2014 йил 11 декабрь Ўзбекистон Миллий кутубхонаси кичик мажлислар залида А.Қаҳҳорнинг “Янги аср” нашриётида нашр қилинган “Муҳаббат” номли қиссасининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимотда проф. Умарали Норматов, ф.ф.н. У.Қосимов, шоир Х.Акбаров, Ўзбекистон халқ ҳофизи Ҳ.Ражабий, “Шарқ юлдузи” журнали бош муҳаррири Улуғбек Ҳамдам, А.Қаҳҳор уй-музейи директори Н.Жалолова ва бошқалар иштирок этдилар.
Тадбирни олиб борган Миллий кутубхона бош муҳаррири, шоир Шукур Қурбон Ўзбекистон халқ ёзувчиси, ўзбек адабиёти ва санъати ривожига беқиёс ҳисса қўшган адиб, ўзбек халқининг ҳаёти, инсоннинг ички ва руҳий ҳолати тўғрисида ўлмас асарлар яратган А.Қаҳҳор ҳаёти, ижоди, унинг асарларининг ҳозирги кундаги аҳамияти ва китобларига бўлган эҳтиёж ҳақида гапирди.
Тақдимот маросимида сўзга чиққан проф. У.Норматов йиғилганларга адабиётга шоир сифатида кириб келиб, кейин ҳикоянавис, публицист, романнавис, драматург, журналист, таржимон ҳамда сўз устаси сифатида шуҳрат қозонган улкан адиб Абдулла Қаҳҳорнинг шогирди сифатида ўз хотиралари билан ўртоқлашди.
Қаҳҳоршунос олим, ф.ф.н. У.Қосимов эса унинг ҳиқояларида ғоялар жамият қиёфасини намоён қилгани ва шу туфайли унинг асарлари чинакам ўзбекона наср намунаси деб тан олинганлиги ҳақида сўзлади ва ёшларнинг мустаҳкам дўстлиги, икки қалбнинг оташин ҳиссиётлари мадҳ этилган “Муҳаббат” қиссасининг китобхонлар томонидан севиб ўқилишининг сабабларини санаб ўтди.
А.Қаҳҳор уй-музейи ходими Марҳабо Қўчқорова А.Қаҳҳор асарлариниг илмий тадқиқ этилган ва этилиши керак бўлган жихатлари ҳақида гапирар экан, мазкур музей ходимларининг шу кунгача бажарган илмий изланишлари ҳақида тўхталиб берди.
Тақдимот сўнггида йиғилганларга “Янги аср” нашриётида нашр қилинган “Муҳаббат” номли китоб туҳфа этилди.