Моё меню Общее меню Пользователи Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > Ижод хусусида сўз
Знаете ли Вы, что ...
...для каждой темы существует свой раздел. Изучите структуру форума. Если соответствующего раздела нет, то всегда есть раздел "Разное" :)
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…)


Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 06.08.2010 17:26   #11  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Ўтмишда халқимизда "Эшоним деб эшагимдан айрилдим", деган мақол қўлланган. Асардаги Раззоқ сўфи ўз эшонига шу даражада ихлос қўйган эдики, оқибатда нвниҳол, ёшгина қизи Зеби жувонмарг бўлади. Раззоқ сўфининг қаҳридан доимо оила аъзоларига қор ёғилиб турар, тишининг оқини бировга кўрсатмаган инсон эди. Қизи Сибирга сургун қилингачгина у қилган хатосини англайди. Бу хато унга қимматга тушади. Оиласи пароканда бўлади. Аёли Қурвонбиби телба бўлиб қолади. Раззоқ сўфи шахсга сиғинишнинг қурбони бўлган инсон сифатида таассурот уйғотади.
Аёли Қурвонбиби эса забун шарқ аёли. Киши хотирасида Қурвонбибининг асар сўнгидаги нолали қўшиғи кучли таассурот қолдирадиЖ
"Зеби, Зеби Зебонам,
Онанг бўлсин парвонанг.
Сени сотди ўз отанг,
Онанг бўлсин парвонанг..."
Ушбу икки қаҳрамон ҳақида ҳам тавсиф бериб ўтсангиз.
Ответить 
2 "+" от:
Старый 06.08.2010 17:40   #12  
Offline ID uParty Member
Аватар для Naim Karimov
Оффлайн
благотворительный фонд памяти жертвам репрессий
ведущий научный сотрудник, профессор, доктор филологических наук
Сообщений: 112
+ 41  402/111
– 0  0/0

Uzbekistan
Зеби бошига бало тошлари отаси Раззоқ сўфининг мутаассиблиги, фарзанди тақдирига мутлақо лоқайд бўлганлиги сабабли ёғилади. Романда берилган таъ-
рифга кўра, у “кўргазмада қўйилатурган антиқа маҳлуқлардан”дир. Бу ҳол ҳатто унинг илк бор йўргакланган пайтида ҳам маълум бўлган. Унинг ҳали одам кепатасига кирмаган юзларига тикилиб, энага бундай сўзлар билан уни эркалатган экан:
“-Айланай, меҳмон, кимдан хафа бўлиб тушдингиз? Ким озор берди сизга? Айтинг. Қовоғингизни очсангиз-чи! Ёруғ дунёга келдингиз! Шукур қилинг! Севининг! Мундоқ бир кулинг!... ”
Ўша пайтда ҳам оҳзини очиб илжаймаган Раззоқ сўфи ҳали- ҳануз кулиш нималигини билмайди. Ҳар ҳолда у уйида, хотини ва фарзанди олдида тишининг оқини кўрсатмаган.
Бир пайтлар қишлоқда яшаган сўфи акаси билан “ бир шапалоқ ерни ташлашиб” қоллиб, ота уйини тарк этган эди. Шундан бери у шаҳарда яшайди.
Қайси бир йили ўгай акаси келиб, уч-тўрт кун сўфи билан бирга бўлади.шунда улар хонақоҳга бирга борар эканлар:
“-Сўфи, бир касб пешасини тутмай, ўтиб кетаётирсиз-а?-деди унга акаси, хонақоҳга кета туриб.
-Э-э, -деди сўфи чўзилиб...,-менинг давлатим ҳеч кимда йўқ, ака. Эшон бобо-худойимнинг севган қули, нозу неъмат тўрт тарафдан сувдай оқиб туради. Дарё бўйидамиз-у чанқаймизми? Ғалати экансиз!
Шу кулимсираш билан яна бир оз боргандан кейин, бу сафар жиддийроқ қилиб деди:
-Аҳлиёмиз ҳам учига чиққан чевар, худога шукур!
Ожизамиз ҳам дўппи тикишга фаранг бўлиб чиқди! Рўзғорнинг кам-кўстларини ўзлари ётсам бўлаверади”.
Раззоқ сўфи-ана шу тарзда, ишламй тишловчи, таъмагирлик ва текинхўрлик орқасида кун кўрувчи инсон. Унингн ташқи қиёфаси билан ички “олами” бир хил; ҳар иккисида ҳам бирор фазилатни топиш амри маҳол. Шунга қарамай, тўғрироғи, шу сабабдан у на хотинин сариқ чақага олади, на ёлғиз қизининг орзу-ҳаваслари билан ҳисоблашади. У бошлиқ бўлган уй қизи ва хотини учун зиндон, унинг ўзи эса шу зиндоннинг кўзи кўр, қулоғи кар қоравули.
Ана шу золим отанинг кўнгли фақат бир жойда-эшон бобонингн ҳузурида очилган. Унинг кўзи фақат Эшон бобони кўради, қулоғи фақат Эшон бобонинг сўзларини эшитади. Эшон бобо-унинг бирдан-бирпири. Унинг учун Эшон бободан бўлак одам –одам эмас!
Акбарали мингбоши биринчи бор Зебини сўратирганида, Раззоқ сўфи: “Умрида пешонаси сажда кўрмаган одамга қиз бераманми?!” деган. Лекин мингбоши иккинчи марта-бу сафар Эшон бобо орқали-сўраттирганида, сўфининг “бетафиқ, бузуқ юрадиган” одам эканлигига ҳам била туриб, “йўқ”,деёлмаган.
Қурвонбиби эрининг иродасизлигидан норози бўлиб, уни койиганида, сўфи бундай жавоб беради:
“-...Мен кўп олишдим. “Бенамозга қиз бермайман!”-дедим. “Сен-бизнинг минг йиллик ибодатимиз-у уларнинг бир кунлик хизматлари баб-баравар! Мингбоши қанча мўмин-мусулмоннинг ҳожатини чиқаради.Қанча аламзаданинг додига етади: қанча ўғри, киссавур,қароқчининг жазосини беради! Қанча ноҳақ бўлган ишларни ҳаққа қарор топқизади. Ибодат ҳам-ибодат,мўмин-мусулмонга хизмат ҳам-ибодат!Балки бу кейингиси-аъло!дедилар. нима деб бўлади? Мен оми бўлсам, саводим бўлмаса,оқ-қорани танимасам, у киши мулла бўлса, забардаст бўлас, худонинг буйруғини тушунса; шариатни, тариқатни сувдай билса… нима дейин?
Бу сўзларда Раззоқ сўфинингЭшон бобо олдида ожиз кимса эканлиги, нафақат ўзининг, балки бутун оиласининг эркини, нафақат бугунини, балки эртасинги ҳам унга улгуржисига топшириб қўйганлиги маълум бўлади.
Агар Чўлпон бош қахрамонга “зебо” маъносини англатувчи Зеби исмини берган бўлса, унинг онасини эса у Қурвонбиби деб атаган; яъни унинг Раззоқ сўфидек бадфеъл бир кимсага ўзини-ўзи қурбон қилганлигини таъкидламоқчи бўлган. Чиндан ҳам, Қурвонбибининг бутун ҳаёти эрининг қош-қовоғи остида куйиб, кул бўлди. Унинг бу дунёда яшашидан умиди ёлғиз қизи,унинг бахтли-саодатли турмуши эди. Шунинг учун ҳам Қурвонбиби Акбарали мингбошининг Зебига одам қўйганини эшитиб, туғён кўтармоқчи бўлади. Ундаги оналик туйғуси қизининг бошига келажак фалокатни сезгандек бўлади. Лекин Раззоқ сўфи Эшон бобонинг “Мингбоши қанча мўмин-мусулмоннинг ҳожатини чиқаради... Ибодат ҳам-ибодат, мўмин-мусулмонга хизмат ҳам –ибодат!”деган сўзларига қарши ўзида бирор ақлли гап топа олмайди! Шунинг учун ҳам эрининг бояги сўзларига жавобан: “Мен-ку ҳеч нарса демас эдим.., мана бу қизингиз худди бир суратга айланиб қолди. Қўрқиб ётибман”,-деди, халос. Ундаги қарши куч фақат шу сўзларни айтишгагина етади.
Бу ҳар иккала қулнинг кўзи Зебининг ноҳақ равишда, туҳмат орқасида қамоққа олингани ва Сибирь қилинганидан кейингина очилади. Лекин бу, улар кўзининг сўнгги марта , ўлим олдидаги очилиши эди.
Чўлпон Зеби фожиасининг асосий сабабчиси сифатида Раззоқ сўфини қоралар экан, унинг ўзи ҳам диний бидъат ва фанатизмнинг қурбони эканлигини унутмайди. У Раззоқ сўфи, Қурвонбиби ва Зеби образлари орқали феодолизм шароитида мутелашган, ҳақиқат ва адолат учун курашишга ўзида куч ва хоҳиш топа олмаган халқнинг аянчли ҳолатини кўрсатишга интилган. Шу маънода бу уч образ ўзхида ХIХ асрнинг иккинчи ярми ва ХХ асрнинг бошларида мустамлакачилик шароитда яшаган ўзбек халқининг тарихий тақдирини умумлаштиради.
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
Старый 06.08.2010 17:58   #13  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Романдаги қарийиб барча қахрамонлар, пастдан юқорига қараб, бири иккинчисига тобелашиб, мутелашиб боради. Агар Зебининг инон-ихтиёри Раззоқ сўфида бўлса, сўфининг жилови Эшон бобонинг қўлида; Эшон бобо, ўз навбатида, Акбарали мингбошига, мингбоши эса ноиб тўрага бўйсунади. Шубҳасиз, ноибтўра ҳам бу занжирда сўнгги ҳалқа эмас.
Мирёқуб образи асар бошида киши нафратини қўзғотадиган шахс бўлса, кейинчалик асар сўнгида китобхоннинг унга бўлган муносабати ўзгаради.
Акбарали мингбошини эса нафс қурбони сифатидаги қаҳрамон дейиш мумкин. Бандаси борки, хато қилади. Бу қаҳрамонларга нисбатан ўз муносатингизни билдирсангиз.
Ответить 
2 "+" от:
Старый 06.08.2010 18:01   #14  
Offline ID uParty Member
Аватар для Naim Karimov
Оффлайн
благотворительный фонд памяти жертвам репрессий
ведущий научный сотрудник, профессор, доктор филологических наук
Сообщений: 112
+ 41  402/111
– 0  0/0

Uzbekistan
Романда тасвирланган маҳаллий халқ вакиллари орасида Акбарали, ўз мансабига кўра, энг баланд мартабали қахрамондир. Шу билан бирга, романда бошқа бирор қахрамон йўқки, у Акбарали сингари, қарийиб барча персонажларни ўзида бирлаштириб турган бўлсин. Айни пайтда асарда рўй берган асосий воқеа Зебининг ўзгалар тазийқи остида турмушга чиқиши ва ўзгалар туҳмати туфайли қамоққа олиниши ҳам унинг номи билан боғоиқ. Лекин у туфайли у , Зебидан фарқли ўлароқ, салбий қахрамондир.
Хўш, Акбарали бу дунёга бирор яхши фазилатсиз инсон бўлиш учун туғилганми? У дастлаб қандай инсон, қандай эр бўлган?
Бу саволга Хадичахоннинг қуйидаги сўзлари жавоб бўлиши мумкин.
“-Йўқ, ундай деманг... У вақтда куёвингиз ёш эди, мунча катта амалдор эмасди, ниҳояти, элликбоши эди. Биринчи хотинидан бола бўлмаган экан, икки-уч йил умр қилишганларидан кейин хотини ўлиб кетган. Мени олган вақтида “Сен кўз очиб кўрганимсан”, дерди... Менинг ҳеч бир нолийдиган ерим йўқ эди. Толеимдан хафа эмасдим.”
Хадичахон давом этиб, дейди:
“-Бунингиз амалдор бўлгандан кейин айнийди.Мингбошилик ёмон ҳовлиқтирди. Ўз қишлоғиниташлаб, бу ерга кўчди. Бу катта ҳовлини сотиб олди… Боғ-роғ қилди, ер-сувни кўпайтирди. Кўнгили бошқа савдоларга, ўзга кўйларга тушди… Хотин топадиганлар, маслаҳат берадиганлар кўпайишди”.
Акбарали шу тарзда, мингбоши бўлиши билан маишатга ружу қўйди, хотин устига хотин олди, ичкиликка, фаҳшга берилди. Уни қуршаган хушомадгўйлар, ҳайбаракаллачилардан иборат ифлос муҳить ундаги носоғлом ҳирсларнинг авж олиши учун ҳосилдор замин бўлиб хизмат этди.
Зеби Акбаралининг уйига келин бўлиб келган куни тўйга келган икки хотиннинг қуйидаги сўзларини эшитади:
“-Қизингиз етилиб қолибди, мингбоши додҳога бермайсизми?”-деди уларнинг биттаси.
Яна бири овозини анча чақириб, бундай деди:
“-Буватаккал адирда одам сонидай йўғон илонлар бўлар эмиш. Шуларга берсам бўлмайдими!...”
Бу захарханда сўзлар маънодан холи эмас: Акбаралидек тасқара, калтафаҳм кишига Зебидек ўн гулидан бир гули очилмаган қизлар увол эди. У 13 йилдан бери мингбошилик маснадида ўтирган эса-да, бўлуснинг бутун ишлари Мирёқубнинг зиммасида эди. Мингбошининг ақли ҳам, кўзи ҳам, қўли ҳам Мирёқуб эди.
Мирёқуб бор мол-мулкини Акбарали орқали топгани учун унинг бошига келган не-не қора кунларни даф қилган. У шамолнинг қайси томонга эсишига қараб иш тутади. Ким билан қачон ва қандай яқинлашишини, кимдан нимани олиш мумкин эканлигини яхши билади. У ҳатто ноиб тўра билан муҳандиснинг хуфиёна суҳбатидан янги поезд йўли тушишини билиб олиб, поезд ўтадиган ерларни “сувтекин”га сотиб олади. Мирёқубнинг бу қадар ишбилармонлигинин кўрган ноиб тўра уни бежиз америкалик тадбиркорларга ўхшатмайди. У, чиндан ҳам , ноёб одам; фақат ҳақиқат йўлини ҳали топиб олмаган ноёб одамдир. Зебининг ички оламига кириб боради, у билан бирга қувониб у билан бирга изтироб чекади. Бундай ҳолат–қахрамон билан бирга кечиниш ҳолати китобхонда бошқа қахрамонларга нисбатан пайдо бўлмайди. Зеоро , ёзувчи китобхон эътиборини, меҳрини фақат Зебига қаратган, унинг ғоявий нияти шу образ орқали очилади. Шунинг учун ҳам у (китобхон) Акбаралига ҳам, Раззоқ сўфига ҳам нафрат билан қарайди: Қурвонбибига ачинади, Мирёқуб эса унда зиддиятли туйғулар уйғотади.китобхоннинг қахрамонларга бўлган шундай фаол муносабати ёзувчининг тасвир маҳорати туфайли юзага чиқади.
Қахрамонларининг нафақат сажияси, балки портрети ҳам кескин фарқ қилади; асарда бир-бирига ўҳшаш бирорта қахрамон йўқ. Уларнинг нутқи ҳам ҳар хил. Агар Раззоқ сўфи умуман тилини ортиқча “қалдиратиш”ни хохламаса ва бечора хотинига “Фитна” деб мурожаат этса, Зебининг тилиди мойиллик, гўзалллик итоаткорлик балқиб туради. Акбаралининг нутқи ўзи сингари қўпол; ноибнингн нутқида ақл ва айёрлик чапак чалиб туради. Мирёқубнинг нутқи ўзи сингари ўзгарувчан... Ана шу ранг-баранг нутқлар орасида муаллифнинг воқеаларни шарҳловчи, вазиятни таҳлил қилувчи тили алоҳида ажралиб туради. Тасвир этилаётган манзара ё қахрамонга қараб, унинг тилиди янги-янги оҳанглар-гоҳ ҳазил-мутойиба, гоҳ пичинг, гоҳ завқ-шавқ шалорладек шарқираб туради.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, Чўлпон рус ва Оврупо адабиёти, хусусан, насридан яхши хабардор эди. Л. Толстойнинг “Тирилиш”, М. Горькийнинг “Она”, Л. Андреевнинг “Осилган етти кишининг ҳикояси” каби рус адабиёти намуналарида қўлланган янги бадиий тасвир усуллари ва воситалари ушбу асарда Чўлпонга қўл келди. Айниқса, руҳий ва саргузашт романларга хос усулларнинг “Кеча”да илк бор қўлланиши ўзбек адабиёти учун янгилик эди. Шубҳасиз, Чўлпон бу усуллардан муайян бадиий мақсадда фойдаланди.
Айтиб ўтилгандек, Мирёқуб-ниҳоятда мураккаб образ. Уни ёрқин салбий қахрамонлар гуруҳига ҳам, Зеби янглиғ қахрамонлар сирасига ҳамкиритиш қийин. У эзгулик билан тубанлик ўртасида ҳаракат қилади. Агар у “мовий кўзли дилбар”ни, кейинчалик эса жадидни учратмаганида, эҳтимол, Акбарали ва ноиб тўроаларнинг “дум”и бўлиб юра берарди. Чўлпон ана шу образга хос зиддиятни бўрттириб кўрсатиш ниятида саргузашт ва руҳий романларга хос тасвир усулларидан маҳорат билан фойдаланган.
Ёзувчининг Мирёқуб образини яратишда бундай усуллардан фойдаланганининг тубанликдан эзгуликсоҳилига чиқиб олишини ва бу жараёнинг ғоят мураккблигини кўрсатмоқчи эди. Афсуски, романнинг иккинчи китоби ҳозирча топилмаганлиги сабабли биз унинг эзгулик соҳилидаги хатти-ҳаракатлари ҳақида бириор тасаввурга эга эмасмиз. Холбуки, “Кеча”да тасвирланган воқеаларнинг мантиқига кўра, романнинг “Кундуз” қисмида Зебининг Сибирь сургунидан, Мирёқубнинг эса Қрим сафаридан кейинги ҳаётлари тасвирланиши лозим эди.
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
Реклама и уведомления
Старый 06.08.2010 18:01   #15  
Offline ID uParty Member
Аватар для Naim Karimov
Оффлайн
благотворительный фонд памяти жертвам репрессий
ведущий научный сотрудник, профессор, доктор филологических наук
Сообщений: 112
+ 41  402/111
– 0  0/0

Uzbekistan
Чўлпон “Кеча ва кундуз” романида ўзбек халқи тарихининг муҳим бир даврни кенг эпик кўламда тасвирлаб берди. Мавжуд ижтимоий тузумни ўзгартириш, мустамлакачилик кишанларини парчалаш лозимлиги ҳақидаги фикр Чўлпон ижодининг бош масаласи сифатида бу романда катта бадиий куч билан ифодаланилади.
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
Старый 11.08.2010 16:39   #16  
Offline ID uParty Member
Аватар для Naim Karimov
Оффлайн
благотворительный фонд памяти жертвам репрессий
ведущий научный сотрудник, профессор, доктор филологических наук
Сообщений: 112
+ 41  402/111
– 0  0/0

Uzbekistan
Цитата:
Чўлпон ва миллий уйғониш ҳаракати

“Миллий руҳланиш-дахоларнинг буюк бешигидир”,-америкали мутаффакирлардан бири шундай деган экан. Агар шу сўзларни дурбин кўзларидекалмаштириб ўқисак, “Миллий уйғониш ҳаракти истиқлол даврининг бешигидир”, деган маъно пайдо бўлиши мумкин.
Туркистондаги Миллий уйғониш ҳаракати асримиз бошларида, Чўлпон адабиёт оламига киргунига қадар бошланган. Бу ҳаракатга 1914 йили келиб қўшилган Чўлпон тез орада шу буюк ҳаракатнинг фаол арбобларидан бири даражасига эришди.
Агар ўзбек халқининг шу даврдаги ижтимоий ва маънавий савиясини кўз олдимизга келтирмоқчи бўлсак, Чўлпоннинг қуйидаги сатрларини қайта ўқишимиз ўринли бўлади. Чўлпон 1914 йили эълон қилинган “Туркистонли қардошларрмизга” деган шеърида бундай сатрларни ёзган:

Илму фан ҳунардан қолди маҳрум бизни халқ,
Маърифатсизлик балосига йўлиққан бизни халқ...

Мактаба йўқ бир тийини, шунча тўйга минг сўмлаб берар,
Чорасиз мушкул касалга мубталодир бизни халқ.

Ибрат олмайдир бошига шунча кулфат келса ҳам,
Мисли бир калтак йўқотган кўрга ўхшар бизни халқ…

Ҳар шаҳарда ихтилофдан, жиққа муштдан сўз бўлур,
Иттифоқдан сўз очилса, мисли қуён бизни халқ.

Чўлпон мансуб бўлган Миллий уйғониш ҳаракати номояндалари ўз олдиларига ана шу халқнинг кўзларини очиш, унинг бошини бириктириш, бирлаштириш ва миллий тараққиёт йўлидан етаклаш вазифасини қўйдилар. М.Беҳбудий, Мунаввар қори, А. Шакурий, А.Авлоний, хамза сингари маърифатпарварлар таълим тизимини ислоҳ қилиб, янги усул мактабларига асос солдилар. Фитрат Туркияда ёзган асарлари билан Миллий уйғониш ҳаракатининг дастур ул-амалини яратди. Шу йилларда майдонга келган жадидматбуоти, адабиёти ва театри халқни ғафлат уйқусидан уйғотишга унинг онгига миллий истиқлол ва миллий тараққиёт ғояларини қўйишга катта эътибор берди. Чўлпон жадид матбуоти, адабиёти ва театри олдига тарих томонидан қўйилган ана шу улуғ вазифани бажаришда, айниқса, фаоллик кўрсатди.
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
2 "+" от:
Старый 11.08.2010 16:41   #17  
Offline ID uParty Member
Аватар для Naim Karimov
Оффлайн
благотворительный фонд памяти жертвам репрессий
ведущий научный сотрудник, профессор, доктор филологических наук
Сообщений: 112
+ 41  402/111
– 0  0/0

Uzbekistan
Цитата:
Андижонда туғилган, Тошкентда яшаган, аммо фалакнинг гардиши билан Қўқон, Бухоро, Самарқанд, Оренбург каби шаҳарларида ҳам хизмат бурчини ўтаган Чўлпон дастлаб Чор, кейин Совет ҳокимиятининг Туркистон халқлари бошига туширган кулфатларни маслакдош дўстларига қараганда яхши билган ва яхши ҳис қилган. У Москвада 1924-1927 ҳамда 1931-1934-йилларда яшаганида, Қўқонда Туркистон, Оренбургда Бошқирдистон ҳамда қозоқ тупроғида Алаш-Ўрда Муҳторият ҳукуматларининг қога ботирилишини ўз кўзи билан кўрганида, нафақат рус шовинизми, балки расмий давлат сиёсатининг бошқа давлатларга қарши қаратилганлигига ишонч ҳосил қилди. 1918-йилнинг бошларидаотасига қарашли мол-мулкнинг мусодараэтилиши, шундан кўп ўтмай, бу мол-мулклар эгасининг қамоққа олиниши билан Отябрь инқилоби унинг уйи ва аётига бўрон ўлароқ кириб келган эди. Шундай ғайриинсоний воқеаларнинг гувоҳи бўлган Чўлпоннинг Ленинни, Октябрни қабул қилиши мумкин эмас эди. Шунинг учун ҳам 1917 йилга қадар ўз халқини маърифатли қилиш йўлида фаолият кўрсатган Чўлпон Октябрь воқеаларидан кейин халқини большевиклар зулмига қарши курашишга чақирувчи шеърлар, мақолалар, саҳна асарларини ёзди.
Шоир 1920 йил августида Бокуга Шарқ халқлари қурултойида қатнашиш учун бориб, Ҳазар бўйларида кезинар экан, бундай сатрларни ёзган:
Гўзал юлдуз, нурли юлдуз, тез сўзла
Оталарнинг тарихдаги хатосин.
Шул хатодан осуфланиб, ёвларнинг
Эл кўксида сурган ишрат, сафосин.

Афсус ва надомат туйғулари билан тўла бу сатрларда Чўлпон Амир Темурдан мерос бўлиб қолган мамлакат дарвозаларини рус мустамлакачиларига осон-гаров очиб берган оталардан нолиб, улар хатосини тузатиш лозимлигини уқтиради. У ана шу фикрни ҳар бир асари қатига изчил равиўда сингдириб боради. Шу тарзда унинг ижодидиа миллий истиқлол ғоялари, Ҳазар денгизи тўлқинларидек, секин-аста мавжланиб, сўнг “Бузилган ўлкага” сингариасарларида момогулдирак ўлароқ қудратли садо беради.
Чўлпоннинг шу йилларда ижод қилган бошқа қаламкаш дўстларидан фарқи шундаки, у миллий истиқлол учун ёзувчилик қалами билангина курашиб қолмади. У февраль инқилоби билан Октябрь тўнтариши ўртасидаги давр Туркистон ҳалқлари учун тариҳий имконият эканини теран тушунди. Шунинг учун ҳам ўлкадаги миллий истиқлол ғоясига қарши бўлган кучларни фош этиш ва Туркистон Марказий шўросини тузиш ишларида М. Беҳбудий, З. Валидий сингари мубориз сиймолар билан бир сафда бўлди.
Афсуски, чор охранкаси ва ГПУнинг шу даврга оид маҳфий ҳужжатлари билан танишиш имкониятига эга бўлмаганимиз учун Чўлпоннинг Октябрь арафаси ва Октябрдан кейинги амалий фаолиятини фактлар асосида ёритиш имкониятига эга эмасмиз. Лекин Чўлпонни яхшибилган ва у билан ҳамкорлик қилган Заки Валидий хотираларидан шу нарса маълумки, Туркистон Марказий шўроси большевиклар, кадетлар ва эсерлар партиясининг халқ ўртасидаги таъсирини заифлаштириш ҳамда ўлкадаги сиёсий вазиятни қўлга олишга жиддий равишда киришган. Большевиклар ҳокимият тепасига келишлари мумкинлигини олдиндан сезиб, Тошкент атрофида қурол-яроғлар яшириш, миллий гвардияларни тайёрлаш мумкин бўлган қароргоҳларни барпо этишган. Чўлпон бу маҳфий ишлардан хабардор бўлибгина қолмай, уларнинг айримларида иштирок ҳам этган.
Октябрь тўнтариши юз бериши билан Марказий шўро ўз кучларини Қўқонда тўплаб, Туркистон Муҳториятининг ташаббускорлари сафида эди.У Мухториятнинг “Эл байроғи” номли газетасини дўсти Ашурали Зоҳирий билан биргаликда чиқариб, янги миллий ҳукуматнинг Фарғона водийси аҳолиси ўртасида обрў-эътибор қозониши ва қўллаб-қувватланишига муносиб ҳисса қўшди. Мухториятнинг норасмий мадҳияси “Озод турк байрами” шеърини шундай ҳаяжон билан ёздики, уни бутун Қўқон завқ-шавқ билан куйлади. Мухториятнинг эълон қилиниши муносабати билан бўлиб ўтган кўп минг кишилик митингда эса “Оллоҳу акбар” сўзларини қудратли акс-асдо ўлароқ такрорлади. Унинг сўзи шу кезларда, айниқса, катта таъсир кучига эга бўлди. У миллатнинг, миллий истиқлолнинг биринчи шоири сифатида шуҳрат қозонди. Халқнинг Чўлпонга бшлган ана шу ишончи ва муҳаббати уни янги-янги амалий ишларга илҳомлантирди.
Шу нарса ажойибки, “оталар хатоси”дансабоқ олган жадидлар ўша йилларда ўз қобиқларига ўралиб қолмасдан, қўшни халқлар ва уларнинг илғор вакиллари билан яқин алоқада бўлдилар. Заки Валидий уларни ўзаро бирлаштириб турувчи оҳанрабо бир халқа вазифасини ўтади. Унинг атрофида бирлашган ўзбек, қозоқ, бошқирд ва татар мунавврлари Ўрта Осиёдан Волга бўйларига қадар чўзилган туркий заминда мазкур халқлар федерациясини барпо этиш ғояси билан яшадилар. Ана шу ғоя билан чангланган Чўлпон Туркистон Мухторияти тугар-тугамас, Бошқирдистонга бориб, қардош туркий халқнинг “қизил” мустамлака кишанларидан халос бўлиши учун бошланган фидоийлар курашига қўшилди.
“Биз-деб ёзган эди Валидий,- Самара ҳукумати, Ўрол казаклари ва Қозоғистон билан бирга амалга оширган дастлабки муваффақиятли иш ахборот тўплаш эди. Биз ўз агентларимизни олдиндан мўлжаллаган жойлар…га, шунингдек, советлар назорати остидаги Орск, Актюбинск ва Тошкентга юбориб, қисқа муддатда разведка хизматимизни вужудга келтирдик. Бу ишларга Орипов (сўз кейинчалик Бухоро Халқ Жумҳуриятининг ҳарбий нозири бўлган Абдулҳамид Орипов устида бормоқда-Н.К.) рахбарлик қилди. Бизнинг миллий шоирларимиз Ситгарей Магаз, Шайзода Бобич, ўзбек шоири Абдулҳамид Сулаймон, ёш қозоқ журналисти Беримжон ва бир ўқимишли қиз бу шаҳарларда яширин жойларни ташкил этдилар ва бу таъминлаб турди”.
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
Старый 11.08.2010 16:42   #18  
Offline ID uParty Member
Аватар для Naim Karimov
Оффлайн
благотворительный фонд памяти жертвам репрессий
ведущий научный сотрудник, профессор, доктор филологических наук
Сообщений: 112
+ 41  402/111
– 0  0/0

Uzbekistan
Цитата:
Кўрамизки, Чўлпон бу кўп миллатли маслакдошлари оиласида ўзининг шоирлик “мақоми” билан уйғун бўлмаган, аммо унинг истиқлол жангчиси сифатидаги образига ҳамоҳанг бўлган амалий ишларни бажарди. Агар тақдир бу халқларга 1918 йилдаёқ ўз мустақилликларига эришиш имкониятини берганида, улар ҳозирги кунда жаҳоннинг ҳар томонлама тараққий этган мамлакатларига айланган бўлдилар. Чўлпон шу истиқболга ишўонгани учун ҳам Оренбургга борди ва Бошқирдистон Мухторият ҳукуматининг разведка-ахборот хизматида сидқидилдан ишлади, ўзининг бу иши Туркистон халқларининг хуррияти йўлида кечаётганидан мамнуният ҳиссини туйди.
Аммо большевиклар Туркистон Муҳториятини зўравонлик йўли билан тугатганларидек, Бошқирдистон ва Қозоғистон Мухтьориятлари “Оёғи”га ҳам болта урдилар. Шўроларга қарши ҳаракатда қатнашгани учун Чўлпоннинг на Тошкентда, на Фарғона водийсида тинч яшаши амри маҳол эди. Шунинг учун ҳам у 1921 йили Бухоро Халқ Жумҳуриятига бориб, “Бухоро ахбори” газетасига муҳаррирлик қилди.
Чўлпон Бухорода ишлаган кезларида З.Валидий ҳам шу ерда бўлиб, Туркистон миллий иттиҳоди (миллий бирлиги) ташкилотини тузиш ҳаракатида юрган. Унинг таклифи билан ташкилотнинг таъсис йиғилишида қатнашиш учун Харгуш қишлоғига Фарғона водийсида ҳаракат этаётган босмачиларнинг вакиллари, Бошқирдистон зобитлари ва бошқалар келишган. Афсуски, Валидий ўз хотираларида бу тадбирнинг қандай натижа билан тугагани ва унда Чўлпоннинг иштирок этган-этмагани ҳақида маълумот бермаган. Шунга қарамай, шу айёмда Харгушда яшаган шиорнинг бу йиғиндан хабарсиз бўлгани ё ундан четда турганига ишониш қийин. Чўлпоннинг бундан бир йил аввал Бокуда Анвар поша билан учрашгани ва унинг босмачилар ҳаракатига қўшилганидан мамнун бўлганини билганимиз учун ҳам унинг Бухорода бўлиб ўтгшан миллий озодлик учун ёзган қуйидаги сатрларига эътибор берсак, унинг аввалги эътиқодида ҳамон қатъий тургани кундек равшан бўлади:
Денгизлар чайқалса, тошса сувлари,
Кесилса йўлчининг истак йўллари,
Денгизга айланса ўнг ва сўллари,
Балки юпатгуси ҳўлланган кўзлар?...

Ўйланган ўйларга кўнгил юпанмас,
Кўнгилнинг истаги ўй билан қонмас.
Айтарлар:бу тунда ёруғ шам ёнмас,
Чақмаса гугуртни асл ўғлонлар…

Чўлпон тилга олган “асл ўғлонлар” Фарғона водийси ва Сурхон кенгликларида гугурт чақиб, шўролар туфайли Туркистон тупроғига тушган зулматни қувиш йўлида фаолият кўрсатмаётганэдилар. Унинг умиди шу ўғлонларда, шунингдек, 1920йили Бокуда танишгани Анвар пошада эди. Юксак тоғлари кўкка салом берган зўр ўлканинг бошидаги қуюқ булут-кўланкадан халос бўлиши, Чўлпон назарида, шу зотлар билан боғлиқ эди. Фарғона водийсидаги большевикларга қаршилик кўрсатиш ҳаракатини диққат-эътибор билан кузатди. 1922 йилнинг 4 августида Анвар пошанинг ўлими шунинг учун ҳам Чўлпонни ларзага келтирди.

1923 йили “Дархон” газетасининг нашр этилиши хусусида турлича гап-сўзлар юради. Маълумки, бу газета Туркистон большевиклар партиясининг ташаббуси билан “босмачилар”га қарши курашиш мақсадида чиқарилган. Чўлпон эса шу газета нашрига маъсул кишилардан бири бўлган. Сўнгги изланишлар шу нарсадан дарак бермоқдаки, Чўлпон ва газетанинг расмий муҳаррири Абдулҳай Тожиева Андижонга етиб боришларидан аввал Қўқонга тушиб, Обиджон Махмудовнинг уйида яширин мажлис ўткзганлар. Агар ана шу вақтда, биринчидан, Анвар пошанинг ҳалокати билан “босмачилик ҳаракати” нингсусайгани, иккинчидан эса, қизил аскарларнинг “босмачилар” ниқоби остида аҳолини қира бошлаганини эътиборга олсак, бу яширин мажлисда борган гап бир оз ойдинлашгандек бўлади. Чўлпон ва А. Тожиев ушбу икки омилниназарда тутиб, “босмачилик ҳаракати” га вақтинча нуқта қўйиш ва миллий кучларни шўро қиличидан сақлаб қолишни тўғри, деб топганлар ва ўу фикрни бу ҳаракатнинг Фарғона водийсидаги рахбарларига етказишни мажлис иштирокчиларидан сўраганлар десак, хато қилмаган бўламиз.
Хуллас, Чўлпон ўз асарлари билан ХХ асрнинг биринчи чорагида мудроқ халқни уйғотиш ишига муносиб ҳисса қўшиш билан бирга айни пайтда Туркистоннинг миллий мустақиликка эришуви йўлида фидоийларча ёрқин номояндаларидан бирига айланди.
20-йилларнинг ўрталаридан бошлаб мамлакатдаги вазият мутлақо ўзгарди, истиқлол учун кураш йўллари батомом кесилди. Шундай шароитда Чўлпон ўз асарлари билан, жаҳон адабиётидан қилган таржималари билан ўздек халқини янги маданий юксакликка олиб чиқиш учун барчачораларни кўрди.
Халқимизнинг бугунги маданий-маънавий юксакликка эришуви ва истиқлол мевалридан баҳраманд бўлишида мутафаккур ва муборсиз шоир Чўлпоннинг ҳам хизматлари оз эмас. Шу маънода Чўлпон Туркистондаги Миллий уйғониш ҳаракатиниг кўзгуси ва миллий истиқлолчилк ҳаракатининг олис 20-йиллардаги қалдирғочларидан бири бўлиб қолади.
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
Старый 11.08.2010 16:45   #19  
Offline ID uParty Member
Аватар для Naim Karimov
Оффлайн
благотворительный фонд памяти жертвам репрессий
ведущий научный сотрудник, профессор, доктор филологических наук
Сообщений: 112
+ 41  402/111
– 0  0/0

Uzbekistan
Цитата:
“Рассом бўлсам эди, чизиб берардим...”

АЛИШЕР НАВОИЙНИНГ ЎЛМАС АСАРЛАРИ безаб турган ХУ асрдан кейин Абдулла Қодирий ва Чўлпон сингари буюк шоир ва ёзувчилар яшаб ижод қилган ХХ аср ҳам ўзбек адабиёти тарихидан “олтин давр” сифатида жой олди. ХХ асрда яшаган бу икки сиймо ҳамда уларнинг истеъдодли биродарлари ўзбек адабиётини янги бадиий тараққиёт босқичига олиб чиқдилар. Улар ижодий меҳнати ва жасорати туфайли миллий адабиётимиз жаҳон адабий жараёнининг узвий қисмига айланди.
Адабиётимизнинг шундай юксак даражага эришувида Чўлпоннинг хизматлари, айниқса, беқиёс.
Ҳар бир шоир ижодий ҳаёти давомида турли адабий, ижтимоий ва руҳий жараёнларни бошидан кечиради. Шунинг учун адабиётшунослар аксар шоирлар ижодини турли даврларга бўлиб ўрганадилар. Эҳтимол Чўлпоннинг ижодини ҳам шаклланиш ва юксалиш босқичларига ажратиб ўрганиш жоиздир. Аммо Чўлпон гулшанининг чаман гуллар билан бурканган пайти шўролар давлатининг мустабидлаша бошлаган даврига тўғри келди. 20-йилларнинг охиридан бошлаб эса шўро давлати билан муросаи мадорада яшашга мажбур бўлди. 20-йиллар аввалида шеърият “сир”ларини мукаммал эгаллаб, ижод дурдоналарини ярата бошлаган шоир шўро даври мавзуларида қалам тебратганида, илҳом булоғи кумуш мавж уриб турмади. Шунинг учун Чўлпоннинг абадий ўлмас мавзуларга бағишланган лирик шеърлари, орадан қанча замонлар ўтса ҳамки, бадиий латофати ва жозибасини йўқотмай, кўклам чечакларидек хушбўй уфорини ҳамон таратиб туради.
Биз, адабиётшунослар, одатда Чўлпон лирикасининг беназир намуналари сифатида «Гўзал» сингари шеърларнигина тилга олиб келамиз. Ҳолбуки, унинг 20-йилларда ёзган қарийб барча шеърлари нафақат ўзбек, балки жаҳон лирикасининг энг нодир намуналари даражасида. Бу асарларнинг бадиий қувватини белгиловчи омил, аввало, уларда ифодаланган ҳис ва туйғуларнинг шоир қалбидан лава янглиғ отилиб чиққани ва китобхон қалбини адашмай топиб, уни ларзага келтира олганидир. Бундан ташқари, Чўлпон бу асарларида шеърий санъатнинг барча нозик ва нафис усулларини мукаммал эгаллаган, улардан катта маҳорат билан фойдаланган сеҳргар шоир сифатида гавдаланади.
СЎЗ – ШЕЪРНИНГ ҚОН ТОМИРИ. Агар шоир ҳис-туйғулар оламини ёрқин ифодалай оладиган Сўзни топа олмаса, шеър туғилмайди. Чўлпон сўзнинг маъно қатламларинигина эмас, балки ранглари ва мусиқий товланишларини ҳам чуқур ҳис этувчи шоирдир. Сўз, қизиган доира янглиғ, жаранглаган тақдирдагина шоир ундан “қурилиш ашёси” сифатида фойдаланган. Шундай сўзлардан ташкил топган чўлпонона сатрлар, худди марварид шодаси сингари, “клонланган” жилоларни таратиб туради. Шоир пейзаж лирикасининг юксак намуналаридан бири -“Хазон” шеърининг дастлабки сатрига бир эътибор бери. кўринг-а:

Куз чоғи… тупроқлар гезариб қолдилар...

Табиат гарчанд куз фаслида тилларанг барглар денгизига ғарқ бўлиб, ошуфта кўзларни қамаштирса-да, теварак-жонибда аллақандай маъюс бир кайфият, мунгли ва ғуссали ҳолат ҳукмронлик қилади. Чўлпон табиатдаги ана шу ҳолатни ифодалар экан, дарахтларни буркаб турган заъфарон барглар оламига эмас, балки ерга нигоҳини қаратади. Шоир тупроқнинг гезариб турганини тасвирлаш орқали ўз мақсадига эришади: сизнинг хаёлингизда қони қочган кишидек сўлғин бир замин пайдо бўлади. Чўлпон шу билангина кифияланмай, бояги сатрни ўзга бир тартибда яна такрорлайди:

Гезариб қолдилар куз чоғи япроқлар…

Бир поэтик фикрнинг икки марта такрорланиши ва шоирнинг “гезариб” сўзига алоҳида урғу бериши натижасида шеърий сатрлардаги ҳазин мусиқа янада кучайиб, сизнинг юрагингизни тирнай бошлайди. Сиз ўзингизни заъфарон барглари ҳам тўкилиб, яланғочланиб қолган етим табиат бағрида қолгандек ҳис этиб, юрагингиз увушиб кетади. Чўлпон шундай бадиий эффектга севимли поэтик усули – чертиб танланган сўзлар шодасини ўзга бир йўсинда такрорлаш орқали эришади.
Маълумки, 1923 йилнинг ёз ойларида Андижонда “босмачилик ҳаракати”га барҳам бериш мақсадида “Дархон” газетаси нашр этилган. Агар бу ҳаракат яна давом этадиган бўлса, нафақат “босмачилар”нинг қирилиб кетиши, балки водий аҳолисининг ҳам жабр чекиши мумкинлигини сезган Чўлпон шу газетада фаолият олиб борган. Лекин у шўро давлати билан муроса қилишга мажбур бўлганидан қаттиқ изтироб чеккан.
Агар мазкур шеърнинг 1923 йил кузида, худди шу воқеалардан кейин ёзилганини эътиборга олсак, унда ифодаланган ҳазин ва мунгли руҳнинг асл сабаблари янада равшанлашади.
“Хазон” деб номланган бояги шеърдан кейин Чўлпон куз ва қиш лавҳалари тасвирланган яна бир неча шеър ёзди. Шулардан бири “Менинг йўлларимда” деб аталади. Бу шеър лирик қаҳрамон кайфиятининг янгиланганлиги, унда пайдо бўлган некбин ҳолатнинг тасвир этилганлиги билангина эмас, балки, аввало, шеърий шаклнинг ғаройиблиги билан ажралиб туради. Бу ғаройиблик эса, унда истифода этилган такрорлаш усулининг мутлақо янгилиги ва беназирлигидадир.
Шеър бундай бошланади:

Менинг йўлларимда чўзилган тоғлар,
Бирга қўйин очган қатор довонлар...
Кўзларим йўлларга тикилган чоғлар
Кўнглимда йўл юриш истаги қайнар!

Бу сатрларда лирик қаҳрамоннинг тамомила ўзгача руҳий ҳолати ўз аксини топган. Бу ҳолат унинг тоғлар ва довонлар қаршисида турганлиги билан белгиланади. Маълумки, тоғлар ва довонлар инсон хаёлини доимо олиб қочиб, уни олдинда турган йўллар ва сўқмоқлардан олға боришга ундагандек бўлади. Лирик қаҳрамоннинг руҳий оламида кечаётган ана шу ўзгаришни Чўлпон юқоридаги икки сатрни ҳийла ўзгартириш, қолган икки сатрни айнан такрорлаш ҳамда уларнинг банддаги ўрнини алмаштириш орқали эришади:

Қорга қўйин очган қатор довонлар,
Сизга қараб туриб кучни чоғладим.
Кўнглимда йўл юриш истаги қайнар,
“Юриб ўтаман!” деб белни боғладим!

Кўрамизки, шеърнинг бу бандида “тоғлар-чоғлар” қофияси билан якунланган сатрлар ўзгача кўриниш олган ва шу сатрлар шеърга янги маънони – лирик қаҳрамонда пайдо бўлган истакни - довонларга қараб туриб кучни чоғлаш ва “Юриб ўтаман!” деб белни боғлаш истагини олиб кирган. Чўлпон шеърнинг сўнгги, учинчи бандида ана шу орзу-истакнинг қатъийлашганини тасвирлайди. Ва бунга иккинчи бандга киритилган янги сатрлар билан биринчи бандда “унутилиб қолган” сатрларни ўзаро боғлаш ёрдамида эришади:

Сизга қараб туриб кучни чоғладим,
Менинг йўлларимда чўзилган тоғлар!
“Юриб ўтаман!” деб белни боғладим,
Кўзларим йўлларга тикилган чоғлар…

“Менинг йўлларимда” шеъри жаҳон мумтоз шеъриятининг қонун-қоидалари асосида ҳам фикран, ҳам шаклан қолипланган ҳолда шундай гўзал бир тарзда якунланган.

__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
2 "+" от:
Старый 11.08.2010 16:46   #20  
Offline ID uParty Member
Аватар для Naim Karimov
Оффлайн
благотворительный фонд памяти жертвам репрессий
ведущий научный сотрудник, профессор, доктор филологических наук
Сообщений: 112
+ 41  402/111
– 0  0/0

Uzbekistan
“Рассом бўлсам эди, чизиб берардим...”

Цитата:
ХХ АСРДА ЖАҲОН МУМТОЗ АДАБИЁТИдан баҳраманд бўлган ўзбек шоирлари орасида Чўлпон алоҳида ўринни эгаллайди.
1936 йили, А.С.Пушкин вафотининг яқинлашиб келаётган 100 йиллиги арафасида Чўлпон улуғ рус шоирининг “Борис Годунов” драмаси билан бирга “Булбул ва гул” шеърини ўзбек тилига таржима қилди. У шу шеър руҳига кириб, уни ўзбек тилида шундай жаранглатиб юбордики, агар сарлавҳадан кейин “А.С.Пушкиндан” деган изоҳ бўлмаса, ҳеч ким унинг ўзга тилдан ўгирилганига ишонмаслиги мумкин. Бу ҳол қисман Пушкиннинг ўз шеърини форс шеърияти таъсирида ва форс шоирларига татуббу тарзида ёзганлиги билан изоҳланса, асосан Чўлпоннинг таржимага ғоят ижодий ёндашганлиги билан белгиланади. Зеро, у мазкур таржимага, В.Жуковский айтганидек, таржима қилинаётган шоирнинг сояси эмас, балки рақиби бўлиб қўл урди.
Аслиёт Пушкин тушунчасидаги ғазал шаклида бўлиб, бундай “байт” билан бошланган:
В безмолвии садов, весной, во мгле ночей,
Поет над розою восточный соловей…

Чўлпон аабб шаклида қофияланган ва 12-14 ҳижоли сатрлардан иборат бу шеърни арузнинг фоилотун, фоилотун, фоилотун, фоилотун қолипидаги 16 ҳижоли баҳрида таржима қилган. Юқоридаги “байт” эса бундй “ўзбекона қиёфа” касб этган:

Баҳор чоғида ҳоли боғда бир зулматли тун эрди,
Ғариб булбул фиғон айлаб, “Гулим, раҳм айлагил”, дерди...

Чўлпон аслиятдаги “Шарқ булбули”ни “ғариб булбул”, деб, унинг гул узра ёниб куйлаётган ҳолатини эса, “Гулим, раҳм айлагил”, дерди”, дея эркин таржима қилиш билан Пушкин шеърининг руҳи ва мазмунига заррача ҳам шикаст келтирмаган. Аксинча, асар руҳи ва ғоясидан келиб чиққан ҳолда уларни ўзбекона ифодалар билан қайта бадиий мужассамлаштиришга, айниқса, шеърнинг мусиқий ифодасини, эстетик таъсир кучини беҳад даражада кучайтиришга эришган.
Шеърнинг кейинги “байт”и Чўлпон таржимасида бундай кўриниш олган:

Бироқ ул гул қулоқ солмас эди фарёду афғона,
Фақат ором оларди ноладин тўлғона-тўлғона...

Миртемир Чўлпон таржимасидаги бу шеърнинг, айниқса, “фарёду афғона” – “тўлғона-тўлғона” сўзлари, тунги мушак сингари, ранг-баранг жилолар таратган сатрларини жўшиб ўқир, ҳақиқий шеърий таржима шундай порлоқ миллий бўёқлар билан товланиши лозимлигини айтар ва ўзи ҳам Чўлпон анъаналарини муносиб давом эттиришга интилар эди. Чиндан ҳам, Чўлпон юқоридаги сатрларни сермазмун ва сермавж сўзлар билан якунлаб, шу сатрларни шундай ўйнатиб юборганки, уларни ўқиган киши дилининг лафъатан яшнаб кетиши шубҳасиздир.
Аслиятнинг кейинги “байт”ларида Пушкин, кутилмаганда, булбул ва гул мавзуидан шоир ва гўзаллик мавзуига кўчиб, шоирни булбул янглиғ гул ишқида куйиб-ёнмасликка ундаб, ёзади:

...Она не слушает, не чувствует поэта;
Глядишь, она цветет; взываешь – нет ответа.

Ана шу кўчим Чўлпон таржимасида ўзининг бундай гўзал вас амимий ифодасини топган:

Сени ҳеч севмаган бир гул учун, эй шоирим, сен ҳам
Ёнарсан, ўртанарсан, дод этарсан тинмайин бир дам.

Қўй энди, беҳуда дод этма, оҳинг унга етмайди,
Қарайсан, яшнаган бир гул, фақат додингга етмайди.
Агар Пушкиннинг Шоирга мурожаатида унинг ўксик ҳолатига нисбатан бирор хайрихоҳлик белгиси сезилмаса, Чўлпон таржимасида худди шу нарса - севгиси писанд қилинмаган Шоирга нисбатан ачиниш ва раҳм-шафқат туйғуси дудланиб-оловланиб туради. Агар Пушкиннинг бу шеъридаги Шоир ўша даврдаги қандайдир умумлашган ва мавҳум бир шоирнинг образи бўлса, таржимадаги Шоир бу – шўролар томонидан рад этилган, ҳатто қамалиш ва отилиш арафасида яшаётган Чўлпоннинг айни ўзидир. Шунинг учун ҳам таржимада қайғули руҳ, ёниб-ўртаниш ва изтироб оҳанглари устуворлик қилади.
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
"+" от:
Ответить
Опции темы
Опции просмотра




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2024, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх