AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360
10,318/4,529
– 37
58/50
|
“Аршин мол-алон” – 3D форматда ёхуд келажак театрига сайёҳат
|
|
Цитата:
Ҳар қандай кашфиёт қайта туғилган эскиликнинг янгича кўринишидир. “ТЕАТР-ЛЕНД” деб аталмиш театр оламидаги саҳна асарининг - у Рим Колизейи бўладими, машҳур “Глобус” ёки Катта театрми, томошабин эътиборига ҳавола қилиниши макон ва замон танламайди. Муҳими унинг ижроси, томошабин билан мулоқоти ҳамда ҳамдардлик туйғуси-ю, ўй-фикрларини жунбушга келтиришида. “Дийдор”нинг ТЕАТР-ЛЕНДида театр-ўқув студиясининг талабалари ипга тизилган маржондек гуллаган дарахт новдасини кўтариб “Аршин мол-алон” спектаклини бошлашларининг ўзидаёқ, кишиларда баҳорий кайфият уйғотди. Гарчанд саҳна рассомлари, студия ўқувчилари Д.Ғаниева ҳамда Ш.Назарова саҳнанинг марказида “Ким бағринг тиғлади беаёв, нечун қалбинг чок-чокидан сўкилди анор...” ифодасини берувчи анор тасвири турган бўлса-да, Узеир Гажибеков ёзган машҳур, бугунги кун тили билан айтганда “бестреллер” “Аршин мол-алон” илк бора 1913 йилда илк бора саҳна юзини кўрган, 1946 йилда суратга олинган фильмидаги “бир калла қанд, битта мулла, ўн сўм пул” ибораси ўзбек томошабини нутқида тез-тез ишлатиладиган халқона ибора ёдга тушиб, киши беихтиёр жилмайди. Ҳоди Тоқтош ёзганидек, “Муҳаббат эски дард, бироқ у ҳар юракда янгиланар...”.
Асқар ва Гулчеҳра, Султонбек ва Зебо, Сулаймон ва Жаҳон, Вали ҳамда Осиёларнинг муҳаббати ўзига хос “3D формат”да кўрсатилди. Бир қаҳрамон образини айни бир пайтнинг ўзида 3 актёр дублёр ўз маромига етказади: Асқар – А.Абдураҳимов, И.Нусуров, М.Мухторов; Гулчеҳра – П.Омонова, З.Қурбонова, И.Қосимова; Султонбек – С.Умаров, Ш.Эгамбердиев, Ҳ.Мамашарипов; Сулаймон-Н.Умаров, С.Алимов, Ҳ.Алижонов; Жаҳон – Д.Ўлжабоева, М.Тўраева, З.Абдуллаева... Хуллас, бош қаҳрамонлар ижроси 24 актёр (иккинчи даражали роль ижрочилари билан 27 та) талаба томонидан ижро қилинди. Ижро жараёнида физикадаги электр токининг занжир реакцияси рўй бераётгандек гўё: 3 актёр бир қаҳрамон нутқини бир хил пайтда, бир хил импровизация, бир хил ҳатти-ҳаракатда, турли овоз-у, аммо бир хил темпда томошабинга етказиб беришди. Қайсидир актёрнинг ижросида роль ижросидаги дублёридаги ҳатти-ҳаракатидан адашиш ҳолати юз берса, “занжир” узилиб, томошабинга келаётган оҳанграбо қуввати тўхтаб қолади. Спектакль қаҳрамонлари нутқидаги сас гарчанд у тугагаган бўлса-да, ҳунуз томошабиннинг қулоғи остида худди “темир одам” роботнинг шаклан эшитганда копмьютер ёрдамида бир маромга келтириб ишланган овози янглиғ жаранг сочиб турибди. Томошабин“пари теккан девонадек” – “транс” ҳолатига тушиб, спектаклнинг таъсир доирасидан чиқиб кета олмаяпти. Бу, албатта, ижро жараёнида нафақат қобилиятни, балки актёрларни жипслаштириб турувчи иттифоқни ҳам талаб қилади.Ҳаммаси, алалхусус, студияда актёр-талабаларга дарс бераётган устозлар Н.Островский (театр тизими услубияти), В.Ратушин (саҳна нутқи), Н.Крючкова (грим), О.Комилжонов (мусиқа раҳбари), М.Тўлахўжаева (театр тарихи), Э. Қаҳҳоров ва Г. Қаҳҳорова(рақс)ларнинг сермаҳсул сабоқларининг натижасидир.
Саҳна либослари, декорациялар, бутафорлар талабаларнинг ўзи томонидан яратилган. Юқорида таъкидлаб ўтган “ёрилган анор” кўринишидан ўзга саҳна безаги мавжуд эмас, жой ва маконни, буюмларни ҳатти-ҳаракат, рўмол (бир ўринда қоп, бир ўринда газлама, бир ўринда ҳарир қалғай рўмол), тўртбурчак рама (Гулчеҳра ўғирланганида сақланган омборхона) ўзига хос вазифаларни бажарди. Актёрларнинг маҳоратли ижроси туфайли саҳна безагига ҳам у қадар эътибор берилмади. Муҳими- фортепьянода ижро қилинган жонли мусиқа, актёрлар куйлаган қўшиқ (фонограммасиз!), рақс, пластика, ижродаги, баъзан ўрни-ўрни билан томошабинга қилинган ёқимли “шумликлар” томошабин ва актёрлар муҳитини қамраб олганлигида.Саҳна асари кўпроқ майдон томошасини эслатди. Зеро, асосийси – спектаклнинг у майдон кўринишида бўладими ёки мўъжазлигида эмас, балки томошабинга қай жиҳатдан муҳимлигидадир.
Театр томошабин билан тирик. Актёр учун ҳеч бўлмаса бир дона томошабин, томошабин учун эса уни ўзига сеҳрлаб, мафтун қила оладиган, ҳайратлантирадиган томоша керак. Инсон мўъжизадан ҳайратланади. Мўъжиза кучлироқ таъсир қилиши учун эса актёр ва томошабин ўртасидаги тўсиқ-чегара олиб ташланиши, кузатилмиш ва кузатмиш олами бирлашмоғи шарт. Бунда томошабин ҳам бевосита спектакль ижрочисига айланади. “Аршин мол-алон” спектакли намойиш қилинишининг дебочасида ҳам устоз-режиссёрнинг “спектаклдаги иштирокингиз билан актёрларимизга ёрдам берсангиз” деган мурожаати ҳам бежиз эмасдиро-о-ов...
ХХI асрда ўтган асрда айтилган “театр - санъат меҳроби”, “театр-тарбия маскани” иборалари бир қанча ўз аҳамиятини йўқотди. Инсонларни тарбияга чақириш, тартиб-интизомга ундаш ёқмайдиган замонда яшаяпмиз. Шу жиҳатларни эътиборга олган режиссёр томошабин ва саҳна ўртасидаги чегарани олиб ташлаган. Актёрлар ўз ижросини ҳам саҳнада, ҳам томошабин залидан туриб ижро қилишди. Керак бўлса, томошабинни ҳам “гапиртириб” юборишди. Буларнинг барчаси актёрлар томонидан “атайлаб уюштирилди”. Сабаб эса, оддий, интерактив театрнинг талаби шундай. томошабин спектаклнинг иштирокчисига айланиши шарт.
Валлоҳи аълам, тасаввур қилаяпманки, 2500 йилда театр “театр” деб аталмаса кераго-о-ов. Инсон миясига спектаклни узатиш тизими уланиб қўйилади-ю, томошабин спектаклни томоша қилмай, балки туш воқеаларини кўргандек иштирокчига айланади. Бунда саҳна кўриниши узоқ давом этиб, ҳатто ўтиб кетган машҳур актёрлар ҳам роль ижро этишади. Буларнинг барчаси голограмма спектакли орқали амалга оширилади. Бироқ бу “саҳна асари” инсон қалбига таъсир қила оладими? Ҳамма гап шунда. Инсоннинг инсонлигини, комиллигини белгиловчи омиллардан бири - қалб ва ақлнинг уйғунлигида.Театр кўриниши ҳам икки йирик ва асосий йўналишда – жонли ва виртуал йўналишда бўлса керак.
“Аршин мол-алон” спектаклини келажак йўналишига кўра белгилайдиган бўлсак, жонли спектаклларнинг сирасига киритардим. Бу ерда ҳам жонли мулоқот, ҳам ўйлантирадиган фикрлар мужассам. Сифатли режиссура ҳамда актёрларнинг ижродаги маҳорати эса театрга у қандай даврда бўлишидан қатъий назар, ўзгармайдиган талаблардандир. 3D форматдаги спектакль агар инсон омили бўлмаса, жонсиз танга ўхшаб қолади. Хулласи калом, бизнинг актёрлар ёрдамидаги кўрганларимиз - “3 тарафлама тошойна орқали томошабиннингспектакль ёрдамида кўрсатилган акси” эди.
|
|