Қайтиб кетсам бўларди-я, қайтиб кетсам бўларди,
Аммо, манглайига қайтмоқ
Битилмаган дарахтман мен.

Биров пичоқ билан кесди, сўрди шираларимни
Бошқа бири каллаклади, кўрди ичим, қаъримни.
Баргим пилла қурти еди, биров кийди заримни
Мен-чи,
Бировлардан бир барг юлмаган дарахтман мен.

Ўз кучи,
Ўз бардошини билмаган дарахтман мен.

Halima Xudoyberdiyeva
10.08.2010, 11:14
Ўтга солиб руҳни, танни
Кераксиз сўз демаганни.
Кўз ёғингиз емаганни
Ҳам қош билинг, ҳам кўз билинг.

Ётсирамай бошин қўшса,
Ёвғонигга ошин қўшса,
Кўз ёшингга ёшин қўшса,
Ўзгаларни ҳам ўз билинг.

Букилганлар, ёйланганлар
Лек осмонга бойланганлар.
Кўнгли қушга айланганлар
Учар қушларни дўст билинг.

Агар вафо топмасангиз,
Кўкда бахтни ўпмасангиз,
Тупроқ сари қайтаверинг
Қорни, музларни дўст билинг.

Halima Xudoyberdiyeva
10.08.2010, 11:15
Яхши. Бу дунёда нақ нақдли бўлсанг
Ёвқур арслондай шиддат, шаҳдли бўлсанг.
Аммо шу дунёнинг дарахти бўлсанг,
Ким бахтли бўпти-ки, Сен бахтли бўлсанг.

Бахт қуши қўнди
Деб яйрарлар бахт ёр.
Шунда учмоғига ҳам ишора бор.
Келиб қўнса қўнар, юрагинг ёрма
Учиб кетса кетар, ортидан борма.

Парво қилма гадо, ё тахтли бўлсанг
Ким бахтли бўпти- ки, Сен бахтли бўлсанг.

Буз ва уз қафасу, занжирчаларни
Нима етсин, ўзни тиклаб, шайларга.
Озодлик найларин кимлар чалади,
Ҳеч ким бас келолмас тоқ тўрғайларга.

Томчи кўз ёш тўкма, денгиздай тўлсанг,
Ким бахтли бўпти-ки, Сен бахтли бўлсанг.

Севганлар ёлғиздир, ёлғиз севилган
Озорда ошиқлар жонлари ҳали.
Бир севги менинг ҳам дилимни юлган
Чак-чак томиб турар қонлари ҳали.

Агар шу дарёнинг дарахти бўлсанг
Ким бахтли бўпти-ки, Сен бахтли бўлсанг.

Halima Xudoyberdiyeva
10.08.2010, 11:16
Тишсиз одам фарёди...

Сиз кетдигиз.
Дийдорингиз соғинтирди.
Маъюс, ғам саҳроларида кечиб юрдим.
Айрилиқ – ўқ, юрагимни тешиб кирди
Сувми, қонми билмадим не ичиб юрдим.
Кетдингизми,
Энди сизам тушми Она,
Маҳшаргача энди хайру – хўшми Она?!

Узилдингиз,
Узилмади тилло занжир
Тилло занжирчангиз ўша қутичада.
Ҳар кўрганда юрагимга ботар ханжар
Ҳар кўрганда жизғанакман, ўт ичида.
Жон дегани
Шунчаям мўрт, бўшми Она,
Маҳшаргача энди хайру – хўшми Она?!

У борида кўнглим бургут, сор эди-ку,
Бугун оғир қордайми, тумандай юрай?
Биродарлар, кеча онам бор эди-ку...
Бугун У йўқ,
Бугун У йўқ, қандай юрай?!
Она ҳам бир учар кетар қушми Она.
Маҳшаргача энди хайру – хўшми Она?!

Хазон олди ўсар эмиш гуллар бўйи
Кетар олди қолдингиз сал берман қараб.
Оёқларингиз уқалаб тунлар бўйи
Оппоқ пахта сочларингиз ювиб-тараб
Ўрай десам...
Икки қўлим бўшми Она,
Маҳшаргача энди хайру – хўшми Она?!

Оҳ, дўстларим, бу дунёда қуши борлар
Қушингизни асранг!
Кўнгил додлари – бу!
Эй, дунёда тишламоққа тиши борлар,
Тишсиз қолган одамнинг
Фарёдлари бу!

Она, фарзанд оғзидаги тишми Она,
Маҳшаргача энди хайру – хўшми Она?!..
Сиз кетдингиз. Дийдорингиз соғинтирди...

Halima Xudoyberdiyeva
10.08.2010, 11:17
Отасидан ўзганини билдирмас

Дардин четга чиқаради қайси шер,
Она арслон озганини билдирмас.
Нодон - “Тақдирни ўзим яратдим”, - дер
Қодир Худо ёзганини билдирмас.

Сиртдан боқсанг кўнгил овланаверар,
Шаҳд олдинга ташлар довланаверар,
Товус зийнатланар, товланаверар,
Патларининг тўзганини билдирмас.

Есир нонни қандай етказади-ю,
Гўдагига қандай тутқазади-ю,
Есир тунни қандай ўтказади-ю,
Етим қандай ўсганини билдирмас.

Шарқ боласи, майли ёвқур ё дайди,
“Ботир бўлсанг аввал мени енг”,- дейди.
Аввал ошиқ бўлган менман, мен!-дейди,
Аввал қиз кўз сузганини билдирмас.

Шарқ боласи
Яссавийнинг боласи.
Дунёларни титратса ҳам ноласи,
Ундан фақат камсуқумлик оласиз,
Отасидан ўзганини билдирмас.

17 декабр, 2009 йил.

Halima Xudoyberdiyeva
10.08.2010, 11:17
Қуламанг биттангиз ҳам...

Бир барг тушди тупроққа,
Сўнг бошқалари қатор.
Кўнглим тушди титроққа,
Бошланди кузги хатар.

Дарахтларим қатор, шан
Ёмғир-у, ўтдангиз ҳам.
Сабот, куч топиб яшанг,
Қуламанг биттангиз ҳам.

Менинг юрагим ёмон,
Менга бепарво бўлманг.
Яшаб юрсин десангиз,
Мени аяб – сиз ўлманг!

28 ноябр, 2009 йил.

Halima Xudoyberdiyeva
10.08.2010, 11:18
Машъала

Ҳақиқат машъаласини
Кўтарган қўлларим куйди.
Қайта-қайта босилган-у,
Кўкарган йўлларим куйди.

Қанчалаб ойларим куйди,
Қанчалаб йилларим куйди.
Сочим тўлқини минг тола
Минг тола қилларим куйди.

Гоҳ дўстларим тонди ҳақдан,
Нажотлар кутдим фалакдан.
Бўлолмай ҳақ билан яктан,
Айтолмай тилларим куйди.

Машраб додлаб елар менда,
Усмон бежо кулар менда,
Куюк иси келар мендан,
Вужуду, дилларим куйди.

Бу машъала куйиб кетган
Кафтларимда илдиз отган
Ўт кўтариб кетаётган
Бўйсунмас қўлларим куйди.

Шундай яшаб ўламан мен
Дейман тушиб чўкка, -қасам!
Ерга қасам
Кўкка қасам!
Қай кун машъал кўтармасам
Шул кун кетган бўламан мен.

Ҳақиқат машъаласини
Кўтарган қўлларим куйди...

Halima Xudoyberdiyeva
10.08.2010, 11:19
Билмаслар

Кўрдим қишлоқ, гўзал шаҳарлар кўрдим,
Оҳорлари кетиб борар, билмаслар.
Жамалаксоч пари-пайкарлар кўрдим,
Баҳорлари кетиб борар, билмаслар.

Тугмак бўлса етмас белбоғ учлари,
Дунё молин маҳкам тишлар тишлари-
Боғларининг ширинзабон қушлари-
Олқорлари кетиб борар, билмаслар.

Отлари-я, қорабайир отлари
Гижинглайди, деб ўйласам, додлади.
Ёли бўрон бўлганлигин ёдлади-
Шунқорлари кетиб борар билмаслар.

Кузатиб бу дунёнинг ўр-қирини,
Билмай қолдим келмак, кетмак сирини.
Ёлғон ёрлар ялашиб бир-бирини,
Чин ёрлари кетиб борар, билмаслар.

Чарсиллаган бир ўт ёнар ичимда,
Мен шеър айтсам, айтмадим тил учинда.
Бу талотўп, қув-қув, чоп-чоп ичинда,
Ҳалима ҳам ўтиб борар, билмаслар.

Halima Xudoyberdiyeva
10.08.2010, 11:20
Билмаслар

Мен ёниб тугамагунимча,
Сиз менинг кимлигимни билмадингиз
Имант Зиеденис
(“Бир аёл қайғуси” китобидан)

Қоронғуда эдингиз
Мен чорламоқчи бўлдим.
“Тун ютиб кетмасин” деб
Кўзи тўрт соқчи бўлдим.
Бу дунёни унутиб,
Сизга пойлоқчи бўлдим.
Э воҳ, Сиз мен тарафга
Бир қадам жилмадингиз.
Мен ёниб тугаяпман,
Сиз ҳамон билмадингиз.

Жилғадай гирдингизда
Чопганим чопган бўлди.
Сиздан мўжизаларни,
Топганим топган бўлди.
Қадаҳдай қирғоғингиз,
Ўпганим-ўпган бўлди.
Бўшаган жом экансиз,
Қайтиб ҳеч тўлмадингиз.
Мен ёниб тугаяпман,
Сиз ҳамон билмадингиз.

Мен оҳ урдим, оҳ кекса
Ёшларни тирилтирди.
На кекса-ёш, бори
Диндошларни тирилтирди.
Сиз тирилмадингиз. Йўқ
Ё... ёки ўлмадингиз.
Мен ёниб тугаяпман,
Сиз ҳамон билмадингиз.

Билмадим, мисмидим ё
Тилла танга, кетдим ҳайф.
Умрим бўйи бесамар,
Кирдим жангга, кетдим ҳайф.
Қоронғида, ботқоққа
Михланганга, кетдим ҳайф.
Қай оловларда куйиб
Ўтди жон, билмадингиз.
Мен ёниб тугаяпман,
Сиз ҳамон билмадингиз.

Halima Xudoyberdiyeva
10.08.2010, 11:21
Баъзан ёнимдаги тоғ...

(“Бир аёл қайғуси” китобидан)

Баъзан ёнимдаги тоғ
Ҳаддан зиёд чўкади.
Чўққилари санчилар,
Харсанглари чақади.

Баъзан ёнимдаги тоғ
Пастлагандан пастлайди.
Қоялари бадқовоқ,
Жилғалариям дайди.

Баъзан ёнимдаги тоғ
Сарғайтар гул, бутоқни.
Не қилай чўнг тоғларга
Ўхшамаган бу тоғни.

Тошлариям ютоққан
Ҳолим тайин, Худойим-
Ўзинг суя. Шу тоққа
Суянмайин Худойим..

26 март, 2008 йил.

Halima Xudoyberdiyeva
10.08.2010, 11:22
Кимсан, нимасан...

Бир қарасам чапдаст отга ўхшадинг,
Бир қарасам енгил сузар кемасан.
Мен сен билан жуда узоқ яшадим,
Бироқ тушунмадим кимсан, нимасан?

Бир не десам бўлди харобот ҳолим,
“Соқов” деб ном олдим, бир не демасам.
Бошимга кўтардим тожим мисоли,
Бироқ тушунмадим, кимсан, нимасан?

Тутдинг. Ичдим ишқни тахиригача,
Шунда ҳам дўқ урдинг,- “Ўйин қима сан!”
Бирга бордим йўлнинг охиригача,
Бироқ тушунмадим, кимсан, нимасан?

26 март, 2008 йил

Halima Xudoyberdiyeva
10.08.2010, 11:23
Маҳкам ушланг

Кексаларга

Маҳкам ушланг бир-бирингизни,
Айирмасин қишнинг қорлари.
Биродарлик асрайди сизни,
Асрар эски ишқнинг зорлари.

Ҳазир бўлинг, кетманг тойиниб,
Қаттиқ ерни қайириб босинг.
Кўнглингизнинг унут ойини
Тез-тез эсланг. Хаёли боссин.

Бу маслаҳат ё эмас бир дарс,
Бирга бўлинг, бўлмай ҳоли танг.
Жар лабида кексайган йўлбарс
Бир-бир босиб юради аранг.

Маҳкам ушланг бир-бирингизни,
Бола-чақа... баридан ортиб.
Тишда тишланг бир-бирингизни,
Токи тупроқ олмасин тортиб.

28 декабр, 2009 йил.

Halima Xudoyberdiyeva
10.08.2010, 11:24
Мўъжиза

З.....га

Мўъжиза излайсиз, кўнгил беэга,
Сарғайиб боради сабрнинг юзи.
Нега англамайсиз, сезмайсиз нега,
Ахир мўъжиза-ку аёлнинг ўзи!

Камситманг бетартиб ҳаёти билан,
Шамолдай суринса, шамолдай чопса.
Фақат мўжиза у – эр зоти билан
Фақат мўъжиза у –эгасин топса!

Halima Xudoyberdiyeva
10.08.2010, 11:24
Ҳайф...

Эсиз зилол дарёлар,
Биз қониб ичмасак, ҳайф.
Эссиз мовий маъволар
Биз қониб учмасак ҳайф.

Ирмоқ пастлаб, қиялаб
Кетса, учқур тоғ, эссиз.
Кўрмай ўтса биялар
Учқур арғумоқ эссиз!

Дунёсига ўт кетсин,
Дунёсига эртак ҳайф.
Унда кўнгли аёлсиз
Кетаётган эркак ҳайф.

Halima Xudoyberdiyeva
10.08.2010, 11:26
Карвон йўлга чиққунича

Карвон йўлга чиққунича
Бўлар бир шов-шув.
Ўшангача тинглаш мумкин арзу додларни,
Ўшангача нон ғамланар, ғамланади сув,
Алмаштирмоқ мумкин бўлар қўтир отларни.
Карвон йўлга чиққунича...
Танланади дўст,
Фарқланади тили биру, дили иккини.
Ўз деганинг то сўнгги дам бўладими Ўз,
Ўзга чиқиб қолмайдими дилга туккани.
Карвон йўлга чиққунича...
Бўлгай тадорик,
Сарбонини сартлари тан оладиларми?
Ё беписанд кўрарларми ҳамма қатори,
Ўлим келса ундан олдин ўладиларми?
Карвон йўлга чиққунича...
Чиқдими аён,
Ҳаёт кечирмас сўнг шумлик, гўлликларини.
Ё бирлашиб Мурод Тоғин
Олурлар шоён,
Ё тарқалиб қумлар босар ўликларини.
Қарвон йўлга чиққунича
Бўлар бир бор шов-шув...
6 июн, 2007 йил.

Halima Xudoyberdiyeva
10.08.2010, 11:27
Сув билан сирлашган куним

Онам маъюс мажнунтол эди,
Шохчалари ер томон боққан.
Туришлари сиру, фол эди,
Тўлқинларга қўшилиб оққан.

Япроқлари сувга ёзди хат,
Бошлаб қайдан қайтди билмадим.
Шивирлашди сув билан фақат
Аммо,
нима айтди билмадим.

Овоз олиб демади “Ёҳу”,
На йиғлаб,
На бағрин тиғлади.
Фақат сувга дардин айтди у
“Сирқирашиб сувлар йиғлади”.

Билмаганман,
Чиқмаган уни.
Қай юк босган босиқ тошимни.
Шу сув билан
Сирлашган куни
Кўтаролмам манам бошимни.

3 ноябр, 2007 йил.

Halima Xudoyberdiyeva
10.08.2010, 11:28
Сезиб қолдим

Кетдим. Ўйладим-ки сендан
қутулдим.
Энди сенсиз кутгум ҳар
тонготарни.
Исмингни кўксимдан чечакдай
юлдим,
Ёраб, чечак шундай илдиз отарми?

Ёраб, ўлим-ку бу ишқ дегани, а
Наҳот ҳар ҳужайранг эгаллаб борса?!
Наҳот ҳар чин ошиқ ишқ деганида
Пешонасин ўлим гурзиси ёрса...

Қаёқданам сенга кўнгил очдиму
Ўзимни умрлик ўтга солдим мен.
Ўлимдан қочгандай сендан қочдиму,
Сенсиз, ўларимни сезиб
қолдим мен.

Излаб тополмайман бирорта тафтни,
Сенсиз ҳар қадамда урилиб тошга.
Кўксимда ҳеч нарса илдиз отмапти,
Эгаллаган ўша чечакдан бошқа.

Halima Xudoyberdiyeva
10.08.2010, 11:29
Мен йўқласам

Кампирларнинг камайди сафи,
Яна бирин қаро ер ютди.
Ёқалари ёпиқ, арабий-
Кўйлак кийган бир кампир ўтди.

Ғимир-ғимир онам Боёвут
Аввалгидан маъюсроқ энди.
Ҳовлимизга соя солган тут-
Балки онам у билан тенгдир.

У ўлганда зор кишнаган от
Чақноқ кўзи тўниб бормоқда.
Балки у ҳам мен каби ҳайҳот,
Айрилиққа кўниб бормоқда.

Аммо онам ёқиб кетган шам
Тураверар кўнглим тўрида.
Мен йўқласам, йиғласам у ҳам
Ағдарилса керак гўрида.

Кампирларнинг камайди сафи...

Halima Xudoyberdiyeva
10.08.2010, 11:30
Йўл бирдан кенгайди...

Йўл...
Одамдай олислаб бораётган йўл,
Бизга умидми, не бераётган йўл,
Ёмғирга ботган йўл, чангга ботган йўл,
Биз кетамиз,
Бу йўл қолаверади.

Карвонлар суришиб ўтган чоғлари,
Дунёни бузгандир қўнғироқлари.
Қамчи излари-ю, кўнгил доғлари,
Биз кетамиз,
Бу йўл қолаверади.

Кўзимизни алдаб, буралиб қайтиб,
Кўклам чечакларга ўралиб қайтиб,
Ёзда тоши қизиб, жизғанак пайти,
Биз кетамиз,
Бу йўл қолаверади.

Бу йўлда ким кимни тунаб кетганди,
Ким кимнинг юрагин тирнаб кетганди,
Отам шу йўлларда жўнаб кетганди,
Биз кетамиз,
Бу йўл қолаверади.

Тобут йўлга чиқди. Ғам жонга етди,
Йўл бирдан кенгайиб, каттариб кетди.
Шунда кўрдим, бу йўл, бутун бир халқни,
Йиғлаётган халқни
Кўтариб кетди!

Одамдай олислаб бораётган йўл,
Отамдай олислаб бораётган йўл.

Halima Xudoyberdiyeva
10.08.2010, 11:30
Қитмир юлдуз етакласа...

Қитмир юлдуз етакласа,
Кетаверган ойлар бор.
Ул ойларни хизматкорга
Айлантирган бойлар бор.
Ул ойларнинг нурларини
Чил-чил қилар жойлар бор.
Мен уларнинг ҳаётини
Кўрмаганим яхшийди.
Аслида бу шеърга қалам
Урмаганим яхшийди.
Синчков боқсам кўнгли синиқ,
Кўнгли дарё, жим, жим, тиниқ.
Соғ жойи йўқ, тегмаган тиғ,
Қанча қоши ёйлар бор.
Билмайди у, дунё беҳишт,
Ўзи оҳу, билмас у.
Билгани шу, баланд уй, ғишт,
Шу қафасдан жилмас у.
У сир тутар дил доғини,
Сезмас гулни, қиёғини.
Сезмас икки туёғини,
Ўпмоққа зор сойлар бор.
Яна бу ўртада турган,
Кўнглига зирапча кирган.
Айтмай ўзин еб битирган,
Мендек ҳоли войлар бор.
Қитмир юлдуз етакласа,
Кетаверган ойлар бор...

8 феврал, 2009 йил.

Halima Xudoyberdiyeva
10.08.2010, 11:31
Тирик юрганлар алвидо

Биз ётибмиз. Билмай заволлар
Тирик юрганлар алвидо.
Кўксига салқин шамоллар
Уриб юрганлар, алвидо.

Биров ўтганда унимиз йўқ,
Кутамиз. Қизимиз, улимиз йўқ.
Гина қиларга тилимиз йўқ,
Тирик юрганлар, алвидо.

Сулукни сулук тушунади,
Ўликни ўлик тушунади.
Онаси қизини тушунмасдан
Тирик юрганлар, алвидо.

Ётибмиз. Қабримиз чим ёпиб –
Кетса-да бир-бировни топиб –
Ўғил отани итдай қопиб
Тирик юрганлар, алвидо.

Қипчоқдансизми, қиётдан
Гоҳо сизнинг қора ниятдан,
Ўлган қайта ўлар уятдан,
Тирик юрганлар, алвидо.

Ўлик сен зўр, мен зўр демас,
Бу ер пойгак, бу ер- тўр демас.
Улар бир-бирига бўримас,
Тирик юрганлар алвидо.

Ахир одамсиз-ку, қутурманг,
Маҳшаргача отиб тошу санг.
Бир-бирингиз еб битирманг,
Тирик юрганлар, алвидо.

Ётибмиз ерларга бош қўйиб,
Дийдорга оч кўздан ёш қуйиб,
Ўлмасдан бир-биридан тўйиб,
Тирик юрганлар, алвидо!

Halima Xudoyberdiyeva
10.08.2010, 11:32
Қуръон тараф борурман...

Бугун борман, эртага йўқ,
Бугун эшит сўзимни.
Бугун ерман, эртага кўк,
Тополмассан ўзимни.
Кўзларимга бугун қара,
Агар ногоҳ ўчмасам.
Кўнглимдаги тугунни қара,
Ечилмас сен ечмасанг.
Ечмоқ йўлин бугун топ,
Эрта ё мен, ё сен йўқ.
Ўртамизда мингта китоб,
Нега Қуръон, Ёсин йўқ.
Кетдим. Кетдим сувдай оқа,
Ҳақ деб, Ё Раб, борурман.
Бораяпман Ёсин ёққа,
Қуръон тараф борурман.

20 июн, 2007 йил.

Halima Xudoyberdiyeva
10.08.2010, 11:32
Ўлган шоир учун йиғланг...

Ўлган шоир учун йиғланг,
Қолган шоир учун йиғланг.
Етти ётнинг ғам шаробин,
Ичолган шоир учун йиғланг.

Дунё билан йўқдир иши,
Сувдир иши, чўғдир иши.
Бу дунёда ғам идиши,
Бўлган шоир учун йиғланг.

Halima Xudoyberdiyeva
10.08.2010, 11:33
Ватандир бу...

Оллоҳ, Оллоҳ эранларнинг
Сўзи қолган Ватандир бу.
Бўзлаб ўтган тўрғайларнинг
Бўзи қолган Ватандир бу.
Юрт деб отга қамчи урган
Ўққа учган не руҳу, тан.
Кўзимга тик қараб турган
Кўзи қолган ватандир бу.
Кечиб, сарҳад, уммонларни
Кўрсам-да тик иймонларни.
Кишан узган арслонларни
Изи қолган ватандир бу.
Гарчанд жаранг, гарчанд сукут...
Қон, шон билан олинган юрт.
Тишларида курашнинг ўт,
Музи қолган ватандир бу.
Бу ер кимнинг, бу кўк кимнинг
Эгаси бор ҳар ўт, чимнинг.
Ўз ерида Ўзбегимнинг
Ўзи қолган Ватандир бу.

Halima Xudoyberdiyeva
10.08.2010, 11:34
Мен бир куни

Мен бир куни
Ташлаб кетаман
Бўз либосим, сийму заримни
Қор ивитар,
Шамол варақлар
Ортда қолган дафтарларимни.
Гарчанд тишга босиб тишимни
Ўз елкамдан ўзим босиб тек
Гунгдай кетдим
Сўнг бекатгача.
Лек ортимдан қолган шеърларим
бу дунёнинг
ёлғонларидан
Қаҳ-қаҳ урар қиёматгача.

Halima Xudoyberdiyeva
10.08.2010, 14:58
Assalomu alaykum, ustoz. Avvalambor, kelayotgan muborak mohi sharifi ramazon bilan qutlayman!

1. She'rlaringizni nega qaytadan tahrir qilmaysiz, buning sababi. (Bir uchrashuvda bir martaga she'r yozaman degan edingiz)?


Раҳмат. Сизга ва жумлаи мўминга моҳи Рамазони шариф муборак бўлсин! Оллоҳ барчамизни тилаган эзгу ниятимизга етказсин.

Саволингизга келсак, шеърларимни таҳрир қилишга одатланмаганман. Балки таҳрир жараёнида дастлабки мазмунига жиддий таъсир кўрсатади деб ўйласам керак. Дстлабки қоғозга тушгани қлб ҳайқириғи билан қоғозга тушади.

Halima Xudoyberdiyeva
10.08.2010, 15:04
2. Kutubxonangizda siz tez-tez murojaat qiladigan kitoblar qaysilar? (Ham mumtoz, ham zamonaviy)


Мумтоз адабиёт вакилларидан ҳазрат мир Алишер Навоий, Бобур, Бедил, Пушкин, Лермонтов шеърларини севиб мутолаа қиламан. Бобур ва Бедил асарлари қалбимга яқинроқ туюлади.
Насрий асарлардан Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар", Войничнинг "Сўна", турк адиби Рашод Нури Гунтекиннинг "Чолиқуши", Габриэл Гарсиа Маркеснинг "Танҳоликнинг юз йили", "Ошкора қотиллик қиссаси"ни ҳар гал ўқиш мароқли.

Halima Xudoyberdiyeva
10.08.2010, 15:08
3. Adabiyotshunos tanqidchi olimlarimizning fikri siz uchun qanchalik muhim, munosabatingiz?


Адабиёт майдонида қанча мақтов эшитган бўлсам, танқидга ҳам ўшанча тайёр турганман ва ҳануз тайёрман. Ҳаёт йўлимда асосан Пушкиннинг Қуйидаги сатрларига амал қилиб яшайман:
Лоқайд қабул этавер
Мадҳу туҳмат барисин.

Halima Xudoyberdiyeva
10.08.2010, 15:14
4. Hayotda qaysi mezonlarga asoslanib yashaysiz?


Ҳалолликка. Ҳалоллик- дунёни кўтариб турадиган устундай, менинг назаримда. Нафақат дўстлар, ота билан фарзанд, эр билан хотин, устоз билан шогирд... барча-барчаларининг ораларидаги муносабатларида мана шу ме-ёр сақланиши шарт деб ўйлайман. Муҳаммад пайғамбаримиз айтган эканлар: "Дўстлик йўқолган жойда жамият бузилади. Муҳаббат йўқолган жойда авлодлар азоб тортадилар".
Мен бу ҳикматларга тўла қўшилган ҳолда ҳалоллик йўқолганда дунй бузилади, дегим келади. Ҳалоллик устунлари дрз кетмаса, синмасагина бу дунёда ҳаёт тобора чаппор уриб гуллайверади. Дунё вайронага айланмайди.

Nigora Umarova
10.08.2010, 15:21
Siz uchun she'r nima? U qachon yaraladi?

6. Odatda qaysi paytda ilhom keladi, ba'zan oylab she'riyatga murojaat qilmay ilhom parilari kelishini kutgan damlaringiz bo'lganmi?

Halima Xudoyberdiyeva
10.08.2010, 15:31
Siz uchun she'r nima? U qachon yaraladi?

6. Odatda qaysi paytda ilhom keladi, ba'zan oylab she'riyatga murojaat qilmay ilhom parilari kelishini kutgan damlaringiz bo'lganmi?



Шунча йилдан бери ижод қилиб келяпман-у, аммо шеърнинг нима эканлигини ҳалигача англолмайман. У мен учун доимо сир бўлиб келган. Балки шуниси ҳам маъқулдир. Сир бўлиб қолган нарса инсонни доимо жалб қилаверади, ўзидан нари кетказмайди. Балки шеърнинг аслида нима эканлигини билганимда қўлимга қалам олмаган бўлармидим...
Шеър қачон яралади-буни ўзим ҳам билмайман. Шундай вақтлар бўладики, кун бўйи мутлақо бошқа хаёллар билан юраман-у, иш столимга келиб ўтиргач, сатрлар ўз-ўзидан қуйилиб келаверади. Фақат шуни биламанки, қачонки шеър ёзмоқчи бўлсам, албатта ёзаман.
Биласизми, бизни ўраб турган жамики нарсалардан шеър чиқазиш мумкин. Бу эса фақат ижодкорнинг қўлидан келади. Сабаби, у ўша нарсани умуман бошқа ҳолатда кўриши, бошқалар илғаши мумкин бўлмаган қирраларини очиб бериши мумкин.

Halima Xudoyberdiyeva
10.08.2010, 15:37
5. Ayol timsolini ulug'lab bir-biridan go'zal she'rlar yozgansiz. Hammamiz yaxshi ko'rib o'qiymiz. Umuman, ayoldagi nazokat, ulug'vorlik nimada deb hisoblaysiz?


Аёлнинг назокати ва улуғворлиги унинг латофатида, камтарлигида ва озгинагина "айёрлигида"дир. Керак пайтда аёл ўзини паст ола билиши керак. Бу нарса унинг ғурурини поймол қилмайди. Балки юқори поғонага олиб чиқади. Унинг айёрлиги мана шунда намоён бўлиши керак.

Nigora Umarova
10.08.2010, 15:41
Сизнингча, ўзбек эркакларининг фазилати нимада-ю, камчиликлари нимада? Миллатимизнинг-чи?

Halima Xudoyberdiyeva
10.08.2010, 15:53
Сизнингча, ўзбек эркакларининг фазилати нимада-ю, камчиликлари нимада? Миллатимизнинг-чи?

Ўзбек эркаклари оиласини ҳимоя қила билиши, оиласини турли қийинчиликлардан олиб чиқишини ўз бурчлари деб ҳисоблашлари, шунингдек, ўзига хос мардлиги-ю, тантилиги ҳаммани лол қолдиради. "Ота ўтирган уйнинг томига чиқиб бўлмайди", "Отанг бор, қўрғону қалъанг бор" каби ҳикматлар шу эзгу хусусиятлардан келиб чиққан бўлса керак.
Эркакларнинг камчиликлари... Халқда "ўзбекка давлат келса, хотин олади" каби гаплар бежиз юрмайди. Баъзилар "Икки хотинни боқишга қурбим етади", дейишлари мумкин. Бойлигингизни икки аёлга бўлишингиз мумкин, аммо юрагингизни, муҳаббатингизни иккига қандай бўласиз, болаларга-чи... Тарихимиздаги кўп келишмовчиликлар, жангу жадалларга шу кўнгилсиз ҳолат ҳам сабаб бўлмаганми?
Миллатимизнинг бош хусусиятига келадиган бўлсак, бу унинг ерга боғланганлиги деб биламан. Бизнинг халқимизчалик киндик қони томган ерга қаттиқ ёпишган, ота-боболари мозорларини ташлаб ҳеч қаёққа кетолмайдиган халқ кам бўлса керак. Ва бу бизнинг халқ сифатида фахрланишга арзийдиган хусусиятимиздир.

Nigora Umarova
10.08.2010, 16:36
Болалигингиз ва ундаги энг ёрқин хотиралар ҳақида сўзлаб берсангиз.

Halima Xudoyberdiyeva
10.08.2010, 16:55
Болалигингиз ва ундаги энг ёрқин хотиралар ҳақида сўзлаб берсангиз.

Отам Умматқул Худойбердиев ўзининг Абдураҳмон ака, Абдумўмин ака, Ражабов бова каби оғайнилари, дўстлари билан тонготар кечалар ўтказиб турарди. Улар Навоий, Фузулий, Бедил, Бобур каби шоирларнинг шеърларини, ишқий достонлар ўқишарди. Асосан отам ўқирдилар. Ёп-ёруғ чироқ, сандал атрофидаги бу кечалар алламаҳалларгача чўзилиб кетар, мен кўпинча отамнинг пинжида ўтирганимча ухлаб қолардим. Отамнинг достон, шеърларниқ ироатини келтириб, жарангдор овозда ўқишлари, атрофдаги одамларнинг таъсирланиб, таҳсинлар айтиб ўтиришлари ҳеч ёдимдан чиқмайди.
Мен ишониб яшардим. Достонлардаги ҳар елкаси бир элни кўтариб бораётган саман отларга, "енгилсанг ўлдираман, енгсанг, хотин бўламан" шарти билан кураш тушган маликалар маликаси Зуфунунни енгган ҳазрат Алимиз уни шу юртга ҳоким қилиб қолдириб, ўзи яна янги жангларга от қўйиб кетаётганига ишониб яшардим. Онаизорим Қаршигул Хонназар қизи пахтачилик бригадасини бошқарарди, кейинчалик пиллачилик соҳасида ишлади. Кўчада юмушлари бошидан ошиб ётишига қарамасдан, уйда шрмак қуриш, олача, патгилам тўқиш, жияк, гоҳи ироқи дўппи тикишга ҳам вақт топарди.
Болаликда ҳайратнинг кўзлари катта бўларкан. Худди кечагидай кўз ўнгимда: Онам оқшомлари қарсиллатиб қилич солиб пат тўқир, мен у кишининг ёнида ўтириб, бсма-бас патнинг турини чалишардим. Гилам гулнинг бирор жойи бузилмай чиқаётганини кўрган онам "Ўзимнинг чевар қизим" деб, пешонамни ўпиб қўяр, бордию кўнгиллари ийиб кетса, бошидан кечирган воқеаларни айтиб берардилар. Менинг анчагина асарларим, жумладан китобларга кирган "Бир ўрим соч тарихи", "Сайрам бахшининг айтганлари", "Ҳиндукушдан нола келди" "Илинж" достоним айнан онаизорим бошидан кечирган воқеалар асосида битилган.

Halima Xudoyberdiyeva
10.08.2010, 17:05
Онаизоримнинг мунглиғ хиргойилари кўнглимни ўртар, кўзимга ёш тўлиб келаётганини сезмай қолардим. Онамнинг ғамангизлиги бесабаб эмасди. Ўз туққан онам-Шарофат Хонназар қизининг бевақт, авж гуллаган-35 ёшидаги холам Қаршигул Хонназар қизини қаттиқ изтиробга солган ва табиийки, бу ғам менинг мурғак юрагимда ҳам илдиз отиб улгурган эди. Ўз онам пахта даласидаги ўқ ариқдаги дориланган сувни ичиб заҳарланиб икки кунга қолмай вафот этганлар. Мен ўшанда икки ёшда эдим. Волидам қазо қилганнинг эртасигаёқ холам мени ўзини "она" дейишга ўргатган ва ўз тарбиясига олган эканлар. Опа-сингиллар-онам ва холам ака-укаларга отам- Умматқул ва амаким- Худойқул ўғилларига турмушга чиқишган экан. Мен Евгений Евтушенко айтган "Саросар солади қувончлар енгил, куйиниб қараган ғусса барқарор"лигига қаттиқ ишонаман. Демоқчиманки, муҳитда гап кўп.

Nigora Umarova
10.08.2010, 17:10
Қийналиб ёзган шеърингиз...

Halima Xudoyberdiyeva
10.08.2010, 17:25
Қийналиб ёзган шеърингиз...

Аслида ҳеч бир шеър изтиробларсиз, қийноқларсиз дунё юзини кўрмайди. Лекин, ҳозир бу даражада... қийналиб ёзилган шеъримни эслолмаяпман. Шеър бу инсон руҳий ҳолатини, яъни, чинлик, ҳақлик жиҳатларини очиб берувчи бир восита. Шоир кўнгил ичида эркин, ҳеч қандай таъсирларсиз ижод қилаяптими, унинг таъсирчан шеърлари юзага келади.

Nigora Umarova
10.08.2010, 17:27
Тез ва осон ёзилган шеърингизни эслай оласизми?

Halima Xudoyberdiyeva
10.08.2010, 17:39
Тез ва осон ёзилган шеърингизни эслай оласизми?

Бундай шеърларим анчагина. Масалан, бир кун кечқурун телевизорда турк эстрада артистларининг концерти бўлди. Сердар Ўртач "Ҳадигит" қўшиғини бошлаб қолди. Оҳанги шундай ёқдики(шеърни асосан оҳангдан "ушлайман")! Ашула тугаганидан ўн минутлар ўтгач бир шеър ёздим(қўшиққа мутлақо ҳамоҳанглиги йўқ унинг):

Энди кет!
Кутдирдинг. Ёмон кутдирдинг,
Ҳижрон заҳарини шавқ-ла ютдирдинг.
Йиқилдим. Бошимда устувор турдинг
Энди кет!

Ҳижрон йўлларида сочилди зарим,
Кутдим ишқим ярим, умидим ярим,
Бир-бир синиб битди қобирғаларим
Энди кет!

Энди кет, шавкату-шон ортиқчадир,
Чанқаб қулагач уммон ортиқчадир,
тиланиб тўкилгач нон ортиқчадир,
Энди кет!

Энди кет!
Энди кет, бошқага дилингни ёргин,
Алвидо, кўнглимда на гина, на кин.
Энди кимга борсанг, вақтида боргин
Энди...
Кет!

Nigora Umarova
10.08.2010, 17:45
Шеър ёзмаган кунларингиз ўзингизни қандай ҳис қиласиз?

Halima Xudoyberdiyeva
10.08.2010, 17:47
Шеър ёзмаган кунларингиз ўзингизни қандай ҳис қиласиз?

Ўзи ҳар-ҳар замонда ёзаман. Шеърий кайфиятга, ҳолатга кириб олгунимга қадар бўлган дастлабки кунларни ҳисобламаса, ёмон эмас.

Nigora Umarova
10.08.2010, 17:51
Бир шеърингизда,

Бахт келади бизларни излаб,
Боқамиз биз бепарво, лоқайд.
Кунлар ўтар, у мумкин бўзлаб
Ташлаб кетар бизларни бир пайт.
Сўнгра бахтни биз қидирамиз,
Ёлворамиз, “бахт, қайдасан, айт”.
У-чи бизга киноя номуз
Нигоҳ ташлар йироқдан, лоқайд,

деб ёзган эдингиз. Сизнингча, бахт нима?

Halima Xudoyberdiyeva
10.08.2010, 18:02
Сизнингча, бахт нима?

Бахт бу-энг аввало, тўрт мучам соғ бўлиб, дўсту душман орасида қаттиқ ерни қайириб босиб, бошимни адл кўтариб юришим. Қолган бахтлар ҳаммаси шундан кейин туради.
Бақувват илдизларимиздан бири Жалолиддин Румий ҳазратлари шундай дейдилар:

Учмоққа қанот йўқ,
Ва лек учгайман.

Анри Барбюсда қуйидаги жумла бор: "Одам боласи-у ўлгандан кейингина ерда яшайди".
Мана шу фикрлар айнан шоирлар хусусида айтилгандай.
Шоирлар кўнгилдагидай асар яратганда(бу рассомлар, бошқа ижод одамларида ҳам бўлиши мумкин) ерда юрмайди... Бундай суруру бахтиёрлик нашидасини таърифлашга қалам ожизлик қилади.

Юрагимда қанот ўсди
Учмасам тўкиламан.
Мен жойимдан қўзғоламан
Мен жойимдан жиламан...

Яқинда ёзган бир шеъримда шундай сатрлар бор. Худо ҳамманинг юрагига қудрат, қанот берсин. Ва бу қанотлар аввало, киндик қонимиз тўкилган Ватанимиз юклари, оналаримиз шаънини кўтарсин.

Nigora Umarova
10.08.2010, 18:04
Шоирлигингиздан пушаймон қилган пайтларингиз ҳам бўлганми?

Halima Xudoyberdiyeva
10.08.2010, 18:06
Шоирлигингиздан пушаймон қилган пайтларингиз ҳам бўлганми?

Йўқ. Шоирлик менга Оллоҳ муруввати-ку! пушаймон қилсам, Яратганнинг қаҳрига учрамайманми?

Nigora Umarova
10.08.2010, 18:09
Ҳаётингиздаги энг оғир дамларда кимларга ва нималарга суянасиз?

Halima Xudoyberdiyeva
10.08.2010, 18:15
Ҳаётингиздаги энг оғир дамларда кимларга ва нималарга суянасиз?

"Сабр-қаноат руҳни ҳақоратдан сақлайди",- деганди Леонардо да Винчи. Умрим бўйи шу фикрнинг ҳақлигига амин бўлдим. Ҳар қандай зимистоннинг ҳам қайси бир томонидан ёруғ бир дарча очилади. Шуни сабр билан кутиш керак. Одам боласининг бошига ҳар хил кунлар келиши мумкин. Аммо уларни муносиб ўтказа олиш керак.
Мен, аввало, Худога ишонаман. Оллоҳи Каримнинг "Энг ёмон кунларингизда ҳам паноҳингизман" деган ваъдаси бор. Кейин туғишганларимга, дўстларимга суянаман.

Masud Mahsudov
11.08.2010, 01:43
Agar sir bo'lmasa, she'rlaringizning birinchi tinglovchisi kim? Odatda, ijodingiz xususida kimlar bilan yaqindan o'rtoqlashasiz?

Kavsar
22.08.2010, 00:11
1. Hayotdan ko'proq ilhom olasizmi yoki adabiyotdanmi?
2. Qaysi oqimdagi she'rlarni yoqtirasiz?
3. Modern she'riyatiga munosabatingiz? Sizningcha modern she'riyati nima?
4. Halollikka tayanib yashayman dedingiz, ustoz. Sizningcha halollik haqiqat yoki adolat bo'la oladimi? Shu haqdagi fikrlaringizni baham ko'rsangiz..
5. Ijodingizga turtki bergan ustozlaringiz va hozirgi paytda siz e'tirof etib faxrlanadigan shogirdlaringiz haqida ham gapirsangiz..

Halima Xudoyberdiyeva
06.04.2011, 18:31
Болалик йилларимни эслаганимда олмазор ҳовлимиз айвони олдида узун қилиб тортилган патгиламнинг ўрмаги кўз олдимга келади. Ўрмакнинг кузувини онам боғлар, (одатда кузувни асосан кайвонилар, ишининг устаси бўлган чеварлар боғлайди) биз унинг турини (ўрмак иплари) югурардик.
Кейин онам “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” деб от устида ўтиргандек ўрмакнинг устига ўтириб тўқишни бошлар, онамнинг ҳар қилич қоқиб, бир йўл арқов ўтказганларида патгиламнинг гуллари очилиб, каттариб, тўлишиб боришини ҳавас билан кузатар, ўзим ҳам онам билан басма-бас патнинг турини чалишардим. (Ерда тортиган патгиламнинг ўрмаги икки тарафда ўтириб тўқилади) Биласизми, ўшанда ҳали мактабга бориб-бормаган вақтларим эди.
Онам билан ёнма-ён ўтириб ўрмак тўқирдик, ироқи дўппиларнинг ироқисини тикардик. Мана бу тўртликлар ўшандай пайтлар, онамнинг ўрмак тўқиб ёки дўппи тикиб ўтириб айтган ҳиргойиларидан эсимда қолган:
Ийдиргин мардга мени,
Куйдиргин мардга мени.
Аллоҳ, Аллоҳ зорим эшит,
Суйдиргин мардга мени.

Ёки:

Талҳ ҳижронни ютайман,
Куйиб нома битгайман.
Сени нафақат тирик,
Қабримда ҳам кутгайман.
Онамнинг овози ширали, ҳиргойилари чиройли эди. Бу сатрларнинг маъносини чуқур тушунмасам-да, у кишига қўшилиб ҳиргойи қилиб ўтирганларимни куни кечагидай эслайман.
Муҳитда гап кўп.
Отамнинг Абдураҳмон бова, Ражабов бова, Абдумўмин бова, Эшон бова каби етти-саккиз нафар қадрдонлари ҳар ўн, ўн беш кунда уйимизда китобхонлик қилишарди. Бу суҳбатларда Навоий, Фузулий, Бедил сингари улуғларимиз ғазалларидан ташқари ишқий, саргузашт достонлар ҳам ўқиларди. Гўрўғли, Кунтуғмиш, Авазхон, Алпомиш каби достонлар қаҳрамонлари отамнинг дўстлари сингари менга ҳам қадрдон бўлиб қолганди. Бу китобхонлик кечаларида достону, ғазалларни кўпроқ отам Умматқул Худойберди ўғли ўқирди. Чунки у кишининг овозлари баланд, қироатлари ёқимли эди. Бу овозни ҳали-ҳануз баъзан тушларимда эшитгандай бўламан.
Бундай кечаларда мен доим отамнинг ёнига суқилиб кириб олиб, хаёлан Барчинга айланардим. Бойчиборга дардимни айтардим. Хуллас, достонлар оламида яшардим.
Бу достонларда енгилмас куч, қудрат тимсоли Ҳазрат Али ўзи билан “Енгсанг сенга тегаман, енгилсанг ўлдираман” шарти билан курашга тушган Зефунунни енгар ва уни шу музофотга ҳоким қилиб қолдириб, ўзи янги музофотларни забт этиш йўлида от солиб кетарди.
Мен Ҳазрат Алининг ёллари бўрон янглиғ гувиллаб кетаётган қорабайир отининг ҳар елкаси бир музофотни кўтариб кетаётганига ишониб яшардим. Бу вақтларда отам боғбон, онам пиллачилик агрономи бўлиб ишларди.
...Озгина ортга қайтамиз.
Ўз онам Шарофат Хонназар қизи пахта даласидаги ўқариқдан дориланган сув ичиб қўйиб, ўттиз беш ёшларида оламдан ўтганларида мен икки ёшга етмаган гўдак эканман. Шунда амаким Умматқул Худойберди ўғли билан холам Қаршигул Хонназар қизи мени ўз тарбиясига олган эканлар. (Бизникилар ака-ука, опа-сингилларга уйланишган экан).
Мен ўз онамни эслай олмайман. Ҳатто бирорта суратлари ҳам қолмаган. Бу дунёда кун кўрмай, ёш кетган онажонимнинг ҳуру ғилмонларга қўшилгани рост бўлсин.
Аммо амаким (“амаки” деганим учун Худо мени кечирсин, чунки мен дунёда фарзанд учун у кишидан меҳрибонроқ ота бўлишига ишонгим келмайди) ва холам туфайли ҳеч бир камим йўқ эди. Холадан онанинг ҳиди келаркан. Бу икки жанатмакон инсонлар — амаким билан холам мени онам дунёдан ўтган кундан бошлаб ўзларини “ота, она” дейишга ўргатишган экан. Жойлари жаннатда, тупроқ тўшаклари пардан бўлсин уларнинг. Улар ҳали-ҳануз ер остида ётиб ҳам мени қўллаётганларига ишонаман.
Шундай қилиб, онам агроном бўлиб ишлаётган йилларга келгандик. Ҳақиқий меҳнат ҳамма замонларда ҳам ўз қадр-қимматини топади. Онаизоримни 3-4 марта Москвага, съездга делегат бўлиб бориб келганларини эслайман.
Онамни тўқ кўк рангли оти бўлиб, пешонасида катта оқ қашқаси бўларди. Шунинг учунми унинг номи “Ола қашқа” эди. Отнинг кўзлари шундай ақлли эдики... Кейин мен умрим давомида бундай отни бошқа учратмадим. У ҳақиқатан ҳам шундай бетакрор хушсурат отмиди, ё болаликнинг кўзлари катта бўлади, деганларидай бу менинг болалик тасаввуриммиди, билмайман... Шунинг учун ҳам биринчи шеъримни 7-синфда ўқиб юрганимда шу отимизга бағишлаб ёзганман ва бу шеър туман газетасида босилган.
Қишлоқда нима кўп — иш кўп. Кундузлари мактабга, пиллага, далага, пахтага... хуллас, тиним билмасдик. Кечаси ёзишга одатлангандим. Тарки одат – амри маҳол. То ҳануз асосан тунда ишлайман. Гарчи уйқусизлик соғликка зарар эканини билсам-да, бироқ тунда маза қилиб ишлайман. Ҳар қалай, тунда ҳеч ким сизга халақит бермайди. Мактабда ўқиб юрган вақтларимда ҳам ярим кечасигача ўтириб ёзаверардим. Бу ҳол онамнинг жаҳлини чиқарар, хонанинг чироғини ўчириб, мени ётишга буюриб чиқиб кетардилар. Шундай пайтларда онамнинг ухлаб қолишларини кутиб ётардим. Шу ётишда хаёлимда бир-икки шеърни тўқиб қўярдим-да, кейин секин туриб қоғозга туширардим. Чироқнинг яна ёнганини кўрган онам яна келар, энди ётиб ухламасам отамни уйғотишини айтиб қўрқитардилар. Бу ҳол 2-3 мартадан қайтариладиган кечалари ҳам бўларди.
Раҳматлик онаизорим ҳақида кейинги йилларда Лила опа деган татар қўшнимиз (улар онам билан эгачи сингилдай қадрдон эдилар) айтиб берганди. Ўша йилларда онам қўшниларга чиқиб куйинаркан: “Кечаси билан ўтирган бола эрталаб юзини ювиб мактабга чопқиллаб кетаверади. Э, Худойим-эй, нима қилсам экан, болам бечора увуз этида куйиб кетаяпти”.

Halima Xudoyberdiyeva
06.04.2011, 18:47
Йилдирим йиллар бир-бирини қувиб шу алфозда ўтаверди. Мактабни тамомлаб, бетакрор талабалик йилларим бошланди. Журналистика факультетининг биринчи курсида ўқиётганимда “Илк муҳаббат” номли китобим чоп этилди. Бу китоб шунчалар катта меҳр-муҳаббат билан кутиб олиндики, бунинг учун мухлисларимдан, айниқса, университет домлалари — устозларимдан миннатдорман. Уларнинг бир ютуғимга ўн ютуқ қўшиб мақтовлари баъзан имтиҳон пайтлари Расул Гамзатов, Сильва Капутикъян ёки Эдуард Межелайтисданми ё Белла Ахмадуллинадан бирорта шеър ўқитиб (ўзбекча таржимада албатта ёд ўқирдим) имтиҳон дафтарчамга “5” баҳо қўйиб беришлари мени қанотлантириб юборарди. Абдуғафур Расуловнинг санъаткорларга хос нутқ санъати ҳаммамизни ром этиб қўярди. Баъзан дарслардан қочиб кетган пайтларимиз ҳам у кишининг дарсига қайтиб борардик.
У вақтларда шеърият кечаларига одамлар оқиб келар ва биз ҳам бу анжуманларга байрамга бораётгандек шошилиб борардик. Адашмасам, бу йилларда “Минбар шеърияти” даври бошланиб келаётган эди. Москвада Евгений Евтушенко, Роберт Рождественский, Белла Ахмадуллина, Андрей Вознесенский каби руснинг виждонига айланиб улгурган шоирлари саҳнада 2-3 соатлаб шеър ўқир, уларнинг сўз айтиш жозибаси, воизликларига маҳлиёлик кундан-кун ортар ва бу ҳолатнинг таъсири бизнинг юртимизда ўтаётган учрашувларда ҳам сезила бошлаган эди. Биз Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Омон Матжон каби шоирлардан соатлаб шеър эшитишдан чарчамасдик. Ўз навбатида улар ҳам шеър ўқишдан чарчашмасдилар.
“Бу шоирлар, — деганди университетдаги бир учрашувда адабиёт ва шеъриятниг катта билимдони, азиз домламиз (жойлари жаннатда бўлсин) Бегали Қосимов, — дарёларга ўхшайди. Гурроси, шиддатли ғалаёнлари бошқа-бошқа дарёларга. Асов дарёларга”.
Бу ҳақда адабиётимизнинг толмас, оташнафас тарғиботчилардан бири Ҳамид Сулаймондан яна бир таъсирли гап эшитгандим. “Сизлар ҳозир жуда гуркираб етилиб келдиларинг. Худди буғдой бошоқларидай. Шундай етилиш жараёнларида ҳар хил воқеалар ҳам содир бўлишини биз кўрдик, сизлар кўрманглар. Илоҳим, сизларни Худо ўз паноҳида асрасин”.
Адабиёт музейида (у киши музей директори эдилар) Геркулес домламизнинг (улар ҳақиқатан ҳам жуда басавлат, келишган, достон қаҳрамонларини эслатадиган одам эдилар), улуғ домламизнинг 3-курс талабаси билан шу қадар жиддий, самимий суҳбат ўтказганлари бир умр ёдимда қолди.
Шамолдай ўтиб бораётган умримиз давонларида шоир акаларимизнинг ҳаёт йўлларини кузатиб, жаннатмакон устозларимизнинг бу эътирофлари қанчалар ҳақлигига амин бўлдим.
Халқимизнинг юқорида тилга олинган севимли шоирлари ўзбек шеъриятининг юқори поғоналарга кўтарилишида замондош ижодкорларга яловбардор бўлдилар деб иккиланмай айта оламан.
Менинг Тошкентга келиб қолишимга жанатмакон устоз, давлат арбоби Шароф Рашидов сабаб бўлганлар. У киши Сирдарёга борганларида “Сирдарё ҳақиқати” газетасида менинг шеърларимни ўқиб, ўша йиллардаги вилоят ҳокими Носир Маҳмудов ва газета бош муҳаррири Исмоил Сулаймоновга отам билан гаплашиб, мактабни тугатганимдан сўнг мени (унда 9-синфда ўқирдим) Тошкентга ўқишга юборишларини тайинлаб кетган эканлар. Кейинчалик бу ҳақда Исмоил Сулаймонов ўз китобларида батафсил ёздилар. Тошкентда азиз устозларим Миртемир ака, қадрли Зулфия опа, Комил Яшин каби миллатимизнинг фахр-ифтихорига айланган одамлардан кўп меҳр-мурувватлар кўрдим. Ишлаш, яшаш сабоқларини олдим. Аллоҳга шукрки, менга ана шундай устозлардан таҳсил олиш саодатини берди. Шунинг учун ҳам Тошкент ва Москвада таҳсил олган йилларим ҳаётимнинг энг ёрқин фасллари бўлиб қолди.

Halima Xudoyberdiyeva
06.04.2011, 18:48
Ижодкор ўз ижодига, ҳаёт йўлига ўзи баҳо бериши қийин. Бироқ инсонда кўнгил деган нарса бор. Кўнгил — ўз соҳибининг холис ҳаками! Одам кўнгли тўлмаган нарсасини бировга кўрсатгиси келмайди. Шу нуқтаи назардан айтишим мумкинки, мен ҳам шеърларимни кўнглим тўлгани учун нашр эттирганман. Аммо газета ёки журналлардаги айрим чиқишларда баъзан қандайдир камчиликлар бўлгандай. Китобларимда ҳам баъзан шундай камчиликлар бўлиб туради. Демоқчиманки, ҳар томонлама мукаммал деб ўйлаган китобимни ҳали чиқаролганим йўқ. Шу туйғу ҳам инсонни ишга ундаб турса керак.
Адабиёт назаримда кўнгилларни занг босишидан сақлаб, поклаб турадиган тоза дарё сувларига ўхшайди. Биз маънавий кўтарилишларсиз ҳеч қаёққа боролмаймиз. “Қобуснома”да “Ақл билан пул топиш мумкин, аммо пул билан ақл топиб бўлмайди” деган пурҳикмат бир гап бор. Жамият биносининг қад кўтаришида маънавият пойдевор вазифасини ўтайди.
Адабиёт — кўнгил учун ишлайди. Уни дағаллашиб, тошга айланиб кетишидан сақлайди. У одамларни меҳр-муҳаббатга ўргатади. Бир-биридан тескари томонга эмас, бир-бирига пешвоз юришга ундайди. Пешвоз юрганда ҳам биринчи қадамни иккиланмай ўзинг ташлашинг кераклигига ўргатади. Қандай севишнинг, қандай яшашнинг кераклигини ўргатиб оқаётган тоза дарё сувларидан ичмай яшаб бўладими?!
Шу пок сувлардан бир қултум — Сент Экзюперининг “Истеҳком” романидан бир жумла келтирмоқчиман: “Аёл зоти севишини билдириши учун аёлнинг сояси ва акс-садосига айланишга рози бўлган эркакдан нафратланади. Ўз акси билан сўзлашишнинг кимга ҳам қизиғи бор. Унга сенинг “истеҳком” сингари мустаҳкамлигинг зарур. Зеро, ҳар бир тошингдан сенлигинг билиниб турсин”.
Дарҳақиқат, адабиёт ривожи миллат маънавияти ва келажаги учун шунчалик муҳим экан, бу соҳага яна-да диққатли бўлишимиз керак. Улуғларимиздан мерос анъаналарни давом эттиришимиз ва шу билан бирга янги анъаналарга муаллиф бўлмоғимиз лозим бўлади. Курашчан қозоқ шоири Ўлжас Сулаймон ёзади: “Янги деб ҳамма янгиликларни қабул қилиб, эски деб ҳамма эскилардан воз кечиб бўлмайди. Цивилизация учун хизмат қиладиганларни олиб қолиш керак”.
Бу фикрни ҳамма масалада тадбиқ қилиш мумкин. Хаёлимга дастлабки китобларимдан бирида ёзган сатрларим келди:
Бундан агар эл учун,
Келар бўлса қилча наф.
Қилдай тилини топиб,
Тиллашавер мард билан.
Тараққиётимиз, эртанги кунимизнинг тинчлиги, ободлиги учун хизмат қиладиган ҳар қандай анъана, қадриятларни кўз устига қўйиб сақлаш ва унинг акси бўлган ҳодисотлардан зудлик билан воз кечиш йўлларини топиш керак.
Севимли адибимиз Асқад Мухтор шундай деган эканлар: “Классика — бу шундай чуқур ва пўртанали денгизки, унинг шиддатли тўлқинлари куч билан бир урилишдаёқ ҳар қандай “изм”ларни қирғоққа чиқариб ташлайди”.
Ҳақиқатан ҳам мумтоз адабиётимизнинг қудрати чексиз. Ҳаммамиз шу буюк дарахтнинг илдизларидан озиқланиб оёққа турганмиз. Аммо масаланинг яна бир томони борки, юки енгил, маза-матрасиз, фикран қашшоқ шеъру ғазалларни баъзан мумтоз адабиётимизда ҳам, модерн шеъриятида ҳам учратиш мумкин.
Модерн – сўзининг таржимаси “замонавийлик”дир. Замонавийликка, янгиликка ким интилмайди? Модерн қўрғонларида юрган шоирларимизнинг чақмоқдай чақнаган фикрлари кўнгилни ёритиб юборадиган пайтлар кўп бўлади. Бизнинг шеъриятимиз мавқеи баланд шеърият ва бу баландлик бизнинг “модерн”чиларимиз ижодида ҳам аста-секинлик билан кўзга ташланиб боряпти.
Дадил, нозик фикрловчи ёш шоирамиз Ойдиннисо мисраларига диққат қилинг:

Кўксингдаги бошимни
Куйдириб юборди.
Аввал ёниб битган
Бошларнинг чўғи.
Нега жимсан ахир
Бирор нима де?
Ростга ўхшаб кетсин
Деганинг.

Ёки

Мен тоғни севаман
У менга лолалар тутмайди.
Фақат
Мени жарликлардан
Жимгина қизғанади у.

Ҳажман сиқиқ, лекин ўқувчини ўйга толдирувчи бу каби шеърларни модерннинг яхши намуналаридан дегим келади.
Хуллас, адабиётимизни ривожлантириш учун биз жуда кўп ишларни амалга ошириш билан бирга ҳар биримиз ўз устимизда ишлашимиз, қаттиқ ишлашимиз керак бўлади. “Энг қора иш, энг тоза иш — бизнинг ишимиз”, дейди ёзувчининг меҳнати ҳақида Роберт Рождественский. Қора меҳнатдан қочмаслик, бизга оқликлар, юксакликлар беради. Биз мана шу марраларга фақат шу хусусиятимизни йўқотмаган тақдирдагина етиб борамиз.

Alisher Asror
08.04.2011, 02:57
Rahmat, Halima opa! Sizga salomatlik, oilangizga tinchlik tilayman.

Maroqli suhbatingiz bu tunimni go`zallashtirdi, hayolimni qaerlargadir olib qochdi, ko`ngilga o`zgacha bir osoyish olib keldi. Umringiz uzoq bo`lsin!

JUS
17.05.2011, 11:30
Halima Xudoyberdiyeva опамизни 64 ёшлари билан қутлаймиз! Умриларига умр қўшилишини, соғ-саломат юришларини, оилавий тинчлик, фарзандлари бахтини кўриб юриш насиб қилишини яратгандан сўраб қоламиз!

Halima Xudoyberdiyeva
17.05.2011, 11:59
Halima Xudoyberdiyeva опамизни 64 ёшлари билан қутлаймиз! Умриларига умр қўшилишини, соғ-саломат юришларини, оилавий тинчлик, фарзандлари бахтини кўриб юриш насиб қилишини яратгандан сўраб қоламиз!

Табрикларингиз учун раҳмат.
Илоҳим, барчангизнинг ишингизни Яратганнинг Ўзи ўнглаб қолишини тилаб қоламан.

Gulchehra Ibragimova
17.05.2011, 12:10
"Ўз кучи, ўз бардошини билмаган дарахтман мен
Қоқилгандай
Битта жойдан жилмаган дарахтман мен.
Сершох, сербарг новдалари чақ-чақлатиб қушларни
Умри бўйи ўзи бир бор кулмаган дарахтман мен".(Х.Х)

..Аллоҳ биз мухлисларига ҳақиқатдан ҳам "Ўз кучи, ўз бардошини билмаган", бетакрор, беназир ва ўчмас сатрлар соҳибаси, шеъриятда абадий, сўнмас, ҳамиша ўз овози ва ўз сози билан "яшнаб" турган улкан "дарахт"-ХАЛИМА ХУДОЙБЕРДИЕВАНИ инъом этди.
Муҳтарама Халима опажон! Таваллуд айёмингиз муборак бўлсин! Сизга узоқ умр, сиҳат-саломатлик, фарзандларингизни бахту камолини кўриб, қувониб юриш насиб этишини тилаб қоламиз.

Ижодингизда ҳар доимгидек шахду-шиддат, ўтли муҳаббат туйғулари сўнмасин!
"Сен барибир муқаддассан, муқаддас АЁЛ" деган оташин сатрларингиздаги каби ҳамиша муқаддас ва суюк аёл, севимли шоирамиз бўлиб қолинг. Ўз сатрларингизга монанд "Узангидан оёғинг узилмасин, азиз дўст",дея тилак билдириб қоламиз.

Ra`noxon Xo`jaeva
17.05.2011, 12:29
Муҳтарама Ҳалима опа Худойбердиева!
Гўзал айём билан табриклайман. Аллоҳдан узоқ умр, сиҳат-саломатлик, оилавий тинчлик ҳамда аёл бахту учун неки керак бўлса, яратганган эгамдан барини ҳадя қилишини сўраб қоламан!

Feruza Xodjayeva
17.05.2011, 12:55
Hurmatli va sevimli Halima opa Xudoyberdiyeva.
Tavallud ayyomingiz muborak bo'lsin! Ollohdan sizga sog'lik va uzoq umr tilayman.

millenium
17.05.2011, 14:23
Халима опа сизни таваллуд айёмингизи билан бутун Фарғоналик шеърият мухлислари ва ижод аҳли номидан табриклайман ,Яратгандан сизга соғлик-саломатлик,тани-сихатлик,ижодий баркамоллик,рухий осойишталик тилайман.

мафтун
18.05.2011, 07:07
Халима опа. мен хам хамма яхши тилакларга кушиламан. умрингиз узун, соглигингиз бутун булсин.
савол: купгина шоиралар ижодида пафоз, сунъийлик унсури учрайди. буни кандай тушуниш мумкин? худди шеър ясаётганга ухшайди. Сизга, ЗУлфия аяга ухшаган чинакам дард сохибалари урнини шеърбозлар эгаллаб олаётгандай... (хозир реклама замонида яшаяпмиз-да)
куплари Сизни панох килиб олгани, тугрироги озгина рагбатингизни унвон деб кабул килиб олишлари алам килади. балки танкидий фикрларни ушаларнинг кулогига айтарсиз. бунга шубха килмайман. менимча. бу кулогидан кириб, наригисидан........... саволим ножоиз булса, минг бор узр...

Nigora Umarova
18.05.2011, 10:27
Halima opaga Uforumchilarning tabriklarini, gullarni yetkazdim. Bag'oyat xursand bo'ldilar. Ajoyib mushoira o'tkazdik.

Alisher Asror
18.05.2011, 21:39
Оддийгина, секин, индамай
Бир боғ гулни этгандай тақдим,
Соғлик тилаб, умрлар тилаб,
Шеърларизга яна бир боқдим.


Айёмингиз муборак бўлсин , Ҳалима Опа!

Muhammad Ismoil
05.08.2011, 01:52
Нодираи давронга хос

Бадиа

Оламда етти мўъжиза бор дейишади. Саккизинчиси, шоирнинг туғилиши! Фитратида тафаккур уммонининг мужассамлиги, туйғулар ғалаёнининг муаззамлиги, ҳаёт бўстонининг муҳтарамлиги шоирни мўъжизага айлантиради!
Яратувчи зот шоирни нафақат дунёга келтиради, балки атрофидагиларни унга шайдо, унга мухлис қилиб қўяди, ва бу ошуфталар ҳар жабҳада шоирдан изоҳ истайди, имдод кутади, муродбахш калом талаб қилади. Ва шоир ҳамиша жавоб айтади, ҳамиша юрагини ўртаган ғалаёнларни оламга ёяди, жар солади. Мана шундай туғма истеъдод соҳибаси, қуйма заковат ва фасоҳат маликаси, шеъриятимизда номи бир лаҳза тилдан тушмайдиган атоқли ва ардоқли шоира – Ҳалима Худойбердиевадир.
Дунёда шундай истеъдодлар борки, улар ёрқин юлдуз остида, улуғвор буржлар бир нуқтада йиғилганда дунёга келади. Халқнинг юрагидаги сўзлар, эҳтиёжидаги тилаклар, тилларидаги талаблар булутлар тўдаси янглиғ тўпланганда, уларнинг бари шоир қаламидан ҳаётбахш ёмғир бўлиб тўкилади. Ҳақиқий шоир бундай маҳалда товушни кўради, рангни эшитади. Ҳақиқий шоирлар бундай пайтда яхши шеър ёзолмаса ўзини, сохта шоирлар эса булутни, ёинки замонни айблайди. Истеъдоднинг буюклиги шундаки, замон унга қаерда, қанчалик муҳтож эканлигини аниқ сезиб туради.
Илоҳийлик бор экан, шоирлик ҳам йўқолмайди.
Агар шеър одамлар кўнглидаги сўзлардан туғилса, у хоҳ қайғулик, хоҳ қувончли, хоҳ неча асрлар айтилмай келаётган, хоҳ бир лаҳза ичида туғилган бўлсин, самимий бўлса адабиёт девонида мангу муҳрланиб қолаверади.
Шоир қалбида ҳақиқатдан ҳам яширин, ўзи ҳам билмайдиган, ўзи ҳам бошқараолмайдиган заковат борки, шоир ўз ақлидан кўра, қалбидаги ўша заковатдан миннатдор бўлиши керак.
Шоир туғилишини – саккизинчи мўъжиза, дедик. Чунки, ҳеч бир она, у қанчалик башоратгўй, қанчалик кароматгўй бўлмасин, фарзанд кўраётганда, сизларга шоир туғиб бераяпман деёлмайди, айтган тақдирда ҳам гаплари орзудан бошқа нарса бўлмайди. Шоирни – халқнинг юраги туғади. Шу юрак унга тил беради, дард беради, изтироб беради, эзгулик йўлидан юришга абадул-абад ундаб туради. Шунинг учун бошқалар яшаш йўлини излаган пайтда, шоирлар яшаш мазмунини, ҳаёт мазмунини ахтаради.
Шу туфайли одамлар, шоирдан бегонасирамайди, ундан нафратланмайди, ёзганларини ёд олади, юрагининг ихтиёрини унинг шеърларига ишониб топширади. Инсонлар ўз юрагини ишониб топширган шоира ─ Ҳалима Худойбердиевадир.
Истеъдод – шоир пешонасини ярқиратган улуғ неъмат. У юракда исён бўлиб туғилади, бу исён шеърга айланса, шеър исёнга айланади.
Истеъдодсиз шоирнинг адабиётда юриши, халачўп минган сузувчининг уммонни кесиб ўтишига ўхшайди. Бундай сузувчи албатта ҳалокатга махкум. Агар шоирда ҳалокатдан қутқарувчи истеъдод бўлмаса, шеърлари ўзидан олдин ўтиб, жони кетиб кўмилмай, судралиб юрган кимсани эслатади. Афсуски адабиётда ундай кимсалар кўп. Баъзиларнинг бўйинларида унвонлари ҳам борки, қиёмат куни ҳазрат Навоий бобомиз олдида бу унвонлари учун юзлари ҳижолатдан қизарса ажаб эмас. Қолаверса, ўзгалар устидан ҳукм чиқаришга ҳақли бўлмаган ҳолда баъзибир ҳақиқатларни айтиб ўтиш жоизки, шоир учун виждон ─ юрагининг подшоси бўлиши керак. Юрак тўла тўкис подшога бўйсуниши керак. Шоир минг ақлли бўлмасин, тафаккури ер юзидаги энг ўткир қиличданда ўткир ва тезкор бўлмасин, агар бу ақл виждон йўриғида юрмаса ҳикматга, донишмандликка эришолмайди. Ҳалима Худойбердиева шеърларида – шу хукматни, шу файзни, сеҳргарона кучга йўғрилган жозибадор оҳангробони кўрамиз.
Инсон ўзига ота – она танлаш ҳуқуқидан маҳрум туғилгани каби, ўзига феъл атвор, ўзига қалб, қалбга эса олийсифат хислатлар, ҳаммага маъқул келувчи, севимли фазилатларни саралаш ҳуқуқидан маҳрум туғилади. Агар туғма шоир бўлмаса, бутун ҳаёти давомида, минг бор, минг бор, минг бор тиришса, уринса, изланса ҳам у ўзини қайтадан яратолмайди, ўзини буюк шоир сифатида шакллантираолмайди, миллион миллион сатр шеър ёзиб, туғма шоир ёзган бир сатр шеърга тенг шеър ёзолмайди. Мен Ҳалима опага эргашган, тақлид қилган, ундан ўрганган, ундан кўчирган, унга етиб оламан, унга тенгман, ундан баландман деган, юзлаб шоиру – шоираларни биламан, лекин улар ёзган шеърлар Ҳалима опа шеърияти осмонида кезиб юрган саробдан бошқа нарса эмас. Фақат ғўнғиллайди, фақат асабга тегади, холос. Уларда туғма қобилият йўқ, сўз бойлиги бор, холос. Улар изтиробларини куйлашмайди, сўзни ҳаммолдай ишлатишади, мажбурлашади, зўрлашади, холос. Уларнинг ўз – ўзларига ишонмасликлари, ўзгага тақлид қилишга, ҳатто ўзгаларни ёмон кўришларига сабаб бўлади, холос.
Инсониятнинг шоирлардан миннатдор бўлишининг маъноси шундан иборатки, шоирлар ҳаёт гўзаллигини тезроқ кўрадилар, тезроқ тушунтириб берадилар ва яхшироқ тасвирлайдилар. Бу ─ одамлар вақтини тежайди ва вақтини мазмунлироқ ўтказишга ёрдам беради. Вақт – ҳеч ким ҳаётингизга унинг бир лаҳзасини ҳам қўшиб қўёлмайдиган ноёб нарса!
Шоирлар сўз диёрининг ─ дарғаларидир! Улар сўз – заргари, сўзга жило берувчи ва қиёматга қадар абадий яшовчи иморатлар қуриб қолдираоладилар. Шоирлар туфайли сўз олами бойийди, гўзаллашади, обод бўлади. Инсонлар қалби ҳам бойийди, гўзаллашади, юксалади, обод бўлади. Мисол тариқасида айтсак “Бегим сизни табиат”, “Дориломон кунлар келди”, “Муқаддас аёл”, “Хат”, “Йўлдадирман”сингари шеърларсиз бугунги ўзбек сўз санъати, адабиёти анчайин ғариб, анчайин қашшоқ бўларди.
Шоира ёшлик йилларида юксак ҳарорат билан, балоғат йилларида юксак маҳорат билан ижод қилган эди, камолга етган айни бугунги кунларда юксак камолат билан ўзининг гўзал шеърларини тараннум этмоқда. Худди асалари сингари тинимсиз меҳнат қилиб, инсонлар қалбидаги жавҳарни – сўз жавҳарини йиғмоқда ва шеърият ихлосмандларига тақдим этмоқда. Қуръони каримда бошқа ҳеч бир касб эгалари мушарраф бўлмаган номланишда иккита сура борки, бири “Шоирлар” бири “Асаларилар” деб аталади. Асаларининг шифобахшлигини, жуда кўп хасталикларга даво эканлигини ва ҳеч қачон, ҳеч бир нарсага зиёни йўқлигини ҳамма билади ва яхши шеър ҳам, камолга етган етук шоир ҳам инсон маънавиятига фақат шифобахш таъсир кўрсатади, фақат даволайди. Бундай шарафга кўз илғамас рангларни кўрувчи, қулоқ англамас товушларни эшитувчи, юраклар сезмас туйғуларни ҳис қилаолиш хосиятига, фазилатига эга инсонлар – Оллоҳ туғма истеъдод эгаси қилиб яратган, одам ўзини ўзи бу даражада мукаммал қилаолмайдиган шоирларгина муваффақ бўладилар ва бундай муваффақиятга эришиш учун баъзида туғма истеъдоднинг ўзи камлик қилади. Туғма истеъдодни асраш – авайлаш, йиллар тўфонидан, ҳасадгўйлар қирғинбаротидан асраш – авайлаш, нес – нобуд қилиб юборишга шай бўлган зўравонлар, амалпарастлар хужумидан, зуғумидан эсон – омон сақлаб юриш, парваришлаш, камолга етказиш учун ҳам камида яна шундай туғма истеъдод, ҳимоя истеъдоди керак. Одамлар интилган кишиларни ҳурмат қиладилар, ғалаба қозонганларни севадилар, мақсадга етганларга эса тасанно айтадилар ва олқишлайдилар.

Muhammad Ismoil
05.08.2011, 01:53
Ҳалима опа шеъриятда нафақат ғалаба қозонди, балки мақсадга ҳам етди, унинг шеърлари ХХ аср ўзбек шеъриятига олтин ҳарфлар билан ёзилди ва бу битикларни энди ҳеч ким, ҳеч қачон ўчиролмайди. Бугун шеър ҳақида гапирганда Ҳалима опа кўз олдимга келаётгани, Ҳалима опа деганда бу сўз шеърият билан уйғунлашиб кетаётганининг боиси ─ бу умрнинг бирор лаҳзаси, бирор сонияси шеърият ғалаёнларисиз кечмаган. Бир инсон ўзининг бир умрлик ҳаётини шеърият бўстонига туҳфа қилди. Шу сабабдан, ўзбек шеърияти бор экан, то қиёматгача гуллаб яшнаб тураверар экан, Ҳалима Худойбердиева деган ном ҳам бу бўстон саҳнида энг гўзал гулдаста янглиғ ифор сочиб, тиллардан тилларга кўчиб, диллардан дилларга завқ бағишлаб, эзгуликнинг ҳаётбахш нашидасини ёйиб юраверади.
Ҳадисларда ўз меҳрингизни меҳр қўйган одамларингизга билдириб туринг деган ҳикматли сўз бор. Ҳаётимда бу – шеърият қуёшидан бир умр завқ олиб келдим, бир умр мафтун бўлдим, бир умр ҳайратланиб яшадим. Ўз кўнгил изҳорларимни билдирмаслик – камида омонатга ҳиёнат, камида номардларча бетакаллуфлик бўлур эди.
Оллоҳдан Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиевани ўз ҳифзу – ҳимоятида асрашни, икки дунё саодатига мушарраф этмоқни сўраган ҳолда, шеъриятимиз олдида, миллатимиз олдида қилган буюк ҳизматлари учун Ҳалима опага таъзим ва тасанно билдирамиз, бу шеърият ҳали барча халқлар адабиётида, маънавий ҳаётида кўркам тахтини эгаллашига ишонч билдириб қоламиз!
Бугунги қутлуғ кун муборак бўлсин!

Сиз, шеър учун туғилган эрка,
Адабий йўлингиз илҳомга тўлсин.
Баҳор зийнатини бердингиз шеърга,
Туғилган кунингиз муборак бўлсин!

Шоир туғилгай-у, ўлмагай асло.
Асрлар бўлолмас, йўлига тўсқин.
Сиз неча йилдирки кутилган садо,
Туғилган кунингиз муборак бўлсин!

Шеърият тахтида қироличасиз,
Ҳар сатрингиз замон кўксида тўлқин.
Ҳар қалбда ўт ёқмоқ имконидасиз,
Туғилган кунингиз муборак бўлсин!

Сиз юракни тилга киргизган инсон.
Тангрим, сизга ато этмиш шеър йўлин.
Сизга келар доим кўкдан армуғон,
Туғилган кунингиз муборак бўлсин!

Инсон шеърий тилда сўзлашсин фақат
Шеър билан тўлдиринг оламнинг кўксин!
Сиз –миллат юраги туққан муҳаббат,
Туғилган кунингиз муборак бўлсин!

Gulchehra Ibragimova
05.08.2011, 10:04
Ҳалима Худойбердиева 1947 йил 17 майда Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида туғилган.





Бугунги қутлуғ кун муборак бўлсин!

Сиз, шеър учун туғилган эрка,
Адабий йўлингиз илҳомга тўлсин.
Баҳор зийнатини бердингиз шеърга,
Туғилган кунингиз муборак бўлсин!

.......
Инсон шеърий тилда сўзлашсин фақат
Шеър билан тўлдиринг оламнинг кўксин!
Сиз –миллат юраги туққан муҳаббат,
Туғилган кунингиз муборак бўлсин!

http://uforum.uz/images/icons/icon14.gif
Севимли шоирамиз Халима опа каби сиймолар ҳақида қанча сўзлар битилса ҳам кам..Аллоҳ аслида уларни ҳам суюк ҳам буюк қилиб яратган.
Мана шундай туғма истеъдод соҳибаси, қуйма заковат ва фасоҳат маликаси, шеъриятимизда номи бир лаҳза тилдан тушмайдиган атоқли ва ардоқли шоира – Ҳалима Худойбердиева каби ҳамиша эл ардоғидаги буюк шахслар ҳаттоки бир йилда икки марта дунёга келсалар ҳам оз!http://uforum.uz/images/icons/icon7.gif
http://uforum.uz/images/icons/icon7.gif
Бу улуғ айём билан биз ҳам ЯНА бир бора муборакбод этамиз!http://uforum.uz/images/icons/icon7.gif

Halima Xudoyberdiyeva
21.02.2012, 17:40
Эрта туркнинг ерлари...

Кел, ўрмоннинг тулкисими, шери Сен,
Ким бўлсанг ҳам кел ёнимга, бери Сен.
Сен ёт эмас, худди мендек эртага
Турк боласин босиб юрар, Ери сен.

Ер устида чиқмадик урушлардан,
Ер устига сиғмадик лек ботармиз.
Ер остида бу хунолуд ишлардан
Афсус чекиб пичирлашиб ётармиз.

Эй, Сиз туркнинг тик ўмровли шерлари,
Сур-сурлашмай сурон солинг, эрлашинг!
Бугун-одам, эрта-туркнинг ерлари-
Ерга айланмасдан туриб бирлашинг.

Halima Xudoyberdiyeva
21.02.2012, 17:41
Бизлар бор

Кўкламлар олиб келса-да,
Олиб кетгувчи кузлар бор.
Кўкламлар ғолиб келса-да,
Ғолиб кетгувчи кузлар бор.

Эй, нима бўлганида ҳам
Қуш титрама,
Сўлмагил гул.
Биз ҳали ўлганимиз йўқ-
Дунёда ҳали бизлар бор.

Halima Xudoyberdiyeva
21.02.2012, 17:44
Ҳайф

Эсиз, зилол дарёлар
Биз қониб ичмасак ҳайф.
Эссиз мовий маъволар-
Қуш бўлиб учмасак ҳайф.

Ирмоқ пастлаб, қиялаб
Кетса баланд тоғ эссиз.
Кўрмай ўтса биялар,
Учқур арғумоқ, эссиз.

Аёл-олов, аёл-гул,
Сочлар арслоний ёллар.
Ишқда ёнмай бўлса кул
Ҳайф-е-ей, олов аёллар!

Дунёсига ўт кетсин
Дунёсига эртак ҳайф.
Унда кўнгли аёлсиз
Кетаётган эркак ҳайф!

Halima Xudoyberdiyeva
21.02.2012, 17:44
Ўзимни ўргатдим...

Тўлдими, албатта, тошаркан у жом
Мудом тўлмасликка ўзни ўргатдим.
Қорайса қорайиб келаверсин шом
Осон ўлмасликка ўзни ўргатдим.

Яшасам-да боғнинг гиёҳларидай
Куч, қудрат яширин қиёқларимда.
Топталсам-да тўфон туёқларида
Синиб сўлмасликка ўзни ўргатдим.

Билмам, қайда ўсдим. Қандай ўсдим, бас
Бу зер-забар пўстин- менинг пўстиммас,
Кўкдан тушолмаслар менинг дўстиммас,
Мен пастлик, хасликка ўзни ўргатдим.

Жумлага, жумладан менга ҳам ривож
Берсин қодир Худо,
Аммо юпун, оч
Бахтсизнинг олдида ярқиратиб тож
Бахтли бўлмасликка ўзни ўргатдим.
Тўлдими, албатта тошаркан у жом-
Мудом тўлмасликка ўзни ўргатдим.
Қорайса қорайиб келаверсин шом,
Осон ўлмасликка ўзни ўргатдим.

Halima Xudoyberdiyeva
21.02.2012, 17:45
Йўлдадирман
Йигирма йил ўтди интизорликда...
Андрей Вознесенский
Сиз кутасиз.
Менам бораман.
Учиб борадурман худди ўқ.
Фақат олдин хат юбораман
Ўша хатни ёзганимча йўқ.

Кўнгил ичра тўкиб борини
Бир йил, ўн йил ўтди, бу кўпми?
Айрилиқнинг алафзорини
Биргалашиб ўрамиз, хўпми?

Йигирма йил, ўттиз йил ўтди
Кўзингизга малол инмасми?
Ўттиз йиллаб ғовлаган ўтни,
Ўрар чоғи чалғи синмасми?!

Қирқ йил ўтди, мен тез бораман
Ранжимангиз, гувоҳ еру, кўк!
Фақат... олдин хат юбораман,
Хатни... ҳали ёзолганим йўқ.


Учиб бородурман худди ўқ
Бу ҳолатни қандай шарҳлайман.
Борган сари ўрмонзор қуюқ-
Мен куйиниб чалғи чархлайман.

Сиз кутасиз. Менам бораман.

Halima Xudoyberdiyeva
21.02.2012, 17:46
Олдимдан оққан сув

Онам Қаршигул Хонназар қизи хотирасига

Яшамоқ фароғат, яшамоқ азоб
Бекорга эгилмас сиздан бошқа кўк.
Кўнгилларин овлаб умрим бўпти соб,
Сизнинг кетишингиз хаёлда ҳам йўқ.

Олдимдан оққан сув, беқадр сувим
Умрида бир яйраб ёзилмаганим.
Бор туриши шафқат, бари сир сувим
То қуриб қолгунча сезилмаганим.

Бошқалар ёнимдан кетмасин дебман-
Вақт топиб уларга борибман тонг-кеч.
Бошқаларга озор етмасин дебман-
Сизга ҳам етишин ўйламабман ҳеч.

Бошқаларга чопдим шаҳар, кентда мен-
Бир қайтариб, ё бир кесатмадингиз.
Манам ғаниматман,
Манам кетаман-
Деб нечун бир бора эслатмадингиз?
Онам,
Онам-а?!..

Halima Xudoyberdiyeva
21.02.2012, 17:47
Қизғаниш

Сен бир тоғсан. Арслонлари, қулонлари меники,
Бировларга на қулоқ бир қилингни ҳам бермасман.
Тушунарсан, Сендан ўзга бойлиги йўқ фақирни,
Боғ эмас, бир қовжираган гулингни ҳам бермасман.

Чор тарафдан чирмашганман
худди ток навдасидай,
Бир лаҳзага на ўнгинг, на
сўлингни ҳам бермасман.
Соғинч ёшимдан сув сепиб
сочим билан супурдим,
Қоровуллаб, Сенинг келар йўлингни
ҳам бермасман.

Ялинаман...
Мен ўчгунча сен ўчмай тур,
ўчмагин!
Агар ўчсанг совуб қолган
кулингни ҳам бермасман.

Halima Xudoyberdiyeva
21.02.2012, 17:48
Саркарда

Ҳали борлар бор деб жон узар экан
Сиртга боқиб, боқмай ичга, қаърига.
Ҳали бойлар бойга жой тузар экан
Жулдир, қашшоқларни суриб нарига.

Буюк жангу – жадал давом этади!

Бўлаверса очнинг шармандалари
Тўқнинг бирор қинғир, бирор ғари йўқ.
Урчиб, ўсаверса нафс бандалари,
Йўқсил бўлаверса борган сари йўқ –

Буюк жангу – жадал давом этади!

Фил зил юкин чумолига ортса-ю,
Ночорга балолар йўлайверсалар.
Борлар ниҳоли-да йўғон тортса-ю,
Йўқсил чинорлар-да қулайверсалар.

Буюк жангу – жадал давом этади!

Борлар айш-ишратда қусаверса маст,
Хорлар титраб турса борнинг сасидан.
Мен аёл эмасман,
Шоир ҳам эмас.
Мен шу жангнинг қилич саркардасиман!
Буюк жангу – жадал давом этади!

Halima Xudoyberdiyeva
21.02.2012, 17:49
Хато кетдим...

Поклайман деб дунёни
Кирланиб битдим ўзим.
Абдулла Тўқай

Кулган мен эмасман. Менмас йиғлаган-
Сим-сим сирқираган сато, кетдим мен.
Мозий қаърларидан инжу йиғмаган-
Бугунга сиғмаган садо, кетдим мен.

Гоҳ тикан кўкларкан гулзорларида,
Кўнглим ерга кирди озорларидан-
Кир-чир қўллар тегиб бозорларида
Оҳори тўкилган мато, кетдим мен.

Пайдо. Шайдо эдим. Нопойт айладилар,
Баргу хазонимдан байт айладилар,
Жайрондай жонимни сайд айладилар
Жоним сайёдларга ато кетдим мен.

Дунёга нурли йўл солмоқчи эдим,
Банди бўлдим. Гарчанд-ки соқчи эдим,
Дунё доғини кетказмоқчи эдим,
Ўзимга доғ тегди. Хато кетдим мен.
Кулган мен эмасман. Менмас йиғлаган...


Нопойт айладилар – ўлдирдилар маъносида.

Halima Xudoyberdiyeva
21.02.2012, 17:54
Демакки, сен шоирсан

Нафақат...
Ўтсанг ёзиб
Куз янглиғ сўлиб, озиб,
Бозиллаган чўғ босиб,
Қўрдаям ҳайқиролсанг,
Демакки, сен шоирсан!

Олтинми
Ё олмосда,
Тиғда юролсанг, рост-да,
Итқитса, оёқ остда,
Тўрдаям ҳайқиролсанг,
Демакки, сен шоирсан!

Нафақат,
Кўтарса халқ,
Кўксингдан итарса халқ,
Пешонанг намакоб, талх,
Шўрдаям ҳайқиролсанг,
Демакки, сен шоирсан!

Нафақат
Зар, зўрларни,
Узсанг, тўсин, тўрларни
Чайқалтирсанг, гўрларни,
Гўрдаям ҳайқиролсанг,
Демакки, сен шоирсан!

Halima Xudoyberdiyeva
21.02.2012, 17:55
Аёлга бош уриш

Қадим ҳаёт йўлларида
Кўпдир зоти аёл, бас.
Тўмариснинг қўлларидан
Туғ олмаган аёлмас.

Руҳим юлдуз, кўкка боғлан,
Юлдуз фақат хаёлмас.
Улуғбекдай битта ўғлон
Туғолмаган аёлмас.

Кўпни кўрган бу ер юзи
Қумга сингган садо, сас.
Жалолиддин туғмай, ўзи
Мард кўринган аёлмас.

Навоийсиз-ку жаҳон йўқ,
Бор ҳайрат-ку ўшанга.
Онасидан бир нишон йўқ,
Тиз чўқинг йўқ нишонга.

Фидоликка кимдир қодир,
Кўкдами ё гўрдаги?
Барча ўлик ,тирик ботир
Бўлса унинг гўдаги.

Даҳоламай тик туринг Сиз,
Қолманг ранжу уволга.
Йўқ аёлга бош уринг Сиз
Даҳо туққан аёлга!

Halima Xudoyberdiyeva
21.02.2012, 17:58
Сиз келмадингиз

Сувлар қайтиб тушди тағин тоғлардан,
Дўллар қайтиб келди, Сиз келмадингиз.
Улоқиб-улоқиб ўзга ёқлардан,
Йўллар қайтиб келди Сиз келмадингиз.

Тўзғин кўйлакларин кўклаб, янгориб
Бир қиёғи яшил, бири зангори-
Яратгувчинингми олдига бориб
Гуллар қайтиб келди, Сиз келмадингиз.

Баъзан ботартиб-у, баъзан бетартиб,
Бирин чанглаб, бирин чангларин артиб.
Маним сочларимни оппоқ оқартиб,
Йиллар қайтиб келди, Сиз келмадингиз.

Чинқирдим.
Дунёни бузолмадим мен.
Денгиз қаттол эди, сузолмадим мен.
Оёғим занжирин узолмадим мен-
Сизам келмадингиз,
Сиз келмадингиз.

Halima Xudoyberdiyeva
21.02.2012, 17:58
Мен сизни алдашни кўрмайман раво,
Ишонинг, шу ўзи мен учун басдир.
Биламан мендаги бу дард-бедаво,
Истаганим билан бу ишқ сўлмасдир.

Мен сизни алдашни кўрмайман раво,
Эҳтиёж сезмайман ортиқ тиракка.
Мен учун қачондир куйланган наво
Эндиги наволар сиғмас юракка.

Сиздай содиқ дўстни алдамайман, йўқ
Тушунинг, бу йўллар тушмас бир изга.
Кўксимга қачондир текканда бир ўқ-
Ярадор қалб билан бормайман Сизга.

Nigora Umarova
05.05.2012, 13:28
https://img.uforum.uz/images/tuotkqg116744.jpg

Шоира Ҳалима Худойбердиеванинг янги китоблари "Ўзбекистон" нашриётидан нашрдан чиқибди. Китобни ўқиганлар, танишиб чиққанлар борми?

Nigora Umarova
07.05.2012, 16:26
Ҳалима Худойбердиева бундан қирқ йиллар муқаддам: “Шунчаки ёзмоқ бу – шоирга ўлим”, – дея оғзига сўз олиб қўйган эди. Шундан бери шоиранинг ўн беш номдаги шеърий тўпламлари, бахшиёналари, кейинги йиллардаги шеърлари, инжу доналари – тўртликлари чоп этилди. Ниҳоят, 2012 йилда унинг саккиз юздан ортиқ шеърларини, 300 дан мўл тўртликларини ўз ичига олган, 715 саҳифали “Буюк қушлар” (Тошкент, «Ўзбекистон» нашриёт-матбаа ижодий уйи) китоби босилди.
Шундай катта ҳажмли асарда наҳотки, “шунчаки...” ёзилган шеър, бахшиёна, рубоийлар бўлмаса? Шунчаки ёзиш – ҳарорат етишмаслиги, ой-куни тўлмасдан туғилган касалванд бола, мисоли. Шунчаки ёзиш – тирик бўлиб сонда йўқ битикларни кўпайтириш. Катта санъаткор ҳамиша ўрта-миёначиликка қарши бош кўтаради. Ҳалима шоира “Билмаслар” шеърида ёзган эди:
Чарсиллаган бир ўт ёнар ичимда,
Мен шеър айтсам, айтмадим тил учинда.
Бу талотўп, қув-қув, чоп-чоп ичинда,
Ҳалима ҳам ўтиб борар, билмаслар.
(601-саҳифа)
Катта ижодкорни йўлдан чалғитадиган, ўткинчи шуҳрат, мансаб, шарафга ғарқ қилиб юборадиган инс-жинслар мўл бўлади. Инсон ҳар қанча истеъдодли бўлмасин, хом сут эмган банда-да! Камдан-кам одамлар ҳою-ҳаваснинг маст қилувчи қучоғидан чиқиб кетадилар:
Ёшлик мени чалғитмоқ бўлди,
Мен қаламга ёпишдим қаттиқ.
Ўрта ёшим ойлардай тўлди,
Қалам билан йўлни солдим тик.
(577-саҳифа)
Ҳалима санъатнинг катта йўлидан оғиб, чалғиб кетмаслигига бир неча омиллар сабаб бўлди. Биринчидан, Аллоҳ таоло Боёвутнинг бийдай кенглигида, меҳнаткаш оилада дунёга келган қизалоққа катта истеъдод инъом этди: 6-синфда ўқиётганида илк шеърини ёзди, марказдаги таҳририятга жўнатди. Ўзбекистон Миллий университетида, Москвадаги Олий Адабиёт институтида таҳсил кўрди. “Илк муҳаббат” тўпламини талабалигида чоп эттирди.
Ҳалима қўш дипломли журналист, адабиётчи бўлди. Лекин у жаҳон адабиётининг етук намояндалари ижодини қунт билан ўрганишга киришди. Ўтган сўз санъаткорларининг вайс шогирди бўлишдан ҳузур-ҳаловат топди:
Билмам. Оллоҳ гул берганми, хас берган,
Не бўлса ҳам дилин сархуш, маст берган.
Нодирага каниз бўлиб сас берган,
Ҳалимаси, бийронидир Ўзбекнинг.
(523-саҳифа)
“Буюк қушлар” китобида ўзбекнинг сор лочинлари – Чўлпон, Абдулла Қодирий, Ойбек, Ғафур Ғулом, Миртемир, Зулфия, Шуҳрат, Усмон Носир, Саида Зуннунова, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов сингари санъаткорларга бағишланган шеърлар кўп. Буюклар ҳақида зинҳор шунчаки ёзиб бўлмайди. Улар ҳақида ёлқин, ҳарорат, чин ҳавас билан ёзиш жоиз. Улкан санъаткор услубини теран ҳис қилмасдан туриб, у ҳақда фикр айтиш мумкин эмас.
Яқин-яқинларгача шоир қалби, қиёфаси асарлари асосида тасвирланарди. Ҳозир шоирни англаш, услубини ҳис этишда беш ҳис – кўриш, эшитиш, шавқ-завқ олиш, туйғулар тийраклиги, ботиний англаш баб-баробар хизмат қиляпти. Ҳалима Худойбердиева саркарда, санъаткор, бек, амир, олим ҳақида ёзмасин, қаҳрамони услубини англайди, унинг руҳ-руҳига кириб боради. Шоира яратган лирик, тарихий, бадиий характерлар асосан руҳий ҳаракатда, тафаккур юритиш жараёнида тасвирланади. Унинг лирик қаҳрамони бир кунгина эмин-эркин, хоҳлаганидай яшашни орзу қилиб қолади. Шу куни у Яратгандан Навоий жафоси, Қурбонжон вафоси, Анбар она садоқатини, Моҳларойим кўрпасини, Яссавий каъбасини, Машраб нафасини қўмсайди. “Бир кун яшай...”даги ҳар бир деталь ҳақида батафсил ҳикоя қилиш мумкин. Ҳалима шеър ўқиётганда тамоман ўзгариб кетади. Ўзини ибодат қилаётган авлиёдай тутади, шеър мисралари оятдай тингловчи руҳини эркалайди. У бошқа санъаткорлар қалбидан ўтаётган туйғуларни теран ҳис қилади. Уларни заҳа қилмасдан китобхонга етказишга интилади. Унинг “Ижод сири, ишқ сири” шеъри биллурдай ял-ял ёниб туради. Шеърда теран ўқ илдиз, шоира ҳайрати, Ойбекка нисбатан улуғ бир ҳавас сезилиб туради:
У катта-катта кўзлар кўзми ё катта исён.
Дунёнинг гоҳи майда ишларидан ҳайратда.
У минглаб харсангларга урилиб синмаган жон.
У уриб турган юрак ўзи қолдирган хатда,
Айтилмаган сўзларнинг қолмоғига офарин,
Тилсиз сўзлаб... дунёни олмоғига офарин!
(514-саҳифа)

Nigora Umarova
07.05.2012, 16:27
Шоира Ойбек ҳақида ёзаркан, айтмоқчи бўлган муҳим бир фикрини бундай ифодалайди:
Мунис ҳалқимга ҳам бу бўлгай мангу сабоқ, ун,
Бошқа бийрон тилларин эҳтиёт қилмоқ учун
(515-саҳифа).
Ҳалима мураккаб ижод йўлини босиб ўтди, услубини маромига етказди, ҳаёт, яшаш, дунё ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлди:
Бу дунё – даргоҳ эмас, дардгоҳ экан, иним,
Барчасидан юрагим қон қақшаган куним
Барчасин Худога солдим, Оллоҳга айтдим.
(“Тавба”, 572-саҳифа).
Дунёнинг зилдай дардгоҳ эканлигини англаган шоира кўрган, кузатган, ҳис қилганларини ўзи сингари аҳли дилларга айтади. Ҳалима ким билан қандай тиллашишини яхши билади. Ўртанган дил армонларини ҳаёт синовларида обдон тобланган одам ҳис қилади. “Шоир номи” шеърида Ҳалима Худойбердиева Абдулла Ориповга ўз юрагини очади. Шоира билади-ки, Абдулла Орипов дур шеърларини ёзиб, эмин-эркин нафас олмади: ҳамиша курашда бўлди, катта-кичик зиддиятларни сабот билан енгиб борди. Шоира дил армонларини донишманд Абдулла Орипов тушуниб етади.
Бу дунё шу – биров номус, имоним деб йиғларкан,
Биров ёшлар тўкиб мансаб, унвоним деб йиғларкан.
Биров халқим, ў, ранглари сомоним деб йиғларкан,
Мен сарғайма гўдакларни “полвоним” деб йиғларкан,
Ғамларини яширолмай тўккан ёшлар, оғажон.
Шоира бетакрор, лўнда фикрини бундай ифодалайди:
Ки, чин шоир хоҳ тахтда, хоҳ ғорда яшар оғажон,
Боши дорга тикилгандир, дорда яшар, оғажон.
... Энди билдим, нечун сенинг кўзинг кулмас, оғажон,
Кўзларингда “Халқим”, деган сезим кулмас, оғажон.
(351-саҳифа)
Ҳалима Худойбердиева зинҳор етук санъаткорлар ижодини муттасил ўрганишдан, маҳорат мактабларидан ҳайратланмасдан яшай олмайди. Шоира бетакрор услубини белгилади, ўзига хос оҳанг, ҳолатда шеър ўқиши билан элга танилди. Ҳануз у тинимсиз изланади, янги мазмун, жозибали шакл изланишдан толиқмайди. Шоира ижодидаги “Бир шеър керак...” шеъри тиқмачоқдайлиги, ҳароратлилиги билан диққатни тортади:
Бир шеър керак, шундай шеър битта,
Ёзгач, тағин умр сўрамай.
Ўша шеърдан гурлаган ўтда,
Ўла олай ортга қарамай.
(284-саҳифа)
Шоира “шунчаки ёзиш”, “тил учинда” (601-саҳифа) ашъор битиш уятлигини ҳис қила-қила, залворли асарлари сонини орттира-орттира эстетик принципини тасдиқлай борди. Ижодкорнинг дахлсиз олами, гўзаллик яратиш йўлидаги интилишлари, бадиият қонуниятларини қайта кашф этиши, шеъриятда ўз майдонини эгаллаши – эстетик принципидир. Гўзаллик тамойилини яратиш – игна билан қудуқ қазиш, улкан чўққиларни забт этиш, олти тарафдан рўйи рост кўриниб турган “мен”ни маёқдай тиниқ кўрсатиб қўйиш. Бунинг учун шоир – ихтирочи мана бу мисраларни тўлиб-тошиб айта олиши жоиз:
Кундуз юриб ёздим, тун туриб ёздим,
Ёзганда кўксимга тиғ уриб ёздим.
Дардларимга сиёҳ кор қилмай қолгач,
Қаламни қонимга ботириб ёздим.
(“Даъват”, 412-саҳифа)
Гўзаллик тамойили фалсафий мушоҳадалар, нафис лирик оҳанг йўлакчаларидан ўтиб шаклланади. Донишмандлар айтмаган, фалсафа мулкининг қадриятига айланмаган жавоҳир фикр қолмаган ҳисоби. Аммо санъаткорона қалб, юксак истеъдод, фикрловчи онг бор экан, фалсафий тушунчалар ҳамиша тоза, барра бўлиб қолаверади. Янги нафас, беандоза шакл фикрни ҳамиша янгилайверади. “Бедилона” (285-саҳифа), “Таскин” (562-саҳифа) сингари шеърларда изланувчи тафаккур самараси бор. “Чарх”, “Дунёи дун”, “Оламнинг эгаси” ҳақида минглаб шеърлар битилган. Ҳалима дунёга ўз тушунчаси нуқтаи назаридан боқади, ҳайратга тушади:
Ақлим танибман-ки, тинмай
Чархга солдинг, эй дунё,
Айлантирдинг, билмам қандай
Омон қолдим, эй дунё.
(“Нима олдинг?”, 562-саҳифа)
Шоира ақлини таниди-ю, шеър оламига кирди: унинг хобида, ўйида, яшаш тарзида шеърият бор. Шеър ҳақида шоирдан ўтказиб бир сўз айтиш амри маҳол. Ҳалима шоира асосий китобини “Буюк қушлар” деб номлайди. Ғалати-я?! Шу номдаги шеър ўқилгач, буюк қушлар “бу дунёнинг соғларидан, бемор бўлиб”, “ҳасад тошидан безор бўлиб”, “ёр қўллари тутса заҳар, беёр бўлиб”, “қарашлари сокин, эзгин Пайғамбардай, пирлардай” (652-653-саҳифалар) ўлишлари айтилган. Шоира буюк қушлар яратган боқий қадриятларни муқаддас деб билади. “Буюк қушлар” шеърини ўқияпман-у, кўз ўнгимда Навоий, Бобур, Зебуннисо, Машраб сингари улуғлар гавдалана бошлади. Булар, шоира ёзганидай, буюк қушлар. Уларнинг бебаҳо асарларида айни вақтда инсоний дард, алам, изтироблар бор. Қирчиллама ёшдаги Бобур: “Гарчанд бошим устида ой нурлари ёғмоқда, Ҳолим шу қадар забун, ҳолим шу қадар танг-ки...” (489-саҳифа) деса, Зебуннисо “илонлардан сут сўрайди” (572-саҳифа). Буюк қушлар шундай сайрайдиларки, китобхон уларга шайдо бўлиб қолади. Ҳалима Худойбердиева буюк қушлар қаторида парвоз қилаётган ўзига хос қуш. Унинг асарларида фикр ва бетакрор оҳанг, ўзига хос куй омухталашиб кетган. Аниқроқ айтганда, шоира ижодида ранг-баранг характерлар кўзга аниқ ташланиб турса-да, қалбнинг нозик, дилрабо куйи китобхонга етиб боради, унинг руҳу борлиғини чулғаб олади. Шоира ижодида лиризм, ботиний куй танқисроқ деганлар хато қилади. Ҳалима қалбга етиб борадиган куйни чалиш, лиризмни маромига етказиб тасвирлаш машқини эгаллаган. Баъзилар, ҳатто таҳририятлардаги муҳаррир – ходимлар шоира шеърларини мукаммал англаб етишда оқсайдилар.
Санчийди кўксимнинг мана бу ери,
Кўрганда “тоғчалар”, тўсин тоғларни...
Босишиб ўз кичик молаларини,
Пилдираб, шеъримда бошлашар шудгор...
Сўнг шеърим оламан қўлидан юлиб,
Сўнг... бу шудгорланган шеърдан кечаман.
(“Шудгорланган шеър”, 339-саҳифа)

Nigora Umarova
07.05.2012, 16:29
Улуғ санъаткорлар шеър шакли, таркиби, маъно-мазмунига ҳамиша янгилик киритиш йўриғини излайдилар. Ҳалиманинг фалсафий шеърларида фикр теран, шакл-шамойил ўзига хос. Шоиранинг халқона оҳангларда ёзилган шеърларида ички мусиқа, китобхон қалбини ром этадиган нола, руҳ, кайфият бор. “Мажнунтол” (559-саҳифа), “Қарамлик” (463-саҳифа), “Дарёга” (328-329-саҳифалар), “Эй курашаётган йигит” (113-114-саҳифалар) шеърларида фольклоризм, нозик дидли ровий қиёфаси кўзга ташлана қолади:
Худойим -эй, Худойим
Кўп бўлди-ку, хатойим.
Кўкингдан жой бермасанг,
Ерларингда ётойин.
Худойим – эй, Худойим
Бўлди қиёмат қойим.
Чиққан эдим ой каби,
Энди қайга ботойин.
(“Сарсон ой”, 578-саҳифа)
Ҳалима Худойбердиева тўпламида салкам юзта бахшиёна оҳангдаги асарлар бор. “Бахшиёна” тушунчаси бор эди-ю, атамаси учрамасди. Ҳамид Олимжон, Тўра Сулаймон, Ҳалима Худойбердиева, Усмон Азим, Тоғай Мурод, Азим Суюн сингарилар бахшиёна асарларга расмий иқома бердилар. Бахшиёна дейилдими, дўмбиранинг сеҳрли оҳанги тингловчини ром эта бошлайди. Бахшиёнада она сути, азон товуши билан руҳга сингган алланима бор. Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарёда вояга етган санъаткорлар қалбини сал-пал тирнасангиз, достону айтишувлар булоқдай отилиб чиқа бошлайди. Достон ва бахшиёна асарларда сеҳрли оҳанг, маром, жангу жадал тасвири, қаҳрамонлар аро муносабатлар, ҳатто махлуқоту мавжудот аро алоқа акс этади. Бахшиёналарда наср ва назмни ажратиб турадиган “чегара” бот-бот бузилиб туради. Бахшиёнада драматизмнинг мавжудлиги муҳимдир. Эътибор берилса, бахшиёна поэтикаси, архитектоникасида модернизм, постмодернизм унсурлари кўзга ярқ этиб ташланади. Бахшиёна нисбатан ёш жанр бўлгани боис унинг руҳига янгича тасвир, ғайришуурий ҳолатлар эркин кириб бормоқда. Мана Ҳалима шоира бахшиёнаси – “Кунтуғмиш” достонидан бир банд:
Асли эркак, аёл бирдай йўл излар,
Дониш ақл, уддабурон қўл излар,
Айтинг, айтинг, кулли ўтган азизлар,
Нечук аёл кўнгли доим зор келди.
(256-саҳифа)
Замонавий шоирлар достон билан баллада, айтишув билан сонет аро қардошликни кўрмоқдалар. Бахшиёналарда оқ шеър, мансуравий унсурлар, драматизм диққатни жалб этади.
Ҳ.Худойбердиева ижодида бахшиёна асарларнинг учраши, улардаги тадриж мантиқий асосга эга. Шоира қонида Самарқанд, Жиззах достончилик анъаналари руҳи бор. Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош ўғли, Пўлкан Жомурод ўғли сингариларнинг мўъжизавий образи, сеҳрли куйи Ҳамид Олимжондан тортиб ўтган асрнинг 60-йилларигача туғилган шоирлар асарлари структурасида акс этган. Ҳалиманинг “Сирдарё билан суҳбат” шеъридаги бандга эътибор беринг:
Соҳилингда алпзодалар, алплар яшар,
Сукут эмас, жаранглаган зарблар яшар,
Ўртангувчи, ўртагучи қалблар яшар,
Бундайларга ҳақ бир байроқ, бир туғ бўлар,
Ҳақ деганнинг мартабаси улуғ бўлар.
(287-саҳифа)
Ҳ.Худойбердиева шеъриятида табиат тасвири кўзга дарҳол ташланмайди. Дашту далаларда ўсадиган явшан, юлғун, янтоқ, шувоқ, бурган, эрмонлар, қадимий қудуқ, адирлар тасвири кўринмайди. Ваҳоланки, “Буюк қушлар”даги шеърларда “чуввос солиб кўз ёш тўккан қушчалар”, “қўпган бўрон”, “юзини ёпиб йиғлаётган ой”, “тош отаётган ғазабнок маймун”, “милт-милт ёш тўкаётган қари қоплон” (“Қичқириқ”, 428-саҳифа), “кўкига турналар “қур-қур”лаб ботган”, “тарқоқ арслонларин бошлари кетган” (“Турон”, 436-саҳифа)лиги назокат пардасига ўраб берилган. Шоира мақсад – ният ғоясига кўра “шамолларнинг ўткинчи, ғар, ғайри, тили-ю дили айри” (“Бу шамоллар баланд дорга осилмас”, 432-саҳифа) эканлигини ғазаб-ла ифодалайди. Хуллас, “Буюк қушлар”да табиат-жамодот, махлуқот, наботот яхлит тасвирланган.
Ҳар бир санъат асарининг биографияси – замони, макони, яратувчиси ҳақида, албатта, маълумот берилади. Шундай асарлар борки, уларда мозий, ҳозирги кун, келажак вақтнинг чайир ипига боғланган бўлади. Ҳалима шоира гоҳ фольклор-бахшилар ижодидан, гоҳ Шарқ ва Ғарбнинг классик адабиётидан, гоҳ ҳозирги илғор жаҳон адабиётидан таъсирланиб шеърлар ёзади. Ўзгача айтганда, оққан, оқаётган дарёлардан ўз анҳорига оби ҳаёт, куч-қувват олади. Гарсиа Лорка, Рене Шар, Муҳаммад Иқбол, Андрей Вознесенский, Меҳмед Эмин Юрдақул, Имант Зиедонис сингари ўнлаб шоирлар ижодидан таъсирланиб шеърлар ёзади.
Ҳалима олдингдан оққан сувнинг қадри баландлигини чуқур ҳис қилади. Шоира Абдулла Қодирий, унинг романларини юксак баҳолайди. “Бегим, сизни Худойим...” (36-саҳифа), “Ҳар гап ўтса... мендан ўтди”, “Ҳуррият тожи” (513-саҳифа) шеърлари “Буюк қушлар” китобининг безаги бўлиб қолди. “Учинчи қиз” (207-саҳифа), “Уфқ”ни ўқиб...” (144-саҳифа), “Ўнг қўлга қасида” (511-саҳифа) сингариларни асарлар ҳақидаги ғаройиб асарлар дейиш жоиз. Чингиз Айтматов луғатида биринчилардан бўлиб қўлланган “манқурт” сўзи Ҳалима шеърларида учраб туради. Хуллас, шоира шеърлари ким, қайси замон тўғрисидалигидан қатъи назар поэтик яхлитлик яратганлиги, ҳар бир шеърнинг ўзлиги борлиги, бетакрор қиёфа, услуби билан диққатга сазовор. Маҳобатли тўпламдаги ҳар бир асар бир-бири билан бирлашиб, чатишиб кетган. “Буюк қушлар” китобини маҳобатли панорамадай кўриш, ундаги ҳар бир детал, бўёқ ташийдиган мазмун мағзини чақиш мумкин. Масалан, китобнинг бир неча шеърида Нажмиддин Кубро қиёфаси кўзга ташланади. Шоира улуғ мутафаккир Кубро билан Ватан рамзи байроқ – яловни ялакат ҳолатда тасвирлайди. Широқ, Насимий, Яссавий, Анбар Отин сингарилар бир-икки ўринда бетакрор қиёфада кўринадилар. “Буюк қушлар”, менимча, шеърий характерлар асари. Унда уч тоифа кишилари характери диққатни тортади. Биринчи тоифани туркийлар, ўзбекларнинг шаклланишига ҳисса қўшган Амир, Султон, Бек, Додҳо, халқ эрки йўлида курашишни қон-қонига сингдириб юборган сиймолар белгилайди. Туркистон тарихида Султон Жалолиддин ўчмас из қолдирган. Ҳалима “Султон, қаҳрингни бер!” шеърида муҳим фикрни илгари суради. Халқ мисоли оқар сув, ҳаракатдаги денгиз. Унинг табиатида қаҳр ҳам, меҳр, ғам, қувонч, ўктамлик, ҳатто чапанилик ҳам бўлмоғи керак. Жалолиддин, Темурдан кейин Туркистонга кўз олайтирган душманлар халқ руҳини сўндиришга, унда қўрқоқлик, иккиюзламачиликни авж олдиришга ружу қилдилар. Асов Амудай жўш урган, кўксида арслон ёли бўлган, Чингизхон аскарлари қалбига титроқ солган паҳлавон, жўмард Султондан Ҳалима шоира “би-и-ир султонлашиб олишга”, “би-и-ир яшаб қолишга” изн, имкон сўрайди: қаҳрини бериб туришга ундайди (495-саҳифа).

Nigora Umarova
07.05.2012, 16:30
Тўпламдаги “Сув узатар томирим” (450-саҳифа), “Йиғламадим” (438-саҳифа), “Бугун тунда...” (434-саҳифа), “Кунинг кулсин” (471-саҳифа) сингари шеърлар Амир Темурга бағишланган, унинг бетакрор характерини ёритишга йўналтирилган:
Кетдингиз-у, етим ерга қўпти балолар,
Қавмингизни ҳар ўткинчи, иркит ит қопти.
Сиздан сўнг ҳам келди олтин бошли болалар,
Лек уларни қилич еди, жодилар чопди.
Минглаб кесик бошлар кетди юмалаб, тўзғин,
Сўнг юз йиллаб қон ҳидидан изғиди қузғун!
(“Кунинг кулсин”)
Шоир, ёзувчилар Темур ҳақида тўлиб-тошиб, яйраб-яйраб ёзяптилар. Хўш, Амир Темурни халққа, юртга, туркийларга ким қайтарди? Мегаполис Тошкентимизнинг қоқ марказига суворий Амир Темур ҳайкалини ўрнатишга ким кенг йўл очди? Нафақат Амир Темур, балки озодлик йўлида ҳаракат қилганларнинг номи халқ қалбининг оппоқ дафтарига битилди.
Ким ўйлабди, улуғ Темур шунча йилдан сўнг
Гўрдан чиқиб, болаларин жамламоғини?!
Жаҳонгирга элга қайтмоқ-бахт қутлуғ бўлсин,
Авлодларга қайтган тожу тахт қутлуғ бўлсин!
(472-саҳифа)
“Буюк қушлар” китоби ўзига хос бадиий тазкира тусига кирибди. Унда ўнлаб қалам соҳиблари ҳақида маълумотлар бор. Яссавийдан то Муҳаммад Юсуф, Аъзам Ўктамгача шоирлар ҳақида бадиий фикрлар айтилган..
Тўпламдаги учинчи тоифага муқаддас аёл, унинг она, опа, сингиллари ҳақидаги шеърлар киритилган. Хуллас, “Буюк қушлар” – ранг-баранг, бетакрор характерлар китоби. Уни тунда юлдузлар чарақлаб турган осмонга менгзаш мумкин. Ҳар бир юлдуз ўзига хос олам, айни вақтда тунги осмон фарзанди. Ҳалима характерларни деталлар воситасида очади. Детал, менимча, ўрни-ўрнида ишлатилган олмос, ақиқ, фируза, забаржад... Тўпламда қайта-қайта ишланган тимсол – Нодираи Даврон. Нодира – Моҳларойим деган исм кўп бор тилга олинади-ю, унинг характери, афсуски, турли ракурслардан ёритилмайди. Шундай фикрни Машраб, Усмон Носир ҳақида ҳам айтиш мумкин. “Моҳларойим туғилажак” шеърида улуғ шоира шахсига ҳурмат, Насруллога нисбатан қаҳр, аламзадалик кўзга аниқ ташланади:
Халқим, гарчанд ўткир тиғсан,
Ёлғизланма, қўш-қўш ўтгин
Насруллодай ўғил туғсанг,
Жоним, онам, бепушт ўтгин.
Айтгин, халқим – орим, шаъним
Биз бу йўлдан бормаймиз де.
Қайта топсак... Нодирани
Насруллога бермаймиз де.
(442-саҳифа).
Бу шеърда ўта нозик лирика, қалб изтироби бор. Шу ҳолат ташқи кўринишдаги, баъзи баланд, пастликларни текислаб юборади..
Ҳалима носирдай характер яратиш маҳоратини эгаллаган. Хассос шоира сифатида китобхон қалбига нондай азиз куй, мусиқани жойлай олади. Шоира шеърларида характер манзаралари кўзга яққол ташланиб турса, лиризм қалб малҳами сифатида пинҳона таъсир қилади.
Ҳ.Худойбердиева асарларидаги характер (портрет) масаласи рассом фаолияти мисолида аниқ сезилади. Рассомлар бор, манзара чизади, натюрморт яратади, ҳайкал ишлайди. Ўрол Тансиқбоев, Раҳим Аҳмедов, Неъмат Қўзибоев, Бахтиёр Бобоев сингарилар табиат тасвирчилари, манзарани жонлантириш усталари. Баҳодир Жалолов, Алишер Мирзаев, Жавлон Умарбеков, Акмал Нур сингарилар янги, постмодернизм йўналишидаги ранг тасвир намояндалари. Рассомлар орасида панорама яратувчи, портретнавислар алоҳида эъзоз, эътиборда бўлганлар. Шундай рассомлар сирасига Чингиз Аҳмаров, Абдулҳақ Абдуллаев, Рўзи Чориевлар киради. Портретнавис ҳам лирик ҳолатлар яратувчи нуктадон, ҳам қиёфани жонлантирадиган соҳир уста бўлмоғи жоиз. Дейлик, А.Абдуллаев ижодида автопортретлар кўп. Фақат рассом-у нозик дид мутахассислар автопортретлардаги ўзига хосликларни кўра биладилар. Ҳалима Худойбердиева ўзбек шеъриятига лирик, бетакрор характерни олиб кирган шоиралардан бири. Шоира ижодида йиғлаётган Бобур, руҳий изтиробдаги Зебуннисо, Нодираи Даврон, Абдулла Қодирий, Ойбек диққатга молик. Насрулло Нодирани ёвузона қатл қиларкан, фақат Мадалихон онасинигина кўрди. Ваҳоланки, Нодира ҳамиша жўшқин, ёлқинли шеърлари билан барҳаётлик гувоҳнамасини олиб бўлганди. Нодира шеърлари яшаркан, инсонлар Насруллони қотил, қалбсиз кас сифатида қарғаб ўтадилар.

Nigora Umarova
07.05.2012, 16:30
Ҳалима шеърларини ўқиган одамда инсоний ғурур, эмин-эркин яшаш эҳтиёжи кучая боради. Кексайиб қолган Нажмиддин Кубро ёвуз душманга қарши майдонга тушади. Эрк, ватанпарварлик рамзи бўлган байроқни қўлидан қўймайди. Кекса мутафаккир қилмишига қойил қолган шоира бугунги кишиларга, ёш ватанпарварларга мурожаат қилаётгандай бўлади:
Мабодо ёв келса
Кубролар янглиғ
Байроқни бермасдан...
Жон берадиган
Борми?!
(“Байроқни бермасдан...”, 627-саҳифада)
Шоира ўтмишдан, шер юрак боболардан гап бошлайди-да, аста-секин нигоҳини бугунги кунга буради:
Юртни берсанг осмонин
Кўтаргич қанотга бер.
Ўлса, ерин аёлдай
Қучиб ётар зотга бер.
(“Берар бўлсанг...”, 646-саҳифа)
Шоира замондошига таваккал савол беришда давом этади. Ҳалиманинг ушбу йўриғини ҳаёт-мамот тести (саволи) дегим келди:
Барчамиз келган-у бир кун кетар қуш,
Ўлим отган ўқлар бир-бир етар қуш.
Ўшанда...
“Ватан”, – деб ҳушли ё беҳуш,
Жон чиқиб кетгунча ёзоласанми?
(“Жон чиқиб кетгунча...”, 645-саҳифа)
Ҳ.Худойбердиева узоқ тарихимизни ўрганди: қаҳрамон ота, оналаримизга таъзим қилди; эрк учун жон фидо қилганларга Оллоҳнинг раҳматини сўради ва асосий гапни кўндаланг қўйди:
Боз эгилса,
Бош учар тошдай.
Боз эгилса, биз ўзи киммиз?
Айрилмаслик учун ҳам бошдан
Энди юксалмоққа маҳкуммиз!
(“Юксалишга маҳкумлик”, 496-саҳифа)
Ҳалима – парвоздаги буюк қушлар вакиласи. Унинг илтижоси ижобат бўлсин. Юксалмоққа маҳкумлигингиз рост бўлсин.
Ҳалима 1987 йилда чоп этилган китобини “Муқаддас аёл” деб номлаган эди. Унинг “Буюк қушлар” китобидаги етакчи ғоялардан бири – аёлни улуғлаш, унинг инсоният тарихидаги хизматларини кўрсатиш. Аёл замонни замонларга, юртларни юртларга, оталарни болаларга меҳр билан пайвандлайди. Она – эзгулик, эрк, адолат рамзи. Халқ мотамда қолса, она йиғиси ҳаммани селдай эритади. Юрт бахтга бурканса, она боласини бағрига босганича қаҳқаҳа қилади. Муқаддас аёл жуда кўп юртларда озодлик, эрк, фаровонлик, тенглик рамзига айланган. Ҳалима шоира белига белбоғ бойлаган, жангу жадалларда қилич чопган оналарни, эътиқодли, истеъдодли, вафодор аёлларни маромига етказиб таърифлайди:
Ҳарир, хушбўй баданингда тошлар изи бор,
Кўкрагингда эгилган не бошлар изи бор,
Қуёш изи, куйдирган қуёшлар изи бор,
Сен барибир муқаддассан,
Муқаддас аёл!
(“Муқаддас аёл”, 225-саҳифа)
Шоиранинг ўзи муқаддас аёл зотидан. Уни шеърият майдонига юзларча вайс ва бевосита устозлар бошлаб кирди. Шоира деярли барча устозларига, ҳатто ижодкор сингилларига шеър бағишлаган.
Муқаддас аёл ҳақида ўйларкан, шоира икки онаси – Шарофат ва Қаршигул Хонназар қизларини алоҳида бир меҳр, тоза муҳаббат билан эслайди. Ҳар икки она-қадрдон қишлоқ, ёр-биродарлар рамзи. Ҳалима отаси Умматқул Худойберди ўғли, оналарини ёдга олса, қадрдон қишлоғи қучоғида юргандай, беғубор, беташвиш болаликка қайтгандай бўлади. Унинг димоғига оқ олмалар ҳиди, янги ўрилган йўнғичка иси, буғдой ўраётган ўроқнинг бетакрор овози қулоғига киради. Қишлоқ, ёшлик онлари – шоира қалбидаги очилмаган қўриқ.
Ҳалима яқиндагина шўх-шодон талаба эди. Орадан қирқ йил ўтибди. Шоира теп-текис йўлдан бориб шеърият шоҳсупасига кўтарилмади. Унинг шеърий йўсини – шаклланаётган услубига тиш-тирноғи билан қарши чиққанлар бўлди:
Ниманг ортиқ сенинг, ортиқ қаеринг?
Ўрмоққа чоғланиб ўткир чалғидай.
Буйруқ қиладилар, йўлдан қайиринг –
Барча юрган йўлдан юрсин, чалғимай...
Аранг оёқдаман, титрар бош, қўлим
Ва лекин кўзларим қамашар нурдан.
Мен очган йўлдир бу. Ўзимнинг йўлим,
Қолса ўз йўлимда қолади мурдам.
Барча юрган йўллар барчага тегиш.
(“Ўзимнинг йўлим”, 660-саҳифа)
Ҳалима мураккаб ҳаёт, ижод йўлини босиб ўтди. Бу йўлларнинг баланд-пастликлари ҳақида ҳали кўп ёзилади... Биз “Буюк қушлар” ҳақидаги қарашларимизни баён этдик, холос. Шоира ҳануз: “Вузгородок томонларда ҳамон ҳаво ёқимлими? У ерларда болаларнинг кўзи ҳамон ёлқинлими? – дея сўрайверади. Вузгородок – ёшлар шаҳарчаси. Ёлқин, жўшқинлик, изланиш – ёшликнинг доимий ҳамроҳи.
“Буюк қушлар” – катта, маҳобатли китоб. Унинг фазилат-у янгиликларини дабдурустдан айтиб бериш мушкул. Лекин асар ҳақидаги муҳим гаплардан бирини айтай. Ҳалима – сертуйғу, фикрловчи шоира. Унинг баъзи шеърларида туйғу ва фикр бақамти келиб қолади. Ҳис-ҳаяжон гоҳида мисраларни майиштириб, эзиб, сиқиб қўяди. Бир мисрага ниқтаб икки фикр сингдирилган ўринлар учрайди. Туйғу селдай босиб келганда баъзи сўзлар ноўрин, гоҳо бузиб қўлланиб юборилади. “Барг тушмади ерларга...” шеърида “шона” сўзи бор. “Пешона” унга қофиядош. Тажрибали китобхон “шона” қовурғалигини англайди. Ёш китобхон-чи?...
Шоира ижодида бағишлов шеърлар анчагина. Бағишловнинг муҳим бир хусусияти бор: шоир шахсий майллардан юксалиб кетиши, умуминсоний масалаларга урғу бериши жоиз. Ҳ.Худойбердиева бағишловларининг айримларида симпатия асосий кўрсаткич бўлиб қолган.
“Буюк қушлар” асари нафақат Ҳ.Худойбердиева ижодининг, балки ўзбек истиқлол шеъриятининг кўркам намунасидир.

albatros
12.09.2012, 11:32
Шоира Ҳалима Худойбердиеванинг янги китоблари "Ўзбекистон" нашриётидан нашрдан чиқибди. Китобни ўқиганлар, танишиб чиққанлар борми?

Bugun xuddi shu kitobni sotib oldim(Chunki ana shu kitob nashrdan chiqqandan buyon izlab yurgandim). 728 sahifadan iborat ushbu kitobda shoiraning shu kungacha yozgan "Ilk muhabbat", "Oq olmalar", "Chaman", "Suyanch tog'larim", "Bobo quyosh", "Issiq qor", "Sadoqat", "Muqaddas ayol", "Bu kunlarga yetganlar bor", "O'sh o'zgan faryodi", "Hurlik o'ti", "To'marisning aytgani", "Saylanma", "Yo'ldadirman" kitoblaridan olingan eng sara she'rlari, shuningdek tarjimalari va keyingi yillarda yozilgan qalb bitiklari o'rin olgan. Bir so'z bilan aytganda ushbu kitobni sotib olgan kitobxon hech ham afsus qilmas ekan.

Nigora Umarova
12.09.2012, 12:21
Bugun xuddi shu kitobni sotib oldim(Chunki ana shu kitob nashrdan chiqqandan buyon izlab yurgandim).

Китобни неча пулга, қаердан харид қилдингиз?

albatros
12.09.2012, 13:01
Китобни неча пулга, қаердан харид қилдингиз?

Kitobni Chorsu bozori yaqinidagi kitob do'konidan, 12 000 so'm narxda kelishilgan holda :) xarid qildim.

Muhammad Ismoil
18.12.2012, 21:42
"БУЮК ҚУШЛАР" - менимча 2012 йил ўзбек шеьриятидаги энг зўр китоб булса керак!

Muhammad Ismoil
26.12.2012, 22:45
Нодираи давронга хос

Бадиа

Оламда етти мўъжиза бор дейишади. Саккизинчиси, шоирнинг туғилиши! Фитратида тафаккур уммонининг мужассамлиги, туйғулар ғалаёнининг муаззамлиги, ҳаёт бўстонининг муҳтарамлиги шоирни мўъжизага айлантиради!
Яратувчи зот шоирни нафақат дунёга келтиради, балки атрофидагиларни унга шайдо, унга мухлис қилиб қўяди, ва бу ошуфталар ҳар жабҳада шоирдан изоҳ истайди, имдод кутади, муродбахш калом талаб қилади. Ва шоир ҳамиша жавоб айтади, ҳамиша юрагини ўртаган ғалаёнларни оламга ёяди, жар солади. Мана шундай туғма истеъдод соҳибаси, қуйма заковат ва фасоҳат маликаси, шеъриятимизда номи бир лаҳза тилдан тушмайдиган атоқли ва ардоқли шоира – Ҳалима Худойбердиевадир.
Дунёда шундай истеъдодлар борки, улар ёрқин юлдуз остида, улуғвор буржлар бир нуқтада йиғилганда дунёга келади. Халқнинг юрагидаги сўзлар, эҳтиёжидаги тилаклар, тилларидаги талаблар булутлар тўдаси янглиғ тўпланганда, уларнинг бари шоир қаламидан ҳаётбахш ёмғир бўлиб тўкилади. Ҳақиқий шоир бундай маҳалда товушни кўради, рангни эшитади. Ҳақиқий шоирлар бундай пайтда яхши шеър ёзолмаса ўзини, сохта шоирлар эса булутни, ёинки замонни айблайди. Истеъдоднинг буюклиги шундаки, замон унга қаерда, қанчалик муҳтож эканлигини аниқ сезиб туради.
Илоҳийлик бор экан, шоирлик ҳам йўқолмайди.
Агар шеър одамлар кўнглидаги сўзлардан туғилса, у хоҳ қайғулик, хоҳ қувончли, хоҳ неча асрлар айтилмай келаётган, хоҳ бир лаҳза ичида туғилган бўлсин, самимий бўлса адабиёт девонида мангу муҳрланиб қолаверади.
Шоир қалбида ҳақиқатдан ҳам яширин, ўзи ҳам билмайдиган, ўзи ҳам бошқараолмайдиган заковат борки, шоир ўз ақлидан кўра, қалбидаги ўша заковатдан миннатдор бўлиши керак.
Шоир туғилишини – саккизинчи мўъжиза, дедик. Чунки, ҳеч бир она, у қанчалик башоратгўй, қанчалик кароматгўй бўлмасин, фарзанд кўраётганда, сизларга шоир туғиб бераяпман деёлмайди, айтган тақдирда ҳам гаплари орзудан бошқа нарса бўлмайди. Шоирни – халқнинг юраги туғади. Шу юрак унга тил беради, дард беради, изтироб беради, эзгулик йўлидан юришга абадул-абад ундаб туради. Шунинг учун бошқалар яшаш йўлини излаган пайтда, шоирлар яшаш мазмунини, ҳаёт мазмунини ахтаради.
Шу туфайли одамлар, шоирдан бегонасирамайди, ундан нафратланмайди, ёзганларини ёд олади, юрагининг ихтиёрини унинг шеърларига ишониб топширади. Инсонлар ўз юрагини ишониб топширган шоира ─ Ҳалима Худойбердиевадир.
Истеъдод – шоир пешонасини ярқиратган улуғ неъмат. У юракда исён бўлиб туғилади, бу исён шеърга айланса, шеър исёнга айланади.
Истеъдодсиз шоирнинг адабиётда юриши, халачўп минган сузувчининг уммонни кесиб ўтишига ўхшайди. Бундай сузувчи албатта ҳалокатга махкум. Агар шоирда ҳалокатдан қутқарувчи истеъдод бўлмаса, шеърлари ўзидан олдин ўтиб, жони кетиб кўмилмай, судралиб юрган кимсани эслатади. Афсуски адабиётда ундай кимсалар кўп. Баъзиларнинг бўйинларида унвонлари ҳам борки, қиёмат куни ҳазрат Навоий бобомиз олдида бу унвонлари учун юзлари ҳижолатдан қизарса ажаб эмас. Қолаверса, ўзгалар устидан ҳукм чиқаришга ҳақли бўлмаган ҳолда баъзибир ҳақиқатларни айтиб ўтиш жоизки, шоир учун виждон ─ юрагининг подшоси бўлиши керак. Юрак тўла тўкис подшога бўйсуниши керак. Шоир минг ақлли бўлмасин, тафаккури ер юзидаги энг ўткир қиличданда ўткир ва тезкор бўлмасин, агар бу ақл виждон йўриғида юрмаса ҳикматга, донишмандликка эришолмайди. Ҳалима Худойбердиева шеърларида – шу хукматни, шу файзни, сеҳргарона кучга йўғрилган жозибадор оҳангробони кўрамиз.
Инсон ўзига ота – она танлаш ҳуқуқидан маҳрум туғилгани каби, ўзига феъл атвор, ўзига қалб, қалбга эса олийсифат хислатлар, ҳаммага маъқул келувчи, севимли фазилатларни саралаш ҳуқуқидан маҳрум туғилади. Агар туғма шоир бўлмаса, бутун ҳаёти давомида, минг бор, минг бор, минг бор тиришса, уринса, изланса ҳам у ўзини қайтадан яратолмайди, ўзини буюк шоир сифатида шакллантираолмайди, миллион миллион сатр шеър ёзиб, туғма шоир ёзган бир сатр шеърга тенг шеър ёзолмайди. Мен Ҳалима опага эргашган, тақлид қилган, ундан ўрганган, ундан кўчирган, унга етиб оламан, унга тенгман, ундан баландман деган, юзлаб шоиру – шоираларни биламан, лекин улар ёзган шеърлар Ҳалима опа шеърияти осмонида кезиб юрган саробдан бошқа нарса эмас. Фақат ғўнғиллайди, фақат асабга тегади, холос. Уларда туғма қобилият йўқ, сўз бойлиги бор, холос. Улар изтиробларини куйлашмайди, сўзни ҳаммолдай ишлатишади, мажбурлашади, зўрлашади, холос. Уларнинг ўз – ўзларига ишонмасликлари, ўзгага тақлид қилишга, ҳатто ўзгаларни ёмон кўришларига сабаб бўлади, холос.
Инсониятнинг шоирлардан миннатдор бўлишининг маъноси шундан иборатки, шоирлар ҳаёт гўзаллигини тезроқ кўрадилар, тезроқ тушунтириб берадилар ва яхшироқ тасвирлайдилар. Бу ─ одамлар вақтини тежайди ва вақтини мазмунлироқ ўтказишга ёрдам беради. Вақт – ҳеч ким ҳаётингизга унинг бир лаҳзасини ҳам қўшиб қўёлмайдиган ноёб нарса!
Шоирлар сўз диёрининг ─ дарғаларидир! Улар сўз – заргари, сўзга жило берувчи ва қиёматга қадар абадий яшовчи иморатлар қуриб қолдираоладилар. Шоирлар туфайли сўз олами бойийди, гўзаллашади, обод бўлади. Инсонлар қалби ҳам бойийди, гўзаллашади, юксалади, обод бўлади. Мисол тариқасида айтсак “Бегим сизни табиат”, “Дориломон кунлар келди”, “Муқаддас аёл”, “Хат”, “Йўлдадирман”сингари шеърларсиз бугунги ўзбек сўз санъати, адабиёти анчайин ғариб, анчайин қашшоқ бўларди.
Шоира ёшлик йилларида юксак ҳарорат билан, балоғат йилларида юксак маҳорат билан ижод қилган эди, камолга етган айни бугунги кунларда юксак камолат билан ўзининг гўзал шеърларини тараннум этмоқда. Худди асалари сингари тинимсиз меҳнат қилиб, инсонлар қалбидаги жавҳарни – сўз жавҳарини йиғмоқда ва шеърият ихлосмандларига тақдим этмоқда. Қуръони каримда бошқа ҳеч бир касб эгалари мушарраф бўлмаган номланишда иккита сура борки, бири “Шоирлар” бири “Асаларилар” деб аталади. Асаларининг шифобахшлигини, жуда кўп хасталикларга даво эканлигини ва ҳеч қачон, ҳеч бир нарсага зиёни йўқлигини ҳамма билади ва яхши шеър ҳам, камолга етган етук шоир ҳам инсон маънавиятига фақат шифобахш таъсир кўрсатади, фақат даволайди. Бундай шарафга кўз илғамас рангларни кўрувчи, қулоқ англамас товушларни эшитувчи, юраклар сезмас туйғуларни ҳис қилаолиш хосиятига, фазилатига эга инсонлар – Оллоҳ туғма истеъдод эгаси қилиб яратган, одам ўзини ўзи бу даражада мукаммал қилаолмайдиган шоирларгина муваффақ бўладилар ва бундай муваффақиятга эришиш учун баъзида туғма истеъдоднинг ўзи камлик қилади. Туғма истеъдодни асраш – авайлаш, йиллар тўфонидан, ҳасадгўйлар қирғинбаротидан асраш – авайлаш, нес – нобуд қилиб юборишга шай бўлган зўравонлар, амалпарастлар хужумидан, зуғумидан эсон – омон сақлаб юриш, парваришлаш, камолга етказиш учун ҳам камида яна шундай туғма истеъдод, ҳимоя истеъдоди керак. Одамлар интилган кишиларни ҳурмат қиладилар, ғалаба қозонганларни севадилар, мақсадга етганларга эса тасанно айтадилар ва олқишлайдилар.
Ҳалима опа шеъриятда нафақат ғалаба қозонди, балки мақсадга ҳам етди, унинг шеърлари ХХ аср ўзбек шеъриятига олтин ҳарфлар билан ёзилди ва бу битикларни энди ҳеч ким, ҳеч қачон ўчиролмайди. Бугун шеър ҳақида гапирганда Ҳалима опа кўз олдимга келаётгани, Ҳалима опа деганда бу сўз шеърият билан уйғунлашиб кетаётганининг боиси ─ бу умрнинг бирор лаҳзаси, бирор сонияси шеърият ғалаёнларисиз кечмаган. Бир инсон ўзининг бир умрлик ҳаётини шеърият бўстонига туҳфа қилди. Шу сабабдан, ўзбек шеърияти бор экан, то қиёматгача гуллаб яшнаб тураверар экан, Ҳалима Худойбердиева деган ном ҳам бу бўстон саҳнида энг гўзал гулдаста янглиғ ифор сочиб, тиллардан тилларга кўчиб, диллардан дилларга завқ бағишлаб, эзгуликнинг ҳаётбахш нашидасини ёйиб юраверади.
Ҳадисларда ўз меҳрингизни меҳр қўйган одамларингизга билдириб туринг деган ҳикматли сўз бор. Ҳаётимда бу – шеърият қуёшидан бир умр завқ олиб келдим, бир умр мафтун бўлдим, бир умр ҳайратланиб яшадим. Ўз кўнгил изҳорларимни билдирмаслик – камида омонатга ҳиёнат, камида номардларча бетакаллуфлик бўлур эди.

Muhammad Ismoil
26.12.2012, 22:46
Оллоҳдан Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиевани ўз ҳифзу – ҳимоятида асрашни, икки дунё саодатига мушарраф этмоқни сўраган ҳолда, шеъриятимиз олдида, миллатимиз олдида қилган буюк ҳизматлари учун Ҳалима опага таъзим ва тасанно билдирамиз, бу шеърият ҳали барча халқлар адабиётида, маънавий ҳаётида кўркам тахтини эгаллашига ишонч билдириб қоламиз!
Бугунги қутлуғ кун муборак бўлсин!

Сиз, шеър учун туғилган эрка,
Адабий йўлингиз илҳомга тўлсин.
Баҳор зийнатини бердингиз шеърга,
Туғилган кунингиз муборак бўлсин!

Шоир туғилгай-у, ўлмагай асло.
Асрлар бўлолмас, йўлига тўсқин.
Сиз неча йилдирки кутилган садо,
Туғилган кунингиз муборак бўлсин!

Шеърият тахтида қироличасиз,
Ҳар сатрингиз замон кўксида тўлқин.
Ҳар қалбда ўт ёқмоқ имконидасиз,
Туғилган кунингиз муборак бўлсин!

Сиз юракни тилга киргизган инсон.
Тангрим, сизга ато этмиш шеър йўлин.
Сизга келар доим кўкдан армуғон,
Туғилган кунингиз муборак бўлсин!

Инсон шеърий тилда сўзлашсин фақат
Шеър билан тўлдиринг оламнинг кўксин!
Сиз –миллат юраги туққан муҳаббат,
Туғилган кунингиз муборак бўлсин!



shoir.uz bisotidan

Nigora Umarova
22.10.2015, 13:58
Менинг тиғ тилган тилим,
Менинг кесилган тилим,
Баҳайбат тўғон тушиб,
Йўли тўсилган тилим.

Қушнинг унут патидай
Тўкилган унут жоним,
Китобларнинг қатида
Ранги-рўйи сомоним.

«Эски ўзбек тили»мас,
Дедилар эскирган тил,
Қўрқиб чиқармоққа сас,
Сандиқларга кирган тил.

Сенда бодом иси бор,
Сенда бобом иси бор,
Болам на рус, на ўзбек,
Аросат белгиси бор.

Беш юз йиллар аввалги
Хатни мен англайман, бас,
Мен бугун айтганимни
Болам баъзан тушунмас.

Кўкрагимда дод қотган,
Яқинлашар катта хавф,
Ўз тилини йўқотган
Халқ бўлмасми ердан даф.

Олдга, сафарбарликка
Қандай ярайди болам,
Ортидаги жарликка
Қандай карайди болам.

Уни ким қилиб қўйдим,
Ким бўлди оғам-иним,
Томир-томирим куйди,
Синди бўғин-бўғиним.

Гули унут халқ бўлдик,
Иўли унут халқ бўлдик,
Оммавий гунглик содир,
Тили унут халқ бўлдик.

Умримнинг шом, кечига
Шу ўй санчилиб туриб,
«Луғатит-турк» ичига
Ёшим томчилаб туриб,
Дедим: — Тиғ тилган тилим,
Менинг кесилган тилим.

Ҳалима Худойбердиева

Sparc
22.10.2015, 15:08
Олдга, сафарбарликка
Қандай ярайди болам,
Ортидаги жарликка
Қандай карайди болам.

Уни ким қилиб қўйдим,
Фарзандлари билан она тилида сузлашишга, фарзандларида она тилига мехр уйготишга, фарзандларини она тилини севишга ким йул бермади экан? Бу онанинг, отанинг бурчи эмасми.
Ё шунга хам мустабид тузум айбдорми?

Хамма муаммоларни совет тузумига юклайвериш хам инсофданмас. Узбек тили мактабларда укитиларди, юзлаб газеталар, журналлар, минглаб китоблар чоп килинарди. Шаркшунослик, Кулёзмалар илмий текширищ институтлари эски кулёзмаларни урганарди. Айтмокчи, айнан мустакилликка эришгач Кулёзмалар институти тугатилди.

Nigora Umarova
22.10.2015, 15:49
Фарзандлари билан она тилида сузлашишга, фарзандларида она тилига мехр уйготишга, фарзандларини она тилини севишга ким йул бермади экан? Бу онанинг, отанинг бурчи эмасми.
Ё шунга хам мустабид тузум айбдорми?


89-90-йилларда ёзилган шеър.

Nigora Umarova
09.12.2016, 22:12
“Ҳайрат” исмли самимият билан ёзилган китоб

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Дилбар Маҳмудованинг “Ҳалима” исмли китоби “Ўзбекистон” нашриётида босмадан чиқибди.
Дилбар опа “юрагида йўлбарс ётган шоира” Ҳалима опа Худойбердиева билан 1977 йилда танишган бўлса, йиллар ушбу танишликни дўстлик риштаси билан боғлади. Улар қиёматлик опа-сингиллар. Устоз журналист шоиранинг ўзига хос жиҳатлари: ижодкор инжиқлигини-ю, юксак одамийлик жиҳатларини ўзлари кўрган-билган, гувоҳи бўлган воқеалар асосида баён этганлар. Китобни ўқир экансиз, Дилбар Маҳмудова ёндафтарига ёзган битиклари асосида уйғонган хотираларнинг гувоҳи бўласиз.
Ижодкорлик ёзуғми ёки қисмат? Ушбу ёзуғ ҳар қимнинг ҳам пешонасига битилмайдиган ўзига хос қисмат.
Дарҳақиқат, ўзбек адабиётида Зебунисобегим, Жаҳон отин Увайсий, Нодирабегим қандай юксак ўрин эгаллаган бўлса, унда Ҳалима Худойбердиеванинг ҳам ўзига хос юксак ўрни бор. Унинг шеърлари шунчаки ёзилган шеърлар эмас, кучли изтироб, дард билан ёзилган ашъордир. Улар огоҳликка чақирувчи, “ҳой, кўзингни оч, қаерга қараб кетаяпсан ўзи?” деган она арслоннинг нидосидир. Эътибор беринг-а:

Олдинга ўтмаяптими бир бирини суриб-
Ё шеригин чалиб ўзи тикламаяптими қад?..
...Ҳурмат кетмаяптимикан хушомадга айланиб?
...Эзгуликнинг ниқобини амаллаб олгач кийиб-
...Йўқмикан шу ниқоб ичра кибр сақлаб юрганлар?

Ўйга толаман: мен шеърларини севиб ўқийдиган Ҳалима Худойбердиева қандай-ку, шахс сифатида у қандай аёл. Баъзан ижодкорнинг қилган амаллари ижодида акс этган ғояларга мувофиқ келмайди. Бироқ... бироқ Ҳалима опада сўз бир-амал бир. Чўрткесарлик, бажараман дедими, ўша ишни бажаришдаги қатъият мавжуд. Бирор бир инсонни ишонтирдими, ўша ишончни оқлайдилар. Шоиранинг ўткир тафаккури, жасорати ва мураккаб руҳий-маънавий ёлқинлари шеъларида оловдек гуриллаб ўқувчисининг қалбини ёндиради-куйдиради. Бу шеърлар замонавий шоиралар ёзадиган “сенсиз ўлиб қоламан”, “ўлдим-куйдим”лардан ҳоли. Уларда хушрўй иборалар йўқ. Шеърлар “Инжу” тарзида тизилганки, аёл кишининг ҳаёт пўртаналари олдида эсанкираб қолмасликка, қулоч отиб сузишга ўргатади.

Ҳалима Худойбердиева ёзганидек,

Ўйладим улуғ иш учун келганман,
Тоғлардек тик туриш учун келганман.
Чуқурроқ ўйласам кир-чир дунёни,
Супуриб-сидириш учун келганман.

Шоира қаерда фаолият олиб бормасин, “Саодат” журналими ёки Республика хотин-қизлар қўмитасидами барча жойда маънавиятга қўнган хас-хазонларни “супуриб-сидиришга” ҳаракат қилди, ёрдамга муҳтож аёлларга нажот қўлини чўзди. Буни “Ҳалима”даги “Тақдир” ҳикоясида баён этилган Фарғона туманидаги Миндон қишлоғилик Кумушхон ая яқинларининг эътиборисиз қолиб кетганида қишлоқ аҳлини кекса аёлга нисбатан диққат-эътиборга ундаганлиги хусусидаги воқеадан ҳам кўриш мумкин.
2012 йил 7 июнь. Худо ўзбекнинг Ҳалимасини бир қайтариб берди. Шоира бир ўлимдан қолди. Соғлиғидаги оғир аҳволга қарамай шеърият, адабиёт ихлосмандлари билан ижодий учрашувга борган шоиранинг қон боими ошиб кома ҳолатига тушиб қолди. Хайрият, яқин инсонларининг Яратганга қилган илтижоси, унга нисбатан руҳий далдаси Ҳалима Худойбердиевани ҳаётга қайтарди. Хуллас, биз билган ва билмаган гаплар китобда баён этилган.
Китоб хусусидаги фикрни Дилбар Маҳмудованинг унда Ҳалима Худойбердиева бетоблик чоғида унга аталган сўзлари билан якунламоқчиман: “Биринчи шифокор беморнинг ўзи, ўзига-ўзи шифокор. Ўзингга ўзинг халоскорсан”, деган Будда. Ўзингизни ўзингиздан ортиқ ҳеч ким эҳтиёт қила олмайди. Сизнинг адабиётимиз, маънавиятимиздаги ўрнингизни ҳеч ким боса олмайди. Сиз бизга кераксиз, жуда кераксиз...”

https://img.uforum.uz/images/gcwbaot8017751.jpg