Просмотр полной версии : Адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққул билан бўлган адабий суҳбатлар
Nigora Umarova
15.02.2010, 22:22
Муҳтарам форумдошим!
Мавзуда адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққул билан бўлган адабий суҳбатларни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Nigora Umarova
15.02.2010, 22:24
Муртазо ҚАРШИБОЙ: – Иброҳим ака, биз – 90-йиллар одамлари бир неча йил муқаддам беқиёс тарихий воқеанинг гувоҳи бўлдик: халқимиз ҳуррият ҳавосидан нафас ола бошлади. Сиёсий, ижтимоий, иқтисодий жиҳатдан – хуллас, ҳар тарафдан озод бўлди. Эндиги орзуимиз – унинг маънавий ҳурлиги. Шу ўринда савол туғилади: маънавий ҳурлик нима? У инсонга қандай қиёфа бахш этади?
Иброҳим ҲАҚҚУЛ: – Маънавий ҳурлик ҳақида гап кетганда уни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий эркинликдан ажратмаслик керак. Қайсидир китобда “Озодлик – ёлғон сўзламаслик ҳуқуқи” деган фикрни ўқиганман. Маънавий ҳурликни орзу қиладиган ҳар бир одам, менимча, энг аввало мана шу ҳуқуқни поймол этмаслиги лозим. Зеро, ҳурликнинг минбари – тўғрилик. Ҳақиқатнинг мақом ва майдонлари ҳар хил. Бироқ унинг тўғриликдан бошқа йўли йўқ. Баландпарвозроқ эшитилса ҳам айтай: ҳурликка томон юриш билан қаҳрамонлик сари юриш ўртасида тафоввут кам. Ҳурликка етишмоқ шунча қийинми? Қийин бўлганда қандоқ! Озодликка чанқоқ киши унинг зилол чашмасини, биринчи навбатда ўз қалбидан излаши ва топа билиши шарт.
Руҳшуносларнинг тадқиқотларидан маълум бўлишича, ҳар бир инсонда бири бошқасига ўхшамайдиган, бири иккинчидан кескин фарқланадиган гўё икки одам мавжуд экан. Булардан бири – ўша кишининг моҳияти, иккинчиси – шахсияти. Моҳият – ички, яъни сийратдаги фазилатлар. Абдулла Орипов айтмоқчи, “Авлодлар қонида минг йиллаб оққан Буюк боболарнинг турфа хислат”лари. Бу меросий хислатлар миллатнинг табиати, сажияси, миллий ҳисиётлари ва ахлоқий бирлигини белгилайди. Шу маънода, маънавий ҳурлик – Ҳурликни англаш дегани. Ўзликни билиш эҳтиёжи, хоҳлайсизми, йўқми, одамни жамият ва муҳит, давр ва моддий дунёга қарамликдан қутулишга мажбур қилади. Ф.Нитше “Эркинлик – кўпчиликнинг қисмати эмас, балки кучли кишиларнинг устунлиги”, дейди. Мен шу фикрга ишонаман ва қўшиламан. Қулликнинг шакл-шамойили ва кўринишларини ҳеч кузатганмисиз? Бу ғалати томоша. Сиз айтганингиздек, “ўз ҳурлигини фақат еб-ичиш” “мол-мулк васвасасига бахшида этиб”, бойликнинг ортидан ҳаллослайдиган ким? Бойликнинг қуллари. Худди шунга ўхшаб бировлар амал ва мартабага таслим, яна бировлар – шон-шухратга, яна кимлардир оилавий худбинлик ёки манманлик қули: қорин қуллари қанчадан-қанча... бу фақат бугунги куннинг фожеаси эмас, барча даврларнинг кулфати.
Хуллас, маънавий ҳурлик – кўнгил поклиги, фикр кенглиги, виждон ҳокимлиги ва иймон саломатлиги дегани. Маънавий ҳурликнинг энг юксак мақоми Руҳ устунлигидир. Руҳониятда маълум натижага эришмасдан маънавий ҳурликнинг моҳиятини кашф этиб бўлмайди. Эркинликка интилишнинг ўзиёқ инсон умрига янги мазмун ҳадя этади. Лекин дунё сирларининг охирига етиб бўлмагани сингари, маънавий-руҳий озодлик сирларини ҳам охиригача англаш ва аниқлаш мумкин эмас. Балки мана шунинг учун инсоннинг маънавий эркинлиги билан жиддий қизиққан дунёдаги энг кучли диний-фалсафий таълимотлар ҳам бу мураккаб муаммонинг тугунларини тўлиқ еча олмагандир. Бир ҳақиқатга сира шак келтирмаслик лозим: мутлақ эркинлик бу – хаёл, инсон тахайюли маҳсули. Ҳаётнинг йўл-йўриғи эса бошқа. Ҳаёт – муаммо майдони, ҳаёт – сон-саноқсиз муаммоларни ҳал қилиш маркази. Маънавий ҳурликка интиладиган ва шу ҳурлик завқини баҳоли қудрат идрок айлай оладиган кишилар хаёлпарастлар эмас, ҳаётпарастлардир. Воқеликнинг юзига тик қарай билмайдиган киши озодлик хусусида сафсата сотиши мумкин, бироқ ҳур Шахс сифатида ҳеч кимга таъсир ўтказа олмайди.
М.Қ.: – Сир эмас, советлар замонининг зиёлиси қашшоқ ва йўқсил эди. Шу боис у бир умр ҳақиқатдан ҳайиқиб яшади. Негаки, у даврларда ҳақиқатни айтгани учунгина эмас, уни билгани учун ҳам жазолашлари муқаррар эди. Эскича мафкура таъсирими, билмадим, олим ё зиёли одам мулк эгаси бўлишни истаб, тадбиркорлик йўлини тутса, сал бундайроқ кўз билан қараймиз. Аслида мулкдорлик зиёлилардан бошланса дуруст эмасми?
И.Ҳ.: – Ўзи энг катта бойлик ва бебаҳо мулк – Ҳақиқат. Зиёли шу бойлик ишқи билан куйиб-ёнмас экан – унинг мулкдорлиги бир пул. Зиёли – миллат манфаати учун ишловчи ва миллат тақдирини ўйловчи одам. Зоҳирий фаолликни руҳий фаолликдан устун қўйишга унинг ҳаққи йўқ. Пайғамбаримизнинг “Фақирлик менинг фахрим эрур” деган ҳадислари бор. Ана шу фикрнинг мазмун-моҳиятини тўғри ва теран англай олмаган киши ҳеч қачон чинакам зиёли бўла олмайди. Моддий қашшоқлик ва йўқсиллик инсоннинг маънавий ҳаётига, албатта салбий таъсир ўтказади. Тирикчилик ташвишларига кўмилиб яшаган кимса, охир-оқибатда эски бир аравани судрашдан бошқа ҳамма нарсани унутган шўрлик отга ўхшаб қолади. Байрон “Тақдир тулпорни ҳам ўзгартиради”, деганда тўла ҳақ эди. Демоқчиманки, интеллектуал бойликнинг нархи арзон-гаровлиги туфайли зиёли мулкдорликка рағбат пайдо қилмаслиги керак. Мулк эгаси бўлмоқ – кўп нарсага эга бўлмоқ эканлигини ким билмайди дейсиз? Мулк – ҳамма қатори зиёлини ҳам иқтисодий қарамликдан қутқаради. Ўзи истагани қадар эркин, яйраб фаолият кўрсатишга имкон очиб, моддий манфаат ва эҳтиёж ҳирси билан гоҳ у ёнга, гоҳ бу ёнга қийшанглашдан халос айлайди. Шунингдек, мулк туйғуси билан ташаббус ва тадбиркорлик туйғуси ҳам ажралмасдир. Аммо, олимни – илмидан, ёзувчини – ижодидан, санъаткорни – санъатидан йироқлаштирувчи мулкдорлик, менимча, ҳазарли. Бундай “эврилиш” ҳар қандай зиёлининг ахлоқий кучини емириб ташлайди. Миллат манфаати учун ишлаш, миллат қисматини ўйлаш шунчаки қуруқ гап бўлиб қолади. Қарабсизки, кечагина ақл ва тафаккурнинг қудратини улуғлаган киши, мол-мулк ва амалнинг кучидан бошқасини тан олмайдиган мунофиқ ва жоҳилга айланади. Ҳақиқий зиёлиларнинг йўлига биринчи бўлиб мана шундай кимсалар тўсиқ қўяди, маърифат фидоийларини биринчи бўлиб ана шулар таҳқирлайди.
М.Қ.: – Ҳаёт – мислсиз жумбоқ... инсон умр бўйи ўлиб-тирилиб камолотга интилади-ю, аммо авжи камол палласи куч-қувватдан айрилиб, заволга юз тутади. Аммо бу – дунёвий ҳақиқат. Сир эмаски, масаланинг илоҳий жиҳати ҳам мавжуд. Ҳаёт, дунёвий нуқтаи назардан мураккаб, илоҳий нуқтаи назардан – неъмат. Лекин бугунги дунёнинг одами қай тарзда яшамоғи керак? Илоҳий йўсинда фикрлаб, дунёвий йўсинда яшаган маъқулми ёхуд дунёвий тарзда фикрлаб, илоҳиё қоидалар асосида умр кечиргани дурустми? Сиз нажот йўлини қандай тасаввур этасиз?
И.Ҳ.: – Бугунги дунё одами қай тарзда яшашини мен башорат қила олмайман. Агар менга ишонсангиз, бир гапни яширмасдан айтай: яшашнинг сири нима ва нималарда эканини мен ҳам аниқ билмайман. Аммо бир ҳақиқатни яхши тушунаман: яшамоқнинг асл мазмуни – бир қултум тоза сув ютгандай оддий. Ҳар турли таълимот ва ақидалар таъсирига берилиб уни мураккаблаштирмаслик лозим. Умр кечириш табиий завқи ва соддалигидан ажралса, азобга айланади ва деярли ҳамма ҳаракат ҳамда мақсад дилда изтироб қўзғайди. Бугунги замон кишисининг кўнглида кенглик йўқ. Маънавий хасталикларнинг хуружи ана шундан. У Ҳақ “назаргоҳи” билан қизиқа олмайди. Агар юракда Аллоҳ ишқи ҳоким бўлса, дунёвий ҳар қандай меҳнат – роҳат. Ҳамма гап кўнгилни шайтондан асрай олишда. Нафсни енга билишда. Қолган ҳамма иш яхшиликка хизмат қилади
М.Қ.: – Истиқлолдан сўнг миллий фикр тарбиясига эътибор кучайди. Аммо бу масала ҳануз кўнгилдагидек изга тушган эмас. Кўп ҳолларда бу ишга масъул одамларнинг ўзи фикрсиз, мулоҳазасиз, маънавиятсиз шахс бўлиб чиқади. Биласиз, советлар замонида инсоннинг фикрлашига қарши ишлайдиган тизим мавжуд эди. Эҳтимол, энди унга қарши ўлароқ, фикр тарбиясига қаратилган янги бир тизим зарурдир?
И.Ҳ.: – Инсоннинг фикрлашига қарши ишлайдиган энг аёвсиз ва даҳшатли «қурулма» - бу бюрократия. Бюрократия – ҳур фикр ва демократиянинг жаллоди. Рус файласуфи Н.Бердяев, “Фашистик социализм албатта бюрократия ҳокимлигига йўл очади. Социализмни бюрократлаштириш фашистик социализмдагина эмас, ўзини демократ ҳисоблайдиган социализмда содир бўлади” – деган эди. Биз яшаган собиқ шўро тузуми – бюрократлашган социализм эди. Шунинг учун маъмурий буйруқбозлик тизими халқ онги ва миллий идрокини янчиб ташлади. Бир замонлар ижодкорлик ҳамда ташаббускорлик билан илгарилаб келган халқимиз охир-оқибатда юқоридан буйруқ кутиб, буйруқ бўйича иш юритадиган югурдак ва ижрочига айланиб қолди.
Бюрократ ким? Бюрократ жуда қўрқоқ, тепадан бошқариладиган механик ҳаракатларни қойиллатиб бажарувчи масъулиятсиз кимса. У оддий бир масъулиятни ҳам зиммасига олишдан ўлгудай қўқрқади. Юқоридан ҳукм-фармойиш олгач, дадиллашади ва изчил фаолиятга ўтади. Буйруқни бехато уддалаш уни жавобгарлик ва масъулиятдан халос қилади. У ҳеч пайт ўз номидан аниқ ва қатъий гап айтмайди. Аниқроғи, айта олмайди. Мана шунинг учун бюрократ зоти борки, эркин фикрли, мустақил қарашли кишиларни ёмон кўради. Ташаббусни ҳам, ташаббускорликни ҳам ёқтирмайди. Чунки унинг ўзи қул ва эрксиз. У – шахссиз, эътиқодсиз, мўрт кимса. Салга эгилади, кескин қаршиликка учрагани ҳамон қарсиллаб синади. Қизиғи шундаки, бюрократларнинг бири иккинчисига сира-сира эл бўла олмайди. Аксинча, бири иккинчисидан чўчийди, гумонсирайди. Бир бошқасини осон алдайди. Аммо умумий манфаат йўлида уларнинг бири иккинчисига таянишга маҳкум. Бири иккинчисисиз ҳеч ким эканини улар яхши англайди. Бюрократияга қарши курашиш анча мушкул: бюрократлар осон бирлашади.
Тараққиётга тўсиқ бўлаётган ана шу “механизм”ни парчалаш зарур бўлса-да, афсуски, ҳаракат қувонарли эмас. Баланд-баланд курсиларда савлат тўкиб ўтирган амалдорлар орасида миллий онг ва туйғулари ниҳоятда паст кимсаларнинг сони ҳали етарли. Миллат дарди деганда амал ва манфаат дардини тушунадиганлар эса қанчадан-қанча!
Миллатни ҳар қандай жаҳолат, зўравонлик ва турғунликдан маърифат ва тафаккур халос қилади. Дунёдаги бирор бир миллат йўқки, у ўзининг бахту истиқболини зиёли кишилар сафининг кенгайиши билан боғламаган бўлсин. Шунинг учун бу масала дунё адабиётининг марказида турган. Шунинг учун бу хусусдаги Ғарбнинг фикри Шарқ учун, шарқники Ғарб учун ибрат бўлган ва улкан аҳамият касб этган. А.П.Чеховнинг “Қайлиқ” деган ҳикояси бор. Эсингизда бўлса, шу ҳикоя қаҳрамони турғун, ёқимсиз ва сергуноҳ ҳаётдан безган бир одам. Мана у нима дейди: “Зиёли ва авлиё одамларгина ажойиб, фақат шундай одамлар керак! Шунақа одамлар қанча кўп бўлса, Аллоҳ хоҳишлари ўшанча тез амалга ошади. Сизнинг шаҳрингиздан асар ҳам қолмайди. Ҳаммаёқ остин-устун бўлиб кетади, ҳамма нарса бутунлай ўзгариб, худди афсун пайтидагидай бошқача бўлиб қолади. Катта-катта серҳашам саройлар, ажойиб боғлар, мисли кўрилмаган фавворалар, олижаноб одамлар пайдо бўлади... Аммо энг муҳими бу эмас. Муҳими шуки, авом халқ қолмайди, чунки ҳар бир инсоннинг ўз эътиқоди бўлади, ҳар бир инсон ўзининг ҳаёт мақсадини билади, ҳеч бир кимса оломондан таянч изламайди”.
Дарҳақиқат, ҳар бир шахс мустақил фикр юрита олмаса, ҳар бир қалб ўзининг нуридан мунаввар бўлмаса – ҳеч бир ватанда оламшумул юксалиш ҳам, ўзгариш ҳам бўлмайди. Ватан авомлик балосидан фориғ бўлганда – қудратли юртга айланади. Ватанда ҳеч ким оломоннинг номидан иш юритмаса ва ҳеч ким оломондан таянч ахтармаса – бу ўлканинг ҳар гўшаси маърифат ва маънавият, тафаккур ва ҳақиқат пойтахтига тенг бўлади. Зеро, миллатнинг улуғ саодати ва ҳуррияти ҳам шудир.
Nigora Umarova
15.02.2010, 22:29
Савол: Типик Шарқ одами ва Ғарб одамини қандай тасаввур этасиз?
Иброҳим Ҳаққул: Менинг тасаввуримда Ғарб ва Шарқ одами, энг аввало, ахлоқий, руҳий, маънавий қиёфаси ўзаро фарқланадиган одамдир. Шарқ одамининг тарбия йўли, дунёни англаш тарзи ва урф-одатлари ғарбликларникига ўхшамайди. Шу маънода Зиё Кўкалпнинг “Бир инсон ё шарқли бўлади, ё ғарбли...”, деган фикрига мен тўла қўшиламан. Биз мустабид тузум даврида шарқлининг ғарбли бўлишга уриниши нима натижалар берганини кўрдик. Миллий тил, миллий маслак, миллий ҳиссиётлардан йироқлашувдан Оллоҳ асрасин. Бу гаплардан қандайдир салбий хулосалар чиқмаслиги керак, албатта. Чунки аслини олганда Шарқ одами ҳам, Ғарб одами ҳам битта “илдиз”дан яралган. Яъни уларнинг барчаси Одам Ато ва Момо Ҳаввонинг фарзандларидан тарқалган зурриётлар. Олис тарих қаърига қанча чуқурроқ кириб борилса, шарқлик ёки ғарблик деган сифатланишнинг салмоғи ўшанча камайиб боради. “Талмуд”да айтилишича, Одам Ато жаннатдан қувилгач, “Ё Раббий, мен ва эшагим айни бир нарсаларни ермизми?” – деганида, “Йўқ, сен пешона теринг-ла нонингни топиб еяжаксан” – дейилган экан. Демак, Тангри инсонни меҳнати туфайли ҳайвондан устун қилган. Ва буни Ғарбда ҳам, Шарқда ҳам яхши билишган. Ғарб олимларидан бирининг эътирофига кўра, дастлабки инсонлар юрғинлик ва заҳмат чекишдан ҳориб-толган деҳқонга ўхшашган эмиш. Ана ўша аждодларидан ғарбликлар ақл бовар қилмас даражада ўзиб кетишган. Улар фан ва техника қувватига таяниб, ўзлари учун, ҳеч кимни бефарқ қолдирмайдиган янги бир моддий дунё яратдилар. Ғарб одамининг завқларини тоширадиган ўша дунё сиртдан яхши, қулайикларга бой ва жозибали кўрингани билан, ичдан чегараланган, якранг ва шафқатсиздир.
Маълумки, Шарқда икки турли ақл мавжудлиги эътироф қилинган. Биринчиси, ақли кулл – илоҳий, қудратли, мутлақ ақл бўлиб, илоҳий қувватнинг фаол тажаллийсидан иборат. Ақли жуз – кичик ақл, инсоннинг моддий ҳаёти, яшаш одоби, фаолиятига тегишли. Ўрис файласуфи Н.Бердяевнинг айтишича, “ақли жуз ҳамма вақт субъектни объектга қарама-қарши қўяди, ақли кулл эса уларни уйғунликда тушунади. Булардан биринчиси – мантиққа, кейингиси –сезгига асосланади”.
Фазовий ақл ва илоҳий ҳиссиётларга етишган буюк инсонларнинг табиати, одам ва олам моҳиятини англаш миқёси Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам деярли бир хил. Данте ва Гёте сингари улуғ ижодкорларнинг Шарқ адабиёти, донишманд Шарқ фалсафаси билан чуқур қизиқишларининг асосий сабаларидан бири ҳам мана шунда. Аммо бу хусусий ҳодиса. Умумий ҳодиса бошқа: Шарқ – нафсга душман. Ғарб – нафсга дўст. Ғарбликлар учун, айтайлик, тасаввуф аҳлига ўхшаб нафсни енгиш чораларини излаш ва шу йўлда азият чекиш – кулгили иш. Улар бундай “тажрибалар” билан қизиқишни ҳатто хаёлга келтиришни ҳам истамайди. Зеро, кўнгли моддий қувватга таслим киши маънавий қувватдан руҳланмайди. Ҳинд мутафаккири Багван Шри Ражнишнинг “Ғарб психологияси шаҳвониятни тушунишдан, Шарқ психологияси ўлимни билишдан бошланади. Сексни англаш – фақат ибтидо, ўлимни англаш – бу ҳамма нарсани англаш демак”, деган фикрларининг замирида жуда катта маъно ётади. Ўлимни билиш – ўлимдан қўрқиш ёки дунё завқи, ҳаёт гўзалликларидан кўз юмиб, қабрга юз бурмоқ дегани эмас. Аксинча, тириклик ва гўзалликни севиш, вақтни ғанимат билиб амалга ошириладиган ҳар бир эзгу ишни кечиктирмасдан садоқат ила бажариш, фоний умрни юксак ҳақиқатларга бағишлашдир. Ўлимни Ҳақ ҳадяси сифатида қабул қилишга тайёрланмаган киши Маърифат сирларини ўзлаштириш билан ҳам ҳеч қачон қизиқа олмайди.
Хуллас, чинакам Шарқ одами – гўзал ахлоқ, меҳр ва мурувват, тўғрилик ва фаолият соҳиби. Унинг руҳоният ва хаёлот оламига фақат ҳавас қилиш мумкин. Унинг виқори – камтарликда, закийлиги – хоксорликда.
Савол:Тафаккур умуминсонийми? Ёки шарқона ва ғарбонами?
Иброҳим Ҳаққул: Албатта, тафаккур умуминсоний ҳодиса. Инсоният қисмати билан боғлиқ ҳамма муаммоларни тафаккур ҳал қилади. Шарқ тафаккури дин ва тасаввуф таълимотига таянади. Ғарб тафаккури эса асосан фалсафа заминида шаклланган. Уларни бир-биридан ажратувчи бош “чегара” ана шу эди. Ғарб тафаккури Ҳайратни тан олмайди. Ботиний илмга ён бермайди. Шарқ тафаккурига хос мажозий англаш тамойили унинг табиатига мувофиқ эмас.
Қадимги Тибет мистиклари ўз тариқатларини “Тўғри йўл” деб номлашган. Ва камолотга эришувни олтита босқичга ажратишган. Шулардан биринчиси – ҳар турли диний-фалсафий таълимот ва назарияларини ўрганиш. Иккинчиси эса бутун бошли қўрадан фақат зўр ўлжани танлаган бургутга ўхшаб, ўрганилган таълимот ёки назарияларидан ёлғиз биттасини ажратиб олишдир. Ғарб “зўр ўлжа” танлашда тибетликларни ҳам ортда қолдирган деса, муболаға бўлмайди. Ғарб тафаккурининг “ўлжа” майдони асосан Шарқдир. Биз Шарқ тафаккурининг хусусиятлари, ҳаракат йўллари ва оламшумул натижаларини етарли даражада билмаганимиз ва узоқ йиллар уларни билиш имкониятларидан маҳрум этилганимиз учун ҳам Ғарб тафаккурини кўпинча холис ва тўғри баҳолай олмаймиз. Ҳолбуки, инсоният тафаккурининг “ипак йўли” Ғарбдан Шарққамас, Шарқдан Ғарбга томон йўналгандир...
Ғарб тафаккурининг устоздан ўзган шогирдни эслатадиган фазилатлари ҳам кўп. Унинг алоҳида эътиборга молик бир жиҳати бор: уни воқеликдан ажратиб ёки ажралган ҳолда тасаввур қила олмайсиз. Унда китобийлик бор, лекин баландпарвозлик йўқ. Қандайдир бир қуруқлик, биртомонламалик сезилади. Аммо саёзлик, турғунлик кўзга ташланавермайди. Ғарб тафаккури баъзан моҳир спортчини ёдга келтиради. У нимага ва нима учун куч сарфлаш, қандай ва қайси “машқ” усуллари билан кўзланган натижага эришмоқни ниҳоятда яхши билади. Бундан ташқари, унда доимо ўзига хос бир иштибоҳ руҳи мавжуд. Айниқса, ақлий ялқовлик ва ожизликларнинг олдини олишга сафарбар ана шу шубҳа безаволдир.
Савол:Шарқ (мусулмон) адабиётининг Ғарб адабиётидан туб фарқи нимада?
Иброҳим Ҳаққул: Бу яхши ва муҳим савол. Лекин унинг ҳайбати шу даражадаки, унга қаноатланарли бир жавоб қайтармоқ учун, ҳеч бўлмаганда, Шарқ ва Ғарб адабиётининг асосий қисми билан таниш бўлиш керак. Менинг, хусусан, Ғарб адабиётини билишим эса денгизга нисбатан томчи қадар ҳам эмас.
Бундан ўн йиллар муқаддам Ғарб адабиётига сажда қилиш бир қатор ёш ижодкорлар учун қарийб урфга айланган эди. Жойс, Кафка, Камю, Жан Поль Сартр... Бу ёзувчиларнинг асарларини ўқиган навқирон қаламкашлар гўё “янги адабиёт” яратиш кафолатига эришгандай ҳис қилишарди ўзларини. Икки-уч ижодкор тажрибаларидаги айрим муваффақиятлар инобатга олинмаса, адабиётимиз ҳеч қанақа янгилик билан бойигани йўқ. Чингиз Айтматовнинг дунёга чиқишини дунё адабиёти қўлга киритган ғоявий-бадиий ютуқлардан ажратиб тасаввур қилиш мумкинми? Мутлақо мумкин эмас.
Айтматов буюк ақл эгаси. Унинг ижоди йигирманчи аср туркий халқлари тафаккурининг баланд бир чўққиси. Аамо у, биринчи галда, руҳшунос. Шарқ адабиёти – руҳ адабиёти, руҳониятнинг муаззам мусиқаси ва рангдор манзараларидан маҳрум асар – қуруқ гап ва зерикарли воқеалар йиғиндисидан бўлак нарса эмаслигини Айтматов қадар теран тушунадиган санъаткорлар, афсуски, жуда кам. Ахир, Ғарб одамининг “қалб қурилмаси” бошқача. У кўз очиб кўрган дунё – на зоҳирда, на ботинда Шарқ дунёсига уйғун келмайди. Унинг психологиясини шакллантирган муҳит бошданоқ ҳиссиётни жиловлаш ва ҳаяжон билан ҳисоблашмасликка ўргатади. Айтайлик, Шарқ шеъриятидаги “гул” ва “булбул”, “шам” ва “парвона” ҳақида айтилган фикрлар Ғарб ўқувчисига ниҳоятда жўн эшитилади. Чунки у Шарқ адабиётидаги шартлилик, мажозийлик сирларини ақл ва мантиқ билан кашф қилишга ўрганган. Менимча, Шарқ адабиётининг Ғарб адабиётидан туб фарқи, унинг мутлақ ва соф гўзаллик тасвирларида ниҳоятда илгарилаб кетганлиги ва оломонга мўлжалланмаганидир.
Nigora Umarova
15.02.2010, 22:33
Савол: – Иброҳим ака, Абу Наср Форобийнинг бир нақли Сизга маълум бўлиши керак: “Мусиқа илми шу маънода фойдалики, у ўз мувозанатини йўқотган одамлар хулқини мукаммал қилади ва мувозанатда бўлган одамлар хулқининг мувозанатини сақлаб туради”. Яъни аллома мусиқа зиммасидаги юкни илм ва адабиёт масъулияти билан баробар кўраяпти...
Иброҳим ҲАҚҚУЛ: – Ҳақиқатда Форобий бобомиз мусиқа ва мусиқа илмининг буюк билимдони бўлган. Ва “ал-Мусиқий”, “Ал-Калом фиъл-Мусиқий”, “ал-Мусиқиъл-Кабир” номли китобларини мусиқа тадқиқига бағишлаган. Олимларнинг эътироф этишларича, Форобий овоз ва мусиқанинг физиологик асосларини юнон олимларидан кўра ҳам теранроқ талқин қилишга эришган экан.
Гапни Форобийдан бошлаганингиз учун Жўржи Зайдон томонидан Форобий ҳақида нақл қилинган бир ривоят ёдимга келди. Форобий “Қонун” деган мусиқий асбоб яратган, деган маълумот бор. Журжи Зайдоннинг айтишича, Форобий яна бир чолғу асбобини ихтиро этган экан. Бу асбоб ерга ўрнатилиб чалинар ва жойлаштириш тарзига қараб оҳанг таратиб, кўнгилга кучли таъсир ўтказар экан. Кунлардан бир кун Форобий Султон Сайфуддавланинг куй ва қўшиқ мажлисида қатнаишибди. Лекин бу йиғинда ҳеч ким уни танимас экан. Жуда кўп куй ва қўшиқлар янграбди. Иттифоқо, Сайфуддавла Форобийдан мусиқани тушуниш хусусида сўрабди. Форобий эса саволга жавоб бермасидан ўзи яратган мусиқа асбобини ғилофидан чиқариб, ерга ўрнатибди-да, чалишга тушибди. Шунда кутилмаганда анжуман қатнашчиларининг ҳаммаси кула бошлабди. Кейин мусиқа асбобини у ўзгартирилган шаклда чалганида, ҳамма баробарига йиғлабди. Сўнг уни янгидан ўзгартириб чалибди. Бу гал тўпланганларнинг бари ухлаб қолишибди. Форобий эса мажлисни тарк айлаб, чиқиб кетибди. Бу ривоят куйнинг таъсири нималарга қодирлигини жуда аниқ изоҳлайди, деб ўйлайман. Дарҳақиқат, мусиқа қувнатишга ҳам, йиғлатишга ҳам қодир. Ҳаттоки, ухлатишга ҳам. Лекин мусиқа ва қўшиқдан кўзда тутиладиган бош мақсад – руҳни бедор қилиш, инсон қалбига куч бағишлаш. Шу маънода руҳ ва кўнгил учун мусиқа даражасида улфат, қўшиқ қадар сеҳрбоз ҳамроҳ топилиши қийин.
Ҳар бир миллатнинг адабиёти, тасвирий ва меъморий санъати бўлганидек, унинг ўзига хос, ҳар қандай ташқи таъсирлардан ўзини ҳимоя қилишга қодир мусиқий олами ҳам бўлиши керак, албатта. Адабиётда сўз, тасвирий санъатда ранг қандай аҳамият касб этса, мусиқада куй ва оҳанг ҳам худди шундай аҳамиятга эга. Мусиқа ишини санъатнинг бошқа турлари тўла-тўкис бажариб билмайди. Ҳатто асосий ҳолатларда бажаришга кучи ҳам, имкони ҳам етмайди. Чунки мусиқа – миллат руҳининг тили, мусиқа – миллат ҳис-туйғуларининг таржимони эрур. Шунинг учун фақат эстетик тарбияда эмас, ахлоқий, маънавий, руҳий, ҳаттоки, диний-илоҳий тарбияда мусиқанинг хизматлари беқиёсдир. Биласизки, энг кўп пайғамбар яҳудийларга мансуб бўлишган. Уларнинг аксарияти мусиқа билан машғул бўлган ва моҳирлик билан мусиқа асбобларини чалишган. Масалан, Ҳазрати Довуд алайҳиссаломнинг ниҳоятда чиройли овози бўлганлиги ва мизмор деган чолғу асбобида куй чалиб, қўшиқ ижро этганлиги илмий адабиётларда қайд этилган. Мусиқа тарихи билан қизиқувчилар “Оҳанги Довудий” деган иборанинг замиридаги ҳақиқатни яхши билишади. Мусиқанинг Шахс ва Миллат тақдиридаги ўрнини ақл, фикр, илм ёки бошқа бирор нарса билан алмаштириб бўлганида, Конфуцийдек буюк бир файласуф “Мусиқа руҳнинг ғизоси”, демасди. Шу ўринда Ибн Халдуннинг бир фикрини эслатиб ўтиш керакка ўхшайди. Унинг таъкидлашича, “Мусиқа бир санъат сифатида фақат ижтимоий ва маданий жиҳатдан юксалган муҳитларда ривож топади. Иқтисодий фаровонликка эришган жамиятларгина мусиқага кучли эҳтиёж сезади”. Демак, ўтмиш замонларда, айниқса, ўрта асрларда яратилган бизнинг мусиқий меросимиз, яъни мақомларимиз ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ. Улар маданияти, маънавияти баланд, иқтисодий фаровонликни таъминлай олган даврларнинг маҳсулидир. Шунинг учун биз мақом тарихига ёлғиз ақл кўзи билан эмас, Кўнгил ва Хотира нигоҳи ила қарашга ҳам ўрганишимиз керак. Чунки мақомларда етарли даражада ўрганилмаган буюк тарих яшириниб ётибди.
Савол:: – Фитрат домла айтганларки, “Бизнинг адабиётимиз Шарқ-ислом адабиётига қандай боғланган бўлса, мусиқамиз ҳам Шарқ-ислом мусиқаси билан шу қадар боғланган”. Сиз, бу боғлиқликни бугунги қўшиқчиликда кўрасизми?
И.Ҳ.: – “Бугунги қўшиқчилик” деганда кейинги даврларда ёки умуман Октябрь тўнтаришидан кейин яратилган замонавий куй-қўшиқларни назарда тутаётирсизми?
А.: – Ҳа, худди шундай.
И.Ҳ.: – Менимча, боғланиш йўқ. Боғланиш мумкин бўлган ҳамма “ришта”ларни шўро мафкураси узиб, “йўл” ва “кўприк”ларни бузиб ташлаган. Мусиқа инсонни илоҳий сирларга ошно этаркан, айни пайтда унга илоҳий саодат эшикларни ҳам очади. Аммо ҳаммага ҳам эмас, албатта. Нақлга кўра, Сайид Шарофиддин аталмиш бир зот Мавлоно Жалолиддин Румийнинг “Биз рубобдан жаннат эшигининг очилиш сасини тинглармиз”, деган сўзларини эшитибди. Ва Румий Ҳазратларига қарши “Биз ҳам рубобни яхши кўрамиз. Аммо Румий айтган ҳеч қанақа овозни пайқаганимиз йўқ”, дебди. Бу эътироз Мавлонога етиб борибди. Шунда у киши “Йўқ, Сайид Шарофиддин ҳам эшитади. Аммо фарқ шундаки, биз жаннат эшигининг очилиш сасини, у эса фақат ёпилиш овозини эшитар”, деган эканлар. Бизда куй ва оҳангнинг илоҳийлигини идрок айлайдиган, моҳият эътибори билан мусиқа диний-илоҳий ҳис-туйғуларнинг бир сарчашмаси эканлигини чуқур тушунадиган хонанда-ю бастакорлар, афсуски жуда кам. Ҳолбуки, мусиқани – диндан, динни – мусиқадан ажратиб бўлмайди. Маълумотларга кўра, Исо алайҳиссалом мусиқага яхши муносабатда бўлмаган экан. Ундан кейин ҳам бир неча аср мобайнида мусиқа христианликда бидъат ҳисобланган. Лекин охир-оқибатда христианлик барибир мусиқага ён берган ва у черковга ҳам кириб келган. Ислом динида ҳам мусиқага қараш доимо бир хилда бўлмаган. Дин олимлари ва арбобларидан айримлари мусиқа ҳақида салбий гапларни илгари суришган. Бироқ Қуръони Карим ва Муҳаммад алайҳиссалом ҳадисларида мусиқа пастга урилиб қораланмагани учун билдирилган танқидий фикрларнинг таъсир доираси ўзига яраша бўлиб қолаверган. Тасаввуф таълимоти юзага чиқиб, тараққий этгач, наинки адабиёт, балки мусиқа истиқболи учун ҳам янги йўллар ва имконият майдонлари очилган. Бир қатор тариқатлардаги Само мажлислари шулардан бири эди. Хуллас, мусиқамиз Шарқ-ислом мусиқасига яқинлашиши учун ўзининг тарихидан узоқлашганлигини билиш зарур.
Nigora Umarova
15.02.2010, 22:39
Савол: – Шамол саҳрода бошқача, ўрмонда ўзгача эсади. Дарахтлар учун шамол гўё чолғувчига айланади... табиат мусиқаси билан инсон яратган мусиқа ўртасидаги мувофиқлик ҳақида нима дейсиз?
И.Ҳ.: – Табиат қучоғи – гўзаллик ва завқ қучоғи. Шу боис табиат ҳар қандай вазият ва ҳолатда одам фарзандини суяйди, илҳомлантиради. Ва нималарнидир яратишга чорлайди. Чунки буюк шоирнинг ҳам, мусаввир ва бастакорнинг ҳам энг беминнат, энг донишманд устози табиат эрур.
Мусиқанинг пайдо бўлиши ҳақидаги ҳикояту ривоятларда куй ва мусиқанинг тамали табиатдур. Улар табиатан моҳир бастакор, табиатан улуғ ҳофиз йўқ, деган ҳақиқатни изоҳлашга хизмат қилади. Мана, Қуръони карим асосида яралган бир ривоятни олайлик. Қаттиқ қурғоқчилик пайтида Ҳазрат Мусо алайҳиссалом Бани Исроил халқи учун сув сўрайди. Ҳақдан “ Эй Мусо, ҳассангни тошга ур!” – деган амр бўлади. Ҳазрати Мусо ҳассасини тошга ургач, ўн иккита чашма очилиб, шарқираб оқа бошлайди. Қарангки, ҳар бир булоқ суви ўзига хос бир куй ва товуш билан оққан экан. “Мусиқий” деган сўзнинг туғилишини ҳам, ўн икки мақом тарихини ҳам ана шу воқеа билан боғлашади.
Қадимий мусиқа асбобларининг номлари-чи? Улар ҳам табиат билан алоқадор! Етти ёшдан етмиш ёшгача – ҳаммага маълум ва машҳур рубобни олинг. Рубоб – арабча – “булут” дегани. Мавлоно Жалолиддин Румий бир рубойиларида шундай деганлар:
Рубоб мутриби ишқ аст, муниси асҳоб,
Ки абрро арабон ном кардону рубоб.
Чунон ки абр соқийи гулу гулистон аст
Рубоб қути замир асту соқийи албоб.
Яъни: рубоб ишқ ва мунис дўстларнинг чолғувчиси эрур. Араблар булутни рубоб демишлар. Булут гулзорга сув сочиб, гулларга қандай соқийлик қилса, рубоб ҳам худди шундай: руҳнинг озиқидур рубоб, ақли ҳуши бошида бўлганларнинг соқийсидир рубоб. Удга тегишли ривоятдаги маъно бундан ҳам гўзал.
Савол: – Иброҳим ака, агар тўғри англайдиган бўлсак, ота-боболаримиздан назаридан четда қолган бирор соҳа йўқ. “Қобуснома”да бир фикр бор. Гўё Кайковус бугунги мусиқий ва адабий жараёнга баҳо берган: “Ҳофизлик яхши ҳунардурки, эшитғон одамларнинг кўнглини олурсан. Аммо... ҳофизлик қилсангу, шеър ёзмоқни ҳам билсанг, ўз шеърингни айтмоққа ҳорис бўлмағил. Надинким, сенинг шеъринг ўзингга хуш келса ҳам, бошқага ҳуш келмаслиги мумкин. Чунки ҳофизлар халқ шеърининг ровийсидур, ўз шеърининг ровийси эмас”. Ҳозир шундай ҳол кузатилади. Ҳатто бир қадар сеҳрли овоз эгаларининг бугунги адабий муҳитни тушунишлари аянчли аҳволда. Аммо қўшиқ айтса ҳам, айтмаса ҳам бўладиган қўшиқчилар ҳам борки, улар адабиётни бир қадар кузатган кўринадилар. Бундай ҳолда овоз ҳам, бадиий савия ҳам ўз-ўзидан аҳамиятсиз бўлиб қолади. Шеърият ва мусиқадаги муштараклик ҳақида гапирсангиз.
И.Ҳ.: – Гапни ўзининг шеърларини қўшиқ қилиб куйлашдан бошлайдиган бўлсак, Кайковуснинг танбеҳлари, албатта, тўғри. Аммо бундай ҳодисани умуман инкор этиб ҳам бўлмайди. Ўша машҳур Висотский ёки Булат Окужава куйлаган қўшиқларнинг кўпчилигини уларнинг ўзлари ёзишган. Бизда ҳам шундай тажрибалар бор. Мен буни ёмон дея олмайман. Аксинча, шеърий иқтидорга соҳиб шоир сифатида ҳам тан олинган хонандада ҳар қалай маслак шаклланган бўлади. У ўзи истасин, истамасин, шеърий матнга нисбатан масъуллик сезади. Ҳозирги иллат бошқа. Шеърнинг нималигини чуқур англамайдиган ёки шеър санъатидан мутлақо йироқ айрим хонандаларнинг ўзлари ёзган нарсаларга куй боғлаб хониш этаётгани ёмон. Айрим қўшиқчилар ўткинчи шуҳрат ҳаваси билан ўзларининг шунақа “шеър”ларини қўшиқ қилиб ижро этаётирки, қандай қилиб радиода берилади, қандай қилиб телевизорда чиқарилади – ҳайрон қоласан одам. Умуман, шеър, мусиқа, тасвирий санъат тақдирини бир-биридан ажратмаслик ва бирини-иккинчисидан паст кўрмаслик керак...
Савол: – Назмдаги мусиқийлик, мусиқадаги шеърият ҳақида фикрларингиз?
И.Ҳ.: – Мусиқийлик шеърнинг энг асосий фазилатларидан бири. Шеърда оҳангдорликка эришиш – бу зўр маҳорат. Шоир сўз билан изҳор эта олмаган муддаосига оҳанг ёрдамида эришади. Оҳанг эса ўз-ўзидан туғилмайди. У баъзан кўнгилнинг, баъзан руҳнинг, кўп пайтда эса дарднинг садоси ўлароқ юзага чиқади. Мусиқабоп шеърлар, менинг тасаввуримда, ўз оҳанги билан туғиладиган ва бастакорнинг диққатини ўзига ниҳоятда осон жалб айлай оладиган шеърлардир. Шеърга куй басталаш, шеърнинг “қулоғи”дан чўзиб мусиқага таслим қилиш дегани эмас. Бундан шеърият ҳам, мусиқа ҳам фақат зиён кўради.
Савол: – Шундай ҳофизларни кўриб ажабланасан: бир хил “қўшиқчи-шоирлар” атрофига айланиб қолишади. Тағин “ўз муаллифлари”га буюртма ҳам беришади: “Содда одамлар осон қабул қиладиган бўлсин!” Ҳозир жўн қўшиқлар пайдо бўлаётганининг бир сабаби шу тор муносабатларда эмасми?
И.Ҳ.: – Сабаб жуда кўп. Эсласангиз, саксонинчи йилнинг ўрталарида қўшиқчиликнинг аҳволига бағишланган жиддий бир мунозара бўлганди. Мен ҳам қатнашганман ўша баҳсда. Мунозарага иштирок этганлар қўшиқчилик ривожига тўсиқ бўлаётган анча-мунча қусур ва камчиликларни очиқ-ойдин айтишган эди. Шундан буён ҳам ўн беш йилдан ортиқ вақт ўтди, лекин қўшиқчиликдаги ўша иллат ва ноқисликлар кўпайса кўпайдики, камаймади. “Буюртма”га қўшиқ ёздириш бу санъатни бундан ортиқ таҳқирлашни тасаввур этиш қийин. Ҳозир мусиқа жабҳасида ҳам муаммолар етарли. Балки аста-секин улар ҳал бўлар. Аммо менда “Миллат ва мусиқа” номида журнал ташкил этилса деган бир орзу бор...
Савол: – Қўшиқчиларимиз, халқнинг орасида кўп бўламиз, деган гапни айтишни хуш кўрадилар. Аммо уларнинг ижодида халққа яқинлик кўрмаймиз. Санъаткорлар учун элга чин маънода хизмат қилишнинг қандай шартлари бор?
И.Ҳ.: – Шартлари жуда оддий. Санъатга санъаткор сифатида виждонан хизмат қилиш керак. Санъатни пулга, шон-шеҳрат ва мартабага сотмаслик лозим. Бирор бир ҳофиз ёки қўшиқчи “Мен халққа хизмат қилмайман”, демайди. Ҳаммасининг шиори битта: эл-юртга хизмат кўрсатиш. Аслида уларнинг катта қисми бойлик учун, ўзининг жуда майда истаклари учун одамларни чин санъатдан йироқлаштиришга хизмат қилади. Ҳаммасидан ёмони ва зарарлиси мана шу. Тўғри, ҳозир бозор иқтисодиёти шаклланаётган бир давр. Тирикчилик, оила, орзу-ҳавас – буларнинг ҳам ўзига хос мажбурият ва масъулияти бор. Аммо санъат мажбурияти ва масъулияти буларни тан олмайди. Буни англамаган киши, санъатнинг боқий талаб ва қонуниятлирини ҳам тушуна олмайди.
Савол: – Куй-қўшиқни инсон учун бир эҳтиёж дейдилар. Аммо ҳаётда бу эҳтиёждан маҳрумлар ҳам бор, албатта. Умуман, мусиқасиз яшаш мумкинми?
И.Ҳ.: – Яшаш мумкин. Фақат ҳайвонга ўхшаб. Йўқ, ҳатто ҳайвонга ўхшаб ҳам эмас. Тасаввуфга доир китобларда мусиқанинг ҳайвонларга таъсири тўғрисида баҳс юритилиб, бир-биридан қизиқарли воқеалар ҳикоя қилинган. Имом Ғаззолийнинг айтишича, Ҳазрати Довуд куй чалганда унинг бошига қушлар келиб қўнаркан. Ўзингиз энди ўйланг, одамнинг бир қуш ёки ҳайвон қадар завқи бўлмаса, уни одам дейиш мумкинми? Демак, ҳайвондан ҳам у тубан бир махлуқ. Инсоннинг нодир хусусиятларидан бири, балким энг муҳими мусиқага муҳаббат, куй ва қўшиқсиз яшай олмасликдир.
Савол: –“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да “эстрада” сўзига “саҳна” деб изоҳ берилади. Бухоролик санъаткор Ўлмас Расулов элга юзма-юз – саҳнада ижро этилган мумтоз қўшиқ ҳам эстрада қўшиғи бўлади, дедилар. Аммо “ўзбек эстрадасининг асосчиси”, “бугунги ўзбек эстрадасининг юлдузи” деган асоссиз таърифу мақтовларни эшитиб қоласан. Сиз “эстрада” сўзининг маъноси билан қизиққанмисиз? Фақат чет эл чолғу асбобларида ижро этилаётган қўшиқларни эстрада намунаси деб кўҳна санъатимизни камситмаяпсизми?
И.Ҳ.: – Ҳар қандай санъатнинг тақдирини Шахс ва истеъдод ҳал қилади. Бугунги ўзбек эстрадасида турли даражадаги талантлар бор. Аммо Шахси истеъдодини суяйдиган, истеъдоди Шахсига куч-қувват бағишлайдиган қўшиқчилар йўқ. Санъат, жумладан, мусиқа ҳам туб моҳияти ила илоҳий ҳодиса. Ботир Зокировнинг ижрочилиги биринчи навбатда тингловчини ана шу ҳақиқатга ишонтиради. Санъатда Ботир Зокиров эришган юксакликни фақат орзу қилиш мумкин. Аммо қўшиқчилик, мусаввирлик, ёзувчилик, таржимонлик ва файласуфлик салоҳиятини ўзида мужассамлаштирган бу буюк Шахснинг санъати билан беллашиш мумкин эмас. Умуман олганда, мен ўзимни эстрада муҳиби деб билмайман. Лекин Ботир аканинг тўрт-беш қўшиғи, Мажнун монологини такрор-такрор тинглайман.
Биласизми, ҳар қандай улкан санъаткорнинг Овози ўзига хос бир мўъжиза. Мўъжизалиги шундаки, бундай сеҳрли Овозни такрорлаш мумкин эмас. Мана шунинг учун Комилжон Отаниёзов битта. Маъмуржон Узоқов ягона. Ботир Зокировнинг садоларидаги кенглик ва қудрат айни тарзда мутлақо қайтарилмасдир.
Қўшиқ тинглаш руҳий эҳтиёж сифатида пайдо бўлади. Ва куйни ҳам, сўзни ҳам кўпинча Сизнинг ҳолатингиз танлайди. Ёки аксинча, куй ва қўшиқ янги ҳолат ва кайфият уйғотади. Ана шунда ташқарида янграётган овоз беихтиёр кўнглида акс садо бера бошлайди. Аммо ҳар қандай тингловчи бунга эриша олмаганидек, ҳар қандай қўшиқчининг овози ҳам юракка етиб бора билмайди. Менимча, эстрадага ўгай назари билан қарамаслик керак. Санъатнинг бир тури шаклида у яшаш ва ривожланишга ҳақли. Фақат уни миллий заминда тараққий топтириш зарур. Шу маънода ўзбек эстрадаси маълум бир ютуқларга ҳам эришган. Масалан, Кумуш Раззоқованинг ўзини ифодалаган, яъни ҳис-туйғулари оҳангга айланган қўшиқлари тингловчида таассурот уйғотади. Боя айтдимку, Ботир Зокиров яккаю ягона. Ўзбек эстрадасида Ботир Зокировга ўхшаган улуғ руҳониятчи ва мутафаккир яна қачон туғилади – буни ёлғиз Оллоҳ билади. Шунинг учун бугун эстрада намунаси деб тақдим этилаётган қўшиқларга жуда ҳушёр қараш лозим. Биласизки, эстрада аввал Оврупода пайдо бўлган. Унинг туғилиш тарихи ҳам – ҳавас қиларлик бир тарих эмас. Илк эстрадачилар – кўчаларда дайдиб юргувчи, у ёки бу муносабат билан қаерда оломон йиғилса, ўша жойда қўшиқ айтадиган хонандалар бўлган. Ҳозирги айрим эстрада дасталари ана ўша ижрочиларни эслатиши бежизмас. Қолаверса, эстрада ижрочилиги ҳис-туйғуларни бир қадар яланғоч ифодалаш ва маҳоратни кўз-кўз қилишни талаб этади. Эстрадада мазмун-моҳиятда теранликка эришиш, фавқулодда мураккаб руҳий ҳолатларга кириб бориш шарт эмас. Худди ана шу нарса бизнинг халқимиз табиатига мутлақо ётдир. Миллий идроки тўғри шаклланган одамларга эътибор қилинг – деярли ҳеч бири эстрадага мафтун бўлмайди. Халқнинг диди ва идроки бизнинг кўҳна санъатимизни муҳофаза қилади. Ана шу жиҳатга кўп аҳамият бериш лозим, албатта.
Савол: – Демак, мусиқа санъатининг ривожида тингловчиларнинг таъсири ҳам бўлади?
И.Ҳ.: – Бўлганда қанақа?! Мусиқага ғамхўрликни пастдан, ўша оддий тингловчидан бошлаш керак. Ҳар турли олди-қочди, саёз ва бачкана қўшиқлар бемаза қовуннинг уруғидай нечун кўпайиб ётибди? Чунки кўп хонандалар тингловчиларнинг дид, савия ёки маънавий талаблари билан ҳисоблашмайди. Мен нимани ижро этсам, улар олқишлар билан шуни қабул қилишаверади, деб билишади. Афсуски, кўпинча шундай бўлади ҳам. Тўй-маъракаларга борганда одамларнинг куй ва қўшиққа муносабати ва тинглаш лаёқатини кузатиб ҳайрон қоласан одам... Бизнинг Аловаддин номли қарнидошимиз бўларди. Ҳозир вафот этганлар. (Худо раҳмат айласин). Эллигинчи, ҳатто олтмишинчи йилларда шу киши қишлоғимизнинг катта ҳофизи ҳисобланардилар. Тўйларда чилдирма чалиб айтган қўшиқларини мен ҳам кўп эшитганман. Кейин ҳофизликни умуман тарк қилди. Лекин ўзи ҳазилкаш бир одам бўлганлиги учун ҳофизликдан хотирда қолган латифанамо гапларни айтиб кўпчиликни кулдириб юрардилар. Қўшни қишлоқлардан бирида тўй бўлибди. Аловаддин амаки ҳофиз. Тўй айни қизиганда бир одам гандираклаб келиб, “Битта “Ковлама” бўлсин!” – дебди. Машрабнинг қўшиққа айланган ўша машҳур шеърини у киши терлаб-пишиб айтибди. Қўшиқ тугаб, энди нафасни бир ростлайман деб турса, барваста яна бир одам келиб, “Аловаддинжон, энди Машрабдан олинг!” – дебди. “Нимани айтай Машрабдан?” – дебди ҳофиз. “Ковламани!” – дебди у. “Ҳозир эшитган қўшиғингиз борку, – дебди Аловаддин амаки, - мана шунинг ичида эди “Ковлама!”. “Э, шунақами, маза қилибмиз-да бўлмаса”, деган экан ҳалиги кимса. Бу неча ўн йил муқаддам бўлиб ўтган воқеа. Лекин бугун ҳам тўй-маъракаларга бориб, атрофга қарасангиз, айтайлик “Ковлама!”ни эшитиб, яна “Ковлама”ни талаб қилувчиларнинг сони кам эмаслигини билиш албатта жуда ёқимсиз. Демак, хонандаю шинаванданинг савияси хусусида теппа-тенг қайғуриш лозим.
Nigora Umarova
15.02.2010, 22:48
Савол: – Иброҳим ака, бугун биз тарихий бурилиш даврида турибмиз. Мамлакатимиз мустақил тараққиёт йўлидан дадил одимлаб бормоқда. Келажакдаги буюк жамиятимиз юксак маънавиятга асосланиши барчамизга яхши аён. Шу жиҳатдан қараганда, маданий меросимиз, хусусан, мумтоз адабиётимизни ўрганиш келажакда қандай аҳамият касб этади? Кўп йиллик йўқотишлар, бой беришлардан сўнг биз уни ҳозир етарлича ўрганяпмизми?
Иброҳим ҲАҚҚУЛ: – Халқимизнинг жуда буюк маданий мероси бор. Унинг улкан тарихи қадим-қадимларга бориб тақалади. Тош битиклардан тортиб ХIХ аср охирига қадар бўлган адабиётимиз – тенгсиз бойлик, хазина. Бу бойлик шўро тузуми даврида ҳам ўқиб-ўрганилган, тадқиқ этилган, чоп қилинган. Фақат тўлақонли ўрганишга имкон берилмаган. Оқибатда ёмон бир тамойил шаклланган. Яъни бир неча аср аввал яшаб ижод этган ижодкорларнинг асарларини замонавийлаштириш, замонга мос жиҳатларинигина улуғлаш авж олган эди. Шоирни атайин бир даврга хизмат қилдириш – биқиқлик, чекланиш аломати. Даҳо санъаткорлар эса барча замонларга мос инсонлардир. Менинг назаримда, миллий адабиётимизда ҳазрат Навоийдан кўра замонавийроқ шоир ҳам, у кишига тенг келадиган мумтоз ижодкор ҳам йўқ. Ҳазратга яқинлашсангиз, маънавий, маърифий, ахлоқий эҳтиёжларингизнинг ҳаммасига жавоб топасиз.
Тадқиқ этиш, ўрганиш масаласига келсак, бизнинг мумтоз адабиёт борасида амалга оширган ишларимиз мутлақо етарли эмас. Ҳамма изланишларни бир дебоча дейиш мумкин. Илгари қилинган тадқиқотлардан кўз юмиш керак эмас. Янгисини ўрганиш эскисини инкор этишни англатмайди. Шўро даврида ҳам ҳазрат Навоий ижодини яхшигина ўрганган инсонлар бўлган. Масалан, Мақсуд Шайхзоданинг “Устоз санъатхонасида” номли туркум мақолалари бор. Мен уларни ҳозир ҳам қайта-қайта ўқийман. Зеро, Шайхзодани ўқиш ва у кишидан ибрат олиш зиён қилмайди.
Савол: – Ҳозир мумтоз адабиётни махсус билимга эга бўлганлар, камсонли мухлислар ўқийди. Биз аксарият ҳолларда енгил-елпи китобларни варақламоқдамиз. Мумтоз шоирларнинг асарлари биз учун мураккаб. Оддий халқ ҳазрат Навоийни шунчаки билиши мумкин, лекин тушунишга қурби етмайди. Навоийни билиш ва тушуниш ўртасида тафовут мавжуд. “Навоийни биламан, унинг ҳамма асарларидан хабардорман” дегучилар кўп топилади. Бироқ бу буюк мутафаккир ижодини том маънода тушуна оладиганлар унча кўп бўлмаса керак. Ана шу тафовут ҳақида гапирсангиз.
И.Ҳ.: – Ақлий идрок билан англанган нарсага илм дейилади. Қалб ила мушоҳада этиш эса маърифатдир. Илм соҳиби – олим, маърифат соҳиби – орифдир. Ҳазрат Навоий – орифларнинг шоири. Қалб тазкияси, яъни қалбни поклаш илми инсон ҳаётида муҳим ўрин тутади. Тушунмоқ маъносида тўғри айтдингиз. Имом Ғаззолий ҳазрат Пайғамбаримизнинг “Бу дунёларингизда гулни, аёлни ва кўзим қароғи бўлган намозни севдим” деган ҳадисини шарҳлайди-да, ўша ўринда намознинг сири, илоҳий ишқ тўғрисида фикр юритиб, инсон илоҳий ишқни вужудидаги бешта туйғу билан англай олмайди, дейди. Бунинг учун олтинчи туйғу керак, дея таъкидлайди. Олтинчи туйғу камдан-кам одамларга насиб қилар экан. Мен Навоийни англаш учун ҳам мана шу туйғу зарур, деб ўйлайман. Бугунги кун одамларида ҳам аксарият ана шу туйғу етишмайди. Сиз Навоийни том маънода тушунадиганлар камлигига ишора қиляпсиз. Ўйлашимча, ўша кишилар ҳам “Биз Навоийни яхши тушунамиз” дея даъво қила олмайди. Тўлақонли тушунишга барибир қурбимиз етмайди. Мана, мен неча йиллардан буён ҳазрат ижодини баҳоли қудрат ўрганиб келяпман. Лекин менда “Навоийни билдим” деган қаноат йўқ.
Бу улуғ зотни кашф қилишнинг сирини айтайми? Аввало, билим олинг. Тарих билан қизиқинг, тасаввуфни, Шарқдаги бошқа таълимотларни ўрганинг, диний билимлардан хабардор бўлинг ва ундан кейин Навоий ижодини ўрганишга қўл уринг. Шунда бошқа оламни кўрасиз, бошқа ҳақиқатларни топасиз. Ҳазратнинг ижоди – мўъжиза.
Савол:: – Демак, бу мўъжизага тўғридан-тўғри мурожаат этиб бўлмайди.
И.Ҳ.: – Албатта. Навоийнинг аксарият асарларида зоҳирий маъно ботиний маъно учун восита вазифасини ўтаган. Тўғридан-тўғри ёндашганда сиз фақат зоҳирий маънони кўрасиз, ботинига эса етиб боролмайсиз. Чунки сизда унинг калити йўқ. Мумтоз шоирларимизнинг бир қаноти – шоирлик, бошқа қаноти илм бўлган. Бир қаноти илҳом бўлса, иккинчиси тафаккур.
Савол:: – Комил инсон ғояси Навоий асарларининг барчасига тегишли десак, муболаға бўлмайди. Шоирнинг тасаввуф олами ҳам бир уммон. Бугунги кун одамининг интилишларини комилликка уйғунлаштириш мумкинми? Бугун тасаввуфни қандай тушунмоқ лозим?
И.Ҳ.: – Бизни, яъни бугунги кун одамини ҳазрат истаган комилликка боғлайдиган асосий нарса – ахлоқ. Комилликнинг биринчи шарти ҳам – ахлоқий гўзалликка эришиш. Иккинчи жиҳати – нафсни енгиб, қалбни поклаш, руҳ тарбияси. Биз ана шуларни ўзимизга сингдиришимиз керак. Ўзингизнинг кўнглингизда шунга эҳтиёж уйғонмаса, комилликни фақат тилингиз сўзлаб, вужудингиз гапирмаса, ичингиздаги илоҳий туйғулар қаноатланмаса, ўзингизни кашф қилмасангиз, ташқаридан келган таъсир билан илоҳиётчи бўлиб қолмайсиз. Шунинг учун ҳам Навоий айтади: “Ҳар не истарсен, ўзингдин истагил”. Одам аввало ўзидан исташи керак. Унда ўзини қайтадан яратиш имконияти бор. Бугунги инсон тилида бир гапни айтади, дилида бошқа ташвиш. Навоий шеърияти айнан мана шунга қарши. Бугунги инсон ҳамма нарсага қизиқади, аммо ўзининг қалби билан қизиқмайди. Навоий яшаган давр одамида Оллоҳга, эзгуликка ишонч кучли бўлган, унинг қалбида илоҳий туйғу бўлган. У замонларда гўзал туйғулар, умуминсоний кайфият ва ҳиссиётларнинг ҳозиргидек яғири чиқиб кетмаган, ёвузлик одамнинг кўнглига бугунгидек илдиз ёзмаган эди. Бу нуқсонлардан, фожиадан халос бўлмоқликнинг бир йўли – мумтоз адабиёт. Навоий асарларини астойдил ўқиб ва уқиб борсангиз, босган ҳар бир қадамингиз учун жавобгарлик, масъулият ҳиссини туядиган бўлиб қоласиз.
Энди тасаввуфга келсак, бу – мураккаб таълимот. Очиқ айтиш керак, Навоийни тасаввуфга боғлашда баъзан нотўғри талқин этишлар бўлди. Ул зотни сўфий қилишга зўр бериб уриниш шўро давридаги уни тасаввуфдан айри ҳолда кўрсатишга уринишдан ҳам ёмондир. Аввало, моҳиятга етиш лозим. Бу таълимотда таассурий, яъни руҳий тасаввуф тушунчаси мавжд. Уларнинг негизида ишқ ва жазба ётади. Навоийни тасаввуфдаги мана шу ишқ ва жазба йўли қизиқтиради, ўзига жалб этади. Ҳазрат ижодини юксалтирган жиҳати ҳам шу. Энг асосийси – улуғ шоир мажозий ишқни илоҳий ишқдан ажратмаган. Тасаввуф шайхларининг ўзлари ҳам дунёвий муҳаббатга қарши бўлмаганлар. Навоий аёлни севмаган, у фақат илоҳий ишқ йўлида бўлган, деган фикр нотўғри. Хусусан, аёлга муносабат борасида, аёлни таърифлаш ва улуғлашда Навоийга тенг келадиган ижодкор топилмаса керак. Ул зот аёлни она, ёр, дўст сифатида тавсиф этар экан, асосан, аёлдаги икки хусусият –фикрий меҳнат (маъни) ва покликка эътибор беради. Бир қитъасида юз туман нопок эрдан битта пок аёл изининг гарди ҳам баланд туради, деган фикрни айтади. Покдамон аёлдан руҳияти, хилқати (табиати) пок фарзандлар туғилади. Айтмоқчиманки, Навоий бу ерда миллатнинг насл-насабини, келажагини аёлнинг поклиги билан боғлаяпти. Бу – жуда катта гап.
Савол:: – Мумтоз адабиётга унча қизиқмаслигимиз ва умуман, бу борадаги билимсизлигимизнинг сабаби нимада деб ўйлайсиз? Бугун айниқса ёшлар ўртасида адабиётга қизиқиш сустлиги сезилади.
И.Ҳ.: – Китобга қизиқмасликнинг асосий сабабларидан бири – телевизор. Ёшларнинг нигоҳи ўшанга михланиб қолган. Мутолаага эҳтиёж йўқ. Бу ҳол ҳеч қачон яхши натижа бермайди. Мана, мен ҳазратимиз номидаги тил ва адабиёт институтида ишлайман. Ўша ерда Навоий ижоди билан шуғулланаётган олимлар орасида қирқ ёшгача бўлган биронтаям ходим йўқ. Махсус шуғулланавчиларнинг аксарияти – 60 ёшдан ўтган олимлар. Тадқиқот, изланиш ҳисси ёшларда кучли бўлиши керак эмасми? Балки бу ҳолни иқтисодий қийинчиликларга боғлаш мумкиндир. Қийинчиликлар эса эрта-индин ўтиб кетар. Аммо инсон руҳий оламини, инсонийлик туйғуларини бой бермаслиги лозим. Ўз шуурини бой берган одамнинг ҳаёти, ҳарчанд тўкин-сочинликда яшамасин, маънисиздир.
Биз фарзндларимизнинг маънавияти ҳақида ўйлашимиз даркор. Уларда мумтоз адабиётга қизиқиш уйғотишимиз, иложи бўлса, бундай қизиқтиришни боғчалардан бошлашимиз керак. Етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган ўзбекда Алишер Навоийга муҳаббатни шакллантириш лозим. Навоий асарларининг моҳиятини англасак, кўпгина маънавий ва маърифий муаммоларимиз ўз-ўзидан ҳал бўлади. Алишер Навоий оламига бир кириб олган миллатни ҳеч қандай куч енголмайди.
Nigora Umarova
15.02.2010, 22:55
Савол: – Иброҳим ака, Сиз бир ўринда “оила худбинлиги” деган иборани ишлатгансиз ва уни жамият учун ўта зарарли иллат сифатида қайд этгансиз. Шу иборага бир оз изоҳ бериб ўтсангиз.
И.Ҳ.: – Ҳозирги одамларни, уларнинг дунёқараши, ҳатти-ҳаракатларини кузатганда кўпгина ижобий сифатлар, савиядаги ўсишлар билан баробар бир салбий майл-эҳтироснинг ҳам шаклланиб бораётганини илғаш мумкин. Уни хусусий худбинлик деб бўлмайди. Чунки у нисбатан кенгроқ, мураккаброқ. Менимча, бу иллатни “оила худбинлиги” деб атасак, тўғрироқ бўлади.
Бу ерда бир киши эмас, бутун оила шу дардга чалинган. Бундай оилалар учун дунёда фақат битта манфаат бор – оиланинг моддий фаровонлиги. Ҳовлидан ташқаридаги ҳаётга “менга деса, дунёни сел босиб кетмайдими”, қабилида қаралади. Атрофдагилар қанчалик қашшоқ, ночор бўлса, уларга бу шунчалик ҳузур, мамнуният бағишлайди. Яқинда бир кишининг уйида меҳмон бўлишга тўғри келди. Бой-бадавлат оила. Шу пайт унга маҳалладошларидан бири қўнғироқ қилиб қолди. Маҳаллалага янги оила кўчиб келибди. “Қандай оила экан, камбағалмасми? – сўради у телефонда, – камбағални мен ҳам ёмон кўраман, Худо ҳам. Шунинг учун Худо уларни хор-зор қилиб қўяди”. Ўзи-ку, майли, лекин Худо номидан гапириш... Яссавий бобомизнинг бир байти айнан шу одамга қарата айтилгандай:
Дунёдорлар молин кўриб ҳаво қилур,
Манманликда ул даъвойи Худо қилур.
Бироқ мен бу билан оила худбинлиги дардига чалиниш учун одам албатта “дунёдор” бўлиши керак, демоқчи эмасман. Аслида, бу иллат асосини маънавиятсизлик, маърифатсизлик, калтабинлик, фикрий маҳдудлик ташкил қилади.
Тилимизда тирикчилик, рўзғор, деган тушунчалар бор. Улар ҳам оилага дахлдор, лекин оила фақат шулардан иборат эмас. Оила кўпроқ жамиятга дахлдор бўлиши керак. Оила худбинлигининг энг ёмон жиҳати – бу иллат оилани жамиятдан ажратиб қўяди. Инсон ҳамма нарсага оиланинг моддий манфаати нуқтаи назаридан қарайди. Ижтимоий масалаларнинг унга сира қизиғи йўқ. Шунинг учун уни маънавият ҳам қизиқтирмайди.
Савол: – Тирикчилик, оила манфаати деган гап азалдан мавжуд. Ёки илгари одамлар бу нарсаларни ўйлашмаганми?
И.Ҳ.: – Илгари оила манфаати Ватан манфаатига зид бўлмаган. Аксинча, оила манфаати ва Ватан манфаати бир-бирини суяб борган. Оила манфаати учун қилинган иш Ватан манфаати учун ҳам хизмат қилган. Чунки оила ичида бировни алдаш, панд бериш, ёлғон гапириш ёки ёмон ишларни қилиш илдизидан қуритилган. Шунинг учун илгариги одамларнинг ички фароғати бошқача, оиладаги боғланишлар ахлоқий, фикрий, маънавий жиҳатдан жуда мустаҳкам бўлган. Бугун кўпинча нима билан боғланади? Ё дастурхон, ё манфаат, кўпинча ёлғон билан. Икки киши ўзаро бир-бирини алдаётганини билиб туришади, лекин бундан оғринишмайди. Ҳолбуки, илгари бизнинг ахлоқимиз, мусулмон ахлоқи, шарқ халқлари ахлоқи бу нарсаларни қабул қилмаган.
Масалан, қадимда, кўктурклар даврида, “ватаний ахлоқ” деган гап бор эди. Бу иборани ҳозир ҳам бот-бот эслаб турамиз. Бу ахлоққа туркий халқлар асрлар давомида қатъий риоя қилиб келишган. Ҳамма нарсадан кечиш, ҳатто жонни фидо қилиш мумкин, аммо бу ахлоққа зид бориш, уни бузиш мумкин бўлмаган. Ватаний ахлоқнинг мазмуни – ватан манфаатини ҳамма нарсадан устун қўйиш, амалиётда ватан учун хизмат қилишдан иборат. Шу туйғулар бўлмаса, одамда ҳар хил иллатлар пайдо бўлиши мумкин.
Аждодларимиз анъаналарга ниҳоятда содиқ бўлишган. Бу хусусда Зиё Кўкалп шундай ёзади: “Эски туркларга кўра, ватан “анъана”дан, яъни “миллий маданиятдан” иборат эди. Қошғарлик Маҳмуд луғатида зикр этилган “Ўлкадан кечилур, анъанадан кечилмас” боболар сўзи миллий маданиятга берилган қийматнинг нақадар юксак бўлганлигини кўрсатади...”
Шунингдек, қадимда туркий халқларнинг оила ахлоқи ҳам мавжуд эди. Умуман, аждодларимиз тўрт асосий ахлоқ кодексига қатъий риоя қилиб яшашган, булар: ватаний ахлоқ, маслакий ахлоқ, оила ахлоқи ва ичкари (аҳли аёл) ахлоқи.
Савол: – Маънавият биринчи навбатда китоб билан тирик. Бу борада китобнинг ўрнини ҳеч қачон, ҳеч нарса боса олмаса керак. Бугунги китобхонлик даражаси қандай?
И.Ҳ.: – Қайси хонадонга борсам, эътибор қиламан, китоб ўқиган ёки ўқимаган хонадон дарров билинади. Шундай одамлар борки, боласи китоб ўқишни хоҳласа, китобнинг арзони 200-300 сўмдир, шу пулни китоб учун раво кўргиси келмайди. Бу ҳол бир марта, икки марта қайтарилади, натижада кўникма пайдо бўлади. Кейин у китобсиз ҳам яшаш мумкин экан-ку, деб ўйлай бошлайди.
Мен турли оқимларга, гуруҳларга кириб кетган ёшларни ўзимча таҳлил қилиб, шундай мулоҳазага бораман. Бошида бола юксакроқ нимагадир интилади, лекин оилада унга қанот берадиган ёки тўғри тарбия берадиган шароит йўқ. Оила ўзи билан ўзи овора. Оилада маърифат йўқ, китоб ўқилмайди, ота на ўтмишни, на бугунни, на динни билади. Бола энди бошқа жойга бориб билим ола бошлайди. Оиланинг эса уни назорат қилишга кучи етмайди. Ахлоқий талаблар, фикр, савия паст. Оила ўзини маърифий томондан муҳофаза қила билмайди. Тушунчаси бузилган бола эса шу оилага бемалол кириб чиқиб юраверади. Кейин натижа нима бўлиши ўзингизга аён...
Савол:– Бошқа ёшларни, умуман, бугунги ўсиб келаётган ёш авлодни кузатганда нималарни ўйлайсиз? Уларнинг ютуқ ва камчиликлари нималар? Уларда Сизни қониқтирмайдиган жиҳатлар борми?И.Ҳ.: – Дарҳақиқат, мустақилликдан кейинги ёшлар бошқача. Шундай бўлиши ҳам керак. Чунки мустақилликдан кейин дунё билан боғланиш имкониятлари кенг бўлди, техника асри, компьютерлар, Интернет, шу нуқтаи назардан уларда ўсиш баланд. Айниқса, уларнинг тил билишларига қойил қоламан. Лекин маънавий жиҳатдан, фикрий жиҳатдан ўсишлари хусусида бундай деёлмайман.
Ҳозирги ёшларга қараб ўзимизнинг болаликдаги танчада ўтириб, эртак ўқиб, хаёлга берилишларимизни ўйлайман. Биз китобнинг, унинг қандай савияда бўлганидан қатъи назар, муқаддаслигига, илоҳий таъсири борлигига мутлақ тарзда ишонганмиз.
Ҳозирги ёшлар баъзан катта-катта тушунчалар ҳақида ҳам бемалол гапираверишади. Баъзан фикр ҳақида гапиришади-ю, ўзларининг фикрсизликлари, журъатсизликлари сезилиб қолади. Лекин маълум бир тушунча сизнинг қалбингизда, ботинингизда илдиз отмаса, сизни ичдан бошқариб, фаолиятингизга ичдан таъсир кўрсатмаса, у пластинкадаги гапга ўхшаб, қуруқ, юзаки бўлиб қолаверади.
Мана бизда ҳозир диний тарбия анча яхши йўлга қўйилган. Лекин мен диний тарбиянинг ҳам жорий йўллари, усулларини янада шакллантириш керак, деб ўйлайман. Масалан, оятларни ёдлаб, ҳадислардан арабчада мисоллар келтирадиган баъзи ёшларнинг фикрсизлигини кўриб ҳайрон қоламан. Нега шундай? Менимча, бу каби ёшларда маърифат завқи етишмайди. Ёшларда руҳни жўмбишга келтирадиган, Ислом тарбиясида мавжуд бўлган ана шу маърифат завқини уйғотиш керак. Илгари ҳам кўпгина мутаассиб диндорлар тасаввуфни гоҳ ошкор, гоҳ пинҳон инкор этиб келган. Чунки улар тасаввуфдаги ана шу завқни, ишқни, эркинликни қабул қилишолмаган.
Киши қуввати унинг руҳониятига қараб белгиланади. Руҳни Имом Ғаззолий “ҳастию нестнамойи”, яъни “бору кўринмайди” дейди. Мен ёшларни кузатганда кўпинча айнан ана шу “бору кўринмайдиган нарса”га, яъни руҳониятга эътибор қаратаман ва улардаги руҳоний саёзлик мени ташвишлантиради. Хусусан, уларнинг ҳозирги баъзи эстрада қўшиқларига муносабати мени қониқтирмайди.
Савол: – Эстрадага муносабатингиз ёмонми?
И.Ҳ.: – Биз адабиёт, санъат, мусиқани кўнгилни “ишлатиш” учун яратишимиз, улардан кўнгилларни софлаш учун фойдаланишимиз керак. Сўнгги пайтларда мусиқанинг кучига кўп эътибор бермай қўйдик. Ваҳоланки, тарихда мусиқа воситасида буюк империяларнинг йўқотилганлиги ҳақида далиллар мавжуд. Манбаларда қайд этилишича, тарихда бир мамлакат четдан келган, азбаройи яроқсиз мусиқа воситасида емириб ташланган экан. Янги империяларнинг юзага келишида ҳам мусиқа кучи эътибордан четда қолмаган. Шунинг учун, менимча, ҳозирда биз ҳам мусиқага баҳо беришга, уни англашга жиддийроқ эътибор қаратишимиз жоиз. Ҳозирги ёшлар эстрада оҳангларини тинглаб катта бўлишаяпти. “Эстрада” сўзининг маъноси “кўча санъати” дегани.
Бироқ, шунга қарамасдан, мен бу билан қўшиқчиликнинг бу шаклига, яъни эстрадага қаршиман, демоқчи эмасман. Бу ерда шакл у қадар муҳим эмас. Буни Ботир Зокировдай улуғ санъаткор исботлаб кетган. Лекин мен шу жанрда ижод қиладиган истеъдодли, катта-катта санъаткорларимизнинг мазмуни ниҳоятда саёз, нафсоний завққа асосланган қўшиқларини эшитсам, ачиниб кетаман. Хўш, айтайлик, Юнус Ражабий, Комилжон Отаниёзов, Маъмуржон Узоқов каби улуғ санъаткорлар нега саёз, нафсоний завқдан иборат қўшиқларни ижро этишмаган? Улар фақат мақом йўлида айтганлари учунмас, балки асрлар давомида шаклланган ўзимизнинг миллий мумтоз мусиқа илмимизни ва бу илмнинг нақадар теран ва мукаммал эканлигини яхши билганликлари учун ҳавойи, бетайин оҳанглардан йироқ бўлишган. Мусиқа илми бизда Исломдан олдин ҳам яхши ривожланган эди. Араб мусиқа илмига ҳам аслида бизнинг юртдан чиққан олимлар асос солишган.
Мен ана шу меросни ғарбнинг енгил-елпи оҳангларига алишмаслигимиз керак, деб ўйлайман. Чунки улар шунчаки оҳанглар эмас, уларда тарих, ўзлигимиз, маданиятимиз, маънавиятимиз яшайди. Абдулла Орипов:
Менинг ҳам руҳимда аждодлар оҳи,
Менинг ҳам қонимда қилич занги бор,
деганидек, бу, аслида, руҳ ва қондаги иш. Мусиқа қачонки қонимизни, руҳимизни жаранглатса, ҳақиқий миллий мусиқа бўла олади. Бизнинг оҳанглар нимаси билан қимматли? Унда ҳам маърифат, ҳам гўзаллик, ҳам Қуръон, ҳам ҳақиқат, ҳаммаси бор. Илгари бизда нафсоний ҳирсларни қўзғовчи, шаҳвоний кайфиятни юзага чиқарадиган мусиқалар қатъиян тақиқланган, ҳатто уларнинг ижрочиларига қарши жазо чоралари қўлланилган.
Хуллас, бугун ёшларимизнинг маънавий камолоти, ахлоқий жиҳатларига жиддийроқ аҳамият беришимиз лозим. Мана, шахс тарбияси ҳақида гапирамиз. Лекин бу борада, назаримда, ҳали конкрет амалий иш бошлаганимиз йўқ. Шахс тарбиясида, менимча, барибир тасаввуфга суянишимиз керак. Мустақиллик шарофати билан тасаввуф ҳақида ҳам бемалол гапирадиган бўлдик. Лекин тасаввуф гапдан кўра кўпроқ яшаш тарзи, амалиёт. Бу эса гапиришга қараганда анча мушкул. Тасаввуфнинг нафс ҳақида кенг баҳс юритишида ҳам ҳикмат бор. Нафсга қарши курашмоқ – бу барча иллатлар илдизига бир йўла болта уриш. Шахс худбинлигининг ҳам, оила худбинлигининг ҳам заволи. Лекин бу оғиздагина осон иш. Навоий бобомиз айтадиларки:
Нафсингға хилоф иш қилғилки, тингайсен.
Биз нафсга хилоф иш қилиш йўл-йўриқларини пухта билишимиз керак
AbuMuslim
20.02.2010, 03:03
Хурматли Нигорахоним, ушбу мавзуда адабиётшунос олимга саволлар берилса бўладими?
Nigora Umarova
20.02.2010, 15:02
Muhtaram AbuMuslim!, mavzuda domlaga savollar qoldirishingiz mumkin.
Biroq savollar soni qanchalik ko'p bo'lsa, shunchalik yaxshi bo'lardi. Sababi, 1-2 ta savol bilan ularning ham qimmatli vaqtlarini olib bezovta qilgim kelmaydi.
Ўзи энг катта бойлик ва бебаҳо мулк – Ҳақиқат. Зиёли шу бойлик ишқи билан куйиб-ёнмас экан – унинг мулкдорлиги бир пул. Зиёли – миллат манфаати учун ишловчи ва миллат тақдирини ўйловчи одам. Зоҳирий фаолликни руҳий фаолликдан устун қўйишга унинг ҳаққи йўқ. Пайғамбаримизнинг “Фақирлик менинг фахрим эрур” деган ҳадислари бор. Ана шу фикрнинг мазмун-моҳиятини тўғри ва теран англай олмаган киши ҳеч қачон чинакам зиёли бўла олмайди.
Ustoz, chiroyli javob beribdilar.
Ruxsatingiz bilan shu yerga savollarimni yozib qoldirsam:
Assalomu alaykum ustoz, avvalambor bayramlaringiz bilan chin dildan qutlayman!
1. Navoiy g'azallarini juda chiroyli tahlil qilib berishingiz barchamizga sir emas. Shunday ekan bir baytga e'tiboringizni tortmoqchi edim:
Agar on turki sherozi ba dast orad dili moro,
Ba xoli hinduyash baxsham Samarqandu Buxororo. (Hofiz Sherozi)
Ushbu g'azal "Naqshbandiya" jurnalidagi (2009 yil, 1-son) "Agar on turki sherozi" deb nomlangan maqolada (maqola muallifi f.f.n. Shodmon Sulaymon) o'z tahlil namunasini topgan. G'azal ma'nosiga ko'ra bu yerda Turki - ramziy ma'noda Haq taolo, hindi xol esa - muqaddas Ka'batulloh deb talqin qilinmoqda. Ya'ni Samarqandu Buxoro aslida arzonga sotilmagan (almashtirilmagan)kabi mazmunda talqin qilingan.
Sizning shu talqinga munosabatingizni bilmoqchi edim. Bu ma'nolasidan bo'lak ham bu ikki misraning boshqa xil ma'nosi bormikan? Shoirning Samarqandu Buxoroni tilga olishdan maqsadi nima bo'lgan deb o'ylaysiz? Sizningcha bu talqin baytning keyingi misralariga ham muvofiq (mos) tusha oladimi?
2. Asardagi qahramonlar xarakteri (xoh ijobiy, xoh salbiy bo'lsin) sizningcha yozuvchi ruhiy olamining tasvirimi?
(IZOH: Bir ilmiy kitobda (nomini bera olmayman) har doim ham yozuvchi ruhiyati uning qahramonlarida aks etavermaydi deyilgan. Masalan salbiy qahramonlar harakati)
3. Hazrat Navoiyning Mavlono Rumiy haqidagi qarashlarini qayerdan topsam bo'ladi? Qanday adabiyotlarni tavsiya etasiz menga. "Majolis-un nafois"da bu haqdagi ma'lumotni uchratmadim.
4. Bugungi adabiyotshunosligimiz rivoji uchun qanday omillarni zarur deb hisoblaysiz. (Asosan tanqidchilik borasida gapirsangiz) Adabiyot tanqidchiligidagi ahvolimiz qanday?
5. So'z sehri va uning qadri xususida o'zingiz chiqargan xulosalarni, ibratlarni biz bilan baham ko'rishingizni so'rab qolaman.
Javoblaringiz uchun oldindan tashakkur bildirib...
vBulletin® v3.8.5, Copyright ©2000-2025, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot