Моё меню Общее меню Пользователи Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ОБРАЗОВАНИЕ > ZiyoNET
Знаете ли Вы, что ...
...инструкция по установке аватара описана в Правилах форума.
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

ZiyoNET Общественная образовательная сеть ZiyoNET. Ресурсный центр сети является структурным подразделением UZINFOCOM. Раздел UZINFOCOM


Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 12.04.2013 00:35   #11  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,497
+ 6,185  7,214/2,001
– 72  128/65

UzbekistanFacebook
2. КОСМИК ТЕХНИКА, УНИНГ ВАЗИФАСИ ВА ИНФРАТУЗИЛМАСИ

ЭЛТУВЧИ РАКЕТА (рус. ракета-носитель), космик фазога космик аппарат, Ернинг сунъий йўлдоши, космик кема, планеталараро автоматик станция каби фойдали юк олиб чиқиш учун мўлжалланган кўп поғонали баллистик ракета. Бошқача айтганда, космонавтика манфаатларида фойдаланиладиган ракета.
Бундай ракета фойдали юк Ер яқинидаги паст, ўрта баландликдаги, юқори эллиптик ва катта айлана орбиталарга етказилаётганида зарурий (биринчи ёки иккинчи ёхуд ундан юқори) космик тезлик олишини таъминлайди. Ўз траекториясининг фаол қисмидаги бугунги элтувчи ракета парвозининг давомийлиги тахминан 17 дақиқани ташкил этади, старт олиш вазни 3000 тонна бўлиб, ушбу вазннинг 90 фоизи ёқилғи вазнидан иборат, Ер яқинидаги орбитага олиб чиқадиган фойдали юк вазни тахминан 140 тонна.

Элтувчи ракеталар таснифи
Айрим горизонтал старт оладиган авиацион-космик тизимлардан фарқли ўлароқ, элтувчи ракеталар вертикал, камдан-кам ҳолларда ҳавода старт олади.

Поғоналар жойлаштирилишига (йиғилишига) кўра:
поғоналар бирин-кетин жойлашган бўлиб, парвоз жараёнида навбат билан ишга тушадиган бўйлама йиғилган ракета;
ҳар хил поғоналарга тааллуқли, парвоз жараёнида бир вақтда ишлайдиган бир нечта блоклар параллель (пакет тарзида) жойлашган параллел йиғилган ракета;
бир вақтда юргизилиб баравар ишлайдиган старт олиш ва марш двигателларига ёқилғи етказиладиган, барча поғоналар учун умумий ёқилғи баклари ўрнатилган, иши ниҳоясига етган марш двигателларигина улоқтириладиган шартли пакет тарзида (бир ярим пакет тартибида) йиғилган ракета.

Поғоналар сонига кўра:
бир поғонали ракета;
барча поғоналар учун умумий оксидловчи модда ва ёқилғи бакига эга, старт олиш двигателлари эса биринчи поғонани ташкил этадиган, яъни бутун поғона эмас фақат ушбу двигателлар улоқтириладиган бир ярим поғонали ракета (мисол учун, «Атлас» русумли элтувчи ракетанинг биринчи модификациялари);
икки поғонали ракета ва ҳоказо.

Ўрнатилган двигатель турларига кўра:
суюқ ёқилғи қўлланиладиган ракета;
қаттиқ ёнилғи қўлланиладиган ракета;
ҳар хил поғоналарда суюқ ёқилғи ва қаттиқ ёнилғи комбинацияси қўлланиладиган ракета.

Космосга олиб чиқиладиган фойдали юк вазнига кўра:
юк вазни 60-70 тоннадан вазмин бўлган ўта оғир;
юк вазни 15-50 тоннадан иборат оғир;
юк вазни 5-15 тоннадан иборат ўрта оғир;
юк вазни 5 тоннадан иборат ўрта вазнли;
юк вазни 5 тоннагача бўлган енгил синфларга фарқ қилади.
Бундан ташқари, космик фаога бир неча ўнлаб килограб фойдали юк олиб чиқадиган нано-элтувчи ракеталар пайдо бўлмоқда.

Учирилиш сонига кўра:
бир маротаба учириладиган ракета;
кўп маротаба учириладиган ракетага бўлинади.

Аксарият элтувчи ракеталар бир маротаба учириладиган кўп поғонали, пакет тарзида ёки бўйлама йиғилган, барча элементлари максимал даражада соддалаштирилгани боис, ишончлилиги билан фарқ қиладиган жанговар қитъалараро баллистик ракеталарнинг модификация қилинган варианти саналади.
Илк бор 1957 йил 4 октябрь куни ССРИ томонидан Р-7 русумли элтувчи ракета воситасида «Спутник-1» русумли, вазни 83,6 кг бўлган космик аппарат космосга учирилган.

Турли давлатлар томонидан илк бор учирилган элтувчи ракеталар:
1958 йил 31 январь – АҚШ, «Юпитер-С» ракетаси, космик аппарат вазни 4,8 кг;
1965 йил 26 ноябрь – Франция, «Диамант-А» ракетаси, космик аппарат вазни 80 кг;
1970 йил 11 февраль – Япония, L-45 ракетаси, космик аппарат вазни 9,4 кг;
1970 йил 24 апрель – Хитой, «Буюк сафар» ракетаси, космик аппарат вазни 173 кг;
1971 йил 28 октябрь – Англия, «Блэк Эрроу» ракетаси, космик аппарат вазни 66 кг;
1979 йил 24 декабрь – Европа космос агентлиги (ESA), «Ариан» ракетаси, космик аппарат вазни 1700 кг;
1980 йил 18 июнь – Ҳиндистон, SLV-3 ракетаси, космик аппарат вазни 40 кг.

Элтувчи ракеталарнинг кейинги авлодлари:
ССРИ – «Старт-1» (1993; старт олиш вазни 50 т, паст орбитага чиқарилган фойдали юк вазни 0,5 т), «Циклон» (1977; 185 т; 3,6 т), «Союз» (1973; 305 т; 7,1 т), «Зенит» (1985; 459 т; 13,7 т), «Протон» (1967; 700 т; 20,6 т), «Энергия» (1987; 2400 т; 100 т);
АҚШ – «Титан-ЗВ» (1966; 187 т; 3,6 т), «Атлас-2» (1990; 188 т; 6,6 т), «Титан-4» (1989; 867 т; 17,7 т); «Сатурн-5» (1967; 2950 т; 135 т);
Хитой – «Буюк сафар-2» (1975; 192 т; 2,0 т);
Ҳиндистон – ASLV (1987; 40 т; 0,15 т);
Япония – Н-1 (1986; 140 т; 3,8 т), Н-2 (1994; 260 т; 10,0 т);
ESA – «Ариан-4» (1988; 304 т; 4,6 т), «Ариан-4Л» (1988; 460 т; 9,4 т).

Айрим элтувчи ракеталарга оид маълумотлар:
«Космос» – ССРИда ишлаб чиқилган, «Космос» русумли Ернинг сунъий йўлдошларини космосга чиқариш учун мўлжалланган 2 поғонали элтувчи ракеталар серияси.
«Энергия» – кўп маротаба қўллаш учун мўлжалланган орбитал космик кемалар, илмий ва халк хўжалиги соҳалари манфаатларида ишлатиладиган йирик ўлчамли космик аппаратларни, шу жумладан, узоқ вақт ишлатиладиган космик станция модулларини орбитага чиқариш мақсадида ССРИда яратилган 2 поғонали универсал элтувчи ракета.
Узунлиги 60 м, кўндаланг кесимининг максимал ўлчами тахминан 20 м, старт олиш вазни 2000 тоннадан оғир, Ер яқинидаги орбитага олиб чиқадиган фойдали юк вазни 100 тоннадан оғир.
«Ариан» – Европа космик агентлиги томонидан яратилган, Ернинг сунъий йўлдошларини космосга чиқариш учун мўлжалланган, суюқ ёқилғи қўлланиладиган двигатель ўрнатилган 3 поғонали элтувчи ракеталар серияси.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
4 "+" от:
Старый 12.04.2013 00:39   #12  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,497
+ 6,185  7,214/2,001
– 72  128/65

UzbekistanFacebook
КОСМИК АППАРАТЛАР (рус. космические аппараты), космик фазода турли вазифаларни ҳал этиш, осмон жисмлари юзида тадқиқот ишлари ва бошқа турдаги ишларни амалга ошириш мақсадида космосга учиш ёки космосда парвоз қилиш учун мўлжалланган, орбитага элтувчи ракеталар воситасида чиқариладиган учиш аппаратларининг (техник қурилмаларнинг) умумий номи.
Космик аппаратлар, Ер яқинида ва планеталараро учиш, орбитал парвоз қилиш, илмий-тадқиқот ва амалий масалаларни ҳал этиш учун мўлжалланган бўлиб, автоматик учадиган ва учувчи бошқарадиган аппаратларга фарқ қилиши мумкин.
Асосий вазифаси Ер атмосферасининг устки, яқин космос, деб аталадиган қисмида одам ва жиҳозларни ташиш саналадиган космик аппарат космик кема ёки космик учиш аппарати, деб номланади.
Қўлланилиш соҳасига кўра космик аппаратлар:
суборбитал;
Ернинг сунъий йўлдошлар ҳаракатланадиган геоцентрик орбита бўйлаб парвоз қиладиган Ер яқинидаги орбитал;
планеталараро (экспедицион);
муайян планетага тушириладиган гуруҳларга бўлинади.
Космик аппаратларни Ернинг автоматик сунъий йўлдоши ва учувчи бошқарадиган космик аппаратга фарқ қилиш қабул қилинган. Учувчи бошқарадиган космик аппаратлар жумласига барча турдаги учувчи бошқарадиган космик кемалар ва орбитал космик станциялар киради
Баъзан, пассив сунъий йўлдошлардан фарқ қилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтиш ақсадида Ернинг фаол, яъни турли манёврлар бажарадиган сунъий йўлдошларини номлаш учун «Космик учиш аппарати» термини қўлланилади. Аксарият ҳолларда «Космик аппарат» ва «Космик учиш аппарати» маънодош сўзлар сифатида эътироф этилади.
Бундан ташқари, сўнгги йилларда авиация-космос тизимларига мансуб орбитал-гипертовуш учиш аппаратларининг лойиҳалари ишлаб чиқилар экан, ҳавосиз космик фазода ҳам, Ернинг зич атмосфера қатламларида ҳам, бошқариладиган парвоз амалларини бажарадиган космоплан ва космолётларни номлаш учун ҳаво-космик аппарат номи ҳам тез-тез қўлланиб келинмоқда.

Космик аппаратлар таснифи:

Иш режимига кўра:
Ернинг сунъий йўлдошлари – геоцентрик орбитада ҳаракатланаётган, яъни Ер атрофида айланаётган аппаратларнинг умумий номи;
автоматик планеталараро станциялар (космик зондлар) – Ердан Қуёш тизимига мансуб бошқа космик жимлар орасида парвоз қиладиган аппаратлар. Бунда, ушбу аппаратлар ўзлаштирилаётган осмон жисмининг орбитасига чиқиши ҳам, учиб ўтиш траекториясида тадқиқ этиши ҳам мумкин. Айриб аппаратлар тадқиқ ишларини ниҳоясига етказгач, Қуёш тизимининг сарҳадларини тарк этиб кетади;
автоматик ёки учувчи бошқарадиган космик кемалар – юк ва одамларни Ер орбитасига олиб чиқиш учун қўлланилади. Бугунги кунда бошқа планеталарнинг орбиталарига парвоз қилиш режалари ишлаб чиқилмоқда;
орбитал станциялар – одамларнинг Ер орбитасида узоқ вақт бўлиб, ишлашлари учун мўлжалланган аппаратлар;
планета юзига тушириладиган аппаратлар – одам ва тегишли материалларни планета атрофидаги орбитадан ёки планеталараро траекториядан планета юзига тушириш учун мўлжалланган аппаратлар;
планетоходлар – планета ёки бошқа турдаги осмон жисми юзида ҳаракатланиб юриши учун мўлжалланган автоматик лаборатория комплекслари ёки транспорт воситалари.

Қайтишига кўра:
Ерга қайтадиган аппаратлар – одам ва материалларни Ерга эркин ёки қаттиқ қўнган тарзда қайтариш кўзда тутилади;
Ерга қайтмас аппаратлар – ресурси тугагач, одатда орбитадан тушиб, атмосфера қатламларида ёниб кетади.

Бажарадиган ишига кўра:
метеорологик аппаратлар;
навигация аппаратлари;
алоқа, телевизион, телекоммуникацион йўлдошлар;
илмий-тадқиқот аппаратлари;
геофизик аппаратлар;
геодезик аппаратлар;
астрономик аппаратлар;
Ерни юқоридан зондлаш аппаратлари;
разведка ва ҳарбий аппаратлар;
бошқа турдаги аппаратлар.
Аксарият космик аппаратлар бир вақтнинг ўзида бир неча иш турларини бажаради.

Вазнига кўра:
фемто – 100 граммгача
пико- –1 килограммгача
нано- – 1-10 кг
микро- – 10-100 кг
мини- – 100-500 кг
кичик – 500-1000 кг
йирик – 1000 килограммдан оғир.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
4 "+" от:
Старый 12.04.2013 00:43   #13  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,497
+ 6,185  7,214/2,001
– 72  128/65

UzbekistanFacebook
Космик аппарат парвозининг ўзига хос хусусиятлари
Умуман олганда, космик аппарат парвозини уч қисмга, хусусан, орбитага чиқариш, орбитал парвоз ва қўниш қисмларига бўлиш қабул қилинган. Орбитага чиқариш қисмида космик аппарат белгиланган йўналишда зарурий космик тезлик олиши лозим. Парвознинг орбитал қисми аппаратнинг само механикаси қонунларига мувофиқ инерциал ҳаракатланиши билан тавсифланади. Қўниш қисми эса Ерга қайтаётган космик аппаратнинг тезлигини қўниш тезлигига қадар сўндириш учун хизмат қилади.
Космик аппарат бортидаги тизимлар (рус. бортовое оборудование космического аппарата) – космик аппарат ҳаракатининг белгиланган тавсифлари рўёбга чиқиши, ички истиқомат шароитлари таъминланиши ва мақсадли вазифалар ҳал этилиши учун мўлжалланган техник воситалар мажмуи.
Космик аппарат бир нечта таркибий қисмлардан ташкил топган. Улар жумласига, авваламбор, космик аппарат олдида турган вазифаларни ҳал этиш мўлжалланган мақсадли аппаратлар киради. Мақсадли аппаратлардан ташқари, одатда, космик фазо шароитларида аппаратнинг узоқ вақт ишлашини таъминлайдиган бир қатор хизмат тизимлари ҳам мавжуд.
Бундай тизимларга: энергия таъминоти, ҳарорат ростлаш, радиацион муҳофаза, парвоз жараёнини бошқариш, йўналтириш, космонавтларни авария ҳолатида қутқариш, қўниш, элтувчи ракетадан ажраб чиқиш, бошқа космик аппарат билан туташиш, радиоалоқа, ҳаётий таъминот, биологик муҳофаза, иссиқликдан сақлаш, телеметрия каби тизимлар киради.
Космик аппарат бажарадиган вазифага боғлиқ ҳолда юқорида санаб ўтилган хизмат тизимларининг айримлари, мисол учун, алоқа йўлдошида космонавтларни авария ҳолатида қутқариш, ҳаётий таъминот тизимлари бўлмайди.
Космик аппарат бортига мақсадли вазифалар ҳал этилиши учун ўрнатилган жиҳозлар ўз ичига илмий-тадқиқот, метеорологик ва фотографик жиҳозларни мужассам этади.
Электр таъминот тизими
Космик аппаратга ўрнатилган тизимларнинг аксарият қисми электр таъминот бўлишини тақозо этади. Бинобарин, электр энергиясининг манбаи сифатида, одатда, қуёш батареялари ва кимёвий аккумуляторлардан ташкил топган боғлам қўлланилади. Кам ҳолларда бошқа манбалар, мисол учун, ёқилғи элементлари, радиоизотоп батареялар, ядровий реакторлар, бир маротаба ишлатиладиган гальваник элементлардан фойдаланилади.
Ҳарорат режимини сақлаш (ҳарорат ростлаш) тизими
Космик аппарат ички (асбоблар, агрегатлар ва шу кабилар) ва ташқи манбалардан, мисол учун қуёшнинг бевосита ва планетадан акс этган нурлари, планета нурларидан ҳамда планетанинг аппарат баландлигидаги атмосфера қолдиқларига ишқаланиш туфайли қизийди. Шунингдек, космик аппарат иссиқлик нурлаши сабабли совийди. Космик аппаратнинг аксарият узеллари ҳарорат режими сақланишини тақозо этади, яъни уларнинг ҳаддан ортиқ қизиб кетиши ёки совиб қолишига йўл қўйиб бўлмайди. Қизиш билан совиш жараёни ўртасидаги мувозанатни сақлаш, иссиқлик энергиясини аппарат конструкциялари орасида тақсимлаш ва шу тариқа, белгиланган ҳарорат режимини сақлаш – ҳарорат ростлаш тизимининг асосий вазифаси саналади.
Бошқарув тизими
Космик аппаратнинг муайян томон йўналиши ва манёврлар бажаришини таъминлаш мақсадида аппартнинг двигатель қурилмасини бошқаради. Ушбу тизим, одатда, мақсадли аппаратлар ва бошқа турдаги кичик тизимлар билан, уларнинг ҳолатини назорат қилиш ва бошқариш мақсадида боғланган бўлиб, борт радиоалоқаси воситасида қуруқликдаги бошқарув тизимлари билан ахборот алмашинади.
Алоқа тизими
Космик аппарат ҳолатини назорат қилиб бориш, уни бошқариш, мақсадли аппаратлардан ахборот олишни таъминлаш учун қуруқликдаги бошқарув комплекси билан алоқа канали бўлиши талаб этилади. Бунинг учун асосан радиоалоқа бўлиши лозим. Космик аппарат Ердан олис масофаларга узоқлашадиган бўлса, аниқ йўналган антенналар ва уларни космик аппарат томон йўналтириш тизимлари қўлланилади.
Ҳаётий таъминот тизими
Бундай тизим учувчи бошқарадиган ҳамда бортида биологик тажрибалар ўтказиладиган космик аппаратлар учун зарур бўлиб, ўз ичига зарурий моддалар захираси, регенерация ва утилизация тизимларини мужассам этади.
Йўналтириш тизими
Космик аппаратнинг айни фурсатда қай томон йўналганини аниқлаш қурилмалари (қуёш датчиги, юлдуз датчиги кабилар) ва ижро органларидан (йўналтириш двигателлари ва куч гироскопларидан) иборат.
Двигатель қурилмаси
Космик аппарат тезлиги ва ҳаракат йўналишини ўзгартириш имконини беради. Одатда, кимёвий ракета двигатели қўлланилади, бироқ электр, ядровий ва бошқа турдаги двигателлар ёки қуёш паруси ҳам қўлланилиши мумкин.
Энг биринчи космик аппарат – 1957 йили ССРИ томонидан орбитага чиқарилган Ернинг сунъий йўлдоши саналади.
Космик аппаратларга мисол тариқасида таъминот мақсадларида юк ташиш учун мўлжалланган «Прогресс» автоматик космик аппаратлар сериясини келтириш мумкин. Ушбу аппаратлар ССРИда «Союз» космик кемаси негизида яратилган бўлиб, илк бор 1978 йили космосга учирилган. Бундай космик аппаратларнинг асосий вазифаси – орбитал станцияга ёқилғи, тегишли жиҳозлар ва бошқа турдаги материалларни етказиш йули билан, ушбу станциялар иши давомли кечишини таъминлашдир.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
4 "+" от:
Старый 12.04.2013 00:46   #14  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,497
+ 6,185  7,214/2,001
– 72  128/65

UzbekistanFacebook
КОСМИК КЕМА (рус. космический корабль), учувчи-космонавт томонидан бошқариладиган, космонавтларнинг ҳаётий фаолиятини таъминлаш тизими билан биргаликдаги герметик ёпилган кабинага эга космик аппарат.
Гелиоцентрик орбиталар бўйлаб узоқ вақт парвоз қилиш учун мўлжалланган космик кема орбитал станция, бошқа планетага учиш учун мўлжалланган космик кема эса планеталараро станция, деб аталади. Юк ва космонавтларни ташиб етказиш тадбирлари космик юк ташиш кемалари ва орбиталараро буксирлар воситасида амалга оширилади.

Ер яқинидаги орбиталар бўйлаб парвоз этиш учун мўлжалланган совет космик кемалари жумласига қуйидаги кемалар киради:
«Восток» (вазни 4,73 т) – 1961-63 йиллар давомида жами 6 маротаба космосга чиқарилган, шу жумладан, жаҳоннинг биринчи космонавти Ю. А. Гагарин парвоз қилган бир ўринли дастлабки космик кемалар серияси;
«Восход» (вазни 5,32 т) – 1964-65 йиллар давомида жами 2 маротаба космосга чиқарилган, иккинчи парвоз давомида совет космонавти А. А. Леонов илк бор очиқ космосга чиққан кўп ўринли космик кемалар;
«Союз» (вазни 6,38-6,8 т) – 1967-81 йиллар давомида жами 40 маротаба, улардан 2 маротаба космонавтсиз космосга чиқарилган кўп ўринли космик кемалар серияси.
1979-86 йиллар давомида жами 14 маротаба космосга чиқарилган «Союз-Т» ва 1986-98 йиллар давомида жами 25 маротаба космосга чиқарилган «Союз-ТМ» космик кемалар серияси космик экипажларни «Салют» ва «Мир» орбитал станцияларига етказиш ва космонавтларни Ерга қайтариш учун мўлжалланган бўлиб, «Союз» космик кемаси негизида яратилган модификациялар саналади.
«Восток», «Восход» ва «Союз» космик кемаларининг парвозлари давомида рўй берган муҳим ҳодисалар:
иккита космик кема ўзаро туташтирилиб, космонавтларнинг очиқ космос орқали бир космик кемадан иккинчисига ўтиши;
бир нечта космик кемаларнинг гуруҳ таркибидаги парвози;
АҚШнинг «Аполлон» космик кемаси билан туташиш.

АҚШ космик кемалари жумласига қуйидаги кемалар киради:
«Меркурий» (вазни 1,3 т) – 1961-63 йиллар давомида жами 6 маротаба космосга чиқарилган, шу жумладан, дастлабки иккита парвоз Ер орбитасига чиқмаган тарзда кечган бир ўринли дастлабки космик кемалар серияси;
«Джемини» (вазни 3,8 т) – 1965-66 йиллар давомида жами 10 маротаба космосга чиқарилган, шу жумладан, космонавтлар 5 маротаба очиқ космосга чиққан, бир нечта парвоз тажриба тариқасида гуруҳ таркибида кечган ва космик аппарат билан туташув ишлари амалга оширилган икки ўринли космик кемалар серияси;
«Аполлон» (вазни 47 т) – асосий вазифаси астронавтларни Ойга етказиш бўлиб, Ер яқинидаги орбиталар бўйлаб парвоз қилиш учун мўлжалланган уч ўринли космик кемалар серияси ҳамда мазкур кемаларни ишлаб чиқиш ва космосга чиқариш дастурининг номи.
Ушбу кемаларда астронавтлар Ер атрофида парвоз қилишган. Шунингдек, кемаларнинг учувчисиз парвозлари ҳам амалга оширилган. «Аполлон» негизида яратилган космик кема модификациялари экипажларни «Скайлэб» орбитал станциясига етказиш учун 3 маротаба қўлланилган. ЭПАС дастурига мувофиқ «Союз-19» космик кемаси билан туташтирилган. Бунда, ойга чиқиш бўлмасидан космонавтлар учун ўтиш бўлмаси сифатида фойдаланилган.
Космик кема старт олишининг максимал вазни тахминан 47 тонна, истиқомат бўлмаларининг ҳажми 12,7 куб метр. Ушбу космик кемалар 1968-75 йиллар давомида 15 маротаба жами 38 нафар астронавт билан космосга чиқарилган, улардан 6 маротаба, хусусан «Аполлон-11», -12, -14 ва -17 космик кемаларида ой экспедициялари Ой юзига қўнган тарзда муваффақиятли ўтган. Илк бор 1969 йили астронавтлар Н. Армстронг ва Э. Олдрин «Аполлон-11» космик кемасидан Ой юзига тушган. Ой юзида жами 12 нафар астронавт бўлган. «Аполлон-17» космик кемаси Ой юзида максимал вақт – 75 соат бўлган.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
4 "+" от:
Реклама и уведомления
Старый 12.04.2013 00:50   #15  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,497
+ 6,185  7,214/2,001
– 72  128/65

UzbekistanFacebook
КОСМИК ЮК ТАШИШ КЕМАСИ (рус. космический транспортный корабль) – юк ва экипажни орбитал станцияга етказиш, космик аппаратларни космик фазонинг белгиланган жойига тортиб бориш ва уларни Ерга қайтариш учун мўлжалланган автоматик ёки учувчи бошқарадиган космик кема
Бир маротаба фойдаланиладиган юк ташиш кемалари жумласига ССРИнинг «Союз» ва «Союз-Т» космик кемалари ҳамда «Прогресс» автоматик юк ташиш космик кемасини, АҚШнинг кўп маротаба фойдаланиладиган «Спейс шаттл»ни мисол тариқасида келтириш мумкин.

«СПЕЙС ШАТТЛ» (инг. Space Shuttle – космик қайиқ) (қисқартирилган номи «Шаттл») – космик кемаларни орбитага чиқариш, уларга техник хизмат кўрсатиш, космосда олиб борилган тадқиқот натижалари ёки космик кемаларни Ерга қайтариш, шунингдек, тегишли тадқиқотларни, шу жумладан, ҳарбий тадқиқотларни мустақил равишда амалга ошириш учун мўлжалланган кўп маротаба фойдаланиладиган АҚШнинг космик юк ташиш кемаси.
Ушбу кема иккита поғонадан иборат, хусусан:
биринчи поғона – ажралувчан поғона бўлиб, қаттиқ ёқилғи қўлланиладиган ракета двигателларига эга иккита тезлаткичдан иборат. Ушбу тезлаткичлар такроран фойдаланиш учун ерга парашют воситасида тушади;
иккинчи поғона – суюқ ёқилғи қўлланиладиган учта ракета двигателига эга, орбитадан тушгач, «самолёт» режимида ерга қўнишга қодир бошқариладиган қанотли орбитал поғона («Колумбия», «Челленджер», «Дискавери», «Атлантис» ёки «Индевер»).
Жами 100 маротаба қўлланилишга мўлжалланган «Шаттл» вертикал йўналишда старт олади, орбитадан тушгач эса секин-аста пастлаб учиб, самолёт сингари ерга қўнади.
Астронавтлар иштирокидаги биринчи парвози 1981 йилнинг апрель ойида амалга оширилган. Таассуфки, 1986 йил 28 январь куни старт олган «Челленджер» ҳалокатга учраб, жамики экипаж ҳалок бўлди. 1988 йилнинг сентябрь ойида, ушбу кема парвозлари қайта бошланди.
«Шаттл» кемасининг жами бешта орбитал поғонаси қурилган, жумладан:
«Колумбия» (2003 йил 1 февраль куни ерга қўниш фурсатида ҳалокатга учраган);
«Челленджер» (1986 йил 28 январь куни старт олиш фурсатида ҳалокатга учраган);
«Дискавери»;
«Атлантис»;
«Эндевер».
«Спейс шаттл»нинг асосий тактик ва техник хусусиятлари: старт олиш вазни тахминан 20000 т, узунлиги 56 м, орбитага чиқариладиган фойдали юк 29,5 т, Ерга қайтариладиган фойдали юк 14,5 т, парвознинг максимал давомийлиги 30 сутка, экипаж 7 киши.

ҲАВО-КОСМИК САМОЛЕТ (рус. воздушно-космический самолет) – учиш-қўниш амалларини самолёт сингари бажарадиган, атмосфера ва космик фазода учиш учун мўлжалланган кўп маротаба фойдаланиладиган бир поғонали учиш аппарати.
Бундай самолётни яратишдан тадқиқот парвозларини амалга ошириш, космик аппаратларга транспорт-техник хизматларини кўрсатиш ва жанговар вазифаларни ҳал этиш мақсадлари кўзланмоқда. Уни яратиш ишлари АҚШ, Буюк Британия ва бошқа давлатларда олиб борилмоқда.

ҲАВО-КОСМИК КЕМА (рус. воздушно-космический корабль) – космик фазода учиб, ерга самолёт сингари қўниш учун мўлжалланган, кўп маротаба фойдаланиладиган орбитал кема.
Ҳаво-космик кема ҳаво-космик самолётдан фарқли ўлароқ ракета сингари старт олади. Келажакда самолёт ёки космик кема бортидан старт оладиган турлари яратилиши кутилмоқда. Асосий аэродинамик юзалар, парвоз жараёнини барқарорлаштириш ва бошқариш органлари (қанот, дум қисми кабилар), шасси, парвоз-навигация тизимига эга.
Ушбу кема юк ташиш ишлари, орбитага чиқарилган космик кемаларга техник хизмат кўрсатиш тадбирлари, космик тажрибалар ўтказилиши, Ернинг табиий манбаларини разведка қилиш ва шу каби, бошқа мақсадларда қўллаш учун мўлжалланган.
1981 йилдан эътиборан АҚШнинг «Спейс шаттл» кемаси қўлланиб келинмоқда.
1988 йили ССРИнинг «Буран» кемаси Ер атрофида икки маротаба айланиб, аэродромга қўнди.

Хусусий космик кемалар:
SpaceShipOne – биринчи суборбитал космик кема.
SpaceShipTwo – суборбитал сайёҳлик кемаси. Келгуси ривожи SpaceShipOne.
Дракон (Dragon SpaceX) – «Тижорат мақсадларида орбитал юк ташиш» (COTS) дастури доирасида НАСА буюртмасига биноан SpaceX компанияси томонидан ишлаб чиқилаётган космик юк ташиш кемаси.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
4 "+" от:
Старый 12.04.2013 00:54   #16  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,497
+ 6,185  7,214/2,001
– 72  128/65

UzbekistanFacebook
СУНЪИЙ ЙЎЛДОШ – муайян осмон жисми атрофидаги орбита бўйлаб ҳаракатланадиган космик аппарат. ССРИ томонидан:
1957 йили - Ернинг сунъий йўлдоши;
1959 йили – Қуёшнинг сунъий йўлдоши;
1966 йили – Ойнинг сунъий йўлдоши;
1975 йили – Зуҳранинг сунъий йўлдоши биринчи бўлиб учирилган. АҚШ томонидан эса 1971 йили Миррихнинг сунъий йўлдоши учирилган.

ССРИ ва Россия томонидан учирилган сунъий йўлдошлар рўйхати: Электрон, Полёт, Метеор, Экран, Радуга, Горизонт, Молния, Гейзер, Альтаир, Купон, ГЛОНАСС, Парус, Фотон, Око, Стрела, Ресурс, Целина, Бион, Вектор, Ромб, Цикада.

ЕРНИНГ СУНЪИЙ ЙЎЛДОШЛАРИ – Ернинг геоцентрик орбитаси бўйлаб камида бир маротаба айланган тарзда эркин парвоз қиладиган космик аппаратлар.
Ернинг сунъий йўлдоши орбитага ҳаракатининг фаол қисми бир неча юз километрдан икки-уч минг километргача масофани ташкил этадиган, сунъий йўлдош ажралиб чиқаётган фурсатдаги тезлиги эса биринчи космик тезликка тенг бўладиган ёки ушбу тезликдан 1,4 маротабадан ошмай, горизонтал йўналишда ҳаракатланадиган элтувчи ракета воситасида чиқарилади.
Ернинг энг биринчи сунъий йўлдоши («Спутник-1») ССРИ томонидан 1957 йил 4 октябрь куни учирилган. Шундан сўнг:
1958 йили – АҚШ;
1965 йили – Франция;
1967 йили – Австралия;
1970 йили – Япония ва Хитой;
1971 йили – Буюк Британия;
1980 йили – Ҳиндистон томонидан учирилган.
Ернинг сунъий йўлдошлари жумласига орбитал космик кема ва станциялар кириб, мақсадли вазифасига кўра улар илмий-тадқиқот ва амалий мақсадларда фойдаланиладиган сунъий йўлдошларга фарқ қилади.

Илмий-тадқиқот мақсадларида фойдаланиладиган Ернинг сунъий йўлдошлари Ер атмосферасининг ионосфераси ва янада юқори қатламларини, галактика нурлари ва Қуёш нурларини, гравитация майдонларининг тузилишларини, Ернинг радиацион минтақасини ва шу каби масалаларни ўрганиб бориш учун хизмат қилади. Бундай йўлдошлар жумласига:
ССРИнинг «Космос», «Электрон», «Протон», «Прогноз» серияларига мансуб йўлдошлар;
АҚШнинг «Авангард», «Эксплорер», «ОСО», «ОГО», «ОАО», «Пегас», «ХЕАО» серияларига мансуб йўлдошлар;
Англиянинг «Ариэль» йўлдоши;
Франциянинг «Диадем», «Турнесоль», «Ореол» каби йўлдошлари киради.

Амалий мақсадларда фойдаланиладиган Ернинг сунъий йўлдошлари жумласига:
телевизион кўрсатувларни ретрансляция қилиш, бир-биридан 10-15 минг км нарида жойлашган қуруқликдаги пунктлар орасида алоқанинг барча турларини таъминлаш учун хизмат қиладиган, мисол учун, ССРИнинг «Молния», «Экран», «Горизонт», АҚШнинг «Синком», «Интелсат», «Марисат» каби алоқа йўлдошлари;
ССРИнинг «Метеор» ва айрим «Космос» сериясига мансуб, АҚШнинг «Тирос», «ЭССА», «Нимбус» каби метеорологик йўлдошлар;
ССРИнинг «Цикада», АҚШнинг «Транзит», «Навстар» каби навигация йўлдошлари;
табиий манбаларни тадкиқ этиш йўлдошлари;
геодезия йўлдошлари;
разведка олиб бориш, рақиб узатаётган маълумотларни тутиш, радиолокация станцияларининг турган жойини аниқлаш, қитъалараро баллистик ракеталар учиришга ҳозирланаётгани ҳақида олдиндан огоҳлантириш учун ҳарбий мақсадларда қўлланиладиган йўлдошлар киради.

Айрим сунъий йўлдошлар ва уларнинг тизимига оид маълумотлар:
«Полет» – космос техникаси тарихида илк бор ССРИ томонидан учирилган, парвоз давомида орбита баландлиги ва текислиги ўзгартириладиган Ернинг манёврчан сунъий йўлдошлари. Орбитага 1963 йили «Полет-1», 1964 йили эса «Полет-2» чиқарилган.
Вертикал космик зонд – Ер атмосфераси ва Ер яқинидаги космик фазони текшириш учун мўлжалланган, ўлчов асбоблари ўрнатилган ажралувчи контейнер кўринишидаги ракета воситасида учириладиган вертикал зондлаш аппарати.
«Молния» – телевизион дастурларни ретрансляция қилиш, телеграф, телефон ва фототелеграф алоқа турларини ташкиллаштириш, шунингдек, стационар яқинидаги орбитадан тажриба тариқасида телевизион ва радио дастурларни узатиш учун мўлжалланган Ернинг сунъий йўлдошлари серияси ҳамда уларни ишлаб чиқиш (1965 йили) ва учиришга оид дастур номи.
Ернинг мазкур сунъий йўлдоши «Орбита» сунъий йўлдош орқали алоқа тизими таркибига кирган.
«Метеор» 1) ўз ичига Ернинг «Космос» ва «Метеор» сунъий йўлдошлари, метеорологик маълумотларни қабул қилиш ва уларга ишлов бериб, тарқатиш пунктлари, Ернинг сунъий йўлдоши бортига ўрнатилган тизимлар ишини назорат қилиб, бошқариш хизматини мужассам этган, метеорологик маълумотлар ва илмий тадқиқотларни йиғиш учун мўлжалланган, 1967 йили ишга туширилган космик метеорологик тизим. 2) 1969 йилдан эътиборан орбитага чиқарила бошланган Ернинг метеорологик сунъий йўлдошлари серияси.
«Эксплорер» (инг. Explorer – тадқиқотчи) –космик фазони тадқиқ этиш учун мўлжалланган, АҚШ томонидан орбитага чиқарилган, ҳар бирининг вазни тахминан 660 кг келадиган Ернинг сунъий йўлдошлари серияси.
«Эксплорер»ларнинг айримлари Ой яқинидаги орбиталарга чиқарилган. «Эксплорер-1» 1958 йили АҚШ томонидан биринчи бор орбитага чиқарилган Ернинг сунъий йўлдоши саналади. 1958-81 йиллар давомида жами олтмиш бешта «Эксплорер» учирилган бўлиб, бундай уринишларнинг эллик олтитаси муваффақиятли кечган.
«Космос» – космик фазони ўрганиш, айрим техник муаммоларни тадқиқ этиш, космик аппаратлар тизимини ишлаб чиқиш мақсадида ССРИ томонидан 1962 йил 2 мартдан эътиборан 2 поғонали «Космос» элтувчи ракеталар воситасида орбитага чиқарилган Ернинг сунъий йўлдошлари тизими.
«Коспас-Сарсат» авария ҳолатига тушиб қолган самолёт ва кемаларга тегишли радиобуйларнинг координаталарини аниқлаш учун мўлжалланган сунъий йўлдошлар тизими.
«Коспас» - умумий тизимнинг дастлаб ССРИ, кейинчалик Россияга тегишли қисми, «Сарсат» эса АҚШ, Канада ва Франция томонидан яратилган қисми.
Мазкур тизим фойдаланишга босқичма-босқич топширилган бўлиб, ўз ичига Ер қутблари яқинидаги айлана орбита бўйлаб ҳаракатланадиган Ернинг сунъий йўлдошлари, самолёт ва кемаларга ўрнатилиб, авария ҳолатида ишга тушадиган радиобуйлар ва ахборот қабул қилиш пунктларини мужассам этади.
Ернинг сунъий йўлдошлари кўринадиган зонада бир вақтда ишга тушган йигирматадан кам бўлмаган радиобуйларнинг координаталари аниқланади.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
4 "+" от:
Старый 12.04.2013 00:57   #17  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,497
+ 6,185  7,214/2,001
– 72  128/65

UzbekistanFacebook
ОРБИТАЛ СТАНЦИЯ (рус. орбитальная станция) – космик фазода илмий тадқиқотлар олиб бориш мақсадида одамлар Ер яқинидаги орбитада узоқ вақт бўлиши учун мўлжалланган, шунингдек, бошқа планета ёки унинг йўлдоши атрофидаги орбита бўйлаб парвоз этганча узоқ вақт ишлайдиган, бошқа космик аппаратлар билан туташиш имкониятига эга, учувчи бошқарадиган ёки автоматик равишда парвоз қиладиган кўп мақсадли космик аппарат.
Орбитал станция ўз ичига одам яшайдиган модуллар, техник ва шлюз бўлмаларини мужассам этади. Станциялар, орбиталарини кўтариб бориш учун ёқилғи бўлишини, иш қобилияти сақланиши, экипаж эҳтиёжлари қаноатланиши учун турли юклар етказилишини тақозо этади. Бинобарин, экипаж таркибини алмаштириш учун оддий космик кемалардан, юк, ёқилғи ва илмий жиҳозларни етказиш учун эса космик юк ташиш кемаларидан фойдаланилади.

Орбитал станциялар:
Салют – орбитал станцияларнинг дастлабки серияси (ССРИ)
Скайлэб – орбитал станция (АҚШ)
Мир – модуллардан йиғилган биринчи орбитал станция (ССРИ)
Халқаро космик станция (ХКС).

Ой станциялари:
Луна – Ойни тадқиқ қилиб, тупроғини келтириш, Луноход-1 и Луноход-2. (ССРИ)
Рейнджер – Ойнинг юзига тушиш жараёнида, унинг телевизион тасвирини олиш (АҚШ)
Эксплорер 35 (Лунар Эксплорер 2) – Ой ва унинг яқинидаги космик фазони селеноцентрик орбитадан ўрганиш (АҚШ)
Лунар Орбитер – Ой атрофидаги орбитага чиқариб, юзининг харитасини ҳосил қилиш (АҚШ).
Сервейер – Ой юзига эркин қўнишни машқ қилиб, тупроғини тадқиқ қилиш (АҚШ).
Lunar Prospector – Ойни тадқиқ қилиш (АҚШ).
Смарт-1 – ион двигатели билан жиҳозланган аппарат воситасида Ойни тадқиқ қилиш (ЕКА).
Kaguya – Ой ва унинг яқинидаги космик фазони тадқиқ қилиш (Япония).
Чанъэ-1 – Ойни тадқиқ қилиб, юзининг харитасини ҳосил қилиш (Хитой).

Орбитал станциялар орбитага тайёр йиғилган ҳолатда чиқарилиши ёки космик фазода йиғилиши мумкин. Ер яқинидаги, 500 км гача баландликдаги орбита бўйлаб парвоз қиладиган орбитал станциялар ёрдамида Ер ва космик фазони тадқиқ этиш ишлари, астрофизик, кимёвий-физик, тиббий-биологик, метеорологик тадқиқотлар олиб борилади, навигация масалалари, Ернинг табиий манбалари ва шу каби бошқа масалалар ўрганиб борилади, шунингдек, учиш аппаратлари, денгиз кемалари, қуруқликдаги ҳаракатчан алоқа объектларининг навигациясини таъминлаш, эҳтимолий душман ҳудудини глобал миқёсда разведка Қилиш, душман ракета қуроли билан ҳамла қилишга ҳозирлик кураётгани ҳақида огоҳлантириш билан боғлиқ ҳарбий масалалар ҳал этилади.

Орбитал станциялар:
космосга тайёр йиғилган ҳолатда чиқариладиган мисол учун, ССРИнинг «Салют» ва АҚШнинг «Скайлэб» орбитал станциялари каби моноблокли;
ҳар бир блоки элтувчи ракета воситасида алоҳида етказилиб, бир нечта блоклар ўзаро туташтирилган тарзда, мисол учун, ССРИнинг «Мир» орбитал станцияси каби орбитада яратиладиган модулли бўлиши мумкин.
Орбитал станцияларга юк ва экипажлар космик юк ташиш кемалари воситасида етказилади.
ССРИнинг 1971-82 йиллар давомида жами еттита «Салют» орбитал станциялари серияси – орбитага чиқарилган биринчи станциялар саналади. Ҳар бир станциянинг вазни 18,9 т, узунлиги 16 метргача, истиқомат бўлмаларининг максимал диаметри 4,15 м, экипажи 6 кишидан иборат бўлган.
1995 йилга қадар космосга ССРИнинг «Салют» ва «Мир», АҚШнинг «Скайлэб» орбитал станциялари чиқарилган.
Ўтган асрнинг 90- йиллари ҳотимасида Ер орбитасида АҚШ, Канада, Россия, Европа космик агентлигига аъзо давлатлар иштирокида «Альфа» халқаро орбитал космик станция яратиш ишлари бошланди.
ССРИнинг «Мир» ва АҚШнинг «Скайлэб» орбитал станциялари борасида батафсилроқ тўхталиб ўтаман.
«Мир» – Ер яқинидаги орбита бўйлаб парвоз қилиш учун мўлжалланган биринчи модулли орбитал станция.
ССРИ томонидан «Салют» орбитал станциясининг конструкцияси негизида ишлаб чиқилган бўлиб, орбитага 1986 йил 20 февраль куни чиқарилган. «Мир» станциясининг вазни 90 т, максимал узунлиги тахминан 40 м, экипаж 6 киши. Унда туташтиришнинг янги тизими жорий этилган бўлиб, жами олтита туташтириш узелига эга бўлган. «Салют» орбитал станцияси билан таққосланадиган бўлса, «Мир» станциясида энергия таъминоти тизимининг қуввати сезиларли даражада оширилган, космонавтлар ишлаши ва дам олиши учун нисбатан кулай шарт-шароитлар яратилган. Йиғилган ҳолатда ўз ичига асосий блок ва бешта модулни мужассам этган. Доимо фаолият юритадиган, илмий ва халқ хўжалиги манфаатларида қўлланиладиган махсус орбитал модулларга эга, учувчи бошқарадиган кўп мақсадли комплекс яратиш учун мўлжалланган эди.
«Мир» станциясида 12 ярим йил давомида одам яшади. Унининг бортида жами 140 нафар космонавт ишлади. Совет космонавти Владимир Соловьев, ушбу станцияга 5 маротаба ташриф буюрди. Шифокор-космонавт Валерий Поляков эса станцияда 437 кун ўтказиб, космосда бўлиш вақти борасида рекорд ўрнатган. Америкалик астронавт аёл Шеннон Люсид 1996 йили станцияда 188 кун ишлаб аёллар орасида рекорд ўрнатди. Станцияда япон миллатига мансуб биринчи профессионал журналист Тоехиро Акияма ишлади.
Ҳар нарсанинг интиҳоси бўлганидек, 2001 йил 23 март куни «Мир» орбитал станцияси орбитадан туширилиб, Тинч океан қаърига чўктирилди.

«Скайлэб» (инг, Skylab, sky laboratory сўзларининг қисқартмаси бўлиб «самодаги лаборатория» маъносини англатади) – Ер яқинидаги орбита бўйлаб парвоз қилиш учун мўлжалланган АҚШнинг тажриба тариқасида яратилган орбитал станцияси ва уни яратишга оид дастур номи.
Ушбу станция орбитага 1973 йил 14 май куни чиқарилган бўлиб, космик фазони тадқиқ қилиш, тиббий-биологик ва техник тадқиқотлар ўтказиш, амалий масалаларни ҳал этиш учун мўлжалланган аппаратлар мажмуи билан жиҳозланган. Станциянинг максимал вазни 77 т, истиқомат бўлмаларининг ҳажми тахминан 340 куб метр, узунлиги 25 м, диаметри 6,6 м, экипаж 3 киши.
Станциянинг Ерга қайтиши аввал бошдан кўзда тутилмаган. Экипаж етказиш ва алмаштириш ишлари «Аполлон» космик юк ташиш кемалари воситасида амалга оширилган. Станцияга жами 3 маротаба экспедиция уюштирилган.
1973-74 йиллар давомида станцияда ҳар бири 3 нафар астронавтдан ташкил топган учта экипаж ишлаган. Учинчи экипаж таркиби станцияда максимал вақт – 84 сутка ишлаган.
1979 йил 11 июль куни станция йўқ қилинди.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
4 "+" от:
Старый 12.04.2013 01:02   #18  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,497
+ 6,185  7,214/2,001
– 72  128/65

UzbekistanFacebook
ПЛАНЕТАЛАРАРО АВТОМАТИК СТАНЦИЯ (рус. автоматическая межпланетная станция) – илмий мақсадда қўлланиладиган космик аппаратларни осмон жисмларига қадар етказиш, Ой, Қуёш тизимига мансуб планеталар ва ушбу планеталар орасидаги космик фазони ўрганиш учун мўлжалланган, учувчисиз бошқариладиган космик аппарат.
Планеталараро автоматик станциялар:
Пионер – Ой, планеталар орасидаги космик фазо, Муштарий ва Сатурнни кузатиш дастури (АҚШ)
Вояджер – гигант планеталарни тадқиқ қилиш дастури (АҚШ)
Маринер – Зуҳра, Миррих ва Меркурийни тадқиқ этиш дастури (АҚШ)
Марс – Миррихни тадқиқ этиш ва унинг юзига биринчи бор эркин қўниш (ССРИ)
Венера – Зуҳра атмосфераси ва унинг юзини тадқиқ этиш (ССРИ)
Викинг – Миррихни юзини тадқиқ этиш дастури (АҚШ)
Вега – Галлея кометаси билан дуч келиш, аэрозонднинг Зуҳра юзига қўниши (ССРИ)
Фобос – Миррих йўлдошларини тадқиқ этиш дастури (ССРИ)
Марс Экспресс – Миррихнинг сунъий йўлдоши, «Бигль-2» марсаходининг туширилиши (ЕКА)
Галилео – Муштарий ва унинг йўлдошларини тадқиқ этиш (НАСА)
Гюйгенс – Тиитан атмосферасини тадқиқ этиш зонди (ЕКА)
Розетта – Чурюмов-Герасименко кометасининг ядросига космик аппарат туширилиши (ЕКА).
Хаябуса – Итокав астероидидан тупроқ келтириш (JAXA).
MESSENGER – Меркурийни тадқиқ этиш (НАСА).
Магеллан (КА) – Зуҳрани тадқиқ этиш (НАСА).
Янги горизонтлар – Плутон ва унинг йўлдошларини тадқиқ қилиш (НАСА).
Venus Express – Зуҳрани тадқиқ этиш (ЕКА).
Phoenix – Миррих юзини тадқиқ этиш дастури (НАСА).

ССРИ томонидан яратилиб, космосга учирилган планеталараро автоматик станциялар:
«Луна» – 1959-76 йиллар давомида учирилган, Ой ва унинг яқинидаги космик фазони тадқиқ қилиш учун мўлжалланган «Луна-1» – «Луна-24» станциялари серияси. Хусусан:
«Луна-3» станцияси илк бор Ойнинг орқа томонини суратга олган;
1966 йили «Луна-9» станцияси Ойга эркин қўнган;
«Луна-16, -20 ва -24» станциялари эса ой тупроғини Ерга етказган;
«Зонд» – 1964-70 йиллар давомида учирилган, космик фазони ўрганиш ва олис масофаларга космик парвоз этиш тажрибаларини амалга ошириш учун мўлжалланган «Зонд-1» - «Зонд-8» станциялари серияси;
«Марс» – 1962-73 йиллар давомида учирилган, Миррих ва унинг яқинидаги космик фазони, планета юзига тушириладиган аппаратларни етказиш билан бир вақтда тадқиқ қилиш учун мўлжалланган, старт олиш вазни тахминан 4,65 т келадиган «Марс-1» – «Марс-7» станциялари серияси ва уларни яратиб, учиришга оид дастурлар номи.
1962-1977 йиллар давомида «Марс» станцияси жами 7 маротаба учирилган, бунда:
1963 йил 19 июнь куни «Марс-1» Миррих планетасига яқин борган биринчи космик аппарат бўлди;
«Марс-2»нинг капсуласи биринчи бўлиб Миррих юзига етиб борди;
1971 йили планета юзига тушириладиган «Марс-3» аппарати Миррих юзига қўнди;
1973 йили планеталараро трассада илк бор бир вақтнинг ўзида тўртта «Марс» станцияси парвоз қилди;
«Марс-5» Миррихнинг учинчи сунъий йўлдоши бўлди;
«Марс-6» Миррих юзига етиб борди.
«Венера» – 1961-83 йиллар давомида учирилган, Зуҳра ва унинг яқинидаги космик фазони, планета юзига тушириладиган аппаратларни етказиш билан бир вақтда тадқиқ қилиш учун мўлжалланган, «Венера-1» – «Венера-16» станциялари серияси;
«Вега» – 1984-86 йиллар давомида учирилган, Зуҳра ва Галлей кометасини тадқиқ қилиш учун мўлжалланган «Вега-1» ва «Вега-2»станциялари;
«Фобос» –1988-89 йиллар давомида учирилган, Миррих, унинг Фобос йўлдоши, Қуёш ва планеталараро космик фазони тадқиқ қилиш учун мўлжалланган «Фобос-1» ва «Фобос-2» станциялари.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
4 "+" от:
Старый 12.04.2013 01:04   #19  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,497
+ 6,185  7,214/2,001
– 72  128/65

UzbekistanFacebook
АҚШ томонидан яратилиб, космосга учирилган планеталараро автоматик станциялар:
«Рейнджер» – 1959-65 йиллар давомида учирилган, Ой ва унинг яқинидаги космик фазони тадқиқ қилиб, Ой юзининг телевизион тасвирини узатиш учун мўлжалланган «Рейнджер-1» – «Рейнджер-9» станциялари;
«Сервейор» («Surveyor») – 1966-68 йиллар давомида жами 7 маротаба учирилган, Ойни тадқиқ этиш ва «тушиб кетиш траекторияси» бўйлаб Ой юзига эркин қўниш учун мўлжалланган, ҳар бирининг Ердаги вазни 1 т, Ойга қўнганидан кейин 285 кг келадиган «Сервейор-1» – «Сервейор-7» станциялари серияси ва уларни яратиб, учиришга оид дастур номи;
«Пионер» («Пайонир», Pioneer) – 1958-78 йиллар давомида жами 14 маротаба учирилган, Ой яқинидаги ва планеталар орасидаги космик фазони, шунингдек, Муштарий, Сатурн, Зуҳра ва шу каби, бошқа осмон жисмларини тадқиқ этиш учун мўлжалланган, ҳар бирининг максимал вазни тахминан 260 кг келадиган «Пионер-1» – «Пионер-11», «Пионер-Венера-1», «Пионер-Венера-2» станциялари серияси ва уларни яратиб, учиришга оид дастурлар номи.
1972 йили учинчи космик тезлик олишга муваффақ бўлган «Пионер-10»
станцияси илк бор Муштарий яқинидаги астероидлар йўлагидан учиб, уни тадқиқ
этганча, 1983 йили Қуёш тизими сарҳадларини биринчи бўлиб тарк этди.
1973 йили «Пионер-11» станцияси биринчи бўлиб Сатурн яқинидан учиб ўтиб,
1993 йили Қуёш тизими сарҳадларини тарк этди.
«Маринер» (инг. «Mariner» – денгизчи) –1962-73 йиллар давомида жами 10 маротаба учирилган, сериясининг индекслари космосга учирилган йиллар бўйича берилган, планеталар ёнидан учиб ўтиб, планетоцентрик орбиталарга чиқиш мақсадида яратилган, Зуҳра, Миррих, Меркурий ва улар яқинидаги космик фазони тадқиқ этиш учун мўлжалланган, ҳар бирининг старт олиш вазни тахминан 1 т келадиган, планеталараро автоматик станциялар серияси ва уларни яратиб, учиришга оид дастурлар номи.
«Викинг» (Viking) – Миррих юзасини тадқиқ этиш учун мўлжалланган «Викинг-1» ва «Викинг-2» космик аппаратлари ва уларни яратиб, учиришга оид дастур номи.
Мазкур станция тузилиш жиҳатидан Миррих атрофидаги ареоцентрик орбитада парвоз қилиб, тадқиқот ишларини бажарадиган орбитал блок ва Миррих юзасига эркин тушадиган қўниш блокидан ташкил топган.
«Викинг» космик аппаратига Миррих атмосфераси ва юзасини тадқиқ этиш учун: планета яқинида эсадиган шамол босими, тезлиги ва ҳароратини ўлчайдиган метеорологик асбоблар; сейсмометр; газ хроматографи; спектометр; фотосуратга олиш, видеотасвирга тушириш аппаратлари; ҳаёт аломатларини қидириш қурилмаси ва шу каби ўлчов асбоблари ўрнатилган.
1975 йили иккита «Викинг-1» ва «Викинг-2» орбитал-қўниш станциялари учирилган. Ушбу станцияларнинг қўниш блоклари 1976 йили Миррихга қадар етиб бориб, планета юзасининг фототелевизион тасвирини ва блок бортига ўрнатилган ўлчов асбоблари ҳосил қилган маълумотларни илк бор Ерга узатган.
«Вояджер» (инг. Voyager – сайёҳ) – 1977 йили учирилган, Қуёш тизимига мансуб олис планеталарни тадқиқ этиш учун мўлжалланган, вазни 733 кг келадиган, учиб ўтиш траекториясидан Муштарий, Сатурн, Уран ва Нептунни тадқиқ қилган «Вояджер-1» ва «Вояджер-2» космик аппаратлари.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 12.04.2013 01:07   #20  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,497
+ 6,185  7,214/2,001
– 72  128/65

UzbekistanFacebook
КОСМИК ТИЗИМ (рус. космическая система) – муайян ҳарбий ва тинч мақсадларга қаратилган масалаларни космосда ва космосдан ҳал этиш учун мўлжалланган космик комплекслар ва қуруқликдаги воситалар мажмуи.
Космик тизим ахборот-техник тизим ва ташиш-техник тизимга фарқ қилади.
Ахборот-техник космик тизими доирасида:
космос ва Ердаги турли объектлар разведкаси олиб борилади;
баллистик ракеталар учирилган ва ядро қуроли портлаган ҳолатлар фош этилади;
алоқа ва телевидениени таъминланади;
навигация, геодезия ва картография масалалари ҳал этилади;
об-ҳаво ва гидрометеорологик вазият прогноз қилинади;
Ернинг табиий манбалари тадқиқ қилинади;
экологик назорат олиб борилади.
Ташиш-техник космик тизим доирасида орбитал воситаларни ташиш, уларнинг иш қобилиятини сақлаш, юк ва космонавтларни ташиш тадбирлари амалга оширилади.
Бугунги кунда жанговар космик тизимларни яратиш устида изланишлар олиб борилмоқда.

КОСМИК НАВИГАЦИЯ ТИЗИМИ (рус. космическая навигационная система) -ҳаракатчан объектларга, мисол учун, сув ости кемалари, сув усти кемалари, кўчма ракета комплексларига ўз координаталари, ҳаракат тезлиги ва йўналишларини аниқлаб боришга ёрдам бериш учун мўлжалланган сунъий йўлдошлар тизими.
Космик навигация тизими ўз ичига махсус навигация аппаратлари билан жиҳозланган бир турдаги сунъий йўлдошларнинг орбитал туркуми, қуруқликдаги бошқарув комплекслари ва истеъмолчилар ихтиёридаги навигацион комплекс аппаратларини мужассам этади.
Мулоҳаза юритилаётган тизимга мисол тариқасида дастлаб ССРИ, эндиликда Россия Федерациясининг Глобал навигацион сунъий йўлдошлар тизимини (ГЛОНАСС – Глобальная навигационная спутниковая система) ҳамда АҚШнинг «Навстар» тизимини келтириш мумкин.
ГЛОНАСС тизимининг асосини аслида Ер узра 19,1 минг км баландликдаги учта орбитал текисликда 64,8 градусга оғган ҳолатда ҳаракатланадиган Ернинг жами йигирма тўртта сунъий йўлдоши ташкил этиши лозим. Шундагина у, Ер ва ҳаво фазосининг ҳар қандай нуқтасидаги ҳарбий ва ҳарбий бўлмаган истеъмолчиларнинг чекланмаган сонига, жойларда қандай метеовазият қарор топган бўлишидан қатъи назар, ўз координаталари ва ҳаракатининг тезлигини тегишинча 50-70 м ва сонияда 0,15 м хатолик билан аниқлаш имконини беради.
1982 йил 12 октябрь куни ГЛОНАСС тизимининг биринчи сунъий йўлдоши Ер орбитасига чиқарилди.
1993 йилнинг сентябрь ойида, ушбу тизим расман фойдаланишга топширилди.
1995 йили сунъий йўлдошлар туркуми йигирма тўртта космик аппаратдан ташкил топди. Кейинчалик, соҳа етарлича молиялаштирилмагани сабабли иш қобилиятини сақлаб қолган сунъий йўлдошлар сони қисқарди.
2001 йилнинг август ойида «Глобал навигация тизими» федерал дастури қабул қилиниб, унда ГЛОНАСС тизимидан нафақат ҳарбий, балки ҳарбий бўлмаган мақсадларда хам фойдаланиш вазифалари белгиланди.
2007 йилнинг декабрь ойида истеъмолчилар ихтиёрида бўладиган, ГЛОНАСС ва GPS тизимларидан биргаликда фойдаланилиши мумкин бўладиган сунъий йўлдош навигаторлари сотувга чиқарилди.
2008 йил 25 декабрь куни орбитадаги ишлайдиган сунъий йўлдошлар сони ўн саккизтага етказилиб, Россиянинг жамики ҳудудида 100 фоизли узлуксиз навигация таъминланди. Ер шарининг қолган қисмида эса айни вақтда, навигация жараёнидаги узилишлар бир ярим соатга қадар етиши мумкин.
ГЛОНАСС тизими доираларида ҳал этиладиган вазифалар жумласига:
ўзини ўзи нишонга йўллайдиган қуролнинг ўта аниқ координата-вақт таъминоти;
учиш аппаратларининг автоматик бошқарилуви, учиш-қўниш амалларининг таъминоти;
ҳарбий-денгиз навигацияси;
йирик қўшинлар туркумлари ва алоҳида бўлинмалар ҳаракатининг бошқарилуви;
разведканинг барча турлари олиб борилиши;
жанговар тартибларнинг ўзаро боғланиши киради.
«НАВСТАР» (инг. NAVSTAR - NAVigation Satellite Time And Ranging –вақт ва масофага оид сунъий йўлдош; NAVSTAR-GPS - Navigation System using Timing And Ranging – Global Positioning System – турган жойни аниқлашнинг глобал тизими) - ҳарбий ва ҳарбий бўлмаган истеъмолчиларнинг (фойдаланувчиларнинг) навигация-вақт таъминотини глобал микёсда узлуксиз, тезкор ва ўта аниқ амалга ошириш учун мўлжалланган космик радионавигация тизими (сунъий йўлдошлар тизими).
Мазкур тизим тузилиш жиҳатидан учта кичик тизимдан, хусусан:
ўз ичига 18-24 дона навигацион сунъий йўлдошларни мужассам этиб, 5-7 дона сунъий йўлдош истеъмолчиларининг бир вақтда барқарор радиокўринишини таъминлайдиган орбитал кичик тизим;
ўз ичига мувофиқлаштириши-ҳисоблар чиқариш маркази, қўмондонлик-ўлчов тизимлари, кузатиш станцияларининг тармоғи, Ернинг сунъий йўлдошларини космосга учириш ва орбитадаги сунъий йўлдошлар навигациясини олиб бориш воситаларини мужассам этган қуруқликдаги кичик тизим;
ҳарбий ва ҳарбий бўлмаган объектларга ўрнатилган бўлиб, «НАВСТАР» тизими маълумотларидан фойдаланиладиган навигация аппаратларидан иборат истеъмолчилар кичик тизимидан ташкил топган.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
4 "+" от:
Ответить

Метки
космос
Опции темы
Опции просмотра




Здесь представлены форумы: UZINFOCOM, ЦППМП, ГКСИТТ, PC.UZ, Microsoft, IBM, HP, Fujitsu, D-Link, Intel, Ассоциация IT, InfoCOM.UZ, BANK.UZ, ActiveCloud, Sarkor Telecom, BUZTON, Cisco Systems, NetDec, EVO, Sharq Telekom, EPSON, Cron Telecom.
Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2017, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
Центр UZINFOCOM


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх