uForum.uz

uForum.uz (https://uforum.uz/index.php)
-   Ижод хусусида сўз (https://uforum.uz/forumdisplay.php?f=463)
-   -   Ж. Толкиен. Хоббит ёки бориб қайтиш (https://uforum.uz/showthread.php?t=21441)

Shokir Dolimov 17.06.2018 13:21

Ж. Толкиен. Хоббит ёки бориб қайтиш
 
Қадрли китобхон, эсингизда бўлса, фейсбук саҳифаларида очилган тегишли мавзуларда «Гарри Поттер» ҳақидаги етти қисмли романлар туркумидан сўнг сизга «Хоббит или туда и обратно» билан «Властелин колец» асарларини таржима қилиб беришни ваъда қилган эдим.

Кўриб турганингиздай, ваъдага вафо қилганча ишга киришдим. Мазкур асарларни қўл бўшаган вақтда ёки муайян мавзу таржимасидан бироз чалғиб, бошқасига ўтгим келганда оз-оздан таржима қилиб бораман. Айнан шу тарзда ишлашни ёш ва ҳаваскор таржимонларга маслаҳат берган бўлар эдим. Зеро ёзма таржимада «чалғиб бориш усули» иш сифатига ижобий таъсир кўрсатади.

Марҳамат, ўқинг ва завқланинг!

Shokir Dolimov 17.06.2018 13:23

Жон Рональд Руэл Толкиен

ХОББИТ ЁКИ БОРИБ ҚАЙТИШ

Рус тилидан Шокир Долимов таржимаси

БИРИНЧИ БОБ. КУТИЛМАГАН МЕҲМОНЛАР


Бор экан-у, йўқ экан тепалик остига қазилган ерости кулбасида хоббит яшар экан. Айтиш жоизки, ерости кулбалари ҳар хил бўлади. Баъзилари ноқулай, ифлос, моғор ҳиди урган зах бўлиб, қурт-қумурсқаларга макон бўлса, айримлари қумтепада қазилган, қуруқ бўлади-ю, бироқ жиҳозланмаган, ўтиргани жой, егани егулик топилмайдиган ҳолатда учрайди. Мулоҳаза юритилаётган ерости иншооти эса хоббит яшайдиган кулба бўлиб, биринчи навбатда қулайлик ва шинамликни англатади.

Кулбанинг ичкарига очиладиган, тўлин ой каби юмалоқ, яшил рангли эшигининг қоқ ўртасига ялтироқ мис даста маҳкамланган. Куйинди-ю, тутун ҳидидан холи, кесими доира шаклига эга узун йўлак ҳам жуда шинам. Ушбу йўлак деворига ёғоч-тахта қопланган, тоштахта ётқизилган полига гилам тўшалган. Деворга меҳмондўст хоббитнинг дўстлари ўз шляпа ва пальтоларини осиб қўйиши учун ҳар хил илгаклар маҳкамланган бўлиб, ёнида ёғочи астойдил сайқалланган курсилар терилган. Йўлак анча узоқ чўзилган бўлса-да, маҳаллий аҳоли Дўнглик деб атайдиган тепаликнинг нишабигача етиб бормаган. Йўлакнинг иккала томонида юм-юмалоқ эшиклар мавжуд. Кулбаси кўп қаватли бўлишини хоббитлар хоҳлашмайди. Уларнинг ётоқхоналари, ваннахоналари, қазноқлари, кўпдан-кўп омборхоналари, кийим сақлаш учун атайин ажратилган хоналари, ошхона ва овқатхоналари бир қаватда, умумий йўлак бўйлаб тақсимланган ҳолатда жойлашади. Энг яхши хоналар йўлакнинг чап томонида. Чунки уларнинг ҳар бирида боғ манзараси очиладиган дераза бор. Боғдан ташқари, ушбу деразалардан Дўнгликдан дарё томон қияма тушган водий ва яйлов ҳам кафтдек кўринади.

Ҳикоямиз қаҳрамони мистер Бильбо Бэггинс анча давлатманд хоббит саналади. Дўнглик атрофида қадимдан яшаб келган Бэггинслар сулоласи нафақат бадавлатлиги, балки ҳаётида қандайдир сирли воқеалар содир бўлишига йўл қўймаслиги, ҳар хил ҳодисаларга аралашиб юришни ўзига эп кўрмаслиги учун ҳам азалдан ҳурматли сулола ҳисобланган. Мухтасар қилиб айтганда, Бэггинсларнинг у ёки бу вакили у ёки бу масалага доир қандай фикр билдиришини, ундан сўраб ўтирмасдан ҳам олдиндан айтиш мумкин.

Бироқ биз сизга Бэггинслардан бири ғаройиб бир саргузаштга аралашиб қолгани, ўзи ҳайратланган ҳолда кутилмаган нарсалар ҳақида гапириб, кутилмаган ишларга қўл уришга журъат эта бошлагани ҳақида сўзлаб бермоқчимиз. У ҳамқишлоқлар олдидаги ҳурматини йўқотган бўлса йўқотгандир-у, лекин қўлга киритгани... келинг, бирон нимани қўлга кирита олди-ми у, йўқми, яхшиси ўзингиз кўринг.

Хоббитимизнинг онаси...

Ҳа, айтгандай, хоббит деганлари ким бўлади ўзи? Бизнинг давримизга келиб камнамо бўлиб қолишгани, новча бўйли халқни (улар бизни шундай деб аташади) четлаб ўтадиган одат чиқаришгани боис, хоббитлар ҳақида батафсил маълумот бериб ўтиш керак, деб ўйлайман. Хоббитлар бизнинг белимиздай келадиган, бўйи серсоқол гномлардан бироз пастроқ пакана халқдир. Хоббитларнинг бари кўса бўлиб, сеҳр-жоду қўллашни умуман ёки деярли билишмайди, бақир-чақир қилганча ҳамма ёқни филдай пайҳон қилиб юрадиган сиз-у биздай тўпори, бесўнақай найновлардан фарқли ўлароқ, шовқин солмай, тез ғойиб бўла олишларини ҳисобга олмаганда, албатта. Хоббитлар мешқорин бўлиб, кўпинча яшил ва сариқ рангли ярқироқ кийимни афзал кўришади. Улар пойафзал кийишмайди, чунки оёқ кафтларининг териси қалин ва жуда қаттиқ бўлиб, иссиқ сақлайдиган қўнғир рангли қуюқ юнг билан қопланган. Уларнинг сочи ҳам шундай, фақат қўнғироқ-қўнғироқ бўлиб ўсади. Чеҳраси ҳамиша очиқ, кулгиси сўниқ, айниқса, тушликдан сўнг йўғон янграйдиган (кунига имкон қадар икки марта тушлик қиладиган) хоббитларнинг узун қорамтир бармоқлари жуда абжир бўлади. Умумий тасаввур ҳосил қилишингиз учун хоббитлар ҳақида ҳозирча ушбу маълумотлар етади, деб ўйлайман.

Shokir Dolimov 17.06.2018 13:25

Ҳикоямизга қайтамиз. Юқорида хоббитимиз Бильбо Бэггинснинг онаси ҳақида гап бошлаб қўйган эдим. Демак, Бильбонинг онаси Дўнглик этагида оқиб ўтадиган жилға – Дарёнинг нариги соҳилида яшайдиган хоббитлар аймоғининг доҳийси Қария Тукнинг донги оламга кетган уч нафар қизларидан бири машҳур Белладонна Тук бўлган. Миш-миш гапларга қараганда Туклардан қайсидир бири узоқ замонларда эльф аёлга уйланган. Бемаъни гап, албатта, бироқ ҳозиргача Туклар сулоласи вакилларида хоббитларга хос бўлмаган феъл-атвор борлиги хиёл билинади, хусусан, вақти-вақти билан Туклар аймоғидан бири ўз бошига саргузашт қидирганча қаёққадир жўнаб кетади. Ўша Тук бировга билдирмай ғойиб бўлади, унинг қавм-қариндоши эса ишни бости-бости қилиб юборишга ҳаракат қилади. Аммо бир факт фактлигича қолади-ки, у ҳам бўлса, Туклар ҳеч шубҳасиз ҳурматга сазовор сулола бўлиш билан бир вақтда, Бэггинсларга нисбатан анча давлатманд зурриёт ҳисобланади.

Адолатдан айтмоқ жоизки, Белладонна Тук мистер Банго Бэггинсга турмушга чиққанидан буён бирон-бир саргузаштга аралашиб қолгани ҳақида гап тарқалмаган. Ҳикоямиз қаҳрамонининг отаси Банго ўз рафиқасига атаб (қисман хотинининг пулига) данғиллама кулба қазиб, жиҳозлаган. Бундай ҳашаматли кулба ҳеч қаерда, Дўнгликнинг бу томонида ҳам, нариги томонида ҳам, шу жумладан, Дарёнинг нариги соҳилида ҳам бўлмаган. Эр-хотин сўнгги кунигача шу кулбада умргузаронлик қилишди. Белладонна Тукнинг ягона фарзанди Бильбо ўз қиёфаси, феъл-атвори ила одоб-ахлоқ чегарасидан чиқмайдиган басавлат отаси Бэггинсга қуйиб қўйгандай ўхшаса-да, Туклар авлодидан намоён бўлиш учун мавриди келишини кутаётган ғалати хулқ-атворни мерос олгани баъзан билиниб туради. Бундай мавриднинг келиши жуда узоқ чўзилди. Бу орада Бильбо Бэггинс улғайиб, ёши элликка тўлди, отаси қуриб кетган, ҳикоямиз бошида тавсифлаб ўтилган ҳашаматли кулбада роҳат-фароғатда яшади ва афтидан, энди ҳеч қаёққа чиқмайдиган кўринади.

Дунё деярли шовқинсиз, боғ-роғларга кўмилган, хоббитлар сони кўп бўлиб, ҳузур-ҳаловатда яшаган узоқ ўтмишдаги кунлардан бирида, эндигина нонушта қилган Бильбо Бэггинс узунлиги оёғининг батартиб таралган юнгига етадиган сархонали трубка чекиш учун тонг сукунатида остонага чиқди. Ажойиб бир тасодифни қаранг-ки, айни шу фурсатда кулба ёнидан Гэндальф ўтаётган экан.

Гэндальф! Агар сиз у ҳақдаги мен эшитган гапларнинг лоақал тўртдан бир қисмини эшитганингизда борми, исми тилга олиниши билан ақлга тўғри келмайдиган нарсалар ҳақида эшитишга тайёр турар эдингиз (мен эса у ҳақда тарқаган гапларнинг озгинасинигина эшитганман холос).

У қаерда пайдо бўлмасин, шу заҳоти ажойиб ҳикоялар тарқаб, саргузаштлар бошланади. Гэндальф бу ўлкалардан ўтиб кетганига жуда кўп бўлди. Охирги марта келганида унинг қадрдон дўсти Қария Тук тирик бўлиб, маҳаллий хоббитлар Гэндальфнинг қиёфасини деярли унутиб ҳам бўлган экан. Дўнглик орқали Дарёнинг нариги соҳилига ўтганча, ўз иши билан кетиб, гум бўлган йили бугунги кекса хоббитлар ёш бола эди. Шундай экан, ўша тонгда Бильбонинг кўзига асога таянган, бошига кўк рангли чўққидор шляпа, эгнига товонигача тушган узун кулранг плаш кийган, бўйнига қорнидан пастга тушган оппоқ соқоли остидан кумуш тусли шарф ўраган, оёғига қоп-қора катта этик кийган мўйсафид кўринди холос.

- Хайрли тонг! - кўришди Бильбо, ушбу саломга ўзга маъно бермай.

Тонг чиндан ҳам ажойиб, қуёш чарақлаб, майса янада яшил тус олгандай гўё. Бироқ Гэндальф Бильбога шляпа соябони остидан кўринадиган даражада қуюқ ўсган қошини чимирганча қараб сўраб қолди:

- Бу билан нима демоқчисиз? Менга шунчаки хайрли тонг тиладингиз-ми? Ёки бугунги тонг, менинг фикримдан қатъи назар хайрли эканини даъво қилмоқчимисиз? Ёхуд бу тонгда ҳамма марҳаматли бўлиши шартлигини назарда тутяпсиз-ми?

- Унисини ҳам, бунисини ҳам, учинчисини ҳам назарда тутяпман, - жавоб берди Бильбо. - Бундан ташқари, ушбу ажиб тонгнинг очиқ ҳавосида киши бир трубка тамаки чекиб олса, зўр иш бўлишини назарда тутяпман. Трубкангиз бўлса, марҳамат, ўтиринг, менинг тамакимдан тотиб кўринг! Олдинда ҳали бутун бошли бир кун бор, тонг энди отди, шошилманг!

Эшик яқинидаги курсига ўтирган Бильбо бир оёғини иккинчисининг устига ташлади-да, кўкимтир тутуннинг чиройли ҳалқасини пуфлаб чиқарди. Ҳалқа юқорига кўтарилиб, Дўнглик узра учганча кўздан ғойиб бўлди.

- Ҳалқангиз жуда чиройли чиқди! - деди Гэндальф. - Бироқ сиз билан тутун-ҳалқа пуфлаб ўтиргани бекорчи вақтим йўқ менинг. Ўзим ташкиллаштираётган саргузаштга иштирокчи қидириб юрибман. Топиш осон бўлмаяпти.

- Бизнинг ўлкамизда-я! Топилмаслиги турган гап! Биз хоббитлар тинчгина ҳаёт кечирадиган оддий халқмиз, бўлар-бўлмас саргузаштлар керак эмас бизга. Жонсараклик, кўнгилсизликдан ўзга нарса келтирмайди ундай ишлар! Тушликдан қуруқ қолиш ҳам ҳеч гап эмас! Нимаси яхши экан, ўша саргузаштларнинг, ҳеч тушунмайман, - деди мистер Бэггинс, бош бармоғини трубканинг сархонасига босганча, оғзидан янада чиройли ҳалқа чиқариб.

Почта қутисидан эрталабки почтани чиқарган Бильбо ўзини хат ўқишга киришиб, қария ҳамон шу ерда эканини унутган кўйга солди. Кўзига шубҳали кўринган анави чол йўлидан қолмаслигига умид қилди. Бироқ нари кетишни хаёлига ҳам келтирмаган мўйсафид қўлидаги асосига таянганча, бир сўз айтмай, хоббитга узоқ қараб қолди.

Shokir Dolimov 17.06.2018 13:27

- Хайрли тонг! - деди ниҳоят, бироз хижолат тортиб, аччиқланган Бильбо. - Биз бу ерда саргузаштларга эҳтиёж сезмаймиз, миннатдорман! Дўнглик ортида ёки Дарёнинг нариги соҳилида қидириб кўринг саргузаштингизнинг бўлажак иштирокчисини.

Бу билан Бильбо суҳбат якунига етганига шама қилди.

- «Хайрли тонг» деганинг пурмаъно экан, - хулоса қилди Гэндальф. - Охирги талаффузинг замирида эса «туёғингни шиқиллат» маъносини аниқ уқса бўлади.

- Нималар деяпсиз, сэр! Маъзур сананг, исмингизни билиш шарафига муяссар эмас эканман...

- Биласан, азизим, жуда яхши биласан. Мен ҳам сени танийман, Бильбо Бэггинс, гарчи сен мени мен эканлигимни унутган бўлсанг-да. Мен – Гэндальфман, Гэндальф эса – мен бўламан! Қаранг-а, қандай кунларга қолганимни! Белладонна Тукнинг ўғли ўзининг «Хайрли тонг»и ила мендан осонгина қутулмоқчи бўлса-я, худди мен кўчама-кўча юриб, тугма сотадиган одамдай!

- Гэндальф! О, марҳаматли Худо! Гэндальф! Наҳотки сиз ўша жаҳонгашта сеҳргар, Қария Тукка ўзи қадалиб, буйруқ берилсагина очиладиган бир жуфт бриллиант илматугма туҳфа қилган киши бўлсангиз? Наҳотки сиз ўртоқлик зиёфатларида аждарлар, гоблинлар ва девқоматлар ҳақида, маликаларнинг тутқунликдан халос бўлиши-ю, бева аёлларнинг омади чопган ўғиллари ҳақида ажойиб ҳикоялар айтиб берган ўша эртакчи бўлсангиз? Тенги йўқ мушакбозлик устаси сиз бўласиз-да? Эсимда отган мушакларингиз! Қария Тук «Ёз ўртаси куни» байрамини нишонлаш учун мушакбозликка буюртма беришни ёқтирар эди. Роса кўркам чиқар эди-да, мушакларингиз! Оловдек порлайдиган ситоралар, лолагул-у, мойчечаклар осмонга тикка отилиб чиқиб, бутун оқшом давомида ҳавода муаллақ осилганча турар ва охири тилла ёмғирдай тўкилар эди!

(Кўриб турганиздай, мистер Бэггинс унчалик содда эмас, гарчи ўзи шуни истаса-да. У гул ишқивози ҳамдир).

- О, Худо! - яна хитоб қилди Бильбо. - Наҳотки сиз ўша Гэндальф бўлсангиз? Қўй оғзидан чўп олмаган кўпдан-кўп йигит-қизлар сизнинг шарофатингиз ила дарахтга чиқиш, эльф кўргани бориш каби саргузаштларни ўз бошига орттирганча уйини ташлаб, узоқ-узоқларга кетиб қолганидан хабарингиз борми? Кемага ўтириб, ёт юртларга кетворганлар ҳам бўлди! Э Худойим, ўша даврлар нақадар қизиқ... йўғ-е, айтмоқчиман-ки, ўлкамизга келиб, ҳамма ёқни алғов-далғов қилиш бобида устаси фаранг эдингиз! Узр сўрайман-у... қиладиган ишингиз ўша эски ҳунар деб ўйламаган эдим.

- Хўш, бошқа нима билан шуғулланишим керак, сенингча? - сўради сеҳргар. - Мен ҳақимда ҳеч йўқ шу гапларни эслаб қолганинг чиндан ҳам қувонарли ҳолатдир. Отган мушакларим ёдингда қолибди-ю, ҳар қалай. Демак сен ҳали ўта маҳол бўлиб кетмагансан. Бинобарин, бобонг Тук ва бечора Бэлладоннанинг хотираси ҳурмати мендан сўраганингни тортиқ қилганим бўлсин сенга.

- Узр сўрайман-у, мен сиздан ҳеч нарса сўрамадим

- Йўқ, сўрадинг. Ҳозир ҳам, шу билан мана иккинчи марта узримни сўрашинг. Сенга ҳадя қилганим бўлсин узримни. Бундан-да марҳаматли бўламан-да, уюштираётган саргузаштим иштирокчиси сифатида сафарга жўнатаман сени. Бу иш менинг вақтимни чоғ қилса, сен учун фойдали бўлади, балки даромад ҳам топарсан, агар сафар охирига етсанг.

- Кечирасиз! Сафарга чиқиш ниятим йўқ, раҳмат, бугун эмас. Яхши боринг! Истаган кунингиз бир пиёла чойга келишингиз мумкин! Дейлик, эртага. Нима дедингиз? Келишдик-ми? Демак эртага келасиз! Кўришгунча!

Тескари ўгирилган хоббит лип этганча яшил эшигининг ортига ўтиб, ичкаридан тез бекитди. Айни вақтда, қўполлик қилиб қўймаслик учун эшикни имкон қадар қарсиллатмай ёпишга ҳаракат қилди, - нима қилган тақдирда ҳам, сеҳргар сеҳргар-да. «Нега чойга таклиф қилдим уни, ўзи?» - сўради Бильбо ўзидан ўзи омборхона томон йўл олар экан. Яқиндагина нонушта қилганига қарамай, бундай ҳаяжонли суҳбатдан сўнг бир жуфт кулча еб, чой ичиб олмаса бўлмайди.

Эшик ортида қолган Гэндальф овозсиз кулганча бироз турди. Сўнг яқинроқ бориб, чиройли яшил эшик сиртини ҳассасининг ўткир учи билан тимдалаганча ғалати белги қўйиб, йўлини давом этди. Бильбо эса бу пайтда, иккинчи кулчасини еб, саргузаштдан устомонлик-ла қутулиб қолгани ҳақида фикр юритди.

Shokir Dolimov 17.06.2018 13:29

Бильбо орадан ҳали бир кун ҳам ўтмай Гэндальфни унутишга улгурибди. Хотираси ёмон бўлгани учун алоҳида юритилган меҳмондорлик китобига тегишли ёзувлар киритишга, масалан: «Гэндальф, чоршанба, чой» каби эслатмаларни қайд этиб боришига тўғри келмоқда. Чой ичиш ниятида эндигина жойлашиб ўтирган эдики, эшик қўнғироғи жиринглаб, уйига меҳмон келиши кераклигини эслади! Бильбо ошхонага учиб ўтиб, оловга чойнак осди-да, овқатхонадаги стол устига яна битта ликопчали чашка билан иккита кулча қўйиб, эшик очгани югурди. «Куттириб қўйганим учун узр!» демоқчи бўлиб оғиз жуфтлаган эдики, остонада Гэндальфни эмас, кўк соқолининг учини тилла қайишига қистириб олган, ялтироқ кўзи тўқ-яшил кийимининг қайтарма қалпоғи остида чақнаб кўринган нотаниш гномга рўбару келди. Эшик қия очилиши билан гном, биров уни кутаётгандай, остона ҳатлаб ўтиб, ечган плашини девордаги илгаклардан бирига осди.

- Двалин, хизматингизга мунтазирман, - чуқур таъзим бажо этди у, ўзини таништириб.

- Бильбо Бэггинс, мен ҳам! - одоб-ла жавоб қайтарди хоббит, таажжубдан нима сўрашни ҳам билмай.

Орага чўккан сукунат узоқ чўзилганидан бироз хижолат тортган Бильбо қўшимча қилди:

- Чой ичиш ниятида эдим, шерик бўласизми менга?

Таклифи бироз зўрма-зўраки эшитилган бўлса-да, мистер Бэггинс ўзини илтифот кўрсатаётган кишидай тутишга уринмоқда. Тўғри-да, унинг ўрнида нима қилган бўлар эдингиз сиз, агар уйингизга мутлақо нотаниш гном таклифсиз, энасининг уйига келгандай кириб келиб, бирон-бир тушунтириш бермай, кийимини девор илгагига осганча, бақрайиб турса?

Иккаласи чойхўрликка ўтириб, эндигина учинчи кулчага қўл узатишган эдики, эшик қўнғироғи янада баланд жиринглади.

- Узр! - деди эшик очгани югурган хоббит.

Гэндальфни қарши олмоқчи бўлиб: «Ва ниҳоят етиб келдингиз!» дейиш учун оғиз жуфтлаган эдики, остонада сеҳргарни эмас, ниҳоятда кекса, бошига қизил қайтарма қалпоқ ташлаган, соқоли оппоқ гномни кўрди. Буниси ҳам, биров таклиф қилгандай, эшик қия очилиши билан лип этиб ичкарига кирди.

- Бизникилар йиғила бошлашибди-да, - деди у, Двалиннинг яшил кийимига имо қилиб.

Қизил плашини бўш илгакка осган гном қўлини кўксига қўйиб, ўзини таништирди:

- Балин, хизматингизга мунтазирман.

- Миннатдорман! - жавоб берди ҳайрон бўлган Бильбо.

Хоббитнинг жавоби бироз ўринсиз чиқди, албатта. Чунки чақирилмаган меҳмоннинг: «Бизникилар йиғила бошлашибди-да» - деган гапи мистер Бэггинсни сал эсанкиратиб қўйди. У табиатан меҳмондўст, албатта, лекин ўзи танийдиган меҳмонларни биров орқали эмас, шахсан таклиф қилишни афзал кўради. Хаёлидан лип этиб мудҳиш бир фикр ўтди: кулчалар захираси ҳаммага етмай қолса-чи! Илож қанча, ўзи кулчасиз қолади-да. Зеро, мистер Бэггинс мезбоннинг қисматига тушадиган бурчни билади ва нима қилган тақдирда ҳам, ўз бурчини муносиб адо этади.

- Чойга марҳамат қилсинлар! - дея олди у ниҳоят, ўпкасига ҳаво олиб.

- Чойдан кўра бир стакан пиво берсангиз яхши бўлар эди-да, марҳаматли сэр, агар малол келмаса, албатта, - истак билдирди мўйсафид Балин. - Майизли кулчадан ҳам бош тортмас эдим, мабодо топилиб қолса.

- Истаганингизча топилади! - деди Бильбо, ўз жавобидан ўзи таажжубланиб ва ўз ҳаракатидан янада ҳайрон бўлганча вино сақлаш хонаси томон югурди.

Идишга бир пинта пиво сирқитиб олган Бильбо омборхонага ўтиб, кечки овқатдан кейин ейиш мақсадида ўзи учун ёпган майизли кулчадан бир жуфт олиб, овқатхонага югурди. У ерда Балин билан Двалин қадрдон дўстлардай (аслида иккаласи ака-ука) суҳбат қуриб ўтиришибди. Пиво тўла кўза билан кулчани столга қўйган эдики, эшик қўнғироғи боз жиринглади, яна чалинди, такрор янгради!

«Гэндальф келдиёв», - хаёлдан ўтказди Бильбо, эшик томон ошиқиб. Йўқ, Гэндальф эмас. Остонада эгнига қайтарма қалпоқли кўк плаш кийган, белига кумуш қайиш таққан, бир эмас, икки нафар сариқ соқолли гном турибди. Ҳар бири елкасига қандайдир асбоб-ускуна ва белкурак солинган қоп осган. Эшик очилиши билан иккаласи остона ҳатлаб, умумий йўлакка киришди.

Ажабо, бундай ҳолатдан Бильбо энди ҳайрон бўлмай қўйди.

- Хизмат, қадрли гномлар? - сўради у.

- Кили, - ўзини таништирди гномлардан бири.

- Ва Фили, - қўшимча қилди иккинчиси.

Икковлон плашини ечиб, хизматга мунтазир эканлигини намоён этганча, баравар таъзим бажо айлади.

- Соғ-саломатмисиз, бола-чақангиз омонми? - жавобан саломлашган бўлди Бильбо, одоб меъёрларини эсга ола бошлаб.

- Ие, Двалин билан Балин етиб келишибди-ю, - деди Кили ичкарига қараб. – Юринглар, оломонга қўшилайлик.

Shokir Dolimov 17.06.2018 13:29

«Оломонга?! - хаёлдан ўтказди Бэггинс. - Ёқмади-да менга, шу гапи. Бир ерга ўтириб, хаёлни жамлаб, бирон пиёла чой ичиб олмасам бўлмади, шекилли». Бурчакка ўтириб, бир ҳўплам чой ичган Бильбо дастурхон атрофида йиғилган тўртовлон гном ҳар хил конлар, олтин захиралари, гоблинлар-у троллар билан кечган жанглар, босқинчи аждарларнинг кирдикорлари каби, Бильбо муқаддам билмаган ва буларнинг баридан саргузашт ҳиди келаётгани боис, билишни ҳам истамайдиган ишлар ҳақида алжирай бошлашди. Шу пайт эшик қўнғироғи, худди ташқарида аллақандай хоббит бола шўхлик қилиб, қўнғироқ ипини узиб олишга уринаётгандай, боз дингиллай бошлади.

- Яна кимдир келди, шекилли! - деди Бильбо, кўзи пирпираб.

- Қўнғироқ товушига қараганда тўрт кишига ўхшайди, - тахмин қилди Фили. - Сал наридаги тепаликда туриб кўрган эдим уларни. Узоқда келишаётган экан. Жуда орқада қолиб кетишибди.

Шўрлик хоббит ўзини даҳлиздаги курсига ташлаб, бошини чангаллаганча чуқур ўйланди: нима бўлди, яна нималар бўлади ва наҳотки чақирилмаган меҳмонларнинг бари кечки овқатга қолишса?! Кимдир қўнғироқ ипини баттар силтаб, Бильбони эшик томон югуришга мажбур қилди. Эшик дастасидан тортган эдики, марҳамат, йўлак тўла меҳмон! Бари навбат билан таъзим қилиб, хизматга мунтазир эканликларини изҳор эта кетишди. Йўлакда тўрт нафар, йўқ, энди беш нафар гном турибди. Бильбо хаёлини йиғиб олгунча бешинчиси ҳам етиб келди. Уларнинг исми Дори, Нори, Ори, Ойн ва Глойн экан.

Бироздан сўнг девор илгакларига қайтарма қалпоқли иккита бинафшаранг, битта кулранг, битта жигарранг ва битта оқ плаш осилди. Плаш эгалари эса кенг кафтларини кумуш ва тилла қайишлар ортига суқиб, олдин ҳозир бўлган шерикларига қўшилиш учун овқатхона томон йўл олишди.

Бу ерда энди чиндан ҳам бутун бошли халойиқ йиғилди. Кимдир пиво, қайсидир бири вино, яна бири қаҳва сўраса, ҳаммаси бирдай майизли кулча талаб қилишди. Шўрпешана хоббит қўли қўлига тегмай, меҳмонларга хизмат қила бошлади...

Камин оловида қаҳва қайнатиш чойнаги савлат тўкар, кулча тугаб, навбат ёғ суртилган арпа нонига етар экан, эшик яна... йўқ, бу сафар қўнғироқ эмас, қаттиқ зарба янгради. Кимдир мистер Бэггинснинг яшил рангли чиройли эшигини таёқ билан қаттиқ уриб тақиллатяпти!

Эзилиб, силласи қуриган Бильбо ҳовлиққанча йўлак томон югурди. Бунақанги бемаъни чойхўрлик ҳали ҳаётда бўлмаган! Аччиғи чиққан Бэггинс эшик дастасини кескин тортди. Афтидан, эшикка қулоқ босиб суянган кўринади, остонада турган гномларнинг бари бир-бирининг устига қулади. Яна тўрт нафар гном! Сал нарида турган Гэндальф хандон отмоқда. Бильбонинг кўркам эшигини қўлидаги асо билан аямай тақиллатган ҳам ўша бўлса керак. Гэндальф кеча эрталаб тимдалаган сирли белгини гум қилди.

- Вазминроқ бўл, Бильбо, вазминроқ! - деди Гэндальф. - Дўстларни остонада куттириб қўйиб, бу ҳам камлик қилгандай, эшикни зарда ила очиб, ҳаммани ерга қулатиш – сенга ярашадиган иш эмас! Ижозатинг билан таништириб ўтсам: Бифур, Бофур, Бомбур ва диққат, Торин!

- Хизматингизга мунтазирмиз! - дейишди бир қатор саф тортган Бифур, Бофур ва Бомбур.

Қайтарма қалпоқли иккита сариқ, битта хира яшил плаш ва Ториннинг кумуш попукли мовий плаши йўлак деворидаги илгакларга осилди. Торин жуда дўкай шахс бўлиб, халқ орасида Торин Эманқалқон деган ном олган. Эшик остига тўшалган оёқ артиш гиламига йиқилгани, устига эса Бифур, Бофур ва Бомбур қулагани Торинга ёқмади. Бомбур деганлари эса роса семиз экан, лекин. Иззати нафсига тегилган Торин қаттиқ хафа бўлган кўринади, хизматга мунтазирлик изҳор этиладиган анъанавий гномча саломни бермади. Бильбо такрор ва такрор узр сўраб, қилмишидан афсус қилаётганини кўп такрорлагач, охири Торин «Ҳеч қиси йўқ» деганча, қовоғини сал очиб ўтирди.

Shokir Dolimov 17.06.2018 13:30

- Хўш, мана ниҳоят жамоат жам! - деди Гэндальф, деворга осилган ўн учта байрамона плаш билан ўзининг чўққидор шляпасига разм солиб. - Қувноқ жамоа йиғилди! Умид қиламан-ки, кечикканларга ҳам егулик билан ичкилик топилади. Нима бу, чойми? Йўқ, раҳмат! Менга қизил винодан қуйинг.

- Менга ҳам, - деди Торин.

- Қулупнай мураббоси ва олма пироги бўлса ҳам, яхши бўлар эди, - қўшимча қилди Бифур.

- Гўштли пирог билан совуқ газак ҳам олиб келинг, - буюртма берди Бомбур.

- Сухари, эль ва қаҳвадан кўпроқ келтираверинг, малол келмаса, албатта, - бақиришди овқатхонада ўтирган қолган гномлар.

- Илтимос, тухумдан ҳам бир нечта қўшиб кел, - бақириб қолди Гэндальф, омборхона томон йўл олган хоббитнинг ортидан. - Совуқ дудланган товуқ билан тузланган бодрингни ҳам дариғ тутма!

«Омборхонамда сақланаётган озиқ-овқат захирасини мендан кўра яхшироқ билишадими, нима бало!» - пўнғиллади гангиб қолган мистер Бэггинс, ишқилиб энг бемаза саргузаштга аралашиб қолганидан ташвишланиб. Тегишли шишалар, буюртирилган егуликлар, санчқи, пичоқ, қошиқ, ликопларни йиғиб, катта патнисларга тергунча мистер Бэггинснинг ранги қизариб, жиққа терга ботди.

- Бўкиб, тиқилиб ўлгур гномлар! - деди у, ғазаби қайнаб. - Ёрдам беришса ҳақи ўтиб кетиб қолармикан!

Қаранг-ки, Балин билан Двалин ошхона эшиги ёнида ёрдамга шай туришган экан. Иккаласининг ортида эса Фили билан Кили турибди. Бильбо сўз айтгани оғиз жуфтлашга улгурмай, гномлар унинг қўлидан олган патнисларга қўшиб бир жуфт столни кўтарганча овқатхонага чиқишди-да, у ерда йиғилган халойиққа янгитдан дастурхон тузашди.

Зиёфат зўр. Гэндальф дастурхон тўрига ўтирди, қолган ўн уч нафар гном айланасига жойлашди. Иштаҳаси батамом йўқолган Бильбо эса камин олдидаги курсига ўтириб, сухари кемириш билан қаноатланди. Мистер Бэггинс ўзини уйида айтарли ҳеч нарса юз бермаётган, бу ишларнинг бари саргузаштларга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган кўйга солиб олган. Вақт ўтаётганига қарамай, гномлар жағи тинмай овқатланиб, тили тинмай гап сотишмоқда. Ниҳоят улар дастурхондан нари тисланишди. Бильбо бўшаган ликоп ва стаканларни олиш учун яқинроқ борди.

- Кечки овқатдан воз кечмайсиз, деган умиддаман? - одоб юзасидангина сўраб қўйди у мулойим оҳангда.

- Йўқ, албатта! - жавоб берди Торин. - Кечки овқатдан кейин ҳам ҳеч қаёққа кетмаймиз. Узоқ чўзиладиган гап бор. Дастлаб бироз қўшиқ айтамиз. Қани, дастурхонни йиғиштиринг!

Торин дўкай киши бўлгани учун ўтирган жойида қолиб, Гэндальф билан суҳбатни давом этди. Қолган ўн икки нафар гном эса ирғиб туриб, кир ликопларни устма-уст теришди, дастурхонда қолган нарсаларни олишди ва ҳар бири олдинга узатилган қўлида ликоплар тахини ушлаб, тах устига шиша қўйганча ошхона томон баравар ҳаракат бошлашди. Шўрлик хоббит уларнинг атрофида зир югуриб, қўрққанидан чириллади:

- Илтимос, идишларни эҳтиёт қилинг! Ўтинаман, овора бўлманг, ўзим йиғиштираман.

Бироқ гномлар унга жавобан қўшиқ бошлаб юборишди:

Уринг ликопларни, чойнакни тепинг, эзинг!
Улоқтиринг пиёлани, пичоқни эгинг, букинг!
Шишани полга уриб, сочиқни ўтга ташланг!
Тартиб бўлар шунда зўр, шубҳага асло борманг!

Дастурхонни тортинглар, аямай йиртинг уни!
Ана ёғли қолдиқлар, курсига суртинг буни!
Пўчоқлар ва суякларни оёқ остига ташланг!
Хантал мойини эса деворга чаплаб, булғанг!

Шиша буюмларни сиз йиғиб теринг ўртага,
Темир косов-ла уриб, эришинг зўр мақсадга!
Ким у бекор ўтирган, уялинг сиз озгина,
Чиқиндига тез ташланг, идиш берманг Бильбога!

Табиийки, гномлар ундай қилишмади, аксинча, хоббит ошхонада улардан кўз-қулоқ бўлишга уринганча, оёқ остида ўралашар экан, идиш-товоқлар ювилиб, токчаларга терилиб, ҳамма жой артилган, тоза, саранжом ҳолатга келтирилди.

Shokir Dolimov 17.06.2018 13:31

Шундан сўнг меҳмонлар овқатхонага қайтишди. Бу ерда оёғини камин панжарасига қўйиб олган Торин трубка чекиб ўтирибди. У пуфлаган катта-катта ҳалқалар буйруғига итоат қилиб, бири қувур, иккинчиси камин токчасида турган соат, яна бири стол ости, бошқаси шифт томон учиб, ўша ерда айлана ҳаракат бажармоқда. Бироқ Ториннинг ҳалқалари қай томон учишидан қатъи назар, Гэндальф эпчиллик қилмоқда. Қисқагина сопол трубка чекаётган сеҳргар нисбатан кичикроқ ҳалқа чиқариб, Ториннинг навбатдаги ҳалқаси орқали ўтказмоқда. Катта ҳалқа орқали ўтган ҳар бир кичик ҳалқа яшил тус олганча, Гэндальфнинг боши устига қайтмоқда. Бундай тутун-ҳалқалар бутун бошли булутча ҳосил қилиб, хонанинг ним қоронғи бурчагида ўтирган Гэндальфга қандайдир сирли, ҳақиқий сеҳргарларга хос қиёфа бермоқда.

Буни томоша қилаётган Бильбо роса завқланди. Трубка чекаётганда ҳалқа чиқаришни ўзи ҳам жуда ёқтиради. Ушбу манзарани кўриб, эрталабки сабо Дўнглик ортига олиб кетган ҳалқаларидан қанчалик ғурурланганини эслаб, уятдан қизарди.

- Энди навбат мусиқага! - эълон қилди Торин. - Чолғуларингизни келтиринг.

Кили билан Фили қопларига югуриб, мўъжазгина скрипкачаларини олиб келишди. Дори, Нори ва Ори ички киссадан най ва сурнайларини чиқаришди. Бомбур даҳлизда қолдирган барабанини кўтариб келди. Бифур билан Бофур устки кийим ечган жойга бориб, ҳассалар орасида қолдирилган кларнетлари билан қайтишди. Двалин билан Балин эса ўз чолғуларини ташқи айвонда қолдириб келишганни учун узр сўраб, чиқиш эшиги томон югуришди.

- Менинг чолғумни ҳам ола келинг! - тайинлади уларга Торин.

Иккаласи ташқарига чиқиб, бўйлари баробар виолалари ва Ториннинг яшил ғилофга жойланган арфаси билан қайтишди.

Торин тилла суви юритилган ниҳоятда чиройли арфа торига қўл теккизиши билан қандайдир ажиб, дилбар куй янгради. Гномлар унга жўр бўлди. Мусиқадан маст бўлган Бильбо ҳамма нарсани унутиб, хаёлан узоқ-узоқларга, Дарё ортига, туман қамраган, Дўнгликдаги хоббит кулбаси умуман кўринмайдиган бегона ой остидаги ўлкаларга кетиб қолди.

Ташқарида қош қорайиб, ерости кулбасининг Дўнглик нишабидаги деразаси орқали хонага қоронғилик сингиб кирмоқда. Апрель ойи бўлгани учун ёқилган камин олови ўчаётган бўлишига қарамай, гномлар мусиқа чалишни давом этишди. Гэндальфнинг соқоли деворга кўланка ташлаб тебранмоқда. Камин олови батамом ўчиб, хона қоронғилашди, девордаги кўланкалар йўқолди, гномлар эса мусиқа чалишни қўйишмади.

Кутилмаганда гномларнинг қайсидир бири қадимий масканларининг сирли хилватида айтиладиган ажиб қўшиғини куйлай бошлади, қолганлар бирин-кетин унга жўр бўлишди. Агар мусиқасиз тасаввур эта олсангиз, марҳамат, ўша қўшиқ мисралари:

Ғуборли тоғлар ортига ўтиб,
Аждодлар юртини излаб, қидириб,
Ғорлар-у, жарлар кезади карвон,
Шўрлик гномларни эзади армон.

Сеҳргар-гномлар қадим замонда
Металл болғалашган тоғли Ватанда.
Тўлдирган улар сирли ғорларни
Йиғиб аста ёқут, олмос, лаълларни.

Эльфлар хоқони-ю, инсон султони
Гномдан қурол олган, урушга шоша
Йўқолди Ватан – бойликлар кони,
Излар уни карвон тоғ-у тош оша.

Аждар ўркачидай порлаган тожлар,
Гномлар ясаган тилла буюмлар,
Митрил совутлар ҳам зар-ла безалган,
Излаб юртни карвон сув кеча кетган.

Номи Эребор улуғ Ватаннинг
Кончилар яшаган ажиб масканинг,
Арфа мусиқаси тинмаган унда,
Карвон излар уни кундуз ва тунда.

Тортиб олди юртни даҳшатли аждар,
Ёнар жонзод, олисларга қочмас агар.
Тарқаб кетиб, ватангадо энди гномлар
Карвон етар, ёвни қувиб, гномни йиғар.

Хоббит гномлар қўшиғини тинглар экан, қалбида оқил иш ва сеҳр воситасида ёки моҳир қўллар ила бунёд этилган гўзал ва нафис буюмларга нисбатан муҳаббат уйғонаётганини ҳис қилди, гномлар юрагидаги ўта кучли қизиқиш ва майлни идрок этди. Вужудида она уруғ – Тукларга хос феъл-атвор шаклланиб, муаззам Ғуборли тоғларни томоша қилиш, қарағай ўрмонининг шовқини, шаршаранинг гумбурлашини эшитиш, қоронғи ғорларнинг сирли тубини тадқиқ этиш, умуман айтганда, ҳассани шамширга алмаштириш истаги туғён урди. Деразадан ташқарига қараган Бильбо дарахтлар устидаги қора осмонда ялтираётган ситораларни кўриб, уларни гномларнинг чуқур ғорларда ярқираётган қимматбаҳо тошларига ўхшатди.

Shokir Dolimov 17.06.2018 13:32

Дафъатан Дарёнинг нариги соҳилидаги ўрмон ортида олов тили кўтарилиб (кимдир гулхан ёққан кўринади) Бильбонинг тасаввурида Дўнглик устига макон қуриб, атрофда бор нарсани ёндираётган кафандузд аждарлар гавдаланди. Сесканиб кетган Бильбо шу заҳоти яна ўз қиёфасига – Дўнглик остидаги Бэг-Эндда яшайдиган мистер Бэггинс қиёфасига қайтди.

Вужуди титраётган Бильбо ўрнидан турди. Аслида шам ёки фонус келтиришни истамайди-ю, лекин шу баҳона вино сақлаш хонасидаги пиво бочкалари орасига яшириниб, гномлар гумдон бўлгунча ўша ерда биқиниб ўтиришни истади. Бироқ фаҳмлашича, мусиқа билан қўшиқ ижроси тиниб, кўзи қоронғида ярқираётган гномларнинг бари унга тикилиб туришганини кўрди эмас, танаси ила ҳис этди.

- Йўл бўлсин? - тўхтатди Торин, Бильбонинг ниятини фаҳмлаган бўлиб.

- Фонус олиб келай-ми? - узр оҳангида сўради Бильбо.

- Бизга кўпроқ зулмат ёқади, - баралла жавоб беришди гномлар. - Қоронғи иш қоронғиликда бажарилади. Тонг отишига ҳали анча бор.

- Ҳа, албатта! - деди Бильбо жойига ўтириб.

Бироқ шошиб қолган хоббит курси қолиб камин панжарасига ўтириб олгани боис, темир косов билан хокандозни тарақ-туруқлатганча йиқитиб юборди.

- Жим! - эшитилди қоронғиликда Гэндальфнинг овози. - Сўз Торинга.

- Ҳурматли Гэндальф, гномлар ва мистер Бэггинс! Бугун бизга дўст тутинган ва биз билан тил бириктирган биродаримиз, жасоратга тўлиб-тошган ажойиб хоббитнинг хонадонига йиғилдик. Истагим шу-ки, унинг оёғидаги юнг ҳеч қачон туллаб тушмасин, виноси-ю пивосининг захираси ҳеч қачон қуриб битмасин!

Хоббит жавоб тариқасида боадаб сўз айтиши учун бўлса керак, Торин бироз тин олди. Аммо Бильбо Бэггинс ушбу сўзларни мақтов тариқасида қабул қила олмади. Айниқса «жасоратга тўлиб-тошган» ва «биз билан тил бириктирган биродар» каби сўзларга раддия келтириш учун оғиз жуфтлади-ю, ҳаяжондан овоз чиқара олмади.

- Улуғвор фурсат етди, - давом этди Торин. - Биз бу ерга келгуси режаларимизни, узоқ сафар давомида ушбу режаларни амалга ошириш йўллари, усуллари ва тактикасини муҳокама қилиб, маблағимиз, ниятимиз ва қўллайдиган ҳийла-найрангларимизни яна бир бор кўриб чиққани йиғилдик. Тонг ёришмай йўлга чиқамиз. Таъкидлаб ўтмоқ жоизки, ушбу сафардан айримларимизга, эҳтимол ҳаммамизга ҳам қайтиш насиб этмас балки, катта дўстимиз, оқил маслаҳатчимиз сеҳргар Гэндальфдан ташқари, албатта. Сафарга чиқишдан кўзланган мақсад ўйлайман-ки, ҳаммага яхши маълум. Аммо ҳурматли мистер Бэггинс ва гномларнинг ёш авлодига мансуб вакиллари, яъни адашмасам, Фили билан Кили учун жорий вазият бирмунча ойдинлик киритилишини тақозо этади...

Ториннинг фикр баён этиш тарзи ўзи шунақа. Дўкай шахс-у, ахир у. Ўз вақтида тўхтатилмаса, нафаси тиқилиб қолгунча шу руҳда давом этиб, жамоатга маънили бир янгилик айтмаган бўлар эди. Унинг нутқи ниҳоятда қўпол равишда тўхтатилди. Шўрлик Бильбо «қайтиш насиб этмас»лигини эшитиб, бўғзига қичқириқ тиқилиб қолганини ҳис этди ва ниҳоят унинг туннелдан учиб чиққан паровоз ҳуштагини эслатган қичқириғи қулоқни тешадиган даражада янгради. Сесканиб кетган гномларнинг бари ўрнидан ирғиб, столларни ағдариб юборишди. Гэндальф сеҳрли ҳассасининг учидан милтиллаган мовий олов чиқариб, хонани ёритди.

Боёқиш хоббит камин олдига тўшалган шолчага тиз чўкиб олганча дағ-дағ титрамоқда. Бирдан у: «Чақмоқ чақди! Чақмоқ урди, ўлдирди!» - дея қичқирганча, полга юз тубан йиқилиб чўзилди. Гномлар анча вақтгача у билан овора бўлишди. Ниҳоят хоббитни даст кўтариб кўздан нарига, қўшни меҳмонхонага киритиб диванга ётқизиб қўйишди-да, ёнига бир пиёла чой қўйиб, қоронғиликдаги қоронғи ишларига қайтишди.

Shokir Dolimov 17.06.2018 13:34

- Туйғуси туғён урадиган пакана, - хулоса қилди Гэндальф, ҳамма ўз жойини эгаллар экан. - Парво қилманг, баъзан мана шундай ғалати-ғалати хуружлари тутиб қолади. Аслида у яхшилар орасида энг зўри. Қаттиқ ғазабланганда эса думини эшик қисган аждардан фарқ қилмай қолади.

Агар сизга қачон бўлмасин, думини эшик қисган аждарни кўриш насиб этган бўлса, тушуниб етган бўлсангиз керак, бундай ўхшатишлар ҳар қандай хоббитга нисбатан қўлланилган лофдан ўзга нарса эмас. Ҳатто Қария Тукнинг катта бобоси Буқанаъра Тук исмли хоббитга нисбатан ҳам.

Буқанаъра Тукнинг бўйи оддий хоббит учун ниҳоятда дароз, сал кам одамдай бўлиб, от миниб юрган экан. Яшил Далада кечган қонли муҳорабада Маунт Грэм тоғидан тушган гоблинлар армиясига якка ўзи ҳужум қилиб, қўлидаги йирик сўйили билан уларнинг қироли Гольфимбулнинг бошини уриб учирган хоббит ўша бўлади. Гоблиннинг боши ҳавода юз метрча учиб, бошқа жой қуриб кетгандай, қуённинг инига бориб тушган ва шу тариқа, муҳорабада ғолиб чиқишдан ташқари, гольф ўйини ихтиро қилинган экан.

Ҳозир эса Буқанаъра Тукнинг нозиктабиат авлоди қўшни меҳмонхонадаги диванда асабий ҳаяжондан аста ўзига келмоқда. Чой ичиб, хушини йиғиб олган Бильбо Бэггинс овқатхона эшиги олдига ўғринча келиб, қўрқа-писа гап пойлади.

Сўз Глойнга берилибди.

- «Жасоратга тўлиб-тошган қаҳрамон»имизнинг аҳволини қаранг! - менсимай пишқирди у. - Ростдан ҳам бизга тўғри келади деб ўйлайсиз-ми, уни? Ғазаб отига минганда қанақанги хоббитга айланиб қолишини тавсифлашдан осони йўқ Гэндальфга. Тутқаноғи бемаврид тутиб қолса-чи, нима бўлади? Махлуқ яқинида чирқираб юборса-чи, томдан тараша тушгандай? Анави аждар бутун уруғ-аймоғи билан бирга уйғонади-ю! Онамизни учқўрғонда кўриб қолмаймиз-ми, ўшанда? Менимча, унинг ҳозирги қичқиришига туйғуси туғён уриб кетгани эмас, Ториннинг гапидан ўларча қўрқиб, даҳшатга тушгани сабаб бўлган. Тўғрисини айтаман, агар эшигида сеҳрли белгини кўрмаганимда, манзилни адаштириб қўйибмиз, деган хаёлга борган бўлар эдим. Бу мешқориннинг эшик олдида сапчиб, ҳарсиллаётганини кўрибоқ кўнглимга келган эди-я, бизга тўғри келмаслиги. Назаримда қулфбузар ўғрига эмас, баққолга ўхшайди у.

Мистер Бэггинснинг асаби ортиқ дош бера олмади. Эшик дастасини босиб, ичкарига кирди. Табиатидаги Туклар авлодидан мерос олган хулқ-атвор ҳозир аниқ намоён бўлибгина қолмай, анча устун ҳам келмоқда. Нонушта қилмаса қилмас, ҳақиқий кўрпа-тўшакда ётмаса ётмас-ки, ғазаб отига минганда қанақанги хоббитга айланишини мана буларга кўрсатиб қўяди. Дарҳақиқат, «мешқориннинг эшик олдида сапчиб, ҳарсиллаётгани»ни эшитиб, ростакамига ғазаби қайнади. Кейинчалик унинг Бэггинслар авлодига мансуб томони ушбу бемулоҳаза қилмишига пушаймон бўлиб: «Ғирт аҳмоқсан-да, Бильбо! Ўзинг, ўз ихтиёринг билан бош суқдинг-а, бу ишга-я?!» - дея кўп койиди.

- Маъзур санайсиз, фикрингизни тасодифан эшитиб қолдим, - деди мистер Бэггинс. - Ўзимни гап нима ҳақда кетаётганини тушунган кўйга солиб олмоқчи эмасман, айниқса, «қулфбузар ўғри эмас»лигимга доир эътироз тушунарсиз эшитилди менга. Лекин бир нарсани аниқ тушундим: сизлар қўлидан бирорта иш келмайдиган тўпори сифатида кўрмоқдасиз мени, - имкон қадар ўзини муносиб тутишга уринди у. - Яхши, кўрсатиб қўйганим бўлсин сизларга нималарга қодирлигимни. Ҳеч қанақанги сеҳрли белги йўқ эшигимда. Уни бўяганимга бир ҳафта энди бўлди. Демак, сизлар чиндан ҳам манзилдан адашган кўринасиз. Совуқ турқингизни кўрибоқ, адашиб тентираганингизни фаҳмлаган эдим... Энди адашмадингиз деб ҳисоблайверинг. Айтинг, нима қилиш кераклигини, қиламан, агар бунинг учун Охирги Даштга бориб, махлуқ тусига кирадиган мудҳиш хоббитлар билан жанг қилишга тўғри келса ҳам. Билмоқчи бўлсангиз, боболаримнинг боболари орасида Буқанаъра Тук исмли хоббит бўлган...

- Тўғри, бўлган. Лекин у қадимда яшаб ўтган. Мен эса бугунги кун ва айнан сиз ҳақингизда фикр юритяпман, - гапни бўлди Глойн. - Ва ишонтириб айтаман-ки, эшигингизда белги бор. Ўша белгидан сизнинг касбингиз вакиллари фойдаланишади – ёки қадимда фойдаланишган. У белги: «Тажрибали қулфбузар ўғри қизиқарли, асосан саргузаштли ишга қўл уради. Иш ҳақи келишилади» - деган маънони англатади. Агар сизга «қулфбузар ўғри» номи ёқмаётган бўлса, «олий тоифали хазина қидирувчи мутахассис» деб аташингиз мумкин ўзингизни. Баъзи ҳамкасбларингиз айнан шундай деб аташади ўзларини. Бизга эса фарқи йўқ, нима деб аталишингиз. Гэндальф хабар берди бизга, маҳаллий мутахассислардан бири зудлик билан иш қидираётгани-ю, зиёфат-ла ўтадиган йиғилиш мана шу манзилга, соат бешга тайинланганини.

- Бор эди эшигингда ўша белги, ўзим қўйиб кетганман, - гапга аралашди Гэндальф. - Бунга асосли сабаб бўлган. Ҳурматли гномлар, сафарнинг ўн тўртинчи иштирокчисини қидириб топишни илтимос қилган эдингиз мендан. Мен мистер Бэггинсни танладим. Қани, қайси бирингиз менга янглишганим, нотўғри иштирокчи танлаганимни айтмоқчисиз? Агар бирортангиз мени танловим нотўғри бўлганида айбламоқчи бўлсангиз, марҳамат, ўн уч киши бўлганча қолиб, йўлга чиқинг, шу сон билан кўнгилсизликларни бошдан кечиринг, омадсизликларга дучор бўлинг ёки кўмир қазигани қайтинг!

Гэндальф Глойнга шу қадар аччиқланиб бақирдики, гном индамай жойига ўтириб олди. Савол бермоқчи бўлган Бильбонинг оғиз жуфтлаётганини кўрган сеҳргар қош чимирганча шундай ўқрайди-ки, хоббит оғзини ёпиб, лабини янада маҳкам қимтиб олди.

- Шундоқ бўлсин! - деди Гэндальф. - Бу мавзуда қайта баҳслашмайлик. Мистер Бэггинсни мен танладим, шунинг ўзи етарли бўлиши керак сизларга. Уни қулфбузар ўғри дедим-ми, демак қулфбузар ўғри у ёки вақти келганда қулфбузарлик қилади, шикоятга ўрин йўқ. Унинг табиатида ҳозирча сиз фаҳмлай олмаётган нимадир бор ва у ўзи ўйлаганча содда эмас. Кун ўтиб шундай бир кун келадики, барчангиз мистер Бэггинс учун мендан миннатдор бўласизлар, агар ўша кунгача ўлмай етиб олсангиз, албатта. Энди эса Бильбо, бориб фонусингни олиб кел ўғлим, мана буни ёритайлик.

Гэндальф стол устига қўйилган қизил қалпоқли катта чироқ шуъласи остига пергаментнинг каттагина, харитани эслатадиган бўлагини ёзди.

- Торин, мана бу чизмани бир замонлар бобонг Трор чизган эди, - деди Гэндальф, гномларнинг саволли нигоҳларига жавобан. - Тоғли ҳудуд лойиҳаси.

- Бунинг бизга нима нафи тегиши мумкинлигини тушунмадим, - таажжубланди харитага кўз югуртириб чиққан Торин ҳафсаласи пир бўлиб. - Харитасиз ҳам Сўққа тоғ ва унинг теварак-атрофини яхши эслайман. Ёвуз ўрмон қаерда-ю, аждарлар макон қурган Қуриган сойллик қаердалигини яхши биламан.

- Харитада аждарнинг расми кўрсатилибди-ю, - таъкидлаб қўйди Балин. - Агар Сўққа тоққача ўлмай етиб борсак, харитасиз ҳам топамиз ўша сойликни.

- Сиз эътибор қилмаган яна бир тафсилот бор, - эътироз билдирди сеҳргар. - Тоғнинг ғарбий томонидаги қадимий руна ёзуви ва чап томондаги бошқа руналар устида кўрсаткич бармоғи узатилган панжа тасвирини кўряпсиз-ми? Ушбу бармоқ тоғнинг қуйи қаватига олиб кирадиган махфий эшикка ишора қилмоқда.

- Балким у бир замонлар махфий бўлгандир, бугунги кунда-чи, махфийлигича қолганига ишонч борми? - шубҳа ила қаради Торин. - Қари Қурум лақабли аждар кўпдан буён яшайди у ерда. Бинобарин, Сўққа тоғнинг кириш-чиқиш эшигими, тешигими – барини ўрганиб чиқишга улгурган.

- Ўрганиб чиққан бўлиши мумкиндир, лекин у мен айтаётган эшикдан фойдаланмайди, - деди Гэндальф.

- Нега энди фойдаланмас экан? - сўради Торин.

- Чунки бу эшик унга ҳаддан ортиқ торлик қилади. Руна ёзувида айтилишича «Тоғ эшигининг баландлиги атиги беш тирсак бўлиб, кўпи билан уч киши бир қатор саф тортиб кириши мумкин». Бундай уяга Қурум тухумдан энди ёриб чиққан йили ҳам сиғмаган бўлар эди, қанчадан қанча одам-у гном еб семирган бугунги ҳолати ҳақида-ю гапирмаса ҳам бўлаверади.


Текущее время: 04:18. Часовой пояс GMT +5.

Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2024, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»