Моё меню Общее меню Пользователи Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > Ижод хусусида сўз
Знаете ли Вы, что ...
...для каждой темы существует свой раздел. Изучите структуру форума. Если соответствующего раздела нет, то всегда есть раздел "Разное" :)
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…)


Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 03.08.2018 21:22   #71  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Халоскор бургутлар сайёҳлар гуруҳини Тўхташ жойи қоясига олиб ўтишганини айтиб бўлган фурсатда қуёш Ғуборли тоғларнинг ортига ўтиб, боғда узундан узун кўланкалар пайдо бўлди.

- Яхши ҳикоя экан, кўпдан буён бунақасини эшитмаган эдим, - якун ясади Беорн. - Агар дарбадарларнинг бари шунга ўхшаш ҳикоялар айтиб беришганида, уларга бўлган муносабатим бироз ўзгарган бўлар эди. Балки буларнинг барини тўқиб чиқаргандирсиз-у, лекин ҳикоя кечки овқатга муносиб чиқди. Овқат кетадими?

- Жуда кетади-да! - баралла жавоб беришди меҳмонлар. - Катта раҳмат.

Даҳлиз энди батамом қоронғи бўлиб қолибди. Беорн кафтини кафтига уриб қарс чалган эди-ки, тўртта чиройлигина оппоқ пони ва уч-тўртта дуркун ит кириб келди. Соҳибининг ҳайвон тилида айтган кўрсатмасини олган жониворлар хонани тарк этиб, ишлатишга тайёрлаб қўйилган бир нечта машъала таёғини тишлаб қайтишди. Уларни ўчоқ чўғида ўт олдириб даҳлиз устунларидаги машъала тутқичларига ўрнатишди. Итлар керак бўлган фурсатда орқа оёққа тик турганча олд оёғи билан нарса ушлаб юра олишар экан. Улар ён деворга тақалган тахтали чорпояларни ўчоқ яқинига суришди. Натижада дастурхон ёзиладиган стол ҳосил бўлди.

Шундан сўнг даҳлизга маъраганча кўмирдай қоп-қора қўчқор ва унинг кетидан қордай оппоқ совлиқлар чопиб кириб келди. Совлиқларнинг бири бурчакларига ҳар хил ҳайвонларнинг тасвири кашта кўринишида тикилган дастурхон тишлаб келган бўлса, қолган совлиқларнинг кенг белларида биттадан патнис бўлиб, уларга қадаҳлар, ёғочдан йўниб ясалган косалар, пичоқлар-у, ёғоч қошиқлар терилган. Итлар буларнинг барини столга олиб, зудлик билан дастурхон тузашди. Столнинг бўйи шу қадар пастки, ҳатто Бильбога ҳам овқатлангани қулай бўлди. Понилардан бири Гэндальф билан Торин учун тўқима ўриндиғи кенг, калта кесилган оёғи йўғон иккита курсини дастурхонга яқинроқ сурди. Беорн учун мўлжалланган ўхшаш қора курси эса столнинг нариги томонида жойлаштирилди. Ўрнига астойдил жойлашиб ўтирган Беорн бақувват оёғини столнинг нариги бошигача узатиб олди. Беорнга хизмат кўрсатиш жониворларга қулай бўлиши учун стол ва курсилар афтидан, атайин паст ясалган кўринади. Қолганлар нимага ўтиришади? Улар учун ҳам қулайлик яратилди. Понилар дўмбирадай думалоқ, силлиқ қилиб тарашланиб, жило берилган, худди атайин Бильбонинг бўйига мўлжаллаб кесилгандай пастак ғўлаларни юмалатиб келтиришди. Кўп ўтмай ҳамма Беорн бошчилигида дастурхон атрофига жойлашди. Ушбу даҳлизда бундай кўп сонли гуруҳ анчадан буён ўтирмагани аниқ.

Кечки овқат бошланди. Бунақанги меҳмондорчиликни улар Сўнгги бошпанада кўришган. Атрофда ўчоқ ва машъалаларнинг ёлқини пирпирамоқда, дастурхон ўртасига қизил мумдан тайёрланган иккита баланд шам ўрнатилган.

Меҳмонлар овқатланар экан, Беорн ўзининг гумбурлайдиган йўғон овози билан Ёввойи ўлка ҳақида, айниқса, қоронғи, хавф-хатарга тўла, бир томони Шимолгача, бошқа томони Жанубгача чўзилиб Шарқ томон олиб борадиган йўлни тўсган даҳшатли Ёвуз ўрмон ҳақида қизиқ ҳикоялар айтиб берди.

Гномлар Беорннинг ҳикояларини эшитиб, бош силтаб боришди. Ёвуз ўрмон аждар қўрғонига элтадиган йўлда Ғуборли тоғлардан сўнг иккинчи энг хавфли ғов саналади.

Қорни тўйган гномлар ҳам ўз ҳикояларини сўзлаб беришга киришишди бироқ кўзи илинаётган Беорн меҳмонларнинг гапини эътиборсизлик билан тингламоқда. Гномлар олтин, кумуш, қимматбаҳо тошлар ва заргарлик ҳунари ҳақида тинимсиз бидирлашмоқда, аммо Беорнни бундай нарсалар, афтидан, умуман қизиқтирмайди, ҳатто мана бу даҳлизда ҳам дастурхондаги пичоқдан ташқари, металлдан тайёрланган бирорта буюм кўринмайди.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 03.08.2018 21:23   #72  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Меҳмонлар ёғоч қадаҳларда тортилган асал ичиб, дастурхон атрофида узоқ ўтиришди. Ташқарида қоронғи тушган. Ўчоққа ғўла ташланиб, машъалалар ўчирилгач, оловнинг девор ва устунларга тушаётган шуъласи лип-лип ўйнай бошлади. Ушбу устунлар ўрмон дарахтлари каби юксалиб кўринмоқда. Балким бу ерга қандайдир сеҳр-жоду аралашгандир-у, лекин Бильбога уй ўрмонга айланиб, том тўсинлари орасидан баргларнинг шитирлаши-ю, бойқушларнинг товуши эшитилгандай бўлди. Бироздан сўнг хоббит похол тўшалган полга чўзилди, товуш тиниб, узоқлаша бошлади... кутилмаганда кучли сесканиб, уйғонди. Унинг уйқусини чиқиш эшигининг ғичирлаб, тарақлагани бузибди. Беорн йўқ. Гномлар ерда, ўчоқ қаршисида чордана қуриб ўтирганча қўшиқ бошлашди. Уларнинг қўшиғи узоқ чўзилди, эътиборингизга ўша қўшиқнинг бир нечта мисрасини ҳавола этаман:

Арчагул-у майсани ерга паст эгиб,
Тун-ла сояни тоғ-у тошга қориштириб,
Рутубатли шамол ғамгин эсмоқда,
Бадқовоқ, дарғазаб тус ҳам олмоқда.

Қорли тоғдан эсади совуқ зулмат шамоли
Шох-шаббалар шитирлар, қўрқув тўла овози
Қарағай қарс-қарс синар, қалбни эзар оҳ-зори
Не кечар келгусида шўрлик гномлар аҳволи.

Тикка эсар бу шамол илиқ шарқ томон
Жала қуяр беаёв, ивиди қалин ўрмон.
Бузилгандир авзои, осмоннинг қаҳри ёмон
Жон сақлаш умидида бекинар қуш-у ҳайвон

Елар шамол, тоғда излар аждар инини
Тўзғитади ҳар томон ёнган ўлка кулини
Музлатади совуқ бўрон гномлар Ватанини,
Эреборни, Сўққа тоғни ва Дейл харобасини.

Бильбони яна мудроқ босди. Гэндальф кутилмаганда шартта ўрнидан туриб эълон қилди:
- Ётар вақт бўлди. Бироқ ётар вақт Беорн учун эмас, биз учун бўлди. Ушбу даҳлизда ҳеч нарсадан қўрқмай, бемалол ухлашимиз мумкин, лекин огоҳлантириб қўяй, Беорннинг насиҳати ёдингизда бўлсин: кун чиқмай туриб уйни тарк этманг, пушаймон қиласиз.

Хоббит ён девор устини ортидаги кенг тахта тўшамага меҳмонлар учун ётар жой тайёрлаб қўйилганини кўрди. Бильбо учун алоҳида похол тўшак билан жун адёлча тўшалибди. У ғужанак бўлиб ётди-да, ёз бўлишига қарамай, адёлга ўраниб олди. Ўчоқдаги ўт ўчиб, Бильбо уйқуга кетди.

Тун ярмида уйғонган хоббит атрофга сочилган гномлар билан Гэндальф қаттиқ уйқуга кетишган шекилли, бари бирдай бир маромда нафас олиб ётганини, ўчоқдаги чўғ батамом ўчиб, кулга айланганини кўрди. Баланд кўтарилган ой шифтдаги тешикдан мўраламоқда, полда эса ой шуъласи доғ ҳосил қилган. Ташқарида минғир-минғир овозлар ва қандайдир йирик ҳайвон тўлғонаётгандай ғалати шовқин эшитилмоқда. «Айиқ тусига кирган Беорн эмасмикан, ҳаммамизни битта қўймай паққос урмасмикан?» - хаёлдан ўтказди Бильбо. Ўз хаёлидан ўзи даҳшатга тушган хоббит бошини ўраб олганча, кўп ўтмай яна ухлаб қолди.

Шу ётганча Бильбо тонг охирида, гномлардан қайсидир бири унга қоқилиб гумбурлаб йиқилганидан уйғониб кетди.

- Тур ўрнингдан танбал, нонуштадан қуруқ қоласан, - деди домангир оҳангда Бофур, сўкинганча оёққа туриб.

- Нонушта? - овоз кўтарди кўзи катта очилган Бильбо, чўчиб тушгандай оёққа қалқиб туриб. - Қани? Қаерда?

- Асосий қисми ошқозонимизда, - жавоб беришди даҳлизда ивирсиб юришган гномлар. - Қолган-қутгани айвонда. Тонг саҳардан буён Беорнни қидириб топа олмаётган эдик, айвонга чиқиб дастурхонга тортилган нонуштани кўрдик.

- Гэндальф-чи, Гэндальф қани? - сўради айвон томон ошиққан Бильбо.

- Қаердадир сандироқлаб юрибди, - жавоб беришди унга.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 03.08.2018 21:25   #73  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Кечгача гум бўлиб кетган сеҳргар, хоббит билан гномлар кечки овқат билан астойдил шуғуллаётган маҳалда топилиб келди. Уларга яна ўша ажойиб жониворлар хизмат кўрсатмоқда. Беорн кечаги оқшомдан буён кўриниш бермади, гномлар бундан таажжубда.

- Мезбон қани? Ўзинг қаерда юрибсан? - талаб оҳангида бақириб сўради ундан ҳамма.

- Саволингизга бир четдан жавоб бераман, фақат олдин қорнимни тўйғазиб олай. Эрталабдан буён туз тотганим йўқ.

Ёғ, асал ва қаймоқ суртилган учта нон еб, кам деганда бир литр асал ичимлигини ичиб тўйган Гэндальф ниҳоят ликоп билан кўзани нари сургач, трубкасини чиқарди.

- Дастлаб иккинчи саволга жавоб бераман, - гап бошлади у. - Вой Худойим, бу хона тутун-ҳалқа чиқаришга роса боб эканми!

Ҳалқа пуфлашга берилиб кетган сеҳргарнинг жавобини анча кутишга тўғри келди: унинг тутун-ҳалқалари устунлар атрофини айланиб ўтиб, шакл ва тусини ўзгартирганча, қувлашмачоқ ўйнашгандай шифтдаги тешикдан ташқарига бирин-кетин чиқа бошлади. Том устида улар жуда қизиқ кўринаётган бўлса керак: яшил, мовий, пушти, кумуш тусли, сариқ, оқ рангда, катта, майда, каттасининг ичига кириб олган майда, саккиз шаклида, занжир ҳалқалари, ҳуркиган қушчалар кўринишида ва ҳоказо.

- Айиқ изини яхши фарқлай биламан, - гап бошлади ниҳоят Гэндальф. - Бугун тунда афтидан, бу ерда бир гала айиқ тунаган кўринади. Беорннинг ўзи шунча из қолдирмайди. Боз устига из ўлчамлари ҳар хил. Назаримда, эрта тонггача айиқлар йиғини ўтган бу ерда. Катта-кичик, девқомат айиқлар ҳар томондан келган кўринади. Фақат ғарбдан, анҳорнинг нариги томонидаги тоғ тизмасидан ҳеч ким келмаган. У томонга ёлғиз из кетган. Ўша из бўйлаб Тўхташ жойи тош тепалигигача етиб бордим. Айиқ изи анҳорга кириб кетди. Сув ҳавзаси чуқур, оқими шиддатли, гирдобларга бой бўлгани боис, кечиб ўтишга журъат этмадим. Эсингизда бўлса, анҳорнинг тош тепалик яқинидаги қисми саёз бўлиб, нариги қирғоғига ўтиб олиш учун ясси тошлар терилган эди. Ўша жойни қидириб, анҳорни кечиб ўтиб, яна айиқ изини топгунимча анча вақт йўқотдим. Топганимда эса кеч бўлди. Дарёнинг нариги соҳилидаги ўша излар Ғуборли тоғларнинг шарқий нишаблигидаги, варглар билан қиёмат учрашувимиз ўтган қарағай ўрмони томон кетибди. Бу билан биринчи саволингизга ҳам жавоб бердим, - якунлади Гэндальф.

Бильбо сеҳргар нимага шама қилаётганини фаҳмлагандай бўлди.

- Агар варглар билан гоблинларни бу ерга бошлаб келса-чи, у, унда нима қиламиз? - томдан тараша тушгандай сўради хоббит. - Ҳаммамизни қириб ташлашади. Сен эса улар билан дўст тутунмаган деган эдинг.

- Ҳа, айтган эдим. Керак бўлса яна айтаман, - деди сеҳргар. - Бемаъни гап сотмай, бориб ёт. Миянг ишламай қолган кўринади.

Хоббит чиндан ҳам ўзини жуда ҳорғин сезмоқда. Уқуга ётишдан ўзга чора йўқ. У гномларнинг қўшиғини эшитиб ётганча ухлаб қолди. Тушига айиқ тусига кирган Беорн ва унинг юзлаб қабиладошлари ой шуъласи остида аста айланиб рақс тушаётгани кирди.

Бильбо ярим кечада уйғониб, ҳамма ухлаб ётганини кўрди. Ташқарида яна ўша товуш: шитирлаш, пишиллаш, ангиллаш. Эрталаб меҳмонларни Беорннинг шахсан ўзи уйғотди.

- Ие, сизлар ҳали шу ердамисиз? - деди у дағал оҳангда бўлса ҳам очиқ кўнгил-ла ҳазиллашиб.

Пакана хоббитни топиб ёқасидан тутганча баланд кўтарган Беорн рўй-хотир қилмай кўрсаткич бармоғини мистер Бэггинснинг қорнига ниқтади.

- Қаранг, мана бу қуёнча ёғда пишган асал кулча еб, баттар семириб кетибди. Қани юр, нонушта қилиб яна бироз вазн қўшайлик сенга. Анави варглар, гоблинлар, ёвуз айиқлар еб кетишмабди-да ҳали сени?!
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 03.08.2018 21:26   #74  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Ҳамма нонушта қилгани Беорннинг ортидан эргашди. Бу гал унинг кайфияти анча кўтаринки бўлиб, қизиқ гаплар билан меҳмонларни кулдириб ўтирди. Қаерларга йўқолиб кетгани ва нима сабабдан бу қадар сипориш қилаётганини узоқ тахмин қилишга тўғри келмади, кўп куттирмаган мезбон бор гапни ўзи айтиб берди.

Беорн анҳор кечиб, тоғ тизмасига борган ва таъкидлаб ўтмоқ жоизки, баҳайбат айиқ қиёфасида ниҳоятда жадал юриб, тез қайтган. Гир атрофи куйган бўри яланглигида бўлиб, ҳикоянинг сўнгги қисми тўғри эканлигига ишонч ҳосил қилган. Шундан сўнг ўрмонда изғиб юрган варг билан гоблинни тутиб олиб, уларнинг қўриқчилари гномларни ҳанузгача қидираётганидан хабар топган. Аниқланиша, Орклар саркорининг ўлими, кулранг тўдабоши варгнинг тумшуғи қаттиқ куйгани, сеҳргарнинг олови туфайли асосий варгларнинг кўпи ёнғинда куйиб ўлгани гоблинлар билан варгларни жуда ғазаблантирган. Улар Ғуборли тоғлар этагидаги ҳудудларга ҳужум уюштириб, гномларни бекитган одамлар ва бошқа турдаги жонзодлардан қасд олишни ният қилишган.

- Ҳикоянгиз шундоқ ҳам мисли йўқ эди, - якунлади Беорн. - Унинг соф ҳақиқат эканига ишонч ҳосил қилганимдан сўнг эса, менга янада ёқди. Сизларга қўлдан келганча ёрдам бераман. Бадгумонлигим учун узр, албатта. Лекин тўғри тушунинг, агар мен каби Ёвуз ўрмон бошида яшаганингизда, сизлар ҳам бировнинг қуруқ гапига бовар қилмаган бўлар эдингиз. Бундан буён гномларга бўлган муносабатимни ўзгартираман, уларни кўпроқ ҳурмат қила бошлайман. Бировга айтсанг ишонмайди, - ваҳшийларча хандон отди Беорн. - Қаранг-а! Орклар саркорини – энг Асосий гоблинни ўлдирибсиз-а!

- Орк билан варгни нима қилдинг? - қизиқсинди Бильбо.

- Нима қилдим? Юр кўрсатаман! - деди Беорн хоббитни ортидан эргаштириб.

Беорн дарвозага гоблиннинг чопилган бошини, дарвозанинг у томонида қолган катта дарахт танасига эса варгнинг тириклайин шилиб олинган терисини қоқиб қўйибди. Дарҳақиқат, Беорнни душман орасида кўриш – даҳшатнинг ўзгинаси бўлади. Хайриятки, энди у сайёҳларимизга дўст саналади. Бинобарин, Гэндальф Беорнга бор гапни, сафардан кўзланган асосий мақсадни очиқ-ойдин айтиб бериш ва амалий ёрдам сўрашни афзал кўрди.

Сайёҳлар Ёвуз ўрмонга етиб олишлари учун Беорн ҳаммага биттадан пони, Гэндальфга от берадиган бўлди. Бундан ташқари, тўғри тежаб сарф этилса, бир неча ҳафтага етадиган егулик билан таъминлашни ваъда қилди.

Егулик енгил, ташишга қулай бўлиб, асосан қуритилган мева солиниб, бўғзи маҳкам бекитилган кўзалар, ёнғоқ, ун, асал тўлдирилган сопол туваклар ва сафар учун пиширилган бўлиб, тўқ тутиш хусусиятини узоқ сақлайдиган кулчалардан иборат бўлади. Ушбу кекснинг бир бўлаги кишига анча вақтгача куч бағишлайди. Таркибига асал кирадиган бундай нонни ёпиш сирини фақат Беорнгина билади. Кулчалар мазаликка мазали-ю, лекин чанқатади. Беорннинг айтишича, Ёвуз ўрмонгача босиб ўтиладиган ҳудудда сув ташиш шарт бўлмай, йўл давомида жилға ва булоқлар кўп учрар экан.

- Ёвуз ўрмонда эса на сув, на егулик бўлади, - давом этди Беорн. - Сафар қийин, хавфли ва охиригача ўрганиб чиқилмаган сўқмоқ бўйлаб кечади. Ёнғоқ ҳали пишмаган. Ўрмонда эса ёнғоқдан ўзга егулик етилмайди. У ерда бирорта беозор ҳайвон йўқ, мавжуд жонзодларнинг бари ёвуз, хунук ва жуда ғалати. Сизларга бурдуқ, камон ва ўқ бераман. Лекин Ёвуз ўрмонда егуликка ярайдиган қуш ёки ичимлик суви топилиши даргумон. Йўлингиздан тезоқар Ёвуз жилға чиқади. Унда чўмилиш ёки сувини ичишни хаёлингизга ҳам келтирманг: эшитишимга қараганда, жилға сеҳрланган бўлиб, сувини ичган кишини сер уйқулик ва фаромушхотирлик касалликларига чалинтиради. Қуш ови билан ҳам шуғулланмаган маъқул. Ўлжа кетидан қувар экансиз, ўрмон қоронғилигида сўқмоқни йўқотишингиз муқаррар. Сўқмоқ йўқотишга эса мутлақо йўл қўйиб бўлмайди. Сизга берадиган тавсияларим шу. Ўрмон ичида ва ундан кейин ҳам сизларга ҳеч қандай ёрдам бера олмайман, омадингиз чопиши, довюраклигингиз ва егулик захирасига умид қилинг. Ўрмонга етгач, менинг пониларим ва отимни қўйиб юборишингизни илтимос қиламан. Улар йўлни ўзлари топиб келади. Омад сизга ёр бўлсин. Агар сизга шу йўлдан қайтишга тўғри келса, уйим сиз учун ҳамиша очиқ.

Меҳмонлар, табиийки, Беорнга миннатдорлик изҳор қилишди, «О, Ёғоч қаср соҳиби! Хизматингга мунтазирмиз!» - деганча қайтарма қалпоқлари ерга теккудек даражада чуқур таъзим бажо айлашди.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 03.08.2018 21:27   #75  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Гномлар миннатдорлик изҳор қилишга қилишяпти-ю, Беорннинг тавсиларидан ичларини ит тирнаяпти. Саргузашт улар ўйлагандан ҳам хавфли эканини, йўл машаққатини енгиб ўтишган тақдирда ҳам сафар охирида қонхўр аждар кутаётганини мана энди теран идрок эта бошлашди.

Тонг палласи сафарга ҳозирлик ишлари билан ўтди. Кун ярмидан ўтгач, йўловчилар Беорн билан сўнгги бор дастурхон атрофида ўтириб овқатланишгач, понилар томон одимлашди. Кўпдан кўп самимий, илиқ сўзлар ила хайрлашишгач, дарвоза остонасини ҳатлаб чиқишди-да, отларни Шарқ томон чоптиришди, бироздан сўнг Шимолга ва ниҳоят асосий йўналиш – Шимолий-шарқ томон йўл олишди. Мезбоннинг тавсиясига амал қилган саёҳатчилар Беорн тасарруфидаги ҳудуднинг жанубидан ўтган Буюк Тоғ орти йўлини четлаб кетишди. Ёғоч қаср соҳибининг огоҳлантиришича, энди ўша йўлда орклар қароқчилик қилаётган, миш-миш гапларга қараганда эса, йўлнинг ўрмонга кирган қисмини чангалзор ўтиб бўлмас даражада босиб кетган, охири эса мудҳиш ботқоқ ила якун топган эмиш. Тўхташ жойи шимолида эса Ёвуз ўрмон чегараси Азим дарёга яқин ўтади. Гарчи Ғуборли тоғлар ўша ерга ҳам яқин бўлса-да, Ёвуз ўрмоннинг унчалик маълум бўлмаган сўқмоғига бир неча кунда етиб бориш учун Беорн айнан мана шу йўналишда боришни маслаҳат берди. Чунки ўша сўқмоқ тикка Сўққа тоққа олиб борар экан.

- Гоблинлар Азим дарёнинг Тўхташ жойи билан менинг тунги вақтда дурустгина қўриқланадиган уйимга юз миля яқин қисмини кечиб ўтишга журъат эта олишмайди, - сўзини якунлади Беорн. - Бироқ ўрнингизда бўлсам бироз шошилган бўлар эдим. Чунки улар ўз ҳужумларини Шимолга олиб ўтишса, Азим дарёнинг жанубий қисмини кечиб ўтиш ва йўлингизни тўсиш мақсадида Ёвуз ўрмоннинг ўша қисмини обдон кўздан кечириб чиқишга улгуришади. Варглар эса, эслатиб ўтмоқ жоизки, понилардан тез югуради. Шимол томон юрар экансиз, орк ғорларига яқин юрасиз ва айни вақтда хавфсиз бўласиз. Чунки сизни ўша ерда қидиришни улар хаёлига ҳам келтиришмайди. Гоблинлар сизни бошқа йўлларда қидириб, изғишади. Шундай экан, тезроқ йўлга чиқинг!

Шу сабабдан ҳам сайёҳлар гуруҳи чап қўлдаги мудҳиш тоғликка хавфсираб қараганча жимлик сақлаб, пониларни фақат майсаси юмшоқ, ери текис жойлардагина елдириб, олисда кумуш тасмадай кўринаётган, қирғоғида Ёвуз ўрмоннинг илк дарахтлари юксалиб турган Азим дарёни кўздан йўқотмасликка ҳаракат қилиб кетишди. Ҳа, улар дастлаб шундай юришди.

Гоблинлар ҳақида тинмай ўйлаш, уларнинг таъқибларини узлуксиз ёдда тутиш қандайдир қийин кечар экан. Сайёҳлар тонг саҳар йўлга чиққан бўлиб, қуёш уларни тилла тусли нури ила кун давомида эркалаб борди. Шундай серқуёш ҳавода орклар пайдо бўлиб, ҳамла қилиши мумкинлигини тасаввур қилиб бўлмайди. Беорннинг уйидан бир неча миля нари кетган гномларнинг кўнгли кутилмаганда очилиб, қувноқ суҳбат қуриб, қўшиқ айтиб қолишди, Ёвуз ўрмон орқали ўтадиган сафарни хаёлдан чиқаришди. Қуёш ботиб, қош қорайган маҳалда эса тоғ чўққилари мудҳиш тус олиб, йўловчиларнинг кайфияти ўзгарди, йўлдан тўхтаб, дам оладиган жой тайёрлашди, гулхан ёқиб, жимгина овқатланишди, қоровул хизматини ташкиллаштириб уйқуга ётишди, уйқуда эса варгларнинг увлаши, оркларнинг қий-чувини эшитишди.

Тонг булутсиз отди. Оппоқ, деярли куз тумани ер бағирлаб ёйилгани боис ҳаво бироз совиди. Кўп ўтмай Шарқда кўтарилган қизғиш қуёш туманни эритди. Сайёҳлар жисмларнинг кўланкалари қисқармай туриб йўлга тушишди. Атрофда гуллар, қушлар, якка ўсган дарахтлардан ташқари ҳеч нарсани ёки ҳеч кимни кўрмай, баланд ўсган ўт-ўлан бўйлаб икки кун юришди. Баъзан дарахтзор соясида ўтлаётган ёки дам олиб ётган буғулар учрайди. Гоҳо Бильбо майса орасида асл буғунинг қуриб қолган жигарранг новдани эслатадиган шохини кўриб қолади.

Учинчи кун ўтиб, учинчи оқшом бошланди. Беорн Ёвуз ўрмонга уч кунда, имкон қадар тонг маҳалда етиб боришни маслаҳат қилган эди. Шу боис сайёҳлар қоронғи тушгунча тўхтамай юришди, ой ёруғида ҳам ҳаракатни давом этишди.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 03.08.2018 21:28   #76  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Қоронғи тушгач, хоббитнинг назарида гуруҳ яқинида йирик айиқнинг ғира-шира шарпаси юргандай туюлаверди. Дам ўнг, дам чап томонда кўриниш бераётган шарпа яқин келмай, йўловчиларнинг ҳаракат йўналиши бўйлаб бормоқда. Бильбо Гэндальфга бу ҳақда аста фикр билдирди.

- Жим, ҳеч кимга гапирма буни, эътибор қилма! - жеркиб берди сеҳргар.

Тўртинчи куни улар тонг отмасдан, уйқуга тўймай йўлга тушишди. Кун ёришиб гўё кўпдан буён кутаётган, қарши олиш учун улар томон юриб келаётган, дарахтлардан иборат қора девори, ланг очилган қора эшиги ва чексизликка кириб кетган сўқмоқлари ила Ёвуз ўрмон кўринди. Шу ерга етган йўл кўтарила бошланди.

Хоббитнинг назарида уларни жимжитлик қуршаб олмоқда: қуш товуши анча тинди, илвасин кўринмайди, ҳатто қуён ҳам бекинган. Кун охирида сайёҳлар Ёвуз ўрмон чегарасига етиб, дам олиш учун дастлабки дарахтлар соясига ўтиришди. Ушбу қадимий ўрмон паҳлавонларининг бир неча қулоч йўғонликдаги таналарини вақт тарашлаган, шохлари эгилиб, қийшайиб ўзаро чирмашиб кетган, узун барглари қорайган, айланасига ўраб олган печак баланд шохлардан осилиб ерга тушган.

- Шимолнинг Ёвуз ўрмон деб ном олган энг йирик ўрмони мана шу ердан бошланади, - деди Гэндальф. - Ёқдими? Энди бизга вақтинча фойдаланиш учун берилган мана бу ёқимтой пониларни ортга жўнатиб юборишимиз керак.

Гномлар бундан ҳасратга тушиб, зорлана бошлашди, лекин Гэндальф уларга кетини ўйлаб иш қилишни маслаҳат берди.

- Беорн сизлар ўйлаганчалик узоқда эмас, - огоҳлантирди у. - Умуман олганда эса ваъдага вафо – марднинг ишидир. Беорн ниҳоятда хавфли душманга айланади, агар унга ёмонлик қиладиган бўлсангиз. Мистер Бэггинснинг кўз-қулоғи сизларникидан анча яхши экан: ҳар тунда бизга яқин жойда, ё сал нарида ўта йирик айиқ пайдо бўлиб, ой ёғдусида қароргоҳимизни кузатиб ўтирганига ўзи гувоҳ бўлди. У нафақат бизни қўриқлаб, тўғри йўналишда кетаётганимизни кузатиб борди, балки ўз пониларига ҳам кўз-қулоқ бўлди. Беорн сизга дўст тутинди, аммо у ўз жониворларини сиздан ортиқ кўриб, боласидай ардоқлайди. Шундай экан, уларни эгарлаб узоқ йўлга чоптиришингизга ижозат бериб, сизга қанчалик марҳамат кўрсатганини, агар унинг пониларини қайтариб бермай, ўрмонга тортиб кетадиган бўлсангиз, сизни нима қилиши мумкинлигини зиғирдай бўлсин, тасаввур қила олмайсиз.

- Нима учун сен фақат бизга берилган пониларнинг ташвишини қилиб, отинг ҳақида индамаяпсан? - сўради Торин. - Уни ҳам пониларга қўшиб жўнатмайсан-ми?

- Йўқ, жўнатмайман.

- Ваъдага вафо масаласи нима бўлади? - қўймади Торин.

- Бу менинг ишим. Отни қайтариб жўнатмайман, чунки ўзим ҳам кетаман унда.

Ёвуз ўрмон чегарасига етган Гэндальф гуруҳни тарк этишини фаҳмлаган хоббит билан гномлар тушкунликка юз тутишди. Сафарни бирга давом этишга кўндиришга қанчалик уринишмасин, сеҳргар ўз қарорида қатъий туриб олди.

- Эсингизда бўлса, Тўхташ жойи тош тепалигида бу масалада келишиб олган эдик, - эътироз билдирди Гэндальф. - Мени кўндиришга уринманг. Жанубда қиладиган ўта зарур ишларим борлигини айтганман. Энди эса сизнинг дастингиздан ўша ишлар ижросига кечикяпман. Сафарингиз охирида балким яна кўришармиз, лекин кўришмай қолишимиз ҳам мумкин. Бу сизнинг омадингиз, довюраклигингиз ва топқирлигингизга боғлиқ. Бундан ташқари, сизлар билан мистер Бэггинсни ҳам жўнатмоқдаман. Айтган эдим сизларга, унинг биров билмайдиган фазилатлари бор, деб. Кўп ўтмай ўзингиз ишонч ҳосил қиласиз бунга. Шундай экан, яшасин Бильбо! Ўзингиз ҳам дадилроқ бўлинг, Торин ва Ширкат! Умидсиз бўлманг! Бу сизнинг ташаббусингиз! Юртингиз, хазинангиз ҳақида ўйланг, Ёвуз ўрмон-у, аждарларни лоақал эртага эрталабгача эсламасликка ҳаракат қилинг.

Эртасига эрталаб Гэндальф яна шу сўзларни такрорлади. Сайёҳларга бўш бурдуқларини Ёвуз ўрмон бошидаги тоза булоқ сувига тўлдириб, пониларни юкдан халос қилишдан ўзга чора қолмади. Юк йўловчилар орасида имкон қадар адолатли тақсимланди. Аммо Бильбога юки ўта оғир туюлиб, бундай қоп орқалаб кўплаб миля судралишни мутлақо истамади.

- Ташвиш тортма! Қопинг сен ўйлагандан ҳам тез енгиллашади! - овунтирган бўлди Торин. - Егулик тугаб, қопларимизнинг оғир вазнини ачиниб эслаймиз ҳали.

Ниҳоят улар: «Учрашгунча», - дея отчаларини ортга, уй томон қаратиб хайрлашишди. Понилар думларини ликиллатганча, афтидан, Ёвуз ўрмон зулмати ортда қолганидан хурсанд бўлиб, жануб томон қувноқ сакраб кетишди. Бильбо бошини кундага қўйиб онт ичишга тайёрки, дарахтлар орасида айиққа ўхшаш шарпа чиқиб, отчалар ортидан беўхшов депсиниб кетди.

Гэндальф билан хайрлашадиган вақт етди. Шўрлик Бильбо ерда ўтирар экан, сеҳргарнинг эгари ортига жойлашиб олишни беҳуда орзу қилди.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 03.08.2018 21:29   #77  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Ночор нонуштадан сўнг хоббит Ёвуз ўрмон ичига разм солиб кўрди. Назарида, шу заҳоти ёруғликдан қоронғиликка сакраб ўтгандай бўлди. Ўрмон қандайдир нохуш, сирли кўринди. «Худди бизни кутиб, кузатаётгандай-я!», - хаёлдан ўтказди у.

- Кўришгунча! - деди Гэндальф Торинга. - Ҳаммага хайр! Энди йўлингиз Ёвуз ўрмон орқали ўтади. Сўқмоқдан оғманг, уни тарк этманг! Адашадиган бўлсангиз, йўлни топиш минг имкониятдан битта бўлади. Бу эса Ёвуз ўрмондан чиқа олмаслигингизни ва биз ҳеч қачон кўришмаслигимизни англатади, чунки ҳеч ким сизни топа олмайди!

- Шу ўрмон орқали юришимиз шартмиди? - пўнғиллади хоббит.

- Ўрмоннинг нариги томонида бўлишни истар экансиз, ҳа, шарт! - гапни кесди сеҳргар. - Ё ўрмон орқали борасиз, ё сафардан кўзланган мақсаддан батамом воз кечасиз. Шу ерга етганда фикрингиздан қайтишга йўл қўймайман, мистер Бэггинс! Сиз учун мен уялиб кетяпман! Бундай фикр юритишга қандай журъат этдингиз?! Барча гномлар учун энди сиз масъулсиз менинг олдимда! - кулиб боқди у.

- Йўқ, сен мени нотўғри тушундинг! - ўзини оқлай кетди Бильбо. - Ўрмонни айланиб ўтиш имкони ҳақида сўрамоқчи эдим.

- Бор шундай имкон, агар икки юз миля шимолга юришни ёки икки чандон узоқ масофани жануб томон босиб ўтишни истасанг, - жавоб берди Гэндальф. - Ўша ерлар хавфсиз деб ўйлайсан-ми? Дунёнинг Ёввойи ўлка деб номланадиган ушбу қисмида хавфсиз ернинг ўзи йўқ! Ўлка ҳудудида эканингизни, бу ерда ҳар қандай қабоҳатга дуч келишингиз мумкинлигини ёдингиздан чиқарманг. Ёвуз ўрмонни шимол томондан айланиб ўтадиган бўлсангиз, билинг-ки, у ерларда сон-саноқсиз гоблинларнинг бу ердаги қабиладошларига нисбатан беш баттар зотлари яшайди. Ёвуз ўрмонни жануб томондан айланиб ўтишни ният қилсангиз, унутманг-ки, Ёвуз сеҳр ҳудудига кириб борасиз. Янглишмасам, ҳатто сенга ҳам, Бильбо, ёвуз сеҳргарнинг ёвузлиги ҳақида кўп гапириш шарт эмас, шундайми? Тасарруфидаги Қора минора кўланкаси тушадиган ерларга хаёлан бўлса ҳам, яқин боришни маслаҳат бермаган бўлар эдим. Такрор айтаман, яхшиси мана шу ўрмон сўқмоғидан оғмай юринг, руҳан тушманг, ёрқин келажакка умид боғланг. Агар омадингиз мисли кўрилмаган даражада чопса, кун ўтиб бир кун ўрмондан эсон-омон чиқиб, Чўзиқ ботқоққа етасиз, унинг ортида эса Шарқда юксалиб турадиган, Қари Қурумнинг макони саналган Сўққа тоғни кўрасиз. Умид қиламан-ки, аждар сизни қарши олмайди.

- Чунонам тасалли бердинг-ки, таърифга сўз ожиз, - домангир пўнғиллади Торин. - Кўришгунча! Биз билан боришни истамас экансан, майли йўлингдан қолма. Ортиқча гап-сўзни бас қилайлик!

- Ундай бўлса кўришгунча ва илоҳим кун ўтиб бир кун эсон-омон учрашайлик! - хайрлашди Гэндальф.

Сеҳргар отини буриб, Ғарб томон йўл олди. Бироқ у энг сўнгги насиҳатни айтмасдан кета олмади. Яна ортга бурилиб, икки кафтини карнай қилганча бақирди:

- Кўришгунча-а-а ха-а-а-йр! Илтимо-о-о-с, эҳтиё-ё-ёт бўли-и-и-нг! Сўқмоқда-а-ан оғма-а-а-нг!

Шундан сўнгина у отини чоптирганча кўздан ғойиб бўлди.

- Хайр, хайр, тўрт томонинг қибла! - домангир минғирлашди гномлар, Гэндальфнинг кетиб қолганидан аччиқланиб.

Олдинда сафарнинг энг хавфли қисми кутмоқда. Сайёҳлар елкасига оғир қопи-ю, сув тўлдирилган мешини ортиб, қуёшга тескари ўгирилганча Ёвуз ўрмон ичига кириб кетишди.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Реклама и уведомления
Старый 24.08.2018 20:58   #78  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
САККИЗИНЧИ БОБ. ЎРГИМЧАК-У, ПАШШАЛАР

Сайёҳлар бирин-кетин юриб мудҳиш туннелга кираётган каби ўта қадимий, бир-бирига суянганча чирмашиб кетган, печак танасини батамом бўғиб, яккам-дуккам барглари шохларининг айрим жойларидангина қорайиб кўринаётган иккита баланд дарахт ҳосил қилган равоқ орқали ўрмонга киришди. Кўп ўтмай кун ёруғи нур сочаётган тешикдай орқада, ўрмонга кириш қисмида қолди. Тор сўқмоқ дарахт таналари орасида иланг-биланг бўлиб кетган. Ўрмон жимжитлиги эса шу қадар зўр қарор топган-ки, дарахтлар эгилиб, диққат-ла қулоқ тутаётгандай гўё.

Қоронғилик у даражада қалин эмас. Аста-секин кўникиб борган кўз тўқ яшил ғира-шираликда айрим нарсаларни илғай бошлади. Баъзан баргларнинг қалин қатлами ва чалкаш-чулкаш эшилган шох-шаббалар орасидан қуёшнинг ингичка шуъласи ўтиб қолмоқда. Бироқ бу нур камдан-кам учраб, кўп ўтмай минбаъд йўқолди. Ўрмонда қора олмахонлар сакрашмоқда. Бильбонинг қоронғиликка мослашган ўткир кўзи бароқ думини ликиллатганча сўқмоқдан қочиб, дарахт орқасига бекинаётган олмахонларни илғаб қолмоқда.

Етилмаган дарахтлар, қуриган баргларнинг зич қатлами орасидан қандайдир шитир-шитир, ғимир-ғимир, югур-югур, минғир-минғир эшитилмоқда. Нимадан чиқяпти бу овоз – Бильбо илғай олмади. Бироқ энг ёмони – дарахтдан дарахтга чўзилиб, сўқмоқнинг иккала томонидаги қуйи шохларни қамраб олган ниҳоятда зич, ғайриоддий қалин тўқилган жирканч ўргимчак ини экан. Сеҳр қўлланилгани туфайлими ёки бошқа номаълум сабабданми, ўргимчакнинг ушбу ов тўри сўқмоқнинг бирон ерини кесиб ўтмаган.

Кўп ўтмай йўловчилар гоблинлар туннелини ёмон кўришгандай ўрмонга ҳам нафрат-ла қарайдиган бўлиб қолишди. Чунки умид чироғи, уларнинг назарида, тоғ тизмасидаги умидга нисбатан хира туюлиб, Ёвуз ўрмондан чиқиш йўли йўқдай кўринмоқда. Илож қанча, юриш керак. Улар қуёшни, мовий осмонни яна кўриш орзусида тинмай юришмоқда. Ўрмоннинг шох-шаббалар пардаси остига енгил бўлса ҳам шабада кирмайди, димлик, қоронғилик ва жимжитлик мангу қотган бу ерда. Бир умр конда ишлаб, ер остида узоқ яшашга одатланган гномларга ҳам азоб бермоқда бу ҳолат. Ёз кунларини асосан очиқ ҳавода ўтказиб, каталак кулбада яшайдиган хоббит эса ҳаво етмай диққинафас бўлмоқда.

Энг ёмони тунги вақт экан. Зимистон қарор топгач, Бильбо ўзининг бурунга яқинлаштирган қўлини кўрмайди, атроф қоп-қоронғи бўлиб, бирон нарсани илғай олмайди. Йўқ, тўғрисини айтганда, сал нарида қандайдир махлуқнинг кўзи кўрингандай бўлади. Соқчи тайинлангач, йўловчилар бир-бирининг пинжига кириб ётишади. Соқчилик қилиш навбати Бильбога етганда зулмат қамраган ўрмонда майда чироқчалар лоп-лоп ёниб, сариқ, қизил, яшил рангли кўз жуфтликлари хоббитга бақрайиб туради. Кутилмаганда гум бўладиган ушбу кўзлар бошқа жойда пайдо бўлади, баъзан юқорида, сўқмоқ устига осилиб тушган шох-шаббалар орасида милтиллаб, Бильбонинг вужудини даҳшатга ғарқ қилади. Ҳаммасидан ҳам хоббитга бир жуфт ўта жирканч, бўртиб чиққан хира кўз ёқмади. «Ҳашаротнинг кўзига ўхшайди, - хаёлдан ўтказди хоббит, - лекин оддий ҳашарот учун жуда йириклик қилади».
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 24.08.2018 20:59   #79  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Тун совуқ бўлмаса-да, йўловчилар дастлабки кунлари қўриқчилик гулханини ёқишга уринишди, аммо кўп ўтмай бу ишдан воз кечишга мажбур бўлишди. Гап шундаки, олов ёниши билан юзлаб кўзлар, гарчи эгалари кўриниш беришмаса-да, қоронғиликда ҳар томондан милтиллаб бақраядиган бўлди. Боз устига, гулханга ҳар бирининг катталиги кафтдай келадиган юзлаб қора ва кулранг парвоналар учиб келиб, дам олувчиларнинг юзи яқинида пирпираб жонга тегишди. Капалакларга эса этик мойидай қоп-қора йирик кўршапалаклар қўшилади. Вужудни ваҳима босадиган буткул зулматда тунашга тўғри келди.

Буларнинг бари хоббитга мангу давом этадигандай туюлди. Егуликни тежашга тўғри келаётгани боис, йўловчиларнинг қорни тўймай оч юришибди. Кун кетидан кун ўтмоқда, ўрмон эса ўзгармас қолмоқда. Озиқ-овқат захирасининг адо бўлаётгани ҳаммани ташвишга солмоқда. Олмахон овлашга уриниб кўрган гномлар бир дунё ўқ сарфлаб, биттагина жонивор отишга муваффақ бўлишди. Қовурилгач эса олмахон гўшти ёқимсиз бўлиб, еб бўлмаслиги аниқланди.

Сув захираси ҳам камайиб, йўловчиларни ташналик қийнамоқда. Шу пайтгача уларга на булоқ, на жилға учраган эди, бугун эса йўлдан энсиз, лекин қора суви шиддат-ла оқаётган ариқ чиқди. Беорн Қора ариқ ҳақида огоҳлантириб яхши қилган экан, акс ҳолда йўловчиларнинг бари ўзини сувга отган, сеҳрланган сувни қониб ичиб, мешларни ҳам тўлдириб олишган бўлар эди. Ҳозир улар ушбу ғовни сувга кирмай енгиб ўтиш усули ҳақида ўйланишмоқда. Қирғоқдаги чириб синган устунларга қараганда, бир замонлар ушбу ариқ устидан ёғоч кўприк ўтгани кўриниб турибди.

- Қайиқ! - кутилмаганда бақириб юборди, чўкка тушганча нариги соҳилга синчиклаб қараб ўтирган Бильбо. - Нариги томонда қайиқ бор экан, биз томонга ўтиб қолгур!

- Узоқдами? - сўради Торин.

Бильбонинг кўзи ўткирлигига гномлар яна бир бор ишонч ҳосил қилишди.

- Йўқ, узоқ эмас, ўн метрча нарида.

- Атиги ўн метр?! Йигирма беш метрдан кам бўлмаса керак, деган хаёлга борган эдим, - деди Торин. - Хўш, нима қиламиз? Мен энди юз йил олдингидай аниқ кўра олмайман. Ариқдан ҳатлаб ўта олмаймиз, сузиб ёки кечиб ўтиш мумкин эмас, жуда хавфли.

- Арқон улоқтиришни биладими биров? - сўради Бильбо.

- Билган билан нима фойда, илинтирган тақдирда ҳам, қайиқ боғланган бўлса керак, - деди Торин.

- Йўқ, назаримда боғланмаган, - деди Бильбо. - Бундай зимистонда бир нима дейиш қийин, лекин.

- Энг кучлимиз Дори, - фикр билдирди Торин, - лекин Фили орамизда энг ёш гном, кўзи ҳам ўткир. Фили бу ёққа кел. Мистер Бэггинс айтган қайиқни кўряпсанми?

Фили узоқ синчиклаб қарагач, қайиқни бир амаллаб илғади ва масофани чамалаб, уриниб кўришини айтди. Унга мавжуд арқонларнинг энг узунини келтиришди. Арқон учига эса понининг эгарига ортилган бўхчани камарга тақиб маҳкамлайдиган катта металл илгаклардан бирини боғлашди. Фили илгакни олиб, бироз тебратиб турди-да, ариқ узра қайиқ томон улоқтирди.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 24.08.2018 21:00   #80  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Илгак сувга тушди.

- Етиб бормади! - деди кузатиб ўтирган Бильбо. - Ярим метр узоқроқ отилганида, тўғри бориб қайиқ ичига тушар эди. Яна бир уриниб кўр. Ҳўл арқонни ушласанг ҳам, сувга қўлланилган жоду ўйлайман-ки, сенга таъсир ўтказмайди.

Фили арқонни ариқдан тортиб чиқариб, хавфсираганча илгакни қўлга олди. Сал кўпроқ куч қўллаб, арқонни иккинчи бор бироз узоқроққа улоқтирди.

- Энди шошилма! - деди Бильбо. - Қайиқнинг нариги томонидаги ходани илаштирдинг. Куч ишлатмай торт арқонни.

Фили арқонни шошилмай, аста-секин тортди.

- Диққат, хода қайиқ ичига тушди! - хитоб қилди хоббит. - Илгак чиқиб кетмаслигига умид қиламиз энди.

Илгак қайиқ тахтасига илашиб, арқон таранглашди. Фили арқон тортиб, керакли натижага эришмади. Унга Кили ёрдамга келди, Ойн билан Глойн ҳам қараб туришмади. Тўртовлон кучи борича тортган арқон кутилмаганда бўшаб кетиб, ҳаммаси чалқанчасига баравар йиқилди. Ҳушёр турган Бильбо арқонни шу заҳоти тутиб қолиб қайиқни хода билан бирга ўзига тортди. Соҳилга кичкинагина қора қайиқ етиб келди. Уни якка ўзи ушлаб қолишга кучи етмаслигини тушунган хоббит бақирди:

- Ёрдам беринг!

Қоронғида эшитилган қичқириқ томон югуриб келган Балин қайиқнинг қуйруқ қисмидан тутиб олишга улгурди.

- Боғланган экан, - деди Балин қайиқнинг узилган арқонига имо қилиб. - Ишингиз ўнгидан келди, дўстлар. Хайриятки арқонимиз қайиқ арқонидан пишиқ экан.

- Хўш, ким сузиб ўтади биринчи бўлиб? - сўради Бильбо.

- Мен, - қарор қилди Торин. - Сен, Фили ва Балин ҳам мен билан бирга сузади. Бошқа ҳеч ким сиғмайди қайиққа. Биздан кейин Кили, Ойн, Глойн ва Дори, улардан кейин Ори, Нори, Бифур ва Бофур, охирги бўлиб Двалин билан Бомбур сузиб ўтишади.

- Ҳамиша охирида бўляпман, жонга тегди! - эътироз билдирди Бомбур. - Бугун бошқа биров охирги бўлсин.

- Ким айтди сенга бу даража семириб кетгин, деб? Қайиқ юки енгиллашганда сузасан-да, энди. Минғир-минғир қилиб эътироз билдираверма, буйруқни бажар, акс ҳолда хунук ҳолатга мубтало бўласан.

- Қайиқнинг эшкаги йўғ-у, қандай сузамиз нариги қирғоққа? - қизиқиб сўради хоббит.

- Менга яна битта арқон билан яна битта илгак беринг, - талаб қилди Фили.

Арқонга боғланган илгакни Фили бу сафар куч билан имкон қадар баланд ва узоққа улоқтирди. Илгак ерга тушмай дарахт шохларига илашди.

- Қайиққа чиқиб, дарахтга илинган арқонни тортинг, - буюрди Фили. - Соҳилда қолганлар билан қайиқдагилар биринчи арқонни ушлаб олсин. Нариги қирғоққа ўтиб олганимиздан сўнг илгак воситасида боғланган қайиқни ўзингизга тортинг.

Шундай қилиб йўловчилар сеҳрланган ариқни кечиб ўтишди. Охирги бўлиб сузиб ўтган Двалин қайиқдан сакраб тушди. Арқон ўрамини ушлаган Бомбур унинг ортидан эргашди. Семиз гном минғир-минғирини қўймагани учун бўлса керак, чиндан ҳам жуда хунук ҳодиса рўй берди.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Ответить
Опции темы
Опции просмотра




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2024, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх