uForum.uz

uForum.uz (https://uforum.uz/index.php)
-   ZiyoNET (https://uforum.uz/forumdisplay.php?f=372)
-   -   [Без оффтопа] Космос ва космонавтика: асосий тушунчалар, одамлар ва ҳодисалар (https://uforum.uz/showthread.php?t=19410)

Shokir Dolimov 12.04.2013 00:08

Космос ва космонавтика: асосий тушунчалар, одамлар ва ҳодисалар
 
Болалигимда ёзнинг илиқ тунлари ҳовлидаги сўрида ётиб қоп-қора бахмалга сочиб юборилган ялтироқ олмослардек товланаётган осмон-у фалакдаги ситораларни томоша қилар эканман, улғайгач, фазогир бўлиш, юлдузлар орасида саёҳат қилиб, биридан бошқасига учиб ўтиш, аҳли само орасидан дўстлар орттириш, уларни Ерга, уйимизга таклиф қилиб, ўзим яхши кўрган таом – ойим тайёрлаган монти билан меҳмон қилишни орзу қилганим ҳозиргидай эсимда.
Ўспиринлик даврида шаклланган орзу-ҳавас етарлича кучли, аксарият ҳолларда кишининг келгуси тақдирини ҳал этиб юбориш қудратига эга бўлар экан. Юлдузлар орасида кечадиган саёҳат ҳаддан ортиқ узоқлик қилгани билан, жаҳон кезиш орзуси мени олий ҳарбий-денгиз билим юрти сари етаклади. Қисқа муддат бўлса-да, денгизлар-у, дунё океанларига олис сафарларга чиқишга улгурдим. Бироқ юлдузли осмонга мафтун бўлишни ҳеч қўймадим...

Муҳтарам хонимлар ва жаноблар, азиз ёшлар!
1961 йил 12 апрель – замин фарзанди космосга парвоз қилган, ўзининг атиги 108 дақиқали парвози ила жамики башариятнинг асрлар оша давом этган орзуси ниҳоят ушалган, инсоният бир даврдан бошқа даврга кескин сакраб ўтган, тарих саҳифаларига зарҳал ҳарфлар-ла битилган улуғ кун бўлди!
Бугун Космонавтика кунини яна бир бор нишонлар эканмиз, uForum.uz да, унинг ZiyoNET бўлимида эълон қилиш учун атайин тайёрлаган меҳнатим маҳсулини эътиборингизга ҳавола этмоқчиман.
Мазкур мавзуни очиш мақсадида бир қатор оммавий адабиётлар ва Интернет тармоғидан олинган маълумотларни йиғиб, умумлаштирдим, муайян тизимга солгач, она тилимизга таржима қилдим-да, бир қатор бўлимларга бўлиб чиқдим. Материалларни қуйида келтирилган изчилликда баён этаман, уларни бойитиш, тегишли бўлимлар учун асосий ва қўшимча маълумотлар тайёрлаб, эътиборингизга ҳавола этиш ишларини давом этаман. Агар форумдошлар ўз материалларини қўшиб боришса, нур устига аъло нур бўлади. Айни вақтда, баён этилаётган материал, ушбу мавзунинг қайси бўлимига тааллуқли эканлигини кўрсатиб ўтишларини илтимос қилган бўлар эдим.
Мавзу материалларидан ўз рефератларингиз, илмий ишларингиз, тайёрлаётган тарихий ёки техник мазмундаги маълумотномаларингизда фойдаланишингиз мумкин, албатта. Кўзланган асл мақсад ҳам шу – фойдаланувчини ўзбек тилида баён этилган соҳага оид билимлар билан қуроллантириш! Фақат илтимос, иш охирида келтириладиган фойдаланган адабиётлар рўйхатида, тегишли маълумот қайси манбадан олингани ва унинг муаллифини кўрсатиб ўтсангиз бас. Пешона тери, ҳар қалай...

КОСМОС ВА КОСМОНАВТИКА: АСОСИЙ ТУШУНЧАЛАР, ОДАМЛАР ВА ҲОДИСАЛАР

1. Космос ва космонавтикага оид асосий тушунчалар..
2. Космик техника, унинг вазифаси ва инфратузилмаси.
3. Космос ҳужумидан мудофаа масалалари.
4. Космосга оид халқаро ҳуқуқ ва халқаро ташкилотлар.
5. Ракета-космос саноати.
6. Космонавтлар ва соҳа мутахассисларини тайёрлаш муассасалари.
7. Олимлар ва конструкторлар.
8. Учувчи-космонавтлар.
9. Космосга оид илмий-маърифий муассасалар.
10. Соҳага оид янгиликлар.

Shokir Dolimov 12.04.2013 00:12

1. КОСМОС ВА КОСМОНАВТИКАГА ОИД АСОСИЙ ТУШУНЧАЛАР

КОСМОС (грек. κόσμος – олам, Коинот), космик фазо, Ер атмосферасидан ташқарида чўзилиб кетган макон, Коинот тушунчасининг астрономик таърифига маънодош тушунча.
Коинот (рус. Вселенная) ўз навбатида, материянинг ривожланиш жараёнида тус оладиган шакллари борасида чексиз, вақт ва макон бўйича поёни йўқ жамики моддий оламни англатади. Астрономия нуқтаи назаридан эса фан тараққиётининг эришилган савиясига мос келаётган астрономик воситалар, тадқиқот усуллари ила ўрганиб бориш мумкин бўлган моддий оламнинг муайян қисмидир. Коинотнинг Метагалактика, деб аталадиган ушбу қисми ўз ичига бир неча миллиард галактикани мужассам этади.
Космик фазо, одатда:
Ернинг тортиш сфераси билан чекланадиган – Ер яқинидаги космик фазо;
планеталараро космик фазо;
юлдузлараро космик фазога фарқ қилади.

Ер яқинидаги космик фазо ўз табиий хусусиятларига кўра Ер юзидан:
75-150 км баландликдаги бевосита ерга туташ космос;
150-2000 км баландликдаги, Ернинг сунъий йўлдошлари, космик аппаратлар ва планеталараро станциялар воситасида космонавтика соҳаси тадқиқ қилиб борадиган яқин космос;
2000-50 000 км баландликдаги ўрта космос;
50 000-930 000 км баландликдаги, ситора-ю, галактикалар оламидан иборат олис космосга бўлинади.
Космик фазони тадқиқ қилиш ва ундан фойдаланиш тадбирлари космик фаолият тўғрисидаги миллий қонунларга мувофиқ амалга оширилади. Ушбу қонунлар ижтимоий-иқтисодий, илмий-техник ва мудофаа масалаларини ҳал этиш жараёнида космик фаолиятнинг ҳуқуқий ва ташкилий асосларини белгилаб беради.

КОСМОНАВТИКА (грек. κόσμος – олам, Коинот ва ναυτική – денгизда кема юритиш илми ва санъати), ракеталар ва космик аппаратлардан фойдаланган тарзда космос ва Ердан ташқаридаги объектларни банибашар эҳтиёжлари учун тадқиқ этиш ва ўзлаштиришга қаратилган фан ва техника соҳаларининг мажмуи. Автоматик ва учувчи бошқарадиган космик аппаратлар воситасида космик фазони тадқиқ этиш мақсадида Ер атмосфераси ташқарисида кечадиган навигация назарияси ва амалиёти. Бошқача айтганда, космик парвозлар фани ва технологияси.
«Космонавтика» термини, ушбу соҳа асосчиларидан бири Ари Абрамович Штернфельднинг сайёралараро саёҳат мавзусига бағишланган «Космонавтика муқаддимаси» («Initiation à la Cosmonautique») монографиясини француз тилидан рус тилига таржима қилган совет ракета техникасининг пионерларидан бири Г. Э. Лангемак томонидан қўлланилган. Айнан мана шу илмий иш туфайли нутқимизга «космонавт», «космодром» каби терминлар кириб келган.
АҚШ ва ғарб давлатларида «Космонавтика» термини ўрнига «Астронавтика» (грек. astron – юлдуз ва ναυτική – денгизда кема юритиш илми ва санъати) термини қўлланилади. Том маънода, астронавтика мазмунан анча тор, хусусан, юлдузлар томон учиш маъносини англатади.

КОСМИК ПАРВОЗ (рус. космический полёт) – космик аппаратнинг Ер юзидан 100 км дан кам бўлмаган баландликдаги космик фазода ҳаракатланиши.
Космик парвоз турларига:
Ер яқинидаги геоцентрик орбита;
Ой яқинидаги селеноцентрик орбита;
Қуёш яқинидаги гелиоцентрик орбита;
бошқа планета атрофидаги орбита бўйлаб ва планеталараро амалга ошириладиган парвозлар киради.
Космик парвоз вазнсизлик, космос радиацияси, тўлиқ вакуум, кескин ўзгариб борадиган ҳарорат, метеорлар чанги ва шу каби шароитларда кечади.
Аслида Ер билан космос ўртасида аниқ чегара йўқ ва шу боис, учиш аппарати аэродинамик кучлар таъсири ила парвоз қиладиган, бунинг учун у, биринчи космик тезликка эга бўлиши талаб этиладиган, шундагина, парвозга аэродинамик эмас орбитал тавсиф бериладиган – Ер юзидан 100 километрли баландлик Халқаро авиация федерацияси томонидан космик чегара сифатида эътироф этилган.
Суборбитал космик кемалар ва орбитал самолётлар равнақ топар экан, авиапарвоз ва космик парвоз тушунчалари орасидаги тафовут аста барҳам топиб бораверади.
Космик парвоз орбитал ва суборбитал парвозларга фарқ қилади. Орбитага чиқиши ва Ернинг сунъий йўлдошига айланиши учун космик аппарат минимал баландликдаги горизонтал йўналишда биринчи космик тезлик олиши лозим. Агар тезлик паст бўладиган бўлса, парвоз баллистик траекторияга эга бўлиб қолади. Бундай катта тезлик олиши учун старт бериш қурилмасидан (инг. Launch pad, нем. Startrampe) учириладиган элтувчи ракета кўп поғоналик тамойили асосида яратилади.
Космик парвозларга сарф этиладиган харажатлар миқдорини камайтириш мақсадида кўп маротаба қўлланиладиган, худди самолёт каби горизонтал йўналишда учиш-қўниш қобилиятига эга, ердан кўтарилиш учун қўшимча ҳаво-реактив двигатели қўлланилиб, орбитал самолёт, деган ном олган космик юк ташиш кемаларини ишлаб чиқиш устида уринишлар кетмоқда.
Инсон қўли билан яратилган ҳар қандай, у хоҳ космик аппарат, хоҳ космик станция ёки сунъий йўлдош бўлсин, бир қатор зарурий компонентларга эҳтиёж сезади. Ушбу компонентлар жумласига:
вакуум шароитида ҳарорат алмашинуви фақат нур воситасида амалга ошиши боис, ҳарорат ростлаш тизими;
учувчи бошқарадиган ёки бортида ҳайвон бўлган космик аппарат учун ҳаётий таъминот тизими;
алоқа тизими;
энергия манбаси;
космик нурлар (радиация) таъсиридан ҳимоя тизими киради.
Бугунги кунга қадар инсон орбитага чиқиб, космик фазода яшаши учун:
«X-15» ракета самолётлари (АҚШ):
Scaled Composites АҚШ компаниясига мансуб, кўп маротаба ишлатиладиган «SpaceShipOne» хусусий суборбитал космик кема;
кўп маротаба ишлатиладиган «Спейс Шаттл» (АҚШ), Буран (ССРИ) космик юк ташиш кемалари;
учувчи бошқарадиган «Восток», «Восход», «Союз», «Союз-Т», «Союз-ТМ» (ССРИ), «Меркурий», «Джемини», «Аполлон» (АҚШ) космик кемалар:
«Салют», «Алмаз» (ССРИ), «Скайлэб» (АҚШ), «Мир» (ССРИ-Россия) орбитал станциялардан фойдаланди.
Эндиликда эса ушбу мақсадда:
«Союз-ТМА» космик кемалари (Россия);
«Шэньчжоу» космик кемалари (Хитой Халқ Республикаси);
Халқаро космик станциядан фойдаланилмоқда.

Shokir Dolimov 12.04.2013 00:14

КОСМИК ТЕЗЛИК (рус. космическая скорость), осмон жисмининг гравитацион майдони таъсир ўтказадиган соҳага кириб бориш фурсатида космик аппарат оладиган ҳаракат тезлигининг критик қиймати. Космик тезлик биринчи, иккинчи ва учинчи тезликларга фарқ қилади.
Биринчи космик тезлик – Ернинг (ёки бошқа осмон жисмининг) гравитацион майдони таъсир ўтказадиган соҳага кирган космик аппаратнинг минимал тезлиги (тахминан сонияда 7,91 км).
Бунда, айлана траектория бўйлаб ҳаракатланадиган ушбу космик аппарат Ернинг (ёки бошқа осмон жисмининг) сунъий йўлдошига айланиб қолиши мумкин.
Ер (ёки бошқа осмон жисми) билан космик аппарат орасидаги масофа узоқлашган сари биринчи космик тезлик пасайиб бораверади.
Иккинчи космик тезлик (параболик тезлик) – космик аппарат параболик траектория бўйлаб ҳаракатланганча, Ернинг гравитацион майдонини бутунлай тарк этиб, Қуёшнинг сунъий йўлдошига айланиб қолиши учун зарур бўлган минимал тезлик (тахминан сонияда 11,19 км). Осмон жисми билан космик аппарат орасидаги масофа узоқлашган сари иккинчи космик тезлик пасайиб бораверади. Муайян осмон жисми (планета, юлдуз) яқинидаги иккинчи космик тезлик параболик тезлик, деб аталади.
Учинчи космик тезлик – Ердан учирилган космик аппарат Қуёшнинг тортиш кучи таъсирини енгиб ўтиб, Қуёш тизимини тарк этиши ва юлдузлараро фазога кириб кетиши учун зарур бўлган минимал тезлик (тахминан сонияда 16,67 км).

КОСМИК АППАРАТ ОРБИТАСИ (лот. orbita – из, йўл) – космик аппаратнинг осмон жисмига нисбатан ҳаракатланиш траекторияси бўлиб, ушбу аппарат бажарадиган иш мазмунига мувофиқ олдиндан танланиб, ҳисоблаб чиқарилади. Космик аппаратнинг бошланғич тезлигига боғлиқ ҳолда аппарат орбитаси, идеал ҳолатда, доира, эллипс, парабола ёки гипербола шаклидаги, фокусларидан бирида осмон жисми жойлашадиган конус кесими кўринишига эга бўлади. Бундай орбиталарга тойилмаган орбиталар (Кеплер орбиталари) деб ном берилган. Космик аппаратлар вазни енгил бўлиши туфайли, ушбу аппаратлар орбиталари ташқи тойдириш кучлари таъсири остида анча мураккаб шаклларни касб этади.

КОСМИК АППАРАТЛАР ТУТАШУВИ (рус. стыковка), орбитага чиқарилган иккита ва ундан ортиқ космик аппарат ёки уларнинг таркибий қисмлари бир-бирига яқин келиб, механик бирлашиш жараёни.
Бундай туташув биргаликда парвоз қилиш, алоҳида космик модуллардан орбитал станциялар ёки планеталараро кемалар (К. Э. Циолковский таклиф қилган каби) йиғиш, юк ёхуд экипаж аъзоларини етказиш мақсадида космик кемаларни ўзаро ёки ракета поғонаси билан бириктириш учун автоматик равишда ёки дастаки (экипаж томонидан) амалга оширилади.
Дастаки туташув илк бор 1966 йил 16 март куни АҚШнинг «Джемини-8» космик кемаси экипажи томонидан «Аджена» ракетасига туташган тарзда амалга оширилган.
Автоматик туташув илк бор 1967 йил 30 сентябрь куни ССРИга қарашли «Космос-186» ва «Космос-188» русумли Ернинг сунъий йўлдошлари ўзаро туташтирилган тарзда амалга оширилган.
1975 йил июль ойида ССРИ томонидан экипажининг таркиби космонавтлар А. А. Леонов ва В. Н. Кубасовдан иборат «Союз», АҚШ томонидан экипажининг таркиби Т. Стаффорд, Д. Слейтон ва В. Бранддан иборат «Аполлон» космик кемаларининг тажриба тарзида амалга оширилган ЭПАС парвози давомида икки маротаба космик аппаратлар туташуви, биргаликдаги илмий тадқиқотлар, техник тажрибалар ва экипажларнинг ўзаро ўтишлари амалга оширилган.

Shokir Dolimov 12.04.2013 00:17

Мозийга назар
Ой ва бошқа сайёралар-у, ситоралар томон саёҳатга оид тасаввурлар инсон онгида азалдан ўрин эгаллаб келган бўлиб, фақат ХХ асрдагина Ер планетасини тарк этиш учун зарурий тезлик оладиган ракета техникаси яратилгач, унинг ушбу орзу-ҳаваслари рўёбга чиққан.
1881 йил 23 март куни рус инқилобчиси, пошшо Александр II ҳаётига уюштирилган суиқасд иштирокчиси, авиация маршали Александр Головановнинг бобоси, қамоқда ўтирган Николай Иванович Кибальчич қатл қилинишидан бир неча кун олдин тортиш кучининг векторини бошқариш мақсадида двигателининг ёқилғи ёниш камераси тебранувчан ракета учиш аппаратига оид ғояни ишлаб чиқиб, матнини қоғозга баён этди. Бироқ ушбу қўлёзмасини Фанлар академиясига йўллаш борасидаги илтимоси тергов комиссияси томонидан бажарилмади. Вақт ўтиб, ушбу илмий лойиҳа 1918 йили «Былое» журналининг 4- ва 5- сонларида чоп этилди.
Ракетасозлик асосини ХХ аср бошида Константин Эдуардович Циолковский, Герман Оберт, Робберт Годдард ва Рейнхольд Тилинг яратишган.
Жумладан, назарий космонавтиканинг асосчиси К. Циолковский бўлиб, ушбу рус олими реактив ҳаракат тамойилларидан фойдаланган тарзда ракетани космосга учириш имконияти борлигига оид ғояни илк бор (1883 йили) илгари суриб, илмий жиҳатдан (1886-1903 йиллари) сайёралараро учадиган ракета лойиҳасини яратган тарзда асослаб берди.
Ракета двигателининг тортиш кучи таъсири остида учиш аппарати оладиган тезликни белгилаб берадиган Циолковский формуласи бугунги кунда ҳам, ракета лойиҳаларини яратишда, хусусан, ракета вазнига оид асосий тавсифларни белгилаш мобайнида қўлланиладиган математик аппаратнинг муҳим қисмини ташкил этади.
Хусусан, 1887 йил 10 май куни К. Циолковский ўзининг «Ракета» қўлёзмасида реактив ҳаракатнинг бир қатор муаммоларини тадқиқ этади. Бунда у, йўналиши ўзгармас ракета двигателининг тортиш кучи таъсирида, бошқа кучлар таъсир этмаган ҳолатда учиш аппарати олиши мумкин бўлган тезликни аниқлаб берди. Айнан мана шу якуний математик боғланиш «Циолковский формуласи», деган ном олиб, 1903 йили «Научное обозрение» журналида чоп этилди.
1903 йили К. Циолковский реактив учиш аппарати – ракета воситасида сайёралараро парвоз этиш имкониятини илк бор назарий асослашга бағишланган «Коинот маконларини асбоблар ила тадқиқ этиш», деб номланган илмий ишини чоп этди. 1911-1912 йиллари ушбу ишнинг иккинчи қисми, 1914 йили эса қўшимчалари чоп этилди. К. Циолковский ва ундан мухтор равишда Ф. А. Цандер ўша даврда маълум энергия манбаларини қўллаган тарзда космосга парвоз қилиш мумкинлигига оид хулоса чиқариб, амалга ошириш йўлларини, жумладан, ракетанинг шакли, двигателини совитиш тамойиллари, ёқилғи буғи сифатида суюлтирилган газдан фойдаланиш лозимлиги ва шу кабиларни кўрсатиб ўтишди.
1910 йили америкалик муҳандис олим Роберт Годдард кичкинагина ракета двигателининг лойиҳасини ишлаб чиқди. 1923 йили суюқ ёқилғи қўлланиладиган ракета двигатели устида астойдил иш бошлаб, 1925 йил хотимасида ушбу двигателнинг ишлайдиган прототипини яратди ва ниҳоят 1926 йил 16 март куни ёқилғи сифатида бензин билан суюқ кислород қўлланилган биринчи ракетасини учира олди.
Роберт Годдарддан олдин ракета техникасининг пионери, астроном Больцано Макс Валье суюқ ёқилғи қўлланилган тажриба ўтказган. Хусусан, Больцано бугунги кунда немис музейларидан бирида сақланаётган ракета двигатели ўрнатилган автомобиль ясаган. Берлинда ўтказилган синов давомида двигателнинг ёқилғи ёниш камераси портлаб кетиб, металл парчаси 35 ёшли муҳандисни ҳалок қилган.
1920 йили немис олими Герман Оберт ҳам, сайёралараро парвоз тамойилларини баён этди. У ракета воситасида космосга учирилган инсон организми парвоз жараёнида бериладиган юклама таъсири ва вазнсизлик ҳолатига бардош бера олишини илк бор назарий жиҳатдан исботлаб берди.
Циолковский, Оберт ва Годдарднинг ишлари АҚШ, ССРИ ва Германиянинг ракета техникасини яратиш билан машғул бўлган жонбоз гуруҳлар томонидан давом эттирилди.

Shokir Dolimov 12.04.2013 00:19

Ракета – космик аппаратни космосга чиқаришга қодир бўлган ягона транспорт воситаси бўлганича қолмоқда. «Космик лифт», электр-магнит тўп ва оддий тўп каби, космик аппаратни орбитага олиб чиқишнинг муқобил усуллари ҳозирча лойиҳалаштириш босқичида бўлганча қолмоқда.
Космосда ракетанинг асосий хусусияти, у ҳам бўлса, ўз ҳаракати учун бошқа муҳит ёки ташқи куч таъсирига эҳтиёж сезмаслиги яққол намоён бўлади. Бироқ, унинг бундай хусусияти реактив куч ҳосил қилиш учун зарур бўлган жамики компонентлар ракета бортида бўлиши шарт эканлигини тақозо этади.
Жумладан, ёқилғи сифатида суюқ кислород ва керосин каби зич компонентлар қўлланиладиган ракеталар учун ёқилғи вазнининг конструкция вазнига нисбати 20/1 га қадар етади. Кислород билан водород воситасида ишлайдиган ракеталар учун, ушбу нисбат камроқ – 10/1 бўлади. Ракетанинг вазнга оид тавсифлари ишлатиладиган ракета двигателининг тури ва конструкциянинг ишончлилик даражасига чамбарчас боғлиқдир.
Космонавтика эҳтиёжи учун қўлланиладиган ракета элтувчи ракета, деб юритилади. Негаки, ушбу восита космосга фойдали юк олиб чиқади. Аксарият ҳолларда элтувчи ракеталар сифатида кўп поғонали баллистик ракеталар қўлланилади. Элтувчи ракета Ерда, агар давомли вақт парвоз қиладиган бўлса, Ернинг сунъий йўлдошида старт олади.
Бугунги кунда турли давлатларнинг космик агентликлари томонидан Атлас V, Ариан 5, Протон, Дельта-4, Союз-2 ва шу каби кўплар элтувчи ракеталар қўлланилади.
ССРИда ракета техникаси соҳасига оид амалий ишлар 1921 йили, тутунсиз порох воситасида учадиган ракета снарядини яратиш билан машғул бўлган Газ динамикаси лабораторияси (Ленинград) ва Реактив ҳаракатларни тадқиқ этиш гуруҳи (Москва) томонидан бошланди. 1933 йили ушбу муассасалар негизида Реактив илмий-тадқиқот институти яратилди.
Германияда ўхшаш ишлар Немис планеталараро ҳаракатлар жамияти (VfR) томонидан олиб борилди.
1931 йил 14 март куни VfR аъзоси Йоханнес Винклер Европада илк бор суюқ ёқилғи қўлланиладиган двигателга эга ракетани учиришга муваффақ бўлди. Шунингдек, VfR жамиятида Вернер фон Браун ҳам фаолият юритган. Космонавтиканинг ривожига катта ҳисса қўшган Пенемондлик ушбу олим 1932 йилдан эътиборан немис армиясининг Куммерсдорфдаги артиллерия полигонида ракета двигателлари устида фаол иш олиб борган. Германия ҳокимиятига нацистлар келгач, ракета қуролини ишлаб чиқишга йўналтирилган маблағ ажратилган.
1936 йилнинг баҳор фаслида Пенемюндда ракетасозлик марказини қуриш дастури тасдиқланиб, техник директор лавозимига айнан фон Браун тайинланган. Ушбу марказда учиш узоқлиги 320 км га етган А-4 русумли баллистик ракета ишлаб чиқилди. Иккинчи жаҳон уруши давомида, хусусан, 1942 йил 3 октябрь куни ушбу ракета илк бор муваффақиятли учирилди, 1944 йили эса унга V-2 (Фау-2) номи берилиб, жанговар жиҳатдан қўлланилди.
1944 йилнинг июнь ойида V-2 русумли ракета инсон томонидан яратилиб, космосга чиқарилган, суборбитал парвоз жараёнида 176 км баландликка етган биринчи объект бўлди. V-2 русумли ракетанинг ҳарбий жиҳатдан қўлланилиши ракета техникасининг катта имкониятга эга эканлигини намоён этди ва келгусида яратилган кўплаб ракеталарнинг асоси сифатида хизмат қилди.
Урушдан кейинги қудратли давлатлар саналган АҚШ билан ССРИ немислардан ўлжа олинган технологиялар асосида, асир олинган немис муҳандислари ёрдамида баллистик ракеталар ишлаб чиқишга киришди.
Техник асослардан ташқари, космик парвозларга туртки берган само механикасига оид астрономик билимлар ҳам кенг равнақ топди.

Shokir Dolimov 12.04.2013 00:22

Илк совет ракета-космик дастури
1946 йилнинг май ойида ССРИ ҳукумати томонидан ядро қуролини элтиш воситаларини яратиш учун ракетасозлик саноатини ривожлантиришга доир кенг миқёсли ишлар бошлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинди. Мазкур қарорга мувофиқ 4- реактив қурол-аслаҳаларнинг илмий-тадқиқот артиллерия институти яратилди. Институт бошлиғи этиб генерал А. И. Нестеренко, унинг «Суюқ ёқилғи қўлланиладиган баллистик ракета двигателлари» бўйича ўринбосари этиб полковник Михаил Клавдиевич Тихонравов тайинланди.
Ушбу офицер С. П. Королёв билан Реактив ҳаракатларни тадқиқ этиш гуруҳи ва Реактив илмий-тадқиқот институтида биргаликда ишлаган. Бу вақтга келиб М. Тихонравов суюқ ёқилғи қўлланиладиган, 1933 йил 17 август куни муваффақиятли старт олган биринчи ракета муаллифи сифатида танилган. Айнан шу киши 1945 йили бошқариладиган ракета кабинасига эга Фау-2 русумли ракета воситасида 2 нафар космонавтни 200 км баландликдаги космосга учириш лойиҳасини бошқарган. Лойиҳа Фанлар академияси томонидан қўллаб-қувватланган бўлиб, И. Сталин томонидан маъқулланган эди. Аммо урушдан кейинги машаққатли йилларда ҳарбий соҳа раҳбарияти энг асосий вазифа – олис масофаларга қўлланиладиган ракеталар яратишга тўсқинлик қилаётган, фантастика сифатида эътироф этилган ушбу лойиҳа билан шуғулланиш истагини билдирмади.
Анъанавий изчиллик тарзида яратилаётган ракеталар ривожини тадқиқ этар экан, М. Тихонравов, ушбу ракеталарни қитъалараро масофаларга қўллаб бўлмаслигини эътироф этди. Ўзи бошчилик қилган тадқиқотлар якунида С. Королёв раҳбарлигидаги Конструкторлик бюросида «блоклар пакети тарзида» лойилаштирилган ракеталар одатий тарзда йиғилган ракеталарга нисбатан тўрт чандон катта тезлик олиши тан олинди.
Кейинчалик, «Блоклар пакети тарзида йиғиш» тартибини амалиётга жорий этган М. Тихонравов бошчилигидаги гуруҳ инсон космик фазога чиқадиган кунни яқинлаштириб юборди. Ернинг сунъий йўлдошларини орбитага чиқариб, ортга қайтариш билан боғлиқ муаммолар тадқиқоти давом эттирилди.
1953 йил 16 сентябрь куни С. Королёв раҳбарлигидаги Тажриба-конструкторлик бюросининг буюртмасига кўра 4- илмий-тадқиқот институтида «Ернинг биринчи сунъий йўлдошини яратиш борасидаги тадқиқотлар» бўйича космос мавзусига бағишланган дастлабки илмий-тадқиқот иши очилди. Бу борада бой ғояларга эга М. Тихонравов гуруҳи мазкур ишни қисқа муддатда амалга оширди.
1956 йили М. Тихонравов ўз ходимларининг муайян қисми билан 4- илмий-тадқиқот институтидан С. Королёв раҳбарлигидаги Тажриба-конструкторлик бюросига, сунъий йўлдошлар лойиҳаларини тайёрлаш бўлими бошлиғи сифатида ишга ўтди. Ушбу ҳарбий олимнинг бевосита иштирокида Ернинг биринчи ва кейинги сунъий йўлдошлари, учувчи бошқарадиган космик кемалар, дастлабки планеталараро автоматик аппаратлар ва ой аппаратларининг лойиҳалари яратилди.

АҚШ нинг илк ракета-космик дастури
«Йўлдош инқирози», яъни Ернинг биринчи сунъий йўлдоши орбитага АҚШ томонидан эмас айнан ССРИ томонидан чиқарилгани АҚШ ҳукуматини космик тадқиқотлар соҳасини ривожлантиришга доир кўпдан-кўп ташаббус кўрсатишга мажбур қилди, хусусан:
1958 йилнинг сентябрь ойида миллий мудофаа манфаатларида кадрлар тайёрлаш тўғрисидаги қонун қабул қилинди;
1958 йилнинг февраль ойида DARPA – Мудофаага оид илғор тадқиқот лойиҳалари агентлиги яратилди;
1958 йил 29 июль куни АҚШ президенти Эйзенхауэрнинг фармони билан NASA – Миллий аэронавтика ва космик фазони тадқиқ қилиш бошқармаси яратилди;
1959 йили АҚШ Конгресси космик тадқиқотлар олиб бориш манфаатларида 134 миллион доллар маблағ ажратди. 1968 йилга келиб ушбу рақам 500 миллион долларга етди.
Хулоса қилиб айтиладиган бўлса, АҚШ ва ССРИ ўртасида ҳақиқий космик пойга даври бошланди. АҚШ манфаатларига ишлаши учун «Зулмат операцияси» дастури (инг. Operation Overcast, кейинчалик «Қоғоз қисқичи операцияси» номи билан овоза бўлган) бўйича ёлланган Вернер фон Браун бошчилигидаги команда томонидан 1958 йил 1 февраль куни космосга учирилган Эксплорер-1 йўлдоши – АҚШ томонидан учирилган биринчи сунъий йўлдош бўлди. Бунинг учун мавжуд Редстоун русумли баллистик ракетанинг тезлиги жадаллаштирилган, аниқроқ айтиладиган бўлса, аслида ядро қуролининг ўлчами кичрайтирилган жанговар каллакларини синаш учун мўлжалланиб, Юпитер-С (Jupiter-C) деб номланган тури яратилди.
Таъкидлаб ўтмоқ жоизки, ушбу тадбирдан олдин Халқаро геофизика йили дастури қабул қилингани муносабати билан кенг реклама қилиб юборилган «Авангард-1» сунъий йўлдоши АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари томонидан космосга учиришга уринишлар бўлиб ўтиб, ишлар муваффақиятсиз якун топган эди. Сиёсий важлар туфайли, хусусан, АҚШ ҳукумати американинг биринчи сунъий йўлдошини ҳарбийлар учиришини истагани сабабли, фон Браунга ўз сунъий йўлдошини учиришга узоқ вақт рухсат бермаган эди. Шу боис, Эксплорер-1 йўлдошини учиришга жиддий ҳозирлик «Авангард-1» аварияга учраганидан сўнггина бошланди.
АҚШнинг 1961 йил 5 май куни космосга учган биринчи астронавти Алан Шепард бўлди. У Меркурий-Редстоун-3 космик кемасида суборбитал парвозни амалга оширди. АҚШ астронавтлари орасидан биринчи бўлиб Жон Гленн 1962 йил 20 февраль куни Меркурий-Атлас-6 космик кемасида орбитал парвоз қилди.

Shokir Dolimov 12.04.2013 00:25

Космонавтика соҳасида рўй берган энг муҳим ҳодисалар
1957 йил – буюк конструктор Сергей Павлович Королёв раҳбарлигида Р-7 русумли биринчи қитъалараро баллистик ракета яратилди;
1957 йил 4 октябрь – космос даврининг илк санасидир. Зеро, шу куни ССРИ томонидан Ернинг энг биринчи сунъий йўлдоши Спутник-1 космосга учирилди;
1957 йил 3 ноябрь – космосга илк бор тирик жонзод – Лайка лақабли итни олиб чиққан Ернинг иккинчи йўлдоши Спутник-2 учирилди;
1959 йил 4 январь – Луна-1 космик станцияси Ой юзидан 6000 км га узоқлашиб, гелиоцентрик орбитага чиқди ва бу билан Қуёшнинг биринчи сунъий йўлдошига айланди;
1959 йил 14 сентябрь – Луна-2 космик станцияси Аристит, Архимед ва Автолик кратерлари яқинидаги Ойдинлик Денгизи ҳудудида Ой юзига етиб, ССРИ герби тасвирланган вимпелни туширди;
1959 йил 4 октябрь – Ойнинг Ердан кўринмайдиган томонини суратга олган Луна-3 планеталараро автоматик станция учирилди, шунингдек, парвоз давомида илк бор гравитацион манёвр амалга оширилди;
1960 йил 19 август – тарихда илк бор Ерга тирик қайтган жонзодлар иштирокидаги орбитал парвоз амалга оширилди. Спутник-5 космик кемасида Белка ва Стрелка лақабли итлар парвоз қилишди;
1961 йил 12 апрель – инсоннинг космосга илк парвози амалга оширилди. Совет космонавти Юрий Алексеевич Гагарин Байконур космодромидан «Восток» русумли элтувчи ракета воситасида космосга учиб, «Восток-1» русумли космик кемада Ер яқинидаги орбита бўйлаб 1 соат-у, 48 дақиқа давомида парвоз қилганча, Ер атрофини бир маротаба айланиб чиққач, Саратов вилоятининг Энгельс шаҳри яқинида соғ-саломат қўнишга муваффақ бўлди. Башарият тарихи саҳифаларига зарҳал ҳарфлар-ла битилган бўлиб, Космонавтика куни, деб эълон қилинган ушбу буюк ҳодиса – учиш аппарати бошқариладиган космонавтиканинг амалда рўёбга чиқиши ва келгусида кенг кўламда тараққий топишининг таянч нуқтасига айланди;
1962 йил 12 август – илк бор Восток-3 ва Восток-4 кемаларида гуруҳ таркибидаги космик парвоз амалга оширилди. Ушбу космик кемалар бир-бирига 6,5 км га яқинлашди;
1963 йил 16 июнь – Восток-6 космик кемасида биринчи космонавт аёл Валентина Владимировна Терешкова ёлғиз ўзи космосга учди (АҚШнинг биринчи астронавт аёли Салли Райд космосга эркаклардан иборат экипаж таркибида 1983 йили учган);
1964 йил 12 октябрь – биринчи маротаба кўп ўринли Восход-1 космик кемаси учирилди;
1965 йил 18 март – инсон космонавтика тарихида илк бор очиқ космосга чиқди. 11- совет космонавти Алексей Архипович Леонов ўзининг Восход-2 космик кемасидан 12 дақиқа-ю, 9 сония давомида очиқ космосда бўлди. Ушбу вақт давомида, айниқса, кўзда тутилмаган ҳолат юзага келганда, яъни эгнидаги шишиб кетган скафандр космик кемага қайтиб киришга тўсқинлик қилганда мазкур космонавт мисли кўрилмаган қаҳрамонлик намунасини намоён этди. А. Леонов кема шлюзига скафандр ичидаги ортиқча ҳаво босимини чиқариб юборгандан сўнггина, шунда ҳам, кема люки орқали оёқ билан эмас йўриқномада ман этилган ҳолатда – бош билан ўтиб киришга муваффақ бўлди;

Shokir Dolimov 12.04.2013 00:25

1966 йил 3 февраль – Луна-9 планеталараро автоматик станцияси илк бор Ой юзига енгил қўниб, унинг кенг манзарали суратлари олинди;
1966 йил 1 март – Венера-3 планеталараро автоматик станцияси илк бор Зуҳра юзасига етиб бориб, ССРИ вимпелини туширди. Бу билан космик аппаратнинг Ердан бошқа планетага биринчи космик парвози амалга оширилди;
1966 йил 3 апрель – Луна-10 космик станцияси Ойнинг биринчи сунъий йўлдош бўлди;
1967 йил 30 октябрь – ССРИ нинг иккита космик Космос-186 ва Космос-188 учувчисиз аппаратларининг туташтирилуви илк бор амалга оширилди;
1968 йил 15 сентябрь – бортида жонли мавжудотлар, хусусан: тошбақа, мева пашшаси, қурт, ўсимлик, уруғ ва бактериялар бўлиб, Ой атрофини айланиб чиққан Зонд-5 космик аппаратининг Ерга илк бор қайтиши рўй берди;
1969 йил 16 январь – Союз-4 ва Союз-5 бошқарилган космик кемалар илк бор ўзаро туташтирилди;
1969 йил 21 июль – инсон оёғи Ойга етган кун. АҚШ астронавтлари Н. Армстронг ва Э. Олдринг 1961 йил 16-24 июль кунлари амалга оширилган ой экспедицияси давомида илк бор Ойга тушишди. Космик кемадан Ернинг табиий йўлдошига тушар экан, Нил Армстронг: «Ёлғиз инсон учун бу кичик бир қадам, албатта, аҳли жаҳон учун эса янги милод томон кескин сакрашдир» -деган эди. Аполлон-11 космик кемасида ўтказилган ушбу экспедицияда Ой тупроғининг илк намунаси Ерга келтирилди;
1970 йил 24 сентябрь – Луна-16 космик станцияси Ой тупроғининг навбатдаги намунасини келтирди. Аниқроқ айтиладиган бўлса, ушбу ҳодиса бошқа осмон жисмидан (хусусан, Ойдан) Ерга намуна келтирган биринчи учувчисиз бошқариладиган космик аппарат парвози бўлди;
1970 йил 17 ноябрь – Ердан бошқариладиган Лунаход-1 Ойга эркин қўндирилди. Энг биринчи масофадан бошқариладиган ўзиюрар яримавтоматик космик аппарат Ой юзида иш бошлади;
1970 йил 15 декабрь – Венера-7 космик аппарати биринчи бўлиб Зуҳра юзига эркин қўнди;
1971 йил 19 апрель – космосга биринчи Солют-1 орбитал станцияси учирилди;
1971 йил 13 ноябрь – Маринер-9 космик станцияси Миррихнинг биринчи сунъий йўлдоши бўлди;
1971 йил 27 ноябрь – Марс-2 космик станцияси биринчи бўлиб Миррих юзига етиб борди;
1971 йил 2 декабрь – Марс-3 планеталараро автоматик станцияси Миррих юзига биринчи бўлиб эркин қўнди;
1972 йил 3 март – космосга учирилган Пионер-10 космик аппарати биринчи бўлиб Қуёш тизимининг сарҳадларини тарк этди;
1975 йил 20 октябрь – Венера-9 космик станцияси Зуҳранинг биринчи сунъий йўлдоши бўлди;
1975 йил октябрь ойи - Венера-9 ва Венера-10 космик аппаратлари биринчи бўлиб Зуҳра юзига эркин қўнган тарзда, юзасининг фотосуратларини Ерга узатди;
1981 йил 12 апрель – кўп маротаба фойдаланиладиган «Колумбия» космик юк ташиш кемаси илк бор космосга учирилди;
1986 йил 20 февраль – Мир орбитал станциясининг асосий модули орбитага чиқарилди;
1988 йил 15 ноябрь – «Энергия-Буран» дастури доирасида яратилган «Буран» кўп маротаба фойдаланиладиган космик ташиш тизимига мансуб орбитал космолан кемасининг «Энергия» русумли элтувчи ракета воситасида биринчи ва сўнгги бор космик парвози амалга оширилди;
1995 йил 7 декабрь – «Галилео» космик станцияси Муштарийнинг биринчи сунъий йўлдоши бўлди;
1998 йил 20 ноябрь – Заря Халқаро космик станциясининг биринчи блоки космосга учирилди;
2000 24 июнь – «NEAR Shoemaker» космик станцияси 433 Эрос астероидининг биринчи сунъий йўлдоши бўлди;
2004 йил 30 июнь – «Кассини» космик станцияси Сатурннинг биринчи сунъий йўлдоши бўлди;
2006 йил 15 январь – «Стардаст» космик станцияси Ерга Вильда-2 кометасидан намуналар келтирди;
2011 йил 17 март – «MESSENGER» космик станцияси Меркурийнинг биринчи сунъий йўлдоши бўлди.
Космонавтиканинг бугунги даври космик фазони ўзлаштириш борасидаги янгидан-янги лойиҳа ва режалар билан тавсифланади. Космик саёҳат тобора кенг ривож топмоқда. Космик кемалар бошқариладиган космонавтика боз Ойга қайтишни ният қилиб, ўз нигоҳини Қуёш тизимига мансуб бошқа сайёралар, биринчи навбатда, Миррихга қаратмоқда.

Shokir Dolimov 12.04.2013 00:27

Космонавтика соҳасида ҳал этиладиган асосий вазифалар
Космонавтика ўз ичига:
космик парвозлар назарияси, яъни космик аппаратлар парвози траекторияларининг ҳисоб-китобларини;
илмий-техник фанлар, хусусан, ракета, космик кема бортига ўрнатиладиган бошқарув тизимлари, автоматик станциялар ва космик кемалар, илмий асбоблар ва шу кабиларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқиш, траекторияга оид ўлчовлар ўтказиш, орбитал станциялар фаолиятини ташкиллаштириб, таъминлаш тадбирларини;
тиббий-биологик фанлар, асосан космик тиббиёт томонидан ҳал этиладиган космик кема бортига ўрнатиладиган ҳаётий таъминот тизимларини яратиш, ортиқча юклама берилиши, вазнсизлик шароитлари ва радиация билан боғлиқ ҳолда инсон организмида кечадиган салбий жараёнлар таъсирини сустлаштириш масалаларини;
юридик ҳужжатлар, яъни космик фазо ва осмон жисмларидан фойдаланиш масалалари халқаро ҳуқуқий жиҳатдан йўлга қўйиб борилишини мужассам этади.
Космик аппаратлар парвозини таъминлаш учун космодромлар қурилди, қуруқликдаги бошқарув, алоқа, ерга қайтаётган аппаратларни топиш ва эвакуация қилиш хизматлари яратилди.
Ўтган асрнинг 80- йиллари охиридан эътиборан космик парвозлар учиш аппаратини бошқарган тарзда амалга оширилмоқда, илмий ва бир қатор амалий вазифаларни ҳал этиш мақсадида орбитал станциялардан, Қуёш тизимига кирган сайёраларни тадқиқ этиш учун автоматик космик аппаратлардан фойдаланилмоқда.
Амалий аҳамиятга эга, хусусан, алоқа ташкиллаштириш ва телевизион кўрсатувларни ретрансляция қилиш учун мўлжалланган Ернинг кўплаб сунъий йўлдошлари, шунингдек, авария ҳолатига тушиб қолган самолёт ва кемалар координаталарини аниқлаш учун мўлжалланган «Коспас - Сарсат» сунъий йўлдош тизимлари учирилди.
Ернинг табиий манбаларини ўрганиш, харитасини тузиш, метеорологик ҳодисаларни кузатиш, бошқача айтганда, Ерни космосдан асбоблар ёрдамида ва бевосита кузатиб борган тарзда тадқиқ қилиш тадбирларининг мажмуи саналадиган космик ершунослик (рус. космическое землеведение) ишлари амалга оширилмоқда. Космик суратларнинг кўлами нисбатан кенг бўлиши, уларда табиий муҳит компонентлари орасидаги ўзаро боғлиқлик яхши акс этиши, тобора кенг тус олаётган кўплаб табиий жараён ва ҳодисаларни тезкор тадқиқ қилиш имкони борлиги, манзарали ва муайян мавзуга оид хариталарни ишончли равишда тузиш мумкинлиги космик ершуносликнинг тез ривожланиб кетишига сабаб бўлди. Космик ершуносликка оид ишлар ҳосиласи метеорологик прогнозлар тузиш ишлари, балиқ овлаш саноати, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги, фойдали қазилмалар қидирилиши каби илмий ва амалий мақсадларда кенг қўлланилмоқда.
Космонавтика соҳасида халқаро ҳамкорлик (ЭПАС) ва халқаро космик станциялар кенг ривожланган.

Космоснинг тижорат мақсадларида ўзлаштирилиши
Амалий космонавтиканинг қуйидаги учта асосий йўналиши мавжуд:
1. Космик ахборот комплекслари йўналиши – замонавий алоқа тизимлари, метеорология, навигация, табиий манбалардан фойдаланиш жараёни устидан назорат олиб бориш тизимлари, атроф-муҳит муҳофазаси.
2. Илмий космик тизимлар йўналиши – илмий тадқиқотлар ва табиий шароитда ўтказиладиган тажрибалар.
3. Космос билан боғлиқ саноат йўналиши – фармакологик воситалар ишлаб чиқариш, электрон, электротехник, радиотехник ва шу каби бошқа турдаги саноат тармоқлари учун янги материаллар тайёрлаш.
Келажакда Ой манбалари ва Қуёш тизимига мансуб бошқа планеталар, астероидларнинг манбаларидан фойдаланиш, саноатнинг зарарли чиқиндиларини космик фазога чиқариб ташлаш кўзда тутилмоқда.

Shokir Dolimov 12.04.2013 00:29

Келажакка назар
Россия ўзининг «Клиппер» лойиҳасидан воз кечиб, учувчи бошқарадиган кўп мақсадли «Русь» космик кемасини яратиш устида иш олиб бормоқда.
АҚШда Ер яқинидаги парвозларнинг «Спейс шаттл» тизими ўрнига қўллаш учун ҳам, 2019-2020 йилларда Ойга учиш учун ҳам, кўтаринки руҳда ишлаб чиқилган бўлиб, кейинчалик бекор қилинган «Юлдузлар туркуми дастури» доирасида Миррихга учиш учун ҳам, учувчи бошқарадиган кўп мақсадли «Орион» амалий-тадқиқот космик кемаси лойиҳалаштирилмоқда. Ушбу кеманинг Ер яқинидаги орбитал парвозлари 2014-2015 йиллари бошланиши кўзда тутилган. Шу тариқа, 2011 йили ўз шатлларидан воз кечган АҚШ кам деганда беш йил давомида космик кемаларга эга бўлмай, ушбу вақт давомида ўз астронавтларини космосга Роскосмос билан ҳамкорликда ташийди.
Хитой кенг миқёсли космик дастур ишлаб чиққанини эълон қилди. Мазкур дастур доираларида яқин келажакда учувчи бошқарадиган орбитал станция яратилиши, истиқболда эса кўп маротаба қўлланиладиган космик юк ташиш тизимларининг навбатдаги авлоди яратилиб, учувчи-космонавтлар Ойга парвоз қилиши кўзда тутилган.
Европа (Европа космос агентлиги) 2018 йилдан эътиборан фойдалана бошланадиган ўз учувчи бошқарадиган космик кемаларини ҳамда Россия билан ҳамкорликда ишлатиладиган космик кемаларни ишлаб чиқиш билан машғул. Кенг миқёсли «Аврора» дастурини ишлаб чиққан Европа режаларида АҚШ ва Россия билан ҳамкорликда ёки мустақил равишда 2025 йилдан эътиборан дастлаб одамларни Ойга, 2030 йилдан сўнг эса Миррихга йўллаш кўзда тутилган.
Ҳиндистон дунёнинг тўртинчи космик давлати бўлишга интилиб, 2016 йилдан эътиборан ўзининг учувчи бошқарадиган космик кемасини орбитага чиқаришни, узоқ келажакда эса Россия билан ҳамкорликда ёки мустақил равишда инсонни Ойга чиқаришни ният қилган.
Япония учувчи бошқарадиган, кўп маротаба қўлланиладиган космик юк ташиш тизимларини яратиш устида тадқиқот ишларини давом эттириб, 2025 йилдан сўнг, Ой томон учувчи бошқарувидаги парвозларни амалга ошира бошлашини эълон қилди.
Эрон 2020 йилга бориб ўзининг учувчи бошқарадиган кичик космик кемасини, келажакда эса кичик орбитал станциясини яратиш устида 2005-2008 йилдан эътиборан иш бошлаган.
Туркия 2020 йилдан кейин ўзининг учувчи бошқарадиган космик кемасини яратиш билан якунига етадиган космонавтикасини тизиш борасидаги босқичма-босқич амалга ошириладиган режасини тузган.
Малайзия мусулмон оламининг бирлашган космик дастурини, шу жумладан, учувчи бошқарадиган мухтор космонавтикани яратиш ташаббусчиси ва соҳа мувофиқлаштирувчиси бўлиш истагини эълон қилди.
Scaled Composites компанияси ва бир қатор бошқа компанияларнинг космик туризм дастури доирасида туризмга оид суборбитал ва орбитал космик кемалар ва хатто орбитал станциялар яратиш ва улардан яқин орада мунтазам фойдаланиш ишлари давом этмоқда.
Шу билан бир вақтда, сўнгги йилларда учувчи бошқарадиган космонавтиканинг истиқболсиз эканлиги, узоқ келажакда инсон заковатига бас келадиган сунъий интеллект яратилгач, ерда яшашга мослашган инсонни космосга учириш мақсадга мувофиқ келмай қолиши мумкинлиги ҳақида тез-тез ёзиб турилмоқда. 2009 йили ушбу ғояни физик Олег Доброчеев илгари суриб, асослаб беришга уриниб кўрди.

Shokir Dolimov 12.04.2013 00:35

2. КОСМИК ТЕХНИКА, УНИНГ ВАЗИФАСИ ВА ИНФРАТУЗИЛМАСИ

ЭЛТУВЧИ РАКЕТА (рус. ракета-носитель), космик фазога космик аппарат, Ернинг сунъий йўлдоши, космик кема, планеталараро автоматик станция каби фойдали юк олиб чиқиш учун мўлжалланган кўп поғонали баллистик ракета. Бошқача айтганда, космонавтика манфаатларида фойдаланиладиган ракета.
Бундай ракета фойдали юк Ер яқинидаги паст, ўрта баландликдаги, юқори эллиптик ва катта айлана орбиталарга етказилаётганида зарурий (биринчи ёки иккинчи ёхуд ундан юқори) космик тезлик олишини таъминлайди. Ўз траекториясининг фаол қисмидаги бугунги элтувчи ракета парвозининг давомийлиги тахминан 17 дақиқани ташкил этади, старт олиш вазни 3000 тонна бўлиб, ушбу вазннинг 90 фоизи ёқилғи вазнидан иборат, Ер яқинидаги орбитага олиб чиқадиган фойдали юк вазни тахминан 140 тонна.

Элтувчи ракеталар таснифи
Айрим горизонтал старт оладиган авиацион-космик тизимлардан фарқли ўлароқ, элтувчи ракеталар вертикал, камдан-кам ҳолларда ҳавода старт олади.

Поғоналар жойлаштирилишига (йиғилишига) кўра:
поғоналар бирин-кетин жойлашган бўлиб, парвоз жараёнида навбат билан ишга тушадиган бўйлама йиғилган ракета;
ҳар хил поғоналарга тааллуқли, парвоз жараёнида бир вақтда ишлайдиган бир нечта блоклар параллель (пакет тарзида) жойлашган параллел йиғилган ракета;
бир вақтда юргизилиб баравар ишлайдиган старт олиш ва марш двигателларига ёқилғи етказиладиган, барча поғоналар учун умумий ёқилғи баклари ўрнатилган, иши ниҳоясига етган марш двигателларигина улоқтириладиган шартли пакет тарзида (бир ярим пакет тартибида) йиғилган ракета.

Поғоналар сонига кўра:
бир поғонали ракета;
барча поғоналар учун умумий оксидловчи модда ва ёқилғи бакига эга, старт олиш двигателлари эса биринчи поғонани ташкил этадиган, яъни бутун поғона эмас фақат ушбу двигателлар улоқтириладиган бир ярим поғонали ракета (мисол учун, «Атлас» русумли элтувчи ракетанинг биринчи модификациялари);
икки поғонали ракета ва ҳоказо.

Ўрнатилган двигатель турларига кўра:
суюқ ёқилғи қўлланиладиган ракета;
қаттиқ ёнилғи қўлланиладиган ракета;
ҳар хил поғоналарда суюқ ёқилғи ва қаттиқ ёнилғи комбинацияси қўлланиладиган ракета.

Космосга олиб чиқиладиган фойдали юк вазнига кўра:
юк вазни 60-70 тоннадан вазмин бўлган ўта оғир;
юк вазни 15-50 тоннадан иборат оғир;
юк вазни 5-15 тоннадан иборат ўрта оғир;
юк вазни 5 тоннадан иборат ўрта вазнли;
юк вазни 5 тоннагача бўлган енгил синфларга фарқ қилади.
Бундан ташқари, космик фаога бир неча ўнлаб килограб фойдали юк олиб чиқадиган нано-элтувчи ракеталар пайдо бўлмоқда.

Учирилиш сонига кўра:
бир маротаба учириладиган ракета;
кўп маротаба учириладиган ракетага бўлинади.

Аксарият элтувчи ракеталар бир маротаба учириладиган кўп поғонали, пакет тарзида ёки бўйлама йиғилган, барча элементлари максимал даражада соддалаштирилгани боис, ишончлилиги билан фарқ қиладиган жанговар қитъалараро баллистик ракеталарнинг модификация қилинган варианти саналади.
Илк бор 1957 йил 4 октябрь куни ССРИ томонидан Р-7 русумли элтувчи ракета воситасида «Спутник-1» русумли, вазни 83,6 кг бўлган космик аппарат космосга учирилган.

Турли давлатлар томонидан илк бор учирилган элтувчи ракеталар:
1958 йил 31 январь – АҚШ, «Юпитер-С» ракетаси, космик аппарат вазни 4,8 кг;
1965 йил 26 ноябрь – Франция, «Диамант-А» ракетаси, космик аппарат вазни 80 кг;
1970 йил 11 февраль – Япония, L-45 ракетаси, космик аппарат вазни 9,4 кг;
1970 йил 24 апрель – Хитой, «Буюк сафар» ракетаси, космик аппарат вазни 173 кг;
1971 йил 28 октябрь – Англия, «Блэк Эрроу» ракетаси, космик аппарат вазни 66 кг;
1979 йил 24 декабрь – Европа космос агентлиги (ESA), «Ариан» ракетаси, космик аппарат вазни 1700 кг;
1980 йил 18 июнь – Ҳиндистон, SLV-3 ракетаси, космик аппарат вазни 40 кг.

Элтувчи ракеталарнинг кейинги авлодлари:
ССРИ – «Старт-1» (1993; старт олиш вазни 50 т, паст орбитага чиқарилган фойдали юк вазни 0,5 т), «Циклон» (1977; 185 т; 3,6 т), «Союз» (1973; 305 т; 7,1 т), «Зенит» (1985; 459 т; 13,7 т), «Протон» (1967; 700 т; 20,6 т), «Энергия» (1987; 2400 т; 100 т);
АҚШ – «Титан-ЗВ» (1966; 187 т; 3,6 т), «Атлас-2» (1990; 188 т; 6,6 т), «Титан-4» (1989; 867 т; 17,7 т); «Сатурн-5» (1967; 2950 т; 135 т);
Хитой – «Буюк сафар-2» (1975; 192 т; 2,0 т);
Ҳиндистон – ASLV (1987; 40 т; 0,15 т);
Япония – Н-1 (1986; 140 т; 3,8 т), Н-2 (1994; 260 т; 10,0 т);
ESA – «Ариан-4» (1988; 304 т; 4,6 т), «Ариан-4Л» (1988; 460 т; 9,4 т).

Айрим элтувчи ракеталарга оид маълумотлар:
«Космос» – ССРИда ишлаб чиқилган, «Космос» русумли Ернинг сунъий йўлдошларини космосга чиқариш учун мўлжалланган 2 поғонали элтувчи ракеталар серияси.
«Энергия» – кўп маротаба қўллаш учун мўлжалланган орбитал космик кемалар, илмий ва халк хўжалиги соҳалари манфаатларида ишлатиладиган йирик ўлчамли космик аппаратларни, шу жумладан, узоқ вақт ишлатиладиган космик станция модулларини орбитага чиқариш мақсадида ССРИда яратилган 2 поғонали универсал элтувчи ракета.
Узунлиги 60 м, кўндаланг кесимининг максимал ўлчами тахминан 20 м, старт олиш вазни 2000 тоннадан оғир, Ер яқинидаги орбитага олиб чиқадиган фойдали юк вазни 100 тоннадан оғир.
«Ариан» – Европа космик агентлиги томонидан яратилган, Ернинг сунъий йўлдошларини космосга чиқариш учун мўлжалланган, суюқ ёқилғи қўлланиладиган двигатель ўрнатилган 3 поғонали элтувчи ракеталар серияси.

Shokir Dolimov 12.04.2013 00:39

КОСМИК АППАРАТЛАР (рус. космические аппараты), космик фазода турли вазифаларни ҳал этиш, осмон жисмлари юзида тадқиқот ишлари ва бошқа турдаги ишларни амалга ошириш мақсадида космосга учиш ёки космосда парвоз қилиш учун мўлжалланган, орбитага элтувчи ракеталар воситасида чиқариладиган учиш аппаратларининг (техник қурилмаларнинг) умумий номи.
Космик аппаратлар, Ер яқинида ва планеталараро учиш, орбитал парвоз қилиш, илмий-тадқиқот ва амалий масалаларни ҳал этиш учун мўлжалланган бўлиб, автоматик учадиган ва учувчи бошқарадиган аппаратларга фарқ қилиши мумкин.
Асосий вазифаси Ер атмосферасининг устки, яқин космос, деб аталадиган қисмида одам ва жиҳозларни ташиш саналадиган космик аппарат космик кема ёки космик учиш аппарати, деб номланади.
Қўлланилиш соҳасига кўра космик аппаратлар:
суборбитал;
Ернинг сунъий йўлдошлар ҳаракатланадиган геоцентрик орбита бўйлаб парвоз қиладиган Ер яқинидаги орбитал;
планеталараро (экспедицион);
муайян планетага тушириладиган гуруҳларга бўлинади.
Космик аппаратларни Ернинг автоматик сунъий йўлдоши ва учувчи бошқарадиган космик аппаратга фарқ қилиш қабул қилинган. Учувчи бошқарадиган космик аппаратлар жумласига барча турдаги учувчи бошқарадиган космик кемалар ва орбитал космик станциялар киради
Баъзан, пассив сунъий йўлдошлардан фарқ қилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтиш ақсадида Ернинг фаол, яъни турли манёврлар бажарадиган сунъий йўлдошларини номлаш учун «Космик учиш аппарати» термини қўлланилади. Аксарият ҳолларда «Космик аппарат» ва «Космик учиш аппарати» маънодош сўзлар сифатида эътироф этилади.
Бундан ташқари, сўнгги йилларда авиация-космос тизимларига мансуб орбитал-гипертовуш учиш аппаратларининг лойиҳалари ишлаб чиқилар экан, ҳавосиз космик фазода ҳам, Ернинг зич атмосфера қатламларида ҳам, бошқариладиган парвоз амалларини бажарадиган космоплан ва космолётларни номлаш учун ҳаво-космик аппарат номи ҳам тез-тез қўлланиб келинмоқда.

Космик аппаратлар таснифи:

Иш режимига кўра:
Ернинг сунъий йўлдошлари – геоцентрик орбитада ҳаракатланаётган, яъни Ер атрофида айланаётган аппаратларнинг умумий номи;
автоматик планеталараро станциялар (космик зондлар) – Ердан Қуёш тизимига мансуб бошқа космик жимлар орасида парвоз қиладиган аппаратлар. Бунда, ушбу аппаратлар ўзлаштирилаётган осмон жисмининг орбитасига чиқиши ҳам, учиб ўтиш траекториясида тадқиқ этиши ҳам мумкин. Айриб аппаратлар тадқиқ ишларини ниҳоясига етказгач, Қуёш тизимининг сарҳадларини тарк этиб кетади;
автоматик ёки учувчи бошқарадиган космик кемалар – юк ва одамларни Ер орбитасига олиб чиқиш учун қўлланилади. Бугунги кунда бошқа планеталарнинг орбиталарига парвоз қилиш режалари ишлаб чиқилмоқда;
орбитал станциялар – одамларнинг Ер орбитасида узоқ вақт бўлиб, ишлашлари учун мўлжалланган аппаратлар;
планета юзига тушириладиган аппаратлар – одам ва тегишли материалларни планета атрофидаги орбитадан ёки планеталараро траекториядан планета юзига тушириш учун мўлжалланган аппаратлар;
планетоходлар – планета ёки бошқа турдаги осмон жисми юзида ҳаракатланиб юриши учун мўлжалланган автоматик лаборатория комплекслари ёки транспорт воситалари.

Қайтишига кўра:
Ерга қайтадиган аппаратлар – одам ва материалларни Ерга эркин ёки қаттиқ қўнган тарзда қайтариш кўзда тутилади;
Ерга қайтмас аппаратлар – ресурси тугагач, одатда орбитадан тушиб, атмосфера қатламларида ёниб кетади.

Бажарадиган ишига кўра:
метеорологик аппаратлар;
навигация аппаратлари;
алоқа, телевизион, телекоммуникацион йўлдошлар;
илмий-тадқиқот аппаратлари;
геофизик аппаратлар;
геодезик аппаратлар;
астрономик аппаратлар;
Ерни юқоридан зондлаш аппаратлари;
разведка ва ҳарбий аппаратлар;
бошқа турдаги аппаратлар.
Аксарият космик аппаратлар бир вақтнинг ўзида бир неча иш турларини бажаради.

Вазнига кўра:
фемто – 100 граммгача
пико- –1 килограммгача
нано- – 1-10 кг
микро- – 10-100 кг
мини- – 100-500 кг
кичик – 500-1000 кг
йирик – 1000 килограммдан оғир.

Shokir Dolimov 12.04.2013 00:43

Космик аппарат парвозининг ўзига хос хусусиятлари
Умуман олганда, космик аппарат парвозини уч қисмга, хусусан, орбитага чиқариш, орбитал парвоз ва қўниш қисмларига бўлиш қабул қилинган. Орбитага чиқариш қисмида космик аппарат белгиланган йўналишда зарурий космик тезлик олиши лозим. Парвознинг орбитал қисми аппаратнинг само механикаси қонунларига мувофиқ инерциал ҳаракатланиши билан тавсифланади. Қўниш қисми эса Ерга қайтаётган космик аппаратнинг тезлигини қўниш тезлигига қадар сўндириш учун хизмат қилади.
Космик аппарат бортидаги тизимлар (рус. бортовое оборудование космического аппарата) – космик аппарат ҳаракатининг белгиланган тавсифлари рўёбга чиқиши, ички истиқомат шароитлари таъминланиши ва мақсадли вазифалар ҳал этилиши учун мўлжалланган техник воситалар мажмуи.
Космик аппарат бир нечта таркибий қисмлардан ташкил топган. Улар жумласига, авваламбор, космик аппарат олдида турган вазифаларни ҳал этиш мўлжалланган мақсадли аппаратлар киради. Мақсадли аппаратлардан ташқари, одатда, космик фазо шароитларида аппаратнинг узоқ вақт ишлашини таъминлайдиган бир қатор хизмат тизимлари ҳам мавжуд.
Бундай тизимларга: энергия таъминоти, ҳарорат ростлаш, радиацион муҳофаза, парвоз жараёнини бошқариш, йўналтириш, космонавтларни авария ҳолатида қутқариш, қўниш, элтувчи ракетадан ажраб чиқиш, бошқа космик аппарат билан туташиш, радиоалоқа, ҳаётий таъминот, биологик муҳофаза, иссиқликдан сақлаш, телеметрия каби тизимлар киради.
Космик аппарат бажарадиган вазифага боғлиқ ҳолда юқорида санаб ўтилган хизмат тизимларининг айримлари, мисол учун, алоқа йўлдошида космонавтларни авария ҳолатида қутқариш, ҳаётий таъминот тизимлари бўлмайди.
Космик аппарат бортига мақсадли вазифалар ҳал этилиши учун ўрнатилган жиҳозлар ўз ичига илмий-тадқиқот, метеорологик ва фотографик жиҳозларни мужассам этади.
Электр таъминот тизими
Космик аппаратга ўрнатилган тизимларнинг аксарият қисми электр таъминот бўлишини тақозо этади. Бинобарин, электр энергиясининг манбаи сифатида, одатда, қуёш батареялари ва кимёвий аккумуляторлардан ташкил топган боғлам қўлланилади. Кам ҳолларда бошқа манбалар, мисол учун, ёқилғи элементлари, радиоизотоп батареялар, ядровий реакторлар, бир маротаба ишлатиладиган гальваник элементлардан фойдаланилади.
Ҳарорат режимини сақлаш (ҳарорат ростлаш) тизими
Космик аппарат ички (асбоблар, агрегатлар ва шу кабилар) ва ташқи манбалардан, мисол учун қуёшнинг бевосита ва планетадан акс этган нурлари, планета нурларидан ҳамда планетанинг аппарат баландлигидаги атмосфера қолдиқларига ишқаланиш туфайли қизийди. Шунингдек, космик аппарат иссиқлик нурлаши сабабли совийди. Космик аппаратнинг аксарият узеллари ҳарорат режими сақланишини тақозо этади, яъни уларнинг ҳаддан ортиқ қизиб кетиши ёки совиб қолишига йўл қўйиб бўлмайди. Қизиш билан совиш жараёни ўртасидаги мувозанатни сақлаш, иссиқлик энергиясини аппарат конструкциялари орасида тақсимлаш ва шу тариқа, белгиланган ҳарорат режимини сақлаш – ҳарорат ростлаш тизимининг асосий вазифаси саналади.
Бошқарув тизими
Космик аппаратнинг муайян томон йўналиши ва манёврлар бажаришини таъминлаш мақсадида аппартнинг двигатель қурилмасини бошқаради. Ушбу тизим, одатда, мақсадли аппаратлар ва бошқа турдаги кичик тизимлар билан, уларнинг ҳолатини назорат қилиш ва бошқариш мақсадида боғланган бўлиб, борт радиоалоқаси воситасида қуруқликдаги бошқарув тизимлари билан ахборот алмашинади.
Алоқа тизими
Космик аппарат ҳолатини назорат қилиб бориш, уни бошқариш, мақсадли аппаратлардан ахборот олишни таъминлаш учун қуруқликдаги бошқарув комплекси билан алоқа канали бўлиши талаб этилади. Бунинг учун асосан радиоалоқа бўлиши лозим. Космик аппарат Ердан олис масофаларга узоқлашадиган бўлса, аниқ йўналган антенналар ва уларни космик аппарат томон йўналтириш тизимлари қўлланилади.
Ҳаётий таъминот тизими
Бундай тизим учувчи бошқарадиган ҳамда бортида биологик тажрибалар ўтказиладиган космик аппаратлар учун зарур бўлиб, ўз ичига зарурий моддалар захираси, регенерация ва утилизация тизимларини мужассам этади.
Йўналтириш тизими
Космик аппаратнинг айни фурсатда қай томон йўналганини аниқлаш қурилмалари (қуёш датчиги, юлдуз датчиги кабилар) ва ижро органларидан (йўналтириш двигателлари ва куч гироскопларидан) иборат.
Двигатель қурилмаси
Космик аппарат тезлиги ва ҳаракат йўналишини ўзгартириш имконини беради. Одатда, кимёвий ракета двигатели қўлланилади, бироқ электр, ядровий ва бошқа турдаги двигателлар ёки қуёш паруси ҳам қўлланилиши мумкин.
Энг биринчи космик аппарат – 1957 йили ССРИ томонидан орбитага чиқарилган Ернинг сунъий йўлдоши саналади.
Космик аппаратларга мисол тариқасида таъминот мақсадларида юк ташиш учун мўлжалланган «Прогресс» автоматик космик аппаратлар сериясини келтириш мумкин. Ушбу аппаратлар ССРИда «Союз» космик кемаси негизида яратилган бўлиб, илк бор 1978 йили космосга учирилган. Бундай космик аппаратларнинг асосий вазифаси – орбитал станцияга ёқилғи, тегишли жиҳозлар ва бошқа турдаги материалларни етказиш йули билан, ушбу станциялар иши давомли кечишини таъминлашдир.

Shokir Dolimov 12.04.2013 00:46

КОСМИК КЕМА (рус. космический корабль), учувчи-космонавт томонидан бошқариладиган, космонавтларнинг ҳаётий фаолиятини таъминлаш тизими билан биргаликдаги герметик ёпилган кабинага эга космик аппарат.
Гелиоцентрик орбиталар бўйлаб узоқ вақт парвоз қилиш учун мўлжалланган космик кема орбитал станция, бошқа планетага учиш учун мўлжалланган космик кема эса планеталараро станция, деб аталади. Юк ва космонавтларни ташиб етказиш тадбирлари космик юк ташиш кемалари ва орбиталараро буксирлар воситасида амалга оширилади.

Ер яқинидаги орбиталар бўйлаб парвоз этиш учун мўлжалланган совет космик кемалари жумласига қуйидаги кемалар киради:
«Восток» (вазни 4,73 т) – 1961-63 йиллар давомида жами 6 маротаба космосга чиқарилган, шу жумладан, жаҳоннинг биринчи космонавти Ю. А. Гагарин парвоз қилган бир ўринли дастлабки космик кемалар серияси;
«Восход» (вазни 5,32 т) – 1964-65 йиллар давомида жами 2 маротаба космосга чиқарилган, иккинчи парвоз давомида совет космонавти А. А. Леонов илк бор очиқ космосга чиққан кўп ўринли космик кемалар;
«Союз» (вазни 6,38-6,8 т) – 1967-81 йиллар давомида жами 40 маротаба, улардан 2 маротаба космонавтсиз космосга чиқарилган кўп ўринли космик кемалар серияси.
1979-86 йиллар давомида жами 14 маротаба космосга чиқарилган «Союз-Т» ва 1986-98 йиллар давомида жами 25 маротаба космосга чиқарилган «Союз-ТМ» космик кемалар серияси космик экипажларни «Салют» ва «Мир» орбитал станцияларига етказиш ва космонавтларни Ерга қайтариш учун мўлжалланган бўлиб, «Союз» космик кемаси негизида яратилган модификациялар саналади.
«Восток», «Восход» ва «Союз» космик кемаларининг парвозлари давомида рўй берган муҳим ҳодисалар:
иккита космик кема ўзаро туташтирилиб, космонавтларнинг очиқ космос орқали бир космик кемадан иккинчисига ўтиши;
бир нечта космик кемаларнинг гуруҳ таркибидаги парвози;
АҚШнинг «Аполлон» космик кемаси билан туташиш.

АҚШ космик кемалари жумласига қуйидаги кемалар киради:
«Меркурий» (вазни 1,3 т) – 1961-63 йиллар давомида жами 6 маротаба космосга чиқарилган, шу жумладан, дастлабки иккита парвоз Ер орбитасига чиқмаган тарзда кечган бир ўринли дастлабки космик кемалар серияси;
«Джемини» (вазни 3,8 т) – 1965-66 йиллар давомида жами 10 маротаба космосга чиқарилган, шу жумладан, космонавтлар 5 маротаба очиқ космосга чиққан, бир нечта парвоз тажриба тариқасида гуруҳ таркибида кечган ва космик аппарат билан туташув ишлари амалга оширилган икки ўринли космик кемалар серияси;
«Аполлон» (вазни 47 т) – асосий вазифаси астронавтларни Ойга етказиш бўлиб, Ер яқинидаги орбиталар бўйлаб парвоз қилиш учун мўлжалланган уч ўринли космик кемалар серияси ҳамда мазкур кемаларни ишлаб чиқиш ва космосга чиқариш дастурининг номи.
Ушбу кемаларда астронавтлар Ер атрофида парвоз қилишган. Шунингдек, кемаларнинг учувчисиз парвозлари ҳам амалга оширилган. «Аполлон» негизида яратилган космик кема модификациялари экипажларни «Скайлэб» орбитал станциясига етказиш учун 3 маротаба қўлланилган. ЭПАС дастурига мувофиқ «Союз-19» космик кемаси билан туташтирилган. Бунда, ойга чиқиш бўлмасидан космонавтлар учун ўтиш бўлмаси сифатида фойдаланилган.
Космик кема старт олишининг максимал вазни тахминан 47 тонна, истиқомат бўлмаларининг ҳажми 12,7 куб метр. Ушбу космик кемалар 1968-75 йиллар давомида 15 маротаба жами 38 нафар астронавт билан космосга чиқарилган, улардан 6 маротаба, хусусан «Аполлон-11», -12, -14 ва -17 космик кемаларида ой экспедициялари Ой юзига қўнган тарзда муваффақиятли ўтган. Илк бор 1969 йили астронавтлар Н. Армстронг ва Э. Олдрин «Аполлон-11» космик кемасидан Ой юзига тушган. Ой юзида жами 12 нафар астронавт бўлган. «Аполлон-17» космик кемаси Ой юзида максимал вақт – 75 соат бўлган.

Shokir Dolimov 12.04.2013 00:50

КОСМИК ЮК ТАШИШ КЕМАСИ (рус. космический транспортный корабль) – юк ва экипажни орбитал станцияга етказиш, космик аппаратларни космик фазонинг белгиланган жойига тортиб бориш ва уларни Ерга қайтариш учун мўлжалланган автоматик ёки учувчи бошқарадиган космик кема
Бир маротаба фойдаланиладиган юк ташиш кемалари жумласига ССРИнинг «Союз» ва «Союз-Т» космик кемалари ҳамда «Прогресс» автоматик юк ташиш космик кемасини, АҚШнинг кўп маротаба фойдаланиладиган «Спейс шаттл»ни мисол тариқасида келтириш мумкин.

«СПЕЙС ШАТТЛ» (инг. Space Shuttle – космик қайиқ) (қисқартирилган номи «Шаттл») – космик кемаларни орбитага чиқариш, уларга техник хизмат кўрсатиш, космосда олиб борилган тадқиқот натижалари ёки космик кемаларни Ерга қайтариш, шунингдек, тегишли тадқиқотларни, шу жумладан, ҳарбий тадқиқотларни мустақил равишда амалга ошириш учун мўлжалланган кўп маротаба фойдаланиладиган АҚШнинг космик юк ташиш кемаси.
Ушбу кема иккита поғонадан иборат, хусусан:
биринчи поғона – ажралувчан поғона бўлиб, қаттиқ ёқилғи қўлланиладиган ракета двигателларига эга иккита тезлаткичдан иборат. Ушбу тезлаткичлар такроран фойдаланиш учун ерга парашют воситасида тушади;
иккинчи поғона – суюқ ёқилғи қўлланиладиган учта ракета двигателига эга, орбитадан тушгач, «самолёт» режимида ерга қўнишга қодир бошқариладиган қанотли орбитал поғона («Колумбия», «Челленджер», «Дискавери», «Атлантис» ёки «Индевер»).
Жами 100 маротаба қўлланилишга мўлжалланган «Шаттл» вертикал йўналишда старт олади, орбитадан тушгач эса секин-аста пастлаб учиб, самолёт сингари ерга қўнади.
Астронавтлар иштирокидаги биринчи парвози 1981 йилнинг апрель ойида амалга оширилган. Таассуфки, 1986 йил 28 январь куни старт олган «Челленджер» ҳалокатга учраб, жамики экипаж ҳалок бўлди. 1988 йилнинг сентябрь ойида, ушбу кема парвозлари қайта бошланди.
«Шаттл» кемасининг жами бешта орбитал поғонаси қурилган, жумладан:
«Колумбия» (2003 йил 1 февраль куни ерга қўниш фурсатида ҳалокатга учраган);
«Челленджер» (1986 йил 28 январь куни старт олиш фурсатида ҳалокатга учраган);
«Дискавери»;
«Атлантис»;
«Эндевер».
«Спейс шаттл»нинг асосий тактик ва техник хусусиятлари: старт олиш вазни тахминан 20000 т, узунлиги 56 м, орбитага чиқариладиган фойдали юк 29,5 т, Ерга қайтариладиган фойдали юк 14,5 т, парвознинг максимал давомийлиги 30 сутка, экипаж 7 киши.

ҲАВО-КОСМИК САМОЛЕТ (рус. воздушно-космический самолет) – учиш-қўниш амалларини самолёт сингари бажарадиган, атмосфера ва космик фазода учиш учун мўлжалланган кўп маротаба фойдаланиладиган бир поғонали учиш аппарати.
Бундай самолётни яратишдан тадқиқот парвозларини амалга ошириш, космик аппаратларга транспорт-техник хизматларини кўрсатиш ва жанговар вазифаларни ҳал этиш мақсадлари кўзланмоқда. Уни яратиш ишлари АҚШ, Буюк Британия ва бошқа давлатларда олиб борилмоқда.

ҲАВО-КОСМИК КЕМА (рус. воздушно-космический корабль) – космик фазода учиб, ерга самолёт сингари қўниш учун мўлжалланган, кўп маротаба фойдаланиладиган орбитал кема.
Ҳаво-космик кема ҳаво-космик самолётдан фарқли ўлароқ ракета сингари старт олади. Келажакда самолёт ёки космик кема бортидан старт оладиган турлари яратилиши кутилмоқда. Асосий аэродинамик юзалар, парвоз жараёнини барқарорлаштириш ва бошқариш органлари (қанот, дум қисми кабилар), шасси, парвоз-навигация тизимига эга.
Ушбу кема юк ташиш ишлари, орбитага чиқарилган космик кемаларга техник хизмат кўрсатиш тадбирлари, космик тажрибалар ўтказилиши, Ернинг табиий манбаларини разведка қилиш ва шу каби, бошқа мақсадларда қўллаш учун мўлжалланган.
1981 йилдан эътиборан АҚШнинг «Спейс шаттл» кемаси қўлланиб келинмоқда.
1988 йили ССРИнинг «Буран» кемаси Ер атрофида икки маротаба айланиб, аэродромга қўнди.

Хусусий космик кемалар:
SpaceShipOne – биринчи суборбитал космик кема.
SpaceShipTwo – суборбитал сайёҳлик кемаси. Келгуси ривожи SpaceShipOne.
Дракон (Dragon SpaceX) – «Тижорат мақсадларида орбитал юк ташиш» (COTS) дастури доирасида НАСА буюртмасига биноан SpaceX компанияси томонидан ишлаб чиқилаётган космик юк ташиш кемаси.

Shokir Dolimov 12.04.2013 00:54

СУНЪИЙ ЙЎЛДОШ – муайян осмон жисми атрофидаги орбита бўйлаб ҳаракатланадиган космик аппарат. ССРИ томонидан:
1957 йили - Ернинг сунъий йўлдоши;
1959 йили – Қуёшнинг сунъий йўлдоши;
1966 йили – Ойнинг сунъий йўлдоши;
1975 йили – Зуҳранинг сунъий йўлдоши биринчи бўлиб учирилган. АҚШ томонидан эса 1971 йили Миррихнинг сунъий йўлдоши учирилган.

ССРИ ва Россия томонидан учирилган сунъий йўлдошлар рўйхати: Электрон, Полёт, Метеор, Экран, Радуга, Горизонт, Молния, Гейзер, Альтаир, Купон, ГЛОНАСС, Парус, Фотон, Око, Стрела, Ресурс, Целина, Бион, Вектор, Ромб, Цикада.

ЕРНИНГ СУНЪИЙ ЙЎЛДОШЛАРИ – Ернинг геоцентрик орбитаси бўйлаб камида бир маротаба айланган тарзда эркин парвоз қиладиган космик аппаратлар.
Ернинг сунъий йўлдоши орбитага ҳаракатининг фаол қисми бир неча юз километрдан икки-уч минг километргача масофани ташкил этадиган, сунъий йўлдош ажралиб чиқаётган фурсатдаги тезлиги эса биринчи космик тезликка тенг бўладиган ёки ушбу тезликдан 1,4 маротабадан ошмай, горизонтал йўналишда ҳаракатланадиган элтувчи ракета воситасида чиқарилади.
Ернинг энг биринчи сунъий йўлдоши («Спутник-1») ССРИ томонидан 1957 йил 4 октябрь куни учирилган. Шундан сўнг:
1958 йили – АҚШ;
1965 йили – Франция;
1967 йили – Австралия;
1970 йили – Япония ва Хитой;
1971 йили – Буюк Британия;
1980 йили – Ҳиндистон томонидан учирилган.
Ернинг сунъий йўлдошлари жумласига орбитал космик кема ва станциялар кириб, мақсадли вазифасига кўра улар илмий-тадқиқот ва амалий мақсадларда фойдаланиладиган сунъий йўлдошларга фарқ қилади.

Илмий-тадқиқот мақсадларида фойдаланиладиган Ернинг сунъий йўлдошлари Ер атмосферасининг ионосфераси ва янада юқори қатламларини, галактика нурлари ва Қуёш нурларини, гравитация майдонларининг тузилишларини, Ернинг радиацион минтақасини ва шу каби масалаларни ўрганиб бориш учун хизмат қилади. Бундай йўлдошлар жумласига:
ССРИнинг «Космос», «Электрон», «Протон», «Прогноз» серияларига мансуб йўлдошлар;
АҚШнинг «Авангард», «Эксплорер», «ОСО», «ОГО», «ОАО», «Пегас», «ХЕАО» серияларига мансуб йўлдошлар;
Англиянинг «Ариэль» йўлдоши;
Франциянинг «Диадем», «Турнесоль», «Ореол» каби йўлдошлари киради.

Амалий мақсадларда фойдаланиладиган Ернинг сунъий йўлдошлари жумласига:
телевизион кўрсатувларни ретрансляция қилиш, бир-биридан 10-15 минг км нарида жойлашган қуруқликдаги пунктлар орасида алоқанинг барча турларини таъминлаш учун хизмат қиладиган, мисол учун, ССРИнинг «Молния», «Экран», «Горизонт», АҚШнинг «Синком», «Интелсат», «Марисат» каби алоқа йўлдошлари;
ССРИнинг «Метеор» ва айрим «Космос» сериясига мансуб, АҚШнинг «Тирос», «ЭССА», «Нимбус» каби метеорологик йўлдошлар;
ССРИнинг «Цикада», АҚШнинг «Транзит», «Навстар» каби навигация йўлдошлари;
табиий манбаларни тадкиқ этиш йўлдошлари;
геодезия йўлдошлари;
разведка олиб бориш, рақиб узатаётган маълумотларни тутиш, радиолокация станцияларининг турган жойини аниқлаш, қитъалараро баллистик ракеталар учиришга ҳозирланаётгани ҳақида олдиндан огоҳлантириш учун ҳарбий мақсадларда қўлланиладиган йўлдошлар киради.

Айрим сунъий йўлдошлар ва уларнинг тизимига оид маълумотлар:
«Полет» – космос техникаси тарихида илк бор ССРИ томонидан учирилган, парвоз давомида орбита баландлиги ва текислиги ўзгартириладиган Ернинг манёврчан сунъий йўлдошлари. Орбитага 1963 йили «Полет-1», 1964 йили эса «Полет-2» чиқарилган.
Вертикал космик зонд – Ер атмосфераси ва Ер яқинидаги космик фазони текшириш учун мўлжалланган, ўлчов асбоблари ўрнатилган ажралувчи контейнер кўринишидаги ракета воситасида учириладиган вертикал зондлаш аппарати.
«Молния» – телевизион дастурларни ретрансляция қилиш, телеграф, телефон ва фототелеграф алоқа турларини ташкиллаштириш, шунингдек, стационар яқинидаги орбитадан тажриба тариқасида телевизион ва радио дастурларни узатиш учун мўлжалланган Ернинг сунъий йўлдошлари серияси ҳамда уларни ишлаб чиқиш (1965 йили) ва учиришга оид дастур номи.
Ернинг мазкур сунъий йўлдоши «Орбита» сунъий йўлдош орқали алоқа тизими таркибига кирган.
«Метеор» 1) ўз ичига Ернинг «Космос» ва «Метеор» сунъий йўлдошлари, метеорологик маълумотларни қабул қилиш ва уларга ишлов бериб, тарқатиш пунктлари, Ернинг сунъий йўлдоши бортига ўрнатилган тизимлар ишини назорат қилиб, бошқариш хизматини мужассам этган, метеорологик маълумотлар ва илмий тадқиқотларни йиғиш учун мўлжалланган, 1967 йили ишга туширилган космик метеорологик тизим. 2) 1969 йилдан эътиборан орбитага чиқарила бошланган Ернинг метеорологик сунъий йўлдошлари серияси.
«Эксплорер» (инг. Explorer – тадқиқотчи) –космик фазони тадқиқ этиш учун мўлжалланган, АҚШ томонидан орбитага чиқарилган, ҳар бирининг вазни тахминан 660 кг келадиган Ернинг сунъий йўлдошлари серияси.
«Эксплорер»ларнинг айримлари Ой яқинидаги орбиталарга чиқарилган. «Эксплорер-1» 1958 йили АҚШ томонидан биринчи бор орбитага чиқарилган Ернинг сунъий йўлдоши саналади. 1958-81 йиллар давомида жами олтмиш бешта «Эксплорер» учирилган бўлиб, бундай уринишларнинг эллик олтитаси муваффақиятли кечган.
«Космос» – космик фазони ўрганиш, айрим техник муаммоларни тадқиқ этиш, космик аппаратлар тизимини ишлаб чиқиш мақсадида ССРИ томонидан 1962 йил 2 мартдан эътиборан 2 поғонали «Космос» элтувчи ракеталар воситасида орбитага чиқарилган Ернинг сунъий йўлдошлари тизими.
«Коспас-Сарсат» авария ҳолатига тушиб қолган самолёт ва кемаларга тегишли радиобуйларнинг координаталарини аниқлаш учун мўлжалланган сунъий йўлдошлар тизими.
«Коспас» - умумий тизимнинг дастлаб ССРИ, кейинчалик Россияга тегишли қисми, «Сарсат» эса АҚШ, Канада ва Франция томонидан яратилган қисми.
Мазкур тизим фойдаланишга босқичма-босқич топширилган бўлиб, ўз ичига Ер қутблари яқинидаги айлана орбита бўйлаб ҳаракатланадиган Ернинг сунъий йўлдошлари, самолёт ва кемаларга ўрнатилиб, авария ҳолатида ишга тушадиган радиобуйлар ва ахборот қабул қилиш пунктларини мужассам этади.
Ернинг сунъий йўлдошлари кўринадиган зонада бир вақтда ишга тушган йигирматадан кам бўлмаган радиобуйларнинг координаталари аниқланади.

Shokir Dolimov 12.04.2013 00:57

ОРБИТАЛ СТАНЦИЯ (рус. орбитальная станция) – космик фазода илмий тадқиқотлар олиб бориш мақсадида одамлар Ер яқинидаги орбитада узоқ вақт бўлиши учун мўлжалланган, шунингдек, бошқа планета ёки унинг йўлдоши атрофидаги орбита бўйлаб парвоз этганча узоқ вақт ишлайдиган, бошқа космик аппаратлар билан туташиш имкониятига эга, учувчи бошқарадиган ёки автоматик равишда парвоз қиладиган кўп мақсадли космик аппарат.
Орбитал станция ўз ичига одам яшайдиган модуллар, техник ва шлюз бўлмаларини мужассам этади. Станциялар, орбиталарини кўтариб бориш учун ёқилғи бўлишини, иш қобилияти сақланиши, экипаж эҳтиёжлари қаноатланиши учун турли юклар етказилишини тақозо этади. Бинобарин, экипаж таркибини алмаштириш учун оддий космик кемалардан, юк, ёқилғи ва илмий жиҳозларни етказиш учун эса космик юк ташиш кемаларидан фойдаланилади.

Орбитал станциялар:
Салют – орбитал станцияларнинг дастлабки серияси (ССРИ)
Скайлэб – орбитал станция (АҚШ)
Мир – модуллардан йиғилган биринчи орбитал станция (ССРИ)
Халқаро космик станция (ХКС).

Ой станциялари:
Луна – Ойни тадқиқ қилиб, тупроғини келтириш, Луноход-1 и Луноход-2. (ССРИ)
Рейнджер – Ойнинг юзига тушиш жараёнида, унинг телевизион тасвирини олиш (АҚШ)
Эксплорер 35 (Лунар Эксплорер 2) – Ой ва унинг яқинидаги космик фазони селеноцентрик орбитадан ўрганиш (АҚШ)
Лунар Орбитер – Ой атрофидаги орбитага чиқариб, юзининг харитасини ҳосил қилиш (АҚШ).
Сервейер – Ой юзига эркин қўнишни машқ қилиб, тупроғини тадқиқ қилиш (АҚШ).
Lunar Prospector – Ойни тадқиқ қилиш (АҚШ).
Смарт-1 – ион двигатели билан жиҳозланган аппарат воситасида Ойни тадқиқ қилиш (ЕКА).
Kaguya – Ой ва унинг яқинидаги космик фазони тадқиқ қилиш (Япония).
Чанъэ-1 – Ойни тадқиқ қилиб, юзининг харитасини ҳосил қилиш (Хитой).

Орбитал станциялар орбитага тайёр йиғилган ҳолатда чиқарилиши ёки космик фазода йиғилиши мумкин. Ер яқинидаги, 500 км гача баландликдаги орбита бўйлаб парвоз қиладиган орбитал станциялар ёрдамида Ер ва космик фазони тадқиқ этиш ишлари, астрофизик, кимёвий-физик, тиббий-биологик, метеорологик тадқиқотлар олиб борилади, навигация масалалари, Ернинг табиий манбалари ва шу каби бошқа масалалар ўрганиб борилади, шунингдек, учиш аппаратлари, денгиз кемалари, қуруқликдаги ҳаракатчан алоқа объектларининг навигациясини таъминлаш, эҳтимолий душман ҳудудини глобал миқёсда разведка Қилиш, душман ракета қуроли билан ҳамла қилишга ҳозирлик кураётгани ҳақида огоҳлантириш билан боғлиқ ҳарбий масалалар ҳал этилади.

Орбитал станциялар:
космосга тайёр йиғилган ҳолатда чиқариладиган мисол учун, ССРИнинг «Салют» ва АҚШнинг «Скайлэб» орбитал станциялари каби моноблокли;
ҳар бир блоки элтувчи ракета воситасида алоҳида етказилиб, бир нечта блоклар ўзаро туташтирилган тарзда, мисол учун, ССРИнинг «Мир» орбитал станцияси каби орбитада яратиладиган модулли бўлиши мумкин.
Орбитал станцияларга юк ва экипажлар космик юк ташиш кемалари воситасида етказилади.
ССРИнинг 1971-82 йиллар давомида жами еттита «Салют» орбитал станциялари серияси – орбитага чиқарилган биринчи станциялар саналади. Ҳар бир станциянинг вазни 18,9 т, узунлиги 16 метргача, истиқомат бўлмаларининг максимал диаметри 4,15 м, экипажи 6 кишидан иборат бўлган.
1995 йилга қадар космосга ССРИнинг «Салют» ва «Мир», АҚШнинг «Скайлэб» орбитал станциялари чиқарилган.
Ўтган асрнинг 90- йиллари ҳотимасида Ер орбитасида АҚШ, Канада, Россия, Европа космик агентлигига аъзо давлатлар иштирокида «Альфа» халқаро орбитал космик станция яратиш ишлари бошланди.
ССРИнинг «Мир» ва АҚШнинг «Скайлэб» орбитал станциялари борасида батафсилроқ тўхталиб ўтаман.
«Мир» – Ер яқинидаги орбита бўйлаб парвоз қилиш учун мўлжалланган биринчи модулли орбитал станция.
ССРИ томонидан «Салют» орбитал станциясининг конструкцияси негизида ишлаб чиқилган бўлиб, орбитага 1986 йил 20 февраль куни чиқарилган. «Мир» станциясининг вазни 90 т, максимал узунлиги тахминан 40 м, экипаж 6 киши. Унда туташтиришнинг янги тизими жорий этилган бўлиб, жами олтита туташтириш узелига эга бўлган. «Салют» орбитал станцияси билан таққосланадиган бўлса, «Мир» станциясида энергия таъминоти тизимининг қуввати сезиларли даражада оширилган, космонавтлар ишлаши ва дам олиши учун нисбатан кулай шарт-шароитлар яратилган. Йиғилган ҳолатда ўз ичига асосий блок ва бешта модулни мужассам этган. Доимо фаолият юритадиган, илмий ва халқ хўжалиги манфаатларида қўлланиладиган махсус орбитал модулларга эга, учувчи бошқарадиган кўп мақсадли комплекс яратиш учун мўлжалланган эди.
«Мир» станциясида 12 ярим йил давомида одам яшади. Унининг бортида жами 140 нафар космонавт ишлади. Совет космонавти Владимир Соловьев, ушбу станцияга 5 маротаба ташриф буюрди. Шифокор-космонавт Валерий Поляков эса станцияда 437 кун ўтказиб, космосда бўлиш вақти борасида рекорд ўрнатган. Америкалик астронавт аёл Шеннон Люсид 1996 йили станцияда 188 кун ишлаб аёллар орасида рекорд ўрнатди. Станцияда япон миллатига мансуб биринчи профессионал журналист Тоехиро Акияма ишлади.
Ҳар нарсанинг интиҳоси бўлганидек, 2001 йил 23 март куни «Мир» орбитал станцияси орбитадан туширилиб, Тинч океан қаърига чўктирилди.

«Скайлэб» (инг, Skylab, sky laboratory сўзларининг қисқартмаси бўлиб «самодаги лаборатория» маъносини англатади) – Ер яқинидаги орбита бўйлаб парвоз қилиш учун мўлжалланган АҚШнинг тажриба тариқасида яратилган орбитал станцияси ва уни яратишга оид дастур номи.
Ушбу станция орбитага 1973 йил 14 май куни чиқарилган бўлиб, космик фазони тадқиқ қилиш, тиббий-биологик ва техник тадқиқотлар ўтказиш, амалий масалаларни ҳал этиш учун мўлжалланган аппаратлар мажмуи билан жиҳозланган. Станциянинг максимал вазни 77 т, истиқомат бўлмаларининг ҳажми тахминан 340 куб метр, узунлиги 25 м, диаметри 6,6 м, экипаж 3 киши.
Станциянинг Ерга қайтиши аввал бошдан кўзда тутилмаган. Экипаж етказиш ва алмаштириш ишлари «Аполлон» космик юк ташиш кемалари воситасида амалга оширилган. Станцияга жами 3 маротаба экспедиция уюштирилган.
1973-74 йиллар давомида станцияда ҳар бири 3 нафар астронавтдан ташкил топган учта экипаж ишлаган. Учинчи экипаж таркиби станцияда максимал вақт – 84 сутка ишлаган.
1979 йил 11 июль куни станция йўқ қилинди.

Shokir Dolimov 12.04.2013 01:02

ПЛАНЕТАЛАРАРО АВТОМАТИК СТАНЦИЯ (рус. автоматическая межпланетная станция) – илмий мақсадда қўлланиладиган космик аппаратларни осмон жисмларига қадар етказиш, Ой, Қуёш тизимига мансуб планеталар ва ушбу планеталар орасидаги космик фазони ўрганиш учун мўлжалланган, учувчисиз бошқариладиган космик аппарат.
Планеталараро автоматик станциялар:
Пионер – Ой, планеталар орасидаги космик фазо, Муштарий ва Сатурнни кузатиш дастури (АҚШ)
Вояджер – гигант планеталарни тадқиқ қилиш дастури (АҚШ)
Маринер – Зуҳра, Миррих ва Меркурийни тадқиқ этиш дастури (АҚШ)
Марс – Миррихни тадқиқ этиш ва унинг юзига биринчи бор эркин қўниш (ССРИ)
Венера – Зуҳра атмосфераси ва унинг юзини тадқиқ этиш (ССРИ)
Викинг – Миррихни юзини тадқиқ этиш дастури (АҚШ)
Вега – Галлея кометаси билан дуч келиш, аэрозонднинг Зуҳра юзига қўниши (ССРИ)
Фобос – Миррих йўлдошларини тадқиқ этиш дастури (ССРИ)
Марс Экспресс – Миррихнинг сунъий йўлдоши, «Бигль-2» марсаходининг туширилиши (ЕКА)
Галилео – Муштарий ва унинг йўлдошларини тадқиқ этиш (НАСА)
Гюйгенс – Тиитан атмосферасини тадқиқ этиш зонди (ЕКА)
Розетта – Чурюмов-Герасименко кометасининг ядросига космик аппарат туширилиши (ЕКА).
Хаябуса – Итокав астероидидан тупроқ келтириш (JAXA).
MESSENGER – Меркурийни тадқиқ этиш (НАСА).
Магеллан (КА) – Зуҳрани тадқиқ этиш (НАСА).
Янги горизонтлар – Плутон ва унинг йўлдошларини тадқиқ қилиш (НАСА).
Venus Express – Зуҳрани тадқиқ этиш (ЕКА).
Phoenix – Миррих юзини тадқиқ этиш дастури (НАСА).

ССРИ томонидан яратилиб, космосга учирилган планеталараро автоматик станциялар:
«Луна» – 1959-76 йиллар давомида учирилган, Ой ва унинг яқинидаги космик фазони тадқиқ қилиш учун мўлжалланган «Луна-1» – «Луна-24» станциялари серияси. Хусусан:
«Луна-3» станцияси илк бор Ойнинг орқа томонини суратга олган;
1966 йили «Луна-9» станцияси Ойга эркин қўнган;
«Луна-16, -20 ва -24» станциялари эса ой тупроғини Ерга етказган;
«Зонд» – 1964-70 йиллар давомида учирилган, космик фазони ўрганиш ва олис масофаларга космик парвоз этиш тажрибаларини амалга ошириш учун мўлжалланган «Зонд-1» - «Зонд-8» станциялари серияси;
«Марс» – 1962-73 йиллар давомида учирилган, Миррих ва унинг яқинидаги космик фазони, планета юзига тушириладиган аппаратларни етказиш билан бир вақтда тадқиқ қилиш учун мўлжалланган, старт олиш вазни тахминан 4,65 т келадиган «Марс-1» – «Марс-7» станциялари серияси ва уларни яратиб, учиришга оид дастурлар номи.
1962-1977 йиллар давомида «Марс» станцияси жами 7 маротаба учирилган, бунда:
1963 йил 19 июнь куни «Марс-1» Миррих планетасига яқин борган биринчи космик аппарат бўлди;
«Марс-2»нинг капсуласи биринчи бўлиб Миррих юзига етиб борди;
1971 йили планета юзига тушириладиган «Марс-3» аппарати Миррих юзига қўнди;
1973 йили планеталараро трассада илк бор бир вақтнинг ўзида тўртта «Марс» станцияси парвоз қилди;
«Марс-5» Миррихнинг учинчи сунъий йўлдоши бўлди;
«Марс-6» Миррих юзига етиб борди.
«Венера» – 1961-83 йиллар давомида учирилган, Зуҳра ва унинг яқинидаги космик фазони, планета юзига тушириладиган аппаратларни етказиш билан бир вақтда тадқиқ қилиш учун мўлжалланган, «Венера-1» – «Венера-16» станциялари серияси;
«Вега» – 1984-86 йиллар давомида учирилган, Зуҳра ва Галлей кометасини тадқиқ қилиш учун мўлжалланган «Вега-1» ва «Вега-2»станциялари;
«Фобос» –1988-89 йиллар давомида учирилган, Миррих, унинг Фобос йўлдоши, Қуёш ва планеталараро космик фазони тадқиқ қилиш учун мўлжалланган «Фобос-1» ва «Фобос-2» станциялари.

Shokir Dolimov 12.04.2013 01:04

АҚШ томонидан яратилиб, космосга учирилган планеталараро автоматик станциялар:
«Рейнджер» – 1959-65 йиллар давомида учирилган, Ой ва унинг яқинидаги космик фазони тадқиқ қилиб, Ой юзининг телевизион тасвирини узатиш учун мўлжалланган «Рейнджер-1» – «Рейнджер-9» станциялари;
«Сервейор» («Surveyor») – 1966-68 йиллар давомида жами 7 маротаба учирилган, Ойни тадқиқ этиш ва «тушиб кетиш траекторияси» бўйлаб Ой юзига эркин қўниш учун мўлжалланган, ҳар бирининг Ердаги вазни 1 т, Ойга қўнганидан кейин 285 кг келадиган «Сервейор-1» – «Сервейор-7» станциялари серияси ва уларни яратиб, учиришга оид дастур номи;
«Пионер» («Пайонир», Pioneer) – 1958-78 йиллар давомида жами 14 маротаба учирилган, Ой яқинидаги ва планеталар орасидаги космик фазони, шунингдек, Муштарий, Сатурн, Зуҳра ва шу каби, бошқа осмон жисмларини тадқиқ этиш учун мўлжалланган, ҳар бирининг максимал вазни тахминан 260 кг келадиган «Пионер-1» – «Пионер-11», «Пионер-Венера-1», «Пионер-Венера-2» станциялари серияси ва уларни яратиб, учиришга оид дастурлар номи.
1972 йили учинчи космик тезлик олишга муваффақ бўлган «Пионер-10»
станцияси илк бор Муштарий яқинидаги астероидлар йўлагидан учиб, уни тадқиқ
этганча, 1983 йили Қуёш тизими сарҳадларини биринчи бўлиб тарк этди.
1973 йили «Пионер-11» станцияси биринчи бўлиб Сатурн яқинидан учиб ўтиб,
1993 йили Қуёш тизими сарҳадларини тарк этди.
«Маринер» (инг. «Mariner» – денгизчи) –1962-73 йиллар давомида жами 10 маротаба учирилган, сериясининг индекслари космосга учирилган йиллар бўйича берилган, планеталар ёнидан учиб ўтиб, планетоцентрик орбиталарга чиқиш мақсадида яратилган, Зуҳра, Миррих, Меркурий ва улар яқинидаги космик фазони тадқиқ этиш учун мўлжалланган, ҳар бирининг старт олиш вазни тахминан 1 т келадиган, планеталараро автоматик станциялар серияси ва уларни яратиб, учиришга оид дастурлар номи.
«Викинг» (Viking) – Миррих юзасини тадқиқ этиш учун мўлжалланган «Викинг-1» ва «Викинг-2» космик аппаратлари ва уларни яратиб, учиришга оид дастур номи.
Мазкур станция тузилиш жиҳатидан Миррих атрофидаги ареоцентрик орбитада парвоз қилиб, тадқиқот ишларини бажарадиган орбитал блок ва Миррих юзасига эркин тушадиган қўниш блокидан ташкил топган.
«Викинг» космик аппаратига Миррих атмосфераси ва юзасини тадқиқ этиш учун: планета яқинида эсадиган шамол босими, тезлиги ва ҳароратини ўлчайдиган метеорологик асбоблар; сейсмометр; газ хроматографи; спектометр; фотосуратга олиш, видеотасвирга тушириш аппаратлари; ҳаёт аломатларини қидириш қурилмаси ва шу каби ўлчов асбоблари ўрнатилган.
1975 йили иккита «Викинг-1» ва «Викинг-2» орбитал-қўниш станциялари учирилган. Ушбу станцияларнинг қўниш блоклари 1976 йили Миррихга қадар етиб бориб, планета юзасининг фототелевизион тасвирини ва блок бортига ўрнатилган ўлчов асбоблари ҳосил қилган маълумотларни илк бор Ерга узатган.
«Вояджер» (инг. Voyager – сайёҳ) – 1977 йили учирилган, Қуёш тизимига мансуб олис планеталарни тадқиқ этиш учун мўлжалланган, вазни 733 кг келадиган, учиб ўтиш траекториясидан Муштарий, Сатурн, Уран ва Нептунни тадқиқ қилган «Вояджер-1» ва «Вояджер-2» космик аппаратлари.

Shokir Dolimov 12.04.2013 01:07

КОСМИК ТИЗИМ (рус. космическая система) – муайян ҳарбий ва тинч мақсадларга қаратилган масалаларни космосда ва космосдан ҳал этиш учун мўлжалланган космик комплекслар ва қуруқликдаги воситалар мажмуи.
Космик тизим ахборот-техник тизим ва ташиш-техник тизимга фарқ қилади.
Ахборот-техник космик тизими доирасида:
космос ва Ердаги турли объектлар разведкаси олиб борилади;
баллистик ракеталар учирилган ва ядро қуроли портлаган ҳолатлар фош этилади;
алоқа ва телевидениени таъминланади;
навигация, геодезия ва картография масалалари ҳал этилади;
об-ҳаво ва гидрометеорологик вазият прогноз қилинади;
Ернинг табиий манбалари тадқиқ қилинади;
экологик назорат олиб борилади.
Ташиш-техник космик тизим доирасида орбитал воситаларни ташиш, уларнинг иш қобилиятини сақлаш, юк ва космонавтларни ташиш тадбирлари амалга оширилади.
Бугунги кунда жанговар космик тизимларни яратиш устида изланишлар олиб борилмоқда.

КОСМИК НАВИГАЦИЯ ТИЗИМИ (рус. космическая навигационная система) -ҳаракатчан объектларга, мисол учун, сув ости кемалари, сув усти кемалари, кўчма ракета комплексларига ўз координаталари, ҳаракат тезлиги ва йўналишларини аниқлаб боришга ёрдам бериш учун мўлжалланган сунъий йўлдошлар тизими.
Космик навигация тизими ўз ичига махсус навигация аппаратлари билан жиҳозланган бир турдаги сунъий йўлдошларнинг орбитал туркуми, қуруқликдаги бошқарув комплекслари ва истеъмолчилар ихтиёридаги навигацион комплекс аппаратларини мужассам этади.
Мулоҳаза юритилаётган тизимга мисол тариқасида дастлаб ССРИ, эндиликда Россия Федерациясининг Глобал навигацион сунъий йўлдошлар тизимини (ГЛОНАСС – Глобальная навигационная спутниковая система) ҳамда АҚШнинг «Навстар» тизимини келтириш мумкин.
ГЛОНАСС тизимининг асосини аслида Ер узра 19,1 минг км баландликдаги учта орбитал текисликда 64,8 градусга оғган ҳолатда ҳаракатланадиган Ернинг жами йигирма тўртта сунъий йўлдоши ташкил этиши лозим. Шундагина у, Ер ва ҳаво фазосининг ҳар қандай нуқтасидаги ҳарбий ва ҳарбий бўлмаган истеъмолчиларнинг чекланмаган сонига, жойларда қандай метеовазият қарор топган бўлишидан қатъи назар, ўз координаталари ва ҳаракатининг тезлигини тегишинча 50-70 м ва сонияда 0,15 м хатолик билан аниқлаш имконини беради.
1982 йил 12 октябрь куни ГЛОНАСС тизимининг биринчи сунъий йўлдоши Ер орбитасига чиқарилди.
1993 йилнинг сентябрь ойида, ушбу тизим расман фойдаланишга топширилди.
1995 йили сунъий йўлдошлар туркуми йигирма тўртта космик аппаратдан ташкил топди. Кейинчалик, соҳа етарлича молиялаштирилмагани сабабли иш қобилиятини сақлаб қолган сунъий йўлдошлар сони қисқарди.
2001 йилнинг август ойида «Глобал навигация тизими» федерал дастури қабул қилиниб, унда ГЛОНАСС тизимидан нафақат ҳарбий, балки ҳарбий бўлмаган мақсадларда хам фойдаланиш вазифалари белгиланди.
2007 йилнинг декабрь ойида истеъмолчилар ихтиёрида бўладиган, ГЛОНАСС ва GPS тизимларидан биргаликда фойдаланилиши мумкин бўладиган сунъий йўлдош навигаторлари сотувга чиқарилди.
2008 йил 25 декабрь куни орбитадаги ишлайдиган сунъий йўлдошлар сони ўн саккизтага етказилиб, Россиянинг жамики ҳудудида 100 фоизли узлуксиз навигация таъминланди. Ер шарининг қолган қисмида эса айни вақтда, навигация жараёнидаги узилишлар бир ярим соатга қадар етиши мумкин.
ГЛОНАСС тизими доираларида ҳал этиладиган вазифалар жумласига:
ўзини ўзи нишонга йўллайдиган қуролнинг ўта аниқ координата-вақт таъминоти;
учиш аппаратларининг автоматик бошқарилуви, учиш-қўниш амалларининг таъминоти;
ҳарбий-денгиз навигацияси;
йирик қўшинлар туркумлари ва алоҳида бўлинмалар ҳаракатининг бошқарилуви;
разведканинг барча турлари олиб борилиши;
жанговар тартибларнинг ўзаро боғланиши киради.
«НАВСТАР» (инг. NAVSTAR - NAVigation Satellite Time And Ranging –вақт ва масофага оид сунъий йўлдош; NAVSTAR-GPS - Navigation System using Timing And Ranging – Global Positioning System – турган жойни аниқлашнинг глобал тизими) - ҳарбий ва ҳарбий бўлмаган истеъмолчиларнинг (фойдаланувчиларнинг) навигация-вақт таъминотини глобал микёсда узлуксиз, тезкор ва ўта аниқ амалга ошириш учун мўлжалланган космик радионавигация тизими (сунъий йўлдошлар тизими).
Мазкур тизим тузилиш жиҳатидан учта кичик тизимдан, хусусан:
ўз ичига 18-24 дона навигацион сунъий йўлдошларни мужассам этиб, 5-7 дона сунъий йўлдош истеъмолчиларининг бир вақтда барқарор радиокўринишини таъминлайдиган орбитал кичик тизим;
ўз ичига мувофиқлаштириши-ҳисоблар чиқариш маркази, қўмондонлик-ўлчов тизимлари, кузатиш станцияларининг тармоғи, Ернинг сунъий йўлдошларини космосга учириш ва орбитадаги сунъий йўлдошлар навигациясини олиб бориш воситаларини мужассам этган қуруқликдаги кичик тизим;
ҳарбий ва ҳарбий бўлмаган объектларга ўрнатилган бўлиб, «НАВСТАР» тизими маълумотларидан фойдаланиладиган навигация аппаратларидан иборат истеъмолчилар кичик тизимидан ташкил топган.

Shokir Dolimov 12.04.2013 01:11

КОСМИК АППАРАТЛАР БОШҚАРУВИНИНГ АВТОМАТИК ТИЗИМИ (рус. автоматизированная система управления космическими аппаратами) – космик аппаратлар ҳаракатини автоматлаштирилган тарзда бошқариш ва ушбу аппаратлар бортига ўрнатилган жиҳозларнинг иши меъёрий тарзда кечишини таъминлаш учун мўлжалланган қуруқликдаги ва космик аппаратлар бортидаги воситалар мажмуи.
Мазкур тизим тузилиш жиҳатидан: қуруқликдаги бошқарув комплекси ва космик аппарат бортидаги бошқарув комплексидан ташкил топган.
қуруқликдаги бошқарув комплексининг иши:
бошқарув дастурларини шакллантириб, космик аппаратлар бортидаги бошқарув комплексига киритиш;
теленазорат ва космик аппарат ҳолатига берилган баҳо асосида бошқарув командаларини ҳосил қилиш;
космик аппарат ҳаракатини прогноз қилиш мақсадида, ушбу аппарат орбитасига оид кўрсаткичларни ўлчаб боришдан иборат.
Космик аппарат бортидаги бошқарув комплекси, унга киритилган дастурга мувофиқ бортга ўрнатилган аппаратлар ишини бошқаради.

ҚУРУҚЛИКДАГИ АВТОМАТЛАШТИРИЛГАН БОШҚАРУВ КОМПЛЕКСИ (рус. наземный автоматизированный комплекс управления) – космик фазода ишлаётган космик аппаратларнинг жамики мажмуини бошқариш учун космик аппаратларнинг барча турлари билан ҳар хил маълумотлар алмашиниш, ушбу маълумотларни автоматлаштирилган тарзда йиғиш ва уларга зарурий математик таъминот билан ишлов бериш воситаларининг асосий комплекси, қўмондонлик-ўлчов комплекси.
Қуруқликдаги автоматлаштирилган бошқарув комплекси:
космик аппаратларни қўллаш масалалари режалаштирилиши;
космик аппаратлар бошқарилиши;
космик аппаратлар бортига ўрнатилган жиҳозлар иши устидан назорат олиб борилиши;
космик аппаратлардан мақсадли махсус маълумотлар қабул қилиниши;
космик кема экипажлари билан алоқа боғланишини таъминлайди.
Қуруқликдаги автоматлаштирилган бошқарув комплекси таркибига кирадиган воситалар:
жамики Ер шари бўйлаб тарқоқ жойлаштирилган қўмондонлик-ўлчов (қуруқликдаги ўлчов) пунктлари;
учувчи бошқарадиган космик комплекслар парвозларини бошқариш марказида жойлаштирилади.
Битта ёки бир турдаги космик аппаратлар туркумини бошқариш учун мўлжалланган бўлиб, қуруқликдаги автоматлаштирилган бошқарув комплекси таркибига кирадиган воситалар мажмуи қуруқликдаги бошқарув комплекси, деб аталиб, космик аппарат бортидаги бошқарув комплекслари билан бирга космик аппаратлар бошқарувининг автоматик тизими таркибига киради.

КОСМИК-МУҲАНДИСЛИК ТАЪМИНОТИ (рус. инженерно-космическое обеспечение) – космик аппаратларни Ер атрофидаги орбитага ёки планеталараро траекторияга чиқаришга ҳозирлаш ва уларнинг меъёрий ишлашини таъминлаш мақсадларида амалга ошириладиган технологик тадбирлар комплекси; техник таъминот турларидан бири.
Космик-муҳандислик таъминоти ўз ичига:
космик аппаратлар сақланишини ташкиллаштириш;
космик аппаратларни парвозга оид вазифалар ижросига ҳозирлаш;
космик тизимларга техник хизмат кўрсатилишини ўтказиш;
космик аппаратларни ерда ва орбитада таъмирдан чиқариш;
парвоздан кейинги тиклаш ва кўп маротаба фойдаланиладиган космик аппаратларни навбатдаги парвозларга ҳозирлаш;
космик аппаратлар аварияга учраган, уларга шикаст етган ҳолатлар окибатини бартараф этиш ишларини бажариш билан боғлиқ тадбирларни мужассам этади.

Shokir Dolimov 12.04.2013 01:14

КОСМИК АЛОҚА (рус. космическая связь), қуруқликдаги қабул-узатиш станциялари билан космик аппаратлар орасида, асосан сунъий алоқа йўлдошлари ёки пассив ретрансляторлар орқали қуруқликдаги бир неча станциялар орасида ҳамда бир нечта космик аппаратлар орасида амалга ошириладиган радиоалоқа ёки оптик алоқа (лазер алоқаси).
Космик алоқадан телеметрик, телефон, телеграф, фототелеграф, телевизион ва шу каби, бошқа турдаги маълумотларни узатиш учун фойдаланилади. Космик алоқа тизимлари турли минтақалар, давлатлар, олис ҳудудлар орасида глобал алоқа боғлаш, асосий қўшинлар туркуми ҳаракатланаётган энг муҳим операцион йўналишларда ишончли ҳаракатчан алоқа бўлишини таъминлаш муаммоларини ҳал этиш имконини беради.
Космик алоқани қуруқликдаги космик алоқа станцияларидан фойдаланган тарзда ташкиллаштириш шакли нисбатан кенг тус олган.
Космик алоқа АҚШ, Буюк Британия ва Франция ҳарбий-денгиз кучларида кенг ривожланди. Жумладан, ўтган асрнинг 80- йилларида сунъий йўлдош орқали ҳарбий алоқанинг миллий тизимлари яратилди. НАТОга аъзо асосий давлатларга қарашли қуруқликдаги қўшинларда космик алоқа тинчлик даврида бошқарувнинг оператив-стратегик поғонасида, ҳарбий машқлар ўтказилаётган ёки хавф туғилган даврда эса бошқарувнинг тактик звеносида ташкиллаштирилиши кўзда тутилган.
Сунъий йўлдош орқали алоқа, қуруқликдаги пунктлар билан космик аппаратлар орасида, космик аппаратларга ўрнатилган ретрансляторлар орқали қуруқликдаги иккита ёки ундан ортиқ объектлар орасида, иккита ва ундан ортиқ космик аппарат орасида ташкиллаштирилган алоқа тури.
Сунъий ретранслятор-йўлдошларнинг қўлланилиши алоҳида ҳудудлар орасида глобал алоқа ўрнатилиши, шу жумладан, ушбу ҳудудларда жойлашган қўшинларни (кучларни) бошқариш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш имконини беради.
Сунъий йўлдош орқали алоқа станциялари ушбу соҳа комплексининг таркибий элементлари саналади. Бундай станциялар қўшинларни бошқариш манфаатларида кўп каналли телефон-телеграф радиоалоқасини таъминлаш учун мўлжалланган.
Телевизион дастурларни ретрансляция қилиш, қуруқликдаги станциялар орасида икки томонлама телефон, телеграф ва фототелеграф алоқаларини ташкиллаштириш учун мўлжалланган «Орбита» сунъий йўлдош орқали алоқа тизими ССРИ томонидан яратилган илк тизим саналади. У ўз ичига собиқ Совет Иттифоқининг турли минтақалари ва бир қатор хорижий давлатлар ҳудудида жойлашган қуруқликдаги узатиш-қабул қилиш станциялари тармоғи ҳамда Ернинг «Молния», «Радуга» ва «Горизонт» деб номланган сунъий йўлдошларини қамраб олган бўлиб, 1965 йилдан 2000-йилларнинг бошига қадар ишлаган. Космик фазода бир вақтнинг ўзида Ернинг учта сунъий йўлдоши бўлиши «Орбита» тизимининг сутка давомида узлуксиз ишлашини таъминлаган.
Жумладан, «Орбита» тармоғининг қуруқликдаги марказий станциялар томонидан узатилган телевизион сигналларни Ер орбитасига чиқарилган сунъий йўлдошлар қабул қилиб, кучайтиргач, Ерга қайта узатган. Қуруқликдаги станция қабул қилган ушбу сигналлар боғловчи алоқа йўли орқали маҳаллий телевизион марказга етказилган. Марказ эса ушбу сигналларни метрли ва дециметрли тўлқинлар диапазонида атайин ажратилган каналлар орқали эфирга узатган.
Қуруқликдаги станция билан маҳаллий телевизион марказ орасидаги боғловчи алоқа йўли сифатида, одатда, бир оралиқли радиореле алоқаси қўлланилган. Қуруқликдаги станциянинг диаметри 12 метрли параболик тўлқин қайтаргичга эга антеннаси буриладиган таянч қурилмасига ўрнатилган бўлиб, азимут ва бурчак бўйича орбитадаги сунъий йўлдош ҳаракати кетидан бир неча бурчак дақиқасига қадар ўта аниқ айланган.
Антеннанинг сунъий йўлдош кетидан айланма ҳаракатини бошқариш амали автоматик тарзда, хусусан, сунъий йўлдош узатган телевизион сигнал бўйича ёки дастурли қурилма воситасида кечган ёки дастаки бажарилган. Ушбу антенна Узоқ Шимол, Сибирь ва Узоқ Шарқда ҳукм сурган минтақа шароитларида, шамол таъсиридан тўсадиган ҳимоя тўсиқларисиз меъёрий равишда ишлашга қодир бўлган.
Космик телевидение, тасвирларни космик фазодаги ёки бошқа планета юзидаги космик аппарат бортидан ва бортига узатиш жараёни.
Космик тасвирга олиш, Ер атмосферасидан ташқарида, хусусан, Ернинг сунъий йўлдошлари, космик кемалар бортида жойлашган ва тасвирни электр магнит спектрининг турли соҳаларида берадиган аппаратлар воситасида Ер, осмон жисмлари ва космик ҳодисалар тасвирини олиш (фотосурати, телевизион тасвирини ҳосил қилиш). Ернинг космосдан олинган тасвирларининг ўртача масштаби 1:1000000 — 1:10000000 га тенг.

КОСМИК ТЕЛЕСКОПЛАР:
Астрон – космик ультрабинафша телескоп (ССРИ).
Хаббл – космик телескоп-рефлектор (АҚШ).
Swift – гамма-чақмоқларни кузатиб борадиган космик обсерватория (АҚШ, Италия, Буюк Британия).

Shokir Dolimov 12.04.2013 01:16

КОСМОДРОМ (грек, kosmos – олам, Коинот, dromos – югуриш учун мўлжалланган жой) – космик аппарат билан биргаликдаги элтувчи ракеталарни қабул қилиб олиш, сақлаш, йиғиш, учиришга ҳозирлаш ва учириш учун мўлжалланган махсус жиҳозланган ҳудуд, иншоот ва техник воситалар комплекси.
Космодром тузилиш жиҳатидан техник майдон, старт бериш комплекси ва хизмат кўрсатиш объектларидан ташкил топади.
Старт бериш комплекси космодромнинг старт бериш майдонида жойлашган космик комплекснинг муайян қисми бўлиб, ўз ичига технологик жиҳозлар, техник воситалар билан биргаликдаги иншоотлар ва ерости йўлларини мужассам этади.
Старт бериш комплекси космик аппарат билан биргаликдаги элтувчи ракетани техник майдондан старт бериш майдонига етказилиши, ракетанинг учириш қурилмасига ўрнатилиши, ёқилғи ва газ қуйилиши, ракетани учиришга ҳозирлаш ва учириш тадбирларининг амалга оширилишини таъминлайди. Тузилиши жиҳатидан битта ёки бир нечта учириш қурилмасига эга, кўчмас ва кўчма кўринишда яратилган бўлиши мумкин.
Хизмат кўрсатиш объектлари жумласига:
қўмондонлик-ўлчов комплексининг ўлчов пунктлари;
ҳисоб-китоблар маркази;
ёқилғи сақлаш, суюқ кислород ва водород тайёрлаш жиҳозлари;
турар жой шаҳарчаси;
транспорт коммуникациялари ва шу каби, бошқа объектлар киради.
Шунингдек, космодром, траекторияга оид ўлчовлар олиб борилиши, телеметрик маълумотлар қабул қилиниб, ишлов берилиши ва шу каби бошқа ишлар амалга оширилишини таъминлайди.
Учирилган ракетанинг ажраб тушадиган поғоналари зарар етказмаслиги учун, космодром, аҳоли зич яшайдиган жойлар ва қўшни старт бериш ҳудудидан узоқда қурилади. Старт олган элтувчи ракета Ернинг айланиш энергиясидан унумли фойдаланиши учун космодромни экваторда жойлаштириш фойдали саналади. Негаки, экватордан учирилган элтувчи ракета ўрта кенгликларда жойлашган космодромдан старт олган ракетага нисбатан 10 фоизг кам ёқилғи сарфлайди. Демакки у, орбитага кўпроқ фойдали юк олиб чиқиши мумкин бўлади.

Кўчмас космодромлар:
Алкантара (Alcantara) Бразилия, Штат Мараньян, 1990 йили фойдаланишга топширилган;
Аль-Анбар (Al Anbar) Ироқ, Аль-Анбар вилояти, биринчи ракета 1989 йили учирилган, 1991 йили ёпилган;
Байконур (Baikonur) Қозоқистонда жойлашган, Россияга қарашли, 1957 йили фойдаланишга топширилган, биринчи ракета 1957 йили учирилган;
Ванденберг (Vandenberg) АҚШ, Санта-Барбара округи, Калифорния штати, 1957 йили фойдаланишга топширилган, биринчи ракета 1959 йили учирилган;
Вумера (Woomera) Австралия ва Буюк Британияга қарашли, Жанубий Австралия штати, 1957 йили фойдаланишга топширилган, биринчи ракета 1967 йили учирилган, 1976 йили ёпилган;
Вэньчан (Wenchang) Хитой Халқ Республикаси, Хайнань ороли, 2012 йили фойдаланишга топширилган, биринчи ракета 2013 йили учирилган;
Кадьяк (Kodiak) АҚШ, Кадьяк ороли, Аляска штати, 1998 йили фойдаланишга топширилган, биринчи ракета 2001 йили учирилган;
Капустин Яр (Kapustin Yar) Россия, Астрахан вилояти, 1946 йили фойдаланишга топширилган, биринчи ракета 1962 йили учирилган;
Кваджалейн (Kwajalein) АҚШ, Омелек ороли, Кваджалейн маржон ороли, Тинч океандаги Маршалл ороллари (экватордан шимолда, Микронезияда), 1964 йили фойдаланишга топширилган, биринчи ракета 2008 йили учирилган;
Кеннеди номли Космос маркази (John F. Kennedy Space Center (KSC), АҚШ, Бревард округи, Флорида штати, 1962 йили фойдаланишга топширилган, биринчи ракета 1967 йили учирилган;
Куру (Kourou) Франция, Европа Иттифоқига қарашли, денгиз ортидаги Гвиана департаментида (Франция) жойлашган, 1968 йили фойдаланишга топширилган, биринчи ракета 1970 йили учирилган;
Канаверал бурни (Cape Canaveral) АҚШ, Бревард округи, Флорида штати, 1949 йили фойдаланишга топширилган, биринчи ракета 1958 йили учирилган;
Наро (Naro), Венародо (Oenaro) ороли, Чолла-Намдо вилояти, 2009 фойдаланишга топширилган;
Пальмахим (Palmachim) Исроил, Марказий округ, 1971 йили фойдаланишга топширилган, биринчи ракета 1988 йили учирилган;
Плесецк (Plesetsk) Россия, Архангельск вилояти, 1959 йили фойдаланишга топширилган, биринчи ракета 1966 йили учирилган;
Сан-Марко (San Marco) Италия, Формоза кўрфази, Кения ҳудудий сувлари, 1964 йили фойдаланишга топширилган, биринчи ракета 1967 йили учирилган; 1988 йили ёпилган;
Свободний (Svobodny) Россия, Амур вилояти, 1996 йили фойдаланишга топширилган, биринчи ракета 1997 йили учирилган, 2007 йили ёпилган;
Семнан (Semnan) Эрон, Семнан вилояти, биринчи ракета 2009 йили учирилган;
Сичан (Xichang) Хитой Халқ Республикаси, Сичуань вилояти, 1970 йили фойдаланишга топширилган, биринчи ракета 1984 йили учирилган;
Тайюань (Taiyuan) Хитой Халқ Республикаси, Шаньси вилояти, 1968 йили фойдаланишга топширилган, биринчи ракета 1988 йили учирилган;
Танегасима (Tanegashima) Япония, Танегасима ороли, Кагосима маъмурий бирлиги, 1969 йили фойдаланишга топширилган, биринчи ракета 1975 йили учирилган;
Тонхэ (Musudan-ri) Хитой Халқ Демократик Республикаси, Хамгён-Пукто вилояти, 1984 йили фойдаланишга топширилган;
Уоллопс (Wallops) АҚШ, Аккомик округи, Вирджиния штати, 1945 йили фойдаланишга топширилган, биринчи ракета 1961 йили учирилган;
Утиноура (Uchinoura) Япония, Кагосима маъмурий бирлиги, 1962 йили фойдаланишга топширилган, биринчи ракета 1970 йили учирилган;
Хаммагир (Hammaguir) Франция, Алжирда жойлашган, 1947 йили фойдаланишга топширилган, биринчи ракета 1965 йили учирилган, 1967 йили ёпилган;
Цзюцюань (Jiuquan) Хитой Халқ Республикаси, Аймак Алашань (Ички Монголия), 1958 йили фойдаланишга топширилган, биринчи ракета 1970 йили учирилган;
Шрихарикота (Sriharikota) Ҳиндистон, Андхра-Прадеш штати, 1971 йили фойдаланишга топширилган, биринчи ракета 1980 йили учирилган;
Ясный (Dombarovsky) Россия, Оренбург вилояти, 1964 йили фойдаланишга топширилган, биринчи ракета 2006 йили учирилган

Shokir Dolimov 12.04.2013 01:18

Кўчма космодромлар:
«Боинг B-52» (B-52B 008) (инг. B-52 aircraft) русумли самолёт, АҚШ, Эдвардс авиация базаси, биринчи элтувчи ракета (Пегас (Pegasus)) 1990 5 апрель куни Тинч океанда 13,2 км баландликда учирилган;
«Локхид Л-1011 Трайстар» (L-1011-100) (инг. Lockheed L-1011 aircraft) русумли самолёт, АҚШ, Ванденберг базаси, биринчи элтувчи ракета Пегас (Pegasus-H, Pegasus-XL, Pegasus-XL, HAPS) 1995 йил 3 апрель куни Тинч океанда, тахминан 12 км баландликда учирилган;
«Новомосковск» (инг. Novomoskovsk submarine K-407) сув ости кемаси, Россия, Мурманск вилояти, Гаджиево ҳарбий-денгиз базаси, биринчи элтувчи ракета Штиль-1Н 1998 йил 7 июль куни Баренц денгизида учирилган;
«Морской старт» («Одиссей») ( инг. Sea launch (Ocean Odyssey) АҚШ, Россия, Норвегия ва Украина томонидан, АҚШнинг Калифорния штатидаги Лонг-Бич портига қарашли, биринчи элтувчи ракета Зенит-3SL1999 йил 28 март куни Ҳинд океанидаги Рождество оролида учирилган;
«Екатеринбург» (Ekaterinburg submarine К-84) сув ости кемаси, Россия, Мурманск вилояти, Гаджиево ҳарбий-денгиз базаси, биринчи элтувчи ракета Штиль-1Н 2006 26 май куни Баренц денгизида учирилган.

Айрим космодромларга оид маълумотлар:
БАЙКОНУР - Қозоқистон Республикаси Қизил Ўрда вилоятининг 1995 йилга қадар Ленинск деб номланган Байконур шаҳри ёнида жойлашган, Россия Федерациясига қарашли космодром.
Ушбу космодромга собиқ ССРИ Министрлар Кенгашининг 1955 йил 2 февралдаги қарори билан Ғарбий Қозоқистон темир йўлларининг Тура-Там разъезди яқинида асос солинган бўлиб, бугунги кунда 1994 йил имзоланган давлатлараро битимга асосан фойдаланилмоқда.
Россия Федерацияси таркибидаги алоҳида федератив аҳамиятга эга шаҳар мақоми берилган Байконур шаҳри 1994 йили космик комплекс билан биргаликда Россия тасарруфига узоқ муддатли ижара сифатида топширилган.
Байконур космодроми қитъалараро баллистик ракеталар ишини текшириб, меъёрига етказиш, «Союз», «Молния», «Зенит», «Циклон», «Протон» ва «Энергия» русумли элтувчи ракеталарни синовдан ўтказиб, космосга учириш учун мўлжалланган. Таркибида бир нечта старт бериш комплекслари, техник майдонлар ва ўлчов пунктлари мавжуд.
Байконур космодромидан космик фазога:
1957 йил 4 октябрь куни Ернинг биринчи сунъий йўлдоши;
1961 йил 12 апрель куни жаҳоннинг биринчи космонавти Ю. А. Гагарин учган биринчи «Восток» космик кемаси;
«Восток», «Восход», «Союз», «Союз-Т», «Союз-ТМ» космик кемаларининг барча русумлари;
«Прогресс» автоматик юк ташиш космик кемасининг барча русумлари;
кўп маротаба қўллаш учун мўлжалланган «Энергия» - «Буран» орбитал ракета-космос тизими;
Ернинг кўплаб сунъий йўлдошлари ва планеталараро космик аппаратлар учирилган.

СВОБОДНИЙ - Россия Федерацияси Амур вилояти Благовешинск шаҳри яқинидаги Свободний шаҳарчасида жойлашган, «Рокот», «Старт» каби енгил ракеталар синфига мансуб элтувчи ракеталарни учириш учун мўлжалланган космодром.
1993 йили ракета дивизияси негизида ҳарбий-космик кучлар ихтиёридаги космик воситаларни синовдан ўтказиш ва қўллаш бош маркази сифатида яратилган.
1996 йил 1 март куни Россия Федерацияси Президентининг фармони билан ушбу марказ негизида РФ Мудофаа вазирлиги 2- давлат синов космодроми яратилган.
1997 йил 4 март куни орбитага чиқарилган «Зея» русумли алоқа йўлдоши, ушбу космодромдан учирилган биринчи сунъий йўлдош саналади.
2007 йили ёпилган, бироқ Свободний космодромидан оғир ракеталар синфига мансуб, экологик жиҳатдан тоза ёқилги қўлланиладиган «Ангара» русумли ракеталарни учириш режалаштирилган.

ПЛЕСЕЦК - Россия Федерацияси Архангельск вилоятининг, маъмурий маркази Мирний шаҳри саналадиган Плесецк тумани ҳудудида жойлашган, космик аппаратларни орбитага чиқариш, қурол-аслаҳа намуналарини синовдан ўтказиш, шу жумладан, «Тополь-М» ракета комплексининг ишини текшириб, меъёрига етказиш ва қитъалараро баллистик ракеталарни ўқув мақсадларда учириш учун мўлжалланган космодром.
Россия Федерацияси Президентининг фармони билан Ҳарбий-космик кучлар ихтиёридаги космик воситаларни синовдан ўтказиш ва қўллаш бош маркази негизида РФ Мудофаа вазирлиги 1- давлат синов космодроми сифатида яратилган.
1997 йили РФ Мудофаа вазирлиги давлат синов полигони Плесецк космодроми таркибига ташкилий жиҳатдан қўшилган.
Плесецк космодромининг яратилиш тарихи собиқ ССРИ даврида, Совет Иттифоқи Коммунистик партияси Марказий қўмитаси ва Министрлар Кенгашининг 1955 йил 11 январдаги қарори билан бошланган «Ангара» объектининг (полигонининг) қурилишига бориб тақалади. 1963 йил август ойида ушбу объект негизида ССРИ Мудофаа министрлиги Ракета ва космик қурол-аслаҳалар синови ўтказиладиган илмий-тадқиқот полигони яратилган бўлиб, 1990 йилдан ССРИ Мудофаа министрлиги, 1992 йилдан эътиборан эса РФ Мудофаа вазирлиги давлат синов полигони, деб номланган.
1966 йил 16 март куни орбитага чиқарилган «Космос-112» русумли Ернинг сунъий йўлдоши, ушбу космодромдан учирилган биринчи сунъий йўлдош саналади.
Ўтган йиллар давомида мазкур космодромда ракета комплексларининг жами ўн битта русуми синовдан ўтказилган бўлиб, ундан Ернинг «Космос», «Молния», «Метеор», «Интеркосмос» русумли сунъий йўлдошлари серияси орбитага чиқарилган.

Shokir Dolimov 12.04.2013 01:25

3. КОСМОС ҲУЖУМИДАН МУДОФАА МАСАЛАЛАРИ

ҲАВО ВА КОСМОСДА ОЛИБ БОРИЛАДИГАН УРУШ (рус. воздушно-космическая война), ҳаво-космосдан зарба бериш ҳамда мудофаа ва таъминот манфаатларида қўллаш учун атайин яратилган қурол-аслаҳалар воситасида олиб бориладиган ҳарбий ҳаракатлар ҳал этувчи аҳамият касб этадиган фаразий (гипотетик) уруш.
Жаҳон урушининг таркибий қисми сифатида йирик стратегик ҳаво операциялари, шу жумладан, алоҳида космик операциялар ва космос ҳужумига қарши операциялар шаклида олиб борилиши мумкин бўлиб, урушнинг давоми ва хотимасига сезиларли таъсир ўтказиш қобилиятига эга бўлиши тахмин қилинади. Муайян шароитлар қарор топганида мустақил уруш кўринишини касб этиши ҳамда қитъа ва океанлардаги ҳарбий ҳаракатлар (уруш) майдонида фаол ҳаракатлар бошлаб юборилгунга қадар олиб борилиши мумкин.
Бугунги кунда ҳаво ва космосда олиб бориладиган уруш қуролли курашнинг мустақил шаклини касб этиши ҳақиқатдан йироқдир. Космосдан фақат стратегик разведка, алоқа, навигация масалаларини ҳал этиш ҳамда душманнинг ўхшаш воситаларини йўқ қилиш учунгина фойдаланиш мумкин. Бироқ келажакда, космос ва қуруқликда жойлаштириладиган истиқболли қурол-яроғлар, ракеталар зарбаси ва космос ҳужумидан мудофаа тизимлари, космосдаги объектларни (нишонларни) йўқ қилиш учун мўлжалланган ҳужумкор жанговар воситалар ҳамда уларни космосга чиқарадиган ва космосда туриб зарба берадиган воситалар яратиладиган бўлса, бундай уруш жаҳон урушининг асосий шаклларидан бирига айланиб қолиши мумкин.

ҲАВО-КОСМИК ЙЎНАЛИШ (рус. воздушно-космическое направление) – Ер яқинидаги ҳаво-космик фазо, қуруқлик ва дунё океани ҳавзасининг сарҳадларида ҳаво, ракета ва космик кучлар туркумлари ва уларга қарши кураш олиб борадиган куч ва воситалар жойлашиб, ҳарбий ҳаракатлар олиб бориши мумкин бўлган муайян қисми.
Одатда, эни 6-7 минг км келадиган ҳаво-космик йўналиш ўз ичига қитъалараро баллистик ракеталар старт оладиган, космик аппаратлар учириладиган ҳудудлар, стратегик авиациянинг асосий базаларини қамраб олиб, ҳаво ва космосдан авиация ва ракета зарбалари берилиши кутиладиган ўта муҳим ҳарбий-сиёсий ва стратегик объектлар томон олиб боради.

КОСМИК ФАЗО НАЗОРАТИ (рус. контроль космического пространства) -космик объектлар ва космик фазодаги тизимларга доир маълумотларни ҳосил қилиш, йиғиш, уларга ишлов бериб, таҳлил қилиш, ушбу объект ва тизимлар тўғрисидаги, жумладан, уларнинг таркиби, эгаллаб турган жойи, ҳолати, вазифасига ва умуман космик вазиятга оид маълумотларни ўз вақтида тақдим этиш мақсадида амалга ошириб бориладиган тадбирлар комплекси.
Космик вазият - космик аппаратлар, хусусан, орбитал станция, космик комплекс ва шу кабиларни ишга ҳозирлаш тадбирлари, уларнинг ишлаши ва ишининг пировард натижасига таъсир ўтказиши мумкин бўлган жамики космик объектлар, космик фазо омиллари ва шарт-шароитларининг мажмуи.
Миқёсига кўра космик вазият стратегик ва оператив (тактик) вазиятларга фарқ қилади.
Стратегик космик вазият – Ер яқинидаги космик фазо ва томонлар тасарруфидаги космик кучлар эгаллаган ҳудудларда қарор топган вазият.
Оператив (тактик) космик вазият – томонлар тасарруфидаги космик кучлар шаклланган зонада (ҳудудда) муайян вақтга келиб юзага келган вазият.
Космик вазиятга баҳо бериш ишлари, мазмунан, космик кучлар туркумларини ҳамда тегишли вазифалар космосда ва космосдан ҳал қилинишига таъсир ўтказадиган омиллар ва шарт-шароитларни ўрганиб чиқиб, таҳлил қилишдан иборат.
Космик фазо назоратининг асосий босқичлари жумласига:
космик объектларни фош этиб, тегишли маълумотларни таҳлил қилиш ва қайта ишлаш марказига йўллаш, фош этилган объектлар каталогини юритиш;
каталокка киритилган космик объектларни кузатиб бориш;
космик объектларни аниқлаб, зарурий маълумотларни ҳосил қилиш киради.
Космик фазо назорати космик фазони кузатиб боришга қодир, олинган маълумотларни қабул қилиб, ишлов берадиган ягона марказ билан уйғунлашган тарзда космик фазо назорати тизимини шакллантирадиган барча техник воситалар қўлланилган тарзда амалга оширилади.

Shokir Dolimov 12.04.2013 01:27

КОСМИК РАЗВЕДКА (рус. космическая разведка) - ташкилий, техник ва информацион жиҳатдан ўзаро боғланган сунъий йўлдош тизимлари ва қуруқликдаги воситалардан фойдаланган тарзда муайян ҳарбий объектлар, ҳудудлар, қўшин туркумларининг жойлашган жойи ва ҳолати ҳақидаги маълумотларни ҳосил қилиш, қайта ишлаш ва истеъмолчиларга етказишга доир тадбирлар комплекси бўлиб, стратегик (оператив-стратегик) разведканинг таркибий қисми саналади.
Космик разведка манфаатларида разведка турлари, радио- ва радиотехник разведка тизимларидан фойдаланилади. Космик разведкага қарашли куч ва воситалар:
қитъалараро ракеталар, ҳарбий-ҳаво кучлари, ҳарбий-денгиз кучлари, ҳаво-ҳужумидан мудофаа қўшинлари туркумлари, қуруқликдаги қўшинлар жойлашган ҳудудлар, ҳарбий ҳаракатлар (уруш) майдонларининг оператив ва муҳандислик жиҳатидан жиҳозланганлик ҳолати ҳақидаги маълумотларни ҳосил қилиш;
об-ҳавонинг ҳар қандай шароитида денгиз ва қуруқликда жойлашган нишонлар разведкасини олиб бориш;
Қитъалараро баллистик ракеталарнинг кўчма учириш қурилмаларини қидириб топиш;
қурол-яроғнинг стратегик тизимлари жойлаштирилган пунктларни кузатиб бориш тадбирларига жалб этилади.

НИШОНЛАРНИ РАДИОЛОКАЦИЯ ВОСИТАСИДА ОЛИС МАСОФАДА ФОШ ЭТИШ (рус. дальнее радиолокационное обнаружение) 1. Қитъалараро баллистик ракеталар ва космик объектларни 3000 км ва ундан олис масофада фош этиш.
Ушбу тадбир ракетали ҳужум уюштирилиш хавфи кутиладиган асосий йўналишларда тизиладиган нишонларни олис масофада фош этиш учун мўлжалланган қуруқликдаги станциялар комплекси, горизонт орти радиолокация станциялари воситасида ва шу каби бошқа воситалар қўлланилган тарзда амалга оширилади.
Мисол учун, Шимолий Америка қитъасининг ҳаво-космик мудофааси асосини:
Тул (Гренландия), Клир (Аляска) ва Файлингдейлз-Мурда (Буюк Британия) жойлашган «Бимьюс» ракета учирилгани ҳақида огоҳлантириш тизимининг олис масофада фош этиш учун мўлжалланган қуруқликдаги станциялари;
сув ости кемаларидан учириладиган баллистик ракеталарни фош этиб кузатиш тизимининг Бил (Калифорния штати), Отис (Массачусетс штати), Роббинс (Джорджия штати) ва Гудфеллоудаги (Техас штати) авиация базаларида жойлашган олис масофада фош этиш учун мўлжалланган қуруқликдаги станциялари;
Гранд-Форкс авиация базасида жойлашган радиолокация пости;
«Спейстрек» ва «Спасур» тизимига мансуб, космик объектларни кузатиш учун мўлжалланган радиолокация постлари ташкил этади.
2. Ҳаводаги нишонларни горизонт орти радиолокация станциялари (мисол учун, AN/FPC-118 русумли станциялар) воситасида 4000 километргача масофада ҳамда нишонларни олис масофада фош этиш йўналишларида (мисол учун, «Дью-NWS» йўналишида) тизилган қуруқликдаги радиолокация постларидаги радиолокация станциялари воситасида 300-500 км масофада фош этиш.
Нишонларни радиолокация воситасида олис масофада фош этиш имкониятлари олис масофада фош этиш самолётларини (мисол учун, АВАКС, А-50 тизимига мансуб самолётлар) ва олис масофада фош этиш кемаларини қўллаш ҳисобига сезиларли даражада ошади.

КОСМОСДАГИ НИШОННИ (ОБЪЕКТНИ) ЙЎҚ ҚИЛИШ (рус. перехват космической цели (объекта)) - душманнинг космик объектини фош этиб, йўқ қилишга йўналтирилган тадбирлар ва жанговар ҳаракатлар комплекси.
Космик нишон (объект) космик фазо назорати воситаларидан фойдаланган тарзда фош этилади. Уни йўқ қилиш (ишдан чиқариш) амаллари эса авиация-ракета тизимларининг қўриқчи сунъий йўлдошларини учириб, нишонга (объектга) йўллаш ҳамда ракетага қарши комплексларни қўллаш оркали бажарилади.

СТРАТЕГИК КОСМИК ОПЕРАЦИЯ (рус. космическая стратегическая операция), уришаётган иккала томон ихтиёридаги космик зарбдор (ҳужумкор), мудофаа ва таъминот кучларининг (воситалари) муайян мақсадларга эришиши, хусусан:
космосда ҳукмронликни қўлга киритиши;
душманнинг ракета-космик ҳужумини даф этиши;
космос, қуруқлик ва денгиздаги рақиб қўшинлари (флот кучлари) туркумлари ва объектларига қарата космосдан зарба бериш учун иштирок этиши тахмин қилинаётган истиқболли (гипотетик) операция.
Стратегик космик операция ўз ичига космик ҳужум операцияси, космик мудофаа операцияси, махсус космик операцияларни мужассам этиб, глобал кўлами, кўзланган мақсадларнинг ҳаддан ортиқ қатъийлиги, барча хатти-ҳаракатлар тез кечиши, жанговар ҳаракатларнинг тўла-тўкис автоматлаштирилганлиги билан тавсифланади.
Космик кучлар жойлаштирилган масофага кўра стратегик космик операция олис, ўрта ва яқин космосдаги жанговар ҳаракатларга бўлиниши тахмин қилинади.

ДУШМАННИНГ ҲАВО-КОСМИК ҲУЖУМИНИ БАРТАРАФ ЭТИШГА ҚАРАТИЛГАН СТРАТЕГИК ОПЕРАЦИЯ (рус. стратегическая операция по отражению воздушно-космического нападения противника), душманнинг жамики ҳаво-космик йўналишлардан амалга оширадиган ҳаво-космик ҳужумини фош қилиб, даф этиш ҳамда қуролли кучлар ва хўжалик объектларини душманнинг қуруқликда, ҳаво ва космик кемаларга жойлаштирилган стратегик ҳужумкор кучлари зарбаларидан ҳимоя қилишга қаратилган стратегик тадбирлар ва мудофаа-ҳужумкор ҳаракатлар мажмуи.
Душманнинг ҳаво-космик ҳужумини бартараф этишга қаратилган стратегик операция космик қўшинлар яъни: ракетали ҳужум ҳақида огоҳлантириш тизими, ракета қуролига қарши мудофаа, космик фазони назорат қилиш тизими томонидан ҳарбий-ҳаво кучлари билан ҳамкорликда, шунингдек, қуруқликдаги қўшинлар ва ҳарбий-денгиз флоти ихтиёридаги қўшинларда қўлланиладиган воситалар ёрдамида амалга оширилади.
Бундай операциянинг таркибий қисмлари жумласига:
космик қўшинлар (ракетали ҳужум ҳақида огоҳлантириш тизими, ракета қуролига қарши мудофаа, космик фазони назорат қилиш тизими) операциялари;
ҳарбий-ҳаво кучлари ва ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинларининг ҳаво ҳужумидан мудофаа зоналари ва ҳудудларидаги кучлар туркумлари (ҳарбий-ҳаво кучлари ва ҳаво ҳужумидан мудофаа армиялари, корпуслари, дивизиялари) қўлланилган тарзда ҳарбий авиация томонидан амалга ошириладиган ҳаво ҳужумидан мудофаа операциялари киради.
Душманнинг ҳаво-космик ҳужумини бартараф этишга қаратилган стратегик операция келгусида стратегик ҳаво ҳужумидан мудофаа операциясига, кейинчалик эса стратегик мудофаа кучлари операциясига айланиб кетиши мумкин.

Shokir Dolimov 12.04.2013 01:32

КОСМОС ҲУЖУМИДАН МУДОФАА (рус. противокосмическая оборона), космосдаги ҳукмронликни қўлга киритиш, ҳарбий-космик тизимлар туркумининг яшовчанлиги ва ишончли ишлашини таъминлаш ва душманнинг космик ҳужум режасини барбод қилиш мақсадларида душман ихтиёридаги космик аппаратларни фош этиш ва йўқ қилишга (ишдан чиқариш ёки муҳосара қилишга) йўналтирилган космосдаги тадбирлар ва жанговар ҳаракатлар комплекси.
Космос ҳужумидан мудофаа ўз ичига:
қуруқликда ва жанговар кемаларга жойлаштириладиган космос ҳужумидан мудофаа воситаларининг туркумини яратиш;
космик фазони назорат қилишга қаратилган чора-тадбирларни ташкиллаштириш;
душман ихтиёридаги жанговар ва таъминловчи ҳарбий-космик воситаларни нишонга олиш, йўқ қилиш (ишдан чиқариш ёки муҳосара қилиш) амалларини мужассам этади.
Космос ҳужумидан мудофаа глобал тизим сифатида ташкиллаштирилади.
Бундай мудофаа космик қўшинларга мансуб космик нишонларни фош этадиган ва нишонга оладиган махсус комплекслар, нишон кўрсатувчи сунъий йўлдошлар ҳамда қуруқликда ва космик кемаларга жойлаштириладиган ўт очиш комплекслари воситасида амалга оширилади. Шу мақсадда ХХI аср бошида ИС-М тизими (Россия) ва «АСАТ» русумли авиацион-ракета комплекслари (АҚШ) қўлланилиши мумкин.

РАКЕТА-КОСМОС МУДОФААСИ (рус. ракетно-космическая оборона) -ракета-ядро ҳамласи амалга оширилаётгани ҳақида давлат раҳбарияти ва ҳарбий раҳбариятнинг олий органларини ўз вақтида огоҳлантириш, космосда жанговар ҳаракатлар бошланганлигини фош этиш ва стратегик объектларга қарата берилган зарбани қайтариш кучлари ва воситалари ҳамда шу мақсадларда ўтказиладиган тадбирлар ва информацион-разведка мазмунидаги жанговар ҳаракатлар комплекси бўлиб, ҳаво-космик мудофаанинг таркибий қисми саналади.
Мисол учун, Россия Федерацияси ракета-космос мудофаасининг асосини:
старт олган баллистик ракеталар двигателларидан отилиб чиқаётган аланга тилини кайд этадиган орбитал ҳарбий космик аппаратлар туркуми;
ушбу ракеталар парвозининг траекториясига оид кўрсаткичларни аниқлайдиган горизонт усти радиолокация воситаларининг қуруқликдаги тармоғини ўз ичига қамраб оладиган ракета учирилгани ҳақида огоҳлантириш тизими ташкил этади.

СУНЪИЙ ЙЎЛДОШЛАРГА ҚАРШИ КУРАШ (рус. противоспутниковая борьба) - душманнинг космосда ва космосдан уюштирган ҳамласини қайтаришга қаратилган тадбирлар ва қўшинлар томонидан амалга ошириладиган хатти-ҳаракатлар комплекси.
Сунъий йўлдошларга қарши кураш манфаатларида тинчлик даврида:
космик фазо назорати амалга оширилади;
космик нишонлар каталоги юритилиб, унга аниқликлар киритиб борилади;
алоҳида космик аппаратлар инспекцияси ўтказилади;
сунъий йўлдошларга қарши кураш воситаларининг доимий жанговар шай ҳолати сақланади.
Жанговар ҳаракатлар бошланиши билан қўшинлар ҳаракатининг самарасини ошириш мақсадида сунъий йўлдошларга қарши кураш тадбирлари доирасида ҳал этиладиган асосий вазифалар жумласига, душманнинг:
космосдаги ҳукмронликни қўлга киритиш режасини барбод қилиш;
ахборот ва жанговар тизимлари ва алоҳида космик аппаратларини йўқ қилиш;
ракета қуролига қарши мудофаасининг космик эшелонини ишдан чиқариш киради.
Сунъий йўлдошларга қарши кураш олиб бориш учун қуруқликда, жанговар кемалар, самолётлар ва космосда жойлаштириладиган сунъий йўлдошга қарши кураш воситалари, хусусан, учириш курилмаси, сунъий йўлдошга қарши ракета ва космик аппаратни бевосита йўқ қилиш воситалари билан қуролланган махсус тузилмалар яратилиши мумкин.
Сунъий йўлдошларга қарши кураш кучларини қўллаш шакллари жумласига душманнинг орбитал космик тизимлар туркумига қарата ёппасига, гуруҳ таркибида, якка тартибда бериладиган зарбалар киради.

Shokir Dolimov 12.04.2013 01:36

КОСМИК ҚУРОЛ-АСЛАҲА ВА ТЕХНИКА (рус. космическое вооружение и техника), турли-туман жанговар космик воситалар, қуролли кучлар фаолиятини таъминлаш учун мўлжалланган космик воситалар ва бундай воситалар қўлланилишини таъминлайдиган воситалар комплекси.
Космик қурол-аслаҳа ва техника жумласига:
информацион таъминотга оид космик воситалар;
қуролли курашнинг космик воситалари (ҳужумкор (зарбдор) воситалар ва мудофаа воситалари);
орбитал инфратузилма элементлари ўртасида юк ташиш учун мўлжалланган орбиталараро воситалар;
космик аппаратлар экипажларини тайёрлаш, бошқариш ва уларга хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган ердаги инфратузилма киради.
Информацион таъминотга оид космик воситалар космик қурол-аслаҳа ва техниканинг анъанавий тури саналади. Халқаро муносабатлар ва ҳарбий-стратегик вазият ҳолатидаги ўзгаришлар уларнинг равнақига катта таъсир ўтказмайди. Бундай воситалар космик разведка воситалари, ракетали ҳужум ҳақида огоҳлантириш тизими воситалари, ракета қуролига қарши мудофаа тизимларини информацион жиҳатдан таъминлаш воситалари ҳамда навигацион, метрологик ва топогеодезик таъминот воситаларидан ташкил топади.
Қуролли курашнинг космик воситалари ўз ичига турли жойларга (жумладан, орбита, учиш аппаратлари ва қуруқликда) жойлаштирилган, асосан космосдаги ва космосдан келаётган нишонларни йўқ қилиш учун мўлжалланган жанговар воситаларни мужассам этади. Айни вақтда, сунъий йўлдошлар ва ҳаво нишонларига қарши курашга оид вазифалар амалга оширилиши, истиқболда эса автоматик бошқариладиган ёки инсон бошқарадиган бўлиб, оддий қурол, ядро қуроли ёки физиканинг янги тамойилларига асосланган қурол билан қуролланган орбитал зарбдор воситалар билан қуруқлик ва денгиздаги нишонларга шикаст етказишга оид масалалар ҳам ўз ечимини топиши мумкин. Бундай космик қурол-аслаҳа ва техника турининг равнақ топиши бир томонлама стратегик устунликка эришиш билан боғлиқ бўлиб, бинобарин эришилган стратегик барқарорлик ва халқаро хавфсизликка салбий таъсир ўтказади.
Зарбдор космик воситаларнинг яратилиши жаҳон жамиятининг эътирозига сабаб бўлади.
Космик қурол-аслаҳаларнинг ердаги тизимлари ўз ичига космик воситаларни элтиш воситалари, старт комплекслари ҳамда старт бериш-қўндириш комплексларини мужассам этади.

КОСМИК ҚУРОЛ-АСЛАҲА ВА ТЕХНИКАНИНГ ИНФРАТУЗИЛМАСИ (рус. инфраструктура космического вооружения и техники), турли мақсадларга қаратилган космик тизимлар тайёрланиши, тизилиши ва ишлашини таъминлаш учун мўлжалланган қуруқликда жойлаштирилган ва жойлаштиришнинг бошқа турларига мансуб воситалар комплекси.
Бундай инфратузилма ўз ичига космик воситаларнинг бир ва кўп маротаба қўлланиладиган элтиш воситалари ва космик аппаратларни учириш учун қўлланиладиган полигонларни мужассам этади.
Космик технологияларнинг ривожи билан бирга, ушбу инфратузилманинг ердаги компоненти:
давлат ихтиёрига ўтказилган зоналар;
ўз марказларига эга старт бериш ва қўмондонлик-ўлчов комплекслари;
траекториялар ўлчови, телеметрик назорат, мақсадли ахборотни қабул қилиб, ишлов бериш, ҳисоблар чиқариш, космик аппаратларга команда ва дастурлар узатишга оид бошқарув пунктлари билан кенгайтирилиши мумкин.
Космик фазони ўзлаштириш жараёнида орбитал инфратузилма янги материаллардан фойдаланиш, орбитада космик воситаларга бевосита хизмат кўрсатиб, таъмирдан чиқариш, энергия ишлаб чиқариш ва уни узатиш билан боғлиқ янги вазифаларга эга бўлиб боради.

КОСМИК РАКЕТА ҚУРОЛИ (рус. космическое ракетное оружие), кинетик энергияси ўта юқори қуроллар синфига мансуб замонавий ва истиқболли қурол.
Нишонларнинг космик ракета қуроли воситасида механик тарзда йўқ қилиниши, шикаст етказиш элементларига ўта юқори (сонияда тахминан 10-20 км) тезлик бериш эвазига рўй беради. Элементларнинг бундай тезлиги ракетадаги тезлатиш двигателидан фойдаланиш ҳисобига ҳосил қилинади.
Космик ракета қуролининг бир қатор эҳтимолий турлари, жумладан:
нишонга тўғридан-тўғри йўналтирилиши кўзда тутилмайдиган, фугасли ёки парчаланувчи жанговар бўлим билан анжомланадиган йўналтириш тизимига нишон тутадиган снаряд;
жанговар бўлим бўлиши кўзда тутилмаган, нишон билан бевосита тўқнаш келишини таъминлайдиган нишонга йўналтириш тизимига эга нишон тутадиган снаряд яратилиши кутилади.
Орбитада жойлаштириладиган истиқболли ракета қуроли олдида турган эҳтимолий вазифалар жумласига баллистик ракеталар ва уларнинг жанговар блокларини асосан парвоз траекториясининг пастлаш қисмида йўқ қилиш, душманнинг космик аппаратлари, қуруқлик ва денгиздаги объектлари, ҳавога кўтарилган стратегик авиация самолётларига шикаст етказиш киради.
Ҳал этиладиган вазифаларнинг долзарблик даражаси ва космик ракета комплексларининг яратилиш вариантлари асосан:
глобал ҳарбий-стратегик вазият ривожининг тавсифи;
халқаро битимлар;
жаҳондаги етакчи давлатларнинг иқтисодий ва илмий-техник имкониятлари билан белгиланади.

СУНЪИЙ ЙЎЛДОШГА ҚАРШИ ҚУРОЛ (рус. противоспутниковое оружие) -сунъий йўлдошларга қарши кураш жараёнида космик аппаратларга шикаст етказиш учун мўлжалланган қурол.
Бундай қурол ўз ичига космик шикаст етказиш воситалари, одатда, жанговар космик станция ҳамда ушбу воситаларни орбитага чиқариш воситаларини, яъни турли вариантларда жойлаштириладиган ракета-космик комплексларни мужассам этади.
Бевосита шикаст етказиш воситаси сифатида кинетик ва нур қуроли (энергияси йўналтирилган космик қурол) нисбатан мақбул қурол, деб эътироф этилмоқда.
Сунъий йўлдошга қарши қурол яратиш ишлари АҚШда, деярли Ернинг сунъий йўлдошлари пайдо бўлиши билан бошланган. Бироқ 20 асрнинг хотимасига қадар сунъий йўлдошга қарши қуролнинг бирор-бир турдаги барқарор тизимини яратишга эришилганича йўқ.

Shokir Dolimov 12.04.2013 01:39

ЭНЕРГИЯСИ ЙЎНАЛТИРИЛГАН КОСМИК ҚУРОЛ (рус. космическое оружие направленной энергии), космик қуролнинг махсус тури.
Энергияси йўналтирилган космик қурол жумласига:
космосда жойлаштириладиган кимёвий (ИК диапазонга мансуб ва қисқа тўлқинли) лазер ва эркин электронлардан иборат лазер қўлланиладиган воситалар;
водород атомларининг нейтрал зарралар тарами асосидаги тезлатадиган қуроллар киради.
Нишоннинг ингичка устки қатламига таъсир ўтказиш барча турдаги лазер қуролларига хосдир. Тезлатадиган қурол энергияси эса нишон материали қатламига нисбатан чуқур сингиб кириш имкониятига эга.
Энергияси йўналтирилган космик қурол асосан оптик-электрон тизимларнинг ички элементларини функционал жиҳатдан ишдан чиқариш учун мўлжалланган. Бугунги кунда энергияси йўналтирилган космик қурол яратишга доир олиб борилаётган тадқиқот ва тажрибаларнинг жамики турлари асосан ракета қуролига қарши мудофаа ва космос ҳужумидан мудофаа тизимларига мансуб нишонларга шикаст етказишга оид масалалар ечимига қаратилган. Бироқ бундай қурол яратиш йўлида фавқулодда мураккаб илмий-техник муаммолар ғов бўлиб турибди. Шу боис ҳам энергияси йўналтирилган космик қуролларнинг космик фазода реал тизилиши узоқ истиқболда рўй берадиган эҳтимолий ҳодиса сифатида тахмин қилинмоқда.

ЖАНГОВАР КОСМИК СТАНЦИЯ (ПЛАТФОРМА) (рус. боевая космическая станция) – жанговар космик тизимнинг асосий компоненти.
Бундай станция ҳарбий мутахассислар томонидан ракета-космос мудофаасининг ишончлилигини ошириш, хусусан, душманнинг фаол траекториядаги баллистик ракеталарини ва ушбу ракеталарнинг пассив траекторияга етган жанговар блокларини йўқ қилишнинг (уриб туширишнинг) жоиз воситаси сифатида кўрилмоқда.
Жанговар космик станциядаги асосий қурол-аслаҳалар жумласига:
шикаст етказиш воситалари – ракеталар, кинетик қурол, лазер қуроли ва шу каби, физиканинг янги тамойиллари асосида яратилган қурол турлари;
ахборот-бошқарув тизимлари;
ҳимоя ва таъминот воситалари кириши мумкин.
Жанговар космик станцияларни яратиш ишлари ниҳоятда мураккаб илмий-техник муаммо бўлиб, йирик маблағ ва кўп вақт сарф этилишини тақозо этади.

РФ MB ҲАРБИЙ-КОСМИК КУЧЛАРИ (рус. Военно-космические силы МО РФ) - душманнинг космосда ва космосдан уюштирган ҳамласини қайтариш, стратегик космик зонада ҳукмронлик қилишига йўл қуймаслик, ҳарбий ҳаракатлар (уруш) майдонидаги қўшинлар (кучлар) туркуми манфаатларида турли мақсадли космик комплекс ва тизимларни қўллаш учун мўлжалланган марказга бўйсунадиган махсус қўшин тури.
Ушбу кучлар 1992 йили РФ MB тасарруфидаги космик куч ва воситалар негизида яратилган бўлиб, таркибига:
космик аппаратларни учириш бирлашмалари ва қўшилмалари (Байконур, Плесецк, Свободний космодромлари);
орбитал туркумларни бошқариш бирлашмаси;
илмий-тадқиқот институтлари;
ҳарбий муҳандислик-космос академияси;
таъминот ва хизмат кўрсатишга оид ҳарбий қисм ва муассасалар киради.
1997 йили РФ MB Ҳарбий-космик кучлари Стратегик мақсадли ракета қўшинлари таркибига киритилди.

РАКЕТА-КОСМОС МУДОФААСИ ҚЎШИНЛАРИ (рус. войска ракетно-космической обороны) - душман томонидан баллистик ракеталар учирилганлигини фош этиш, ракетали ҳамла бошланган фурсатни аниқлаб, бу ҳақдаги маълумотларни давлат раҳбарияти ва ҳарбий раҳбариятнинг олий органлари, Қуролли Кучлар тури бош штабларига етказиш учун мўлжалланган Россия Федерацияси Қуролли Кучларига мансуб қўшин тури.
1967 йили Давлат ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари таркибида ракета қуролига қарши ва космос ҳужумидан мудофаа қўшинлари сифатида яратилган бўлиб, 80- йиллар бошида ракета-космос мудофааси қўшинларига айлантирилган, 1997 йилдан эътиборан эса Стратегик мақсадли ракета қўшинлари таркибига киритилган ушбу қўшинлар ўз ичига:
ракетали ҳамла бошлангани ҳақида огоҳлантириш;
ракета қуролига қарши мудофаа;
космик фазо назорати;
ракета-космос мудофаасининг янги воситаларини жорий этиш кучлари ва воситаларини мужассам этади.

Shokir Dolimov 12.04.2013 01:42

КОСМИК ҚЎШИНЛАР (рус. космические войска, )қуролли кучларнинг:
давлат раҳбарияти ва олий ҳарбий қўмондонликни агрессорга қарши жавоб тариқасида мухолиф бериладиган (жавоб тариқасида бериладиган) зарбалар юзасидан қарор қабул қилиш учун ишончли ахборот билан кафолатланган тарзда ўз вақтида таъминлаш;
душманнинг чекланган миқёсдаги ракета-ядро ҳамласини бартараф этиш, душман томонидан учирилган баллистик ракеталарни парвоз давомида фош этиш ҳамда бундай ракеталардаги жанговар блокларнинг каллакларини нишонга тутиб, йўқ қилиш орқали мамлакатнинг энг муҳим объектлари ва қуролли кучлар туркумини баллистик ракеталар зарбаларидан ҳимоя қилиш;
космик фазони разведка қилиб, ҳарбий-космик вазиятни кузатиб бориш, ернинг сунъий йўлдошларини фош этиш, уларни кузатиш, каталогларини тузиб, таснифлаш, ҳарбий ва ҳарбий бўлмаган мақсадларда қўлланиладиган ўз мамлакатига қарашли ва хорижий космик объектларни кузатиш, уларнинг орбиталарини аниқлаш ва ишини назорат қилиб бориш учун мўлжалланган тури.
Космик қўшинлар таркибига синов марказлари, космодромлар, махсус ҳарбий қисмлар ва таъминот қисмлари киради. Ракета-космос мудофааси қўшинлари жанговар навбатчилик ўтайди. Ракета-космос мудофаасининг асосий элементлари жумласига қуйидаги тизимлар киради:
1. Баллистик ракеталарга старт берилганлигини фош этиш, уларнинг парвоз траекторияларини аниқлаш, нишонга тушиш нуқталарини ҳисоблаб чиқариш ва бундай ахборотни марказий қўмондонлик пунктлари, қуролли кучлар турларининг бошқарув пунктлари ва ракета қуролига қарши мудофаа тизимига тўла-тўкис автоматлаштирилган режимда узатишни таъминлайдиган – ракетали ҳужум ҳақида огоҳлантириш тизими.
Ушбу тизим икки эшелонга тақсимланган тарзда яратилган қуруқликдаги комплекслар ва космик комплекслар билан қуролланган.
Биринчи эшелон ўз ичига ракеталар воситасида ҳужум бошланганлигини, яъни ракеталар старти ва траекториянинг бошланғич (фаол) қисмидаги парвозини аниқлаш учун мўлжалланган космик аппаратларни (Россияда УС-К русумли комплекслар, АҚШда эса «Имьюз» тизимига мансуб комплексларни) мужассам этади.
Иккинчи (қуруқликдаги) эшелон ўз ичига:
АҚШда – чегараларнинг сиртқи томонларига жойлаштирилган, ракеталарни горизонт орти ва горизонт устида фош этиш узелларини (мисол учун «Бимьюз», «Паркс» тизимларига мансуб станцияларни);
Россияда – ракеталарни горизонт устида локация қилиш («Днепр» ва «Волга») станцияларини мужассам этади.
2. Ракета қуролига қарши мудофаа (РҚҚМ) тизими. 1972 йили имзоланган ва 2002 йил 13 июнга қадар кучга эга бўлган РҚҚМ бўйича шартномага мувофиқ РҚҚМ тизимлари АҚШ ва собиқ ССРИда бўлиб, ўз пойтахтлари ва қитъалараро баллистик ракеталар туркумларидан бирини муҳофаза этиш учун мўлжалланган. Россияда бундай тизим Москва шаҳри атрофида тизилган. АҚШда эса Гранд-Форкс яқинидаги қитъалараро баллистик ракеталар базаси ҳудудида тизилган бўлиб, кейинчалик консервацияланган.
Ташкилий-техник жиҳатдан ушбу тизим:
олис масофаларда учаётган баллистик ракеталарни фош этиш ва уларга қарата ракеталарга қарши ракеталарни йўллаш воситалари;
турли масофаларга қўлланиладиган ракеталарга қарши ўт очиш комплекслари билан қуролланган ҳарбий қисмлар;
ҳисоблаш ва ахборот узатиш воситалари комплексларидан ташкил топган.
Бугунги кунда физиканинг янги тамойилларига асосланган қурол-яроғлар қўлланиладиган РҚҚМнинг янада самарали, кенг миқёсли янги тизимларини, хусусан:
объектга оид (алоҳида ўта муҳим объектларни муҳофаза қилиш учун);
зонал (муайян зоналарни муҳофаза қилиш учун);
ҳудудий (мамлакатнинг ялпи ҳудудини муҳофаза қилиш учун), тизимларини яратиш устида тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.
РҚҚМ тизимининг муайян тури сифатида стратегик аҳамиятга эга бўлиб, душманнинг ҳарбий мақсадларга хизмат қиладиган космик объектларини фош этиш, нишонга тутиш ва йўқ қилиш, космосдаги ҳукмронликни қўлга киритиш ва давлатнинг космик объектларини муҳофаза қилиш учун мўлжалланган космос ҳужумидан мудофаа тизимларини барпо этиш устида уринишлар бўлган. Бундай тизим таркибига душманнинг космик аппаратларига шикаст етказиш (ишдан чиқариш) учун мўлжалланган зарбдор комплекслар кирган эди.
Собиқ ССРИда бундай мақсадларда ПКО ИС ва ИС-М русумли комплекслар барпо этилган бўлиб, қуруқлик, учиш аппаратлари ва космосда жойланадиган бошқа комплексларни яратиш устида ишлар олиб борилган эди. АҚШда эса ернинг 1000 км гача баландликдаги сунъий йўлдошларини йўқ қилинишини таъминлайдиган космос ҳужумига қарши икки поғонали ракеталар билан қуролланган бўлиб, Лэнгли ва Мак-корд авиабазаларига жойлаштирилган Ғ-15 русумли элтувчи-самолётларнинг иккита эскадрильясини мужассам этган «АСАТ», деб номланган космос ҳужумидан мудофаа тизими яратилган.
3. Космик фазони назорат қилиш тизими. Ушбу тизим қуруқлик, учиш аппаратлари ва космосда жойланадиган оптик ва радиотехник комплекслар, ҳисоблаш-ахборот марказлари ва бошқарув марказларидан ташкил топган. Ўз вазифасини ракетали ҳужум ҳақида огоҳлантириш тизими ва олис масофаларда учаётган баллистик ракеталарни фош этиш учун мўлжалланган РҚҚМга мансуб узеллар билан мувофиқлашган тарзда тинчлик даврида ҳам, уруш даврида ҳам бажаради.

Shokir Dolimov 12.04.2013 01:45

АЛОҲИДА КОСМИК ФАЗОНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ КОРПУСИ (рус. отдельный корпус контроля космического пространства) – ўз ичига космик фазо назорати тасарруфидаги қўшилма ва ҳарбий қисмлар, бошқарув, алоқа, маълумотлар узатиш ва таъминотга оид ҳарбий қисм ва бўлинмаларни мужассам этган ракета-космик мудофаа қўшинларига мансуб бирлашма.
Тинчлик даврида ахборот-разведка фаолиятини олиб боради.

ШИМОЛИЙ АМЕРИКА ҚИТЪАСИ ҲАВО-КОСМИК МУДОФААСИНИНГ АМЕРИКА-КАНАДА БИРЛАШГАН (КОАЛИЦИОН) ҚЎМОНДОНЛИГИ (НОРАД) (рус. Объединённое (коалиционное) американо-канадское командование воздушно-космической обороны Североамериканского континента) - қуруқликдаги қўшинлар ва ҳарбий-ҳаво кучларидан тайинланган ракета қуролига қарши мудофаа, космос ҳужумидан мудофаа ва ҳаво ҳужумидан мудофаага мансуб куч ва воситалардан ташкил топган стратегик мудофаа кучлари томонидан олиб бориладиган жанговар ҳаракатларга раҳбарлик қилиш учун мўлжалланган қўмондонлик.
Ушбу бирлашган қўмондонлик таркибига:
АҚШнинг ҳаво-космик мудофаа қўмондонлиги;
НОРАД таркибига қирувчи авиация гуруҳини ажратган бўлиб, ўз ҳудудини АҚШнинг космик фазони кузатиш воситалари жойлаштирилиши учун ҳавола этган Канада тасарруфидаги куч ва воситаларнинг муайян қисми киради.
НОРАД бирлашган қўмондонлиги АҚШнинг ҳаво-космик мудофаа қўмондонлиги учун юқори поғонадаги қўмондонлик саналади.

ҲАВО-КОСМИК МУДОФАА ҚЎМОНДОНЛИГИ (рус. командование воздушно-космической обороны) - зиммасига АҚШнинг ҳаво-космик мудофаасига оид жамики вазифалар юкланган, Шимолий Америка қитъаси ҳаво-космик мудофааси бирлашган қўмондонлигининг (НОРАД) таркибий қисми саналадиган АҚШ Қуролли Кучларининг олий оператив органи.
Ҳаво-космик мудофаага қарашли барча кучларни бошқариш вазифасини бажарадиган мазкур қўмондонликнинг оператив бўйсунувига ҳаво ҳужумидан мудофаа дивизиялари, алоҳида ракета-ядро зарбаси ҳақида огоҳлантириш, космик фазо назорати ва бошқарув эскадрильялари ҳамда кўмакчи ҳарбий қисмлар ўтказилган. Ушбу куч ва воситаларнинг асосий туркуми Канада ва АҚШ ҳудудига жойлаштирилган. Огоҳлантириш ва космик фазо назорати тизимларининг алоҳида воситалари Буюк Британия, Гренландия ва бошқа давлатлар ҳудудида жойлашган.

БИРЛАШГАН КОСМИК ҚЎМОНДОНЛИК (рус. объединённое космическое командование) - АҚШ Қуролли Кучларининг космик операцияларни оператив режалаштириш ва бошқариш органи.
Мазкур қўмондонлик ҳарбий-ҳаво кучлари (1982 й.) ва ҳарбий-денгиз кучлари (1983 й.) қўмондонликлари негизида 1985 йили яратилган бўлиб, зиммасига:
космик доктрина ва космосда жанговар ҳаракатлар олиб бориш усулларини ишлаб чиқиш;
орбитага чиқарилган ҳарбий-космик тизимларни бошқариш;
космик тизимларни тадқиқ этиш, ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқариш ишларига раҳбарлик қилиш;
космик фазодан ҳарбий мақсадларда фойдаланиш билан боғлик бошқа вазифалар юкланган.
Бирлашган космик қўмондонликнинг оператив бўйсунувига тегишли масалаларни ўз вазифаси доираларида ҳал этадиган Қуролли Кучлар тури космик қўмондонликлари ўтказилган.

Shokir Dolimov 12.04.2013 01:53

4. КОСМОСГА ОИД ХАЛҚАРО ҲУҚУҚ ВА ТАШКИЛОТЛАР

ХАЛҚАРО КОСМИК ҲУҚУҚ (рус. международное космическое право) – халқаро ҳуқуқнинг, авваламбор, давлатлар, халқаро ташкилотлар ва шу каби, бошқа субъектлари ўртасида космик фазони тадқиқ қилиш ва ундан фойдаланиш билан боғлик муносабатларни йўлга соладиган, космик фазонинг халқаро ҳуқуқий режимини белгилайдиган юридик меъёрлари ва тамойилларининг мажмуи.
Бундай ҳуқуқ халқаро ҳуқуқ соҳаси бўлиб, унинг умумий тамойилларига ҳам, давлатларнинг космосга оид фаолиятига тааллуқли ўзига хос тамойилларига ҳам, асосланади.
Халқаро космик ҳуқуққа тааллуқли асосий ҳужжатлар жумласига:
1967 йили имзоланган Давлатлар томонидан космосни, жумладан Ой ва бошқа осмон жисмларини тадқиқ қилиш ва фойдаланиш бўйича олиб бориладиган фаолият тамойиллари тўғрисидаги шартнома («Космос тўғрисида»ги шартнома);
1968 йили имзоланган Космонавтларни қутқариш тўғрисидаги битим;
1979 йили имзоланган Давлатларнинг Ой ва бошқа осмон жисмларига оид фаолиятлари тўғрисидаги битим ва шу каби бошқа халқаро ҳужжатлар киради.

ДАВЛАТЛАР ТОМОНИДАН КОСМОСНИ, ЖУМЛАДАН ОЙ ВА БОШҚА ОСМОН ЖИСМЛАРИНИ ТАДҚИҚ ҚИЛИШ ВА ФОЙДАЛАНИШ БЎЙИЧА ОЛИБ БОРИЛАДИГАН ФАОЛИЯТ ТАМОЙИЛЛАРИ ТЎҒРИСИДАГИ ШАРТНОМА («КОСМОС ТЎҒРИСИДА»ГИ ШАРТНОМА) (рус. Договор о принципе деятельности государств по исследованию и использованию космического пространства, включая Луну и другие небесные тела (договор «О космосе»), депозитарий давлатлар – АҚШ, Буюк Британия ва ССРИ томонидан имзоланган ҳужжат. 1967 йил 10 октябрь куни кучга кирган. Бугунги кунда 85 та давлат ушбу Шартнома иштирокчилари саналади. Ушбу Шартномада халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш манфаатларида ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тамойилларига асосланган тарзда космос ва осмон жисмларини эркин тадқиқ этиш тамойиллари белгиланган.
Шартнома космос ва осмон жисмларини эгаллаб (ўзиники қилиб) олиш, Ер атрофидаги орбитага оммавий қирғин қурол жойланган бирон-бир объектни чиқариш, бундай қуролни Ой ва бошқа осмон жисмларига жойлаштиришни ман этади.

АТМОСФЕРА, КОСМОС ВА СУВ ОСТИДА ЎТКАЗИЛАДИГАН ЯДРО ҚУРОЛИ СИНОВИНИ ТАҚИҚЛАШ ТЎҒРИСИДАГИ ШАРТНОМА (рус. Договор о запрещении испытаний ядерного оружия в атмосфере, космическом пространстве и под водой) АҚШ, Буюк Британия ва собиқ ССРИ ўртасида имзоланган ҳужжат. 1963 йил 10 октябрь куни кучга кирган. Бугунги кунда 120 дан ортиқ давлат ушбу Шартнома иштирокчилари саналади. Шартнома, агар ядро қуроли портлатилиши натижасида ҳосил бўладиган радиоактив зарралар ядро қуроли синовини ўтказган ёки назорати остида ўтказилган давлат чегараларидан ташқарига чиққан тарзда ёғилишига олиб келса, ядро қуроли синовини ҳар қандай муҳитда ўтказилишини ман этади.

ТАБИАТГА ҲАРБИЙ ЁКИ БОШҚА ЖИҲАТДАН ШАФҚАТСИЗ ТАЪСИР ЭТИШНИ МАН ЭТИШ КОНВЕНЦИЯСИ (рус. Конвенция о запрещении военного или иного враждебного воздействия на природу), 1977 йилнинг 18 май кунидан эътиборан имзолаш учун очиқ, деб эълон қилиниб, 1978 йилнинг 5 октябрь куни кучга кирган ҳужжат. Амал қилиш муддати чекланмаган.
Конвенция иштирокчилари ўз зиммаларига ҳарбий ёки ҳар қандай бошқа турдаги душманлик мақсадларида (табиий жараёнларни қасддан бошқариш йўли билан) Ер динамикаси, таркиби ёки тузилишини, шу жумладан, унинг атмосфераси, литосфераси (Ер шарининг устки қаттиқ қатлами, ер пўстлоғи), гидросфераси (океанлар, денгизлар, кўллар, дарёлар), биосфераси (Ернинг тирик мавжудот тарқалган қисми, жойлари) ёки космос бўшлиғини ўзгартириб юборишга қодир воситаларни қўлламаслик мажбуриятларини олганлар.
Конвенция депозитарийси – БМТнинг Бош котиби саналади. Конвенцияга аъзо ҳар қандай давлатнинг илтимосига биноан табиатда ҳақиқатда рўй бераётган шубҳали ҳодисаларга ойдинлик киритилиши учун Консультатив қўмита ташкил этилиши мумкин.
Конвенция тинчлик мақсадларида табиий муҳитга таъсир ўтказиш воситалари қўлланилишини ман этмайди. Бугунги кунда Конвенцияга 4 давлат аъзо бўлган. Ушбу Конвенцияни қабул қилиш зарурати табиий муҳитга ҳарбий мақсадларда таъсир ўтказиш имконияти пайдо бўлганлиги боис келиб чиққан.

КОСМИК ОБЪЕКТЛАР ИНСПЕКЦИЯСИ (рус. инспекция космических объектов) давлатларнинг космосга оид фаолияти устидан назорат юритиш шакли бўлиб, махсус миллий ва халқаро идоралар томонидан ўтказилади.
Космик объектлар инспекцияси халқаро ҳуқуқий меъёрларга амал қилинаётганига тўлиқ ишонч ҳосил қилинишини таъминлаш мақсадида космик объект ва у бажарадиган иш хусусиятларига оид маълумотлар олинишига йўналтирилган. Инспекция гуруҳи таркибига, одатда, космос техникасини ишлаб чиқиш, синовдан ўтказиш ва ундан фойдаланиш соҳаларига ихтисослашган ҳарбий ва ҳарбий бўлмаган мутахассислар тайинланади.

Shokir Dolimov 12.04.2013 01:56

5. РАКЕТА-КОСМОС САНОАТИ

РАКЕТА-КОСМОС САНОАТИ (рус. ракетно-космическая промышленность) -ракета-космос техникасини яратиш, серияли ишлаб чиқариш ишлари билан машғул бўлган конструкторлик бюролари, илмий-тадқиқот институтлари ва корхоналар мажмуи.
Собиқ ССРИ ракета-космос саноатининг тарихи тутунсиз порох қўлланиладиган ракета снарядини яратишга ихтисослашган Газ динамикаси лабораторияси (ГДЛ) яратилган 1921 йилга бориб такалади.
Ўша даврнинг 30- йиллари бошида реактив ҳаракатни урганиш гуруҳи тузилди. Кўп ўтмай, зикр этилган гуруҳ ва ГДЛ негизида Реактив илмий-тадқиқот институти яратилди. Ушбу институт томонидан «Катюша», деб ном берилган жанговар ракета қуроли яратилди.
1946 йили ракета-космос саноати ССРИ Министрлар Кенгаши қошидаги Реактив техника қўмитаси бошчилигидаги соҳа сифатида ажратилди. Илмий-тадқиқот институтлари, конструкторлик бюролари ва заводлар сони йилдан йилга ошиб борди. Энг биринчи Р-1 русумли ракетанинг ишлаб чиқилишида жами ўттиз бешта илмий-тадқиқот институти, конструкторлик бюроси ва ун саккизта завод бевосита иштирок этди. «Энергия-Буран» ракета-космик комплексини яратиш ишларига эса 1200 дан зиёд корхона ва илмий муассасалар жалб этилган.
1967 йили двигатели суюқ ёқилғида ишлайдиган олис масофаларга қўлланиладиган баллистик ракеталар ва бошқариладиган зенит ракеталарини яратишга ихтисослашган, бош конструктор этиб Сергей Павлович Королёв тайинланган бош корхона – Иттифоқ миқёсидаги Ракета қурол-аслаҳалари илмий-тадқиқот институти тизилди. Днепропетровскда бош конструктор М. К. Янгель раҳбарлигидаги урта ва қитъалараро масофаларга қўлланиладиган, ёқилғиси юқори ҳароратларда қайнайдиган Р-12, Р-14 русумли стратегик ракеталар ишлаб чиқишга ихтисослашган «Южное» конструкторлик бюроси яратилди. Златоуст шаҳрида бош конструктор В. П Макеев бошчилигидаги 389- махсус конструкторлик бюроси ва двигатели суюқ ёқилғида ишлайдиган ракеталар ишлаб чиқишга ихтисослашган тажриба заводи ишга туширилди.
Учувчи бошқарадиган космик парвозларнинг барча дастурларига С. П. Королёв номли «Энергия» Ракета-космик корпорация етакчилик қилиб келди.

КОСМОСДАН ФОЙДАЛАНИШГА ИХТИСОСЛАШГАН ХАЛҚАРО ТАШКИЛОТЛАР (рус. международные организации по космосу) космик фазони тадқиқ қилиш, ўзлаштириш ва ундан фойдаланиш масалаларини ҳал этиш ва соҳага оид саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун яратилган, турли давлатлар тасарруфидаги ҳукумат, илмий, тижорат ва саноат муассасаларининг уюшмалари.
Бундай ташкилотлар жумласига куйидагилар киради:
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Космик фазодан тинчлик мақсадларида фойдаланиш қўмитаси (рус. Комитет ООН по использованию космического пространства в мирных целях) – 1959 йили таъсис этилган бўлиб, космик тадқиқотларни ривожлантириш, космос соҳасининг мутахассисларини тайёрлаш масалаларида БМТга аъзо давлатларга ёрдам беради, халқаро космик ҳуқуққа оид меъёрий ҳужжатлар тайёрлайди, космосни ўзлаштириш муаммоларига оид маълумотларни оммалаштиради ва ҳоказо.
«Арианспейс» 1979 йили «Ариан» русумли элтувчи ракеталарни серияли ишлаб чиқариб, тижорат мақсадларида фойдаланишни ташкиллаштириш учун яратилган консорциум. Ғарбий Европанинг ўн битта давлатига қарашли элликдан ортиқ фирма ва банклар акциядор бўлган концерн.
АСТО (бошқача номи «Арабсат») 1976 йили таъсис этилган, 1996 йили йигирмадан ортиқ давлат иштирок этган сунъий йўлдош орқали алоқага ихтисослашган, қароргоҳи Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд (Арриёд) шаҳрида жойлашган араб ташкилоти.
«Евметсат» расмий мақоми 1986 йили тасдиқланган, 1996 йили йигирма олтита давлат иштирок этган, бошқарув органлари - Мувофиқлаштириш кенгаши ва Халқаро котибият (Германия, Дармштадт шаҳри) саналадиган «Метеосат» русумли космик аппарат негизидаги метеорологик таъминот тизимидан амалий фойдаланиш учун яратилган консорциум.
«Евтелсат» 1977 йили сунъий йўлдош орқали алоқанинг минтақавий тизимини тизиб, тижорат мақсадларида фойдаланиш учун яратилган, 1995 йил бошида жами қирқ битта давлатнинг почта-телеграф хизматлари иштирок этган консорциум.
Европа космик агентлиги (ЕКА) (инг. European Space Agence? ESA) – 1975 ЙИЛИ Европа космик тадқиқотлар ташкилоти ва Европа элтувчи ракеталарни ишлаб чиқиш ташкилоти негизида яратилган, қароргоҳи Париж шаҳрида жойлашган, 2001 йилга келиб жами ўн бешта Ғарбий Европа давлати аъзо бўлган халқаро ташкилот.
ЕКА томонидан кўзланган асосий мақсад – Ғарбий Европа давлатларининг космик тадқиқотлар ўтказиш, космик фазони ўзлаштириш, ракета-космос техникасини ишлаб чиқиб, амалий фойдаланиш борасидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштиришдир.
Мазкур агентлик илмий ва тижорат мақсадларига мўлжалланган ўз космик аппаратларини яратиб, орбитага чиқаради, соҳага оид илмий-тадқиқот дастурларини амалга оширади. ЕКА тасарруфида бошқарув маркази Германиянинг Дармштадт шаҳрида жойлашган космик аппаратлар парвозини кузатувчи станциялар тармоғи мавжуд.

Fidel Kastro 12.04.2013 11:24

Ну в общем, с праздником, с днём космонавтики!

https://img.uforum.uz/images/quforaf3135108.jpg

Shokir Dolimov 13.04.2013 22:45

«Европейс» ўн иккита Европа давлатига қарашли етмишдан ортиқ хусусий фирма ва ташкилотларни бирлаштирган, Европанинг космик соҳага ихтисослашган ишлаб чиқариш компанияларининг 1961 йили яратилган ассоцияцияси.
«Инмарсат» денгиз кемачилигига хизмат кўрсатиш манфаатларида сунъий йўлдош орқали алоқанинг глобал тизимини яратишга доир ишларга раҳбарлик қилиш учун 1979 йили асос солинган бўлиб, 1995 йили аъзо давлатлар сони етмиш еттитага етган консорциум.
«Интерспутник» Иқтисодий ҳамкорлик Кенгашига аъзо давлатлар томонидан «Интеркосмос» дастури доираларида космик фазони ўзлаштириш масалаларида ҳамкорликни йўлга қўйиш, байналмилал космик экипажлар парвозини амалга ошириш мақсадида 1972 йили яратилган ташкилот. Ўтган асрнинг 80- йилларида, ушбу ташкилотга жами ўн бешта давлат аъзо бўлган, бироқ 90- йилларнинг иккинчи ярмида мазкур дастур доираларидаги ҳамкорлик фаол кечмади.
ИТСО (Халқаро сунъий йўлдош орқали алоқа ташкилоти), сунъий йўлдош орқали алоқанинг глобал тижорат тизимини ишлаб чиқиш, тизиш ва ундан фойдаланиш мақсадларида 1964 йили яратилган, 1994 йили аъзо давлатлар сони бир юз йигирма тўрттага етган консорциум. Ташкилотга аъзо бўлмаган бир қатор давлатлар ИТСОга қарашли сунъий йўлдош орқали алоқа каналларидан фойдаланади.
Космик тадқиқотлар қўмитаси (КОСПАР), 1957-58 йиллари эълон қилинган Халқаро геофизика йили ўтгач, космик фазони тадқиқ этиш ишларини давом эттириш мақсадида 1958 йили яратилган, ҳукуматга қарашли бўлмаган ташкилот. Ушбу қўмитага ўттиз бешдан ортиқ давлат тасарруфидаги фанлар академиялари ва илмий муассасалар аъзо бўлган.
Халқаро астронавтика федерацияси, 1950 йили космосга оид фан ва техника борасида эришилган илмий натижалар ва соҳани ривожлантириш режалари билан халқаро миқёсда алмашиниб боришга ёрдам бериш мақсадида яратилган ҳукуматга қарашли бўлмаган, ўттиз бешта давлатнинг астронавтика уюшмаларини бирлаштирган ташкилот.
Ушбу федерация томонидан космос муаммоларини ўрганиш ва ўзлаштириш ишларига дахлдор, оламга машҳур бўлган фан ва техника арбобларини бирлаштирган Халқаро астронавтика академияси ҳамда Халқаро космик ҳуқуқ институти таъсис этилган.
«Коспас-Сарсат», 1977 йили дастлаб ССРИ ва АКШ ўртасидаги иккитомонлама битимга асосан яратилган «Коспас-Сарсат» дастури кенгаши.
Авария ҳолатига тушиб қолган самолёт ва кемаларнинг координаталарини аниқлаш учун мўлжалланган сунъий йўлдошлар тизимини яратиш, синовдан ўтказиш ва амалда фойдаланиш – ушбу кенгаш томонидан кўзланган мақсад бўлган. Ўтган асрнинг 90- йиллари ўртасида мазкур ташкилотга ўндан ортиқ давлат аъзо бўлди.
Халқаро космик фаолият кенгаши, 1991 йили Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо тўққизта давлат томонидан Космик фазони тадқиқ қилиш ва ундан фойдаланишга қаратилган биргаликдаги фаолият тўғрисидаги битим имзоланди.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ битимга аъзо давлатлар томонидан халқаро космик дастурлар амалга оширилишига қаратилган саъй-ҳаракатлар Халқаро космик фаолият кенгаши томонидан мувофиқлаштириб борилади.

Shokir Dolimov 13.04.2013 22:48

М. ХРУНИЧЕВ НОМЛИ ЗАВОД, 1916 йил 30 апрель куни автомобиль техникасини ишлаб чиқариш мақсадида асос солинган, бугунги кунда ракета-космик техника ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона, Москва. Қисқача тарихи:
1922 йил октябрь ойида «Руссо-Балт» русумли биринчи совет автомобили яратилган (жами бешта автомобиль чиқарилган);
1927 йилдан эътиборан, ушбу заводда АНТ-4,-5,-6, СБ русумли, 1940-41 йиллари эса Пе-2 русумли шўнғиб учадиган бомбардимончи самолётлар ишлаб чиқарилди
1941 йил октябрь ойида завод қисман Қозонга эвакуация қилингач, Москвада самолётларни таъмирдан чиқариш ва бомбардимончи самолётлар ишлаб чиқарилиши давом эттирилган. Урушдан кейинги йилларда М-3 ва М-4 русумли стратегик бомбардимончи самолётлар ишлаб чиқарилган;
1961 йили ракета-космик техника, жумладан, «Салют» ва «Мир» орбитал космик станциялар ишлаб чиқарилиши бошланган;
1993 йили ушбу завод ва «Салют» конструкторлик бюроси негизида М. В. Хруничев номли Давлат космик илмий-ишлаб чиқариш маркази яратилди.

«МОЛНИЯ», 1976 йили бир нечта конструкторлик бюролари ва Тушино тажриба заводи негизида яратилган, авиация-космик тизимларни яратиш, синовдан ўтказиш ва улардан фойдаланишга ихтисослашган илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси.
1982 йилдан эътиборан, ушбу бирлашмада «Буран» орбитал кема яратиш ишлари олиб борилган. 1988 йил 15 ноябрь куни мазкур кема биринчи маротаба ўз орбитал парвозини амалга ошириб, тарихда илк бор орбитадан аэродромга қўнди.
«Буран» кемасининг ташки кўринишига оид математик моделнинг яратилиши космонавтика соҳасида компьютер воситасида лойиҳалаштириш ишларининг тизилишига туртки берди.

«МОТОРОСТРОИТЕЛЬ», Россиянинг «Гном» русумли поршенли авиацион мотордан бошлаб, токи космик ракета двигателларини ишлаб чиқаришгача етган авиация-космонавтика соҳасига ихтисослашган етакчи фирмаси.
Ушбу заводда 1919 йилдан эътиборан, И-5, ТБ-3 русумли самолётлар, 1940 йилдан эътиборан эса Ил-2 русумли ҳужумкор самолётлар учун двигателлар йиғилган.
Иккинчи жаҳон уруши бошланган йили ҳарбий завод Москвадан Куйбишевга (ҳозирги Самарага) эвакуация қилинган. Урушдан кейинги йилларда завод реактив авиация учун двигателлар тайёрлаган.
Бугунги кунда, ушбу завод «Русь» русумли элтувчи ракета ҳамда Ил-96, Ту-204 русумли самолётлар учун двигателлар ишлаб чиқармоқда.

С. А. ЛАВОЧКИН НОМЛИ ИЛМИЙ-ИШЛАБ ЧИҚАРИШ БИРЛАШМАСИ, Россиянинг 1937 йили яратилган, Москва вилоятининг Химики шаҳрида жойлашган авиация ва ракета-космик саноатига ихтисослашган етакчи корхоналаридан бири.
1939 йили ушбу заводда Ла-1 ва Лa-3 русумли қирувчи самолётлар яратилган.
1941 йили заводнинг Горькийга эвакуация қилинган қисмида Ла-5 ва Ла-7 қирувчи самолётлар ишлаб чиқарилган.
Урушдан кейин Химикида авиация корхонаси тикланиб, қанотли зенит ракеталар комплекси ҳам ишлаб чиқарила бошланди.
1996 йили ушбу бирлашмада «Марс-96» русумли планеталараро станция синовдан ўтказилди.

ПЕРМЬ МАШИНАСОЗЛИК ЗАВОДИ, 1967-71 йиллари дастлаб бир поғонали баллистик ракеталар, вақт ўтиб С. П. Королёв Конструкторлик бюросида яратилган уч поғонали қитъалараро баллистик ракеталар ишлаб чиқаришга ихтисослашган Ленин номли завод негизида яратилган ракета-космик саноат корхонаси.
Ўтган асрнинг 70- йиллари хотимасида ушбу завод ва машинасозлик конструкторлик бюроси негизида «Искра» ишлаб чиқариш бирлашмаси яратилган. 1985 йилга кадар ракета двигателининг турли русумлари, шу жумладан, «Энергия» - «Буран» космик тизими учун двигателлар ишлаб чиқарилган.
1988 йили корхонага Пермь машинасозлик заводи номи берилган бўлиб, Пермь «Авиадвигатель» корхонаси ва «Пермь моторлари» акциядорлик бирлашмаси билан ҳамкорликда авиацион двигателларнинг узелларини ва бошқа турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилишида иштирок этиб келмоқда.

«ПРОГРЕСС», 1941 йили Москвадан эвакуация қилинган авиация заводлари негизида Самарада яратилган ракета-космик саноатига мансуб йирик корхона.
Ушбу завод томонидан 1941-45 йиллар давомида жами 3122 дона МиГ-3 русумли, 11863 дона Ил-2 русумли ва 1225 дона Ил-10 русумли самолётлар ишлаб чиқарилган. Урушдан кейинги йилларда завод МиГ-9 ва МиГ-17 русумли реактив қирувчи самолётлар, Ил-28 ва Ту-11 русумли бомбардимончи самолётлар ишлаб чиқаришга ихтисослашди.
1958 йилдан эътиборан, ушбу заводда ракета техникасини, жумладан, «Восток» ва «Союз» русумли элтувчи ракеталарни ишлаб чиқариш ишлари йўлга қўйилди.
1975 йили «Прогресс»да кўп маротаба ишлатиладиган «Буран» космик кемасини орбитага олиб чиққан «Энергия» русумли элтувчи ракета яратилди.

Shokir Dolimov 28.04.2013 21:44

АВИАРАКЕТА-КОСМОС САНОАТИ (рус. авиаракетно-космическая промышленность), самолётлар, ракеталар, космик аппарат ва кемалар ҳамда уларга ўрнатиладиган двигателлар ва борт жиҳозларининг (электр ва электрон аппаратларнинг) конструкциясини яратиш, ишлаб чиқариш ва синовдан ўтказишга ихтисослашган корхоналар мажмуи.
Бундай корхоналар давлат тасарруфида ёки хусусий мулкдорларга тегишли бўлади.
Авиаракета-космос саноати (АРКС) муҳим сиёсий ва иқтисодий аҳамиятга эга бўлиб, давлатнинг ишлаб чиқариш имкониятлари ва халқаро майдондаги нуфузини белгилайди, хусусан, ушбу саноат корхоналари ички ва ташқи бозорга ўз маҳсулотини етказади, бошқа хўжалик соҳаларининг буюртмаларини бажаради, кўплаб иш ўринларини ҳавола этади.
Саноатнинг илмий жиҳатдан ниҳоятда катта ҳажмга эга, юқори технологиялар қўлланиладиган ушбу соҳаси йирик илмий-техник ишланмалар бажарилиши, улкан маблағ сарф этилишини тақозо этади. АРКС – муқаддам яратилган авиация саноати билан янги пайдо бўлган ракета-космос саноатини ўзаро бирлаштирган машинасозлик саноатининг илмий-техник инқилоблар даврида вужудга келган, соҳасидир. Зеро, унинг таркибини самолётсозлик, вертолётсозлик, ракетасозлик, шунингдек, космик учиш аппаратлари, авиацион двигателлар ва асбоб ишлаб чиқариш йўналишлари ташкил этади. АРКСнинг тўлиқ тўпламига дунёнинг атиги бир нечта иқтисодий жиҳатдан ривожланган давлатларгина эга бўлиб, соҳа маҳсулотларини мухтор равишда ишлаб чиқара олади.
АРКСнинг барча корхоналари илмий ва амалга ошириладиган меҳнат жиҳатидан катта ҳажмга бўлиб, уларда фақат муҳандис-техник ходимлар ва юқори малакали ишчиларгина меҳнат қилади. Дунёда жаҳон бозорининг кенг спектрли эҳтиёжларини қондиришга қодир, авиацион ва космик техника яратилиб, ишлаб чиқарилишини таъминлайдиган илмий-тадқиқот ва тажриба базаси, конструкторлик бюролари, саноат корхоналарига эга учтагина марказ: Россия, АҚШ ва Европа Иттифоқи мавжуд.
Ишлаб чиқариш жараёнини илмий жиҳатдан катта ҳажмга эга бўлишининг сабаби оз миқдорда тайёрланадиган маҳсулот ўта мураккаб бўлиши билан боғлиқдир. Йирик маблағ сарф этилиши эса ушбу саноатнинг монополия қилинишини тақозо этади. Бинобарин, ҳатто етакчи давлатларда ҳам, мазкур саноатни монополия қилган фирмалар сони уч-тўрттадан ошмайди.
АРКСнинг йирик корхоналари алоҳида давлат ҳудудида пайдо бўлиши илмий-тадқиқот муассасаларига эга аҳоли пунктлари ва шаҳарларни ихчам жойлаштиришга, яъни йирик англомерацияларни бунёд этишга интилиш-ла кечади. Шунингдек, бошқа омиллар, чунончи, фирмалар манфаатдорлиги, масаланинг ҳарбий-стратегик жиҳатлари ҳам, ўз таъсирини ўтказади.
Кўрсатиладиган хизматларнинг ишончли ва хавфсиз бўлишига оид қатъий талаблар авиация транспортининг ўзига хос хусусиятлари жумласига кириб, янги ҳаво кемаси учун сертификат олиш мақсадида қуруқлик ва ҳавода ўтказиладиган синов жараёнларининг катта ҳажмини талаб қилади. Бундай ишлар етарлича узоқ муддатларда, хусусан: самолёт, парвоз-навигация комплекси ва агрегатлар учун 5-7 йил давомида; двигатель учун 12 йилгача ўтади. Маҳсулот ишлаб чиқаришнинг бундай муддатлари узоқ муддатли молиялаштириш ишларини тақозо этади.

АРКС маҳсулотларининг савдоси бешта йўналишда олиб борилади. Булар:
жанговар самолёт ва вертолётлар;
ракета қуроли;

космик техника;
ҳаво транспорти;
фуқаро авиациясининг кичик самолётлари.


АРКС маҳсулотларининг дастлабки икки турида алоҳида тўхталиб ўтаман:

Shokir Dolimov 28.04.2013 21:51

ЖАНГОВАР САМОЛЁТЛАР ҳаво муҳитидаги ҳолатини сақлаб бориш учун аэродинамик кучлардан фойдаланиладиган бўлиб, жанговар вазифаларни функционал жиҳатдан қурол-яроғ қўллаган тарзда бажариш учун мўлжалланган, бортидаги экипаж томонидан бошқариладиган учиш аппаратлари.

Ҳарбий-ҳаво кучларига (ҲҲК) ва ҳаво ҳужумидан мудофаа (ҲҲМ) қўшинларига мансуб жанговар самолётлар бир қатор турларга, жумладан:
стратегик бомбардимончи самолётлар – ўз аэродромларидан 10-12 минг км узоқликдаги стратегик нишонларга қарата ядровий ва ядровий бўлмаган ракета-бомба зарбаларини бериш учун мўлжалланган самолётлар;
олис масофаларда ҳаракатланадиган бомбардимончи самолётлар – ўз аэродромларидан 5-7 минг км узоқликдаги стратегик ва оператив-стратегик нишонларга қарата оддий ҳамда ядровий ракета ва бомбалар билан зарбалар бериш учун мўлжалланган самолётлар;
фронт миқёсида қўлланиладиган бомбардимончи самолётлар – ўз аэродромларидан 1,5 минг км узоқликдаги оператив ва оператив-тактик кенгликларда мавжуд нишонларга қарата ракеталар, бомбалар ва шу каби бошқа ўқ-дорилар, шу жумладан, тактик ядровий ўқ-дори билан зарбалар бериш учун мўлжалланган самолётлар;
фронт миқёсида қўлланиладиган қирувчи-бомбардимончи самолётлар – ўз аэродромларидан 500 км узоқликдаги оператив-тактик кенгликларда мавжуд нишонларга қарата ракеталар, бомбалар ва шу каби бошқа ўқ-дорилар, шу жумладан, тактик ядровий ўқ-дори билан зарбалар бериш учун мўлжалланган самолётлар;
ҳужумчи самолётлар – ракета-замбарак, кассетали ҳамда бомба ташлаш қурол-аслаҳалари ва шу каби бошқа турдаги ўқ-дориларни қўллаган тарзда жанг майдонидаги қуруқликдаги қўшинларга бевосита авиация мададини бериш учун мўлжалланган самолётлар;
фронт авиациясига мансуб қирувчи самолётлар – жанг майдони устидаги ва тактик кенгликлардаги ҳаво нишонларини ракета-замбарак қурол-аслаҳалари воситасида асосан манёврчан ҳаво жангларини олиб бориш орқали йўқ қилган тарзда ҳаводаги ҳукмронликни қўлга киритиш ҳамда ўт очиб, қуруқликдаги қўшинларга мадад бериб бориш учун мўлжалланган самолётлар;
қўриқчи-қирувчи самолётлар – ўз аэродромларидан 1500 км узоқликда (қўриқлаш марраларида) фош этилган ҳаво ҳужуми воситаларини (душман самолётлари ва қанотли ракеталарини) «ҳаводан-ҳавога» синфига мансуб ракеталар воситасида уриб тушириш учун мўлжалланган самолётлар;
олис масофаларда ҳаракатланадиган қўриқчи-қирувчи самолётлар – қўриқланаётган объектдан 2,5-3,0 минг км узоқликда ва бундан ҳам нарида фош этилган душманнинг қанотли ракета элтувчи самолётларини, ушбу ракеталар учириладиган марраларга етиб келганларига қадар уриб тушириш учун мўлжалланган самолётлар;
сунъий йўлдошларга қарши ракеталар қўллаб, душманнинг ҳарбий космик (зарбдор, алоқа, разведка ва шу каби) аппаратларини йўқ қилиш учун мўлжалланган қўриқчи-қирувчи самолётларга фарқ қилади.

Ҳарбий-денгиз кучларига мансуб жанговар самолётлар ҳам бир қатор турларга, жумладан:
ракета элтувчи-бомбардимончи самолётлар – ўз аэродромларидан 3 минг км узоқликдаги сув усти, қирғоқ ва соҳил бўйида мавжуд оператив-стратегик нишонларга қарата ракета-бомба зарбалари, шу жумладан, ядровий зарбалар бериш учун мўлжалланган самолётлар;
сув ости кемаларига қарши кураш самолётлари – олис ва яқин океан зоналаридаги (ўз аэродромларидан 5 минг км узоқликдаги) сув ости кемаларини мина-торпеда ва бомба ташлаш қурол-аслаҳалари воситасида йўқ қилиш учун мўлжалланган самолётлар;
кема палубасидан учадиган, шу жумладан, вертикал учиб, вертикал қўнадиган кўп мақсадли қирувчи самолётлар – ракета-замбарак ва бомба ташлаш қурол-аслаҳалари воситасида денгиздаги ҳарбий ҳаракатлар (уруш) майдонида ҳаводаги ҳукмронликни қўлга киритиш, денгиздаги авиаташувчи зарбдор қўшилмаларни ҳаводан бериладиган зарбалардан ҳимоя қилиш, денгиз ва қирғоқдаги нишонларга қарата зарбалар бериш учун мўлжалланган самолётларга фарқ қилади.

XXI аср бошида кенг тарқалган жанговар самолётларга мисол тариқасида:
Россиянинг Ту-95МС ва Ту-160 русумли, АҚШнинг В-52, В-1В, В-2А русумли стратегик ракета элтувчи-бомбардимончи самолётларини;
Россиянинг Ту-22М3 русумли, АҚШнинг FB-111В русумли олис масофаларда ҳаракатланадиган ракета элтувчи-бомбардимончи самолётларини;
Россиянинг Су-24М русумли, Буюк Британиянинг «Торнадо» GR.1 русумли, АҚШнинг F-15E русумли фронт авиациясига мансуб ракета элтувчи-бомбардимончи самолётларини;
Россиянинг Су-17М3 ва МиГ-27М русумли қирувчи-бомбардимончи, АҚШнинг F-111А русумли, Буюк Британия ва Франциянинг «Ягуар» русумли тактик қирувчи самолётларини;
Россиянинг Су-25 русумли, АҚШнинг А-10А русумли, Франциянинг «Альфа Джет» русумли ҳужумчи самолётларини;
Россиянинг Су-27, Су-35, МиГ-29 русумли фронт авиациясига мансуб қирувчи самолётлари, АҚШнинг F-15, F-16 ва F-18 русумли, Франциянинг «Мираж-2000» русумли қирувчи самолётларини;
Россиянинг МиГ-31 русумли, Буюк Британиянинг «Торнадо» F.2 русумли қўриқчи-қирувчи самолётларини;
Россиянинг Су-27К ва МиГ-29К русумли, АҚШнинг F-14А русумли кема палубасидан учадиган қирувчи самолётларини;
Россиянинг Су-32ФН русумли қирғоқ разведка-зарба самолётини;
Россиянинг Як-41М русумли, АҚШ ва Буюк Британиянинг AV-8В «Харриер» русумли кема палубасидан вертикал учиб, вертикал қўнадиган қирувчи самолётларини;
Россиянинг Ту-142М, А-40 русумли, Буюк Британиянинг «Нимрод» русумли, АҚШнинг Р-3С русумли сув ости кемаларига қарши кураш самолётларини келтириш мумкин.

ЖАНГОВАР ВЕРТОЛЁТЛАР ҳаво муҳитидаги ҳолатни сақлаш учун асосан етакчи винтнинг (ҳаво винтининг) кўтариш кучи ҳамда конструкция элементларининг олға илгарилаш ҳаракати мобайнида ушбу элементларга таъсир ўтказадиган аэродинамик кучлардан фойдаланишга асосланган, экипаж томонидан бошқариладиган учиш аппаратлари.
Жанговар вертолётлар қуролли кучлар турига мансублигига кўра ҲҲК, қуруқликдаги қўшинлар, МХХнинг Чегара қўшинлари ва ҳарбий-денгиз кучлари тасарруфидаги вертолётларга фарқ қилади.
ҲҲК ва қуруқликдаги қўшинларга мансуб жанговар вертолётлар асосан танкка қарши бошқариладиган реактив ракеталар (снарядлар), гранатомётлар, замбараклар, пулемётлар ва бошқарилмайдиган реактив снарядлар билан қуролланади. Бундай қурол-аслаҳалар жанговар вертолётларни тактик кенгликдаги душман танклари, енгил зирҳли техникаси ва жонли кучига қарши самарали қўлланилади.
Сув ости кемаларига қарши кураш учун мўлжалланган ҳарбий-денгиз кучларига мансуб жанговар вертолётлар асосан торпедалар, миналар, чуқурлик бомбалари ва гидроакустик комплекслар билан қуролланади.
Замонавий (XXI аср бошидаги) жанговар вертолётлар жумласига асосан:
Россиянинг Ка-50 ва Ми-28 русумли жанговар вертолётлари, Ми-17 ва Ми-24 русумли жанговар-транспорт вертолётлари, Ка-252 русумли сув ости кемаларига қарши кураш вертолёти;
АҚШнинг АН-1S «Кобра Тоу» ва АН-64А «Апач» русумли жанговар вертолётлари, UH-60А «Блэк Хоук» русумли жанговар-транспорт вертолётлари;
Франциянинг А-342М «Газель» русумли жанговар-разведка вертолёти;
Буюк Британиянинг WG-13 «Линкс» русумли жанговар вертолёти;
Италиянинг А-129 «Мангуста» русумли жанговар-разведка вертолёти киради.

Shokir Dolimov 28.04.2013 21:58

РАКЕТА ҚУРОЛИ нишонга қадар ракета ёки ҳаво, сув ости ёхуд космосда реактив двигателнинг тортиш кучи таъсирида инсон иштирокисиз ҳаракатланадиган элтиш воситаси орқали етказиладиган замонавий қуроллар мажмуи.
Ракета қуроли қўлланиладиган соҳалар кўлами ниҳоятда кенг бўлганлиги боис, унинг конструктив хусусиятлари жумладан: элтувчи ракета қурол-аслаҳалари; ниҳоятда мураккаб ракета комплекслари; ҳар хил мақсадли тизимлар ҳам турли-тумандир.
Ракета қуроли комплекслари (тизимлари) таркибига, одатда:
парвозни бошқариш (ракетани нишонга йўллаш) воситалари билан жиҳозланган ўқ-дори элтувчи ракеталар;
учириш (старт бериш) қурилмалари;
техник хизмат кўрсатиш воситалари;
ташиш воситалари;
сақлаш воситалари киради.
Жанговар ракета қуроли бир қатор турларга бўлиниб:
қуролли кучлар турига тегишлилигига кўра – қуруқликда жойлаштирилган, ҳарбий авиацияда қўлланиладиган, ҳаво ҳужумига қарши, космос ҳужумига қарши ва денгизда қўлланиладиган ракета қуроли;
старт берилган жойдан нишон жойлашган жойга қадар қўлланиладиган табиий муҳитда кўра – ерда, денгизда ва ҳавода қўлланиладиган ракета қуроли;
старт берилган жойдан нишонга қадар учиш масофасига кўра:
қитъалараро (5500 км дан узоқ);
ўрта масофаларга (1000-5500 км) қўлланиладиган;
оператив-тактик масофаларга (300-1000 км) қўлланиладиган;
тактик масофаларга (300 км дан қисқа) қўлланиладиган ракета қуроли;
жойлаштирилиш усулига кўра – кўчмас ва кўчма (ҳаракатчан) ракета қуроли;
парвоз хусусияти ва парвознинг амалга ошиш усулига кўра – баллистик, аэробаллистик, ҳаво ва сув ости ракета қуроли;
вазифасига кўра – танкка қарши, самолётга қарши, кемага қарши, локацияга қарши, космос нишонига қарши ракета қуролига;
бажарадиган вазифаларининг хусусиятларига кўра – стратегик, оператив-тактик, тактик ракеталарга фарқ қилади.
Стратегик ракета қуроли – душманнинг муҳим стратегик объектларини яксон этиш учун мўлжалланган.
Оператив-тактик ва тактик турларга мансуб ракета қуроли – душманнинг оператив ва тактик кенгликларидаги нишонлар, яъни йирик қўшинлари тўпланган жойлар, қўмондонлик пунктлари, аэродромлари, темир йўл тармоқлари каби объектларига қарата қўллаш учун мўлжалланган.
Ракеталар қуруқликдаги кўчмас ва кўчма учириш қурилмалари, ракета элтувчи, бомбардимончи, қирувчи самолётлар, вертолёт, кема ва сув ости кемаларидан учирилиши мумкин.
Учириладиган жой ва нишоннинг жойлашган жойига кўра ракеталар бир қатор синфларга бўлинади, жумладан: «ердан-ерга»; «ердан-ҳавога»; «ердан-кемага»; «ҳаводан-ерга»; «ҳаводан-ҳавога»; «ҳаводан-кемага»; «кемадан-ерга»; «кемадан-кемага»; «кемадан-ҳавога» синфларга таснифланади.
Айрим халқаро битимларда ракеталарнинг, учиш масофасига кўра бошқача таснифланиши қўлланилади.

ҚАНОТЛИ РАКЕТА ҳаво бўшлиғида етакловчи юзалар (қанотлар) ва куч қурилмасининг реактив тортиши орқали юзага келадиган аэродинамик куч воситасида мухтор парвоз этадиган ракета.
Қанотли ракетанинг (ҚР) бошқариш тизими дастурига киритилган парвоз траекторияси душман томонидан башорат қилиб бўлмайдиган даражада кўп вариантларга эга. ҚРнинг ушбу афзаллиги кенг миқёсли, қиммат турадиган ҲҲМ тизимлари тизилишини талаб этади. Бундай тизимларда ҚР элтадиган воситаларни (жумладан, стратегик самолётлар, сув усти ва сув ости кемаларини) улардан ракета учирилгунга қадар йўқ қилиш имконини берадиган жанговар воситалар муҳим аҳамият касб этади.
ҚР элтадиган воситаларни йўқ қилиш имконияти, ўз навбатида, ҚРнинг мухтор учиш масофаси оширилишини тақозо этади. Бунда, ракета элтиш воситаси ўз ҚРларини ҲҲМ воситалари (жумладан, ҲҲК ва ҲҲМ қўшинларига мансуб қўриқчи-қирувчи самолётлар, денгиз авиацияси самолётлари, қуруқлик ва жанговар кемалардаги зенит-ракета комплекслари ва шу каби бошқа воситалар) таъсир ўтказадиган зонага кириб келгунига қадар учиришига асосланади.
ҚРнинг жанговар қисми сифатида ядровий (қуввати 200 килотоннага етадиган) ва оддий ўқ-дорилар, марш двигателлари сифатида эса турбокомпрессорли ва тўғри оқимли ҳаво-реактив двигателлар, суюқ ёқилғи ёки қаттиқ ёнилғи билан ишлайдиган двигателлар (нисбатан қисқа масофаларга учириладиган ҚРда) ва бундай двигателлар комбинацияси қўлланилиши мумкин.
Нишонга ўта аниқ тегишини таъминлаш учун ҚР жой рельефига монанд тузатишлар киритиб бориладиган инерциал, астроинерциал ва шу каби бошқа турдаги мухтор навигация тизимлари билан, шунингдек, уларнинг белгиланган нишонга якуний йўналтирадиган тизимларга эга уйғунлиги билан жиҳозланади.
Жанговар яшовчанлик (парвоз траекториясида фош этилиб, уриб туширилиши қийин кечиши) нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда ҚР энг кичик баландликларда (сув ҳавзаси узра 10 м гача, ер юзаси узра эса 200 м ва бундан ҳам кичик баландликда) парвоз этиши афзал саналади.
ХХI аср бошида ҚРнинг ҳар хил турлари ва модификациялари, жумладан:
АҚШнинг «Томагавк» ва Россиянинг «Гранат» русумли сув ости ва сув усти кемаларидан учириладиган;
АҚШнинг ALCМ-86B ва Россиянинг «Х-55» русумли стратегик бомбардимончи самолётлардан учириладиган;
АҚШнинг BGM-109С русумли қуруқликдаги учириш қурилмаларидан учириладиган ракеталар яратилган.
Вазифаси ва жанговар юкламасига боғлиқ ҳолда ҚРнинг:
вазни, одатда, 500-1500 килограммни;
учиш масофаси 100-3000 километрни (истиқболда 5000 километрга етадиган масофани);
учиш тезлиги, одатда, товуш тезлигидан паст бўлиб, соатига 700-800 километрни ташкил этади. Бироқ товуш тезлигидан ортиқ тезлик ва гипертезлик билан учадиган, хусусан, ҳарбий авиацияда қўлланиладиган ҚРлар ҳам мавжуд.

Авиаракета-космос саноатининг ишлаб чиқариш жиҳозлари ўз маҳсулотларининг мураккаблигига мос келади. Бунда, дастгоҳларнинг энг янги авлоди ҳам, моҳир усталарнинг қўл меҳнати ҳам кенг қўлланилади. Ракета ва космик техниканинг аксарият узелларига ниҳоятда пухта ишлов бериш керак. Зеро, улар самолёт жиҳозларидан ҳам ишончли ишлашлари талаб этилади. Бундай корхоналарнинг ишлаб чиқариш майдонлари завод цехидан фарқли ўлароқ, кўпроқ лабораторияларга ўхшайди.
Соҳа фирмаси жаҳон бозорида муносиб ўринга эга бўлиши учун муайян талабларга жавоб бериши лозим, хусусан:
кадрлар таркиби техник жиҳатдан юқори малакага эга бўлиб, ўзгармаслиги;
ўз конструкторлик ишланмалари бўйича маҳсулот тайёрлашга оид бой тажрибага эга бўлиши;
тайёр маҳсулотни сотиш тадбирларини уддабурон ташкиллаштириши;
ишлаб чиқариш жараёнини диверсификация қилиб (яъни маҳсулотлар ассортиментини кенгайтириб, янги технологияларни ўзлаштириб) бориши;
сарф-харажатлари самарали кечиши;
молиявий аҳволи барқарор бўлиши талаб этилади.

Мулоҳаза юритилаётган саноат турининг ривожланиш истиқболлари авиалайнерлар ва космик техника ишлаб чиқариш йўналиши саналмоқда. Қурол-аслаҳалар бозорининг қисқариши бозорнинг бошқа секторларида компенсация қилиниши мумкин. Равнақ топиш суръатлари бўйича авиаракета-космос саноати иқтисодиётнинг бошқа соҳаларидан ўзиб кетган бўлиб, бугунги моддий маданият тараққиётида муҳим аҳамият касб этиб қолди.

Shokir Dolimov 28.04.2013 22:02

РОССИЯ КОСМОС САНОАТИ – космик аппаратларни яратиш ва ишлаб чиқаришга ихтисослашган совет давлат космос саноатининг вориси саналади.
Ўтган асрнинг 90- йилларида авж олган иқтисодий инқироздан сўнг, 2000- йилларда тиклана бошлаган ушбу соҳа юқори малакали ходимларини йўқотгач, хорижий компаниялар билан қўшма корхоналар ярата бошлади, вақт ўтиб, федерал дастурлар қабул қилиниб, сезиларли даражада модернизация қилинди.
Бугунги кунга келиб космос соҳасининг йирик компаниялари жумласига:
учувчи бошқарадиган космик парвозларнинг бош пудратчиси, Союз-ТМА ва Прогресс каби космик аппаратлар яратувчиси, Халқаро космик станцияни яратиш ишларида Россия томонининг иштирокчиси – С. П. Королев номли «Эне́ргия» ракета-космос корпорацияси;
элтувчи ракеталарни ишлаб чиқарадиган етакчи корхоналари – М. В. Хруничев номли Давлат космик илмий-ишлаб чиқариш маркази ва «Прогресс» давлат илмий-ишлаб чиқариш ракета-космос маркази;
сунъий йўлдошлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган йирик корхона - М. Ф. Решетнёв номли «Информацион сунъий йўлдош тизимлари» очиқ акциядорлик жамияти;
планеталараро зондлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган етакчи корхона – С. Лавочкин номли илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси киради.

Учувчи бошқарадиган парвозлар манфаатларида қўлланиладиган элтувчи ракетанинг замонавий русуми Союз-ФГ, деб номланиб, Союз-ТМА космик кемаларини орбитага олиб чиқиш учун қўлланилмоқда. Бугунги кунга қадар қўлланилиб келинаётган Союз ўрнига «Прогресс» давлат илмий-ишлаб чиқариш ракета-космос маркази томонидан рақамли бошқарув тизимига эга Союз-2 русумли элтувчи ракета яратилмоқда. Ушбу ракетани жаҳон бозорига олиб чиқиш мақсадида мазкур марказ Старсем Россия-Франция қўшма корхонасини таъсис этди. Бундан ташқари, Франциянинг денгиз ортидаги Гвиана департаментида жойлашган Куру (Kourou) космодромида старт бериш майдонини қуриб, фойдаланишга топширди.

М. В. Хруничев номли Давлат космик илмий-ишлаб чиқариш маркази тижорат соҳасида энг муваффақиятли компаниялардан бири саналади. Мазкур марказ томонидан яратилган Протон-М русумли элтувчи ракета ва ракетанинг учинчи поғонаси сифатида қўлланиладиган Бриз-М тезлик ошириш блоки космик аппаратларни орбитага олиб чиқиш мақсадларида кенг қўлланилмоқда. 2013 йили ушбу марказда лойиҳалаштирилган Ангара русумли элтувчи ракеталарнинг ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди.

АҚШ КОСМОС САНОАТИ.
Соҳанинг асосий ўзаги Калифорния авиаракета-космос маркази саналади. АҚШ самолётларнинг тўртдан бир қисми, ракета техникасининг деярли ярми шу ерда ишлаб чиқарилади. «Боинг» компаниясидан ташқари, соҳага ихтисослашган асосий корпорацияларга қарашли йирик ва ҳатто асосий корхоналар айнан мана шу марказда жойлашган. Бироқ «Боинг» ҳам, субконтрактлар тузган тарзда ўз буюртмаларининг тўртдан бир қисмини Жанубий Калифорнияга ўтказиб юбориши кузатилган.
Калифорнияда авиалайнерлар ва ҳарбий-транспорт самолётларини ишлаб чиқарадиган «Макдоннелл-Дуглас»нинг Лонг-Бичда ва «Локхид»нинг Бербанкда жойлашган асосий заводлари бор. «Нортроп» компанияси Хоторндаги заводида Тайгер русумли қирувчи самолётларини, Пика-Риверадаги «Форд»дан сотиб олган заводда эса «Стелт» русумли илғаб бўлмас бомбардимончи самолётнинг прототипларини ишлаб чиқаради. Эль-Сегундода «Рокуэлл интернэшнл» корпорациясига қарашли қароргоҳлар ва лабораториялар комплекси жой олган.
Ракета техникаси «Дженерал дайнэмикс»нинг Сан-Диегодаги «Томагавк» русумли қанотли ракеталар ишлаб чиқарадиган ниҳоятда йирик заводлари, Канога-Паркдаги «Рокуэлл» ракета двигатели заводи, Хантингтон-Бичдаги «Макдоннелл-Дуглас» элтувчи ракеталар заводида ишлаб чиқарилади.
Космик техника ишла чиқаришга ихтисослашган заводлар ҳам, Калифорнияда оз эмас. Жумладан, Доундаги бир вақтлар «Аполлон» космик кемасининг асосий элементлари йиғилган «Рокуэлл» заводида бугунги кунга келиб «Шаттл»ларнинг агрегатлари тайёрланади. Сил-Бич фирмасининг «НАВСТАР» оид сунъий йўлдошларни ишлаб чиқарадиган заводлари ҳам, шу ерда жойлашган.
Лос-Анджелес шимолида, Катта Лос-Анджелес учун халқаро аэропорт қурилиши кўпдан буён режалаштирилаётган Сан-Гейбриел тоғ тизмаси ортидаги Палмдейл чўлида янги ҳарбий-саноат узели бунёд бўлгани кузатилмоқда. Палмдейл четидаги эски 42- сонли давлат заводи, уни дастлаб космик мокилар тайёрлаш даражасига қадар кенгайтириб юборган, бугунги кунда эса В-2 русумли бомбардимончи самолётларни серияли равишда ишлаб чиқараётган «Рокуэлл»га ижарага топширилди. Кўп этмай, «Нортроп» фирмаси бу ерда бўлажак «Стелс» бомбардимончи самолёт ишлаб чиқариш заводини қуриб битказди, «Локхид» ўзининг Бербанкда ишлаб чиқарган Р-З «Орион» патруль самолёти ва кўкларга кўтариб мақталган У-2 русумли самолёт негизида яратилган ТР-1 русумли разведка самолётларини энди шу тайёрламоқда.
Жанубий Калифорнияда тайёр учиш аппаратларини ишлаб чиқариш жараёни узел ва деталлар тайёрлайдиган кўплаб кўмакчи корхоналарнинг ишончли базасига таянади. Бундай корхоналар орасида «Рор индастрис» корхонасининг Чула-Вистда жойлашган чиндан ҳам йирик заводлари мавжуд. Ушбу заводга хизмат кўрсатиш доирасида ниҳоятда қудратли радиоэлектрон саноати вужудга келган. Унинг тахминан ярми алоқа воситаларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлса, учдан бир қисми электрон компонентлар тайёрлайди. Мулоҳаза юритилаётган соҳа Оринж округи ҳудудидаги кўплаб шаҳарларни қамраб олган. Бунда, «Боинг» компаниясининг асосий макони Сиэтл муҳим ўрин эгаллаган.

АҚШнинг аэрокосмик фирмалари:
Bell, Bell Aircraft Corp.;
Boeing, The Boeing Company, Boeing;
Convair, Convair;
Douglas, Douglas Aircraft Co. DC;
Fairchild, Fairchild Hiller Corp.;
GD, General Dynamics Corp.;
Grumman, Grumman Aerospace Corp.;
Hughes, Hughes Aircraft Co.;
Lockheed, Lockheed Aircraft Co., L;
LTV, LTV Aerospace Corp. (Ling-Temco-Vought);
MD, McDonnell Douglas Corp., MD;
NAA, North American Aviation Inc., NA;
Nortrop, Nortrop Corp.;
Republic, Republic Aviation Corp.;
Rockwell, Rockwell International Corp.


Текущее время: 21:09. Часовой пояс GMT +5.

Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2024, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»