PDA

Просмотр полной версии : Афсонага айланган севги


Nigora Umarova
02.03.2010, 18:05
Шоир ва ёзувчилар фақат Тоҳир ва Зуҳралар, Фарҳод ва Ширинларнинг афсонавий муҳаббатларини куйлаб-тасвирлабгина қолмайдилар. Уларнинг ўзлари ҳам севган ёрлари билан Тоҳир ва Зуҳралардек оташин муҳаббат оғушида ҳаёт кечирадилар. Балки бундай бахтли ҳодисалар кўп эмасдир. Балки бармоқ билан санарлидир. Агар Ҳамид Олимжон билан Зулфиянинг афсонавор муҳаббати бармоқ билан санарли достонлардан бўлса, унинг қиммати янада ошган, бинобарин, у нодир ишқий достонлардан бири бўлади...

Nigora Umarova
02.03.2010, 18:13
Домла!
Сиз Зарифахоним ва Ойбек ҳақида ажойиб бир китоб ёзгансиз. "Ҳамид Олимжон" ҳақида монография яратгансиз.
1 март куни халқимизнинг ардоқли шоираси Зулфияхоним таваллуд топганлар. У киши ўзбек аёлларининг вафо ва садоқат тимсоли сифатида ардоқланиб келинмоқдалар.
Зулфияхоним Ҳамид Олимжондан 29 ёшларида бева қолгач, гарчанд жисман бўлмаса-да, руҳан шоирни ҳис этиб яшадилар.
Форумдошларимизга бу икки қалб соҳибининг "севги достони" ҳақида баён этиб ўтсангиз, илтимос.

http://img.uforum.uz/images/nzkpqsd5286514.jpg
Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним. 1935 йил.

Naim Karimov
02.03.2010, 18:28
Тошкентдаги Дегрез ва Ўқчи маҳаллалари Ўзбекистонда ишчилар синфининг майдонга келишида бешик вазифасини адо этган. Карийб юз йилдан бери шу ерда пўлат қуйиб, чўян эритиб, турли-туман хўжалик асбобларини ясаганлар. Тунука сурнайдан тортиб қўрғошин тўппончагача, қилич-қалқондан тортиб қозон ва омочгача - ҳамма нарса шу ерда тайёрланган.
Ана шу маҳаллада истиқомат қилган Муслим дегрезни 1917 йилдаги инқилобий воқеаларга қадар бутун Тошкент билган ва ҳурмат қилган, десак муболаға бўлмас. Муслим дегрезнинг ҳовлисида катта дошқозон бўлиб, унда ҳар икки ҳафтада пўлат ё чўян эритилар, улар турли шаклларга қуйилар, сўнг қозон ё омоч шаклини олиб, ўнлаб хонадонларга кириб борар эди. Пўлат ва чўян эритиладиган кун, худди байрамдагидек; шўх шанлик ва хандонлик билан ўтарди.
Шундай кунларда Муслим дегрезнинг ёнида унинг беш нафар ўғли ҳам турарди. Унинг фарзандлари ҳам ота касбини эгаллаган, дегрезлик ҳунарига ихлос қўйган кишилар бўлишган.
Муслим дегрезнинг бешта фарзандидан бири Исроил дегрез эди.
Исроил дегрез етти фарзанд кўрди ва фарзандларининг энг кенжасини Зулфия деб атади.
Зулфиянинг болалик чоғлари ана шу иш муҳитида, пўлат тафти анқиган хонадонда кечди. Унинг наздида, отаси шундай моҳир дегрез эдики, у ҳатто пўлатдан қўғирчоқ ҳам қуйиб қўйиши мумкиндек эди. У дошқозон атрофида безовта юрган отасининг ортидан эргашиб, «Дада, менга қўғирчоқ ясаб беринг!» деб илтимос қилгани қилган эди. Озгингина, қорачадан келган, чайир танли отаси эриган пўлатнинг учқунларини сачратиб, турли асбоб-анжомлар ясар экан, халқ эртакларидаги паҳлавонлардек туюларди унга.
Ҳар бир касб-ҳунар кишиларининг ўзига хос фазилатлари бўлади. Дегрезлар одатда камгап, темир иродали, чайир кишилар бўлишган. Исроил дегрезда бу фазилатлардан бошқа сифатлар ҳам йўқ эмас эди. У ўз ҳунарига астойдил берилган, тийран нигоҳли, илғор қарашли кишилардан эди. У фарзандларини ҳалол, меҳнатсевар кишилар қилиб тарбиялади. Катта ўғли Исмоил Москвадаги олий ўқув юртларининг бирида таҳсил олгач, партия идораларида масъул лавозимларда хизмат қилди. Қодир нафақага чиққунига қадар ота касбини давом эттириб, заводда пўлат қуйди. Нормат Исроилов эса 30-йилларда танилган халол партия ходимларидан бири эди. Зулфия дастлабки ҳаёт сабоқларини анна шу ота-онаси ва акаларидан олди.

Naim Karimov
02.03.2010, 18:35
Қиш оқшомларида бутун оила сандал атрофида тўпланар ва Хадича хола катта рўмолни аста очиб, унинг ичидаги бирор халқ китоби ёки баёзни варақлаб, шеър ёки жангномани ўқирди. Зулфия Навоий, Бедил, Фузулий шеърларини биринчи марта онасидан эшитган эди. “Мўъжизалар яратишга қодир, жаҳонни кўзга кенг очувчи, инсонни гўзаллик сари еткловчи Сўз»га муҳаббат туйғусини Зулфияда остона ҳатлаб кўчага чиқмаган оддий аёл” – ана шу онаси уйғотган эди.
Шу тарзда ҳаёт дорилфунуни билан таниша бошлаган Зулфия бошлангич маълумотни олгач, 1931 йили Ўқчи маҳалласидаги хотин-қизлар билим юртига ўқишга кирди. Зулфия шу даврда, бошқа дугоналари қатори, ўқитувчи бўлишга ахд қилган эди. Лекин у «донолик ва билимнинг сира туганмас конлари” - Навоий ва Ҳофиз, Пушкин ва Байрон асарлари билан танишар экан, ўзи ..ҳам “қандайдир жуфтланган, оҳангдош сатрлар”ни тўқий бошлаганини сезди. У шеър ёза бошлади. Шу йилларда билим юртида Шукур Саъдулла ва Тошпўлат Саъдий бошлиқ адабиёт тўгараги иш олиб борар, қизлар улар туфайли мумтоз ва замондош шоирларнинг асарлари билан танишар, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Уйғун ва бошқа шоирлар эса билим юртига келиб, улар билан учрашув кечаларини ўтказишар эдилар. Ҳамид Олимжон билим юртидаги шундай кечаларда қизлар билан суҳбатлашиб, уларни мумтоз ва шўро адабиёти намуналарини ўқишга чорларди. Зулфия шундай учрашув кечаларида бутун вужуди қулоқда айланиб, таниқли ўзбек шоирларининг шеърларини завқ билан тингларди.
Орадан кўп ўтмай, шеъриятга ихлос қўйган қизлар Ёзувчилар уюшмасига бориб, Ҳамид Олимжон ва Уйғун бошқарган семинар машғулотларида ҳам қатнаша бошладилар.
Зулфия тинимсиз китоб ўқир, кечалари ҳаммадан яширинган ва яширган ҳолда шеър машқ қиларди. Ниҳоят, у ўз машқларини тўгарак раҳбарларига кўрсатишга ботинди. Унинг «Мен иш қизи» деб номланган биринчи шеъри 1931 йил 17 июль куни Шукур Саъдулла воситасида «Ишчи» газетасида босилди.

Naim Karimov
02.03.2010, 18:42
Зулфия шеъри босилиб чиққанидан беҳад даражада қувонган Нормат ака бир даста газетани сотиб олиб, уни ҳаммага кўз-кўз қилиб чиқди. Унинг бундай кувончга берилиши Зулфияга илҳом бағишлади. Унинг шеърлари «Ёш ленинчи» ва «Қизил Ўзбекистон» газеталарида, «Янги йўл» ва «Ўзбекистон шўро адабиёти» журналларида чоп этила бошлади. 1932 йилда эса Зулфиянинг биринчи шеърлар тўплами — «Ҳаёт варақлари» матбуот юзини кўрди.
Бу шеърлар Ҳамид Олимжоннинг ҳам назарига тушди.
“Мен, - деб ёзади Зулфия, - Ҳамид Олимжонни илк дафъа ўша йилда кўрганман. Биз, йигирма чоғли адабиёт ихлосмандлари, семинар машғулотларига йиғилардик. Машғулотларни Ҳамид Олимжон билан Уйғун бошғарарди. Уларнинг ўша пайтдаги фағат ўзига ишонадиган кишидагина бўладиган босиқ, маҳрур, кучли қиёфалари мени ҳозиргача ғайратга солади. Улар ўзларини ниҳоятда эркин тутарди…
...Яшириб ўтирмайман. Ҳамид Олимжон илк кўришувларданоқ кўзимдан кўнглимга ўтди. Мен жуда ёш ҳиссиётим билан унинг кенг қалби, улкан иқтидорини туйдим”.
1934 йил эди. Ҳозирги “Мустақиллик” метро бекати олдидаги майдончада Ҳамид Олимжон Зулфияни учратиб қолади. Улар шу вақтга қадар фақат адабий кечалар туфайлигина бир-бирлари билан таниш эдилар. Ҳамид Олимжон тасодифий учрашувдан мамнун бўлиб, Зулфия билан узоқ суҳбатлашади.
- Шеърингизни ўқидим, - дейди у ошкора меҳр билан. – Яхши. Нималигини айтайми? Шеърда қалбингизнинг сурати бор. Бир парчагина бўлса ҳам. У ўзингизнинг қалбингиз. Худди шундай давом эттириш керак. Риторикасиз, ҳақиқатни ёзиш зарур...
Зулфия ўша пайтда «риторика” сўзини ғира-шира англарди. Лекин у бу ҳақда индамай қўя қолади.
“Ўшанда, - деб ёзади шоира, - мен уйимизга юриб эмас, учиб келдим. Келибоқ йўл бўйи туғилган туйғуларимни қоғозга туширдим. Мен бу шеърни шундай енгил, тўлиб-тошиб ёздимки, юрагимга аллақандай афсонавий бир қудрат кириб олиб, фикрларим, қўлларимга куч бахш этаётгандай эди. (Бу “Баҳор кечаси” деб аталган шеърим бўлса керак.)”

Naim Karimov
02.03.2010, 18:46
Мазкур кутилмаган учрашув Светлана Сомованинг «Шоир ҳақида достон» асарида ўзининг бундай тасвирини топган:
...Ҳали булар бир-бирин топиб,
Жамолларин кўргунча аён,
Шеърлари газеталарнинг
Бетларида турди ёнма-ён.
Шеър очди муҳаббатга йўл,
Аён қилди қалб оташин ҳам.
Гуё улар беришгандек қўл,
Юракларни уришин шу дам -
Сезгандилар сатрма-сатр,
Бўлгандилар мафтуну асир.
Кўзларига чўкди ўйчанлик,
Қандайдир дард, муштоқлик изи.
Висол учун бўлган ташналик
Бир-бировин кўргунча юзин.
Шеърдаги содда, самимий,
Ҳар бир сўзда топгандек аксин,
Бир кун оқшом пайти иккиси –
Ногаҳоний кўришган бир зум
Шодлик, дардни кўринг деб бирга
Муҳр босди улар умрига.

(Шукрулло таржимаси)
Ўша тасодифий учрашувнинг бундай шоирона талқин этилиши ҳам, Зулфиянинг ўша унутилмас оқшом соатларида «Баҳор кечаси» шеърини ёзиши ҳам бежиз эмас. Ҳамид Олимжон билан Зул¬фия ўртасидаги дўстлик ва муҳаббат саройининг муҳташам биносига худди ўша куни биринчи ғишт қўйилган эди.

Naim Karimov
02.03.2010, 19:00
Зулфия шу учрашувдан кейин Ҳамид Олимжон тўғрисида тез-тез ўйлайдиган, Ҳамид Олимжон эса ёш шоиранинг шеърларини диққат билан кузатадиган бўлди.
Кўп ўтмай, Зулфия билим юртини тугатиб, 1935 йилда Ўзбекистон Фанлар комитети қошидаги Тил ва адабиёт институтининг аспирантурасига ўқишга кирди. Бу ерда у бўлажак таниқли олимлар - Солиҳ Муталлибов, Fyлом Каримов, Аюб Ғуломов кабилар билан бирга адабий-назарий билимини оширди.
Шу йилларда Тил ва адабиёт институтида Ҳамид Олимжон ҳам хизмат қиларди. У Зулфия билан учрашган кезларида унинг ижоди билан қизиқар, унга турли маслаҳатлар берарди. Ҳар бир учрашув уларни тобора яқинлаштирар ва бир-бирларининг қалбига муҳаббат уруғларини соча бошлар эди.
1935 йил улар ҳаётига энг бахтли сана сифатида кириб келди. Шу йилнинг 23 июль куни тақдир икки шоирнинг ҳаёт ришталарини бутун умрга бир-бири билан боғлаб ташлади. Шу даврда Ҳамид Олимжон 26 яшар қирчиллама йигит бўлиб, бешта шеърлар ва ҳикоялар китоби муаллифи, таниқли шоир, тиришқоқ олим, ёш шоирлар учун эса устоз сифатида эл оғзига тушган эди. У Зулфия учун турмуш ўртоги ва дўстгина эмас, балки унинг ижодий тақдирида мислсиз аҳамиятга молик сиймо ҳам бўлди.
“1935 йилда тўйимиз бўлди, - деб ёзади Зулфия. – Мен яйраб яшардим. Инсон чинакам севиб, севилганда атрофидаги барча қийинчиликлар ушоқ бўлиб кўринади. Тўрт фасл ҳам баҳор бўлиб кўринади. Мен ўша пайтда шундай руҳда эдим».
Зулфия ҳали ёш экан, Хадича хола ўзи ипак қурти боқиб, пилладан толалар ажратиб, ундан олган ипакни турли-туман рангларга бўяб, инсон кўзини қамаштирадиган палак тиккан эди. Шу палак Хадича холанинг келин-куёвга атаган тўёнаси бўлди. Ҳамид Олимжон наздида, палак улар хонадонига қандайдир ўзгача файз бағишлагандек эди. Хадича холанинг тўёнасидан ҳам суюқли ёр билан қовушганидан чексиз қувончларга тўлган шоир ўзини бахт ва саодат осмонида ҳис зтди. Ана шу онлардан бошлаб севги ва муҳаббат атри уфуриб турган ошёнда ярим тунга қадар шеъриятнинг қўш чироғи ўчмайдиган бўлди.

Naim Karimov
02.03.2010, 19:07
Тўй арафасида икки ёшнинг бир-бирига туйган майлидан огоҳ бўлган шоиранинг акаси Нормат ака бўлажак куёв билан танишиш иштиёқини билдирган эди. Кунларнинг бирида у Зулфия орқали Ҳамид Олимжонни ўша пайтда М.Горький номи билан аталган Маданият ва истироҳат боғига, концертга таклиф этди. Улар боғнинг панжарали дарвозаси олдида учрашар эканлар, Ҳамид Олимжон билан Нормат Исроилов эски қадрдонлардек қуюқ кўриша кетдилар. Маълум бўлишича, Ҳамид Олимжон Тошкентга кўчиб келиб, Обсерватория кўчасидаги уйни ўз номига расмийлаштирганда, тасодиф амри билан бўлажак қайин ога унга ёрдам берган экан.
Орадан ҳийла вақт ўтиб, тўй шабадаси эсиб қолганида, Нормат Исроилов Зулфияга мурожаат этиб, «Синглим, ўша пайтда мен Ҳамиджон учунгина эмас, ўзимиз учун ҳам ҳаракат этган эканман», - деган эди.
Одатда тўй мураккаб ва машаққатли жараённинг натижаси бўлади. Одам Атодан қолган урф-одат ва расм-русмлар келин билан куёвнинг, улар ота-оналарининг елкаларига залворли юк бўлиб тушади.
Ҳамид Олимжон билан Зулфиянинг тўйи ўзгача ўтди. Шоирнинг ўша кезлардаги дўстларидан бири совчи бўлиб борди. Олди-берди, умуман, бўлмади. Хадича хола фақат бир нарса - куёвнинг онаси бор-йўқлиги билангина қизиқди, холос.
Комила хола шу даврга қадар Жиззахда истиқомат қиларди. У тўй баҳонаси билан Тошкентга келди ва бир умрга шу ерда, Ҳамид Олимжоннинг бағрида яшаб қолди.
Тўйдан кейин ўн кун ўтар-ўтмас, келин билан куёв Оқтошга бориб, бокира табиат оғушида «асал ойи»ни ўтказдилар. Ҳамид Олимжон «Бир ёнда тоғ, бир ёнда боғ» қад кўтарган ерда болалик кезларини эслаб, яйраб ҳордиқ чиқарди. Toғ-тошларига урила-урила сачраб ва нуқра кукунлар ҳосил қилиб оқаётган муздек сувда балиқ каби сузди.
Сув оқарди,
Қўйнида
Кўкрак кериб,
Балиқ каби
Шўнғиб ётарди.

(“Болалик”)

Naim Karimov
02.03.2010, 19:11
Ҳамид Олимжон қанчалик улғайиб, шоир ва жамоат арбоби сифатида эл-юртга танилган бўлмасин, бу мисраларда тасвирланган шўх ва қувноқ болалик унинг табиатини тарк этмади. У табиат билан юзма-юз қолганида, ҳамиша ўзини унинг эрка фарзанди, деб ҳис этди. У Зулфия билан бирга бўлган вақтларда ҳам ўзини шўхликка, хушнудликка, жўшқинликка ташна боладек тутди.
Ҳамид Олимжон Самарқандда танишган ва қадрдонлашган кишиларидан бири Ойдин Собирова эди. Улар педакадемияда бирга таълим олишган, ўша ерда бир-бирларига ҳурмат туйган эдилар. Улар ўртасидаги дўстлик ришталари Тошкентда ҳам узилмади. Ойдин опанинг Ўқитувчилар кўчасидаги уйида Ҳамид Олимжон, Зулфия, Уйғун, Faфур Ғулом тез-тез йиғилишиб турардилар. Шундай пайтларда шеърият, аския, хотирот шалолалари оққанида Ойдин опанинг кичкинагина уйи торлик қилиб қоларди.
Дўстлар Янги, 1936 йилни ҳам шу ерда кутиб олишди. Ташқарида қалин қор оқ-оппоқ гилам ўлароқ тўшалган эди. Ҳамид Олимжоннинг болалиги тутиб, Зулфияни кўчага, чена учишга таклиф этди. Ченанииг йўқлиги шоир раъйини қайтара олмади. У пальтосининг бағрини Зулфияга тутқазиб, серқор кўча бўйлаб қийқириб, хандон отиб, уни тортди.

Naim Karimov
02.03.2010, 19:20
Зулфия шоир билан бирга кечган ана шу бахтли йилларда ҳар қандай истеъдод доимий меҳнат туфайли чархланиб бориши, Ҳақиқий санъаткор буюк меҳнат интизомига эга бўлиши лозимлигини кўрди. Ҳамид Олимжон ҳар қандай шароитда ҳам эрта билан соат 6 дан 11 га кадар уйда ижод билан шуғулланар, сўнг ҳали сиёҳи қуримаган асарини овоз чиқариб ўқир ва унинг қандай жаранглашини текшириб кўрар эди.
Зулфия ўзининг ҳар бир шеърини унинг назаридан ўтказар, аммо Ҳамид Олимжон бу шеърларга қалам урмас, балки улардаги кучли ва кучсиз сатрларини кўрсатар, тушунтирар эди.
«Иккинчи китобни ёзаётганимда, - деб ёзади шоира, - бир куни Ҳамид Олимжондан шундай деб сўраганим эсимда: «Нима учун мен ёзган шеърларнинг ҳеч поёни бўлмайди? Қайси бандда тўхтамасин, яна давом эттирса бўлаверади-я!» У кулиб туриб, бундай деган эди: «Чунки сиз ҳар бир шеърингизда биратўла ҳамма гапни айтиб олмоқчи бўласиз, ваҳоланки, бундай қилиш ярамайди. Кейин, биласизми, шеърни охиридан бошлаб ёзиш керак»... Унинг маслаҳати нақадар нозик ва аниқлигини кейинчалик ўзимда назмхонлик қилиш эмас, балки бирон мухим ва юрагимда туҳилиб қолган фикрни баён қилиш зарурати етилгач, тушундим».
Зулфия Ҳамид Олимжон билан бўлган шундай суҳбатлардан кейин шеър ёзган, шеърлари босилиб чиққан ҳар қандай киши ҳам шоир бўла олмаслигини, шоир бўлиш учун эса дунёни ўзгача кўриш ва идрок этиш зарурлигини тушунди.
Улкан шоир, нодир инсоний фазилатлар соҳиби Ҳамид Олимжон Зулфияга, ҳамма нарсада ўрнак булди. Зулфия улкан шоирдан фикрлаш, меҳнат қилиш ва шеър ёзишни ҳам, дўстларга меҳрибон, душманга эса шафқатсиз бўлишни ҳам ўрганди, унинг ижод мактабида таълим олди. Ҳамид Олимжон шу маънода Зулфия қалбига уйғун ҳамроҳ ва сезгир маслаҳатчи бўлди.
Илҳом тулпори жавлон урган шоир ёзув столи ёнига келиб ўтириши биланоқ шеър дарёси оқиб келарди. Ҳали қалбида шеърият булоғи очилмаган ёш шоира эса бу ҳолатдан ҳайратга тушиб, Ҳамид Олимжондан илҳом тулпорининг қачон жиринглаб келиши ва шеърни қандай ёзиш сирларини билмоқчи бўларди.
«Мен ўша пайтларда: «Столга ўтирди дегунча ёзаверади. Қайдан бу куч, илҳом?” деб таажжубланардим. Энди билсам, жаҳон, рус ва ўзбек мумтоз, замонавий адабиётини ўқиш, ўқибгина қолмай, уларни таҳлил қилиш, фикрларини ён дафтарига ёзиб қўйиш, халқ оғзаки ижоди билан астойдил шуғулланиш – бу машғулотларнинг бари шоир ижоди учун доимий озиқ бўлиб турган экан. Ҳамид Олимжон шунча ишлар орасида менга ҳам астойдил ёрдам берар эди. Ёшман, баъзан менга сонсиз китоблар, қоғозлар ичида кўмилиб ўтириш ёқимли туюлмасди. Бундай пайтларда у мени илҳомлантириш йўлларини топарди. Эсимда, бир гал Самарқанд сафаридан ўзи билан Раъно Узоқованинг шеърларини олиб келди. Таъсирчан жойларини ўша кечадаёқ ўқиб берди. Сўнг: «Кўряпсизми, аёлларимиз қандай ёза олади? Фақат жасорат, ирода керак, - деди-да, секингиа қўшиб қўйди. – Биласизми, сиз яхшироқ ёза оласиз!”
Бу суҳбат менга катта туртки бўлди».

Naim Karimov
02.03.2010, 19:26
Зулфия Ҳамид Олимжон таъсирида ўзбек, жаҳон ва рус мумтоз шоирларининг шеърларини мутолаа қилди. Уни, хусусан, Пушкин, Тютчев, Фетнинг мусиқий равон мисралари, айниқса, ром этди. У, агар марҳум адабиётшунос Адҳам Акбаровнинг сўзлари чин бўлса, эрта тонгда туриб, Афанасий Фетнинг «Салом билан келдим сенинг ёнингга...» шеърини ўқиш билан севимли ёрини уйғотадиган бўлди. Ўша кунларда Зулфия қуёшнинг илк нурлари билан турибоқ Фетнинг ушбу сеҳрли мисраларини рус тилида баланд овоз билан ўқир ва унинг қўнғироқдек янгроқ ва ёқимли овози дилнавоз тонг отганлигини англатар эди.
Я пришел к тебе с приветом,
Рассказать, что солнце встало,
Что оно горячим светом
По листам затрепетало.
Рассказать, что с той же страстью,
Как вчера я пришел снова.
Что душа все так же счастью
И тебе служить готова...
Бу мисралар гарчанд Фет қаламига мансуб эса-да, улар Зулфия қалбининг ўша кезлардаги замзамалари, жилвалари, тебранишларини ифода этар ва унинг қалб овозидек янграр эди. Яна эътибор беринг:
...Кечагидек келдим ёнингга,
Ўша ҳис ва ўша эҳтирос —
Билан қалбим бахтга ва сенга
Хизмат қилай дегани ҳам рост...
(Таржима бизники – Н.К.)
Орадан бир неча йиллар ўтиб, бахт осмони қоп-қора қуюн билан қуршалган кезларда Зулфия шеърларидан чинқириб отилган садо ана шу мисраларда ифодаланган чинни туйғуларнинг чил-чил синиши эмасмикан?!
Барча бахтиёр кишилар бир-бирларига ўхшайдилар. Бахтиёр инсон дилнавоз ошиқ ёки маъшуқага ўз қалбининг биллур туйғуларини нисор этади. Зулфия ҳам, Ҳамид Олимжон ҳам ўша чароғон
йилларда қалб қрини, меҳ-муҳббат тафтини бир-бирларидан сира фориғ тутмадилар.
Бу, икки шоирнинг ўзаро ҳрмат ва муҳаббатга асосланган эркин иттифоқи эди.
Шу даврда Зулфия ижоди баҳор чоғларидаги чўққилардан эндигина пайдо бўлаётган кичик бир жилға эди. Кунлар, ойлар ва йиллар ўтиб, бу жилғанинг дарёга айланиши муқаррар эди.

Naim Karimov
02.03.2010, 19:33
Жамият ҳаётининг ҳар бир соҳасини қамраб олган инқилоб 20-йиллар ўзбек шеъриятида ҳам тўнтариш ясади. Анъанавий аруз вазни ўрнига инқилобий маршлар оҳангига жўр бўлиб, бармоқ вазни кириб келди. Бу ҳол инқилобий давр талаблари асосида рўй берди. 20-йиллар охири - 30-йилларнинг бошларида эса “эркин шеър” тушунчаси пайдо бўлди. Шеърият инқилобий кураш қуролига айланди. Ўзбек шеъриятининг сиёсий-ижтимоий жаранги, тарғиботчилик йўналиши бениҳоя кучайди.
Ҳамид Олимжон 1930-1931 йиллардаги шеърий тажрибаларидан сўнг эркин вазнга бошқа қайтмади. Шоирнинг шу давр шеърларидаги қайноқ, ҳужумкор овози энди бармоқ вазнининг равон сойида бир оз «совиб», салобат ва виқор касб этди. Унинг шеърларидаги ҳайқириқ ва хитоблар ўрнини сокин ва теран кечинмалар эгаллади. Ана шу сокин кечинмалар тасвирининг пайдо бўлишида шоир қалбида уйғонган муҳаббат туйғуларининг ўрни ва аҳамияти оз эмас.
Ҳамид Олимжон 1936 йилда ёзган шеърларидан бирига татар шеъриятининг карвонбошиси Ҳоди Тоқтошнинг: «Муҳаббат - ўзи эски нарса, лекин у ҳар бир юракда қайта янгиланади», деган сўзларини пешсўз қилиб келтирган. Бу сўзлар шеърнинг автобиографик унсурлардан холи эмаслигини англатади. Дарвоқе, шеърнинг ғоявий мундарижасида ҳам ошифта шоир қалбининг биографияси ўз ифодасини топган:

Ҳар юракнинг бир баҳори бор,
Ҳар бир қалбга ишқ бўлар меҳмон,
Ҳар юракда гуллар муҳаббат,
Бўстон этар уни бегумон.
Лекин Лайли бошига келган
Қора кунлар бизга ёт бутун;
Бизга ётдир Ширин бахтини
Поймол этган у қоп-қора тун.

Naim Karimov
02.03.2010, 19:37
Шоирнинг ўз рафиқасига бўлган муҳаббати Фарҳод ва Мажнунларнинг севгиси янглиғ беадад эди. Ана шу муҳаббат туфайли у ўз бахтини янада чуқур ҳис этди:
Карашларинг тинчимни олиб,
Чертиб кетди қалбим торини,
Шундан кейин сездим юракда
Шунча кучли ўтнинг борини.
Айтиб бер-чи, шунча севганлар
Бўлганмикан менча бахтиёр?
Бу мисралар 1936 йил кузида Сочида ёзилган.
Ҳамид Олимжон Қора денгиз бўйларида жойлашган санаторийга борган кезларида Зулфия биринчи фарзандига ҳомиладор бўлганлиги сабабли турмуш ўртоғига ҳамроҳлик қила олмаган. Шунинг учун ҳам шоирнинг Кавказ таассуротлари билан йўғрилган шеърларида севимли ёрга бўлган соғинч ҳисси устиворлик қилади. «Хаёлинг-ла ўтади тунлар...» деб номланган шундай шеърлардан бири нафақат Ҳамид Олимжон, балки ХХ аср ўзбек лирикасининг шоҳ намуналаридан биридир. Бундан қарийб етмиш беш йил аввал ёзилган бу шеър оҳорини на ўтган даврлар бўрони тўка олган, на ўзбек шоирларининг кейинги ишқий замзамалари. Биз бу шеърни ўқир эканмиз, биргина соғинч туйғусининг шу қадар гўзал ва умрбоқий асарни майдонга келтира олиши мумкинлигига ҳайрат билан қараймиз. Нима дейсиз, балки бу шеърнинг майдонга келишига сабаб бўлган бошқа илоҳий омиллар ҳам бордир?

Naim Karimov
02.03.2010, 19:40
Хаёлимда бўлдинг узун кун,
Сени излаб қирғоққа бордим.
Оч тўлқинлар пишқирган тунда
Топиб бер, деб ойга ёлвордим.
Ишон бунга, сени доимо
Эсга солар чиройли тунлар,
Шўх юлдузлар, салқин саҳарлар,
Эсга солур бахтиёр кунлар.
Толеимнинг ошиёни сен,
Сен севгимнинг кўкарган боғи.
Сенинг билан бирга иқболим.
Ишончимнинг сен вафо тоғи.
Мени қуршар салқин бир ҳаво,
Сув устидан тун қуюлади.
Шунда қанча-қанча гапларни
Эсга солиб ой ҳам тўлади.
Кеча жимжит, ёлғиз тўлқинлар
Пишқиради билмай тинимни.
Ҳийлагар ой, сеҳргар дилбар,
Солиб қўйдинг ёдимга кимни?..

Агар шоир қалбида муҳаббатнинг оташин олови балқиб турмаган бўлса, ҳар қандай юксак истеъдод соҳиби ҳам бундай шеърият дурдонасини ярата олмаса керак.

Naim Karimov
02.03.2010, 19:48
Ҳамид Олимжон, айтиб ўтилганидек, меҳнат интизомига қатъий амал қиларди. У кўп ва бетиним нжод қилиш билан бирга кўнгилли ҳордиқ олишни, истироҳат қилишни, дўстлар даврасида оқилона суҳбат қилиш-у мириқиб ҳазил-мутойибага берилишни ҳам севарди.
Якшанба Ҳамид Олимжон ва унинг оиласи учун чин маънода фароҳат ва истироҳат куни эди. Шу куни шоир қўлига қалам олмас, Зулфия ҳам уй-рўзғор ишларидан озод бўларди.
Одатда у барвақт туриб, Зулфия билан бирга бозорга борар, рўзғор учун керакли маҳсулотларни обдон танлаб-савдолашиб харид қиларди. Сўнгра кўчага чиқиб, биринчи келган трамвайга тушар ва шу трамвайнинг охирги бекатига қадар бориб, шаҳар ташқарисига чиқиб оларди. Шоир бундай сайрларни «матчои сайил» деб атарди.
У Обсерватория кўчасида истиқомат қилганда, 2- ёки 3-рақамли трамвайларга ўтириб, Гидр ва Салор бўйларига боришни, яшил кенгликларга чиқиб, тоза ва тўйимли ҳаво билан нафас олишни, қушлар навосини тинглаб, ўт-ўланларнинг яшил ёғдусини симирншни севарди.
«Матчои сайил» табиат бағрига кириш - руҳга ҳордиқ бериш, ранглар ўйинига, садолар шалоласига, хуллас, табиатнинг беназир латофати бағрига сингиш, хуллас, ижод учун чўғ олиш эди.
Табиатдаги гўзалликни кўра ва қўмсай олмайдиган инсон уни Ҳамид Олимжондек беадад шеърий куч билан акс эттира олармикан?! Йўқ, асло! Ҳаётни, табиатни Ҳамид Олимжондек жиловсиз эҳтирос билан севувчи кишигина шундай ошифта шоир бўлиши мумкин...
Шубҳасиз, ҳамидона “матчои сайил”лар Зулфиясиз ўтмас эди.
Ҳамид Олимжон билан Зулфиянинг «табиат қучоғи»га қилган ана шундай саёҳатларидан бири 1936 йил баҳоридаги лола сайли эди. Орадан бир йил ўтгач, шоир ўша сайилдан олган фароғатини хотирлаб, ўзининг латиф шеърларидан бирини ёзган:
Энг гуллаган ёшлик чоғимда
Сен очилдинг кўнгил боғимда.
Шунда кўрди кўзим баҳорни,
Шунда қалбим таниди ёрни.
Қушлар сайрар жонимга пайваст,
Мен севгининг бўйи билан маст,
Куни билан далада қолдим,
Лолазорлар ичра йўқолдим.
Қучоқ-қучоқ гуллар терганим
Ва келтириб сенга берганим
Кечагидай ҳамон эсимда,
Ҳар сония, ҳар он эсимда.
Шундан бери тилимда отинг,
Шундан бери дилимда отинг...
Энг гуллаган ёшлик чоғимда
Сен очилдинг кўнгил боғимда.
Ҳамид Олимжон ўз муҳаббати билан беҳад даражада бахтиёр эди. Бахтиёр кишининг кўзига эса ҳамма нарса гўзал бўлиб кўринади:
Бахтим борки, ҳap нарса гўзал
Кўринади менинг кўзимга.
Ҳамид Олимжон 30-йилларнинг иккинчи ярмида она юртнинг оташин куйчисига бежиз айланмаган, олтин водийлару бахмал адирларни бежиз ёниб тасвирламаган, бепоён Ватанимизнинг жаннатмонанд тасвирини бежиз яратмаган. Уни шундай гўзал шеърият дурдоналарини яратишига илҳом берган ҳам унинг қалбидаги Зулфияга бўлган муҳаббатнинг латиф туйғулари эди.
Шоирнинг бахт-саодат ҳақидаги бир туркум шеърлари ҳам ана шу бахтли муҳаббат чашмасидан юзиб чиққан.

Nigora Umarova
22.10.2010, 17:19
Домла!
Юқоридаги хабарларда Ҳамид Олимжон ва Зулфияхонимнинг муҳаббатлари ҳақида маълумот бериб ўтган эдингиз. Устоз Ойбек ва Зарифахоним Саидносирова ҳақида монография ёзгансиз. Буюк инсонларнинг инсоний муҳаббатлари ҳам буюк бўлади.
Буюк инсонларни "буюк" бўлишида ҳам рафиқаларининг меҳру муҳаббатлари қайсидир жиҳатдан уларга руҳий кўмак беради.
2010 йилнинг ноябрь ойида атоқли адабиётшунос олим ва драматург Иззат Султон туғилган кунга 100 йил тўлади.
Устозингиз Иззат Султон ва уларнинг рафиқалари Замирахоним ҳақида бизларга маълумот бериб ўтсангиз.
Иззат Султоннинг "Иззат Султон" бўлишида ҳам Замира Султонова "илҳом фариштаси" бўлганлар деган фикрдаман.

Naim Karimov
22.10.2010, 17:25
Иззат Султон ХХ асрда яшаб ижод қилган бошқа йирик ўзбек ёзувчилари ва олимлари қаторидан мустаҳкам ўрин олган аллома бўлиб, қаламкаш биродарларидан бир қатор фазилатлари билан ажралган. У адабиётшунос олим сифатида ҳам ўзбек мумтоз адабиёти, ҳам замонавий адабиётнинг муҳим масалалари ва бу ҳар икки давр адабиётининг забардаст намояндалари ижоди билан фаол шуғулланган
Ўзбек мумтоз адабиётида айрим унсурлари, халқ оғзаки ижодида эса ибтидоий намуналари бўлганига қарамай, драматургия бадиий адабиётнинг муҳим тури сифатида Беҳбудийга қадар ўзбек адабиётида шаклланмаган эди. Адабиёт назарияси, шу жумладан, драма назариясини яхши билган Иззат Султон бадиий ижоднинг гултожи ҳисобланган шу соҳада ҳам қалам тебратиб, талайгина саҳна асарларини яратди. Унинг “Имон”, “Номаълум киши”, “Донишманднинг ёшлиги”, “Кумуш шаҳар маликаси”, “Абдулла Қодирийнинг ўтган кунлари”, “Оилавий сир” сингари драмалари томошабинлар оммасига яхши таниш. Иззат Султоннинг Уйғун билан ҳамкорликда ёзган “Алишер Навоий” драмаси эса ўзбек театрлари репертуарини ҳамон безаб келади.
Илмий ва ижодий қизиқиш доираси ғоят кенг бўлган, ўзбек ва жаҳон адабиёти ҳамда театр санъати ютуқларидан ўз вақтида хабардор бўлишни истаган олим Москвага ўқтин-ўқтин бориб турар эди. У баъзан Москва яқинидаги ижод масканларида яшаб, илмий ва бадиий асарлар ёзар, хордиқ соатларида эса дўст-ёрларига хат ёзиб йўлларди.
Қуйида эълон қилинаётган икки хат олимнинг умр йўлдоши Замира Султоновага йўлланган. Биз бу хатларни ўқир эканмиз, бутун умри ижодхоналарда кечган олимнинг гўзал руҳий олами билан яқиндан танишгандек бўламиз. Унинг рафиқасига бўлган чексиз муҳаббати, уни ўзининг ижодий режа ва ниятлари билан ошно этиши, уни сирдош дўст сифатида алқаши бизни ҳайратга солади. Биз бу хатларни ўқиб, Замира опанинг Иззат Султон учун илҳом фариштаси бўлганига яна бир бор амин бўламиз.

Naim Karimov
22.10.2010, 17:31
Москва, 23.II.57


Севикли Замирахон,

Аям1 (http://uforum.uz/newreply.php?do=newreply&noquote=1&p=368323#_edn1) бошлиқ ҳаммаларингизга кўпдан-кўп соғинчли салом.
Иккала хатингизни олдим. Раҳмат.
Келганимга бугун икки ҳафта бўлган бўлса ҳам, ҳали тузукроқ ишга ўтиролганим йўқ: аввал бир касал бўлдим, кейин Москва, С2 (http://uforum.uz/newreply.php?do=newreply&noquote=1&p=368323#_edn2)оюз билан боғлиқ бир қанча ишлар вақтни олди. Ҳозирча фақат материаллар ўқиш3 (http://uforum.uz/newreply.php?do=newreply&noquote=1&p=368323#_edn3) билан овораман. Эрта-индин мўлжаллаган нарсаларни ёза бошлашга киришсам керак. Бир ойлик путёвка4 (http://uforum.uz/newreply.php?do=newreply&noquote=1&p=368323#_edn4)миздан икки ҳафтача вақт қолди, шунинг учун нима қилиб бўлса ҳам иккинчи ойга путёвка олиш ҳаракатидамиз, бўлмаса – бу ерга келишимиз иш жиҳатидан бефойда бўлиб қолиши ҳам мумкин.
Бу ерга келгандан кейин яна эски “касалим”5 (http://uforum.uz/newreply.php?do=newreply&noquote=1&p=368323#_edn5) қўзғади, яъни яна бир янги нарса ёзиш хаёлига тушиб қолдим, бу энди ё драма ёки проза бўлиши керак. Шундай қилиб, аввалги бир иш тугамасдан яна бир янги иш бошланадиганга ўхшаб турибди. Аммо “Намоз”ни, албатта, аввал охирига етказиб, кейин бошқа ишга кўчарман. Бу ерда яна бир ярим ой “Очерк”6 (http://uforum.uz/newreply.php?do=newreply&noquote=1&p=368323#_edn6) устида ишлашга кетса керак. Умуман, иш кўп, вақт ва ғайрат бўлсагина кифоя. “Замысел”7 (http://uforum.uz/newreply.php?do=newreply&noquote=1&p=368323#_edn7)ларнинг кўплиги мени чўчитмайди, чунки умид қиламанки, уларнинг ҳаммаси бўлмаса ҳам бир қисми амалга ошар. Бундан ташқари, ҳеч нарса бўлмагандан кўра, янги план ва ҳаваслар бўлиб тургани ҳам яхши.
Шу кунларда докторлик дипломини олдим. Дастлаб хаёлимга келган нарса – Царицино8 (http://uforum.uz/newreply.php?do=newreply&noquote=1&p=368323#_edn8)да ғайрат билан самарали ишлаганларим бўлди, диссертация ёқлангандан кейин ўтган бир йилнинг самарсизлиги кўзга ташланди. Ничего, наверстаем9 (http://uforum.uz/newreply.php?do=newreply&noquote=1&p=368323#_edn9). Саломат бўлсак, иккимиз иноқ бўлсак, дўстлигимиз кундан-кун ортса, меҳримиз чуқурлашса, ҳали кўп ишлар қилиб юбориш ҳеч нарса эмас. Докторликка эришув қанча қийин бўлса, докторлик репутациясини доимий сақлаб қолиш ҳам шунчалик, балки ортиқроқ қийин, лекин мен ваҳимада эмасман. Бахтимга, сиз борсиз, ғамим йўқ.
Сиз ҳақингизда кўп ўйлайман, соғинаман. Суратингиз доимо усталим устида (фақат одамлар киргандагина ”хотинини намойиш қилиб, мақтанаяпти”, демасин, деб суратингизни яшириб қўяман). Мана ҳозир ҳам рўбарўмда турибсиз. Мендек “кап-катта” кишининг ўз хотинига “ёш ошиқ”ларча муҳаббат изҳор этиши, эҳтимол, баъзи одамларга қизиқ ёки кулгили туюлар. Лекин мен ўз муҳаббатимдан уялмакчи эмасман, уялмайман, балки муҳаббатим билан жуда бахтиёрман. Ҳар қандай ёшда ҳам муҳаббат фақат ҳаётнинг ҳуснигина эмас, балки катта бахт ва илҳом манбаи ҳам, - мен буни Сиз билан ҳаёт қурганимдан кейин тушундим. Сизга бўлган муҳаббатимнинг бутун кучини бирор асарда тасвир этиб бера олсам, ўзимни яна ҳам бахтли ҳис этган бўлар эдим.
Баъзан ҳаётимиз ҳақида ўйлаб кетаман. Меҳр, қизғин ва самимий ҳис билан тўла ҳаётимизнинг қадрига етмас эканмиз, ўйлаб кўрсам. Ҳали ҳаётимизда майда, арзимас нарсалар бўлиб туради. Уларни энди йўқ қилиш, бахтли ҳаётнинг қадрига етиш, бир-биримизни(нг) “бошимизни кўтариб юришимиз” керак. Бахтиёр, меҳр ва муҳаббат билан тўла ҳаётнинг ҳар дақиқаси, эскича таъбир билан айтганда, “минг тиллога арзийди”.
Кишилар бахтни кўпинча четдан ахтарадилар, бировларнинг ҳаёти ёки китобларда тасвирланган ҳаёт уларга идеал бўлиб кўринади-ю, ўзларининг ҳаётида ҳеч поэзия йўққа ўхшайди. Шундай кишилар тушунмайдиларки, ҳаёт муҳаббатдан бошланган ёки ҳаётда муҳаббат рўёбга келган экан, ҳаётнинг бундан кейин лаззатли, бахтиёр бўлиши одамларнинг ўзига боғлиқ, бахтли ҳаётни “қура билиш” керак. Бунинг учун соф муҳаббат, бир-бирингизга бўлган меҳр ва ҳурматни кўз қорачуғидай сақлай билиш, образли қилиб айтганда, муҳаббат ниҳолини ҳамма бўрон ва изғиринлардан саломат ўтказиб, вояга етказиш керак. Биз ҳам шу ҳақиқатга амал қилайлик.
Гапни чўзиб юбордим, шекилллик. Бунинг сабаби – кўпдан бери Сизни кўрмаганим, Сизни соғинганим.
Саломат бўлинг, соғинтирмасдан хат ёзиб туринг. Болаларни ўпиб қўйинг.
Сизнинг: И.С.

Naim Karimov
22.10.2010, 17:35
Переделкино1, 25. III.57.

Севикли Замирахон,

Бугун 25 март, Москва сафари ҳам тугай деб қолди. Ҳар вақтдагидек, сафарнинг охирида одам уйни, айниқса, қаттиқ соғинади, мен ҳам соғинганимдан шу хатни ёзишга ўтирдим. Кейинги ҳафталар ичида, иш билан банд бўлиб, уйдан ва Сиздан узоқлигимни ҳам унутаёзган ва бу ердаги ёлғизликка ўрганиб қолган эканман, энди сафар охирига етаёзганда кўнгил яна Сиз томонга тортиб қолди.
Тошкентга бу ердаги ишимдан унча қаноатланмай қайтсам керак. Чунки, бу ерда аввал бир оз нотоблик, кейин ташкилий ишлар кўп вақт олиб қўйди, бевосита ижодий иш қилишга имконият кам бўлди. Бундан ташқари, аввал ёзганимдек, эски “касалим”, яъни “планбозлик”, бир турли прожекторство2 яна мени қаттиқ тутди. Аммо бу сафар бу планлар натижасиз чиқмас, деган умиддаман. Ҳар ҳолда Тошкентга боргандан кейин жуда қаттиқ ишлаш ниятидаман, бу йилнинг охирида яхши самараларга эришай, деб бел боғлаб турибман.
Планлар – қоп-қоп. Мана улардан бири ва нақроғи: “Шўро адабиёти тарихи очерки”3дан қутулгандан кейин (бунга бир ойдан ортиқроқ вақт кетади) <...> 40 йилликка бағишлаб пьеса ёзмоқчиман4. Бу пьесанинг плани тайёр. Ундан кейин уруш йилларида Тош(кент) киностудияда ишлаган вақтда олиб борган “кундаликлар”им материали асосида катта проза асари (повесть ёки роман)5 га ўтираман. Бу асарнинг ҳам планини ишлаб қўйдим. Бу икки асар аслда бир тилак ва бир материалдан чиқиб қолди. Бу тилак – <...> 40 йилликка бевосита алоқадор бўлган (“Намоз”дан бошқа) бирорта асар ёзиш тилаги эди. Шу ният билан хотира архивидан “кўтарган” материалим шу икки асарнинг темасини ва материалини берди. Мия бу темалар устида ишлай бошлагандан кейин “жиловини тортиб қўйиш”ни лозим топмадим, ҳар икки асарнинг кенг планини ишлай бердим. Натижаси ёмон эмас. Асар ёзишга ўлтиришга ҳали узоқ бўлса ҳам, аммо шундай икки асар ёзишга материал ва қувватим борлигини билдим, шунинг ўзи бир ойдан ортиқ ўйлаш ва ишлашни талаб этди, аммо кетган вақтимга сира ҳам ачинмайман. Ўзингиз биласиз, мен бир-икки ойда “ёзилиб ташланадиган” асарларни бадиий асар ҳисобламайман, ундай асар ёзгандан кўра ёзмаганим яхши, деб ҳисоьлайман. Бу – мақтанчоқлик ёки бошқаларнинг асарларини кўзга илмаслик эмас, балки ўзимнинг чуқур қаноатим ва қоидам - шу. Яхши биламанки, адабиётда астойдил ишлаётган ҳамма ўртоқларим ҳам шу қоидага риоя қиладилар, “оз бўлсин-у соз бўлсин” мақоли – уларга қонун.
Бу гапларни шу хатда ёзишимдан яна бир мақсадим бор: қўлингизга бу йил қиладиган ишларим ҳақида “тилхат” бериб қўймакчиман. Сиз бундан кейин мендан шу “тилхат”га қараб иш талаб эта беринг. Ҳар ҳолда шу 57-йили пьесани тамомлаш ва прозаик асарни бошлаб юборишни зиммамга оламан.
“Намоз” нима бўлади? деб сўрамоқчидирсиз, Абдулла Қодирий ҳақидаги материаллар ичида Намоз ҳақида топилган материаллар6 Намознинг даври ва шахсий биографиясини яна қайтадан ўрганиб, Намоз образини (агар у маълумотлар озгина бўлса ҳам тасдиқ этилса) анча ўзгартиришни тақозо этади. Бу ишга <...> пьесадан кейин киришишга тўғри келади. Яна Тошкентга борганда ўйлаб кўрарман.
Москвада ҳеч иш қилмабсиз, деб ўйламанг. “Бургутнинг парвози”нинг таржимаси топширилди7, Очеркнинг менга оид қисми8ни бир қатор ёзиб чиқдим, кўп нарса ўқидим. (Илмий ишдан орттирган одатим – бир нарса ёзиш олдидан кўп нарса ўқиш – бу гал ҳам тарк бўлмади.)
Оила шароитига, Сизга жуда ҳам ўрганиб қолган эканман, бу ерда икки ой туриш анча оғир келди. Аммо бу икки ой менинг учун, ижодий ишларим учун анча “ҳал этувчи аҳамият”га эга бўлди, деса бўлгудек.
Биринчи билан бешинчи апрель орасида, албатта, йўлга чиқаман, топшириқларингизнинг ҳаммасини бажариб боришга ҳаракат этаман.

Сизни соғиниб қолувчи: Иззат.

Nigora Umarova
22.10.2010, 17:39
http://img.uforum.uz/images/gntrtop6232183.jpg