Датацентр UZINFOCOM

Моё меню Общее меню Пользователи Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > ZiyoNET
Знаете ли Вы, что ...
...для каждой темы существует свой раздел. Изучите структуру форума. Если соответствующего раздела нет, то всегда есть раздел "Разное" :)
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

ZiyoNET Общественная образовательная сеть ZiyoNET


Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 30.03.2014 09:29   #1  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,855
+ 6,216  7,268/2,043
– 77  283/147

UzbekistanFacebook
Қрим яримороли: эски ва янги тарих

Мен тарихчи эмасман, лекин касби-кори турли миллат ва элатлар орасида адоват уруғини сочиш, у ёки бу юртда алғов далғовликларни юзага келтириб, ўзининг ғаразли мақсадига эришиш бўлган ғаламис кучлар томонидан уюштирилган, Ер деб аталадиган ушбу сайёрамиз аҳлининг кўз ўнгида икки буюк миллат, аслида бир-бирига қондош, биродар, маънавий ва маданий қадриятлари муштарак бўлмиш икки халқ – руслар билан украинлар орасида 2013 йилнинг ноябрь ойидан буён ўтаётган фожиали, қолаверса, шармандали ҳодисаларни, Қрим яримороли ва унинг атрофида рўй бераётган сиёсий, ҳарбий-сиёсий, молиявий-иқтисодий жараёнларни, бирга ўқиган рус ва украин дўстларимга юрагим ачишганидан бўлса керак, хотиржам қараб туриш оғир кечяпти. Бу борадаги фикримни «Украинанинг Ҳарбий-денгиз кучларига оид мулоҳазаларим» деб номланган мақоламда қисман баён этиб ўтган эдим.
Бугун эса мен, Қрим тарихига оид бир қатор маълумотларни муайян тизимга солган тарзда йиғиб, ўзбек тилига таржима қилганча, Украинада юз бераётган ҳодисаларни диққат билан кузатиб бораётган замондошларимиз, авваламбор, ёшларимиз эътиборига ҳавола этмоқчиман.
Мазкур очерк бир нечта бўлимдан иборат бўлиб, унда дастлаб Қрим ҳақида умумий маълумотлар, яриморол табиати, ҳудудида мавжуд асосий географик объектлар, шунингдек, милоддан аввалги даврдан бошлаб бугунги кунга қадар Қрим заминида бўлган давлат тузумлари ва асосий тарихий-сиёсий ҳодисалар, жумладан:
Таврика (Таврия), Боспор давлати, Тмутаракань князлиги, Қрим хонлиги каби тузумлар;
1687 ва 1689 йиллари Россия империяси томонидан амалга оширилган Қрим юришлари;
1735-1878 йиллар давомида, муайян танаффуслар орасида бўлиб ўтган Россия-Туркия урушлари ва Қримнинг Россия таркибига қўшиб олиниши;
1853-56 йиллари кечган Қрим уруши, хусусан, «Шарқ масаласи» ва унинг ҳал этилиши, ушбу уруш муҳорабалари;
Иккинчи жаҳон уруши йилларида яриморол ҳудудида кечган йирик миқёсли операциялар;
гарчи яриморол тақдирига бевосита тааллуқли бўлмаса-да, ҳар эҳтимолга қарши, 1945 йили унинг ҳудудида ўтказилган машҳур Қрим (Ялта) конференцияси ва унда кўриб чиқилган асосий масалалар;
ушбу минтақанинг урушдан кейинги қисматига оид маълумотлар берилган.

Қрим ҳақида биз ўзбекларнинг нуқтаи назари битилган тарихий ҳужжатлар бўлса керак, албатта. Лекин бундай асарлар менинг ихтиёримда бўлмагани боис, бу ерда келтирилган маълумотларни турли энциклопедия ва мақолалардан саралаб олдим, дунёнинг нариги чеккасидаги Қримнинг Қрим бўлишига аслида биз ўзбекларнинг, Европани мўғул-татар истилосидан қутқариб қолган, номи оламга довруқ бўлган буюк саркарда бобомиз А. Темурнинг тутган ўрни беқиёс эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтдим.
Биз ҳарбийлар бирон-бир ҳолат ёки ҳодиса ҳақида фикр-мулоҳаза билдирадиган, маълумот ёзадиган бўлсак, одатда, нома охирида хулоса чиқариб, тегишли таклифлар киритиб ўтамиз. Хулоса чиқаришдан олдин, ушбу очерк хотимасида украин миллатига мансуб бўлиб, умр бўйи Қримда яшаб келган бир инсоннинг референдум ўтгач, юракдан айтган сўзларини ҳам таржима қилиб, ҳукмингизга ҳавола этишни жоиз деб топдим. Ушбу монологда сиз, Украина буҳронининг илдизи, келиб чиқишининг асл сабабини кўрасиз ва қарор топган нохуш вазиятдан, маҳаллий казаклар таъбири ила айтганда, ҳар хил «нечисть»лар (иблис-у манфурлар) фойдаланиб қолгани ҳақида, ўйлашимча, тўғри хулоса чиқара оласиз.
Эҳтимол, мазкур очерк матнида айрим исм ёки жой номларининг ёзилишида жузъий хатоларга йўл қўйгандирман ва бунинг учун олдиндан узр сўрайман, албатта. Лекин Қрим яримороли сиёсий, стратегик, тарихий, қолаверса, илмий аҳамиятга эга экан ушбу маълумотлар кўпчилик учун фойдадан холи бўлмайди, деб ўйлайман.
Қрим тарихи асосан ҳарбий ҳодисаларга бой бўлгани боис, ушбу очеркни тайёрлаб, миллатдошларга тақдим этишни офицерлик бурчим деб топдим.

Марҳамат, ҳурматли замондош, қадрли ёшлар, вақт топиб, танишиб чиқинг.

P.S. Фақат илтимос, ушбу очерк материалларидан у ёки бу мақсадда фойдаланар экансиз, манбани кўрсатиб ўтишни унутманг. Arial-14 шрифтида жами 38 саҳифадан иборат пешана тери, ҳар қалай
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига

Последний раз редактировалось Dilya Hasanova; 03.04.2014 в 22:10.
Ответить 
Старый 30.03.2014 09:31   #2  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,855
+ 6,216  7,268/2,043
– 77  283/147

UzbekistanFacebook
ҚРИМ ЯРИМОРОЛИ ҲАҚИДА УМУМИЙ МАЪЛУМОТЛАР

ҚРИМ, ҚРИМ ЯРИМОРОЛИ (рус. Крым, Крымский полуостров; укр. Крим, Кримський півострів; қримтатар. Qırım, Qırım yarımadası, Къырым, Къырым ярымадасы). Умумий майдони 26,860 минг квадрат километр, ундан 72 фоизи текислик, 20 фоизи тоғли ҳудудлар, 8 фоизи кўл ва бошқа турдаги сувли ҳавзалари.
Яриморол ҳудудида Қрим Республикаси, Севастополь ва Арабат қумтилининг (рус. Арабатская Стрелка) шимолий томонини эгаллаган Херсон вилоятининг (Украина) муайян қисми жойлашган.
Қора денгиз ҳавзасининг ичкарисига кириб кетган Қрим яриморолининг:
ғарбий ва жанубий қирғоқларини Қора денгиз (Каркинит, Каламита ва Феодосия кўрфазлари), шарқий қирғоғини Азов денгизи (Сиваш, Қозон Тип ва Арабат кўрфазлари) сийпаб ўтади;
шимолий қисмида Украинанинг Херсон вилояти билан эни 8 километр келиб, қитъа ила туташтирадиган Ор бўйни (рус. Перекопский перешеек), Сиваш майда қўлтиқлар тизими (Сассиқ денгиз), Арабат қумтили орқали Россия-Украина давлат чегараси ўтади;
шарқий қисмида Керчь бўғози ўтиб, бугунги кунда ушбу бўғоз орқали автомобиль-темир йўл кўприги қурилиши режалаштирилган;
жанубий қисмида яриморол рельефини шимолий текислик ва жанубий тоғли ҳудудларга бўлиб қўйган Қрим тоғлари, ушбу тоғларнинг жанубий этаги бўйлаб эса Қримнинг жанубий соҳили (рус. Южный берег Крыма), деб номланадиган энсиз шағал минтақа чўзилган.
Қрим шарқида Керчь яримороли, ғарбида Тарханкут яримороли, жанубида Гераклей яримороли, шимолида Тюп-Тархан яримороли мавжуд. Қримнинг энг шимолий нуқтаси Ор бўйни, энг жанубий нуқтаси Николай бурни, энг ғарбий нуқтаси Тарханкут яриморолидаги Қора Мрун бурни (рус. Прибойный), энг шарқий нуқтаси Керчь яриморолидаги Фенер бурни (рус. мыс Фонарь) саналади.
Қрим яриморолининг ғарбий нуқтасидан шарқий нуқтасига (Қора Мрун бурнидан Фенео бурнига) қадар масофа 326 километрни, шимолий нуқтасидан жанубий нуқтасига (Ор бўйнидан Николай бурнига) қадар масофа 205 километрни ташкил этади. Қрим ҳудудининг марказий нуқтаси Азов қишлоғи яқинида бўлса, 1545 метр келадиган энг юқори нуқтаси Роман-Кош тоғи саналади. Асосан текис қирғоқларининг умумий узунлиги 1 минг километрдан, қуруқлик ва денгиз чегараларининг умумий узунлиги эса 2500 километрдан ошади.
Қрим ҳудудининг Даштли Қрим, деб номланадиган шимолий текислик қисмида қитъага хос мўътадил, қуруқ иқлим ҳукм суради, Тоғли Қрим, деб номланадиган жанубий, яъни Қрим тоғлари тўсиб қўйган Жанубий соҳилда Ўрта денгиз иқлимига ўхшаш субтропик иқлим қарор топган. Яриморолнинг ёзи қуруқ, иссиқ, серқуёш, ҳавонинг нисбий намлиги кўтарилмай ўтади. Унинг тоғли ҳудудларида қора қайин-граб ўрмонлари, тоғ этагида чангалзорлар, Жанубий соҳилда эса эман-қора арча ўрмони ўсади. Бундан ташқари, яриморол темир рудаси, табиий газ каби фойдали қазилмаларга бой. Қорадоғ ҳудуддида эса ярим қимматбаҳо тош конлари мавжуд.
Қрим тоғлари ва ўрмонлари давлат муҳофазасига олмнган. Яриморол ҳудудининг муайян қисмида Қрим табиат қўриқхонаси, Ялта тоғ-ўрмон табиат қўриқхонаси, Мартян бурни (рус. Мыс Мартьян) табиат қўриқхонаси, Қорадоғ (рус. Карадагский заповедник) табиат қўриқхонаси, Астанин тўқайлари (рус. Астанинские Плавни), Айиқ тоғ (рус. Аюдаг), Катта дара (рус. Большой каньон), Арабат, Качин ва Янги дунё (рус. Новый Свет) қўриқхоналари фаолият юритади. Шу боис, Қримга ташриф буюрган сайёҳлар учун ўрмон муҳофазасига оид қатъий қоидалар жорий этилган.
Мазкур яриморол иқлим терапияси, шифобахш балчиқлари, узум воситасида даволаш муолажалари ила дунёга машҳур курорт зона бўлиб:
Жанубий соҳилдаги Ялта ва Алушта минтақалари;
Ғарбий соҳилдаги Евпатория-Саки минтақаси;
Жануби-шарқий соҳилдаги Феодосия ва Судак минтақаларига бўлинади.
Муҳим курортлари жумласига Ялта, Мисхор, Алупка, Симеиз, Гурзуф, Алушта, Феодосия, Евпатория киради

Яриморолдаги сиҳатгоҳ-курорт хўжалигининг равнақ топишига Қрим саноати кўп жиҳатдан омил бўлиб, нисбатан ривожланган соҳалари жумласига:
мева-сабзавот консервацияси, виночилик, эфир мойи корхоналари, балиққа ишлов бериш корхоналаридан ташкил топган озиқ-овқат саноати;
кемасозлик, асбобсозлик, озиқ-овқат саноати учун жиҳозлар, телевизор ишлаб чиқаришга ихтисослашган машинасозлик саноати;
Симферополь пластмасса заводи шуғулланадиган кимё саноати;
трикотаж, кўн-пойафзал ишлаб чиқариладиган енгил саноат;
қурилиш материаллари саноати;
Қамишбурун темир руда комбинати шуғулланадиган темир руда саноати;
табиий газ чиқариш саноати кабилар;
қуёш электр станцияси киради.
Қрим Республикаси қишлоқ хўжалигида:
буғдой, маккажўхори, арпа, шоли кабилар етиштириладиган ғаллакорлик;
кунгабоқар, мойли зиғир, тамаки, эфир мойли ўсимлик каби техник экинлар етиштириладиган деҳқончилик;
боғдорчилик;
узумчилик;
сабзавотчилик;
гўшт етиштиришга ихтисослашган паррандачилик;
гўшт-сут етиштиришга ихтисослашган чорвачилик;
чўчқачилик;
қўйчилик кабилар етакчи ўрин тутади.

Яриморол ҳудудида кўплаб табиий-меъморий ёдгорликлар мавжуд. Улар жумласига:
Евпатория ҳудудидаги милоддан аввалги 6- ва 5- асрлардан милоддан аввалги 2- асргача ҳаётий фаолият юритган Керкинитида юнон қишлоғи, 16-17- асрларда бунёд этилган Гезлёв турк қалъаси, 1552 йили қурилган жума- жоме масжиди;
Ай-Тодор тоғ массивининг тармоқларидан бирида тик кўтарилган 40 метрли қоя устига 19- асрда готика услубида қурилган «Қалдирғоч уяси» қасри;
1848 йили асос солинган Байдар Дарвозаси довони;
Қрим тоғларининг Долгоруков тармоғидаги Қизил қоба ғорлар тизими;
Ай Петри тоғидаги баландлиги 98,5 метр келадиган Учан Сув шаршараси;
4 – 14- асрлардан қолган Бакла қишлоғидаги «Ғор шаҳри»;
8 – 9- асрлардан қолган Каламита қалъаси;
8 – 15- асрлардан қолган Челтер-Мармара ва Кача дарёси ўзанидаги 8 – 18- асрлардан қолган Качи-Кальон ғор монастирлари;
Оқ Монай (Каминск) қишлоғи яқинидаги Арабат қалъасининг нишоналари;
17- асрдан қолган Феодосиядаги Муфти Жомий масжиди киради.
Қримда кейинги даврларда яратилган диққатга сазовор жойлар ҳам кам эмас, хусусан: Янги дунё ҳудудидаги Лев Голицин саройи, 19- асрда қад кўтарган шампан виноси заводининг биноси, Судак шаҳридаги Генуэзлар қалъаси, Боқчасарой ҳудудидаги давлат тарихий-маданий қўриқхонаси, Алупка давлат истироҳат боғи сарой-музей қўриқхонаси, Ласпи қўлтиғи товоқсойида Ялта – Севастополь йўли лойиҳасининг муҳандиси ёзувчи Н. Г. Гарин-Михайловскийнинг хотирасига ўрнатилган ҳайкал, И.К.Айвазовский номли суратлар галереяси, А. С. Гриннинг адабий-мемориал музейи, А. П. Чехов уй-музейи. К. А. Тренёв (1876-1945), П.А. Павленко (1899-1951) ва К. З. Бирюковнинг (1912-66) бадиий мемориал музейлари шулар жумласидандир.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 30.03.2014 09:38   #3  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,855
+ 6,216  7,268/2,043
– 77  283/147

UzbekistanFacebook
ЯРИМОРОЛ ТАБИАТИ, АСОСИЙ ГЕОГРАФИК ОБЪЕКТЛАРИ

Гидрография

Қрим яримороли ҳудудида Қорадарё (рус. Чёрная), Бельбек, Кача, Олма (рус. Альма), Салгир каби 250 дан ортиқ дарё мавжуд. Қора денгиз бўйи артезиан ҳавзаси жойлашган Қримда Сассиқ (рус. озеро Сасык), Қизил (рус. Красное озеро), Саки (рус. Сакское озеро) каби 50 дан ортиқ шўр сувли қўлтиқ кўллар бор. Бундан ташқари, рельефининг дашт қисмида кўплаб суғориш каналлари қазилган бўлиб, Шимолий Қрим канали улар орасида энг йирик сув йўли саналади.
Қуйида Қрим қирғоқларини сийпаб ўтган иккита денгиз ва яриморол ҳудудидаги сув ҳавзаларига оид қисқача маълумотлар бериб ўтмоқчиман.
АЗОВ ДЕНГИЗИ, (қадимий рус. – Сурож), Шарқий Европа текислигининг жанубидаги, Қрим яриморолининг шарқий қирғоғини сийпаб ўтадиган денгиз.
Арабат, Бердянск, Қозон Тип, Таганрог, Тамань, Темрюк кўрфазлари, Ейск, Миусск, Сут (рус. Молочный), Сиваш, Утлюк қўлтиқларига эга, Дон ва Кубань дарёлари қуйиладиган Азов денгизининг майдони 39 минг квадрат километр, чуқурлиги 15 метргача бўлиб, қиш фаслида 2 – 3 ой музлайди.
Ушбу денгизда хамса, сельдлар оиласига мансуб тюлька, леш, судак каби балиқлар овланади.
Соҳилида курортлар фаолияти йўлга қўйилган Азов денгизининг асосий портлари жумласига Мариуполь, Таганрог, Ейск, Бердянск портлари киради.
Азов денгизининг экологик ҳолати бугунги кунда антропоген таъсир оқибатида издан чиқарилган.
ҚОРА ДЕНГИЗ, Европа билан Кичик Осиё орасидаги, Россия, Украина, Руминия, Болгария, Туркия ва Грузия қирғоқларини сийпаб ўтадиган, Керчь бўғози орқали Азов денгизи, Босфор бўғози орқали Мармара денгизи, Чаноққалъа (Дарданелл) бўғози орқали Эгей денгизи ва Ўрта денгиз билан боғланадиган, майдони 422 квадрат метр, энг чуқур жойи 2210 метр келадиган Атлантика океанининг ўрта денгизи.
Дунай, Днестр, Жанубий Буг, Днепр, Риони, Қизил Ирмоқ каби йирик дарёлар қуйиладиган Қора денгиздаги энг йирик кўрфазлар жумласига Днестр ва Днепр-Буг қўлтиқлари, Каркинит, Каламит, Самсун ва Синоп кўрфазлари киради. Унинг 150 метрдан чуқур қисмидаги суви водород сулфид билан зарарланган бўлиб, катта чуқурлигида тирик организм деярли учрамайди.
Балиқчилик саноатида асосан осётрсимонлар оиласига мансуб балиқлар, ставрида, скумбрия, пеламида каби балиқлар овланади.
Соҳилида кўплаб курортлар фаолият юритадиган Қора денгизнинг асосий портлари жумласига Новороссийск, Туапсе, Севастополь (Россия), Одесса, Ильичевск (Украина), Поти, Батуми (Грузия), Констанца (Руминия), Бургас, Варна (Болгария), Самсун, Трабзон (Туркия) киради.
БЕЛЬБЕК ДАРЁСИ, Қрим яриморолининг жануби-ғарбидаги, узунлиги 63 километр, ҳавзасининг умумий майдони 505 квадрат километр келадиган дарё.
Қримнинг энг серсув дарёси саналадиган Бельбек Қрим тоғларининг Бош тизмасидан оқиб тушадиган Узунбош ва Манготра дарёларининг қўшилиши натижасида ҳосил бўлиб, Севастополь қўлтиғидан 5 километр нарида, Любимовка шаҳарчаси яқинида Қора денгизга қуйилади. Дарёнинг боши ва ундан ажраб чиқадиган ирмоқлар ўзани тор, тезоқар, баланд қирғоқлари тик кўтарилган, кучли тўлқинли, ҳеч қачон қуримайдиган оқим кўринишига эга.
Қрим тоғларининг Ички тизмаси орқали ўтадиган Бельбекнинг ўрта қисми сезиларли даражада торайганча, табиий ёдгорлик дея эълон қилинган Бельбек дарасини (Албат довонини) ҳосил қилади. Бу ерда, чуқурлиги 160 метр келадиган дарё сойлигининг энг тор қисмидаги эни, тепасидан ўлчанадиган бўлса, 300 метрни ташкил этади. балчиқли чўкиндини кесиб ўтадиган Бельбек этагининг оқими секинлашади.
Бельбекнинг Қора денгизга қуйилаётган ўзанининг эни 24 – 30 метрга қадар кенгаяди. Июль-сентябрь ойларида Бельбекнинг қуйи оқими ҳар йили қуриб борса-да, кучли ёғингарчилик оқибатида тошқин бўлиб туради. Дарёнинг юқори оқимида қор, муз ва ёмғир сувини ушлаб қоладиган сув омборлари қурилган.
Ушбу дарёда гулмоҳи, зоғорабалиқ, сўзанбалиқ ва бистрянка балиқларини учратиш мумкин. Унинг сувидан мевали боғларни суғориш учун фойдаланилади.
Бельбек дарёси сойлигидан бугунги одам қиёфасига эга бўлиб, тахминан 40 минг йил муқаддам, яъни палеолит даври хотимасида яшаб ўтган кроманьонларга қарашли қароргоҳларнинг нишоналари топилган.
ОЛМА ДАРЁСИ, боши Сариқ сувдан бошланиб, Қрим қўриқхона-овчилик хўжалиги орқали оқиб ўтганча, Қора денгизнинг Каламита кўрфазига қуйиладиган, сув сарфи сонияда ўртача 1,2 куб метрни ташкил этадиган ушбу дарёнинг узунлиги 83 километр келади. Ёз фаслида 2 ойгача, қурғоқчилик йили эса 6 ойгача қуриб қолиши мумкин.
Қардош Қримтатарлар томонидан дарёга бундай ном берилгани бежиз эмас, албатта. Гап шундаки, Олманинг қуйи оқими сувидан, унинг сойлигидаги олмазорларни суғориш мақсадида фойдаланилади.
1853-56 йиллари бўлиб ўтган Қрим урушида, хусусан, 1854 йил 20 сентябрь куни Олма дарёси ёқасида ўтган муҳорабада рус қўшинлари инглиз-француз-турк қўшинлари томонидан яксон қилинган.
САЛГИР ДАРЁСИ, боши Чодиртоғ этагидаги Ангара ва Қизил Коба дарёларининг манбасидан бошланадиган, Даштли Қрим ҳудудидан кенг сойлик ҳосил қилганча оқиб, Сиваш қўлтиғига қуйиладиган, узунлиги 204 километр келадиган, ҳавзасининг умумий майдони 3750 квадрат километрни, қуйилиш жойидан 36 километр наридаги сув сарфи сонияда ўртача 2,27 куб метрни ташкил этадиган дарё.
Ушбу дарё аралаш сувлардан тўлиб бориб, сатҳи декабрь ойидан май ойига қадар кўтарилса, ёз фаслида тушиб кетади. Симферополдан ўтиб, Катта Қорасувнинг ўнг ирмоғига қуйиладиган қисми ҳар йили қуриб боради.
Салгир дарёсининг Симферополь яқинидаги йўлида майдони 3,2 квадрат километр келадиган Симферополь сув омбори мавжуд. Ушбу дарё Шимолий Қрим канали билан кесишиб, ундан сув таъминоти манфаатлари ва суғориш мақсадида Салгир суғориш тизими ҳосил қилинган тарзда фойдаланилади.
Салгирда зоғорабалиқ, қизилкўз, олабуға, юқори қисмида эса гулмоҳи балиқларини учратиш мумкин.
ШИМОЛИЙ ҚРИМ КАНАЛИ, 1961-71 йиллари қазилган, боши Каховка сув омборидан бошланиб, Керчь шаҳрига қадар етадиган, узунлиги 402,6 километр келадиган, максимал сув ўтказиш қобилияти сонияда 300 куб метрни ташкил этадиган суғориш-сув чиқариш канали.
Феодосия билан Керчь шаҳарларини ичимлик суви билан таъминлайдиган ушбу канал суғорадиган майдон 1986 йили 380 минг гектарни, сув чиқариш майдони эса 600 минг гектарни ташкил этган.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 30.03.2014 09:43   #4  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,855
+ 6,216  7,268/2,043
– 77  283/147

UzbekistanFacebook
КЕРЧЬ БЎҒОЗИ, Қора ва Азов денгизларини бир-бири билан боғлайдиган, узунлиги 41 километр, эни 4 метрдан 45 метргача, минимал чуқурлиги 5 метр келадиган, Керчь ва Тамань яримороллари орасидаги (дунёдаги энг саёз) бўғоз. Ушбу бўғознинг энг йирик порти Кавказ станцияси билан темир йўл пароми воситасида боғланган Керчь порти саналади.
САКИ КЎЛИ, денгиз сатҳидан 2,1 метр пастда жойлашган, умумий майдони 8,1 квадрат метр, узунлиги 5,5 метр, энг энли жойи 3 километр, чуқурлиги ўртача 0,8 метр келадиган, Евпатория шаҳридан 20 километр наридаги, Сассиқ кўлнинг жануб томонида ҳосил бўлган суви шўр оқмас кўл.
Кўл тубини маъданли балчиқнинг қалин қатлами қоплаган бўлиб, ундан беморларни даволаш муолажаларида кенг фойдаланилади. Хусусан, ушбу балчиқ киши организмидаги модда алмашиниш, сиртқи қон айланиш, ички аъзоларда қон айланиш, юрак орқали қон айланиш жараёнлари ва қон-томир тизимининг ишини яхшилаб, оғриқ қолдириш, турли шиш ва ғурраларни бартараф этиш таъсирига, шу жумладан, яллиғланишга қарши таъсир кўрсатишга эга бўлиш баробарида, регенератив жараёнлар кучайиши, организмнинг радионуклидлардан тозаланишига омил бўлиб, суяк қопламаси ҳосил бўлиши ва тўқималар трофикасини кучайтиради, гормонал ҳолатни меъёрий ҳолатга келтиради.
Саки кўли денгиз, ер ости, қор, муз ва ёмғир суви аралашиши ҳисобига тўлиб бориб, ҳавзаси иккига, хусусан, шарқий, яъни даволаниш ҳавзаси ва ғарбий – саноат ҳавзасига бўлинади.
Кўлнинг ғарбий ҳавзаси узоқ вақт калий перманганати, бромли метил ва ош тузи ишлаб чиқаришга ихтисослашган кимё корхонаси учун база сифатида хизмат қилган бўлиб, 2002 йили ёпилган. Кўл бўйида Саки шаҳри ва шундай номланадиган бальнеология курорти жойлашган.
СИВАШ (Сассиқ денгиз), Азов денгизининг ғарбий қирғоғидаги, ушбу денгиздан Арабат қумтили тўсиб, Геническ бўғози орқали боғланадиган, умумий майдони 2560 квадрат километр келадиган, суви ўта маъданли майда қўлтиқлар тизими.

Яриморол рельефи ва ҳудудидаги айрим объектлар

ҚРИМ (ТАВРИЯ) ТОҒЛАРИ, яриморол жанубидаги, узунлиги 150 километр, эни 50 километр келадиган, таркиби сланецли тоғ жинслари, қумтош ва оҳактошдан иборат тоғлар.
Қрим тоғлари учта тизмадан, хусусан:
таркибига баландлиги 1545 метр келадиган Роман-Кош тоғи кирадиган, супатоғ кўринишидаги оҳактош массивларидан иборат Жанубий ёки Асосий тизма (Яйла тизмаси);
этаклари куэста (исп. cuesta – қияма тоғ), яъни асимметрик кўринишга эга (бири узун ва нишаб, иккинчиси қисқа ва тик кўтарилган), баландлиги 750 метрга етадиган иккита Ўрта ёки Ички тизма;
баландлиги 350 метр келадиган Шимолий ёки Ташқи тизмадан ташкил топган.
Яйланинг ясси юзаси ўрмонсиз бўлиб, чангалзор қоплаган. Бош тизма этаги Жанубий соҳилнинг энсиз минтақасидан иборат бўлса, ёнбағрида Қрим қўриқхона-овчилик хўжалиги, Ялта ва Қорадоғ қўриқхоналари фаолият юритади.
Қрим тоғларининг шимолий ёнбағирларида эман, қора қайин ва қарағай ўрмонлари ўсади.
ЧОДИРТОҒ, яриморолнинг марказий қисмида, денгиздан 10 километр нарида жойлашган, Қрим тоғларининг Бош тизмасига мансуб, баландлиги бўйича Қримда бешинчи ўринда турадиган тоғ массиви.
Бир замонлар қўшни тоғларга туташган, эски номи грек тилидан таржима қилинганда «супа» маъносини англатадиган «трапезус» номига эга бўлган Чодиртоғни, емирилиш оқибатида, Бабуган тоғидан Катта Ўзан ва Олма дарёлари, Демиржи ва Долгоруков тоғ тизмасидан эса Ангара дарёси ажратиб қўйган.
Чодиртоғ қуйи ва юқори платолардан иборат бўлиб, юқори платоси иккита чўққи, хусусан, шарқий Ангар-Бурун чўққиси ва ғарбий, баландлиги 1525 метр келадиган Эклизи Бурун чўққисидан ташкил топган.
Мазкур ясситоғликнинг шимолдан жануб томон узунлиги 10 километр, ғарбдан шарқ томон ўлчанган эни 4 километр келади.
ҚОРАДОҒ, Қрим яриморолининг Қора денгизга қараган соҳилидаги, баландлиги 577 м келадиган вулқон массиви.
Қорадоғнинг шарқий этагида Коктебель курорти фаолият юритади.
1979 йилдан эътиборан Қорадоғ майдони 3000 гектар келадиган Қорадоғ қўриқхонаси таркибига киритилган.
БАЙДАР ДАРВОЗАСИ Байдар водийсини Қримнинг жанубий соҳили билан боғлайдиган, Қрим тоғларининг Бош тизмаси орқали, хусусан, ғарб томонда баландлиги 657 метрли Челеби, шарқ томонда эса баландлиги 705 метрли Чху-Баир тоғлари орасидан ўтган, баландлиги 503 метр келадиган тоғ довони.
Илгари, ушбу довон ўрни орқали қадимий Херсонес йўли ўтган бўлиб, 1837 йили Новороссийск ўлкасининг генерал-губернатори граф М. С. Воронцовнинг ташаббуси билан Ялта – Севастополь шоссе йўлини ётқизиш ишлари бошланган. Ушбу ишлар якунига етгани шарофатига ялталик меъмор К. И. Эшлиманнинг лойиҳасига асосан ёдгорлик сифатида «Байдар Дарвозаси» бунёд этилган.
БАЙДАР ВОДИЙСИ, яриморолнинг жанубий-ғарбий қисмидаги, узунлиги 16 километр, эни 8 километрга етадиган, денгиз сатҳидан 300 – 400 метр баландда жойлашган тоғлараро товоқсой.
Қрим тоғларининг, ушбу водий атрофидаги Бош ва Ички тоғ тизмаларига қарашли тоғлардан Қорадарё ирмоқлари саналадиган кўплаб сойлар оқиб тушади.
Байдар водийси, ундаги экин далалари, боғлар, узумзорлар билан биргаликда Байдар табиий қўриқхонаси таркибига киради. Ушбу водий ҳудудида ибтидоий одамлар беш минг йил муқаддам яшаб ўтгани аниқланган. Родниковский (собиқ Скель) қишлоғи яқинида ўрнатилган палахса тошлар кўринишидаги ёдгорликлар бундан далолат беради.
Водий орқали қадимий Херсонес йўли ўтган бўлиб, бугунги кунда унинг ўрнида Ялта – Севастополь шоссе йўли ётқизилган. Водийнинг жанубий чеккасида Байдар Дарвозаси довони бўлиб, у ердан Қримнинг жанубий соҳилига олиб тушадиган гўзал манзара очилади. Қримнинг жанубий соҳили билан Симферополь оралиғида троллейбус қатнайди.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 30.03.2014 09:47   #5  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,855
+ 6,216  7,268/2,043
– 77  283/147

UzbekistanFacebook
АЙ-ТОДОР БУРНИ, Қримнинг жанубий соҳилидаги, 1145 йилдан Жалита сифатида маълум Ялта шаҳрининг жануби-ғарбидан 8,5 километр нарида, Қора денгиз ҳавзасига кирганча, тикка тушган жар деворлари кўринишига эга Могаби тоғининг оҳактош тизмасидан ҳосил бўлиб, Ялта қўлтиғини якунлайдиган бурун.
Ай-Тодор тизмаларидан бирининг устида 19- асрда готика усулида қурилган «Қалдирғоч уяси» қасри қад кўтарган. Шунингдек, Ай-Тодор бурнида 1 – 3- асрларда римликлар томонидан бунёд этилган ҳарбий лагерь харобалари сақланиб қолган.
АРАБАТ ҚУМТИЛИ Азов денгизининг ғарбий қирғоғидаги Сиваш майда қўлтиқлар тизимини (Сассиқ денгизни) Азов денгизидан тўсиб қўйган, узунлиги 113 километр, эни 270 метрдан 8 метргача келадиган қумлоқ тил.
ОР БУЙНИ, Қрим яриморолини қитъа билан боғлайдиган, узунлиги тахминан 30 километр, эни 8 – 23 километр келадиган ҳудуд.
Фуқаролар уруши (1920 йили) ва Иккинчи жаҳон уруши даврида (1941 ва 1943- 44 йиллари) Ор бўйнида ниҳоятда шиддатли жанглар кечган.
КЕРЧЬ ЯРИМОРОЛИ, майдони қарийб 3 минг квадрат километр келадиган, баландлиги 190 метрга етадиган, қирғоқларини Азов денгизи, Қора денгиз ва Керчь бўғози сийпаб ўтадиган Қрим яриморолининг шарқий қисми. Ҳудудида балчиқ вулқони отилиб турадиган ушбу яриморолда Керчь темир руда ҳавзаси мавжуд.
Иккинчи жаҳон уруши йилларида, хусусан, 1941-42 йиллари Керчь яриморолида Керчь-Феодосия операцияси, 1943 йили эса Керчь-Эльтиген операцияси ўтказилган.
ҚРИМНИНГ ЖАНУБИЙ СОҲИЛИ, шимол томондан Қрим тоғларининг Бош тизмаси (Яйласи) билан тўсилган, ғарб томондаги Айя бурнидан, шарқ томондаги Қорадоғ массивигача 100 километрдан узоққа чўзилган, Қрим яримороли соҳилининг эни 2 километрдан 8 километргача бўлган тор қия тепалик минтақаси.
Жанубий соҳил иқлими субтропик ўрта денгиз иқлимига хос бўлиб, ёзи узоқ иссиқ, қуруқ, қиши юмшоқ ўтади. Дарахт ва бута ўсимликлари билан бирга ўрта денгиз ўсимлик турлари ҳам ўсади. Ҳудудида боғлар, токзорлар, парклар, Мартьян Бурни. Ялта, Қорадоғ қўриқхоналари, Никита ботаника боғи бўлиб, машҳур денгиз бўйи иқлимий курорт зоналаридан бири саналади. Хусусан, Ялта, Алупка, Алушта, Гурзуф, Ливадия, Мисхор, Симеиз каби курортлар шу ерда жойлашган. Бу ерда асосан, нафас аъзолари, юрак-қон томир ва асаб тизими касалликлари билан оғриган беморлар даволанади.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 30.03.2014 09:53   #6  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,855
+ 6,216  7,268/2,043
– 77  283/147

UzbekistanFacebook
ҚРИМ ҚЎРИҚХОНАСИ тоғли Қримнинг марказида жойлашган, 1923 йили асос солинган бўлиб, 1957-91 йиллари қўриқхона-овчилик хўжалиги мақомига эга бўлган, Қримнинг шимоли-ғарбий соҳилидаги Карканит кўрфазига қарашли Оққуш ороллари (рус. Лебяжьи острова) ушбу қўриқхонанинг филиапи саналадиган, ҳудуд.
Қрим қўриқхонасининг умумий майдони 44,9 минг гектарни ташкил этиб, унинг 27957 гектарини ўрмонлар, 9629 гектарини сув ҳавзалари, 2451 гектарини яйловлар эгаллаган. Қўриқхона рельефи тоғли ҳудуддан, хусусан, Қрим тоғларининг Бош тизмаси – денгиз сатҳидан 1545 метр кўтарилиб турадиган Роман-Кош, Демир-Калу (1540 м), Кемаль-Эгерек (1528), Эклизи-Бурун (1525 м) тоғларидан иборат. Ушбу тоғлар бағридан Олма, Кача, Катта Ўзан, Авунда, Дерекойка дарёлари бошланади. Бир нечта шаршара бўлиб, улардан энг чиройлиси Головинский шаршараси саналади.
Халқаро аҳамиятга эга сув-ботқоқ хўжалиги саналадиган Оққуш ороллари пасттекисликдан иборат бўлиб, энг баланд жойи денгиз сатҳидан атиги 2 метрга кўтарилган.
Иқлими мўътадил, рутубатли, ёзи салқин, қиши илиқ ўтадиган ушбу қўриқхонада ўсимликларнинг 1100 тури ўсади, улардан 90 таси эндем, яъни жайдари ўсимликлар саналади. Қадимда ўсган ўзига хос сербўқоқ оқ қайин, қора арча, реза мевали тиса дарахтзорларини бугунги кунда ҳам учратиш мумкинлиги билан бир қаторда, тоғ яйловлари етарлича кенг мазкур қўриқхонада эман, қора қайин ва қарағай ўрмонлари ҳам сақланиб қолган.
Қрим қўриқхонасида:
сут эмизувчилардан асл буғу (рус. благородный олень), европа буғуси (рус. косуля), тулки, тоғ сувсари, ариқ сичқони (рус. ласка), бўрсиқ, кул ранг қуён, сариқ бўғиз сичқон, гўрсичқон, кул ранг сичқон, оддий дала сичқони, типратикан, майда сув сичқони (рус. малая кутора), оддий ва майда ер бурғиловчи сичқонлар (рус. бурозубка), йирик ва майда тақатумшуқ кўршапалаклар (рус. подковоносы), қулоғи учли, Наттерер, уч рангли ва мўйловли силлиқтумшуқ кўршапалаклар (рус. ночница), қўнғир кўршапалак (рус. обыкновенный ушан), европа кўршапалаги ёки товуқтумшуқ кўршапалак, митти кўршапалак (рус. нетопырь-карлик), тунги кўршапалак (рус. поздний кожан), оқшом кўршапалаги (рус. Вечерница);
яриморол иқлимига мослашган ҳайвонлардан европа қўйи (муфлон), тепеутка-олмахон, тўнғиз;
қушлардан бедана, говкаптар (рус. вяхирь ёки витютень), клинтух каптари, кўк каптар, кўк турна, якантовуқ ёки ўрмон лойхўраги (рус. вальдшнеп), қора буқоқли гагара, шунингдек, кряква, всиязь йирик крохаль, қизил бошли ва оқ кўзли нирка каби ёввойи ўрдаклар, ҳуштакбоз чуррак, қора лайлак, кўк қўтон, йирик оқ қўтон, қирғий, қарчиғай, қора калхат, оқ бошли қумой, қиронқора, оқ думли сувбургут, илонхўр бургут, жўрчи, сор, оддий куйка ёки миққий, балиқхўр, кул ранг бойқуш (рус. неясыть), укки, шалпангқулоқ бойқуш, япалоққуш-кўрқуш, йирик олачипор қизилиштон, бўйинбурар қизилиштон (рус. вертишейка), сайроқи зяблик, вайсақи-сайроқи (рус. пеночка-трещотка), қорақарағай чумчуқ (рус. клест-еловик), қизил бошли чолиқуш, саъва, сабзақуш (рус. зеленушка), дала тўpғaйи ёки сўфитўрғай, сайроқи қораялоқ, тоғ қораялоғи;
судралувчилардан қоя калтакесаги, қрим калтакесаги, ўйноқи калтакесак, сариқ илон, заҳарсиз тангаилон, сариқ қорин чипор илон (рус. желтобрюхий полоз), қоплон тери илон, сувилон, тақир панжа қрим геккони (Қримнинг жайдари (эндем) калтакесаги), ботқоқ тошбақаси;
сувда ҳам, қуруқликда ҳам яшайдиган ҳайвонлардан тароқсимон тритон, оддий дарахт бақаси, яшил чўлбақа, кўл бақаси;
балиқлардан сой гулмоҳиси, сўзанбалиқ, қум балиқ ёки тошбош, зоғорабалиқ, бистрянка яшайди.
Қрим қўриқхонасининг филиали саналадиган Оққуш оролларида чеграва, ҳинд чумчуғи, балиқчи ҳакка (рус. кулик-сорока), қора бошли ва кумуш рангли чайкалар, қора бошли кулағон (рус. черноголовый хохотун), шунингдек, пеганка, кряква, узун тумшуқ крохаль ўрдаклари, кул ранг, йирик ва майда оқ қарқаралар, ботқоқ бўктаргиси ва қоравой уя солади. Суқсур, ҳуштакбоз чуррак, бақироқ ва вишилдоқ оққушлар эса қишлагани қолади.
МАРТЯН БУРНИ ҚЎРИҚХОНАСИ, қора денгиз соҳилида, Ялта шаҳри яқинидаги Никита ботаника боғига уланиб кетган, 1973 йили асос солинган, умумий майдони 240 гектар бўлиб, ундан 120 гектарини ўрмон, 120 гектарини эса сув ҳавзаси эгаллаган ҳудуд.
Иқлими субтропик, қурғоқчил, ёзи қуруқ, жазирама иссиқ, қиши илиқ ва рутубатли ўтадиган, денгиз қирғоғига пиллапоя шаклида пастлаган ўрмон кўринишидаги, сиртини чуқурлиги 20 метрга етадиган жарликлар ёрган мазкур қўриқхона йирик оҳактош тизмасидан иборат.
Қўриқхонада ўсадиган ўсимликлар дунёсини бароқ эман ва дарахт шаклини касб этган қора арча ифодалайди. Мартян бурни қўриқхонаси ҳудудининг учдан бир қисмини эгаллаган қора арча ўрмони ўрта денгиз ҳудудидаги ўсимликлар орасида қадимдан ўсган намуна саналиб, бир вақтлар ушбу минтақани қоплаган қора арча фақат Қримда сақланиб қолган.
Мазкур қўриқхонадаги ҳайвонот олами Қримнинг жанубий соҳилига хосдир. Ушбу ҳудудда ер бурғилаб ҳашаротхўрлик қиладиган белозубка сичқони, оддий типратикан, телеутка-олмахон, сариқ бўғиз сичқон, кул ранг қуён, тулки, митти нетопирь ва Натузиус кўршапалаклари, майда тақатумшуқ кўршапалаги яшайди. Қушларнинг қораялоқ, сайроқи зяблик, қизилдум чумчуқ (рус. горихвостка), катта читтак, пўпакдор қорабузов каби, жами 135 та тури қайд этилган. Сувда ҳам, қуруқликда ҳам яшайдиган ҳайвонлардан тароқсимон тритон, яшил чўлбақа, оддий дарахт бақаси, кўл бақасини, судралувчилардан эса тақир панжа қрим геккони, сариқ илон, қрим ва қоя калтакесаклари, сувилон, сариқ қорин чипор илон ва қоплон тери илонни учратиш мумкин.
НИКИТА БОТАНИКА БОҒИ, 1812 йили рус ботаниги X. X. Стевен томонидан Ялта шаҳридан 7 километр нарида Никита (ҳозирги Ботаника) шаҳарчаси яқинида асос солинган, ҳудудида ўсимликларнинг 3500 тури ўсадиган, гербарийда эса 130 мингдан зиёд барг сақланаётган, алоҳида шуъбалари билан биргаликдаги умумий майдони тахминан 996 гектар келадиган боғ.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 30.03.2014 09:58   #7  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,855
+ 6,216  7,268/2,043
– 77  283/147

UzbekistanFacebook
ЯЛТА ҚЎРИҚХОНАСИ, 1973 йили Ялта шаҳри яқинида асос солинган, умумий майдони 14,5 минг гектарни ташкил этиб, улардан 11 минг гектарини ўрмон, 1824 гектарини тош сочмаси, 926 гектарини тик тоғ бағри ва 125 гектарини яйлов эгаллаган тоғ-ўрмон қўриқхонаси.
Мазкур қўриқхона рельефи турли-тумандир. Жумладан, эни 1 – 8 километр келадиган ўрмон массиви Қрим тоғларининг Бош тизмаси бўйлаб ўсади. Қўриқхона ҳудудида чуқурлиги 20 – 30 метр келадиган кўплаб карст хандақлари ва қудуқлари учрайди. Қрим шаршаралари орасидаги энг катта, баландлиги 100 метрга етиб, шовқини 2 километр нарида эшитиладиган, ёз фаслида қуриб қоладиган Учан Сув шаршараси билан Иограф карст ғори Ялта қўриқхонаси ҳудудида жойлашган.
Бу ернинг ўсимликлар олами асосан учта минтақага:
эман-заранг ўрмонлари ва чангалзорлари;
оддий қарағай билан чатишган шарқ қора қайини ва қрим қарағайи ўрмонлари;
тоғ яйловларининг жанубий қисмига бўлинади.
Таъкидлаб ўтмоқ жоизки, дарахт навларининг 50 фоизини эман, шарқ қора қайини ва граб билан чатишган қрим қарағайи ташкил этади. Шунингдек, ушбу қўриқхонада терак, шумтол, тўс ва ольхани учратиш мумкин.
Ялта қўриқхонасининг ҳайвонот олами у қадар бой эмас. Бу ерда:
сут эмизувчилардан асл буғи (қрим кенжа тури), европа буғуси, муфлон, тулки (қрим кенжа тури), бўрсиқ, ариқ сичқони (қрим кенжа тури), тоғ сувсари, белодушка, кул ранг қуён;
қушлардан калхат, қора бошли сойка, қизилиштон, қораялоқ, сайроқи зяблик, саъва, тоғ деҳқончумчуғи, лазоревка читтаги, қорақарағай чумчуғи, чиж чумчуқ;
судралувчилардан тақир панжа қрим геккони, қрим калтакесаги, заҳарсиз тангаилон, сариқ қорин чипор илон, қоплон тери илон, сариқ илон;
сувда ҳам, қуруқликда ҳам яшайдиган ҳайвонлардан тароқсимон тритон, оддий дарахт бақаси, кўл бақаси ва яшил чўлбақа яшайди.
МАЛАХОВ ҚЎРҒОНИ, Севастопольнинг жануби-шарқидаги асосий тепалик бўлиб, 1854-55 йиллари рус қўшинлари томонидан инглиз-француз қўшинларининг ҳужумидан, 1941-42 йиллари эса совет қўшинлари томонидан немис-фашист қўшинларининг ҳужумидан мудофаа қилингани билан машҳур.
Қўрғоннинг 1958 йили Мангу олов ёқилган мудофаа минорасида «Севастопольнинг қаҳрамонона мудофааси ва озод қилиниши» музейининг филиали фаолият юритади.
Юқорида зикр этилган мудофаа жанглари ҳақида қисқача маълумот:
1853-56 йиллари бўлиб ўтган Қрим уруши даврида 1854 йилнинг 13 (эски ҳисоб билан 25) сентябридан 1855 йилнинг 27 августига (8 сентябрига) қадар рус қўшинлари дастлаб вице-адмирал В. А. Корнилов, сўнг, вице-адмирал П. С. Нахимов қўмондонлиги остида 349 кун давомида Франция, Буюк Британия, Туркия ва Сардиниянинг сон жиҳатдан устун келаётган қуролли кучларидан мудофаа қилган;
1939-45 йиллари бўлиб ўтган Иккинчи жаҳон уруши даврида 1941 йилнинг 30 октябридан 1942 йилнинг 4 июлига қадар Приморье армияси қўшинлари ва Қора денгиз флоти кучлари немис-фашистларнинг 11- армияси томонидан икки маротаба уюштирилган ҳужумини қайтариб, душманнинг йирик кучларини танг аҳволга солиб қўйганча, Севастопольни кўлда сақлаб қолган.
АРТЕК 1925 йили Қора денгиз соҳилидаги иқлимий курорт саналадиган, Ялтадан шимоли-шарқда жойлашган, 6- асрдаги қалъа қолдиқлари сақланган Гурзуф шаҳри яқинида Россия Қизил Хоч жамияти иштирокида асос солинган, 1991 йилга қадар умумиттифоқ пионерлар лагери, 1991 йилнинг май ойидан эътиборан халқаро болалар маркази сифатида фаолият юритаётган болалар иқлимий шифохонаси.
Артек ўз ичига архитектор А. Т. Полянский ва бошқалар томонидан 1960-61 йиллари барпо этилган «Морской», 1960-64 йиллари барпо этилган «Прибрежний» ва 1972 йили барпо этилган «Горний» меъморий мажмуаларни мужассам этган.
КЕРЧЬ ТЕМИР РУДА ҲАВЗАСИ, Керчь яриморолидаги, Қамишбурун темир руда комбинати томонидан очиқ усулда 1936 йилдан буён қазиладиган, таркибида 34 – 40 фоиз Fe бўлган, умумий захираси 1,8 миллиард тоннага, қатлами 25 – 40 метрга етадиган қўнғир темир рудасининг келиб чиқишига кўра чўкинди кони. Асосий марказ – Керчь шаҳри.
ҚРИМ АСТРОФИЗИКА ОБСЕРВАТОРИЯСИ, 1908 йили Симеиз яқинида асос солинган. Ўтган асрнинг 50- йиллари ўртасида асосий асбоблари Боғчасаройдан 12 километр наридаги Научний посёлкасига кўчирилган.
2,6 метр ва 1,22 метрли 4 та рефлектор, 50 сантиметрли менискли телескоп, тутилиш бўлмаганда қараладиган коронограф, 22 метрли радиотелескоп каби асбоблар бор. Замонавий амалий астрофизика йўналишлари бўйича тадқиқотлар олиб борилади.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Реклама и уведомления
Старый 30.03.2014 10:02   #8  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,855
+ 6,216  7,268/2,043
– 77  283/147

UzbekistanFacebook
ҚРИМ ЯРИМОРОЛИНИНГ ТАРИХИ

ЭСКИ ТАРИХ


Милоддан аввалги 1- минг йилликда Қримда киммерий, тавр ва скиф қабилалари яшаган бўлиб, ушбу яриморолнинг эски – Таврика, Таврия ва Таврида номлари айнан тавр қабилаларининг номидан келиб чиққан. Хусусан, Таврика – Қримнинг жанубий қисмига милоддан аввалги 5- асрдан эътиборан берилган қадимий ном бўлиб, Геродот томонидан берилган маълумотларга қараганда Керкинитидадан (бугунги Евпаториядан) тортиб, то Қояли (бугунги Керчь) яриморолига қадар ҳудудни эгаллаган. Ўрта асрларда (15- асрга қадар) эса жамики Қрим Таврика, дея аталган.
Милоддан аввалги 6 – 5- асрларда Қрим соҳилларида қадимий юнонлар ўз мустамлакаларига асос солишган бўлса, Керчь яримороли ҳудудида милоддан аввалги 5- асрда Боспор давлати, Қримнинг дашт қисмида эса милоддан аввалги 3- асрда Скиф давлати юзага келган.

БОСПОР ДАВЛАТИ
Керчь ва Тамань яриморолларидаги юнон шаҳарлари, хусусан, Тамань яриморолидаги Фанагория ва Гермонасса (бугунги Тамань), Керчь яриморолидаги Феодосия, Тиритака, Нимфей, Горгиппия (бугунги Анапа), Дон дарёси этагидаги Танаис шаҳарларининг милоддан аввалги тахминан 480 йили бирлашиши натижасида вужудга келган Боспор давлатининг пойтахти Пантикалей (бугунги Керчь) шаҳри бўлган.
Боспор давлатининг таркибига милоддан аввалги 5- аср ва 4- асрнинг биринчи ярмида Керчь яриморолидаги скифлар яшаган ерлар ҳамда Кубань дарёсининг қуйи қисми ва Азов денгизининг шарқий соҳилидаги ерлар ҳам кирган.
Милоддан аввалги 2- асрда Боспор давлати Қримдаги скифлар ва Кубань этагидаги сарматлар томонидан кескин тус берилган ижтимоий-иқтисодий инқирозни бошдан кечирди. Устига устак милоддан аввалги 107 йили Боспорда Савмак бошчилигида қуллар ва қарам скифлар қўзғолони кўтарилди. Қўзғолончилар подшо Перисад V ни ўлдиришга муваффақ бўлишди-ю, Понтия подшоси Евпатор Митридат VI томонидан тор-мор қилинди. Негаки, бу вақтга келиб Перисад V Боспор устидан ҳукмронлик қилишни Евпатор Митридат VI га топшириб бўлган эди. Митридатнинг ўлимидан сўнг, милоддан аввалги 63 йили Боспор Римга қарам бўлиб қолди.
Милоддан аввалги 1 – 2- асрларда Боспор давлати боз равнақ топиб, ўз ҳукмини Херсонес ва Қримнинг аксарият қисмига ўтказа олди. Милоддан аввалги 3- асрда Боспор давлати қадимги юнонлар ва румоликлар маданиятдан орқада қолган чет элликлар, яъни варварлар дея эътироф этилган гот, гелур, боран қабилаларининг ҳамла объектига айланиб қолди. Ушбу варварлар ҳатто давлат ҳукуматини ҳам қўлга киритишга муваққат бўлишди. Гунн қабилаларининг ҳужуми Боспор давлати учун сўнгги зарба бўлиб, 4- асрнинг хотимасида Боспор давлатчилиги батамом барҳам топди.
4 – 5- асрларда Қрим Византия экспансиясининг объектига айланиб қолди.
10- асрдан эътиборан Қримнинг шарқий қисми Киев Русининг Тмутаракань князлиги таркибига кирди. Ушбу даврда Қрим аҳолиси скиф, тавр, гот, сармат, алан, хазар, печенег каби миллат ва элатларнинг авлодларидан, денгиз соҳилига яқин шаҳар ва қишлоқлар аҳолиси эса шунингдек, грек ва славянлардан ташкил топган.

ТМУТАРАКАНЬ КНЯЗЛИГИ
Тамань яриморолидаги Тмутаракань князлигининг маркази Тмутаракань шаҳри бўлган.
Тамань яриморолида шарқий славянларнинг пайдо бўлиши Византияга қарши 944 йилги Игорь юришлари ҳамда Святославнинг яслар (аланлар) ва касогларга (адигларга) қарши 965 йилги юриши билан боғлик.
988 – 1036 йиллари Тмутаракань князлиги касогларни енгиб, князлик ҳудудини кенгайтирган Мстислав Владимировичнинг тасарруфида бўлган.
1060 йилдан эътиборан Тмутаракань ерлари черниговлик князь Святослав Ярославичнинг тасарруфига ўтган.
11- асрнинг иккинчи ярмида Тмутаракань князлигида Глеб, Роман ва Олег Святославичлар ҳукмронлик қилган бўлиб, унга бошқа рус князлари, шу жумладан, Византия ҳам даъвогар бўлган.
11- аср муқаддимаси ва 12- асрларда қипчоқлар ҳаракати авж олгач, Тмутаракань князлиги рус ерлари билан алоқасини йўқотиб, мустақиллигини қўлдан бериб қўйди.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
2 "+" от:
Старый 30.03.2014 10:07   #9  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,855
+ 6,216  7,268/2,043
– 77  283/147

UzbekistanFacebook
ҚРИМ УЛУСИ ВА АМИР ТЕМУР ЮРИШЛАРИ
13- асрда, ушбу яриморол ҳудудига мўғул-татарлар бостириб киргач, Олтин Ўрданинг Қрим улуси ташкил топди. Бундан ташқари, 13 - 15- асрларда Қримда, италиялик, аниқроқ айтганда, генуэзиялик савдогарларнинг мустаҳкамланган савдо марказлари вужудга келган. Итальянларнинг маркази Кафа (бугунги Феодосия) шаҳри бўлган ушбу савдо марказлари Ғарбий ва Шарқий Европа давлатлари, шу жумладан, рус ерлари билан савдо-сотиқ қилган. Бироқ 1475 йили Туркия, ушбу савдо марказларини забт этиб, вайрон қилиб юборган.
1382 йилдан эътиборан Мовароуннаҳр саркардаси Амир Темур Олтин Ўрданинг хавфли душманига айланди. Тўхтамиш қўшинларини тор-мор этган А. Темур бир қатор юришлар ўтказиб, Волга бўйидаги ва Қрим яриморолидаги шаҳарларни забт этди. Шунингдек, Ахтуба дарёси қайирида хон Берке томонидан тахминан 1260 йили бунёд этилган Олтин Ўрда пойтахти Янги Сарой (рус. Сарай-Берке) ҳам 1395 йили А. Темур қўшинлари томонидан ишғол этилиб, ер билан баб-баробар қилинганча, текислаб ташланди. Шу ўринда қўшимча маълумот тариқасида келтириб ўтишим жоизки, бир замонлар Россия, ўз ерларини мўғул-татар истилосидан сақлаб қолиш мақсадида товон тўлашга мажбур бўлган ўша машҳур пойтахт ўрнида, бугунги кунда, Волгоград вилояти тасарруфидаги Царёв қишлоғи турибди.
Мухтасар қилиб айтганда, А Темур ўз юришлари ила Олтин Ўрдага шу қадар қақшатқич зарба бердики, қайта тиклана олмади. Натижада 1440 йиллари Нўғой Ўрдаси, 1420 йил бошида Сибир хонлиги вужудга келди, шунингдек, 1438 йили Қозон хонлиги, 1443 йили Қрим хонлиги, 1460 йили эса Қозоқ, Ўзбек ва Астрахань хонликлари мустақилликка эришди.

ҚРИМ ХОНЛИГИ
Юқорида зикр этилгандай, А. Темур томонидан Олтин Ўрдадан халос этилган Қрим яриморолида 1443 йили пойтахти 16- аср бошидан Боғчасарой бўлган феодал давлат – Қрим хонлиги вужудга келди. Бироқ 1475 йили ушбу хонлик, итальян савдогарларнинг мустаҳкамланган савдо марказларини забт этган Туркиянинг вассалига айланиб қолди.
Усмонли турк империясининг қўллаб-қувватлашига таянган, ўнлик, юзлик ва мингликлардан иборат йирик отлиқ қўшинга эга бўлган Қрим хонлиги рус, украин, молдаван, поляк ерларига талончилик босқинларини уюштира бошлаб, Россия жанубидаги тажовуз марказига айланиб қолди. Россия эса ўз навбатида, Қрим юришларини уюштирди.

РОССИЯНИНГ ҚРИМ ЮРИШЛАРИ
1686-1700 йиллари бўлиб ўтган Россия-Туркия уруши даврида қримтатарларнинг рус ва украин ерларига уюштираётган талончилик босқинларига барҳам бериш, Россиянинг Қора денгизга чиқиш имконини қўлга киритиш, шунингдек, Туркияга қарши уруш олиб бораётган иттифоқчи давлатлар, хусусан, «Муқаддас иттифоқ»қа аъзо давлатларга турк тажовузига қарши курашда ёрдам бериш мақсадида рус қўшинлари ҳамда Дон ва Запорожье казаклари томонидан 1687 ва 1689 йиллари Қрим хонлигига қарши ҳарбий юришлар уюштирилди.
1686 йили бирлашган Польша-Литва давлати, яъни Речь Посполитая билан Мангу тинчлик шартномасини имзолаган Россия Усмонли турк империяси ва унинг вассали бўлмиш Қрим хонлигига қарши уруш олиб бораётган, Австрия, Венеция ва Речь Посполитаядан ташкил топган «Муқаддас иттифоқ»қа аъзо бўлди.
1687 йилнинг май ойида қарийб 100 минг кишидан иборат рус қўшинлари князь В. В. Голицин қўмондонлиги остида, Дон ва Запорожье казаклари иштирокида Украина ҳудудидан юриш бошлади. Рус қўшинлари От суви (рус. Конские Воды) дарёсини кечиб ўтиши билан, қримтатарлар чўлга ўт қўйиб, русларнинг отларини ўзлари узиб ейдиган ўтдан маҳрум қилишди. Иложсиз қолган рус қўшинлари 17 июнь куни ортга, Украинага қайтди. Голицин томонидан қўллаб-қувватланган казак старшинасининг талабига биноан, Россия ҳукумати Туркия ва Қримга қарши урушга салбий муносабат билдирган гетман И С Самойловични амалдан бўшатиб, ўрнига И. С Мазепани тайинлади.
1688 йили янгитдан юришга ҳозирлик кўриш тадбирлари бошланди. Ушбу вақтга келиб Речь Посполитая давлати Туркия билан тинчлик сулҳини тузиш масаласида музокаралар олиб борди.
1689 йилнинг эрта баҳорида тахминан 150 минг кишидан иборат рус қўшинлари жануб томон йўл олиб, 15 май куни Яшил Водий (рус. Зеленая Долина) табиий чегарада Қрим хонининг отрядлари билан жанг қилганча, ҳамласини қайтарди. Рус қўшинлари 20 май куни Перекоп қалъасига етиб борди, бироқ кучлар нисбати ноқулай бўлгани боис, чекинди.
Россиянинг Қрим юришлари турк ва қримтатар кучларининг анча қисмини ўзига жалб этиб, шу тариқа, Муқаддас иттифоққа ёрдам кўрсатилди.
Бундан ташқари, Қрим юришлари рус армиясини бошқариш ва моддий таъминотини ташкиллаштириш масалалари ислоҳ қилинишига зарурат борлигини кўрсатди. Ушбу юришларда тўпланган бой тажриба 1695-96 йиллари амалга оширилган Азов юришларида инобатга олинди.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
3 "+" от:
Старый 30.03.2014 10:12   #10  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,855
+ 6,216  7,268/2,043
– 77  283/147

UzbekistanFacebook
РОССИЯ-ТУРКИЯ УРУШЛАРИ. ҚРИМ ЯРИМОРОЛИНИНГ РОССИЯГА ҚЎШИБ ОЛИНИШИГА ДОИР АИРИМ ТАФСИЛОТЛАР
Тарих саҳифаларида Россия билан Туркия ўртасида ўтган олтита уруш қайд этилган бўлиб, улар орасида 1768-74 йиллари кечган уруш мазкур мавзуга бевосита дахлдордир. Лекин мен, керакли тошнинг оғири бўлмайди дейилгандай, ушбу ижтимоий ҳодисаларнинг барчаси тўғрисида қисқа маълумот бериб ўтишни лозим топдим.
Демак, Россия билан Туркия ўртасидаги урушлар:

1) 1735-39 йиллари бўлиб ўтган Россия-Туркия уруши Австрия билан иттифоқликда, Қора денгизга чиқиш имконини қўлга киритиш ва қримтатарларнинг босқинига барҳам бериш мақсадида Россия томонидан бошланган. Ушбу урушда Б. К. Минних қўмондонлик қилган рус қўшинлари Азов, Очаков, Хотин, Яси шаҳарларини эгаллаб, Қримни икки маротаба забт этган. Уруш Белград тинчлик сулҳи имзоланган тарзда якунига етган.

2) 1768-74 йиллари бўлиб ўтган Россия-Туркия уруши Россия ўз қўшинларини Польша ҳудудидан олиб чиқишни рад этгани сабабли Туркия томонидан бошланган. Ушбу уруш давомида П. А. Румянцев қўмондонлик қилган рус қўшинлари турк қўшинларини Ларга дарёси этаги, Кагул шаҳри яқинида, турк флотини Чашма жангида тор-мор келтиргач, 1974 йил 21 июль куни Туркия ҳукуматини Дунай дарёси соҳилидаги Кючук-Кайнаржа қишлоғида тинчлик сулҳини имзолашга мажбур қилган.
Кези келганда таъкидлаб ўтишим жоизки, Кючук-Кайнаржа тинчлик сулҳига биноан, Усмонли турк империяси:
Қрим хонлигининг мустатиллигини;
рус савдо кемалари Қора денгизда монесиз сузиб, ушбу денгиз бўғозларидан эркин ўтиш ҳуқуқини;
Азов, Керчь ва бошқа ҳудудлар Россия ҳудудига қўшилишини;
Молдавия ва Валахия Россияга қарам бўлишини эътироф этди.
Агар Россияда Екатерина II ни Румянцевга сулҳ имзолаш ишларини тезлатиш борасида фармойиш беришга мажбур қилган Пугачёв қўзғолони бошланмаганда, ушбу шартнома таҳрири Россия учун янада манфаатли мазмунга эга бўлар эди.
Қўзғолонни бостирган Екатерина II нинг ҳокимияти янада мустаҳкамлангани «Юнон лойиҳаси»да ўз аксини топган янги ташқи сиёсат доктринаси ишлаб чиқилишига замин яратди. Ушбу лойиҳада кўзланган охир-пировард мақсад: Туркия қудратига батамом барҳам бериш ва унинг харобалари негизида пойтахти Истанбулда бўлиб, тахтида Екатеринанинг кенжа набираси Константин Павлович ўтирадиган Византия (Юнон) империясининг тикланиши бўлган. Ушбу режани амалга ошириш мақсадида турк пирогидан ўз улушини олиши лозим бўлган Австрия билан яқинлашиш ишлари бошланди. Натижада, Вена билан Петербург иттифоқи 1780-81 йиллари расмийлаштирилди.
Россия ўз ниятини рўёбга чиқаришни 1783 йили Қрим билан Кубанни ўз таркибига қўшиб олишдан бошлади. Шу йилнинг ўзида Грузиянинг Россияга қўшиб олинишига асос солган Георгий трактати имзоланди. Тифлисга тўртта тўп билан қуролланган иккита батальон йўлланди.
Европа давлатларининг кўмагидан маҳрум бўлган Туркия эса рўй бераётган ушбу ҳодисаларни иштироксиз кузатиш, 1783 йили эса мазмунан Қримга Россия эга бўлишини англатган шартномани имзолашга мажбур бўлди.
1783 йил 19 апрель куни император Екатерина II томонидан Қрим ва Тамань яримороллари Россия империясига қўшиб олиниши тўғрисидаги манифест имзоланди.
Шу тариқа, Қрим Россия империясининг ҳудудига айланди.
Бироқ орадан кўп ўтмай, жаҳон саҳнасидаги кучлар тақсимоти ўзгарди, хусусан, Россия билан Англия ўртасидаги муносабатлар бузилиб, Туркия кучли иттифоқчига эга бўлди.
1787 йили ҳарбий қудрат очиқдан очиқ намойиш этилаётганини англатган Екатеринанинг «Юнон лойиҳаси» шиори остидаги Қрим бўйлаб саёҳати туркларнинг тўлиб турган сабр косасига томган сўнгги томчи бўлди. Россиянинг Туркиядаги элчиси Я. И. Булгаков Истанбулдаги Етти минорали қасрга икки йилга қамаб қўйилди.

3) 1787-91 йиллари бўлиб ўтган Россия-Туркия уруши Қримни ва бошқа ҳудудларни қайтариб олиш мақсадида Туркия томонидан бошланган. Ушбу уруш давомида рус қўшинлари А. В. Суворов қўмондонлиги остида Кинбурун қумлоқ тили, Фокшани шаҳри, Римник дарёси ва Измаил шаҳрида, Г. А. Потёмкин қўмондонлиги остида Очаков қалъасида, Н. В. Репнин қўмондонлиги остида Мачин шаҳри бўсағасидаги муҳорабада, Ф. Ф. Ушаков қўмондонлиги остидаги рус флоти эса Керчь муҳорабасида, Тендра қумтили, Калиакрия бурнида ғалаба қозонди.
Жумладан, 1787 йилнинг октябрь ойида турк флоти Днепр дарёсининг этагини тўсиб, Кинбурун қумлоқ тилига жами 6 минг кишидан иборат десант туширди. А. В. Суворов қўмондонлиги остидаги рус қўшинларининг отряди душманнинг кемадан охиригача тушиб олишини кутиб, дафъатан ҳужум қилганча, турк қўшинини тор-мор қилиб юборди. Г. А. Потёмкин қўмондонлиги остидаги қўшинлар Очаков қалъасини қамал қилди. 1788 йили қалъа таслим бўлди. Н. В. Репнин қўмондонлиги остидаги қўшинлар Днестр дарёсини кечиб ўтиб, Бессарабия заминига кириб борди. Бироқ Очаков қалъаси забт этилгунга қадар фаол ҳаракатлар олиб бормади. Урушнинг кейинги йили А. В. Суворовнинг машҳур ғалабалари ила кечди. Унинг тасарруфидаги рус-австрия қўшинлари 1789 йил 21 июль куни Фокшани шаҳри бўсағасидаги, яна икки ойдан сўнг, Римник дарёси яқинидаги турк қўшинларини тор-мор келтирди. Кейинги бир неча ой ичида руслар Аккерман билан Бендерни, австрияликлар эса Белград билан Бухарестни забт этишди.
А. В. Суворов Измаилни эгаллагани, Ф. Ф. Ушаков қўмондонлиги остидаги рус флоти эса Калиакрия бурни яқинида турк флотини янчиб ташлагани Туркиянинг ёш султони Селим III ни руслар билан музокара қилишга мажбур қилди.
Уруш 1791 йилнинг декабрь ойида Яси тинчлик сулҳи имзоланган тарзда якун топди.
Шу тариқа Туркия Қримнинг Россияга узил-кесил қўшиб олинганини эътироф этиб, янги давлат чегараси Днестр бўйлаб ўтказилишига рози бўлди. Бундан ташқари, Туркия, Грузияга бўлган даъвосидан воз кечди.

4) 1806-12 йиллари бўлиб ўтган Россия-Туркия уруши Қора денгизнинг шимолий соҳиллари ва Кавказдаги собиқ ерларни қайтариб олиш мақсадида, шунингдек, Россиянинг Болқондаги таъсири кучайиб бораётгани сабабли Туркия томонидан бошланган. Ушбу уруш рус қўшинларининг зафари ва М. И Кутузовнинг дипломатик санъати ила 1812 йили Бухарест тинчлик сулҳи имзоланиши билан ўз ниҳоясига етди.

5) 1828-29 йиллари бўлиб ўтган Россия-Туркия уруши Греция инқилоби (1821-29 йиллар) туфайли Усмонли турк империясининг инқирозга учраши оқибатида бошланган. Ушбу уруш давомида рус қўшинлари Закавказьеда, Туркиянинг шимоли-шарқидаги Карс ва Эрзурум шаҳарларини забт этиб, Болгариядаги турк қўшинларини тор-мор келтиргач, Истанбул бўсағасига етиб борди. Уруш 1829 йили Эдирне шаҳрида Адрианополь тинчлик сулҳи имзоланган тарзда якун топди.

6) 1828-29 йиллари бўлиб ўтган Россия-Туркия уруши Болқонда миллий-озодлик ҳаракати кўтарилгани ва халқаро муносабатлар кескинлашгани оқибатида бошланган. Ушбу уруш давомида рўй берган асосий ҳодисалар жумласига, рус армияси томонидан:
Болгария ҳудудидаги Шипка довонида ўтказилган муҳораба;
Туркиянинг Карс ва Болгариянинг Плевна шаҳарлари қамал қилиниб, забт этилиши;
қиш фаслида Болқон тоғ тизмаси ошиб ўтилиши;
Шипка довони жанубидаги Шейново ва Филипполол қишлоқларида эришилган ғалаба;
Адрианополь шаҳри эгалланиши киради.
Ушбу уруш 1878 йил 3 март куни Истанбул шаҳри яқинидаги, бугунги кунда Ешилькей, деб номланадиган шаҳарчада Сан-Стефано дастлабки тинчлик сулҳи имзоланган тарзда якунига етди. Мазкур сулҳ шартлари 1878 йили Берлин конгрессида қайта кўриб чиқилиб, Болқон яриморолининг Усмонли турк империяси зулмидан озод бўлишига имкон туғдирди
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Ответить
Опции темы
Опции просмотра




Здесь представлены форумы: UZINFOCOM, ЦППМП, Мининфоком, PC.UZ, Microsoft, IBM, HP, Fujitsu, D-Link, Intel, Ассоциация IT, InfoCOM.UZ, BANK.UZ, ActiveCloud, Sarkor Telecom, BUZTON, Cisco Systems, NetDec, EVO, Sharq Telekom, EPSON, Cron Telecom.
Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2018, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх