Бодибилдинг (танани чиниқтириш) спорти бўйича анча вақтдан буён қўлланма тайёрлаш ниятида эдим. Ғоялар пишган, мавзу йўналиши ҳам аниқ белгилаб олинганди, лекин негадир вақтдан қизғонишми ёки бироз дангасалик сабабми бу иш орқага сурилиб келинаётганди. uForumда жисмоний тарбия тўғрисидаги мавзу очилгач, менда қўлланмани бирйўла форумда ёзиш фикри туғилди.
Шу ўринда, нима учун айнан спортнинг бу турига эътибор қаратганимни қисқача изоҳлаб ўтсам. Орамизда соғлом ва бақувват бўлишни истамайдиганлар кам бўлса керак. Айниқса, ҳозирги кунда ёшларимизда спорт залларига бориб ёки уй шароитида машғулотларни олиб бориш иштиёқи кучли. Лекин бир муаммо анча вақтдан буён ечим топмай келмоқда: бодибилдинг ҳақида ўзбек тилида қўлланма мавжуд эмас. Кичик брошюра шаклидаги қўлланмачаларни ҳисобга олмаганда, бу спорт турининг мазмун моҳияти, машғулотларда эътибор қилиниши лозим бўлган жиҳатлар, машқ турлари, уларни тўғри бажариш, овқатланиш тартиби ва бошқаларни ўз ичига олган китоблар деярли чоп этилмаган. Шу сабабли ёшлар залга борганда нима қилишни билмасдан уч-тўрт кун шуғулланиб, кейин бу спортни ташлаб кетишади. Айримлар соғлиғи учун шуғулланиш ўрнига “качок” билимдонларнинг маслаҳатларига қулоқ солиб, турли анаболик стреоидларни қабул қилишни бошлаб юборишади. Баъзилар эса машғулот қоидаларига амал қилмасдан қаттиқ жароҳатланишгача боради. Буларнинг барчасини ортида билимсизлик, бу спорт тури ҳақида тўла тасаввурга эга бўлмаганлик каби сабаблар ётади. Қуйида фикр юритиладиган мавзу ва киритиладиган маълумотлар шахсий тажрибалар ҳамда бодибилдинг оламида катта шуҳрат қозонган мураббийлар – Сергей Шестопалов ва Стюарт МакРобертларнинг тавсиялари, қўлланмалари асосида тайёрланади. Шундай экан, бу мавзу ушбу спорт турига қизиқувчилар, шуғулланиш истагида бўлган дўстларимиз учун фойдадан ҳоли бўлмайди, деган умиддаман. Демак, бошладик.