Просмотр полной версии : Қатағон сиёсати ва унинг фожиали оқибатлари: адабиётшунос олим Наим Каримов билан суҳбат
Nigora Umarova
05.02.2010, 16:31
30-50-йиллардаги собиқ совет тузуми даврида амалга оширилган СССР ҳудудида яшаган бошқа халқлар қатори ўзбек халқининг қатағон сиёсати асл фарзандларини ўз домига тортди. Халқнинг аслғ элим деб, юртим деб яшаган жонкуяр фарзандлари қатлиом қурбони бўлдилар: ноҳақ қамоққа олиниб, қириб ташландилар. Шу даврда бўлиб ўтган сиёсий кампаниялар натижасида қишлоқ аҳли ҳам, шаҳарлик оддий меҳнат аҳли ҳам қаттағон даврининг аччиқ тузини тортди. Айниқса, фан, маориф ва маданият арбобларининг қатағон этилиши халқнинг генофондига катта зарар етказди.
Мавзуда ана шулар ҳақида фикр юритамиз, деб умид қиламан , форумдошим!
Суҳбатимиздафилология фанлари доктори, профессор, "Шаҳидлар хотираси" хайрия жамғармасининг катта илмий ходими Наим Каримов ҳам бевосита иштирок этадилар.
Nigora Umarova
05.02.2010, 16:45
"Шаҳидлар хотираси" хайрия жамғармаси ҳақида маълумот бериб ўтсам:
1999 йил 11 августда Ўзбекистон Республикаси Президентининг собиқ Давлат масдаҳатчиси Н.Жўраевнинг раислигида бўлиб ўтган муассислар мажлисида “Шаҳидлар хотираси” хайрия жамғармасини ташкил қилиш, хайрия жамғармаси Уставини маъқуллаш ва Адлия вазирлигига қайд этиш учун тавсия қилиш ҳақида қарор қилинган. Шунингдек, филология фанлари доктори, проф. Н.Каримов хайрия жамғармаси раёсати раиси, юридик фанлари номзоди Б.Тошев эса хайрия жамғармсининг ижрочи директори этиб тасдиқланган.
Хайрия жамғармаси Устави 1999 йил 21 сентябрда Адлия вазирлигининг рўйхатидан ўтган.
Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, Тошкент шаҳар ҳокимияти хайрия жамғармасини 1999 йил сенябрь ойида ЎзФА қўлёзмалар институтига қарашли Навоий кўчасидаги 69-уйга жойлаштирган.
Жамоатчилик комиссияси ва комиссия қошидаги ишчи гуруҳи аъзоларининг МХХ архивида ишлашларига 2000 йил январь ойининг ўрталарида рухсат берилган.
Nigora Umarova
05.02.2010, 16:53
Домла, форумимизга хуш келибсиз!
Яқин тарихимизнинг бизга номаълум бўлган, ўқилмаган саҳифалари кўп.
"Шаҳидлар хотираси" хайрия жамғармаси қатаҳон сиёсатининг бошланиш сабаблари, бу сиёсатнинг фожиали кўлами ва ўурбонлари тақдирини архив материаллари асосида тадқиқ қилади.
Жамғарма ташқил этилганидан бери олиб борган фаолияти ҳақида форумдошларимизга батафсил маълумот берсангиз.
Naim Karimov
05.02.2010, 16:56
“Шаҳидлар хотираси” хайрия жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ватан ва халқ озодлиги йўлида қурбон бўлган фидойилар хотирасини абадийлаштириш тўғрисида” 1999 йил 22 июлда қабул қилган 368-сонли қарори асосида Мустамлакачилик даври қурбонлари хотирасини абадийлаштириш бўйича жамоатчилик комиссияси ҳузурида ташкил этилган.
Ушбу қарорнинг 2-моддасига кўра, мазкур хайрия жамғармасининг вазирликлар, давлат қўмиталари, концернлар, компаниялар, корпорациялар, банклар ва бошқа муассасалардан иборат ҳомийлар гуруҳи ҳамда таркибий тузилмаси иловага мувофиқ маъқулланган
Қарорнинг 3-бандида хайрия жамғармасининг асосий вазифалари қуйидагилар этиб белгиланган:
“– Мустамлакачилик даври қурбонлари хотирасини адабийлаштириш бўйича жамоатчилик комиссияси ишини ташкил этиш ва комиссия зиммасиги юкланган вазифаларнинг бажарилишига ёрдам бериш:
- қатағон этилган фидойи ватандошларимизни номма-ном аниқлаш мақсадида жамоатчилик комиссияси томонидан мамлакатимиз ҳудудларида тузиладиган илмий-ишчи гуруҳлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш:
- шаҳид бўлган юртдошларимиз номини абадий сақлаш ва келгуси авлодларга етказиш мақсадида кўп жилдлик “Қатағон қурбонлари” хотира китобини яратиш ва нашр этишга кўмаклашиш:
- хориждаги турли архив, музей, кутубхона ва бошқа илмий-маърифий муассасалар, мутахассислар билан алоқалар ўрнатиш, ҳамкорлик қилиш ҳамда ватандошларимиз ҳаёти, фаолиятига оид чет эллардаги мавжуд манбаларни излаб топиш ва ўрганиш мақсадида илмий экспедициялар ташкил этиш:
- қонунда белгиланган тартибда ишлаб яиқариш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш”.
Хайрия жамғармасининг фаолияти 1999 йил сентябрь ойидан бошланган. Шу вақтдан эътиборан кўплаб қатағон даври қурбонлари ёки уларнинг яқин қариндошлари асосан қуйидаги масалалар бўйича хайрия жамғармасига мурожаат қила бошлаганлар:
1. Қатағон йилларида мусодара этилган мол-мулкларини қайтариб олиш.
2. Қатағон қурбонлари ва уларнинг жабрларланган оила аъзоларига моддий ёрдам кўрсатиш (шунингдек, товон тўлаш).
3. Кўча, мактаб, майдонларга қатағон қурбонларининг номларини бериш, шаҳар кўча ва майдонларида уларга ҳайкаллар ўрнатиш.
Хайрия жамғармаси бундай масалаларни ҳал этиш ваколатига эга эмаслиги маълум бўлганидан кейин мурожаатчилар сони кескин камайиб кетди. Ва жамғарма фаолияти қуйидаги йўналишлар бўйича олиб борилди:
1. Қатағон қурбонларининг оила аъзоларига жабрдийда оталари ёки қариндошларининг фожиали тақдири тўғрисида МХХ архиви материаллари асосида маълумотномалар бериш.
Хайрия жамғармаси шу вақтга қадар ёзма, оғзаки ва телефон орқали 400 дан зиёд қатағон қурбонларининг оила аъзоларига маълумотномалар берди.
Қатағон қурбонларининг оила аъзоларидан тушган аризаларнинг аксар қисми (тахминан 70 фоизи) бўйича маълумотномалар бера олмаяпмиз. МХХ архиви ходимларининг айтишларича, уларнинг “жиноий-архив ишлари” мавжуд эмас ёки топилмайди. Бундай ҳоллар, айниқса, сўнгги йилларда кўпайиб бормоқда.
2. Жамғарма фаолиятининг дастлабки даврида олиб борилган изланишлар, илмий ишлар ва экспедициялар туфайли тўпланган материаллар асосида “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи экспозицияси яратилди.
3. Қатағон қурбонлари хотирасига бағишланган хотира кечалари ва маърифат соатларини ўтказиш.
Шу вақтгача Тошкент шаҳрида, шунингдек, Тошкент, Андижон, Бухоро, Самарқанд, Жиззах, Қарши вилоятларида 30 дан зиёд хотира кечалари ва 100 дан зиёд маърифат соатлари ўтказилди.
4. Таниқли қатағон қурбонларининг йирик саналарига бағишланган илмий анжуман ва хотира кечаларини ўтказиш.
Шу вақтгача М.Беҳбудий, Ҳожи Муин (Самарқанд ва Тошкентда), М.Абдурашидхонов, Абдулла Қодирий, Ғулом Зафарий, Элбек, Ғози Олим Юнусов, Отажон Ҳошимов, Зиё Саид, Қори Ёқубов, Муҳиддин Турсунхўжаев, Боту, Шайхзода (Тошкентда). Фитрат (Бухорода), Чўлпон (Андижонда), Абдуваҳоб Ибодий, Обиджон Маҳмудов (Қўқонда), Исҳоқхон Ибрат, Рафиқ Мўмин (Наманганда) ва бошқаларга бағишланган 30 га яқин илмий анжуман ва театрлаштирилган хотира кечалари ўтказилди.
5. Қатағон қурбонларининг ҳаёти ва фаолияти тўғрисида газета ва журнал мақолаларини эълон қилиш.
Шу вақтгача Р.Шамсутдинов, Б.Дўстқораев, Х.Ахророва, Ш.Турдиев, С.Аҳмедов, Қ.Ражабов, Б.Каримов, Ш.Бабашев, Б.Алланиязов ва бошқа (шу жумладан, вилоятлардаги журналист) ларнинг 300 дан зиёд мақолалари эълон қилинди.
6. Радио ва телевидение орқали чиқишлар.
Хайрия жамғармасининг фаолияти бошланган дастлабки икки-уч йил ичида радио ва телевидение ходимларининг ташаббуси билан қатағон қурбонларига бағишланган бир неча туркум эшиттириш ва кўрсатувлар ташкил этилди. Жамғарма ходимлари ва фаоллари шу даврда 150 дан зиёд телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар (интервью ва ҳ.к.) да иштирок этдилар.
Қатағон қурбонларининг ижодий меросини эълон қилиш.
Жамғарма ходимлари ва фаоллари томонидан М.Абдурашидхонов, Фитрат, Ҳожи Муин, С.Аҳрорий, Боту ва бошқа ёзувчиларнинг “Танланган асарлар”и эълон қилинди.
А.Қодирий ва Чўлпоннинг Тўла асарлари тўплами, шунингдек, С.Тиллахоновнинг “Хотиралар” ва Л.Азиззоданинг “Туркистоннинг уйғониш тарихи” китоблари нашрга тайёрланган.
8. Хайрия жамғармаси ходимлари ва фаоллари томонидан қатағон мавзуида 30 га яқин китоб ва рисола нашр этилган.
9. Хайрия жамғармаси ходимлари ва фаоллари томонидан қатағон мавзуига бағишланган “Исҳоқхон Ибрат”, “Убайдулла Хўжаев”, “Саид Аҳрорий”, “Миртемир”, “Шаҳидлар хотираси”, “Армонли йиллар кўзгуси”, “Барҳаёт хотира” сингари ўндан зиёд ҳужжатли ва видеофильмлар ишланган.
10. Хайрия жамғармаси ва “Юлдуз” фирмаси маъмуриятининг ташаббуси билан собиқ Тоштурманинг бузилмай қолган қисмида рамзий мемориал барпо этилган, қатағон қурбонларининг хоклари қайта дафн этилган Оқота қабристонида эса ёдгорлик ўрнатилган.
11. Хайрия жамғармасининг ҳар йилги қатағон қурбонларини хотирлаш мавсуми, анъанага кўра, 10 апрелда А.Қодирийнинг Камолон қабристонидаги хилхонасида гул қўйиш маросими билан бошланади ва 4 октябрда (1938 йилнинг 4 октябрида - А.Қодирий, Фитрат, Чўлпон сингари кўплаб ватандошларимииз отилган кунда) - “Шаҳидлар хотираси”даги рамзий сағанага гул қўйиш билан якунланади.
Жамғарма ўз фаолияти давомида қандай ишларни амалга оширган бўлмасин, бу ишларнинг барчаси замирида аҳолини, айниқса, ёш авлодни мустақиллик даври ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш масаласи туради.
Nigora Umarova
05.02.2010, 17:25
20-йиллар охири – 30-йилларнинг бошларида ўзбек адабиётига бир гуруҳ истеъдодли қизлар кириб келганлар. Улар қаламига мансуб шеърлар нафақат газета ва журнал саҳифаларида, балки “Интилиш” сингари тўпламларда ҳам эълон қилиниб, адабий жамоятчиликнинг эътиборини қозонган. Афсуски, бу қизларнинг аксари шеърият оламига қандай порлаб кириб келган бўлсалар, кўп ўтмай, турли сабабларга кўра, шундай сўниб ҳам кетганлар. Шу гуруҳга мансуб Хосият Тиллахонова, Маҳбуба Раҳим қизи, Ойдин Собирова, Музайяна Алавия эса сўнгги кунларига қадар ижод оламини тарк этмай яшадилар..
Яқинда "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетасида Маҳбуба Раҳим қизининг Абдурауф Фитратнинг синглиси бўлганлиги ҳақидаги мақолангизни ўқидим.
Форумдошларимизга ҳам улар ҳақида маълумот бериб ўтсангиз.
Маҳбуба Раҳим қизининг пароканда ҳаёти ва ижоди билан бир бўлса-да танишиб, шу муниса шоира руҳини шод айласак.
Naim Karimov
05.02.2010, 17:30
Таниқли адабиётшунос Тўхтасин Жалолов ўзбек шоираларига бағишланган ҳар икки китобини ёзган вақтида Маҳбуба опа ҳаёт эди. Аммо афсус ва надоматлар бўлсинки, у “Ўзбек шоиралари”нинг иккинчи китобини ёзиш жараёнида Маҳбуба опадан нафақат унинг ўзи, балки Хосият Тиллахонова тўғрисидаги хотираларини ҳам ёзиб олганига қарамай, бу икки шоира тўғрисида бирор тайинли маълумот бермаган. Шунинг учун Маҳбуба опанинг ҳаёти ва ижодига доир бирор маълумотни учратиш қийин. Ҳайриятки, камина дўстларим Шерали Турдиев ва марҳум Эрик Каримов билан бирга ундан Фитрат ва Шайхзода ҳақидаги ёзма хотираларини олиб қолган эканмиз, шу хотиралардаги айрим фактлар ва лавҳа асосида Маҳбуба Раҳим қизи тўғрисида муштарийларда озми-кўпми тасаввур уйғотишим мумкин кўринади
Аввало шуни айтиш лозимки, Маҳбуба опа Фитратнинг ўгай синглиси бўлган. Унинг бахти ҳам, бахтсизлиги ҳам шунда. Фитратнинг отаси Абдураҳим ака савдо ишлари билан ўралашиб юргани учунми ёки енгилтак кимсалардан бири бўлгани сабаблими, оиласига эътиборсиз бўлган. У Бухородаги оиласини ташлаб, Марғилонга борган ва у ерда бошқа оила қурган. Маҳбуба опа 1907 йили шу ерда дунёга келган. Абдураҳим ака марғилонлик фарзандлари Маҳбуба билан Абдуфаттоҳни болалик чоғларида ташлаб, яна Бухорога қайтиб кетган. Маҳбуба опа 9-10 ёшларга кирганида онаси вафот этиб, укаси билан қип-қизил етим бўлиб қолишган. Бу, Марғилонда ҳам, Бухорода ҳам очлик ва қаҳатчилик пвж олган йиллар эди. Невараларининг мушкул аҳволда қолганидан хабар топган бува билан буви Марғилонга бориб, уларни Бухорога олиб келишган.
Фитрат ўша йилларда амир фармонига кўра, Бухородан қувилиб, Самарқандда яшар ва бир-икки ойда Когонга келиб, ота-онаси билан дийдорлашиб, уларга атаганини бериб кетар экан. 1917 йили Фитрат Когонга келиб, оиласини чақиртирганида, бува билан буви Маҳбуба опани ҳам олиб борадилар. Шунда ака-сингил илк бор бир-бирлари билан танишишимконига эга бўлишади. Фитрат Самарқандга бориб, сочи тўкила бошлагани учун бошига шапка кийиб олган экан. Буни кўрган она ўғлини аввал танимай: “Вой, сиз Ҳожижонмисиз?” - деб сўраган, сўнгра нарироққа бориб: “Эссиз, шундай муллавачча ўғлим кофир тусига кириб қолипти”, - деб ўксинган. Маҳбуба опа ёш бўлгани учун ана шу илк учрашувнинг шу лавҳасинигина эслаб қолган.
Амирлик тугатилиб, Фитрат Бухоро Халқ Шўро ҳукуматида қори лавозимларда хизмат қила бошлаганидан кейин ҳам ака-сингилда бир оила бағрида яшаш имкони бўлмади. Тақдир уларни турли жойларга олиб бориб ташлади. Аҳён-аҳёнда бўладиган учрашувлардан қолган хотираларни эса бир ипга тизиш осон эмас. Шунга қарамай, Маҳбуба опанинг ёдида акаси билан боғлиқ бир қанча узуқ-юлуқ хотиралар қолган. Шулардан бири, эҳтимол, муштарийлар учун эътиборлидир
“Фитрат, - деб ёзган эди Маҳбуба опа, ҳаётга некбин кўз қарар эди. У бизга ҳамма вақт насиҳат қилиб: “Ҳаёт – бир оқим дарё. У ўз тўлқинлари билан сени бир Боғи Эрамга чиқариб қўяди – роҳатда яшайсан. Ундан олиб сени Чўли Малика ташлаб қўядики, бу ерда жуда азоб-уқубатда кун кечирасан. Ҳар иккисида ҳам бир хилда туришга ўрганишинг керак”, - дер эди.
1930-31 йилларда, мафкура майдонидаги кураш даврларида Фитрат жуда кўп танқидга учради. Шунда ҳам у: “Майли, агар партия ва ҳукумат мени муаллимликдан четлаштирса, мен ошхонага кириб ошпазлик ҳам қила бераман”, - дер эди
Фитрат ҳақиқатда ҳам ҳар хил таомлар пиширишга жуда уста эди. У паловдан тортиб лағмонгача, мураббодан тортиб ҳолва-ю нишолдагача ўзи пиширар эди.
Янa бир воқеа эсимда. Самарқанднинг Всеобуч бульвари (ҳозир Университет хиёбони – Н.К.) даги ЎзДУнинг уйида турар эдик. 30-йилнинг баҳор-ёз ойлари эди. Бир куни акам ҳовлида мураббо пишираётган, мен бўлсам унга дастёрлик қилаётган эдим. Бир маҳал шоир Олтой пайдо бўлиб,: «Эй домулла, пилла қайнатаётурсизми?..” – деб ҳазиллашди. Акам бошини кўтариб: “Ўғлим, шолтой-болтой деган шеърларингдан ўқияпсанми?” – деди. Олтой енгилганидан қизариб, ўтиб кетди...”
20-йилларнинг ўрталарида Маҳбуба опа марғилонлик Абдулаазиз Шамсиддинов деган кишига турмушга чиқиб, яна водийга кўчиб кетади ва ўша ерда муаллимлик қилади. Аммо 1937 йилда Фитрат қамоққа олиниб “халқ душманлари”нинг оила аъзолари ва уларга яқин кишилар бошига ҳам бало тошлари ёғилади. Маҳбуба опанинг шундан кейинги ҳаёти бизга қоронғи. Абдуазиз Шамсиддинов “халқ душмани”нинг синглисидан ажралишга мажбур бўлганми ёки ҳарбига олиниб, Иккинчи жаҳон уруши жангоҳларида ҳалок бўлганми, ҳар ҳолда Маҳбуба опа урушдан кейинги машаққатли йилларда Тошкентда эрсиз-фарзандсиз тушмуш кечиради. Шундай кунларнинг бирида (бу воқеа 1945 йилда бўлган) у машҳур снайпер Зебо Ғаниеванинг отаси озарбайжонлик Поша Ғаниевга турмушга чиқади.
У шу йилларда кундуз кунлари шаҳар мактабларида муаллимлик қилиб, оқшом чоғи Кечки педагогика институтида таҳсил олади. Мазкур институтда дарс берган атоқли шоир Шайхзода билан танишиб, унинг тоғаси бўлмиш Поша Ғаниев туфайли шоир оиласининг энг яқин кишиларидан бири бўлиб қолади. Шайхзода Маҳбуба опанинг нурсиз ҳаётига бир олам қувонч ва маъно бағишлайди У ярим оч, ярим яланғоч яшаб келган аёлга моддий мадад кўрсатибгина қолмай, уни шеър ёзишда давом этишга ҳам рағбатлантиради.
Маҳбуба опа умрининг сўнгги кунларида шу тарзда шеър ёзибгина қолмай, акаси Фитратнинг оқланиши, асарларининг рўёбга чиқишини орзу қилиб яшади ва шу йўлда интилаётган биз ёшлар билан яқинлашиб, бизга акаси ҳақидаги хотираларини ёзиб берди.
Афсуски, камина Маҳбуба опанинг бу дунёни қачон тарк этганини аниқлай олмадим.
Nigora Umarova
05.02.2010, 17:39
Домла, рухсат берсангиз, шоиранинг шеърларидан форумга қўйсак.
Кўнглим уйида шоду фараҳ авжида ўйнар,
Бахт гулшанининг лолалари мавжида ўйнар.
Ҳижрон ўтида куймак учун асло ўрин йўқ,
Ишқимнинг қуши васлу висол завжида ўйнар.
Давр ноласининг куйчиси Маҳзуна эмасман,
Ғам чашмаси ул кўкка фиғон санжида ўйнар.
Зулм ўрдасида йиғлаб Увайсий куни кечди,
Кўз косасида ҳалқа ёши ранжида ўйнар.
Халқимнинг қизи Нодира ҳам оҳу фиғонда,
Қалби тутақиб орзуси дил кунжида ўйнар.
Ўлкам боғининг кузу баҳор тонгида борман,
Орзу ушалиб, булбули гул тожида ўйнар.
Давр гулшанида Зулфиядек нилуфарим бор,
Ижоди тафаккур тоҳининг буржида ўйнар.
Маҳбуба, замон васфини кўкларга кўтаргин,
Бу нурли замон васфи ғазал буржида ўйнар.
* * *
Муҳаббат гул-чаман очди диёр зеболигин кўргач,
Чамандек шу диёрнинг завқу шавқ оролигин кўргач.
Жамолин тобидан ҳар дам фараҳманд барча кўнгиллар,
Бошида офтобу кўзгуда сиймолигин кўргач.
Шукуҳи не рақибларни алам ўтида ёндирди,
Яшарди меҳнат аҳли меҳрининг дарёлигин кўргач.
Нечун ёзмай, нечун васфига жонимни нисор этмай,
Кўнгил сайрар элим гулшан аро раънолигин кўргач.
Кел, эй авлод, Ватан олдида бурчингни адо эт,
Қувонсин халқимнинг ҳур наслининг донолигин кўргач.
Бу бахт оғушида, Маҳбуба, диёринг мадҳини куйла,
Сенга толе қуёши доимо ҳамролигин кўргач.
Маҳбуба Раҳим қизи
Nigora Umarova
05.02.2010, 17:41
Юртимнинг баҳори шодлик келтирар,
Байрамлар кетидан байрам келади.
Нурафшон диёрим чирой бўрттирар,
Умр гулшанида чаман унади.
Табиат шифокор каби одамга
Шифобахш меҳрини этади тақдим.
Кўк атлас гул-чечак тақиб оламга,
Хуш исин уфуриб ташлайди одим.
Ҳаёт ишқи
Лаззатлидир ҳаёт шу қадар,
Тўёлмайсан ширин васлига.
Уни бизлар этдик мунаввар,
Ижодкори бизлар аслида.
Қақраб ётган асрий чўлларга
Ҳаёт сувин югуртирдик биз.
Шу забардаст олтин қўллар-ла
Ҳосил олган, гул ундирган биз.
Менга маъқул ҳаёт ишваси,
Менга маъқул шу гўзал борлиқ.
Менга маъқул ҳаёт нашъаси,
Чаманларда оламан ҳордиқ.
Гоҳо енгмоқ бўлиб кексалик
Чалғитмоқчи бўлади мени.
“Кекса одам юрмайди толиб,
Биласан, бу – ҳаёт қонуни!”
“Йўқ, йшқ, - дейман унга жавобан, -
Сайр этаман то танда куч бор.
Завқ оламан гулдан, офтобдан,
Даврим гўзал, ҳаётим баҳор.
Куз келди
Куз келди олтиндан баргагин тақиб,
Ранго-ранг товлама кўйлак эгнида.
Халқим-чун фаровон дастурхон олиб,
Келди куз, ҳимматдан камар белида.
Боғбонлар беҳуда терни тўкмабди,
Мевалар жомига тўлибди шарбат.
Беҳуда қуёшнинг нури ўтмабди,
Мевага бол берган деҳқонга раҳмат.
Боғларга фаровон бол тўкар фасл,
Дилрабо бағрингда мен сенга мафтун.
Ҳар дардга даводир бу совғанг асил,
Бахтимиз қуёши нурафшон ҳар кун.
Мунча ҳам гўзалсан, кўркам диёрим,
Меҳринг-ла тўла бу қалбим-ҳаётим.
Сийнангда яйрайман достонинг тўқиб,
Янграсин бағрингда юрак баётим.
Куз келди олтиндан баргагин тақиб…
Ранго-ранг товлама кўйлак эгнида.
Халқим-чун фаровон дастурхон олиб,
Келди куз, ҳимматдан камар белида.
Маҳбуба Раҳим қизи
Nigora Umarova
02.03.2010, 17:59
https://img.uforum.uz/images/ailewxk386959.jpg
https://img.uforum.uz/images/kagyiaj958026.jpg
Тошкент шаҳар, Юнусобод туманида жойлашган "Шаҳидлар хотираси" майдони.
Bekmirzo
02.03.2010, 18:22
Muzayyana Alaviya haqida batafsilroq ma'lumot olish va uning ijodidan namunalar o'qish imkoni bormi?
Bekmirzo
02.03.2010, 18:29
https://img.uforum.uz/images/ailewxk386959.jpg (http://%5BIMG%5Dhttps://img.uforum.uz/images/ailewxk386959.jpg%5B/IMG%5D)
Тошкент шаҳар, Юнусобод туманида жойлашган "Шаҳидлар хотираси" майдони.
Rasmdagi bino hozirda ikkita katta xona va bitta koridordan iborat qo'sh gumbazli majmuaga aylangan. Aynan shu rasmdagi bino zalida o'tgan asr boshidagi tariximiz tasvirlangan...
Jamg'arma ma'muriyati binoning pastki qismida joylashgan. O'tgan yili kuzda bir marta borgandim, jamg'arma va muzey raisi Baxtiyor aka Hasanovning ham suhbatida bo'lgandim. Adashmasam, Naim akani ham o'sha yerda ko'rgandim, lekin tanishib, gaplashishga fursat bo'lmagandi.
Muzeyning o'zini aylanib chiqishda Baxtiyor aka ham bor edi, ma'lumotga boy va juda ta'sirli safar bo'lgandi muzeyga.
Forumdoshlar yig'ilishib, shu muzeyni ko'rishga birgalikda bir borsak, juda zo'r bo'lardi.
Чўлпоннинг "Кеча ва кундуз" асари аслида икки бўлимдан иборат бўлиб бизгача фақат "Кеча" қисми етиб келган, "Кундуз" қисми эса қандайдир сабабларга кўра йўқотилган деган гаплар эшитгандим. Шу гаплар асослими, ёки шунчаки миш-мишми?
Nigora Umarova
09.03.2010, 11:39
Forumdoshlar yig'ilishib, shu muzeyni ko'rishga birgalikda bir borsak, juda zo'r bo'lardi.
E'lon
2010-yil, 12-mart (juma kuni) soat 14-00 da "Qatag'on qurbonlari xotirasi" muzeyida "Qatag'on davrida ayollar va farzandlar taqdiri" mavzusida davra suhbati bo'lib o'tadi. Suhbatda tarixchi olimlar, adabiyotshunoslar, qatag'on etilgan shaxslarning oila a'zolri ishtirok etishadi.
Suhbatda ishtirok etishni xohlaganlarni taklif etamiz.
Naim Karimov
15.04.2010, 15:05
Muzayyana Alaviya haqida batafsilroq ma'lumot olish va uning ijodidan namunalar o'qish imkoni bormi?
Музайяна Алавия дунёга келган Тошкент шаҳрининг Пскент туманида сўнгги икки-уч асрда ўнлаб шоирлар яшаб ижод қилганлар. Улар шеъриятдек нафосат оламида яшашни ўзлари учун буюк саодат, деб билганлар. Бошқа даъволари бўлмаганлиги учун аксар пскентлик шоирлар “девон” тузиб қолдиришга ўзларида катта эҳтиёж сезмаганлар. Музайяна опанинг бувиси Ҳабибахон, онаси Мўътабархон ҳам шоиралар бўлишган. Отаси Акмалхон “Осий” тахаллуси билан нафақат ўзбек, балки араб ва форс тилларида ҳам шеърлар ёзган. Тоғаси – Чўлпоннинг яқин дўсти ва биродари - Абдулла Алавий эса ўта нозиктаъб шоир ва серқирра олим бўлган.
1919 йил кўкламида ана шундай адабий оила ва адабий туманда туғилган Музайяна тоғаси таъсирида фольклоршунос олима бўлиб етишди.
Ўша йилларда ўзбек халқ оғзаки ижоди намуналари тшплаш ишлари бошланган бўлиб, Абдулла Алавий ҳам бу ишдан четда турмаган. Фольклоршунос олимлар эркаклар қавмидан бўлганлиги учун “ичкари”да яшаётган ижодкор аёллар бисотидаги топишмоқ, эртак, қўшиқ, достон сингари халқ ижоди асарларини ёзиб олиш ишлари ҳали йўлга қўйилмаган эди Шунинг учун Музайяна опа тоғасининг таклифи ва раҳбати билан бу улуғ ишга бел боғлади. Унинг 30-йиллардан бошлаб қиш демай, ёз демай, қишлоқма-қишлоқ, шаҳарма-шаҳар юриб, ҳар бир ижодкор аёлни топиб, ундан халқ оғзаки ижоди намуналарини ёзиб олиши Музайяна Алавиянинг бошқа олимлар бажара олмайдиган улуғ хизматидир. Музайяна опа ўзи танлаган фольклористика соҳасининг муҳимлиги ва савоблилигини сезиб, оригинал ижод билан кам шуғулланди. У фақат бўш пайтларидагина шеър ва ҳикоялар ёзди. Унинг 1959 йилда “Севинчларим” деган тўпламидан достон ва шеърлари, шунингдек, бир неча ҳикоялари ўрин олган. Аммо Музайяна опанинг асосий ижодий меҳнати ва тарихда қоладигани – “Ўзбек халқ қўшиқлари” (1974) ва “Ўзбек халқ маросим қўшиқлари” (1979) китобларидир.
Музайяна опа тўплаган халқ ижоди дурдоналари ЎзФА Тил ва адабиёт институти фольклор бўлими архифида сақланади.
Олима 1988 йили Тошкентда вафот этган. Унинг қабри Камолон қабристонида.
Naim Karimov
15.04.2010, 15:06
Чўлпоннинг "Кеча ва кундуз" асари аслида икки бўлимдан иборат бўлиб бизгача фақат "Кеча" қисми етиб келган, "Кундуз" қисми эса қандайдир сабабларга кўра йўқотилган деган гаплар эшитгандим. Шу гаплар асослими, ёки шунчаки миш-мишми?
Чўлпонинг йирик насрий асари - “Кеча ва кундуз” романи ва унинг тақдири узоқ йиллардан бери адабий жамоятчиликни қизиқтириб келади. 1934 йилда Москвада ёзиб тугалланган бу асар 1935 йилда Тошкентда нашр этилган. Китобнинг титул (унвон) варағида унинг “биринчи китоб” эканлиги қайд этилган. Шунинг учун ҳам “Кеча ва кундуз” дилогия (икки китобдан иборат асар) деб келинади. Аммо икки китобдан иборат бу романнинг иккинчи китоби ёзиб туглланганми, агар тугалланган бўлса, нашриётга топширилган эдими, деган саволлар китобхонларни ҳам, адабиётшуносларни ҳам узоқ йиллардан бери ўйлантириб келади. Мазкур биринчи китоб “Шарқ юлдузи” журналида эълон қилинаётган кезларда иккинчи китобнинг ғира-шира овозаси эшитилиб қолди. Эмиш: Самарқанднинг қайсидир бир чеккасида яшаётган кишида иккинчи китобнинг “гранкаси” бор эмиш... Аммо бундан “миш-миш”лардан бирор натижа чиқмади.
1929-1930 йиллардаги қатағон даҳшатлари бир оз тўхтагач, Чўлпон 1934 йилнинг охирларида Москвадан Тошкентга қайтиб келади. У поездда ўша йилларда молия халқ комиссари бўлиб хизмат қилган Акбар Исломов билан бирга келади. А.Исломов ўта маърифатли ва олижаноб кишилардан бўлганлиги туфайли Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романини ёзганлигини эшитиб, уни ўқиб бериш истагини билдиради. Поезд Тошкентга етиб келгач, у Чўлпонни ўз машинасида элтиб қўяди. Тахмин қилиш мумкинки, биринчи китобни ўқиган А.Исломов Чўлпондан романнинг иккинчи китобини ҳам тезроқ ёзиб беришини сўраган. Хотини Екатерина Ивановна билан Тошкентга кўчиб келган Чўлпон Пролетар кўчасидаги кўп қаватли уйдан жой берганларидан ва маиший ҳаётий изга тушганидан кейин иккинчи китобни ёзишга киришган.
Аммо Ёзувчилар уюшмасидаги ва бошқа айрим идоралардаги баъзи бир кимсалар назарида Чўлпон ўша кезларда Москвадаги ва бошқа жойлардаги қамоқхоналарда ётган ёки отиб ташланган “халқ душманлари”дан бири эди. Шунинг учун унинг ишга жойланиши қийин кечди. У кўпроқ таржима ҳисобига турмуш кечира бошлади. Бунинг устига, уюшмадаги бояги ҳушёр кимсалар йиғилишларда, матбуот саҳифаларида уни қораловчи чиқишлар қилиб туришди. Қанд хасталигига чалинган Чўлпоннинг Тошкентдалик ҳаёти шундай сабаблар туфайли оғир кечди. Бундай шароитда адиб хаёлида пишган иккинчи китобнинг қоғозга тушиши қийин эди. Хуллас, 1937 йил воқеалари бошланганда адиб романни якунлаб улгурмаган эди. У ҳибсга олинган кунда иккинчи китобнинг қўлёзмаси ҳам олиб кетилди ва кейинчалик куйдириб ташланди.
“Кеча ва кундуз” дилогияси иккинчи китобининг тақдири, Чўлпон тақдири сингари, шундай якунларди.
Nigora Umarova
15.04.2010, 15:39
Домла, Сиз кўп йиллар мобайнида “Шаҳидлар хотираси” жам-ғармасига раҳбарлик қилдингиз. Ҳозир ҳам бу жамғарма билан алоқангизни узганингиз йўқ. Табиийки, ҳам хизмат, ҳам ижод тақозосига кўра, ўн минглаб кишиларнинг фожиавий тақдиридан огоҳ бўлгансиз. Албатта, бундай дамларда кўнглингиздан аламли ўй, изтиробли туйғулар ўтган бўлса керак. Айтинг-чи, қатағон деган бало аслида нимадан ва қандай бино бўлади? Тўғри, уни ёвуз идора усули дунёга келтиради, деган одмироқ жавоб бор. Лекин шу идора усулини ҳам одам ўйлаб топади ва ишга солади-ку?! Ёки қатағон “манбаи” деб инсон табиатининг қора томонларини олиш керакми? Қолаверса, жабрдийда халқ бошига тушган қатлиомларнинг Ватан равнақи ва миллат тараққиётига етказган талофатини бирор шаклда ҳисоб-китоб қилиш имкони борми?
Naim Karimov
15.04.2010, 15:45
Домла, Сиз кўп йиллар мобайнида “Шаҳидлар хотираси” жам-ғармасига раҳбарлик қилдингиз. Ҳозир ҳам бу жамғарма билан алоқангизни узганингиз йўқ. Табиийки, ҳам хизмат, ҳам ижод тақозосига кўра, ўн минглаб кишиларнинг фожиавий тақдиридан огоҳ бўлгансиз. Албатта, бундай дамларда кўнглингиздан аламли ўй, изтиробли туйғулар ўтган бўлса керак. Айтинг-чи, қатағон деган бало аслида нимадан ва қандай бино бўлади? Тўғри, уни ёвуз идора усули дунёга келтиради, деган одмироқ жавоб бор. Лекин шу идора усулини ҳам одам ўйлаб топади ва ишга солади-ку?! Ёки қатағон “манбаи” деб инсон табиатининг қора томонларини олиш керакми? Қолаверса, жабрдийда халқ бошига тушган қатлиомларнинг Ватан равнақи ва миллат тараққиётига етказган талофатини бирор шаклда ҳисоб-китоб қилиш имкони борми?
Ажабки, жаҳоннинг манаман деган сиёсатшунослари ҳам қатағоннинг қаердан пайдо бўлганини айтиб беролмаяпти. Қатағон — зулмнинг қутурган шакли. Зулм эса кучлар нисбати тенг бўлмаган жойда пайдо бўлади. Мана, ҳозир Россиядаги демократия деб аталган хўжасизлик ёки бедарвозалик оқибатида инсон қиёфасини йўқотган бир ҳовуч кимсалар юзлаб кишиларни ўҚирлаб, қул қилиб ишлатмоқда. Бу ваҳшийлик ХХI асрда рўй бермоқда. Ҳарбий “спутниклар” ёрдамида Ер куррасининг аллақайси пучмоғида ётган игнани ҳам кўра оладиган ҳукумат бандиликдан қочган жабрдийдалар туфайлигина ўз юртида авж олган “қулдорлар давлати”дан хабар топмоқда.
Naim Karimov
15.04.2010, 15:47
“Бировнинг дарди”, “ўзганинг фожиаси” деган гаплар бор оламда. Большевиклар 1917 йил октябридан кейин Романовлар оиласини отиб ташладими ёки бойларнинг мол-мулкини талаб, ўзини Сибирга юбордими — ҳеч кимнинг иши бўлмаган. “Ҳой, инсон қиёфасини йўқотган нокаслар! Романовлар тахтини-ку, олишга олдинг, энди тахт эгасини отиб, нима қиласан? Бойларни талаб, шўрини-ку қуритдинг, энди ўзини Сибирга ҳайдаб, нима топасан? Уларнинг айби нима?” дейдиган мард топилмаган. Ҳали бундай марднинг дунёга келмаганини кўрган большевиклар ундан-да каттароқ жиноятларга қўл ура бошлаган. Кейин ундан ҳам каттароғига... Ана шу тарзда “Оч қорним — тинч қулоғим” мақолига амал қилиб яшаган халқ большевиклар учун айни муддао бўлган.
Ўзлари вайрон қилган мамлакатни қайта тиклаш осон кечмади. Уни ҳалокат ёқасидан қайтариш учун улкан қурилишларни бошлаш, бунинг учун эса иш кучи зарур эди. Шундай мураккаб бир шароитда ВЧК қамоқхоналари ўғри ва муттаҳамлар билан тўлиб-тошиб кетди. Худди шу вақтда Сталин ва большевиклар бахтига, Натан Френкель деган туркиялик яҳудий пайдо бўлиб, “инқилоб иши” учун миллионлаб пул топиб беришни ваъда қилади. У шу вақтгача давлат пулига кун кўриб келган қамоқхоналардаги маҳбуслар энди шу давлат учун “пул халтаси” бўлиши мумкинлигини айтади. Шу тарзда арзимаган айб билан ҳам ўн минглаб кишилар қамоққа олиниб, Беломор канали, Москва-Волга канали қурилишларига жўнатилади. Соловец ороллари, Сибирь ўрмонлари, Колиманинг борса-келмас жойларида ташкил этилган ўнлаб лагерлардан пул оқиб кела бошлайди.
Naim Karimov
15.04.2010, 15:49
Бу — масаланинг бир томони. Иккинчи томони шундаки, 30-йилларнинг бошларида ВКП(б) МК Сиёсий бюросида ҳокимият учун кураш бошланган. Сталин бу курашда барча рақибларидан халос бўлиш учун уларнинг ўзинигина эмас, иттифоқдош республикалардаги улар билан алоқада бўлган барча кишиларни ҳам уруғ-аймоғи билан йўқ қилишга киришган. Ўзини Сталинга содиқ қилиб кўрсатишни истаган большевиклар ёнаётган гулханга мунтазам мой сепиб турган. Шу тарзда қатағон гулхани йилдан-йилга авж олиб, “1937 йил” деган жаҳаннамни пайдо қилган.
Шубҳасиз, Сталин ҳам, Москва ҳам Ўзбекистондаги Акмал Икромов ва Файзулла Хўжаев сингари раҳбарлардан ташқари, фалончи-фалончилар отиб ташлансин ёки қамоққа олинсин, демаган. Бундай вазифани қўни-қўшнисида хусумати бўлган, ўртоҚининг хушрўй хотинига кўз олайтириб юрган ёки омади юришган кишиларни кўролмаган юртдошларимиз бажариб, “инқилобий ҳушёрлик” қилган. Шу маънода, инсон табиатидаги шайтоний сифатлар ҳамма замонларда ёвузликнинг вужудга келишига сабабчи бўлади. Сталин ва сталинизм ана шундан усталик билан фойдаланган.
Мустамлакачилик даврида ўзбек халқичалик кўп озор чеккан халқ йўқ, дейиш мумкин. Негаки, 1917-1920 йилларда большевиклар дастидан қочиб, Амударё орқали Афғонистонга ўтиб кетмоқчи бўлган миллатдошларимизни қизил аскарлар чуҚурчуқдек отиб ташлаган ва дарё ойлар давомида ўликлар билан тўлиб оққан; 1918 йилнинг феврали — Туркистон Мухторият ҳукуматининг тор-мор этилиш кунлари Қўқон ва Қўқон атрофидаги қишлоқларда, “Наша газета”нинг ёзишича, 10 мингдан зиёд одам қириб юборилган; “босмачилик” ҳаракати, жамоалаштириш, “қулоқлаштириш”, пахта мустақиллиги учун кураш йилларидаги фожиали воқеаларни-ку айтиб адо қилиш қийин. Булар қатағон машинаси ишга тушган вақтгача бўлган “шунчаки ҳодиса”лар, холос.
Қатағон даҳшатлари халқимизни қўрқоқ, муте ва ҳатто бир оз ҳуркак қилиб қўйди.
Nigora Umarova
15.04.2010, 18:01
Азизлар!
Эътиборингизга Файзулла Хўжаевнинг қизи Вилоят Хўжаеванинг отаси қамооқа олингач оилаларининг аҳволи, кўрган оғир кунлари ҳақидаги хотираларни ҳавола қилмоқдамиз.
Маълумотларни тақдим этганликлари учун олимимиз Наим Каримовга чуқур миннатдорчилигимизни изҳор қиламиз.
Кечаги кун биз учун сабоқдир. Ўтганларнинг хатосини биз такрорламайлик.
ОТА-ОНАМ ҲАҚИДАГИ ХОТИРАЛАРИМ
1937-1938 йиллардаги даҳшатли воқеаларни эсласам, баданим жунжикиб кетади. Турли касбдаги кишилар – давлат арбоблари, ёзувчилар, олимлар, фан ва маданият ходимлари, шунингдек, ҳарбийларнинг шахсга сиғиниш давридаги кечмиши фожиали тугади, тарих саҳифасида қонли излар қолди.
Отам у ёқда турсин, ўзимнинг бошимдан ўтган машаққатли, машъум кунлар каттакон бир китоб бўлади, узундан-узун кўп сериялик кино бўлади. Халқимизнинг содиқ фарзандлари - давлат ва партия арбоблари Акмал Икромов, Назир Тўрақулов, Абдулла Раҳимбоев, Турор Рисқулов, В.Иванов, Собир Юсупов, Абдуқодир Муҳиддинов, Иномжон Хидиралиев каби ўлмас сиймолар тўғрисида қанча ёзсак ҳам оз.
Булар сафидаги Файзулла Хўжаевнинг босиб ўтган ҳаёти, ижтимоий-сиёсий фаолияти эса ёшларимиз учун бамисоли ёруғ юлдуз янглиғ ибратомиздир.
Отамни 1937 йили ҳибсга олишгач, мол-мулкимизни мусодара этиб, бизни оиламиз билан Сибирга сургун қилишди. Оиламизда бахтсизлик бошланди. Бахтсизларга эса ғам-ташвиш илашавераркан.
Ўша Сибирда кўрган-кечирган фожиали кунларимизни Худо душманларнинг ҳам бошига солмасин...
Nigora Umarova
15.04.2010, 18:03
Отамнинг бошига ёғилган ноҳақлик ва адолатсизлик тошлари бизнинг оиламиз: катта онам Райҳон Саидмурод қизи, онам Малика Муҳаммаджон қизи, аммам Робия Убайдулла қизи ва бошқа яқин қариндошларимизнинг бошларини ёрди. ХIХ асрнинг 60-йилларида Ўрта Осиёни Чор Россияси забт этгач, чоризм ва зулмига қарши бош кўтарганларни Сибирга сургун қилиш даҳшати билан қўрқитишарди. Буни қарангки, шўролар даврида ўртаосиёлик ва қозоғистонлик қанчадан-қанча мард ўғлонлар Сибирнинг абадий музликдан иборат ерларида қолиб кетдилар.
Сибирь... Номи ўчсин бу даҳшатли дўзахнинг! Агар бу дунёда ҳам дўзах бор бўлса, бу, шак-шубҳасиз, Сибирдадир. Шунинг учун ҳам “Сибирь” сўзининг ўзи инсон қалбини ларзага солиб келган. Тўғри, Сибирни Сибирь сургунида бўлганларгина билади.
Онам Малика Муҳаммаджон қизи меҳрибон, мунис, ёрига вафодор, оддий деҳқон қизи эди. У сиёсатга унча аралашмаса ҳам, кундалик ҳаёт воқеаларидан ақл-идрок билан хулоса чиқара оладиган оқила, одила, доно аёл эдилар. Ҳаётни севар, чеварликни қадрлар эдилар. Онамнинг ҳикоя қилишларича, мен дунёга келгач, менга исм қўйишда отам билан тортишиб қолган эканлар. Онам менга Жамила исмини қўймоқчи бўлганлар. Отам: “Йўқ, қизимнинг отини Вилоят қўямиз. У амир зулмидан озод ва бахтиёр яшаётган Бухоро вилоятининг энг бахтиёр фарзанди бўлсин”, - деб, отимни Вилоят деб атаган эканлар. Минг афсуслар бўлсинки, тақдир мени -Бухоронинг “бахтли фарзанди”ни энг бахти қаролар гўшасига улоқтириб юборди. Онам 1953 йилда даҳшатли Сибирдаги аёллар баракида ўз қўлимда жон бердилар. Онаи зоримнинг нозик танаси гўру кафансиз Сибирь қор-бўронлари остида қолиб кетди. Отамнинг қайдай қийноқ-азоблар билан ўлдирилганлигини билмайман-у, бироқ муниса ва меҳрибон онам билан бирга чеккан ҳадсиз азоб-уқубатларини ҳаргиз унута олмайман, унутишга ҳаққим ҳам йўқ...
“Сибирнинг дахшатли совуқларида оғиз очолмай, шамдек қотиб ўлгандан кўра, ўз юртингнинг жазирама иссиғида, майли, ташна ҳолда, мажолсиз бўлса ҳам, мусаффо осмону фалакни кўриб жон берганинг минг бор афзал”, деган сўзларни менга ўлим олдидан меҳрибон онам айтган эдилар. Меҳрибон онамнинг совуқдан юзларида қотиб қолган ёш томчиларини қўлим билан силар эканман, бошимизга бу машъум кунларни ёғдирган бемеҳр, одамхўр жаллодларга ич-ичимдан инграб лаънатлар эдим. “Уларни ер ютсин”, - дер эдим. Онам Сибирь қамоғида, ўлим олдидан титроқ қўлларини чўзиб, очликдан, мажолсизликдан хираланган кўзларини менга тикиб: “Мен ўлсам ҳам, сен ўлмай, она юртим Бухорога бориб, юртим фарзандлари қўлида жон берсанг, мен ўзимни бахтиёр ҳис этган бўлардим, болам”, - деганлар. Онам Маликанинг ўлим олдидан айтган мана шу гаплари ҳамон қулоғимда тилла исирғадай осиғлик. “Вилоят, қизим, омон бўл, пешонамизга шу қисматлар ёзилган экан, қўлимиздан нима ҳам келар эди, ер қаттиқ, осмон йироқ, Ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ”, - дейишган машойиқлар. Шояд адолат барқ уриб, сенинг юзингга озодлик, шодлик шабадалари урса, мен гўрсиз чириган танамда руҳан шод бўлган бўлардим”.
Бошқа гапларни айтишга онамнинг мажоли етмади. У даҳшатга тушган одамдек кўзларини катта-катта очди-да, бирдан жон таслим этди.
Nigora Umarova
15.04.2010, 18:04
Ўша баракларда турли миллат вакиллари, турли ёшдаги аёллар, қизлар оёқма-оёқ тиқилишиб ётардик. Машҳур рус ёзувчиси Галина Серебрякова ҳам бизнинг баракда эди. 20-йилларда “Известия” газетасининг Туркистондаги мухбири бўлиб ишлаган бу доно ва ақлли аёлдан отам ҳақида кўп нарсаларни сўраб билиб олдим. “Отангиз баҳоси йўқ одам эди. Агар таъбир жоиз бўлса, мен Файзуллани Энгельс билан қиёслаган бўлардим”, - деган эди Галина Серебрякова менга таскин бериб.
Сибирь - бу курорт эмас, у минглаб ҳақ ва ноҳақ жиноятчиларнинг машъум маскани. Ўтмишда кимки Сибирь жаҳаннамига сургун қилинган бўлса, қайтиб ватанига келмаган. У ердан омон қайтганлар эса ўзларини иккинчи маротаба дунёга келгандай ҳис қилганлар. Сургундаги маҳбуслар ётоқхонаси – баракларнинг ифлослигидан, совуқлигидан, бериладиган овқатининг сифатсизлигидан жабрдийдалар турли-туман касалликларга чалинар ва оламдан тез кўз юмишарди. Жабрдийда маҳбуслар учун энг хавфлиси бу цинга касаллиги эди. Бу касаллик билан оғриган беморнинг тишлари “С” витаминининг етишмаслиги (пиёз, саримсоқ пиёзнинг истеъмол қилинмаслиги) дан тутдек тўкилиб кетаради. Шахсан мен Сибирь сургунидан ўз тиши билан қайтиб келган одамни учратганмаганман. Сибирнинг 40-50 даражали совуғига, қорли бўронига чидаш осон эмас. Сибирь, айниқса, иссиқ иқлимли Ўрта Осиёлик маҳбуслар учун ғоятда хатарли ва хавфли гўша ҳисобланарди. Қиш кунлари Сибирда совуқдан шамдек қотиб ўлиш ҳеч гап эмасди.
У ерда оғиз очиш у ёқда турсин, изғиринли совуқда имо-ишора билан зўрға гапириларди. Сибирнинг кўзочирмас изғирин бўронидан жон сақлаш учун баъзан ўрмонда гулхан ёқиб, қўл-оёғимиз ва танимизни иситар эдик. Лекин ўтда исиниб, яна совуққа рўбарў бўлган кишиларнинг қанчаси ҳалок бўлиб кетган. Бир сўз билан айтганда, Сибиръ сургунининг даҳшатли исканжасидан қутулиб, бу ёруғ дунёни эркин одамлардек ҳис этиш топилмас жаннатдир.
Мен ҳақиқат ва адолат тантанасига ишонаман. Мен оптимистларча яшадим. Лекин мен ва меҳрибон марҳума онамга ўхшаган минглаб айбсиз жабрдийдалар қалбида Сибирь Сибирлигача муҳрланиб қолаверади. Қалбимнинг аламли бир парчаси Сибирь ерларида қолган. У ерда менинг дилбандим, меҳрибон онамнинг совуқдан қотиб қолган мурда ҳайкали қолган. Сибирь менинг учун Худо қарғаган, лаънатланган айбсиз жабрдийдалар маскани ҳисобланади.
Nigora Umarova
15.04.2010, 18:07
30-йилларнинг биринчи ярмида уйимизга турли касб эгалари -ёзувчилар, олимлар, инженерлар, артистлар, газета-журнал мухбирлари тез-тез ташриф буюришарди. Улар ҳатто бизнинг яшаш трзимиз, ўқишларимиз билан қизиқардилар, турли саволлар ҳам берардилар. Турмуш шароитимизнинг оддий ва осойишталигини, саришта-саранжомлигимизни кўриб. ҳайрон қолар эдилар. Улар, айниқса, отамни турли-туман саволларга кўмиб ташлардилар.
Бир гал газета мухбирларидан бири: “Кечирасиз, ўртоқ Файзулла Хўжаевич, сизни миллионер бойнинг ўғли, дейишади. Шу гап ростми?”- деб берган саволига отамнинг кулимсираб: “Ҳа, рост. Отам бой савдогар бўлган, мен ўша бойликка эга бўлмаган инқолобчи бўлдим. Тарихда бизга ўхшаганлар анчагина бор. Масалан, Луначарский чиновниклар оиласидан. Чичерин, Дзержинский, Тухачевский, Менжинский, Коллонтайларнинг ҳам дворян, бой табақадан чиққанлигини биламиз. Менимча, ҳар бир киши учун, энг муҳими, бойлик эмас, ғоя ва эътиқоднинг борлиги бўлса керак”, - деганлари эсимда.
Уйимизга турли касб эгалари отамдан маслаҳат сўраб, у билан фикрлашгани келишади. Ёзувчилардан: Садриддин Айний, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Сўфизода, Боту, Усмон Носир, Ғайратий, Комил Яшин, артистлардан: Домулла Ҳалим Ибодов, Қори Ёқубов, Маннон Уйғур, Тўхтасин Жалилов, Ҳалима Носирова, Тамарахонимлар отам билан мулоқотда бўлиб, турли мавзуларда суҳбатлашганларини эслайман. Бу суҳбатлар ғоят мароқли ва қизиқарли бўларди.
Отам оддий, камтар, ақлли, сезгир, ишчан, айни вақтда юксак маданиятли одам бўлганлар. Бу отамнинг 1907-1912 йилларда Москвада европача таълим олганлигининг натижаси бўлса керак. Айниқса, хотин-қизларга нисбатан маданиятли ва самимий эдилар. Буни отамнинг ўртоқлари, дўстлари ҳам: “Файзулла Ҳўжаевнинг бекор, бўш ўтирганини камдан-кам кўрганман”, - деб эътироф этадилар.
Nigora Umarova
15.04.2010, 18:08
Отам давлат ишлари билан банд бўлишларига қарамай, оиладаги рўзғор ишларига ёрдам берар, бизнинг ўқишларимиз, тарбиямизга ҳам вақт ажратар эдилар. Отам доимо журнал, китоб, қоғоз билан уйга кириб келардилар. Кечалари аллавақтгача бирор маъруза ёки газета ё журналга мақола ёзиш билан банд бўлардилар. Эртанги бўладирган иш режасини тузар, партиявий ёки хўжалик йиғилишларида сўзга чиқиш, у ерда нималар ҳақида гапиришни ён дафтарларига қисқагина қилиб ёзиб олар эдилар. Отамнинг иш кабинетидаги чироқ тун яримлагунича ўчмас эди. Базъан катта онам Райҳон отамнинг ёнларида ўтириб олиб, ўқиш ва ёзишдан қизариб кетган тим қаро кўзларига меҳрибонлик билан боқиб: “Болам, ёзишингни бас қил, не вақт бўлди, ётиб дамингни олгин”, - дер эдилар. Шунда отам ёзувдан тўхтаб, қўлларига дам бериб: “Онажон, ҳозир мамлакат бўйлаб синфий кураш кетяпти, хотиржам ётиб, дам олишни пайти эмас”, - дер эканлар. Отам меҳрибон ва мушфиқ оналарига она-Ватаннинг келажак истиқболи ҳақида нималарнидир ҳикоя қилиб, баъзан эса газета-журналлардан қизиқ воқеаларни ўқиб берар эдилар.
Уйимиз, яшаш шароитимиз кўпчилик қатори жуда оддий эди. Стол- стул, икки-учта оддий курси (табуретка), чиройликкина китоб жавонимиздан бошқа ортиқча бойлигимиз йўқ эди.
Эсимда, бир гал ёзув столимизнинг (баъзан овқатланиш столимизнинг ҳам) бир оёғи синиб қолган. Ўшанда отам қўлига болға, мих олиб, столни бирпасда тузатиб қўйганлар. “Йигит кишига қирқ хунар ҳам оз”, дея столни қўллари билан маҳкам босиб, кўрар эканлар, менга қараб: “Мана энди оёғи мустаҳкам бўлди, Вилоят! Бир асрга дош бериши мумкин”, - деб кулиб қўйдилар. Отам оила аъзоларини оддийликка, меҳнатга, камтарликка, самимийликка, бошқаларни ҳурмат қилишга ўргатар эдилар. Бойлик орттириш, таъмагирлик, худбинлик, мақтаниш, манманлик отамга мутлақо бегона эди. “Мен отамнинг олтинини олмадим, элнинг олқишини олдим”, - деган гапларини кўп эслайман.
Отам тўғри, ростгўй одам бўлганлари, ишчан бўлганлари учун ҳаётда ҳам шундай одамлар билан бирга юрардилар. Улар, айниқса, классик ва замонавий қўшиқларни, музикани севар, китоб ўқишга алоҳида вақт ажратар эдилар. Ов қилиш, шахмат ўйнашни, очиқ ҳавода сайр қилишни ҳуш кўрардилар.
Отам, дўстларининг айтишларича, 1920-1921 йилларда давлат ишлари билан банд бўлишларига қарамай, Бухоро шаҳрида ўқитувчилик ҳам қилиб, ўтмишда мутлақо саводсиз меҳнаткаш халқ оммасига илм-маърифат тарқатиш ишининг муҳимлигига диққат-эътиборни жалб этган эканлар.
Отам иккиюзламалик, ҳаромхўрлик, порахўрлик, қалбакилик, ёлғончилик, мақтанчоқлик ва шуҳратпарастликни жуда ёмон кўрар эдилар. Бундайларни жамият бошига тушган қурт, дердилар. “Эл-юрт бошида турган одам энг аввало ҳалол-покиза, одил, доно, оддий ва самимий бўлиши керак”, - деган гапларини отамдан такрор-такрор эшитганман.
Nigora Umarova
15.04.2010, 18:10
1925 йилнинг ёзида отам СССР Марказий Ижроия Комитетининг олти раисидан бири сифатида “Бутуниттифоқ оқсоқоли” М.И.Калининнинг топшириғи билан Абхазия АССРнинг чегара можароларини ҳал қилишда қатнашаганлар. Ўшанда отам автомобиль авариясига учраганлар. Жароҳатланган отамни Боку шаҳрига олиб келишганда врачлар отамнинг суяклари синган, майдаланган, деб оёғқларини бутунлай кесиб ташламоқчи бўлишган. Отам бунга розилик бермаганлар. Отамнинг илтимоси ва докторларнинг розилиги билан уларни бухоролик табиблар даволашган экан. Онамнинг хикоя қилишларича, катта онам Райҳон Саидмурод қизи билан бухоролик икки табиб Бокуга тезлик билан етиб боришган. Бухоролик табиблар отамнинг майдаланган оёқ суякларини жой-жойига қўйиб тахтакачлашган ва бир ой ичида отамни оёққа тургазишган. Катта онамнинг ҳикоя қилишларича, отам уйига ўз оёқлари билан соғ-омон кириб келган эканлар. Бухоролик табибларнинг моҳирлиги, билимдонлигига қойил қолган бокулик жарроҳлар улардан беморларни тахтакачлаш усулида даъволаш йўлларини ўргатишни илтимос қилишган экан. Шунда бухоролик табиблар жарроҳларга бир дона шиша ва битта бўз халта келтиришни сўраптилар. Моҳир табиблар уларнинг кўз ўнгида бўз халта ичига солинган бўш шишани тош билан уриб майдалаптилар. Табиблар кўзи боғлиқ ҳолда бўз халта ичида майдаланган шиша синиғини елим ёрдамида жой-жойига қўйишипти ва синган шишани оз вақт ичида асл ҳолига келтиришипти. Хуллас, бокулик қардошлар бухоролик табибларнинг хунарига қойил қолишган экан.
Отам кўп ишлаб, кам гапиришни, ов қилишни ҳуш кўрар, шахмат ўйнашни ҳам ёқтирар эдилар. Иномжон Хидиралиев ва шоир Фитрат билан тун ярмигача шахмат сурар эканлар. Дадамлар бир гал Фитратдан шахмат тарихи ҳақида бирор нарса ёзишни илтимос қилган эканлар. Орадан бирор ой ўтар-ўтмас, Фитрат отамнинг илтимосларини бажо келтирган. Шоир ва олим Фитрат “Шарқда шахмат” номли ажойиб мақоласини эълон қилганлигидан шахмат мухлислари харсанд бўлган экан.
Отам оилавий суҳбатлар пайтида Фитратнинг билими кенг, зукко олим эканлигини алоҳида таъкидлар эдилар. Уни ўзларига устоз, деб билганлар. Фитратни кўп тўполонлардан, нохақ ҳужумлардан сақлаб қолганлар. “Фитратга ўхшаш билимдон олимлар халққа, Ватанга доимо керак”, - деган эдилар.
Nigora Umarova
15.04.2010, 18:11
1922 йилнинг ёзида амир Олимхоннинг куёви Абдурасулхон бошлиқ душманлар Бухоро кинотеатрига ўт қўядилар. Кинотеатр ичидаги 100 дан ортиқ ёшлар халок бўлади. Фақат отам кинотеатр мўрконидан чиқиб кетиб, тирик қолганлар. Душманлари тезда қўлга олиниб, қаттиқ жазоланган. Отамнинг йилдан-йилга обрў топиб, шуҳрат қозонаётганини кўра олмайдиган айрим шахслар катта-кичик анжуманларда, меҳнаткашлар билан учрашувларда унга турли-туман илмоқли саволлар берар эканлар. Чунончи, отам: “Айтингчи, Файзулла Хўжаевич, сиз йирик савдогар бойнинг ўғлимисиз? – деган доимий саволга ҳеч ўйлаб ўтирмай: “Отам миллионер бўлган, мен эса инқилобчиман”, - деб жавоб берганлар.
Маълумки, 1937 йилнинг ёзида Ўзбекистон КП(б) VII съезди бўлиб ўтган. Отам шу съезддан ёмон кайфиятда қайтган эдилар. Билишимизча, бу съездда Фарғона делегациясининг вакиллари отамга ижтимоий келиб чиқиши бой табақадан, деб таъна тошини отишган. Отам Ўзбекистон ССР Халқ Комиссарлари Советининг раиси вазифасида ишлаб турганига қарамай, Ўзбекистон КП(б) Марказий Комитети аъзолигига сайланмай қолаганлар. Ўша кунларда отамнинг кайфиятлари жуда ёмон эди. Нималар бўлаётганини тушунмай, ҳайрон юрардилар. Орадан бир оз вақт ўтгач, отам Москвага бориб, бўлиб ўтган воқени тушунтириш ниятида Сталин хузурига кирмоқчи бўлганлар. Айтишларича, Сталин отамни қабул қилмаган. Бир ҳафтадан кейин уотамни НКВД ходимлари меҳмонхонада хибсга олганлар.
Шу мудҳиш воқеадан кейин мен отамни қайтиб кўрмадим. Даҳшатли ялпи қирғиннинг ўткир тиғига илк бор менинг отам рўбарў келганлар.
Отам Москвадаги “Национал” меҳмонхансида ҳибсга олинганларидан кейин сал ўтмай, уйимизни тинтув қилиб, онамни ва мени ҳам “халқ душмани”нинг оила аъзолари, деб сўроқ қила бошладилар. Оиламизга ғам, алам, фожиа соя ташлади. Онам бизга билдирмай тунни юм-юм йиғи билан ўтказардилар. Изтироб, ғам-аламдан онамнинг кўзлари ич-ичига чўкиб кетган эди. Онаизорим кўчага ҳам чиқмай, доимо унсиз фарёд чекардилар.
Буни қарангки, республиканинг икки йирик арбоби “халқ душмани” бўлиб чиқди. Марказий ва республика матбуоти саҳифаларида Файзулла Хўжаев ва Акмал Икромовларни “миллатчи”, “халқ душмани” сифатида айбловчи мақолалар бирин-кетин эълон қилина бошланди. Мақолалар уйдирма, туҳмат, бўҳтондан иборат эди.
Nigora Umarova
15.04.2010, 18:16
Мен ёш бўлишимга қарамай, бир ўқимишли қариндошимиз билан бирга Москвага бориб, СССРнинг Бош прокурори Вишинский ҳузурига отамнинг ноҳақ қамалганлиги тўғрисидаги ариза билан кирдим. Ҳақиқат ўз ўрнини топар, деган умидда эдим-да. Орзуларим сароб бўлиб чиқди. Менинг кўзимга ниҳоятда баджаҳл, жаллод нусха бўлиб кўринган Бош прокурор аризамга кўз югуртириб чиқди-да, кўз ойнагини олиб, ўнг қўлини бигиз қилган ҳолда: “Врагам народа нет и не будет пощады!” - деди-да: “Биласизми, отангиз ким? У халқ душмани! Халқ душманига шафқат йўқ ва ҳеч қачон бўлмайди ҳам. Шикоятга ўрин йўқ! Қарор қатъий! Марҳамат қилиб чиқиб кетинг”, - деди. Рангим қув ўчиб, устимдан совуқ сув қуйилгандек бўлди. Додлаб юборишимга сал қолди. Ўзимни зўрға тутиб олдим.
Мен прокурорнинг важоҳатидан шундай қўрққан эдимки, у мени ҳам ҳозирнинг ўзидаёқ Сибирга ҳайдайди, деб ўйлагандим. Ҳайрият, ундай бўлмади. Мен аждарҳо оғзидан омон чиққаним учун ўзимда йўқ хурсанд эдим.
Бироқ болаларга хос бу хурсандлигим узоққа бормади. Орадан маълум вақт ўтгач, онамни ва мени наридан-бери сўроқ қилишиб, узоқ Магаданга сургун қилишди. У ердаги даҳшатли ҳаётни (айниқса, аёл зотига) мен айтмаганим, сизлар ўқимаганингиз маъқул...
Nigora Umarova
15.04.2010, 18:17
1953 йилнинг март ойлари эди. Ўрта Осиёда баҳор фасли, Бухорода Гули сурх айёми бошланган бўлса ҳам, лекин бу ерларда 35-40 градус қаҳрҳтон совуқ. Сибирнинг одамютар, кўз очирмас шамолу совуғи бадан-баданларимизни тешиб юборади. Тишимиз совуқдан қалтирар, юз-кўзимиз кўкариб кетган эди. Магадан лагерларидаги маҳбуслар орасида аввалига “Сталин бетоб экан”, деган гаплар, кейинча “доҳий ўлипти”, деган совуқ хабар тарқалди. Ўшанда онам бечора бетоб эдилар. Томоғидан сув ўтмасди. Сталиннинг ўлганлиги хабарини эшитиб, онам: “Энди зора бошқа киши подшо бўлиб, бизни бу жаханнамдан озод қилса, Вилоят”, - деб умид кўзларини менга тикдилар. Менинг эса ҳеч нарсага ақлим етмасди. Қани энди афсонавий Семурғ қуши бўлсам-у, онамни қанотларим остига миндириб, она юртим - гўзал Бухорога учириб оборсам, деган хаёл ўқтин-ўқтин пайдо бўларди. Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас, азиз ва меҳрибон онажоним киндик қони томган Бухорога интиқлик билан жон таслим этдилар. Бироқ онаизорим жасадини она заминга қўйиш менга насиб этмади.
Мен шундай ўйлардим: айтайлик, отам хато қилган бўлса, “халқ душмани” бўлган бўлса (унинг “халқ душмани” бўлишига сира-сира ишонмасдим), онам билан менда нима айб? Бизни нега сарсон қилдилар, қийнадилар?..
Биз Магадандан тегишли идораларга айбсизлигимиз ҳақида шикоятлар ёздик. Бироқ арзномаларнинг оқибати сароб бўлиб чиқди. Арз-додга қулоқ солувчи кимса топилмади. Сталин вафотидан кейингина шахсга сиғиниш даврининг бегунох қурбонлари тақдири ақлли одамларни ўйлантириб қўйди. Давлат арбоблари Сталин даврида бўлиб ўтган ҳар бир тарихий воқеага танқидий кўз билан қарайдиган бўлдилар. Шунинг натижасида сиёсий маҳбусларни озод қилиш учун афв эълон қилди. Минг-минглаб жабрдийда маҳбуслар озод қилинди. Улар эркин нафас оладиган бўлдилар. Кўп қатори, биз ҳам 1954 йилда тутқунлик ва дарбадарлик асоратидан қутулдик. Бироқ бир неча йиллар мобайнида яна Қозоғистон даштларида яшириниб юришга тўғри келди. Бизлар эркинликда яшаётган оодамлар кўзидан йироқ бўлишга ҳаракат қилар эдик.
Kahramon Jalilov
15.04.2010, 18:21
Juda ta'sirli voqeani yozibdilar, haqiqatan Sibir dunyoning eng sovuq joylaridan biri, ayniqsa o'sha davrlarda (chorizm) u yerga surgun qilingan insonlarning hayoti juda og'ir holda o'tgan buni ota-bobolarimiz bizlarga ko'plab hikoya qilib berishgan, allohga shukur shunday kunlarni ko'rib turganimizdan!!!
ҳар бир киши учун, энг муҳими, бойлик эмас, ғоя ва эътиқоднинг борлиги
чоризм ва зулмига
ўрта осиёлик
исирғадай осиғликқ
учратганмаганман
Bobir Samadov
11.06.2010, 22:44
Лъанати Сталин (куполлашган булсам узр, ушбу шахсга бундан ортик "мактов" ярашмаса керак) томонидан юритилган катагон сиёсати окибати жуда хам дахшатли ва аянчли, нафакат илму-маърифат пешволари, балки жон бериб фронтда харкат килган 2 жахон урушининг бир канча аскарлари хам фашизмга ён босди деб, Узок Сибирь улкасига "саёхат" килдирилагн, 20-30 йилларда эс Германияда тахсил олган бир талай талабалар хам йук килинди... Афсус... Минг афсус... Агарда Тарихда "Агарда" атамаси хаётий кучга эга булганида нафакат Амир Темур даври, хеч булмаса уша катагон даврига тушиб, сталиннинг ШоП-муйловини гугурт билан куйдириб азоб бериш имкониятини кулдан чикармаган булардим....
ЖасурБЕК
07.12.2011, 18:21
Форумдошлар айтингларчи, Республикамиздан ёки (снг)дан катагон килинган ва урушга кетганлар руйхати мавжуд булган сайт мавжудми (SMSларсиз бепул :-))
Bobir Samadov
07.12.2011, 21:18
Форумдошлар айтингларчи, Республикамиздан ёки (снг)дан катагон килинган ва урушга кетганлар руйхати мавжуд булган сайт мавжудми (SMSларсиз бепул :-)) Бу савол билан Гуглга ёки шахидлар хотираси мажмуаси маъмуриятига мурожаат этиб куринг.
Tulqin Eshbekov
08.12.2011, 08:10
катагон килинган ва урушга кетганлар руйхати мавжуд булган сайт мавжудми (SMSларсиз бепул :-))
Юртимиздан мардларча кетиб икки жаҳон урушидан қайтмаганлар ҳақида жуда салмоқли "Хотира" китоблари ҳам чоп этилган. Кутубхоналарда бор. Қатағон қилинганларнинг расман рўйхати ҳақида ҳали бирор жойда ўқимадим...
Bobir Samadov
08.12.2011, 20:24
Қатағон қилинганларнинг расман рўйхати ҳақида ҳали бирор жойда ўқимадим... Адашмасам, "Катогон курбонлари" хотира мажмуасидаги музейда мавжуд (албатта тахминий руйхат). узим шахсан булмаганман-ку, аммо "Ёшлар" телеканалида курсатганда шунга ухшаш гап айтилганди...
Naim Karimov
15.12.2011, 15:28
Ҳурматли форумдошлар!
Сизнинг совет даврида қатағон қилинган ватандошларимизнинг Хотира китобларини яратиш масаласи билан қизиққанингиз мени ғоят хурсанд қилди. Ўйлайманки, бу муҳим масала қатағон даври қурбонларининг қариндош-уруғларини ҳам анчадан бери қизиқтириб келади.
Ўтган асрнинг 30-50-йилларидаги сиёсий қатағон даври биздан қанчалик узоқлашмасин, биз тарихимизнинг бу фожиали саҳифаларини асло унутмаслигимиз лозим. Афсуски, ҳозир ўша мудҳиш даврнинг жабру жафоларини кўрган ватандошларимиз оз қолдилар. Биз улар тирик пайтида Хотира китобларини яратиб, уларга бўлган ҳурматимизни ифодалай олмадик. Аммо шу хайрли масалада қанчалик кечикканимизга қарамай, эртами-кечми қатағон даври қурбонларининг вилоятлар бўйича Хотира китобларини яратиш биз, тирик авлодларнинг муқаддас бурчимиздир.
“Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз”, – биз шу ажойиб сўзларни тез-тез такрорлаймиз-ку, аммо Сизни қизиқтираётган масалада кўпчилик тақдирдош халқлардан орқада қолганимиз сир эмас. Собиқ совет республикаларининг аксарида вилоятлар бўйича аллақачон Хотира китоблари яратилган.
Биз “Шаҳидлар хотираси” хайрия жамғармаси тузилгандан кейин шу муқаддас вазифани бажаришга киришмоқчи бўлдик. Аммо маълум бўлдики, бу иш раҳбар идораларнинг тегишли қарорисиз, тегишли ишчи гуруҳларни тузишсиз ва тегишли архивлардаги мавзуга алоқадор маҳфий ҳужжатлар билан танишмай туриб, бундай улкан ишни амалга ошириш асло мумкин эмас экан.
Ҳозир қатағон даври тарихи билан шуғулланаётган бизнинг илмий гуруҳимиз ихтиёрида 1937-1938 йилларда қатағон этилган ватандошларимизнинг у қадар тўла бўлмаган рўйхати бор. Биз шу имкониятдан фойдаланиб, жилла қурса, 1937-1937 йиллардаги сиёсий қатағон қурбонларининг Хотира китобларини яратмоқчи эдик. Шу масалани амалга ошириш учун биз, “Қатағон қурбонлари хотираси” музейининг илмий ходимлари, Фан ва технология давлат комитетидан моддий мадад олиш ниятида 2012-2016 йиллар учун эълон қилинган лойиҳалар танловида ўз лойиҳамиз билан иштирок этмоқчи бўлган эдик. Ҳозир қарийб барча илмий ва ноилмий муассасалар мазкур комитетдан муайян маблағ олиш учун 3 ёки 5 йилга мўлжалланган фундаментал ва амалий лойиҳалар (тадқиқотлар) танловида иштирок этадилар. Агар комитет Сиз тақдим қилган лойиҳани молиялаштиришга қарор қилса, Сиз шу лойиҳани бажаришингиз ва ҳатто тадқиқот натижаларини китоб шаклида нашр қилишингиз мумкин.
Агар бизнинг “1937-1938 йиллардаги Катта қирғиннинг келиб чиқиш сабаблари ва фожиали оқибатлари” деб номланган лойиҳамиз экспертлар томонидан юқори балл олиб, маолиялаштирлиганида 1 монография ва 14 та вилоятлар бўйича қатағон қурбонлариинг Хотира китоблари яратилган бўларди. Афсуски, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тарих институтидан белгиланган эксперт (тақризчи) бу лойиҳага “0” (ноль) балл қўйиб, унинг молияланишига кескин қарши эканини билдирган. Аммо биз шу институтнинг казо-казолари томонидан тақдим этилган лойиҳанинг адабиётшунос ва санъатшунос олимлар томонидан аллақачон ишланган мавзуга бағишланганини кўриб, ҳайрон қолдик. Балки Тарих институтининг донишмандлари 1937-1938 йиллардаги сиёсий қатағоннинг келиб чиқиш сабаблари ва фожиали оқибатларини ўзлари кейинги беш йилликда ўрганмоқчи бўлгандирлар. Афсуски, институт ходимлари орасида 1937-1938 йиллардаги сиёсий қатағон билан шуғулланган ва шу давр тўғрисида аниқ тасаввурга эга бўлган бирорта одам йўқ.
Хуллас, агар Фан ва технологиялар комитети биз тақдим этган лойиҳанинг илмий ва амалий аҳамиятини тушуниб, унга маблағ ажратмаса, яқин йилларда вилоятлар бўйича сиз ва биз кутаётган Хотира китоблари яратилмаслиги мумкин.
Ўтган асрнинг 30-50-йилларидаги сиёсий қатағон даври биздан қанчалик узоқлашмасин, биз тарихимизнинг бу фожиали саҳифаларини асло унутмаслигимиз лозим.
Бу тарих варакларини факат салбий тарафдан еритишга харакат килмасдан, бу тарихий вовеаларнигг асл сабабларини хар тарафдан еритишга уриниб курилса яхширок буларди менимча.
Nigora Umarova
16.12.2011, 10:59
Тарихчи олим Рустам Шамсутдинновнинг 2007, 2009- йилларда "Қатағон қурбонлари" деб номланувчи 1937-38- йилларда қатағон қурбонларининг номи келтирилган китоби ўзбек ва рус тилларида нашрдан чиққан. Китобни "Шарқ зиёкори" дўконидан топишингиз мумкин.
https://img.uforum.uz/thumbs/kdqzpqv4803444.jpg (https://img.uforum.uz/images/kdqzpqv4803444.jpg)
https://img.uforum.uz/thumbs/hutjdnh9128199.jpg (https://img.uforum.uz/images/hutjdnh9128199.jpg)
https://img.uforum.uz/thumbs/ssmdykx2681826.jpg (https://img.uforum.uz/images/ssmdykx2681826.jpg)
Bobir Samadov
20.12.2011, 11:13
Тарихчи олим Рустам Шамсутдинновнинг 2007, 2009- йилларда "Қатағон қурбонлари" деб номланувчи 1937-38- йилларда қатағон қурбонларининг номи келтирилган китоби ўзбек ва рус тилларида нашрдан чиққан. Китобни "Шарқ зиёкори" дўконидан топишингиз мумкин. Катта рахмат, жуда хам зарур маълумот!
vBulletin® v3.8.5, Copyright ©2000-2025, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot