uForum.uz

uForum.uz (http://uforum.uz/index.php)
-   ZiyoNET (http://uforum.uz/forumdisplay.php?f=372)
-   -   [Без оффтопа] Космос ва космонавтика: асосий тушунчалар, одамлар ва ҳодисалар (http://uforum.uz/showthread.php?t=19410)

Shokir Dolimov 12.04.2013 00:08

Космос ва космонавтика: асосий тушунчалар, одамлар ва ҳодисалар
 
Болалигимда ёзнинг илиқ тунлари ҳовлидаги сўрида ётиб қоп-қора бахмалга сочиб юборилган ялтироқ олмослардек товланаётган осмон-у фалакдаги ситораларни томоша қилар эканман, улғайгач, фазогир бўлиш, юлдузлар орасида саёҳат қилиб, биридан бошқасига учиб ўтиш, аҳли само орасидан дўстлар орттириш, уларни Ерга, уйимизга таклиф қилиб, ўзим яхши кўрган таом – ойим тайёрлаган монти билан меҳмон қилишни орзу қилганим ҳозиргидай эсимда.
Ўспиринлик даврида шаклланган орзу-ҳавас етарлича кучли, аксарият ҳолларда кишининг келгуси тақдирини ҳал этиб юбориш қудратига эга бўлар экан. Юлдузлар орасида кечадиган саёҳат ҳаддан ортиқ узоқлик қилгани билан, жаҳон кезиш орзуси мени олий ҳарбий-денгиз билим юрти сари етаклади. Қисқа муддат бўлса-да, денгизлар-у, дунё океанларига олис сафарларга чиқишга улгурдим. Бироқ юлдузли осмонга мафтун бўлишни ҳеч қўймадим...

Муҳтарам хонимлар ва жаноблар, азиз ёшлар!
1961 йил 12 апрель – замин фарзанди космосга парвоз қилган, ўзининг атиги 108 дақиқали парвози ила жамики башариятнинг асрлар оша давом этган орзуси ниҳоят ушалган, инсоният бир даврдан бошқа даврга кескин сакраб ўтган, тарих саҳифаларига зарҳал ҳарфлар-ла битилган улуғ кун бўлди!
Бугун Космонавтика кунини яна бир бор нишонлар эканмиз, uForum.uz да, унинг ZiyoNET бўлимида эълон қилиш учун атайин тайёрлаган меҳнатим маҳсулини эътиборингизга ҳавола этмоқчиман.
Мазкур мавзуни очиш мақсадида бир қатор оммавий адабиётлар ва Интернет тармоғидан олинган маълумотларни йиғиб, умумлаштирдим, муайян тизимга солгач, она тилимизга таржима қилдим-да, бир қатор бўлимларга бўлиб чиқдим. Материалларни қуйида келтирилган изчилликда баён этаман, уларни бойитиш, тегишли бўлимлар учун асосий ва қўшимча маълумотлар тайёрлаб, эътиборингизга ҳавола этиш ишларини давом этаман. Агар форумдошлар ўз материалларини қўшиб боришса, нур устига аъло нур бўлади. Айни вақтда, баён этилаётган материал, ушбу мавзунинг қайси бўлимига тааллуқли эканлигини кўрсатиб ўтишларини илтимос қилган бўлар эдим.
Мавзу материалларидан ўз рефератларингиз, илмий ишларингиз, тайёрлаётган тарихий ёки техник мазмундаги маълумотномаларингизда фойдаланишингиз мумкин, албатта. Кўзланган асл мақсад ҳам шу – фойдаланувчини ўзбек тилида баён этилган соҳага оид билимлар билан қуроллантириш! Фақат илтимос, иш охирида келтириладиган фойдаланган адабиётлар рўйхатида, тегишли маълумот қайси манбадан олингани ва унинг муаллифини кўрсатиб ўтсангиз бас. Пешона тери, ҳар қалай...

КОСМОС ВА КОСМОНАВТИКА: АСОСИЙ ТУШУНЧАЛАР, ОДАМЛАР ВА ҲОДИСАЛАР

1. Космос ва космонавтикага оид асосий тушунчалар..
2. Космик техника, унинг вазифаси ва инфратузилмаси.
3. Космос ҳужумидан мудофаа масалалари.
4. Космосга оид халқаро ҳуқуқ ва халқаро ташкилотлар.
5. Ракета-космос саноати.
6. Космонавтлар ва соҳа мутахассисларини тайёрлаш муассасалари.
7. Олимлар ва конструкторлар.
8. Учувчи-космонавтлар.
9. Космосга оид илмий-маърифий муассасалар.
10. Соҳага оид янгиликлар.

Shokir Dolimov 12.04.2013 00:12

1. КОСМОС ВА КОСМОНАВТИКАГА ОИД АСОСИЙ ТУШУНЧАЛАР

КОСМОС (грек. κόσμος – олам, Коинот), космик фазо, Ер атмосферасидан ташқарида чўзилиб кетган макон, Коинот тушунчасининг астрономик таърифига маънодош тушунча.
Коинот (рус. Вселенная) ўз навбатида, материянинг ривожланиш жараёнида тус оладиган шакллари борасида чексиз, вақт ва макон бўйича поёни йўқ жамики моддий оламни англатади. Астрономия нуқтаи назаридан эса фан тараққиётининг эришилган савиясига мос келаётган астрономик воситалар, тадқиқот усуллари ила ўрганиб бориш мумкин бўлган моддий оламнинг муайян қисмидир. Коинотнинг Метагалактика, деб аталадиган ушбу қисми ўз ичига бир неча миллиард галактикани мужассам этади.
Космик фазо, одатда:
Ернинг тортиш сфераси билан чекланадиган – Ер яқинидаги космик фазо;
планеталараро космик фазо;
юлдузлараро космик фазога фарқ қилади.

Ер яқинидаги космик фазо ўз табиий хусусиятларига кўра Ер юзидан:
75-150 км баландликдаги бевосита ерга туташ космос;
150-2000 км баландликдаги, Ернинг сунъий йўлдошлари, космик аппаратлар ва планеталараро станциялар воситасида космонавтика соҳаси тадқиқ қилиб борадиган яқин космос;
2000-50 000 км баландликдаги ўрта космос;
50 000-930 000 км баландликдаги, ситора-ю, галактикалар оламидан иборат олис космосга бўлинади.
Космик фазони тадқиқ қилиш ва ундан фойдаланиш тадбирлари космик фаолият тўғрисидаги миллий қонунларга мувофиқ амалга оширилади. Ушбу қонунлар ижтимоий-иқтисодий, илмий-техник ва мудофаа масалаларини ҳал этиш жараёнида космик фаолиятнинг ҳуқуқий ва ташкилий асосларини белгилаб беради.

КОСМОНАВТИКА (грек. κόσμος – олам, Коинот ва ναυτική – денгизда кема юритиш илми ва санъати), ракеталар ва космик аппаратлардан фойдаланган тарзда космос ва Ердан ташқаридаги объектларни банибашар эҳтиёжлари учун тадқиқ этиш ва ўзлаштиришга қаратилган фан ва техника соҳаларининг мажмуи. Автоматик ва учувчи бошқарадиган космик аппаратлар воситасида космик фазони тадқиқ этиш мақсадида Ер атмосфераси ташқарисида кечадиган навигация назарияси ва амалиёти. Бошқача айтганда, космик парвозлар фани ва технологияси.
«Космонавтика» термини, ушбу соҳа асосчиларидан бири Ари Абрамович Штернфельднинг сайёралараро саёҳат мавзусига бағишланган «Космонавтика муқаддимаси» («Initiation à la Cosmonautique») монографиясини француз тилидан рус тилига таржима қилган совет ракета техникасининг пионерларидан бири Г. Э. Лангемак томонидан қўлланилган. Айнан мана шу илмий иш туфайли нутқимизга «космонавт», «космодром» каби терминлар кириб келган.
АҚШ ва ғарб давлатларида «Космонавтика» термини ўрнига «Астронавтика» (грек. astron – юлдуз ва ναυτική – денгизда кема юритиш илми ва санъати) термини қўлланилади. Том маънода, астронавтика мазмунан анча тор, хусусан, юлдузлар томон учиш маъносини англатади.

КОСМИК ПАРВОЗ (рус. космический полёт) – космик аппаратнинг Ер юзидан 100 км дан кам бўлмаган баландликдаги космик фазода ҳаракатланиши.
Космик парвоз турларига:
Ер яқинидаги геоцентрик орбита;
Ой яқинидаги селеноцентрик орбита;
Қуёш яқинидаги гелиоцентрик орбита;
бошқа планета атрофидаги орбита бўйлаб ва планеталараро амалга ошириладиган парвозлар киради.
Космик парвоз вазнсизлик, космос радиацияси, тўлиқ вакуум, кескин ўзгариб борадиган ҳарорат, метеорлар чанги ва шу каби шароитларда кечади.
Аслида Ер билан космос ўртасида аниқ чегара йўқ ва шу боис, учиш аппарати аэродинамик кучлар таъсири ила парвоз қиладиган, бунинг учун у, биринчи космик тезликка эга бўлиши талаб этиладиган, шундагина, парвозга аэродинамик эмас орбитал тавсиф бериладиган – Ер юзидан 100 километрли баландлик Халқаро авиация федерацияси томонидан космик чегара сифатида эътироф этилган.
Суборбитал космик кемалар ва орбитал самолётлар равнақ топар экан, авиапарвоз ва космик парвоз тушунчалари орасидаги тафовут аста барҳам топиб бораверади.
Космик парвоз орбитал ва суборбитал парвозларга фарқ қилади. Орбитага чиқиши ва Ернинг сунъий йўлдошига айланиши учун космик аппарат минимал баландликдаги горизонтал йўналишда биринчи космик тезлик олиши лозим. Агар тезлик паст бўладиган бўлса, парвоз баллистик траекторияга эга бўлиб қолади. Бундай катта тезлик олиши учун старт бериш қурилмасидан (инг. Launch pad, нем. Startrampe) учириладиган элтувчи ракета кўп поғоналик тамойили асосида яратилади.
Космик парвозларга сарф этиладиган харажатлар миқдорини камайтириш мақсадида кўп маротаба қўлланиладиган, худди самолёт каби горизонтал йўналишда учиш-қўниш қобилиятига эга, ердан кўтарилиш учун қўшимча ҳаво-реактив двигатели қўлланилиб, орбитал самолёт, деган ном олган космик юк ташиш кемаларини ишлаб чиқиш устида уринишлар кетмоқда.
Инсон қўли билан яратилган ҳар қандай, у хоҳ космик аппарат, хоҳ космик станция ёки сунъий йўлдош бўлсин, бир қатор зарурий компонентларга эҳтиёж сезади. Ушбу компонентлар жумласига:
вакуум шароитида ҳарорат алмашинуви фақат нур воситасида амалга ошиши боис, ҳарорат ростлаш тизими;
учувчи бошқарадиган ёки бортида ҳайвон бўлган космик аппарат учун ҳаётий таъминот тизими;
алоқа тизими;
энергия манбаси;
космик нурлар (радиация) таъсиридан ҳимоя тизими киради.
Бугунги кунга қадар инсон орбитага чиқиб, космик фазода яшаши учун:
«X-15» ракета самолётлари (АҚШ):
Scaled Composites АҚШ компаниясига мансуб, кўп маротаба ишлатиладиган «SpaceShipOne» хусусий суборбитал космик кема;
кўп маротаба ишлатиладиган «Спейс Шаттл» (АҚШ), Буран (ССРИ) космик юк ташиш кемалари;
учувчи бошқарадиган «Восток», «Восход», «Союз», «Союз-Т», «Союз-ТМ» (ССРИ), «Меркурий», «Джемини», «Аполлон» (АҚШ) космик кемалар:
«Салют», «Алмаз» (ССРИ), «Скайлэб» (АҚШ), «Мир» (ССРИ-Россия) орбитал станциялардан фойдаланди.
Эндиликда эса ушбу мақсадда:
«Союз-ТМА» космик кемалари (Россия);
«Шэньчжоу» космик кемалари (Хитой Халқ Республикаси);
Халқаро космик станциядан фойдаланилмоқда.

Shokir Dolimov 12.04.2013 00:14

КОСМИК ТЕЗЛИК (рус. космическая скорость), осмон жисмининг гравитацион майдони таъсир ўтказадиган соҳага кириб бориш фурсатида космик аппарат оладиган ҳаракат тезлигининг критик қиймати. Космик тезлик биринчи, иккинчи ва учинчи тезликларга фарқ қилади.
Биринчи космик тезлик – Ернинг (ёки бошқа осмон жисмининг) гравитацион майдони таъсир ўтказадиган соҳага кирган космик аппаратнинг минимал тезлиги (тахминан сонияда 7,91 км).
Бунда, айлана траектория бўйлаб ҳаракатланадиган ушбу космик аппарат Ернинг (ёки бошқа осмон жисмининг) сунъий йўлдошига айланиб қолиши мумкин.
Ер (ёки бошқа осмон жисми) билан космик аппарат орасидаги масофа узоқлашган сари биринчи космик тезлик пасайиб бораверади.
Иккинчи космик тезлик (параболик тезлик) – космик аппарат параболик траектория бўйлаб ҳаракатланганча, Ернинг гравитацион майдонини бутунлай тарк этиб, Қуёшнинг сунъий йўлдошига айланиб қолиши учун зарур бўлган минимал тезлик (тахминан сонияда 11,19 км). Осмон жисми билан космик аппарат орасидаги масофа узоқлашган сари иккинчи космик тезлик пасайиб бораверади. Муайян осмон жисми (планета, юлдуз) яқинидаги иккинчи космик тезлик параболик тезлик, деб аталади.
Учинчи космик тезлик – Ердан учирилган космик аппарат Қуёшнинг тортиш кучи таъсирини енгиб ўтиб, Қуёш тизимини тарк этиши ва юлдузлараро фазога кириб кетиши учун зарур бўлган минимал тезлик (тахминан сонияда 16,67 км).

КОСМИК АППАРАТ ОРБИТАСИ (лот. orbita – из, йўл) – космик аппаратнинг осмон жисмига нисбатан ҳаракатланиш траекторияси бўлиб, ушбу аппарат бажарадиган иш мазмунига мувофиқ олдиндан танланиб, ҳисоблаб чиқарилади. Космик аппаратнинг бошланғич тезлигига боғлиқ ҳолда аппарат орбитаси, идеал ҳолатда, доира, эллипс, парабола ёки гипербола шаклидаги, фокусларидан бирида осмон жисми жойлашадиган конус кесими кўринишига эга бўлади. Бундай орбиталарга тойилмаган орбиталар (Кеплер орбиталари) деб ном берилган. Космик аппаратлар вазни енгил бўлиши туфайли, ушбу аппаратлар орбиталари ташқи тойдириш кучлари таъсири остида анча мураккаб шаклларни касб этади.

КОСМИК АППАРАТЛАР ТУТАШУВИ (рус. стыковка), орбитага чиқарилган иккита ва ундан ортиқ космик аппарат ёки уларнинг таркибий қисмлари бир-бирига яқин келиб, механик бирлашиш жараёни.
Бундай туташув биргаликда парвоз қилиш, алоҳида космик модуллардан орбитал станциялар ёки планеталараро кемалар (К. Э. Циолковский таклиф қилган каби) йиғиш, юк ёхуд экипаж аъзоларини етказиш мақсадида космик кемаларни ўзаро ёки ракета поғонаси билан бириктириш учун автоматик равишда ёки дастаки (экипаж томонидан) амалга оширилади.
Дастаки туташув илк бор 1966 йил 16 март куни АҚШнинг «Джемини-8» космик кемаси экипажи томонидан «Аджена» ракетасига туташган тарзда амалга оширилган.
Автоматик туташув илк бор 1967 йил 30 сентябрь куни ССРИга қарашли «Космос-186» ва «Космос-188» русумли Ернинг сунъий йўлдошлари ўзаро туташтирилган тарзда амалга оширилган.
1975 йил июль ойида ССРИ томонидан экипажининг таркиби космонавтлар А. А. Леонов ва В. Н. Кубасовдан иборат «Союз», АҚШ томонидан экипажининг таркиби Т. Стаффорд, Д. Слейтон ва В. Бранддан иборат «Аполлон» космик кемаларининг тажриба тарзида амалга оширилган ЭПАС парвози давомида икки маротаба космик аппаратлар туташуви, биргаликдаги илмий тадқиқотлар, техник тажрибалар ва экипажларнинг ўзаро ўтишлари амалга оширилган.

Shokir Dolimov 12.04.2013 00:17

Мозийга назар
Ой ва бошқа сайёралар-у, ситоралар томон саёҳатга оид тасаввурлар инсон онгида азалдан ўрин эгаллаб келган бўлиб, фақат ХХ асрдагина Ер планетасини тарк этиш учун зарурий тезлик оладиган ракета техникаси яратилгач, унинг ушбу орзу-ҳаваслари рўёбга чиққан.
1881 йил 23 март куни рус инқилобчиси, пошшо Александр II ҳаётига уюштирилган суиқасд иштирокчиси, авиация маршали Александр Головановнинг бобоси, қамоқда ўтирган Николай Иванович Кибальчич қатл қилинишидан бир неча кун олдин тортиш кучининг векторини бошқариш мақсадида двигателининг ёқилғи ёниш камераси тебранувчан ракета учиш аппаратига оид ғояни ишлаб чиқиб, матнини қоғозга баён этди. Бироқ ушбу қўлёзмасини Фанлар академиясига йўллаш борасидаги илтимоси тергов комиссияси томонидан бажарилмади. Вақт ўтиб, ушбу илмий лойиҳа 1918 йили «Былое» журналининг 4- ва 5- сонларида чоп этилди.
Ракетасозлик асосини ХХ аср бошида Константин Эдуардович Циолковский, Герман Оберт, Робберт Годдард ва Рейнхольд Тилинг яратишган.
Жумладан, назарий космонавтиканинг асосчиси К. Циолковский бўлиб, ушбу рус олими реактив ҳаракат тамойилларидан фойдаланган тарзда ракетани космосга учириш имконияти борлигига оид ғояни илк бор (1883 йили) илгари суриб, илмий жиҳатдан (1886-1903 йиллари) сайёралараро учадиган ракета лойиҳасини яратган тарзда асослаб берди.
Ракета двигателининг тортиш кучи таъсири остида учиш аппарати оладиган тезликни белгилаб берадиган Циолковский формуласи бугунги кунда ҳам, ракета лойиҳаларини яратишда, хусусан, ракета вазнига оид асосий тавсифларни белгилаш мобайнида қўлланиладиган математик аппаратнинг муҳим қисмини ташкил этади.
Хусусан, 1887 йил 10 май куни К. Циолковский ўзининг «Ракета» қўлёзмасида реактив ҳаракатнинг бир қатор муаммоларини тадқиқ этади. Бунда у, йўналиши ўзгармас ракета двигателининг тортиш кучи таъсирида, бошқа кучлар таъсир этмаган ҳолатда учиш аппарати олиши мумкин бўлган тезликни аниқлаб берди. Айнан мана шу якуний математик боғланиш «Циолковский формуласи», деган ном олиб, 1903 йили «Научное обозрение» журналида чоп этилди.
1903 йили К. Циолковский реактив учиш аппарати – ракета воситасида сайёралараро парвоз этиш имкониятини илк бор назарий асослашга бағишланган «Коинот маконларини асбоблар ила тадқиқ этиш», деб номланган илмий ишини чоп этди. 1911-1912 йиллари ушбу ишнинг иккинчи қисми, 1914 йили эса қўшимчалари чоп этилди. К. Циолковский ва ундан мухтор равишда Ф. А. Цандер ўша даврда маълум энергия манбаларини қўллаган тарзда космосга парвоз қилиш мумкинлигига оид хулоса чиқариб, амалга ошириш йўлларини, жумладан, ракетанинг шакли, двигателини совитиш тамойиллари, ёқилғи буғи сифатида суюлтирилган газдан фойдаланиш лозимлиги ва шу кабиларни кўрсатиб ўтишди.
1910 йили америкалик муҳандис олим Роберт Годдард кичкинагина ракета двигателининг лойиҳасини ишлаб чиқди. 1923 йили суюқ ёқилғи қўлланиладиган ракета двигатели устида астойдил иш бошлаб, 1925 йил хотимасида ушбу двигателнинг ишлайдиган прототипини яратди ва ниҳоят 1926 йил 16 март куни ёқилғи сифатида бензин билан суюқ кислород қўлланилган биринчи ракетасини учира олди.
Роберт Годдарддан олдин ракета техникасининг пионери, астроном Больцано Макс Валье суюқ ёқилғи қўлланилган тажриба ўтказган. Хусусан, Больцано бугунги кунда немис музейларидан бирида сақланаётган ракета двигатели ўрнатилган автомобиль ясаган. Берлинда ўтказилган синов давомида двигателнинг ёқилғи ёниш камераси портлаб кетиб, металл парчаси 35 ёшли муҳандисни ҳалок қилган.
1920 йили немис олими Герман Оберт ҳам, сайёралараро парвоз тамойилларини баён этди. У ракета воситасида космосга учирилган инсон организми парвоз жараёнида бериладиган юклама таъсири ва вазнсизлик ҳолатига бардош бера олишини илк бор назарий жиҳатдан исботлаб берди.
Циолковский, Оберт ва Годдарднинг ишлари АҚШ, ССРИ ва Германиянинг ракета техникасини яратиш билан машғул бўлган жонбоз гуруҳлар томонидан давом эттирилди.

Shokir Dolimov 12.04.2013 00:19

Ракета – космик аппаратни космосга чиқаришга қодир бўлган ягона транспорт воситаси бўлганича қолмоқда. «Космик лифт», электр-магнит тўп ва оддий тўп каби, космик аппаратни орбитага олиб чиқишнинг муқобил усуллари ҳозирча лойиҳалаштириш босқичида бўлганча қолмоқда.
Космосда ракетанинг асосий хусусияти, у ҳам бўлса, ўз ҳаракати учун бошқа муҳит ёки ташқи куч таъсирига эҳтиёж сезмаслиги яққол намоён бўлади. Бироқ, унинг бундай хусусияти реактив куч ҳосил қилиш учун зарур бўлган жамики компонентлар ракета бортида бўлиши шарт эканлигини тақозо этади.
Жумладан, ёқилғи сифатида суюқ кислород ва керосин каби зич компонентлар қўлланиладиган ракеталар учун ёқилғи вазнининг конструкция вазнига нисбати 20/1 га қадар етади. Кислород билан водород воситасида ишлайдиган ракеталар учун, ушбу нисбат камроқ – 10/1 бўлади. Ракетанинг вазнга оид тавсифлари ишлатиладиган ракета двигателининг тури ва конструкциянинг ишончлилик даражасига чамбарчас боғлиқдир.
Космонавтика эҳтиёжи учун қўлланиладиган ракета элтувчи ракета, деб юритилади. Негаки, ушбу восита космосга фойдали юк олиб чиқади. Аксарият ҳолларда элтувчи ракеталар сифатида кўп поғонали баллистик ракеталар қўлланилади. Элтувчи ракета Ерда, агар давомли вақт парвоз қиладиган бўлса, Ернинг сунъий йўлдошида старт олади.
Бугунги кунда турли давлатларнинг космик агентликлари томонидан Атлас V, Ариан 5, Протон, Дельта-4, Союз-2 ва шу каби кўплар элтувчи ракеталар қўлланилади.
ССРИда ракета техникаси соҳасига оид амалий ишлар 1921 йили, тутунсиз порох воситасида учадиган ракета снарядини яратиш билан машғул бўлган Газ динамикаси лабораторияси (Ленинград) ва Реактив ҳаракатларни тадқиқ этиш гуруҳи (Москва) томонидан бошланди. 1933 йили ушбу муассасалар негизида Реактив илмий-тадқиқот институти яратилди.
Германияда ўхшаш ишлар Немис планеталараро ҳаракатлар жамияти (VfR) томонидан олиб борилди.
1931 йил 14 март куни VfR аъзоси Йоханнес Винклер Европада илк бор суюқ ёқилғи қўлланиладиган двигателга эга ракетани учиришга муваффақ бўлди. Шунингдек, VfR жамиятида Вернер фон Браун ҳам фаолият юритган. Космонавтиканинг ривожига катта ҳисса қўшган Пенемондлик ушбу олим 1932 йилдан эътиборан немис армиясининг Куммерсдорфдаги артиллерия полигонида ракета двигателлари устида фаол иш олиб борган. Германия ҳокимиятига нацистлар келгач, ракета қуролини ишлаб чиқишга йўналтирилган маблағ ажратилган.
1936 йилнинг баҳор фаслида Пенемюндда ракетасозлик марказини қуриш дастури тасдиқланиб, техник директор лавозимига айнан фон Браун тайинланган. Ушбу марказда учиш узоқлиги 320 км га етган А-4 русумли баллистик ракета ишлаб чиқилди. Иккинчи жаҳон уруши давомида, хусусан, 1942 йил 3 октябрь куни ушбу ракета илк бор муваффақиятли учирилди, 1944 йили эса унга V-2 (Фау-2) номи берилиб, жанговар жиҳатдан қўлланилди.
1944 йилнинг июнь ойида V-2 русумли ракета инсон томонидан яратилиб, космосга чиқарилган, суборбитал парвоз жараёнида 176 км баландликка етган биринчи объект бўлди. V-2 русумли ракетанинг ҳарбий жиҳатдан қўлланилиши ракета техникасининг катта имкониятга эга эканлигини намоён этди ва келгусида яратилган кўплаб ракеталарнинг асоси сифатида хизмат қилди.
Урушдан кейинги қудратли давлатлар саналган АҚШ билан ССРИ немислардан ўлжа олинган технологиялар асосида, асир олинган немис муҳандислари ёрдамида баллистик ракеталар ишлаб чиқишга киришди.
Техник асослардан ташқари, космик парвозларга туртки берган само механикасига оид астрономик билимлар ҳам кенг равнақ топди.

Shokir Dolimov 12.04.2013 00:22

Илк совет ракета-космик дастури
1946 йилнинг май ойида ССРИ ҳукумати томонидан ядро қуролини элтиш воситаларини яратиш учун ракетасозлик саноатини ривожлантиришга доир кенг миқёсли ишлар бошлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинди. Мазкур қарорга мувофиқ 4- реактив қурол-аслаҳаларнинг илмий-тадқиқот артиллерия институти яратилди. Институт бошлиғи этиб генерал А. И. Нестеренко, унинг «Суюқ ёқилғи қўлланиладиган баллистик ракета двигателлари» бўйича ўринбосари этиб полковник Михаил Клавдиевич Тихонравов тайинланди.
Ушбу офицер С. П. Королёв билан Реактив ҳаракатларни тадқиқ этиш гуруҳи ва Реактив илмий-тадқиқот институтида биргаликда ишлаган. Бу вақтга келиб М. Тихонравов суюқ ёқилғи қўлланиладиган, 1933 йил 17 август куни муваффақиятли старт олган биринчи ракета муаллифи сифатида танилган. Айнан шу киши 1945 йили бошқариладиган ракета кабинасига эга Фау-2 русумли ракета воситасида 2 нафар космонавтни 200 км баландликдаги космосга учириш лойиҳасини бошқарган. Лойиҳа Фанлар академияси томонидан қўллаб-қувватланган бўлиб, И. Сталин томонидан маъқулланган эди. Аммо урушдан кейинги машаққатли йилларда ҳарбий соҳа раҳбарияти энг асосий вазифа – олис масофаларга қўлланиладиган ракеталар яратишга тўсқинлик қилаётган, фантастика сифатида эътироф этилган ушбу лойиҳа билан шуғулланиш истагини билдирмади.
Анъанавий изчиллик тарзида яратилаётган ракеталар ривожини тадқиқ этар экан, М. Тихонравов, ушбу ракеталарни қитъалараро масофаларга қўллаб бўлмаслигини эътироф этди. Ўзи бошчилик қилган тадқиқотлар якунида С. Королёв раҳбарлигидаги Конструкторлик бюросида «блоклар пакети тарзида» лойилаштирилган ракеталар одатий тарзда йиғилган ракеталарга нисбатан тўрт чандон катта тезлик олиши тан олинди.
Кейинчалик, «Блоклар пакети тарзида йиғиш» тартибини амалиётга жорий этган М. Тихонравов бошчилигидаги гуруҳ инсон космик фазога чиқадиган кунни яқинлаштириб юборди. Ернинг сунъий йўлдошларини орбитага чиқариб, ортга қайтариш билан боғлиқ муаммолар тадқиқоти давом эттирилди.
1953 йил 16 сентябрь куни С. Королёв раҳбарлигидаги Тажриба-конструкторлик бюросининг буюртмасига кўра 4- илмий-тадқиқот институтида «Ернинг биринчи сунъий йўлдошини яратиш борасидаги тадқиқотлар» бўйича космос мавзусига бағишланган дастлабки илмий-тадқиқот иши очилди. Бу борада бой ғояларга эга М. Тихонравов гуруҳи мазкур ишни қисқа муддатда амалга оширди.
1956 йили М. Тихонравов ўз ходимларининг муайян қисми билан 4- илмий-тадқиқот институтидан С. Королёв раҳбарлигидаги Тажриба-конструкторлик бюросига, сунъий йўлдошлар лойиҳаларини тайёрлаш бўлими бошлиғи сифатида ишга ўтди. Ушбу ҳарбий олимнинг бевосита иштирокида Ернинг биринчи ва кейинги сунъий йўлдошлари, учувчи бошқарадиган космик кемалар, дастлабки планеталараро автоматик аппаратлар ва ой аппаратларининг лойиҳалари яратилди.

АҚШ нинг илк ракета-космик дастури
«Йўлдош инқирози», яъни Ернинг биринчи сунъий йўлдоши орбитага АҚШ томонидан эмас айнан ССРИ томонидан чиқарилгани АҚШ ҳукуматини космик тадқиқотлар соҳасини ривожлантиришга доир кўпдан-кўп ташаббус кўрсатишга мажбур қилди, хусусан:
1958 йилнинг сентябрь ойида миллий мудофаа манфаатларида кадрлар тайёрлаш тўғрисидаги қонун қабул қилинди;
1958 йилнинг февраль ойида DARPA – Мудофаага оид илғор тадқиқот лойиҳалари агентлиги яратилди;
1958 йил 29 июль куни АҚШ президенти Эйзенхауэрнинг фармони билан NASA – Миллий аэронавтика ва космик фазони тадқиқ қилиш бошқармаси яратилди;
1959 йили АҚШ Конгресси космик тадқиқотлар олиб бориш манфаатларида 134 миллион доллар маблағ ажратди. 1968 йилга келиб ушбу рақам 500 миллион долларга етди.
Хулоса қилиб айтиладиган бўлса, АҚШ ва ССРИ ўртасида ҳақиқий космик пойга даври бошланди. АҚШ манфаатларига ишлаши учун «Зулмат операцияси» дастури (инг. Operation Overcast, кейинчалик «Қоғоз қисқичи операцияси» номи билан овоза бўлган) бўйича ёлланган Вернер фон Браун бошчилигидаги команда томонидан 1958 йил 1 февраль куни космосга учирилган Эксплорер-1 йўлдоши – АҚШ томонидан учирилган биринчи сунъий йўлдош бўлди. Бунинг учун мавжуд Редстоун русумли баллистик ракетанинг тезлиги жадаллаштирилган, аниқроқ айтиладиган бўлса, аслида ядро қуролининг ўлчами кичрайтирилган жанговар каллакларини синаш учун мўлжалланиб, Юпитер-С (Jupiter-C) деб номланган тури яратилди.
Таъкидлаб ўтмоқ жоизки, ушбу тадбирдан олдин Халқаро геофизика йили дастури қабул қилингани муносабати билан кенг реклама қилиб юборилган «Авангард-1» сунъий йўлдоши АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари томонидан космосга учиришга уринишлар бўлиб ўтиб, ишлар муваффақиятсиз якун топган эди. Сиёсий важлар туфайли, хусусан, АҚШ ҳукумати американинг биринчи сунъий йўлдошини ҳарбийлар учиришини истагани сабабли, фон Браунга ўз сунъий йўлдошини учиришга узоқ вақт рухсат бермаган эди. Шу боис, Эксплорер-1 йўлдошини учиришга жиддий ҳозирлик «Авангард-1» аварияга учраганидан сўнггина бошланди.
АҚШнинг 1961 йил 5 май куни космосга учган биринчи астронавти Алан Шепард бўлди. У Меркурий-Редстоун-3 космик кемасида суборбитал парвозни амалга оширди. АҚШ астронавтлари орасидан биринчи бўлиб Жон Гленн 1962 йил 20 февраль куни Меркурий-Атлас-6 космик кемасида орбитал парвоз қилди.

Shokir Dolimov 12.04.2013 00:25

Космонавтика соҳасида рўй берган энг муҳим ҳодисалар
1957 йил – буюк конструктор Сергей Павлович Королёв раҳбарлигида Р-7 русумли биринчи қитъалараро баллистик ракета яратилди;
1957 йил 4 октябрь – космос даврининг илк санасидир. Зеро, шу куни ССРИ томонидан Ернинг энг биринчи сунъий йўлдоши Спутник-1 космосга учирилди;
1957 йил 3 ноябрь – космосга илк бор тирик жонзод – Лайка лақабли итни олиб чиққан Ернинг иккинчи йўлдоши Спутник-2 учирилди;
1959 йил 4 январь – Луна-1 космик станцияси Ой юзидан 6000 км га узоқлашиб, гелиоцентрик орбитага чиқди ва бу билан Қуёшнинг биринчи сунъий йўлдошига айланди;
1959 йил 14 сентябрь – Луна-2 космик станцияси Аристит, Архимед ва Автолик кратерлари яқинидаги Ойдинлик Денгизи ҳудудида Ой юзига етиб, ССРИ герби тасвирланган вимпелни туширди;
1959 йил 4 октябрь – Ойнинг Ердан кўринмайдиган томонини суратга олган Луна-3 планеталараро автоматик станция учирилди, шунингдек, парвоз давомида илк бор гравитацион манёвр амалга оширилди;
1960 йил 19 август – тарихда илк бор Ерга тирик қайтган жонзодлар иштирокидаги орбитал парвоз амалга оширилди. Спутник-5 космик кемасида Белка ва Стрелка лақабли итлар парвоз қилишди;
1961 йил 12 апрель – инсоннинг космосга илк парвози амалга оширилди. Совет космонавти Юрий Алексеевич Гагарин Байконур космодромидан «Восток» русумли элтувчи ракета воситасида космосга учиб, «Восток-1» русумли космик кемада Ер яқинидаги орбита бўйлаб 1 соат-у, 48 дақиқа давомида парвоз қилганча, Ер атрофини бир маротаба айланиб чиққач, Саратов вилоятининг Энгельс шаҳри яқинида соғ-саломат қўнишга муваффақ бўлди. Башарият тарихи саҳифаларига зарҳал ҳарфлар-ла битилган бўлиб, Космонавтика куни, деб эълон қилинган ушбу буюк ҳодиса – учиш аппарати бошқариладиган космонавтиканинг амалда рўёбга чиқиши ва келгусида кенг кўламда тараққий топишининг таянч нуқтасига айланди;
1962 йил 12 август – илк бор Восток-3 ва Восток-4 кемаларида гуруҳ таркибидаги космик парвоз амалга оширилди. Ушбу космик кемалар бир-бирига 6,5 км га яқинлашди;
1963 йил 16 июнь – Восток-6 космик кемасида биринчи космонавт аёл Валентина Владимировна Терешкова ёлғиз ўзи космосга учди (АҚШнинг биринчи астронавт аёли Салли Райд космосга эркаклардан иборат экипаж таркибида 1983 йили учган);
1964 йил 12 октябрь – биринчи маротаба кўп ўринли Восход-1 космик кемаси учирилди;
1965 йил 18 март – инсон космонавтика тарихида илк бор очиқ космосга чиқди. 11- совет космонавти Алексей Архипович Леонов ўзининг Восход-2 космик кемасидан 12 дақиқа-ю, 9 сония давомида очиқ космосда бўлди. Ушбу вақт давомида, айниқса, кўзда тутилмаган ҳолат юзага келганда, яъни эгнидаги шишиб кетган скафандр космик кемага қайтиб киришга тўсқинлик қилганда мазкур космонавт мисли кўрилмаган қаҳрамонлик намунасини намоён этди. А. Леонов кема шлюзига скафандр ичидаги ортиқча ҳаво босимини чиқариб юборгандан сўнггина, шунда ҳам, кема люки орқали оёқ билан эмас йўриқномада ман этилган ҳолатда – бош билан ўтиб киришга муваффақ бўлди;

Shokir Dolimov 12.04.2013 00:25

1966 йил 3 февраль – Луна-9 планеталараро автоматик станцияси илк бор Ой юзига енгил қўниб, унинг кенг манзарали суратлари олинди;
1966 йил 1 март – Венера-3 планеталараро автоматик станцияси илк бор Зуҳра юзасига етиб бориб, ССРИ вимпелини туширди. Бу билан космик аппаратнинг Ердан бошқа планетага биринчи космик парвози амалга оширилди;
1966 йил 3 апрель – Луна-10 космик станцияси Ойнинг биринчи сунъий йўлдош бўлди;
1967 йил 30 октябрь – ССРИ нинг иккита космик Космос-186 ва Космос-188 учувчисиз аппаратларининг туташтирилуви илк бор амалга оширилди;
1968 йил 15 сентябрь – бортида жонли мавжудотлар, хусусан: тошбақа, мева пашшаси, қурт, ўсимлик, уруғ ва бактериялар бўлиб, Ой атрофини айланиб чиққан Зонд-5 космик аппаратининг Ерга илк бор қайтиши рўй берди;
1969 йил 16 январь – Союз-4 ва Союз-5 бошқарилган космик кемалар илк бор ўзаро туташтирилди;
1969 йил 21 июль – инсон оёғи Ойга етган кун. АҚШ астронавтлари Н. Армстронг ва Э. Олдринг 1961 йил 16-24 июль кунлари амалга оширилган ой экспедицияси давомида илк бор Ойга тушишди. Космик кемадан Ернинг табиий йўлдошига тушар экан, Нил Армстронг: «Ёлғиз инсон учун бу кичик бир қадам, албатта, аҳли жаҳон учун эса янги милод томон кескин сакрашдир» -деган эди. Аполлон-11 космик кемасида ўтказилган ушбу экспедицияда Ой тупроғининг илк намунаси Ерга келтирилди;
1970 йил 24 сентябрь – Луна-16 космик станцияси Ой тупроғининг навбатдаги намунасини келтирди. Аниқроқ айтиладиган бўлса, ушбу ҳодиса бошқа осмон жисмидан (хусусан, Ойдан) Ерга намуна келтирган биринчи учувчисиз бошқариладиган космик аппарат парвози бўлди;
1970 йил 17 ноябрь – Ердан бошқариладиган Лунаход-1 Ойга эркин қўндирилди. Энг биринчи масофадан бошқариладиган ўзиюрар яримавтоматик космик аппарат Ой юзида иш бошлади;
1970 йил 15 декабрь – Венера-7 космик аппарати биринчи бўлиб Зуҳра юзига эркин қўнди;
1971 йил 19 апрель – космосга биринчи Солют-1 орбитал станцияси учирилди;
1971 йил 13 ноябрь – Маринер-9 космик станцияси Миррихнинг биринчи сунъий йўлдоши бўлди;
1971 йил 27 ноябрь – Марс-2 космик станцияси биринчи бўлиб Миррих юзига етиб борди;
1971 йил 2 декабрь – Марс-3 планеталараро автоматик станцияси Миррих юзига биринчи бўлиб эркин қўнди;
1972 йил 3 март – космосга учирилган Пионер-10 космик аппарати биринчи бўлиб Қуёш тизимининг сарҳадларини тарк этди;
1975 йил 20 октябрь – Венера-9 космик станцияси Зуҳранинг биринчи сунъий йўлдоши бўлди;
1975 йил октябрь ойи - Венера-9 ва Венера-10 космик аппаратлари биринчи бўлиб Зуҳра юзига эркин қўнган тарзда, юзасининг фотосуратларини Ерга узатди;
1981 йил 12 апрель – кўп маротаба фойдаланиладиган «Колумбия» космик юк ташиш кемаси илк бор космосга учирилди;
1986 йил 20 февраль – Мир орбитал станциясининг асосий модули орбитага чиқарилди;
1988 йил 15 ноябрь – «Энергия-Буран» дастури доирасида яратилган «Буран» кўп маротаба фойдаланиладиган космик ташиш тизимига мансуб орбитал космолан кемасининг «Энергия» русумли элтувчи ракета воситасида биринчи ва сўнгги бор космик парвози амалга оширилди;
1995 йил 7 декабрь – «Галилео» космик станцияси Муштарийнинг биринчи сунъий йўлдоши бўлди;
1998 йил 20 ноябрь – Заря Халқаро космик станциясининг биринчи блоки космосга учирилди;
2000 24 июнь – «NEAR Shoemaker» космик станцияси 433 Эрос астероидининг биринчи сунъий йўлдоши бўлди;
2004 йил 30 июнь – «Кассини» космик станцияси Сатурннинг биринчи сунъий йўлдоши бўлди;
2006 йил 15 январь – «Стардаст» космик станцияси Ерга Вильда-2 кометасидан намуналар келтирди;
2011 йил 17 март – «MESSENGER» космик станцияси Меркурийнинг биринчи сунъий йўлдоши бўлди.
Космонавтиканинг бугунги даври космик фазони ўзлаштириш борасидаги янгидан-янги лойиҳа ва режалар билан тавсифланади. Космик саёҳат тобора кенг ривож топмоқда. Космик кемалар бошқариладиган космонавтика боз Ойга қайтишни ният қилиб, ўз нигоҳини Қуёш тизимига мансуб бошқа сайёралар, биринчи навбатда, Миррихга қаратмоқда.

Shokir Dolimov 12.04.2013 00:27

Космонавтика соҳасида ҳал этиладиган асосий вазифалар
Космонавтика ўз ичига:
космик парвозлар назарияси, яъни космик аппаратлар парвози траекторияларининг ҳисоб-китобларини;
илмий-техник фанлар, хусусан, ракета, космик кема бортига ўрнатиладиган бошқарув тизимлари, автоматик станциялар ва космик кемалар, илмий асбоблар ва шу кабиларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқиш, траекторияга оид ўлчовлар ўтказиш, орбитал станциялар фаолиятини ташкиллаштириб, таъминлаш тадбирларини;
тиббий-биологик фанлар, асосан космик тиббиёт томонидан ҳал этиладиган космик кема бортига ўрнатиладиган ҳаётий таъминот тизимларини яратиш, ортиқча юклама берилиши, вазнсизлик шароитлари ва радиация билан боғлиқ ҳолда инсон организмида кечадиган салбий жараёнлар таъсирини сустлаштириш масалаларини;
юридик ҳужжатлар, яъни космик фазо ва осмон жисмларидан фойдаланиш масалалари халқаро ҳуқуқий жиҳатдан йўлга қўйиб борилишини мужассам этади.
Космик аппаратлар парвозини таъминлаш учун космодромлар қурилди, қуруқликдаги бошқарув, алоқа, ерга қайтаётган аппаратларни топиш ва эвакуация қилиш хизматлари яратилди.
Ўтган асрнинг 80- йиллари охиридан эътиборан космик парвозлар учиш аппаратини бошқарган тарзда амалга оширилмоқда, илмий ва бир қатор амалий вазифаларни ҳал этиш мақсадида орбитал станциялардан, Қуёш тизимига кирган сайёраларни тадқиқ этиш учун автоматик космик аппаратлардан фойдаланилмоқда.
Амалий аҳамиятга эга, хусусан, алоқа ташкиллаштириш ва телевизион кўрсатувларни ретрансляция қилиш учун мўлжалланган Ернинг кўплаб сунъий йўлдошлари, шунингдек, авария ҳолатига тушиб қолган самолёт ва кемалар координаталарини аниқлаш учун мўлжалланган «Коспас - Сарсат» сунъий йўлдош тизимлари учирилди.
Ернинг табиий манбаларини ўрганиш, харитасини тузиш, метеорологик ҳодисаларни кузатиш, бошқача айтганда, Ерни космосдан асбоблар ёрдамида ва бевосита кузатиб борган тарзда тадқиқ қилиш тадбирларининг мажмуи саналадиган космик ершунослик (рус. космическое землеведение) ишлари амалга оширилмоқда. Космик суратларнинг кўлами нисбатан кенг бўлиши, уларда табиий муҳит компонентлари орасидаги ўзаро боғлиқлик яхши акс этиши, тобора кенг тус олаётган кўплаб табиий жараён ва ҳодисаларни тезкор тадқиқ қилиш имкони борлиги, манзарали ва муайян мавзуга оид хариталарни ишончли равишда тузиш мумкинлиги космик ершуносликнинг тез ривожланиб кетишига сабаб бўлди. Космик ершуносликка оид ишлар ҳосиласи метеорологик прогнозлар тузиш ишлари, балиқ овлаш саноати, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги, фойдали қазилмалар қидирилиши каби илмий ва амалий мақсадларда кенг қўлланилмоқда.
Космонавтика соҳасида халқаро ҳамкорлик (ЭПАС) ва халқаро космик станциялар кенг ривожланган.

Космоснинг тижорат мақсадларида ўзлаштирилиши
Амалий космонавтиканинг қуйидаги учта асосий йўналиши мавжуд:
1. Космик ахборот комплекслари йўналиши – замонавий алоқа тизимлари, метеорология, навигация, табиий манбалардан фойдаланиш жараёни устидан назорат олиб бориш тизимлари, атроф-муҳит муҳофазаси.
2. Илмий космик тизимлар йўналиши – илмий тадқиқотлар ва табиий шароитда ўтказиладиган тажрибалар.
3. Космос билан боғлиқ саноат йўналиши – фармакологик воситалар ишлаб чиқариш, электрон, электротехник, радиотехник ва шу каби бошқа турдаги саноат тармоқлари учун янги материаллар тайёрлаш.
Келажакда Ой манбалари ва Қуёш тизимига мансуб бошқа планеталар, астероидларнинг манбаларидан фойдаланиш, саноатнинг зарарли чиқиндиларини космик фазога чиқариб ташлаш кўзда тутилмоқда.

Shokir Dolimov 12.04.2013 00:29

Келажакка назар
Россия ўзининг «Клиппер» лойиҳасидан воз кечиб, учувчи бошқарадиган кўп мақсадли «Русь» космик кемасини яратиш устида иш олиб бормоқда.
АҚШда Ер яқинидаги парвозларнинг «Спейс шаттл» тизими ўрнига қўллаш учун ҳам, 2019-2020 йилларда Ойга учиш учун ҳам, кўтаринки руҳда ишлаб чиқилган бўлиб, кейинчалик бекор қилинган «Юлдузлар туркуми дастури» доирасида Миррихга учиш учун ҳам, учувчи бошқарадиган кўп мақсадли «Орион» амалий-тадқиқот космик кемаси лойиҳалаштирилмоқда. Ушбу кеманинг Ер яқинидаги орбитал парвозлари 2014-2015 йиллари бошланиши кўзда тутилган. Шу тариқа, 2011 йили ўз шатлларидан воз кечган АҚШ кам деганда беш йил давомида космик кемаларга эга бўлмай, ушбу вақт давомида ўз астронавтларини космосга Роскосмос билан ҳамкорликда ташийди.
Хитой кенг миқёсли космик дастур ишлаб чиққанини эълон қилди. Мазкур дастур доираларида яқин келажакда учувчи бошқарадиган орбитал станция яратилиши, истиқболда эса кўп маротаба қўлланиладиган космик юк ташиш тизимларининг навбатдаги авлоди яратилиб, учувчи-космонавтлар Ойга парвоз қилиши кўзда тутилган.
Европа (Европа космос агентлиги) 2018 йилдан эътиборан фойдалана бошланадиган ўз учувчи бошқарадиган космик кемаларини ҳамда Россия билан ҳамкорликда ишлатиладиган космик кемаларни ишлаб чиқиш билан машғул. Кенг миқёсли «Аврора» дастурини ишлаб чиққан Европа режаларида АҚШ ва Россия билан ҳамкорликда ёки мустақил равишда 2025 йилдан эътиборан дастлаб одамларни Ойга, 2030 йилдан сўнг эса Миррихга йўллаш кўзда тутилган.
Ҳиндистон дунёнинг тўртинчи космик давлати бўлишга интилиб, 2016 йилдан эътиборан ўзининг учувчи бошқарадиган космик кемасини орбитага чиқаришни, узоқ келажакда эса Россия билан ҳамкорликда ёки мустақил равишда инсонни Ойга чиқаришни ният қилган.
Япония учувчи бошқарадиган, кўп маротаба қўлланиладиган космик юк ташиш тизимларини яратиш устида тадқиқот ишларини давом эттириб, 2025 йилдан сўнг, Ой томон учувчи бошқарувидаги парвозларни амалга ошира бошлашини эълон қилди.
Эрон 2020 йилга бориб ўзининг учувчи бошқарадиган кичик космик кемасини, келажакда эса кичик орбитал станциясини яратиш устида 2005-2008 йилдан эътиборан иш бошлаган.
Туркия 2020 йилдан кейин ўзининг учувчи бошқарадиган космик кемасини яратиш билан якунига етадиган космонавтикасини тизиш борасидаги босқичма-босқич амалга ошириладиган режасини тузган.
Малайзия мусулмон оламининг бирлашган космик дастурини, шу жумладан, учувчи бошқарадиган мухтор космонавтикани яратиш ташаббусчиси ва соҳа мувофиқлаштирувчиси бўлиш истагини эълон қилди.
Scaled Composites компанияси ва бир қатор бошқа компанияларнинг космик туризм дастури доирасида туризмга оид суборбитал ва орбитал космик кемалар ва хатто орбитал станциялар яратиш ва улардан яқин орада мунтазам фойдаланиш ишлари давом этмоқда.
Шу билан бир вақтда, сўнгги йилларда учувчи бошқарадиган космонавтиканинг истиқболсиз эканлиги, узоқ келажакда инсон заковатига бас келадиган сунъий интеллект яратилгач, ерда яшашга мослашган инсонни космосга учириш мақсадга мувофиқ келмай қолиши мумкинлиги ҳақида тез-тез ёзиб турилмоқда. 2009 йили ушбу ғояни физик Олег Доброчеев илгари суриб, асослаб беришга уриниб кўрди.


Текущее время: 20:31. Часовой пояс GMT +5.

Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2018, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Центр UZINFOCOM