Моё меню Общее меню Сообщество Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > Ижод хусусида сўз
Сообщения за день Поиск
Знаете ли Вы, что ...
...нарушения правил форума наказываются. Старайтесь их не нарушать.
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…)


Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 12.02.2016 14:21   #261  
Аватар для Asror Samad
Оффлайн
нафақахўр
филология фанлари номзоди, ёзувчи
Сообщений: 52
+ 111  50/19
– 0  1/1

Uzbekistan
КАМОЛОТ КАСБИ

Цитата:
Ўткир Ҳошимовни тахминан 1963 йилдан бери танисам, унинг бирон марта баланддан туриб гаплашганини ёки гапимни бўлиб бошқа мавзуга кўчганини эслолмайман. У каттакон ёзувчи бўлиб танилганда ҳам, ҳатто мансаб пиллапояларидан юқори поғоналарга кўтарилганда ҳам мен учун ўша-ўша “Ўткиржон” бўлиб қолаверди.
Ўткир Ҳошимов ўз асарларининг библиографиясида икки жилдли сайланма асарлари — “Нурли дунё” ва “Умр савдоси”нинг “Нур” нашриётидан чиққанлигини қайд этиб ўтади. Ҳар гал библиографиядаги ана шу сатрларга кўзим тушганда бир воқеани эслайман: адиб дастлаб менга тегишли “Нур” нашриёти орқали “Шумлик” деган китобчасини нашр эттирди. Мен бу китобчага 50 минг адад қўйдим. Бу энг аввало таваккал эди. Чунки “Шумлик” китоби нашр этилган 1993 йилда айни китобхонларнинг сусайиб бораётган даврига тўғри келган, одамлар китоб ўқишдан кўра тирикчилик ташвишига тушиб қолган эдилар. Китобларга адад қўяр эканман, муаллифларнинг ёрдамига мутлақо суянмайман, улардан ёрдам сўрашга ҳам истиҳола қиламан. Китобнинг намуна нусхалари босмахонадан келгач, умрини тугатиб бораётган китоб савдоси идорасига мурожаат қилдим. У ердан ланжроқ, буруқсиганроқ жавоб олдим. Ўткир Ҳошимов нашриётга келганда китобнинг тарқалиши билан албатта қизиқди ва менинг сустроқ жавобимдан кейин “Китоб ётиб қолмайди, тарқалади”, деди. Эртасигами, индинигами мендан ҳисоб варақасини олиб кетди ва уч кун ўтмасдан 50 минг ададни оладиган ташкилотдан банкка пул тушди. Китобдан нашриёт фойда кўрди. Ўша йили адибнинг икки жилдли сайланмаси режалаштирилган ва қўлёзма устида иш кетаётган эди. “Сайланма”нинг ташаббускори мен эдим. У ўша “Шумлик” китобчасини олиб келганда беш жилдлик сайланма асарларини тайёрлаб беришни айтганимда, у: “Йўғ-е, ҳали беш жилдликка арзийдиган иш қилиб қўйганим йўқ, умуман менга ҳали сайланма асарлар нашр эттириш вақтлироқмикин...”, деди ийманиб. (Ваҳоланки, ўша йилдан анчагина олдин “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” фахрий унвонига сазовор бўлган эди. Шу ўринда айтишим керак, “Шарқ” нашриёти ҳам унга саккиз жилдлигини таклиф қилганда, у 6 жилдга туширган). Менинг қистовим билан у сайланма асарларини икки жилдлик қилиб олиб келди.
“Сайланма”ни қайси босмахонага бермоқчисиз?” деб сўраб қолди адиб бир куни. “Сайланма”нинг матбаа ижросига бошим қотиб турибди, ўзимизнинг босмахонада бунақа қалин китобни босишга қувват йўқ, 1,2,3-босмахоналар сифат бермайди”, – дедим. “Шарқ”чи, анчагина қувватли босмахона, Ислом Шоғуломов билан гаплашиб беришим мумкин”. “Қимматроқ босмахона-да”. “Майли, нархини ҳам келишиш мумкин”, – деди адиб. Эртасига телефон қилиб, гаплашганини, ҳар ҳолда жуда қиммат нарх қўймаслигини айтди. Мен дарҳол қўлёзмани “Шарқ” концернига жўнатдим. 20 минг адад белгиладим. Ўткир Ҳошимовдай адибнинг сайланмасига камроқ адад қўйишдан уялардим. 20 минг адад учун ҳар бири 40 босма тобоқдан иборат китобга омборда қоғоз йўқ эди. Аммо банкда пул бор. Қоғоз эса ўша йиллари тақчилроқ бўлиб қолган. Яна адибнинг ўзи ёрдамга келди; босмахонанинг ўзи қоғоз топадиган бўлибди. “Шарқ” тезкор босмахона, сайланма тез орада нашрдан чиқди. Унинг тарқалишини ҳам адибнинг ўзи уюштирди. Китобнинг бутун адади босмахонадан келганда нашриёт ходимлари уни иккинчи қаватга таший бошладилар. Шу пайт адибнинг ўзи келиб қолди ва терлаб-пишиб китобларни ташишга қараша кетди.
— Ўткир ака, сиз қўяверинг, ўзимиз ташиб қўямиз, — дейишди ходимлар.
— Керакли тошнинг оғирлиги йўқ, — деди у пешонасидаги терини артиб.
Бу ўша ота тарбиясининг самараси — ҳалоллик, бировнинг ҳақига хиёнат қилмаслик, қўлидан келса, бировга ёрдам бериш, ёрдам қилишнинг иложи бўлмаса, бировга ёмонлик қилмаслик.
Хуллас, ҳалоллик ва покизалик билан тарбия кўрган Ўткир Ҳошимов 1941 йилнинг 5 августида туғилиб, умрининг охиригача бировнинг ҳақидан қўрқиб, қўлидан келса, бировга ёрдамга шошилиб, қўлидан келмаса, агар душмани бўлса ҳам, унга ёмонликни раво кўрмай яшаб ўтди.
Ответить 
Старый 12.02.2016 14:22   #262  
Аватар для Asror Samad
Оффлайн
нафақахўр
филология фанлари номзоди, ёзувчи
Сообщений: 52
+ 111  50/19
– 0  1/1

Uzbekistan
КАМОЛОТ КАСБИ

Цитата:
Ўткир Ҳошимов етти ёшида мактабга борган. Ота-оналарнинг ҳашари билан қурилган бу мактаб ҳозир ҳам бор. Ўткир Ҳошимов таълим олган мактабига зиёратга бориб турарди. У ҳозирги Зангиота туманида, 54-разъезд (“Эркин”) деб аталадиган жойда эди.
Адиб мактабга борган 50-йилларнинг арафаларида ҳам ҳаёт енгил эмас эди. Ҳануз нонга узун навбат, ҳануз озиқ-овқат тақчил, кийим-кечак, орзу-ҳавасларни айтмаса ҳам бўлади. Мактаб ўқувчиларининг елкаларида латта жилд, оёқларида пайтава ва калиш, калишдан нам ўтиб туради.
Шўро даврида мактаблар турли табақаларга бўлинган эди: бошланғич (тўрт йиллик), тўлиқсиз ўрта (етти йиллик), ўрта (ўн йиллик) маълумот берадиган мактаблар бўлган. Масалан, тўрт йил бир мактабда ўқиган бола ке- йин бошқа мактабга бориб бешинчи синфдан бошлаб ўқиган, еттинчини битирган ўқувчи саккизинчи синфни бегона, анча узоқдаги мактабда бошлаган.
Хотирам алдамаса, 1954 йилгача ўғил болаларнинг синфлари алоҳида, қизларники алоҳида бўлган; 1954-55 ўқув йилидан бошлаб ўғил ва қиз болалар бир синфда ўқитиладиган бўлди. Сал ўтмай бир ўғил бола билан бир қиз бола битта партага ёнма-ён ўтқазилди. Буни бир муаллим шундай изоҳлаган: “Биз коммунизм сари бормоқдамиз, коммунизмда бу меники, у сеники, деган гаплар бўлмайди, инчунин, жинслар ҳам бир-биридан ҳуркмайдиган бўлади”.
“Мактабимиз пастаккина бино бўлиб, баҳор кезлари сомонсувоқ томида лолақизғалдоқ, чучмомалар қийғос очиларди... Оғир йиллар эди. Ўқувчилар орасида бизга ўхшаган гўдаклар ҳам, овози дўриллаб қолган ўспиринлар ҳам бор, баъзилари тонг саҳарлаб эшак минганча Бешёғоч бозорига бориб, узумми, шафтолими сотиб келишар, дарсга кеч қолса, ўқитувчиларимиз уларнинг аҳволини тушуниб кўп ҳам койимас эди. Ўқитувчилар биз учун энг обрўли, энг намунали инсонлар эди. Бунақа фидойи инсонлар кам бўлади. Улар дарс ўтатуриб, қаҳратон қиш совуғида синфхонани аранг илитаётган темир печкага ўтин ёки кўмир қалаб қўйишдан эринмас, ҳар бири ўз фанини жон куйдириб тушунтирарди”.
Барча болаларга ўша йиллари юқадиган касалликларнинг ҳаммаси юқиб ўтган. Шу жумладан, қизамиқ ҳам. 1967 йилгача, қизамиққа қарши эмлаш жорий қилинмагунга қадар бу касаллик айниқса болалар ўртасида оммавий тус олган эди.
“Баҳор эди, — деб эслайди адиб. — Ўриклар гуллаганди. Бир кун мактабдан бошим оғриб, иситмалаб келдим. Ойим... Ҳожи буви деган кампирни чақириб чиқди. Кампир негадир кўйлагимни ечиб, қорнимни ҳидлаб кўрди. “Хавотир олманг, Пошша, — деди онамни юпатиб, — боладан гул ҳиди келяпти, гул тошади!” Онам қўрқиб кетди... Камида йигирма кун, бўлмаса қирқ кун қизил кўрпа ёпиниб ётиш шарт экан...”.
Бу воқеа адибнинг хотирасига ўрнашиб қолган ва ке-йинчалик уни “Икки эшик ораси” романига киритган эди. Фақат кампир ўрнида “Қора амма”, она ўрнида Робия, Ўткир Ҳошимовнинг ўрнида Музаффар эди.
50-йилларнинг арафаларида касаллик, айниқса, болаларнинг орасида кенг тарқалди. Бу нарса ижтимоий ҳаётнинг ночорлиги ва тиббиётнинг ҳали керакли даражада ривожланмаганлиги билан изоҳланади. Кўпга келган тўй деганларидек, касалликлар Атоуллохон тўра оиласини ҳам четлаб ўтгани йўқ. Унинг барча болалари қизамиқдан таш- қари зотилжам, бод, кўкйўтал деган дардларни тортишди. Турмушнинг ночорлигидан бўлса керак, Атоуллохон тўранинг болаларини безгак деган касаллик ҳам четлаб ўтмади.
“Худди “график”да белгилаб қўйилгандек, ҳар куни бир вақтда, ҳатто саратоннинг сариқ кунида ҳам одамнинг аъзойи бадани музлаб, “шақ-шақ” титрайди. Кейин иситма қирқ даражага кўтарилиб, алаҳлай бошлайсиз... Ачинский деган дўхтир сап-сариқ, заҳардек аччиқ “хин” (“хинин”) деган дорини мажбурлаб ичиргани, шуни ичмасанг тузалмайсан, дегани ёдимда қолган...”.
Ана шундай касалликлар ва қашшоқлик ҳаёти билан ота-она беш болани оёққа турғизган. Биринчи фарзанд қиз бўлгани ҳам яхши бўлган экан, Озода опа укаларини катта қилишда Пошша ойига дастёр бўлди.
Ответить 
Старый 12.02.2016 14:23   #263  
Аватар для Asror Samad
Оффлайн
нафақахўр
филология фанлари номзоди, ёзувчи
Сообщений: 52
+ 111  50/19
– 0  1/1

Uzbekistan
КАМОЛОТ КАСБИ

Цитата:
Ўткир мактабда яхши ўқиди. 1-синфдан бошлаб барча фанлардан аъло баҳолар оларди.
Ўткир ўқиган 201-мактабда юртга танилган кўпгина олимлар, санъаткорлар, ёзувчилар ҳам ўқишган.
Ёзувчи мактабда унга таълим берган муаллимларини доим миннатдорлик билан эсларди: Одил Қаюмов, Масъуда опа, Абдуусмон ака, Зуҳриддин ака, Қўчқор ака, Абдували ака, Марям опа, Зайниддин ака, Ислом ака... Муаллимларининг кўпларини фамилиялари билан эслолмаслигининг сабаби — биз ўқиган 50-йилларда уларга исмлари ёнига ”ака” сўзини қўшиб мурожаат қилаверганмиз, уларнинг фамилиялари билан қизиқмаганмиз...
Ўткир бешинчими, олтинчи синфдами ўқир экан, шаҳар маориф бўлимидан текширувчилар келишади. Текширувчилар, албатта, дарсларга ҳам кириб ўтиришади. Бундай пайтларда муаллимлар ҳам текширувчилар олдида уялиб қолмаслик учун энг аълочиларни доска олдига чақиришади.
Ўша куни рус тили дарси бўлиб, муаллима Марям Шахобутдинова аввал ўқувчиларни рўйхат билан йўқлама қилиб, кейин ўтган дарснинг қандай ўзлаштирилганини аниқлашга киришади.
Мактаб услубиётида ўқувчиларни сенсираш мумкин эмас. Ҳар ҳолда, текширувчилар олдида.
— Хўш, болалар, ўтган дарсда нима ўтган эдик.
— Пушкин...
— Пушкиннинг қайси шеърини ўрганган эдик? Қани, Ҳошимов, сиз доскага чиқинг-чи.
Ўткир синфда энг кичкинаси, шунинг учун ҳам биринчи партада ўтирар эди. У доска олдига чиқиб соф рус тилида Пушкиннинг аллақайси шеърини (адибнинг эсида йўқ эди) ифодали ўқий бошлайди. Одатда текширувчилар ҳар қандоқ муаллимнинг дарс услубиётидан камчилик ахтаришади. Қўнғироқ чалинганда текширувчилардан бири: “Запомните мои слова, этот мальчик поэтом будет!” — деди тўлқинланиб. Текширувчиларга Ўткирнинг шеърни оҳанг билан ўқиши, урғуларни тўғри тушириши маъқул келган, албатта.
Ўткир шу йилларими ёки ундан олдинроқми, шеър машқ қилиб юрганини ҳали ҳеч ким билмасди.
“Эрта баҳор эди. Мактабдан келаётсам, деворнинг кунгай этагида қоқигул очилиб ётибди. Ҳаяжонланиб кетиб, “Олтин тугмача” деган шеър ёздим. Эсимда қолмаган. Фақат қоқигулни олтин тугмачага ўхшатганим ёдимда”.
Болада орзу кўп бўлади; ҳали трамвайчи бўлгиси келади, ҳали дўхтир дегандек... Ўткир қандай орзуларга берилгани ёдида йўқ, аммо 9-синфдалигида Жавдат деган ўртоғи билан учувчи бўлишни орзу қилган эди. Аммо Жавдатга-ку учувчи бўлиш насиб этди, Ўткирга эса ёзувчилик қисмати.
Агар адибнинг ўз таржимаи ҳоли билан “Икки эшик ораси” романи қиёсланса, Музаффар Ўткирнинг болалиги дейиш мумкин. Худди Музаффарга ўхшаб у ҳам питрак эди; ҳали ёнғоқ кетидан чопар, ҳали дарахтга осилар, ҳали анҳорнинг чуқур жойига сузиб борарди...
Бир она боласининг шўхлигидан Чеховга шикоятланиб, насиҳат қилиб қўйишини илтимос қилибди. “Биласизми, хоним, болангизни ёзувчиликка рағбатлантиринг, ёзувчиликка ружу қўйса, ўз-ўзидан қуйилиб қолади”, дебди ёзувчи. Бундан ташқари, Чехов бирон одамдан ранжиса, “ёзувчи бўлсин” деб “қарғар” экан.
Ҳалиги хонимга берган маслаҳатида ҳам, “қарғиши”да ҳам ҳақиқат бор. Шу ўринда Фузулийнинг бир байти эсга тушади:

Мани чўх ғамларим вордур, бийирин устига ортсанг,
Чиқар кофир жаҳаннамдин, кулиб аҳли азоб ўйнар.

Байтнинг истилоҳий маъноси ёзувчи ва шоирларга тааллуқли; улар халқ дардини елкаларида эмас, қалбларида олиб юрадилар. Бу дарднинг юки бениҳоя оғир ва залворли.
Навоийхонлик, бедилхонлик, қиссахонлик, машрабхонлик, достонхонлик Ўрта Осиё ҳудудида азалдан бўлган ва бу анъана то телевидение пайдо бўлгунча ҳам давом этган. Достонлар, асосан, қишлоқ жойларда кенг тарқалган бўлиб, бахшилар тўй-ҳашамларда, йиғинларда “Алпомиш”, “Авазхон”, “Рустамхон”, “Ширин билан Шакар”, “Кунтуғмиш” сингари достонларни завқ-шавқ билан дўмбра чертиб айтганлар. Навоийхонлик, бедилхонлик, фузулийхонлик эса асосан зиёлилар орасида кенг тарқалган бўлиб, Навоий ва Бедил асарларини ўқиб, улардаги маъноларни шарҳлаганлар. Аммо оилавий китобхонлик давра танламасди; ҳар бир хонадонда китобхонлик ҳар куни бўлмаса ҳам, ҳафтада икки-уч марта бўлар, агар қизиқ китоб бўлса сурункали китобхонлик давом этарди. Оилавий китобхонликда “Меърожнома”дан тортиб “Кунтуғмиш”гача ўқилаверган. Масалан, Ўткир Ҳошимов улғайган хонадонда кўпроқ Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”и, “Ҳикояти Гўрўғли султон”, “Кунтуғмиш”, “Алпомиш” достонлари ўқилар, асосий қироатхон Ўткирнинг акаси Эркин ака бўларди. Бу китобхонликлар бўлажак адибнинг шуурига самарали таъсир кўрсатган, эҳтимолки, ўша романтик қаҳрамонларнинг адолат ва ҳақиқат учун олиб борган курашлари унинг ҳақпараст ёзувчи сифатидаги зуваласини пишитгандир.
Ответить 
Старый 12.02.2016 14:23   #264  
Аватар для Asror Samad
Оффлайн
нафақахўр
филология фанлари номзоди, ёзувчи
Сообщений: 52
+ 111  50/19
– 0  1/1

Uzbekistan
КАМОЛОТ КАСБИ

Цитата:
Ўткир саккизинчи-тўққизинчи синфданоқ қуйилиб, анча ўйчан тортиб қолган эди. У кўпроқ китоб ўқийдиган бўлди. Ўзининг эслашича, унинг биринчи танишган ёзувчиси, ўн еттинчи асрнинг иккинчи ярми ва ўн саккизинчи асрнинг биринчи ярмида яшаб ижод этган, янги давр инглиз адабиётининг асосчиси Даниел Дефо ва унинг “Робинзон Крузо” романи бўлди. У, албатта, олдин ҳам бадиий асарлар ўқиган, дарсликларда берилган асар парчалари билан таниш эди. Лекин бу асар унинг болалик шуурига кучли таъсир қилди. “Робинзон Крузо”нинг биринчи қисми болалар учун жуда қизиқарли эди; Робинзоннинг ёлғизлик машаққатларини чекиши, оролда бутун иродасини ишга солиб, ҳаёт ўрнатиши, Жумавой билан танишиши ва унга тил ҳамда одамга ўхшаб яшаш тарзини ўргатишини ўқиш жуда мароқли. Аммо романнинг иккинчи қисми инглиз зодагонларининг ҳаётидан бўлгани ва энди Робинзон олдинги оролдаги дилбар киши эмас, балки димоғдор зодагон эканлиги болаларни зериктиради. Аммо шундай бўлса ҳам Ўткир бу романни қўлидан қўймай охиригача ўқиди ва эҳтимолки, биринчи марта бадиий олам билан ошно бўлди. Кейин у шунга ўхшаган асарларни излаб қолди. Мактабда кутубхона бор эди. Ўткир болалагидан рус тилида ўқир эди. Рус адабиёти ўша даврда ўзбек адабиёти ва бошқа Осиё халқлари адабиётидан кўра бойроқ; рус тилида жуда кўп жаҳон ёзувчиларининг асарлари нашр этилган; ўзбек адабиётида эса, таржима асарлар ҳам, оригинал асарлар ҳам саноқли эди. У мактаб кутубхонасидан Жек Лондон, Фенимор Купер, Жонатан Свифт, Майн Рид, Жюль Верн, Марк Твен каби адибларнинг асарларини топиб, берилиб ўқиди.
Ўткир мактабда бешинчи-олтинчи синфларда ўқиб юрган кезларида Ғафур Ғуломнинг “Том Сойер саргузаштлари”дан қолишмайдиган “Шум бола” қиссаси жуда машҳур бўлган. Ўткирнинг миллий адабиёт билан танишуви эҳтимолки Ғафур Ғулом асарларидан бошлангандир. Кейин у Ойбек романлари, Ҳамид Олимжон шеърлари билан танишди ва шу билан талабалик йилларига қадар ўзбек адабиётининг барча намояндалари асарларини мутолаа қилиб чиқди. Мактабни кумуш медаль билан битирганда (мактабларда олтин ва кумуш медаллар аъло ўқиганларга бериларди, олтин медаль фақат беш баҳога ўқиганларга, кумуш медаль эса битта тўрт баҳоси борларга берилган), у Абдулла Қаҳҳор, Яшин, Уйғун, Шайхзода, Миртемир, Саид Аҳмад, Зулфия, Саида Зуннунова, Шуҳрат, Туроб Тўла, Мирмуҳсин, Асқад Мухтор сингари шоиру адибларнинг асарлари билан яқиндан таниш бўлган.
Шуни таассуф билан айтиш керакки, мактаб дарсликларида йигирманчи асрнинг йигирманчи йилларидаги адабиёти Ҳамзадан бошланган ва кейин бирдан Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Абдулла Қаҳҳор ижодий фаолиятларига сакраб ўтилган эди. Демак, йигирманчи йиллар адабиётида кимлардир ташлаб кетилган. Бу ўпирилиш 1956 йилда халққа маълум бўлди: йигирманчи йиллар адабиётида Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Ғулом Зафарий, Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Хуршид, Сўфизодалар бор экан. Ўзбек драматургияси Ҳамзадан эмас, Беҳбудийдан, ўзбек романчилиги эса Ҳамзанинг “Саодат ёхуд миллий роман” деб аталган бор-йўғи йигирма саҳифалик асаридан эмас, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” асарларидан бошланган экан.
Миллий республикаларда маданий мерос шўро сиёсати томонидан узиб-узиб ташланиб, бўлакларга ажратилди. Бу имлодан бошланди. Марказий Осиё республикаларида араб имлоси амалда эди. 1929 йилда бу имло бекор қилиниб, лотин алифбосига асосланган ўзбек имлоси жорий қилинди. 1941 йили эса бу ҳам бекор бўлиб, кириллча ҳарф муомалага киритилди. Демак, халқ икки марта саводсизлантирилди, икки марта “ликбез”лар очилди.
1958 йилга келиб Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи халққа қайтарилди. Роман қўлма-қўл бўлиб кетди. Роман халққа қайтарилгандан кейин билдикки, ўзбек адабиётида романчилик анъанаси Абдулла Қодирийдан бошланган экан.
Ўткир, ҳали айтдигимиз, оилавий китобхонликда бу романни кимдир ўқиб берганда эшитган, энди эса мактабни битириш арафасида ўзи мириқиб ўқишга муяссар бўлди. Эндигина адабиёт ишига ҳавас қўйган йигитчани роман ўзига тортиб кетди. У ўзбек тилининг жозибаси ва оҳангини, бойлиги ва фасоҳатини шу роман орқалигина билди, тушунди, десак, янглишмаган бўлармиз. Ана шу ўқилган китоблар, йигитча учун идеал бўлган адиблар уни учувчи бўлиш ҳавасидан қайтариб, адабиётга етаклади.
Ответить 
Старый 12.02.2016 14:24   #265  
Аватар для Asror Samad
Оффлайн
нафақахўр
филология фанлари номзоди, ёзувчи
Сообщений: 52
+ 111  50/19
– 0  1/1

Uzbekistan
КАМОЛОТ КАСБИ

Цитата:
Ўткир мактабни битирган йили тўғри Тошкент давлат университети (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекис- тон Миллий университети) филология факультетининг журналистика бўлимига ҳужжат топширди (ҳозирда журналистика факультети алоҳида). Мактабни медаль билан битирганларга имтиёз бор эди: битта имтиҳон топширилади ва ундан муваффақият билан ўтганлар тўғри ўқишга расмийлаштирилади. Аммо Ўткир сиртқида ўқишга мажбур бўлди. Бу пайтга келиб Атоуллохон тўра хасталаниб, иш-кучдан қолган, катта акаси Эркин талаба, кичик акаси Тўлқин армия сафида, у пайтда армия сафида уч йил хизмат ўталган, Пошша ойининг фаррошликдан топадиган даромади маълум. Опасининг ўз турмуши, ўз рўзғори, укаси ҳали ёш. Оилани моддий жиҳатдан таъминлаш Ўткирнинг зиммасига тушган эди.
У университетга ҳужжат топширмасдан олдиноқ иш топган, бу иш “Темирйўлчи” газета таҳририятида дастёрлик эди. Бу ишни журналистлар “курьер” деб аташар, курьер бўлимдан бўлимга ёки бошқа ташкилотларга хатлар ташир, босмахонадан нам гранкаларни олиб келиб, олиб кетарди.
Таҳририятларда умр бўйи дастёр, мусаҳҳиҳ, нари борса адабий ходим бўлиб ўтганлар бор. Болалигида питрак бўлган Ўткир бу ишда ҳам тинч турмади; хабарлардан тортиб репортажларгача, лавҳалардан тортиб очеркларгача ёзди. Унинг ёзган нарсаларини ўқиб завқланган муҳаррир ўринбосари Асом Исҳоқов: “Ҳали кўрасизлар, бу боладан зўр ёзувчи чиқади”, деб башорат қилган экан, деб хабар беради Мурод Тиллаев. Ўткирнинг ҳаётида бу иккинчи башорат эди.
Ўткир Ҳошимовнинг дастлабки танишган касбдоши ва “Темирйўлчи” газетасининг муҳарририга уни далолат қилган журналист Йўлдош Мансуровнинг ёзишича, бу таҳририятга уни шу ерда дастёр бўлиб ишлаган Ўринбой деган йигит — Ўткир Ҳошимовнинг мактабдоши тавсия қилган ва биргалашиб таҳририятга олиб келган экан. У ишга қабул қилинган кунидан бошлаб босмахонага олиб бориладиган материалларни синчиклаб ўқийдиган бўлган. Орадан икки-уч кун ўтмай ўзи ҳам хабарлар ёза бошлаган. Ҳатто шундай бўлганки, унинг ёзган хабарлари таҳрирсиз ҳам газетада босила бошлаган. Газетага Сирдарё вилоятидан ишга ўтган Жўра Холқосимов деган машҳур журналист рус тилида яхши гапиролмасди. Ўткир эса рус тилини яхши биларди. Темирйўл корхоналарида ўша пайт- да асосан рус тилида сўзлашувчи одамлар ишларди. Шунинг учун Жўра ака уни ўзи билан объектларга олиб кетар, темирйўлчилар билан танишгач, асосий гап Ўткирдан бўлар ва натижа ўлароқ Жўра Холқосимов билан Ўткир Ҳошимов имзосида мақолалар газета юзини кўрарди. Ўткир Ҳошимов ўзининг таржимаи ҳолида биринчи ҳикоясини 1963 йил, 17 апрелда деб қайд қилган эса-да, Йўлдош Мансуровнинг таъкидлашича, биринчи ҳикояси “Темирйўлчи” газетасида босилган.
“Ўткир Ҳошимовнинг биринчи ҳикояси кўпчиликка маъқул бўлди. Эртасига темирйўл бошқармасининг бўлим бошлиғи Қаноат Хўжаев қўнғироқ қилди.
— Кеча газетамизда бир ҳикоя ўқидим. Ўткир Ҳошимов ким? Темирйўлчилар ҳаётининг ўзига хос жиҳатларини жуда яхши ёритибди. Абдулла Қаҳҳор сингари ихчам ва мазмундор сўзларни топиб ишлатибди, — деди.
— Ўзимизнинг ходим, ёш йигит, бу унинг биринчи ҳикояси, дастлабки ижодий маҳсули, — дедим унга.
— Эй, анави ихчамгина йигитми? Биринчи ҳикояси шунақа бўлса, ҳали у катта ёзувчи бўлиб кетади, — деб қўшиб қўйди Қаноат ака. Эҳтимол адибнинг бу ҳикоядан кўнгли тўлмаган ва шу сабабдан ҳам уни унутиб юборган бўлиши мумкин...” (Йўлдош Мансуров, Тўғри чиққан башорат).
Ўткир Ҳошимов ижодий фаолиятининг бошланишиданоқ синчковлик билан ишга муносабатда бўлганлиги туфайли дастлабки ҳикояси ҳақида шунчалик мақтовлар бўлди. Темирйўлчилар ҳаётини мукаммал ўрганиши натижасида “Пўлат чавандоз” номида очерклар тўплами майдонга келди.
Агар олтмишинчи йилларгача нашр этилган газета ва журналларни варақласангиз, кроссворд, чайнворд, сканвордларга кўзингиз тушмайди. 1959 йили бўлса керак, “Ленин учқуни” газетасининг тўртинчи саҳифасида кроссворд бор. Бу кроссворднинг ижодкори — Ўткир Ҳошимов. Журналистика ишидаги бу янгилик тез авж олиб, бошқа газеталар, ҳатто баъзан ўта жиддий, қовоғи солиқ “Совет Ўзбекистони”нинг ҳам тўртинчи саҳифаларида кроссворд бериладиган бўлишди; кроссвордчилар кўпайгандан-кўпайди. Ҳозирда алоҳида кроссворд газеталари бор.
Ответить 
Старый 12.02.2016 14:25   #266  
Аватар для Asror Samad
Оффлайн
нафақахўр
филология фанлари номзоди, ёзувчи
Сообщений: 52
+ 111  50/19
– 0  1/1

Uzbekistan
КАМОЛОТ КАСБИ

Цитата:
Ўткир “Темирйўлчи” газета таҳририятида бир йилча ишлаб юриб, “Совет Ўзбекистони” газета таҳририятига мусаҳҳиҳ ёрдамчиси бўлиб ўтди. Бу хизматни “подчичик” дейишарди, яъни мусаҳҳиҳ теришдан чиққан материални ўқийди, подчичик асл матнга қараб туради.
Ўша пайтларда журналистларга, умуман таҳририятдаги қимирлаган жонга қийин эди. Мамлакат раҳбари сергап, эзма одам эди. Қаердаки маъруза қилса, сув ичмай уч-тўрт соат жаврар ва бу маъруза матнлари А-1 форматдаги газеталарнинг беш-олти саҳифасини тўлдирарди. Албатта, маъруза бир кун олдин келмайди, ё бир кун олдин маълум ҳам бўлмайди. Журналистлар навбатдаги сонни тайёрлайдилар, ўқийдилар ва босишга рухсат берганларидан кейин лоп этиб унинг маърузаси ТАСС орқали келиб қолади. Дарҳол таржимонлар ишга тушишади. Машинисткаларнинг биқинида ўтириб олиб, русча матндан тўғри ўзбекчага ўгирадилар. (Машинисткаларнинг бармоқлари шишиб кетса ҳам жойларидан қимирлашга вақтлари бўлмайди.) Машинкадан чиққан матн пешма-пеш ўқиб борилади, пешма-пеш линотипда терилади ва яна ўқилади. Буям майли. Лоп этиб ўзгаришлар келиб қолади. Уни яна қайта таржима, қайта ўқиш, қайта териш ва қайта тузатиш билан тонг отади. “Кунора тонготар таҳририятда қолиб кетардик”, деб эслайди Ўткир Ҳошимов.
Ўша йиллари — 1960-62 йилларда Ўткир бир қадар енгил ишга ҳам ўтди; “Транспортный рабочий” газета таҳририятида таржимон бўлиб ишлади; бу иш ҳар ҳолда тинч- роқ; у газетада қават-қават нутқлар босилмасди. Шу ўринда бир гапни айтиб ўтиш жоиз: Ўткир Ҳошимов журналист- ик фаолиятини бошлаган йиллариданоқ нафақат рус тилидан ўзбек тилига, балки ўзбек тилидан рус тилига ҳам таржималар қилган ва ҳатто рус тилида мақолалар ҳам ёзган.
У қайноқ, тезкор ишга ўрганиб қолган экан. Икки йилча таржимон бўлиб ишладию яна “Совет Ўзбекистони” таҳририятига, энди адабий ходим бўлиб қайтди. Шу йили “Тошкент ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири Аҳмад Исмоилов уни сўраб олди ва у энди “Тошкент ҳақиқати” газетаси таҳририятида адабий ходим бўлиб ишлай бошлади.
Сиртқи бўлимда ўқиб юрган кезларида кундузги бўлимга ўтишга қарор қилди, тўртинчи курсга ўтганидан кейин кундузга бўлимга ўтдию яна учинчи курсда қайта ўқиди. Гарчи Ўткирнинг зачёт дафтарчасидаги баҳоларнинг ҳаммаси беш бўлса ҳам уни қайта учинчи курсни ўташга мажбур қилдилар. Бунга асос ҳам бор эди; сиртқи бўлим талабалари бир йилда икки марта бир ойгагина университетга келиб, домлаларнинг маърузаларини тинглашар, вақт зиқ бўлганидан маърузалар ҳам, албатта, қисқа бўлар, табиийки, талабаларнинг билим олишлари ҳам кундузги бўлимникидан анча саёз бўларди. Шунинг учун Ўткир университет раҳбарлари билан тортишмасдан учинчи курс- да қайта ўқишга рози бўлди. Курсни қайта ўтишидан пушаймон қилмади, чунки факультетнинг донг таратган домлалари Ғулом Каримов, Фаттоҳ Абдуллаев, Матёқуб Қўшжонов, Субутой Долимов, Аюб Ғуломов, Г.И.Окунь, Лазиз Қаюмов, Озод Шарафиддиновлар сиртқи бўлимда ишлашмасди, кундузги бўлимда эса, Ўткир уларнинг маърузаларини эшитди.
Ўткир кундузги бўлимга ўтган бўлса ҳам ишдан бўшамади. Пешингача ўқиб, пешиндан кейин эса трамвайда таҳририятга келарди. У пайтда филология факультети ҳозирги Миллий академик театримиз ёнидаги бинода жойлашган, таҳририят эса, ”Шарқ” концерни биносида эди.
Таҳририят унга тўлиқ маош берарди. Баъзи бошлиқлар, гарчи ходим тўла куч билан ишласа ҳам, унинг идорада маълум соатдан маълум соатгача ўтирмаслигига чидолмайди; жуда инсоф қилса, ярим маошга ўтказиб қўя қолади. Аммо Ўткирнинг бахтига бош муҳаррир Аҳмад Исмоилов ҳам, масъул котиб Нуъмон Насимов ва бўлим бошлиғи Назармат ака ҳам, биринчидан, унинг моддий шароитини тушуниб, иккинчидан, тўла куч билан ишлаётганлигини билиб, учинчидан, йигитнинг ёзувчи сифатида истиқболи порлоқ эканлигини англаб, унга шароит яратиб беришди. Айниқса, Назармат ака Ўткиргна кўп меҳрибонликлар кўрсатди. Бир куни Ўткиржон менга Назармат ака ҳақида шундай дегани ёдимда:
– Назармат ака раҳматлик бағри кенг инсон эди. Бу одамнинг бировга овоз кўтариб гапирганини, қовоғи солиқ ҳолда муомала қилганини кўрмаганман. Агар ходимлардан биронтаси материал тайёрлашда хатога йўл қўйган бўлса, таъна қилиб уялтирмас, ”Ўзингиз бир кўриб чиқинг-чи”, деб қўлига қайтариб бера қоларди. Отамиз қатори одам бўлса ҳам биз билан тенгдошдек фикрлашарди. Баъзан қўшимча паралар бўлиб қолганда, таҳририятга жуда кеч келган пайтларим бўлган. Мен ишга келганимда ходимлар кетишга отланиб туришарди гоҳида. Назармат аканинг хонасига кириб, узр сўрамоқчи бўлганимда, оғиз очмасимдан: ”Келдингизми, Ўткиржон, мана бу материални эртанги сонга туширишимиз керак экан, қўлим тегмай, сизга атаб қўйган эдим”, – деб қўлимга беш-олти қоғоз материални тутқазарди. Мен у кишини отамдек кўриб, жуда ҳурмат қилардим.
Ответить 
Реклама и уведомления
Старый 12.02.2016 14:26   #267  
Аватар для Asror Samad
Оффлайн
нафақахўр
филология фанлари номзоди, ёзувчи
Сообщений: 52
+ 111  50/19
– 0  1/1

Uzbekistan
КАМОЛОТ КАСБИ

Цитата:
Шу ўринда бир воқеани келтириш ўринли:
”...Бир воқеа эсимдан чиқмайди, — деб ёзади Ўткир Ҳошимовнинг касбдоши профессор Карим Норматов. — Ўткиржон баъзан ишга кечикиб қоларди. Бир гал таҳририят мажлисида интизом масаласи кўрилди. Шунда ходимлардан бири талаб ҳаммага бир хил бўлиши керак, баъзиларнинг ишга қачон келиб қачон кетгани назорат қилинмайди, деди. Саъдулла ака (“Тошкент оқшоми” газетасининг биринчи муҳаррири Саъдулла Кароматов — А.С.) кимни назарда тутяпсиз, деб сўраганда ўша ходим Ўткиржонни айтди.
— Бўпти, — деди Саъдулла Кароматов, — бу масалага алоҳида қайтамиз. Ҳозир эса сиз билан Ҳошимовга топшириқ. Сиз фалон мавзуда, Ўткир фалон мавзуда бир саҳифадан материал тайрлайсизлар. Кейинги сонда босилиши керак.
Кечқурун соат бешда одатдаги “планировка” бўлди.
— Саҳифа қани? — деб сўради Саъдулла ака бояги ходимдан.
— Улгуролмадим, эртага топшираман, — деди ходим.
Саъдулла ака столи устида турган бир тахлам материалларга имо қилди.
— Ўткир Ҳошимов эса саҳифани икки соатда столга қўйди. Орангиздаги фарқни энди тушундингизми?.. Менга кун бўйи хонасига кириб олиб қоғоз қиртиллатадиган ходим эмас, иш берадиган одам керак!” (Карим Норматов, Аланга билан бошланган ижод.)
Одамни пишитадиган, чиниқтирадиган нарса меҳнат. Эрамиздан олдин ўтган Рим ёзувчиси Сенека топиб айтган: “Улуғ кишиларни меҳнат етилтиради”.
Албатта, Ўткирнинг ҳам тенгдош талабаларга ҳаваси келгандир; уларнинг ўқишдан бўш вақтларида клубларга, кинотеатрларга, театрларга ёки бошқа кўнгилочар жойларга бориб дам олишлари, соатлаб қайсидир мавзуда баҳс қилишлари, майдонда қийқириб копток тепишлари, маишат қилишлари, қолаверса, қизлар билан хиёбонда айланиб юришлари завқли эди.
Ўткир Ҳошимовнинг ўзи “Тушда кечган умрлар” романида тасвирлаганидек, айниқса, биринчи босқич талабалари учун пахта кампаниясида иштирок этиш ҳам романтика бўлиб туйилган. Ўткир ўсмирлик ва йигитлик даврини романтика билан эмас, ҳақиқий меҳнат билан кечирди. Машаққатли меҳнат натижаси ўлароқ, унинг “Пўлат чавандоз” очерклар тўплами 1962 йилда “Тошкент” бадиий адабиёт нашриёти томонидан чоп этилди. Китоб катта ҳажмда эмас, бор-йўғи 40 саҳифадан иборат эди. Биринчи китобнинг қувончи, завқи бўлак. Газета-журналларда биринчи мақоласи, шеъри, ҳикояси босилган ёшлар ўша нашрлардан йигирматалаб сотиб олади ва атрофга албатта олазарак қарайди. “Биринчи ҳикоям газетада босилганда, — деб эслаган эди Ўткирнинг устози Саид Аҳмад ака, — ўша газетадан йигирматача сотиб олганман. Назаримда кўчадан ўтиб кетаётган одамлар газетада босилган ҳикояни шу бола ёзган, деб мени кўрсатишаётгандек эди”. Биринчи китоби чиққан ёзувчи эса, билишимча, осмонда парвоз қилиб юрса керак.
Ўткир биринчи китобини қўлга олгач, гўё учиб уйига келди. Атоуллохон тўра бу пайтда бемор бўлиб тўшакда ётар, умри давомидаги азоблар, асаб ҳисобига ўтган тирикчилик, қашшоқлик билан кечирилган ҳаёт охири уни тўшакка михлаганди. У китобини отасига берди. Атоуллохон тўра китобни варақлар экан, хаста юзи ёришиб кетди. Аммо у жуда ҳам вазмин одам бўлгани учун “Баракалла”дан нари ўтмади. Пошша ойи ўғлини узоқ дуо қилди...
Бу китоб уни қанотлантирди. У энди камдан-кам одам ўқийдиган очерклар, репортажлар эмас, оммабоп бирон нарса ижод қилиш иштиёқида юрарди. Бу иштиёқ амалий ишга айланиб, “Тўрт мактуб” номи билан бир ҳикоя ёзди. Ўшанда у тўртинчи босқичда сиртқидан кундузги бўлимга ўтган, ҳали 22 ёшга тўлмаган йигитча эди. Ҳикоя “Тошкент ҳақиқати” газетасида босилди.
Ўткирнинг ёзувчи сифатида туғилган куни 1963 йилнинг 17 апрели эди. “Шундан бери ҳар йили 17 апрелни ўзимча нишонлайман”, деб ёзади адибнинг ўзи. Бу ҳикоя билан боғлиқ катта воқеа куз ойларида содир бўлди. У ҳикояни кейинчалик қиссага айлантирган ва “Чўл ҳавоси”, деб номлаганди.
Ўша йиллари Ҳамид Нурий “Совет Ўзбекистони” газетаси таҳририятида ишларди. Ўткир ийманибгина қиссасини унга берди. Йўқ, газетада эълон қилиш учун эмас, шунчаки фикр олиш учун. Ҳамид Нурий ўша пайтда анча танилган шоир ва бир неча ҳикоялар эълон қилган адиб эди. Ҳамид Нурий қиссани бош кўтармай бир зарбда ўқиб чиқиб, бошловчи ёзувчини ажойиб қисса билан табриклади. Ўша пайтда Ўткир Ҳошимовнинг деярли тенгқури, аммо анча танилиб қолган Муроджон Мансуров Ҳамид Нурийдан қисса таърифини эшитгач, қизиқиб қолиб, ҳамкасбининг қўлидан олиб ўқиди. У ўқидию қизиқ иш қилди; муаллифга айтмасдан қиссани “Шарқ юлдузи” журналига олиб бориб берди. Кейин муаллифга айтди. Бу энди август ойлари эди чоғи. Сентябрь ойидан пахта кампанияси бошланди ва бу кампанияга одатдагидек талабалар жалб этилди. Ўткир ҳам шулар қаторида пахтага кетди. Пахтага жўнашдан олдин у таҳририятга қўнғироқ қилди.
— Мухторов эшитади, — деган салмоқли овоз келди гўшакнинг нариёғидан.
Ўткирнинг юраги уриб кетди. У ахир нақ Асқад Мухторнинг ўзи билан гаплашаётган эди. Тутила-тутила бир нарса машқ қилганини, шу нарсанинг тақдири нима бўлганини сўраши билан:
— Асарингиз яхши, яқинда босилади, — деган жавобни олди.
Бу биринчи қувонч эди. Иккинчиси ўзи ишлаётган таҳририятдан бўлди. Пахта теримига бориш шўро даврида мажбурий эди. Пахта кампаниясидан бош тортган талаба ўқишдан ҳайдаларди. Лекин у таҳририятдан тўла маош олиб ишлайдиган адабий ходим ҳам эди. Пахта кампанияси учун гулдек ишидан воз кечиши керак эди. Бош муҳаррир Аҳмад Исмоилов йигитнинг истиқболини кўра билгани учун унга валломатлик қилди: “Пахтага бемалол бориб келаверинг, ишда қолаверасиз”, деди у.
Ответить 
"+" от:
Старый 12.02.2016 14:27   #268  
Аватар для Asror Samad
Оффлайн
нафақахўр
филология фанлари номзоди, ёзувчи
Сообщений: 52
+ 111  50/19
– 0  1/1

Uzbekistan
КАМОЛОТ КАСБИ

Цитата:
Асқад Мухтор ваъда қилганидек, “Чўл ҳавоси” “Шарқ юлдузи” журналининг 1963 йилдаги 10-сонида босилди. Пахта кампанияси бир ой деб ваъда қилинар, аммо талабалар кеч кузгача, ҳатто қишгача ҳам қолиб кетаверишарди. Ўткир ўз қиссасининг журналда босилганидан хабари йўқ.
“...Биз... Бўка туманида ҳашар қилаётган эдик. Орамизда ёши биздан улуғроқ курсдошимиз Тўлқин Алимов янги уйланган, домлалар унга ўн-ўн беш кунда бир марта уйига боришга рухсат бериб туришарди. Шундай кунлардан бирида Тўлқин ака уйидан пахтага қайтиб бориб, “сенга Абдулла Қаҳҳордан хат кепти, факультетда ётган экан, уйга ташлаб келдим”, деди. Бу мен учун энг қувончли кун эди. Демак, асар журналда босилиб, уни Абдулла Қаҳҳордек буюк адиб ўқиган. Мабодо у кишига қисса маъқул келмаган бўлса, мени койиган бўлса ҳам майли, ўқиб хат ёзганининг ўзи катта гап эди.
Пахтадан қайтган кунимиз қопимизни орқалаб, Тўлқин аканинг уйига бордик. Қўлимиз ҳаяжондан титраб, хатни очиб ўқидик”.
Ўша машҳур хат мана бу:
“Ўткир!
“Чўл ҳавоси”ни ўқиб суюниб кетдим. Бирдан лов этиб аланга билан бошланган ижоднинг келажаги порлоқ бўлади. Қисса жуда соф, самимий, илиқ, табиий, роҳат қилиб ўқилади.
Қиссанинг хат шаклида бўлиши кўп жойларда ритмни бузади, сизни чеклаб қўяди. Ҳикоя биринчи шахс тилидан олиб борилса ҳам шундай бўлур эди. Келгусида буни ўйланг, ҳисобга олинг.
Шу аланга ҳеч қачон пасаймасин, ижодингиз ҳеч қачон тутамасин!
Ҳурмат билан: Абдулла Қаҳҳор”.
“Шундан кейингина мендан ҳам ёзувчи чиқиши мумкин экан, деган хаёлга бордим...”.
Абдулла Қаҳорнинг “Шу аланга ҳеч қачон пасаймасин, ижодингиз ҳеч қачон тутамасин!” деган дуоси ижобат бўлиб, Ўткир Ҳошимов ўзбек адабиётига пайдарпай ажойиб романлар, қиссалар, драматик асарлар, ҳикоялар, бадиалар, мақолалар берди. Лекин у ижодий иш билан маҳдуд бўлиб қолгани йўқ. Оддий журналистликдан давлат жамоат арбоби даражасигача бўлган машаққатли йўлни босиб ўтди. У агар фақат ижодий иш билан шуғулланганда ҳам Ўткир Ҳошимов бўлиб элда ардоқли адиб бўлаверарди, аммо унинг болалагидаги питраклиги, расмий тил билан айтганда, фаоллиги бир жойда депсинишга йўл қўймасди. У 1967 йилда Ёзувчилар уюшмаси аъзолагига қабул қилинди. Шундан кейин унинг жамоат ишлари янада кўпайди. Турли жойларда китобхонлар билан учрашувлар, газета саҳифаларидаги чиқишлар, радио ва телевидение орқали мурожаатлари шулар жумласидан эди.
У 1966 йили, Тошкент зилзиласидан кейин таъсис этилган “Тошкент оқшоми” газетаси таҳририятига адабиёт ва санъат бўлимининг мудири бўлиб ўтди.
Лекин Ўткир Ҳошимов юқорироқ мансабга кўтарилишдан андиша қилди. Тўлқин Расулов “Эл севган адиб” китобига кирган мақоласида шундай ёзади:
“Негадир Ўткиржоннинг руҳи паст, тажанг кўринарди.
— ...Ўзингиз ўйланг, газетада ярим кун ишлаганимда редакторимиз Аҳмаджон Исмоилов, бўлим мудири Назармат ака “Сен ўзинг кимсанки, бунақа чиллаки ишлайсан”, деб бир оғиз танбеҳ сўз айтишмади, ҳаммалари ҳурмат қилишади. Энди бўлса янги ташкил этилган “Тошкент оқшоми”га ўтиб ишлашим керак эмиш. Ҳозир Марказқўмга бориб келяпман, “Оқшом”га ўтасиз дейишди.
— “Оқшом” жуда ўқимишли газета бўлади, — дедим маслаҳат тарзида, — адабиёт ва санъат бўлимини гуллатиб ишлайсиз.
— Ишлайманку-я, — деди Ўткиржон ҳамон куюнчак оҳангда. — Аммо “Ҳақиқат”даги устозларимни ташлаб кетгим келмаяпти.
Ўшанда Ўткиржон нима учун “Тошкент оқшоми” газетасига ўтишни хоҳламаганини тушундим. Одатда одамлар мансаби бир поғона кўтарилиб, маоши бир мунча ошса хурсанд бўлади-ку... Гап шундаки, Ўткир Ҳошимов андишали одам! “Тошкент ҳақиқати” раҳбарияти унинг тушгача ишлаб, тушдан кейин ўқишга югуришига, ҳатто бир ойдан ортиқ пахтага боришига ҳам рухсат берганини унутмаяпти, истиҳола қиляпти...”
Бунақа андишалилик ҳам Ўткирга онасидан ўтган, буни яхшироқ англаш учун “Дунёнинг ишлари”даги “Олтин болдоқ” новелласини ўқисангиз, бу нарса яна ҳам равшан бўлади.
(”Олтин болдоқ” гарчи қиссадаги новеллалар қаторидан ўрин олган бўлса-да, ҳикоя даражасига кўтарилган асар. Ундаги фабула тўла равишда сюжет даражасига кўтарилган, андишали аёлнинг типик образи, бола руҳияти аниқ намоён этилган.)
Газетанинг дастлабки лойиҳасида “Вечерняя Москва” газетасига ўхшаган бўлиши керак эди; у газетхонларга нақ оқшом пайтида етказилиши, бошқа газеталарда бўлганидек сиёсий мақолалар эмас, ўқишли, кўнгил очар материаллар берилиши керак эди. Барибир, газета дастлабки сонлариданоқ сиёсий газетага айланди, чунки у Тошкент партия ташкилотининг органи эди.
Аммо таҳририят ходимлари газетхонларнинг юрагига етиб борадиган материалларни излашда давом этдилар.
Ответить 
2 "+" от:
Старый 12.02.2016 14:28   #269  
Аватар для Asror Samad
Оффлайн
нафақахўр
филология фанлари номзоди, ёзувчи
Сообщений: 52
+ 111  50/19
– 0  1/1

Uzbekistan
КАМОЛОТ КАСБИ

Цитата:
Ёзувчининг кузатувчанлиги ижодига барака киритади. 1968 йили ана шу кузатувчанлик оқибати ўлароқ газетада унинг “Ном ҳам ҳусн белгиси” деган мақоласи босилди. Мақола чиққан куни ўз соясидан ҳам қўрқадиган, нафақат шўролашиш, балки европалашган партия ходимлари талвасага тушиб қолишди. Мақолани зарарли деб топишди, мақола муаллифига ҳайфсан бердилар. Гап шундаки, мақола муаллифи Тошкент кўчаларининг деярли ҳаммаси европача, масалан, “Сапёрная”, “Вокзалная”, “Вагонная”, “Гастрономная”, “Невская”, “Болгарский огород”, ”Кафанова” ва ҳоказо аталишини танқид қилган ва уларни миллийлаштириш, лоақал ўтмишда ўтган улуғ сиймолар номи билан аташ масаласини кўтарган эди. Масалан, Кафанов ким бўлганлигини номни қўйган одамларнинг ўзлари ҳам билмаса керак. Ёки Луначарскийнинг Тошкентга қандай алоқаси бор?Ёхуд Чехов Тошкентга келиб турганмиди? Аносов дегани ким? Ўткир Ҳошимов, албатта, Луначарский, Чехов, Пушкин, Алексей Толстой номларига қўйилган кўчалар ҳақида гапирмаган. Аммо мақоланинг асоси шу номлар билан боғлиқ эканлигини адиб “Тил – чиғаноқ, сўз – гавҳар“ (“Инсоф“ китобида – Тошкент, “Davr Press“, 2010) мақоласида ишора қилади. Ўткир Ҳошимов бир қатор ёш ёзувчилар билан биргаликда Навоий таваллудининг 525 йиллиги муносабати билан Тошкентга келган меҳмонларга Ёзувчилар уюшмаси томонидан кузатувчи сифатида белгиланади. Ўткир Ҳошимовнинг чекига Украинадан келган меҳмонлар тушади. Украин делегациясига таниқли драматург Яков Баш раҳбар экан. У дастлабки кунданоқ Ўткирга ғалати савол берибди: “Тошкентда ўзбек тилидаги мактаб нечта?“ Дафъатан бу саволга аниқ рақамни айтиб, жавоб бериш қийин. Бундай аниқ рақамни статист айтиши мумкин. Ўткир Ҳошимов ўзбек тилидаги мактаблар жуда кўплигини айтганда меҳмон қониқиш ҳосил қилган. Бу саволнинг жони бор эди: меҳмонларнинг айтишича, қўшни республикалардан биридаги пойтахтда атиги биттагина миллий мактаб бор экан. Дастур бўйича, Ўткир Ҳошимов меҳмонларни Тошкент шаҳри яқинидаги “Совет Ўзбекистони“ хўжалигига олиб чиқибди.
“Учрашувдан қайтгач, – деб ёзади адиб, – “Тошкент“ меҳмонхонасига кириб кетаётган меҳмонлардан бири ғалати савол берди:
– Тошкент қайси рекспубликанинг пойтахти?
Ростини айтсам, ғашим келди.
– Сиз уч кундан бери қаерда юрганингизни билмайсизми? Тошкент Ўзбекистоннинг пойтахти эканлигидан бехабармисиз? – десам, истеҳзоли илжайди.
– Бугун биз Оржоникидзе районидаги колхозга бордик, тўғрими? – деди ҳамон ўша оҳангда. – Қайтишда Луначарский кўчасидан келдик, ундан Пушкин кўчасига ўтдик. Марказга яқинлашганда Куйбишев кўчаси келди, Сўнг Энгельс кўчаси. Уни кесиб ўтгач, Первомайский кўчасини ўнг томонда қолдириб, Сквер Революции деган боғни кўрдик. Ёнида Горький парки ҳам бор эди. Ундан кейин Карл Маркс кўчасидан ўтган эдик, “Молодая гвардия“ деган кинотеатрга дуч келдик. Берироқда “Искра“ кинотеатри бор экан. Ундан ўтиб Ленин кўчасига кирдик. Ниҳоят, “Тошкент“ меҳмонхонасига етиб олдик.
Ёнбошимизда ЦУМ деган магазин турибди. Унинг тепасида “Ветерок“ деган кафе кўринаяпти. Яхшиям Алишер Навоийдек сиймо бор экан. Биттагина театрни шу кишининг номига қўйибсизлар. Бунинг нимаси Ўзбекистон?“
Ўткир Ҳошимов “Тил – чиғаноқ, сўз – гавҳар“ мақоласини кейинроқ, Мустақиллик йилларида ёзган, аммо ҳалиги меҳмонларнинг таъналари сабаб “миллатчи“ деган тамғадан қўрқмай, “Ном ҳам ҳусн белгиси“ мақоласини ёзиб, партия газетаси бўлган “Тошкент оқшоми“ газетасида эълон қилган ва Тошкент шаҳар партия қўмитасининг бюроси мажлисида ҳайфсан олган эди.
Ҳозирги Мустақиллик даври ёшлари бунақа ҳайфсанларни тасаввур қилишлари қийин. Коммунистнинг ҳайф-сан олиши партия сафидан ўчирилишига бир қадам, унинг ёзувчилик мавқеининг пастга қараб кетишига бир довон эди. Берилиши мумкин бўлган мукофотлар йўқ деган сўз. ”Отасидаги стихияли ҳақпарастлик кейинчалик фарзандига кўчган бўлса, асарларидаги жиғибийронлик, ҳақсизликни ёниб қоралаш, адолатни ҳимоя қилиш шу отамерос ҳақпарастликнинг оқибати бўлса не ажаб” (Озод Шарафиддинов).
Ўткир Ҳошимовнинг ҳақпарастлигига яна бир мисол келтираман.
Ўткир Ҳошимов ўтган асрнинг 90-йилларида бир вилоятдаги сиҳатгоҳга бориб дам олади. “Дам олади“, “даволанади“ деган гаплар ҳам ижодкорга нисбатан тўғри эмас; ўша ерда ҳам унинг мияси бир зум бўлсин, тинмайди. Хуллас, у борган жой буғдойзор бўлиб, хўжалик раҳбари деҳқонларга “Режадаги ҳосилни берсангизлар бас, қолгани ўзларингизга“, деб ваъда берган экан. Деҳқонлар ғайрат билан ишлаб, мўл ҳосил олишади, аммо раис ғироомлик қила бошлайди. Энди адибнинг ўзидан эшитинг:
“...Эски раис ошнам билан суҳбатлашсам, машқи пастроқ.
– Нима, бу йил ҳосилнинг чўғи камроқми? – десам, бош чайқади.
– Одамлардан инсоф қочди, домла. Кўз-қулоқ бўлиб турмасанг, пайт пойлаб, буғдойни ўриб кетишдан ҳам тоймайди булар!
Аввалига раис буванинг гапига ишонмадим. Наҳотки, одамлар шунчаликка бориб етса! Эртасига ваннахонада навбатда ўтириб, дам олувчиларнинг бири билан суҳбатлашиб қолдим. Шу ернинг одами экан.
– Ноинсофликни деҳқонмас, буларнинг ўзи бошлади! – деди у чапанича шанғиллаб. – Бултур ҳаммани ёш бола қилиб лақиллатишди-ку булар!
Маълум бўлишича, ўтган йили хўжалик ғалла режасини анча ошириб адо этган.Хирмон кўтарилиб, одамлар ўз улушини олмоқчи бўлганида, ишкал чиққан. Деҳқонлар мўлжалдаги буғдойнинг учдан бирини ҳам ололмаган.
Раис билан кейинги суҳбатимиз совуққина бўлди.
– Одамларда ишонч йўқолишига сиз ҳам сабабчисиз! – дедим. – Сиз шу хўжаликнинг бошлиғисиз. Ота ўрнидасиз! Нега одамларни алдайсиз?
– Хўжалик режани бажаргани билан туман уддалолмай қолди, – деди раис қовоғини солиб. – Туман энди амаллаган эди, вилоят оқсади. Бир томондан кичик ҳоким, бир томондан катта ҳоким сиқувга олиб турганидан кейин қўлимдан нима келарди?
Тутақиб кетдим.
– Қачонгача ёмон ишлаганнинг хунини яхши ишлаган тўлайди, биродар! Сиз деҳқонни алдаб ноинсофлик қилгансиз, одамларнинг кўнглида раҳбарларга нисбатан ишончсизлик туғдиргансиз. Юртбошимиз неча марта каттадир-кичикдир раҳбар борки, ҳалол бўлсин, қўл остидагиларни алдамасин, деб жон куйдириб такрорлаяпти, биродар!”
Ҳақпарастлик қон-қонига сингиб кетган Ўткир Ҳошимов сиҳатгоҳда ҳам ноҳақликка дуч келиб, жизғинак бўлди. Дам олиш, даволаниш ҳам сувга урди...
”Тошкент оқшоми” газетасининг 1966 йилдан 1982 йилгача чиққан сонларини кузатсангиз Очилов, Ҳамидов, Бозорбоев, Ҳамдамов деган фамилияларга дуч келасиз. Шу имзолар билан берилган мақолаларнинг ҳаммаси Ўткир Ҳошимовга тегишли. Абдулла Қодирий, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳорлар ҳам газеталарда, журналларда ғалати тахаллуслар билан чиқиш қилардилар: Думбулнисо, Шилпиқ, Калвак, Тажанг сингари. Ўткир Ҳошимов бу тахаллусларни қўллаганда азбаройи ўзини яшириш учун эмас, балки газетада Ў.Ҳошимов фамилияси кўпайиб кетишидан андиша қилганидан эди...
Ответить 
2 "+" от:
Старый 04.03.2016 15:53   #270  
Аватар для Asror Samad
Оффлайн
нафақахўр
филология фанлари номзоди, ёзувчи
Сообщений: 52
+ 111  50/19
– 0  1/1

Uzbekistan
Цитата:
Ижод самараси

Вақт ором нималигини билмайдиган ниҳоясиз ҳаракатдир – уни бошқача тушуниш мумкин эмас.
Лев Толстой


"Сендан ҳаракат, мендан баракот", деган Яратувчимиз. Бу гапнинг замирида вақт ва имконият деган тушунчалар ётади. Вақтингни ва имкониятингни беҳуда сарф қилма, демоқда Аллоҳ. Яратувчи томонидан инсон умри ўлчаб берилган.
Қадимда одамлар минг йил яшар эканлар. Эҳтимол. Масалан, афсоналарда айтилишича, Луқмони ҳаким минг йил умр кўрибди, ўлар чоғида фарзандларига "Мен дунёнинг бу эшигидан кириб, анави эшигидан чиқиб кетяпман", деган экан. Қаранг-а, минг йил яшаган одам ҳаётга тўймабди. Пайғамбаримиз "Имконият бўлса, бу дунёда яшаб юрганинг афзал", деган экан. Бу гаплар замирида ҳам ВАҚТ деган тушунча ётади. Инсон ўзига берилган вақтдан унумли фойдаланиши улкан ҳикматдир. Вақт шу қадар ажойиб бир кенгликки, бу кенгликда қобилиятларни ўстириш имкони бор. Ҳаётни севган одам вақтнинг қадрига етади. Берилган ўлчовли умрдан имкон қадар унумли фойдаланади. Одам боласининг ҳаёти тежалган, унумли фойдаланилган вақтга қараб узаяди. Вақтни тежаб, уни беҳуда сарф қилмаган одам берилган умрни яшайдию, аммо унинг қилган ишлари абадиятга дахлдор бўлади.
Ўткир Ҳошимов ҳаётни севарди. Бу фоний дунёдан имкон қадар улги олиб қолишга интиларди. У тиним билмай яшади ва донишмандона ҳаёт кечирди. Гўдаклигидан ота-онаси раҳнамолигида ўзини меҳнатга ўргатди. Ана шу меҳнат кўникмаси билан умрининг охиригача яшади. Мазмунли яшади, самарали меҳнат қилди.
Унинг умр бекатларига синчиклаб назар ташласангиз, бор-йўғи 10 та жойда ишлабди: "Темирйўлчи" газетасида, "Совет Ўзбекистони" газетасида, "Темирйўлчи" газетасининг рус таҳририятида, "Тошкент ҳақиқати" газетасида, "Тошкент оқшоми" газетасида, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида, "Шарқ юлдузи" журналида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида, "Театр" журналида. Қайси жойда ишламасин, у ўзидан яхшилик ва самарали меҳнат қолдирди. Яхшилик бор жойда, ёмонлик бор. Ҳасадгўйлар унинг устидан неча варақларни қоралаб, шикоятлар ёзишди. Унинг устидан ёзилган шикоятларнинг барчаси чиппакка чиқди. Чунки у пок эди, виждон амри билан ишларди.
У фақат маош олиб ишлайдиган ходим эмас эди. У, аввало, ижодкор эди. "Темирйўлчи" газетасидан бошлаб қўлига қалам олган кундан эътиборан, тинмай машаққатли ижод билан шуғулланди ва сўнгги нафасигача шу машаққатдан ҳузур қилди.
Мазкур библиографияни синчиклаб ўқишингизни истардим. Библиография йиллар ва саналар билан тузилган. Бирон ой, ё бирон кун йўқки, Ўткир Ҳошимовнинг бирон асари бирон матбуот юзини кўрмаган бўлсин.
Вақт бизнинг энг арзон, айни вақтда, энг қимматбаҳо мулкимиздир. Вақт туфайли биз умримизни беҳуда ўтказишимиз ҳам, кўнгилдаги ҳамма орзуларга эришишимиз ҳам мумкин. Ўткир Ҳошимов вақтнинг қимматбаҳо имконият эканлигини донишмандларча тушунар ва шунинг учун ҳам унинг бирон сониясини беҳуда ўтказмас эди.
Бибдиографияда кўрсатилган асарларни эринмай санаб чиқдим. 531 та асари матбуотда босилибди, бунинг устига 94 та китоб. Ҳар йили лоақал бир марта телерадиоэшиттиришларда чиқишни қўшсак ва бу рақамларни 72 йилга тақсим қилсак (Ўткир Ҳошимов 72 ёшда вафот этган), демак, бирон кун тиним билмаганини тушунамиз. Увоққина гавдада шунчалар қудрат бўлиши бу – Худодан, албатта. Унинг қўлидан келган барча уддабурролик ва донишмандлик, меҳнат самараси чидам ва вақтнинг аралашмасидан ҳосил бўлган.
Ўлчовли умр уни орамиздан олиб кетди, аммо асарлари халқнинг бебаҳо мулки бўлиб қолди.
Ўткир Ҳошимовнинг ўзи бир ўринда ёзган эди:
"Деҳқон тажрибаси ошган сайин юмуши енгиллашади: кўп ҳосил олади.
Қурувчи тажрибаси ошган сайин юмуши енгиллашади: чиройли иморатлар қуради.
Жарроҳ тажрибаси ошган сайин юмуши енгиллашади: яхши операция қилади.
Ижодкор тажрибаси ошган сайин юмуши оғирлашади.
Унинг ўзини такрорлашга ҳаққи йўқ!"
Ўткир Ҳошимов ана шунақа оғир юмушни адо этиб ўтди.
Ўткир Ҳошимов бир гапни такрорлашни севарди:
"Иккита энг холис ҳакам – Китобхон ва Вақт синовидан ўтган асар ҳақиқий асардир".
Унинг асарлари ана шу икки олий ҳакамдан дакки эшитмай ўтиб келмоқда.
Ответить 
2 "+" от:
Ответить




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2024, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх