Моё меню Общее меню Сообщество Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > Ижод хусусида сўз
Сообщения за день Поиск
Знаете ли Вы, что ...
...нарушения правил форума наказываются. Старайтесь их не нарушать.
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…)


Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 04.12.2009 20:40   #71  
Known ID Group
Аватар для AbuMuslim
Оффлайн
Сообщений: 1,494
+ 1,248  1,573/654
– 84  166/76

UzbekistanОтправить сообщение для AbuMuslim с помощью YahooАккаунт на TwitterFacebook
"ЭЙ КЎНГУЛ, КЕЛКИМ..."


Эй кўнгул, келким, бало базмида жоми ғам тутай,
Ўз қатиқ ҳолимға ўлмастин бурун мотам тутай.

Йиғлабон бошимға оҳим дудидин чирмаб қаро,
Мотамим эл сўнгра тутқунча, ўзум бу дам тутай.

Олам аҳлиға неча қилдим вафо, кўрдум жафо,
Эй кўнгил, кел-келки, тарки жумлаи олам тутай.

Эмдиким, ишрат сурудидин очилманг, эй жўнгул,
Навҳа оҳангин тузуб, бир дам сени хуррам тутай.

Мастлиғдин ўзга йўқ дардим иложи, соқиё,
Май кетурким, ҳам ичай, бир лаҳза они ҳам тутай.

Қўйғил, эй носиҳки, муғ дайрида ўз аҳволима,
Масти лояъқил ёқам йиртиб суруди ғам тутай.

Чун жаҳон бирла жаҳон аҳлиға йўқ эрмиш вафо,
Эй Навоий, мен фано сарриштасин муҳкам тутай.

Маълумки, йигитлик фасли - инсон умрининг энг гуллаган, ҳаётга шодлик, умид билан нигоҳ ташлайдиган, унча-мунча ғам-қайғуни кўнгилга яқин йўлатмайдиган бир фасл. Йигитлик умр баҳори ва уни баҳор гўзалликларидан ажратиб бўлмаслиги учун ҳам Мирзо Бобур: Баҳор айёмидур дағи йигитликнинг авонидур, Кетур, соқий, шароби нобким, ишрат замонидур, -деб ёзган эди. Аввал "Бадоеъ ул-бидоя", сўнгра эса "Ғаройиб ус-сиғар" девонидан ўрин олган Алишер Навоийнинг юқоридаги ғазали ҳам шоирнинг йигитлик даврида ёзилган. Бироқ унда "шароби ноб" эмас, "жоми ғам", қувонч эмас, хаёлга келавермайдиган "мотам" хусусида сўз юритилган. Айтиш керакки, ғазалнинг руҳи оғир ва қайғули. Оддий шеърхон нари борса, ғазалнинг бир-икки байтидан сўнг ўқишни тўхтатиши мумкин. Ахир, одам "ўз қатиқ ҳолиға ўлмасдан бурун" мотам тутадими - йўқми, бундан қатъи назар, вақт-соати етганда, у ўлади. Бас, шундай экан, тирикликни ғанимат билмай, унинг шодликларидан дилни яйратмай ўлим хаёлларига берилиб оҳ-воҳ қилиш нега керак?
Гап шундаки, Навоий ғазалининг мазмун моҳиятини тўғри англаш ва талқин этиш учун, энг аввало, шоир кўзда туттан ирфоний мақсаддан хабардор бўлмоқ керак.
Биринчи байтни ўқийлик:
Эй кўнгул, келким, бало базмида жоми ғам тутай,
Ўз қатиқ ҳолимға ўлмастин бурун мотам тутай.
Шоир бунда кимга мурожаат этаётир? Кўнгилга. Чунки, кўнгил ошиқнинг суянган тоғи, ишонган боғи. У ўз кўнглининг ҳукми ила яшайди. Унинг измидан нари кетолмайди. Энди у ўзи учун одатий маросим бўлиб қолган "бало базмида" кўнгилга ғам қадаҳини тутмоқчи. Зеро, унинг ҳоли ниҳоятда оғир. Шу қадар оғир ва қайғулики, ўлимини кутмасдан ўзи учун мотам ҳам тутмоқчи. Бу гаплар юракка ёмон таъсир ўтказиши табиий, албатта. Лекин Навоий замонидаги шеърхон, хусусан, ҳақ ошиқлари ва орифлар қалбида ушбу сўзлар ҳасрат эмас, шодлик бағишлаган.
"Бало базми" қандай базм, дея ўзингизга бир савол бериб кўринг. Дафъатан жавоб тополмайсиз. Бало сўзининг луғавий маъноси - офат, мусибат, фалокат, бахтсизлик, азоб, ғусса демак. Бало калимаси худди шу маъноларда ҳам Навоий шеърларида кенг ишлатилган. Шу билан бир қатор-да, улуғ шоир шеъриятида бало ирфоний ҳақиқатлар ифодаси учун ҳам хизмат эттирилган. Демак, матндаги асосий ғояга асосланиб, бу сўзнинг рамзий-мажозий мазмуни ҳисобга олинмаса, зоҳирий маъно ботиний маъно учун бир "парда" эканлигига диққат қилинмаса, хато мулоҳаза ва хулосаларга кенг йўл очилаверади. Навоийнинг бошқа бир ғазали матлаъида ўқиймиз:
Бало дашти аро Мажнун менингдек кўрмамиш даврон,
Қуюндек ҳар замон бир кўрмаган водийда саргардон.
Бу байтдаги "бало дашти" модаий-жисмоний ҳаётга дахлдор азоб-уқубат ёки кулфат мазмунида қабул қилинса, ғазал қаҳрамонининг аҳвол-руҳиясини тўғри шарҳлаш имкони бой берилади.
"Бало" - истилоҳий мазмунда ошиқлик ҳолининг камоли учун ҳақнинг содиқ қулига азият етказиши, оғир қийинчиликлар билан синовдан ўтказиши, яъни илоҳий имтиҳондир.
Шу боис қулдаги "бало" нақадар кўп ва қудратли бўлса, унинг Ҳаққа яқинлиги шу қадар ортади, деб ўйланган. Зеро, "авлиёнинг либоси, асфиёнинг (покланганларнинг) бешиги ва анбиёнинг ризқи балодир". Шу учун ҳам қадим китобларда, "Ҳақнинг шундай дўстлари бордурки, бир лаҳза балосиз қолсалар, неъматдан маҳрум бўлганлар каби оҳ ва фарёд чекурлар", дейилади. Шарқ шоирларининг завқ-шавқ ила балодан такрор-такрор баҳс юритишлари, сидқ ила Оллоҳдан бало тилашларининг замини ҳам ана шунда. Фузулий ёзади:
Ё раб балойи ишқ ила қил ошно мени,
Бир дам балойи ишқдин қилма жудо мени.
"Балойи ишқ ила" ошно киши учун ночорлик, бағри чоклик, кўз ёши тўкишлар мусибат эмас, балки мақсад манзилига яқинлашув ҳисобланади. Акс ҳолда Навоий "бало базми"дан шавқланиб сўзламасди. Энди иккинчи мисрага келсак:
"Ўз қатиқ ҳолимға ўлмастин бурун мотам тутай".
Ҳазрати пайғамбарнинг "Ўлмасдин бурун ўлинг!" деган машҳур ҳадислари бор. Бунда, албатта, жисмоний ўлимга эмас, нафсни енгишга даъват қилинган. Бу "ўлим" башарий ноқислик ва ожизликлардан фориғ бўлган янги бир маънавий туғилиш, илоҳий ирода соҳиби бўлиш мазмунига эга. Тасаввуф шеърятида бу ҳақда ниҳоятда кенг баҳс юритилган. Шу маънода Аҳмад Яссавий ҳикматларидан бирини келтириш мумкин:
Ихлосимни кўруб маъшуқ қўлум олди,
Файзу футуҳ тўла бериб йўлға солди.
Бўйнум эгиб моумонлик яксон қилди,
Туфроқ бўлуб ўлмас бурун ўлдум мано.
Инсоннинг иккинчи маънавий туғилишидан олдинги ҳаёти, ундан кейинги ҳаётидан бутунлай фарқ қилади. Шунинг учун у олдин кечган умридан кўп афсуслар чекади, пушаймонликларини сўзлашдан мароқланади. Зулматдан ёруғликка чиққан одамга ўхшаб, ғафлат, нодонлик пардалари билан бурканган башарий "мен"и билан гўё видолашади. Ўзича унга мотам тутади. Худди шу эҳтиёж сабабли Навоий ҳам:
Йиғлабон бошимға оҳим дудидин чирмаб қаро,
Мотамим эл сўнгра тутқунча, ўзум бу дам тутай,

-деган эди. Бундай ҳолатда фикр-қарашлар, ички изтироб ва азоблар тамоман ўзгаради. Инсон ўзини бошқа бир нигоҳда кўриб, олий бир мақсадларда сийратини тафтишдан ўтказади. Саломатликни - маломатда кўради. Руҳий ҳаётдаги шиддатли эврилиш, гўзаллик туйғусининг фавқулодда ўткирлашуви уни дунёдан йироқлаштиради. Деярли ҳамма нарса кўнглида азоб қўзғайди. На ўзидан, на дунё ва аҳли дунёдан қониқади. Шунинг учун:
Олам аҳлиға неча қилдим вафо, кўрдум жафо,
Эй кўнгул, кел-келки, тарки жумлаи олам тутай,
-дейиш нечоғлик табиий бўлса, ишқ баҳрига чўмиш, комил бир муршид қўлидан "май" - ишқ шаробини ичиб мастликка берилиш шунчалик заруриятга айланади. Аммо лаҳзаларда кечадиган ва юз очадиган фараҳли ҳол ошиқ кўнглига зоҳирий шодлик бағишламайди, аксинча, уни мисли кўрилмаган ғам-ғуссадан туғилажак қувонч оҳанглари бағрига тортади:
Эмдиким, ишрат сурудидин очилманг, эй кўнгул,
Навҳа оҳангин тузуб, бир дам сени хуррам тутай.
"Мастлиқдин ўзга йўқ дардим иложи, соқиё" дейди ғазал қаҳрамони. Ҳақиқатан ҳам шундай. Унинг эркинлиги ва ҳуррияти мана шу "мастлик"да. У ҳушёрликда билмаганини шу мастликда англаган, "Соқий" ҳиммати ва марҳамати ила ўзининг ишқ ва маърифатдан туғилган ва ҳар қанча ибрат олса арзийдиган янги "Мен"ини топган. Бу - ишқ доялик қилган шундай бир шахсиятки, у тош отганга гул отади, қаҳрга меҳр билан жавоб бера олади. Ҳар қанақа ғанимликни дўстлик билан таслим айлайди. Жаҳон ва жаҳон элининг вафосизлиги бошига бало бўлиб ёғилганида ҳам, "фано сарриштасин", яъни вафо маслагин маҳкам тутишга доимо содиқ қолади:
Чун жаҳон бирла жаҳон аҳлиға йўқ эрмиш вафо,
Эй Навоий, мен фано сарриштасин муҳкам тутай.

Иброҳим ҲАҚҚУЛ ("Навоийга қайтиш" китобидан)
Ответить 
Старый 25.01.2010 16:35   #72  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Ғазал ва шарҳ. Иброҳим Ҳаққул.

Цитата:

«КИЙИК ЧАРМИ ЗАИФ ЭГНИМГА...»

Кийик чарми заиф эгнимга мажнунлиғ нишони бас,
Жунун тоши синуқ бошим уза қуш ошиёни бас.
Дамингни асра, эй Исоки, ранжим даъфиға ҳар кун,
Ғизо ул ой қиличи захмининг бир sатра қони бас.
Сену ҳайвон суйи, эй Хизр, тутғил тарки жониким,
Менга ёр олдида ўлмак ҳаёти жовидоний бас.
Шаҳу иззат саририким, агар будур жаҳон жоҳи,
Манга идбор куйида мазаллат хокдони бас.
Ҳанию кўнглида пинҳон дирам фикрию ишқ ўти
Менинг кўнглумда куйдургон неча доғи ниҳоний бас.
Санга кавсар суйию лаҳни Довудийки, дайр ичра
Муғаний нағмаси бирла манга жоми муғоний бас.
Ҳаводис дафъига шаҳ кўк ҳисори узра гар чиқсун,
Ки фақр аҳли учун дайри фано дорул-амони бас.
Фиҳонким, лутфу қаҳрига тавофут йўқки ғам англаб
Фано аҳлига жаврин қилмади бу дайри фоний бас.
Навоийдек ўлар ҳолинда деманг ҳуру жаннатни,
Сизинг барчаки бу оворага бир кўрмак они бас.

Маълумки, инсон фарзанди учун дунёда ҳурликдан олий саодат йўқ. Шеъриятдаги энг гўзал ҳиссиётлар ҳурлик завқи эҳтиёжидан ёки ҳурлик ҳолатларида туғилгандир. Инсон нима учун комил бўлишни мақсад қилиб белгилаган? Нима учун у тинимсиз равишда комиллик йўлида ранж ва захмат чекиб келади? Бунинг жавоби битта: тўла маънода эркин бўлиш учун. Фикрда, ишда, яшашда ҳурликни қўлга киритиш - комилликнинг тамали ана шу. Баландпарвозроқ эшитилса ҳам айтиш керакки, эркинлик йўли - маъно ва маънавият, ҳақиқат ва руҳоният йўли. Фақат ҳурлик маслагига соҳиб одамгина Оллоҳ амру фармойишларини тўғри англаш ва Ҳаҳни ботилдан ажратишга қодирдир. Эркинлик чиройли гап эмас, балки амалий тажриба эрур. Азизуддин Насафийнинг таъкидлаб ёзишича, «Ҳур бўлмиш комил инсон саккиз нарсада мукаммалликка эришмоғи лозим. Булар: Яхши сўз, болиғ (балоғатли) фикр, тўғри фаолият, гўзал аҳлоқ, маърифат, тарк салоҳияти, узлат, sаноат ва қомул (мажҳуллик)дир. Ана шу саккиз унсурни ўзида мукаммаллаштирган киши комил ва озод, етук ва ҳурдир» Оддий кўринган бу саккиз «унсур»нинг биринчисидаёқ одам ўзининг ожизлиги, аҳлоқ ва фаолиятда албатта ноқисликка ён беришни намойиш қилади. Демак, ҳурлик деганда, энг аввало, фикр салоҳияти, аҳлоқ гўзаллиги, тўғри амал ва маърифат даражаси назарда тутилмоғи шарт. Зеро, маърифатсиз, фикр-савияси паст кимсанинг ҳурликка талпиниши хосиятсиздир. Бизнинг онг ва қалб ҳаётимиздаги кўп ожизликлар эрк масаласини беҳад тор англашимизга бориб тақалади. Алишер Навоийнинг ҳар бир ғазалида шундай маҳдудликка қарши ботиний исён бор. Навоий кўп ғазалларида ҳурликнинг туб моҳиятига таяниб фикр билдиради, ҳурлик маслаги шаклланган лирик «Мен»нинг сўз ва ҳолатларини кутилмаган тимсол, ташбиҳ, мажозларда тасвирлайди. «Бадойиъ ул-бидоя» девонидаги «Кийик чарми заиф эгнимга мажнунлиғ нишони бас», мисраси билан бошланадиган тўққиз байтли ғазал ҳам улуғ санъаткорнинг худди шундай шеърларидан бири. Унинг илк байтини ўқишданоқ сезгир шеърхон гап нима ҳақидалиги, нима учун шоир заиф вужудига «мажнунлуғ нишони» ўлароқ айнан «кийик чарми» хусусида ўйлаётганлигини осон илғайди. Зеро, кийик - тўла маънодаги эркинлик тимсоли. Шу боис ҳам «кийик чарми» заррача бўлсин, «Мажнунлар нишони»га монелик қилмайди.
Мажнун - жунун калимасидан пайдо бўлган. Жунун эса, аслида яшириниш, беркиниш демак. Тасаввуфда илоҳий ишқдан сармаст бўлиш, ақлу хушдан бегоналик ҳолига Жунун дейилган. Жунун камоли - ишқ ва эркинлик камоли. Ҳеч бир давр ва замонда жамият жунун камолини қувватламаган, қувватлаши мумкин ҳам эмас. Чунки «Жунун тоши синуқ бошим уза қуш ошиёни бас», деган даражага кўтарилган кишининг бу орзуси аҳли жамият учун тушуниксиздир.
Ответить 
"+" от:
Старый 25.01.2010 16:47   #73  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Ғазал шарҳи. Иброҳим Ҳаққул

Цитата:
Ҳамма замонларда ҳам оддий одамлар жамоаси кечишни эмас, эришишни, узлатни эмас, ҳамжиҳатликни, мутлақ ҳурликни эмас, ўзаро боҳлиқликни маъқуллайди. Бунда ҳур ва озод бўла олиш, чинакамига ҳур ва эркин яшаш ҳамманинг ҳам қисматига битилмаганлигини олдиндан билиш керак. Юнус Эмро бир шеърида «Ичимда бир Мен бордир, «Мен»дан ичкари» - дейди. Аслида ҳақиқий ишқ ва ҳурлик соҳиби ўзликдан юксак кўтарилган ана шу «Мен»дир. Навоий бошқа бир ғазалида:

Танимга чоклар очти, не айб, агар ўлсам,
Ки руҳ булбулининг лойиқи эмас бу қафас,


деганида худди ўша «ичкари»даги «Мен»нинг ҳукмини ифодалаган. Бу «Мен» ҳамма нарсага бошқача қарайди, ҳамма нарсани мутлақо ўзгача кенгликларда идрок айлайди. Масалан, унинг нурга муносабатини олайлик. Кўзнинг нури кўради, бироқ кўрсатмайди. Ой, қуёш, юлдуз ёки оловнинг нури кўрсатади, аммо кўрмайди. Фақат Ҳақ Таолонинг нури ҳам кўради, ҳам кўрсатади. Демак, Хақ нури ила кўриш, билиш ва мушоҳада айлаш ошиқни ҳатто айрим набилар ва расулларга муҳтожликдан ҳам халос қилишга қодир. Қуйидаги байтлардаги мурожаатларда шундай ҳақиқат яшириндир:

Дамингни асраки, эй Исоки, ранжим дафъига ҳар кун,
Ғизо ул ой қиличи захмининг бир қатра қони бас.


Маълумки, Исо Руҳиллоќ ўзининг нафаси билан ўликни ҳам тирилтирган. Ғазал қаҳрамони эса Исо дами - нафасини гўё назарга илмайди. Яъни, «Менинг ранжим шифоси учун маъшуқам қиличи захмининг қатра қони кифоя», дейди. Навбатдаги байт маъноси ҳам шунга ўхшаш:

Сени ҳайвон суйи, эй Хизр, тутқил тарки жонимким,
Манга ёр олдида ўлмак ҳаёти жовидоний бас.


Бундоқ қаралганда, Хизрга насиб этган оби ҳаёт - абадий тириклик учун нақд нарса. Навоий тасвиридаги ошиқда бунга ҳам иштиёқ йўқ. У ҳаёти жовидонийга ўлим орқали эришмоқчи. Ёр олдидаги бу «ўлим» ҳам поклик, ҳам вафо, ҳам руҳни равшан этгувчи маърифий тириклик мазмунига эга. Бунда бошқа ҳақиқат ҳам бор, албатта. Хизрнинг олами - олами висол эрур. Ва истилоҳи суфияда Хизр баст (ёлвориш, рижо)дан киноят эрур. Ушбу ғазал алоҳида диққатга молик қаноат ва тарк туйғуси билан битилган. Шу боис унда кўпчиликка унча қизиғи йўқ бирор нарса учун, кўпчиликни қизиқтирувчи иккинчи бир нарса инкор этилиб борилади. Шоҳлик тахти ва иззати кимни ўзига жалб қилмайди, дейсиз? Жаҳонинг катта амал ва баланд мартабаларига очиқ кўз ила қарай олган, ҳурликнинг афзалликларини тўғри баҳолашга қодир киши, ҳеч шубҳасизки, ғазал қаҳрамонининг «Агар жаҳоннинг амалу мансаблари шу бўлса, менга бахтсизлик кўйида хорлик хокдони бас», дейишига асло эътироз билдирмайди:

Шаҳу иззат саририким, агар будур жаҳон жоҳи,
Манга идбор кўйида мазаллат хокдони бас.

Ответить 
"+" от:
Старый 25.01.2010 17:03   #74  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Ғазал ва шарҳ. Иброҳим Ҳаққул.

Цитата:
Ошиқ кўнгли - холис кўнгил. Холислиги шундаки, унда ишқдан ўзга ҳеч бир нарса ўрин топмайди. Чунки ошиқнинг бойлиги ҳам, давлати ва салтанати ҳам ишқдир. Ғанийликда эса бундай бирлик бўлмайди. Истанг-истаманг, «дирам фикри»дан фориғ бўлиш мушкулдир. Шу ўринда бир нарсани таъкидлаб ўтайлик. Моддий бойликнинг ўз-ўзича ҳеч қандай зарарли жойи йўқ. Лекин бойликка ҳавасдан - ҳирс, ҳирсдан ҳасрат туғилиши муқаррардир. Ҳамма гап мана шу кулфатдан ўзини муҳофаза эта олишда. Мол-давлатга қул бўлмаган одам дунёпарастлик ҳирсига берилмайди. Навоий кўнглидаги «доғи нихоний»ни софлик, воҳид мақсаддан чалғимаслик мазмунида тақин этиб, дейди:

Ғанию кўнглида пинҳон дирам фикрию ишқ ўти,
Менинг кўнглимда куйдирғон неча доғи ниҳоний бас.


Тасаввуф одоби бўйича тарки дунё ,қsилган киши тарки уқбога ҳам эришмоғи лозим. Жаннат хаёлидан йироқлик ўз-ўзидан воқе бўлмайди. Балки дийдорталаблик эҳтиёжини ифодалайди. Ва солик бутун борлиғи ила «Ҳар не қилсанг, ошиқ қилғил парвардигор», дея ёлворади.
Нақл sилинишича, Ҳазрати Довуд куй чалиб, қўшиқ айтганда энг хушовоз қушлар унинг елкасига келиб қўнишаркан. «Лаҳни Довудий» Довуд нағмаси Довуд пайғамбар куй ва қўшиқларининг бениҳоя гўзал ва таъсирбахшлигига ишоратдир. «Дайр» инсоният олами. «Жомлик муғоний» - ориф ва авлиёлар жоми. Навоий навбатдаги байтда «Эй жаннатпараст, кавсар суви ҳам, жаннат эшигини очувчи лаҳни Довудий ҳам сенга бўлсин менга ҳаёт гулшани ичра муғанний оҳангларию орифу авлиёлар суҳбатидан файз етса бас», деган фикрни илгари сурган:

Сенга кавсар суйию лаҳни Довудийки, дайр ичра,
Муғаний нағмаси бирла манга жоми муғонний бас.


Шоҳ ва фақир тазоди мумтоз адабиётимиз учун бир анъанага айланган. Бунда шоҳлик салтанатидан фақрлик салтанати ҳамиша устун қўйилади. Фақр икки маънони акс эттиради: биринчиси -- камбағаллик, йўқсиллик, бойликка муҳтожлик. Иккинчиси -- инсонинг ҳар жиҳатдан Оллоҳга эҳтиёжмандлик сезиши. Шу маънода кўп мол-давлатга эга кишилар ҳам фақир дейилади. «Рисолаи Ҳушайрий»да ёзилишича, фақр авлиёнинг шиори, асфиёнинг (соф кишиларнинг) зийнати ва Ҳақ дўстларининг хислати эрур. Шу боис Ҳақ халқин фақирлар воситасида кўрур. Фақрликнинг ҳурмати ва баракотидан халқу халойиқнинг ризқини оширар. Фақир – барча ёмон феъллардан қутулиб, яхши хислатлар ила ғанийлашганлиги учун фано ҳолига содиқдир. Навоий шундай фикр-қарашларга асосланиб фақру фаноликни улуғлайди:

Ғаводис дафъига шоҳ кўк ҳисори узра гар чиқсун,
Ки фақр аҳли учун дайр фано дорул-амоне бас.


Ответить 
"+" от:
Старый 25.01.2010 17:10   #75  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Ғазал ва шарҳ. Иброҳим Ҳаққул.

Цитата:

Фақир билан сўзлашганда, севги ва муҳаббат тили билан сўзлашмоқ керак. Чунки фақир ишқни Оллоҳга восил этадиган бош ва дахлсиз йўл ҳисоблайди. У фано филлоҳ мақомига кўтарилгач ўзини дунёвий ва ухровий бир борлиқ сифатида кўрмайди. Ана шунда у «Ҳуру жаннат» орзусини хаёлга ҳам келтирмайдиган даражада маънан юксалади. Навоий кавсар суви билан бошланган фикрни гўё хулосалаб ғазал мақтасида ҳар нарсадан Ҳақ жамолини устун кўришни таъкидлайди:

Навоийдек ўлар ҳолимда десанг ҳуру жаннатни
Сизинг барчаки бу оворага бир кўрмак они бас.


Тасаввуфда ўткинчи дунё ва дунё билан алоқадор ҳар қандай тобеликлардан қутулиб маънавий ҳурриятга етишган кишига Озод дейилган. Мухтасар таҳлил этганимиз ғазалда ҳам Ҳазрат Навоий Озод шахс фикр-қарашларини акс эттирган. Биз ҳурлик ва эркинлик тушунчаларининг асл моҳияти ва талабларини пухта билишимиз учун бундай ғазалларга қайта-қайта мурожаат этишимиз зарурдир.
Ответить 
"+" от:
Старый 25.01.2010 17:48   #76  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Ғазал ва шарҳ. Иброҳим Ҳаққул.

Цитата:
«ЖУД ЭМАС КЎП БАЗЛ УЧУН...»

Жуд эмас кўп базл учун кўп мол қилмағил ҳавас,
Ким берур кўптин кўп, оздин оз ани бил жуду бас.
Разл тақдим этса йўқ аҳли сафога ҳеч бок,
Суға не нуқсон, гар анинг устида ер тутса хас.
Ёр исидур ком келтурсин сабо ёхуд шамол,
Дўст тақдириға ровий хоҳ Бузар, хоҳ Анас.
Тожворлар оҳ уйида сокин ўлса аҳли ишқ,
Уйладирким булбулу ҳудҳудға бўлғай бир қафас.
Корвони дард ила қатъ эт муҳаббат даштини,
Ким нидое муждайи васл айлар анда ҳар жарас.
Сурма ул шабхез аёғи гардин, этким кечалар,
Итча йўқ куйида гар худ шахна бўлса гар асас.
Дайр пири журъасин гар тутса бизга муғбача,
Нақди жондин ўзга ўтрусида йўқтур дастрас.
Эй Навоий, ишқ сиррин ким ҳавас қилса, дема
Ким, эшитмакка бу сўз лойиқ эмас ҳар булҳавас.

Бу ғазал Алишер Навоийнинг «Наводир уш-шабоб» девонидан ўрин олган. У Шарқ ўқувчиси учун яхши таниш бўлган «жуд» сўзи билан бошланади. Жуд-жўмардлик, сахийлик, мутлақ хайр-эҳсон соҳиби бўлиш демак. Биринчи мисрадаги «базл» калимаси ҳам маъно эътибори билан жудга яқин. Базл чин дилдан бахшиш айлаш, харжлаш дегани. Базл бирор бир нарсани кимгадир кўнгил хушлиги ила ҳадя этишни талаб қилса-да, у жўмардликдан паст, саховатдан юқори ҳисобланган. Чунки саховат соҳиби молнинг бир қисмини бериб бошқа қисмини сақласа, базл гуруҳига мансуб кишилар мол-мулкининг кўпини ўзгаларга тарқатиб оз қисмини ўзига олиб қолишган. Базли нафс ва исори нафс — фидокорлик, энг яхши ва қимматли нарсасини ҳам ҳадя этишга қодирлик эрур. Бироқ ҳамма ишнинг меъёри ва чегараси бўлганидек, базлда ҳам чегара ва меъёр бўлган. Ҳазрат Навоий базл учун кўп мол сарфлашни жўмардлик деб тушунган, аслида жўмардлик — бу кўп бўлса — кўп, оз бўлса — оз нарса бериш талаби билан ҳисоблашмайдиган ва шу йўл билан халқ ўртасида довруғ таратишни кўзлагувчи «олийҳиммат»ларга қарата:

Жуд эмас кўп базл учун кўп мол қилмагил ҳавас,
Ким берур кўптин кўп, оздин оз ани бил жуду бас,


демишлар. Ахир, футувват ҳам, саховат ҳам ҳеч бир тарзда кўз-кўз қилинмаслиги, ҳимматнинг замирида қандайдир бир ғараз яширин бўлмаслиги керак.
Ответить 
"+" от:
Старый 25.01.2010 17:56   #77  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Цитата:
Одамларнинг қисмати ҳар хил бўлганидек, табиати ҳам ҳар хил. Бир тоифа кимсалар бўлади, азбаройи табиатидаги майдалик ёки тубанлик туфайли ўзларича тинмай илгарилаш, дунё ишларида қандайдир юқори даражани эгаллашга интилишади. Кўпинча бунга эришишади ҳам: бойлик деса бойлик, мартаба деса мартаба — ҳамма-ҳаммаси муҳайё. Одамлар бўлади, табиатидаги юксаклик ва маънавий виқор ғимирлашга, елиб-югуриб, эгилиб-букилиб ўтар дунёнинг ўткинчи ишларида муваффақиятларга етишувга сира имкон бермайди. Бойлик ва мол-мулк бир бутга дўнган, бойликка сиғиниш бут мавқеига кўтарилган замонда бундай одамларнинг аҳволини англовчилар ниҳоятда кам учрайди. Чунки зоҳрбинлик ва сувратпарастлик майллари «мис»ни «тилло»дан фарқлашга имкон бермайди.
«Билсанг, жўмардлик тўрт турлидир» — дейди Ҳожи Бектоши Валий, — биринчиси, мол жўмардлиги — бу бадавлатларга хос. Иккинчиси, тан жўмардлиги — бу ғозийларга хос. Учинчиси, руғ жўмардлиги — бу ошиқларга хос. Тўртинчиси, кўнгил жўмардлиги — бу орифларга хос». Чинакам жўмардлик ошиқлик ва орифликдаги жўмардликдир. Халқу халойиқни эса мол жўмардлиги ўзига мафтун қилади. Фикр-савияси ўртача ёки ундан паст кишилар содиқ бир ошиқ, фақир бир орифдан кўра ўзича ҳиммат «камари»ни белга боғлаган бир разилни олқишлашни мақбул кўради. Бу — кеча ёхуд бугун юзага қалқиб чиққан ҳодиса эмас, албатта. Агар шундай бўлганида эди, Алишер Навоий жуд ва базл ҳақидаги фикрни:

Разл тақдим этса йўқ аҳли сафога ҳеч бок,
Суға не нуқсон, гар анинг устида ер тутса хас,


дея давом эттирмасди. Дарвоқе, разл кимсанинг олийҳимматлик ролини бажариши унинг паст ва ярамаслигини яшира олмайди. Билъакс, аҳли сафо — ботин софлигини қўлга киритган зотлар, улар нечоғлик фақир, нечоғлик муҳтожлик исканжасида яшамасинлар, маънан ва моҳиятан барибир дахлсиздурлар. Ҳатто разл тақдим этган нарса ҳам аҳли сафога зиён кўрсата олмайди. Навоий бу ҳолатни устидаги хас-хашакдан нуқсон етмайдиган сувга қиёслайди.
Ответить 
"+" от:
Реклама и уведомления
Старый 25.01.2010 18:08   #78  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Ғазал ва шарҳ. Иброҳим Ҳаққул.

Цитата:
Шарқ алломаларидан бирининг эътироф этишича, «Мавжудотдаги ҳар бир киши бир қуш бўлиб Ҳазрати Сулаймон ила суқбатлаша олур. Ҳар бири «Биз киммиз?», «Яратилишимиздаги ҳикмат недур?» — дерлар. У ҳамманинг дилини билар, барчанинг ҳикматини англар... Сулаймон хушбўй ҳиднинг ёки гўзал жамолнинг завқини орзу этар-да, бурнини унга яқинлаштирса барчасидин буйи Худони туяр». Сафо аҳли Сулаймон ила суҳбатдош бўлишга қодирдирларки, улар ҳам «ёр иси»дин завқланиб, кўнгилни фараҳга буркарлар. Бироқ бунда мужда, гул ва чечакларнинг очилишини таъминловчи сабо — тонг насими орқали етадими ёки шиддатли шамол ила келадими — бунинг аҳамияти йўқ. Зеро, худди Анас бин Моликдек Абу Зарр ал-Ҳифорийнинг ҳам Ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом тўғрисидаги фикр ва нақллари қимматлидир:

Ёр исидур ком келтурсин сабо ёхуд шамол,
Дўст тақдириға ровий хоҳ Бузар, хоҳ Анас.


Умуман олганда, Навоий ғазалларини талқин қилиш осон иш эмас. Чунки уларнинг туб моҳиятига етиб бориш қийин. Рамзийлик, шартлилик ва мураккаб образли тасвир деярли ҳар бир ғазал учун хос хусусият бўлганлиги сабабли сўз мазмуни очилса, туйғу тўлқинлари тутқич бермайди, туйғуга диққат қилинса, руҳий оҳанг ва манзаралар назардан четлашади...
Хуллас, шарҳ ва талқинда қанаsа йўл ёки усул танламанг, аллақандай жўнлик, саёзлик сизни таъқиб этгандай бўлаверади. Ғазаллардаги диний-тасаввуфий, мажозий ибора ва тимсоллар бамисоли бекик «қулф»: уни очмоқ учун тайёр «калит» йўқ. Масалан, юқоридаги байтдаги «сабо» калимасини олайлик. Сабо — тонг ели, гул ва чечакларнинг очилишини таъминловчи насим, дедик. Бу сўз айни пайтда (истилоҳий маънода) руҳоний оламнинг Шарқдан эсгувчи ва хайрга васила бўладиган маънавий шабадалар мазмунига ҳам эга. Шу учун тасаввуф шеъриятида «сабо» ўзига хос бир мавқега эга. Навоий ғазалида ҳам бу калима маънавий шабада ҳақиқатини акс эттиради. Акс ҳолда кейинги байтдаги муҳаббатга доир фикр «ёр иси» хусусидаги гап билан мантиқан боғланмасди:

Тожворлар оҳ уйида сокин ўлса аҳли ишқ,
Уйладурким булбули ҳудҳудға бўлғай бир қафас.

Ответить 
"+" от:
Старый 25.01.2010 18:15   #79  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Ғазал ва шарҳ. Иброҳим Ҳаққул.

Цитата:
Сўфийлардан бири демиш: муҳаббатнинг икки шакли бордир: бири иқрор, иккинчиси важд. Биринчи хил муҳаббат ҳам халқ, ҳам ҳавос (хос кишилар) учун хосдир. Иккинчи тур муҳаббат исбот йўли ила бўладиган важддир. Тож важд ҳолидаги муҳаббат соҳиби на ўзини, на халқни, на сабаблар ва на ҳолларни билади. Чунки бундай ҳолатда у Оллоҳдан ва Оллоҳга мансуб нарсаларни томоша қилиш ҳоли ичига ғарқ бўлур. Бундай ошиқ учун «тожворлар оҳ уйи» чиндан ҳам қафасдир. Зеро, унинг руҳида ва кўнглида бир булбул оҳ чекади. Аслида «муҳаббат дашти»ни «корвони дард ила қатъ» айлаш мана шудир:

Корвони дард ила қатъ эт муҳаббат даштини,
Ким нидое муждайи васл айлар анда ҳар жарас.


Жарас — қўнҳироқ. Карвон туясидаги қўнғироқ. Навбатдаги байтда «шахна» ва «асас» деган сўзлар бор. Булардан бири тунги соқчи, иккинчиси — кундузги қўриқчи маъносини билдиради. Ишқ йўлидаги эҳтиёт — эҳтиётсизлик, эҳтиётсизлик эса эҳтиёт эрур. Шу боис, ошиқнинг энг севимли иши жонбозлик. Бунга эса кўпинча пири комилдан етган файз орқали эришилади. Бу ҳақиқатни шоир юксак бир орзу ўлароқ шундай талқин қилгандир:

Дайр пири журъасин гар тутса бизга муғбача,
Нақди жондин ўзга ўтрусида йўқтур дастрас.


Охирги байтда Навоийнинг кўп ғазалларида тилга олинган бир иборага дуч келамиз. Бу — «ишқ сирри». Ишқ сирри шундай бир латифликки, унга етишишдан кўра, уни пинҳон сақлаш кўп куч ва масъулиятни талаб этади. Чунки ҳар қандай кимса ҳам ишқ асрорини фаҳмлашга лойиқ эмасдир.

Эй Навоий, ишқ сиррин ким ҳавас қилса, дема,
Ким, эшитмакка бу сўз лойиқ эмас ҳар булҳавас.

Ответить 
"+" от:
Старый 25.01.2010 18:23   #80  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Цитата:
Муҳтарам форумдошлар!

Юқоридаги ғазалларнинг шарҳ талқини навоийшунос олим Иброҳим Ҳаққулга тегишли эди.
Балким биз ҳам ҳазрат Мирнинг бирор бир мисраларини таҳлил қилиб кўрармиз?!..
Ответить 
Ответить




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2025, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх