Моё меню Общее меню Пользователи Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > Ижод хусусида сўз
Знаете ли Вы, что ...
...нарушения правил форума наказываются. Старайтесь их не нарушать.
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…)


Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 28.07.2018 00:08   #61  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Бир пайт гоблинлар мудҳиш қўшиғини чўзиб қолишди:

Ўн бешта қушча чиқиб дарахт шохига
Кета олмас учиб баланд тоғларга.
Соқолли парранданинг йўқдир қаноти
Ўлим даҳшатидан тўкилар пати.
Тириклайин ёндириб, кабоб қиламиз
Ерга тушса тутиб, чўғга тиқамиз.

Орклар рақсдан тўхтаб, бақира кетишди:
- Хўш, қушчалар! Учинг, агар товуқ бўлмасангиз! Тушинг пастга, уяда тириклайин ёнмай десангиз! Нега жимсиз, қани сайранг қушчалар, сайранг!

- Йўқолинг бу ердан, ярамаслар! - жавобан қичқирди Гэндальф. - Қуш уясини бузиш вақти эмас ҳозир. Билиб қўйинг, олов билан ўйнашганга жазо муқаррар!

Гэндальф оркларнинг жаҳлини чиқариб, улардан қўрмаётганини кўрсатиб қўймоқчи бўлди. Аслида эса, сеҳргар бўлишига қарамай, ич-ичдан чўчиб ўтирибди!

Сеҳргарнинг гапини писанд қилмаган гоблинлар қўшиқни давом этишди:

Дарахтларга ўт қала, олов ёнсин фалакда!
Айлансин қалин ўрмон ёрқин машъалаларга!
Тун ёришса оловдан қувонамиз барчамиз,
Гўштни тобла, қорин оч, еб тўяйлик ҳаммамиз!
Зира, пиёз ундан қўш ҳой, ҳой, ҳой!
Сол қозонга, қизисин мой, мой, мой!

Қўшиқнинг «мой, мой, мой!» деган жойида олов тили Гэндальф ўтирган дарахт танасини ялаб ўтиб, қўшни дарахтларга ўтди. Қарағай пўстлоғи тарсиллаб ёрилиб, ёнаётган пастки шохлар тирс-тирс товуш чиқарди. Гэндальф дарахт учига чиқиб олди. Унинг ҳассаси кўзни қамаштирадиган даражада чақнади. Сеҳргар ўша ердан орклар найзасига тик сакрашни ният қилган. Ўзи ҳалок бўлса ҳам, анави махлуқларнинг аксариятини ер тишлатади. Аммо сеҳргар сакрашга улгурмади, Бургутлар султони шахсан пастлаб, уни тутиб олди. Буни кўрган орклар домангир ўкириб, овози борича ҳайқиришди.

Гэндальф Бургутлар султонига алланима дейиши билан баҳайбат қуш баланд қирқиради. Унга ҳамроҳ бўлиб келган бургутлар шу заҳоти пастга, варглар ва орклар устига улкан кўланкалар каби ташланишди. Бўрилар ангиллаб, тиш ғижирлатишди. Гоблинлар дод-вой солиб, ер тепалаб, оғир найзаларини ҳавога беҳуда улоқтиришди. Бургутлар қора қанотларини кучли қоққанча, оркларни уриб йиқитишди, ўрмонга қувиб солишди, қаршилик кўрсатган гоблинларни панжалари билан тимдалаб, кучли тумшуқлари билан кўзларини ўйиб олишди. Айрим бургутлар эса дарахт учига чиқиб, даҳшатдан тебраниб ўтирган гномларни чангаллаб тутганча, нари учишди. Шўрлик Бильбони сал бўлмаса яна ёлғиз ўзини ташлаб кетишар эди. У охирги бўлиб ҳавога кўтарилган Дорининг оёғидан тутиб олишга базўр улгуриб қолди. Сайёҳлар ўт олган ўрмон яланглиги, қий-чув, дод-вой ва ваҳима узра баланд кўтарилиб, номаълум томон учиб кетишди. Ҳавода лапанглаётган Бильбо Дорининг оёғини маҳкам ушлаб олган-у, лекин мадори қолмаган қўли итоат қилмай, бўшаб кетишга уринмоқда. Пастда қолган гоблинлар билан варглар ўрмон бўйлаб ёйилиб кетишибди. Бургутларнинг бир нечтаси ҳозиргина жанг кечган ўрмон яланглиги узра ҳамон доира ясаб учмоқда. Дафъатан олов тили баланд кўтарилиб, жанг майдони кенг миқёсли ёнғин майдонига айланди. Олов учқунлари тутун устунидан учиб чиқиб, ҳар томон сачради. Бильбо роса вақтида қутқарилган экан!
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 28.07.2018 00:10   #62  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Кўп ўтмай ловуллаб ёнаётган яланглик тунги ўрмоннинг қора гиламидаги қирмизи юлдузчага айланиб қолди. Сайёҳлар эса ҳавода кенг доира ясаганча тобора баланд кўтарилиб, ҳодиса жойидан нари учишни давом этишмоқда. Бильбо ушбу парвозни бир умрга эслаб қолиши муқаррар. У Дорининг тўпиғига маҳкам ёпишиб олганча, гоҳ-гоҳида «Вой қўлим! Вой қўлим!» - дея бақираётган бўлса, Дори «Вой оёғим! Вой оёғим!» - дея ўкирмоқда.

Баландлик Бильбонинг бошини ҳамиша айлантириб келган. Саёз жарлик ёқасида туриб пастга қараган хоббитнинг кўнгли беҳузур бўлган, тираладиган нарвонни ёмон кўрган, дарахтга чиқиш ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлаверади. Ҳозир ҳавода муаллақ осилганча пастга қараб, ликиллаётган оёғи остидаги қоп-қора ерни, баъзи жойларда ялтироқ тоғ жинслари сиртида ёки текисликни кесиб оқаётган жилғада акс этаётган ой шуъласининг мавжланишини кўрганда унинг боши қанчалик айланаётганини ўзингиз тасаввур қилинг.

Зулматда қаққайиб турган тошларнинг ўткир учларидан иборат тоғ чўққиси яқинлашмоқа. Пастда ёз жазирамаси ёндираётгандир-у, бу ерда ҳаво жуда совуқ. Кўзини чирт юмиб олган Бильбо бундай парвозга яна қанча дош бера олишини тахмин қилиб кўрди. Қўли бўшаб кетгудай бўлса, чалпак бўлишини билиб кўнгли баттар беҳузур бўлди. Айнан мана шу фурсатда бургутлар галаси қояга қўнди. Бильбо қўлини бўшатиб бургут инининг четига бемадор йиқилди.

Бильбо дастлаб жим ётди, ҳиссиётини ифода этгани сўз топа олмади. Бир томондан у ёнғинда ёниб кулга айланмаганидан хурсанд бўлса, бошқа томондан мана бу тор жойдан қоя остидаги қоп-қоронғи тубсизликка тушиб кетишдан қўрқмоқда. Умуман айтганда эса, сўнгги уч кун ичида бошдан кечирган мудҳиш ҳодисалар ҳамда тинка-мадорни қуритган очлик туфайли хоббитнинг боши айланиб, фикр-хаёллари, гап-сўзлари чигаллашиб кетган.

- Иссиқ товада қисман эритилиб санчқи воситасида яна ўз идишига қайтариладиган ёғ бўлагининг аҳволини мана энди тасаввур қилмоқдаман, - кутилмаганда эшитди у ўз овозини.

- Йўқ, тасаввур қила олмайсан! - эътироз билдирди унга Дорининг овози. - Ёғ бўлаги эртами кечми яна қизиган товага ташланади, буни у яхши билади. Биз эса, умид қилишга журъат этаман-ки, қайта ташланмаймиз. Бургут эса санчқи эмас!

- Қоя эса сомон эмас, вой белим! - деди Бильбо, сал нарида турган бургутга ҳайиқиб қараб.

Қизиқ, яна нималар деб алжиради у ва муҳими – бургутни хафа қилиб қўймадимикан. Ҳа, катталиги қоядай келадиган бургутни хафа қилиш ярамайди, айниқса сен пакана хоббит бўла туриб, ярим кечада унинг инида ётган бўлсанг! Пат қопламасини қоқиб қўйган бургут тумшуғини тошга ишқалаб қайрар экан, хоббитнинг валдирашларига эътибор ҳам қилгани йўқ.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 28.07.2018 00:11   #63  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Кўп ўтмай қуш инига бошқа бургут келиб қўнди.

- Бургутлар султони асирларни катта қояга келтиришни буюрди! - деди у, яна қанот қоқиб кетар экан.

Уя соҳиби Бильбони ёлғиз қолдирганча, Дорини чангаллаб қоронғиликда гум бўлди. Хоббит, ушбу ҳолатда «асирлар» сўзи нимани англатиши, қачон бургутга қуён ўрнига ем бўлиши ҳақида фикр юрита кетди. Шу пайтда бургут қайтиб келиб, нимчасининг елкасидан чангаллаганча, юқорига кўтарилди. Бу сафар узоқ учишмади. Кенг қоя устига келтирилган Бильбо қўрқувдан донг қотиб ётди. Бу қояга бирорта сўқмоқ олиб келмайди, бу ерга учиб келиш мумкин холос. Бу қоядан икки оёқда юриб кетиб бўлмайди, бу ердан тубсизликка сакраб тушиш ёки қанот қоққанча учиб кетиш мумкин холос.

Жамоат жам. Белини қояга суяб ўтирган сайёҳларимизнинг бари шу ерга келтирилган.

Бургутлар султони ҳам шу ерда, Гэндальф билан гаплашиб ўтирибди. Бильбо ем бўлмаслигини тушунди. Бургутлар султони билан сеҳргар бир-бирини нафақат танийди, балки қаттиқ ҳурмат ҳам қилишар экан. Аниқланишича, тоғларда изғиб юриш одатини қўймайдиган Гэндальф бир замонлар ушбу қушларга яхшилик қилиб, Бургутлар султонининг камон ўқидан етган жароҳатини даволаб, тузатган экан. Бинобарин, «асирлар» сўзини «бургутлар қўлига тушган асирлар» маъносида эмас, «орклар асоратидан қутқарилган асирлар» - дея изоҳлаш керак. Гэндальф билан Бургутлар султони ўртасида ўтаётган суҳбатга қулоқ тутган Бильбо, ушбу мудҳиш тоғ тизмасини тарк этиб, сафарни давом этиш имкони туғилганини англади. Бургутлар султони сайёҳлар гуруҳини бу ерлардан олисга, водийга элтиб, тегишли йўналишни кўрсатиб қўйишни таклиф этар экан, Гэндальфнинг одамлар яшайдиган ҳудуддан олиб ўтиш илтимосини рад этди.

- Одамлар тиссдан ясалган камондан бизларга қарата ўқ узишади, - тушунтириш берди Бургутлар султони. - Улар сурувларига ҳамла қилишимиздан қўрқишади ва тўғри қилишади. Ҳозир биз оркларнинг режасини барбод қилиб, ўлжаларини тортиб олганимиздан ва бу билан сенинг яхшилигингга яхшилик қайтарганимиздан мамнунмиз, албатта. Бироқ гномларни деб таваккал қилиш ниятимиз йўқ.

- Хўп, яхши, - деди Гэндальф. - Ундай бўлса, ўзингиз тўғри деб билган жойга, имкон қадар жануб томонга элтиб қўйинг бизни. Биз шундоқ ҳам сизнинг олдингизда қарздор бўлиб қолдик. Ҳозир эса ҳаммамиз очдан ўлмоқдамиз.

- Мен аллақачон ўлиб бўлганман, - гап қистирди Бильбо паст овозда.

- Ушбу муаммони ҳал қилса бўлади, - деди Бургутлар султони.

Агар сиз ҳам осмон фалакдаги қояда бўлганингизда кўп ўтмай ўт қаланиб, қувноқ гулхан атрофида ивирсиётган гномлар овқат тайёрлаётганини кўрган бўлар эдингиз. Бургутлар ушбу қояга ўтин, қуён ва қўй келтиришди. Қовурилаётган гўшт ҳиди тоғ тизмасини қамради. Гномлар уста ошпазлардай таом тайёрлашга киришишди. Бильбо шу қадар толиққан-ки, дўстларига ёрдам беришга мадори йўқ. Нима қилган тақдирда ҳам бу масалада Бильбодан фойда йўқ. Қуён сўйишни билмайди, гўшт нимталаш қўлидан келмайди. Қассоб унга гўштни ҳамиша нимталанган, қовуришга тайёр ҳолатда келтирган. Ойн билан Глойн чақмоқтошини йўқотиб қўйгани боис (гугурт ишлатишга гномлар ҳеч одатлана олишмади), ўт ёқиш масаласида ёрдам берган Гэндальф ҳам бироз дам олиш учун ёнбошлади.

Ғуборли тоғларда ўтган саргузашт шу тариқа якунига етди. Кўп ўтмай, Бильбонинг қорни гўштга тўлди, гарчи у майда-чуйда тарашалардан ёқилган ҳароратсиз гулханда чала қовурилган гўштдан ёғ суртилган нонни афзал кўрган бўлса-да. Ниҳоят у чуқур уйқуга кетишга тайёр эканини ҳис этди. Катта-кичик тошлар орасида кулала бўлиб ётган хоббит қадрдон кулбасидаги партўшакда ётганга нисбатан қаттиқ уйқуга кетди. Тушига ўз кулбаси, хонадан хонага изғиб юргани, номи номаълум, кўриниши бетайин нарсани қидириб, табиийки ҳеч нима топа олмагани кирди.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Реклама и уведомления
Старый 03.08.2018 21:16   #64  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
ЕТТИНЧИ БОБ. МИСЛИ КЎРИЛМАГАН БОШПАНА

Эртасига эрталаб қуёш нуридан кўзи қамашиб уйғонган Бильбо соат неча бўлганини кўриб, ўчоққа чойнак қўйиш учун ўрнидан ирғиб турди... қараса уйда ётмаган экан. Тошга ўтирган хоббит ҳозир яхшилаб ювиниш, тиш тозалаш, соч тараш қандай маза бўлиши ҳақида ўйга толди...

На ювиниш, на тиш тозалашга муваффақ бўлди Бильбо, нонуштага иссиқ чой, қовурилган бурда нон ва дудланган гўшт узатилмади. Тўнгган қўй ва қуён гўшти билан қаноатланишига тўғри келди. Шундан сўнг сайёҳлар яна йўлга отланишди.

Энди Бильбога бургутни эгарлаб, белидаги патидан маҳкам ушлаб олишга ижозат берилди. Гномлар халоскор қушлар билан хайрлашар экан, Бургутлар султонига қилган яхшиликлари учун бир пайти келиб мукофотлашни ваъда қилишди. Ўн бешта йирик қуш осмонга кўтарилди. Қуёш ҳали кўтарилмаган, ҳаво салқин, туман водийни қамраб, тоғ чўққиларини ўраб олган.

Кўзини қия очган Бильбо тоғ тизмаси ортда қолгани, ер жуда пастда бўлиб, ҳамма нарса кичрайиб кетганини кўрди. Кўзини чирт юмган хоббит бургут патини янада маҳкам ушлади.

- Патимни узма! - деди жони оғриган бургут. - Мунча қуёндай қўрқмасанг? Гарчи, чиндан ҳам қуёндан кўп фарқ қилмасанг-да. Қара, тонгнинг ажойиблиги-ю, шабаданинг ёқимлигини. Парвоздан яхши яна нима бўлиши мумкин бундай пайтда?

«Илиққина ванна билан кечки нонушта», - дея жавоб қайтармоқчи бўлган Бильбо чангалини бироз бўшатиб, индамай қўя қолди.

Улар узоқ учишди. Муайян вақт ўтиб бургутлар тегишли мўлжални кўришди шекилли, пастлай бошлашди. Пастлаш жараёни ҳам спиралсимон йўналишда кечиб, узоқ чўзилди. Бардоши етмаган хоббит кўзини яна очди. Ер энди анча яқинлашибди, пастда дарахтлар (эман билан қайрағочга ўхшайди), кенг яйлов ва анҳор кўринмоқда. Анҳор қаршисида, ушбу сув оқимини айланиб ўтишга мажбур қилган тош тепалик худди олис тоғлар олдидаги соқчи-қоя каби ердан ўсиб чиққан. Уни катталигини тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган дев томонидан текисликка қарата улоқтирилган улкан тош сифатида ҳам қабул қилиш мумкин. Бургутлар айнан мана шу тош тепалик устига қўниш ҳаракатида.

Белидаги йўловчисини навбат билан ушбу тепаликка туширган бургутлар яна қанот қоқиб ҳавога кўтарилишди.

- Қаёққа борсангиз ҳам оқ йўл сизларга! - бақиришди улар. - Сафарингиз ҳамиша қадрдон инингиз-ла якун топсин!

Илтифот кўрсатаётган йирик бургутлар айнан шу сўзларни айтиб хайрлашишади.

- Шамол сизга ҳамроҳ бўлиб, қуёш сузадиган, ой виқор-ла юрадиган жойларга элтсин! - деди бургутлар илтифотига қандай жавоб қайтариш кераклигини биладиган Гэндальф.

Бургутлар султони кейинчалик Жамики қушлар қироли даражасига кўтарилиб, бошига соф олтиндан ясалган тож кийдирилди. Унинг ўн бешта ёрдамчиси эса бўйнига олтин маржон ташлади. Бу уларнинг Бешта лашкар муҳорабасида кўрсатган жанговар ёрдами учун гномлар томонидан тақдирланган мукофоти бўлди. Бильбо ушбу улуғсифат қушларни қайтиб кўрмади, агар бошига зарба еб, хушдан кетишидан олдин осмон фалакда бургутлар шарпасини илғаб қолишга улгургани ҳисобга олинмаса (бу ҳақда кези келганда айтиб бераман).
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 03.08.2018 21:17   #65  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Тош тепалик чўққиси ясси майдондан иборат бўлиб, ундан анҳор соҳилига элтадиган, айрим жойлари пиллапоя сифатида йўнилган кўп босилган сўқмоқ тушган. Анҳорнинг ушбу қисми саёз бўлиб, унга нариги қирғоғига ўтиб олиш учун ясси тошлар терилган. Анҳорни кесиб ўтиш жойи яқинида тош тепаликнинг кичкина ғори бўлиб, сайёҳлар гуруҳи келгуси режаларни муҳокама қилиб олиш учун шу ерга йиғилди.

- Сафар бошида мен сизларни Ғуборли тоғлар тизмасидан эсон-омон олиб ўтишга ҳаракат қилишимни айтган эдим, - гап бошлади сеҳргар. - Моҳирона раҳбарлигим шарофати ила шунингдек, иш у қадар аҳамиятсиз равишда ўнгидан келгани боис, ушбу ниятимни амалга ошира билдим. Биз кўзланган жойнинг шарқ томонидан чиқдик. Умуман олганда, ушбу сафар менга тааллуқли эмас, лекин мен унда, ниҳоясига етгунига қадар, яна бир иштирок этишим мумкин. Аммо мени ҳозир кечиктириб бўлмайдиган жуда муҳим ишлар кутмоқда.

Гномлар сеҳргарнинг гапидан дилсиёҳ бўлишган кўринади, тўнғиллай бошлашди. Бильбо эса кўз ёшини тия олмади. Улар Гэндальф ҳамиша бирга юришига, мураккаб вазиятдан чиқишга ёрдам беришига кўникишган бўлиб, бу ҳол сафар охиригача давом этишига умид боғлашган эди.

- Ҳозироқ гум бўламан демадим мен. Сизлар билан яна икки кунча бирга бўлсам керак. Ҳозирги вазиятдан чиқишингизга ҳам ёрдам бераман, - деди Гэндальф. - Тўғрисини айтганда, ўзим ҳам ёрдамга муҳтожман. На егулигимиз бор, на кийим-кечагимиз ва на пониларимиз. Қаерга келиб қолганимизни ҳам билмасангиз керак. Лекин мен, бахтингизга, қаердалигимизни аниқ айта оламан. Агар тоғ тизмасини бу қадар тез ошиб ўтмаганимизда етишимиз керак бўлган сўқмоқдан бир неча миля шимолдамиз. Бу ҳудудда деярли ҳеч ким яшамайди, агар мен йўқлигимда биров кўчиб ўтмаган бўлса, албатта. Бу ерлардан мен бир неча йил муқаддам ўтган эдим. Лекин шу яқин ўртада бир киши яшашини биламан. Адашмасам, Тўхташ жойи деб номланадиган ушбу тош тепаликнинг пиллапоясини ўша киши йўнган. Бу ерга у камдан-кам келади, келганда тақдирда ҳам кундуз куни эмас. Шундай экан, бу ерда уни кутиб ўтириш ярамайди, кутишнинг оқибати яхшилик билан тугамайди. Уни ўз уйида учратган маъқул. Агар ишлар ўнгидан келиб, учрашувимиз яхши ўтса, умид қиламан-ки, сизлар билан хайрлашиб, анави бургутлар каби: «Қаёққа борсангиз ҳам оқ йўл сизларга!» - дея тилак билдиришга муваффақ бўламан.

Гномлар Гэндальфга аждар тортиб олган олтин, кумуш, қимматбаҳо тошлар билан тақдирлашни ваъда қилишиб, гуруҳни тарк этиб кетмасликни ўтиниб сўрашди, аммо сеҳргар ўз сўзида қатъий туриб олди.

- Кўрамиз, - деди у гномларнинг кўндиришларига жавобан. - Хазинани қўлга кирита олсангизгина сизники бўлади. Ўйлайман-ки, мен шундоқ ҳам унинг муайян қисмига сазовор бўлдим.

Алҳосил гномлар Гэндальфни ўз ҳолига қўйиб, кийимларини ечишди-да, анҳорга тушиб чўмилишди. Кечув жойи саёз бўлиб, туби тошлоқ, суви тиниқ экан. Баланд кўтарилган қуёшда тобланиб олишгач, анча тетиклашиб қолишди, гарчи таналарининг лат еган жойлари оғриб, яна очиқишган бўлишса-да. Шундан сўнг улар пакана хоббитни кўтариб олишганча, анҳорнинг нариги қирғоғига ўтишди ва қалин ўсган майин майсазор бўйлаб эманзор ва қайрағочлар оралаб кетишди.

- Нима учун анави тош тепалик Тўхташ жойи деб аталади? - сўради Бильбо, сеҳргар ёнида борар экан.

- У шундай деб атайди, чунки ўхшаш қояларни у тўхташ жойи, деб билади. Бу тепалик эса, уйи яқинидаги ягона қоя бўлиб, уни яхши билгани учун алоҳида эътиборида.

- У деганинг ким? - талаб оҳангида сўради Бильбо.

- Боя сизга айтган танишим. Ажойиб шахс, у билан ниҳоятда хушмуомала бўлиш керак. Фикримча, сизларни ёппасига эмас, навбат билан иккита-иккитадан таништирганим маъқул. Сизлар унинг жаҳлини чиқарадиган иш қилманг, акс ҳолда ҳар нарса бўлиши мумкин. Агар меҳмондан мамнун бўлса, ундан сахий мезбон, жаҳли чиқса, ундан қўрқинчли душман топилмайди. Огоҳ бўлинг, унинг аччиғи бурнининг учида туради.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 03.08.2018 21:18   #66  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Гномлар Гэндальфни ўраб олиб, бараварига савол ёғдиришди:

- Ўша кишининг уйига кетяпмиз-ми, ҳозир? Кўнгли юмшоқроқ, беозорроқ мезбон топилмади-ми? Мундоқ очиқроқ гапиришнинг иложи йўқми?

- Ҳа, ўша кишининг уйига кетяпмиз. Йўқ, бошқа мезбон топилмади! Бундан очиқ қандай гапирай? - жаҳл-ла жавоб бериб борди Гэндальф. - Исмини сўраётган бўлсангиз, исми Беорн. Жуда кучли шахс, баъзан терисини алмаштириб туради.

- Тушунмадим, қуён терисидан, агар олмахон тикишнинг иложи бўлмаса мушук ясайдиган мўйнадўзлардан-ми, у? - талмовсиради Бильбо.

- О, Худо! Йўқ, албатта, йўқ, йўқ! - деди Гэндальф. - Сал бўлса ҳам ақл йиғишга уриниб кўрсангиз бўлар экан, мистер Бэггинс! Бундан ташқари, ўнг қулоғингиз билан ҳам, чап қулоғингиз билан ҳам эшитиб қўйинг ҳаммангиз: агар соғ-саломат қолиш истагида бўлсангиз, унинг уйи атрофидаги юзлаб миля масофада «мўйнадўзд, пўстин, мўйна ёқа» ва шу каби, ҳайвон териси билан боғлиқ сўзларни тилга олишни хаёлингизга ҳам келтирманг! Ҳа, у баъзан тери алмаштириб туради, фақат бировнинг эмас, ўз терисини алмаштиради! Қиёфасини ўзгартирадиган одам у, тушундингиз-ми? Дам улкан қоп-қора айиқ тусида, дам қора соч-соқоли пахмоқ девқомат одам тусида намоён бўлади. Бошқа ҳеч нима айтмайман, ҳозирча шу маълумотнинг ўзи етади сизга. Баъзиларнинг айтишича, Беорн, тоғ девлари келгунга қадар тоғ-у тошларда яшаган қадимий Қора Айиқларнинг буюк авлодига мансуб айиқ, бошқаларнинг фикрича, шимолий тоғ тизмаларида яшаб, Қурум каби аждарлар томонидан бадарға қилинган илк одамлар авлодига мансуб инсон ҳисобланади. Кейинчалик уларнинг юртини гоблинлар босиб олган экан. Аниғини билмайман-у, ўйлашимча, иккинчи тахмин ҳақиқатга яқинроқ. Бу нарсаларни ўзидан сўраб ўтирманг, оқибати аянчли бўлиши аниқ. Аниқ айтишим мумкинки, Беорнга нисбатан ҳеч қандай сеҳр-жоду қўлланилмаган, у ўз қиёфасини ўзи, ўз хоҳиши ила ўзи хоҳлаган вақтда ўзгартиради. Эманзорда йирик дарахт таналаридан қурилган катта уйи бор. Инсон сифатида у ўзига ўхшаган ажойиб қўй, мол, от каби жониворларни боқади. Жониворлар ушбу соҳиби билан гаплашиб, хизматини қилади. Беорн уларни сўймайди, гўштини емайди, бошқа турдаги ҳайвонларни ҳам овлаб емайди. Унинг қўлида сон-саноқсиз асалари қутиси ва улкан баджаҳл асаларилари бор. У асосан асал билан қаймоқ еб кун кўради. Айиққа айланиб олса, узоқ-узоқларга бориб келади. Кунлардан бир кун мен уни Тўхташ жойида Ғуборли тоғлар ортига ботаётган ойга қараб ўтирганини кўрганман. Ўшанда Беорн айиқ тилида: «Улар ер тишлайдиган кун келади ва мен юртимга қайтаман!» - деганини эшитдим ва шу боис тоғдан бадарға қилинган инсон эканлигига бовар қилдим.

Яхшилаб фикр юритиб кетиш учун Бильбо билан гномларга мураккаб мавзу топилди. Бинобарин, савол ёғдиришни бас қилиб, Гэндальфни ўз ҳолига қўйишди. Йўл яқин эмас экан. Улар узоқ юришди, дам юқорига чиқишди, дам пастликка тушишди. Кун қизиди. Йўловчилар баъзан дарахт соясида тўхтаб, нафас ростлашди. Бильбо шунчалик очқадики, агар пишиб ерга тўкилганда чўчқаёнғоқни бўлса ҳам ер эди.

Ниҳоят куннинг иккинчи ярмида йўловчилар яйловдаги гулларни биров атайин пайкалларга бўлиб, навларга ажратиб экканига эътибор қилишди. Айниқса, қизил гулли беда, оқ гулли пакана беда, асал ҳидли ширин беда, пушти гулли беда турлари кўп экилибди. Ҳамма жойда тинмай ишлаётган асаларининг ғўнғиллаши эшитилмоқда. Уларнинг ҳар бири қовоғаридан анча йирик. Эркак асалариларнинг катталиги бармоқдек келади. Бахмалдай қора танасидаги тарам-тарам сариқ йўллар тилла тусда ловулламоқда. Бунақанги асаларини Бильбо ҳаётда кўрмаган. «Чақиб олгудай бўлса танам икки баробар катталашиб шишса керак», - хаёлдан ўтказди у.

- Асалари яйловига етдик. Демак, оз қолибди, - маълум қилди Гэндальф.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 03.08.2018 21:19   #67  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Кўп ўтмай азим эманларнинг қадимий қатори кўринди. Ушбу дарахтлар ортида эса ўтиб бўлмайдиган, нариги томонда нима борлиги кўринмайдиган тиканли чакалак девор қад кўтарган.

- Сизлар яхшиси шу ерда кутинглар, - деди сеҳргар. - Чақирсам ё ҳуштак чалсам, изимдан кириб борасиз. Фақат эсингизда бўлсин, жуфт-жуфтга бўлиниб киринг. Жуфтликлар орасидаги танаффус эса беш дақиқадан кам бўлмасин. Бомбур ўта семиз бўлиб, икки кишининг ўрнини босади ва шу боис энг охирида ёлғиз ўзи киради. Қани, мистер Бэггинс, олдимга тушинг. Анави муюлиш ортида дарвоза бўлиши керак.

Юрак олдирган хоббитни лўкиллатиб етаклаган сеҳргар тиканли чакалак девор бўйлаб нари кетди. Дарҳақиқат, муюлиш ортида эни анча энли, бўйи роса баланд дарвоза, ичкарида эса боғ ва ёғочдан кўтарилган иморатлар: ходадан ясалиб, томига похол ёпилган бир нечта омбор, отхона ва саройлар ҳамда одам яшайдиган узун уй кўринди. Ҳовлининг жануб томонида, баланд чакалак девор бўйлаб чўққили томига похол ташланган сон-саноқсиз асалари кутиси терилган. Ҳавода асалариларнинг сира тинмайдиган ғовур-ғувури эшитилмоқда. Фавқулодда йирик ушбу ҳашаротлар ўз қутиларига тинмай кириб-чиқишмоқда.

Хоббит билан сеҳргар ғичирлайдиган оғир дарвозани базўр итариб очиб, кенг ётқизилган йўлак бўйлаб уй томон одимлашди. Яхши парваришланган силлиқ отлар майда қадамлар билан йўртиб келиб ҳовлига кириб келганларга диққат билан назар солишгач, иморатлар томон сакраб кетишди.

- Уйга бегоналар кириб келгани ҳақида соҳибига билдирув беришади, - тушунтириш берди Гэндальф.

Икковлон уй билан хўжалик иморатлари ёнидан юриб, орқа ҳовлига ўтди. Ўртада катта эман дарахти, дарахт танаси ёнида эса ёрилган ўтин уюми ётибди. Пахмоқ соч-соқоли кўмирдай қоп-қора, яланғоч қўл-оёғи бақувват, эгнига тиззагача тушган яктак кийган девқомат киши ҳам шу ерда, ўта катта болтага суяниб турибди. Бояги отлар ҳам соҳибининг икки ёнида, тумшуғини унинг юзига тираганча турибди.

- Ҳа, ана улар! - деди Беорн отларига мурожаат қилиб. - Кўринишидан қўрқинчли эмас, бораверинг! - хандон отди девқомат. - Кимсизлар, нима керак сизларга? - дағал оҳангда сўради у.

Беорн новча бўйли Гэндальфнинг ёнида катта қоядек кўринмоқда. Бильбо ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлаверади. Беорннинг оёғи орасидан ўтиб кетса биров сезмайди.

- Мен Гэндальф бўламан! - баёнот қилди сеҳргар.

- Энди эшитишим! - пўнғиллади Беорн. - Анави-чи, қанақанги тирмизак бўлди? - сўради у, бароқ қошини чимирганча, хоббитни яхшироқ кўриш учун энгашиб.

- Бу киши жаноб Бильбо Бэггинс, яхши оиладан чиққан, номига доғ тушмаган хоббит бўлади.

Бильбо Беорнга таъзим бажо айлади.

- Мен эса сеҳргарман, - давом этди Гэндальф. - Табиийки, сен ҳақингда эшитганман. Мени танимадинг, балки амакиваччам Радагастни танирсан? Ёвуз ўрмоннинг жанубий чегараси яқинида яшайди.

- Танийман, албатта. Сеҳргар бўлса ҳам, яхши бола. Бир замонлар у билан тез-тез учрашиб турганмиз. Хўп, майли, ким эканлигингизни ёки ўзингизни ким деб кўрсатмоқчи бўлганингизни тушундим. Энди нима кераклигини айтинг.

- Тўғрисини айтадиган бўлсам, лаш-лушларимизни йўқотиб, йўлдан адашиб қолдик ва шу боис моддий ёрдамга ёки ҳеч бўлмаганда оқил маслаҳатга ниҳоятда муҳтожмиз. Гап шундаки, биз тоққа чиқиб гоблинлардан адабимизни едик.

- Гоблинлардан? - сўради Беорн, оҳанги нисбатан мулойимлашиб. - Уларнинг қўлига тушдик, денг? Нима бор эди сизларга уларнинг маконида?

- Тасодифан шундай бўлиб қолди. Тоғда ухлаб ётган жойимизда ғафлатда қолдириб ҳужум қилишди бизга. Тоғ тизмасининг ғарб томонидан бу томонига ўтаётган эдик. Қўй, яхшиси сўрама, бу жуда узоқ ҳикоя.

- Ундай бўлса уйга юринг, бор гапни қисман бўлса ҳам айтиб беринг, - деди Беорн.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 03.08.2018 21:20   #68  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Уй соҳибининг орқасидан эргашган Гэндальф билан Бильбо ўртасига ўчоқ қурилган катта даҳлизга киришди. Ёз бўлишига қарамай, ўчоқда ўтин ёниб, юқорига кўтарилган тутун қорайган тўсинлар орасидаги мўри орқали ташқарига чиқмоқда. Ўчоқ олови ва шифтдаги тирқиш орқали тушган шуъла билангина хира ёритилган ушбу хонадан ўтган меҳмонлар ёғоч қозиқоёқларга қурилган айвонга чиқишди. Жануб томонда қурилган ушбу айвонда кундузги илиқлик сақланган бўлиб, қуёшнинг қиялама нури айвондан ўтганча, очилган гуллари айвон зинасигача етган боғни ёритмоқда.

Учовлон ёғоч курсиларга жойлашди. Гэндальф ҳикоясини бошлади, Бильбо эса полга етмаган калта оёғини тебратиб, боғдаги гулларни томоша қилганча, номларини топишга уринди. Ушбу гулларнинг аксариятини муқаддам кўрмаган.

- Бир-икки нафар дўстим билан тоғ ошаётган эдим... - гап бошлади сеҳргар.

- Бир-икки нафар дўстим билан? - гапни бўлди Беорн. - Мен фақат бир нафарини кўряпман. Шуни ҳам кўзим базўр илғаяпти.

- Тўғрисини айтсам, банд бўлсанг керак, деган хаёлда сенга халал беришни истамаган эдим. Ижозатинг билан уларни чақирсам.

- Майли, чақир, - деди Беорн.

Гэндальф қулоқни қоматга келтирадиган даражада ҳуштак чалди. Шу заҳоти Торин билан Дори уй бурчагидан чиқиб, боғ йўлагида кўринишди. Яна бир дақиқа ўтиб, чуқур таъзим бажо айлаганча Беорннинг қаршисида туришди.

- Бир-икки нафар эмас, икки-уч нафар дўстим билан демоқчи бўлдинг чоғи. Боз устига булар хоббит эмас, гном, - таъкидлаб қўйди Беорн.

- Торин Эманқалқон, хизматингизга мунтазирман!

- Дори, хизматингизга мунтазирман! - ўзларини таништиришди гномлар, яна таъзим бажо айлаб.

- Миннатдорман, хизматингизга муҳтож эмасман, - жавоб берди Беорн. - Сизлар эса менинг хизматимга катта эҳтиёж сезаётган кўринасиз. Тўғрисини айтсам, гномларни жиним суймайди. Аммо сен чиндан ҳам Трорнинг набираси, Трайннинг ўғли Торин бўлсанг, ҳамроҳинг эса андишали гном бўлиб, гоблинларга душман саналсаларинг ва тасарруфимдаги ҳудудда фитна чиқаришни ният қилмаган бўлсаларинг... Ҳа, айтгандай, бу ерларда нима қилиб?...

- Улар Ёвуз ўрмон ортидаги шарқий ерларга, ўз аждодларининг ватанига йўл олишган, - гапга аралашди Гэндальф. - Тасарруфингдаги ҳудудга биз тасодифан кириб қолдик. Юқори довондан ошиб ўтиб, ушбу ҳудуднинг жанубидаги йўлга чиқишни ният қилган эдик. Кутилмаганда бизга ёвуз гоблинлар ҳамла қилишди. Мен сенга шуни айтиб бермоқчи бўлиб турган эдим.

- Гапирадиган бўлсанг гапир-да, - жеркиб берди Беорн.

- Кучли жала қуйиб, кутилмаганда қаердандир пайдо бўлиб келган тоғ девлари бир-бирига қарата қоя улоқтириб қолишди. Бинобарин биз, яъни мен, хоббит ва яна бир неча нафар гном ғорга бекиндик...

- Тушунмадим, иккита гном сенингча бир неча нафар ҳисобланадими? - гапни бўлди Беорн.

- Йўқ, албатта, - жавоб берди Гэндальф. - Аслида биз бироз кўпчиликмиз...

- Хўп, қолганлар қани, ундай бўлса? Ҳалок бўлишди-ми, биров гўшт қилиб еди-ми, ё ортга қайтворишди-ми?

- Йўқ, йўқ. Афтидан улар ҳуштагимни эшитиб ҳаммаси баравар кириб келишга тортинган кўринади. Сени ортиқча овора қилиб қўйишни истамаймиз.

- Чал ҳуштагингни! Хиралик билан меҳмон бўлиб келган экансиз, ортиқча бир-иккита меҳмон кўп зарар қилмас, - вайсади Беорн.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 03.08.2018 21:21   #69  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Гэндальф боз ҳуштак чалди. Ҳали ҳуштак тинмай туриб остонада Нори билан Ори пайдо бўлишди.

- Уни қаранг-а! Гэндальфнинг тамакидонида ўтирган эдингизми? - ҳайрон бўлди Беорн. - Марҳамат, бу ёққа ўтинг.

- Нори, хизматингизга мунтазирман.

- Ори, хизмат....

- Миннатдорман. Хизматингиз керак бўлиб қолса, ўзим сўраб оламан. Ўтиринг. Ҳикояни эшитайлик, кечки овқатгача чўзмай.

- Кўзимиз эндигина илинган экан, - давом этди Гэндальф, - ғорнинг ички деворидаги тирқиш икки томонга сурилганча кенг очилиб, ичкаридан гоблинлар ёпирилиб чиқишди-да, мана бу хоббитни, гномларни ва пониларимиз уюрини қўлга олишди...

- Пониларимиз уюрини? Сайёр циркмисиз, нима бало? Ё ўзингиз билан бир олам юк олган эдингизми? Олти бош пони сен учун уюр ҳисобланадими?

- Йўқ, йўқ! Ростини айтсам, понилар сони сал кўпроқ, биз ҳам кўпчилик эдик... Ҳа ана, шерикларимизнинг яна икки нафари келди.

Остонада пайдо бўлган Балин билан Двалин шу қадар чуқур таъзим қилишмоқда-ки, тош тўшалган полни соқоллари билан супуриб қўйишди. Баҳайбат инсон қош чимириб олди, лекин бош ирғиётган, таъзим бажо айлаётган, қайтарма қалпоқларини зўр бериб силтаётган гномлар шу қадар хушмуомала бўлишга уринишмоқдаки, Беорннинг қовоғи очилиб, хандон отиб юборди. Қандайдир кулгили гномлар эканми булар!

- Фақат масхарабозлардан иборат циркдан ўзга нарса эмас, - хулоса қилди у. - Киринглар хуштабиат жаноблар, киринглар. Исмингиз нима? Хизматингиз керак эмас, исмингизни айтсангиз бўлди. Унақа питир-питирингизни қўйинг, тез ўтиринг.

- Балин ва Двалин, - жавоб беришди гномлар, хафа бўлишга журъат этмай.

Иккаласи полга жойлашиб ўтиришди.

- Давом эт! - амр этди Беорн.

- Нима деб турган эдим? Ҳа, ҳассам воситасида чақмоқ чақиб, гоблинларнинг уч-тўрттасини ер тишлатганим боис махлуқлар мени тута олишмади...

- Жуда соз! - гап қистирди Беорн. - Бундан чиқди, демак сеҳргар ҳам баъзан фойдали корга яраб қолар экан-да.

- ... ёпилаётган тирқиш орқали ичкарига ўтдим. Уларнинг ортидан бориб, гоблинлар йиғилган асосий залга кириб бордим. Бу ерда Орклар саркори ва унинг ўттиз-қирқтача тан қўриқчиси бор экан. «Агар гномлар бир арқонга боғланмаган тақдирда ҳам, уларнинг ўн икки нафари шунча ёвга қарши нима ҳам қила олар эди», - хаёлдан ўтказдим мен.

- Ўн икки нафари? Саккизта-ку булар! - ҳайрон бўлди Беорн. - Ё тамакидонингда яна гном борми?

- Мана яна бир жуфти, Фили билан Кили кириб келишди, - деди Гэндальф, табассум-ла таъзим бажо айлаётган гномларга имо қилиб.

- Бўлди, бас. Овозингизни чиқармай, тез ўтиринг, - деди Беорн. - Давом эт, Гэндальф.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 03.08.2018 21:22   #70  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Ҳикоя Қуйи дарвоза яқинида кечган жанг саҳнаси ва мистер Бэггинс йўқолиб қолган фурсатга қадар давом этди. «Биз бир-биримизни санаб чиқиб, ўн тўрт киши қолганимизни, хоббит йўқолиб қолганини аниқладик».

- Ўн тўрт киши? Ўндан бирни айирсак ўн тўрт қолар экан-да, а? Бу қанақанги янгилик бўлди? «Тўққиз» демоқчи бўлдинг чоғи ёки гуруҳ аъзоларининг барчаси кириб келгани йўқми ҳали бу ерга?

- Айтгандай, сен Ойн билан Глойнни кўрганинг йўқ ҳали. Ана, ўзлари ҳам келиб қолишди. Ортиқ ташвишга қўйганимиз учун маъзур санайсан бизни.

- Майли, киришсин. Тезроқ ўтиринг, иккалангиз. Менга қара, Гэндальф, сен, ўн нафар гном ва йўқолиб қолган хоббит. Жами ўн икки нафар чиқяпди. Сеҳргарлар одамга ўхшаб санашмайди-ми, нима бало? Хўп, бу масалани қўя турайлик, ҳикоянгни давом эт.

Беорн сир бой бермай, ҳикоя унга жуда қизиқ туюлганини билдирмай ўтирди. Тоғ тизмасининг сеҳргар тилга олган қисмини бурунги замонда Беорн яхши билган. Хоббитнинг топилгани, сайёҳлар гуруҳи тош тўкмаси билан бирга пастга оқиб тушгани, ўрмон яланглигида йиғилган варглар галаси ҳақида эшитар экан, маъқуллаганча бош ирғиб, пўнғиллаб ўтирди.

Сайёҳлар дарахт шохларига чиқиб, бўрилар эса ушбу дарахтлар остида пойлаб ўтиришганини эшитган Беорн оёққа туриб, домангир вайсаганча у ёқ, бу ёқ юра кетди.

- Мен йўқлик қилибман-да! Мушакбозликнинг ўзи билан қутулиб қолишмас эди улар мендан!

- Нима ҳам дер эдим, - мамнун бўлди Гэндальф, ҳикояси таъсирчан чиққанини кўриб. - Қўлимдан келганини қилдим. Биз дарахтда ўтирдик, бўрилар пастда қутуришди, оғриқ ва ғазабдан увлашди, ўрмонга ўт кетди. Шу пайт тоғдан орклар тушиб келиб, бизни кўриб қолишди. Хурсанд бўлиб ўкиришди ва: «Ўн бешта қушча чиқиб дарахт шохига, кета олмас учиб баланд тоғларга» - дея таҳқирли қўшиқ тўқиб айтишди.

- О, марҳаматли Худо! - ингради Беорн. - Гоблинлар санашни билмайди, дея кўрманг менга. Жуда яхши санашади улар, ўн икки ўн беш эмаслигини ҳам яхши билишади.

- Мен ҳам биламан. У ерда биз билан Бифур билан Бофур ҳам бўлган, - деди Гэндальф. - Уларни сенга таништиришга журъат этмай ўтирган эдим холос. Ана улар.

Остонада Бифур билан Бофур пайдо бўлишди.

- Мен ҳам бўлганман у ерда! - ҳарсиллаганча етиб келди Бомбур.

Сўнгги гном жуда семиз бўлиб, энг охирда қолдиришганидан жаҳли чиққан эди. Ортиқча беш дақиқа кутишни истамай, ҳансираганча югуриб шерикларига етиб олибди.

- Ана, энди чиндан ҳам ўн беш киши бўлдингиз. Модомики, гоблинлар санашни билар экан, демак дарахтда ҳақиқатан ҳам ўн беш киши ўтиргансизлар. Энди ҳикоянгни бемалол якунлашинг мумкин, - ижозат берди Беорн.

Гэндальф нақадар оқил иш тутганини Бильбо энди англади. Ҳикоя давомидаги танаффуслар Беорннинг воқеага бўлган қизиқишини орттирди, сеҳргарнинг тадрижий ҳикояси гномларнинг шубҳали тиламчилардай ёппасига қувиб солинишига йўл қўймади. Овлоқда яшайдиган Беорн уйига заруратсиз меҳмон чақиришдан бир умр тийилиб юрган. Унинг дўстлари жуда озчиликни ташкил этиб, бу ерлардан узоқ-узоқларда яшашади. Боз устига, унинг уйида ҳеч қачон икки кишидан ортиқ меҳмон бўлмаган. Бугун эса бир эмас, икки эмас, нақ ўн беш нафар ғирт бегона киши айвонида мўлтираб ўтирибди!
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Реклама и уведомления
Ответить
Опции темы
Опции просмотра




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2024, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх