Моё меню Общее меню Пользователи Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Спорт и игры > Фитнес
Знаете ли Вы, что ...
...нарушения правил форума наказываются. Старайтесь их не нарушать.
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Фитнес Фитнес-клубы, шейпинг, тренажерные залы, плавательные бассейны, спортивный туризм, отдых и развлечения


Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 09.04.2009 23:26   #1  
Real ID Group uParty Member
Аватар для Lutfillo Tursunov
Оффлайн
Xabar
Сообщений: 1,597
+ 745  1,505/647
– 2  1/1

Uzbekistan
Бодибилдинг. Соғлом бўлишни истовчилар учун


Бодибилдинг (танани чиниқтириш) спорти бўйича анча вақтдан буён қўлланма тайёрлаш ниятида эдим. Ғоялар пишган, мавзу йўналиши ҳам аниқ белгилаб олинганди, лекин негадир вақтдан қизғонишми ёки бироз дангасалик сабабми бу иш орқага сурилиб келинаётганди. uForumда жисмоний тарбия тўғрисидаги мавзу очилгач, менда қўлланмани бирйўла форумда ёзиш фикри туғилди.
Шу ўринда, нима учун айнан спортнинг бу турига эътибор қаратганимни қисқача изоҳлаб ўтсам. Орамизда соғлом ва бақувват бўлишни истамайдиганлар кам бўлса керак. Айниқса, ҳозирги кунда ёшларимизда спорт залларига бориб ёки уй шароитида машғулотларни олиб бориш иштиёқи кучли. Лекин бир муаммо анча вақтдан буён ечим топмай келмоқда: бодибилдинг ҳақида ўзбек тилида қўлланма мавжуд эмас. Кичик брошюра шаклидаги қўлланмачаларни ҳисобга олмаганда, бу спорт турининг мазмун моҳияти, машғулотларда эътибор қилиниши лозим бўлган жиҳатлар, машқ турлари, уларни тўғри бажариш, овқатланиш тартиби ва бошқаларни ўз ичига олган китоблар деярли чоп этилмаган. Шу сабабли ёшлар залга борганда нима қилишни билмасдан уч-тўрт кун шуғулланиб, кейин бу спортни ташлаб кетишади. Айримлар соғлиғи учун шуғулланиш ўрнига “качок” билимдонларнинг маслаҳатларига қулоқ солиб, турли анаболик стреоидларни қабул қилишни бошлаб юборишади. Баъзилар эса машғулот қоидаларига амал қилмасдан қаттиқ жароҳатланишгача боради. Буларнинг барчасини ортида билимсизлик, бу спорт тури ҳақида тўла тасаввурга эга бўлмаганлик каби сабаблар ётади. Қуйида фикр юритиладиган мавзу ва киритиладиган маълумотлар шахсий тажрибалар ҳамда бодибилдинг оламида катта шуҳрат қозонган мураббийлар – Сергей Шестопалов ва Стюарт МакРобертларнинг тавсиялари, қўлланмалари асосида тайёрланади. Шундай экан, бу мавзу ушбу спорт турига қизиқувчилар, шуғулланиш истагида бўлган дўстларимиз учун фойдадан ҳоли бўлмайди, деган умиддаман. Демак, бошладик.
__________________


Последний раз редактировалось Lutfillo Tursunov; 09.04.2009 в 23:33.
Ответить 
Старый 09.04.2009 23:27   #2  
Real ID Group uParty Member
Аватар для Lutfillo Tursunov
Оффлайн
Xabar
Сообщений: 1,597
+ 745  1,505/647
– 2  1/1

Uzbekistan
CАЛОМАТЛИК ЙЎЛИДА
Фан ва техника, медицина ва информатиканинг оламшумул ютуқлари ҳам бир нарсани ўзгартира олмаяпти: инсоннинг кайфияти, ўзини қандай ҳис қилиши, соғлиғи унинг ҳаётини ё бахтли ё бахтсиз қилади. Ҳаётда ташқи кўриниш ҳам муҳим ўрин тутади. Бир неча асрлардирки, инсоният ҳақиқий қаҳрамонлар тимсолида жисмоний бақувват йигитларни тасаввур қилади. Барча дунё холоскорлари, лирик қаҳрамонлар кенг елкали, забардаст полвонлар тимсолида тасвирланади. Ғарб филмларидаги Шварценеггер, Сталоне, Ван Дамм қаҳрамонларини ёки ўзимизнинг Алпомишни эслаб кўринг. Бу қаҳрамонлар ўрнида жисмоний жиҳатдан етук бўлмаган кишиларни тасаввур қилиб бўладими? Улар қандай қилиб ёвузлик билан курашга олади?
Албатта, мушаклар инсон ҳаётида асосий ўрин тутмайди, лекин мавжуд ақлий-ахлоқий имкониятларингиз ёнига яна мустаҳкам соғлик, ажойиб қадди-қомат ҳам қўшилса, бунинг нимаси ёмон?!
Омма тасаввурида забардаст қадди-қоматга эга одам ҳамма нарсага улгурадиган шахс сифатида гавдаланишини ҳеч ким инкор эта олмаса керак. Бир умр "Қанийди мен ҳам Арнолд Шварценеггердек бўлсам" дея фойдасиз орзуга берилгандан кўра амалий ишга қадам қўйишга ўзида куч топа билганларни, ҳеч шубҳасиз, яхши натижалар кутмоқда. Шундай экан, "Шуғулланиш керакми?" деган саволга "Керак ва иложи борича тезроқ!" деб жавоб берамиз.
Бугунги ҳаётимизнинг асабий зўриқишларга "бой" эканлигига кўникиб қолганмиз. Ҳар биримиз ҳар томонлама зўриқишга учраймиз. Ҳаёт шиддат билан одимламоқда ва кўпчилик бунга улгура олмаяпти. Натижада аҳоли орасида асаб касаллиги даражаси ўсиб бормоқда. (Фармакология концернлари бир-биридан "ажойиб" дориларни тавсия этиб, гуркираб ривожланмоқда). Бу алкоголизм ва чекишга бўлган мойилликни ҳам оширяпти. Буларнинг баридан қутилиш мумкин, агар ҳафтасига 3-4 соат спортзалга кириб ўтсангиз... Тренажёр залда тошлар билан бир соат яхшигина ишласангиз, сизда "яримта" ёки "бир тортим" билан "тинчланиш"га эҳтиёж қолмайди.
Агарда бодибилдинг билан шуғулланишни бошласангиз ишонч, босиқлик ва ҳаётга позитив муносабат сиз учун оддий ҳолга айланади.
Бодибилдинг билан жисмоний имкониятлар борасида борган сари юқори поғоналарга кўтарилиб бораверасиз. Унинг эса чегараси йўқ. Буни ҳаёт кўрсатиб турибди: ўн, йигирма, қирқ йил мобайнида шуғулланиб келаётганлар ҳам ўзларига янги услубларни ўйлаб топишмоқда ва бу уларнинг янада яхши натижаларга эришишига замин яратмоқда. Ўз организми, танаси сирларини билиш, уни бошқариш илмига эга бўлиш осон иш эмас, шунинг учун ҳаммасига қисқа вақт ичида эришиб бўлмайди. Машғулотлар услубини мукаммаллаштириб бориш, тўғри овқатланиш тартибини йўлга қўйиш, ҳордиқ чиқаришни ўрганиш орқали сиз бу спортда аввал тасаввур ҳам қила олмаган натижаларни қайд эта оласиз. Шу жиҳатдан бодибилдинг - бутун ҳаётингиз моделига айланади. Агар ўз режаларингизни спортда татбиқ этишни ўргансангиз, унда бизнесда ҳам, ҳаётда ҳам кўп нарсаларга эришишингиз турган гап.
(давоми бор)
__________________

Ответить 
Старый 10.04.2009 22:21   #3  
Real ID Group uParty Member
Аватар для Lutfillo Tursunov
Оффлайн
Xabar
Сообщений: 1,597
+ 745  1,505/647
– 2  1/1

Uzbekistan
Давоми.

Машғулотлар давомида бошқалар билан баҳслашиш руҳи бўлади. Бу тезроқ яхши натижаларга эришишга ёрдам беради. Лекин ҳаммаси олдингизга қўядиган мақсадга, ушбу мақсадни амалга ошириш учун қандай меҳнат қилишингизга боғлиқ.
Агар бодибилдинг бўйича чемпион бўлишни истасангиз, бу сиздан улкан меҳнат ва чидам, омад ва молиявий мададни талаб этади. Лекин бу спорт билан фақатгина чемпионлик олимпига кўтарилиш учун шуғулланиш шарт эмас, чунки, энг муҳими – бунинг ортида саломатлик турибди. Албатта, чемпион бўлиш ҳам мумкин, лекин бунинг учун юқорида айтилганидек, кўп жиҳатдан тайёргарлик кўриш лозим бўлади.
Битта залда бўлажак чемпионлар ҳам, машғулотлардан чексиз завқ оладиган оддий инсонлар ҳам шуғулланишади. Чўққини ўзингиз учун ўзингиз белгиланг ва сиз ўша мақсадингизга эриша оласиз. Яъни бу йўлда ғолиблик фақат ўзингизга боғлиқ. Тренажёрларда доимий равишда ва тўғри шуғулланган истаган киши икки-уч ойдан кейин ўзида бир неча баробар кўп кучни ҳис этади.
Бир-икки ой ичида машғулотларда кўтарадиган оғирлигини 50 фоизгача оширганларга ҳам шахсан гувоҳ бўлганман. Ва бу ҳар кимнинг қўлидан келадиган иш! Айримлар бундан-да ҳайратланарли натижаларни қайд эта оладилар. Масалан, австралиялик машҳур културист Ли Прист 10 йил ичида ўз вазнини икки бараварга оширган. Ҳолбуки, унинг танасида ёғ қатлами деярли мавжуд бўлмаган, фақатгина мушаклари ҳисобига шу даражага етган.
Културизм билан шуғалланишнинг бошқа муҳим жиҳатларидан бири – у остеохондроз ва шу каби касалликларга қарши профилактика вазифасини ўтайди. Машғулотларда тўғри техникага амал қилсангиз, Ер шаридаги аҳолининг 30 фоизини қийнаб келаётган бел қисмидаги оғриқлардан ҳоли бўласиз. Бундан ташқари, доимий равишда спорт билан шуғулланувчилар ўз ёшига нисбатан анча ёш кўринишади. Бу биологик жиҳатдан олимлар томонидан исботланган. Инсонлар узоқ ва соғлом ҳаёт кечиришга ҳақли ва бодибилдинг – бу йўналишда ишончли йўл ҳисобланади.
Залга машғулот учун қадам қўйган исталган кишидан “нима учун” деб сўралганда: “Жисмоний бардамлик, соғлом ҳаёт ва забардаст қадди-қоматга эга бўлмоқчиман” дейди. Фақат шуми? Шахс сифатида шаклланишчи?! Қайси йўналишда меҳнат қилишдан қатъи назар шахс сифатида шаклланмасдан туриб, муваффақиятга эришиш мумкинми? Залга қадам қўяркансиз, ҳеч қачон унутмаслик керак: бу ерда ҳам мустақил фикрлаш ва қарор қабул қила олиш керак. Соғлом ақл – бақувват тана учун зарур илова. Бусиз кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди!
Кўпчилик шуғулланувчилар ўзи учун ажойиб мутахассислар саналишади, ундан ташқарида эса (бошқаларга маслаҳат бера олишда) уларнинг имкониятлари чегараланган. Бодибилдингнинг бир қанча услублари мавжуд ва унда чалкашиб, адашиб қолиш ҳеч гап эмас. Демоқчи бўлганим, ҳар бир киши ўзига мос ва хос машқлар дастурини танлай олишни ўрганиши лозим. Бу – бугун залга бориб, эртага катта натижалар берадиган машқлар дастурини тузишим керак экан, деган хулосани бермайди. Албатта, ҳаммасига вақт керак бўлади. Лекин бир кун келиб, тажриба ортиши билан ўзинингизнинг танангиз нима ҳис қилишини билишингиз, ўз танангиз билан “мулоқот”га кира олишингизга тўғри келади. Ана ўшанда сизнинг натижаларингиз юқори тезликда яхшиланиб бораверади. Залларда икки ҳафта ичида “шишириб” юборишга ваъда берувчи “ақлли”лар ҳам топилади ва ҳар хил машқлар дастурини сизга таклиф этади. Лекин уларнинг гапига қулоқ солиб, бу дастурлар бўйича ишламаслигингизни маслаҳат берган бўлардим. (Маслаҳатни аввалига фақат зал мураббийидан сўраш керак, кейинчалик ҳар ким ўзи учун ўзи мураббийга айланиши лозим. Етарли билимга эга бўлганидан сўнг, албатта.) Одамлар ҳар хил ва эртаклар ҳар доим ҳам ҳақиқатга айланавермайди.
Бодибилдингда бирор мақсадни қўйишдан аввал ўзингизни ўрганинг. Аввало соғлиқдан бошланг. Соғлиқни мустаҳкамлаш учун исталган спорт тури ҳам фойда беради, деб ўйлаш тўғри эмас. Шу жумладан, бодибилдинг ҳам. Катта жисмоний зўриқиш – асаб тизимига жиддий зарар етказиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Баъзи кишиларда ташқарига чиқмай юрган касалликлар бўлиши ва бу касаллик билан улар узоқ вақт умр кечиришлари ҳам мумкин. Бироқ у спорт билан шуғулланишни бошлаши билан зўриқиш оқибатида яширин касаллиги юзага чиқади. Айниқса, бу юрак билан боғлиқ касалликлардир. Шунинг учун, машғулотларга киришишдан аввал тиббий кўрикдан ўтишни асло унутманг!
Иккинчидан, албатта тишларингизни даволатишингиз лозим. Акс ҳолда, тиш кавакчасида тўрланган турли инфекциялар кучли қон айланиши натижасида ички аъзоларга ўтиб кетиши мумкин.
Соғлиғингиз билан боғлиқ масалаларни ҳал қилганингиздан сўнг, ўз жисмоний ҳолатингизни таҳлил қилишга ўтинг. Бу ҳам бодибилдинг билан шуғулланишдан аввал, айниқса муҳимдир. Гап шундаки, ҳар кимнинг жисмоний имкониятлари ҳар хил. Ҳаммага ҳам қомати, ташқи жисмоний ҳолати ва кучи борасида омад кулиб боқмайди. Демакки, ҳаммасини нолдан бошлаш лозим. Агар сиз аввал бирорта ҳам спорт тури билан шуғулланмаган бўлсангиз, демак, сизда мушак тўқималари кучсиз шаклланган. Бундай ҳолатда бирданига бодибилдинг билан қаттиқ шуғулланиш жиддий жароҳатлар хавфини туғдиради. Шунинг учун машғулотларга киришишдан аввал умумжисмоний курсни ўтаганингиз афзал. Бунга оммавий спорт ўйинлари (футбол, баскетбол), югуриш, сузиш, қўлда ётиб туриш (отжимание), брусда машқ бажариш, турникда тортиниш каби машқлар киради. Бу курсни 1-2 ой давом эттиринг. Агар аввал қайсидир спорт тури билан шуғулланган бўлсангизу, маълум муддат ундан узоқлашган бўлсангиз, тайёргарлик курсини 2-3 ҳафтада тугатса ҳам бўлади.
Бодибилдингда ёш муҳим рол ўйнайди. 16-20 ёш атрофида олиб борилган машғулотлар яхши натижа беради. Жисмоний тайёргарлик, нафақат мускулларни, балки суякларни ҳам шакллантиради. Кўкрак қафаси ва елка кенгаяди, қон томирлари ва тўқималар мустаҳкамланади. Қанча кеч бошласангиз, юқори натижаларга эришишингиз шунча қийинлашиб боради. Лекин бу профессионал йўлни танлаганларга тааллуқли бўлган масала. Мускулатурани нормал ҳолатда ривожлантириш ва қўшимча куч тўплаш учун эса ёшнинг деярли аҳамияти йўқ. Доимий шуғулланган кишиларда куч ёш ўтса ҳамки йўқолмайди! Мускулларнинг кучга чидамлиги 60-65 ёшга борибгина максимум даражага етишини эслатиб ўтишнинг ўзи фикримизни асослашга кифоя қилса керак. Шу сабабли 50 ёшдан ўтиб, кўлига илк бор штанга ушлаганлар орасида ҳам ҳайратланарли натижаларга эришганларни кўриш мумкин.
Ўзингизни батафсил ўрганганингиздан сўнг бодибилдингда аниқ мақсад қўйишингиз лозим. Йўл эса асосан иккита: ёки соғлик, ёки чемпионлик. Ҳаваскорлик ва профессионаллик орасида жуда катта фарқ бор.
Машғулотларни бошлаш арафасида турган кўпчилик кишиларда бодибилдинг атрофида юзага келган афсона ва тўқималар катта таъсир ўтказади. Бу – бодибилдинг бўйича қўлланмаларнинг етарли бўлмаганлиги, мураббийларни тайёрлаш тизими мавжуд эмаслиги билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган ҳолатлардир. Эскидан қолган қуйидаги бўлмағур фикр ҳали ҳам мавжуд: “Културистлар кучсиз, уларнинг мушакларида куч йўқ”. Бироқ, мисол учун, Арнолд Шварценеггер штангани ердан узиш (становая тяга) машқида 320 кг. кўтарган. Р.Парк эса ётган ҳолда (жим) 250 кг.лик штангани кўтарган. Бодибилдингдаги деярли барча машҳур инсонлар куч ишлатиладиган машқларда юқори натижаларни қайд этишган. Шу нарса аниқки, куч тўпламай туриб, мускулларни етарли даражада каттартириб бўлмайди.
Яна бир “афсона” шундан иборат: эмишки, културизм билан шуғулланувчи кишилар импотенциядан азият чекишаркан. Бу “афсона” профессионаллар ва ҳаваскор бодибилдингини аралаштириш оқибатида юзага келган. Айрим профессионалларнинг даҳшатли мускуллари ортидаги соғлиқ билан боғлиқ муаммолари, биринчи навбатда, уларнинг турли анаболик стероидларни қабул қилганликлари оқибатида юзага келган. Агар сиз шу каби “химия”ларни қабул қилмасангиз, сизни юқорида тилга олинган касаллик ҳеч қачон безовта қилмайди. Сизда қўл мушакларингиз П.Дилетникичалик бўлмаслиги мумкин, аммо соғлиғингиз ва кучингиз атрофингиздаги оддий кишиларникидан бир неча баробар мустаҳкамроқ бўлиши аниқ. Ҳаммаси сизнинг бодибилдингга қандай қарашингизга боғлиқ. Фанатизм нафақат спортда, балки исталган ишда ҳам ҳеч қандай яхшиликка олиб келмайди. Айтганча, бугунда стероидларни қабул қилмасдан, соғлом машғулотлар олиб бораётган спортчилар сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Улар орасида бир қатор машҳур спортчилар ҳам бор. “Тоза” културистлар ўртасида жаҳон чемпионатлари ўтказилмоқда ва улар мисолида ҳар қандай допингсиз, меҳнатсеварлик, сабр-бардош ва тўғри овқатланиш орқали катта ютуқларга эришиш мумкинлигини кўриш мумкин.
(давоми бор)
__________________

Ответить 
Старый 18.04.2009 16:18   #4  
Real ID Group uParty Member
Аватар для Lutfillo Tursunov
Оффлайн
Xabar
Сообщений: 1,597
+ 745  1,505/647
– 2  1/1

Uzbekistan
Давоми.

ИККИНЧИ БЎЛИМ. АСОСИЙ МАШҚЛАР.
Одатда кўпчилик бошловчилар қандай шуғулланади? Айтайлик, у Робби Робинсоннинг қўл мушаги (бицепси)ни шакллантиришга оид маслаҳатларига қулоқ тутади. Вақт ўтяпти, анча-мунча тер тўкилди, лекин қани ўша Робинсоннинг “оламшумул мушаги”? Шуғулланаётган кишининг боши берк кўчада: у ўз кумири қилган машқларни аниқ бажарсам, худди у эришган натижага эришаман деб ўйилаганди, лекин ундай бўлиб чиқмади. У айнан шу ерда адашганди. Нега? Келинг, тана шакли қандай ўзгаришини таҳлил қилиб кўрамиз.
Биз мушакларимиз ёки мушаклар гуруҳини машқ қилдираётганимизда муваффақият икки жиҳатга боғлиқ бўлади – генетика ва машғулотлар услубияти.

Генетика
У ёки бу културистнинг генетикаси яхши шаклланган, шунинг учун унинг ютуққа эришиш имконияти юқори, деган гапларни тез-тез эшитиб турамиз. Яхши генетика – бу нимани англатади?
“Мушак генетикаси” дейилганда, аввало, унинг шакли (формаси) тушинилади. Шаклни эса икки муҳим жиҳат белгилаб беради: жойлашуви (бошқа мушакларга нисбатан) ва қурилиши.
Биз “тайёр” мушаклар билан дунёга келамиз; Аллоҳ инсонни яратибдики, олдиндан мушаклар қаердан бошланиб, қаерда тугашини (суякларга бирлашишини) белгилаб берган. Лекин мушаклар ҳар кимда ҳар хил шаклланган бўлади. Шунинг учун бодибилдинг нуқтаи назаридан баъзи кишиларда мушаклар “жуда яхши”, баъзиларда эса “ёмонроқ” шаклланган дейилади. Бироқ бу назарий жиҳатдан олиб қаралганда шундай, холос. Аслида ўртача кишида ҳам “ютуқли”, ҳам “мағлубиятли” мушаклар шаклланган бўлади.
Машҳур културистларда вазият қандай баҳоланади? Аксарият олимларнинг фикрича, машҳур атлетларнинг ютуғида табиат инъоми ҳал қилувчи ўрин тутади.
Бироқ ҳар қандай генетикада ҳам яхшигина мускулли танани вужудга келтириш мумкин. Мисол учун: Винс Тейлор. Унга табиатан узун болдир (икра) «насиб» этганди. Лекин у болдир мушагини шунчалик ривожлантира олдики, худди унинг териси остига бешта теннис коптоги яшириб қўйилгандек туюлади.
Мушаклар «сифати»ни яхшилаш масаласи анчадан буён физиолог олимлар онгини банд этиб келади. Бироқ улар ҳанузгача бирор аниқ тўхтамга келишгани йўқ. Фақат бир нарса аниқ – ҳар кимнинг мушаклар ривожланиш самарадорлиги ҳар хил. Бу – маълум даражада ютуқларга эришиш учун баъзилар камроқ, баъзилар эса кўпроқ ҳаракат қилиши лозимлигини англатади. Албатта, бу адолатсизлик, лекин табиат билан тортишиб бўлмайди.
Гап шундаки, мушак тўқималари икки шаклда бўлади – қизил ва оқ. Агар қизил шаклдаги тўқималар аэроб, яъни чидам асосида «ишлаш»ни хуш кўрса, оқ шаклдаги тўқималар анаэроб, яъни оғирлик асосида «ишлаш»ни маъқул кўради.
Ҳар биримизда икки турдаги мушак толалари ҳар хил тақсимланган. Агар сизнинг мушакларингизда қизил тўқималар кўпроқ бўлса, унда сиз, спортнинг яккакураш турларида, сузиш, марафонча югуришда кўпроқ муваффақиятларга эришасиз. Агар оқи кўп бўлса, бодибилдинг, паурлифтинг, оғир атлетика билан шуғулланганингиз маъқулроқ. Танада оқ тўқималар, қизилларидан кўпроқ бўлса, вазн ўстириш осонроқ. Чунки оқ тўқималар ўз ҳажми ва кучини тезроқ ошириш хусусиятига эга.
Бу фикрлар «ёмон» тўқимали кишилар учун залга йўлларни беркитишини англатадими? Албатта, йўқ! Қуйидаги муҳим уч жиҳатга эътибор қаратиш лозим:
Биринчидан, мушаклар жойлашувининг генетик ўзига хослиги фақат улкан натижаларга интилувчи културистлар учун муҳимдир. Чунки, мушаклар қурилишидаги кичик фарқлар чемпионлик унвони тақдирини ҳал қилиши мумкин. Ҳамма ҳам “Мистер Олимпия” (бу културистлар учун энг юксак унвон) бўлолмайди, лекин етарлича танани шакллантириш ва кучга эга бўлишга барча ҳам қодир!
Иккинчидан, тўқималар қандай шаклда бўлишидан қатъи назар, уни керагича йириклаштириш имкони бор. Бу ҳар ким ҳам бошқалардан ажралиб турадиган қомадни шакллантира олиши мумкинлигини англатади. Барчаси машғулотларга қанча куч сарфланишига боғлиқ. Айримларнинг ютуқлари ҳа деганда кўринавермаслигини уларнинг машғулотларда асабийлашиши ва ортиқча чарчаши билан изоҳлаш мумкин. Бунда кўп жиҳатдан овқатланиш тартиби ҳам сабаб бўлади.
Учинчидан, муваффақиятга эришишнинг бош омили – машғулотларда оптимал машқларни танлаш ҳисобланади. Мутахассисларнинг фикрича, мушаклар шаклининг ўзгариши 70-75 фоиз тўғри машқлар танланишига боғлиқ. Ҳатто “яхши” ген эгалари ҳам машғулотларда ўзлари учун оптимал машқлар дастурини танлаши учун кўп тер тўкиши лозим бўлади.

Гавда тузилиши шакллари
Гавда тузилиши шакли асосан склет ҳамда уни ўраб турган мушак тўқималари ва ёғ миқдори қурилиши билан белгиланади.
Ўрта бўйли эркаклар билак (запясть, яъни муштнинг остки қисми, қўлнинг томир уриши ўлчанадиган жой) қисмининг айланаси 15дан 17,5 сантиметргача бўлса, бу – унинг озғин суяк фундаментига эга эканлиги билдиради. 17,5дан 20 см. – ўрта, 20 см.дан юқориси эса – забардаст.
Машғулотлар ва овқатланиш ёрдамида гавда кўринишини таниб бўлмас даражада ўзгартириш мумкин, лекин машғулотларнинг бутунлай тўхтатилиб қўйилиши гавданинг аввалги ҳолатига қайтишига сабаб бўлади.
Доктор Уилям Шелдон назариясига кўра, гавда тузилишининг уч шакли мавжуд: мезоморф, эндоморф ва эктоморф.
Мезоморф мукаммал ва кучли мускулатура ва танада ёғ қатламининг деярли йўқлиги билан белгиланади. Яъни, бел бақувват, суяклар юғон, мушаклар эса кенг. Табиатан бундай гавда тузилишига эга инсонлар бодибилдингда юқори натижаларга эришишга анча яқиндирлар.
Эндоморфда гавда юмалоқ ва юмшоқ, ёғ кўп бўлади. Ушбу шакл вакиллари културизмда қийинчилик билан натижаларга эришадилар. Уларга, аввало, ортиқча ёғ қатламларидан қутулишлари талаб этилади, бу эса осон иш эмас. Ёғ мушакларга “сингиб” кетади деган фикрлар – бўлмаган гап.
Эктоморфнинг гавдаси озғин, суяклари узун, ёғ кам ва ингичка мускуллардан иборат бўлади. Бу тоифа вакилларига бодибилдингда катта ютуқларга эришиш жуда қийн кечади. Лекин, одатда эктоморфларда бошқа типдаги хусусиятлар мавжуд бўлади ва бу уларга “масса” тўплаш имконини беради.
Давоми бор.
__________________

Ответить 
"+" от:
Старый 20.12.2009 21:53   #5  
Аватар для Avaz Ibragimov
Оффлайн
code.blogger.uz
AKA:deluxe
Сообщений: 423
+ 289  58/44
– 4  1/1

UzbekistanLiveJournalАккаунт на TwitterFacebook
Turli hil "qo'shimchalar" haqida nima deya olasiz? Masalan, "Atlant" deb nomlangan vositalar sotiladi, shularni iste'mol qilish mumkinmi?
__________________
Blogmisan blog
Ответить 
"+" от:
Старый 21.12.2009 03:24   #6  
Real ID Group uParty Member
Аватар для Lutfillo Tursunov
Оффлайн
Xabar
Сообщений: 1,597
+ 745  1,505/647
– 2  1/1

Uzbekistan
Цитата:
Сообщение от deluxe Посмотреть сообщение
Turli hil "qo'shimchalar" haqida nima deya olasiz? Masalan, "Atlant" deb nomlangan vositalar sotiladi, shularni iste'mol qilish mumkinmi?
Ҳозирги кунда бодибилдинг атрофида миллионлаб доллар айланади - айнан турли "қўшимчалар", креатинлардан тортиб, турли хил допинглар сотуви орқасидан. Бодибилдинг билан профессионал шуғулланувчилар бир ойда бир неча миллион сўм сарфлайди (ўзимиздагилар). Асосий харажат - айнан "қўшимчалар" сотиб олишга сарфланади. Бир неча таниқли спортчилардан шахсан эшитганман: - Профессионал спортнинг фойдали тарафларидан, зарари кўпайиб кетяпти...
Сабаби улар юқори натижага эришиш учун турли қувват берувчи "озуқалар" истеъмол қилишга мажбур. Бу "озуқалар"нинг аксарият қисми организм учун зарарлидир. Профессионал спортчи буни била туриб истеъмол қилади, чунки бусиз натижага эриша олмайди. Ўзимиздан чиққан бир чемпион билан машғулотларда қатнашганман. Бир неча бор Ўзбекистон ва Осиё чемпиони бўлган, жаҳонда 3-ўринни эгаллаган. "Жим" машқида 180 кг.ни қийналмасдан кўтарарди, "приседание" ва "тяга"да 300 кг.дан ортиқ юкни кўтара оларди. Ўша чемпион нафақат "оқсил қўшимчалари", яна алламбалоларни мушакларига укол орқали жўнатарди. Бу унинг натижаларига ёрдам берган, лекин шу билан бирга соғлиғини йўқотгани ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Ёш ўтиши билан бу химикатлар юрак, жигар ва бошқа ички органларга таъсир ўтказмай қолмайди. Бу ўз исботини топиб улгурган. Ҳар йили бир нечталар спортчилар юрак ҳуружидан вафот этяпти. Ҳаммаси бориб ўша допингга бориб тақалади. "Атлант" тоифасидаги "қўшимчалар" допинг эмас, лекин барибир табиий маҳсулот ўрнини боса олмайди.
Энди, мен, сиз ва атрофимиздаги миллионлаб оддий инсонларнинг спорт билан шуғулланишидан асосий мақсади нима? Аввало, соғлиқ! Демакки, бизнинг ҳеч қанақа "қўшимча"га, сунъий оқсилларга муҳтожлик жойимиз йўқ. Уларсиз ҳам ўзимизга керакли бўлган натижага эриша оламиз. Шундай экан, ҳеч қанақа "қадоқланган оқсиллар", креатинларга эътибор бериш керакмас.
Исталган залга борганда кўпчилик ёшлар айни шу "қўшимчалар" ҳақида гапиришади, қизиқишишади. Уларнинг мақсади - кўп тер тўкмасдан тезда "качок" бўлиш. Ҳали бир ой шуғулланмасдан туриб ҳар балони ичишни бошлайдилар (ўзимизга келаётган турли спорт "озуқалари" жуда сифатсиз ва зарарли деб ҳисоблайман) ва юракда, жигарда муаммо орттириб олганига шахсан гувоҳ бўлганман. Айрим таблеткалар (номини ҳозир эслолмаяпман) организмни, мушакларни фаоллаштиради ва ҳақиқатда оғир юк кўтаришга кўмак беради. Масалан, 80 кг. жим кўтарган киши ўша таблеткани ичиб, бир-икки ҳафта ичида 100 кг. натижага чиққанини кўрганман, лекин мушаклар бу оғирликни кўтаришга ёрдам бергани билан ички органлар - юрак ва жигар ҳали бунга тайёр эмас. Ички органлар оғирликка мослашиб бориши учун доимий машқлар керак, турли таблеткалар ёрдамида бирданига юкнинг оширилиши эса ички органларни ишдан чиқариши турган гап.
Турли қўлланмаларда "оқсилли озуқалар" ("Атлант"нинг турли хиллари шу тоифага киради) зарарсиз экани таъкидланади. Мен унинг битта катта минус тарафини биламан. "Қўшимчалар" истеъмол қилиб "масса" орттирган атлет залга дейлик, олти ойча бормаса, ҳеч қандай қўшимча истеъмол қилмаган кишига нисбатан кўп вазн йўқотади ва тикланиши ҳам шунчалик қийин бўлади. Масалан, мен ярим йил давомида залга бормадим. Ўша пайтги натижам - жимда 110 кг., ўтириб туришда 160 кг. натижани такрорлашим учун 2-3 ойлик машғулот етарли бўлади. "Қўшимчалар" билан жимда 120 кг. натижага эришган киши ярим йил шуғулланишни ташлаб қўйиб, "оқсилли озуқалар" ва креатинсиз 2-3 ой ичида ўша натижасини такорорлаши мумкин эмас. Энди хулоса чиқараверинг - ўша "қўшимчалар" керакмиди? Ахир у озмунча харажат турмайди!
Залга қатновчиларнинг "қўшимчалар"га бўлган мойиллиги уларнинг билимсизлиги ва калта ўйлашидан келиб чиқади.
Тўғри овқатланиш ва тўғри машғулот олиб бориш орқали бемалол кўнгил тўладиган даражада натижаларга эришиш мумкин. Бодибилдингда шунинг учун ҳам овқатланиш масаласига алоҳида эътибор берилади. Ушбу тавсияларимиз давомида овқатланиш тизимига ҳам алоҳида тўхталиб ўтамиз. Ўшанда яна қатор масалаларга ойдинлик киритиб оламиз.
Мақсадимиз - аввало саломатлик. Шунинг учун ҳеч қандай "қўшимчалар"ни ёқламайман, уларни минглаб лабараториялар "зарарсиз" деб топганда ҳам!

Оффтоп:
Мавзу "музлаб" қолган экан, қайтадан эслатганингиз учун раҳмат. "Музлаб" қолишига сабаб - ярим йиллардан бери залга бора олганим йўқ. Энди машғулотларни бошлаш баробарида мавзуни ҳам давом эттиришга ҳаракат қиламан. Бу ёғига бодибилдинг машқларини тўғри бажариш ва қайси мушакка қайси машқларни бажариш бўйича фикрлашамиз.
__________________

Ответить 
Старый 23.12.2009 12:54   #7  
Аватар для Avaz Ibragimov
Оффлайн
code.blogger.uz
AKA:deluxe
Сообщений: 423
+ 289  58/44
– 4  1/1

UzbekistanLiveJournalАккаунт на TwitterFacebook
qimmatli fikr va maslahatlar uchun rahmat.

ovqatlanish haqida to'g'ri aytib o'tdingiz, bu eng muhim narsalardan biri. turli hil manbaalarda ham bu haqda alohida aytib o'tiladi. eng birinchi postingizda aytib o'tganingizdek, bor manbaalar xorijiy tillarda, ularda ko'rsatib, aytib o'tilgan ovqat yoki retseptlar ham asosan o'sha davlatlarda uchraydigan narsalar. shuning uchun, bizning sharoitdan kelib chiqqan holda, qanday oziq-ovqatlarni qay yo'sinda iste'mol qilish kerakligi haqida ham ma'lumot berib o'tsangiz, g'oyat minnatdor bo'lar edim. rahmat.
__________________
Blogmisan blog
Ответить 
Реклама и уведомления
Старый 25.09.2011 14:56   #8  
Аватар для Avaz Ibragimov
Оффлайн
code.blogger.uz
AKA:deluxe
Сообщений: 423
+ 289  58/44
– 4  1/1

UzbekistanLiveJournalАккаунт на TwitterFacebook
Цитата:
Сообщение от Lutfillo Tursunov Посмотреть сообщение
Энди машғулотларни бошлаш баробарида мавзуни ҳам давом эттиришга ҳаракат қиламан. Бу ёғига бодибилдинг машқларини тўғри бажариш ва қайси мушакка қайси машқларни бажариш бўйича фикрлашамиз.
Mana kuz ham keldi, mashg'ulotlar (yana) boshlandi, mavzuni "eritsak" bo'larmidi..?
__________________
Blogmisan blog
Ответить 
Ответить
Опции темы
Опции просмотра




Здесь представлены форумы: UZINFOCOM, ЦППМП, ГКСИТТ, PC.UZ, Microsoft, IBM, HP, Fujitsu, D-Link, Intel, Ассоциация IT, InfoCOM.UZ, BANK.UZ, ActiveCloud, Sarkor Telecom, BUZTON, Cisco Systems, NetDec, EVO, Sharq Telekom, EPSON, Cron Telecom.
Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2018, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
Единый интегратор по созданию и поддержке государственных информационных систем UZINFOCOM


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх