AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360
10,318/4,529
– 37
58/50
|
Азизлар!
Эътиборингизга ҳазрат Навоийнинг "Айласа" ғазалининг рус тилидаги таржимаси ва навоийшунос олим (раҳматли) Нажмиддин Комиловнинг ушбу ғазалнинг шарҳларини ҳавола қилмоқдамиз.
Ғазал матни ва шарҳини бизга тақдим этганликлари учун "Жаҳон адабиёти" журналининг бош муҳаррири Шуҳрат Ризаевга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Цитата:
АЙЛАСА
Кўнглум ўртансун агар ғайрингға парво айласа,
Ҳар кўнгил ҳамким сенинг шавқингни парво айласа.
Ҳар киши васлин таманно айласам, навмид ўлай,
Ҳар киши ҳамким сенинг васлинг таманно айласа.
Ўзгалар ҳуснин тамошо айласам, чиқсун кўзум,
Ўзга бир кўз ҳамки ҳуснунгни тамошо айласа.
Ғайр зикрин ошкоро қилса, лол ўлсун тилим,
Қайси бир тил ҳамки зикринг ошкоро айласа.
Рашкдин жонимға ҳар наргис кўзи бир шуъладур,
Боғ аро ногоҳ хиром ул сарви раъно айласа.
Йўқ оғиздан нукта айтур маҳвашимдек бўлмағай,
Гар қуёш ҳар заррасидин бир Масиҳо айласа.
Офият жонимға етти, эй хуш ул муғким, мени
Бир қадаҳ бирла харобот ичра расво айласа.
Келтурунг дафъи жунунимға парихон, йўқ табиб,
Ким ул ансабдур пари ҳар кимни пайдо айласа.
Субҳдек бир дамда гардун қўймағай осорини,
Ногаҳ аҳли сидқ кўнгли меҳрин ифшо айласа.
Даҳр шўхига, Навоий, сайд бўлма нечаким,
Кун узори узра тун зулфин мутарро айласа.
* * *
Да сгорит мое сердце, другой поклонясь, о царица,
хоть раз!
Но и сердце любое, что страстью к тебе загорится
хоть раз!
Да не знать мне надежды на встречу с какой-то другой,
не с тобой!
Но свиданьем с тобой да не смеет никто возгордиться
хоть раз!
Восхитясь не твоей, а другой красотой, да лишусь я очей,
Но ослепни и тот, кто твоей красотой восхитится
хоть раз!
Онемей мой язык, не тебя, а другую хвалой помянув,
Но и каждый язык, восхвалявший тебя, чаровница,
хоть раз!
И к цветам я ревную тебя. Если б так же обласкан я был
Шаловливой улыбкой твоей, как нарцисс бледнолицый,
хоть раз!
Речь моей луноликой сверкает столь тонкой алмазной
пыльцой,
Что мечтает и солнечный луч ей подобно искриться
хоть раз!
Поспеши, нечестивец, отнять мою душу, налей мне вина, –
Не оно ль наконец мне поможет с возлюбленной слиться
хот раз!
Бесноватым я стал! Не врача, но колдунью зовите ко мне,
Кто колдунье подвластен, пред лекарем разве смирится
хот раз!
Ваше сердце, о люди любви, предзакатной подобно заре;
Хоть ярка – коротка! Не дано ей дождаться денницы
хоть раз!
Слишком легкой добычей сетей вероломных не будь,
Навои:
Разорви их! Пусть плачет бездушная та озорница хоть
раз!
Л. ПЕНЬКОВСКИЙ таржимаси
БАЙТЛАРНИНГ НАСРИЙ БАЁНИ
Сендан ўзгага эътибор қилса, кўнглим ўртаниб ёнсин, сенинг шавқингни пайдо қилган бошқа кўнгиллар ҳам ўртансин.
Бошқа маҳбублар васлини истасам, ноумид бўлай, Сенинг васлингни тилаган ҳар бир киши ҳам шундай бўлсин.
Агар ўзгаларнинг ҳусну жамолига маҳлиё бўлиб қарасам, кўзим чиқсин, сенинг ҳуснингни тамошо айлаган бошқа кўз ҳам оқиб тушсин.
Сендан бошқанинг номини айтсам, тилим тутилсин, номингни зикр этган бошқа тил ҳам шундай бўлсин.
Агар ул раъно қоматли нигорим боғ аро сайр айласа, наргисдай чиройли кўзлари рашкдан жонимга шуъладай бўлиб ёндиради.
Қуёш ҳар заррасидан бир Исо яратса ҳам у менинг тор оғизли (оғзи кўринмайдиган) ой юзли гўзалимдай бўлолмайди.
Хурсандман ул пири комилданки, бир қадаҳ май тутиб (илоҳий муждадан баҳраманд этиб), ўз ҳузурида бехуду маст этди ва жонимга роҳат, осойишталик бағишлади.
Девоналигимнинг даволаш учун дуохон ё табиб келтиринг, чунки кимники бир пари пайкар гўзал шайдо айлаган бўлса, унга шу муносибдир.
Агар сидқ аҳли – вали инсонлар кўнгли Унинг меҳрин фош этса, осмон тонг ёғдуси каби ўз нурини бир лаҳза қўймай тўкаверади.
Ҳар қанча тун зулфини тозалаб, хушбўй таратиб, кундуз юзига ёпса ҳам, эй Навоий, дунё гўзалига ов бўлма.
ҒАЗАЛНИНГ УМУМИЙ МАЗМУН-МАЪНОСИ
Навоийнинг ушбу ғазалини рашкнома деса ҳам бўлади. Ошиқнинг ўз маъшуқасига ишқи шунчалик кучлики, у ҳеч кимни унга яқинлаштиргиси келмайди, иложи бўлсаю, маҳбубасини барча ғайр ва бегона кишилардан яширса, ҳеч ким у ҳақда гапирмаса, ҳатто номини тилига олмаса. Шу боис ҳар бир байт бир илтижоли қасамдай жаранглайди, яъни ошиқнинг ўзи ҳам ёрдан ўзгага боқмасликка онт ичади. Ҳа, ҳақиқий муҳаббат ана шундай, у фақат севган ёр васфини талаб қилади, ўз ёрини барчадан устун деб билиб, бутун вужуди, фикру ўйи билан ёр ёди билан яшаб, унга талпинади. Рашк ва қизғаниш ахир муҳаббат кучидан нишона. Севмаган одамда рашк бўлмайди.
Аммо Навоий, ҳар галгидай, бу ғазалда ҳам яна ошиқона ҳиссиётлар тасвиридан орифона фикрлар баёнига ўтади, бошқача айтганда, муддаоси пири комил ҳузури эканлиги қайд этиб ғазални якунлайди.
Нажмиддин КОМИЛОВ
|
|