Датацентр UZINFOCOM

Моё меню Общее меню Пользователи Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > Ижод хусусида сўз
Знаете ли Вы, что ...
...для каждой темы существует свой раздел. Изучите структуру форума. Если соответствующего раздела нет, то всегда есть раздел "Разное" :)
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…)


Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 24.08.2018 21:17   #91  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,855
+ 6,216  7,268/2,043
– 77  283/147

UzbekistanFacebook
Ўргимчаклар қилични кўрди-ю, унинг нималигини фаҳмлашмаган кўринади, бутун галаси билан ер ва шох-шабба бўйлаб югурганча, хоббитнинг орқасидан қувиб кетишди. Ғазабдан ҳарсиллаб, кўзи косасидан чиқиб кетгудай бўлиб қолган ўргимчакларнинг пахмоқ оёқлари лип-лип ўтиб, жағлари шақилламоқда. Ўрмон қаърига чуқур кириб кетаётганини англаган Бильбо тўхтаб, қўшиқ айтишни бас қилди-да, писиб изига қайтди. Қутуриб кетгандай югураётган ўргимчаклар эса таъқибни давом этишди.

Бильбонинг вақти оз: анави довдир ўргимчаклар ҳадемай хоббитни йўқотиб қўйишганига амин бўлгач, гномларни егани қайтишади. У вақтгача Бильбо дўстларини қутқариб қолишга угуриши керак. Энг қийини пиллалар осилган шохга чиқиб олиш. Ўргимчаклардан бири эҳтиётсизлик ила ташлаб кетган узун елимшак арқон бўлмаганда, хоббит ушбу ишни уддалай олишига шубҳа қилган бўлар эдим. Бильбо арқонга тармашганча, кафти шилиниб бўлса ҳам юқорига кўтарилди. Кўтарилишга кўтарилди-ю, асирларни қўриқлаш учун қолган кекса ўргимчакка рўбару бўлди. Ушбу ниҳоятда жирканч ҳайвон ўлжалардан қайси бири ширалироқ эканлигини билиш учун бўлса керак, вақти-вақти билан уларни ниқтаб, қолганлар етиб келгунча, бирортасини еб тугатиш ниятида экан. Мистер Бэггинс узоқ ўйлаб ўтирмай, қиличини яланғочлади-да, очкўз ўргимчакни сўйиб қўя қолди. Жони узилган ҳайвон-ҳашарот ерга гумбурлаб тушди.

Навбатдаги вазифа биринчи гномни озод қилишдир. Аммо қандай қилиб? Пилла осилган арқонни кесадиган бўлса, шўрлик гном ерга гумбурлаб тушиб, жони қаттиқ оғрийди. Шох бўйлаб ўрмалаган хоббит биринчи пиллага бир амаллаб етди (бечора гномлар арқонда осилганча, айлана бошлашди). «Фили ёки Кили, - хаёлдан ўтказди Бильбо, мовий қайтарма қалпоқ четини кўриб. - Фили бўлса керак». Чунки пилла ичидан Филининг бурнига ўхшаш узун буруннинг учи чиқиб турибди.

Шох узра энгашган хоббит ёпишқоқ арқонларнинг энг йўғонларини бир амаллаб кесди ва пилла ичидан чиндан ҳам тизза ва тирсакларини кучи борича ишга солган Фили чиқди. Оёқ-қўлини силтаётган гномнинг аҳволини кўрган Бильбо Филини хатти-ҳаракати ип воситасида бошқариладиган ўйинчоққа ўхшатиб, беихтиёр кулиб юборди.

Бильбонинг ёрдами билан шохга илашиб олган Фили қолганларни ҳам халос этишга ёрдамлашиб юборди, гарчи у ўзини жуда ёмон ҳис қилаётган бўлса-да: ярим кун-у, ярим тун ўз ўқи атрофида айланиб чиққанидан ташқари, ўргимчак заҳри унинг кўнглини беҳузур қиляпти. Қоши ва кипригига ёпишган қабоҳатни шилиб олиш осон кечмади, соқол-мўйловининг баъзи жойларини эса кейинчалик қийиб ташлашга тўғри келди. Шундай қилиб икковлон ҳар бир пиллани шохга тортиб, ичидаги гномни халос этди. Навбат билан озод бўлаётган гномларнинг ҳаммаси ўзини Филидек ёмон ҳис қилмоқда. Кимдир пилла ичида нафас олишга қийналган, яна кимдир ўргимчак заҳрининг катта дозаси билан заҳарланган ва ҳоказо.

Иккаласи Кили, Бифур, Бофур, Дори ва Норини озод қилишга улгуришди. Шўрлик Бомбур шу даражада сўлғинки, шохдан сирпаниб ердаги хазон уюмига дўп этиб тушгач қилт этишга мадори бўлмай, ўша ерда ётганча қолди. Гап шундаки, махлуқлар энг семиз ўлжа сифатида уни ҳаммадан кўп ниқташди. Ғазаби илгаридан ҳам баттар қайнаган ўргимчаклар қайтишмоқда. Беш нафар гном эса ҳамон пиллага ўралганча осилиб турибди.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Реклама и уведомления
Старый 24.08.2018 21:19   #92  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,855
+ 6,216  7,268/2,043
– 77  283/147

UzbekistanFacebook
Бильбо шох-шабба бўйлаб шу заҳоти сакраб ўтди-да, юқорига ўрмалаётган ўргимчакларни қиличи билан ҳайдашга киришди. Филини халос қилаётганида Сеҳрли узукни ечиб, қайта тақиб олишни унутган экан. Ўргимчаклар уни кўриб, сўлак сачратганча вишиллашти:

- Қўлга тушдингми, кўзга илинмас итвачча! Кўряпмиз энди сени! Ичингдагини сўриб, қуруқ устухонинг-у, терингни қолдирамиз ҳозир! Қаранг-а, Ниши ҳам бор экан унинг! Ҳеч қиси йўқ, бир осилиб турсин, оёғи осмондан келиб!

Бу пайтга келиб халос бўлган гномлар қолган асирларнинг арқонларини чопиш билан овора. Яна озгина фурсат ўтса, ҳамма халос бўлади. Кейин-чи? Ўргимчаклар уларни осонгина тутиб олишган эди-ю. Лекин у иш тунда бўлиб, гномлар ғафлатда қолишган эди. Ҳозир эса вазият мутлақо бошқача. Ҳаёт-мамот жанги бўлади чоғи!

Бир нечта ўргимчак ерда чўзилиб ётган Бомбурни ўраб олиб, яна боғлашмоқда. Дақиқа ўтиб, тортиб кетишлари муқаррар. Хоббит овози борича бақириб, Ниш-қиличини ўйнатганча, нимага қодирлигини кўрсатиб қўйди. Ниш-қилич ўргимчаклар учун нохуш янгилик бўлди. Қурол дарғазаб ярқираганча, душманни чопиб янчишга киришди. Хоббит ўн иккитача улкан ўргимчакни ер тишлатди. Қолганлар чекиниб, Бомбурни ўз ҳолига қўйишди.

- Ҳамма пастга, ерга тушсин! - бақириб буюрди Бильбо. - Ўтирманг у ерда, ов тўрига илинасиз!

Ўргимчаклар қўшни дарахтлар бўйлаб гномлар устидаги шохларга қуюқ оқимдай чиқиб келишмоқда. Ўн бир нафар гном шу заҳоти пастга сакради. Энди гномларнинг ҳаммаси, шу жумладан, амакиваччалари Бифур билан Бофурга суянган ҳолсиз бақалоқ Бомбур ҳам ерда туришибди. Ниш-қиличини ўйнатаётган Бильбо у ёқ, бу ёқ сакраб юрибди, юзлаб дарғазаб ўргимчаклар атрофда: ён томонда, пастда, тепада бақрайиб туришибди. Ниҳоятда аянчли вазият қарор топди.

Қақшатқич жанг бошланди! Баъзи гномлар пичоқ билан қуролланган, бошқалари қўлга таёқ олди, оёқ остида тош ётибди, Бильбо эса эльфлар ясаган ханжар билан қуролланган. Улар ўргимчакларнинг ҳамласини қайтариб, кўпчилигини ер тишлатди. Бироқ бу узоқ чўзилмаслиги аниқ. Бильбонинг тинкаси қуриб бўлди. Тўрт нафар гномгина оёқда ишончли турибди. Ўргимчаклар уларнинг барини ҳолдан тойган пашшаларни енгган каби осонгина енгиши мумкин. Махлуқлар янгитдан арқон тортишмоқда.

Қандай иш тутиш кераклигига боши қотган Бильбо гномларга Сеҳрли узук сирини очишдан ўзга чора қолмаганини тушунди. Илож қанча, бошқа йўл йўқ.

- Ҳозир мен кўринмас бўлиб қоламан, - деди у. - Ўргимчакларнинг эътиборини ўзимга жалб этишга уриниб кўраман, сизлар эса ҳаммангиз биргалашиб ҳаракат қилганча, қарама-қарши йўналиш бўйича, чапга, кеча эльфлар гулхани кўринган томонга ёриб чиқинг.

Фикр-мулоҳазаси ҳали ёришмаган, хода силтаб, тош улоқтираётган гномларга гап уқтириш қийин кечди. Ялангликда бақир-чақир кўтарилган бўлиб, режа ижросини чўзиб бўлмайди: ўргимчаклар қуршов ҳалқасини ҳосил қилишмоқда.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 24.08.2018 21:21   #93  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,855
+ 6,216  7,268/2,043
– 77  283/147

UzbekistanFacebook
Сеҳрли узугини таққан хоббит гномларни ҳайратда қолдирганча кўздан ғойиб бўлди. Ўнг томондаги дарахтлар орасидан «тузоқ қўяётган қари аҳмоқ» «қорни қўвача хомсемиз» ўргимчак ҳақида қўшиқ мисралари янгради. Кутилмаган ушбу ҳолатдан шошиб қолган ўргимчаклар таққа тўхташди. Баъзилари Бильбонинг овози эшитилаётган томон югуришди. «Қари аҳмоқ» сўзларидан ғазаби қайнаган ўргимчаклар ақл-ҳушини йўқотиб, ўз хатти-ҳаракатларини идора қила олмай қолишди.

Хоббитнинг режасини ҳаммадан олдин фаҳмлаган Балин гномларни ҳужумга кўтарди. Гномлар жипс саф тортиб, чап томондаги ҳайвон-ўргимчакларнинг устига бир дунё тош ёғдирганча нари қувиб, қуршовни ёриб ўтишди.

Ўнг томонда эшитилаётган қўшиқ ва бақир-чақир бирданига тинди. Гномлар Бильбонинг жони омон бўлиб, қўлга олинмаслигига умид қилганча олға илгарилашди. Тинкаси қуриб, базўр каловланаётган гномларнинг ҳаракати жуда секин кечмоқда! Ўргимчаклар эса уларни изма-из таъқиб қилиб келишмоқда. Гномларга баъзан тўхтаб, мудҳиш махлуқларнинг ҳамласини қайтаришга тўғри келмоқда. Ўргимчакларнинг кўпчилиги юқорида шохдан шохга ирғиб, ёпишқоқ арқон туфлашмоқда.

Аҳвол чатоқ. Кутилмаганда пайдо бўлган Бильбо эсанкираб қолган ўргимчакларнинг ён томонидан ҳамла қилди.

- Қочинг, югуринг, уларни шу ерда ушлаб қоламан! - қичқирди у гномларга.

Хоббит чиндан ҳам йирик ҳайвон-ҳашаротларни ушлаб қолди! Орқа-олдинга югураётган Бильбо ўргимчакларнинг оёғини чопиб, арқонларини кесиб, йўғон териларини тешиб борди. Ўргимчаклар шишиб, қутуриб кетишмоқда, вишиллаб, заҳарли кўпик тупуришмоқда, даҳшатли тавқи лаънат ёғдиришмоқда, бироқ Ниш шундай қўрқув туғдирмоқда-ки, хоббитга яқинлашишга бирортасининг юраги дов бермаяпти. Лаънат-у қарғишлар кор бермай, ўлжа аста-секин қўлдан чиқиб кетяпти.

Мудҳиш жанг узоқ давом этди. Бир неча соат ўтиб, Бильбо қўлини кўтара олмайдиган, махлуқларга зарба бера олмайдиган ҳолатга етганда афтидан, ҳафсаласи пир бўлган ўргимчаклар тўсатдан жангни тўхтатиб, ўлжани ўз ҳолига қўйганча, келган жойига, Ёвуз ўрмоннинг қоронғи қаърига қайтиб кетишди.

Гномлар машъала ёқилиб, эльфларнинг зиёфати уюштирилган ялангликка келиб қолишганини фаҳмлашди. Ўтган тунда кўринган ялангликми бу, йўқми, айтиш қийин, лекин бундай жойларда қўлланилган эзгу жодунинг ижобий таъсири қолади шекилли, ўргимчаклар бу ерларни четлаб ўтишади. Ҳар қалай ўрмоннинг дарахт у қадар зич ўсмаган, қўрқинчли кўринмаётган ушбу қисми ёруғроқ, яшилроқ бўлиб, йўловчилар шу ерда дам олишга аҳд қилишди. Дастлаб улар шунчаки пишиллаб, ҳансираб ётишди, бироз нафас ростлаб олишгач эса Бильбони бир олам саволга кўмиб ташлашди, уларни кўпроқ хоббитнинг кўздан ғойиб бўлиши қизиқтирди. Сеҳрли узук ҳақидаги ҳикоя гномларни шу қадар ҳайратлантирди-ки, мавжуд муаммоларни унутиб қўйишди. Балин зимистондаги топишмоқлар ва Голлум билан боғлиқ ҳодисани бошидан ҳикоя қилиб, Сеҳрли узукнинг ўша ҳодисада тутган ўрнини батафсил тушунтириб беришни қатъий талаб қилиб туриб олди.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 24.08.2018 21:22   #94  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,855
+ 6,216  7,268/2,043
– 77  283/147

UzbekistanFacebook
Кун аста-секин хиралашиб, энди саволларнинг бошқа оқими ёғдирилди. Қаерга келиб қолишди? Сўқмоқ қани? Егулик топса бўладими? Қандай иш тутиш керак энди? Ушбу саволлар тинимсиз такрорланиб, афтидан, ҳамма пакана хоббитдан жавоб кутмоқда. Кўриб турганингиздек, гномлар мистер Бэггинсга доир фикр-мулоҳазаларини Гэндальф билиб айтгандек, ўзгартириб, хоббитга ҳурмат-ла қарайдиган бўлиб қолишди. Бильбо бўлмаганда ўргимчак емига айланишини теран англаган гномлар энди унга вайсашмаяпти, аксинча, ўз миннатдорлигини такрор ва такрор изҳор этиб, хоббитдан ажойиб режа чиқишини кутишяпти. Уларнинг қайсидир бири эса Бильбонинг қаршисида икки букилиб таъзим бажо айлашга уриниб кўрди-ю, мадорсизликдан оёқда тура олмай, бурни билан ерга тиралиб қолди.

Сеҳрли узукка доир ҳақиқат Бильбонинг гномлар орасида қозонган обрўйига салбий таъсир кўрсатмади. Зеро, омади чопиб, Сеҳрли узук соҳибига айланганидан ташқари Бильбо ўз зеҳни ва топқирлигини намоён эта билди. Зеҳн-идроксиз эса бундай муваффақиятга эришиб бўлмаслигини гномлар яхши англашмоқда. Улар Бильбони мақтаб, шу даражада кўкка кўтариб юборишди-ки, хоббит ўзини ростдан ҳам жасур саргузаштлар ишқивозидай ҳис этиб, агар бироз тамадди қилиб олганда янада мард бўлиб қолишига амин бўлди.

Таассуфки, тамадди қилгани ҳеч нарса йўқ. Йўқотилган сўқмоқ қидирувига туриш учун мадор йўқ. Бильбо Ёвуз ўрмондан олиб чиқадиган сўқмоқни топиш ҳақида узоқ ўйланди, аммо чарчаган мияси иш бермагач, поёни йўқ ўрмоннинг охири кўринмас дарахт қаторига бақрайиб ўтирди. Ҳамма кўз юмиб, жимиб қолди. Фақат Балингина кулимсираб, ғулдурламоқда:

- Голлум!... Не хаёлларга борибман-а, мен! Шу тарзда ўта билган экан-да тумшуғим остидан, менга сездирмай! Тақиб олади-да... ҳа, тушунарли! «Ўғринча аста-секин, хоббитчасига эмаклаб келдим» денг, мистер Бэггинс? «Дарвоза остонасида бир олам тугма йўқотдим» денг? Қари тулкисиз, мистер Бэггинс, қари тулкисиз, қар... тул...

Балин ҳам ёнбошлаб ётган жойида тарашадек қотиб қолди. Ёвуз ўрмонда жимжитлик қарор топди. Шу ҳолатда улар узоқ ётишди. Кутилмаганда Двалин кўзини катта очиб, атрофга аланглади.

- Торин қани? - томдан тараша тушгандай сўраб қолди у.

Даҳшат! Улар чиндан ҳам ўн уч киши экан: ўн икки нафар гном ва бир нафар хоббит. Торин-чи, қаёққа гум бўлди у? Қандай қисматга йўлиқди экан? Сеҳр-жоду таъсирида қолдими, ё ўрмон махлуқларига ем бўлдими? Олдинига Бильбо билан гномлар даҳшатдан титраб ётишди, бироздан сўнг яна нотинч уйқуга кетишди. Ҳаммаси босинқираб чиқди. Оқшом тунга уланди. Мана шу ерга келганда ниҳоятда толиққан, ҳатто соқчи тайинламай ухлаб қолган йўловчиларни вақтинча холи қолдирамиз.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 24.08.2018 21:24   #95  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,855
+ 6,216  7,268/2,043
– 77  283/147

UzbekistanFacebook
Ториннинг қисмати бошқача кечди. Уни ҳаммадан олдин осонгина қўлга олишди. Бильбо эльфларнинг ёритилган даврасига киргани эсингиздами? Торин ҳам сал ўтиб шундай қилган эди. Ўшанда гулханлар бараварига ўчиб, Торин, худди сеҳр қўлланилгандай ерга тошдай йиқилди. У гномларнинг бир-бирини излаб бақирганини, ўргимчаклар тортиб кетаётганда кўтарган айюҳанноси-ю, тўс-тўполонгини, эртаси куни кечган жангни эшитмади. Чунки уни югуриб келган ўрмон эльфлари қўл-оёғини боғлаганча кўтариб кетишган эди.

Ялангликда зиёфат уюштирган маҳлуқлар – ўрмон эльфлари эди, албатта. Улар табиатан бадкирдор, баттол эмас-у, бегоналарга шубҳа ила қараб, ҳамиша эҳтиёткорлик билан иш тутишади. Ўрмон эльфлари олий эьфлар, яъни Олий табақали ғарб эльфлари каби оқил бўлишмаса-да, лекин анча маккор бўлиб, улар ҳам сеҳр-жодуни маҳорат-ла қўллай билишади. Бошқача қилиб айтганда, ўрмон эльфларига дуч келиш хавфлидир. Ушбу эльфларнинг аксарияти, шу жумладан, уларнинг тоғ ва адирларда яшайдиган қариндошлари Ғарб чеккасидаги шонли Сеҳрли салтанатда ҳеч қачон бўлмаган қадимий қабилаларнинг авлоди саналади. Офтоб эльфлари, оқиллиги ила ажраб турадиган ғор эльфлари ва денгиз эльфлари бир замонлар Сеҳрли салтанатга сузиб кетиб, кўпдан-кўп асрлар давомида ўша ерда яшаб тарбия топишган, кўркига кўрк қўшилиб, янада оқил бўлишган, сеҳр-жоду қўллашнинг сир-асрорларини ўрганиб, ниҳоятда гўзал, ажиб нарсаларни ҳосил қилиш санъатини ўзлаштиришган. Кейинчалик уларнинг бир қисми Ўртаерга қайтишган.

Ўрмон эльфлари эса шу ерда қолиб, қуёш билан ой яратган ғира-шираликда яшашни давом этишган, улар кўпроқ юлдузли тунларни хуш кўришган. Денгиз ютмаган ҳудудларда азим дарахтлардан ташкил топган бепоён ўрмонлар пайдо бўлган. Ушбу эльфлар ҳамиша улкан ўрмонларнинг четида яшашган, баъзан ов қилиш ёки ойдин кечада юлдузли осмон остида шунчаки сайр қилиб келиш учун очиқ жойларга чиқишган. Бу ерларга одамлар кўчиб кела бошлагач эса ёруғликка чиқмай қўйиб, Марҳаматли халқ бўлганча қолиб, ўрмон қаърида бекиниб олишган.

Ўрмон эльфлари қироли Ёвуз ўрмоннинг шарқий чегарасидан бир неча миля наридаги улкан ғорда яшайди. Ўрмонли адирлардан оқиб тушаётган анҳор ушбу ғорнинг ҳайбатли тош эшиги олдидан ўтиб, пастликка, тоғ тизмаси бўсағасидаги дарахт ўсган ботқоқликка бориб қуйилади. Ер остидаги улкан ғор кўпдан-кўп заллар ва юриш йўлакларидан ташкил топган бўлиб, ундан ясси тоғ қаърига кириб кетадиган кўплаб майда ғорлар тармоғи бошланади. Мазкур ғор ҳам, ундаги юриш йўлаклари-ю, майда ғорлар тизими ҳам гоблинларнинг чуқур, мудҳиш, юриш хавфли кечадиган ғор-у йўлакларига қараганда анча ёруғ, яшаш учун қулай, шинам, ҳаётга тўла бўлиб, бемалол юрса бўлаверади.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 24.08.2018 21:24   #96  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,855
+ 6,216  7,268/2,043
– 77  283/147

UzbekistanFacebook
Умуман айтганда, Ўрмон қиролининг табаалари аксар вақтни очиқ ҳавода ўтказишади, улар асосан ўрмонда яшаб, шикор билан шуғулланишади, ерда енгил қурилган ёғоч иморатлар ёки дарахт шохларида кун ўтказишади, кўпроқ қора қайинни хуш кўришади.

Ғор асосан қирол саройи, бойликлар сақланадиган хазина, душман ҳужум қиладиган бўлса – қалъа вазифасини ўтайди. У ерда йиғин заллари, зиёфат ўтказиш хоналари, кўплаб ертўла ва омборлар мавжуд. Асир олинганлар сақланадиган зиндонлар ҳам шу ғорда.

Торин ўша зиндонларнинг бирига қамалган. Эльфлар гномларни унчалик ёқтиришмагани боис, биров Торинга боадаб муносабат билдирмади.

Қадимда гномларнинг аллақайсидир қабиласи билан ўрмон эльфлари ўртасида уруш чиққан. Ўша қабила эльфларга қарашли хазинани ўғирлашда, аниқроқ айтиладиган бўлса, бировнинг бойлигини ғайриқонуний равишда ўзлаштириб олганда айбланган. Адолат юзасидан айтиш жоизки, гномлар ушбу ҳолатга бошқача тушунтириш беришади – улар ўзига тегишли буюмларни олишганини даъво қилишади. Гап шундаки, бир замонлар Эльфлар қироли гномлар қабиласига олтин ва кумуш тақдим этиб, ушбу металлардан ясаладиган қимматбаҳо заргарлик буюмларига буюртма беради. Буюртма бажарилгач эса қирол уста заргарларнинг иш ҳақини тўлашдан бош тортади. Меҳнатига ҳақ олмаган гномлар заргарлик буюмларини ўзларига олиб қолишади. Эльфлар қироли чиндан ҳам ўтакетган нокас бўлган. Кумуш ва оқ тошларни у жуда яхши кўрган. Хазинаси олтин, кумуш, олмосга лиқ тўла бўлишига қарамай, бойлик масаласида эльфларнинг ўтмишдаги буюк ҳукмдорларига тенглашишни истаган. Унинг табааси фойдали қазилма қазимайди, қимматбаҳо металл ва тошларга ишлов бермайди, савдо-сотиқ билан шуғулланмайди, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштирмайди, қимматбаҳо буюмлар эльфлар қасрига четдан кириб келади ва ҳар қандай гном буларнинг барини жуда яхши билади.

Ториннинг аждоди юқорида айтилган эски машмашага ҳеч қандай алоқаси йўқ. Унга қўлланилган жоду барҳам топгач, табиийки, қаттиқ ғазабланди. Ўзига бўлган муносабатни ҳақорат деб топиб, Сўққа тоғ, олтин-у, хазина ҳақида ҳеч кимга ғинг демасликка аҳд қилди. Эльфлар қироли ҳузурига туртиб киритилган Торинга ғазаб-ла қараб, кўпдан-кўп савол ёғдирди. Торин эса очдан ўлаётгани, унга егулик беришларини қатъий талаб қилганча туриб олди.

- Нима учун сен уч марта анави гномлар билан бирга зиёфат қилиб ўтирган табааларимга ҳамла қилдинг? - сўради қирол.

- Ҳамла қилмадим, овқат сўрамоқчи бўлдим, - жавоб берди Торин. - Чунки биз очдан ўлаётган эдик.

- Қани ҳозир улар? Нима билан шуғулланишяпти?

- Тасаввур ҳам қила олмаяпман. Очдан ўлаётган бўлишса керак.

- Ўрмонда нима қилиб юрган эдингиз?

- Егулик билан сув қидирдик. Чунки биз очлик ва ташналикдан ўлаётган эдик.

- Нима мажбур қилди сизларни Ёвуз ўрмонга кириб келишга? - сўради Ўрмон қироли ғазаби қайнаб.

Ушбу саволга жавоб бермасликка аҳд қилган Торин лабини қимтиб олди.

- Жуда соз! Олиб кетинг уни. Зиндонга ташлаб қўриқланг. Истаса юз йил ўйлансин, то ҳақиқатни айтмас экан, чиқарманг! - ҳукм қилди қирол.

Эльфлар гномнинг оёқ-қўлига кишан солиб, энг чуқур, мустаҳкам ёғоч эшикли зиндонга олиб бориб қамашди, лекин унга сув беришди, тансиқ таом бўлмаса ҳам, кўп овқат олиб келишди.

Ўрмон эльфлари асирлар билан мулоқот масаласида орклардан анча фарқ қилиб, нисбатан хушхулқ муносабат намоён этишади, гарчи баттол душман қўлга олинган бўлса ҳам. Улкан ўргимчаклар бундан истисно, албатта. Эльфлар уларни асир олмайди, учратган жойида бешафқат ўлдиришади.

Шундай қилиб, шўрлик Торин қирол зиндонига ташланди. Дастлаб у нон, гўшт ва сув учун эльфлардан кўп миннатдор бўлди, лекин қоронғиликда дағал тўшакда ётар экан, бахти қора дўстларини эслаб, миннатдорлик туйғуси хафагарчиликка алмашди, домангирлик ҳисси қайтди.

Кўп ўтмай, у бор гапдан хабар топди, бироқ бу ҳақда гап кейинги бобда боради. Унда хоббитнинг ҳаммага яна бир бор нафи теккан янги саргузашти ҳикоя қилинади.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Ответить
Опции темы
Опции просмотра




Здесь представлены форумы: UZINFOCOM, ЦППМП, Мининфоком, PC.UZ, Microsoft, IBM, HP, Fujitsu, D-Link, Intel, Ассоциация IT, InfoCOM.UZ, BANK.UZ, ActiveCloud, Sarkor Telecom, BUZTON, Cisco Systems, NetDec, EVO, Sharq Telekom, EPSON, Cron Telecom.
Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2018, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх