Моё меню Общее меню Пользователи Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ОБРАЗОВАНИЕ > Ижод хусусида сўз
Знаете ли Вы, что ...
...инструкция по установке аватара описана в Правилах форума.
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…)


Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 20.07.2018 15:30   #41  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,762
+ 6,202  7,263/2,039
– 77  253/135

UzbekistanFacebook
Голлум ушбу топишмоқ жавобини топиш жуда осон кечади, деган хаёлга борган эди. Бильбонинг тухумга доир топишмоғи ҳақида фикр юритар экан, миясига мураккаброқ савол келмади. Бироқ шўрлик Бильбога бу топишмоқнинг жавоби йўқдай туюлди. У ҳамиша сув билан боғлиқ масалалардан нари бўлишга ҳаракат қилган. Сиз топишмоқ жавобини биласиз, ё фаҳмлаб бўлдингиз, албатта. Чунки сиз барча қулайликлар муҳайё этилган жойда ўтирибсиз ва ҳозир сизни ҳеч ким паққос туширмоқчи эмас.

Бильбо бир-икки марта томоқ қириб кўрди-ю, топишмоқ жавоби миясига келмади.

Саволи кутилмаганда мураккаб чиққанидан мамнун Голлум завқ-ла ҳуштак чалиб, ўзига ўзи мурожаат қилди:

- Қ-қизиқ, г-гўшти м-мазалимикан, и-ишқилиб? Ш-ширали, қ-қарсилдоқмикан?

- Бир дақиқа, - деди Бильбо, Голлумнинг бақрайиб турганини кўриб. - Яна бироз. Мен сенга вақт берган эдим, ўйлаб кўришинг учун.

- Т-тезлашсин, а-анави т-тезлашсин! - деди Голлум, қайиқчасидан тушиб, Бильбога яқинроқ борар экан.

Унинг ўргимчак оёғига ўхшаш чўп-устухон панжаси сувга тегиши билан ҳурккан кўл балиқларидан бири сувдан отилиб чиқиб, Бильбонинг оёғи остига келиб тушди.

- Вой мунча совуқ унинг танаси, елимшак, силлиқ! - хитоб қилди Бильбо ва шу заҳоти миясига ялт этиб келган фикрдан бақириб юборди: - Балиқ! Балиқ! Топишмоқ жавоби – балиқ!
Голлум хафа бўлди.

- Энди бунисини эшит, - навбатдаги топишмоғини бидирлай кетди Бильбо, гарчи ушбу саволи ҳам ўнгмаган бўлса-да:

Оёқсиз бир оёқда, икки оёқ уч оёқда,
Топилди тўртта оёқ, келиб югуриб,
Оёқсизни олди-да, қочди қутулиб.

Голлум қайиғига қайтиб, фикр юритишга мажбур бўлди. Таъкидлаб ўтмоқ жоизки, ушбу топишмоқ бемаврид бўлди. Бошқа вазиятда Голлум эҳтимол хўп ўйланган, жавобини топа олмай, охири таслим бўлар эди ҳам. Лекин ҳозир, балиқдан гап очилган экан, «оёқсиз» нарса балиқ эканлигини тез фаҳмлади. Қолгани эса унга ўз ўзидан аён бўлди: оёғи йўқ балиқ бир оёқли стол устида, икки оёқли инсон уч оёқли курсида ўтириб балиқ емоқда. Кутилмаганда пайдо бўлиб келган мушук балиқни ўмариб кетди.

Голлум хоббитнинг ақли етмай, даҳшатга тушишга мажбур қиладиган савол бериш вақти етди, деган хаёлга борган кўринади.
- Э-энди қ-қулоқ с-солсин у, - деди топишмоқ жавобини айтган Голлум:

Гир атрофда бор нарса:
Гул, ҳайвон, оддий коса,
Амри ила йўқ бўлар,
Тоғлардан толқон қолар.

Пўлатнинг қаттиқлиги,
Давлатнинг пухталиги,
Чўт эмас унга асло,
Еб тўймас йиллар аро.

Шўрлик Бильбо бир четга ўтириб, ўзи билган-эшитган махлуқлар, таъвия-ю, алвастиларни бир четдан эслаб чиқди. Бироқ уларнинг бирортаси ҳам бундай мудҳиш ишларни бирданига бажаришга қодир эмас. Топишмоқ жавоби махлуқ эмаслигини фаҳмлаб турибди-ю, мияси ишлашдан бош тортяпти. Хоббит саросимага тушиб қолди, бундай ҳолат эса фикр юритишга ҳамиша халал бериб келган.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 20.07.2018 15:32   #42  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,762
+ 6,202  7,263/2,039
– 77  253/135

UzbekistanFacebook
Голлум оёғини қайиқдан сувга тушириб, қирғоқ томон одимлади. Унинг хира ёришиб кўринаётган кўзи хоббитга яқин келмоқда... «Менга бироз вақт бер! Вақт бер!» дея қичқирмоқчи бўлган Бильбонинг тили танглайига ёпишиб қолгандай бўлиб, фақат

- Вақт! Вақт! - дея олди холос.

Бильбони тасодиф қутқариб қолди. Чунки «Вақт!» топишмоқ жавоби бўлиб чиқди. Голлумнинг умиди яна пучга чиқиб, ғазаби қайнади, ўйин жонга тегиб, қорни очганини ҳис этди. Бу гал у қайиққа қайтмай, қоронғиликка, Бильбонинг ёнига жойлашиб ўтирди. Бундан тамомила эсанкираб қолган Бильбо фикр юритиш қобилиятини йўқотиб қўйди.

- Э-энди а-анави с-сўнгги с-саволини б-беради, М-малоҳатим м-менинг! - вишиллади Голлум. - Б-берадиган б-бўлса б-берсин с-саволингни, к-кутяпмиз!

Турқи совуқ, силлиқ танаси ҳамиша нам, жирканч қабоҳат ёнида ўтириб, тинмай туртаётгани, чимдилаб, силаётгани учун бўлса керак, Бильбо нима дейишни билмай, қичиниб тураверди.

- С-саволингни б-бер, с-сўра! - талаб оҳангида вишиллади Голлум.

Бильбо ўзини чимдилаб кўрди, ҳамма жойини пайпаслади, ханжарининг дастасини маҳкам сиқди, қўлини киссасига солиб ҳам кўрди. Чўнтак ковлар экан, қўли боя туннелда топиб олган узукка тегиб кетди.

- Киссамдаги нима? - сўради у овоз чиқариб.

Бу саволни у ўзига ўзи берган эди, аммо Голлум унинг гапини топишмоқ сифатида эътироф этиб, вужудини кучли ҳаяжон қамради.

- Т-тирриқилик! - вишиллади махлуқ. - К-киссасида н-нима б-борлигини с-сўраши ғ-ғирт н-ноинсофлик, ш-шундай э-эмасми, М-малоҳатим?

Нима қилиб қўйганини фаҳмлаган Бильбо бошқа топишмоқ ўйлаб топа олмаслигини билиб, саволини янада баландроқ овозда, янада қатъийроқ оҳангда такрорлади:

- Киссамдаги нима?

- Ж-жим, - ўшқирди Голлум, - У-учта и-имкон б-берсин б-бизга а-анави, а-акс ҳ-ҳолда т-тирриқлик б-бўлади б-бу.

- Маъқул! Бошла! - деди Бильбо.

- Қ-қўлми? - сўради Голлум.

- Нотўғри, - жавоб берди, қўлини киссасидан вақтида чиқарган Бильбо. - Яна бир уриниб кўр!

- Ж-жим! - пишқирди ҳаяжони кучайиб бораётган Голлум, киссасида олиб юрадиган нарсаларни, хусусан: балиқ суяги, гоблин тиши, чиғаноқ, учар сичқон қанотининг илгаги, тирноқ ўткирлаш учун қайроқ тош ва шу каби чиқиндиларни бирма-бир эсга олиб, хоббитнинг киссасида қайси бири бўлиши мумкинлигини фаҳмлашга уринди. - П-пичоқ! - деди ниҳоят у, истар-истамас.

- Топа олмадинг! - севиниб кетди Бильбо, пичоғини яқинда йўқотиб қўйганини эслаб. - Сўнгги имконинг қолди!

Голлум тухум ҳақидаги топишмоқдан кейин анча мушкул аҳволда қолди. Вишиллаб, пишиллаб, ҳар томон сўлак сачратаётган махлуқ танасини олд ва орқага тебратганча ўтирди, тиришиб-буришди, ётиб биланглади, лекин сўнгги жавобни беришга ҳеч журъат эта олмади.

- Хўш? - шоширди Бильбо. - Кутяпман!

Хоббит ўйин нима билан якунланишини хаёлига келтиришдан қўрқаётган бўлса ҳам, ўзини дадил тутмоқда, бардам ва қатъий ишонч кайфиятида бўлишга уринмоқда.

- Вақт бўлди! - эълон қилди у ниҳоят.

- Ч-чилвир ё-ёки ҳ-ҳеч н-нарса й-йўқ, б-бўм-б-бўш, - чийиллади Голлум.

У нотўғри иш тутди – бир эмас, иккита жавоб вариантини айтди.

- Униси ҳам, буниси ҳам эмас, - деди Бильбо енгил тортиб.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Реклама и уведомления
Старый 20.07.2018 15:33   #43  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,762
+ 6,202  7,263/2,039
– 77  253/135

UzbekistanFacebook
У шу заҳоти оёққа қалқиб, бели билан қояга суянди-да, қиличини олдинга узатди. Топишмоқ ўйини қадимий ўйинлар жумласига кириб, муқаддас саналишини, ҳатто ёвуз махлуқлар ҳам ушбу ўйинда муғомбирлик қилишга журъат этишмаслигини Бильбо билади, албатта. Аммо хоббит мана бу силлиқ махлуққа ишонмайди: чорасиз қолган махлуқ ҳар қандай ишга қўл уриши мумкин. Ҳар қандай баҳонаи важ билан келишув шартларига хиёнат қилиши мумкин. Тўғрисини айтганда эса, сўнгги топишмоқ, ўйиннинг азалий қоидаларига мувофиқ, топишмоқ ҳам эмас эди аслида.

Аммо Голлум ҳозирча Бильбога ҳамла қилаётгани йўқ. Хоббитнинг қўлидаги қуролни кўриб, алланима пичирлаганча тек титраб ўтирибди. Ниҳоят Бильбонинг сабр косаси тўлди.

- Хўш, ваъдага вафо қани? - деди у. - Вақтим тиғиз, шошяпман. Сен йўл кўрсатишни ваъда қилган эдинг менга – кўрсат энди!

- Ч-чиндан ҳ-ҳам в-ваъда қ-қилган э-эдик-ми б-биз у-унга, М-малоҳатим м-менинг? Ж-жирканч Б-бэггинсни т-ташқарига ч-чиқариб қ-қўйишимиз к-керакми э-энди? В-ваъда қ-қилган б-бўлсак, қ-қилгандирмиз. Л-лекин у-унинг и-ифлос к-киссасида н-нима б-борлигини б-илмоқчимиз. Ч-чилвир й-йўқ, а-аммо к-кисса б-бўш ҳ-ҳам э-эмас, б-бўш э-мас, голлм!

- Киссамда нима борлиги билан энди ишинг бўлмасин, - деди Бильбо. - Ваъда қилган эдингми, сўзингда тур.

- Д-дарғазаблигини, ш-шошаётганини қ-қаранг, М-малоҳатим м-менинг, - вишиллади Голлум. - Б-биз т-туннеллар б-бўйлаб с-секин-а-аста ю-юрамиз. Б-бунинг у-учун б-биз у-уйимизга б-бориб, н-ниҳоятда м-муҳим б-бир н-нарсани о-олиб ч-чиқишимиз к-керак. А-анави шу е-ерда к-кутсин.

- Ундай бўлса зинғилла! - буюрди Бильбо, Голлумдан қутулаётганидан севиниб.

Унинг фикрича, Голлум қочиб, қайтмаслик учун баҳона қидирмоқда. Тўғрисини айтганда, хоббит шунга умид қилмоқда. Бироқ нималар деб вайсапти у? Қанақанги муҳим нарса сақланар экан оролдаги уйида?

Бильбо янглишди. Голлум аслида қайтиб келмоқчи. Ҳозир у жуда оч ва дарғазаб. Ушбу сержаҳл, бенаво махлуқнинг миясида қандайдир режа туғилганига шубҳа йўқ.

Кўл ўртасидаги хоббит билмайдиган оролда Голлум ҳар хил бемаъни нарсаларини сақлайди. Бироқ бундан ташқари, Голлум ўз оролида ниҳоятда фойдали, жуда чиройли ва сеҳрли буюмини ҳам сақлайди. Бу заргарлик буюми бўлиб, олтиндан ясалган қимматбаҳо узукдир!

- Т-туғилган к-кунимга б-берилган с-совға, - пичирлади у, рўшноликсиз ўтадиган узундан-узоқ кунларда пичирлаб ўтирадиган одатига кўра. - А-ана ў-ўша н-нарса к-керак ҳ-ҳозир б-бизга, к-керак б-бизга!

Гап шундаки, ушбу буюм оддий заргарлик буюми бўлмай, сеҳрли кучга эга узукдир: ким уни бармоғига тақса, танаси кўринмайдиган бўлиб қолиб, қуёшли кундагина хира кўланкасини илғаш мумкин холос.

Голлум ушбу узукни «Туғилган кунимга берилган совға» деб ёки ўзига ўзи қўйиб олган «Малоҳатим менинг» номи билан атайди. Ҳа, бу узукни Голлум ўзиники деб билади ва шундай деб атайди, лекин юқорида, ёруғ дунёда, бундай узуклар кўп бўлган ўша узоқ замонларда ушбу буюмни у қандай қилиб қўлга киритганини ҳеч ким билмайди. Узукка сеҳрли куч бағишлаган уста заргар – Узуклар ҳукмдорининг ўзи ҳам бундан бехабар бўлса керак.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 20.07.2018 15:34   #44  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,762
+ 6,202  7,263/2,039
– 77  253/135

UzbekistanFacebook
Голлум бир замонлар тоғ остига қўлда узук билан келган. Дастлаб у узукни бармоғига тақиб юрди. Вақт ўтиб узук унинг бармоғини чўзиб юборди. Шундан сўнг узукни қопчага солиб, бўйнида осиб юрадиган бўлди. Лекин узук унинг бўйнини шилиб ташлади. Сўнгги вақтда эса хазинасини ўзига маскан қилиб олган оролдаги тош остида сақлайдиган, жойида турганини вақти-вақти билан текшириб борадиган бўлди. Голлум узукни камдан-кам ҳолларда: хазинаси билан айрилиқда яшашга тоқат қолмаган фурсатда (узук ўз эгасини ўзига тортадиган кучга эга бўлса керак) ёки қорни роса очиб, балиқ меъдага теккан, кўнгли гўшт тусаган дамларда тақади. Шундай пайтда у қоронғи туннель-сўқмоқлар бўйлаб юқорига, тўдадан ажралиб, ёлғиз юрган орк овига чиқади. Голлум баъзан машъала ёритган жойларни кўздан кечиришга журъат этади. Ёруғликдан қамашиб оғриган кўзини қисиб олади-ю, лекин батамом хавфсиз бўлади! Ҳа, узук унинг мутлақ хавфсизлиги таъминлаган. Уни ҳеч ким кўрмайди, ҳеч ким сезмайди. Фурсатдан фойдаланган Голлум четга чиқиб қолган гоблинлардан бирини маҳкам бўғиб, нари тортади.

Бильбога дуч келишдан атиги бир неча соат олдин Голлум узук тақиб, орк боласини чирқиллатганча тутиб келган эди. Ўша ўлжадан суякли уч-тўртта бўлак қолган бўлса-да, Голлумнинг кўнгли янги гўшт тусаб қолди.

- М-мутлақ х-хавфсиз б-бўламиз, - пичирлади Голлум, ўзига ўзи. - У б-бизни к-кўрмайди, т-тўғрими, М-малоҳатим? Й-йўқ, к-кўрмайди. Ж-жирканч қ-қиличи б-бизга х-хавф с-солмайди, й-йўқ, с-солмайди.

Ёвуз ниятли махлуқ қайиғи томон одимлаб, сув шапиллатганча қоронғиликда гум бўлди.

Бильбо уни қайта кўрмасликка умид қилди-ю, шунга қарамай бироз кутишга аҳд қилди. Голлум қанчалик жирканч бўлмасин, йўл кўрсатмас экан, Бильбо бу ерлардан мустақил чиқиб кетишни тасаввур ҳам қила олмайди.

Кутилмаганда қаттиқ чинқириш янграб, Бильбонинг эти жимирлашиб кетди. Зимистон қаъридан Голлумнинг йиғлаб сўкинаётгани эшитилди. Махлуқ ўз оролчасини титкилаб, афтидан, кутилган натижага эришмади.

- Қ-қани у? Қ-қаёққа г-гум б-бўлди? - эшитди Бильбо Голлумнинг йиғисини. - Й-йўқолибди, М-малоҳатим й-йўқолибди! О, М-малоҳатим м-менинг! Ш-шўримиз қ-қурсин, н-нега т-толемиз б-бунча п-паст б-бўлмаса! Й-йўқолибди, М-малоҳатим й-йўқолибди!

- Нима гап? - сўради Бильбо бақириб. - Нимангни йўқотиб қўйдинг?

- С-сўрамасин б-биздан у! Ҳ-ҳеч н-нарса с-сўрамасин! - чинқирди Голлум. - Анавининг иши бўлмасин, голлм, голлм!

- Мен ҳам йўқолиб қолганман! - бақирди тоқати тоқ бўлган Бильбо. - Топилишни истайман. Беллашувда ютдим, мағлуб бўлсанг, ёрдам беришни ваъда қилган эдинг. Энди кел бу ёққа, менга йўл кўрсат. Кейин қидираверасан йўқотган нарсангни!

Голлум қанчалик бебахт бўлмасин, Бильбо унга ҳамдард бўла олмайди. Боз устига, ҳозир Голлумга керак бўлаётган буюм хайрли нарса эканлигига ҳам шубҳа туғилди.

- Бу ёққа кел! - янада баланд бақирди Бильбо.

- Й-йўқ, й-йўқ, к-кутсин, М-малоҳатим м-менинг! - вишиллади Голлум. - Я-яна б-бироз қ-қидирамиз. Й-йўқолди, М-малоҳатим й-йўқолди!

- Сўнгги саволга жавоб бера олмадинг, ютқаздинг, энди эса ваъдага вафо қилишинг керак! - ўзиникини маъқуллаганча қичқирди Бильбо.

- С-сўнгги с-савол! - такрорлади Голлум. - Ч-чўнтагида н-нима б-бор, а-анавининг? А-айтсин! О-олдин а-айтсин!
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 20.07.2018 15:34   #45  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,762
+ 6,202  7,263/2,039
– 77  253/135

UzbekistanFacebook
Умуман айтганда саволнинг жавобини айтмасликка сабаби йўқ эди Бильбонинг. Боз устига Голлумнинг зеҳни ўткир чиқиб, саволнинг жавобини ўзи фаҳмлаган кўринади. Бу табиий, албатта, ахир Голлумнинг фикр-хаёлини узоқ йиллардан буён мана шу ягона буюм эгаллаган, биров уни ўғирлаб кетиши мумкинлиги махлуқни даҳшатга солган! Лекин хоббитнинг тоқати тоқ бўлди. Ўйинни, гарчи хавфли таваккалликка йўл қўйган бўлса-да, ҳалол ютди. Ҳозир Бильбо мана бу эзмаликдан жуда ранжимоқда.

- Топишмоқ жавоби айтилмайди, топилади, - эътироз-ла пўнғиллади хоббит.

- Т-топишмоқ э-эмас, с-савол э-эди у, с-савол э-эди, М-малоҳатим! - жавоб берди Голлум.

- Модомики биз оддий савол-жавобга ўтган эканмиз, биринчи бўлиб мен сўрадим, - деди Бильбо. - Нимангни йўқотиб қўйдинг? Хўш, гапир!

- Ч-чўнтагида н-нима бор, анавининг?

Тобора баланд вишиллаётган Голлумнинг кўзи яшил тусда шу қадар кучли ярқирадики, соҳилда турган Бильбога бир жуфт фонусдай кўринди.

- Нимангни йўқотиб қўйдинг? - такрор сўради хоббит.

Оролини тарк этиб, қайиғида шашт-ла сузиб келаётган Голлумнинг яшил рангда ёнаётган кўзи яқинлашмоқда. Унинг ёвуз қалбида пайдо бўлган шубҳа тобора кучайиб, ғазаб оловига айланмоқда. Қирғоқ томон қутуриб кетгандай сузар экан, Бильбонинг қўлидаги қилич кўзига кўринмаяпти, ҳозир у хоббитнинг жонини суғуриб олиш, танасини бурда-бурда қилиб ташлашга тайёр.

Нима сабабдан жирканч махлуқ бундай ҳолатга келганини Бильбо тушунмади-ю, лекин ҳаммаси тамом бўлгани, ҳозир Голлум келиб, уни ўлдиришини аниқ англади. Тескари ўгирилган хоббит келган изига қайтди, югурар экан туннелнинг қўли билан пайпаслаётган деворига яқин борди. Орқада эса Голлумнинг қайиқдан сувга шалоплаганча сакраб: «Ч-чўнтагида н-нима бор, анавининг?» - дея баланд пишқиргани эшитилди.

- Дарҳақиқат, чўнтагимдаги нима ўзи? - хаёлан такрорлади Бильбо.

Ҳаллослаб қолган хоббит югуришдан тўхтаб, чап қўлини киссасига солди. Совуқ узук ўзидан ўзи сирпаниб унинг бармоғига тақилди. Анави мурдор қабоҳатнинг пишиллаши яқиндан эшитилиб, ортга ўгирилган Бильбо махлуқнинг яшил фонусни эслатган бир жуфт кўзини кўрди. Даҳшатдан ақл-хушини йўқотган шўрлик хоббит қочишга уринди-ю, қоқилиб тошлоқ ерга йиқилди. Ялтираётган қиличи эса тагида қолди. Бу вақтга келиб деярли қувиб етган Голлум Бильбога эътибор қилмай, сўкиниб, йиғлаганча тўғрига югуриб ўтди. Хоббит бирон нима қилишга, на нафас ростлаш, на оёққа туриш ва на қиличини жангга ҳозирлашга улгурди.

Бу қанақаси бўлди? Голлумнинг кўзи қоронғиликда яхши кўради. Мана ҳозир ҳам Бильбо зимистонда анави бадкирдорнинг кўзидан чиқаётган шуъла изини кўриб турибди. У базўр оёққа туриб қилични қинига солди-да, Голлумнинг изидан аста каловланди. Бошқа нима ҳам қилсин, кўлга қайтмайди-ю, ҳар қалай. Ажаб эмас бу касофат ўзи билмаган ҳолда Бильбони рўшноликка олиб чиқса.

- М-манфур, ж-жирканч, м-манфур Б-бэггинс! - пичирламоқда Голлум. - Й-йўқолди! Ч-чўнтагида н-нима б-бор у м-маразнинг? Ф-фаҳмлаяпмиз, М-малоҳатим м-менинг, ф-фаҳмлаяпмиз. Б-бэггинс т-топиб о-олган у-уни, т-туғилган к-кунимга б-берилган с-совғани!
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 20.07.2018 15:35   #46  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,762
+ 6,202  7,263/2,039
– 77  253/135

UzbekistanFacebook
Бильбо Голлумнинг сўзларига диққат билан қулоқ солди. Гап нимада эканлигини ниҳоят ўзи ҳам фаҳмлагандай бўлди, қадамини тезлатиб, Голлумни қувиб етди-да, хавфсиз масофа сақлаган ҳолда ортидан эргашиб борди. Бадкирдор эса оёқ панжаларини тап-тап қўйганча атрофга аланглаб кетмоқда. Бильбо буни деворга тушаётган хира шуъладан пайқамоқда.

- Т-туғилган к-кунимга б-берилган с-совғани-я! - йиғлади Голлум. - Ё-ёвузлик! Қ-қандай қ-қилиб й-йўқотиб қ-қўйдик у-уни, М-малоҳатим? Ҳ-ҳа, м-мана э-энди т-тушунарли. С-сўнгги б-бор у-ушбу й-йўлакда а-анави ж-жирканч ч-чийилдоқнинг ж-жиғини у-узганимизда т-тушиб қ-қолган. Ю-юз й-йилларча б-бирга б-бўлиб, шу б-бугунга к-келганда б-бизни т-ташлаб к-кетди-ми?! Й-йўқолди, ў-ўғирлашди, голлм!

Голлум кутилмаганда тўхтаб, ерга ўтирди-да, қаттиқ ҳўнграб юборди. Унинг ҳуштак чалгандай бўлиб, қулқуллаб, пиқ-пиқ товуш чиқариб йиғлаётганини эшитиш юришдан тўхтаб, деворга қапишиб олган Бильбога қийин кечиб, ачинди. Бироздан сўнг Голлум йиғидан тўхтаб, афтидан ўзи билан ўзи баҳслашмоқда, шекилли, яна пўнғиллай кетди.

- Қ-қидириш б-бефойда. Б-бугун б-борган ж-жойларимизнинг б-барини э-эслай о-олмаймиз. Б-бу е-ерда й-йўқ у. Қ-қидиришнинг ҳ-ҳожати й-йўқ. С-совғам а-анави Б-бэггинснинг к-киссасида. Я-ярамас о-олғир т-топиб о-олган уни, и-ишончимиз к-комил, - деди Голлум. - Й-йўқ, М-малоҳатим м-менинг, б-биз ш-шундай деб т-тахмин қ-қиляпмиз х-холос. Т-токи ў-ўша м-маразни т-тутиб, ж-жирканч ж-жиғини э-эзиб ў-ўлдирмас э-эканмиз, б-буни ҳ-ҳеч қ-қачон б-била о-олмаймиз. Т-туғилган к-кунимга б-берилган с-совғамнинг х-хусусиятларини б-билмайди-ю, а? Ш-шунчаки, к-киссасига с-солиб ю-юрибди х-холос уни, у-узоққа к-кета о-олмайди. Л-лекин к-кўздан ғ-ғойиб б-бўлди-ю м-мана, с-суллоҳ м-махлуқ. Бу е-ердан ч-чиқиб к-кетиш й-йўлини б-билмайди у, б-буни ўзи а-айтди б-боя. Т-тўғри, а-айтди, л-лекин у ж-жуда у-устомон. Т-топишмоқининг ж-жавобини а-айтмади, М-малоҳатим. Ч-чўнтагидаги н-нарса н-нималигини а-айтмади. Б-бу е-ерларга к-кира о-олган э-экан, д-демак ч-чиқиш й-йўлини ҳ-ҳам т-топади. О-орқа э-эшик т-томон қ-қочган б-бўлса к-керак. Д-демак, у-унинг и-изидан б-боришимиз д-даркор. Ў-ўша е-ерда у о-оркларнинг қ-қўлига т-тушади. Б-биз ҳ-ҳам у-улардан қ-қўрқамиз. А-анави м-мараз ч-чиқиб к-кета о-олмайди у е-ердан, М-малоҳатим м-менинг. А-агар б-бизнинг х-хазинамиз у-унда б-бўлса, г-гоблинларнинг қ-қўлига т-тушиши м-муқаррар. Г-гоблинлар эса т-туғилган к-кунимга б-берилган с-совғамнинг х-хусусиятларини т-тез ф-фаҳмлаб о-олишади. К-кейин б-биз ҳ-ҳеч қ-қачон х-хавфсиз б-бўла о-олмаймиз, ҳ-ҳеч қ-қачон, голлм! О-оркларнинг б-бирортаси б-бармоғига т-тақса, г-гум б-бўлиб, к-кўзга к-кўринмайди. Ў-ўша ҳ-ҳолатда бу е-ерга к-келса, б-биз уни к-кўрмаймиз, к-кўзимиз қ-қанчалик ў-ўткир б-бўлмасин, уни и-илғай о-олмаймиз. К-кўринмас о-орк ў-ўғринча п-писиб к-келиб б-бизни т-тутади, голлм, голлм! Б-бас қ-қил в-вайсашни, М-малоҳатим. Ш-шошилайлик. А-агар Б-бэггинс ў-ўша т-томон к-кетган б-бўлса, у-унга е-етиб о-олишга у-улгуришимиз л-лозим. К-кетдик. Ҳ-ҳеч қ-қанча қ-қолмади! Т-тез б-бўлайлик!

Голлум худди биров улоқтириб юборгандай ирғиб туриб, жуда тез одимлай кетди. Бильбо энди кўп нарсаларни англаб етган бўлса ҳам Голлумнинг ортидан эҳтиёткорлик-ла эргашди. Муҳими энди яна қоқилиб йиқилмай, шовқин солмай юришдир. Унинг миясида янги умид билан ҳайрат уйғунлиги уюрма каби гир айланмоқда. Аниқланишича, у топган узук сеҳрли бўлиб, бармоғига таққан киши кўринмас бўлиб қолади! Бильбо ўхшаш нарсалар ҳақида эски эртакларда ўқиган албатта, лекин бундай узукни шахсан ўзи топиб олганига бовар қила олмаяпти. Ишониш осонми, қийинми, бироқ Голлум фонусга ўхшаш кўзи билан Бильбони кўрмай, ёнидан ўтиб кетгани аниқ.

Икковлон тинмай югурмоқда: Голлум оёғи билан шап-шап этиб, вишиллаб сўкинганча олдинда, Бильбо эса ҳақиқий хоббитга хос тарзда шовқин солмай орқада келмоқда. Кўп ўтмай, икки томонга очилиб борган сўқмоқ-йўлаклар учрай бошлади. Уларни Бильбо кўл томон кетаётганда кўрган эди. Голлум ушбу йўлакларни санай кетди: «Ч-чапда б-биринчиси, ў-ўнгда б-биринчиси. Х-хўш, ў-ўнгда и-иккинчи, ч-чапда и-иккинчи, х-хўш, х-хўш».

Санаб борар экан, Голлумнинг қадами секинлашиб, овози йиғламсирагандай эшитилди. Тўғри-да, ахир у, ўз макони бўлмиш сув ҳавзасидан анча узоқлашган ва шу сабабдан вужудини даҳшат қамраб бормоқда. Орклар ҳар қандай фурсатда, ҳар қандай бурчакдан сакраб чиқиб, унга чанг солиши мумкин. Голлум эса бугун бу ерга узук тақмай келган. Ниҳоят у чап томонда очилган кичик туйнук олдида тўхтади. «Ў-ўнгда е-еттинчиси, ч-чапда о-олтинчиси, - йиғламсираб пичирлади у. –- О-орқа э-эшикка о-олиб б-борадиган с-сўқмоқ м-мана шу. Т-ташқарига ч-чиқиш э-эшиги шу е-ерда».
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 20.07.2018 15:36   #47  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,762
+ 6,202  7,263/2,039
– 77  253/135

UzbekistanFacebook
Голлум туйнукка қараб, орқага тисарилди.

- Б-биз у е-ерга б-боришга ж-журъат э-эта о-олмаймиз, М-малоҳатим м-менинг. У е-ерда о-орклар б-бор, б-бир д-дунё о-орклар. Б-биз у-уларнинг ҳ-ҳидини ҳ-ҳис э-этмоқдамиз. Ж-жим! Н-нима қ-қилсак э-экан? Қ-қандай й-йўл т-тутсак э-экан? Ер ю-ютсин у-уларни, ғ-ғарқ б-бўлсин б-бари! Шу е-ерда к-кутган м-маъқул, М-малоҳатим, б-бироз к-кутиб, а-атрофни к-кузатганимиз а-афзал.

«Оббо!» - домангир бўлди Бильбо.

Иш тўхтади: Голлум Бильбони тўғри йўлга етаклаб келишга келтирди-ю, аммо йўлни давом этишнинг иложи бўлмаяпти! Голлум туйнук бўсағасига букчайиб жойлашиб, икки тизза орасидан осилтириб ўтказган бошини эгиб олганча, совуқ ғазаб шуъласи ила милтиллаётган кўзини йўлга тикиб, танасини тебратиб ўтирди. Бильбо сичқончалик шовқин солмай девордан ажраб, сўқмоқ ўртасига чиқди. Тебранишдан тўхтаган Голлум эса шу заҳоти ҳушёр тортиб, ҳавони ҳуштак чиқарганча обдон ҳидлаб, яшил тусда ярқираган кўзини гир айлантирди, паст овозда, таҳдидли пишиллагани эшитилди. Голлум хоббитни кўрмайди, лекин мангу зимистондаги ҳаёти унинг ҳид билиш ва эшитиш қобилиятини кучайтириб юборган. Ясси кафтига таянган Голлум эгилиб, бўйнини олдинга, бурни тошлоқ ерга деярли тегар даражада чўзди. Унинг кўзи хира ярқирамоқда, лекин ушбу шуълада қоронғиликдаги қиёфаси базўр ажраб кўринмоқда. Голлумнинг танаси ҳар қандай фурсатда ирғишга шай бўлиб, камондек таранг тортилганини Бильбо аниқ сезиб турибди.

Хоббит нафас чиқармай қўйди. Вазият жуда мураккаб. Тўғри, у қуролланган, қиличи бор. Нима қилиб бўлса ҳам бу ердан кетиши керак, токи куч-мадори бор экан, ушбу мудҳиш зимистонни тарк этмоғи даркор. Керак бўлса жанг қилиши лозим. Қурол билан зарб бериб, мана бу ярамас махлуқнинг кўз нурини сўндириши, ўлдириши керак. Ахир у Бильбони ўлдириш ниятида эди. Тек қўйиб берса, ўлдирар эди ҳам. Аммо... Йўқ, бу инсофдан эмас. Ҳозир Бильбо Голлумнинг кўзига кўринмаяпти. Боз устига Голлум қуролсиз, у ҳатто ҳамла қилишга уриниб кўргани ҳам йўқ ҳали. Ҳозир махлуқ жуда ожиз, ёлғиз, толеи пастдай кўринмоқда.

Кутилмаганда Бильбонинг қалбини қўрқув аралаш раҳм-шафқат, ачиниш ҳисси қамради. У рўшнолик кўрмай, бундан яхшироқ ҳаётга зиғирдай бўлсин, умид қилмай, тошлоқ маконда, қоронғи сўқмоқларда изғиб, пўнғиллаб ва фақат совуқ балиқ еб ўтадиган кунларнинг чексиз кетма-кетлигини тасаввур қилиб кўрди. Ушбу фикр хаёлидан ўқдай учиб ўтган Бильбо сесканиб тушди. Кутилмаганда унинг миясига ялт этиб бир фикр келди. Вужудини қатъият ва ғайрат-шижоат тўлқини кўтариб юборган хоббит шартта сакради.

Тўғрисини айтганда ушбу сакраш оддий одам учун у қадар баланд бўлмаган ирғиш бўлар эди, аммо хоббит қоронғиликда сакради. Боши туйнукнинг устки аркасига урилиб пачақлашига бир бахя қолганини Бильбо билмади. Билмагани ҳам яхши бўлди, акс ҳолда саросимага тушиб, қўлга олинар эди. Хоббит уч тирсак юқорига ва етти тирсак олдинга ирғиб, Голлумнинг устидан сакраб ўтишга муваффақ бўлди.

Голлум қандайдир ҳаракатни сезиб, орқага тисарилганча қўли билан чангаллаш ҳаракатини бажарди-ю, улгурмади. Қўнғир рангли қуюқ юнг қоплаган оёғи билан ерга тушган Бильбо эса асосий туннелдан ён томон кетган янги сўқмоқ бўйлаб орқасига қарамай қочди. Голлумнинг пишиллаб сўкинишлари дастлаб Бильбонинг орқасида яқиндан эшитилиб борди-да, бироздан сўнг тинди. Сал ўтиб сукунатни юракни эзадиган, қаҳр ва умидсизликка тўлган фарёд бузди. Голлум мағлуб бўлди. Энди у йўлни давом этишга журъат қилмайди. У ютқазди: ўлжани қўлдан чиқариб, боз устига, бир умр ардоқлаб, асраб келган заргарлик буюми – «Малоҳатини» бадар йўқотди. Унинг қичқириғини эшитган Бильбонинг юраги кўкрак қафасидан отилиб чиқишига сал қолди, шунга қарамай хоббит жон-жаҳд ила югуришни давом этди. Яна бироздан сўнг Голлумнинг қичқириқлари қарғиш ва лаънатларга айланиб, Бильбонинг қулоғига узоқдан янграётган акс-садодай эшитилди: «Ў-ўғри, ў-ўғри! Б-бэггинс ў-ўғри! Н-нафратланамиз у-ундан, у-умрбод н-нафратланамиз!»
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 20.07.2018 15:37   #48  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,762
+ 6,202  7,263/2,039
– 77  253/135

UzbekistanFacebook
Шундан сўнг жимжитлик қарор топди. Аммо шу сукунат ҳам чиқиш эшигига яқин бораётган Бильбони чўчитмоқда. «Модомики, гоблинлар шу яқин орада бўлиб, ҳидини Голлум сезган экан, унинг ҳозирги қичқириғи-ю, лаънатини гоблинлар ҳам эшитгани аниқ. Демак, энди ниҳоятда эҳтиёт бўлиш керак, акс ҳолда йўлнинг охири яхши оқибатга олиб бормайди».

Сўқмоқ-туннель тор бўлиб, полига яхши ишлов берилмаган. Бироқ Бильбони ҳайратга солган нарса сўқмоқ-туннелнинг эни эмас, бўйи бўлди. Бу ерда хоббит бемалол ҳаракатлана олади, албатта, гарчи оёғини ердан бўртиб чиққан тошларга бир неча марта уриб олиб, жони оғриган бўлса-да. «Орклар учун, ҳар қалай йирик гоблинлар учун пастлик қилса керак», - хаёлан тинчлантирди Бильбо ўзини ўзи.

Аммо қўлини ерга теккизганча букилиб, тўрт оёқлаб олган энг йирик орклар катта тезликда ҳаракатланиш қобилиятига эга эканлигини Бильбо ҳозирча билмайди. Бахтига бугун бу ерда орклар йўқ экан.

Сўқмоқ дастлаб пастлаб борди, сўнг шу қадар тик кўтарилдики, Бильбонинг нафаси гирибонига келиб қолди. Бироздан сўнг кўтарилиш жараёни тўхтаб, бурилган сўқмоқ яна пастлади ва шу фурсатда хоббитнинг кўзига муюлиш ортидан чиқаётган ёруғлик нури кўринди. Бильбонинг кўзи ўчоқ ёки машъаланинг қизғиш нурини эмас, кун ёғдусининг хира шуъласини илғади! Хоббит қадамини илдамлатди. Муюлиш ортига ўтиб, анча кенг йўлакка чиқиб қолгач, кун ёруғидан кўзи қамашди. Қисиб олган кўзини сал кенгроқ очган Бильбо қуёш нурини киритаётган улкан қия очиқ тош эшикни ва... орклар галасини кўрди!

Тиш-тирноғигача қуролланган оркларнинг бутун бошли бўлинмаси қиличларини яланғочлатиб олганча эшик қўриқлашмоқда. Жангга ҳозир турган орклар Бильбони кўришди. Узук шу фурсатда негадир панд бериб, хоббитнинг бармоғидан чиқиб қолган экан. Тасодиф эдими бу ёки узук ўзининг янги соҳибига фокус кўрсатмоқчи бўлди-ми, билиб бўлмайди. Ўз оёғи билан келиб қолган ўлжани кўриб, севиниб кетган орклар хоббит томон ташланишди.

Бильбонинг вужудини йўқотиш ва қўрқув азоби қамраб, Голлумнинг аҳволини жуда аниқ тасаввур этди. Қиличи хаёлига ҳам келмаган Бильбо қўлни киссага солди. Хайрият, узук чап чўнтакда экан! Буюм яна Бильбонинг бармоғига ўзидан ўзи кийилди. Югуриб келаётган орклар ҳеч нарсани тушунмай, қоқилган қозиқдай таққа тўхташди: ўлжа ҳозиргина шу ерда турган эди-ю, қаёққа даф бўлди?! Тарвузи қўлтиғидан тушган махлуқлар ўсал бўлиб увлашди.

- Қани у? - ўкиришди айримлари.

- Туннелга кириб кетди! - қичқирди орклардан бири.

- Анави томон қочди! - бақирди бошқалари.

- Йўқ, мана бу томон югурди! - чинқирди бошқа бири.

- Эшик ортига қаранг! - буюрди орклар бошлиғи.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 20.07.2018 15:38   #49  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,762
+ 6,202  7,263/2,039
– 77  253/135

UzbekistanFacebook
Ҳуштакни эслатадиган ҳансирашлар янгради, қурол-аслаҳа данғиллади, қиличлар жаранглади, ириллаб сўкинаётган орклар бир-бирига урилиб, туртиниб-суртиниб, қоқилиб йиқилиб у ёқ, бу ёқ югура кетишди. Қий-чув, тўполон, шовқин-сурон кўтарилди. Ўларча қўрқиб кетган Бильбонинг ақли биров туртиб йиқитмаслиги, оёқ остида қолиб кетмаслиги учун қўриқчилар сув ичадиган бочка ортига ўтиб олишга етди.

- Эшиккача етиб олсам бас, - такрорлар эди у, ўзига ўзи. - Эшиккача етиб олсам бас!

Бу ёғи кўз боғлаш ўйинидай, фақат анча қўрқинчлироқ ўтди. Шўрлик хоббитнинг атрофида орклар югур-югур қилишмоқда. Махлуқлардан бири хоббитни туртиб йиқитди. Ношуд орк кимга урилиб кетганини идрок эта олмади. Эшик томон тўрт оёқлаб кетаётган Бильбо орклар бошлиғининг оёқлари орасидан ўтиб, ўрнидан турди-да, эшикка отилди.

Эшик ҳали ёпилмаган-у, қўриқчилардан бири уни тўсиб олган. Бильбо эшикни туртиб кенгроқ очишга уринди, лекин ўрнидан қўзғата ҳам олмади. Қия очилган эшик тирқишидан ўтишга уринди-ю, қисилиб қолди. Даҳшат! Нимчасининг тугмалари эшик кесакисига илиниб қолди. Бильбо эшик ортидаги манзарани кўриб турибди: бир неча поғонали зина баланд қоялар орасида ҳосил бўлган тор дарага олиб тушади. Қуёш булутлар орасидан ёриб чиқиб, теварак-атрофни ёритмоқда. Аммо Бильбо эшик исканжасидан халос бўла олмаяпти.

- Эшик олдидаги сояга қаранг! Биров бор у ерда! - кутилмаганда қичқириб юборди орклардан бири.

Бильбонинг юраги қутургандай ура кетди. У ўзини кучи борича ташқарига тортди. Нимчасининг тугмалари ҳар томон сачради. Кийими йиртилган Бильбо ташқарига отилиб чиқиб, эчкининг боласидай зина бўйлаб сакрай кетди. Эсанкираб қолган орклар эса хоббитнинг мисдан тайёрланган чиройли тугмаларини теришга киришишди.

Орклар бошлиғининг фаросати ишлаб қолди шекилли, гоблинларни Бильбонинг ортидан қувди. Табиийки, ҳайқириқ кўтарган махлуқлар хоббитнинг кетидан изма-из югуришди. Бироқ гоблинлар троллар каби қуёш нурини ёқтиришмайди. Улар тошга айланишмайди-ю, лекин кун ёруғида оёқлари кучсизланиб, боши айланади. Бармоғига узук тақилган, қуёшга чиқмасликка ҳаракат қилиб, дарахтлар соясида шовқин солмай, тез югуриб кетаётган Бильбони улар энди қувиб ета олишмайди. Кўп ўтмай, сўкиниб, вайсаган орклар эшик қўриқлагани ортга қайтишди.

Тоғ қаъридан чиқиб олган Бильбо шу тариқа қутулиб қолди!
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Реклама и уведомления
Ответить
Опции темы
Опции просмотра




Здесь представлены форумы: UZINFOCOM, ЦППМП, ГКСИТТ, PC.UZ, Microsoft, IBM, HP, Fujitsu, D-Link, Intel, Ассоциация IT, InfoCOM.UZ, BANK.UZ, ActiveCloud, Sarkor Telecom, BUZTON, Cisco Systems, NetDec, EVO, Sharq Telekom, EPSON, Cron Telecom.
Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2018, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
Центр UZINFOCOM


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх